Бадиий сўз табиати

Инсон кўзи билан кўрилган, ақлий ва ҳиссий идроки билан англанган борлиқ дунёнинг буюк соҳиби Аллоҳнинг яратувчанлик қудрати маҳсулидир ва шунинг учун ҳам Тангри таоло ҳукмидадир. Инсон жамики жамод (жонсиз нарсалар) ва махлуқотдан устун қилиб яратилган экан, унинг «шарифлиғи» тили, қалби ва ақли биландир. Мўъжиза ва ҳикматларнинг манбаи бўлган Қуръони каримда Яратганнинг ўзи шундай марҳамат қилади: «Сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи Ҳақ сўзга) эргашадиган зотларга хабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир! Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидирлар!» (39:18). Бу ўринда СЎЗ – Каломуллоҳ маъносида кечса ҳам, унинг энг гўзали – Ҳақ сўзга эргашадиган зотларнинг Аллоҳ ҳидоят қилган кишилар сифатида улуғланиши, ушбу СЎЗ билан мукаррам бўлган Инсон сифатининг яна бир бор ортиши СЎЗ билан эканидадир. Эҳтимол, шу илоҳий сўз қудратидан (“Иқро бисми роббика!” -Аллоҳнинг номи билан бошлаб, ўқинг!”)1 унга буюк истеъдод ато қилингандир: Ҳазрат Пайғамбарга юборилган СЎЗ (Қуръони карим) нозил бўлиши учун яна бир Аллоҳнинг номини улуғловчи калима (бисми роббика!) керак бўлди ва ўшандагина унга юборилган сўзни таниш, ўқиш истеъдоди инсонга насиб қилди (иқро!).

Сўз хусусида сўз кетганда, Жалолиддин Румийнинг “Сўз Ҳақнинг сояси... Инсонни соя ўзига тортар экан, унда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Ҳар нарсанинг асли – сўз... Сўз амал дарахтининг мевасидир. Чунки у амалдан туғилади. Улуғ Тангри оламни сўз билан яратди ва “бўл!” дейиши билан бўлди... Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир”2 каби қуръоний сўзлари Сўзнинг нафақат муқаддас китоб ёки инсон шарифлигининг боиси, балки амалий ҳаёт меваси экани маълум бўлади. Жалолиддин Румийнинг ўз устозлари хусусида сўз кетганда, “Аттор руҳ буд... мо бад аз Аттор омадим” (Аттор руҳ эди... биз Аттордан кейин келдик) сўзларини эслаб, буюк мутасаввифнинг руҳи бўлган Фаридиддин Атторга сўз берамиз: “Икки оламнинг асоси сўздир, чунки сўз Ҳақдан мужда бўлиб келди. Ахир арши аълода битилган ”Лавҳул маҳфуз” ҳам сўздир. Ҳамма нарса Сўздан ижод этилган ва Сўзга қайтади...”3 Ушбу иқрорнома Сўз ҳақидаги қарашларимизни бир оз бўлсин-да теранлаштириб, азал ва охират китоби “Лавҳу-л-маҳфуз” ҳам сўз билан ижод этилганини эслатади. Нафақат исломий манбаларда, балки жумла жаҳон китобдорларига нозил бўлган муқаддас битикларда сўзнинг мартабаси улуғ экани якдил ифодаланган. Янги Аҳд китоби (Инжил)даги Юҳаннонинг биринчи мактубида шундай ёзув бор: “Коинотнинг Тангриси Ўз неъматларида ягона эмас эди. Унинг ёнида ниятларини тушунадиган, бутун яралмиш махлуқларга бахт ато этишда Унинг қувончидан баҳраманд бўлган Зот бор эди: “Азалда Калом бор эди. Калом Худо наздида эди. Калом – Худо эди. Азалданоқ У Худода эди” (Юҳ. 1, 1.2). “У Ўз қудратли каломи ила коинотни асрайди” (Ибр. 1,3)4. Демак, сўзни дунёнинг ибтидою интиҳоси деб билиш фақатгина мусулмон оламига хос бир руҳоний ҳолат эмас, балки барча яралмишлар томонидан фитрат этилган (яратилган) неъматларда улуғ калом сифатида акс этган. Мумтоз адабиётшуносликда сўз ҳақидаги қарашлар қадимги мажусийларнинг “Авесто” китобида, Ўрхун - Энасой обидалари таркибида ҳам бор. Лекин бевосита адабиёт оламига дохил фикрлар Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарининг муқаддимасидан бошланганини сўнгра эса “Қутадғу билиг”, “Ҳибату-л-ҳақойиқ” асарлари таркибида ҳам бадиий сўз ҳақидаги қарашлар акс этганини мумтоз адабиётнинг бу ўлмас дурдоналари орқали сезгир кузатамиз.

Турк тилидаги илк бадиий достон “Қутадғу билиг”да сўзни санъат сифатида улуғловчи шундай жумлалар бор:

Сўз ерга яшил кўкдан тушди,

Сўзи туфайли инсон ўзини улуғ қилди.

Ўлганлардан тирикларга мерос сўздир,

Мерос сўзки, нафъи юздир.

Сўзи яхши бўлса, кишининг юзи сувлидир (оқ бўлади)5.

СЎЗнинг Аллоҳ томонидан нозил қилингани ва яшил кўкдан ерга тушиб, инсоннинг юзи бўлгани, инсон шарифлигининг боиси сўз экан, у тилга эътибор бериб, ўз нутқини гўзал сўзлар билан зийнатлаши лозимлиги Юсуф Хос Ҳожиб томонидан тил одоби ва нутқ гўзаллиги зикрида баён қилинади. Ҳазрат Алишер Навоий қалб кўзи очиқ шоир сифатида тавсиф берган Адиб Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибату-л-ҳақойиқ” асарида “сўз дурларини терган”, “таҳсинга лойиқ сўзларни қадрлаган” ижодкорлар ҳақида фикр юритилади.

Араб тилида сўз санъатига бағишланган асарлар қадимдан, ҳатто жоҳилийя даври олимлари ишларида қайд этилган бўлса-да, бевосита уни Сўз санъати, яъни бадиийлик маъносида қўллаш Форобийнинг машҳур “Китобу-ш-шеър” асарида кузатилади. Абу Наср Форобий бадиий сўз табиати ҳақида “Каламу-ш-шеър ва-л қавофи” (“Шеър ва қофиялари ҳақида сўз”), “Китобу-л-хитоба” (“Риторика ҳақида китоб”), “Китобу-л-луғат”, “Китобун фи саноъати-л-китоб” (“Хаттотлик ҳақида китоб”) асарларида ўз мулоҳазаларини билдирган. Юқорида тилга олинган “Китобу-ш-шеър” асарида Арасту ҳакимнинг “Фи саноъати-ш-шеър” (“Поэтика”) асарида айтилган фикр-мулоҳазаларни шарҳлаб, юнон шеъриятига тааллуқли бўлган назарий муаммолар баён қилинади: “Бу санъатда шоирликнинг танланиши одамда жуда ҳам улкан бойлик саналади. Бу худди ҳозирги замондаги баъзи шоирлар қилмишига ўхшаб кетади. Агар бир сўзни шеърда бошқа сўзга қофиядай қилиб қўйиб, олдинги байтда лозим бўлган нарсаларни ёки тасвирлаш ниятида бўлган нарсаларни ярата олса, у ҳолда одамда ҳузурбахш ҳолат пайдо бўлади. Бу санъат аҳли билан рассом санъатида қандайдир муносабат бор. Ўша иккала яратилган нарсада - уларнинг шакларида ва мазмунларида бир-бирига мувозанат, ўхшашлик ҳамда фарқ бор. Аммо иккаласи ҳам одамлар тасаввури ва сезгиларида бир мақсадга, тақлид қилишга йўналтирилган бўлади” – деб изоҳлайди аллома Арасту ҳакимнинг мимесис назариясини6. Бу ўринда муаллими соний сўз санъати талқинида ўзига устози аввал санаган Арасту ҳаким сўзларини изоҳ қилиш билан чекланмайди, балки уни имкон қадар санъатнинг бошқа турлари, хусусан, рассомлик санъати билан уйғун ва фарқли жиҳатларини таъкидлаш орқали сўз санъатининг хос хусусиятларини ўз асарида кўрсатиб улгуради.

Унсуру-л-Маъолий Кайковус машҳур “Қобуснома” номли насиҳатномасининг алоҳида бир бобини шеър ва шоирлик таърифига бағишлаган: “Шоир бўлишни истасанг, ҳаракат қилки, сўзинг осон ва фойдали бўлсин, бошқалар унинг шарҳига муҳтож бўлгудек сўзни айтмагил, чунки шеър халқ учун ёзилади, ўзи учун эмас. Бир хил вазн ва қофияга қаноат қилмагил, тартибсиз шеър айтмагил. Ғазални гўзал ва равшан ёзғил, мадҳда бақувват ва баландҳиммат бўлгил, ҳар бир одамга лойиқ сўз айтгил ва ҳар бир кишининг қадрига қараб шеър битгил”7. Бу донишманд бир маликнинг ўз фуқароларига ёки аллома отанинг фарзандларига берган ўгитигина эмас, балки сўз санъатининг жозиб талаб ва эҳтиёжларидан бохабар бўлган мутахассис олимнинг эътирофи сифатида ҳам қабул қилиниши мумкин.

Низомий Арузий Самарқандий “Чаҳор мақола” (ўзбек тилига “Нодир ҳикоятлар” номи билан таржима қилинган) асарининг “Шеър илмининг моҳияти ҳақида”ги бобида “Шоирлик шундай санъатки, бу санъат орқали ҳаяжонлан-тирувчи тушунчалар ҳосил қилинади ва таъсирчан ўхшатишларни бир-бирига боғлайди. У шундай йўлда кичик маънони каттага, каттани кичикка айлантиради. Чиройли(к)ни хунук либосда кўрсатади, хунукни чиройли суратда жилвагар қилади...”8 деб ёзади. Табиийки, бу ерда фикр сўзнинг бадиийлик табиатига кўчади, шоирлик касб эмас, балки уста санъаткорлик эканини, хунукни жозиб бир тарзда жилвагар қилиш, кези келганда, гўзални хунук либосда тасвирлай билиш маҳорати унда ҳунар каби мавжуд бўлиши лозимлигини уқтиради.

Сайфи Саройининг “Гулистон би-т-туркий” асари таркибида “Шоирлар талқинида”деган махсус боб берилган бўлса, улуғ форс шоири Абдураҳмон Жомий “Силсилату-с-заҳаб” (“Тариқат силсиласи”) достонида шеър санъати ҳақида: “дунёда қанчадан-қанча тилсим бўлса, сўз унинг калити», «сўз сайқалигина дил зангини ювади” дейиш билан сўзнинг ҳиссий қудратинигина эмас, балки санъатнинг бир тури сифатидаги салоҳиятини таъкидлайди9. Навоийга қадар айтилган бу мулоҳазалар мумтоз адабиётшуносликда сўз қадрининг баланд бўлганлигини, бадиий сўз санъат сифатида ҳам қадрланганлигини кўрсатади.

Алишер Навоий асарларидаги фикр теранлиги, озод руҳ, мустаҳкам иймон, туйғулар нафосати ва ниҳоят, мукаррам ва улуғвор турк (ўзбек) сўзининг қудратини англамай туриб, маънавий йўлимиз қанчалик ёруғ ва равшан бўлмасин ундан дадилроқ одимлаш мумкин эмас. Улуғ адиб ўзигача мавжуд барча илоҳий-фалсафий-адабий илмларни изчил ўрганиб, уларни ўз асарларида мукаммал бир суратда тартиблай олган эдики, зеро Навоий сўзлари бағридаги ҳикматни, дарду ҳасрат ва санъатни англаш ҳамда ўша буюк руҳий дунё ичига кириш учун унинг бадиий сўз ҳақидаги қарашларини ўрганишимиз керак бўлади.

Ҳазрат Навоий “Хамса” муқаддимасида ва “Ҳайрату-л-аброр” достонида сўз таърифига айрича боб бағишлаган. Унда сўзнинг барча маънолари, яъни Лавҳу-л-маҳфуз, Каломуллоҳ, инсон шарифлиги ва бадиий сўз жиҳатларини қамраб олади. Навоий таърифида сўзнинг “башар вужудининг сипеҳри (юлдузи), инсон зотининг жавҳари” эканлиги уқтирилади ҳамда назм таркиби ва наср тартиби сўз билан изоҳ қилиниши айтилади.

Мумтоз адабиётда сўзнинг муқаддас саналиши ва унинг асосида мукаррам бир санъат вужудга келиши сўзга Яратганнинг буюк мўъжизаси деган муносабатдадир. Чунки сўзга дунёнинг ибтидоси деб қаралиши сўз санъаткорлари ўйлаб топган ҳикмат эмас, балки Яратганнинг ҳукми билан эканини Навоийнинг талқини орқали аниқроқ илғаймиз:

Сўз келиб аввалу жаҳон сўнгра,

Не жаҳонки, кавн ила макон сўнгра.

Жаҳонга аввал сўз келган, ҳали жаҳон бор бўлмай туриб, борлиқ ва маконга сўз келгани Қуръони карим оятларида ҳам мавжуд эди. Яралмиш дунё вужудга келишидан аввал “кун - ярал!” деган илоҳий сўз Яратганнинг қудратини рўёбга чиқарди:

Чунки мавжуд бўлса нуктаи “кун”,

Бўлди мавжуд тоза, йўқса куҳун.

Дунёнинг янгидан мавжудлиги, тўғрироғи, таваллудига “кун-ярал!” сўзи сабаб бўлдики, йўқса “куҳун” шаклидаги борлиқ дунёга айланармиди?!

Алишер Навоий эстетикасининг дастурига айланган «Инсоннинг гуҳари шарифлиғи», яъни яралмиш зотлар ичида мукаррам ва улуғлиги сўз билан («Сўз айладики, инсонни жудо ҳайвондин...) дейилишининг асоси шундаки, Сўз билан зийнатланган гўзал ва мукаммал тарзда яратилган Инсон ўзининг энг гўзал сўзини, энг самимий ва табиий туйғуларини Яратганга бағишлайди, унга ҳамду муножотлар айтади, Холиқ билан юзма-юз мулоқотдагина (Ҳадиси шарифга кўра «Намоз – мўъминнинг меърожи») юзага чиқариши табиий бир ҳолдир.

Аллоҳ сўзини танишдай истеъдод соҳиби қилиб яратилган шоир ўзининг гўзал ва улуғворлиги сўз билан эканлигини қайсидир маънода, қайсидир даражада англагани учун ҳам уни халқ қилган Холиқига сўз билан мурожаат қилади, ўзининг энг олий фикрлари, инсоний туйғулари ва илоҳий кайфиятларини ўша сўзда ифода қилади. Яратган уни сўзга ошно қилганлигининг боиси учун ҳам Ҳазрат Навоий ёзади:

Ки сўз зодаи табъи фарзанд эрур,

Чу фарзанд эрур, жонга пайванд эрур.

Сўз табъ (истеъдод)нинг фарзанди бўлгандагина у жонга пайванд бўлади. Табъли фарзанд эса зода, яъни яралмишлар ичида эътиборлисидир. Шунинг учун ҳам ўзининг бутун истеъдоди сўз билан эканлигини англаган шоир ёзадики:

Сўзни гар туз дедим ва оздим,

Неки тақдир айладинг ёздим.

Кими ўлурда варақни нигор менга,

Қайда бор эди ихтиёр менга.

Ҳар не қилким вараққа ёзди бу кун,

Килки тақдир ёзмиш эрди бурун.

Демак, шоирлик Ҳазрат Навоий талқинича, тақдир экан, у сўзнинг тузуклари - қоидаларини билиши, “кўз” орқали атрофга, дунёнинг боши ва охирига разм солиши ҳам зарурдир. Чунки сўз фақат ибтидо эмас, балки интиҳо ҳамдир, ҳатто интиҳогина эмас, бу икки қутб ўртасидаги мавжудлик белгисидир:

Ҳар киши даҳр аро ҳаёт топиб,

Сўнгра дам сўз ила нажот топиб.

Англа у сўзни нуктаи тавҳид,

Ваҳдат аҳлида йўқ мунча тардид.

Бас, сени аввал ул қилиб зоҳир,

Сенга ҳам аввал ўлди ҳам охир.

Аввалу охирингга солғил кўз,

Бил ҳам аввал сўзу охир сўз10.

Демак, Ҳазрат Навоийнинг СЎЗ ҳақида айтилган фирларининг йиғиндиси сифатида Сўз – азал-абад китоби (Лавҳу-л-маҳфуз), Сўз – дунёнинг ибтидоси (кун – ярал!), Сўз - Қуръони карим («Сўзга қулоқ тутиб...»), Сўз – инсонни инсонлатирувчи шарифлик белгиси («...гуҳари шарифроқ йўқ ондин») каби қарашлар силсиласидан фақат бадиий сўз – нафис адабиётга даҳлдор маъниларинигина ажратиб олиб, уни ушбу мажмуа доирасида ўрганишга бурчлимиз.

Турк тилидаги адабиётшуносликка оид манбалар орасида сўз санъати ва унинг хусусиятларига доир нисбатан йирик манба Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунуну-л-балоға” асаридир. Рисола беш қисмдан иборат бўлиб, адабий тур ва жанрлар, аруз илми, қофия, шеър санъатлари ва муаммо илмига бағишланган. XV асрнинг биринчи ярмида яратилган бу манба мумтоз адабиётшуносликнинг мавжуд кўпгина соҳаларини ўз ичига олгани учун ҳам бу мўътабар асарга нафақат бадиийлик табиати, балки мумтоз адабиётшунос-ликнинг юқорида номлари зикр қилинган бўлимларини ўрганиш баробарида мурожаат қиламиз.

Бундан ташқари Фузулий, Амирий, Нодира, Огаҳий, девонларининг дебочаларида сўз санъати ва унинг улуғвор хусусиятлари васф қилинган. Айрим жодкорлар бадиий асарлар ёки уларнинг дебочалари таркибида СЎЗ ҳақида сўз айтиш билан кифояланмай, бу борада алоҳида илмий-маърифий рисола битиб (шеърий йўлда) ўз мулоҳазаларини англатганлар. Закиржон Фурқат “Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида” асарида шеърнинг “қилу қоли”, яъни сўзнинг таъриф ва тавсифи, наср ва назм билан зийнатланган шакл-шамойили ҳақида сўз юритилган.

ХХ аср бошларига келиб дунёнинг барча борлиқ нарсаларига бўлган муносабатларнинг ўзгаргани каби сўз санъатига нисбатан ҳам қарашлар ўзгарди. Энди уни табиатга тақлид (Арасту), объектив борлиқнинг субъектив ифодаси (Ҳегел), кишилар ўртасидаги туйғу етказиш воситаси (Л.Толстой) деб билишлик билан чекланмай сўзнинг коммуникатив имкониятларини биринчи навбатга олиб чиқишлар бўлди. Гарчи ўзбек шоирлари тилни “воситаи робитаи олам миёндир” (Аваз) деб атаган бўлсада, Ғарбдаги мавжуд қарашлар ўзбек назарий тафаккури тарзига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймади. “Танглайи мумтоз адабиёт анъаналари асосида кўтарилган” профессор Абдурауф Фитрат ҳам дастлабки асарларида сўз санъатининг қимматини унинг ҳиссий қувватидан излаган бўлса, 20-йилларнинг ўрталарига келиб ўз қарашларини оврўпача андозаларга сола бошлади. Шеърни “каломи мавзуни муқаффо” (вазнли, қофияли гап) дея таъриф қилган сўнгги араб шоирларидан фарқли равишда “вазн” ва “қофия”си бўлған турли маънисиз сўзлар» йиғиндиси шеър бўлолмаслигини, шеърда “кишиларнинг қонини қайнатғучи, сингирларини ўйнатғучи, миясини титраткучи, сезгусини қўзгатғучи маънавий бир куч” бўлиши зарурлигини уқтирди11. Шундай бир маънавий куч-қудратга эга бўлмаган сўз шеър бўла олмаслигини, унинг қадри вазн ва қофия билан безалишида эмас, балки ҳиссий таъсир қувватида эканини англатди. 1926 йилда тартиб берган “Адабиёт қоидалари” номли муаллимлар ва адабиёт ҳаваслилари учун ёзилган қўлланмасида бадиий адабиётга шундай таъриф берди: “адабиёт - фикр, туйғуларимиздағи тўлқунларни сўзлар, гаплар ёрдами билан тасвир қилиб, бошқаларда ҳам худди шу тўлқунларни яратмоқдир”12. Бу таъриф бирмунча соддароқ бўлиб кўрингани билан Шарқ мумтоз поэтикасидаги бадиийлик хусусиятига доир фикрларни ҳам, Ғарб фалсафасидаги компративистик (мавжудлик белгилари асосида) қарашларни ҳам умумлаштиришга эришган қоидалардан бири сифатида кўринди.

Фитратнинг замондоши Шарқ фалсафий тафаккури тарихи ва назарий қарашларни ундан бир неча йил олдин “марксча установка”га солишга ургурган Абдураҳмон Саъдий “Амалий ҳам назарий адабиёт дарслари” қўлланмасида дастлаб “Адабиёт сўзи араб тилидан олинган бир сўз бўлиб, «адаб» моддасидандир. Адаб сўзи эса тарбиялилик, нозиклик, гўзал қилиқ, бошқалар билан яхши, кўркам муносабатда, яхши муомилада бўлмоқ маъноларини ичига олади” дейиш билан унинг “одоби куллиёт” сифатидаги белгиларини ҳам, “литература (литера – ёзмоқ) маъносидаги хусусиятини ҳам беришни унутмади: «адабиёт деган сўздан бир тартибга солиниб сўйлаган ёки ёзилған ҳамма фикр ва тушунчаларни, туйғу ва хаёлларни англаймиз”. Бунинг натижасида “мана шу «адабиёт» сўзи бизга ҳам шу маънолари ила кўчиб, бизда ҳам ҳикоя, рўмон, достон ва масалларга ўхшаш кишилик ижодларига айтиладир” деган хулосага келди13.

ХХ асрнинг 30-йилларидан эса собиқ шўролар тазйиқи кучли ҳудудларда Шарқ мумтоз поэтикасидаги гўзал таърифлар ҳам Ғарб фалсафасидаги қарашлар ҳам эскилик сарқити ёки буржуа идеологияси сифатида йўқсиллар зўравонлиги (пролетариат диктатураси) қаърига кириб, синфийлик ва партиявийлик деган кушандаларга дучор бўлди. Шарқ мумтоз адабиётининг зукко билимдони, зариф навоийшунос ва Фитратдай улуғ алломанинг шогирди Иззат Султон ҳам “Адабиёт назарияси” китобларида (илк нашри 1939, кейинги нашри 1980) бу маънавий бўйинтуруқдан халос бўла олмади.

Шарқ адабий-назарий тафаккурининг қарийб минг йилдан улуғроқ тарихига назар ташлаганда, бизга маълум бўлган назарий ҳодисалар, адабий қарашлар ва гўзал таърифларни бир мажмуага йиғишдан мақсад келгисида бу фикрият дурдоналаридан адабий хулосалар, назарий умумлашмалар яратиш орқали шу вақтга қадар ўзаро қарама-қаршиликда тушунтирилган дунёнинг икки қутби Шарқу Ғарбдаги адабий-назарий тафаккур дурдоналарини йиғиб, изчил бир тизимга солиш ва бунинг натижасида яхлит бир адабиёт назарияси яратмоқдан иборатдир. Шу ниятда ҳаракат қилаётган илм аҳлларига Аллоҳ таоло сабру баракот ато этсин!

Ҳамидулла Болтабоев, профессор



1 Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. – Т.: 1992. – Б. 513.

2 Жалолиддин Румий. Фиҳи ма фиҳи. / Ислом тасаввуфи манбалари. – Т.: Ўқитувчи, 2005. – Б. 186-191.

3 Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома. – Т.: Ёзувчи, 1994. – Б.11.

4 Уайт Е. Улуғ оталар ва пайғамбарлар. Printed in Russia. – Б.9.

5 Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. Транскрипция ва ҳозирги ўзбек тилига тавсиф. Нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Қаюм Каримов. - Т.: Фан, 1971. - Б. 101.

6 Абу наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1993. - Б. 119.

7 Кайковус. Қобуснома. – Т.: 1982. – Б. 98.

8 Низомий Арузий Самарқандий. Нодир ҳикоятлар. – Т.: 1986. – Б. 47.

9 Абдураҳмон Жомий. Танланган асарлар. - Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1971 (Тузувчи ва сўзбоши муаллифи Ш.Шомуҳамедов). - Б. 174.

10 Алишер Навоий. Ҳайрату-л-аброр. Мукаммал асарлар тўплами (МАТ). 7-жилд. – Т.: Фан, 1991. - Б. 60.

11 Фитрат. Шеър ва шоирлиқ // Иштирокиюн. – 1919. – 24 июль.

12 Абдурауф Фитрат. Адабиёт қоидалари. Адабиёт муаллимлари ҳам ҳаваслилари учун қўлланма (нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Ҳ. Болтабоев). – Т.: Ўқитувчи, 1995. – Б. 19.

13 Саъдий А. Амалий ҳам назарий адабиёт дарслари. – Т.: 1923. – Б. 32.