Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор!

...Қатағон йилларидан кейинги воқеалар ҳақида тўхталамиз. Демак, 37-йиллар ҳам ортда қолди. Кимдир отилди, кимдир сўнгсиз ноҳақликларга чидолмай юраги эзилиб ўлди…

Бу орада мамлакатга фашистлар бостириб кирди-ю, Сталин қирғинлари бироз сусайгандек бўлди. Балки қамоқхоналардаги ҳолатлар ўша-ўша бўлгандир, лекин ташқаридан туриб бу ҳақда билиб бўлмасди. Ўта оғир шароитда марказнинг бунақа ишлар билан «шуғулланишга» вақти ҳам бўлмаган эди. Ҳамма мамлакат ҳимояси ҳақида бош қотирарди…
Ниҳоят, тўрт йил давом этган уруш бизнинг ғалабамиз билан тугагач, энди халқ ўз мукофотини олади, ғалаба шарафига одамларга енгилликлар берилади, ҳаёт осонлашади деган умид бор эди.
Йўқ, ундай бўлиб чиқмади. 50-йилларга келиб Сталин янги «ҳунарларини» бошлаб юборди. Унинг урушдан кейинги илк гурзилари Шуҳрат, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Мирзакалон Исмоилий, Ҳамид Сулаймон каби намояндаларимиз бошига тушди.
Марҳум адабиётшунос Озод Шарафиддиновнинг эсдаликларидан:

1940/50-йиллар…

«Ўша шароитларда ҳам Абдулла Қодирий ва Чўлпон асарларини яшириб ўқиган одамлар бўлган. Шахсан, мен ҳам «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва Кундуз»ни уруш йилларида – мактабда ўқиб юрган кезларда ўқиган эдим. Бир ўзим эмас, бутун синф ўқиган эдик. Ўшанда бу китобларни қаердан топганимизни ҳанузгача эслолмайман. Фақат шуниси эсимдаки, ҳар қайси китоб бир болага жуда хуфя тарзда ва бир кечага бериларди. Эрталабгача ўқиб тугатиб, қайтариб бериш керак эди. Шуниси қизиқки, ҳаммамиз шунга улгурардик. Кечқурун ўқишни бошлагандан кейин туни билан аллақанча нашъали ҳисларни ва изтиробларни кечириб, тонг саҳарлаб сўнгги саҳифани ёпардик. Биз, албатта, Қодирийнинг ҳам, Чўлпоннинг ҳам «миллатчи» эканини эшитгандик, уларнинг «заҳарли ғоялари»га берилмаслик кераклигини ҳам билардик. Аммо мурғак онгимиз билан бу «заҳарли ғоялар» нимада эканини англаёлмас эдик. Романларни ўқий бошлаш билан уларнинг сеҳрига маст бўлиб, муаллифларнинг «миллатчилиги»ни унутиб қўярдик. Шу тарзда юракда уларнинг асарларидан олинган илиқ ва ёрқин таассуротлар билан, онгда эса «улар душман, ватан хоини» деган ақида билан 1956 йилгача яшадик».

1950/60-йиллар…

«1953 йилнинг март ойида Сталин вафот этди. Ўша йили март ойи бошидан охиригача мотам ойи бўлди. Бутун халқ – миллати, ёши ва жинсидан қатъий назар «буюк йўлбошчи» учун аза тутди. Ҳар корхонада, ҳар хонадонда, майдонларда, кўчаларда йиғи-сиғи! Лекин орадан кўп муддат ўтмай, ҳолат умуман тескари томонга ўзгаради, дея камдан-кам одам тахмин қиларди. Партиянинг XX съездида Никита Хрушчев жуда катта жасорат билан Сталин ҳақидаги ҳақиқатни тўкиб солди, унинг шафқатсизлигини, мустабид бўлганини, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритганини очиқ айтди. Ўшанда чиндан ҳам қуёш чақнаб турган осмонда момоқалдироқ гумбурлагандек бўлганди. Бу гапдан неча минглаб одамлар эсанкираб қолди, довдираб қолди. Чунки улар йиллаб «сиғиниб» келган идеалларидан маҳрум бўлгандилар…»

* * *

Сталин вафотидан сўнг деярли барча қатағон қурбонлари оқланди. Бу ҳақда уларнинг оилаларига хабар қилинди. Матбуотда кенг мақолалар берилди. Не ажабки, уларнинг орасида тирик қолган, неча йиллаб умрини қамоқхоналарда ўтказган кам сонли миллатдошларимиз ҳам бор эди. Улар ўз уйларига қайтиб кела бошлашди. Ўша пайтдаги партия раҳбари Нуриддин Муҳиддинов ўзбек зиёлилари қурултойида Абдулла Қодирий оқланганлиги ҳақида хабар берганида, бутун зал буни тик туриб қарсаклар билан қарши олган.

* * *

Озод Шарафиддинов айни шу қурултой ва кейинги воқеалар ҳақида тўхталади:
«Ўша қурултой залида Абдулла Қодирий ҳаётлик даврида уни кўрган, у билан шахсан мулоқотда бўлган одамлар анча-мунча эди. Кўплар ўшанда ошкора йиғлаган эди. Орадан бироз вақт ўтгач, бошқа қурбонлар ҳам оқланди. Ёзувчилар уюшмаси ҳайрон қоладиган даражада чаққонлик билан қатағон қилинганлар меросини ўрганувчи комиссия тузди. Комиссия раиси Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги биринчи котиби Баҳром Раҳмонов, аъзолари Уй¬ғун, Мирзакалон Исмоилий, Ғулом Каримов ва мен эдим. Албатта, мен «Қатағон қурбонлари ижоди энди объектив ўрганилади, холис баҳоланади, уларнинг ғоявий кемтиклари, миллатчилиги аниқланади-ю, ижодининг соғлом қисми халқ¬қа қайта тақдим этилади», деган ўйлар билан мерос комиссияга кирганимга хурсанд бўлдим. Лекин аҳвол ҳадеганда мен кутганчалик бўлавермади – комиссия негадир иш бошлашга ошиқмади. Ке¬йин Баҳром Раҳмонов дун¬ёдан ўтиб қолди-ю, иш яна чўзилиб кетди. Шундан кейин мен ёзувчилар уюшмасига бир-икки мурожаат қилдим. Афсуски, у ерда менга кўп ҳам ошиқавермасликни «маслаҳат» беришди».

* * *

Айнан ўша йиллар хусусида Озод Шарафиддинов бошқа бир эсдалигида шундай ёзади:
«Сталиннинг қораланишини хушнудлик билан кутиб олганлар ростдан ҳам жуда кўпчилик эди. Айниқса, зиёлилар, ёзувчиларнинг катта гуруҳи ҳаётга янгича умидбахш нигоҳ билан қарай бошладилар. Кейинги уч-тўрт йил ичида чиндан ҳам адабиётда эркин руҳ билан ёзилган асарлар пайдо бўлди. Адиблар ва шоирлар, адабиётшунослар ва танқидчилар совет ҳокимияти ҳумронлик қилган йилларда тоғ-тоғ бўлиб уюлиб қолган иллатларни борган сари ўткирроқ тарзда фош қила бошладилар. Лекин адабиёт бу масалаларда чуқурлашган сари бир қатор қизиқ саволлар кўндаланг бўла бошлади: шу пайтгача мақталиб келган социалистик жамиятда бу қадар қонунсизликларга йўл қўйилган экан, миллионлаб одамлар мутлақо гуноҳсиз бўла туриб, ҳибсга олинган, бадарға қилинган, отилган экан, биз қурган жамият чиндан ҳам «ёвузлик салтанати» экан-да? Кўраяпсизки, кавлаган сари масала чуқурлашиб, энг нозик сирлар ҳам очилиб қоладиганга ўхшайди. Шундоқ бўлгач, дарҳол чора кўриш керак.
Шундай қилиб, илиқ шабадаларнинг йўли яна тўсилди, жиндай янги ҳаво кириб турган тешиклар ҳам ёпилди».

* * *

Шундай бўлса-да, Озод Шарафиддиновга ўхшаган кам сонли фаоллар ўзбекнинг асл фарзандларини халққа қайта танитиш йўлидан тоймадилар. Жумладан, у 1967 йилда матбуотда «Йиллар ва йўллар» мақоласини чоп эттиришга муваффақ бўлди. Кейин «Тирик сатрлар» китоби нашрдан чиқди. Унда Чўлпоннинг 3-4 та шеъри ўрин олиши ўша давр учун чинакамига жасорат эди. Айнан шуларнинг натижасида, энди Озод Шарафиддиновнинг ўзига тош отишлар авж олганди. Уни совет адабиётининг асосига, ғоявийлигига, партиявийлигига болта ураётган ишончсиз одам сифатида танқид қилишга тушишди. Чўлпонни тарғиб қилаётган одам, миллатчиликка майли бор кимса сифатида «қора рўйхатлар»га қадалди.

* * *

80-йиллар
Ниҳоят, собиқ иттифоқнинг сўнгги йиллари – қайта қуриш деб номланган қизиқ давр ҳам етиб келди. Мамлакатда «ошкоралик», «демократия» деган янги сўзларни кўча-кўйларда деярли ҳар куни эшитиш мумкин эди. Матбуотда социализмни, ҳукмрон партияни, ҳатто Ленинни ҳам танқид қилувчи мақолалар пайдо бўлди.
«80-йилларнинг бошларида рус тилида «Ўзбек совет адабиёти тарихи» деган беш жилдлик китоб нашр этиладиган бўлди. Китобни Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти тайёрлаган ва унга москвалик адабиётшунос Кедрина муҳаррирлик қилган эди. Китоб тайёр бўлди-ю, барибир, уни нашрга топширишнинг иложи бўлмади. Негаки, бир қатор масалалар ҳал қилинмаган эди. Китобда жадид адабиёти, миллатчилик адабиёти, айрим ёзувчиларнинг адабиётдаги ўрни каби масалаларга замон руҳидан келиб чиқиб, янгича баҳо бермоқ лозим эди. Буни ҳеч ким ўзича ҳал қилолмасди, совет замонида қарор топган анъанага кўра, бу масалани фақат партия ҳал қилиб бериши мумкин эди. Натижада олимлар Марказқўмга мурожаат қилишди. Ниҳоят, 1987 йилнинг 7 февраль куни Марказқўм котибаси Раъно Абдуллаева 32 кишини ҳузурига чақирди. Ёзувчилардан Комил Яшин, Эркин Воҳидовлар, адабиётшунослардан Иззат Султон, Сарвар Азимов, Матёқуб Қўшжонов, Лазиз Қаюмов ва бошқалар таклиф қилинган эди.
Раъно Абдуллаева мажлисни очар экан, адабиётшунослар олдида турган долзарб вазифаларни тушунтирди: «Адабиётшунослик илми ҳаёт талабларидан ортда қолаяпти, ўзбек совет адабиётининг янги тарихини яратиш керак, бу тарих изчил синфий нуқтаи назардан ёритилиши керак, унинг ҳар саҳифасидан чуқур партиявийлик руҳи уфуриб турмоғи керак. Олимлар, биринчи нав¬батда, ўзбек адабиёти ривожида Ленин таълимотининг ҳаётбахш таъсирини очиб бермоғи даркор ва ҳоказо» деган маънода.
Бугун бу талабларнинг бари кулгили кўринар, бироқ ўшанда залда ўтирганларнинг ҳаммаси бу кўрсатмаларни, гарчи улар ғоятда мавҳум ва умумий бўлса-да, жонажон партиямизнинг адабиётга кўрсатган навбатдаги ғамхўрлиги тарзида қабул қилиб, мум тишлаб эшитиб ўтиришди. Бироқ умумий шиорлар билан чекланадиган замон эмас эди – конкрет масалаларга конкрет жавоб керак эди. Шундай қилиб, мажлисда «Чўлпон ва Фитрат ижодига қандай қараш керак, ҳамон уларни советларнинг душмани деб ҳисоблашда давом этамизми ёки асарларига холисона баҳо бериб, уларни адабиёт сафига қайтарамизми?» деган масала кўндаланг бўлди. Сўзга чиққанларнинг кўпчилиги уларнинг асарларини босиб чиқариш зарурлигини, ўзларини эса адабиёт сафига қайтариш кераклигини ишончли далиллар билан исбот қилишди. Фақат Юсуф Султонов, Ҳафиз Абдусаматов ва Комил Яшингина уларнинг асарларини босиб чиқариб бўлмаслигини, бундай қилсак, ғоявий душманларимиз тегирмонига сув қўйишимизни, бу аксилпартиявий иш бўлишини айтдилар. Буларнинг ичида, айниқса, Комил Яшиннинг гаплари мени таажжубга солди. Чунки Комил Яшин билан бу масалада илгарилари ҳам бир-икки суҳбатлашган эдим. Яшин, айниқса, Чўлпон ижодини жуда чуқур билар эди. У Чўлпон шеърларининг кўпини ёд билар ва фикрини далиллаш учун уларни бемалол келтираверарди. Унинг 60-йилларнинг бошидаги суҳбатда Чўлпон шеърларини босиш масаласига ўта эҳтиёткорлик билан қараганини тушуниш мумкин – ҳар қалай унда замон бошқа эди. Лекин, энди-чи? 1987 йилда-чи?
Аввалги замонлар бўлганида, албатта, бу қарашлар устун келган бўларди, 1987 йили йилда ҳатто Марказқўм котиби ҳам кўпчилик фикри билан ҳисоблашишга мажбур бўлиб қолган эди. Шундай қилиб, ўша кенгашда Чўлпон ва Фитрат асарларини нашр этиш ва ижодларини янгича баҳолаш тўғрисида бир қарорга келинди. Лекин уларнинг йирикроқ асарларини нашр эттириш анча вақт¬гача ички қаршиликларга учраб турди. Жумладан, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романининг эълон қилиниши ҳам шундай бўлди – роман «Шарқ юлдузи» журналида териб қўйилган ҳолда бир неча марта тўхтатиб қуйилди ва ниҳоят, юқоридагиларга маъқул келадиган сўзбоши билан босишга рухсат берилди».

Хотима

Республикамиз мустақилликка эришгач, янги таъсис этилган Алишер Навоий номли мукофотнинг Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Чўлпонларга берилиши ҳамма нарсани жой-жойига келтириб қўйди.
Мақолани яқин ўтмишда бўлиб ўтган бир воқеа билан тугатмоқчи эдим. Буни менга газетамиз бош муҳаррири Хайрулло Ҳамидов айтиб берганди.
Бу 90-йилларнинг ўрталарида Матбуотчилар кўчасидаги газета корпусида бўлиб ўтган бир мажлис ҳақида эди. Ўша мажлисда биринчи қатордан кўпчилик намояндалар қатори Комил Яшин ҳам ўрин олган экан. Ўзингизни шулар орасида деб тасаввур қилинг, олдинда шоир Муҳаммад Юсуф ўзининг машҳур шеърини ўқияпти:

Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Ана юришибди, кийганлари зар —
Қодирийни сотиб шоир бўлганлар,
Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор!

У шеърнинг охирги мисрасини ўқиётганда кўрсаткич бармоқларини олд қатордаги одамга шундай тўғрилаганки, бу ҳаракатда қандай маъно борлигини залда ўтирган деярли барча одам яққол ҳис қилган экан. Воқеа шоҳиди шундай эслайди: «Биз – орқа қаторда ўтирган талабалар ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, олдинги қаторга назар ташлагандик».
Ҳа азизлар, ҳамма нарса вақтига келиб ўз ўрнига тушади. Аллоҳ ҳаммамизни бундай шармандаликдан ўзи асрасин. Тўғри йўлдан адаштирмасин!

БЕҲЗОД АҲМАДЖОНОВ