Ёлғоннинг умри

«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «ёлғон» сўзи — «ҳақиқатга зид, нотўғри, уйдирма, чин эмас, сохта, қалбаки» каби ифодалар орқали изоҳланган. Туркийда — ўтрук, форсийда — фириб, арабийда — кизб калималари ҳам айни маънода бўлиб, луғатларда бу сўзлар воқеадаги нарсанинг хилофини бериш», дея таърифланган. Ҳозирги кунда кўпчиликка яхши таниш «алдамчи, фирибгар, айёр, ҳийлагар, найрангбоз, товламачи, қаллоб» каби сўзларда ҳам «воқеликнинг хилофини бериш, борни йўқ, йўқни бор қилиб кўрсатиш» маънолари мавжуд. Шунинг учун мазкур лафзлар нутқимизда «ёлғончи» деган сўзнинг маънодоши сифатида кенг қўлланади.
«Ҳар кимнинг сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон», дейди Навоий бобомиз «Маҳбуб-ул-қулуб» асарида. Дарвоқе, ёлғон қачон зоҳир бўлади? Ёлғоннинг умри қанча? Модомики, ёлғон ҳақида гапирилаётган экан, бундай саволлар туғилиши табиий, гарчи уларга жавоб бериш мушкул ва ноқулай бўлса-да. Аввал ёлғон қачон ва қандай дунёга келади, ёлғоннинг ҳам манбаи нима, унинг интиҳоси қаерда, деган саволларга жавоб излаб кўрайлик. Балки шунда ёлғоннинг қанча умр кўриши ойдинлашар.
Ёлғон — қўрқоқлик маҳсули. Ҳақиқтани айтишдан қўрққан кишилар ёлғон сўзлайди. Қаерда ҳақни ошкор қилишдан чўчиш чўчиш кучли бўлса, ўша ерда ёлғончлар кўпаяди: кимдир жонидан, кимдир молидан маҳрум бўлишдан, яна кимдир обрў-мавқеидан ажраб қолишдан қўрқиб, ёлғон гапиради. Аммо иш шу билан тугамайди, ёлғоним очилиб қолмасин деб ёлғонни ёлғонлар билан ўрайди. Бу бамисоли аъзонинг юза қисмидаги фасодни кесиб олиб, томирлар ичига жойлагандек гап! Фасод қонга ёйилгач, жасад қулайди.
Ёлғон қанчалик болалаб, сафини кенгайтирмасин, бу «ғалаба» алалоқибат, ҳалокат билан ниҳояланади. Агар мажоз жоиз бўлса, қуйидаги манзарани бир тасаввур қилинг: ёлғоннинг юзи доимо заҳил, боши эгик бўлади, кўзлари ҳеч қачон тик боқолмайди, иккиланаверади, бирдан титраб, қалтирайди. Негаки, унинг шундоқ қаршисида туганмас қудрат ва ҳайбат билан ҳақиқат турибди…
Ҳа, ёлғоннинг титраши бежиз эмас, у сезди: ҳақ тез, жудаям тез қарор топади.Ёлғоннинг фош бўлишига сония, дақиқалар етар, балки ойлар, йиллар кетар. Нима бўлгандаям, сония ва дақиқалар соатга нисбатан, соатлару кунлар ойларга нисбатан, ойлару йиллар асрларга нисбатан оз муддат. Ўтган улуғларимиз хабар беришича, бу дунё ибтидосидан интиҳосига қадар охиратга солиштирилганда ҳечдир. Ўлчов шу экан, биз ҳам ота-боболаримиз айтганини такрорлаймиз: «Ёлғоннинг умри қисқа».

Йўлчи ЭЛЧИБЕК