Маълумки, истиқлол берган неъматлар сирасига хорижий тилларни ўрганиш, чет элларга чиқиш ва хорижий юртларда ўша элнинг она тилида сўзлашиш имконияти ҳам киради. Мустақиллик йилларига келиб юртимизда хорижий тилларни ўрганишга эътибор кучайди. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ёшларимиз орасида чет элликлар билан мулоқот қила оладиганлар кўп. Аммо табиийки, хорижий тилларни ўрганиш борасида баъзи муаммолар ҳам йўқ эмас. Адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов билан суҳбатимиз шу мавзуга бағишланади.
- Устоз, нима деб ўйлайсиз, ҳозирги кунга келиб тил ўрганувчиларнинг асосий мақсади бизнес қилиш, ўрганмоқчи бўлган хорижий тилида сўзлашадиган давлатлардаги ишбилармонлар билан мулоқот қилиш бўлиб қолмаяптими? Тил ўрганишдан асосий мақсад нима бўлиши керак ўзи?
– Хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш бугун ҳар қачонгидан ҳам ортгани чин. Бунинг бош сабаби - мустақиллик туфайли барча чет давлатлар билан мулоқот қилишга йўл очилди, яна бир омил эса ахборот алмашиш кўлами ва суръати тобора ортиб, мамлакатимизнинг умумдунёвий глобаллашиш доирасига тортилиб бораётгани бўлди. Аслида, тил ўрганиш ҳамиша муҳим саналган. Фарқи - аввалги замонларда яқин теваракдаги халқларнинг тилларини ўрганиш кенг ёйилган бўлса, ҳозир олисми-яқинми, бундан қатъи назар, иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган миллатларнинг тилини ўрганиш урф бўлди. Ҳозир чет тилларни ўрганишга кенг йўл очилди. Аввал асосан пединститутларнинг инглиз, олмон ё француз тили факультетларида бу тиллардан таълим берилган бўлса, ҳозир тиллар бўйича бир неча олий ўқув юртлари очилиб, ўнлаб хорижий тиллар ўрганиляпти. Энг қувонарли томони - илгари мактабда бояги тилларни ҳарчанд ўрганмайлик, беҳуда кетар эди: айтайлик, инглиз тилини унча-мунча ўзлаштирган бола нари борса бирон пединститутнинг шу тил бўйича факультетига ўқишга кирар, уни битиргач, мактабга бориб, яна болаларга шу тилни ўргатар... шу тариқа, худди доиранинг ичида югурган олмахон қанча чопса ҳам, бир жойда турганидек, чет тилини ўрганиш беҳуда бир машғулот қаторида эди. Масалан, менга ҳам мактабда беш йил чет тилини ўргатишган, аммо ҳозир бу тилни, бир инглиз ўзбекчани қанча билса, шу даражада биламан, ортиқ эмас.
Ҳозир эса тил билишнинг амалий фойдасини ҳамма кўриб турибди. Албатта, фойда дегани кенг тушунча. Шахсий фойда, жамоат ва жамият фойдаси каби. Агар чет тилини ўрганиш фақат у ёки бу кишининг шахсан наф кўриши учун бўлса, давлатнинг оламжаҳон маблағ сарфлаб, минглаб талабаларни ўқитишига ҳожат бўлмасди - кимга керак бўлса, марҳамат, имконини топса, ўрганиб олаверсин эди. Чет тилларни ўқиш ва ўқитиш биринчи навбатда умумдавлат аҳамиятига молик иш. Кимки бунга фақат шахсий манфаат нуқтаи назаридан ёндошса, кўрадиган фойдаси ҳам шунга яраша бўлади - икки одам ўртасида тилмочлик қилиб, чойчақа топади, вассалом. Хорижий тилни ўрганишнинг ўзи мақсад эмас, восита деб ҳисобланиши лозим. Уни ўрганиш орқали киши аввало мамлакати, халқи учун оздир-кўпдир наф етказишга бел боғласин. Мақсад каттароқ қўйилиши керак, демоқчиман. Шифокор бўлиб, тиббиётнинг муҳим бир муаммосини ҳал қиламан, шу орқали эл-юрт корига ярайман, деган ният билан билим олган талаба қандай мутахассис бўлиб етишади-ю, шу касбдан тирикчилик ўтказаман, деб ўқиган бола қанақа шифокор бўлади - фарқи ўзингизга аён. Чет тили мутахассиси бўлиш борасида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Масалан, таржима қилиш, эл-юртини жаҳон адабиёти ва илм-фанининг энг сара намуналаридан баҳраманд қилиш шунинг бир мисоли...
- Таржимани тилга олганингиз учунми, ёдимга тушди: бир таржимон, киши хорижий тилни яхши ўрганиш учун аввало ўз тилини мукаммал билмоғи шарт, деган эди.
- Мен буни сал бошқача талқин этган бўлардим. Тил ўрганмоқчи бўлган кишида бунга туғма мойиллик бўлиши лозим. Созанда ё бастакорга мусиқий уқув қанчалик шарт бўлса, шу сингари, чет тилини ўрганишга бел боғлаган кишидан ҳам тил ўрганиш қобилияти талаб қилинади. Ундай қобил одам эса, аввало она тилини яхши билиши турган гап.
- Аммо шундай одамлар ҳам бор-ку: ўз она тилини унча яхши билмаса-да, бошқа бир тилни жуда яхши ўрганиб олишган? Ё уларнинг қобилияти ажнабий тилни ўрганишга мойилроқмикин?
– Йўқ. Паспортига кўра ўзбек, аммо бу тилда аранг ғўлдираб, рус тилини қойиллатадиганлар тоифасини кўзда тутаётган бўлсангиз, ундайлар учун она тили - рус тили, ўзбек тили эса... иккинчи бир тил, холос.
Аммо мени шу саволингизга тегишли бошқа бир масала кўпроқ ўйлантиради. Эътибор қилганмисиз, чет тилини ўрганишда бизда бир ишкаллик бор. Яъники, москвалик бир ўрис бола билан тошкентлик бир ўзбек бола, айтайлик француз тилини, қобилиятлари бир хил бўлгани ҳолда, олти йил ўрганадиган бўлса, москвалик бола ўша ажнабий тилни яхшироқ эгаллаб олган бўлади - бу тилда бемалол гаплашади, хат ёза олади ва ҳоказо. Бизникилар эса бу даражага етиши учун камида институтни битириши керак...
– Нега, ахир бизда ҳам хорижий тилларни қойиллатиб ўрганиб, чет эллардаги тил кўрикларидан совринлар олиб қайтаётган ёшлар бор-ку?
– Борликка бор, йўқ эмас. Аммо мен айрим фавқулодда истеъдодли ва саноқли миқдордаги одамларни эмас, кўпчиликни назарда тутяпман-да.
– Хўп, борингки шундай бўлса, бунинг сабаби нимада? Ёки фарзандларимизда тил ўрганиш лаёқати сустроқми?
– Аксинча. Бизнинг болаларимизда билимга интилиш кучлироқ ҳам. Аммо, лекини бор. Гап шундаки, ўша француз тилини ўрганишда ўзбек боласи олдида бир сунъий тўсиқ мавжуд. Бояги масковлик бола француз тилини иккинчи тил сифатида (рус тили+француз тили) ўрганса, бизнинг ўқувчилар олдида муқаррар равишда «иккинчи она тилимиз» - рус тилини ўзлаштириш ҳам бор. Яъни, ўзбек тили+рус тили+француз тили. Демак, бу ҳолда француз тили - учинчи тил дегани. Москвалик бола французча билан бир вақтнинг ўзида хитойчани ҳам ўрганиб кўрсин-чи, ҳоли нима кечаркин? Ана энди қорақалпоқ ўқувчиси учун француз тили тўртинчи тилга айланади, Қорақалпоғистондаги қозоқ мактаб ўқувчиси учун-чи? Одамнинг имконияти чексиз эмас, ҳамма ҳам полиглот бўлиб туғилавермайди. Ҳатто энг ривожланган мамлакатлар, масалан, Япония ё Германиядаги аҳолининг ҳам қарийб тўқсон фоизи фақат ўз она тилидангина хабардор. Чунки мамлакатнинг тараққий этиши аҳолининг кўп тилни билишига бевосита боғлиқ эмас. Тил билиш, албатта, фазилат, аммо у мажбуриятга айлантирилмаслиги керак.
Энди, фарзандларимиз чет тилини яхши ўрганиши учун мен бир нарсани таклиф қилган бўлардим. Тажриба тариқасида бир неча мактабда рус тилини иккинчи тил сифатида, яна бир неча мактабда инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш мумкин. Ахир, рус тили ҳам - чет тили, олмон тили ҳам. Она тилидан ташқари яна битта чет тилини ўрганса, бола кўнгилдагидек натижага эришиши осон кечади. Бир вақтнинг ўзида - тўрт-беш йилнинг ичида икки-учта чет тилини аралаш забт этиш... амри маҳол, менимча. Бу ҳолда рус тилини ўрганиш ҳам ора йўлда қолади, хорижий бирон тилни ҳам. Иккита чет тилини - бирини чала-чулпа, иккинчисини эса фақат номига билгандан кўра битта хорижий тилни қойиллатиб ўрганган яхши эмасми?
– Шу ўринда ўзимни анчадан бери ўйга толдирган бир гап: бошқа тилни ўрганаётган кишини ўша тилнинг грамматикаси қийнайди. Сизнингча, тил билиш учун сўзлашиш муҳимми ёки грамматикани ўрганиш?
– Биз она тилини ота-онамиздан, ака-опалар, хуллас, атрофдаги одамларнинг гап-сўзидан ўрганганмиз. Беш-олти яшар чоғимиздаёқ нутқимиз бурро бўлган эди. Маълум бўладики, тил ўрганиш учун жонли тил муҳити бўлиши керак экан. Муҳит бўлмаса, тил ўрганиб бўлмайди. Афсус, нафақат чет тили, ҳатто она тили дарсларида ҳам яланг грамматикадан таълим берилади - жонли тил бир бутун, тирик ҳолда эмас, гўё сўйиб майдалаб, оёқ, буйрак, пайлар, суяк каби грамматик парчалар ҳолида ўқитилади. Яъни, олмошу равиш, аниқловчи, ҳол, эргашган қўшма гапнинг фалон тури... аммо зинҳор нутқ эмас. Жонли нутқ - мана шу энг муҳим нарса она тили дарсларида ўргатилмайди. Албатта, грамматика ҳам керак, аммо алгебра арифметикадан кейинги бир босқич бўлганидай, боланинг нутқи етарли даражада камол топган: фикрини эркин сўзлаб, қоғоз бетига бехато иншо қила оладиган даражага етганидан кейин ўргатилса дурустроқ бўларди. Ахир ўзингиз ўйланг, юзлаб грамматик қоидани сув қилиб ичиб юборган бир талаба ота-онасига чиройли бир мактуб ёзишни эплай олмаслиги, тўртта одам олдида фикрини ифодалай олмай қолиши мумкин-ку? Чет тилини ўргатиш борасида ҳам шу гапларни айтиш мумкин. Шунинг учун бизда чет тили ўқитувчиси кўп, аммо чинакам чет тили мутахассиси ниҳоятда кам.
Албатта, хорижий давлатда бир ой бўлган одам бу тил грамматикасини бир йил ўқиган одамга қараганда кўпроқ ўрганади. Ана шуни тил муҳитининг таъсири, деймиз. Табиий, бу ерда биз айтган муҳитни мукаммал равишда барпо қилишнинг иложи йўқ. Шундай экан, унинг ўрнини қоплаш учун бу тилдаги адабиёт кенг ўқитилиши керак. Чунки бадиий адабиётда шу халқнинг дили акс этади, тилни ўрганишда эса бунинг аҳамияти жуда катта. Ахир, ўзингиз ўйланг, олмон тилини бир нави ўрганган бўлсангиз, аммо бу тилда ижод қилган Гёте, Шиллер, Томас Манн каби ўнлаб дунё адабиёти классиклари асарларини уларнинг она тилида ўқимаган бўлсангиз, сизни олмон тилини билади, деб бўладими?...
— Мулоҳазаларингиз ўринли, устоз... Қанийди, орамизда сизу биз кўзда тутган мақсадни юрагига жо айлаган ёшлар кўпайса. Хорижий тилларни фақатгина моддий даромад топиш учун эмас, ўша тилда сўзлашадиган миллатнинг бой маданий, маърифий-маънавий меросидан намуналар ўрганиш учун ўзлаштиришса. Бу айни кўпчиликнинг кўнглидаги муддао бўларди.
Умида АЗИЗ суҳбатлашди.