"Ҳазрат Алишер Навоий пайғамбар ёшидан ўтмаганлар. Лекин у муҳтарам устоз қолдирган адабий меросни беш юз йил давомида ўрганиб келаётган адабиётшуносу шоирлар илмий изланишларини ҳануз давом эттиряптилар. Ким билади, ҳазратнинг ижодларини мукаммал ўрганиб чиқиш учун яна беш юз йил керакдир.
Абдулла Қодирий ҳазратлари ҳаётлари ва ижодлари хусусида ҳам шундай деймиз. Бор-йўғи қирқ тўрт йил умр кўрган адибнинг мероси уч жилдга жамланади. Лекин бу уч жилдга тўпланган асарлар янги романчилик МАКТАБига асос солганини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Тарихдаги ўша 50-60 жилдга жамланган асарлар ҳақида эса бундай дея олмаймиз. Улар романчилик анъаналарини давом эттирган оддий асарлардир, десак, айрим адабиётшунос олимлар бу ҳақиқатдан ғашланмасинлар.
Абдулла Қодирий ижодий фаолияларининг бошланганига, яъни биринчи асарлари нашр этилганига 2014 йилда юз йил, таваллуд кунларига эса бир юз йигирма йил тўлади. Бу йил (2013) “Меҳробдан чаён” романи ёзиб тугалланганига 85 йил бўлди. Афсуски, бу сана эътиборсиз қолди. Европа зиёлилари орасида бу каби саналар ҳатто умумхалқ байрами сифатида нишонланади. Бизда ҳам бу анъана туғилса ажойиб бўлар эди. Ҳамонки Абдулла Қодирий қисқа ҳаётлари даврида мактаб яратган эканлар, бу мактабнинг синфлари – бўлимлари кўп. Севги қиссаси, тил маҳорати, ҳикматлар маржони, халқ дардидан фиғон... Буларни ўрганиб, охирига етказиш учун ўнлаб олимларнинг умри етмайди.
Абдулла Қодирий ижодини чинор дарахтига ўхшатаман. Чинор ҳайбатини ҳар бир одам кўради, соясидан баҳраманд бўлади. Лекин дарахтнинг барглари қанча эканини, йўғон шохлари-ю, бармоқдан нозик шохчаларини биров санаб кўрмаган. Абдулла Қодирий асарларинг фазилати ҳам шундай. Битта баргини яхшилаб ўрганиш учун бир шогирднинг умри кифоя қилармикин?
Шу истиҳола билан устознинг диний қарашларини ўрганишга ҳаракат қилишга жазм этдик, бу борада адашиб қолмасликни, хайрли оқибат беришни Аллоҳдан сўраймиз.
ХХ аср ўзбек адабиётида диний масалаларнинг ёритилиши кўп баҳсларни уйғотган. Айниқса, “социалистик реализм” деган ғоянинг ҳақиқатдан ва илмдан узоқ экани ҳаёт тасдиғидан ўтиб, кунфаякун бўлгач, бу борадаги дунёқарашлар ҳам ўзгарди. Тўғри, “атеизм” деган аксил илмий ғоя адабиётимизда яйраб-яшнади. Динга қарши дам очиқдан очиқ, дам ҳажв йўлидами ҳуружлар бўлди. Ҳатто Бобораҳим Машрабни худосизлар сафига қўшиб, “Мабдаи нур”ни ёзган деган исноддан қутулди”, деган бемаъни ҳукмлар билан улуғ мутаассиб шоир қўлига “болшевиклар гувоҳномасини” тутқазиб ҳам қўйишди. Оқибат шу бўлдики, Машрабни Ленин ХХ асрда илгари сурган “Дин-афюндир”, деган аҳмoқона ғоясига мос шоирга айлантирилди.
Шу ўринда яна бир изоҳ лозим: ўтган йили бир киши менга мактуб йўллаб, ёзувчилар “дин устидан куладилар”, деб эътироз билдирибди ва бир қатор ёзувчиларнинг асарлари қаторида “Фарғона тонг отгунча”ни ҳам тилга олибди. Мен бу масала бўйича бир неча марта фикримни баён этганман. Такрор бўлса-да, яна таъкид этишга мажбурман: азизлар, бошқа ёзувчилар сингари Мирзакалон Исмоилий ҳам динни ҳақорат қилишдан узоқлар. Динга тош отишдан ҳар бандани Аллоҳнинг Ўзи сақласин! Ёзувчилар диндор либосидаги, қилмишлари динга зид бўлган айрим жоҳил, мутаассибларнинг ёқимсиз иллатларинигина қаламга оладилар. Ахир диндорлар орасида ҳам турли-туман одамлар бор. Тақво эгаларини, нафсига зулм қила олувчиларни, уламоларни ҳар бир ёзувчи эъзозлайди. Билиб-билмай фатво берувчи, дарди тугун ва тугун учига тугилган пулда бўлган, Ислом илмидан узоқ одамларни эса камчиликларини ёзадилар. “Фарғона тонг отгунча”да ҳам шундай қилинган.
Кунларнинг бирида, ҳали жуда ёш эканимда машқ тарзида ёзилган навбатдаги ҳикоямни ёзиб, тоғамга ўқиб бердим. Ҳикоя қаҳрамони – боксчи йигит бувисининг гапига кириб рўза тутади ва оқибатда мусобақада ютқизиб қўяди. Одатда тоғам ёзганларим билан танишгач, асарни яхшилаш йўллари ҳақида гапириб, тилни таҳлил қилиб, камчилигини кўрсатар эдилар. Бу сафар ундай бўлмади. “Сен динни билмайсан, диний одатларни ёмонлаб ёзма”, деб гапни калта қилиб қўя қолдилар.
Устоз Абдулла Қодирий асарларини дастлаб ўқиганимда бу ўгитни кўп эсладим. Гап шундаки, мен диндан хабарсиз ҳолда, рўзага қарши ҳикоя ёзган эдим. Устоз эса ислом илмидан атрофлича хабардор эканларини ҳар жумлада билдириб турадилар
Абдулла Қодирий асарларида оятлар, ҳадислар у қадар кўп эмас, лекин форсийдан олинган ҳикматларга тез-тез ўрин берилган. “Обид кетмон”даги Хатиб домланинг “маслаҳат” йўлида аксар ёлғонни ҳам бежаб юборишига сабаб Саъдийнинг “дуруғи маслаҳатомиз беҳ аз рости фитнаангиз” сўзига амал қилишидадир. “Маслаҳат юзасидан айтилган ёлғон, фитнага сабаб бўлгувчи ростдан яхшидир” дейилгувчи ҳикмат маъносига яқин ҳадислар мавжуд. Шунингдек, ёлғон ва ростликка доир оятлар ҳам бор. Лекин адиб барча ўринларда улардан фойдалансалар, атрофларидаги фитначилар асар исломийлашиб кетган, деб иғволардан иборат танқид тошбўронини бошлашлари турган гап эди.
Мазкур мавзуда сўз юритилганда Калвак маҳзумнинг ҳар бир сўзини таҳлил қилиш лозим бўлади. Чунки бу ҳажвий қиссанинг тили ўзига ҳос. Арабий, форсий сўзлар кўп ишлатилгани учун оятлар ҳадислар кўп келтирилгандек кўринади. Аслида ундай эмас. Масалан, Калвак маҳзумнинг ўзига ҳос имтиҳонидан: “Бағдаз аузибисмиллоҳ, падар ўқудилар ва фақир эргашдим: “Агар шахсий гўядки, аввали илм кадомаст ва охири илм кадомаст... жавоб мегўямки, аввали илм шинохтан Аллоҳ таоло аст ва охири илм гузоштан ҳаман амриҳоаст...” Падар аввали илм бирлан охири илмнинг таърифини қилғонларидан сўнг фақирнинг ҳаққимга дуо қилинуб, биринчи дарс хатм бўлди”. Бундаги “агар шахсий гўядки...” (маъноси – “Агар бирор киши илмнинг боши нима-ю, охири нима, деб сўраса, биз “Илмнинг боши Аллоҳ таолони таниш, охири эса барча ишларни унга топширишдир”, деб айтамиз”) ҳикмати ҳадис деган ишоратда берилса-да, уламолар билан маслаҳат қилинганда бу ҳадиснинг манбаси аниқланмади.
“Шапоқ маҳзум” имзоси билан “Муштум”нинг 1924 йил 6-сонида босилган “Лаҳми қадид” ҳажвияси 1969 йилда нашр этилган “Кичик асарлар”да Абдулла Қодирий асари сифатида берилган. “Шапоқ маҳзум” Абдулла Қодирийнинг эмас, яқин сафдоши Ғози Юнуснинг таҳаллусидир. Бу асарни эслашдан мақсад, жоҳил муллаларни ҳажв тиғига олишда Жулқунбой ёлғиз эмас эдилар. Ҳажвияга диққат қилсак, Жулқунбойга хос нозик қочирим, кутилмаган ўхшатиш ўрнига камчиликка кучли зарба беришга интилишни кўрамиз. Зотан, Ғози Юнус “Муштум”нинг раҳбари сифатида шу усулни Жулқунбойдан ҳам талаб қилган ва бу хусусда уларнинг баҳслари машҳурдир. Ҳажвияда зоҳиран динга иҳонат қилинган бўлса-да (айниқса бошланиш қисмида), ботинан ундай эмас, Каллахона маҳалласининг имоми жаноб Абдулло қори домланинг илми ва савияси пастлиги ҳажв қилинади. Бу домланинг ривоятини қаранг: Иброҳим алайҳиссаломга жаннатдан қўчқор чиқарилгач, ул зот “даргоҳи қозиюл ҳожатга саждаъи шукр адо қилғонларидан кейин, қўчқор гўштини тамомий пайғамбарларга тақсим қилиб бердилар. Бошқа пайғамбарлар ўз ҳушвоҳоларини дарҳол пишириб еганлари ҳолда; бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом биздек осий-жофий умматлари билан баҳам кўриш мақсадида ерга кўмдилар. Бир неча соатдан кейин ҳалиги “лаҳми қадид”дан мош кўкариб чиқди. Шунинг билан умматлари бўлғон бизлар ҳар куни “лаҳми қадид”дан тановил қиламиз”.
Ана холос! Бундай бемаъни ривоятни ўйлаб топиш учун не қадар паст илм талаб этиларкин? Афсусларким, бу кабилар аввал ҳам бор эди, ҳозирги кунимизда ҳам мавжуд. Яқинда Тошкентдаги бир масжид имоми жумъа маърузасида деди-ки: “Одам тушида марҳумларни кўришлари учун Худо сочни антенна вазифасини ўташ учун яратган”. Сўрадиларки: “Сочи йўқлар туш кўрмасми?” Жавоб берилдики: “Кўрарлар. Сочи йўқларники парабал (яъни чаноқ) антенна”... Бундай “илм соҳиблари”нинг нақлларини эшитганда йиғлаш керакми ё кулиш?
Бу каби таҳлилимизни келгувсида янада батафсилроқ ўрганиш умиди билан ҳозирча мухтасар қилиб, яна “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён”га қайтиб, ундаги айрим масалаларни оз бўлса-да ўрганишга уриниб кўрамиз:
Мазкур романларни ҳар ўқиганда ижтимоий масалалар бўйича бир неча саволларни қайта-қайта қўямиз ва жавоб топишга тиришамиз:
Юрт фожиаси нимада? Бу юрт фарзандлари Отабек ва Анварнинг фожиалари нимада? Юрт фожиаси “ҳаййа алал фалаҳ”ни эшитмаганида, яъни нажотга шошилмаганида, иймондан узоқлашганида эмасми? “Халқимиз таъбирича, бу замонлар “мусулмонобод” бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўятурған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, халқ мусулмон, бунинг устига юриш-туриш ҳам мусулмонча, ҳукмлар ҳам шаръиатча эди. Ўғирлиқ қилған учун қўл кесиладир ва дорға осиладир. Зони билан зониялар (бузуқ эр ва бузуқ хотин) ҳам пештоқдан ташланадирлар, ичкулик ичкан учун қирқ дарра уриладир. Раис афанди мулозимларига дарра кўтартириб, намозсизларни текширадир, фарзи айн билмаганларни урдирар эди. Иш шунчалик нозик бўлатуриб ҳам ўғрилар ўз тирикчиликлари орқасидан қолмайдирлар. Эш ака билан Тош аканинг уйлари орқасидан тешилиб моллари ўғирлана берадир, пештоқдан қопқа бўғилиб ташланмоқ учун фоҳишалар билан етишиб турадирлар. Бутун умрида пешонаси сажда кўрмаганлар ҳам кўб, аммо фарзи айннинг бош томонидан тўрт-беш жумлани ҳар ким қийналмасдан сайрий олар эди. Кўб кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда расмий суратда ичкулик сотиш билан тириклик қилғувчилар ҳам йўқ эмас эдилар. Тошканднинг Чуқур қишлоқ деган ерида қозоқлар томонидан очилғон ва ҳамиша рустамнамо кишилар билан айқириб ётқан бўзахоналар ҳам йўқ эмас эди...”
Бадиий адабиётдаги шайхур-раисимиз Абдулла Қодирийнинг асарларини оддий китобхон икки марта, зиёли аҳли эса камида беш-олти марта ўқисагина асарларнинг асл моҳиятига кириб бора олади, деб ўйлайман. Камина аввал ҳам бир-икки фикрларни қоғозга туширган бўлсам ҳам, бунисида мавзуга чуқурроқ киришга уриндим. Лекин мавзуни тўлалигича ўрганиб, тўлалигича таҳлил этиб, атрофлича фикрлай олдим, деб даъво қилишдан узоқман. Ҳа, ақлим етган қадар, зеҳним кўра олган қадар ўргандим, бундан хулосам шу бўлдики, Абдулла Қодирийнинг асарларидаги динга муносабат даҳрийлик эмас, балки наҳйи мункар – ёмонликдан қайтаришга уринишдир. Назаримда энг тўғри баҳо шу бўлса керак. Ҳар ҳолда камина бу хулосада собитдир.
Яна шуки, мавзуни ўрганиш давом этиб, муҳтарам уламоларимиз, қадрли адабиётшунос олимларимиз бу илм таҳлилига фаолроқ киришсалар нур аланнур бўлар, инша Аллоҳ!"
Тоҳир МАЛИК. 2013 йилнинг 22 июнь куни, шаъбон ойининг 13 куни.
Манба: mezon.uz