Бугунги адабий жараёнда замон билан ҳамоҳанг равишда кенг кўламли ўзгаришлар, жиддий изланишлар рўй бермоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бадиий публицистика, Болалар ва ўсмирлар адабиёти, Наср ва Назм кенгашларининг 2012 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилишлари доирасида ўтган адабий анжуманларда адибларимизнинг ижодий ишлари, изланишлари, эришган ютуқлари ҳамда бугунги кунда қалам аҳли олдида турган муаммолар ва долзарб вазифалар муҳокама этилди. Ҳисобот йиғилишларини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али бошқарди.
Бадиий публицистика кенгаши томонидан ўтган йили кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Уюшмада бир қатор адибларнинг публицистик китоблари тақдимотлари ўтказилди. Айниқса, А. Иброҳимовнинг “Бизким ўзбеклар”, “Руҳий озиқ маҳзани”, Я. Қўчқоровнинг “Жайҳун бўлиб оққан сўз” номли китоблари юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Публицистларнинг кенгашга топширган йигирмага яқин қўлёзмалари кенгаш аъзолари томонидан муҳокама қилиниб, энг саралари нашрга тавсия этилди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ташкил этилган “Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан”, “Ватан учун яшайлик” рукнларида мунтазам равишда публицистик мақолалар эълон қилинди. Шунингдек, ушбу рукнларда “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Туркистон”, “Ҳуррият”, “Маърифат” ва бошқа марказий газеталарда ҳам адибларимизнинг кўплаб мақолалари ёритилди.
Бадиий публицистика кенгаши раиси А. Мелибоев ҳамда С. Умиров, Қ. Норқобилов каби ижодкорлар ўтган йилда бадиий публицистика соҳасида кўзга кўринган ишлар, нашрдан чиққан янги китоблар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари ва бошқа марказий ҳамда вилоятлардаги нашрларда эълон қилинган сара мақолалар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Болалар ва ўсмирлар адабиётида ҳам бугунги кунда кўпгина янгиликлар кўзга ташланмоқда. Ўтган йили йигирмага яқин болалар адибларининг янги китоблари нашр қилинди. “Тонг юлдузи”, “Гулхан”, “Ғунча” каби болалар нашрларида олти юздан ортиқ шеърлар эълон қилинган. Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши раиси А. Жўраев ҳамда С. Матжон, А. Акбаров, Т. Адашбоев каби ижодкорлар болалар учун яратилаётган ана шундай асарларнинг мазмуни, ютуқ ва муаммолари ҳақида фикр билдирдилар.
“Академия” нашриёти томонидан болалар учун нашр қилинаётган китобларнинг хилма-хиллиги, мазмундорлиги, турли серияларда китоблар чоп этиш йўлга қўйилганлиги эътироф этилди. Энг муҳими, ана шу китобларга болаларнинг қизиқишлари ортиб бормоқда. Бундай муҳим ташаббусларни бошқа нашриётлар ҳам, хусусан, болалар ва ўсмирлар учун адабиётлар нашр этишга кўпроқ ихтисослашган “Чўлпон” нашриёти ҳам унутиб қўймаслиги керак. Зеро, ҳозирги кунда ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб вояга етказишда бадиий китобларнинг алоҳида ўрни бор.
– Ҳозирги пайтда кузатишларимга таяниб шуни айтишим мумкинки, – деди куюнчаклик билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, – болаларимизда сўз бойлиги ниҳоятда камайиб кетмоқда. Бунга сабаб китобхонликнинг сусайиб кетганлиги, болалар китоб ўрнига замонавий техник воситалар – компьютер, телевизор ва бошқаларга кўпроқ диққат қилиб қолишяпти.
Дарҳақиқат, бугунги кунда интернет ва бошқа тарғибот воситалари орқали тарқалаётган ахборот хуружлари, турли бузғунчи ғоялар таъсиридан болаларни ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир ота-онанинг биринчи галдаги вазифасидир. Дунё адабиётида ҳозирда йигирмага яқин жанрларда болалар учун китоблар нашр қилинади. Бизда эса бу борада ҳам муаммолар мавжуд. Демак, болаларимиз учун яратилаётган асарларнинг жанрлари хусусида ҳам жиддий ўйлашимиз, бу ишга адибларни фаол жалб қилишимиз зарур.
Нафақат болалар адабиётида, балки катталар учун яратилаётган асарлар борасида ҳам эътиборга лойиқ ишлар ҳамда баҳс-мунозарага арзирлик масалалар талайгина эканлиги Наср кенгаши йиғинида ўртага ташланди. Кенгаш раиси У. Ҳамдам ҳамда Й. Солижонов, Ш. Назарова, У. Жўрақулов, Қ. Йўлдошев каби адабиётшунослар ўтган йили юртимиз адиблари томонидан яратилган насрий асарлар ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.
2012 йилда ўндан ортиқ романлар нашр қилиниб, китобхонларга тақдим этилди. Улар ранг-баранг мавзуларни қамраб олган бўлиб, уларда тарих ва бугунги куннинг муҳим ижтимоий муаммолари қаламга олинган. Шунингдек, ўтган йили ўттиздан ортиқ қиссалар, икки юздан ортиқ ҳикоялар наср ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинган. Ушбу асарларнинг ҳаммасини камчиликлардан холи деб бўлмайди. Бироқ ёзувчиларимиз янги сўз айтиш, жамиятда рўй бераётган воқеаларга муносабатини янгича усулларда талқин қилишга йўл қидиришмоқда. Бу, албатта, ёзувчиларимизнинг фаол изланишда эканлигидан дарак беради.
Чинакам ёзувчи ҳар доим ўз замонаси қаршисида жиддий масъулият сезади. Бугун бутун дунёда инсоният олдида кўплаб глобал муаммолар пайдо бўлмоқда. Инсониятни тубанликка бошловчи бузғунчи ғояларга қарши адибларимиз ўзларининг дадил жавобларини айтишлари керак. Шунингдек, давр руҳини, одамлар тафаккуридаги буюк ўзгаришларни, барчага ибрат бўладиган замонамиз қаҳрамонлари тимсолларини асарларда муносиб акс эттириш истеъдодли ёзувчилар олдидаги муҳим вазифадир. Бундай асарлар, албатта, ўз ўқувчиларини топади.
Уйғун Рўзиев