ЧЎЛПОННИНГ «булоқлар»и

Бу кун ўзбек адабиётига яна янги бир тўн кийгизилди, Чўлпоннинг «Булоқлар» отлиқ янги бир шеърлар тўплами босилиб чиқди.

Чўлпон ўзбекнинг янги шоиридир. Шунинг учун ўзбек элининг бу кунги руҳи, ҳоли, сезгиси «Булоқлар»да қайнайдир. Ўзбек тили, ўзбек оҳанги «Булоқлар»да сайрайдир, ўқуйдир. Ўзбекнинг руҳий тўлқунлари бунда кўпурадир, кўклар томон учадир, кўтариладир.
«Булоқлар»да ўзбек сезгиси инграйдир, сизлайдир, титрайдир. Шунинг учун бу тўн шундай бир тўндирки, ўзбек руҳидан, жонидан битгандир, унинг баданини асрамоқ, қўрумоқ учун ўз бағрига босқондир.
Ўзбек янги шоирларининг оҳангсиз бўлишини уялмайин сўйлайтурғон оғизларга «Булоқлар» туфурадур. Ўзбек адабиётига тил тегдирмакчи бўлғон машҳур «нодонлар»ға бу «Булоқлар» куладир.
Шоир «Амалнинг ўлуми» деган парчасида: — шеърий мисра эмас

Кўнглимда йиғлағон малаклар кимлар,
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда эгилган бу жонлар кимлар,
Қуллар ўлкасининг инсонларими? —

деб, шу қисқагина парчанинг ўзидагини қанча шеърият, қанча оҳанг уйдирғондир, шу билан бирга юртининг дардини, қулларининг англаган жонлар бўлишини, кўнглида йиғлағон малакларнинғ шарқнинг оналари, жувонларидан иборат эканини қанча очиқ, муассир ва эъжоз билан тасвир этадилар.

Мана иккинчи бандида элининг умидларини эскартиб:

Кенг хаёллар учдими кўкка,
Бутун умидларин ёвларми кўмди, —

деб, шарқ халқларининг абадий асирликка кирганлигига ишонмоғини кўрсатиб, ўзининг «Хаёлида порлағон» шамъининг ўчишиға шубҳалик сўроғ билан айтадир:

Мангу тутқинлиққа кирдими ўлка?
Хаёлда порлағон шамъларми сўнди?

Яна бошқа бир саҳифасини очдим. Ҳали ўз адабиётининг борлиқ-йўқлиғи шубҳалик бўлғонларнинг «назарияйи адабия»ларига, узоқлардан мисолларни англамай олғанларға «олий ҳислар» учун ҳали кўб йиллар мисол бўлишға арзийдирғон:

Оч ахир, очғилким, кўксингни:
Бир нафас ўзимни унитай,
Унитмоқ бутунлай «ўзлик»ни,
Оҳ, шундан нажотни мен топай,

деган, шу парча кўзимга тушди ва кўр виждонларга лаънатлар ўқидим.

60 саҳифага молик бўлғон бу асар «Шарқ учун, Сезгилар, Севги, Қора йўллар, Қор қўйнида» унвонлари остида бўлимларга айрилғон 26 парчадан иборатдир.

Асар чиройлик ва нафис бошланғон. Ўзбек шоирини бу муваффақияти билан табрик этамиз ва адабиёт суйгувчиларига тақдим қиламиз.

Вадуд Маҳмуд