Оқ ва қора аниқ бўлди

Шоир   МУҲАММАД  ИСМОИЛ   ва  журналист  Хурсандбек  Тўлабоевнинг адабий мусобаҳаси.

Шоир  Муҳаммад   Исмоил билан ушбу мусобаҳамиз қарийб бир йиллик мулоқотимизнинг маҳсули. Шоир Тошкентда, мен Самарқандда яшаганимиз туфайли суҳбат кетма-кетлигида айрим узилишлар бўлди. Саволлар кўп ва турфа эди. Шоир, ўқувчиларни  қизиқтириши мумкин деб ўйлаган саволларгагина жавоб қайтарди. Айрим саволларимиз эса жавобсиз қолди. Бу  суҳбатимизнинг бироз тўмтоқлашувига олиб келди. Бунинг учун сиз азизлардан узр сўраймиз. На илож, дунёда жавобсиз қолган саволлар кўп. Зеро,  мақсад барча нарса ҳақида фикр юритмоқ эмас, мақсад ўз билганларимиз ҳақидагина сўзламоқдир.

-Муҳаммад ака, сиз билан устоз ижодкорлар эришган ютуқлар ва бугунги адабий жараёнда ёшларнинг вазифалари ҳақида суҳбатлашмоқчи эдик. Улар устозларига муносиб ворис бўлаяптиларми, шахдам қадамлар билан олдинга интилаяптиларми, шу хусусда фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Мустамлакачилик даврида адабиётимиз олдида миллатни улуғлаш, қаддини кўтариш, қадимий ва енгилмас халқ эканлигини уқтириш сингари муқаддас вазифа турарди. 1937 – йил  Қодирий, Чўлпонлар отилиб кетгач, бу вазифани Ойбек домла  “Навоий” романи билан, Мақсуд Шайхзода “Мирзо Улуғбек” драмаси билан,  П. Қодиров “Бобур” романи билан, О. Ёқубов  “Улуғбек хазинаси” романи билан, Э.Вохидов “Ўзбегим “ қасидаси билан,  А. Орипов “Ўзбекистон – Ватаним маним”  шеьри билан баҳоли қудрат адо этдилар ва ўзбек миллатининг миллат сифатида шаклланиб камол топишида қаҳрамонлик кўрсатдилар. Мустақиллик даврига келиб давр адибларимиз зиммасига янги тарихий вазифани юклади, давлатимиз жаҳон давлатлари орасида тенг ҳуқуққа эга бўлди, мезон  юксалди – жаҳон адабиёти талабларига жавоб берадиган асарлар яратиш маъсулияти зиммага қўйилди. Энди дунё мамлакатимизни танигани билан, ўзбек адибларининг асарлари дунё тилларига таржима қилинмас экан, адабиётимиз танилмайди, дунё саҳнасида борлиги билинмайди. Адибларимиз олдида турган биринчи вазифа – дунёга чиқиш! Бугунги кунда қайси ўзбек адибининг асари инглиз, рус, француз,испан, немис, араб тилларига таржима қилинмоқда? Бугунги кун ижодкори  шу тарихий вазифани уддалайолмас экан, миллат юксалишида қаҳрамонона хизматини адо этолмаган ҳисобланади. Устозларга муносиб ворис бўлиш, шахдам қадамлар билан олдинга интилиш деганда  шу вазифаларни  тушунишимиз керак.
- Ўзбек адабиётида замонамиз қаҳрамони образи асрлар давомида қандай ёритилган ва бугунги кунда қандай ёритилмоқда?
- Ўзбек адабиёти жуда бой ва қудратли адабиёт. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, ”Рустами достон” сингари буюк достонларнинг бош вазифаси  - халқ улуғлиги, куч-қудрати, мардонаворлигини кўрсатиб беришдан, ҳар бир инсонни шу қаҳрамондан ўрнак олишга, эргашишга ва енгилмас бўлишга ундашдан иборат эди. “Муқбил тошотар”, “Кенжа ботир”, ”Донишманд чўпон”, ”Маликаи Ҳуснобод” сингари эртакларимизни эсласак, замона қаҳрамони образи ўзбек адабиётида минг йилдан буён яратилиб келаётганини кўрамиз. Лекин  бу қаҳрамонларни шундайича адабиётга киритсак, интеллектуал салоҳият асри бўлмиш ХХ1 асрда анчайин соддалик қилган бўлур эдик. Ҳатто пўлат қуювчи илғор ишчи Стахановни, “Пўлат қандай тобланди” асаридаги жангчи Павел Корчагинни, ёки учувчи Алексей Мерьесевни, ёки бирор донгдор сут соғувчини,  ёки  ишлаб чарчамас чўлқуварни асаримизга бош қаҳрамон қилиб олсак  адабиётни ҳам, ҳаётни ҳам  соддалаштирган,  ХХ1 аср одамларини  алдашга уринган бўламиз. Ҳатто кечагина телеэкранлардан тушмай турган “Терминатор”, ”Рембо”, ”Универсал солдат” образлари  тўқима, ёлғон образлар эканлиги, қолаверса босқинчи, қонхўр,  қаттол образлар эканлиги ҳаммага аён бўлиб қолди. Кўпиртирилган,  алдаш учун ўйлаб топилган, ясама ёлғон билан барчани лақиллатиб зўровонликка, шавқатсизликка ундайдиган, ўзини барчадан устун қўйиб, ёвузлик сари етаклайдиган қаҳрамонлар манфур мафкураларнинг қўғирчоқлари эканлиги фош бўлиб бормоқда. Биз ўз миллатимизни қанчалик севмайлик,  миллатимизни улуғлаш зарурлигини қанчалик истамайлик миллатчилик  йўлидан бормаслигимиз лозимлиги барча юртдошларимиз учун аён ҳақиқат.Динимиз ҳам бизни бундай ёлғончиликдан, уйдирмадан қайтаради.
Асарларимизнинг бош қаҳрамони – замонамизнинг юксак маънавий салоҳиятга эга кишилари – бугунги кун Навоийлари, Бобур Мирзолари, Абдулла  Қодирийлари, Озод Шарофиддиновлари, Зулфиялари, Абдулла Ориповлари бўлиши керак, яъни нафақат жисмонан, маънан етук ва баркамол инсон бўлмоғи лозим.
-  Бугунги кун ёшлари ижодига қандай баҳо берасиз?
-   Холис қарайман!  Ҳамманинг  белгиланган тарихий вазифаси бор. Ҳеч ким ўз қисматидан қочиб қутулаолмайди. Тақдир насиб қилмаган бўлса, бир қатор шеър ёзолмайди. Ҳамма Абдулла Ориповдай бўлишни истайди. Аммо Абдулла Ориповдан бошқа ҳеч ким Абдулла Орипов бўлолмайди.  Шунинг учун биров яхши шеър ёзолмаса, яхши ёзмабсан деб камситмаслик керак. Ёки биров зўр шеър ёзса, ёмон деб ерга урмаслик керак. Кибр – шайтоннинг иши!
Илҳом – Худодан!  Худо ҳар бир ижодкорнинг кўнглига  илҳом бериб туради. Бировга кўпроқ, бировга камроқ! Одамнинг иродаси кўтарганча! Пайғамбаримиз  шоирларни улуғлаб шундай деганлар: “Мўмин киши ҳам тиғи билан, ҳам тили( қалами) билан Оллоҳ йўлида жиҳод қилур. Яратган Эгамнинг номига қасамки, сизлар (яъни шоирлар) отадиган ўқнинг тиғи ўткирроқдир!”
Мен бугунги кун ёшларидан фавқулодда юксак асарларни кутаман. Улар миллатимизга мустамлака зулми остида ўз истеъдодларини тўла намойиш этаолмаган юзлаб буюк адибу-шоирларимиз меросхўри сифатида нодир асарларни туҳфа этадилар. Улар Абдулла Қодирий даражасида ижод қиладилар. Чунки улар бугун имом Бухорийни, Абу Ҳомид Ғаззолийни, Жалолиддин Румийни ўқимоқдалар. Ҳақиқатни юзига тик қараш керак. Ёшларимиз орасидан Ч.Айтматов, Г.Г. Маркеслар чиқиши лозим. Ёшларимиз адабиётга мана шундай ўлчов билан кириб келишини истардим.
-Сиз насрда ҳам ижод қиласиз. Насрий асарларингиздан кўнглингиз тўлмаган пайтлар бўлганми?
- Юз метрлик марафондан югуриб, чемпион бўлган одам, тўрт  километрлик марафондан чемпион бўлиши қийин. Айтмоқчиманки, икки йўналишда ҳам бирдай мувоффақият қозониш мушкул. Назм –  ёшлик шижоатини, қалб қудратини талаб қилади, наср эса, кўпроқ ақлий салоҳиятни, кенг қамровда фикрлашни,  сабр – матонатни талаб қилади. Асосий масала ҳоҳ назмда бўлсин, хоҳ насрда бўлсин яхши асар яратишдир.Гап қайси жанрда асар ёзишда эмас, гап қандай қилиб яхши асар ёзишдадир.
Айтилиши керак бўлган сўзлар қайси жанрда ёзилса аниқроқ, батафсилроқ чиқишига қараб жанр танлайман. Айтайлик, “Қалбим ардоғи” филъмимда бир ўзбек қизининг ор – номуси, шаъни, ғурури учун бутун ҳаётини бахшида этган йигит қиёфасини гавдалантирганман. Ва бунга жавобан шон – шуҳратдан ҳам, саҳнадан ҳам, ўз келажагидан ҳам садоқатни, вафони устун қўйган,  мағрур, оловқалб қиз қиёфасини яратганман.   Шундай бўлиш кераклигини давр талаб қилмоқда. Ҳаёт талаб қилмоқда. Эртангги кун  юксак фазилатга эга инсонларни  саҳнада кўришни истайди!
Хуллас,  гап ижодкорнинг қайси жанрда қалам тебратишида эмас, нима демоқчи эканида, қандай фикрни олдинга суришида, одамлар қандай қабул қилишида! Аввало фикр, ғоя туғилади, фикрнинг салмоғи, кўламига қараб жанр танланади.  - Ижодкор сифатида  олдингизга қўйилган бош мақсад нима ?
-Бугунги кунда оқ ва қора аниқ бўлди. Ким сўз заргари-ю, ким сўз савдогари, ким пулга хизмат қилаяпти-ю, ким кўнгилга, ким хаққа, ким ботилга, ким шайтонга хизмат қилаяпти-ю, ким Раҳмонга, ҳаммаси аниқ бўлди. Ҳар бир ижодкор қайси йўлдан кетаётгани аниқ бўлди.
Ижодкор сифатида бош вазифам – энг олий фазилатларни ўзида мужассам этган ўзбек миллати ҳақида бадиий асар ёзиш! Бу бадиий асар дунё адабиёти дурдоналари мақомига кўтарилмаса вазифа адо этилмаган ҳисобланади.
- Ўз адабий ўлчовларингиз борми?
-Адабиётимиз Европа адабиёти йўлидан бориши керак. Европада юзлаб Нобелъ мукофоти лауреатлари бор. Осиёда, Африкада бармоқ билан санарли. Шунинг учун адабиётда Африканинг йўлидан бормаслик керак. Африка давлатларида адабиёт фақат ўша давлат манфаатлари учун хизмат қилади. Фақат ўша давлат подшосининг раъйига қараб фаолият кўрсатади. Маҳаллий манфаатлар қобиғидан чиқаолмайди. Миллатчилик, элатчилик, ирқчилик, маҳаллийчиликни тарғиб қилади. Умуминсоний ғоялар, оламшумул манфаатлар йўқ. Инсон деган жаҳоний ўлчов йўқ..
Миллатчилик туфайли яҳудийлар исломга кирмаган, Қуръони каримни тан олмаган эдилар. Натижада Оллоҳнинг динига даҳрий бўлдилар.                Дунёда барча тенг ҳуқуққа эга эканлигини  тарғиб этишимиз керак. Оллоҳ таоло бир-биримиз билан танишишимиз, дўстлашишимиз, бир-биримизга қизиқарли бўлишимиз учун бизларни турли миллат, турли элат, турли ирқ вакили қилиб яратди. Бир-биримиз билан уришишимиз, қасдлашишимиз, бир-биримизни янчишимиз учун эмас.
Бир гулзорнинг гуллари турли туманлиги, рангининг турфалиги, атрининг бир-бирига ўхшамаслиги билан гўзал ва мафтункор бўлгани сингари. Агар бутун дунё гуллари бир хил рангда, бир хил ҳидда, бир хил андозада бўлганида  бизларни оҳанграбо янглиғ  ром этаолармиди!
-Cизнинг кўп шеьрларингиз муҳаббат ҳақида, яьни ёнимизда юрган суюкли ёрларимизга бағишланган. Аммо муҳаббатнинг ўткинчи эканлигига, унинг доимий эмаслигига наҳотки ҳали иқрор бўлмадингиз...
-Тўғри, кўп шеьрларим муҳаббат ҳақида. Муҳаббат- бу инсоний туйғу! Агар  фаришта бўлганимда кеча-ю кундуз фақат Оллоҳни севган бўлар эдим. Лекин мен инсонман! Заиф ва ожиз томонларим кўп. Айбу-нуқсонларим бисёр. Шу камчиликларим бўлишига қарамай баҳоли қудрат Яратганга муҳаббатим бор! Инсон бўлатуриб Оллоҳни қанча севсам бу буюклигимга шунча далолат! Инсон қадрини белгиловчи ягона ўлчов бу – муҳаббат! У ҳоҳ инсоний бўлсин, ҳоҳ илоҳий!
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в Мадинаи мунавварада ислом динини барпо этдилар. Ниҳоят Макка шаҳри  таслим бўлди. Пайғамбаримиз ўз туғилиб ўсган шаҳрига катта тантана билан кириб келдилар. Ўша кун Пайғамбаримиз қавми-қариндошлар, саҳобаи икромлар, ёру-биродарлар, собитқадам мусулмонлар қуршовида эдилар. Пайғамбаримиз билан бир оғиз суҳбат қуриш, бир нафас ёнларида бўлиш, меҳмон қилиш барча барча учун бениҳоя улкан шараф эди. Ўша кун Маккада Пайғамбаримизнинг уйи бўлмаганлиги сабабидан жуда кўп дўстлари менинг уйимда тунаб қолсайдилар деб орзу қиларди. Лекин Пайғамбаримиз Макка фатҳ этилган биринчи тунни қабристонда, Хадича онамиз дафн этилган қабр бошида ўтқазмоқни ихтиёр этдилар. Хадича онамизни эслаб туни бўйи кўзларидан ёш тўхтамади. Бу инсоний муҳаббатнинг улкан намунаси эмасми! Пайғамбаримиз Оллоҳнинг севимли ҳабиби эдилар. Ва Оллоҳни Пайғамбаримиз севганчалик буюк муҳаббат билан  ҳеч ким севолган эмас. Пайғамбаримиз шу билан биргаликда инсон эдилар. Ватанлари Маккаи мукаррамани севар эдилар, оналарини эслаб йиғлар эдилар, Ойиша онамизни севар эдилар, саҳобайи икромларга меҳрлари зиёда эди.
Тўғри бугунги кунда муҳаббат сўзининг қадри ниҳоятда арзонлашиб кетди. Баъзилар шу муҳаббатни назарда тутиб  муҳаббатга нописанд бўлаётган, - Эй, йўлдан адашган шоирлар! Нега абадул абад барҳақ бўлган зот Оллоҳни эмас, ўткинчи ва “бевафо” ёрни мадҳ этмоқдасиз! –дея фиғонлари фалакка кўтарилаётган бўлса ажаб эмас! Шахсан менинг  айтадиган гапим шу: - Биз инсонмиз! Қўлимиздан келганча Оллоҳни севамиз! Шу билан биргаликда Ватанимизни, ота-онамизни, дўстларимизни, ёрларимизни севамиз! Биз шоирлар инсонлардаги  шу муҳаббат туйғусини мадҳ этамиз! Қолаверса, ҳамма ёрларни “бевафо”га чиқариб бўлмайди, вафодорлари, садоқатлилари ҳам бор. Қолаверса  муҳаббатни ўткинчи деб бўлмайди! Ўзимиз ўткинчимиз холос!  Муҳаббат туйғусига нописандлик билан қараганларида Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. бутун дунё у кишига қуллуқ қилиб турган пайтда, Хадича онамизнинг қабрлари устида туни бўйи йиғлаб тонг оттирмаган, агар бу туйғу бўлмаганида, ҳаётларининг сўнгги кунида, сўнгги нафаслари муборак таналарини тарк этаётган фурсатда Ойиша онамизнинг сийналарига бош қўйиб жон таслим қилмаган бўлардилар!  
- Бугуннинг долзарб мавзуси бу қайси мавзу? Шу ҳақда ҳам ўйлайсизми? Айнан қайси мавзуларни долзарб деб ҳисоблайсиз?
- Бугуннинг долзарб мавзусига қўл теккизсангиз қўл куяди, тилга олсангиз, қора кийим кийган қарғалар чўқиб кетади, гапирмасангиз юрак ёнади, ҳушингиз оғади...
Шундай бўлсада, бугуннинг долзарб мавзуси деб, одам ўзини тарбиялашини энг долзарб масала деган бўлар эдим. Аввало, ўзинг тарбияли бўлмас экансан, сўзингга, тарбиянгга, кўтариб чиққан долзарб мавзуингга ҳеч ким муҳтож эмас. Сўзларинг ҳеч кимга таъсир қилмайди. Одам масала кўтариб чиқишдан олдин, бунга маънавий ҳаққи бўлиши керак. Шахсан мен ўзини тарбиялай олмаган одамнинг жамиятни тарбиялай олишига ишонмайман. Ўз хатосини кўрмаган одамнинг ўзгалар хатоси ҳақида баҳс юритишини иғвогарлик деб биламан. Ўзини тарбиялай олмаган одам, ўз қонидан, жону – жаҳонидан бўлган фарзандини ҳам тарбиялай олмайди. Қуш уясида кўрганини қилади деб беҳуда айтишмайди. Агар одам минбарда фариштаю уйида шайтон бўлса, фарзанд ҳеч қачон отасининг минбардаги гапига қулоқ солмайди, отасининг уйдаги хурмача қилиқларидан сабоқ олади. Одам аввало, ўзини тарбиялаши, Худодан қўрқиши, охиратга ишониши, пок иймон билан яшаши, ҳалол ва ҳаромни ажрата билиши, маърифатли ва мазмунли ҳаёт кечиришни мақсад қилмоғи лозим.
Токи ўзимиз ёзганимизга ўзимиз амал қилмас эканмиз, ўзгалар амал қилмайди.
Бугун бутун дунёдан ахборот оқими онгимизни лиммо – лим тўлдириб турибди. Шунинг учун, бутун дунёга қарата фикрларимизни айтаолишимиз, мақташимиз, танқид қилишимиз, хатоларини кўрсатиб беришимиз, инсониятни тўғри йўлга солиш учун интилишимиз, ўзимиз яшаб турган жамиятдан нолишимиз, адашаётгани сабаб кўкрагимизга муштлаб “дод” солишимиз, маҳалладошларимизнинг ғўрлиги учун камситишимиз, ёнимиздаги одамнинг нодонлиги учун устидан кулишимиз мумкин, аммо уларнинг хато камчиликлари бир кун тузалиши муқаррар-у, уларнинг камчиликлари тузалишидан кўра мушкулроқ масала – одам ўзини тузатиши масаласидир. Биз ҳаммамиз ўзгаларга ақл ўргатишга, ўзгаларнинг камчилигини топишга уста бўлиб кетдик. Лекин, ўзимизнинг хатоларимиз уларникидан ўн чандон кўпроқ эканлигини ўйлаб кўрмаймиз. Ўзимиз мукаммал зот эмаслигимиз барчага яққол кўриниб турганини англашга ҳаракат қилмаймиз. Жамиятни эмас, аввало, ўзимизни, қолаверса оиламизни тузатиб олишимиз лозимлиги ҳақида бош қотирмаймиз. Жамиятда эмас, ҳеч бўлмаганда оилада ўрнак бўлаоладиган даражага чиқдикми? Шунинг учун, ўзимга ҳам, ўзгаларга ҳам баралла айтаман: - Бугуннинг долзарб мавзуси, бугуннинг долзарб юмуши аввало ўзимизни тарбиялашдир!
- Интернет сиз учун нима, бу яхшилик воситасими, ё инсонларни йўлдан урувчи, ақлдан оздирувчи “ўргимчак тўри”ми?
- Интернет ХХ асрнинг буюк кашфиётидир! Медицинанинг, математиканинг, химиянинг, физиканинг, кашф этилиши, китоб чиқариш, телевидения қандай кашфиёт ҳисобланган бўлса интернет ҳам шундай кашфиёт бўлди. Унинг яратувчиси инсониятнинг буюк даҳолари Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Коперник, Исаак Нъютон, А. Эйнштейн сингари даҳодир!
Халқлар, элатлар, миллатлар сўз эркинлиги, фикр эркинлиги учун асрлар давомида қирғинбарот урушларни бошидан кечирган. Интернет -  уруш жанжалларсиз, сўз эркинлиги, мафкура эркинлиги, ғоя эркинлигини берди. Ҳар бир инсон ўз фикри билан бутун дунёга, инсониятга, жами халқлар, одамлар, давлатларга қарата фикрини баён этаоладиган қудратга эга бўлди. Яъни ўз қобиғига ўралашиб,  сўзини айтаолмай, овозини чиқараолмай юрган тилсиз, ўз ичига маҳбус, ҳаммаёғи ўралган, деворлари тош - метин, қоп – қоронғуликда ҳаёт кечиришга маҳкум, ҳеч кимга арзи додини, орзу – умидларини, фикру – ўйларини айтаолмай ҳуқуқсизлик гирдобида қолиб кетган, жаҳолат, ожизлик, ночорлик қулига айланган, ўз қулдорининг, ҳукмдорининг чизиғидан чиқмайдиган, фақат унинг ғояси учун яшайдиган, унинг фикри учун, манманлиги учун жонини қурбон қилишга маҳкум бўлган ва бошқача бўлиши мумкинлигини тасаввур  қилаолмайдиган инсон учун, ўзлигини унутган, асрлар давомида фақат монархларнинг, яккахокимларнинг, императорларнинг, мустамлакачиларнинг ягона байроғи остида мутъеларча қўл қовуштириб турган, миллатни миллатдан айирган, халқни халқдан, одамларни одамлардан айирган, шоху – султонларнинг адоқсиз манфаати учун сарсон саргардон бўлган одамларнинг ҳар – бири учун ақл заковат инқилоби юз бериб, тараққиётнинг бу инқилоби туфайли инсоннинг қўлига ўз фикри, ўз инсоний қиёфасини, ўзлигини топиб берувчи ёруғлик дарчаси, ҳурлик байроғи, инсонлик шаҳодатномаси тегди. Бу сўзлар залворини, бу туҳфанинг юксак аҳамиятга эга эканлигини болалиги, ёшлиги мустамлака даврида кечган бизнинг авлод, бугунги кун болаларидан кўра чуқурроқ тушуниши, ҳаққонийлигига тезроқ кафолат бериши табиий. Лекин, бу дегани интернет бизда бошқа жойлардагидан кўра қадрлироқ дегани эмас. Дунёда ўз эрки, озодлиги, ҳурлиги учун курашаётган халқлар, давлатлар жуда кўп. Интернет – авваломбор мазлумларнинг, эрксизларнинг, хўрланганларнинг қуролидир!
Интернет – ҳали жуда ҳам катта маънавий инқилобларга бешик бўлади! Шунингдек, интернетни фаҳш қуроли, миллатчилик, жаҳолат, экстремизм қуролига айлантираётганлар ҳам бор. Шуни яхши билиш кераки, машина деворга бориб урилса, айб деворда ёки машинада бўлмайди, айб ҳайдовчида бўлади. Интернет ҳам худди автомабилга ўхшайди. Ундан ёмон ниятда фойдаланилар экан, айб интернетда эмас, бузуқ ниятдадир! Автомашиналар юз йиллар давомида инсониятга қанча хизмат қилган бўлса, юкини қанча енгиллаштирган, тараққиётга, юксалишга, одамлар орасини яқинлаштиришга қанча хизмат қилган бўлса, умид қиламизки интернет ҳам юз йиллар мобайнида шу даражада самарали хизмат қилади!
- Ҳар бир инсоннинг камол топишида китобнинг ўрни беқиёс. Юқорида интернет ҳақида анчайин қизғин фикрлар билдирдингиз. Ёшларимиз китоб сари эмас, айнан интернет сари интилаётганларини қандай баҳолайсиз?
-Китоб – инсоният яратган энг улкан мўъжизалардан бири! Гутенберг жаноби олийлари бу мўъжизаларни кўп нусхада чоп этишни йўлга қўйгандан кейин ҳам, у ўз сеҳрини, оҳанграбосини йўқотмади, аксинча оммавийлашди, одамларга кўпроқ мафаати тегадиган бўлди, инсониятни улкан тараққиёт сари бошлади, маънавий ҳаётида инқилоб ясади. “Китоб” – араб тилидаги “мактуб” сўзидан олинган. Қуръони карим ҳам Оллоҳ таолонинг ўз бандаларига юборган мактуби! Шунингдек ҳар бир ёзувчи китоб ёзар экан, аслида ўқувчиларига мактуб ёзади. Олайлик, Абдулла Қодирий бобомизнинг "Ўтган кунлар" романи ҳар биримизга атаб ёзилган нома! Кенг қамровдаги хат! У ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий, ҳам маънавий, ҳам адабий, ҳам одоб-ахлоқдан таълим берувчи, тилшуносларга тил фанидан сабоқ берувчи, тарихчиларга тарих фанидан дарс берувчи мактубдир!
Бу китоб бутун бир халққа, шунингдек ҳар биримизга юборилган мактубдир! Шахсан мен китобдаги сўз ўйинларидан, жумлаларнинг биллурдай жилоланишидан, мавжланиб оққан дарё сувининг пўртаналари сингари, сўзларнинг зеболаниб товланишидан, юракни завқу-шавққа тўлдириб, ҳайратга солишидан лол қоламан.
Шу билан биргаликда, ўз туғилиб ўсган юрти, Ватани, миллати мустамлакачилар қўлида қолган, қийналиб оҳу-фарёд кўтараётган пайтда бир ўзбек зиёлиси, бир ўзбек ёзувчиси айтиши шарт бўлган ҳамма гапни, ҳамма исённи,барча норозиликларни, барча қаршиликларни улкан маҳорат билан, улкан қалб билан, буюк тафаккур билан ушбу китоби орқали айтаолди.
Китоб – шундай мўъжиза эканки, унинг ўрнини ҳеч нарса эгаллайолмади. Театр чиқди. Одамлар осонгина томоша қилиб қўяқоламиз дейишди. Лекин театр китоб ўрнини босаолмади. Газета чиқди. Радио чиқди. Лекин улар ҳам чанқоқни қондираолмади. Телевидение оммалашиб кетди. Лекин, одамлар яна китобга қайтишди. Кино чиқди. Ҳамма ўзини кинога урди. Кейин англаб етишдики, олайлик биргина “Ўтган кунлар” романи юз серияли кино қилинса ҳам, китоб ўрнини босолмас экан. Худди арава отдан ўтолмаганидек! Интернет чиқди. Ҳамма ўзини интернетга урди. Худди янги урф(мода) чиққанда ҳамма ўзини шу урфга ургандек. Аминманки, интернет ахборот қуроли, тараққиётнинг илғор меваси! Лекин у ҳам китоб ўрнини босолмайди.
Театр ҳам, газета ҳам, кино ҳам, интернет ҳам китоб рақобатчилари эмас, улар бари китобнинг болалари, набиралари, эвара, чевараларидир! Уларнинг ҳаммаси шу китоб деган буюк бободан тарқалган уруғ-аймоқлардир! Китоб деган улкан хазинадан чиққан жавоҳирлардир!
Буюк француз шоири Стефан Малларме: “Аслини олганда, одамзот биргина гўзал китобнинг дунёга келиши учун яшайди” – деган эди.
Ҳа, ҳар бир кунимиз, ҳар бир соатимиз, замонамизнинг ҳар бир дақиқаси буюк бир китобдир! Бизнинг вазифамиз ушбу китобни яратмоқ ва авлодларга йўлламоқдир! Токи бу китоб Тангри таоло олдида ҳам, келажак авлод олдида ҳам кечирган ҳаётимизнинг шаҳодат дафтари бўлиб қолсин!
- Кўпгина асарларингизга разм солиб нигоҳингиз кўкка қараганини гувоҳи бўламиз. Осмон сиз учун нима? Кўкка бу қадар кўп кўз тикишнинг бирор сир асрори борми? Сиз учун самода нималар яширинган?
-Ҳақиқатдан ҳам бир неча асарларимнинг номи осмонга боғлиқ:”Янги ой чиққан кеча”, “Ой чиқмаган оқшом”, “Юлдузлари куйган тун”, “Моҳинур”, “Осмон тўла орзулар”, “Еру-осмон оралиғида”...
Инсон ҳаёти Ерга қанча боғлиқ бўлса, Осмонга ҳам шунча боғланган. Инсонни Ер кўтариб туради, Ерни эса Осмон... Осмоннинг эса Эгаси бор.
Кўпинча, юрагим сиқилганида Осмонга қарайман. Осмонда муаллақ сузиб юрган Она – Сайёрамиз сўнгсиз коинотга сочилган миллиард – миллиард зарраларнинг биттаси-ку, бизнинг умримиз миллион – миллион йиллик абадият олдида, бир лаҳза-ку, жонимиз эрта тонгда майсазор баргига омонат қўнган шудринг томчиларидай, қуёш чиққач, енгил эпкин сингари учиб ҳаволаниб абадул – абадга осмон сари кўтарилади-ку, фасллар кўз олдимизда алмашаётгани сингари, авлодлар алмашаяпти, одамлар алмашаяпти, ҳаёт янгиланаяпти, ўзгараяпти, ҳеч нарса жойида туриб қолган эмас, ҳеч ким ҳеч нарсага эга эмас, ҳеч ким ҳеч нарсага ҳукмронлик қилаолмайди, денгиз устидаги мавжлар қанчалик тез ўзгариб, алмашиб турса, ҳаёт ҳам, унинг қонун – қоидалари ҳам шу қадар тез – тез алмашиб туради, йўқлик қаърига синггиб кетади, ўрнига янги мавжлар пайдо бўлади ва бир сониядан кейин улар ҳам йўқ бўлади, фақат Яратганнинг, Еру – Осмонларнинг ягона Эгасининггина айтганлари абадул – абад экан, нега бўйсунмаймиз, нега қулоқ солмаймиз, нега назар солмаймиз, нега жонимизни асраш илинжида яшаймиз, нега муқаррар ҳалокатни назар – писанд қилмай бўйин тавламоқ пайида бўламиз, ҳолбуки ҳар бир сониямиз ҳисоб – китобда, ҳар бир босган қадамимиз, ҳар бир олган нафасимиз, ҳар бир ўйлаган ўйимиз, ҳар бир қараган назаримиз, ҳар бир шахдимиз-у, кўзлаган мақсадимиз ҳисоб – китобда экан, ҳар бири учун жавоб беришимиз муқаррар экан, нега кўпроқ яхши натижа сари эмас, шарофат сари эмас, ҳалокат сари интиламиз, нега бош мақсадимизни олдиндан белгилаб олмаймиз, нега ҳаловат сари эмас, қабохат сари интиламиз дея ўйлайман ва ўзимни тузатишга, кўнглимни тўғри йўлга бошлашга, ҳаётимни тўғри ўзанга буришга, ўз – ўзимга насиҳат қилиб, ўзимга инсоф тилаб, адашмаслигим кераклигини ҳар дақиқа ўзимга уқтириб ва ҳар дақиқа, қалбимнинг коинот кенгликлари сингари чексиз – чегарасиз сарҳадларида ҳам мени асрашини сўрайман, юқоридан пастга қулаб кетаётган одам, ёлвориб сўрагандай, мен ҳам зориллаб, ёлвориб, овозим борича “дод” солиб, йиғлаб, инграб сўрайман! Мен осмонга Осмоннинг Эгаси борлиги, у барчамизнинг эгамиз эканлиги учун қарайман, қул эгасига итоаткорона шавқат кутиб қарагандай қарайман! Еру – Осмонларда муаллақ сузиб юрганлигимизни унутмаслик учун қарайман! Осмон - Оллоҳ даргоҳининг сoмон йўлларидан ҳам поёнсизроқ остонасидир!
-    Сермазмун ва мароқли суҳбатингиз учун ташаккур! Соғ бўлинг! Келгуси ижодий ишларингизга барака тилаймиз!