ТАСАВВУФ ТАРИХИДА ИРФОН БОСҚИЧИ

ЗАЙНИДДИН МУҲАММАД ҒАЗЗОЛИЙ

(1058 - 1111)

Зайниддин Муҳаммад Абу Ҳамид бинни Муҳаммад Аҳмад Ғаззолий Тусий мусулмон оламида "Ҳужжату-л-ислом" унвони билан машҳур. У Хуросоннинг Тус шаҳрида туғилган, болалиги Ғаззола қишлоғида кечган. Тусда Аҳмад Родугонийдан, Нишопурда Жувайнийдан таълим олган. Бағдодда тўрт йил мударрислик қилган, Сурия, Искандария, Андалусия сингари мусулмон ўлкаларида яшаган, умрининг охирида ўз қишлоғида хонақоҳ ташкил қилиб, ўша ерда вафот этган.

Имом Ғаззолийнинг қуйидаги асарлари "Қомусу-л-аълам"да зикр қилинган: "Ал-Басит" («Жавҳар»), "Ал-Васит" («Ўрталик»), "Ал-Ваъжиз" («Қисқа»), "Ал-Хулоса", "Ал-Мустафо" («Сайланган»), "Ал-Мунҳал" («Ниҳоллик»), "Ал-Мунтаҳал" («Ниҳоя»), "Тахофуту-л-фалосифа" («Файласуфларнинг ихтилофлари»), "Маҳаку-н-назар" («Қарашларни аниқлаш»), "Меъёру-л-илм" («Илм меъёрлари»), "Ал-Мақосид" («Мақсадлар»), "Ҳақиқату-л-қавлайн" («Икки сўз ҳақиқати»), "Иҳйа ал-улум ад-дин" («Диний илмларни жонлантириш»), "Маъкулот" («Тушунчалар»), "Ажибу-л-қулуб" («Ажойиб қалблар») ва бошқалар.

Улуғ алломанинг "Кимиёи саодат" асарининг зоҳирий таржимаси "Дил ҳақиқати" бўлиб, бу асар мусулмонлик унвонининг пайдо бўлишидан бошлаб то тасаввуфнинг нозик тушунча ва ишоратлари шарҳига бағишланган. Ушбу асарнинг дил ва руҳ тушунчалари, уларнинг тасаввуфий талқинларига оид ва бошқа умуминсоний фикрлар сайланган ҳолда ушбу мажмуага киритилди.


«КИМИЁИ САОДАТ»дан

ФАСЛ: Дилингни билсанг ўзингни танигайсен

<...> Билгилким, сени ким халқ қилибдир? Икки нимарсадин бири зоҳир бадандирки, ани тан атабдирлар, муни зоҳир кўз бирла кўргали бўлур. Яна бири маънии ботиндирки, ани нафс1 дерлар, жон атарлар ва дил ҳам дерлар. Бу маънии ботинни (яширин маънони) ботин (ички) кўз бирла танигани бўлур. Зоҳир кўз бирла кўргали бўлмас. Ва сенинг ҳақиқатинг - ушбу маънии ботиндир.

Ва ҳар нимарсаки, бу маънии ботиндин ўзгадир - ҳамма анинг тобеи ва лашкаридир. Ва хизматкоридирлар. Ва ул маънии ботинга дил от қўйибдирлар. Ва дилнинг хосиятларин ва хислатларин баён қилгумдир. Ва дилдин мурод - ҳақиқати одамийдирким, ани гоҳи руҳ атарлар, гоҳи нафс дерлар. Дил деб гўшт порани айтмасмизким, сийна, яъни кўкракнинг чап тарафида қўйибдирлар. Анинг ҳеч қадри ва эътибори йўқдир. Ул гўшт пора ҳайвонда ва ўликларда ҳам бордир. Ани зоҳир кўзи бирла кўргали бўлур. Ҳар нимарсаки зоҳир кўзи-ла кўринур, ушбу оламдиндирки, ани олами шаҳодат дерлар. Ва дилнинг ҳақиқати ушбу оламдин эрмасдир ва оламда ғариб ва мусофирдир.

Дил бу олам кўҳна роботидин охират дорул нажоти2га ёнмоқға (қайтмоққа) келибдир. Ул гўшт пора (юрак) подишоҳ дилнинг маркаби3 ва асбоби суфраидир. Ва ҳамма азои бадан анинг лашкаридир. Ва жумлаи таннинг подшоҳи дилдир.

Ф А С Л : Дил ҳақиқати

Билгилки, дилнинг ҳақиқатини танимоқ то дилнинг вужудин билмагунча ҳосил бўлмас. Аввал дилнинг вужудин билғайсен. Андин кейин дил ҳақиқатини танимоқни талаб қилғайсенким, ул нечук нимарсадир?

Аммо дилнинг вужуди зоҳир билан бирла эрмасдирким, бадан ўлукларда ҳам бордир. Аммо (уларда) жон йўқдир. Бизлар дил деб ҳақиқати руҳни айтурмиз. Вақтики руҳ бўлмаса тан мурдордирки, анинг ҳеч эътибори йўқдир. Агар киши ботин кўзини очиб, зоҳир баданни ва осмону заминни ва ҳар нимарсаки, ани зоҳир кўзи бирла кўрса бўладир, ҳаммасини фаромуш қилса, ўз вужудини ночор танигай. Гарчандки, зоҳир бадан осмону замин, ўзга мавжудотлардин бехабардир, аммо ўзлугудин бохабар бўлғусидир.

Вақтики, инсон бу ишларда яхши тааммул3 қилса, охират ҳақиқатидин андек таниганидир. Ва билгилки, бир пайт келурки, сендин бу зоҳир баданни олурлар ва сени андоғ ерга элтурларким, на сен фоний ва на ул макон.

Ф А С Л : Руҳ ҳақиқати

Аммо ҳақиқати руҳ нимадир ва онинг хос сифатлари нечукдир, буларни баён қилмоқға шариат рухсат бермайдир. Ушбу важҳдандирки, ҳазрати Расули алайҳиссалом шарҳ қилмабдирлар. Чунончи, Ҳақ таоло айтибдирким: «Эй Муҳаммад, сендин руҳ ҳақида сўрайдилар, айтгил, руҳ Парвардигори олам амридандир». Бас, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Руҳ корҳои илоҳий жумласидин ва хожаи олам амридиндир»5 демакдин зиёда рухсат топмабдирлар.

Ҳар нимарсаки, андоза ва миқдор анга йўл топса, ани олами халқ атарларким, халқ асли луғатда миқдор ва андоза маънисидадир. Дил жавҳарининг миқдори, моҳияти йўқдир.

Ф А С Л : Ҳавоси панжгона (Беш сезги)

Билгил, бадан подшоҳ дилнинг мамлакатидир. Ушбу мамлакатда подшоҳ дилнинг турлук анвоъи лашкарлари бордир: Парвардигорнинг лашкарларини ўзидин ўзга киши билмас. Бас, (Аллоҳ) дилни халқ қилибдир (яратибдир) охират учун ва дилнинг кори - абадий саодат талаб қилмоқликдир. Ва анинг саодати - Ҳақ таолони танимоқлиғ, унинг яратиш қудратини ва яратган нарсаларини билмак бирла ҳосил бўлғусидир. Бу маснуъоти олам6 жумласидан, Дил олами ажойибларидир.

Ф А С Л : Илми зоҳир тасаввуф йўлида ҳижобдир

Бу мазкур бўлған тақрирдин7 дил одамининг шарофати маълум бўлди. Ва тасаввуф йўлидин ҳам хабардор бўлдинг. Бас, буларни англадинг, бўлғайким, айтибдирлар: илми зоҳир тасаввуф йўлида ҳижобдир. Бу сўзга инкор қилмағилки, бу сўз ҳақдир. Бу важҳ бирлаким, ҳислар йўли бирла машғул ва мустағрақ8 бўлсанг, албатта ҳижоб бўлғусидир9. Бас, дил мисоли ҳавзга ўхшашдир ва ҳавоси панжгона мисоли беш ариқға ўхшашдирким, бу ариқлар бирла кўнгилга сув кирар. Агар хоҳласангки, бу кўлни тагидин оби соф чиқсин десанг, тадбири улки, бу кўлга сув кирадирган ариқларни маҳкам банд қилғил. Ва ҳавз ичидаги сувни тамом чиқариб, тагини чандон ковлагилки, оби соф чиқғай.

Бас, бунга ўхшаш, ул илмлар ойинаи дилга ҳавоси панжгона йўли бирла ҳосил бўлибдир, анга машғул бўлса мумкин эмасдирким, дилни тагидин маърифат чашмаси кушода бўлғай. Токи ойинаи дилни ҳавос йўли бирла ҳосил бўлгон маълумотидин ҳоли этиб, ҳавзи дилнинг тагини риёзат тешаси бирла қазиса, албатта, маърифат чашмаси очилиб, ойнаи жаҳоннамо бўлғусидир.

Бас, илми зоҳир ҳижоб бўлмоғининг сабаби шулки, вақтики киши аҳли суннат ва жамоатнинг эътиқодларини тамом билса... бундин ўзга илм йўқдир. Ва агар кўнгилга ҳақиқат тарафидин шамим10, яъни озгина миқдор бўй, яъни баҳра, айтурким, бу мен билган илм ақидага мухолифдирким, бу навъ ишлар ботилдир. Бас, бу навъ кишига ҳақиқат ҳаргиз маълум бўлмас. Аҳли суннат ва жамоатнинг ақидалари оммаи халқни ақидаларидирким, ҳақиқатнинг қолипидир. Айни ҳақиқат эрмас. Ва маърифат тамом улдирким, ҳақиқат ушбу қолибдин намоён бўлғусидир. Чунончи, пўст ичидаги мағз мисолидадир.

Ф А С Л : Ҳақ субҳанаҳу ва таолони

танимоқ баёнида

Ўтган анбиёлар китобларида бу қавл11 мастур12дирки, «Аъриф нафсака, таъриф роббака13». Ахбор ва осорларда келибдирки: «Ман арафа нафсаҳу, фа қод арафа роббаҳу»14. Ҳикмат. Аввалги арабийнинг таржимаси улки: танигил ўз нафсингни, танурсен Парвардигорни. Иккинчи Ҳадиснинг таржимаси улки: кишиким, танибдир ўз нафсини, батаҳқиқ танибдир Парвардигорини. Бу калималар далилдир мунгаки, нафси одамий ойинага ўхшашдирким, кишики ул ойинага боқибдир, Ҳақ таолони кўрар. Бисёр халқдирким, нафслари ойинасига қарарлар, Ҳақ таолонинг жамолини кўрмаслар. Бас, Ҳақ таолони кўрадирган тариқа бирла бу ойнага қарамоғни билғайсенки, икки важҳ бирла ҳосил бўлур. Аввалги важҳ мушкул ва пўшидароқ15дирким, кўпчилик кишилар ул важҳни фаҳм қилолмаслар. Бас, киши фаҳмига сиғмаган сўзни қилмоқ Савоб эрмас. Чунончи, қалам сиёҳни пароканда қилур ва жамъ қилур, токи "Бисмиллоҳ" суврати қоғозда нақш боғлағай. Мунга ўхшаш фариштаи муаккаллар16 ҳарорат ва бурудат17, аносири арбаъ18ни жунбушга келтирур. Қоғоз сиёҳни қилғанга ўхшаш, аносири арбаъанинг рутубати шаклни қабул қилғусидир. Убусат, яъни қуруқлуғ ул шаклни сақлағувчидир. Чароки, агар рутубат бўлмаса шакл пайдо бўлмас. Агар убусат бўлмаса шакл тўхтамас. Чунончи, қалам ангуштлар19 мададидин ҳаракатга келиб, ўз ишини тамом айлаб, "Бисмиллоҳ" суврати хазонаи хаёл20даги нақшга мувофиқ ҳавослар муованати21 бирла қоғозда суврат боғлади. Мунга ўхшаш аносири арбаъдин ҳарорат ва бурудат ҳаракатга келиб, фариштаи муаккаллар муованати бирла ҳаёт ва наботот, балки тамомий мавжудот суврати Лавҳул маҳфуздаги сувратга мувофиқ жаҳон майдонида жилвага келур. Чунончи, банданинг қилур ишлари аввал дилда пайдо бўлур. Чунончи, одам кори дилни ораста қилса, бадан мамлакати тадбирини хўблиқ бирла қилур.

ФАСЛ : Одамийнинг саодати бандаликда

эрканининг баёнида

Ҳазрати Ҳақ субҳанаҳу ва таоло маърифатининг шарҳи дароздирким, бу китоби мухтасарга сиғмас. Мунчалик шарҳ кифоятдирким, толибга тамоми маърифатга завқ-иштиёқ пайдо қилмоқға. Одамийни тамоми саодати Ҳақ таолонинг маърифатини қилмоқ ва анга ибодат ва бандалик қилмоқдир. Сабаби улким, вақтики, одам вафот этса Ҳақ таолодин ўзга анга ҳолрас қолмас22.

«Илайҳи-л-маржиъу вал масийру». Яъни, қайтиб борадирган ер Ҳақ таолонинг даргоҳидир. Ҳар кишининг қароргоҳи ўз дўсти ва маҳбуби ҳузуридадирким, дўстлиги қанча зиёдадир, саодати андин зиёдароқ бўлғусидир. Бас, Ҳақ таолонинг маърифатини ҳосил қилмагунча ва анинг зикрини тўла этмагунча, Ҳақ таолонинг муҳаббати анинг дилига жо бўлмас...


«МУКОШАФАТУ-Л-ҚУЛУБ»дан

Нафс тарбияси

<…> Эй инсон, билиб қўйки, доим ёмонликни хоҳлаб турадиган НАФС сенга шайтондан ҳам душманроқдир. Шайтон, нафсингнинг ҳою ҳаваси билан бўйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан чиқариши мумкин. Нафсинг эса сени беҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўюр! Чунки нафс, табиатан тинчлик-осудаликни, лоқайдлик, ғафлат ва бепарволикни ёқтиради, умрни танбаллик билан ўтказишни истайди. У доимо беҳуда ва ботил нарсаларга ўралашади. Беҳуда кибрга берилади. Агар нафсингдан мамнун бўлиб, унинг хоҳишларига юрсанг, манзилинг фалокатдир, ўлимдир. Янглиш ҳисоблар ва хом хаёлларингдан хабардор бўлмасанг, охири чўкишинг муқаррардир. Агар нафсга «тўхта!» дейишга ожизлик қилсанг, у сени ёнғинга олиб боради. У ҳолда асло яхшиликка қайтиш умиди йўқдир. Нафс балоларнинг боши, разолатларнинг манбаидир. Шайтон учун гуноҳ хазинаси бўлган нафсни таниган одам Яратганни таний олмайди...

<...> Аллоҳ жонлиларни уч тоифада яратган:

1-малаклар: Аллоҳ малакларга фақат ақл берган, доимо ҳою ҳавасга майл қилинадиган нафс бермаган. Демак, малакларда гуноҳ қилишга мойиллик йўқ.

2-ҳайвонлар: Аллоҳ ҳайвонларга биз тушунган маънода ақл бермаган, фақатгина нафс берган.

3-инсонлар: Аллоҳ инсонларга ҳам ақл, ҳам нафс берган, Шундай бўлгач, инсон зоти учун энг катта хатар медадан ва ейиш-ичиш ҳирсидан келади. Одам ила Ҳаво - уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин – меданинг ҳирси туфайли жаннатдан қувилиб, хорлик ва йўқлик майдонига отилгандилар. Чунки Аллоҳ уларга мева ейишни таъқиқлаганди.

1. Кимнингки нафси ақлдан ғолиб келса ва шу нафсининг ҳавойи истакларига кўра ҳаёт кечирса, у ҳайвондан ҳам тубанроқ, яъни ҳайвонлар ундан яхшироқдирлар.

2. Кимнингки ақли нафсидан ғолиб келса ва ҳаётини Аллоҳ ўртага қўйган ахлоқ асослари доирасида ўтказса, у малаклардан ҳам устундир.

Нафснинг ҳавойи истакларига бўйсунган одам, агар у ҳукмдор бўлса, қул аҳволига тушади. Нафснинг ҳавойи ҳавасларига қарши бориб, сабр қилган одам эса, қул бўлса ҳукмдор бўлади...

<...> Нафс билан кураш борасида Аллоҳ буюради: «Биз Аллоҳ йўлида курашувчи кишиларга албатта ўз йўлларимизни кўрсатамиз. Шубҳасизки, Аллоҳ ҳар қайда яхшилик килувчилар билан биргадир»1.

Бир куни Пайғамбаримиз марҳамат қилдилар: «Энг фазилатли жиҳод нафс тарбияси учун қилинадиган жиҳоддир».

Жанглардан қайтган саҳобалар, ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин, дер эдилар: «Биз кичик жиҳоддан қайтдик, катта жиҳодга келдик!» Улар шу пайтгача олиб борган барча курашларини кичик жиҳод, нафс тарбияси учун курашни гўзал ва ахлоқли бўлиш учун олиб борган катта жиҳод дер эдилар.

Нафс инсонни ҳар доим тўғри йўлдан оздириши мумкин, шу боис у билан тинимсиз курашиш керакдир. Нафс ва уни васвасага солувчи шайтон эса кўзга кўринмайди. Кўриниб турган душман билан олишиш кўринмаётган душман билан олишишга қараганда осонроқки, буни айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Яна васвасачи шайтон инсонда ўзига ёрдамчи топади. Бу нафснинг ҳавойи орзуларидир.

Агар шайтон ва нафс, инсонни йўлдан оздирса, у киши Аллоҳнинг азобига дучор бўлади. Айнан бу борада бир ҳикматли сўз бор, айтадиларки: «Қай жангчининг оти жанггоҳдан қочса, душманнинг қўлига тушади. Вале, кимнинг иймони ўзидан қочса, Аллоҳнинг азобига учрайди. Иймонни қочирмаслик учун Аллоҳга сиғинамиз. Душманга асир тушганнинг балки қўли боғланмас, оёғига кишан урилмас, оч-яланғоч қолмас. Лекин ким иймонини қочирган бўлса, Аллоҳнинг ғазабига учрайди, юзи қораяди, қўли бўйнига боғланади, оёғига оловдан кишан урилади, ейдигани, ичадигани ва киядигани оловдан бўлади».

ИЛМУ-Л-ЯҚИН, АЙНУ-Л-ЯҚИН

<...> Савол: Илму-л-яқин билан айну-л-яқин орасидаги фарқ нима?

Жавоб: Бу Саволга бир неча тарзда жавоб қайтариш мумкин:

1. Илму-л-яқин пайғамбарликлари сабабли пайғамбарга оиддир. Айну-л-яқин эса фаришталарга оиддир. Чунки улар Жаннатни, Жаҳаннамни, Лавҳул Маҳфузни, Қаламни, Аршни ва Курсини айнан кўрадилар ва мушоҳада этадилар.

2. Илму-л-яқин тириклар учун, айну-л-яқин эса ўликлар учундир. Чунки тириклар инсонларнинг ўлганини ва ўликларнинг ҳам қабрларда эканликларини биладилар. Лекин қабрда нима аҳволда эканликларини билмайдилар. Ҳолбуки, ўликлар қабрларни айнан биладилар ва мушоҳада этадилар: қабрлар, ё жаннат боғларидан бир боғ, ё жаҳаннам чуқурларидан бир чуқурдир.

3. Илму-л-яқин қиёматни билмоқдир. Айну-л-яқин эса қиёматни ва қиёматнинг даҳшатини айнан кўрмоқ ва мушоҳада этмоқдир.

4. Илму-л-яқин жаннатни ва жаҳаннамни билмакдир. Айну-л-яқин эса буларни айнан кўрмак ва мушоҳада этмакдир...

ТАВАККУЛНИНГ ФАЗИЛАТИ

Таваккулнинг фазилатини билдирувчи оятлардан бири:

- Албатта, Аллоҳ ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади. Бу қандай мақом, бу қандай даражадирки, унга эга бўлганларга Аллоҳнинг муҳаббати борлиги билдирилмоқда, Аллоҳнинг қониқишини ўз ичига олгани (Аллоҳнинг қониқишига сазовор бўлиши) маълум этилмоқда, у ҳолда бундан каттароқ бирор мақом бўлиши мумкинми? Билиб қўйинг, бу мақом таваккул мақомидир. Кимки, Аллоҳ унинг учун етарли эканлигини, Аллоҳ уни севишини ва ўз паноҳида асрашини айтиб юрса, албатта, катта бир нажотга эришгани ҳақдир. Зеро, севилган киши жазоланмайди, сургун қилинмайди, қамоққа олинмайди...

<...> Таваккул ва асбобға тавассул2 мавзуида жуда муҳим нуқта бор: У эса шундан иборат: Ризқ таъминоти учун ишланади ва асбобға тавассул этилади. Лекин баҳоналар деганда ҳар нарса тушунилавермайди. Ризққа баҳонаи сабаб бўлган нарсаларга асло эътибор берилмайди, уларга боғланилмайди ва уларнинг тепасида туриб олинмайди. Ризқни тақдир этган Аллоҳдир. Шундай бўлгач, кишининг кўз тиккан жойи, ризқ сўраладиган илоҳи фақат Аллоҳ бўлмоғи керак...


"ИҲйа ал-улум ад-дин"дан

Илмда сўфийлар ва сўфий

бўлмаганларнинг фарқига доир

Сўфийларнинг йўли назарий уламоларнинг йўлига зиддир. Сўфийлар ҳақиқатдан илм таҳсили ишига киришмайдилар. Олимларнинг борлиқ ҳақиқатларига доир қилган ишларини ўрганиш ёки бу масъалаларни тадқиқ этишга ҳам мутлақо аралашмайдилар. Улар(нинг) фикрига кўра, тариқ зид, ёмон, ўртамиёна нарсалардан қутулиш, дунёга алоқадор барча ришталарни узиб, фақат Аллоҳга боғланиш билан «ички кураш»га аҳамият беришдир. Шу нуқтага етиб ўзини бир қолипга солган инсонга Аллоҳнинг раҳмати сочилади, малаклар сири очилиб, ҳақиқатлар зоҳир бўлади. Толиб қиладиган иш нафсни поклаш, фақат руҳга йўналиш, самимий ирода билан ҳаракат қилиш, сувсизликдан қийналиш билан Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишдир. Жаноби Ҳақ унга нурини туширади. Валий ва Пайғамбарларга илоҳий сирлар очилади: уларнинг руҳлари эришган қудрат билан камолот воситасида саодат топадилар. Бу амал илм таҳсили билан эмас, фақат зуҳд фид-дуня1 бўлиб, унга алоқадор барча ришталарни узиш ва бутун хаёлни Жаноби Ҳаққа йўналтириш билан бўлади. Ҳақиқатдан, ўзини Тангрига берганга Тангри ҳам Ўзини беради.

Мен бу йўлга киришга самимий истак ҳис қилганимда, аввал сўфийлардан бири билан маслаҳат қилишга қарор қилдим ва унга давомли тарзда Қуръон ўқиш хусусидаги фикрини сўрадим. Устоз бунга қаршилик билдириб шундай дедилар: Ягона восита бутун дунёвий алоқаларни узишдир: шундай бўлсинки, ота-она, фарзанд, мансаб, ватан, илм, обрў ҳеч бири қалбингни машғул қилмасин. Яна шундай ҳолга тушасанки, айтиб ўтганларимизнинг ҳаммаси борми, йўқми фарқсиз бўлиб қолади. Сўнг бир хилватга чекиниб, тамоман ўзингни ибодат ва дин хизматига берасан. У ерда қалбинг ҳамма нарсадан фориғ бўлиб, бутун диққатинг Жаноби Ҳақ зикри ила машғул бўлади. Аввалида тилинг доимий Аллоҳ номини зикр қилиш билан банд бўлади: уйғоқ шуур ва онг билан «Аллоҳ, Аллоҳ» дейишдан тўхтамайсан. Сўнг шундай бир ҳолга келасанки, тилинг тўхтамаса ҳам яна такрорланиб кетаверади. Ортиқ тилнинг ҳар бир аҳамияти қолмагунга қадар бу ишда давом этасан, ниҳоят, тилинг айланмаса ҳам руҳинг ва қалбинг зикрда давом этади. Қалбингда шу сўз маъносидан бошқа ҳеч нарса қолмагунга қадар мунтазам зикр этасан: сўзнинг ҳарфлари ва шакли тамоман қалбингдан ўчиб кетади, фақат соф маъниси бенуқсон ва акс ҳолда қолади. Сенинг хоҳишинг шу ергача бўлади: у ёғига ўтиш фақат сени беҳузур қиладиган тушунчалардан воз кечиш орқалигина мумкиндир. Шундан сўнг ихтиёринг қўлдан кетади, фақат зуҳур бўладиган фатҳларни кутишгина қолади. Бу фатҳлар авлиёларга келиш билан бирга пайғамбарларга зоҳир бўлувчиларнинг бир қисми ҳамдир. Бу гўё шамолдек елади ва тўхтамайди. Кечикиши мумкин, аммо яна келади ва ёки қолиши ҳам мумкин ёки кўриниб қочади. Агар қолса, бу узоққа чўзилиши мумкин. Ва бундай фатҳлар бирма-бир зуҳур бўла бошлайди. Булар бир хил бўлмайди. Бунга алоқадор тарзда бутун яралмишлар ва уларнинг сифатлари бир-биридан фарқли бўлиб, Аллоҳ валийларининг мартабалари ҳам чексиздир. Мана шу сўфийлар йўлидир.

Инсонларнинг қарашларига кўра, бу гўзал бир поклик, софлик ва жило, кейин эса ҳозирлик ва кутишдир.

Дунёвий олимлар бу йўлнинг мавжудлигини, унинг ғояларини, авлиё ва анбиёларнинг бу юксак даражаларини мутлақо инкор қила олишмайди. Аммо улар бу йўлни ғоят мушкул ва мақсадга узоқ деб билишади. Ва дунёвий ришталарни бу даражада узишни ҳам имконсиз деб ўйлашади, шундай бўлса ҳам давоми ғоят йироқ бир эҳтимол деб билишади. Уларнинг фикри билан ҳам ишни чалкаштиришинг мумкин. Бу хулосага кўра, инсоннинг мижози ўзгарувчандир, ақли ҳам заифлашиши мумкин, танаси ҳам хасталанади ва тушкунликка ҳам тушиши мумкин. Инсон аниқ далилларга таянувчи билимлардан хабардор бўлмаса, ақлига келган хаёлларини ҳақиқат деб ўйлайди.

Қанчалаб сўфийлар узоқ йиллар ўзларини қутқара олмасдан шундай хаёлларга асир бўлиб қолган. Агар илмда соғлом билимларга эга бўлмасалар эди, албатта, бундан қутулишарди. Шу ҳолда энг тўғри йўл уларнинг мезонларини тафсилотли далиллар билан ўрганишдир. Бу иш инсоннинг мақсадига нафсни поклаш йўлидан-да ишончлироқ тарзда етказиши мумкин.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) муҳаққақ ҳеч бир ғайрат сарф қилмасдан тарбия қилинган бир нафсга эга эдилар. Аммо фақат риёзат йўли билан шундай даражага эришиш беҳудадир. Шу ҳолда мумкин бўлган бутун кучни сарф қилиш қиёслаш ва тадқиқ қилиш йўли билан ҳақиқий илмларни ўрганиши керак.

Аввало, ўрганилиши керак бўлгани эса аждодлар томонидан ўрганилган билимлардир. Кейин эса илоҳият соҳасидаги олимларнинг тадқиқотлари билан ўрганилмаган ҳақиқатларга интилишда ҳеч бир тўсиқ бўлмайди. Зеро, ҳануз инсонлар учун номаълум бўлган нарсалар кўп. Иккала томон ўртасидаги фарқ ҳам мана шудир.

Шу ерда бир мисол келтириб ўтмоқчиман, бу ҳикоя ақлий ҳақиқатларни эгаллаш учун аниқ нарсаларга эҳтиёж сезувчи ожиз ақллиларнинг тушунишини қулайлаштиради ва икки тарафни ажратиб турган фарқнинг моҳиятини юзага чиқаради.

Ҳикоя қиладиларки, хитойлилар билан юнонлилар мусаввирлик санъатида қирол ҳузурида баҳслашиб қолишибди. Қирол уларга тасвирлаш учун бир оролни берибдики, бунинг бир томонини хитойлилар, бир томонини юнонлилар чизишсин ва бир-бирларига қарамасликлари учун ўртага парда ҳам тутишибди.

Иш битгач, парда олинади ва иккала томондан қай бири устунлиги кўрилади. Шундай қилинибди, юнонлилар ўз жойларига жимжимадор безак ва ажойиб нақшлар чизишибди.

Хитойлилар ҳам парданинг у томонида туриб, умуман, ранглардан фойдаланмасдан деворни силлиқлаб жило беришибди. Атрофдагилар хитойлиларнинг мутлақо ранглардан фойдаланмаганликлари учун ҳайратланиб туришарди. Юнонлилар ишларини битиргач, хитойлилар «биз ҳам битирдик» дедилар. Томоша қилаётганлар: «Қўлингизда бўёқлар йўқ эди-ку, бирор нарса чизмадинглар ҳам, қандай қилиб битирдик деяпсизлар?» дейишди. Хитойлилар: «Ажабланманглар» дея жавоб беришди. Пардани кўтаринг даъвоимиз тўғри эканлигини кўрасизлар. Пардалар кўтарилди ва кўрилдики, хитойлилар деворида юнонлилар чизган барча суратлар аксланиб турибди. Зеро, хитойлилар девор юзини шунақанги тозалаб ишлов беришгандики, гўё ойнадек. Девор юзи шунақанги биллур шаффоф ҳолга келгандики, юнонлиларнинг машаққатлар билан чизишган суратлари худди шу шаклда аксланиб турарди.

Фараз қилингки, нафъе илоҳий илмлар тасвирланувчи бир жой бўлсин. Буни қуйидагича тушуниш мумкин. Биринчидан, юнонлилар чизгандек айнан тасвирлаш орқали, иккинчидан эса, четдан сурат оладиган даражада тайёрлаш. Бу ерда ташқари «Лавҳи Маҳфуз» ва нафслар ҳам фаришталарнинг нафсидир.

Зеро, булар ҳақиқий илмлар тасвирини тўғридан-тўғри ва доимий кўрмоқдалар: гўё Қуръони каримни тамоман ёд олган тақдирингизда, қалбингизда кўз билан кўриладиган, қўл билан тутиладиган шакллар бўлмаса ҳам зеҳнингизга нақшланса айни шу ҳол юз беради.

Нафсини қўл билан тутиладиган нарсаларга банди қилиб, ўзларини қутқара олмаган заиф кимсаларга бизнинг бу фикрларимиз маъқул келмасликлари мумкин...


ҲАКИМ САНОЙИ

( 1080-1140)

Абул Мажид ибн Одам Санойи Ғазнада туғилган. Маъсудшоҳ III даврида сарой шоири бўлган, Шайх Юсуф Ҳамадоний таъсирида суфийлик йўлини тутган. Ҳаж зиёратини ўтаган. Балх, Сарахс, Ҳирот,Нишопур, Хоразм ва Боғдодда сафарда бўлган. Ғазнада вафот этган.

Асосий асари “Ҳадойиқу-л-ҳақойиқ” (“Ҳақиқат боғлари”) суфийдик қомуси сифатида тан олинган. “Девон”ида суфиёна шеърлар талайгина. Бундан ташқари “Муҳаббат китоби”, “Ақл китоби” каби достонлар ва “Аллоҳ қулларининг манзилига қайтиш йўллари” асари Ғарбда ҳам машҳур бўлган, айтишларича, Дантенинг “Илоҳий комедияси” мана шу асар таъсирида ёзилган. “Ҳадойиқу-л-ҳақойиқ” Фаридиддин Аттор ва Жалолиддин Румий асарларига асос бўлган.

Айтишларича, авваллари Санойи шоирликни пайғамбарлару валийлар билан тенг деб биларди. Аммо бир куни бу фикрига ўзи шубҳаланиб қолди. Ўйладики, “Менинг фақат исмимда улуғлик бор холос, ўзимда эса ҳеч бир фазилат йўқ, бундай исмга ҳам мен лойиқ эмасман”. Саноий мана шу қайғусини дўсти ва ҳомийси Хожа Аҳмад ибн Масъудга айтган эди, у эътироз билдирди ва деди: “Муҳаммад расулуллоҳ айтганларки, одамларга очиқ юз билан қараш ҳам садақадир. Аммо Санойи пайғамбарнинг бошқа ҳадисини келтирди: “Яхши, савоб ишлар қилган ёки илми билан бошқаларга фойда етказган ёки ўлимдан сўнг уни дуо қиладиган яхши фарзандлар ўстирган одамларгина охиратда нажот топадилар”. “Менда эса бу айтилганларнинг ҳеч бири йўқ”, - деди Саноий фикрига хулоса ясаб. Хожа Аҳмад шоирга эътироз билдириб деди: ”Сен ўзингдаги фазилатларни кўрмайсан! Сен кўп хайрли, савоб ишлар қилгансан. Кўчангдаги одамлар сенинг чеҳранг бўстонида очилган гулларни кўриб севинадилар. Сен яна сўзинг билан, шеърларинг билан одамларга фойда етказасан, илм-маърифат берасан, бу ҳам катта савобдир. Сенинг фарзандларинг – шеърларингдир. Бундай шеърлар жисмоний фарзандлардан кўра яхшироқдир”.

Шундан сўнг Хожа Аҳмад ибн Масъуд шоир Санойига барча авлодлар учун фойдали бир достон ёзишни таклиф қилади. Достон битгунича, шоирни рўзғор ташвишларидан қутқариб, егулик ва кийгулик билан таъминлади. Шу тариқа ҳикоят ва ривоятлардан иборат “Ҳақиқат боғлари” достони дунёга келди.


АБУЛ МАЖИД САНОЙИ

“ҲАДОЙИҚУ-Л-ҲАҚОЙИҚ”дан

Фил ҳақида кўрларнинг фикри

Тоғлар ортида фақат кўрлар жамоаси яшайдиган бир шаҳар бор экан. Бир куни буларнинг яқинидаги йўлдан хорижий подшоҳ шон-шавкатли лашкари билан ўтиб кетаётиб, шу атрофга вақтинча қўниб, чодирларини тиклабди. Подшоҳнинг қўшинида кўп жангларда душманларни қийратган бир жанговор фил ҳам бор экан. Филнинг овозасини эшитган кўрлар жамоаси у қандай ҳайвон эканлигини билиб келиш учун тўртта кўрни вакил қилиб юборибди.

Кўрлар умрида филни кўрмаганлари учун кела солиб, ҳайвоннинг турли жойларини пайпаслаб, ушлаб кўришибди. Биттаси филнинг оёғини, биттаси – хартумини, биттаси – қулоғини, биттаси белини ушлаб кўриб, филнинг қандайлигини билдим, деб ўйлабди.

Вакил кўрлар ўз жамоасига қайтганида шаҳар аҳли йиғилиб, фил нималигини тезроқ билгиси келиб, сўраб-суриштирибдилар.

Филнинг япалоқ катта қулоғини ушлаб билган кўр:

- Фил япалоқ бўлиб, кигизга ўхшаркан, - дебди.

Филнинг хартумини ушлаган кўр:

- Фил – узун, эгилувчан ичакдай ичи бўш, лекин жуда кучли нарса экан, - дебди.

Ҳайвон оёғини ушлаган кўр:

- Фил устун каби йўғон ва мустаҳкам бир нарса, - дебди.

Кўрларнинг ҳар бири ўзи билган қисмни айни ҳақиқат деб билиб, қатъий ишонч ҳосил қилибди. Ҳеч бири филни бус-бутун тасаввур қилолмагани сабабли у ҳақда айни ҳақиқатни билолмабди. Чунки ҳақиқий билимни кўзи (қалб кўзи) очиқларгина билади. Илоҳий оламнинг бир бутунлигини билиш ҳам (қалб кўзи) кўрларга насиб этмайди1.

Туянинг бўйни нега қийшиқ?

Бир одам қирда ўтлаб юрган туяни кўриб, “Нега бўйнинг қийшиқ?” деб таъна, дашном берибди.

Туя бундай жавоб берибди:

- Эй, одам, сен менинг бўйнимни ўтаб юрганда эмас, чўлда йўл босаётганимда нақадар тўғрилигини кўрасан. Камон ҳам ўқни узоққа етказиш учун қаттиқ эгилади.

Бу суҳбатни эшитган учинчи одам деди:

- Оқил одамларга қийшиқ бўйин ҳам гўзал кўринади ва оқиллар ҳеч қачон қийшиқ бўйинга таъна қилмайдилар2.

Ғилай кўзга қўш кўринар

Бир одам дўстига тушунтирарди:

- Ғилай кўзли одамга бир нарса иккита кўринади.

Дўсти унинг бу фикрига ишонмади ва ўзи бир ғилай одамни топиб сўради: Ғилай аввалги одамнинг фикрини рад этиб, деди:

- У бекор айтибди, биз нарсаларни тўғри кўрамиз. Бизга осмондаги Ой тўртта бўлиб кўринмайди-ку?

Ҳақиқатни билишни истаган одам шу хулосага келдики, ҳар ким ҳаётда нарсаларни ўзича кўрар экан. Ҳақ таоло одамларни турлича қараш билан яратган экан. Бунинг ҳикматини одамзоднинг ақли билан билолмас экан.

Халифа Умар ва болалар

Бир куни халифа Умар йўлда бораётиб, бир тўп болалар ўйнаб турганини кўрибди. Халифани кўриб, болалар ҳар томонга қочиб кетибдилар. Фақат бир бола қочмай тураверибди.

- Нимага сен қочиб кетмадинг? – деб сўрабди халифа ундан.

Болакай жавоб берибди:

- Эй, мўминлар амири, нима учун қочаман? Ахир сен золим эмассан, мен ўғри эмасман-ку. Айби йўқ одам қочиб нима қилади.

Халифа Умар боланинг зийраклигига қойил қолибди ва уни ўз тарбиятига олибди. Бу бола кейинчалик машҳур лашкарбоши бўлиб етишган Абдуллоҳ ибн Зубайр экан.

Сохта ошиқ

Бир одам айтар эди: Ишқнинг кўзи кўрдир, ошиқ жинни, мажнундир, у ақл-хушга келса ишқидан айрилади. У фикрини қуйидаги ҳикоят билан далиллар эди.

Бир ошиқ ҳар куни маъшуқасини кўриш учун Дажла дарёсини сузиб ўтар экан. Аммо у бир куни маъшуқасининг юзида бир доғ борлигини кўриб қолибди. Сўнг у дарёдан яна сузиб ўтаётганида маъшуқасининг юзидаги доғ ҳақида ўйлаб, жасорати тугабди ва чўкиб кетибди.

Чин ошиқ ишқда ҳаёлини бошқа нарсага чалғитмаслиги керак. Бир гўзал севгилисини ишқда вафодорлигини синаб кўриш учун бундай дебди:

- Эй йигит, мен унчалик чиройли эмасман, опамнинг гўзаллигини бир кўрсанг эди...

Йигит қизнинг опаси қандай экан, деб у ёқ, бу ёққа қараган экан, унинг ишқи чин эмаслиги билиниб қолибди.

Беш кунлик дунё

Одамлар абадий яшайман дегандай, ҳар дақиқа келиб қолиши мумкин бўлган ўлимни ўйламайдилар.

Ҳатто Ҳақ таоло марҳамати билан 950 йил яшаб, тўфонда жон сақлаб қолган Нуҳ пайғамбар ҳам умр қисқалигидан нолиган экан.

Луқмони ҳаким Нуҳ пайғамбарнинг ўша сўзини эслаб, минг йилдан ортиқ яшаса ҳам, уй-жойини мустаҳкам, пишиқ, пухта қилиб олмаган экан.

- Нима учун бу вайронангизни тузатиб олмайсиз? – деб сўраганларга у:

- Беш кунлик дунёда мен учун шу уй ҳам бўлаверади, ўзи яхши, - деб жавоб қилар экан.

Бу – ҳақиқий жамоа эмас

Хулафои рошидиндан бири ҳазрат Умар бир куни шаҳар айланиб юрганида бир жамоани учратибди ва сизлар кимсизлар? – деб сўрабди.

Жамоа аҳли “Биз ўзаро аҳил, ҳамжиҳат, бир тан, бир жон жамоамиз”, дебдилар.

Ҳазрат Умар бундай савол берибди:

- Ҳар бирингизнинг мулкингиздан кўпчилик фойдаланадими ёки ҳар ким ўз мулкидан ўзи фойдаланадими?

- Бизда ҳар ким ўз маблағини сақлайди. Кимда қанча динор ва дирҳам борлигини биз билмаймиз ва билишни ҳам истамаймиз.

Халифа Умар бир оз ўйланиб туриб, деди:

- Сизлар аҳил жамоа эмас экансиз, ишларингиз чатоқ. Агар сизларда олтин, кумуш – динор ва дирҳамлар умумий бўлиб, биров жуда бой, биров жуда қашшоқ бўлмасайди, ҳар ким умум бойлигидан бемалол фойдалана олсайди, сизни аҳил жамоа дейиш мумкин эди.

Тилда ва дилда

Уч мусулмон Рум урушига бориб, тез орада душманга асир тушиб қолибдилар. Рум қайсари вакиллари орқали уларга шарт қўйибди: “Агар ислом динидан юз ўгириб, масиҳийликка ўтсангиз, омон қоласизлар, акс ҳолда, сизларни қатл этамиз” дебди.

Асир жангчилар бу таклиф ва фармонни эшитиб, ўзларича ўйга толибдилар. Асир тушган жангчилардан бири аввал фақиҳ бўлиб, шариат қонунларини (аҳкомларини) яхши билар экан. У ўйлаб кўриб, “Мен дилимда эмас, тилимда ўз динимдан кечсам, омон қоламан, бу гуноҳ бўлмас”, деган хулосага келибди.

Учинчи жангчи ҳазрат Али авлодига мансуб саййидлардан экан. У ўйлабди: “Мен вазият тақозоси билан тилимда динимдан воз кечсам, маҳшар куни буюк аждодим менга шафоат қилар”.

Учинчи жангчи ўз умрида кўп гуноҳ ишлар қилган безори одам экан. У сафдошларининг фикрларини эшитиб, ўйга толибди ва дебди:

- Менга ҳеч ким шариат аҳкомларини ўргатмаган, ҳеч бир қариндошим мени ҳимоя қилмайди. Шу сабабли мен динимдан воз кечмайман ва ўлимимга розиман. Охиратда ҳеч бўлмаса шу ишим – динимдан қайтмай ўлиб кетганим учун менга раҳм қилишса керак. Минг-минг гуноҳ билан яшаганимдан кўра битта савобли амал билан яхши ном чиқариб, ўлганим яхши!

Учала асир жангчи ўз айтганларини қилибдилар. Булардан қайси бири охиратда нажот топишини фақат Ҳақ таоло билади.


ФАРИДИДДИН АТТОР

(1136-1250)

Асл исми Абу Ҳамид Муҳаммад ибн Абубакр Иброҳим бўлиб, "Фаридиддин" (Диннинг ягонаси) унга берилган тавсифий унвондир. Нишопур яқинидаги Шодяҳ қишлоғида туғилган. Шайх Мажидиддин Боғдодий, Шайх Рукниддин сингари сўфийлардан таълим олган. Ҳаж сафарини ўтаган, Миср, Ироқ, Шом мамлакатларининг турли шаҳарларида саёҳатларда бўлган.

Кўплаб шеърий асарлар, манзума ва достонлар битган. Давлатшоҳ Самарқандийнинг "Тазкирату-ш-шуаро" асарида унинг шеърий асарларининг ҳажми 250 минг байтга яқин деб кўрсатилган. Асосий илмий-фалсафий ва тасаввуфий руҳдаги асарлари "Илоҳийнома", "Асрорнома", "Мусибатнома", "Ҳайдарнома", "Мазҳару-л-ажойиб" («Мўъжизаларнинг кўриниши»),"Жавҳару-з-зот", "Ҳайлож", "Мухторнома", "Уштурнома" ва бошқалардир. Булардан ташқари Атторнинг тўқсон олти нафар машҳур сўфийлар ҳаёти ва ҳолоти зикр қилинган "Тазкирату-л-авлиё" номли асари мусулмон шарқида энг кўп тарқалган китобларидан ҳисобланади.

Фаридиддин Атторнинг машҳур тасаввуфий асари "Илоҳийнома"нинг дебочасидан ва достоннинг бошланиш қисмидаги "Руҳга мурожаат..." каби бўлими ҳамда «Жавҳару-з-зот» асаридаги айрим лавҳалардан намуналар сайлаб олинди.

«ИЛОҲИЙНОМА»дан

Ҳамди беҳад1

Тангри таоло номи-ла бошладим "Илоҳийнома"ни, барча номалар маъноси Унинг номи-ла безанур. У шундай улуғ зотки, мулки завол билмас. У ҳақда сўзлагувчининг ақли хираланиб, тили лол бўлур. Унинг номи номларни шарафлаб, дилларга шодлик бағишлар, девонлар мундарижасининг боши2 ҳам шу ном. Бу номдан жонларнинг оғзи шарбатга тўлар, Уни ёдга олувчининг тили дирру гавҳар сочар. Унинг номисиз бирор нарса йўқ, барча мўъжизалар, хушбўй ҳидлар, рангин манзаралар, қудрат ва сифатлар, шаъну шараф, ору номус шу номдандир.

У шундай қудратли олий Тангрики, барча борлиқ Унинг олдида пастдир, Унинг зоти илму донишимиз, таъриф-тавсифларимизга сиғмас, бас, қандай қилиб Унинг шарҳу таърифини келтирай! Сунъ қудрати қўли билан тупроқ маркази бўлмиш Ерни коптокчадай (гўй) қилиб фалак чавгони айланасига солиб қўйибди. Ҳеч кимнинг ақли ундан юқори эмас, нечунким, ҳеч ким Унинг ғайби асрорини билувчи эмас. Дунёдаги барча ҳодисалар, ашёлар, кўплик ва озлик, салбий ва ижобийлик, раддия ва тасдиқлар Унинг мавжудлигини исботлашга хизмат қилади. Бутун олам муназзаҳ ва зоти сифатларига мисолдир. Сифатлари Унинг зотидир. Агар синчиклаб қарасанг, барча (сифатлар) зотдир. Бутун борлиқнинг вужуди Унинг ҳазратининг сояси, Унинг қудратининг изи - асари, ижоди, санъати. Сўзни келиштириб айтувчи бир одам Унинг зоти таърифида бундай ажойиб нуқта демиш: «Ат тавҳид-исқотул изофат», яъни тавҳид ҳар қандай ортиқчаликни инкор этади. Зеро, тавҳид бутун оламнинг ягоналиги, Унинг зотидан иборатлигидир.

Ҳа, Унинг зоти билан мавжуд бўлган олам шундай мустаҳкам вобасталик, ўзаро боғлиқликка эгаки, сувдаги балиқдан фалакдаги ойгача жами нарсалар бир-бири билан узвий алоқадор, лекин кўриниб турган бу дунё Унинг чексиз олами олдида қилнинг қора рангичалик кичик бир нарса. У шундай бир улуғворликки, ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, беҳисоб ақл ва жонлар Унинг олдида бош ўйнаб таслимдадирлар. У шундай қудратли ҳаракатки, агар жонга кирса, ҳар ҳужайрасидан (заррасидан) минг тўфон қўзғалади. Шундай ажойиб ваҳдат - ягоналикки, орага қил ҳам сиғмайди. Оҳ, агар Унинг ҳузурида қилчалик қадрим бўлсайди кошки!

Унинг марҳамати шундай улуғки, агар иблис ундан бир қатра баҳра олганида, барча нобакорликларни тарк этган бўларди. У шундай ғайратки, агар оламга таралса, бутун борлиқни бир лаҳзада барҳам эта олади. У шундай ҳайбатки, қуёш унинг соясида йўқолур, балки зарра мисоли кичрайур. У шундай улуғ даргоҳки, хизматига ошиққанлар ҳузурига йўл тополмас. У шундайин безавол мулк-салтанатки, абадул абад йўқолмас, эскирмас, вайрон бўлмас, камаймас ва ё зиддиятлардан емирилмас. Воқеан, Унда зиддият, келишмовчилик йўқдир.

Агар гуноҳкор ва булғанган хулқларни бу улуғ дарёга солиб ювсанг, дарё заррача кирланмас, хираланмас, лекин бу дарё нуридан жаҳон ёруғлик топади. Исмат дарёсидан бир қатра халққа тақсим этган билан камаярмиди у? Ҳақдан ҳомийлик ва бандадан тоату ибодат, унс (меҳр) ва муҳаббат бўлса қандай яхши! Ҳақ ва бандаси орасида робита-муомала бўлса қандай яхши!

Бутун оламда сенинг Ундан ўзга ёринг йўқ, нега бошқа ишларни бўйнингга оласан, ўзгалардан мадад сўрайсан? Агар ўйингда юзта ошно-дўстинг бўлса ҳам, мард дарвиш бўлсанг, барини бегона ҳисобла. Чунки чин дўст Унинг ўзидир. Агар сенда тоғнинг сабрию денгизнинг сафо ва софлиги бўлса, Дўстга етишиш йўлидаги андуҳ-ғамлар осонликча барҳам топажак. Агар ажалдан олдин бир дам ўлсанг, яъни нафсингни ўлдиролсанг - оламни эгаллайсан. У сенга яқин, аммо сен Ундан узоқсан. Огоҳ бўлиб англағил, эй айрилиқдаги эран, сен Яқиндан шунча узоқлашдинг, ҳасратдан қалбинг доғ, шармандалик бошини тизза устига эгасан. Агар Худо йўлига лойиқ бўлсанг, ҳою ҳавас йўлини тарк эт. Ҳою ҳаваснинг кўзи кўр бўлгач, илоҳий кўзинг Ҳақ сари очилади. Ҳайратнинг охири кўринмайди, сен ҳайрат олами ичра ғарқсан, игнани дарё ичидан топишга интиласан, талпинасан, тўлғанасан. Сен жаҳонни икки эшикли робот деб бил - бу эшигидан кириб, у эшигидан чиқиб кетасан. Сен ғафлат уйқусидасан ва ҳеч нарсадан хабаринг йўқ. Хоҳласанг хоҳламасанг, қисмат қўлидасан. Агар гадо ёки подшоҳ бўлсанг ҳам, икки газ бўз ва тўққизта ғиштдир охирги «мулкинг» - дунёдан орттирган матойинг. Сен токи фалак остидасан, озод эмассан. Бахт ва бахтсизлик ҳақидаги тушунчаларинг бўш ва бемаъни, ташла бу хаёлларни! Агар мулку бойлигинг еру кўкдан иборат бўлса ҳам, оқибат гадойсан, Худо меҳрининг гадойи. Фоний дунё бамисоли Искандар. Бу фоний дунёдан кетарда Искандардай қудратли шоҳ бўлсанг-да, агар кафан насиб этилса, комронсан.

Эй азиз! Сен шоҳлик хазинасини тиларсан, аммо У раъй қилса беради, истаса тортиб олади ёки умуман бермайди. Сен эса бу бойликни У нега берди ва яна нега қайтариб олганини билишинг керак. Бевафо дунёнинг абадий хурсандчилиги йўқ, нури ҳам зулматдир. Ундаги тўю томоша мотам ва ғамсиз эмас. Агар кумуш ҳадя этса, тошга айланади, берган оти чўлоқ, бахт қушининг қаноти қайрилган. Фироқсиз висол инсон қисмати эмас, гул тикансиз, шакар эса чивинсиз бўлмайди. Бу оламда мен беғам кишини кўрмадим, шундай одамни кўрганимда эди, этагини ушлаб, тавоф этардим.

Боргил, танингни улуғ юк ғами остига қўй (илоҳ ғами билан шуғуллан), жон чеккил, агар жон истасалар, жонингни бергил. Гўрга кирмасдан бурун чархи фалак бўйлаб, югуришга қобил мардлик қобилиятини кўрмоқчиман сенда. Одам Ато олти юз йил ғамдан озод эди, (аммо) буғдой донаси сабаб ерга тушдию қон тўкди. Буғдой донасида юз балолар мавжуд. Шу боис сенинг луқманг ғамсиз раво эмас. Мен билан сенинг фойдамиз зиёнга айланди. Туғилганимиз, борлиғимиздан минг аттанг, минг афғон! Эй дунё, сенинг жабрингдан бирор шод олам борми? Сенинг давру давронинг, жабру жафоинг ҳам ел кабидир, елдай бебақодир. Жаҳл сени деб ғам емайди-ку, нега уни деб ғам чекасан, хўш? Жаҳоннинг сен каби куёвлари кўп бўлган, байрамлари, келинлик тўйлари беҳисоб бўлиб ўтган, лекин ҳеч бирига вафо қилмади...

Мен эса бир умр ҳамдам маҳрам топиб розлашайин деб талпинаман. Аммо бирорта ҳамроз, мувофиқ ҳамдам тополмайман. Бу мунофиқ улфатлар дастидан дод! Онадан тупроқ учун туғилдинг, бу тупроқ тепанинг устида қасру айвон қуришинг нима тағин! Жонинг тупроққа қоришиб, уқаланиб кетар экан, айвон пештоқинг(ни) фалак пештоқига етказишдан маъно борми? Агар олтин-кумушдан хазина тўплаган бўлсанг ҳам, бир нафас ранжу уқубатсиз қултум сувни ичолмайсан. Сенинг ғаминг билан бошқаларнинг иши йўқ, сен ўз ғамингни е, нима дейин сенга, ҳамдамгина эмас, «ҳам»нинг ўзи ҳам йўқ бу дунёда.

Агарчи оқибат сенинг жойинг тупроқ остидадир, лекин пок жонинг тупроқдан покдир (руҳинг муқаддасдир). Сенинг гавҳаринг - руҳинг фаришталар саждагоҳи эканини унутма. Бошингда халифалик тожи бор, халифа фарзандисан, яъни Аллоҳнинг ердаги ўринбосарисан. Жаннатдан тушгансан, ўша гулшан - жаннат сари интилгин. Агар Мисрга сафар қилсанг, шоҳлик сеники, нега Юсуф каби қудуқ тубидасан ахир! Сулаймон ўрнида дев ўтиргани учун ўз мулкингда гапинг ўтмайди. Охирда ҳам, аввалда ҳам сен шоҳсан, аммо кўзинг буни кўриб фаҳмламайди. Ғилайларга ўхшаб, бир сенга икки бўлиб кўринади, юзни икки юз дейсан. Биттами, юзта, аммо унинг ёри юзта, битта кўнгил билан юзта ишни қандай амалга оширасан.

Тўн билан нон ғамини ейишинг қачонгача, ном-шуҳрат учун, ор-номус учун қайғуришинг қачонгача? Аслида ажойиб хилқатинг бор, беҳуда фикрлар билан хилқатингни хароб этма, одамийлик ва илоҳийлик сифатларидан узоқлашма, сенинг атлас тўнинг одамийлик сифатингдир.

Эй хаста! Агар донишманд бўлсанг, ўзингга ўзинг эшикни ёп! Одам фарзандининг ҳирси мунча кўп бўлмаса, мунча ҳам оламда ҳайрону саргардон! Эй ҳирслар билан қалб кўзи кўр бўлган киши, ҳирс орқасидан гўргача борасан, то ўлгунингча ҳирсинг камаймас, чунки ҳирснинг ярасига фақат ўлим даво бўла олади. Дунё молини фаровон татиб кўрдинг, бунча йиғиб нима қиласан, хўш? Ахир сен йўловчисан, йўловчи учун мунча юк на ҳожат. Худо ҳаққи, йўловчи кўзига дунёнинг барча матоҳи бир дона арпага арзимайди! Бу пашшахўр ўргимчаклардан дод! Барчаси бўри галаси каби ўлакса устида талашадилар. Чумоли табиатли ғийбатчилардан тўйдим, худди чумоли каби на раҳбарлари бор, на ўзлари йўлни кўра оладилар. Бошларида ҳирсдан юган, ҳирс уларни оғизларидан кўпик кўпиртириб югуртиради, маст туядай бўзлатади. Дарҳақиқат, туянинг югани арқондан, одамники –ҳирсдан. Бир ҳовуч суяксан, аммо ҳирссан. Кўринишда одамга ўхшайдилар, аслида ит табиатлидирлар.

Ёй кеча-кундуз ғам чекувчи, ҳирс йўлида ночор киши, сен Раззоққа суян, иймон-эътиқодда мустаҳкам бўлиб ишонгил Унга, сабр қилиб тинчлан бироз. Фақир йўлини танла, чунки фақирлик расули акрамдан мерос. Агар сен Аллоҳнинг фақр нурига йўғрилсанг, банда бўлсанг ҳам, Сулаймон қадар шараф топасан. Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳа ва саллам хокисорлик, тавозуъ ва камтаринликда бемисл эдилар. Ўзлари уй супурар, ўтин ёрар, сув келтирардилар. Туя устида ухлаб олардилар, ҳамма ишни қилардилар, ҳеч нарсадан ор этмас эрдилар. Ойша билан бирга хушчақчақ югурардилар. Масжид қурилишида ғишт ташиб, лой қорардилар. Кафшларини ўзлари тикардилар, гоҳи эса болалар билан қўшилиб ўйнардилар ҳам. Жанозадан қолмасдилар, касал кўришни улкан Савоб ҳисоблардилар. Ҳалимлик ва ҳаё кони эдилар...

Бу бизга ибрат эмасми, ахир?

Руҳга мурожаат қилиб дегани...3

Эй Чиннинг мушкин оҳуси - руҳи қудсий, мушку анбар ҳидини сочган, сен халифалик даргоҳининг ўринбосарисан. Сендадир Раббоний руҳнинг амри. Руҳоний мамлакатнинг асоси сенсан. Икки жаҳон бир ҳовуч тупроқ, фақат дорул мулк фазоси - илоҳий олам покдир. Бутун оламлар жами сен билан яшнар, сен билан мунтазам, осмону ер сенга вобаста. Сен ҳаммани қамраб олгансану, лекин биздан йироқсан, кўзга кўринмайсану, бироқ кўзнинг ўзидасан. Жаннат, дўзах, қиёмат куни буларнинг барчаси номинг ўрнида келадиган омонат сўз, белги, ташбеҳ, холос. Агар сен порласанг, бамисоли минг қуёш бирдан ёнгандай бўлади, йўқ-йўқки, бу порлашнинг ҳар бир зарраси юз қуёшга тенг. Офтобининг нури ортиқдан ортиқдир, шу нурдан бир шуъла - Улуғ арш. Хос ҳамдамсан, роздону4 сирдош, омий ва мададкорсан, абад тириксан. Нима дейки, ҳамиша маълумсан, ҳар ерда борсан.

Ажойиб бир қушсанки, қанақа эканлигини билиб бўлмас, бизнинг тушунча-тасаввуримиз, исботу тасдиғимиз, инкору раддиямиздан ташқарисан. На ердасан, на осмонда, балки Раббул оламин - Тангри таоло ҳузуридасан. Ҳамма нарса сенсан, аммо ҳеч - йўқлик ҳам ўзингсан. Кўзга кўринмассан, аммо кўзларнинг нурисан. Кўнгилдан ихлос билан мушкли нафас чиқаргин, чунки арш сенинг нафасингдан хос мижмарга - хушбўйлар тарқатувчи кўрага айланди. Сен ҳам шоҳсан ва ҳам халифа, безаволсан ва боқийсан. Сенинг асосингда олтита белги бор, аммо уларнинг ҳар бири бир жаҳон - алоҳида бир олам. Ҳар бири - бир соҳибқирон, бир қудрат.

Бири нафс бўлиб, унинг жойи сезги аъзоларидир.

Бири нафси аммора (шайтоний нафс) бўлиб зиддиятлар, нифоқ шундан.

Бири ақлдир, у мувофиқликни, мантиқни бошқаради.

Бири илмдир, маълумот, билим тўплаш билан банд.

Бири фақрдир, фано-йўқлик истар ҳамиша.

Бири тавҳиддир, Ягона зот истар ва Унга интилар доим.

Ушбу олти қувваи асос Руҳ фармонидадир, Руҳ мутлақиятнинг5 азалий ва абадий халифаси ва ҳамроҳидир. Олам Руҳ туфайли обод ва файзли.

Руҳ одамнинг ичидадир, шунинг учун сен ўз ичингга сафар қилмоғинг керак. Хизир каби мардлар йўлига қадам қўйгин, токи айланувчан чархи фалак атрофингда гиргиттон бўлсин. Эй Руҳ, маконинг Нуҳ кемаси6, замонинг эса "Ва-з-зуҳо валлайлатул қадр" («Қуёш нурларига ва қадр кечасига қасам») оятидир. Сулаймон қудрати сенда, Юсуф жамоли ҳам сенда. Шунга муносиб бўл, шунга яраша амал кўрсат. Иброҳим каби содиқ ва собит бўлгин, Исодай ишқда дамсозу Мусодай мўъжизакор бўлгин. Симруғ7 сингари қанотларингни ёз, қанотларингни Симруғ соясида (Тангри соясида) ёзиб парвоз эт! Сеҳргар ҳам, яратувчи, мўъжизакор ҳам ўзингсан. Агар ҳар ишга жаҳд этсанг Мустафо бўлур мададкор сенга! Ўз кўзинг билан боқ ўзингга, сўзга ўралгин8. Дунё одамлардан эмас ҳоли. Икки оламнинг асоси Сўздир, чунки Сўз Ҳақдан мужда бўлиб келди. Ахир арши аълода битилган "Лавҳул маҳфуз" ҳам Сўздир. Ҳамма нарса Сўздан ижод этилган ва Сўзга қайтади...


Хотимату-л-китоб

Аттор сўзини тингла, Аттор шеърини ўқи. Менинг шеъримнинг денгизи қирғоқларга урилиб, тошиб чиқди, ундан чашмалар отилиб чиқди. Бу чашмалардан нур базмлари яралмишдир, бу ишқ ва маърифат нури бўлиб, қиёматга қадар ушбу шеър чашмалари оқиб туради. Аттор «Илоҳийнома»сини кўкда малаклар, жаннатда руҳлар мутолаа қилади. Чунки менинг шеърим барчаси пок тавҳиддир. Шунинг учун уни аҳли тавҳид ўқир экар, ажабланма. Илоҳий хазина эшигини очиб, «Илоҳийнома»ни бунёд этдим. Ахир мен ғайбдан бонасибман, нега энди бечоралар, ожизлар каби бандга гирифтор бўлай?

Эй Аттор, сўзинг одамлар қалбига ғулғула солсин, ғофилларни огоҳ этсин, мудроқларни бедор қилсин, шарафлиларга шараф бағишласин!


«ЖАВҲАРУ-З-ЗОТ»дан

Ба номи, он, ки нури жисму жон аст,

Худои ошкороу ниҳон аст.

(Жисм ва жоннинг нури бўлган зот номи билан, ошкора ва яширин бўлган Худо номи билан бошлайман).

<...> Агар сен тавҳид хилватхонасига маҳрам бўлсанг, оламнинг тожи, Одам фарзандларининг фахри бўлиб қоласан. Агар хуршид, яъни Тангри ошкор бўлса, сен соя бўлгин, чунки соя каби қуёш нурида йўқолиб, маҳрам бўласан унга...

Сенинг ичингда жавҳар1 - Мутлақ руҳнинг сири бор, аммо бу ерда сенга йўл кўрсатувчи йўқ. Охирда йўқотган нарсанг сенинг ўзингдадир, бу зоҳирий сирлар бандига гирифтор бўлгансан. Сен Холиқнинг зоти ва сифатлари жавҳарига эгасан, аммо зотининг дийдоридан узоқсан. Сенинг жавҳаринг барчаникидан афзалдир. Ажабки, фалак ва юлдузлар сенинг кўзларинг - дийдангдир, уйнинг ичидасану эшикдан ташқарисан, ҳам кўринасан, ҳам йўқсан...

<...> Нега сурат2 дардига мубталосан, агар сен суратни ташласанг, кулл3, яъни Худосан. Сен сурат ҳамроҳлигидан қутулсанг, Худонинг маъносидан хабардор бўласан. Сурат сенинг ҳеч бир ишингга ярамайди, Худо дийдорини жонда (жонингда) кўрсатади. Агар суратни синдирсанг, шак-шубҳасиз, сен Ҳақсан, иккилик йўқолади ва кулл бўлиб, чиндан Ҳақ таолога айланасан. Нима балоларни кўрган бўлсам, сурат туфайли кўрдим, кудират-ғам ва зулматларим ҳам ўшандадир...

<...> «Аналҳақ» - «мен ҳақман» деган бошни кесди, энди бу достон оғизларда юрибди. Эй дўстим, «аналҳақ» деган одам Ҳақ бўлди, чунки куллиятни истаб ягоналик кўрсатиб, Ҳақ дўсти бўлди.

«Аналҳақ» деди ва буни ошкора қилди, натижада ўзини пора-пора қилди. «Аналҳақ» деб бирлик – ваҳдатдан сўз очди, дарҳақиқат, у Ҳақ эди ва ҳеч шубҳага бормай деди: «Аналҳақ» дея дунёдан ўтди, бунда унинг номи абадий қолди!..

<...> Мен бу ерга келган гапирувчи Ҳақдирман, шунинг учун ҳар сўзимда аналҳақ4 дейман. Ҳақиқатда мен Ҳақман бунда, куллият зарраларига тавфиқ - мувофиқлик, тараққиёт бағишлаш учун келдим. Бунда яширин равишда келган Ҳақман, жаҳон халқлари олдида инсоний хилқат - суратда кўринмоқдаман. Мен сирни кўрсатишга келган Ҳақман, шунинг учун ўз сиримни айтмоқчиман...

<...> Жумла оламнинг жони Аллоҳ мандирман, ишонгин, бунда йўқман, аммо борман. Ҳақ мендирман - Мутлақ руҳ, барчанинг орасида мутлақ огоҳман. Ҳамманинг вужудида нишонасиз кўринмас вужуддирман, гўё олам ичида равшан қуёшман...

<...> Жузъ5 ва кулл ичида порлаган қуёшдай, ўзини сифатлар ичра шундай сингиб, йўқолиб кетгандай кўрдики, пайдо бўлганда ҳақиқатдан айни зотнинг ўзи эди. Ўзини аввалу охир, яъни узлуксизлик ҳолатида кўрдики, бир шаклга айланганлигини сезди. Жон бирликда шундай кўриндики, сурат - хилқати жон ичида кўрина бошлади. Яратилишида ўзини шундай ҳолатда кўрдики, барча дийдаларда, кўзларда у бор эди. Ўзини шундай завол билмас зот сифатида кўрдики, юзи барча ашёда турли ҳолатларда кўринарди. Ўзини мана шундай кўрдию, барчани ўзида кўрди, чунки сурати йўқолди ва барчани бир – аҳад6 кўрди ...

<...> Жонон7 - Худо тавҳидида бирликдамиз. Кулл - умумият жавҳарининг ягоналиги шаксиз. Тавҳидда ягоналик- бирликдан ўзга нарсани кўрмадим. Ваҳдат - ягоналикни ягоналикдан ягона деб танладим...

Ҳақиқат нима? Жонон - Худони кўриш бунда, сену менликни тарк этсанг, унда бир бўлаксан, Ҳақиқат нимадир? - тезда бир бўлмоқ фақат, дир каби вобасталик денгизида ягона - бир бўлмоқдир...

Ҳақиқат нима? Аттор каби бўлиш. Ҳамиша сирлардан огоҳ бўлиш. Ҳақиқат нима? Эй дўст, жондан кеч, бу дам Атторни кўрдингми, кулл - ўша...

<...> Баракалла Аттор, илоҳий сирдан кўзга аёнлик кўргаздинг, шу боис сен шоҳсан. Маънолар сирига интилиб, густоҳлик (беадаблик) қилишинг ҳам яхши, сен Ҳақни маънолар изҳорини кўришинг муқаррар. Жаҳонда сен васлга етганларнинг тимсоли, гавдаланган шаклисан, шунинг учун ҳам бундай сирни аён қила олдинг...

Сен шубҳасиз кавну8 макондан ортиқсан, айн9дан воз кечсанг, аъёнда10 аёнсан...

Васлга етгандан кейин парда узоқлашади, маънида у Мансур суратига айланади.



МАВЛОНО ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ

(1207-1273)

Асли ўртаосиёлик бўлган шайх Мавлоно жалолиддин Румий Балх шаҳрида Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида туғилган. Жалолиддин ёшлик чоғидаёқ отаси билан мўғул истилоси туфайли Кўниёга кетиб қолишга мажбур бўлган. Умрининг охирига қадар шу шаҳарда мударрислик қилган, Кичик Осиёни ватан тутгани учун Румий тахаллусини олган.

Румийнинг илмий-адабий мероси форс тилида ёзилган бўлиб, унинг шеърий асарлари, асосан, "Девони кабир" («Улуғ девон»)га жамланган. Девонда ғазал, рубоий ва маснавий шаклларида ёзилган уч мингдан ортиқ шеърлар бор.

Илмий-фалсафий мероси олти дафтардан иборат "Маснавийи маънавий" асаридан ўрин олган, ушбу исломий-тасаввуфий мажмуани "Форсий Қуръон" деб ҳам аташган. Бу асар қарийб 10 йил давомида ёзилган бўлиб, Мавлоно вафотидан тўрт йил аввал 1269 йилда ёзиб тамомланган. 27 минг байтдан иборат маснавий шаклида ёзилган бу асарни олимлар дидактик достон (Е.Э. Бертельс), ҳамосий (эпик) шеърлар мажмуаси (Т.Пурномдориён), ирфоний китоб (Р.Никольсон), тасаввуф қомуси (А.Шиммел) каби сифатлар билан аташган. «Маснавийи шариф»нинг қатор шарҳлари мавжуд. Асар мушарриҳларидан Обиддин Пошо шарҳлари машҳур.

Булардан ташқари Румийнинг шеърий асарлари "Девони кабир" («Улуғ девон»)га жамланган бўлиб, унда ғазал, рубоий ва маснавий шаклларида ёзилган уч мингдан ортиқ шеърлар бор. "Мактубот", "Фиҳи ма фиҳи" («Нимаики Ундадир Ундандир») каби асарлари ҳам сақланган. Унинг асарлари, асосан, шогирдлари, ўғли ва бошқа мухлислари томонидан жамлангани учун уларнинг ҳаммасини Румийга тегишли деб бўлмайди.

Жалолиддин Румий номи билан мавлавийлик тариқатига асос солинган бўлиб, унинг ўғли Султон Валад отаси номидан (вафотидан сўнг) тариқат эълон қилган.

"Фиҳи ма фиҳи" ("Ичиндаги ичиндадир») асарини "Муйиниддин Парвона китоби" ҳам дейишади. Чунки унинг номи бир неча марта тилга олиниши билан бирга ушбу китоб, асосан, Мавлононинг муҳиблари Ҳисомиддин Чалабий, Соҳиб Фахруддин, Амир Бадриддин Гуҳартош, Отабек Султон Алоиддин, Тожидин Мўътаз Хуросоний ва ўғли Султон Валад билан бўлган суҳбатларида айтилган фикрлардир.


МАСНАВИЙИ МАЪНАВИЙ

Дебоча

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,

Айрилиқлардин шикоят айлагай.

Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,

Нола чексам, эл ҳама оҳ урдилар...

Чок-чок этсин шу кўксимни фироқ,

Сўйлагаймен шарҳи дарди иштиёқ.

Ким йироқ тушса, йўқотса аслини,

Ул яна излар ҳаёти васлини.

Даврлар кўрдим неча нолон бўлиб,

Жуфти бадҳолону хушҳолон бўлиб.

Ҳар кишиким бўлди бир дам ёр менга,

Билмади ёрдир нечук асрор менга.

Сиррим эрмас нола-оҳимдан йироқ,

Гарчи нур кўзу қароғимдан йироқ.

Танга жону жонга тан мастур эмас,

Жон кўринмас кимсага, дастур эмас.

Ўт эрур найнинг навоси, ел эмас,

Кимда ўт йўқдир, йўқолсин, эл эмас.

Найни ёндирган ўшал ишқ оташи,

Майни ёндирган ўшал ишқ оташи.

Ёрдин айрилганга най ёрдир, не бок,

Пардаси пардамни этмиш чок-чок...

Най каби бир заҳру таёқ қайда бор?

Най каби дамсозу муштоқ қайда бор?

Қонли йўллардин ҳикоят айлагай,

Не эмиш савдойи Мажнун сўйлагай,

Бўйла ҳушдир, маҳрами беҳуш, бас,

Муштари унга қулоқдин бошқамас...

Кунларим тун қаърига жо бўлдилар,

Ўртанишлар менга ҳамроҳ бўлдилар.

Ўша кунлар, гўга, майли, бок йўқ,

Сен омон бўл, эйки, сендек пок йўқ.

Ким балиқ эрмас у қонгай сувга, чун,

Кимга кун йўқ, кунлари йилдек узун.

Пухтанинг ҳолини ҳеч билгайму хос?

Мухтасар этгин сўзингни, вассалом1.

Бандни ечгил, ечгил озод, эй ўғил,

Гарчи бандинг сийму зардир, қўймагил.

Кўзига жо бўлғуси денгиз, бале,

Бир кунинг ул кўзага сиғмас вале.

Кимки очкўз, кўзаси нур бўлмагай,

Тўлмагунча то садаф дур бўлмагай.

Ишқ ила кимнинг яқоси чок эрур,

Ҳирсдин озоду айбдин пок эрур.

Эй, омон бўл, ишқ – ажиб савдоимиз,

Эй, табиби ҳозиқу доноимиз.

Ҳар даъвои зоҳиру ботин ўзинг,

Бизга Жонилус ва Афлотун ўзинг.

Ишқ ила тан сойири афлок эмиш,

Рақс этиб тоғлар, кўринг чолок эмиш.

Ишқ – Тур тоғига жондир, ошиқо,

Тур масту харро Мусо соиқо...2

Лабларига етсам ул дамсозни,

Най каби мен сочгай эрдим розни.

Кимки бўлгай ҳамзабонидин жудо,

Безабондир, гарчи дилда юз наво.

Чунки гул кетса, гулистон қолмагай,

Сўнгра булбул бирла достон қолмагай.

Жумла маъшуқ эрмиш, ошиқ пардалик,

Зинда маъшуқ эрмишу ошиқ – ўлик.

Кимда йўқдир ишққа бир парво магар,

Ул қанотсиз қуш эрур, беболу пар.

Хуш нечук бўлғай, қарорим бўлмаса,

Қўллагувчи нури ёрим бўлмаса.

Иш истарки, бу сўзни зикр этай,

Ойинам ғамбози йўқ эрса, нетай.

Ойинанг бордир, нечун ғаммоз йўқ?

Анда занг бўлса, руҳи мумтоз йўқ.

Тинглангиз, дўстлар, мен айтай достон,

Филҳақиқат ҳолимиз бўлгай аён.

Баққол ва унинг тўтиси ҳақида ҳикоят

Бор эди баққол, унинг бир тўтиси,

Сабзаранг ҳам сўзга моҳир тўтиси.

Ул дўкон ичра нигаҳбони дўкон,

Сўз қотарди савдогарларга равон,

Сўз қотаркан, ўйлаким, нотиқ эди,

Тўтилар ичра ажиб ҳозиқ эди.

Боқмайин учганда сўлу соғини,

Тўкди бир гал ағдариб гул ёғини.

Қайтди бир пайт уйга кетган хўжаси,

Õўжаваш ўлтирди бир дам хўжаси.

Кўрди ул, ёғ эрди чун ҳар ён тугал,

Урди тўти бошига, ул бўлди кал.

Неча кундир сўзламоқни қилди бас,

Õўжаси чекди надоматлиқ нафас.

Ул соқол юлқиб, деди: эвоҳ, дариғ,

Неъматимни мен увол этдим аниқ.

Хушзабоним бошига ургунча то,

Қўлларим синсайди, эрмасми раво.

Ёрдами теккайми деб бул ишга,

Ҳадялар берди неча дарвишга.

Кечди уч кун, ул эса ҳайрону зор,

Ўлтирар эрди дўконда интизор.

Турфа-турфа нарсаларни кўрсатиб,

Аврар эрди қушни, сўз қотгайми деб.

Ўтди бир дарвешки, ул жавлаққа3 хос,

Бошида йўқ эрди бир тук, худди тос.

Тилга кирди қуш уни кўрган замон,

Кўз солиб дарвешга деди: эй фалон.

Не гуноҳ қилдингки, бошинг бўлди кал,

Ёки сен ҳам ёғни тўккансен магар?

Эшитиб, кулди халойиқ, эй, на хуш,

Жавлақийни ўзига ўхшатди қóø.

Сен азизларни ўзингдек билмагин,

Гарчи ўхшашдир ёзувда “шер”у “шир“.

Жумла олам шул сабаб гумроҳ эрур,

Кам киши Ҳақ аҳлидин огоҳ эрур.

Баъзилар ўзни набийман, дер холос,

Авлиёни ўзига айлар қиёс.

Дер: улар эрса башар, биз ҳам башар,

Биз-да нон ермиз, улар-да нон ошар...

Ваҳ, улар кўрдирки, кўрмас ҳå÷ қачон,

Ўртада бордир тафовут ончунон...

Арилар ҳам турфадирким, ҳар маҳал,

Қай бири оҳу, бири йиғқай асал.

Икки оҳу бир гиёҳ ер, сарҳисоб,

Биттасидин — гўнг, биридин — мушки ноб.

Ул қамишлар бир ариқдин сув ичар,

Биттаси — бўм-бўш, бириси — найшакар.

Боғки, ўхшаш жону жонзотдир басе,

Ўртада фарқу тафовутдир басе.

Ул еса, ундан нажосатдир жудо,

Бул еса, бундан нуқул нури Худо.

Ул еса, келгай фақат бухлу4 ҳасад,

Бу еса, бўлғай фақат ишқи Аҳад.

Бул замин аъло, ану шўрдир сўник,

Бул фаришта, ул еса девдир хунук.

Икки сув боққанда бир сувратлидир,

Бул шириндир, ул эса — аччиқ, тахир.

Тотли сув, шўр сув деярлар отини,

Соҳиби завқлар билурлар тотини.

Жодуни мўъжизага айлаб қиёс,

Ҳам уларга хийлани англаб асос.

Сеҳргарларгаким, асо олгач Мусо,

Қўлларига олдилар бир-бир асо.

Ул асодин бу асонинг фарқи бор,

Ул амалдин бул амалдир устувор.

Ул амалдин лаънатуллоҳу жафо,

Бул амалдин роҳматуллоҳу вафо.

Аҳли кофир таъбидир маймун таъби,

Қилса бир иш, айлагай маймун каби.

Ҳар не мардум айлагай, ул ҳам қилур,

Қилганин мардум ишига тенг билур.

Бошқалар қилганни қилдим, дейди у,

Фарқини билмас вале истезар ўқ.

Сидқ эмас, кўз-кўз учундир қилгани,

Бошига тупроқ сочингиз бўйлани.

Гар мунофиқ бош эгиб, этгай намоз,

Хийладир ул этгани, эрмас ниёз.

Ул мунофиқ рўзаву ҳажу закот

Бобида айлар магар мўъминни мот.

Аҳли мўъмин оқибатда шод эрур,

Ул мунофиқ охиратда мот эрур.

Иккиси-да бир ўйин ўйнар, бироқ,

Марву Ройдек бир-биридин кўп йироқ.

Ҳар бири боргай мақоми сўйига,

Ўз мақоми, балки номи сўйига.

Ул бири “мўъмин” дейилса, хуш эрур,

Бул “мунофиқ” сўзидин оташ эрур.

Ул бирининг исми маҳбуб зотидин,

Бул бирининг номи паст бедодидин.

Миму вов, мим, нунда гар ташриф йўқ5,

Лафзи мўъминдек вале таъриф йўқ.

Чун “мунофиқ” сўзи айтилган замон,

Санчилур кўнгилга, чаққандай чаён.

Гар десанг, ул дўзахимас, оти бор,

Бас, нечун унда жаҳаннам тоти бор.

Ном агар ўксук эса, ҳарфдин эмас,

Сув агар аччиқ эса, зарфдин6 эмас.

Ҳарф — идиш, маъно — идишда сув ҳамон,

Баҳри маъно ҳам китоб ичра ниҳон.

Баҳри талх, баҳри ширин ҳам мавжланур,

Лек қўшилмас, бир биридан ажралур.

Лекин уларнинг асли бирдир, аслига,

Иккисин топшир-да, тушма қасдига.

Ул асл олтинмидир ё сохтакор,

Бемаҳал бўлгайму сенга ошкор?

Тангри ҳар жон ичра қўймиш бир маҳҳак,

То яқинни билгай ул бешубҳа-шак.

Гар киши оғзига ногоҳ кирса хас,

То у хасни олмагунча тинчимас.

Мингта луқма ичра бир чўп тушса гар,

Одамий ул чўпни дарҳол ҳис этар.

Ҳисси дунё шул жаҳонга нарвон,

Ҳисси диний осмонга нарвон.

Ул бирига дору дармону табиб,

Бул бирига дору дармондир ҳабиб.

Соғ эрур ул ҳис, танинг бўстон бўлиб,

Соғ бўлур бул ҳис, танинг вайрон бўлиб.

Жон йўли жисмингни гар барбод этар,

Сўнгра ул вайронни ҳам обод этар.

Ганжу зар деб уйни бузгайлар, бироқ,

Ганж сарфлаб, уй қурурлар яхшироқ.

Сувни боғларлар ариқ қазган замон,

Чун ариқ шай бўлса, сув оққай равон.

Терини шилдинг магар, олдинг тикан,

Ул ярога тери келгай янгидан.

Қалъа вайрондир қамалга келса дуч,

Ёв қувилгач, тикланур девору бурж.

Ҳақ ишидир бул, нечун деб ким сўрар,

Бул сўзким ҳам бир заруратдин магар.

Гоҳ чунон кўрсатгай ул, гоҳ инчунин,

Баски, ҳайрондир боқиб бу ишга дин.

Äўст юзин бурганга ҳайрон эрмас ул,

Äўстга ҳайрон, дўсти бирлан маст ул.

Ул бирининг дўстга ўгирилмиш юзи,

Бул бирида дўсту маҳбуб орази.

Сен разм сол икки юзга, эт қиёс,

Балки бўлгайсен бу ишда рўшинос.

Жумла иблислар-да одам юзли, бас,

Ҳар кишига қўл бериш ҳам яхшимас.

Овчи чорлар қушчани ҳуштак чалиб,

Қушча келгай бул товушга алданиб.

Ўхшатар ҳуштакни қушнинг бонгига,

Шул йўсин тушгай у сайёд домига.

Яхшилардин сўз ўқирлар марди дун7,

Ўзгага ўз молидек сотмоқ учун.

Мард иши равшанлигу мардоналик,

Ҳийладир номард иши, бегоналик.

Ёпинур шер терисини тулкилар,

Бу Мусаллам отини Аҳмад қўяр.

Бул Мусаллам номи гар каззоб эрур,

Ул Муҳаммад улувал албоб8 эрур.

Ҳақ шароби қóéқасидир мушкиноб,

Боданинг ости тахир, ичмоқ азоб...


«ФИҲИ МА ФИҲИ»)дан1

<...> Сўз ҳақиқатининг сояси2 ва парчасидир. Модомики соя ўзига тортар экан, у ҳолда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Сўз баҳонадир. Бир инсонни бошқа бир инсонга тортган нарса сўз эмас, балки икковида мавжуд бўлган руҳий бирликдан бир парчадир. Агар бир инсон юз минг мўъжиза ва каромат кўрса, аммо унда валий ва набига уйғун бир бўлак бўлмаса, бирлашмайдилар ва бунинг фойдаси ҳам йўқ. Унинг валий ва набийга боғланган, улар севгисини кўнглида орттирган нарса ўша омухта - ўртоқ парчадир.

Агар бир жисм таркибида оҳанрабо билан муштарак бўлган бир парча бўлмаса, у жисм ҳеч қачон оҳанрабо тарафга кетмайди, яъни тортилмайди. Улар орасидаги бир хиллик гизли3 бир нарсадир, кўзга кўринмайди.

Инсон хаёлидаги нарса уни ўз орқасидан етаклайди. Масалан, боғ хаёли боққа, дўкон хаёли дўконга олиб боради. Фақат бу хаёллар ҳақиқатни яширади. Чунончи, бир нарсанинг хаёли сени ўзига тортади ва сен у томонга кетмоқдасан. Чунки хаёл сенга у нарсани гўзал қилиб кўрсатган. Бироқ келгач, пушаймон бўласан ва ўзингга ўзинг: "Буни яхши деб ўйлабман, аслида ундай эмас экан" дейсан. Шунинг учун ҳам хаёллар - ичига кимдир яширинган чодирларга ўхшайди. Қачонки, хаёллар йўқолиб ҳақиқат юз кўрсатса, пушаймонлик ҳисси ҳам сени тарк этади: сени (ўзига) тортган ҳақиқат сени жазб этган ҳақиқатдан бошқа нарса эмасдир. "У кун яширин нарсалар ошкор бўлади" (Қуръон каримдан). Аслида жазб этган нарса биттадир. Фақат кўп кўринади...

"Уларнинг ҳисобини (сонини) кофирлар учун азоб ва машаққат айладик" (Қуръон каримдан) дея буюрилгани каби бу инсонлар қарашига ҳисобдек оғир бир иш чиқади. Масалан, бунга "бир", наригиларига эса "юз" дейдилар, яъни валий учун "бир" ва халқ учун "юз минг" дейдилар. Бу катта гуноҳдир. Валийни бир, бошқаларни кўп кўрмоқ кўриш ва англаш йўлини йўқотмоқдир, улкан фитнадир. Чунки сиз уларни кўп, валийни эса бир кўрмоқдасиз.

<...> «Юзингни қай тарафга бурсанг, Аллоҳ у ердадир» (Қуръон карим, 2:109). У ҳамма жойда мавжуд. Чеҳраси доимийдир, ўлмасдир. Ошиқлар ушбу чеҳрага ўзларини фидо қилиб, эвазига ҳеч нарса истамаслар...

Зоҳид охарни (бошқасини, ғайрни – тарж.) кўрган кишидир, дунё аҳли бўлса охирни (сўнгни) кўради. Фақат Аллоҳнинг хос қуллари ва орифлар на охарни, на охирни еўрарлар. Улар назарлари аввалга тушади ва ҳар ишнинг аввалини биладилар...

Дард доимо инсонга йўл очади. Дунёдаги ҳар иш учун инсон юрагида иштиёқ, ҳавас ва дард бўлиши лозим. Акс ҳолда, инсон бу ишни қилмас. Дардсиз ва заҳматсиз иш ҳам унга муяссар бўлмас. Дунё ва охират, тижорат ва шоҳлик, илм ва бошқа ишларда бўлсин, барчасида аҳвол шундоқ...

<...> Сўз - идрок қилишда сўзга муҳтож бўлганлар учундир. Сўзсиз идрок этганнинг сўзга қандай эҳтиёжи қолади? Идрок эта билган учун кўкларнинг, ернинг ҳаммаси сўздир. Ҳафиф бир сасни эшитганга бақириб-чақиришнинг нима ҳожати бор? Дунё ҳам Қуръондаги "Бўл!" (Унинг амри «Бўл!» демак эди. У ҳамон бўлди", Қуръон карим, 36:82) сўзидан бино бўлгандир.

Ҳикоя: Арабча гаплашадиган бир шоир бир турк подшоҳи ҳузурига келди. Ҳумкдор форс тилини ҳам билмасди. Шоир унинг шаънига жуда гўзал бир шеър ёзиб келтирганди. Шоҳ тахтда, қолган амиру вазирлар ўз ўринларида ўтирар эдилар. Шоир қўзғалди ва шеърини ўқиб берди. Шунда ҳукмдор шеър мазмунига уйғун равишда ҳаракатлар қилиб турди. У ердагилар "Шоҳимиз шунча йилдир, биздан арабча билганини яширган экан, агар ўтган давр мобайнида оғзимиздан арабча ёмон гап чиққан бўлса, ҳолимизга вой!" дедилар. Кейин ҳукмдорнинг хос қулларидан бирига "Шоҳ арабча биладими, йўқми? Билмаса, нечун муносиб бўлган ўринларда мувофиқ ҳаракатлар қилди? Бизга хабарини бер" - деб, унга қимматли нарсалардан бердилар.

Кунлардан бир кун хос қул бу масъалани ечиш фурсатини топди. Ов пайтида шоҳ жуда мамнун эди. Шундан фойдаланиб, ҳукмдордан ётиғи билан сўраган эди, подшоҳ шундай деди: "Худо ҳаққи, мен арабча билмайман. Аммо унинг бу шеърни ёзиш мақсадини билганим учун, шоир мени мақтамоқчи бўлганини, шеър бир восита эканини англаганим учун илтифот кўрсатдим. Мақсад бўлмаганда шеър ҳам ёзилмасди". Шунинг учун мақсадга қарайдиган бўлса, иккиликка4 ўрин қолмайди. Иккилик тафарруотда (бўлинганлик, айрилганликда - тарж.). Асос бирдир.

<...> "Олим" калимасининг маъноси луғатда орифдан устун ва маъноли демакдир. Чунки Тангрига олим дейилади. Бироқ ориф демоқ жоиз эмас. Ориф деганда олдин билмай, кейин ўрганган деган маъно тушунилади ва шунинг учун бу Аллоҳга нисбатан айтилмаслиги керак. Шунга қарамай, урф-одат нуқтаи назаридан (сўзнинг) ишлатилишига кўра маъноси кўпдир. Чунки ориф урф-одат кўкрагида оламни далилсиз ҳолда кўзи билан кўрган ва кузатгандир. Олимнинг (эса) юз зоҳиддан афзал эканини гапиришади. Чунки зоҳид илм билан зоҳид бўлган. Илмсиз зуҳд5 бўлмайди.

Зуҳд нимадир? Дунёдан юз ўгирмоқ, тоат ва охиратга таважжуҳ (юзланиш - тарж.). Бунинг учун инсон дунёни, унинг чиркинлигини, вафосизлигини ва охират гўзаллигини, унинг доимий ва боқий эканлигини билиши керак. Чунончи, "Нима қилай, қандай тоат билан машғул бўлай?" дея жаҳд этиш ҳам бошдан оёқ илмдир. Шундай экан, илмсиз зуҳд бўлмайди. Шу эътибор-ла, зоҳид ҳам олим, ҳам зоҳиддир. Ва "Бир олим юз зоҳиддан афзалдир" фикри айни ҳақиқатдир.

Бу илм ва зуҳддан бошқа яна бир илм бордирки, Тангрининг зотига тегишлидир. Мазкур иккинчи илм зуҳд ва илмнинг самарасидир. Бунга соҳиб бўлган олим юз зоҳиддан эмас, балки юз минг зоҳиддан ҳам устундир. Аллоҳ буни истаганига (бандасига - тарж.) беради. Бу шунга ўхшайди: масалан, бир одам битта кўчат ўтқазди ва у катта бўлиб мева берди. Шу мевали ёлғиз дарахт мева бермаган юзта дарахтдан яхшироқдир. Яна бир мисол: Каъбага етган бир ҳожи Каъба сари отланган, бироқ ҳали етиб келмаган ва йўлларда ҳаракатланаётган, Каъбага муяссар бўлишлари гумон бўлган ҳожилардан афзалроқдир. Чунки Каъба жамолига мушарраф бўлишлик ҳақиқатан ҳам ўша биргина ҳожига насиб этмиш. Бир ҳақиқат юз дона шубҳадан авлодир6.

<...> Ҳар бир нарсанинг асли - сўз. Сенинг сўздан хабаринг йўқ ва уни менсимайсан. Сўз амал дарахтининг мевасидир. Чунки у амалдан туғилади. Улуғ Тангри оламни сўз билан яратди ва «Бўл!» дейиши билан у ҳам бўла қолди" (Қуръондан).

Иймон қалбдадир. Бироқ уни сўз билан ифода қилмасанг, фойдаси бўлмайди. Намоз ҳам феъл (амал)дир. Агар Қуръон ўқимасанг ўқиган намозинг саҳиҳ (тўғри - тарж.) бўлмайди. Сен ҳозир "Сўзнинг аҳамияти йўқ" дейишинг билан ўз-ўзингни инкор этяпсан. Чунки сен шу фикрни ҳам сўз билан ифода қилмоқдасан...

"Инсон гапирувчи ҳайвондир"7. Унинг хусусияти ҳайвонликдан ва гапиришдан иборат. Ҳайвонлик унда доимийдир, айрилмасдир. Сўз ҳам шундоқ. Инсон кўринишидан ҳеч нарса демаса ҳам, ичида ҳамиша гапиради. Бу ҳол гўё лой қоришган сув тошқинига ўхшайди. Тошқиннинг тоза суви инсоннинг сўзи (нутқи), балчиғи эса ҳайвонлигидир. Бироқ балчиқ унда ўткинчи бўлиб, вақт келиб улардан асар ҳам қолмайди. Яхши ёки ёмон бўлишига қарамай, сўзлар, ҳикоялар ва билимлар қолади. Кўнгил аҳли бир бутундир8. Сен уни кўришинг билан ҳаммасини кўрган бўласан. Чунки "Овнинг бори ёбон эшагининг ичидадир" дейишади. Дунёдаги жамики ҳилқатлар унинг жузъвларидир ва (У) куллдир.

Байт:

(Барча яхши ва ёмон нарсалар дарвишнинг жузъвларидир.

Агар бундай бўлмаса, у дарвиш эмасдир).

Куллни (шубҳасиз равишда) кўрганинг учун бутун оламни ва кейинроқ, ҳар кимни кўрасан. Уларнинг сўзи шу куллнинг ичида ва бу сўзларни эшитганинг сабабли энди эшитадиган ҳар бир сўзинг такрордан иборат.

Байт:

(Ким уни бир ерда кўрган бўлса,

гўё ҳар инсонни ва ҳар ерни кўрган бўлади).

Шеър:

(Эй, Тангрим китобининг нусхаси бўлган сен

ва эй Шоҳлик Жамолининг ойнаси бўлган сен!

Оламда сендан холи бўлган нарса йўқдир.

Ҳар истагингни ўзингдан иста (изла), чунки

ҳамма нарса сенсан).

<...> Биттаси: Улуғ Аллоҳ "Мен Ерда (Одамни) халифа (ёрдамчи) қилмоқчиман" (Қуръони карим, 2:30) - дея амр этади. Фаришталар: "Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз (Қуръони карим, 2:30) - дедилар. (Улар) Одам ҳали келмасдан (яратилмасдан - тарж.) олдин унинг фасодчи ва қон тўкувчи эканлигини қандай билдилар? - дея сўради. Мавлоно буюрдики: Бу ерда иккита нарса бор. Бири - нақлий, иккинчиси - ақлий9. Нақлийда: фаришталар Лавҳул маҳфузда (ривоятга кўра: Аллоҳ оламларни яратишдан аввал бир лавҳа ва бир қалам бор этди. Сўнгра қалам билан лавҳага ёзди - тарж.) бир қавм майдонга чиқади, уларнинг бунақа сифатлари бор, дея ўқидилар ҳамда бохабар бўлдилар. Ақлий: Фаришталар ақллари орқали (яратилаётган - тарж.) қавмнинг ердан (тупроқдан - тарж.) бўлишини англадилар. Демак, улар (одамлар) шубҳасиз, ҳайвон бўлади, ва албатта, (у) каби ҳаракат этади. Ҳатто улардаги маъно ва нутқдан қатъий назар, ҳайвонликлари туфайли чор-ночор фасод чиқарадилар, қон тўкадилар. Чунки бу инсоннинг заруридир. Ўзга бир қавм ҳам бу борада дейдики: Малаклар нуқул оқил ва хайрлидир. Уларнинг ҳеч қандай ишда ихтиёрлари йўқ. Худди инсон уйқуда экан, куфр ёки тавҳидга муносабат билдира олмаганидек, уйғоқ экан, фаришталар шундайдирлар. Инсонларнинг эса ихтиёрлари бор. Улар нарсаларни истай оладилар. Ва ҳаммасини ўзлариники бўлиши учун қон тўкадилар. Бу ҳайвон васфидир. Шунга кўра, уларнинг (малакларнинг - тарж.) ҳоли инсонлар ҳолига зиддир. Демак, ўртада тил бўлмаса-да, "Улар шундай дедилар" дея хабар бердилар. Чунки, масалан, шоир ёзадики, "Ҳовуз: мен тўлдим, деди". Аслида, ҳовуз гапирмайди. Лекин унинг тили бўлсайди, шу ҳолда экан (сув тўлганда - тарж.) "Мен тўлдим!" дерди.

Ҳар маслакда бир лавҳа10 бордир. Фаришта дунёнинг ҳолини ва нима бўлажагини ўша лавҳадан ўқиб баҳоли қудрат билади. Ўқиган амалга ошиши билан Улуғ Аллоҳга бўлган инончи, ишқи ва Унда кечиши (мастлиги) яна-да ортади. Аллоҳ ғайбининг билувчилиги ва буюклигига ҳайратланади. Ҳайрат эса сўзсиз ва жумласиз равишда Унинг зикри, тасбеҳи бўлади.

<...> Бизнинг кўнглимиз доим маънан сизнинг ҳимматингиз ёнида бўлиши билан баравар суратан ҳам шарафланмоқ истадик. Чунки бу суратнинг ҳам улуғ бир эътибори бордир. Эътибор не демак? У ҳатто ўзлик ва маъно билан тенг. Миясиз калланинг иши ҳеч нарсага ярамагани каби қобиқ11сиз мева ҳам етилмайди. Чунончи, бир данакни қобиқсиз ҳолда ерга эксанг, кўкармас. Қобиғи билан экканинг вақтда унади ва улкан бир дарахтга айланади. Шу нуқтаи назардан вужуднинг ҳам буюк бир асли, хизмати бордир. Бундай бўлиши табиийдир. Худди шу асл маънодир. Аммо бу - ўзи ҳам маъноли, маънони ҳам билган, англаган кишилар учун шундоқдир.

"Икки ракаат намоз дунё ва ундаги нарсалардан хайрлидир". Бу сўз ҳамма учун эмас. Бу шундай кишилар учунки, уларга дунё моли қўлида бўлса ҳам икки ракат намозни ўқимаслик ўша молни қўлидан чиқаргандан оғирроқ туюлади.

Бир дарвишга подшоҳ: "Эй зоҳид!"12 - деди. У эса: "Зоҳид сенсан" деб жавоб қайтарди. Шоҳ: Мен қандай зоҳид бўлайин. Бутун дунё, охират ва жамики мол-мулклар меникидир. Оламни мен олдим. Сен эса фақатгина бир луқма ва бир хирқа билан қаноат этдинг", - деди. Дарвиш: "Юзингни қай тарафга бурсанг, Аллоҳ у ердадир"13. У ҳамма жойда мавжуд. Чеҳрадир, доимийдир, ўлмасдир. Ошиқлар ушбу чеҳрага ўзларини фидо қилиб, эвазига ҳеч нарса истамаслар. Бошқалар эса ҳайвон сингаридирлар.

<...> Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир. Бизнинг сўзимиз сувга ўхшайди. Сувни мироб оқизади. Сув ўзини мироб қайси чўлга ҳайдаганини қаердан билсин... «Аллоҳ ўз ҳикматларини эшитганларнинг ҳимматлари ўлчовида воизлар тилига қуяди».

Рубоий:

(Ўйламаки, Аллоҳ йўлига тушган эрлар йўқ деб.

Комил сифатлилар нишонсиз ҳам эмаслар.

Сен сирларнинг маҳрами бўлмаганинг учун

Ўзгаларни ҳам ўзинг қатори ҳисоблаяпсанми?..

<...> Авлиё ва анбиё ҳеч қачон мужоҳададан чекинган эмаслар ва уларнинг илк курашлари нафс, орзу ва шаҳватларини тарк этмакдир. Бу ўта буюк жанг ҳисобланади. Восил бўлиб, барқарорлик (амният) мақомига етишилгандан кейин эгри ва тўғрининг сирлари кашф этилади. Ва тўғрини эгри билан кўрадилар ва шундай биладилар. Мужоҳада ичида қоладилар. Чунки бу халқнинг бутун ишлари эгри ва янглишдир. Набий ва валийлар буларни кўрадилар, уларга таҳаммул этадилар. Агар бундай қилмай уларнинг эгри ишларини очиқ айтсалар, ҳамма улардан қочади ва мусулмонлик саломини ҳам қизғанади...

<...> Сурат (юз) ишқ14 нуридир. Чунки ишқсиз у ҳам қийматдан маҳрум. Нур - аслсиз номавжуд нарса. Шунга кўра, Тангрига сурат дейилмаганидек, нур ҳам дейилмайди. Чунки сурат нурдир. Бири: "Ишқ суратсиз бўлмаганига, рўёбга чиқмаганига кўра, суратнинг нури бўлиши керак", - деди. Биз: "Ишқ суратсиз нечун тасаввур этилмасин?" - деймиз. Ҳатто суратни ишқ майдонга келтиради ва ундан юз минглаб сурат ҳосил бўлади. Булар айни замонда, рўёбга чиққан, шаклу шамойил олган суратлардир. Рассомсиз расм бўлмаганидек, аслсиз эса расм бўлмайди. Гўё бармоқнинг ҳаракати билан узукнинг ҳаракати янглиғ.

Юрагида уй қуриш ишқи бўлмаса, меъмор унинг тархини чизмайди. Буғдой бир йил олтин баҳосида, бошқа йил тупроқ қийматида сотилиши мумкин. Ҳар икки йилда ҳам унинг сурати ўшадир - буғдойдир. Бироқ унинг қадри унга бўлган ишқ (эҳтиёж - тарж.) туфайли майдонга келмоқда. Худди шундай, сенинг санъатинг ҳам фақат сен учун азиздир. Унга рағбат кўрсатиб, уни севиб ўрганувчи (ишқ) топилмагунча, у яна шу ҳолда қолаверади.

«Ишқ» - нимагадир муҳтожлик. У ҳолда, эҳтиёж - асл, муҳтож(ни) эса «нур» дейишади. Биз деймизки: Сен эҳтиёжинг бўлгани учун шундай деяпсан. Демак, эҳтиёжинг олдин майдонга келади, сўз эса ундан туғилади. У ҳолда, сўз бўлмаса ҳам эҳтиёж мавжуд. Шунга кўра, ишқ ва эҳтиёж унинг (сўзнинг - тарж.) нури бўлолмайди. У: "Эҳтиёждан мақсад сўз эмасмиди? У ҳолда мақсад қандай қилиб нур бўла олади?" - деди. Биз "мақсад ҳар доим нурдир. Чунки дарахтнинг илдизидан мақсад унинг нури, яъни гавдасидир, шохлари ва ҳоказоларидир" - дедик.

<...> Бир дедики: "Бизни ҳиммат билан эсла! Асл бўлган нарса ҳимматдир. У сўзсиз ҳам мавжуд, чунки ҳиммат - нур". Мавлоно буюрадики: ҳиммат жисмлар оламидан аввал руҳлар оламида ҳам бор эди. Демак, бизни жисмлар оламига қуруқ келтирмадилар. Бунга имкон, йўқ. Шундай экан, сўзнинг ҳам муайян ўрни бўлиши керак. Ахир данакнинг фақат мағзини ажратиб эксанг, кўкармайди. Ҳолбуки, қобиғи билан ерга ташласанг, ўсиб чиқади. Шу нуқтаи назардан қаралганда, суратнинг ҳам аҳамияти борлиги аён бўлмоқда.

"Қалб ҳузурисиз қилинган намоз намоз бўлмайди" (Ҳадисдан) - дея буюрилганидек, намоз ҳам ичдадир. Бироқ сен уни шаклларга ўрайсан. Кўринишда руку (эгилмоқ) ва сажда билан намозга сурат бериш лозим. Буларни бажариб, ундан ўз насибангни олурсан, муродингга етурсан.

"Улар намозларида доим барқарор бўлгувчи зотлардир15" деган оятдаги намоз руҳлар намозидир. Суратан, шаклан қилинган намоз муваққатдир, доимий эмас. Чунки руҳ денгиз оламидир. Сўнгсиздир. Шунга кўра, ҳамишалик намоз руҳнингдир. Руҳ ҳам руку ва саждалардан ҳоли эмас. Бироқ буларни очиқ шакллар билан кўрсатмоқ керак. Чунки маънонинг сурат билан боғлиқлиги бор. Иккаласи бирлашмагунча фойда ҳам бўлмайди. Сурат маъно нуридир. Сурат - фуқаро, кўнгил подшоҳ деганингда, бу исмлар изофадир. "Бу унинг нуридир" дединг. Нури бўлмаса, у қандай қилиб асл бўлиши мумкин? Модомики, "Аёл" дер экансан, иложсиз "Эркак" ҳам дейишинг керак ёки "Аллоҳ" дегандан кейин "Қул"ни ҳам эсдан чиқармаслик зарур.

Фасл (Инсон майли ўз чегарасидан чиққанда,

дўстлик душманликка дўнади).

Байтнинг маъносини сўрадилар. Мавлоно буюрдики: душманлик олами дўстлик оламига нисбатан тор. Чунки одамлар дўстлик оламига етмоқ учун душманлик оламидан қочадилар. Ўз навбатида дўстлик олами ҳам дўстлик ва душманликни вужудга келтирган оламга қиёсан тор. Дўстлик ва душманлик, инкор ва иймон иккиликка сабабдир. Чунки куфр – инкор. Инкорчи учун инкор қилиниши керак бўлган киши лозим бўлганидек, қабул этувчига ҳам қабул этилиши шарт бўлган бир зот зарур. Шундан ҳам кўринадики, бирлик ва бегоналик иккилиги мавжуд. У одам эса куфр ва иймоннинг, дўстлик ва душманликнинг ташқарисидир. Модомики, дўстлик иккиликни пайдо қилар экан, демак, иккиликсиз, фақат бирликдан иборат бўлган олам бордир. Инсон унга эришиши билан дўстлик ва душманликдан чиқади. Чунки бу сифатлар у оламга сиғмайди. Демак, у ерга етишган инсон иккиликдан халос бўлган зотдир. Иккилик – ишқ ва дўстлик мавжуд бўлган дастлабки олам мазкур олам қаршисида ғарибу бечорадир. Шунинг учун ҳам энди (иккиликли олам) исталмайди. Энди киши қийматсиз оламни ўзига душман деб ҳисоблайди. Чунончи, Мансур ўз-ўзига душман бўлди ва ўзини йўқ қилди. Чунки унда Ҳақнинг дўстлиги ҳаддидан ошганди. Мансур «Анал Ҳақ» деди, яъни мен фано топдим, йўқ бўлдим. Ёлғиз қолган Зот Ҳақдир, демоқчи бўлди. Бу камтаринликдир. Бандаликнинг охирги нуқтасидир...

<...> "Аллоҳ инсонни ўз сурати асосида яратди" (Ҳадисдан). Инсонлар доимо мазҳар (ўзини кўрсатувчи нарса - тарж.) қидирадилар. Баъзи аёллар ўрангандир ва ўзларини қанчалик қидирилганини (исталганини - тарж.) синамоқ учун юзларини очадилар. Худди устарани синаганинг каби. Ошиқ севгилисига: "Мен ухламадим, овқат емадим, сенсиз ёндим, куйдим" дейди. Бунинг маъноси шудир: Сен бир мазҳар излаяпсан ва у менман. Сен мазҳарга маъшуқлик сотяпсан. Олимлар ва санъаткорлар ҳам ҳамиша мазҳар қидирадилар. "Мен яширин хазина эдим, билинмоқ истадим" (Ҳадисдан). Унинг ҳукмлари барча одамларда зуҳур этди. Чунки уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг соясидир ва бу соя соҳибига ўхшайди. Агар беш бармоқ очилса, сояси ҳам очилади, эгилса-чи, у ҳам эгилади. Шунга кўра, Ҳақни қидирган бир исталган ва севилганни хоҳлайдики, ҳамма унинг дўсти, севгилиси ва итоаткори бўлишни орзу этади. Ҳамда душманларига душман, авлиёларига дўст бўлишни ҳам унутмайди. Ниҳоят, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ кўрсатган ҳукмлар сифатларидир. Соямизнинг биздан хабари йўқ бўлишига қарамай, биз улардан воқифдирмиз. Лекин Аллоҳ билимининг қаршисида бизнинг хабаримиз хабарсизлик демакдир. Шахснинг ҳамма қирралари унинг соясида акс этмайди. Худди шундай Аллоҳнинг барча сифатлари ҳам бизда тўла-тўкис намоён бўлмайди. Фақат айримларигина кўринадики, "Айтинг: Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир. Сизларга жуда оз илм берилгандир16" дея буюрилган.

Фасл. Буюрдики, инсон нафсида шундай бир нарса борки, ҳайвонларда йўқдир, дейишади. Аммо бу инсон улардан ёмон, дегани эмас. Балки шундайдир: инсондаги ёмон феъли-ҳўй, нафс ва бахтсизлик мавжуд бўлган яширин жавҳардандир. Фақат феъллар, бахтсизликлар ва ёмонликлар жавҳарнинг пардаларига айланган. Жавҳар қанча гўзал ва буюк бўлса, парда ҳам шунга ярашадир. Барча ёмонликлар жавҳар пардасининг воситаси ва парданинг кўтарилиши -имконсиз. Шунга қарамасдан, улкан мужоҳадалар сўнгида мумкиндир. Мужоҳидлар ҳар хил. Мужоҳаданинг энг буюги-бу дунёдан юз ўгириб, Аллоҳга йўналган ёронга қўшилмоқ ва аралашмоқдир. Мужоҳада яхши ва тўғри бир дўст билан юзма-юз ўтиришдан мушкулроқ эмас. Чунки уларни кўрмак нафснинг эриб йўқ бўлишидир. Шунинг учун ҳам илон қирқ йил инсонни кўрмаса, аждарҳога айланади, дейишади. Қаергаки, катта бир қулф оссалар, билгилки, у ерда нафис ва қимматли нарса бордир. Жумладан, қаердаки, парда қалин ва мустаҳкам бўлса, ўша ердаги жавҳар яхшироқдир. Чунончи, хазина устида илон ётади. Бироқ сен унинг хунуклигига эмас, дафинадаги нафис нарсаларга боқ!