Мустақиллик йилларида таълим тизимида қатор янгиликлар содир бўлди. «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури» (1997 йил 27 август), Давлат Таълим стандарти (2002, 2006) ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида мамлакат университетларида фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланиш, бу ишга иқтидорли ёшларни жалб қилиш мақсадида ўз режа ва дастурларини замонавий асосда қайта тайёрламоқда, уларга мос равишда янги авлод дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилмоқда.
Истиқлол туфайли ўзбек филологияси факультетларида «Тасаввуф ва мумтоз поэтика асослари» курси махсус фан сифатида ўқитила бошланди. Бундай хайрли иш бир неча йиллардан бери давом этиб келаётганига қарамасдан ушбу махсус фаннинг ўқув дастури ишлаб чиқилмаган эди. Университет таълим тизимидаги ана шу илмий-адабий эҳтиёж ҳисобга олинган ҳолда намунавий ўқув дастури тайёрланди. Махсус фан доирасида талабаларни миллий маънавиятимиз илдизлари ва ислом тасаввуфи асослари билан чуқурроқ таништириш мақсадида ушбу илмий мажмуа тартиб берилди. Бунинг кўмагида тасаввуф назарияси ва тарихи, тасаввуф ва бадиий ижод муаммолари, тасаввуфий адабиётнинг шаклланиши ва тараққиёти ҳамда тасаввуф эстетикаси масалаларини ўрганиш тавсия этилади. Ушбу тасаввуфий манбалар талабаларнинг «Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи» фанидан олган билимлари асосига қурилган бўлиб, уни такомиллаштириш ва чуқурлаштириш мақсадида Миллий университетда олиб борилаётган илмий-педагогик тажриба натижаларига суянилди. Талабалар учун қўлланма тарзида тақдим этилаётган Ушбу мажмуа ва талқинларда методик оқсашлари бўлиши мумкин. Бу ҳақда билдирилган фикр ва мулоҳазалар, шубҳасиз, ушбу йўналишдаги сайъ-ҳаракатларимизнинг ривожига кўмак бергусидир.