ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ

Университетларнинг Филология ва Журналистика ҳамда педагогика институтларининг Тил ва адабиёт факультетлари учун ўқув қўлланма

Масъул муҳаррир:
Филология фанлари доктори, профессор
Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ

Тақризчилар:
Филология фанлари доктори, профессор
Маматқул Жўраев;
Филология фанлари номзоди
Абдумурод Тилавов



Муаллифдан

Юртимиз мустақил республика сифатида шаклланиб ривож топаётганига 20 йил бўлиб қолди. Ўтган муддат давомида халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларида, шу жумладан, адабиётшуносликда ҳам кескин сифат ўзгаришлари рўй берди. Маданият, санъат, адабиёт, халқ ижодига бўлган муносабат давлат мақоми даражасига кўтарилди. Ўзбекистон радио ва телевидениеси, газета, журналларда миллатимиз оғзаки ижоди намуналари ва улар ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда ёритилмоқда. Олий ўқув юртларининг филология ва журналистика факультетларида ўзбек халқ оғзаки ижоди курси намунавий дастур асосида ўқитилмоқда. Мазкур дастурда халқимиз оғзаки ижоди миллий қадриятларимизнинг таркибий қисми экани, бадиий ижод ота-боболаримиздан кейинги авлодга қолдирилган маънавий мерос экани алоҳида таъкидланади. Аммо ўтган вақт давомида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” курси бўйича янгича талқин қилинган, замон руҳи сингдирилган дарслик ва ҳатто қўлланманинг ёзилмагани ачинарли ҳол. Ана шу камчиликни муайян равишда бартараф қилиш мақсадида мазкур қўлланмани тайёрлашга журъат қилдик.
Ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларини қисқартмаган ҳолда нашр қилиш, уларнинг тарихимиз ва бугунги кунимиздаги аҳамиятини англашдаги ижобий ўзгаришлар ташаббускори юртбошимиз Ислом Каримов бўлди. 1990 йилда, ҳали мустақиллик қўлга киритилмасдан аввал тақиқланган Наврўз байрами умумхалқ тантанаси даражасида нишонланди. Кейинчалик “Алпомиш” достонининг 1000 йиллик тўйи тантана қилинди. 2008 йил “Маънавият” нашриёти томонидан эълон қилинган “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида шундай дейилади: “Аждодларимиз тафаккури  ва даҳоси билан яратилган энг қадимий тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир” . Муҳими, халқ ижоди, хусусан, оғзаки ижод асарлари миллат сифатидаги ўзбеклар табиатининг шаклланишидаги аҳамиятини юртбошимиз моҳият жиҳатдан юксак баҳолайди. Қўлингиздаги қўлланмада бу муносабат ҳар бир мавзу баёнида ўз ифодасини топди.   
Шунингдек, қўлланмани тайёрлашда, аввало, ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси, Журналистика факультетида 40 йилдан ортиқ муддат давомида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди”, “Оммавий ахборот воситалари ва ўзбек халқ оғзаки ижоди” фанидан ўқиган маърузаларимиз, ўтказган амалий ва лаборатория машғулотлари, яқин 50 йил давомида талабаларимиз иштирокида ташкил этилган фольклор экспедициялари натижалари, Ўзбек халқ оғзаки ижодидан нашр эттирилган аввалги дарсликлардаги бугунги кунда ўз қадрини йўқотмаган фикр-мулоҳазалар, таниқли олимларимиздан Ҳ.Зарифов, М.Афзалов, М.Алавия, З.Ҳусаинова, О.Собиров, А.Қаҳҳоров, Ж.Қобулниёзов, М.Саидов, Т.Мирзаев, К.Имомов, М.Муродов, Б.Саримсоқов, Т.Ашуров, О.Сафаров, А.Мусақулов, М.Жўраев, У.Жуманазаров, Ш.Турдимов, Ж.Эшонқул ва бошқа таниқли фольклоршунос олимлар томонидан билдирилган илмий қайдлар асос бўлди.
Муаллиф қўлланманинг вужудга келишида ўзининг қимматли маслаҳатларини аямаган мутахассис касбдошларига ўзининг самимий миннатдорчилигини изҳор этади.

Омонулла МАДАЕВ


КИРИШ

Маълумки, мазкур курс республикамиз вилоятлари университетлари ва педагогика институтларининг Ўзбек филологияси, айрим олий ўқув юртларидаги Журналистика факультетлари талабалари учун ўзбек адабиёти тарихи ҳақидаги илмий тизимнинг таркибий қисми сифатида ўқитилади. Унда халқ оғзаки ижодининг хос хусусиятларидан ташқари мақол, топишмоқ, аския, латифа, лоф, қўшиқ, эртак, достон каби жанрлар доирасида фикр юритилади.
Ўтган асрнинг 80-90-йилларида олий ўқув юртларининг филология факультетлари талабалари учун халқ оғзаки ижоди фанидан дарслик яратиш тажрибаси амалга ошган эди. Дастлаб 1980 йилда “Ўқитувчи” нашриёти Ҳ.Раззоқов, Т.Мирзаев, О.Собиров, К.Имомовларнинг муаллифлигида биринчи дарсликни эълон қилди. Кейинчалик 1990 йилда К.Имомов, T.Mирзаев, Б.Саримсоқов, O.Сафаровлар муаллифлигида “Ўқитувчи” нашриёти “Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди” дарслигини нашрдан чиқарди. Бу дарсликларда халқ оғзаки ижодига оид маълумотлар фольклоршунослик нуқтаи назаридан илмий асосда ўз ифодасини топган. Зарур ўринларда биз ҳам улардан фойдаланганмиз. Аммо юртимизда рўй берган ижтимоий ўзгаришлар асарларни таҳлил қилишда янгича ёндашишни тақозо қилади. Чунки ўтган асрнинг 80-90-йилларида халқ оғзаки ижодидаги хос хусусиятлар, мақоллардан тортиб қўшиқларгача, эртаклардан достонларгача асосан собиқ тузум мафкураси тазйиқида ўрганилган ва таҳлил қилинган. Xусусан, жуда кўп ўринларда ўзбек халқи яратган асарлар камбағал ва бойлар синфи ўртасидаги қарама-қаршиликлар заминида баҳоланган. Ҳатто Наврўз байрамини ҳам асрлар давомида тажрибадан ўтган халқ тантаналари қаторида қайд қилингандан кўра ислом динидан аввал пайдо бўлганлигини, диний маросимларга алоқаси йўқлигини таъкидлаш билан оқлаб кўрсатишга эътибор берилган. Биз ўз қўлланмамизда асосий диққатни халқ оғзаки ижоди асарларининг миллатимиз ҳаётида тутган ўрнини, маданий    меросимиз таркибий қисми сифатидаги аҳамиятини, бадиий адабиёт намунаси эканлигини ёритишга қаратдик. Зеро, ҳозирги пайтда халқ мақоллари, қўшиқлари, эртаклари, достон ва бошқа жанрларни билиш баркамол авлоднинг бурчига айланганига гувоҳмиз. Халқ оғзаки ижоди дастурига биноан “Алла” ҳақида, болалар фольклори мавзусида фикр юритилади. Биз қўшиқлар юзасидан билдирилган мулоҳазаларда ҳам “Алла”ларга қисман тўхтаб ўтдик. Айни чоғда мавсум-маросим қўшиқлари юзасидан ҳам икки ўринда: “Қўшиқлар” вa “Mавсум маросимий фольклори”да маълумот беришга мажбур бўлдик. Шунинг учун мазкур қўлланмада учрайдиган  айрим такрорлар борлигини қайд этмоқчимиз. Мазкур жанрлар ҳақидаги тушунчаларга эга бўлиш бугунги кун филолог ва журналист мутахассис учун ўта зарур ҳисобланади. Чунки халқ оҳзаки ижоди бадиий адабиётнинг вужудга келишида ва шаклланиб ривожланишида дастлабки босқични ташкил этади. Журналист эса оғзаки ижод сарчашмаларидан баҳраманд бўлмасдан ўз соҳасида муваффақият қозона олмайди.
Демак, қўлланмадан асосий мақсад ўзбек халқи томонидан асрлар давомида яратилган оғзаки ижод намуналари ҳақида маълумот беришдан иборат.



ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ҲАҚИДА УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

Инсон қадимдан атроф муҳитда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдирган. Бу муносабат, аввало, турли хатти-ҳаракатлар, овозлар, эҳтирослар воситасида амалга ошган. Кейинчалик ҳис-туйғуларни сўзлар, сўз йиғиндиси, рақслар ифодалаган. Яна кейинроқ одамлар ўзларича дунёнинг, табиатнинг, ҳайвонлар, ўсимликлар, тоғлар, сувларнинг пайдо бўлишини изоҳловчи тўқима ҳикоялар ўйлаб топадилар. Йигитлар, қизлар муҳаббат қўшиқларини тўқийдилар. Қабила-уруғнинг мард ва жасур йигитлари ҳақида, уларнинг ғаройиб қаҳрамонликлари ҳақида афсона ва ривоятлар пайдо бўлади. Буларнинг ҳаммаси ҳали ёзув маданияти вужудга келмасдан олдин жамоа-жамоа бўлиб яшаётган аҳоли ўртасида шуҳрат топади. Бугунги кунда биз уларни “халқ оғзаки ижоди” деб аташга одатланганмиз.
Ота-боболаримизнинг айтмоқчи бўлган панд-насиҳатлари, эл эъзозлаган одам бўлишнинг талаб-қоидалари, Алп Эртўнга, Тўмарис, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби ажойиб юрт фарзандларининг ботирликлари, халқимизнинг урф-одатлари, миллий фазилатларимиз санъат даражасига кўтарилган сўз тизимларидан иборат мақол, қўшиқ, эртак, достон, болаларга бағишланган асарлар ва бошқа жанрлардаги намуналарда ифодасини топади. Шунинг учун ҳам халқ оғзаки ижодини миллий қадриятлар деб аташ одат бўлган. Халқ оғзаки ижоди илмда фольклор деб юритилади. Бу атамани 1846 йилда инглиз олими Уильям Томс таклиф қилган бўлиб, унинг маъноси “халқ донолиги” деган тушунчадан иборат. Аслини олганда, фольклор деганда, халқ томонидан яратилган ҳамма санъат намуналари тушунилади. Меъморлик, наққошлик, ганчкорлик, зардўзлик, мусиқа, рақс, оғзаки адабиёт намуналари – ҳаммасини фольклор деб тушуниш қабул қилинган. Ҳар бир санъат соҳасида иш олиб бораётган мутахассис ўзи танлаган турни “фольклор” деб атайверади. Масалан, мусиқачи халқ куйларини, хореограф халқ рақсларини, архитектор халқ меъморчилигини, фольклоршунос олим халқ достонлари, эртакларини фольклор асари деб ҳисоблайди. Биз – сўз санъати сирларини ўрганувчи соҳада иш юритганимиз учун мақол, топишмоқ, лоф, аския, латифа, қўшиқ, эртак, достонларни фольклор намунаси сифатида ёзиб оламиз, таҳлил қиламиз. “Фольклор” атамасини талаффуз қилганимизда халқ оғзаки ижодини тушунамиз. Халқ оғзаки ижодини ўрганувчи олим фольклоршунос ҳисобланади. Фольклоршунослик ҳозирги пайтда адабиётшуносликнинг таркибий қисмидир. Бадиий адабиёт халқ оғзаки ижодидан бошланади. Бинобарин, адабиёт тарихининг биринчи қисмини фольклор ташкил этади. Шунинг учун филология факультети талабалари мутахассис сифатида шаклланиш жараёнини халқ оғзаки ижодини ўрганишдан бошлайдилар.
Фольклор сўз санъатининг асосини ташкил этади. Айни чоқда фольклор асарлари ҳамиша жонли ижро билан алоқада бўлади. Шунинг учун эртак, қўшиқ, достон ва бошқа бир қатор оғзаки ижод асарлари ижро давомида синкретик санъат намунаси ҳисобланади. Синкретик сўзи бирлашмоқ, қоришмоқ, аралашмоқ тушунчасини билдиради. Достон куйланганда мусиқа, сўз, саҳна санъатлари қоришиб уйғунлашади. Яъни бахши дўмбира, соз чалиб хонанда сифатида ёқимли овозда достон айтади. Достон эса матндан – сўзлардан иборат бўлади, мусиқа асбобида ижро этилгани учун бахши хонандалик, созандалик қилади. Айни пайтда достондаги воқеаларни товуш товланиши – саҳна санъати – актёрлик маҳорати билан ҳикоя қилади. Натижада синкретик санъат намунаси вужудга келади (бу ҳақда кейинги мавзуларда яна маълумот берамиз). Шунингдек, қўшиқлар ёки халқ драмасига оид асарлар ижросида рақсга тушиш, саҳна ҳаракатлари амалга оширилади. Бинобарин, ижро этилаётган асарнинг асосини сўз ташкил қилгани билан унинг тингловчиларга намойиш этилишини бошқа санъат турлари билан алоқасиз тасаввур қила олмаймиз. Хуллас, бугунги кунда мураккаблашиб кетган санъат турларининг кўпчилиги дастлабки босқичда халқ оғзаки ижоди асарларини ижро этиш жараёнида пайдо бўлган, шаклланган, ривож топган ва кейинчалик ўзига хос санъат турига айланган бўлиши мумкин десак, у қадар катта хатога йўл қўймаймиз.

Халқ оғзаки ижоди – сўз санъати

Халқ оғзаки ижодининг сўз санъати эканлигини тушунишдан аввал санъатнинг ўзи нималигини билиш лозим. 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да (3-жилд. 442-б): “Санъат” [ﺻﻧﻌﺖ] - иш, меҳнат; маҳорат; касб-ҳунар деб кўрсатилган. Агар изоҳдаги сўзларга эътибор берсак, санъат деганда, маҳорат билан амалга оширилган меҳнатни тушуниш англашилади. Санъатни маҳоратсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Шунинг учун устозларимиз “Санъат – инсон ақлу заковатининг буюк кашфиётидир” дейишдан толиқмасдилар. Айни пайтда, “Санъат маҳоратнинг энг олий даражасида вужудга келади” деган гапни ҳам кўп такрорлар эдилар. Ҳақиқатан ҳам, санъатни тушуниш санъатни яратишдек мураккаб эканини билишимиз керак. Айниқса, филология, журналистика, тарих, фалсафа каби соҳа эгалари санъатни тушуниш, тўғрироғи, ҳис қилиш қобилиятига эга бўлишлари алоҳида фазилатдир. Одатда махсус маълумотга эга бўлмаган одамлар оддий тасвирларни санъат асари деб тушунадилар. Масалан, магазинларнинг олд қисмидаги реклама мақсадида намойиш қилинадиган расмлар: костюм кийган йигитлар, кўйлакли қизлар, нонларнинг турли хиллари, кийим-кечаклар тасвирлари ва ҳоказолар. Аслида буларнинг биронтаси санъат асари ҳисобланмайди. Ҳатто буюк рассомлар ишлаган тасвирий санъат асарларидан олинган нусхалар – копиялар ҳам санъат асари бўлмайди. Ҳаддан ташқари чиройли безакланган чойнак, пиёла, лаганлар минглаб нусхаларда сотилади, улар санъат асари ҳисобланмайди. Чунки санъат асарлари санъаткор томонидан маҳорат билан яратилиши шарт. Шунинг учун санъат асарлари фақат санъаткор яратган ягона нусхада бўлади.
Маълумки, санъатнинг нақш, мусиқа, ҳайкалтарошлик, ганчкорлик, ўймакорлик, рақс, бадиий адабиёт каби ўнлаб турлари бор. Уларнинг ҳар бири ўз қуролига эга. Аммо айрим иморатлар олдидаги савлат тўкиб ўтирган шерлар, рақс гуруҳларида четда турган раҳбарига қараб ҳаракат қилаётган раққосалар, маъносиз қофияланган шеърларнинг санъатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки қайд этилган вазиятлардаги “санъат” асарлари бизда ҳеч қандай ҳайрат туйғусини уйғотмайди. Ҳақиқий санъат асари билан муомалада бўлганимизда эса руҳиятимизда муайян ҳиссий ўзгаришларни сезамиз. Санъат асари одамда инсон иқтидори, маҳорати, ақли, заковати, ўзига хос кашфиёти билан мазкур асарга нисбатан ҳайрат, қойил қолиш туйғусини уйғотиши керак. Айнан шу фазилати билан санъат намунаси руҳиятимизни бошқаради.
Санъат асарининг яна бир ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унинг қадри, баҳоси ҳеч қачон ҳажм, сон, миқдор билан ўлчанмайди. Ўнлаб тасвирий санъат намунасини яратиш, қўшиқ айтиш, бадиий асарлар ёзиш мумкин. Аммо уларнинг муаллифларини танимаслигимиз, ёдимизда сақламаслигимиз ҳам мумкин. Бироқ баъзан бор йўғи битта санъат асарини ижод қилиш билан халқ маданияти хазинасидан муносиб ўринга эга бўлинган, тарихда из қолдирилган. Чунки санъат ўлчови маҳорат даражасининг юксаклиги, бадиийликнинг мукаммаллиги билан белгиланади. Шундай қилиб, санъат ҳақидаги асосий маълумотга эга бўлдик. Энди бевосита халқ оғзаки ижодининг сўз санъати намунаси эканини билишга уринамиз.
Аввало, ҳар бир санъат намунаси, санъат асари инсон яратган мўъжиза ҳисобланади. Асарга қўйиладиган талаб ундаги кашфиёт, унинг олий даражадаги маҳсулот экани билан белгиланади. Бинобарин, оғзаки сўз санъатига мансуб асар ҳам шакли, мазмуни, ижроси, унда ифодаланган ҳаёт тасвири билан бизда ҳайрат туйғусини уйғотмоғи лозим. Агар ана шу ҳайратни айнан қандай фазилатлар ҳосил қилишини билиб олсак, фикр юритиш йўналишимизда аниқ мулоҳазалар пайдо бўлади, таҳлил қилаётган асаримиз қадри янада аниқлашади. Шу мақсадни назарда тутиб, аввало, бадиий адабиётга, хусусан, халқ оғзаки ижоди асарларига қўйиладиган асосий талабларни мухтасар шаклда кўрсатиб ўтмоқчимиз. Зеро, бадиий адабиёт билан ўз ҳаётини боғлаган шахс исталган сўз санъати намунаси билан танишганида, унга баҳо бериш мезонининг аниқ бўлиши мақсадга мувофиқдир. Фақат ёдимиздан чиқмаслиги лозимки, бу талаблар сон ва мазмун жиҳатдан ўта чегараланган ҳолда тавсия этилмоқда:
Биринчидан, ҳар бир сўз санъати намунаси, жумладан, халқ оғзаки ижодидаги қўшиқ, эртак, достон ва бошқа асарларда фикрий янгилик бўлиши лозим. Бу янгилик кичик ҳаётий воқеадан тортиб мураккаб ижтимоий вазиятларни баҳолаш билан белгиланади. Инсон ҳаёти давомида сонсиз-саноқсиз янгиликларга дуч келади. Катта авлод вакили тажрибасидаги оддий ҳақиқатлар ёшлар учун янгилик ҳисобланаверади. Шунинг учун халқ оғзаки ижоди асарларини эшитганимизда, улар билан китобдаги матн воситасида танишганимизда жуда кўп янги-янги фикрларга дуч келамиз.
Масалан, “Қозонга яқинлашсанг, қораси юқар, ёмонга яқинлашсанг -балоси” мақолидаги асосий фикр ёмонга яқинлашган одамнинг тақдирида нохуш воқеалар кўпайишидан огоҳлантиришдир. Лекин аслини олганда мақолнинг биринчи қисмида ҳам эҳтиётлик  белгиси аниқ кўриниб турибди. Яъни халқ ёш ва ҳали турмуш тажрибасига эга бўлмаган фарзандга қозонга яқинлашаётганда қора қурум тегишидан эҳтиёт бўлишни тавсия қилмоқда. Қўшимча равишда айтиш мумкинки, ҳар бир инсон муайян вазиятда иш қилар ва қарорга келар экан, эҳтиёт чораларини эсидан чиқармаслик лозимлиги уқтирилмоқда. Айни чоқда, оғзаки ижодимиз асарлари билан танишар эканмиз, миллат тақдирига ва ижтимоий вазиятларга боғлиқ муҳим аҳамиятга эга янгиликлар ифодаланишига гувоҳ бўламиз. Масалан, “Алпомиш” достонидаги фикрий кашфиёт бу ҳар бир фарзанд юртнинг бирлигини эъзозлаши кераклигини уқтиришдир. Сенга юртни бўлиш ҳақидаги фикрини тушунтирмоқчи бўлган одам фақат сен учун эмас, миллат учун, халқ учун, ватан учун хавфлидир. Агар сен ўз она юртинг келажагини ўйласанг, уни бирлаштириш, жипслаштириш ҳақида бош қотир, деган ҳақиқат илгари сурилади. Ҳакимбек Қалмоқ юртига кўчган юртдошларини Қўнғирот-Бойсунга қайтариб олиб келади. Шунингдек, инсон қадрини асраш, ота-она ҳурматини бажо келтириш, ҳар бир фарзанднинг Алпомишдек мард, жасур, сўзига содиқ бўлиб ўсишини таъминлаш каби ҳаётий муаммолар достонда ўз ифодасини топган.
Иккинчидан, асар шакли ва мазмуни жиҳатдан мутаносиб бўлиши керак. Бадиий адабиётда жинс (айрим назарий китобларда – адабий тур) ва жанр тушунчаси бор. Жинс деганда, лирика, эпос, драма тушунилади. Лирикада ҳис-туйғу, ички кечинмалар; эпосда воқеа ифодаси, асар қаҳрамонларининг тақдири баёни; драмада саҳна шароитида воқеаларнинг ривожи, қаҳрамонлар диалоглари воситасида ҳаётий лавҳалар тасвири тушунилади. Жанр эса жинсдан торроқ маънони билдиради. Ёзма адабиётда роман, қисса, ҳикоя кабилар; оғзаки ижодда достон, эртак, қўшиқ, мақол, топишмоқ, аския жанрлари мавжуд. Ҳар бир жанрга мансуб асарларни шакл (шеърий ёки насрий), мазмун, ҳажм ва яратилишидан назарда тутилган мақсад бирлаштириб туради. Бир жанрда яратилган асарлар муайян шакл ва мазмунга эга бўлиши талаб қилинади. Бу талаб ҳамиша шаклнинг мазмунга мутаносиб бўлишини тақозо этади. Одатда, шакл қанчалар ихчам, мазмун қанчалар кенг кўламга эга бўлса, асар шунчалар қадрлидир. Халқимиз оғзаки ижодида кўпинча бундай фазилат мақолларда намоён бўлади. Бир жумладан иборат мақолнинг мазмунини ҳаётий далил ва мисоллар билан соатлаб таҳлил қилиш мумкин. Лекин ҳамма жанрдаги асарларга ҳам бу ўлчов билан ёндашиш мумкин эмас. Хусусан, достонлар минг-минг мисралардан иборат шеърий ва ҳажм жиҳатдан катта насрий парчалардан ташкил топади. Уларнинг мазмуни миллатимиз вакилларининг ҳаётини тасвирловчи лавҳалардан иборат. Халқ фарзандларининг ҳаёти эса эл ва юрт тақдири асосида ёритилади. Шундай қилиб, топишмоқ, аския, қўшиқ ва бошқа жанрдаги асарлар ҳам ўзларида акс эттираётган мазмун билан шаклан мутаносиб бўлиши зарур. Айтмоқчимизки, бир-икки саҳифа ҳажмига эга мақол ва топишмоқ бўлмагани каби айнан шундай ҳажмдаги достонни ҳам учратмаймиз. Мақол ва топишмоқларнинг ҳажми ўта сиқиқлиги, достонлар эса ҳажман кенглиги билан асрлар давомида халқ хизматини бажариб келган.
Учинчидан, бадиий асар, хусусан, халқ оғзаки ижодида умуминсоний муаммолар ифодаланади. Албатта, ҳар бир халқнинг ўз миллий хусусияти, миллий табиати, яъни миллий менталитети мавжуд. Аммо бу миллийлик бадиий адабиётда умуминсоний муаммоларнинг акс этишига мутлақо салбий таъсир кўрсатмайди. Чунки ер куррасининг турли минтақаларида яшайдиган, турли динларга ишонувчи халқларнинг ҳаётий муносабатларида муштарак нуқталар жуда кўп. Ҳар бир миллатда Ватан, халқ, ота-она, ака-ука, опа-сингил, ўгай ота, ўгай она, устоз, шогирд каби тушунчалар бор. Одамлар ўртасидаги муносабатларнинг асосини адолат, андиша, ҳақиқат каби тушунчалар белгилайди. Шунинг учун ўзбек мақоллари мазмунида дунёдаги жуда кўп миллатларда учрайдиган ҳикматлар бор. “Зумрад ва Қиммат” эртагимиздаги воқеалар кўп халқларда деярли ўзгаришсиз такрорланади. “Алпомиш” достонидаги мардлик, жасурлик, одамийлик дунё халқлари эпоси мавзулари ва ғоявий йўналиши билан уйғун. Эртакларнинг бирида (ўзбекларда) қўй ёки эчки, иккинчисида (хитойларда) гурунч, учинчисида (грузинларда) узум етакчи унсур сифатида иштирок этади. Ўзбек мақолида “Ойни этак билан ёпиб бўлмас” дейилса, русларда “Шило в мешке не утаиш” (“Бигизни қопда яшира олмайсан”) мақоли машҳур. Ҳар икки мақолнинг мазмуни бир бирига яқин. Маълум бўладики, оғзаки ижод асарларининг бош қаҳрамони, аввало, инсон ҳисобланади. Инсон эса маълум бир миллат вакили бўлиши керак. Оғзаки ижод асарларини эшитганимизда, ўқиганимизда биз ўзимизнинг ҳаётимиз ҳақида мушоҳада юритишга, тасвирланаётган воқеаларни мавжуд маиший муҳит билан қиёслашга ўрганишимиз, ҳар бир танишувдан фойдали маслаҳат олишга интилишимиз лозим.
Тўртинчидан, халқ оғзаки ижоди сўз санъати эканини айтдик. Бу фикр оғзаки ижоднинг санъат сифатини таъминлайдиган асосий омил сўз эканини тасдиқлайди. Ҳар бир санъат турининг ўз қуроли бўлганидек, оғзаки ижоднинг ҳам ўз қуроли бор. Бу қурол сўз ҳисобланади.
Фикримизнинг қанчалар тўғри экани халқимиз ижодидаги аския жанри мисолида тўлиқ исботини топади. Аввало, аския жанри (бу ҳақда аския мавзуида мукаммал маълумот берилади) дунёдаги бирорта халқ оғзаки ижодида учрамайди. Жанрнинг асосини миллий тилимиздаги омоним сўзларнинг ниҳоятда кўплиги ташкил этади. Сўзларнинг шаклан бир хил, аммо мазмунан турли маъноларни билдириши бир сўзни талаффуз қилишда биратўла бир неча фикрни ифодалаш имконини беради. Натижада, сўз ўйини усули билан кулги пайдо бўлади ва аския вужудга келади. Ўзбек миллий тилининг бой ва ранг-баранг имкониятларга эга экани бошқа жанрларда ҳам намоён бўлади. Достон, эртак, қўшиқ каби турли жанрларга мансуб асарлар сўзларини бошқалари билан алмаштириш мумкин эмас. Бошқа сўз қўлланганда, асарнинг мазмунига, шаклига, жозибасига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳолатни оғзаки ижодимиздаги исталган намунанинг исталган сўзига нисбатан кузатиш мумкин. Масалан: эртаклар “Бир бор экан, бир йўқ экан...” деган сўзлардан бошланади. Шу жумланинг ўзида ҳикоя қилинаётган воқеанинг ҳаётда рўй берганига шубҳа пайдо бўлиши табиийдир. Эртак давомида эса биринчи жумладаги фикр ривожланади ва тасдиқланади. Ёки достонларда қайта-қайта қуйидаги мисралар такрорланади:

Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема,
Бошинг омон, давлатингни кам дема.

Бу матндаги сўзларни ҳам бошқалари билан алмаштирсак, мисраларнинг файзи, шукуҳи йўқолади. Халқимиз яратган мақолларни ташкил этувчи сўзлар хусусида эса, умуман, тил лол қолади. Ўзингиз тасаввур қилинг, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асарида 300 га яқин мақоллар келтирилган бўлиб, уларнинг айримлари шу кунгача миллатимиз нутқида айнан такрорланади. Демак, минг йил аввал боболаримиз, момоларимиз бир мақолни қандай йўсинда талаффуз қилган ва қандай мақсадда айтган бўлса, сиз ҳам шундай ҳолатда қўллаяпсиз. Хуллас, “Юраккинамнинг тафтига тандир қизийди, Кўзгинамнинг ёшига ўрдак сузийди” каби қўшиқ мисраларига дуч келар экансиз, тилимизнинг қанчалар кенг ва битмас-туганмас бойликка эга эканига ишонч ҳосил қиласиз.
Бешинчидан, халқ оғзаки ижоди бадиий адабиётнинг таркибий қисмидир. “Бадиий” сўзининг гўзал, ажойиб маъноларга эга бўлиши луғатларда қайд этилган. Асар матнини гўзал қилиб турадиган омил эса, кўпинча, бадиий тасвир воситаларига боғлиқ. Бадиий тасвир воситаларини мутахассислар “бадиий санъатлар”, “тасвир воситалари”, “шеър санъатлари” деб ҳам атайдилар. Уларнинг сифатлаш, ўхшатиш, муболаға каби ўнлаб турлари мавжуд. Аслини олганда, ҳар бир бадиий санъат намунаси ҳам ўзига хос кашфиёт ҳисобланади. Эртакчи тасвирлаётган маликанинг гўзаллигини ўн тўрт кунлик ойга ўхшатади. Қиз шу қадар латофатга эга бўладики, кулса, атрофга гул, йиғласа, дур сочилади. У юрганида оёғи остидаги излар ўрнидан райҳон, жамбиллар ўсиб чиқади. Достон қаҳрамонлари шу қадар жаҳлдорки, ғазабга тўлганида мўйловининг устини қиров босади, тикилганида тоғ-тошлар қумдек майдаланиб кетади.
“Бозиргон” достонида Гўрўғли ўттиз қўйнинг терисидан бўлган пўстинни, ўн беш қўйнинг терисидан бўлган чўгирма (пойабзал) кийиб дарё ёқалаб кетаверади. Бозиргон бўлса бир оёғини дарёнинг ўнг, иккинчи оёғини чап қирғоғига қўйиб, туяларни ўтказаётган бўлади. Юқорида қайд қилинган тасвир воситалари оғзаки ижод асарларига ўзига хос файз бағишлайди. Тингловчи отнинг осмонда учишига, қари одамларнинг гўдак чақалоқларга айланишига, ойнакдан дарё, тароқдан бутазорлар пайдо бўлишига ишонади ва бу тўқималарга қойил қолади.
Албатта, бадиий адабиётнинг, хусусан, оғзаки ижоднинг сўз санъати сифатидаги фазилатлари юқорида кўрсатиб ўтилган белгилар билан чегараланиб қолмайди. Масалан, оғзаки асарларда ҳам, ёзма адабиётда ҳам ижодкор мажозий фикр юритиш усулидан фойдаланиши мумкин. Мажоз сўзи луғавий жиҳатдан “ўтиш жойи” маъносини ифодалайди. Лекин бу сўзнинг бошқача айтиш, кўчма маъно ифодалаш маъноси ҳам бор. Бадиий адабиётда мажоз, асосан, восита тушунчасида қўлланади. Яъни бирор фикрни билдириш учун бошқача йўл танланади. Масалан, масалларда турли жониворлар, нарса-предметлар воситасида одамлар ўртасидаги муносабатлар ёритилади. Халқ оғзаки ижодидаги кўп жанрларда мажозий фикр юритишдан кенг фойдаланилган. Айниқса, мақолларда бу усул етакчи ҳисобланади. “Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига”, “Отнинг яғири тойга қолар”, “Туяга янтоқ керак бўлса, бўйнини чўзар” каби юзлаб мақоллар мазмун-моҳиятан кўчма маъно ифодаловчи ҳикматлардан иборатдир. Шу боис бадиий асарлар билан танишганда, муаллиф бир фикрни ифодалаш билан қандай мақсадни назарда тутганини тушунмасак, асарнинг асл баҳосини бера олмаймиз.
“Халқ оғзаки ижоди – сўз санъати” деганимизда, шунингдек, эртакчи, бахши, қўшиқчи, аскиябоз, латифачи ижрочиларнинг тингловчиларга бағишлаётган маънавий лаззатини ҳам унутмаслик лозим. Халқ қўшиқларида акс этган ҳис-туйғу, ички кечинмалар; эртаклардаги ғаройиб воқеалар; достонлардаги гўзал тасвирлар, энг аввало, заргарона танланган сўзлардан иборатлиги, иккинчидан, уларнинг маҳорат билан ижро қилиниши асрлар давомида халқимизга завқ бағишлаган. Шунинг учун ҳам мазкур асарлар ўзбек халқи маънавий хазинасининг бебаҳо қадриятлари сифатида ҳамиша эъзозланган.

Савол ва топшириқлар:
1.    Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, журналист нима учун халқ оғзаки ижоди ҳақида маълумотга эга бўлиши керак?
2.    Нима учун халқ оғзаки ижодини бадиий адабиётнинг илк намуналари деб баҳолаймиз?
3.    Фольклор атамасига изоҳ беринг.
4.    Синкретик жанр деганда нимани тушунасиз?
5.    Санъат асари қандай фазилатларга эга бўлиши лозим?
6.    Халқ оғзаки ижоди – сўз санъати эканини қандай белгилар далиллайди?           

Адабиётлар:
1.    Каримов И.А. Ўзбекистон буюк келажак сари. – Т.: Ўзбекистон, 1998. – Б. 5-66.
2.    Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. Т.:  Шарқ НМАК, 1997.
3. Karimov I.A. Yuksak ma’naviyat – yengilmas kuch. – T.: Ma’naviyat. 2008.
4.   Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. – Т., Ўқитувчи, 1990.




ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ВА ҚАДРИЯТЛАРИ ДАВЛАТ МАҚОМИДА

Маънавият қадим замонлардан инсон дунёқарашини, хатти-ҳаракатини, жамиятда тутган ўрнини, халққа, ватанга, атрофидаги одамларга бўлган муносабатини бошқарувчи омил ҳисобланади. Маънавий қашшоқ кимса ҳаётда рўй бераётган воқеаларга лоқайд бўлади. Лоқайдлик эса тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади. Маънавий қашшоқ одам учун Ватан, халқ, оила каби муқаддас тушунчалар ёт. Шунинг учун кекса авлод, аввало, фарзанднинг маънавий дунёсини шакллантириш чорасини режалаштирган. Аслини олганда, халқ достонлари, эртаклари, қўшиқлари, мақоллари ва бошқа ўнлаб жанрдаги асарлар ёш авлоднинг маънавиятини бойитиш, уни ҳақиқий инсон даражасига етишини таъминлаш мақсадини назарда тутган ҳолда яратилган. Ўтган асргача бугунги кундаги матбуот, ўқув даргоҳлари, маданият марказлари, радио, телевидение, интернет каби таълим, маърифат тизими бўлмаган. Бу вазифаларни бажариш, асосан, халқ оғзаки ижоди зиммасига юклатилган. Натижада, халқ оғзаки ижоди халқ педагогикаси заминини ташкил этган. Одатда, халқнинг мустақиллиги, унинг равнақи бадиий адабиёт билан узвий боғланади. Оғзаки ижод эса, бадиий адабиётнинг ажралмас қисмидир. Шунинг учун халқ устидан ҳукм юритишга ҳаракат қилган ҳокимият, аввало, унинг адабиётини бошқаришга уринган. Собиқ шўро тузуми шароитида халқ байрами – Наврўз, “Алпомиш”, “Равшан” достонларимиз тақиққа учраган. Фольклор экспедициясига халқ оғзаки ижоди асарларини ёзиб олиш мақсадида чиққанимизда ислом динига оид асарларни ёзиб олиш маъқул кўрилмас эди. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси оғзаки адабиётимизни йўқ қилиш ниятини амалга ошириш чоралари эди, холос.
1991 йил 1 сентябрда Ўзбекистон мустақил республика деб эълон қилинди. Юртимиз ижтимоий ҳаётидаги бу ўзгаришни ўзбек халқи ўнлаб йиллар давомида орзиқиб кутган эди. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ давлатимиз ўтмиш қадриятларни қайтадан тиклаш, одамлар қалбида тутқунликда ётган маданий меросимизга кенг йўл очиш сиёсатини амалга оширди. Дунё илми тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимиз номлари, уларнинг кашфиётлари ҳақидаги маълумотлар қатори турли муносабатлар билан урф-одатлар, расм-русумлар ҳам тилга олина бошланди. Бу тадбирлар ҳар бир ўзбек қалбида миллий ғурур туйғусини уйғотиш мақсадини назарда тутди.
Аслида, ўзбекларнинг дунёда илғор, беназир маданиятга эга бўлган халқ эканлигини тасдиқловчи фикрлар мустабид тузум пайтида ҳам айтилган. Аммо бундай ҳур гапларнинг муаллифлари қатағон қилинган эдилар. Уларнинг кўпчилиги сирли вазиятларда ҳаётдан кўз юмдилар. Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Отажон Ҳошим, Сулаймон Хўжа ва бошқалар эса ўйлаб топилган ёлғон жиноятларда айбланиб отилдилар. Айримлари – Усмон Носир, кейинчалик Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Шукрулло, Шуҳрат кабилар узоқ муддатга қамоққа олиндилар. Аммо эркинликни, ўтмишдаги халқ алломаларининг кашфиётларини тарғиб этувчи асарлар тизими мураккаб вазиятда ҳам тўхтаб қолмади. ХХ асрнинг 60-70-йиллари адабий ҳаётга ёш ижодкорлар сифатида кириб келган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби шоирлар “Ўзбегим”, “Ўзбекистон” каби поэтик асарлар яратдиларки, бу даврда яшаган юртдошларимиз Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат, кашфиётлар ва қадриятлар юрти эканига комил ишонч билдира бошладилар. Халқимизнинг ҳақиқий фарзандлари саъй-ҳаракати билан “Халқ оғзаки ижоди” туркумида “Алпомиш” достони, Эргаш Жуманбулбул, Фозил шоир, Пўлкан, Ислом шоир, Бола бахши ижро этган эпос намуналари, халқ қўшиқлари, эртаклари, аския, латифа, топишмоқларнинг нашр қилиниши нур устига нур бўлди.
Шунингдек, ўтган асрнинг 50-йилларида Иброҳим Мўминов, Воҳид Зоҳидов, Парсо Шамсиев, Солиҳ Муталлибов, Ҳоди Зариф каби таниқли зиёлилар турли сабаб ва важлар билан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” (Солиҳ Муталлибов), Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (Қаюм Каримов), Навоийнинг “Хамса”, Бобурнинг “Бобурнома” (Парсо Шамсиев) каби бир қатор асарларини нашрга тайёрладилар ва чоп этдилар. Қизиғи шундаки, бизнинг олимларимиз мумтоз адабиёт намуналаридан собиқ шўро тузуми сиёсатига мос келмайдиган ўринларни атайин кескин танқид қилишар, бойлар ва йўқсиллар маданияти ҳақида сиёсатбоп гапларни топишар, аммо асарларни тўлиқ нашр қилишдек олий ниятларига ҳам эришар эдилар.
Табиийки, “Собиқ шўро тузуми даврида бевосита халқ орасида ҳукмрон сиёсатни танқид қилувчи халқ оғзаки ижоди асарлари яратилмадими?” – деган савол туғилади. Гап шундаки, халқ оғзаки ижоди асарлари ёзиб олинмаса, уларнинг оммалашуви учун шароит бўлмаса, вақт ўтиши билан бу асарлар ўз-ўзидан ғойиб бўлади: айтувчининг ёдидан кўтарилади, тақдир тақозоси билан айтувчи  вафот этади ва ҳоказо. Уларни ёзиб олиш эса ҳамиша ҳам амалга ошавермайди. Бугунги кунда ўша пайтда доҳий деб тан олинган тарихий шахслар ҳақида ўнлаб латифалар тўқилганини, мақталаётган колхозлар, беш йилликларнинг асл қиёфаси қўшиқларда танқид қилинганини эътироф этиш мумкин, холос. Жумладан, ўз пайтида Отажон Ҳошим томонидан ёзиб олинган қўшиқларда колхоз тузумига, ҳамма экин майдонларига фақат пахта экиш сиёсатига салбий муносабат билдирилган намуналар борлиги ҳақидаги хотиралар мавжуд, холос. Афсуски, тақдир тақозоси, турли сабаблар билан бу ёзувлар йўқолган.
Мустақиллик, умуман, халқ қадриятларига, хусусан, халқ оғзаки ижодига бўлган муносабатда кескин ижобий ўзгариш ясади. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон буюк келажак сари” асаридаги “Мустақил Ўзбекистонни ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизлари” деб аталган бўлимда: “Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг йўли тўртта асосий негизга асосланади”, - дейилган. “Бу негизлар:
-    умуминсоний қадриятларга содиқлик;
-    халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
-    инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши;
-    ватанпарварлик”  – деб белгилаб қўйилган.
Юқорида қайд этилган тўрт негизнинг ҳар бири ё бевосита, ё бавосита халқ оғзаки ижоди, аждодларимизнинг бизга қолдирган маънавий бойлиги – панд, ўгитлари, эл-юрт қадрини эъзозлаш, миллатимиз ғурурини ҳимоя қилишдек олий туйғулар билан боғланади. Ҳақиқатан ҳам, умуминсоний қадриятларга содиқлик, аввало, миллий қадриятларга садоқат мезони билан ўлчанади. Зеро ўз қадрини билмаган фарзанд ўзганинг қадрига етмайди. Халқимиз оғзаки ижодидаги асарларда эса айнан ана шу ғоя ўз ифодасини топган.
“Ўзбекистон буюк келажак сари” асарида илгари сурилган фикрлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этила бошланди. Халқ юртбоши томонидан айтилган ҳар бир мулоҳаза бевосита давлат сиёсати сифатида рўёбга чиқишига ишонди. Бундай мисоллар халқ оғзаки ижоди ҳам давлат мақомига эга эканини тасдиқлайди.
Кадрлар тайёрлаш “миллий дастури”га мувофиқ Ўзбекистон маорифи соҳасида янги бир тизим сифатида вужудга келган Академик лицейларда ярим йил давомида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” номи билан махсус курс ўтиш режалаштирилди. Касб-ҳунар коллежларида ҳам дарс соатлари ажратилди. Тўғри, умумтаълим мактабларида ҳам халқ оғзаки ижоди ҳақида маълумот берилади. Аммо бу маълумот 5-9-синфларда ҳар йили 2-4 соат ҳажмда бўлиб, бир сафар ўқитилган мавзу келгуси йилгача ўқувчи ёдидан кўтарилади. Олий ўқув юртларида эса халқ оғзаки ижоди дарслари фақат Филология, Ўзбек тили ва адабиёти, Журналистика факультетларида мавжуд. Ҳозирги вазиятда ўрта маълумотга эга ҳар бир ёш йигит-қиз учун оғзаки ижодимиз меросидан баҳраманд бўлиш имкони яратилди.
Кейинги йилларда давлат томонидан халқ қадриятларига эътибор берилиши натижасида оғзаки ижод дурдоналарига бўлган қизиқиш анча жонланди. Фарғона, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Жиззах вилоятларига уюштирилган экспедициялар материаллари айрим фольклоршунослар билдирган халқ оғзаки ижодида таназзул жараёни бошлангани ҳақидаги фикрларнинг у қадар тўғри бўлмай қолганини тасдиқламоқда. Айниқса, 2009, 2010 йилларда Тошкент вилоятининг Ангрен, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Чироқчи туманларига, Шаҳрисабз шаҳри қишлоқларига қилинган сафарлар достон, қўшиқ, эртак, топишмоқ, ўлан жанрларида ёзиб олинган матнларга бой бўлди.
1998 йилда Фозил Йўлдош ижро этган “Алпомиш” достонининг тўлиқ матни “Шарқ” нашриёт – матбаа концерни Бош таҳририяти томонидан нашр эттирилди. Агар достонни 1928 йилда Маҳмуд Зарифов ёзиб олгани, шу пайтгача фақат турли қисқартиришлар билан нашр этиб келингани назарда тутилса, мазкур китоб биз учун не қадар азиз экани маълум бўлади.
1999 йил 9 ноябрь куни эса “Алпомиш”нинг минг йиллик тўйи нишонланди. Бу тантанада сўзга чиққан юртбошимиз Ислом Каримов достоннинг миллатимиз ғурурини тарбиялашдаги аҳамиятини алоҳида эҳтиросли сўзлар билан изҳор этди:
“Алпомиш” - ўзбекнинг ўзлигини намоён этадиган, мард ва танти халқимизнинг юрак-юрагидан чиққан, ота-боболаримиз авлодлардан авлодларга ўтказиб келаётган қаҳрамонлик қўшиғидир”.
Нутқда достоннинг халқ тарихига оид маълумотларга бой экани, ёш авлодни тарбиялашда жуда муҳим аҳамияти ҳақида фикр юритилади. Юртимиз бошлиғининг достонга нисбатан ҳурмати қуйидаги жумлада ўз ифодасини топган: “Аслида халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, “Алпомиш” ана шу достоннинг шоҳбайтидир”.
Халқ оғзаки ижодига бу қадар юқори баҳо беришнинг чуқур илдизи бор. 1997 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси IX сессиясида Ислом Каримов мамлакат келажагини белгиловчи “Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори” деб аталган нутқ сўзлади. Мазкур нутда шундай фикр берилади: “Чор Россиясининг Туркистон ўлкасидаги генерал-губернатори М.Скобелев:    “Миллатни  йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди”, - деб айтган гапини эслашнинг ўзи кифоя қилади”.
Маълум бўладики, маданият, санъат, тил халқнинг халқ сифатида равнақ топишининг бош омили экан. Халқ ижоди эса маданият, санъат, тилнинг асосини ташкил этувчи таркибий қисмдир.
Шунинг учун ҳам 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да “Маънавий-ахлоқий тарбия  ва маърифий ишлар” алоҳида бўлим сифатида тасдиқланиши бежиз эмас. Унда ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқнинг бой миллий маданий-тарихий анъаналарига, урф-одатлари ҳамда умумбашарий қадриятларга асосланган самарали ташкилий, педагогик шакл ва воситалари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилиши таъкидланади.
Бугунги кунда эса мустақил ўзбек халқи маданий ҳаётида қатор янгиликлар рўй бермоқда. Жумладан, “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвонининг таъсис этилиши, “Бойсун баҳори” байрамларининг ўтказилиши ўзбек халқи ўтмиши билан бугунги кунини боғловчи ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.
2008 йилда “Маънавият” нашриёти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” деб аталган китобини нашрдан чиқарди. Аввало, айтиш керакки, китобхон асарнинг бошидан охиригача халқ қадриятлари, ўтмиш маданият, тарих ҳақидаги чуқур илмий мулоҳазалар билан танишади. Айниқса, муаллифнинг халқ оғзаки ижодига бўлган ҳурмати ҳар бир саҳифада аниқ ифодаланиб туради:
“Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва  битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар... бизнинг буюк маънавий  бойлигимиздир” .
Шунингдек, мазкур асарда юртбошимиз “Алпомиш” достони ҳақида янги фикрларни баён этар экан, ибратли хулосага келади: “Демак, халқимиз бор экан, - дейди у, - “Алпомиш” достони ҳам барҳаёт”. 
Муаллиф турли мавзулар йўналишида ўз  мулоҳазаларини изҳор қилар экан, уларнинг янада тушунарли бўлиши учун “Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар”, “Қуш уясида кўрганини қилар”, “Маҳалла – ҳам ота, ҳам она”, “Тилга эътибор – элга эътибор”, “Уят – ўлимдан қаттиқ”, “Куч - адолатда” каби мақол ва буюк аждодларимизнинг доно сўзларидан фойдаланган. Натижада, бу намуналар юртбошимизнинг аввалги нутқ ва асарларидан ўрин олган “Ватанни севмоқ иймондандир”, “миллий ўзлик”, “халқ бошига тушган хавф”, “мудҳиш воқеалар олдида ҳолва бўлиб қолиш”, “чаламуллалар”, “ишингиз битса, бўлгани” каби халқона ибора ва ҳикматли фикрлар қаторини тўлдиради.
Хуллас, халқимиз оғзаки ижодининг давлат мақомида эъзозланишини Ўзбекистоннинг мустақилликка эришишининг ижобий натижаси сифатида баҳолаш мумкин. Юртимиз баркамол авлодини халқ оғзаки ижодидан мукаммал маълумотга эга бўлмаган ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки оғзаки ижод достонларида ватанга хиёнат қилгандан кўра ўлимни афзал билган Равшан, бутун ҳаракатини парчаланган юртини бирлаштиришга бағишлаган Алпомиш, ўз Ватанини ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қилган Гўрўғли, оиласини муқаддас билган Кунтуғмиш мадҳ этилади. Ўзбекнинг бутун фазилати, фалсафаси, донолиги, дунёқараши, олий ҳимматлилиги, турли ҳаётий вазиятларга муносабати мақолларда акс этган. Инсондаги меҳнатга муҳаббат, ишқ туйғулари қўшиқларда энг гўзал ички кечинмалар сифатида ифодаланган. Эртакларда халқимизнинг энг олий орзу-ҳаваслари намоён бўлади. Улар билан танишган ёш авлод ўзбек учун ватан, халқ, оила, меҳнат, илм, ғурур нақадар муқаддас тушунчалар эканини англаб етади.

Савол ва топшириқлар:
1.    Нима учун халқ оғзаки ижоди давлат мақомига эришди?
2.    Ислом Каримовнинг халқ оғзаки ижоди ҳақидаги фикрлари юзасидан суҳбат ўтказинг.
3.    Собиқ шўро тузуми даврида халқ оғзаки ижодига бўлган муносабат билан бугунги кундаги муносабатни мисоллар асосида изоҳланг.
4.    Халқ оғзаки ижодини ўрганишнинг инсон маънавий дунёсига таъсирини шарҳлаб беринг.
5.    Ислом Каримов нутқи ва мақоллари мисолида муаллифнинг халқ қадриятларига билдирган муносабати ҳақида сўзланг.

Адабиётлар:
1.    Каримов И.А. Ўзбекистон буюк келажак сари. – Т.: Ўзбекистон, 1998. – Б. 5-66.
2.    Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. - Т.: Шарқ НМАК, 1997.
3.    Каримов И.А. “Алпомиш” достонининг 1000 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи // Халқ сўзи. – 1999. – 9 ноябрь.
4. Karimov I.A. Yuksak ma’naviyat – yengilmas kuch. – T.: Ma’naviyat. 2008.




ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Ўзининг дастлабки яратилиш давриданоқ халқ оғзаки ижоди халқнинг ёзилмаган тарихига айланди. “Оғзаки ижод”, “халқ оғзаки ижоди”, “оғзаки адабиёт”, “эл адабиёти” каби номлар билан аталган бадиий адабиётнинг илк намуналари иккинчи томондан турмуш, ҳаёт дарслиги сифатида ёш авлодни тарбиялашдек муҳим вазифани бажариб келди. Кейинчалик, ёзув маданияти пайдо бўлгач, ўзида сўз санъати асарларини яратиш иқтидорини ҳис қилган, халқ орасидан чиққан одамлар бевосита халқ оғзаки адабиётига суянган ҳолда индивидуал – якка шахс ижодига мансуб дастлабки асарларини яратдилар. Бадиий адабиётнинг бу йўналиши шаклланиб ривожлангач, ёзма адабиёт тушунчаси пайдо бўлди. Яратилиш усулига кўра фарқ қилувчи оғзаки ва ёзма адабиёт бир-бирини инкор қилмади, балки ижодий ҳамкорликни давом эттираверди. Аммо шу билан бирга ҳар бир адабиёт ўзига хос хусусиятларини ҳам йўқотмади. Бу жиҳатдан халқ оғзаки ижоди жаҳон фольклоршунослиги фани тан олган бешта хусусиятга эга. Улар:
1.    Анъанавийлик.
2.    Оғзакилик ва бадиҳагўйлик.
3.    Жамоалик ва оммавийлик.
4.    Вариантлилик ва версиялилик.
5.    Анонимлик (асарни яратган муаллиф исмининг номаълумлиги).
Айни пайтда йиллар давомида халқ оғзаки ижоди асарлари билан яқиндан муносабатда бўлиш яна бир хусусиятнинг намоён бўлишини тасдиқламоқда. Бу хусусиятни шартлилик деб аташ мумкин. Аммо илмда шартлилик ҳақида етарли назарий тадқиқот олиб борилмагани сабаб уни ҳам хос хусусият сифатида кўрсатишни лозим топмадик. Шу билан бирга азиз талабанинг тафаккурида пайдо бўлган қатор-қатор саволларга жавоб бериши мумкинлигини ҳисобга олиб шартлилик ҳақида ҳам айрим мулоҳазаларни баён этишни маъқул кўрдик. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.
Халқ оғзаки ижодининг хос хусусиятлари юзасидан бевосита маълумот беришдан аввал яна бир масалани қайд этиб ўтмоқчимиз. Гап шундаки, собиқ шўро тузумида сиёсий вазият нуқтаи назаридан ёндашган олимлар халқ оғзаки ижодининг асосий белгиси сифатида коллектив (жамоа) ликни илгари сурган эдилар. Бу фикр ўтган асрда эълон қилинган олий ўқув юртлари дастурлари ва дарсликларида муҳим ўрин тутган эди. Мазкур тамойил оғзаки асарларни яратишда якка шахс иштирокини шубҳага солган. Шунингдек, миллатнинг бой ва камбағал синфларга ажратилиши бу ғоя билан далилланган. Гўё бир халқ ижод қилган асарлар икки қарама-қарши гуруҳга ажратилган. Ҳатто бир асарнинг ўзи ҳам таркибида баён этилган воқеалар заминида икки хил баҳоланган. Бундай мезон билан бадиий асарни таҳлил қилиш ўта нотўғри хулосаларга олиб келиши мумкин эди. Ўз вақтида бундай хулосаларга келинди ҳам. Хусусан, “Алпомиш”, “Равшан” достонлари айнан ана шу нуқтаи назардан таҳлил қилиниб, “халқчиллик байроғи остида” яратилган ва халққа қарши ғоя илгари сурилган асар сифатида тақиқланди. Аммо халқимиз оғзаки ижодига бўлган муносабат кескин ижобий томонга ўзгарган бугунги кунда оғзаки ижоднинг хос хусусиятларини атрофлича, чуқур илмий асосда қайтадан кўриб чиқиш имконига эгамиз.
Анъанавийлик халқ оғзаки ижодининг хос хусусиятлари қаторида асосий белги сифатида уларнинг ҳар бирига билдирилиши мумкин бўлган муносиб баҳони инкор этмаган ҳолда, аввалгидек жамоаликни эмас, анъанавийликни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Чунки бутун дунё халқлари ижодида бўлганидек, ўзбекларда ҳам оғзаки ижод асарларининг яратилиши ва ижроси асрлар давомида шаклланган ва бугунги кунгача давом этиб келаётган анъаналарга суянади.
Халқ оғзаки ижодидаги анъанавийликни уч йўналишда таҳлил қилиш лозим. Биринчидан, минг йиллардан буён мақолдан топишмоққача, қўшиқдан достонларгача бўлган асарлар оғзаки анъанада яратилмоқда, оғзаки тарзда яшаб келмоқда. Иккинчидан, фольклор асарларининг ижроси ижро қилиниш вазияти (тўй ва бошқа вазиятлар) ва ижро усули жиҳатидан анъанага эга. Учинчидан, анъанавийлик оғзаки асарларнинг матнида намоён бўлади.
Аввало, анъана сўзининг маъноси билан танишайлик. Бу сўзга ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “Ҳаётда қарор топган (топаётган) удум, урф-одат ва бошқа амаллар”  деб таъриф берилган. Агар таърифни тўй ёки бошқа йиғинларни ўтказиш тартибига татбиқ қилсак, мазкур тадбирни уюштириш қоидалари тушунилади. Бирор оғзаки ижод намунасининг ижро қилинишини назарда тутсак, уни амалга оширишдаги муҳит, вазият, ижро усулини тасаввур қиламиз. Ижро анъанаси деганда, дастлаб, унинг маросимларга алоқаси бор ёки йўқлиги ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Хусусан, “Ёр-ёр”, “Келин салом”лар тўйда, марсиялар азада айтилса, лирик қўшиқлар, лофлар, латифалар ҳаётда вужудга келган оддий вазиятда айтилиши мумкин. Топишмоқларни, филология фанлари номзоди З.Ҳусаинова хабар беришига кўра, қадимги замонларда, асосан, тўйларда айтиш одати сақланган бўлса, ҳозирги кунда топишмоқ айтиш мусобақасини синфда, дам олиш пайтларида, баъзан йўл-йўлакай ўтказиш мумкин бўлмоқда. Шунингдек, ўтган асрнинг ўрталаригача махсус эртакчилар эртак айтиш учун тингловчиларни тайёрлаб олганлар, ижронинг кўнгилли чиқиши учун алоҳида жой, турли нарсалар (исириқ, туз, кул, сочиқ, сув, нон ва ҳоказолар)ни шайлаб қўяр эдилар. Бугун эса бобо боласини овутиш учун истаган пайтда эртак айтиб бераверади. Машҳур профессионал эртакчилар эса йўқ ҳисобида. Ижро анъанаси деганда, достон айтиш ҳақида алоҳида тўхташ зарур бўлади. Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан, Ислом шоирлар анъанаси бугунги кунда ҳам Шоберди бахши, Шомурод бахши, Қаҳҳор бахши ижросида тўлиқ сақланган. Достон ижросидаги дўмбирада куй чалиш, терма айтиш, шеърий парчаларнинг мазмуни, бўғин сонига қараб куй танлаш ҳозир ҳам бор. Масалан, Чори бахши ҳаётлигида ҳузурига тез-тез борар эдик. Аммо бирон марта терма айтмай достон бошлаганини кўрмаганмиз.
Хоразм достончилигидаги анъана ҳам деярли тўлиқ сақланган. Хоразм бахшилари достонни ижро этишдан аввал, албатта, “Алиқамбар” куйини тингловчиларга чалиб берадилар. Шундан сўнг достон айтиш бошланади. Агар Қашқадарё, Сурхондарё ва шу ҳудудлар атрофидаги бахшилар дўмбира жўрлигида бўғизда достон айтсалар, Гурлан, Хива, Урганч атрофидаги бахшилар жўровозликда очиқ овоз билан достон ижро этадилар. Айтмоқчимизки, халқ оғзаки ижоди асарларини ижро этиш анъанаси, умуман олганда, юртимиз вилоятларида, асосан, аввалги кўринишда яшаб келмоқда. Фольклор экспедицияси пайтида қўшиқ айтадиган момолардан марсия матнини ёзиб ололмаганмиз. Улар ирим қилиб, бевақт қўни-қўшниларнинг қўшиқ айтилаётган жойга саросимада йиғилишларини истамаганлар ва марсия айтишдан воз кечганлар. Бу ҳолат бугун ҳам сақланиб қолганига бир неча марта гувоҳ бўлдик. Шундай қилиб, оғзаки ижод асарларининг ижро анъанаси ҳали қайта-қайта ўрганишни талаб қиладиган соҳа ҳисобланади.
Анъанавийликдаги матн анъанаси ижродан анча мураккаб. Чунки халқ оғзаки ижодида асарнинг тўлиқ моҳияти унинг матнида намоён бўлади. Асардан назарда тутилган ғоя, мазмун, образ хусусиятлари, композиция унсурлари: баён, портрет, диалог, монолог; бадиий тасвир воситалари – буларнинг ҳаммаси халқ ижоди қоидаларига суянган ҳолда, анъанавийлик тамойилига асосланган тарзда сўз воситасида намоён бўлади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам матн анъанаси ижроникидан кўра мураккаб тизимга эга.
Халқ оғзаки ижодидаги матн анъанасининг ўзини ҳам икки кўринишга ажратиш мумкин. Биринчидан, ҳар бир асарнинг жанр хусусиятларини белгиловчи анъанавийлик (ҳажм, шакл, мазмун) бўлса, иккинчидан, бадиий тасвир воситалари – бадиий санъатларда намоён бўладиган анъанавийлик.
Халқ оғзаки ижодидаги матн анъанаси ҳар бир жанрга мансуб асарларда намоён бўлади. Хусусан, мақоллардаги ҳажм чекланганлиги, мазмун кўламининг кенглиги, қўшиқларнинг лирик моҳияти, эртаклар ҳажмининг муайян ўлчов билан белгиланмагани (уларнинг мазмун ва тасниф турига кўра бир-икки саҳифадан, эллик-олтмиш саҳифагача бориши), достон ҳажмининг чекланмагани, латифалардаги воқеани қисқа муддатда айтиб улгуриш қоидаси ва ҳоказоларнинг ҳаммаси матн анъанаси билан боғлиқдир. Шунингдек, эртакларнинг “Бир бор экан, бир йўқ экан...”дан бошланиб, “...муроду мақсадига етибди” билан тугалланиши, тез айтишда маълум товушлар талаффузига эътибор берилиши, термаларнинг кўпроқ “Нима айтай?”, “Кунларим” мавзуларига бағишланиши ҳам матн анъанасига алоқадор. Булардан ташқари эртаклардаги “Тўнғич ботир йўлида кетаверсин, гапни кенжасидан эшитинг”, “Йўл юрибди, йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди”; достонлардаги:

“Худо қилган ишга банда кўнади,
Бедов миниб, энди, беклар жўнади”.

“Давлат қўнса гар чибиннинг бошига,
Семурғ қушлар салом берар қошига”

каби қолип гап ва мисраларнинг эртакдан эртакка, достондан достонга кўчиб ўтиши ҳам бевосита матн анъанаси билан боғланади. Айниқса, достонлардаги “Қайга борасан?”, “Қайдан бўласан?” мазмунидаги эпик клише – қолиплар, от эгарлаш, от югуриши, жанг лавҳаларидаги мисраларнинг айнан, деярли ўзгаришсиз такрорланишини матн анъанасининг таъсири сифатида баҳолаш мумкин. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, тингловчилар талаби билан эртакчи ёки бахши бирор янги асарни ўзича ижод қилиб яратганда ҳам матн анъанасидаги юқорида қайд этилган қолиплардан ўрни билан фойдаланишга мажбур бўлади. Оқибатда, халқ оғзаки ижодида вужудга келган ҳар қандай янги намуна ҳам матн анъанасидан четда яратилмайди. Бу эса янги асарга яратувчи ва ижрочининг мутлақ муаллифлик қилиш имконини чеклайди.
Матн анъанасидаги иккинчи йўналиш халқ оғзаки ижодидаги ўзига хос бадиий санъатлар мажмуаси билан боғлиқдир. Маълумки, бадиий адабиётда бадиий воситаларнинг такрорланмас ўрни бор. Бу воситалар маънавий ва лафзий санъатлардан ташкил топади ва сўз санъати намунасига жозиба бағишлайди. Ёзма адабиёт вакиллари лирик ва эпик асарларда ўзларининг маҳоратларини бадиий санъатларни кашф қилишда ҳам намойиш этадилар. Халқ оғзаки ижодида ҳам алоҳида иқтидорга эга ижрочи ўрни келганда бу соҳада ижод қилиш имконидан фойдаланади. Аммо аксари ҳолларда ижрочининг кашфиёт излаб ўзини қийнашига ҳожат йўқ. Чунки оғзаки ижодимизда аждодларимиз бу санъатларнинг гўзал намуналарини яратиб бўлганлар. Сифатлаш, ўхшатиш, истиора, муболаға, ифрот, интоқ, ийҳом, аллитерация каби бадиий тасвир воситаларининг битмас-туганмас бойлиги оғзаки ижодимиз намуналарига асрлар давомида файз бағишлаб турибди. Қаҳрамоннинг йиллаб, ойлаб эмас, соатлаб катта бўлиши, гўзал қизнинг ўн тўрт кунлик ойга ўхшатилиши, малика кулганида атрофга гул сочилиши, йиғлаганида дур сочилиши, эпик қаҳрамоннинг тикилишидан тоғларнинг қумга айланиши, жаҳли чиққанида мўйлабини қиров босиши каби ўнлаб санъатлар ўз вақтида ижодий кашфиётлар даражасида қабул қилинган бўлса-да, эндиликда улар анъанавий воситалар ҳисобланади. Халқ яратган асарлардаги одамнинг қушга айланиши (трансфигурация)ни, мўъжизавий нарсаларни, ҳайвонларнинг инсон тилида гапиришини, илон, бўри, айиқларнинг асар қаҳрамонига ҳомийлик қилишини ҳам матн анъанаси сифатида баҳолаш мумкин. Маълум бўладики, халқ оғзаки ижодидаги матн анъанаси ҳар бир асарнинг яратилишида бош мезонга айланади ва ёзма адабиётдан тубдан фарқ қилади. Оғзаки ижод асарларини тадқиқ этишда фольклоршунос олим фольклор намунасида ўз ифодасини топган бу фазилатларнинг моҳиятини ҳис қилиши, типологик аҳамиятини аниқлаши, қиёсий таҳлил усули билан ўзи ўрганаётган асарга ёндашиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Оғзакилик. Халқ оғзаки ижодининг иккинчи муҳим жиҳати унинг оғзаки яратилишидадир. Жаҳон фольклоршунослик илмида оддий ҳақиқат сифатида такрорланадиган энг муҳим фикрлардан бири фольклорнинг оғзаки яратилиши ва оғзаки яшаши ҳисобланади. Чунки бутун дунёдаги халқларнинг оғзаки ижоди шу йўсинга бўйсунади ва шу қонуният асосида яратилади, яшайди. Ҳақиқатан ҳам, ўзбек халқ оғзаки ижодидаги ҳамма жанрларнинг инсон руҳига, онгига, табиатига таъсири, кўпинча, унинг оғзаки ижроси билан белгиланади. Ҳатто шундай жанрлар ҳам борки, уларнинг ёзма, қолаверса, нашр қилинган матнини ўқиш мазкур асар ҳақида ҳақиқий тасаввур ҳосил қилмайди. Хусусан, аския, латифа, тез айтиш, топишмоқ каби жанрларни маълум бир муҳитдаги асар ижроси таъсири, уларни жонли вазиятда эшитиш, шу ҳолат иштирокчиси сифатида ҳис этиш билан унинг матнини якка ҳолда ўқиш ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Бир қарашда матн жиҳатдан фарқсиз бўлиб кўринган достонлар ижросида ҳам табиий ижро вазияти билан ёзма матнни ўқиш ўртасида катта фарқ сезилади. Бу фарқ бахшиларнинг достонни айтаётганларида аниқ кўринади. Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси орқали бир неча марта халқ бахшилари иштирокида суҳбат ва кўрсатув уюштирилган бўлса, уларнинг биронтаси трактсиз, репетициясиз амалга ошмаган. Маълум бўлишича, бахши оддий тингловчилар ўртасида ўзини эркин ҳис қилар экан. Микрофон тақдим этилиши заҳоти, телекамеранинг фокуси бахшига қаратилгани замон ижрочи руҳий ҳолатида ўзгариш рўй берар экан. Бу ҳолат ҳатто машҳур Бола бахши, Қодир бахши, Болтабой бахши, Чори бахши ижросида ҳам кўзга аниқ ташланган. Демак, оғзаки ижро, ижро бўлганда ҳам табиий ҳолатдаги ижро асар файзида алоҳида ўринга эга.
Кейинги йилларда мутахассис эртакчилар билан муомала қилиш имкони бўлмагани сабабли бу жанрнинг оғзаки ижроси ва матнни ўқиш ўртасидаги кескин фарқ ҳақида бирор асосли фикр билдиришга ожизмиз. Аммо оғзаки ижродаги товуш товланиши, айрим сўзларга бериладиган мантиқий урғу, ижрочининг хатти-ҳаракатлари назарда тутилса, оғзаки ижоднинг оғзаки ижродаги афзаллиги бари-бир аниқ намоён бўлаверади. Хуллас, тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, халқ оғзаки ижоди асарларини оғзаки ижрода эшитиш мазкур асарнинг матнини ўқишдан афзал ҳисобланади. Оғзаки ижро фольклор асарининг яратилиши, яшашида икки оқибатни тақозо этади. Биринчидан, оғзаки ижро ёзма адабиётда кузатилганидек, жиддий масъулиятдан холи бўлади: ёзма адабиёт  вакили ижод қилаётган асарига тўлиқ масъул ҳисобланади. Оғзаки ижрода эса бундай муносабат айнан оғзаки асар оғзаки ижро этилаётгани учун нисбатан заифлашади. Халқ латифаларида муайян ижтимоий ҳаётда рўй берган ва бераётган ҳодисалар кескин сатирик тарзда танқид қилиниши мумкин. Аммо яратувчи шахсининг мавҳумлиги – анонимлиги энг ашаддий танқидий латифаларда ҳам “эмиш” шиори остида асарнинг яшашини таъминлайверади. Оғзаки ижро айни пайтда асарнинг оммалашувида ҳам ижобий аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир эртак, достон, мақол, топишмоқ, латифа ижро этилгани заҳоти тингловчилар орасидаги маълум иқтидорга эга шахс томонидан қайта ҳикоя қилиниши мумкин. Қайта ҳикоя қилаётган ижрочи эса асарни оғзаки эшитгани ва оғзаки ижро этаётгани учун ҳар бир сўз, жумлани ўзгаришсиз такрорлаш лозимлигидан ўзини холи ҳисоблайди. Натижада, асарнинг мазмуни, ғояси, қаҳрамонлари тавсифи асосан сақлангани билан янги ижрочи ўз асарида шахсий ҳаётий кузатишларини, тажрибалар хулосасини ифодалаш имконига эга бўлади. “Алпомиш” достонини Фозил Йўлдош қаҳрамонли айтган, Эргаш шоир муҳаббатли айтган каби машҳур мулоҳазалар бевосита оғзакилик фазилатларидан ҳисобланиши мумкин.
Аммо, иккинчидан, оғзаки ижро асари ёзиб олинмагани тақдирда охир пировард ўлимга маҳкум этилиш эҳтимоли бор. Узоқ ўтмишда миллатимиз бахтига ёзиб қўйилган ўнлаб асарлар тақдири фикримизни тасдиқлайди. Оқилона фикр юритиб фараз қилайлик. Геродот, Полиэн каби машҳур тарихчилар Тўмарис, Широқ ҳақида маълумот  бермаганларида, бу ривоят бизгача етиб келармиди?! Маҳмуд Кошғарий ҳазратлари томонидан мерос қилиб қолдирилган “Девону луғоти-т-турк” асарида 300 га яқин гўзал мақоллар ёзиб қолдирилган. Улар орасида “Ош тотуғи туз”, “Киши аласи ичтин, йилқи аласи таштин” каби бугунги кунда ҳали фойдаланилаётган ва “Тулки ўз уясига қараб ҳурса, қўтир бўлади”, “Яёв оти – чориқ, кучи - озиқ” каби унутилган мақоллар ҳам бор. Девондаги кўпгина мақолларнинг маъноси сақланган, аммо улар таркибидаги сўзлар ўзгарган. Хуллас, замонлар ўтиши билан миллат тилида рўй берган ўзгаришлар, ижтимоий, маиший ҳаётдаги янгиликлар, айниқса, оғзаки ижод намуналарини ёддан биладиган инсонларнинг вафот этишлари оқибатида кўп ажойиб асарлар яшашдан тўхташи табиий бир ҳолдир. Айниқса, ХХ асримизнинг ўрталарида халқ оғзаки ижодига бўлган муносабат совугани оқибатида бир қатор ажойиб асарлар йўқолиб кетди ва уларни қайта тиклаш мумкин бўлмай қолди.
Ўнлаб асарларнинг юзлаб вариантлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Айниқса, эртак ва достонларда оғзакиликнинг салбий томони алоҳида кўзга ташланади. Тўғри, бу жанрлардаги ижрочи томонидан йўл-йўлакай киритилган аҳамиятсиз, яъни асар сюжетига таъсир этмайдиган янгиликлар вариант нусхасини бермайди. Аммо иқтидорли эртакчи ёки бахши тингловчиларнинг қизғин эътиборидан илҳомланиб баъзан қолипга тушган асар матнига аҳамиятли ўзгаришлар киритиши мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Чори бахши, Қаҳҳор бахши Қодир ўғли ижросида бу ҳолат кўп рўй берган. Муайян вазият файзидан илҳомланган бахшилар янгидан-янги эпизодларни, воқеа баёнларини ижро этилаётган достонга сингдириб кетишган. Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир, Пўлкан шоирларда бундай вазиятлар ҳамиша такрорлангани учун хоҳ ижобий, хоҳ салбий маънода пайдо бўлган вариант ижро тугагани заҳоти йўқ бўлиши ҳам табиий бир ҳол ҳисобланиши ажаб эмас.
Албатта, оғзакилик ҳақида фикр юритганда, халқ асарларига жон ато этиб турувчи импровизация – бадиҳагўйликни унутиш мумкин эмас. Импровизация ҳамиша ижрога шукуҳ, файз бағишлаган. Қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида халқ оғзаки ижоди фанидан маъруза қилиш давомидаги тажриба шуни кўрсатадики, олий ўқув юртида дарс берувчи устоз, ўрта таълимда машғулот ўтказувчи ўқитувчи нутқига тингловчилар кайфияти доимий таъсирини ўтказар экан. Илҳом келган пайтда оддий мавзуни ўқувчиларга тушунтириш жараёнида қизиқ-қизиқ фикрлар бостириб келади, кейинчалик эса бу фикрлар мақолаларга айланади. Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Муҳаммаднодир Саидов, Озод Шарафиддинов тажрибасида бу ҳолатнинг муттасил давом этганига саноқсиз равишда гувоҳ бўлганмиз. Айнан шундай вазият истеъдодли қўшиқчилар, лапарчилар, аскиябозлар, лофчилар, топишмоқ айтувчилар, эртакчилар ва бахшилар ҳаётида ҳам рўй беради. Импровизация ижрочининг илҳомига боғлиқ. Машҳур Султон кампирнинг қозоқ оқинига тоғнинг ёшини билмоқчи бўлсанг, оғзини очиб, тишини кўр қабилидаги жавоблари, бахшиларнинг таниш тингловчилар фазилатлари, ёки камчиликлари ҳақида достон ижроси давомида ҳикоя қилиб кетишлари ижро файзига файз қўшган. Тингловчиларнинг ҳайқириқлари остида ижро этилаётган достон ўчмас таассуротлар қолдирган. Устоз Ҳоди Зариф бўлажак Чори бахши билан тасодифан биринчи учрашган пайтларида ундан машина тўхтаган жойнинг номини сўраганлар. Бахши “Қора булоқ” қишлоғининг таърифини қиёмига етказиб айтиб берган экан. Ҳоди оға шу заҳоти нотаниш Чорига: “Сен бахшимисан?” – деб савол берган эканлар. Бу танишув кейинчалик бир неча йиллик ижодий ҳамкорликка айлангани сир эмас. Фольклор экспедициялари пайтларида талабаларимиз қўшиқчиларнинг ўйламаган тарзда қўшиқ тўқиб юборганликларини ҳавас билан эслашади. Халқимиз оғзаки ижодининг бебаҳо гўзал жанри аскияни-ку импровизациясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Машҳур аскиябозлар Юсуф қизиқ, Эрка қори, Ғанижон Тошматов, Қаюм аскиябоз, Убайдулла Абдуллаев, Маъруф Раҳимов кабиларнинг ижоди тўлиқ импровизация ҳисобига гуллаган.
Хуллас, халқ оғзаки ижодидаги оғзакилик хусусияти асрлар давомида миллатимиз тажрибасидан ўтган ва муҳим аҳамиятга эга белги сифатида баҳоланиши мумкин.
Жамоалик. Жамоалик деганда, муайян иш жараёнининг бир гуруҳ одамлар иштирокида биргаликда бажарилиши назарда тутилади. Халқимизда ҳашар уюштириш анъанаси бор. Бу анъанага биноан бир-икки кунда хўжалик иморатларининг асоси жамоа бўлиб қуриб битказилган. Бугунги кунда юртимиз аҳолиси турли байрамлар муносабати билан ҳашарга чиқади ва маҳалла жамғармаларига қилинган иш ҳисобидан маблағ ўтказадилар. Хуллас, жамоа бўлиб иморат қуриш, ҳашар ўтказиб жойларни тартибга солиш, экин экиш, ҳосил йиғиш мумкин. Аммо санъат асарини ҳашар йўли билан яратиб бўлмайди. Тўғри, тарихда икки, баъзан уч киши уюшиб санъат асари яратилган ҳолатлар кузатилган. Лекин бунинг учун ҳаммуаллиф шахслар бир-бирларига руҳан, маънан, дунёқараш жиҳатдан ўта яқин бўлишлари шарт эди.. Хўш, у ҳолда халқ достонлари, эртаклари, қўшиқ ва бошқа жанр асарларини қандай қилиб жамоа ижоди маҳсули дейишимиз мумкин. Гап шундаки, халқ оғзаки ижоди асарлари, у асар қайси жанрда эканидан қатъи назар, битта шахс томонидан яратилади. У шахс, шубҳасиз, бадиий ижод қилиш, сўз санъатига оид асар яратиш иқтидорига эга бўлган. Аммо вазият тақозоси билан бу одамнинг асар яратгани ҳужжатлаштирилмаган. Яна ҳам аниқроқ айтсак, ҳужжатлаштиришнинг ҳожати ҳам бўлмаган. Асар муаллифининг ўзи буни хоҳламаган. Қолаверса, оғзаки асарни қандай қилиб расмийлаштириш масаласи ўйлаб ҳам кўрилмаган. Натижада, достон, эртак, қўшиқлар яратилаверган, биронта одам бу асарни мен яратдим, деб даъво қилмаган. Устига устак асар оғзаки бўлгани учун тингловчилар орасидаги иқтидорли юртдошлар уни зудлик билан қайта ижро этганлар. Бу ижро иккинчи, учинчи шахслар иқтидорига кўра қатор ўзгаришларга дуч келган ва бадиий жиҳатдан ё мукаммаллашган, ё заифлашган. Айни пайтда, мазкур намунанинг халқ ижоди қаторидан ўрин олиши учун хизмат қилган. Биринчи муаллиф эса ўзи яратган намунани юртдошлари томонидан ижро этилганини билиб фахрланган. Биз, ўзбеклар, аждодларимиз орасида шундай олийҳиммат  инсонлар борлигидан ғурурланишимиз ва улардан ўрнак олишимиз керак. Шундай қилиб, бугунги кунда миллий қадриятларимизнинг муносиб таркибий қисми ҳисобланган халқ оғзаки ижоди хазинаси вужудга келган.
Оғзаки ижод асарининг бадиий жиҳатдан мукаммаллашиб боришида, ҳатто янги-янги асарларнинг пайдо бўлишида оддий тингловчи оммасининг бавосита иштирок этишини ҳам назарда тутиш керак. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2009 йилда Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор бахши билан Журналистика ва Ўзбек филологияси факультетлари талабаларининг учрашуви ўтди. Достондан парча айтаётган бахши тўсатдан воқеа тизимига тингловчиларни қўшиб юборди. Муҳими, бу янгиликни ҳамма табиий ҳол деб қабул қилди. Аслида тингловчи бахшига ҳурматини изҳор этиши оқибатида янги-янги мисраларнинг туғилишига сабаб бўлган эди.
Кўп йиллик тажрибамиз натижаси ўлароқ яна бир масалага диққатингизни қаратмоқчимиз. Аввалги саҳифаларда қайд этганимиздек, матн анъанасида доимий равишда қолип шаклида қўлланадиган парчалар, тасвир воситалари бор. Эртакчи, достончи, қўшиқчи ижро давомида улардан фойдаланади. Яратилган асар янги бўлса-да, унда ана шу анъанавий ўринлар сақланиб қолади. Натижада, ўз-ўзидан янги достон тўқиган бахши биринчи марта айтган достонини тўлиқ равишда ўзиники деб айта олмайди. Чунки у яратган асар анъанавийлик белгиси билан аввалги намуналардан жиддий озуқланган бўлади. Демак, жамоалик халқ оғзаки ижодининг яратилиши нуқтаи назаридан қадимийлиги асосида вужудга келган хусусият экан. Энг муҳими, жамоалик деганда, ўтмишда ижод қилиш иқтидорига эга якка шахс – аждодларимиз хизматини унутмаслигимиз лозим.

Вариантлилик ва версиялилик. Бир асарнинг сюжет ва композициясида муҳим ўзгаришлар билан бир неча нусхаларга эга бўлиши варинатлилик хусусиятини ҳосил қилади. Оғзаки ижодда эса вариантлилик асарни оғзаки ижро этиш усулидан вужудга келади.
Достон ва эртакни айтаётган ижрочи зийраклик билан тингловчиларни кузатиб боради. Юқорида ҳам қайд этганимиздек, тингловчи аудиториясининг асарни эшитишга бўлган муносабатига қараб йўл-йўлакай қўшимчалар билан бойитиш ёки қисқартириб юбориш мумкин. Бу ўринда ижрочининг кайфияти, соғлиғи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ҳаётий муаммоси ечилган бахши ўз эҳтиросини дўмбирани чертиш, достонни қайта айтиш орқали ифодалайди. Натижада, тингловчи алоҳида меҳр қўшиб ижро этилган достон билан танишади. Қолаверса, одатда, ҳар бир бахши ўзини эл орасидаги ҳурматини билади. Ижро этаётган достонини бошқа бахшилардан фарқли қилиб айтишга ҳаракат қилади. Иқтидори, ҳаёт тажрибаси, бахшилик маҳоратини уйғун қилиб, имконияти даражасида асарни бошқача лавҳалар билан бойитиш йўлларини излайди. Масалан, Фозил Йўлдош ўғли айтган “Алпомиш” достонида закот муаммоси Ҳакимбекнинг таклифидан келиб чиқади. Профессор Муҳаммаднодир Саидов бу вазиятни достондаги оталар ва болалар тамойили билан боғлаган. Бойсарининг закот тўлашдан бош тортиб, қалмоқ юртига кўчишига Барчин қарши чиқади. Муҳаммаднодир Саидов Барчиннинг ҳаракатини достондаги ёшлар вакили сифатида Ҳакимбекни қўллаш билан боғлайди. “Алпомиш”нинг Хушбоқ Мардонақул ўғли вариантида Бойбўрининг хотини Кунтуғмишни чўрилар хизматини кўриш учун Бойсариникига жўнатади. Бойсарининг хотини чўриларга овсинини уришни буюради. Ака-ука ўртасидаги бош келишмовчилик шу лавҳадан бошланади. Саидмурод Паноҳ ўғли вариантида эса закотни тўғридан-тўғри Бойбўрининг ўзи ўйлаб топади. Бир қарашда бу фарқларнинг алоҳида муҳим аҳамияти йўқдек туйилади. Аслини олганда, Фозил Йўлдош ўғли ижросидаги “Алпомиш” достонида акс этган давлатчилик жараёни асосли равишда ўз ифодасини топган. Ҳакимбек бўлғуси давлатнинг пайдо бўлишида етакчи вазифани бажарди, Бойсун-Қўнғиротда закотни жорий қилди, бу қарорга қарши чиққан Бойсарини кейинчалик қалмоқдан қайтариб келди ва юртини бирлаштиришга эришди. Охир оқибатда ўзининг давлат бошлиғи сифатидаги ҳурматига сазовор бўлди. Фозил шоир “Алпомиш”ни қаҳрамонли, Эргаш шоир муҳаббатли айтган, дейишда ҳам вариант тушунчасини қайд этиш мумкин.
Вариантлилик мақолларда ҳам учраб туради. “Яқиндаги қўшнидан узоқдаги қариндош яхши” ёки “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши” мақоли вазиятга кўра айтилаверади.
Айни чоқда, Хоразм достончилигида вариантлилик тушунчасининг мавжуд эмаслигини ҳам қайд этиш зарур. Хоразм бахшилари халқ китоблари “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Сайёд ва Ҳамро” кабиларни ёд олиб достон куйлайдилар. Бахши якка ўзи достон айтиши ҳам кўп учрамайди. Асосан, жўровоз билан бирга ижро этилади. Икки кишининг биргаликда куйлаши эса достон сўзларини бир хил айтишни тақозо этади. Қашқадарё ва Сурхондарёдаги бахшилар ўз ижроларига йўл-йўлакай ўзгариш киритиб бадиҳагўйлик – импровизациядан фойдаланишлари мумкин бўлган бир пайтда Хоразм достонлари ижрочиларида бундай имконият йўқ. У ҳолда Хоразм бахшиларининг маҳорат даражаси қандай баҳоланади, деган савол туғилади. Бу достончиликда маҳорат, аввало, асар матнига тўла амал қилиш, соз чалиш, овоз, актёрлик санъатидан фойдаланишга боғлиқ ҳисобланади.
Ёзма адабиётда ҳам вариант тушунчаси бор. Лекин бу тушунча жуда тор маънода қўлланади. Чунки бирор романнинг варианти ҳақида гап айтиш учун бир ёзувчининг ўзи асарни бошқа-бошқа нусхаларда ёзиб чиқиши керак. Хусусан, бадиий адабиётда Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи “Шарқ юлдузи” журнали вариантида ва алоҳида китоб кўринишида нашр эттирилгани маълум. Шунингдек, Ёқуб Яквалхўжаевнинг “Қайтар дунё” романининг “Ёшлик” журнали ва китоб варианти борлиги маълум.
Версия ҳам вариантлиликнинг бир кўринишидир. Фақат вариантлилик тор маънода, версиялилик кенг маънода тушунилади. Асар номи бир хил бўлса, ундаги воқеалар тизими бир-бирига яқин бўлса, қаҳрамонлар хатти-ҳаракатида муайян ўхшашлик сақланса, вариантлилик; асарнинг умумий мазмунида қандайдир умумийликка ишора сезилса, версия вужудга келади. Масалан, “Алпомиш” достонининг ўзбек халқи доирасида 30 га яқин варианти бор. Аммо бу достоннинг Қўнғирот, Олтой, Қипчоқ, Ўғуз версиялари мавжудки, у версиялар билан танишганимизда айрим лавҳа ва воқеаларда умумийликдан бошқа ўхшашликка дуч келмаймиз. “Тоҳир ва Зуҳра” достонининг қозоқларда “Қўзи Кўрпеш ва Баян Сулув” версияси бор.
Хуллас, вариант деганда, асар сюжети ва композициясидаги қисман фарқлар борлиги, версия деганда, бир асарнинг катта ўзгаришлар билан бир неча халқлар оғзаки ижодидаги алоҳида-алоҳида нусхалари тушунилади.

Анонимлик. Анонимлик асар муаллифи номининг маълум эмаслиги демакдир. Халқимиз оғзаки ижодидаги юзлаб эртак ва достонларни биринчи бўлиб айтган ижодкор номи анонимдир. Халқ қўшиқлари, мақоллари, топишмоқлари ҳам бизга маълум бўлмаган бобо-момоларимиз томонидан яратилган. Аммо улар, биз аввал айтганимиздек, ўз исмларининг сақланиб қолишини хоҳламаганлар. Кейинчалик эса асарни биринчи яратган ва айтган шахс номининг ёддан кўтарилиши ҳам анъанага айланган. Аммо халқ оғзаки ижодидаги анонимлик билан ёзма адабиётдаги асар муаллифи номининг маълум эмаслиги мутлақо бошқа-бошқа тушунчалардир. Оғзаки ижодда анонимлик оддий ҳолат бўлса, ёзма адабиётда адиб номининг йўқлиги тасодиф ҳисобланади. Масалан, “Юсуф ва Зулайхо”, “Гул ва Наврўз” достонларини ёзган шоирлар номи маълум бўлмаган тақдирда ҳам, бу асарлар оғзаки ижод намунаси ҳисобланмайди. Чунки уларнинг матни оғзаки адабиёт анъанасига мос келмайди.
Шундай қилиб, оғзаки ижоддаги анонимликни халқ фарзандларининг ўз миллатига холис ва беминнат хизмат қилиши намунаси сифатида қадрлаш мақсадга мувофиқдир.
Халқ оғзаки ижодининг яна бир хусусиятини шартлилик деб белгилаш мумкин. Бу хусусият фольклоршунослар томонидан етарли тадқиқ этилмаганлигини мавзу бошида айтиб ўтганмиз. Шартлилик халқ оғзаки ижоди асарларида ижрочилар томонидан айтилган фикрни муҳокамасиз қабул қилиш билан боғланади. Бундай тасвирларда тингловчи “Нега?” деган саволни бермаган, ёки хаёлига ҳам келтирмаган. Тингловчи бахшидан достонни маҳорат билан ижро этишни кутган, талаб қилган, аммо шу билан бирга бахшининг ҳам инсон эканлигини, уни баъзан кечириш лозимлигини ҳам унутмаган. Бундай пайтларда тингловчи бахшини ортиқча саволлар билан қийнамаган. Масалан, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан айтган достоннинг номи “Темирхон Пошшо” деб аталади. Достондаги воқеалар давомида эса Темирхон пошшо деярли иштирок этмайди. Ёки Жўра Эшмирза ўғли ижро этган “Малла савдогар” достонида ҳам Малла савдогар воқеалар тизимида етакчи қаҳрамон сифатида намоён бўлмайди. Аммо бахшига “Нега достоннинг номини шундай атадингиз?” – деб савол бериш одобдан ҳисобланмаган ва достон шартли равишда шундай аталаверган. Гўрўғли туркуми достонларида, кўпинча, Ғирот, Ғиркўк номлари чалкаш келади. Лекин бунинг сабаби ҳам аниқланмайди. “Алпомиш” достонида Ҳакимбек Қалмоқ юртида етти йил зиндонда ётади. Охирги муддатдагина Кайқубод унга қўй ташлаб туради. Аммо етти йил зиндонда инсон овқатсиз, сувсиз қандай яшаши мумкин деган саволни ҳеч ким бермайди. Бу ўринда ҳам воқеа бахши томонидан қандай баён этилса, шундайлигича қабул қилинаверади. Натижада, халқ оғзаки ижоди асарларининг ижросидан тингловчи маънавий лаззат олган, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаган, муҳокама қилган, ўзига намуна деб билган, аммо айрим масалаларга ортиқча синчковлик билан аҳамият бермаган. Эҳтимол, шартлилик белгиси халқ оғзаки ижоди асарларини эъзозлашда ўзига хос ўлчов бўлиб хизмат қилган бўлиши ҳам мумкин.

Савол ва топшириқлар:
1.    Халқ оғзаки ижодининг ўзига хос хусусиятларини билишнинг қандай назарий ва амалий аҳамияти бор?
2.    Анъанавийлик ҳақида мулоҳаза юритинг ва халқ достонлари, эртаклари матнларидан бу хусусиятни изоҳловчи мисоллар топинг.
3.    Оғзаки шаклнинг ижобий ва салбий жиҳатларини шарҳланг. Импровизация ёзма адабиётда бўлиши мумкин ёки мумкин эмаслигини тушунтиринг.
4.    Шартлилик ҳақида мустақил мулоҳаза юритинг.


Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. – Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 4-14.
2.    Холмирзаева С.Ш. Ўзбек халқ эпосидаги бадиий шартлиликнинг ўзига хос хусусиятлари. Филол. фанлари номзоди ... дисс. – Т., 1990.   



ЭНГ ҚАДИМГИ ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ НАМУНАЛАРИ. МИФЛАР

Буюк сўз соҳиби Алишер Навоий ғазалларидан бирининг дастлабки байти – матлаъсида

Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажабким, сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур,

- деган эди. Байтда менинг сарвинозим ўн саккиз ёшда бўлгани учун ўн саккиз минг дунёнинг сон-саноқсиз ғавғоси бошида чарх уришидан ажабланмаслик керак, деган маъно ифодаланган. Бу ҳақ гап. Чунки инсон инсон бўлиб яралган экан, ёшидан қатъи назар ёруғ олам муаммолари билан яшайди. Дунё қандай пайдо бўлган, инсонни ким яратган, нима учун қуёш ҳар куни бир томондан чиқади – иккинчи томонга ботади, ер нима учун қимирлайди, чақмоқ чақишининг сабаби нима, қўйингки, минг-минг савол инсон қалбига тинчлик бермайди. Ҳатто тахмин қилиб айтиш мумкинки, ана шу муаммолардан чалғиш мақсадида қадимги аждодларимиз рақсга тушишни, ҳис-туйғуни ифодаловчи  мисралар тўқишни ўйлаб топган бўлсалар ажаб эмас.
Қадим замонлардаёқ оламнинг пайдо бўлиши, йил фаслларидаги ўзгаришлар, ердаги зилзилаларнинг моҳиятини англамаган инсон ўзича изоҳ излашга уринган. Натижада, дастлаб ерни нимадир кўтариб турган бўлса керак, деган тушунчалар, кейинроқ эса ҳар бир ҳодиса шарҳини ифодаловчи худолар ўйлаб топилган. Агар бир оз мулоҳаза юритсак, инсон қилган дастлабки кашфиётларни бугунги кунда ҳам учратишимиз мумкин. Хусусан, сафарга чиққан сайёҳ бўри, бургутни кўрса, ўзини омади келган ҳисоблайди. Тулки кўрса, шубҳага тушади, кўнгилсиз воқеа бўлишини кута бошлайди. Йигит тушида эгарланган от минса, ҳаётида ижобий  ўзгаришлардан хабар олгандек сезади ўзини. Йигитларимиз уйланиш тўйларида ҳали ҳамон олов атрофида айланадилар, уларнинг устларидан сочқи сочадилар. Қарияларимиз қалдирғоч шипга ин қурса, хурсанд бўладилар. От кўрсалар, бошини силаб қўядилар. Яқин-яқингача Қашқадарё вилоятининг айрим туманларида янги туғилган чақалоқ бешигининг тагига бўри терисини солиш, тишини тешиб бешикка безак қилиш одати сақланган эди. Вақти-вақти билан ҳозир ҳам оиладаги эркак уйига балиқ харид қилади. Ва бу яхши хислат, одат саналади. Бунга ўхшаган одатларимизни кўплаб санаш мумкин. Тўғриси, саноқнинг тагига етиш ҳам қийин. Хўш, улар қандай пайдо бўлган. Нима учун халқимиз сувни, нонни, тузни эъзозлайди. Покиза сақлашга уринади.
Инсон ҳамиша ҳар бир ҳодисадан ўзига манфаатли жиҳатларни топишга ҳаракат қилади. Хаёлан бу манфаатларни асослашга сабаб ахтаради. Вақт ўтгани сари турмуш тажрибаси мазкур воқеа-ҳодисаларни турларга бўлиш, улардан фойдали ва зарарлиларини ажратиш заруратини туғдиради. Оқибатда, халқ тасаввурида “бундай бўлса-яхши, бундай бўлса-ёмон” деган ҳукмлар пайдо бўлади. Масалан, бирорта одамнинг ҳовлисида булбул сайраса, яхши; бойўғли сайраса, ёмон деган тахмин одат тусига кирган. Бир кўринишда аҳамиятсиздек туйилган ҳолат турли урф-одатларга, расм-русумларга асос сифатида асрлар давомида миллатимиз онгида шаклланиб келган.
Дунё, инсоният, одамнинг пайдо бўлиши ҳақидаги қадимги содда ҳикоялар илмда “миф” деб аталади. Миф (юнонча myfhos – сўз, афсона, ривоят) сўзи луғатда “Қадимги кишиларнинг борлиқ олам ҳақидаги ибтидоий тасаввурлари мажмуи бўлиб, коинотнинг яратилиши, инсон, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсининг вужудга келиши, самовий жисмларнинг пайдо бўлиши, табиий ҳодисаларнинг сабаблари ва моҳияти, афсонавий қаҳрамонлар, маъбудалар ва илоҳлар тўғрисидаги эътиқодий қарашларни ўз ичига олади” , - деб изоҳланган. “Мифология” мифларни ўрганувчи фандир.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асаридаги “сав”, аввал айтганимиздек, “оталар сўзини эслаш” маъносини берса, уни туркий тилимиздаги “миф”ни ифодаловчи сўз дейиш мумкин. Араблардаги “асотир” ҳам шу маънони беради. Аммо бутун дунёдаги олимлар қадимги ҳикояларни “миф” деб аташгани учун ўзбек фольклоршунослигида ҳам айнан шу атамани қўллаш маъқул топилган.
Ўрта Осиёда яшайдиган халқларнинг ўтмиш ҳаёти билан боғлиқ мифларнинг дастлабки намуналари “Авесто” китобида берилган. “Авесто” қадимги Хоразмда яшаган аждодларимиз ижоди маҳсулидир. Аввал оғзаки тарзда вужудга келган асар ёзув маданияти шакллангандан сўнг Зардушт ташаббуси билан 12 000 мол терига олтин ҳарфлар билан битилди. ХI асрдаги афсоналар қайд этилган “Китоби Дада Қўрқут” ва ХIII асрда яшаган Ўғуз хоқон ҳақидаги “Ўғузнома” деб аталган китобларда (улардаги воқеалар, афсоналар матнининг анча аввал яратилганини билдирса ҳам илмий асарларда ХI ва ХIII асрлар қайд этилган) туркий қабила ва уруғлар тарихи ҳақидаги мифик тасаввур ифодалари ўрин олган. Бу китоблар ҳақида бир оз кейин маълумот берамиз. Аввал миф ҳақидаги назарий ва амалий тафсилотларга тўхталмоқчимиз.
Миф тушунчаси таркибини тотемизм, фетишизм, анимизм сўзлари ташкил этади.
“Тотемизм” сўзи луғат ва қомусий китобларда қайд этилишича, “унинг уруғи”дан олинган экан. Шимолий Америкада яшовчи қабилалардан бири кишилар билан ҳайвон ва ўсимликларнинг муайян турлари ўртасида қон-қариндошлик бор деб ҳисоблаганлар. У ҳайвонлар ов қилинмаган, ўлдирилмаган, гўшти ейилмаган. Ўсимликлар эса эъзозланган. Бу одат дунёдаги ҳамма халқларнинг эътиқодида ҳам бор бўлиб, бугунги кунгача сақланиб келмоқда. Ҳинд халқида, умуман, ҳайвонни сўйиш, яъни қон чиқариш маъқулланмаган. Айниқса, сигирлар алоҳида эъзозланган. Австралияда кенгуру алоҳида ҳурматга эга ҳайвон ҳисобланади. Ўзбекларда бўри, туя, айиқ, от, қўй, илон, балиқ, қалдирғоч, бургут, хўроз, мусича каби ҳайвон ва қушларга ҳурмат билан қаралган. Мустақил Ўзбекистон гербида ҳумо қушининг тасвири борлиги ҳам бежиз эмас. Шунингдек, халқимиз чинор, беҳи, анор, тол каби мевали ва мевасиз дарахтларга ҳам алоҳида эътиқод билан қарайди. Тўғри, юқорида саналган ҳайвон, қуш, дарахтларнинг тотем сифатида ҳурматга сазоворлиги бор. Аммо бир оз фикр юритсак, уларга бўлган эътиқод илдизларида ўзгача, алоҳида маъно борлиги ҳам англашилади. Жумладан, бўрининг мустақил ҳаётга боғлиқлиги, мардлиги; туянинг сувсизликка чидаши; отнинг инсонга вафодорлиги, зийраклиги; бургутнинг бақувват ва жангари қуш экани; чинорнинг узоқ умр кўриши; анорнинг ичида доналарининг кўплиги (фарзанд белгиси сифатида), толнинг салқини ва ундан бешик, дўмбира ясалиши каби фазилатлар халқ орасида шуҳрат топгани ҳам маълум. Қадимги афсоналарда, эртакларда бўри, илон, айиқ, от, қалдирғоч каби образларнинг кўплаб учраши бежиз эмас. Шу билан бирга халқ тушунчасида қўйнинг инсон ўрнига қурбонлик қилинишини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Фарзанд туғилганда, турли эҳсон маросимларида қурбонлик учун қўй сўйилади. Халқ орасида қўй одамнинг ўрнига қурбонлик қилиш учун яратилган, деган тушунча бор. Бу тушунчаларнинг асосини тотемизм изоҳлайди. Маълум сабаблар билан ёки тўғридан-тўғри болага Бўрибой, Бўритош, Гуркибой, Бўрихон, Лочин, Арслон, Қўзибой, Барчин, Суқсур деган исмларнинг берилишида ҳам тотемизм таъсири аниқ сезилади. Ҳар бир дарахтнинг жони бор. Уни синдириш бахтсизликка олиб келади. Узоқ яшаган дарахтни кесиш хосиятсиздир. Отни сўйишда бирор айбни бўйнига қўйиш керак деган эътиқодлар ҳам тотемизмга алоқадор ҳисобланади.
“Фетишизм” сўзи луғат ва қомусий китобларда португалча “feitico”, франсузча “fetiche” – сеҳрли нарса маъносини ифодалаши қайд қилинган. Унинг асосини қадимги замон одамларининг жонсиз нарса-предметларда илоҳий фазилат бор деб тушунишлари ташкил этади. Маълумки, инсон ҳаёти давомида ўзи билмагани ҳолда қуёш, ой, юлдузлар, тоғ, сув каби нарсалар билан ҳам муносабатда яшайди. Айниқса, қуёш, сув инсон тақдирида муҳим аҳамият касб этади. Қадим замонларда яшаган аждодларимиз ўзларича пичоқ, нон, ўчоқ, тандир, дўппи, китоб, супра, айниқса, ўқ, ёй каби нарсаларни ҳам муқаддас ҳисоблаганлар.
Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасида шундай лавҳа бор: “Мен билмаган эканман. Ўтнинг тафтига липпамдаги ёғ эриб, почамдан оқмоқда экан. Ойим қўлидаги хамир ёйиб ўтирган ўқлов билан бошимга астагина урди.
- Жувонмарг, кап-катта бола, уйлансанг боланг бўлади, шу ерда, шундай Фотимаи Заҳронинг дастгоҳлари бўлган қутлуғ ерда сийиб ўтирибсанми?
Ойим бошимга ўқлов билан урганда, қалпоқ тагида бўлган тухум пачоқланган эди” .
Қиссада Ғафур Ғулом қаҳрамони Шум боланинг ўчоқ қаршисида ножўя иш қилиб ўтиргани учун онаси ўқлов билан урганини тасвирлаган. Чунки ўчоқ ўзбекларда муқаддас ҳисобланган.
Бундай ақидалар бўйича йигит кишининг дўппи, пичоқ, китоб, қилич, ёй йўқотиши, хоҳ ўнгида, хоҳ тушида бўлсин ёмонлик белгиси ҳисобланган. Йигит киши зотли от, кескир қиличга эга бўлса, у ўз тенгдошлари ўртасида ҳурматли инсон сифатида улуғланган. Узоқ сафарга кетаётган йигитга нон тишлатиш, кечки овқат пайтида бир косада қўшимча овқат сузиб қўйиш, қиз боланинг сўзана тикиши ёки унга атаб гилам харид қилиш, йўлда садақа сўраган кимсага эҳсон бериш, узоқ хаста ётган одам вафот этганида, унинг тобути орқасидан тош отиш каби одатларимизнинг пайдо бўлиши ҳам фетишизм  билан алоқадор.
Фетишизм тушунчасида турли нарса-предметлардан ташқари ранглар, туш ҳам сақланиб қолган. Оқ, қора, кўк, яшил, қизил, малла каби ранглар муайян маънони билдирган. Ўзбекистон байроғидаги яшил, оқ, кўк, улар оралиғидаги қизил, бурчакдаги ой ва 12 юлдузларнинг ҳаммасида рамзий маънолар мужассамлашган. Одатда, яшил ёшлик, қизил, бир томондан тўкилган қон, иккинчи томондан, қизлик ғурури, оқ ҳаёт, қора, бир томондан фожиа, иккинчи томондан, буюклик, улуғлик, малла етуклик, балоғат маъноларини акс эттирган. Агар Бобур асарларига ишланган қадимги миниатюра расмларига зеҳн солсангиз, подшоҳларнинг тепасида бир хизматкорнинг оппоқ сочиққа ўхшаш мато кўтариб турганини кўрасиз. Бу одат подишоҳнинг келажаги ғалабаларга бой эканини, юртининг тинчлигини, ўзининг мустақиллигини таъкидлаш мақсадини амалга оширган.
Халқимизнинг қадимги инончларида туш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ақлли одамлар инсондаги туш кўриш хусусиятини алоҳида фазилат деб билганлар. Улар тушни хосиятли, хосиятсиз ва эътибор берилмайдиган турларга бўлганлар. Ҳатто туш таъбирлари баён этилган китоблар ҳам яратилган. Энг қадимий бундай китобларнинг бири “Ирқ битиг” деб номланган. Китобда:

“Мен Осмон ўғли кундуз ва кечқурун
Олтин тахтда ўтириб,
Шодланяпман
Билиб қўйинг: бу – яхши”...
“Отни нотўғри тушовлади.
Юришга мажоли йўқ, дейишади.
Билиб қўйинг: бу – ёмон”

каби матнлар келтирилган. Мазкур матнларда одам тушида кўриши мумкин бўлган лавҳалар ижобий ва салбий оқибатлар ҳақида хабар берувчи омил бўлиб келади.
Ислом дини тарихида Муҳаммад пайғамбаримиз (с.а.в.)га пайғамбар шарафига эга бўлиш хабари ҳам тушда аён бўлгани ҳақида кўплаб маълумотлар бор.
Фетишизмдаги туш унсуридан бадиий адабиётда ҳам кўп фойдаланилган. “Алпомиш” достонининг ўзида туш бир неча ўринларда қаҳрамон тақдирини белгиловчи хабар сифатида бахши Фозил Йўлдош ўғли томонидан қўлланган. Эргаш Жуманбулбул ўғли эса “Кунтуғмиш” достонида Кунтуғмишнинг Холбека билан учрашишини тасвирлашда тушдан фойдаланган. Ёзма адабиётда Алишер Навоий “Сабъаи сайёр” достонида Баҳромнинг ботқоқ фожиасидан сўнг тушига кирганини ва Ҳусайн Бойқарога юртнинг тақдиридан четда қолган подишоҳнинг қисмати аянчли эканини айтишни ифодалаган. Бундай ўринларда ёзма адабиёт вакиллари мажозий йўл билан подишоҳларга маслаҳат бериш усулини кашф қилганлар, дейиш мумкин.
“Анимизм” лотин тилидаги “anima”дан олинган бўлиб, илмий адабиётларда жон, руҳ маъносини англатиши таъкидланади. Анимизмга биноан қадимги аждодларимиз дунёдаги ҳамма нарсанинг жони бор, деб билганлар. Ибтидоий даврда инсон тана ва руҳдан иборат ҳисобланган. Руҳ танани тарк этганда инсон ўлади, деб ўйлашган. Ҳар бир нарсага бу тушунча татбиқ этилган. Шунинг учун мифологиядаги тотемизм ва фетишизм ҳодисаларига ишонч билдиришни, уларнинг мавжудлигига бўлган эътиқодий муносабатни анимизм билан боғлаш маъқул. Соддароқ қилиб айтганимизда, одамнинг тотемизм ва фетишизм ҳодисаларига ишониши уйғун ҳолатда анимизмда намоён бўлади. Сўзнинг магик – мўъжизавий кучидан фойдаланиб инсон руҳиятига таъсир этиш, уни хасталикдан халос этиш, табиатига руҳий тетиклик бағишлаш анимизм фазилатлари ҳисобланади. Шунинг учун халқ бахшилари деганда бахшилик, яъни шифо бағишлаш маъноси сақланиб қолган.
Ҳаёт тараққий этиб, аста-секин мифлар, худолар, афсонавий қаҳрамонлар, воқеа-ҳодисалар ўрнида илмий кашфиётлар пайдо бўлди. Жумладан, ернинг думалоқ экани, ой ва қуёшнинг тутилиши, ер қимирлашлар замон ўтиши билан олимлар томонидан илмий асосланди. Шу тариқа инсон табиат ҳодисаларига аралашди. Деҳқончилик, чорвачилик соҳасида ҳаётий янгиликлар рўй бера бошлади. Мифларда тасвирланган қаҳрамонликлар эса урф-одатларда сақланиб қолди. Натижада, бадиий тафаккур ривожлангани сари оғзаки ижодда мукаммаллик устувор ўринга чиқди. Хуллас, “Авесто”, “Китоби Дада Қўрқут”, “Ўғузнома” каби асарларнинг ёзма нусхалари вужудга келди.
“Авесто”нинг яратилганига яқин уч минг йил бўлди. Унда Зардушт – оташпарастлик динининг асосий қонун-қоидалари акс этган. Зардушт Мазда Аҳурага мурожаат қилиб, дунё, инсон, коинот, ҳақиқатнинг вужудга келиши ҳақида сон-саноқсиз саволлар беради. Китобнинг бугунги кундаги аҳамияти юртимизда истиқомат қилган аждодларимиз қадим замонларда ҳам меҳнат, ҳақиқат, озодлик, покликка алоҳида ҳурмат билан қараганликлари ҳақида ҳозирги фарзандларига хабар беришидадир. Хусусан, ерга дон экиш, ҳосил йиғиш ҳақида шундай дейилади: “Кимдаким буғдой экса, у Ашаҳ (Ҳақиқат) ни экади. У Мазда динини яна ва яна кўкартиради...
Қачонки эгатларда уруғ етилса, девлар ўринларидан қўпадилар.
Қачонки буғдой гуркираб кўкарса, девлар даҳшатдан титрай бошлайдилар.
Қачонки буғдой ун бўлса, девлар нола чекадилар.
Қачонки буғдой хирмонга уюлса, девлар нобуд бўладилар.
Қай бир хонадонда буғдой бош чиқарса, у хонадонга девлар яқинлаша олмайдилар.
Қай бир хонадонда буғдой бош чиқарса, девлар у хонадондан қочадилар.
Қай бир хонадонда буғдой омбори бўлса, гўё қиздирилган темир девлар бўйнини чирмаб ташлайди” .  
Агар юқоридаги матнни зеҳн билан ўқисак, инсон меҳнати бутун ёмонлик ва фожиаларни даф этувчи куч экани аниқ сезилади. Буғдой сўзини хоҳланг айнан қабул қилинг, хоҳланг меҳнат орқали оилани қўллаш маъносида тушунинг, барибир ҳар бир шахс ўз оиласи ҳаёти, келажаги учун ўзи ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланади. Бу насиҳатга амал қилиш инсонни, қон-қариндошларни турли ёвузликлардан асраши девларнинг хонадондан қочиши мисолида аниқ кўрсатилган.
“Авесто”да инсон қасамининг аҳамияти, унинг инсон эканлиги билан боғлиқлик ҳам кўрсатилган:

“ – Эй дунёни яратган Зот!
Эй Ҳақиқат!
Қасамларнинг саноғи нечадир?
Аҳура Мазда жавоб берди:
- Менинг қасамларим олтита:
Биринчи – сўз қасами;
Иккинчи – қўл қасами;
Учинчи – қўй қасами;
Тўртинчи – сигир қасами;
Бешинчи – одам қасами;
Олтинчи – экин қасами; энг яхши, энг обод, энг серҳосил заминдаги экин” .
Бу қасамларнинг тартибига эътибор беринг. Биринчиси – сўз қасами. Инсоннинг сўзи унинг ори, уяти, ғурури экани қайд этилмоқда. Охирги қасам эса инсон оиласининг баҳоси билан ўлчанмоқда. Зардушт бу қасамларни бузиш қандай жазоланиши ҳақида сўраганда, Аҳура Мазда жавобларини баён этади. Бу жазоларни ўқиганингизда, этлар жимирлашиб кетади. Қасамнинг бузилиши уни берган одам учун ўлим экани аниқ сезилади.
Умуман, “Авесто” билан танишиш асарнинг қомусий мазмунга эга эканини кўрсатади. Айрим парчалар худди бугунги кунда ёзилгандек туйилади:
“Ёмон тарбиячи ўз таълими билан илоҳий сўзларни тескари қилади ва тириклик идрокини хароб қилади”.
“Ўзгаларни яхшиликка олиб борган кимсаларгагина яхшилик насиб этади”.
“Фикр, сўз ва амал оламидан эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амални танлайман”.
“Ерга яхши ва кучли уруғ сепмоқ дунёдаги энг зарур қонун ҳисобланади”.
Ҳатто, китобда айтилишича, қарз олиб, қарзини бермаган одам ўғрилик қилган кишига тенглаштирилади. Оловга нопок нарсани ташлаб ёқиш қораланади.
“Авесто” китобида эзгулик оламини яратувчи Аҳура Мазда билан ёмонлик олами худоси Ангра Маню (Аҳриман) қарама-қарши қўйилган. Улар ўртасидаги муносабатни тасвирлаш давомида Митра, Анахита, Каюмарс, Жамшид, Гершасп каби қаҳрамонлар иштирок этган воқеалар баён этилади. Хуллас, “Авесто” уч минг йил муқаддам яшаган ота-боболаримизнинг ҳаёт тарзи қандай бўлганидан аниқ ва далилий хабар берувчи гўзал тарихий-адабий ёдгорликдир. Унинг ҳозирги бизга маълум бўлган энг қадимги 1324 йилда кўчирилган нусхаси Копенгаген шаҳрида сақланади.
Профессор Н.М.Маллаевнинг маълумот беришича, мифлар ҳақида яна “Бундахишн” китоби ҳам бор. “Мифологияга кўра, Гайа Мартан (Каюмарс) ер юзида пайдо бўлган биринчи одам бўлиб, гўё у Аҳура Мазда (Ҳурмуз) томонидан яратилган ва икки вужуддан: ҳўкиздан ва одамдан ташкил топган экан. Инсониятнинг ашаддий душмани бўлган Аҳриман Каюмарсни ўлдиради. Каюмарс жасадининг ҳўкиз қисмидан 55 хил дон, 12 хил ўсимлик, сигир ва ҳўкиз, улардан эса 272 хил фойдали ҳайвонлар пайдо бўлади; одам қисмидан инсоннинг эркак ва аёл жинси ҳамда металл вужудга келади” . 
Туркий халқлар мифик дунёси акс этган тарихий-адабий китоблардан бири “Китоби Дада Қўрқут” ҳисобланади. Қўрқут ота исми билан ҳам машҳур бўлган Дада Қўрқут ўз вақтида одамларга яхшилик қилиш, мушкулларини осонлаштиришда кўмакдош бўлган. Келгуси ҳаёт ҳақида башорат қилувчи, Аллоҳ назар солган табаррук инсонлардан бири сифатида ҳурмат топган. Ҳазрат Алишер Навоий “Насойиму-л-муҳаббат” тазкирасида бу зот ҳақида шундай дейди: “Қўрқут ота р.а.
Турк улуси орасида шуҳрати андин ортиғроқдурки, шуҳратқа эҳтиёжи бўлғай. Машҳур мундоқдурки, неча ўзидин бурунқини, неча йил ўзидин сўнгги келурни дебдурлар. Кўп мавъизаомиз мағизлиқ сўзлари арода бор” . Навоий томонидан айтилган фикрдаги сўнгги жумлага эътибор қилсак, Дада Қўрқут ўз ҳаёти давомида қилган ишлари, маъноли сўзлари билан юртда машҳур эканлиги маълум бўлади. Ҳақиқатан ҳам, китобда катта ҳаёт тажрибасига эга улуғ ёшли инсоннинг дунё ҳақидаги хулосавий фикрлари ўрин олгандек туйилади. “Аллоҳ, аллоҳ демагунча иш унмайди, қодир Тангри бермагунча ер бойимайди”, - дейди у. “Такаббурликни Тангри севмайди. Паға-паға қор ёғса ҳам ёзга қолмайди. Қари душман дўст бўлмайди” каби доно фикрларни баён қилади. Дада Қўрқут тилга оид қизиқ фикрларни ҳам билдиради. Хусусан:

“Айран сўзин дуйран демадим, ман Дада Қўрқут
Тикан сўзин сўкан демадим, ман Дада Қўрқут”, - дейди у.

Бу ўринда “айрон” сўзида айирмоқ, “тикон” сўзида эса тикмоқ маъноси борлигига ишора қилинмоқда. Аслида эса айрон қатиққа ёки сузмага сув қўшишдан ҳосил бўлиши, тикан эса жароҳат етказганда, тикмаслиги, балки баданни сўкиши қайд этилмоқда. Шубҳасиз, “Китоби Дада Қўрқут”нинг қиммати унда берилган 12 афсона билан янада ортади. “Бўғочхон”, “Тепа кўз”, “Эмрон”, “Согрек”, “Бамси Бейрек” каби афсоналарда туркий халқлар оғзаки ижодининг дастлабки намуналари, мифик дунёқарашга асосланган воқеалар тасвири берилган. Хусусан, ўғил-қизи бор одамлар билан фарзандсизларни ажратиш, отага ўғилни ёмонлаб отанинг ўғли қотилига айланишини тасвирлаш, қонли кўйлакни кўрсатиб, кўйлак эгасини ўлдига чиқариш, циклоп (пешонасида бир кўзи бор алп) – тепа кўздан элни озод қилиш, қизни қўриқлаётган ҳайвонларни енгиб, қизга уйланиш, турмушга чиқадиган қизни мусобақада енгиб унга эга бўлиш каби узоқ ўтмишга оид асарларда тасвирланган воқеалар билан танишамиз. “Китоби Дада Қўрқут” туркий халқлар мифологияси акс этган энг қадимги мукаммал китоблардан биридир.
Туркий мифологияга оид воқеа-ҳодисалар тасвирланган яна бир китоб “Ўғузнома” деб аталади. “Ўғузнома”да воқеалар баёни қисқа-қисқа жумлалар воситасида берилган. Жами 42 мактубни эслатувчи матннинг ҳар бирида тўққизтадан жумла бор. Ҳар бир жумла ифодаланаётган воқеа ҳақида муҳим маълумот бериш вазифасини бажарган. Ўғуз исмли қаҳрамон бўлиб, номада тасвирланишича, оёғи ҳўкизникидек бақувват, бели бўриникидек ингичка, яғрини силовсинникидек, кўкраги айиқникидек кенг эди. У йилқи боқиб юрадиган ўрмонда каркидон яшарди. Каркидон эл-юртни азобга ботирганди. Ўғуз қоғон ёвуз ҳайвонни ўлдириш учун овга чиқди. Уни ўлдирди. Кўкдан бир нур тушди. Унинг ичида бир қиз бор эди. Ўғуз уни севиб қолди, бирга бўлди. Кун, Ой, Юлдуз исмли фарзанд кўрди. Кейинроқ бир дарахтни кўрди. Унинг кавагида бир қиз ўтирар эди. Ўғуз у билан бирга бўлди. Кўк, Тоғ, Тенгиз исмли фарзандларга эга бўлди. Ўғуз ўзини хон деб эълон қилди. Итил дарёсидан ўтиб кўп ерларни босиб олди. Унга бутун сафари давомида кўк бўри раҳнамолик қилди. Қирғин урушларда қатнашди. Ҳаммасида ғолиб чиқди. Бир кун туш кўрди. Тушида олтин ёй ва учта кумуш ўқ кўрди. Кейинчалик ёйни ва ўқни фарзандларига берди. Юртни уларга мерос қолдирди.
Қисқача мазмундан маълум бўляптики, “Ўғузнома”да туркий халқлар мифик дунёқарашидаги бўри, от, айиқ тотемлари, кун, ой, юлдуз, кўк, тоғ, денгиз, ёй, ўқ фетишлари муҳим ўрин олган. Номада Кўк бўри Ўғузхонга бир неча марта йўл-йўриқ кўрсатади, уни хавфдан огоҳ қилади, унга ғалаба хабарини беради. Бу билан анимизм белгиларининг “Ўғузнома”да етакчи эканини далиллаш мумкин.
Хуллас, ўзбек мифик оламини алоҳида бир сирли оламга қиёслаш мумкин. Унда халқимиз, юртимиз, тарихимиз ўзининг мукаммал рамзий қиёфасини намоён этади. Айни чоқда ўзбек халқининг қадим замонлардан бой оғзаки ижодга ва мифик асарларга эга бой халқ эканини исботлайди.

Савол ва топшириқлар:
1.    Миф ва мифология ҳақида қандай маълумотларга эгасиз?
2.    Тотемизм, фетишизм, анимизм тушунчалари ҳақида гапиринг, уларнинг фарқини тушунтиринг.
3.    “Авесто” ҳақида нималар биласиз?
4.    “Китоби Дада Қўрқут” қандай асар?
5.    “Ўғузнома”нинг қисқача мазмунини айтиб беринг.
6.    Маҳалладаги қариялардан от, бўри, илон, бургут ва бошқа тотем ҳайвонлар ҳақидаги ҳикояларни эшитинг, ёзиб олинг.
7.    Турли нарсалар, ранглар ва туш хосияти ҳақида маълумотлар тўпланг.


Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 43-56.
2.    Маллаев Н.М. Ўзбек адабиёти тарихи. Биринчи китоб. - Т.: Ўқитувчи, 1971. – Б. 41-55.
3.    Маҳмудов Т. “Авесто” ҳақида (сўнгги сўз) / Авесто. - Т.: Шарқ НМАК, 2001. – Б. 358-383.
4.    Саримсоқов Б. Ўзбек фольклорининг тарихий тараққиёти (қадимги давр фольклори) / Ўзбек фольклори очерклари. 1-том. - Т.: Фан, 1988. – Б. 25-35.
5.    “Авесто” тарихий-адабий ёдгорлик. - Т.: Шарқ НМАК, 2001.
6.    Деde Korkut Kitabї (Metїn - Sözlük). Prof. Dr. Muharram Ergin. – Istanbul: Ebri, 1986.
7.    Дада Қўрқут ҳикоялари (таржимон З. Очилова). - Т., 2010.
8.    Ўғузнома (нашрга тайёрловчи Бахтиёр Исабек). - Т.: Ơzbekiston, 2007.



ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ЖАНРЛАРИ

Ҳар бир фан, соҳанинг муҳим назарий масалалари бўлади. Бадиий адабиётни ўрганувчи фан адабиётшунослик деб аталади. Халқ оғзаки поэтик ижодини ўрганиш соҳасини фольклоршунослик деймиз. Фольклоршунослик адабиётшунослик таркибидаги мустақил фан ҳисобланса-да, ўрганиш объекти бадиий адабиёт бўлгани сабаб бир қатор умумий ва муштарак жиҳатлари бор. Хусусан, жанрлар масаласи адабиётшунослик учун ҳам, фольклоршунослик учун ҳам муҳим ҳисобланади. Фақат адабиётшуносликда ёзма адабиёт вакиллари қаламига мансуб ғазал, рубоий, достон, нома каби (мумтоз адабиёт); шеър, ҳикоя, роман, драма кабилар (замонавий адабиёт) нинг жанр хусусиялари ўрганилади. Фольклоршуносликда эса халқ оғзаки адабиётидаги мақол, қўшиқ, эртак, достон каби жанрларнинг ўзига хослик томонлари тадқиқ этилади. Аммо қайси шаклда яратилган адабиёт эканидан қатъи назар ҳар бир йўналишдаги ютуқлар ва кашфиётлар адабиётшунослик илми тараққиётига қўшилган ҳисса сифатида баҳоланаверади. Аввало, бадиий асарлар яратилиш жинси ёки турига кўра уч хил бўлишини эсга олайлик. Бадиий адабиёт – сўз санъати экани ҳақида маълумот берганимизда жинс ва турларни айтиб ўтган эдик. Энди ана шу тушунчаларни мустаҳкамлаймиз. Умуман олганда, жаҳон адабиётида учта жинснинг мавжудлиги (эпос, лирика, драма) қайд этилган, тан олинган. Жанр деганда, ана шу учта жинсдаги асарлар таркибини ташкил қилувчи кичик турлар тушунилади. Масалан, ёзма адабиётда эпик асарлар турини роман, қисса, ҳикоя жанрлари, оғзаки адабиётда эртак, достон, латифалар ташкил этади. Яъни жинс номи сақланиши, таркиби эса асар яратилиш усулига кўра (оғзаки ёки ёзма) бошқа-бошқа жанрлардан иборат бўлиши мумкин.
Эпос – юнонча “epos” – ривоя, ҳикоя, қўшиқ сўзидан иборат бўлиб, бадиий адабиётда воқеа, ҳодисани баён қилиш, ҳаётий лавҳанинг тафсилотларини ифодалаш маъносини англатади. Таърифдаги “қўшиқ” сўзига ажабланиш керак эмас, чунки қадимги юнонлар назарда тутган қўшиқлар сўзнинг ҳозирги пайтда тушунилишидан фарқли равишда воқеа-ҳодисани баён қилиш хусусиятига эга эди. Бадиий адабиётдаги эпик жинсда бирон воқеа бадиий сўз воситасида ҳикоя қилинади. Халқ оғзаки ижодида бундай жинсга мансуб жанрлар афсона, нақл, ривоят, эртак, достон, айрим термалар, латифа, лофлардан иборатдир. Мазкур назарий масалани илмий асосда ўрганган олим Баҳодир Саримсоқов аввал қайд этилган уч жинс қаторига тўртинчисини ҳам қўшган ва “махсус тур” деб атаган. Бу тур таркибини: “оддий ўтириш олқишлари, қарғиш, сўкиш, мақол, матал, топишмоқ ва бошқа хилдаги юмуқ иборалар” , - деб белгилаган. Ҳақиқатан ҳам, қайд этилган жанрларда бир томондан муайян вазият, воқеа-ҳодиса ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун аниқ маълумот, ахборот мавжуд бўлишига қармай, айтилган матннинг ҳажм жиҳатдан ўта ихчамлиги алоҳида кўзга ташланади.
Таниқли фольклоршунос олимлардан В.М.Жирмунский ва Ҳ.Т.Зарифов ўзбек халқ оғзаки ижодидаги достонларни “Қаҳрамонлик эпоси” деб атаганлар. 1947 йилда Москвада эълон қилинган катта ҳажмдаги китобни “Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси” деб атаганлар ва унда “Алпомиш”, Гўрўғли туркумига оид достонлар, “Кунтуғмиш” каби ишқий-романик достонлар таҳлил этилган.      
Лирика – лира деб аталган қадимги юнон мусиқа асбобининг номидан олинган бўлиб, бадиий адабиётда инсон ҳис-туйғусини, ички кечинмаларини ифодаловчи асарлар назарда тутилади. Маълумки, ҳаётда турли воқеа-ҳодисалар рўй беради. Лирик асарларда ана шу турмуш лаҳзалари таъсирида шахс қалбида пайдо бўлган кечинмалар ифодаланади. Ана шу хусусияти билан лирика эпосдан фарқланади. Чунки бундай асарларда бош мақсад содир бўлган ҳаётий воқеани эмас, балки ана шу воқеага нисбатан ички муносабат тарзида ифодаланувчи руҳий таассуротларнинг намоён бўлишини изоҳлайди. Шунинг учун лирик асарларда акс этган воқеа баёнини айнан эмас, нисбий тушуниш лозим. Масалан, “Алпомиш” достони “Бурунги ўтган замонда, ўн олти уруғ Қўнғирот элида Добонбий деган ўтди. Добонбийдан Алпинбий деган ўғил фарзанд пайдо бўлди. Алпинбийдан тағин икки ўғил пайдо бўлди: каттаконининг отини Бойбўри қўйди. Кичкинасининг отини Бойсари қўйди”, - деб бошланади. Ўз-ўзидан маълумки, Фозил Йўлдош ўғли достонни тингловчига айтилажак асардаги воқеалар қандай бошлангани юзасидан маълумот бермоқчи. Матнда бахши Қўнғирот, Добонбий, Алпинбийлар билан тингловчини таништирмоқда. Аслини олганда, достоннинг тўлиқ мазмуни ана шундай хабарлар тизимидан иборат. Энди лирик қўшиқдан бир намуна келтирайлик:

“Толга чиқиб тол бўлдим,
Тушолмай беҳол бўлдим.
Ўз тенгимнинг ичида
Мунча бетоле бўлдим” .   

Қўшиқ айтаётган қизми, йигитми толга чиққани, тушгани ҳақида хабар бераётгандек туйилади. Ваҳоланки, унинг мақсади бизга қилган ҳаракатини айтиш эмас. Балки ўз тенгини топа олмай қалбан изтироб чекаётганини изҳор қилишдир. Тол эса шунчаки бир восита, холос. Одатда, қўшиқларнинг дастлабки мисралари, кўпинча, тингловчини чалғитиш ёки ниманидир ифодалаш мақсадида тўқилади. Асосий мақсад охирги мисрада, баъзан 3-4-мисраларда ифодаланади.
Яна бир қўшиқ матнига мурожаат қилайлик:

Дайрани ул юзидан сел келади,
Сел билан икки ўрдак тенг келади.
Ўрдакка ўрдак муносиб, ғозга ғоз,
Йигитга қайлиқ муносиб, қизга ноз.

Бу қўшиқда дарёдан тошиб келаётган сел, сел билан тенг учаётган ўрдак, ўрдакнинг ўрдакка, ғознинг ғозга муносиблиги, йигитнинг орзу қилган қизда ноз, истиғнони кўриш ҳаваси борлигини ифодаловчи восита, бир баҳона, холос. Йигитнинг асосий нияти ўзига муносиб деб билган ёр тавсифи, унинг ўта андишали қиз эканини таърифлашдир. Шундай қилиб, инсон қайси восита билан бўлмасин, ўзининг ҳис-туғусини, ички кечинмаларини, руҳий ҳолатини изҳор қилар экан, лирик асар намунаси вужудга келади. Шунинг учун ҳам айрим иқтидорсиз шахсларнинг маъносиз қофиялар йиғиндисидан иборат шеърий асарларини лирика намунаси деб бўлмайди. Ҳақиқий маънодаги лирик асар инсонни лоқайд қолдирмайди, унга маънавий ҳузур бағишлайди, эстетик роҳат беради.
Халқ оғзаки ижодидаги ҳар бир лирик қўшиқ қачонлардир дил сўзларини айтиш билан руҳий оламидаги ўзгаришларни билдирмоқчи бўлган йигит-қизларнинг қалб дафтаридаги муҳрланган мисралардан иборат. Ҳатто болалар фольклорига мансуб аллаларни оласизми, “Бойчечак”, “Офтоб чиқди оламга” қўшиқларини оласизми, лирик асарлар талабига жавоб бериши шарт деб ҳисоблаш керак.
Хуллас, лирик қўшиқлар асрлар давомида халқ оғзаки ижодидаги қалб изҳорини ифодаловчи асосий жанр сифатида яшаб келган сўз дурдоналаридир.
Драма. Юнонча “drama” сўзидан олинган бўлиб, ҳаракат, танглик, мушкуллик маъноларини билдиради. Бадиий адабиётда “драма” сўзидаги ҳаракат маъноси асос қилиб олинган ва муайян воқеа-ҳодисани саҳнада ҳаракат орқали ифодалаш тушунчаси назарда тутилади. Шубҳасиз, мазкур ҳаракат орқали сўз воситасининг етакчилигини инкор қилиш мумкин эмас. Драматик асарларда вақт, макон чекланган бўлади. Воқеанинг моҳияти драма иштирокчиларининг нутқлари билан очилади.
Халқ оғзаки ижодида драматик жанрларни, Баҳодир Саримсоқов фикрича, оғзаки драма, кулки – ҳикоя, қўғирчоқбозлик, аския жанрлари ташкил этади. Бу асарларни ижро қилувчилар фақат оғзаки нутқлари билангина эмас, товуш товланиши – интонация, юз, кўз, бош, қўл ҳаракатларини ишга солиб ҳам образ яратадилар. Оқибатда, томошабин тингловчиларни ўзига жалб қиладиган театрлашган томоша кўриниши вужудга келади. Мисол учун Йўлдош Аъзамов режиссёрлик қилган “Ўткан кунлар” бадиий филмидаги Худоёрхон ва Мусулмонқул қиёфалари билан ўйналган қўғирчоқбозликни эслашингиз мумкин. Халқ драмаси ҳақида яхшироқ тушунчага эга бўлишни истасангиз, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романидаги “Хон кўнгил очмоқчи” ва “Қизиқлар”  бобини ўқиб чиқишингизни маслаҳат берамиз. 
Халқ драмаси қатнашчилари асар мазмунини ўзлари ўйлаб топадилар. Томошага йиғилган одамлар ўртасида қаллоб қози, жиноятчи, жабрланувчи, шўрпешона она ёки хотин, бахтсиз ота, ландовур фарзанд каби ролларни бажарадилар. Узоқ ўтмишдан тортиб ўтган асрнинг ўрталаригача бозорларда, гузарларда қизиқчиларнинг саҳна кўринишларини уюштиришлари оддий одат эди.
Аския эса махсус сўз ўйини мусобақаси тарзида тўйларда, сайилларда, йиғинларда ўтказилган. Аскиябозлар икки, баъзан уч-тўрт гуруҳга бўлиниб танланган мавзу доирасида сўз асос бўлган беллашувларда куч синашганлар. Бундай анжуманларда аския иштирокчиларининг турган жойлари ўз-ўзидан саҳнага айланиб қолар эди. Тингловчилар эса аския жозибасига маст бўлиб, қаерда ўтирганларини ҳам билмай қолар эдилар. Шунинг учун юқорида қайд этилган жанрлар драматик тур таркибини ташкил этган.
Шундай қилиб, халқ оғзаки ижодидаги асарларнинг жинс ва турлари, улардаги жанрлар таркиби ҳақида умумий фикрга эга бўлдик. Энди мазкур жанрларнинг ўзаро муносабати юзасидан энг муҳим тушунчалар ҳақида тўхтаб ўтамиз. Аввалроқ қайд этганимиздек, бадиий адабиёт яратилиш усулига кўра оғзаки ва ёзма ижоддан иборат. Оғзаки ижод ёзув маданияти шаклланишидан анча олдин вужудга келган. Аммо оғзаки ижоднинг ўзи пайдо бўлишида қадимги мифларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Филология фанлари доктори, профессор Б.Саримсоқовнинг чуқур илмий тадқиқотида миф халқ оғзаки ижоди асосини ташкил эташи айтилади . Миф бадиий ижод турига кирмайди. Чунки унда бадиийлик даражаси ниҳоятда паст босқичда намоён бўлади. Бинобарин, миф халқ оғзаки ижоди таркибидан ўрин ололмайди. Лекин оғзаки ижод асаларининг шаклланишида диффузион жараён амалга ошган. Диффузия – лотинча “diffusion” – сўзидан олинган бўлиб, сингиш, тарқалиш маъноларини беради. Молекулалар, атомлар, ионлар ва коллоид зарраларининг тартибсиз иссиқлик ҳаракати натижасида бир модданинг иккинчи моддага ўз-ўзидан ўтиши, бирининг иккинчисига “сингиб кетиши”. Қарангки, аниқ фанлардаги диффузион жараён мифдан халқ оғзаки ижоди жанрларининг пайдо бўлишида бош омил бўлган экан. Хусусан, Б.Саримсоқов шундай ёзади: “Фольклористикада диффузия термини бирор жанр, мотив ёки образнинг иккинчи бир жанр, мотив ёки образга кириб бориши, сингиши натижасида уларнинг табиатида содир бўладиган структурал, семантик ҳамда функционал ўзгаришларга нисбатан қўлланилади” . Соддароқ қилиб айтганда, мифдан воқеа тасвири, яхшилик ва ёвузлик ўртасидаги муросасиз кураш, образнинг дастлабки элементлари таркибида аста-секин афсона; афсона таркибида эртак; эртак ривожи натижасида достон жанрларининг шаклланиши ва алоҳида жанр сифатида мустақил тараққий этишини оғзаки ижоддаги диффузия жараёни билан изоҳлаш мумкин бўлади. Таниқли фольклоршунос олимлар В.Я.Пропп, Е.М.Мелетинский, З.П.Соколова халқ эртаклари бевосита мифдан вужудга келганлигини тўлиқ тасдиқлаганлар.
Тахмин қилиш мумкинки, диффузия тизими асосида халқ оғзаки ижодидаги йирик ҳажмдаги эпик асарлар шаклланган. Лирик жанр қўшиқ, мақол, матал, топишмоқ ва бошқа кичик жанрлар оғзаки ижоднинг бадиий ижод сифатида шаклланиши жараёнида аста-секинлик билан пайдо бўлган. Мақол ва топишмоқлар жанри юзасидан маълумот берганимизда эртак ва достонлардан парча келтириш бежиз эмас. Бугунги кунда ҳар бир асар мустақил жанр намунаси сифатига эга бўлса ҳам, умуман, оғзаки ижодимиз асарлари матни билан танишганимиз сари жанрлар ўртасидаги алоқалар қанчалар узвий эканига ишонч ҳосил қилиб борамиз.
З.Ҳусаинова мақол ва топишмоқ ўртасидаги яқинлик ҳақида тўхтаб шундай дейди: “Топишмоқ маъно ва айтилиши жиҳатдан мақол бўлиб келиши мумкин. Бундай мақоллар дастлаб топишмоқ тарзида вужудга келиб, кейинчалик мақолга айланган. Тил ҳақидаги

Бировни суйдирар,
Бировни куйдирар.

Асалдан ширин,
Заҳардан аччиқ

топишмоқлари

Суйдирган ҳам тил,
Куйдирган ҳам тил.

Ширин сўз – шакар,
Аччиқ сўз – заҳар

шаклида мақол сифатида қўланилади” . Олима болалар қўшиғи топишмоқ бўлиб келиши мумкинлигини айтиб мисол келтиради:

Ёмғир ёғалоқ,
Тарвуз юмалоқ,
Жаладан қўрқмас,
Лаққа бақалоқ .

Жанрлар ўртасидаги яқин алоқани бир асарнинг достон ва эртак варианти борлигидан билса ҳам бўлади. Жумладан, “Тоҳир ва Зуҳра”нинг достон ва эртак вариантлари машҳур. Қизиғи шундаки, эртакдан Тоҳир ва Зуҳранинг қўшиқ тарзидаги айтишуви ҳам ўрин олган:

Тоҳир:
Сув келар ахта-ахта,
Сандиғим темир тахта,
Сендан бошқа ёр қилсам,
Қон ютай лахта-лахта.

Зуҳра:
Сув келар тош устида,
Рўмолим қош устида.
Тоҳир эсимга тушса,
Йиғлайман ош устида .

Достонларнинг халқ қўшиқлари билан узвий алоқасини “Алпомиш” достонида аниқ кўриш мумкин. Ҳакимбек Барчин билан Ултонтоз тўйи куни юртига қайтиб келади ва тўйда Қултой қиёфасида қатнашади. Шунда у аввал Бодомбекач билан, кейин Барчин билан ёр-ёр айтишади:

“Қултой”:
Ой Барчиним ёр-ёр,
Гул Барчиним ёр-ёр,
Ақлинг бўлса, ўйла-да,
Бил Барчиним ёр-ёр.
Ултонтозга текканча,
Ўл, Барчиним ёр-ёр.

Барчин:
Уй демайин қайнаға,
Буй дейсана, ёр-ёр,
Булбул қўнар тўқайнинг
Жийдасина ёр-ёр.
Ултонтозга текканча,
Қора ерга тег дейсана ёр-ёр .

Достон ва эртаклардаги тасвирий муштараклик ҳам алоҳида тадқиқот юритишга арзийдиган мавзудир. Қаҳрамонларнинг ташқи қиёфаси, қиз – маликаларнинг гўзаллиги тавсифи шу қадар ўхшаш тасвирланадики, баъзан матнни ўқиётганимизда асар достон ёки эртак эканини унутиб қўямиз. Масалан, “Малика айёр” достонида Шозаргар вазият тақозоси билан сичқонга, узукка, тиши олмос каламушга, боши олмос ўқ илонга, ва ниҳоят, кал қиёфасидаги қиморбозга айланади. Достоннинг бу саҳифалари кўпроқ эртаклардаги трансфигурация (бир қиёфадан бошқа қиёфага ўтиш) усулини эслатади.
Бундан ташқари афсона, ривоят, эртак, достон матнларида ўнлаб мақолларнинг қўлланилишига гувоҳ бўламиз. “Алпомиш” достонининг ўзида:

Султон суягини хўрламас.

Ғамли қулнинг ўйлайдиган ўйи бор.

Кучук босмас йўлбарс, шернинг изини,
Эси бор билади гапнинг тузини.

Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога.

Дўстга зор айлама, душманларга хор.

Элакка борган хотиннинг эллик оғиз гапи бор

каби бир қатор мақол, матал, ҳикматли сўзлар асар матнини безаб турибди.
Халқ оғзаки ижоди жанрлари, уларнинг таркиби, аввало, уларнинг жинс, тур, жанрларга бўлинишидан ташқари бир бутун мерос эканини тасдиқлайди. Жанрлараро яқинлик оғзаки ижоднинг асрлар давомида дунёқараши жиҳатидан яқин ижодкорларнинг иқтидори маҳсули натижаси сифатида баҳоланиши мумкин. Оғзаки асар қайси жанрга тааллуқли эканидан қатъи назар ёш авлоднинг баркамол фарзанд бўлиб етишишини  таъминлаш мақсадини амалга оширишда халқ хизматида бўлган.


Савол ва топшириқлар:
1.    Бадиий адабиётнинг, хусусан, халқ оғзаки ижодининг жинс (тур), жанрларга бўлинишини изоҳланг.
2.    Эпос, лирика, драманинг ўхшаш ва фарқли томонлари ҳақида сўзланг. Ҳар бир жинснинг хос хусусиятларини таърифланг.
3.    Диффузия жараёнини Сиз қандай тушундингиз?
4.    Халқ достонлари, эртакларидан намуналар ўқинг, улардаги бошқа жанрлар билан алоқали ўринларни аниқланг.


Адабиётлар:
1.        Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 84-99.
2.    Саримсоқов Б., Ўзбек фольклорининг жанрлар состави / Ўзбек фольклори очерклари. 1-том. - Т.: Фан, 1988. – Б. 63-85.
3.    Саримсоқов Б. Эпик жанрлар диффузияси / Ўзбек фольклорининг эпик жанрлари. - Т.: Фан, 1981. – Б. 97-148.
4.    Ҳусаинова З. Топишмоқлар / Ўзбек фольклори очерклари. 1-том. - Т.: Фан, 1988. – Б. 98-128.
5.    Жўраев М., Нарзиқулова М.. Миф, фольклор ва адабиёт. - Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, 2006.
6.    Жўраев М., Шомусаров Ш. Ўзбек мифологияси ва араб фольклори. - Т.: Фан, 2001.
7.    Ойжамол. Ҳаётий эртаклар. - Т., 1969. – Б. 60-72.
8.    Алпомиш. Достон. - Т.: Шарқ НМАК, 1998. – Б. 381.
9.    Қодирий А. Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён. - Т., 1992. – Б. 418-426.




АФСОНА ВА РИВОЯТЛАР

Афсона форс тилидан олинган бўлиб (ﺍﻔﺴﺎﻨﻪ), маъно моҳиятида икки тушунча етакчилик қилади: 1 – бирор воқеани, лавҳани ҳикоя қилиш; 2 – бу ҳикоя уйдирма, тўқималардан иборат бўлиши. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида сўзнинг бир неча маънолари кўрсатилган: “афсона бўлмоқ”, “афсона тўқимоқ”, “афсонавий” ва бошқалар. Лекин асосий маъно тафаккур фантазияси билан боғлиқ бўлиб, ақл бовар қилмайдиган уйдирма воқеаларни ҳикоя қилиш ва шу билан шуҳратга эга бўлиш тушунчаси етакчилик қилади.
Афсона диффузион жараёнда миф таркибида пайдо бўлган, кейинчалик алоҳида жанр сифатида ажралиб чиққан халқ оғзаки ижодидаги биринчи мустақил эпик тур намунаси ҳисобланади.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асарида аввалги саҳифаларимизда эсга олинган “саw” сўзига мурожаат қиламиз:
ﺴﺎﭪْ саw – оталар сўзи. Чунончи, ﺴﺎﭬدﺍ ﻤۥﻧ۫دَﻍْ ﻜﻟ۫ر саwда мундағ кэliр – оталар сўзида шунгдоғ келади.
ﺴﺎﭪْ саw – қисса. Қадимги воқеалардан хабар бериш.
ﺴﺎﭪْ саw – ҳикоя. Бирор воқеани айтиб бериш.
ﺴﺎﭪْ саw – рисола, хат, кичик китобча.
ﺴﺎﭪْ саw – сўз, нутқ.
ﺴﺎﭪْ саw – илгариги хабарлар, янгиликларни етказувчи.
Бу жанрга мансуб асарлар фикрий, ғоявий озуқани мифлардан олгани учун ҳаётнинг, инсоннинг, осмон жисмларининг пайдо бўлиши ҳақида ҳам ҳикоя қилиш анъанасини сақлаб қолган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам афсоналарда диний воқеа-ҳодисалар тавсифи кўпроқ учрайди. Халқ оғзаки ижодининг хос хусусиятларида қайд этилган шартлилик белгиси афсоналарга ҳам хосдир. Афсона айтувчи шахс ўз ҳикояси қайси мавзу ва қайси йўналишда бўлишидан қатъи назар акс эттирилаётган лавҳага тингловчининг тўлиқ ишонишини хоҳлаган. Айтилаётган хабардаги айрим аниқ маълумотлар эса муҳокама қилиш ортиқча эканини тасдиқлаган.
Афсоналар оғзаки ижодимиздаги энг оммавий жанрлардан биридир. Ифодадаги соддалик, воқеалар сонининг чекланганлиги, анъанавий қисм (бошлама)нинг, якуний қисмнинг мавжуд эмаслиги, айтувчидан махсус тайёргарлик ва маҳоратнинг талаб этилмаслиги бу жанрдаги асарлар ижросини осонлаштиради. Ҳикоя қилиш жараёнида алоҳида эстетик эҳтиросни инкор этади. Шунинг уун афсоналарни истаган ҳар бир миллат вакили айтиши мумкин.
Афсоналар мазмунида энг қадимги уйдирма ҳодисалар, муайян ҳудуд номини изоҳловчи топонимик маълумотлар шарҳланади. “Куйган ёр”, “Эллик пайса”, “Туя чўкди”, “Ошоба”, “Қонқус” каби намуналар ана шундай мавзуларни ўзида акс эттиради. Фольклор экспедицияси давомида деярли ҳар бир қишлоқ, булоқ, тепалик, сув манбалари ҳақида ҳайратомуз афсоналарни ёзиб олиш имкониятига эга бўлганмиз. Эртаклардан фарқли ўлароқ уларда сюжет тизимининг барқарорлиги кузатилмайди. Уларнинг мавзу йўналишини учга бўлиб таҳлил қилиш мумкин:
1.    Соф мифологик афсоналар.
2.    Тарихий воқеа-ҳодисаларни изоҳловчи афсоналар.
3.    Маҳаллий ҳудудлардаги географик номлар билан боғлиқ афсоналар.

Ҳазрат Хизр, Эр Хубби, Одами Од, Илёс номлари билан боғлиқ афсоналарда инсонларнинг ҳаётига ҳомийлик қилиш, ўрни келганда, йўл кўрсатиш, мушкулни осон қилиш ғояси илгари сурилади. Хизр ҳар бир одамнинг ҳаёти давомида бир неча марта учрайди, деган ақида халқимизда сақланган. Фольклоршунос олимлар М.Жўраев ва Ш.Шомусаров “Ўзбек мифологияси ва араб фольклори” китобида шундай афсонани мисол келтиришади:
“Хўжаи Хизр ҳар куни пешин намозини Бухородаги Мағоки Аттори масжидида ўқир экан. Бир куни намоз ўқийдиганлар орасида Хўжаи Хизр ҳақида гап бўлиб қолибди. Бир улуғ шайхнинг муриди шундай дебди:
- Мен ҳар куни намозни шу ерда ўқийман, лекин бирор марта ҳам Хизрни учратганим йўқ.
Шунда шайх ўз муридига:
- Сен қирқ кун тоат ибодат билан намозингни ўқисанг, албатта, Хизрни кўрасан, - дебди.
Мурид қирқ кун намозни канда қилмай ўқийди. Қирқинчи кун жулдур кийинган бир чол унинг ёнига намоз ўқиш учун ўтирибди.
Мурид:
- Мен қирқ кун намозни канда қилмасдан ўқидим. Лекин барибир Хизрни кўрмадим, - деб ташқарига чиқиб кетибди. Ҳалиги жулдур кийинган чол ҳам муриднинг орқасидан чиқибди. Мурид бу чолдан неча ёшга кирганлигини сўрабди. Чол бўлса:
- Неча ёшга кирганлигимни билмайман, лекин Бухоро етти марта бузилиб, етти марта бунёд бўлганлигини кўрдим. Бу масжид дарёнинг энг чуқур жойида қурилганлигини ҳам биламан, - дебди.
Мурид “бу чол жулдур кийимли десам, эс-ҳуши ҳам жойида эмас экан”, - деб шайхининг ҳузурига борибди-да:
- Мен қирқ кун намозни канда қилмасдан ўқидим, лекин Хизрни кўрмадим, - дебди.
- Унда кимни кўрдинг, - деб сўрабди шайх.
- Бир жулдур кийимли чолни кўрдим. У Бухоронинг етти марта бузилиб, етти марта бунёд бўлганини кўрдим, деб айтди, - дебди мурид.
- Сен кўрган киши Хизр бўлади. Бухоронинг етти марта бузилиб, етти марта бунёд бўлганлигини Хизрдан бошқа киши кўрмаган. Сен гумроҳ эса буни билмагансан, - дебди шайх” . 
Бундай мавзудаги афсоналарда халқнинг ҳар бир ишни, яхшилик ва эзгуликни сидқидилдан, тамасиз қилиш керак, деган ўта муҳим ғоя сингдирилган бўлади. Агар эътибор берган бўлсангиз, мурид биринчи навбатда намоз ўқишини бир неча марта писанда қилди. Иккинчидан, у атайин Бухородаги Мағоки Аттори масжидида намоз ўқийди. Чунки у Ҳазрат Хизрнинг айнан шу еда намоз ўқишини эшитган. Ўз-ўзидан муриднинг намозни ҳам бежиз ўқимаслиги, масжидни ҳам сабабсиз танламагани маълум бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам тақдир уни ғафлатда қолдирди. Қирқ кун Мағоки Аттори масжидида канда қилмай намоз ўқиган одамга Хизр учрайди, деган ақида ҳақ бўлиб чиқди. Лекин муриднинг тоатида тама яширингани боис у Хизрни учратганини ўзи билмай ғафлатда қолди. Аслини олганда, афсонанинг бош ғояси – мурид ўқиган ҳамма намозлар ҳам бекор бўлиб чиққани аёнлашади. Яъни тоатни, хусусан, бировга қилинадиган яхшиликни беғараз амалга оширгандагина одам савобга эга бўлади, деб таъкидланмоқда.
Мавзу жиҳатдан иккинчи турга мансуб асарларда тарихий воқеа-ҳодисалар, турли удумларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳикоя қилинади. Масалан, баҳор фаслида экин-тикин ишлари бошланиб, дастлабки уруғлар ерга сепилган бир вақтда тўсатдан ҳавонинг авзойи бузилса, Мусо пайғамбар билан бир деҳқон ўртасида рўй берган воқеа эсга олинади:
“Кунлардан бир кун Мусо пайғамбар Худо олдига кетаётган экан, эрта баҳор бўлишига қарамай, дон экаётган деҳқонни кўриб қолибди. Мусо унга ҳали дон экишга эрта эканини айтибди. Деҳқон тажрибасига ишониб, унинг гапини рад қилибди. Худо билан суҳбатда Мусо бу мунозара ечимини сўраганида, Худо деҳқоннинг ҳақ эканини, аммо Мусо гапини энди инобатга олиши кераклигини билдирибди. Шундай қилиб, Мусо Худо олдидан қайтаётганида, ҳаво совуган, қор шамоли эсаётганмиш. Деҳқон эса ҳайрон бўлиб, осмонга қарармиш. Шунда Мусо ўзининг ҳақ эканини деҳқонга эслатибди. Деҳқон истеҳзо билан кулиб: “Дон экиш вақти келишга-ку келган, ҳавонинг бузилиши менинг сен билан тортишганим оқибатидир”, - деган экан. Шу-шу экиш вақтида ҳаво бузилса, деҳқоннинг пайғамбар гапига кўнмаганини эслашаркан”.
Афсоналар бадиий ижоднинг дастлабки намунаси сифатида одам қалбида ишонч туйғусини ҳосил қилишга, ҳар бир инсоннинг ўз қобилияти, ҳаракати натижасида бахтини топиши мумкинлигига умид пайдо бўлишига хизмат қилган. Масалан, қадимдан тақдир тушунчаси одамларнинг онгида мавжуд бўлган. Ҳар бир кўнгилсиз мушкулотни одам тақдир, деб қабул қилган. Аммо шундай афсоналар борки, уларда инсон тақдири унинг ўз қўлида экани таъкидланади. Яъни инсон хатти-ҳаракати, нияти, айниқса, кескин қарори билан қисматида ўзгариш ясаши мумкинлиги уқтирилади.
“Мусо кунлардан бир кун Тангри олдига кетаётганида, йўлда оёқ-қўли йўқ мажруҳ бир одамни кўрибди. Одам ундан ўзининг тақдирига жаннат ёки дўзах ёзилганини билиб беришни сўрабди. Тангри пайғамбарга: “У одамнинг охирги жойи дўзах бўлади. Чунки умр бўйи уни емак-ичмакка муҳтож қилмадим, аммо бирон марта “Худога шукр” демади”, - дебди. Мусо пайғамбар қайтишида ҳалиги одам ундан жавоб кутибди. Пайғамбар бор гапни айтибди. Шунда одам: “Бўмаса Худога айт, мен ўлганимда, танамни шунақа катта қилиб юборсинки, бошқа ҳеч кимга дўзахдан жой қолмасин”, - дебди. Ана шу гапдан кейин бечора банда жаннати бўлган экан”.
Маълум бўладики, тақдир тақдир билан, аммо инсон муайян вазиятдаги ўзининг ноанъанавий қарори ёки ҳаракати билан катта бахтга эришиши ҳам мумкин бўлади.
Яна бир тур афсоналар топонимик мавзуларга бағишланган бўлади. “Нурота”, “Ҳазорасп”, “Ўш”, “Балиқчи қишлоғи”, “Обшир ота” каби ўнлаб афсоналарда шаҳар, қишлоқ ёки яна бошқа географик жойларнинг номлари изоҳи берилади. Топонимик афсоналарнинг ўзи ҳам мавзуга кўра турларга ажралади. Ҳатто фақат сувли жойларга бағишланган намуналарни оқар сувлар, булоқлар тизими билан тасниф қилиш мумкин. Чунки ўзбек халқ оғзаки ижодидаги афсоналар мавзу ва ифодаланган ғоя жиҳатдан хилма-хил ва ранг-барангдир. Масалан, Ҳазорасп ҳақида жуда қадимдан шундай бир афсона етиб келган:
“Қадимда бу шаҳар ўрнини қалин саксовулзор эгаллаган бўлиб, бу ерда бешта булоқ бор экан. Сеҳрли қанотли отлар галаси учиб келиб, шу булоқдан сув ичаркан. Сулаймон исмли бир киши уларни қўлга ўргатмоқчи бўлибди. Бунинг учун у бир сеҳргарнинг маслаҳати билан булоқ сувига май аралаштирибди. Шундан кейин мингга яқин афсонавий от учиб келиб, булоқ сувидан ичиб, маст бўлиб қолишибди. Парвоз қила олмай қолган отларни Сулаймон қўлга тушириб, қанотларини қирқиб ташлабди. Натижада, бу отлар қанотидан айрилиб, ерда юрадиган ҳайвон бўлиб қолишибди. Шундан сўнг от насли одамнинг яқин дўсти ва хизматкорига айланиб қолган экан.
Отлар қўлга туширилган булоқлар ўрнида пайдо бўлган шаҳарга Ҳазорасп деб ном қўйибдилар” (Ҳазорасп – мингта от маъносини англатади).
Хуллас, афсоналарни тасниф қилишда уларнинг мазмуни асос ҳисобланади.
Шу билан бирга бундай асарларни ёзиб олиш давомида кишининг хаёлига келмаган қизиқ-қизиқ мазмундаги афсоналарга дуч келишимиз мумкин:
“Худо дунёдаги ҳамма халқларга ер юзидаги ерларни бўлиб берибди. Ўзи билан ўзи овора бўлган ўзбек ўша тақсимотга ҳам кечикиб борибди. Бу пайтда ўзбек олиши мумкин бўлган ернинг ўзи қолмаган экан. Худо раҳмдил эмасми?! Шунинг учун ўзбекка:
- Майли, мен ўзимга икки дарё оралиғидан бир парча ер олиб қўйган эдим, шу жойга сен эгалик қила қол, - деган экан. Шу-шу ўзбек ҳозир Ўзбекистон деб аталувчи юртда истиқомат қилармиш. Бу ўлкага Худонинг назари тушгани учун кузда далада қолиб кетган кетмон баҳорда новда чиқариб гуллармиш”.
Албатта, бундай афсоналар “Ширин қиз” (Ширин исмли қиз билан ҳуснда мусобақалашмоқчи бўлган Ойнинг гўзаллик тарозиси палласида осмонга учиб кетгани ҳақидаги космогоник афсона) каби кенг оммалашмагандир, аммо ўта топқир маҳорат соҳиби томонидан ўйлаб топилган гўзал ижод намунаси даражасида баҳоланиши мумкин.
Хуллас, афсоналар мазмун жиҳатдан, асосан, ахборот етказувчи ўта содда сюжетли уйдирмалардан ташкил топади. Уларда ижод қилган миллатнинг, коинотдаги қуёш, ой, юлдуз, сайёраларнинг пайдо бўлиши, географик номларнинг изоҳи, турли-туман тарихий воқеалар, расм-русумлар шарҳи ўзининг ифодасини топади. Қадим замонлардан аждодларимиз ўз ҳаётига тегишли ҳар бир саволга, ҳар бир муаммога, анъана – удумларга, ҳатто ўзи яшаётган ватанга онгли муносабатда бўлган ва халқ оғзаки ижодининг бошқа жанрлари қатори афсоналар воситасида якуний хулосасини, тажрибасини билдирган. Фольклоршуносликда афсоналарни тадқиқ этиш оғзаки ижод тарихининг назарий ва амалий жиҳатларини аниқлаш имконини беради.
Ривоятлар. Бу сўз араб тилидан олинган бўлиб (ﺮﻭﺍﻴﺖ), ҳикоя, қисса маъноларини ифолайди. Ривоятлар афсоналардан ҳаётга яқинлиги билан фарқ қилади. Агар афсоналарда рўй бериши мумкин бўлмаган ҳодисалар ҳикоя қилинса, ривоятлардаги воқеалар, кўпинча, тарихий шахслар, таниқли алломалар, давлат арбобларининг ҳаётларидаги муайян лавҳалар юзасидан хабар беради. Баъзан бир воқеани эшитганимизда, унинг айнан рўй беришига тўлиқ ишонамиз, баъзан алоҳида фантастик тасвирдан холи бўлса ҳам ҳикояга ишонмаслигимиз мумкин. Шунинг учун афсона ва ривоят ўртасида кескин фарқни белгилаш қийин кечади. Ҳар ҳолда кўп йиллик тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ишонилган воқеани ривоят, ишониш мумкин бўлмаганини афсона деб қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки мазмун, сюжет тизими жиҳатдан афсона ва ривоятларнинг фарқи бўлмайди. Фақат ривоятлар тарихий далил, исбот илдизига эга ҳисобланадилар. Чунки ривоятлардаги воқеалар, кўпинча, унинг иштирокчиси, гувоҳи томонидан ёзиб қолдирилади ёки оғиздан оғизга ўтмишда рўй берган ҳайратомуз лавҳа сифатида ўтиб яшайди, аждоддан авлодга маданий мерос тарзида сақланади.
Ривоятлар ўзида акс эттирган воқеа баёнига кўра афсоналар каби эпик жинсга мансубдирлар. Улар ҳажм жиҳатдан қисқа бўлади. Матн ҳажми қисқа, ифодаланган воқеа лавҳалари сон жиҳатдан чегараланган. Бадиий тасвирга ортиқча урғу берилмайди, чунки уларда воқеа баёни устувор ҳисобланади. Мазмун йўналишига кўра тарихий воқелар, уларда иштирок этган шахслар жасорати ёки хиёнати асосида ёки юртимиз вилоятларидаги ўрин-жойларнинг номланишини изоҳлаш мақсадида яратилган ривоятларга бўлинади. Тарихий ривоятларда Тўмарис, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур каби юрти озодлиги ва мустақиллиги учун жонини қурбон қилган эл фарзандлари мардлиги, шу билан бирга ўзининг ўткинчи ҳирсий нафси йўлида ватанига хиёнат қилган Далварзин, Гулдурсунга ўхшаган хиёнаткор шахслар кирдикорлари ҳикоя қилинади. Мард, жасурларнинг ишлари ҳам, хоинларнинг хиёнати ҳам унутилмайди.
Ўзбекистон – дунёда ўзининг илмий кашфиётлари, фан ривожига қўшган ҳиссалари, бадиий ижодда яратган асарлари билан машҳур фарзандлар юрти. Имом Бухорий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий, Беҳзод, Бобурдек улуғ инсонлар номини шарафловчи ўнлаб ривоятлар халқ қалбида сақланиб келмоқда.
Юртимиз тарихида рўй берган энг қадимги ибратли воқеа ҳақидаги ривоят эрадан аввал мустақиллик учун жон фидо қилган Тўмарис ва Широқ номи билан боғлиқдир. Шу ўринда айтиш жоизки, бу икки гўзал инсонларнинг мардлиги акс этган жасорат тарихини бир олимлар афсона, иккинчилари ривоят деб атаганлар. Филология фанлари доктори, профессор Охунжон Сафаров ўзининг “Тўмарис кўзларида чақнаган умид” мақоласида бу иккиланишга илмий асосда чек қўйди. Мақолада воқеа баёнининг ривоят жанрига мансуб экани исботлаб берилди. Ғурурланса арзийдиган жиҳати шундаки, қадимги Ўзбек юртидаги Тўмариснинг Эрон шоҳи Кирга, Широқнинг Дорога қарши қаҳрамонлиги қадимги юнон тарихчиси Ҳеродот (эрадан аввалги 484-431/426 йиллар орасида яшаган) нинг “Тарих”, юнон тарихчиси Полиэн (эрадан аввалги II аср) нинг “Ҳарбий ҳийлалар” китобида сақланиб, бизгача етиб келган. Агар бу икки тарихчи олим асарлари бутун дунёга машҳур эканлигини, эрон шоҳларига қарши чиққан ватанпарвар шахслар бизнинг аждодимиз эканини назарда тутсак, Ўрта Осиёда истиқомат қилган элнинг довруғи эрадан аввал ҳам шуҳрат қозонгани маълум бўлади.
Тўмарис Кирни 529 (э.а) йилда мағлуб этади ва ўлдиради. Широқнинг якка ўзи 513 (э.а) йилда Доро қўшини устидан ғалаба қозонади. Агар Тўмарис ҳарбий санъати билан юртини асраган бўлса, Широқ бурун, қулоқларини кесиб, гўё Доро тарафида бўлгани учун ўзини жазолангандек қилиб кўрсатади, шоҳ ишончини қозонади ва эрон қўшинларини саҳрода адаштириб мақсадига етади: юртини қонхўр ва разил душмандан халос этади. Ҳеродот ва Полиэн берган маълумотлар тарихий асосга эга бўлгани учун бугун уларни ривоят тарзида қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.
Халқ ёдида қолган ва кейинчалик ривоятларга айланган ибратли воқеалар, кўпинча, буюк инсонлар ҳаёти билан боғланади. Мана улардан бир мисол: “Ибн Сино ҳар куни бетоб, хаста одамларни қабул қилар экан. Аммо навбат бир йигитга етиб келганида, уни четлаб ўтар экан. Кунлардан бир кун йигитнинг онаси у ётган тўшак ёнига бир коса қатиқ қўйиб, ўз юмушлари билан банд бўлибди. Йигит косадаги қатиққа тикилиб ётса, шипдан бир илон тушиб қатиққа заҳарини солибди. Жонидан тўйган йигит алам устида косадаги заҳарланган қатиқни жон-жаҳди билан ичиб юборибди. Аммо бир оз ўтмай ўзини тузук сеза бошлабди. Соат ўтгани сайин у соғайибди. Эртасига анча ўзига келиб, яна Ибн Сино қабулига борибди. Бу сафар ҳам табиб уни четлаб ўтибди. Ажабланган йигит унга эътироз билдирибди. Шунда аллома:
- Сиз кеча ва авваллари келганингизда, дардингизга даво йўқ эди. Шунинг учун сизни кўрмагандим. Чунки мен сизга қатиқни тўшак ёнига қўйиш, унга илон заҳар солиши, бу қатиқни сиз ичишингиз кераклигини айта олмас эдим-да. Аммо тақдир сизга бу имкониятни етказди. Энди сизга табибнинг кераги йўқ. Сиз мутлақо соғсиз. Шунинг учун сизни четлаб ўтдим, - дебди”.
Ривоят дунёга машҳур аллома Ибн Синонинг ўз илмини қанчалар мукаммал эгаллаганини, айни пайтда, унда ҳар бир мижоздаги ўзгаришларни зийраклик билан кузатиш қобилияти ҳам ривожланганини бизга, кейинги авлодларга маълум қилиш мақсадида яратилган. Шу йўл билан бизнинг онгимиз, дунёқарашимиз, касбимизга бўлган муносабатни ҳам шакллантиришга хизмат қилишини инкор этолмаймиз. Тарихий шахслар бош қаҳрамон бўлган ривоятларда уларнинг илми, закийлиги, нозик табиати, улуғворлиги, кечиримлилиги, ҳар бир ишни сидқидилдан бажариши, энг муҳими, шахсий манфаатни кўзлашдан узоқлиги ва тамасизлиги каби фазилатлар улуғланади. Агар эътибор қилсак, уларнинг ҳар бири бизга инсоннинг гўзал сиймоси, намунаси сифатида тарғиб этилади.
Ривоятларнинг яна бир тури маҳаллий ҳудудлардаги ўрин-жойларнинг номига оидлиги билан ажралиб туради. Муҳими шундаки, бундай ривоятларда асосий эътибор тасвирланаётган воқеадаги фантастик жиҳатларга эмас, балки ҳаётни кузатиш, тўғри хулосаларга келиш, ақлни ишга солиш фазилатларига қаратилади. Масалан: “Бухоро ва Навоий оралиғида катта Малик чўли ястаниб ётибди. Унинг бир қисмини Ўрта чўл, тоғ ён бағрини эса Қарноб чўли ҳам деб юритадилар. Маликчўл елкасидан эса Зарафшон оқади. Маликнинг қоқ ўртаси – автомобиль йўли ёқасида Малик дарвозаси ва ёпиқ ҳовуз харобалари сақланган. “Малик” ривоятини бизга Қизил тепанинг Кенагас қишлоғида яшовчи машҳур Саидмурод Паноҳ бахшининг ўғли саксон ёшли уста Берди ота айтиб берган эди:
- Бир куни Бухоро амири файтунда Нурота, Кармана, Зиёдин, Султонободни айланиб келиб чарчайди-ю, чўлда соябон ўрнаттириб, дам олади. Амирнинг шотирларидан бири Малик дегич йигит экан. Амир ухлаб қолади. Шу пайтда Амирнинг бурнидан бир чивин чиқиб, сўнг сув тўла коса устида турган пичоқ устидан юриб ўтиб, сичқон инига кириб кетади. Бир оздан сўнг чивин сичқон инидан чиқиб келади-да, яна ўша сув тўла коса устидаги пичоқдан юриб ўтиб, подшонинг бурнига кириб кетади. Малик ботир бу ҳангомани кўриб ҳайратда қолади-ю, нима қиларини билмайди. Амир бўлса қаттиқ ухлаган, бошқа амалдору хизматкорлар ҳам чеккада дам олаётган экан. Малик ўша чивинни ўлдираман деса, амир уйғониб қолиб унга қўл кўтарганини кўрса, тайинки, боши кетади.
Ниҳоят, амир уйғонибди. Малик унинг қўлига сув қуйибди, амалдорлар давра қурибдилар. Амир ғаройиб тушини айтибди:
- Тушимда бир узоқ чўлга чиқиб кетганмишман. Анча юриб дарёга етибман. Дарё устида темир кўприк бор экан. Кўприкдан нариги соҳилга ўтиб, бир ғорга кириб кетибман. Ғор ичида икки хум тилла ётганмиш. Ғордан чиқиб, кўприкдан ўтиб, чўлдан кечиб яна тахтимга келиб ўтирибман. Тушимнинг таъбирини айтинглар-чи, не кори ҳол бўлар экан?
Амирнинг ҳамроҳлари бириси у, бириси бу дейишибди. Малик доно йигит экан, у сирни билибди-ю, ўзини касалга солиб ётиб олибди. “Ўзимга келиб олсам, сизларга етиб оламан”, - дебди. Амир кишилари билан жўнаб кетибди. Малик дарров кетмон олиб, ўша чивин кириб чиққан сичқон инини кавлашга тушибди.
Ҳақиқатан у ерда икки хум тилла бор экан. Малик тилладан бир халтасини олиб, аҳли номдор, донгдор усталарни бошлаб келиб, шу ерга қишлоқ қурдирибди, ҳовузлар бунёд этибди. Ана ўшандан буён чўлни “Чўли Малик” деб аташибдилар” .
Ривоятлар ҳақида айтилган фикрлардан шундай хулосаларга келиш мумкин:
1.    Ривоятлар афсоналардан фарқли равишда бевосита ҳаётда бўлиши мумкин бўлган воқеаларга асосланади.
2.    Улар мавзу жиҳатдан турларга бўлинган ҳолда ё бирон тарихий шахс ҳаётидаги ибратли воқеани баён этади, ё географик ўрин-жойнинг номини изоҳлайди.
3.    Ривоятларда бадиий тасвирдан кўра рўй берган воқеани қисқа ва ихчам, содда ва равон тарзда баён қилишга кўпроқ эътибор берилади. Аслини олганда, айнан шу фазилатлар ривоятларнинг бадиийлигини белгилайди.

Савол ва топшириқлар:
1. Афсоналар ҳақидаги маълумотларни ўқинг ва мустақил равишда уларнинг жанр хусусиятларини аниқланг.
2. Афсоналарнинг мавзуга кўра турларини кўрсатиб беринг ва ўз фикрингизни исботланг.
3. Ривоятлар билан афсоналарнинг фарқли жиҳатларини изоҳланг.
4. Маҳаллий жойлардаги аҳолидан афсона, ривоятларни ёзиб олинг.

Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 174-186.
2.    Имомов К.. Ўзбек халқ оғзаки прозаси. - Т.: Фан, 1981.
3.    Умаров С. Ривоят ва ҳаёт. - Т.: Фан, 1988.
4.    Жўраев М. Ўзбек халқ самовий афсоналари. – Т.: Фан, 1995.
5.    Жўраев М., Шомусаров Ш. Ўзбек мифологияси ва араб фольклори. - Т.: Фан, 2001. – Б. 48-133.
6.    Жўраев М., Нарзиқулова М. Миф, фольклор ва адабиёт. - Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2006.
7.    Сафаров О. Фольклор – бебаҳо хазина. - Т.: Муҳаррир, 2010. – Б. 13-46.
8.    Ипак йўли афсоналари. - Т.: Фан, 1993.
9.    Асотирлар ва ривоятлар. I китоб. - Т.: 1990.



МАҚОЛЛАР

Мақол деб халқнинг ижтимоий-тарихий, ҳаётий-маиший тажрибаси умумлашган бадиий, образли мулоҳазалардан иборат ҳикматли сўзларга айтилади. Мақол ўзбек тилида мақол, тожикларда зарбулмасал, русларда пословица, арабларда (жонли сўзлашувда) нақл, туркларда ата сўзи атамаси билан юритилади. Мақол атамси арабча [قوڶ] – қавлун – гапирмоқ, айтмоқ сўзидан олинган.
Мақолларда сўз қиммати алоҳида ёрқин ифодаланади. Чунки мақоллардаги сўзларни бошқаси билан алмаштириш, бирон сўз қўшиш мумкин эмас. Улар миллий тил таркибида қолиплашган ҳолда намоён бўлади. Бу жанр дунёдаги ҳамма халқлар оғзаки ижодида бор бўлиб, ҳажм, шакл, яратилиши мақсадига кўра муштарак ҳисобланади. Ҳатто номланишида ҳам яқинлик аниқ сезилади. Жумладан, арабларда “қавлун” – гап, сўз маъносини ифодаласа, тожикларнинг “зарбулмасал” атамаларида мисол келтириш, руслар “пословица”сида сўзлар билан фикрни ифодалаш, турклардаги “ота сўзи”да эса аждодлар фикрини эслаш маъноси етакчи. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида ҳам “сав” атамаси оталар сўзини эслаш тарзида келтирилган.
Хуллас, мақол атамаси умумий мазмун жиҳатдан “сўз” тушунчаси билан боғланади. Дунёдаги ҳамма халқлар оғзаки ижодида мақолларчалик шаклан ва мазмунан ўзаро яқин жанр деярли йўқ. Масалан, русча “Шило в мешке не утаишь” (бигизни қопда яшириб бўлмас) – ўзбекча “Ойни этак билан ёпиб бўлмас”; инглизларда “Еast and West, home is best” (Шарқми, Ғарбми, уйинг энг яхшиси) – ўзбекча “Ўз уйинг, ўлан тўшагинг”; Вьетнамда “Рисовал дракона, получился червяк” (Аждар суратини ишлагандим, чувалчанг бўлиб чиқди) – ўзбекча “Мен дедим ўттиз – Аллоҳ деди тўққиз”, осетинларда “Его в сени не пускают, а он лезет в комнату” – ўзбекча “Ўзига  енг бўлмаган, ўзгага эн бўларми”; татарларда “Товуқ тухум қўймасдан, эгаси жўжа сотмоқчи” – ўзбекча “Жўжани кузда сана”; русларда “На чужой стране и весна не красна” (ўзга юртда баҳор гўзал эмас) – ўзбекча “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл” маъноларини ифодалайди.
Фольклоршунос олимлар мақоллар ва маталларни ўрганувчи соҳани паремиология деб аташади. Паремия – юнонча чуқур маъноли гап, ҳикматли сўз, ибора, мақол, матал маъносини беради.
Мақолларнинг жанр хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
1.    Мақолларнинг ҳажми қисқа ва чекланган.
2.    Мақоллар мазмунан серкўлам ва чуқур маънони ифодалайди.
3.    Халқ мақоллари шаклан шеърий ва насрий бўлади. Аммо насрий мақоллар ҳам шеърий мисраларни эслатади. Масалан: Кўза кунда эмас, кунида синади.
4.    Мақолларда ҳаётий воқеа-ҳодиса ҳақида қатъий ҳукм ифоланади. Бу ҳукм мусбат ёки манфий мазмунда акс этади.
5.    Мақол шахс ҳаётидаги хусусий вазиятни халқ, омма, ҳаёт нуқтаи назардан умумлаштиради.
6.    Мақол матни тилшуносликда шахси умумлашган гап ҳисобланади.

Халқ мақоллари тарихи ўнлаб асрлар билан ўлчанади. Ўрхун-Энасой битигларида “Ориқ ва семиз буқани (биров) тезагидан билса, биров ориқ ва семиз буқани ажрата олмайди”, “Юпқа қалин бўлса, тор-мор қиладиган баҳодир эмиш, ингичка йўғон бўлса, узадиган баҳодир эмиш” каби мақолни эслатувчи парчаларни ўқиймиз.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ўнлаб ҳикматли сўзларни учратамиз:

“Еса, ичса охир бари оч тўяр,
Кўзи оч очлигин ўлганда қўяр”.
“Кишига чиройдир уят-андиша,
У асрар ножўя ишдан ҳамиша”.

Айнан шунга ўхшаш фикр Аҳмад Яссавий шеърида шундай келади: “Ал ҳаёю минал иймон” – Расул айтди”, яъни Ҳадисдан олинган парча: “Ҳаё иймондан нишонадур”, - дейилади. Аҳмад Югнакий “Ҳибату-л-ҳақойиқ” достонида “Вале кийсанг атлас, унутма бўзинг” мисрасини ёзади. Бу мисра “Бой бўлсанг, чориғингни унутма” ҳикматли сўзига мос келади.
Маҳмуд Кошғарий “Девону луғоти-т-турк” тадқиқотида дала сафарларида ёзиб олган 268 мақол матнини келтирган. Бу намуналар қаторида бироз ўзгариш билан яшаётган қуйидагиларни учратамиз: “Отуғ узгуч бирла ўчурмас” – Ўт аланга билан ўчирилмас; “Тоғ тоққа қавушмас, киши кишига қавушар” – “Тоғ тоғ билан учрашмас, одам одам билан учрашар”. Айни пайтда “Õт теса, ағиз куймас” – ўт деган билан оғиз куймайди; “Тулки ўз инига урса, узуз ўлур” – тулки ўз инига қараб ҳурса, қўтир бўлади кабилар бугунги кунда унутилган. Улар ўрнига “Ҳолва деган билан оғиз чучимас”, “Ватанига тош отган ватангадо бўлади” деган мақоллар қўлланмоқда.
Халқ мақолларининг мазмун кўлами инсон ҳаётининг турли соҳаларини қамрайди. Инсон ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларнинг чеки йўқ экан, мақоллар мазмуни чегарасини ҳам ўлчаб бўлмайди. Маиший ҳаётдаги кичик бир эътиборга арзимайдигандек кўринувчи лавҳадан тортиб чуқур фалсафий мушоҳада ифодасигача мақоллар мазмунида ўз аксини топган. Агар “Уйга палос ярашур, хотинга либос” мақоли маиший ҳаётга тааллуқли бўлса, “Ёзда миянг қайнаса, қишда қозонинг қайнар” мақолида вақтни бекор ўтказмаслик, ақл билан иш кўриш инсонга ҳаёт имконини яратиши қайд этилади, “Вақтинг кетди – бахтинг кетди” мақолида эса фалсафий мазмун ифодаланган бўлиб, инсон тақдирида Вақт тушунчасининг қанчалар муҳим эканлиги таъкидланган.
Мақолларни тасниф қилишнинг бир турида мазмун етакчи ҳисобланади. Унга кўра Ватан, меҳнат, халқ, илм-ҳунар, мардлик, меҳмон, тадбиркорлик, муҳаббат ва вафо, яхши  сўз – жами 30 га яқин мавзулар қайд этилган. Аммо бу мавзуларни яна кўпайтириш ҳам, камайтириш ҳам мумкин. Муҳими, мазмун етакчи бўлган таснифда масалани ҳар томонлама ифодалашга уриниш аниқ сезилади.
“Булбул чаманни севар,
Одам – ватанни”.
Мазкур мақолда инсон руҳий оламида Ватан тушунчасининг аҳамияти қайд этилган. Мақолдаги Ватан сўзида фақат муайян ҳудуд, манзил, ўрин-жой, табиат акс этган, десак янглиш бўлади. Бу сўз маъно жиҳатдан аждодлар руҳи, маънавий мерос обидалари, қадриятлар, миллат бирлиги, менталитет хусусиятлари билан уйғунлашади. Булбул чаманда қанчалар яйраса, инсон ўз ватанида шунчалар эркин ҳис қилади. Булбулни боғларсиз, гулзорсиз, чамансиз тасаввур этиб бўлмаганидек, одамни ўз она диёрисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу мақолни айтганимиз заҳоти Зокиржон Фурқатнинг чет эллардаги азобини таърифлаб ўз ватанини соғингани ёдга тушади:
“Ғамингда кеча – тонг отқунча йиғлар,
Тонг отғоч, дағи кун ботқунча йиғлар”.
Ватан ҳақидаги мақолларда қиёслаш, таққос етакчидир:
Киши юртида шоҳ бўлгунча,
Ўз юртингда гадо бўл.
Маълум бўладики, бу мақол аввалги намунадаги мазмунни чуқурлаштиради. Моддий таъминотдан кўра маънавий эҳтиёж муҳимроқ экани ифодаланади. Тажрибасиз одам ҳаётдаги ҳамма муаммони иқтисод билан ўлчайди. Унинг учун турмуш тўкинлиги ҳар қандай тушунчадан афзалдек туйилади. Лекин Бобурдек шоҳ ўз диёрини эслаб азобланганидан хулоса чиқарсак, мақолдаги фикрнинг қанчалар аниқ ва ибратли тарзда берилгани маълум бўлади.
Энди бошқа бир мақолга мурожаат қилайлик:
Она юртинг омон бўлса,
Ранги-рўйинг сомон бўлмас.
Бу мақолда шахснинг она юртида яшаши ва истиқомат қилиши ундан маълум бурчни ҳам талаб қилиши ифодаланган. Инсон ўз юртида бемалол яшаши мумкин. Аммо бу юрт омон бўлса, яъни тинч бўлса, эркин-озод бўлса. Юрт тинчлиги, эркинлиги, озодлиги эса халқнинг ўз юртига бўлган иймонли муносабати оқибатида вужудга келади. Агар халқ оғзаки ижоди асарларини таҳлил қилсак, Ватан мавзуига алоҳида эътибор берилганига гувоҳ бўламиз. Тарихий маълумот ва ҳужжатлар бевосита халқ фарзандларининг аждодлар васиятига содиқ эканликларини тасдиқламоқда. Қайта-қайта кўп намуналарда ватан озодлиги, эркинлиги ҳақидаги таъкиднинг кучайиши бежиз эмас. Кўпинча, бу мақолларда ватан ва эл тушунчаси уйғунлашади:
Элинг омон бўлса – сен омон.

Элинг, юртинг бўлмаса,
Ойинг кунинг бўлмасин.
Хуллас, халқ мақолларида қайси мавзу, ҳаётнинг қайси соҳаси ҳақида фикр юритилмасин, танланган муаммо ҳар томонлама, атрофлича ёритилади. Буларнинг ҳаммаси ўзбек халқининг асрлар давомида нақадар доно ва ақлли ижодкор фарзандларга эга эканини далиллайди.
Халқ мақолларининг узоқ ўтмиш маҳсули эканлиги айрим намуналарни бугунги кунда тушуниш осон эмаслигини ҳам изоҳлайди. Баъзан мақоллар қаторида шундайлари ҳам учрайдики, ҳатто умумий фикр нима билан боғлиқ эканлигини англаш қийин бўлиб қолади. Масалан: “Бир пул бериб йиғлатдим, минг пул бериб юпатдим” мақолини олайлик. Бу мақолнинг моҳиятини мақолдаги фикр йўналиши ва қаршилантириш усулидан тахмин қилиш мумкин, холос. Яъни умумий мазмунда ножўя қилинган ҳаракат ёки тадбир охир оқибатда инсонга қўшимча ташвиш келтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда. Сен шундай ҳаракат қилгинки, бу ҳаракатинг ёмон оқибатларга олиб келмасин, дейилмоқда. Аммо нима учун бир пул бериб йиғлатса, минг пул бериб овутади ёки юпатади. Бу муаммони ҳал қилиш учун тарихга мурожаат қиламиз. Қадим замонларда аза пайтида йиғлаб берадиган махсус одамлар бўлган экан. Уларни “гийранди” деб аташган. Аслида “гийранди” “гирянди”дан олинган бўлиб, “йиғламоқ” феъли билан маънодошдир. Уйида бирор яқин одами ўлса, майит эгаси гийрандини чақирган. У аза давомида маълум ҳақ эвазига йиғлаб беришни бўйнига олган. Лекин гийранди ўз санъатини шундай эгаллаши ҳам мумкин эдики, майит эгаси бу айтувларга, бу дод-фиғонга, бу нолаларга чидамасди. Шунда у гийрандидан йиғламасликни илтимос қилган. Гийранди эса атайин авжга чиққан. Натижада уни йиғидан тўхтатиш учун кўпроқ ҳақ берилган. Мақолда арзимаган ҳақ эвазига йиғловчини чақириш, аммо унинг жим бўлиши учун катта пул бериш воқеаси акс этган. Шундай қилиб, мақоллар мазмуни уларнинг ўзи ва табиати каби сирли оламга эгадир.
Халқ оғзаки ижодидаги мақоллар жанри тарихий ҳаёт давомида сон ва мазмун жиҳатдан бойиш хусусиятига эга. Яъни мақоллар замон ўтиши билан истеъмолдан чиқиши ва айни пайтда янги-янги намуналари вужудга келиши мумкин.
Мақолларнинг истеъмолдан чиқишида қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
1.    Тарихий ҳаётнинг ўзгариши. Ижтимоий ҳаётда мақолни қўллаш эҳтиёжининг йўқолиши оқибатида мақол халқ эсидан чиқади.    

Омоч сени тўйдиргай,
Омборингни тўлдиргай.
Омоч ишлатиш аста-секин йўқола борган сари бу мақол ҳам истеъмолдан чиққан.
2.    Тарихий сўзлар иштирокидаги мақоллар вақт ўтиши билан йўқолади.  
Қозига берсанг суяр,
Бермасанг – сўяр.

3.    Айрим мақоллар оғзаки ижоднинг оғзакилиги белгиси таъсирида йўқолиши ҳам мумкин. Бир авлод қўлламаган мақол ўлимга маҳкум.

Хитой хонининг газмоли кўп, лекин ўлчамай кесилмайди.

Баъзан мақолнинг бир қисми яшайди, иккинчиси йўқолади.

Аш татиғи туз, жуғрин жемес.

(Ош туз билан тотли, лекин лаган билан ёлғиз тузнинг ўзи ейилмайди).

Бу мақолнинг биринчи қисми ҳозир ҳам бор, аммо иккинчи қисмни биз тасаввур ҳам қилмаймиз.
Юқоридаги сабаблар мақолнинг йўқолишига олиб келади. Айни пайтда мақолларимиз намуналарининг бойиш манбалари ҳам йўқ эмас. Улар қуйидагилардан иборат:
1.    Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар натижасида янги мақоллар вужудга келади. Масалан, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг “Ватанни севмоқ иймондандир” ҳикматли сўзини қўллаш оммалашди. Дастлаб, бу мақолсифат жумланинг Абдулла Авлоний ёзган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобида Муҳаммад Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси экани айтилган эди. Аммо бу ҳикматли сўз халқимиз орасида кўп қўлланмаган. Мустақилликдан сўнг энг оммавий мақолга айланиб кетди.
2.    Халқ мақолларининг янги-янги намуналари халқлар ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий алоқаларнинг ривожланиши натижасида пайдо бўлди. “Олма оғочидан олисга тушмас” мақоли “Яблока от яблони далеко не падает”нинг таржимаси. Бугунги кунда бу мақолнинг келиб чиқиши бизни деярли қизиқтирмайди.
3.    Янги мақолларнинг пайдо бўлиши алломалар, доно адиблар айтган ҳикматли сўзлар билан боғлиқ бўлади. Тарихда биз Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий ижоди билан танишар эканмиз, афоризм деб аталмиш муаллифи аниқ доно ва ҳикматли сўзларга дуч келамиз. “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур” каби мисоллар шулар жумласидандир.
Мақоллар ўз ва кўчма маъноларга эга бўлиши билан яна ҳам диққатга сазовордир. “Ёмон хотин олгунча, бўйдоқ юрган яхшироқ”, “Қизи борнинг нози бор”, “Қуда бўлгунча, кўп синаш, қуда бўлгач, кўп сийлаш” каби мақоллар ўз маъносида қўлланади. Айрим мақоллар фақат кўчма маънода қўлланади. “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламас”, “Эгрининг омочи ерга ботмас”, “Ўтин айирган болта майдонда қолар” каби мақоллар билан танишганимизда кўчма маъно яширинганини ҳис қиламиз. Бир қарашда “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламас” мақоли ўз маъносида ҳам қўлланадигандек туйилади. Аммо бу ҳикматли сўзни ҳеч ким ўз маъносида деярли қўлламайди. Аслида, ҳаётда учраб турадиган турли миш-мишларнинг рост эканлигини таъкидлаш мақсадида бу мақолни эсга олиш одат тусига кирган. “Туҳматчининг омочи ерга ботмас” мақолида бир оз ғалати фикр илгари сурилгандек туйилади. Омочнинг ерга ботмаслиги билан туҳматчининг қандай алоқаси бўлиши мумкин, деган мулоҳаза пайдо бўлади. Аммо айнан шу ўринда “омоч” деганда, бевосита ер ҳайдашда фойдаланиладиган асбоб эмас, балки туҳматнинг натижаси назарда тутилади. “Ер” сўзи иймонли, ростгўй одамга нисбатан қўлланган. Яъни туҳматчининг туҳмати ростгўй ва покиза одамга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсата олмаслиги таъкидланмоқда. Бинобарин, мақол матни билан танишганда, ёки уни эшитганда, қандай мақсадни назарда тутиб қўлланганига эътибор беришимиз лозим. Акс ҳолда айтилган мақолнинг асл маъносини тушунмай қолишимиз мумкин.    
Халқ оғзаки ижоди асарларини ўрганиш уларни ёзиб олишдан бошланади. Асарнинг ёзиб олиниши эса фольклоршунослик фанининг шаклланишидан дарак беради. Бу жиҳатдан қараганда, ўзбек фольклоршунослигидаги дастлабки ҳаракат ХI асрга тааллуқлидир. ХI асрда Маҳмуд Кошғарий “Девону луғоти-т-турк” асарига (1074) мақоллар, қўшиқлар, ривоят, афсона ва бошқа жанрга мансуб намуналарни киритди. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, дала шароитида олим ёзиб олган ижод дурдоналарида бевосита бизнинг аждодларимиз ҳам иштирок этган. Маҳмуд Кошғарий оталар сўзини эсламоқ маъносида, аввалроқ айтганимиздек, “сав” атамасини келтиради. Кейинчалик Алишер Навоий мақолдан мисол келтиради ва “масал” атамасидан фойдаланади. Филология фанлари доктори, профессор Х.Г.Кўр-ўғли Сафавийлар даври (ХV-XVI аср)да туркий мақоллар тўплангани, аммо бу мажмуанинг йўқолгани ҳақида маълумот берган. Ўзбек тилидаги ҳикматли сўзлар тўпламини 1923 йилда “Ўзбекча оталар сўзи” (тўпловчи ва тузувчи Мулло Бекжон Раҳмон ўғли) деб номлашган бўлсалар, 1926 йилда “Ўзбек мақоллари” (тўпловчи ва тузувчи Шерали Рўзи) деб аташди. Шу пайтдан “мақол” атамаси жанр сифатида кенг ўрин олди, дейиш мумкин. Шундан кейин Б.Каримов, Ш.Ризо, Ў.Азимов, Ў.Холматов, Ҳ.Зариф, М.Афзалов, С.Иброҳимов, С.Худойберганов, Р.Жуманиёзов, М.Аҳмадбоева, Э.Сиддиқов, Т.Мирзаев, К.Имомов, Ғ.Жаҳонгиров, С.Қосимов, З.Ҳусаинова, Б.Саримсоқов, А.Мусақулов, М.Жўраев каби ўнлаб олим ва зиёлилар халқ мақолларини тўплаш ва ўрганишда фаол иштирок этдилар. Айниқса, 1987, 1988 йилларда икки жилддан иборат “Ўзбек халқ мақоллари” китобларининг нашр эттирилишини бу соҳадаги алоҳида воқеа сифатида таъкидлаш мумкин.
Халқ мақолларининг бадиий жиҳатдан мукаммаллиги таниқли олимлар ва шоир, ёзувчилар томонидан тан олинган. Бу жиҳатдан мақоллар сўз санъатининг олий намунаси сифатида баҳоланишга лойиқ. Ҳажм жиҳатдан кичиклиги, мазмунан сермаънолиги, мавзу жиҳатдан ҳаётийлиги мақолларнинг асрлар давомида оғиздан оғизга ўтиб яшашини таъминлаган омиллардир. Санъат асари қимматини белгиловчи энг талабчан синов вақт ҳисобланади. Айниқса, вақт синови талабига оғзаки асарнинг жавоб бериши ўта муҳимдир. Ҳар қанча ташвиқотларга қарамай шўро тузумида колхоз афзаллиги мақталган мақолларнинг умри қисқа бўлди. Шўро тузуми ҳақидаги мақтов достонлар ҳам яратилгани заҳоти эсдан чиқиб кетди. Ҳақиқий мақолларнинг шаклланиши узоқ даврни қамрайди, аммо бадиий мукаммал ва ҳаёт тажрибаси акс этган мақолнинг умри боқий бўлади. “Қонни қон билан ювиб бўлмас” мақолини Маҳмуд Кошғарий “Қаниғ қан билан жумас” тарзда келтирган. Бу мақол олим қаламига тушгунига қадар неча асрлар яшаганини фақат тахмин қилиш мумкин. Кўриниб турибдики, мақолларнинг бадиий мукаммаллиги уларнинг ҳаётийлигини, умрбоқийлигини изоҳлар экан. Айни чоқда бадиий гўзалликнинг бевосита сўз танлаш, тасвир воситаларидан унумли фойдаланиш жиҳатлари ҳам бор. Уларнинг айримларини эсга олиб ўтамиз:
1.    Қаршилантириш (тазод).
“Яхшидан боғ қолар, ёмондан доғ”.
Бу мақолда “яхши”, “ёмон”; “боғ”, “доғ” сўзлари қарама-қарши маъноларни билдиради ва шу билан бирга “боғ” – “доғ” сўзлари чиройли қофияни таъминлайди.
2.    Товушдошлик (аллитерация, ассонанс).
“Бой бойга боқар, сув сойга оқар”.
Мақолда “Б”, “Й”, “Р”, “С” каби ундош товушлар аллитерация – ундош товушлар уйғунлигини, “О”, “А”лар эса ассонанс – унли товушлар ўхшашлигини кўрсатади ва мақол қимматини оширади.
3.    Метафора – кўчим (истиора).
“Отнинг яғири тойга қолар”.
Бу мақолда “от” сўзидан қариндош-уруғчиликдаги катта авлод вакилининг рамзи сифатида фойдаланилган. Одатда маҳаллада бирор одамга баҳо бериш лозим бўлса, биринчи навбатда, у шахснинг ота-онаси эсга олинади. Катта авлод томонидан йўл қўйилган камчилик шу заҳоти фарзандга кўчирилади. Натижада, инсон ҳаёти давомидаги ҳар бир хатти-ҳаракат маҳалладошлар, қариндошлар томонидан назоратда экани англашилади. Мақол мазмунан ҳар бир инсон ёшидан қатъи назар келажакда ота, она бўлишни орзу қилса, кейинги авлодига “яғири”ни қолдирмаслиги керак, деган маъно англашилади ва катта, ёш авлод тарбиясининг муайян тўғри тизимда бўлиши учун асос тайёрланади. Мақолда истиора санъати етакчилик қилади.
“Эт билан тирноқни ажратиб бўлмас” мақолидаги “эт” ва “тирноқ” сўзлари қариндош-уруғ; ота-бола; ака-ука маъноларини билдиради. Бу мисолда синекдоха санъати ҳам бор. Яъни бутуннинг таркибий қисми орқали яхлит нарса ифодаланган.
4.    Сифатлаш.
“Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин”.
Мақолда инсонлар ўртасидаги муносабат фақат моддий нарса билан эмас, ширин муомала билан қадрланиши қайд қилинмоқда. “Буғдой нон”, “буғдой сўз” бирикмасида сифатлаш санъати қўлланган.
5.    Жонлантириш (ташхис).
“Ўтин айирган болта майдонда қолар”.
Бу мақолда одамларни тоифаларга: пулли-пулсиз, амалли-амалсиз, фойдали-фойдасизга ажратиб муомала қилиш ўша шахснинг халқдан ажралиб қолишига сабаб бўлиши акс этган. Иккинчидан, бирор муаммони ҳал қилишда фаол иштирок этган одам, кўпинча, иш битганидан сўнг эсдан чиқиши ифоланган. Яъни ўтин ёрган болта иш битганидан сўнг ўша жойда қолишига қиёсланган.
Хуллас, мақоллар бадиияти уларнинг яратилиши устида авлод-авлод миллат вакилларимизнинг ижод қилиш савияси қанчалар юқори бўлганидан дарак беради.
Ёзма адабиёт вакиллари асарларида халқ мақоллари оғзаки ва ёзма адабиёт ижодий ҳамкорлигининг кўприги даражасида муҳимдир. Ҳар бир ижодкор мумтоз адабиёт даврида бўладими, ҳозирги замонда бўладими халқ вакили ҳисобланади. У иқтидорли шахс, аввало, ўзбекнинг тарбиясида вояга етади. Халқ билан бирга яшайди, миллат вакили менталитетини ўзлаштиради. Шу билан бирга ижодида асарларини ўқиётган оммага ўзининг халқ вакили эканини уқтирмоқчи ҳам бўлади. Бу мақсадни амалга оширишда мақол энг самарали омил сифатида хизмат қилади.
Ёзма адабиётда мақоллардан фойдаланишнинг уч кўриниши мавжуд:
1.    Халқ мақоли айнан келтирилади.
Алишер Навоийдан Муқимийгача, Чўлпондан Ўткир Ҳошимовгача ўз асарларида фикрни ихчам ва тушунарли ифодалаш мақсадида мақол матнидан айнан фойдаланганлар.

“Масалдурким уйқу ўлимдир” (Алишер Навоий).
“Отнинг ўлими, итнинг байрами” (Абдулла Қаҳҳор).

2.    Мақолдаги айрим сўзлар ўзгаради, маъно сақланади.
“Оталарда бир сўз бор, эшит оғажон,
Босган изидан қайтмас, ўлса ҳам арслон” (Ҳамза).

Бу мисраларда шоир “Арслон изидан қайтмас, йигит сўзидан” мақолидан ижодий фойдаланган.
3.    Шоир бирор фикрни мақолдаги маънодан фойдаланиб ифолайди. Бир қарашда бу фикр мустақилдек кўринади. Фикр юритсак, адибнинг халқ мақолларидаги маънони ўзига хос бошқа сўзлар билан ифолаганини англаймиз. Масалан, Алишер Навоий ғазалларидан бирида “Ўлтурур маҳрамни султон, ганжи пинҳон айлагач”, - деган мисра бор. Унда хўжайин, султон, ҳоким хазинасини яширишни маҳрамига, яъни энг яқин хизматларини бажарувчи хизматкорига буюриши, хазина бирор ерга кўмилганидан сўнг ортиқча гувоҳдан қутулиш учун уни ўлдириши айтилган.
Эҳтимол, шоир замонасида айнан шундақ мақол бўлгандир. Аммо биз бу мақолнинг борлигидан бехабармиз. Лекин ундаги маъно бугунги кунда мавжуд ва биз аввалроқ эсга олган “Ўтин айирган болта майдонда қолар” ёки “Ишим битди, эшагим лойдан ўтди” каби мақоллар мазмунини ифодалайди.
Баъзан мумтоз шоирлар ғазалдаги байтларнинг ҳар бирида бирор мақолни мисол қилиб ҳам келтирган ҳоллар учрайди. Хусусан, ХIV-XV асрларда яшаган таниқли шоир Лутфийнинг қуйидаги ғазалига эътибор беринг:

Аёқингға тушар ҳар лаҳза гесу,
Масалдурким: “Чироғ туби қоронғу”.

Тутармен кўзки кўрсам оразингни,
Ки дерлар “Оққон ориққа оқар сув”.

Юзингни туттум ортуқ ойу кундин
“Кишининг кўзидур оре торозу”.

Кўзунг қонимдин иймонмас ажабдур,
Ки “Қўрқар қайдаким қон кўрса ҳинду”.

Тилар васлингни Лутфий, қил ижобат
Ки айтурлар: “Тилаганни тилогу”.

Бу ғазалда ажойиб сўз соҳиби мавлоно Лутфий ўзининг маъшуқасига бўлган кўнгил изҳорини сўз марваридларидан тизилган маржондек ифодалай олган. Ғазалнинг мазмуни гўзал ва мўъжаз достон маъносини беради:

Аёқингға тушар ҳар лаҳза гесу,
Масалдурким: “Чироғ туби қоронғу”.

Байтда ёрнинг қадди тик шамга ўхшатилмоқда. Шамнинг ёнаётган пиликдан пастки қисми қоронғи бўлади. Ёрнинг юзи ёнаётган шамга қиёсланмоқда. Унинг сочи шу қадар узунки, юзи ёруғ, пастки қисми қоронғи кўринади.

Тутармен кўзки кўрсам оразингни,
Ки дерлар “Оққон ориққа оқар сув”.

Шоир ўзини бир пайтлар сув оққан ариққа ўхшатади. У оққан ариққа сув оқишини кутиб умид қилмоқда: кўз тутиб ёрнинг висолига етмоқчи. Маъшуқанинг ошиқ ҳузурига келиши ошиқ учун қақраб ётган ариқдан яна сув оқишига тенглаштирилмоқда.

Юзингни туттум ортуқ ойу кундин
“Кишининг кўзидур оре торозу”.

Халқда одамнинг кўзини торозига ўхшатиш ҳақида мақол бор. Менинг кўзим тарозига ўхшагани учун бир палласида ой ва қуёш бўлса, иккинчи паллада маъшуқа. Маъшуқамнинг юзини ортиқ кўрганим учун тарози палласининг шу томони босиб турибди. Ой ва қуёш эса иккинчи паллага жойлашган ва маъшуқа гўзаллигига чидаш бермай осмонга учиб кетган.

Кўзунг қонимдин иймонмас ажабдур,
Ки “Қўрқар қайдаким қон кўрса ҳинду”.

Мумтоз адабиётда маъшуқанинг кўзи ва холини қоралиги учун ҳиндга ўхшатиш анъанаси бор. Бу ўринда шоир ёрининг кўзини ҳиндга ўхшатмоқда. Ҳинд қондан қўрқади, деган тушунча бор. Аммо мен ажабланаманки, сенинг кўзинг ҳинд бўлса ҳам кўз ёшларимнинг қондек оқишидан қўрқмаяпти. Агар қўрққанида эди, раҳм қиларди, мен васлингга етар эдим ва кўз ёшларим тўхтар эди.
Тилар васлингни Лутфий, қил ижобат
Ки айтурлар: “Тилаганни тилогу”.

Мазкур байт ғазалда ифодаланган ҳамма орзу-истакларнинг хулосаси ҳисобланади. Унда шоир ўз маъшуқасидан охирги марта мурувват, лутф қилишни сўрамоқда. Мен одамлар “Тилаган тилагига етади” деганларидек, сенга васлингга етиш учун илтижо қиламан ва агар одамларнинг гапида ҳақиқат бўлса, мақсадимга етаман, деб умид билдираман, демоқчи.
Маълум бўладики, бир жиҳатдан, мақоллар шоир маҳоратининг намоён бўлиши учун ажойиб воситага айланган. Иккинчи жиҳатдан, ғазал воситасида биз XIV-XV асрларда халқ орасида машҳур бўлган мақоллар матни билан танишиш имконига эга бўлмоқдамиз.
Айрим иқтидорли ёзувчилар бадиий асарларида қаҳрамон нутқида қўллаган мақол орқали уларнинг дунёқараши, феъли ҳақида китобхонда тасаввур ҳосил қилишга эришганлар. Мисол учун Абдулла Қодирий ўзининг “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи нутқида “Зўри беҳуда миён меши- канад” (тожик мақоли: ортиқча зўриқсанг, белингни синдирасан), хизматкор аёл Тўйбека нутқида “Тенг тенги билан, тезак қопи билан” мақолини келтиради. Мақолларни қўллашданоқ Юсуфбек ҳожининг илмли, форс тилини билувчи зиёли экани, Мирзакарим қутидор хизматкорининг эса содда, илм кўрмаган, бор гапни лўнда ва аниқ айтишга ўрганган аёл экани сезилади. Хуллас, халқ мақоллари ёзма адабиёт вакиллари томонидан уларнинг иқтидорини намоён қилишга ёрдам берган. Фольклоршуносликда бундай фойдаланишлар фольклоризм деб юритилади.
Халқ мақоллари шакл ва мазмун жиҳатдан маталларга яқин жанр ҳисобланади. Маталлар ҳам ихчам матнга эга эканлиги билан мақолга ўхшайди. Матал, одатда, нотиқ нутқи таркибий қисмини ташкил этади, аммо мустақил қўлланганда тугал фикр англатмайди. Масалан, халқимизда “Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан қилич қинидан чиқар” деган мақол бор. Агар мақолнинг ярим матнини  “Фалончи илон инидан чиқадиган қилиб гапирди” тарзида қўлласак, биз матал айтган бўламиз ва “Фалончи яхши гапирди” маъносини билдирамиз. Чунки “илон инидан чиқадиган” сўз бирикмаси алоҳида айтилса, мустақил маъно англатмайди. Маълум бўладики, матал шахс нутқини гўзаллаштириш учун хизмат қилар экан, холос. Мақол эса маталдан мустақил маъно ифодалай олиш хусусияти билан фарқланади.

Савол ва топшириқлар:
1.    Халқ мақолларининг жанр хусусиятларини сананг, уларнинг ҳар бирини изоҳлаб, мисоллар билан далилланг.
2.    Мақолларнинг йўқолиб кетиши учун қандай сабаблар бор?
3.    Халқ мақолларининг бойиш манбаларига изоҳ беринг.
4.    Мақолларнинг бадиий мукаммаллиги ҳақида қандай мулоҳазаларга эгасиз. Мақоллардан мисол келтиринг, бадиий санъатларни кўрсатинг.
5.    Мақол тарихи ҳақида қандай маълумотларга эгасиз?
6.    Ёзма адабиёт вакилларининг мақоллардан фойдаланиш усуллари ҳақида нималар биласиз? Биронта роман ёки ҳикоя мисолида фикрингизни исботланг.
7.    Мақоллар қандай хусусияти билан маталдан фарқланади.
8.    Лутфийнинг мақоллар тизимидан ташкил топган ғазалини ёдланг, мақолларга изоҳ беринг.
Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 91-99.
2.    Саримсоқов Б., Мақоллар / Ўзбек фольклори очерклари. 1-жилд. - Т.: Фан, 1988. – Б. 85-98.
3.    Ўзбек халқ мақолари. - Т.: Фан, 1978.
4.    Шомақсудов Ш., Шораҳмедов Ш. Ҳикматнома. - Т., 1990. – Б. 44.
5.    Сафаров О. Халқ ганжига меҳр / Фольклор – бебаҳо хазина. - Т.: Муҳаррир”, 2010. – Б. 285-298.
6.    Лутфий. Ғазаллар / Ўзбек адабиёти. 4 жилдлик. 1-жилд. - Т., 1959. – Б. 441.


ТОПИШМОҚЛАР

Топишмоқлар ҳажми ва шаклига кўра мақолларга ўхшайди. Баъзан мазмунига кўра ҳам яқинлик сезилади. Аммо яратилиш мақсади бошқа ҳисобланади. Жанрнинг номланишига эътибор беринг. “Топ” сўзининг талаффуз этилишиданоқ ўйла, ахтар, солиштир, изла маънолари етакчилик қилади. Унга “иш” қўшимчаси қўшилганда, вазифа аниқлашади: “-моқ” ҳаракат номи қўшимчасидан кейин “қўлингдан келса”, “эпласанг”, “уддалай олсанг” тушунчалари ифодаланади. Топишмоқларнинг қуйидаги жанр хусусиятлари бор:
1.    Ҳажм жиҳатдан қисқа ва ихчам.
2.    Шаклан шеърий, насрий кўринишга эга.
3.    Яратилиш мақсадида матнда яширинган нарсани топиш вазифаси қўйилади.
4.    Мазмунида ҳайвонот, ўсимлик, коинот, маиший ҳаётдаги нарсаларнинг хусусиятлари яширин тарзда ифодаланади, уни топишга даъват этилади.
5.    Топилиши лозим бўлган нарса, кўпинча, битта, баъзан икки ва ундан ортиқ миқдорга эга бўлади.
6.    Топишмоқларда қўлланган асосий бадиий санъат истиора (метафора) ҳисобланади.
Топишмоқларда топилиши лозим бўлган нарсанинг шакли, ҳажми, ранги, вазифаси ва шу каби хусусиятлари ҳақида маълумот берилади, аммо бу белгилар истиора санъатидан фойдаланилган ҳолда бошқа нарса билан боғланади. Масалан:
Қопча,
Қопча ичида унча,
Унча ичида устунча.
Бу мантда яширинган нарсанинг учта белгиси учта истиора воситасида берилган. Демак, унинг шакли қопга, ичидаги қисми унга ўхшатилмоқда. Фақат ун ўртасида устуни ҳам бор экан. Топишмоқни топаётган одам матнда жийда ҳақида гап кетаётганини топса, фикрий мусобақада енгган бўлади. Кўпинча, яширинган нарсанинг фақат кўриниши, хусусиятлари ҳақида маълумот берилади, лекин ҳеч нарсанинг номи қайд этилмайди. Бундай вазиятларда изловчи шахс фақат ўзи билган нарсаларга хос белгиларни эслаб ечимни топиши мумкин.
Оғзи ола аломат,
Ичи қизил қиёмат,
Сув сепсам, қуруқ чиқар,
Ё алҳазар, саломат.
Бу топишмоқда “аломат”, “қиёмат”, “саломат” сўзлари асосан қофия ҳосил қилиш учун келтирилганини билишимиз керак. Энди яширинган нарсанинг оғзи борлигига, бу оғизнинг кўриниши ола эканига, ичи қизиллигига, унинг ичида сув сепиладиган нарса бўлишига диққат қиламиз. Сув сепсагу у нарса қуруқ чиқса, демак “қизил қиёмат” олов бўлиши мумкин. Шундан сўнг ниманинг ичида олов бўлишини эсга оламиз. Ва яширинган нарса тандир эканини топамиз. Аммо барибир топишмоқнинг жавобини топиш осон эмас. Топишмоқни топиш учун унинг яратилишида муаллиф бўлган номаълум шахсдек фикр юритиш усулини излаш керак. Агар ҳар бир топишмоқнинг заминида муайян фикрий кашфиёт ётишини назарда тутсак, уни топадиган шахс ҳам айнан шу янгиликни бошқа йўл билан кашф қилиши керак бўлади. Бинобарин, у ҳам муаллиф ҳаёт тажрибасига, кузатиш нуқтаи назарига, фикр юритиш йўналишига эга бўлиши лозимлиги сабаб жуда мураккаб тарзда мулоҳаза юритиш жараёнини бошидан кечиради.
Топишмоқлардаги саволлар тизими хусусиятларни санаш тарзда амалга оширилар экан, ҳайратомуз қарама-қарши мулоҳазаларга дуч келамиз. Масалан: “Қўлсиз, оёқсиз эшик очар”, “У ёққа ўтдим – билдингми, Бу ёққа ўтдим – билдингми, Оқ қуврайнинг бошини, чертиб ўтдим – билдингми?” топишмоқларида ҳайрон қолишга мажбур қиладиган муаммолар жуда кўпга ўхшайди. Хусусан, бизни қандай қилиб қўл бўлмаса, оёқ бўлмаса эшик очиш мумкин, ахир эшик ўзи нима билан очилади? – деган савол ўйлантиради. Иккинчи намунада эса наҳотки у ёқдан бу ёққа ўтган нарсани мен сезмаслигим мумкин? У нарсага оқ қуврай – чўл-даштда ўсадиган ёввойи ўтнинг нима алоқаси бор? Ёки нега чертади, узмайди ёки бошқа нарса қилмайди, - деган саволлар қийнайди. Бу саволларга жавоб топиш учун биз савол берган одамнинг фикр юритиш усулидан фойдаланишимиз лозим бўлади. Шундагина ҳар икки саволнинг жавоби шамол эканини топамиз. Аммо масаланинг оғирлиги шундаки, баъзи топишмоқларда баён қилинган таърифдан фойдаланиб қандай йўналишда мулоҳаза юритиш лозимлигини аниқлай олмаймиз. Қуйидаги матнга диққат қилинг:
Бир ярим қуён,
Уч тулки,
Тўққиз сигир,
Беш эчки,
Ўн икки туя,
Ўн йилқи.
Бу топишмоқда одамнинг хаёлини рақамлар эгаллайди. Нега қуён бир ярим ёки туя ўн икки бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Кейин рақамларни қўшиб бирор натижага эришмоқчи бўламиз. Аслини олганда эса, муаммо ойни аниқлаш билан ечилади. Яъни қуён бир ярим, тулки уч, сигир тўққиз, эчки беш, туя ўн икки, йилқи ўн ойда туғади. Биз чорва, мол боқиш билан шуғулланган бўлсак, топишмоқни топиш осонроқ кечади. Жуда бўлмаганда қайд қилинган ҳайвонларнинг неча ойда туғишини билиб оламиз.
Топишмоқнинг пайдо бўлиши ҳақида фольклоршуносликда аниқ далилий маълумотлар йўқ. Айрим олимлар унинг қадимий эканини қайд қиладилар. Аммо мақоллар намуналари кўплаб келтирилган “Девону луғотит турк” асарида топишмоқ матни учрамайди. “Табзуғ” сўзи топишмоқ маъносини ифодалаши айтилади холос. Топишмоқ ҳажман, шаклан мақолга ўхшаганлиги учун бу икки жанрнинг вужудга келиш вақти ҳам бир хил бўлиши керак, деган тахмин билдирилган. Биз ҳам шу фикрга қўшиламиз. Айни чоқда қуйидаги икки ҳолатга диққатингизни қаратмоқчимиз.
1.    Аёз эртагида Аёз бир чолни йўлда учратиб:
-    Ота, узоқ йўлни яқин қилиб кетайлик, - дейди. Бир оздан кейин:
-    Ота, от бўлмаса ҳам той миниб кетайлик, - дейди. Аммо бу сафар ҳам чол индамайди. Чолнинг қизи кейинроқ отасига Аёзнинг аввал гаплашиб кетайлик деганини, кейинги мурожаатида чолга ҳасса ясаб бермоқчи бўлганини тушунтиради.
Қиз отасига икки пул бериб уч хил ейдиган нарса олиб келишини илтимос қилади. Арзимаган пулга уч хил ейдиган овқатни яна Аёз топиб беради. Бу нарса ҳандалак бўлиб чиқади. Ҳандалакнинг этини қиз билан чол, пўчоғини эчки, уруғини товуқ ейди.
Қиз қўшни кампирдан чучварани зич жойлаб, устига ёғ қуйиб, патир билан ёпиб Аёзга олиб бориб беришни илтимос қилади. Шунда кампир Аёзга: “Ҳаво қоронғи, юлдуз зич, ой бутун”, - дейиши керак эди. Аммо кампир йўлда чучвара ва патирдан ейди, ёғдан ичади, аммо қиз буюрган гапни аниқ айтади. Юборилган нарсаларни еган Аёз кампирга: “Ҳаво ёруғ, юлдузлар сийрак, ой яримта”, - экан денг, - дейди. Аёзнинг жавобидан қиз йўлда кампирнинг дастурхондаги нарсалардан еганини англайди . 
2.    “Ойчинор” достонида ёш Ойчинорга уйланмоқчи бўлган Назарбойдан қиз қалин эвазига “Ўнта қўзи, йигирмата бўри, ўттизта арслон, қирқта қоплон, элликта айғир, олтмиш бешта ахта, саксонта сарка, тўқсонта тахта...” талаб қилади. Бўри, арслон, қоплонни топишга қурби етмаган бой достон қаҳрамонларидан бири – Бобурдан ёрдам сўрайди. Назарбой Бобурга бир бева хотинга уйланмоқчи эканини айтади. Шунда Бобур бойнинг гапларини мулоҳаза қилиб, унга ёлғон гапирганини, уйланмоқчи бўлган аёли бева эмас, қиз эканини айтади. Ўз фикрини исботлаш учун йигит ўн ёшида қўзидай, йигирмада бўридай, ўттизида арслондай, қирқда қоплондай, эллигида айғирдай, олтмиш бешда ахтадай, саксонида саркадай, тўқсонида тахтадай бўлишини мисоллар билан исботлайди. Шундан кейин Назарбой чоллигини ҳам, қиз бола Ойчинорга уйланмоқчи бўлганини ҳам тан олади .
Юқоридаги икки мисол топишмоқларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги тахминларга маълум даражада аниқлик киритади. Айтмоқчимизки, топишмоқлар дастлаб эртак, достон ёки яна қайсидир жанрлар таркибида вужудга келган. Кейинроқ ана шу жанр таркибидан ажралиб чиқиб, алоҳида – мустақил асарлар сифатида халқ оғзаки ижодидан ўрин олган.
Матнлардаги истиора санъати қўлланган той, ой, юлдуз, қўзи, бўри, қоплон кабилар жумбоқли муаммони ечувчи восита сифатида фойдаланилган. Муҳими шундаки, эртак ва достондаги топишмоқнамо фикрлар кейинчалик топишмоқлар алоҳида жанр бўлиб яшай бошлаганда ҳам уларнинг яратилишида асос вазифасини бажарган. Хусусан, бирон топишмоқнинг яратилиши учун топилиши лозим бўлган нарса – предметларнинг хусусиятлари етакчи маълумот берувчи омил бўлган.
Топишмоқларнинг яратилишида топилиши лозим бўлган нарса бир қатор хусусиятлари билан бошқа нарсага ўхшатилади. Бу хусусиятларни қуйидагича белгилаш мумкин бўлади:
1. Яширинган нарсанинг ташқи қиёфаси. Унинг ҳажми, шакли, кўриниши асос қилиб олинади.
Узун терак йиқилди,
Учи менинг қўлимда.
Зағизғони сайради,
Сочи менинг қўлимда.
Демак, топилиши лозим бўлган нарса дарахтдан ясалар экан. Унинг бўйи ҳам баландгина теракни эслатади. “Зағизғони сайради”, маълум бўлдики, ундан овоз чиқади. “Сочи менинг қўлимда” дейилгандан сочни эслатувчи нарса ҳам унинг таркибий қисмини ташкил этади. Натижада, топишмоқни топиш учун биз унинг ёғочдан ясалганини, бўйи-басти борлигини, овоз чиқишини, унинг сими борлигини билиб олдик. Озгина фикр юритсак, нарсанинг мусиқа асбоби эканини, хусусан, танбур, дутор, рубоб, ғижжак ҳақида гап кетаётганини англаймиз.
2. Топишмоқ матнида ранг ҳақида маълумот берилади. “Кўк косани тўнтардим”, “Кўк сандиғим очилди, ичидан зар сочилди” топишмоқларида осмон, қуёш ҳақида фикр юритилмоқда.
“Қора уйда минг чироқ, уйни ёритмас” (Тунда осмондаги юлдузлар).
“Қора туям қочяпти, қумолоғин сочяпти” (Қора булут ва дўл).
3. Топмоқчи бўлган нарсамизнинг тузилиши, таркиби юзасидан маълумот берилади:
“Олтиндир,
Бу толнинг ўн икки шохи бор.
Ҳар шохида тўрттадан уя бор,
Ҳар уяда еттитадан тухум бор.
Ҳар тухумнинг ярми қорадир, кўрсанг,
Ярми оппоқдир топган бўлсанг” (Йил, ўн икки ой, ҳафта, кун, кеча, кундуз).

“Том устида бир палак,
Унда ўн икки ҳандалак,
Ўн бирини еса бўлар,
Бирини емай, бўлар ҳалак” (Йил, ўн икки ой, бир ой рўза).
4. Нарсанинг бажарадиган вазифаси таърифланади. Ҳаётдаги асосий белгиси ҳаракат мисолида баён этилади:
“Лип этади кириб кетади,
Чиқазолмай эсинг кетади” (Тикан).
“Кунга қараб толмайди,
Кундан кўзин олмайди” (Кунгабоқар).
5. Яширинган нарсанинг қиёфаси, алоҳида белгиси қиёсланади:
“Устидаги кўйлаги,
Худди қоғозга ўхшар.
Тўғрасанг, жаҳли чиқиб,
Кўзингни дарров ёшлар” (Пиёз).

Топишмоқларда бир нарсанинг бир эмас, бир нечта белгилари, иккинчи нарсага таққосланиши ҳам мумкин. Масалан: “Ер остида олтин қозиқ” топишмоғида сабзининг шаклан қозиққа ўхшаши, унинг ранги олтинни эслатиши ва ер остида ўсиши уйғун тарзда қайд этилган. Бундай топишмоқларни топиш нисбатан осонроқ амалга ошади. Яна бир хил топишмоқларда инкор қилувчи маъно етакчи бўлади:
“Хўппа семиз,
Туки йўқ.
Териси қалин,
Туки йўқ”

ёки

“Қони бор,
Жони йўқ” (Тарвуз).

Одатда, топишмоқлар халқ ҳаётининг ҳамма соҳаларини эгаллагани билан ҳам диққатга сазовор. Маиший ҳаётдаги, ижтимоий муҳитдаги муносабатлар топишмоқ мавзуларида ўз ифодасини топади. Кўрпа, қулф, қозондан тортиб қози, судхўрларнинг кирдикорларигача топишмоқларда акс этиши мумкин. Халқ топишмоқларини мукаммал ўрганган Зубайда Ҳусаинова 1981 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти томонидан эълон қилинган “Топишмоқлар” китобидаги матнларни тартиблаштиришда уларни йирик икки гуруҳга ажратади: “Анъанавий топишмоқлар” ва “Янги топишмоқлар”. Биринчи гуруҳда Осмон, ер, сув; табиат ҳодисалари, йил фасли ва мавсум; одам, унинг аъзолари ва хислатлари – жами 21 мавзу жамланади. Янги топишмоқларда электротехника, радиотехника, мактаб ва ўқув қуроллари – жами 9 мавзу жамланган. Маълум бўладики, топишмоқларда акс этмаган мавзунинг ўзи йўқ экан.
Топишмоқлар шаклан насрий ва шеърий бўлиши ҳақида айтган эдик. “Дарахт устида лангар” (анжир), “Сой ичида саксонбой” (бурга), “Тоғ устида ўрмон бор” (соч) каби намуналарни насрий топишмоқлар қаторига қўшамиз.

“Узун-узун ўз келди,
Узун бўйли қиз келди.
Қоши қалтираб келди,
Кўзи ялтираб келди” (ёмғир).
ёки
“Узун-узун из кетди,
Узун бўйли қиз кетди.
Тошга тегди тарқ этди,
Сирғалари ярқ этди” (сув)
каби намуналарни шеърий топишмоқлар деймиз.
Маълумки, ҳаётда биз муносабатда бўлган ҳар бир нарса-предмет жуда кўп хусусиятларга эга бўлади. Уларнинг ранги, кўриниши, вазифаси, вазни турличадир. Шунинг учун ҳар бир нарса ҳақида бир нечта топишмоқ тўқиш мумкин. Айни пайтда бир нарса ҳақидаги топишмоқда ифодаланган белгилар бошқа нарсада ҳам мавжудлиги учун жавоб ҳам бир хил бўлмаслиги мумкин. Масалан, оддий бир томчи ҳақида топишмоқлар тўпламида 14 та намуна келтирилган. Агар биттасида “Тумшуқсиз чумчуқ муз тешар” дейилса, иккинчисида “Жингила сичқон ер қазир” дейилади, учинчисида эса “Ўтмас пичоқ ер кавлар” тарзида яратилган. Лекин уларнинг ҳаммасида бир томчи сув ҳақида фикр юритилади. Сув ҳақида эса 19 та топишмоқ келтирилган. Баъзан бир нарсанинг хусусиятлари бирма-бир санаб ўтилади ва жумбоқнинг осон топилиши таъминланади:
“Кўл эмас, дарё эмас,
Ичида музлайди сув.
Жазирама ёзда ҳам,
Иссиқ ўтказмайди у.
Усти боши темирдан,
Шундан жойи тўрдан” (музлатгич).
Бундай топишмоқларни нарса ҳақида тўқилган ҳикоя дейишимиз мумкин. Чунки таърифда ҳар бир белги ва хусусият эринмай баён этилади. Юқорида қайд қилганимиздек, битта топишмоқнинг бир нечта жавоби бўлиши ҳам мумкин. Масалан, “Узун терак, ичи ғовак”. Бу топишмоққа қамиш, мўри, милтиқ жавобларини бериш хато бўлмайди. Ёки: “Тепдим, тепдим, теракка чиқдим”нинг жавоби нарвон ва эгарланган отга чиқиш билан изоҳланади.
Халқ орасида яшаб келаётган топишмоқлар бир жумбоқли ва кўп жумбоқли бўлиши мумкин. Аввалроқ мисол қилиб келтирган сув, жийда, шамол, танбур ҳақидаги топишмоқлар бир жумбоқли ҳисобланади. Шеърий мисралар сони бу ўринда алоҳида аҳамият касб этмайди: 6 мисрадан иборат топишмоқнинг жавоби музлатгич эди. Аммо шундай топишмоқлар ҳам борки, уларга жавоб бериш учун икки ва ундан ортиқ нарсаларни эслашга тўғри келади:
-    Тоғда талаймонни кўрдим,
-    Сувда сулаймонни кўрдим.
-    Тузсиз пишган ошни кўрдим,
-    Юмалаб ётган тошни кўрдим.
Бу топишмоқдаги тўрт мисрада тўртта нарса яширинган. Биринчисида бўри, иккинчисида балиқ, учинчисида сумалак, тўртинчисида тошбақа сўзлари яширинган. Олима Зубайда Ҳусаинова баъзан топишмоқларда арифметик рақамлар сонини топиш талаб қилинишини ёзади. Масалан: “Бир тўда ғоз учиб борар экан. Бир ғоз рўбарў келиб: “Эй юз ғоз, соғ-саломат бормисиз”, - дебди. Шунда улардан бири айтибди: “Биз юз ғоз эмасмиз, яна бир миқдори ғоз бўлса, яна бизнинг ярмимиз миқдори ва ярмимизнинг ярми бўлса, у вақтда сен қўшилсанг, юз ғоз бўламиз”, - дебди. Ҳаводаги ғоз қанча эди?
Жавоби: 36     (36+36+18+9+1)=100 .
Халқ оғзаки ижодидаги топишмоқлар бадиий жиҳатдан ҳам сўз санъати ҳисобланган адабиётда қўлланган жуда кўп санъатларга бой. Бу санъатларнинг топишмоқда учрайдиган энг оммавийси истиорадир. Ойна – кўз, илон – соч, қизил тойчоқ – тил каби ўнлаб мисолларда истиора санъати келган.
Ёзма адабиётда талмиҳ санъати машҳур. Хусусан, Алишер Навоий ғазалларида шундай байт бор:

Кўп ўқудим Вомиқу, Фарҳоду, Мажнун қиссасин,
Ўз ишимдин бул ажаброқ достоне топмадим .

Байтдаги Вомиқ, Фарҳод, Мажнун исмлари талмиҳ санъатига мисол бўлади. Яъни шоир ўз ҳис-туйғуларининг оддий эмаслигини таъкидлаш учун ишқ йўлида изтироб чеккан ошиқлар рамзига айланган қаҳрамонларнинг исмларини мисол қилиб кўрсатади. “Талмиҳ” сўзининг маъноси “қаратмоқ”дир.
Топишмоқларда ҳам ана шундай исмлар учрайди. Тахмин қилиш мумкинки, бу исмли одамлар бир вақтлар машҳур бўлганлар, лекин вақт ўтиши билан аста-аста халқ хотирасидан ўчганлар:
“Сарибой акам ичкари,
Соқоллари ташқари” (сабзи, маккажўхори).
Шунингдек, “Токчама-токча, Саматжон бойвачча” (сичқон), “Осмони ресмон, Мулла Абдураҳмон - беустихон” (бит) каби мисолларда ҳам исмлар учрайди.
Топишмоқларда тазод (қаршилантириш) санъати намуналаридан ҳам фойдаланилган:
“Ош ичида тош,
Тош ичида ош” (сумалак, тошбақа, ёнғоқ).
Бу матнда ҳатто қофия санъатининг мураккаб тури тарсиъ (мисралардаги ҳамма сўзларнинг қофияланиб келиши) ҳам ўрин олган.
Бадиий адабиётдаги жонлантириш (ташхис) санъати топишмоқларнинг асосий тасвир воситаларидан бири ҳисобланади.
“Қорабой отдан тушди,
Болалари югуришди” (қозон, товоқ, коса).

“Икки сингил,
Оғир - енгил” (тарози).
Баъзан жонлантиришнинг гапиртириш (интоқ) усули ҳам учрайди:
Зув этди билдингми,
Зувиллаб кетди билдингми?
Кўланкаси кумушдан,
Кулиб кетди билдингми? (милтиқ, ўқи).
Бундай мисоллар халқ топишмоқларининг ҳақиқий сўз санъати намунаси эканини қайта-қайта далиллайдиган омиллардир.
Юқоридаги саҳифаларда топишмоқларнинг халқ эртаклари, достонлари билан алоқаси ҳақида маълумот берган эдик. Топишмоқлар айни пайтда мақоллар, қўшиқлар билан ҳам яқин муносабатда шаклланган. “Бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам қон” мақоли топишмоқ ўрнида ҳам келиши мумкин ва унинг жавоби ёғ хумча, кади бўлади. “Асалдан ширин, заҳардан аччиқ” (тил) топишмоғи эса “Ширин сўз – шакар, аччиқ сўз – заҳар” тарзда такрорланади.
З.Ҳусаинова ўзининг топишмоқлар ҳақидаги тадқиқотида
“Ёмғир ёғалоқ,
Тарвуз юмалоқ,
Жаладан қўрқмас,
Лаққа бақалоқ” (балиқ) ва
“Ғоқ-ғоқ-ғоқ,
Думоғим чоқ,
Сувда сузиб юраман,
Кўп кайфлар сураман” (ғоз)
топишмоқлари болалар қўшиқлари сифатида ҳам айтилишини кўрсатиб ўтади.
Халқ топишмоқлари мақоллар каби ёзма адабиёт вакиллари ижодига ҳам ўз таъсирини ўтказган дейиш мумкин. Топишмоқларнинг яралиши мақсадидаги “Ўйла, изла, топ” тамойили ёзма адабиётдаги луғз (чистон), муаммо ва тарих жанрларида етакчи ҳисобланади. Хусусан, Алишер Навоий бир чистон (луғз)ида шундай ёзади:

Не шўх эрурки, улус кўнгли ичра савдоси
Анинг юзидаги хатлар каби муҳаррардур.

Кумушдурур танию қиммати анинг лекин
Ўн икки ўз танидек важҳ ила муқаррардур.

Ишида ул ўн икки ҳар бирисидур динор
Ки, адл сиккасидин юзларида зевардур.

Магарки англади хумсул муборак асрорин
Ки, сони бу адад ўлмиш, агарчи юз мардур.

Гадоға хумсидин ар салтанатдурур, не ажаб
Қачонки беклик анинг рубъидин муссардур.

Чистонда эл кўнглига савдо (ақлдан озиш) солувчи, юзида таҳрир қилинган муҳри бор нарса нима, деб савол қўйилган. Бу саволнинг жавоби “Танга” бўлади. Яъни шоир нарсанинг белгиларини санаган ва жавоб топишни сўрамоқда. Увайсийнинг “Анор”, “Қайчи” чистонлари машҳур.
Муаммо жанрида шоир байт ёзади, байтда муайян амалларни бажариш лозимлиги кўрсатилади. Агар ана шу амаллар тўғри бажарилса, исм вужудга келади. Масалан, Алишер Навоий байтини келтирайлик:
“Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса яхшилиқ била от”.
Байтнинг иккинчи мисрасидаги “саодат” сўзидан “от” олинса (чиқса яхшилиқ била от), “Саъд” исми ҳосил бўлади.
Мумтоз адабиётимизда олий саркардаларнинг ғалабалари, катта қурилишларнинг якунланиши, олий мартабали одамлар оиласида фарзанднинг туғилиши ёки машҳур олим – алломаларнинг вафот этиши муносабати билан шоирлик иқтидори бор адиблар “тарих” ёзганлар. Тарихни ташкил этувчи ҳар бир сўз таркибидаги ҳарфлар алоҳида рақамларни билдирган. Бундай тизим илмда абжад деб аталган. Абжад ҳисобининг асосини араб алифбоси ташкил этган бўлиб, алиф – 1, бо – 2, жим – 3, дол – 4, ҳо – 5, вов – 6 рақамларини ифодалаган. Охирги ҳарфлар зод – 800, зо – 900 ва ғайн – 1000 рақамларини англатган. Масалан: Дурбек “Юсуф ва Зулайхо” достонининг ёзилган йилини абжад ҳисоби билан қуйидаги байтда берган:
“Зод”(ﺽ) эди тарих тақи “ҳе” (ﺡ) ю “дол”(ﺩ)
Муддати ҳижратдин ўтуб моҳу сол.
Байтда келтирилган уч ҳарф ифодалаган рақамлар қўшилса (ﺽ - 800 + ﺡ - 8 + ﺩ- 4), 812 чиқади. Демак, достон ҳижрий 812 (милодий 1409) йилда ёзилган экан.
Шундай қилиб, чистон, муаммо, тарих жанрларидаги бошқотиргич вазияти халқ оғзаки ижодидаги топишмоқлар билан муштаракликни белгилайди. Топишмоқларда ҳам, ёзма адабиётдаги учта жанрда ҳам инсонни ўйлашга, қиёслашга, излашга чорловчи фазилат намоён бўлади.

Савол ва топшириқлар:
1. Топишмоқларнинг мақолларга ўхшаш ва фарқли жиҳатларини аниқланг.
2. Топишмоқларнинг жанр хусусиятларини сананг ва изоҳланг.
3. Топишмоқларнинг ҳаёт билан муносабати ҳақида сўзланг, уларнинг тарбиявий аҳамиятини топинг.
4. Топишмоқларда қандай бадиий тасвир воситалари қўлланади?
5. Ёзма адабиётдаги чистон, муаммо, тарих жанрларини топишмоқлар билан таққосланг.

Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 100-109.
2.    Ҳусаинова З. Ўзбек топишмоқлари. - Т.: Фан, 1966.
3.    Ҳусаинова З. Топишмоқлар / Ўзбек фольклори очерклари. 1-жилд. - Т.: Фан, 1988. – Б. 98-128.
4.    Кравцов Н.И., Лазутин С.Г. Русское устное народное творчество. –Москва: Высшая школа, 1977. – С. 86-95.
5.    Ҳомидий Ҳ., Абдуллаева Ш., Иброҳимова С. Адабиётшунослик терминлари луғати (иккинчи нашри). - Т.: Ўқитувчи, 1970. – Б. 5-6, 119, 218.



АСКИЯ

Аския ҳақида фикр юритишдан аввал унинг моҳияти ҳақида қисқача мулоҳаза билдириш жоиз. Аския айтиш қанчалар мураккаб бўлса, уни тушуниш ҳам осон эмас. Чунки аскиячи айтган аскияда нозик сўз ўйини қўлланилади. Сўз ўйинини тушуниш эса уни ўйлаб топишдек қийин. Сўз ўйинида уни ўйлаб топган одамнинг фикрлаш усулини қўллаш лозим бўлади. Шу боис аския пайтида кимдир кулади, кимдир гап нима тўғрисида бораётганини англай олмай гаранг бўлиб тураверади. Аския жанрининг бош мақсади, унинг моҳияти сўз ўйини воситасида кулги ҳосил қилишдир.
Кичик бир мисолга мурожаат қилайлик. Кунлардан бир кун дуторчи қизлар ансамбли иштирокчиси Санобар Каримова мусиқа машқи ўтказиладиган хонага ҳаммадан аввал келибди. Устози Ғанижон Тошматовдан «Қизлар келишмадими?» - деб сўрабди. Табиатан аскиячи Ғанижон ака шу заҳоти илиқ табассум билан: «Келишгани келишди», - деб жавоб берибди. Мана шу икки сўзда аскиядаги энг муҳим хусусият акс этган. Биринчидан, Ғанижон ака Санобархон саволидаги «келиш» сўзидан жуда унумли фойдаланган. Жавоб икки сўздан иборат бўлгани ҳолда ҳар икки сўз шаклан бир хил кўринишда. Иккинчидан, биринчи сўзнинг ўзи икки маънони ифодаламоқда. Яъни «келган одам келган ҳисобланади, келган одам келган-да», деган маъно ифодаланган. Учинчидан, «келишган» сўзининг кўплик қўшимчаси билан битта Санобархонга нисбатан қўлланилишига ажабланиш керак эмас. Чунки Фарғона водийсида битта шахсга нисбатан кўплик шаклда фикр билдириш одат ҳисобланади. Айни пайтда, «келишган» сўзи бу ўринда «келган» маъносидан ташқари қадди-қоматида нуқсони йўқ одам, ўзбекларда «келишган қиз», «келишган йигит», «келишган одам» сўз бирикмасида қўлланганидек маънони ифодаламоқда. Яъни Ғанижон ака қизнинг саволига ажойиб лутф билан жавоб бермоқда. Кейинги сўз «келишди» эса Андижон шевасида кўпликни якка шахсга қўллаш мумкинлигидан фойдаланилган ҳолда сўз туркумидан феъл маъносини билдирмоқда. Санобархоннинг соддагина саволига устоз моҳирона жавоб топди. Аввал хонага кирган шогирдига унинг «келишган»лиги – хушбичим, қадди-қомати чиройли экани таъкидланди ва айни пайтда, савол берувчига қараб «йўқ» сўзи ҳам қўлланмади. Бу ўринда катта авлод вакилларимизнинг, умуман, савол берувчи шахсга нисбатан жавоб беришда «йўқ» сўзини қўллашдан ўзларини сақлашга уринганларини ҳам таъкидлаш ўринлидир. «Келишгани келишди»даги сўзлар маъносини тўлиқ билмаган одам учун жавобнинг ўзи тушунарсиз бўлиши мумкин. Аммо сўзларнинг ҳақиқий фикр ифодалаш имкониятини ҳис қилган ўзбек устоз жавобидан беназир лаззат олади. Ўзбек тили имкониятига қойил қолади. Устознинг сўз қўллаш маҳоратига таҳсинлар ўқийди.
Аския жаҳондаги биронта халқ оғзаки ижодида учрамайдиган, сўздан сўз ҳосил қилиш, сўз жилосидан тўлиқ фойдаланиш, сўз ўйинига асосланган жанрдир. Бошқа халқларда бу жанрнинг учрамаслигини эса, асосан, ўзбек тилидаги сўз бойлиги билан изоҳлаш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, мақол, топишмоқ, эртак, қўшиқ, достон жанрлари жаҳон халқлари ижодида айнан ёки бир оз ўзгарган ҳолда учрайди, аммо олимлар шу кунгача аскиянинг бошқа халқларда мавжудлигини аниқламаганлар. Тўғри, баъзи пайтларда латифаларда аскияга ўхшаш вазиятлар учраши мумкин (пешка ходит е 2-е 4; он ходит едва, едва – шахмат ўйинидаги энг кичик сипоҳ е 2 хонасидан е 4 га юради, биз назарда тутган одам эса зўрға-зўрға юради). Аммо муайян хусусиятларга эга алоҳида жанр сифатида учрамайди.
«Аския» сўзининг асоси араб тилидаги «закий»дан олинган бўлиб, соф фикрли, ўткир зеҳнли, закий – нозик табиат билан фикр юритиш маъноларини англатади. «Азкиё» эса кўплик шаклдир. Фикримизча, «к» жарангсиз ундош товуши таъсирида «з» жаранглиси жарангсизлашиб «с»га айланган бўлиши мумкин.
Бу жанрнинг илк тадқиқотчиси Расул Муҳаммадиев шундай ёзади: «Ҳозиржавоблик – аскиянинг энг муҳим шарти, чунки бирор тараф ўз вақтида чуқур маъноли, кучли жавоб қайтара олмаса (пауза бўлса), кулги пасаяди, демак, рақибнинг фикрида кучсизлик сезилиб қолади» .  
Аския санъатини илмий ўрганган олим Расул Муҳаммадиев ўзбекларнинг аския айтиши қадим замонлардан бошланганини қайд этган. Хусусан, ХV асрда яшаган шоир Зайниддин Восифий ўз хотираларида Ҳирот шаҳрида Мирсарбараҳна, Бурҳоний Гунг, Ҳасан Воиз, Саид Ғиёсиддин, Шарфий, Ҳалил Саҳҳоб, Муҳаммад Бадахший каби ўткир сўз усталари борлигини айтиб ўтган. Ҳунармандчилик ривожлангани сари аския ҳам кенг оммалашди. Айниқса, бўз, атлас тўқийдиган косиблар қўл ва оёқлари муттасил ҳаракатда бўлгани боис ё қўшиқ, ашула айтишган, ё аския билан кўнгилни овутишган. Бу жиҳатдан Фарғона водийси аҳолиси алоҳида ажралиб турган. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Мамаюнус Тиллабоев, Эрка қори Каримов, Амин бува, Ғанижон Тошматов, Турсун бува Аминов, Абдулҳай Махсум каби машҳур сўз усталари аския санъатини ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшдилар. Халқ ҳофизлари Жўрахон Султонов, Расулқори Мамадалиев, Шоқосим, Шоолим, Шоакбар Шожалиловлар, Ориф Қосимов, Ориф Алимахсумов ва ўнлаб хонандалар тўйларда ажойиб аскиябоз сифатида ҳам машҳур эдилар. Юртимизда Мустақиллик, Наврўз, Ҳосил байрамлари муносабати билан ўтказиладиган оммавий йиғинларда аския томошаларга файз бағишламоқда. Шунингдек, улфатларнинг гап-гаштакларида, турли йиғинларида, зиёфат устида аския айтиш одати ҳам эсдан чиққан эмас.
Аския санъатининг асосини бадиий адабиётдаги ийҳом деб аталувчи бадиий тасвир воситаси ташкил этади. Ийҳом араб тилида «шубҳага солиш» деган маънони билдиради. Бу санъатга биноан шаклан бир хил сўзларнинг турли маънода қўлланиши орқали фикр ифодалаш санъати назарда тутилади: Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Қаро зулфинг» ғазалидаги иккинчи байтда:

Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдан қон равон қилди,
Нега ҳолим ямон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

мисралари бор. Ундаги «сўрорим бор» сўзларида ийҳом санъати қўлланган. Чунки бу сўз ташқи маъносига кўра “сўрамоқ” маъносини беради. Яъни сенинг лабинг бағримни қон қилгани, кўзимдан қон оқизгани сабабини сўрамоқчиман, демоқчи. Аммо бу сўзнинг яширин маъноси ҳам йўқ эмас. Унга кўра «сўрорим» сўзи энди «сўрмоқ» - ўпмоқ маъносини ифодаламоқда. Шундай қилиб, ийҳом санъатини бир сўзнинг икки маънони бир вақтнинг ўзида ифодалаш моҳияти ташкил этади.
Омоним сўзлар бадиий адабиётда кенг қўлланади. Мумтоз шоирлар ижодидаги туюқ жанрида бир шаклдаги сўз уч ўринда уч маънони ифодалайди. Оғзаки ижодда ҳам Эргаш Жуманбулбул қуйидаги тўртликни «Равшан» достонида келтирган:

Қўлингдан келганча чиқар яхши от,
Яхшилик қил болам, ёмонликни от.
Насиҳатим ёдингда тут фарзандим,
Ёлғиз юрса, чанг чиқармас ёлғиз от.

Юқоридаги тўртликда эътиборимизни «от» сўзи ўзига қаратади. Бу сўз бир ўринда «исм», иккинчи ўринда «отмоқ» -  феъл, учинчи ўринда халқимиз севиб минадиган от маъносини билдиради. Бу мисолда халқ бахшиси тажнис санъатини қўллаган. Чунки омоним сўзларнинг шеърда турли маъно англатиб ўзаро қофияланиши тажнис деб аталади. Аскияда эса кўпроқ ийҳом санъатидаги сўз ўйини етакчилик қилади. Баъзан бу санъат шу қадар мураккаблашиб кетадики, уни айтилгани заҳоти англаб олиш ҳам қийин бўлади. Масалан, Расул Муҳаммадиев 1962 йилда эълон қилган «Аския» китобида қуйидаги матнни келтиради:
«Қодиржон ака:
- Икромиддин, бу ёққа қаранг, бизга пиширишингиз битта ош, қовоқ ҳам соласиз-а!
Икромиддин:
- Қодиржон ака, сизлардақа азиз меҳмонларга атаб ҳар хил овқат қилганмиз: бу шўрва, ош қовоқда.
Амин бува:
- Мулла Икром, Қодиржон акадан ташвиш қилманг, бу кишига ошқовоқдан олинса бўлди.
Қодиржон ака:
- Амин бува, ажойиб хушфеъл одамсиз-да, индамай олаверасиз: ошга қовоқ солинмайди, деб.
Амин бува:
- Сиз ҳам индамай тушираверсангиз-а, қовоқдан ош яхши, деб.
Қодиржон ака:
- Сиз ҳам индамай тушираверсангиз-а, ошдан қовоқ яхши, деб.
Амин бува:
- Сиз ҳам индамай тушираверсангиз-а, қовоқ ошми, ош қовоқми, деб.
Икромиддин:
-... бир оз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиринглар, бошқа овқат қиламан: қовоқ-сиз!
Энди аскияда қайта-қайта такрорланган «қовоқ» сўзига диққат қиламиз. Аввало, «қовоқ» сўзининг маъноларини кўриб чиқайлик. Биринчидан, палак отиб ўсадиган полиз ўсимлиги. Иккинчидан, шу ўсимлик қобиғидан тайёрланган идиш. Унга, одатда, сут, овқат солиб сақланади. Учинчидан, одамнинг қоши остидаги кўз косасини қопловчи тери. Аския матнида учта маънонинг ҳаммаси фаол иштирок этади. Қодиржоннинг биринчи жумласида ошга қовоқ солиш ҳақида гапирилади. Аммо меҳмонларга жаҳл чиққан ҳолда, яъни қовоқ солиб овқат қилиш яхши эмаслиги, шундан сўнг «ош қовоқда» дейилганда, ошнинг қовоқ пўстидан ясалган идишга солингани айтилмоқда. Аскиянинг охирги жумласи алоҳида аҳамиятга эга. Унда «қовоқсиз» сўзи бор. Бир қарашда овқатга қовоқ солмайман маъноси ифодаланади. Аммо аскиячи бу сўзни шундай талаффуз қиладики, оқибатда, аския бошлаган одам бефаҳм, яъни “қовоқ” номи билан аталиб қолади. Натижада аскиядаги ҳар бир «қовоқ» сўзини қўллашда янги маъно, фикрий товланиш акс этиши оқибатида атрофдаги тингловчиларга кулги бағишлайди.
Кулги ҳосил қилишнинг яна бир усули аскиябозларнинг лақаблари билан боғлиқ сўз ўйинларидир. Ҳақиқий моҳир аскиябозлар рақибларининг лақабларини аския матнига шундай сингдириб юборишар эдики, фақат аскияни нозик тушунадиган тингловчигина унинг маъносига фикр қилиб етиб борар эди.
Машҳур ҳофиз Мамаюнус (лақаби кал) поездда кетишаётганда дўсти Эрка қорини (кўзи ожиз) аскияга тортар экан, қори аканинг кўзи ожизлигига шама қилиб:
- Туринг, қори ака! Кўр отга (курортга) келдингиз! – дейди. Эрка қори ёстиқдан бошини кўтарар экан, шошиб-пишиб купе деразасидан ташқарига қараган бўлди-да, дарҳол юзини Мамаюнус ака томон буриб:
- Ҳовлиқмай қолинг, Мамаюнус! Шўртепа-ку! – деди.
Матнни таҳлил қилишда тингловчи «кўр от», «шўртепа» сўзларининг маъносини шу заҳоти закийлик билан кўзи ожиз, кал маъноларида тушуниб етмаса, аскиянинг бутун моҳияти ўз қадрини йўқотади. Натижада, Мамаюнус аканинг маҳоратини ҳам, Эрка қорининг топқирлигини ҳам баҳолай олмайди.
Аския таркибида кичик турлар мавжуд. Уларнинг энг оммалашгани пайров, қолганлари гулмисиз, райҳонмисиз, жамбилмисиз; ўхшатдим, қофия, тутал, бўласизми, раббия, афсона, сафсата каби номлар билан аталади.
Пайровда аскиябозлар тингловчилар аудиториясининг касби, ҳудуди, маҳаллий шароит хусусиятларига кўра ўзаро келишиб мавзу танлашади. Мавзулар деҳқончилик, косиблик, ўқитувчилик, бадиий асарлар, мақоллар, пахта, иморат, табобат ва бошқа йўналишларда бўлиши мумкин. Аммо бир мавзу танландими, бошланишидан охиригача изчиллик билан давом этиши шарт. Масалан, участка – иморат қуриш пайрови чек олишдан бошланади. Кейин иморатнинг лойиҳаси тузилади, деворлар учун ер қазилади, фундамент (пойдевор) қуйилади, тўсин ташлашади, пахса қилинади ёки ғишт терилади, эшик, дераза, дарвоза ўрнатилади, сувалади, том қоқилади, сув, газ, чироқ ўтказилади, бўялади ва ҳоказо ишларнинг ҳаммаси бажарилади. Ҳаммасига уста ишлатилади. Бозордан қурилиш ашёлари сотиб олинади. Хуллас, иморат қуриш бошидан ичига кириб жойлашгунига қадар бўлган жараён акс этади. Муҳими, ҳар бир бажариладиган иш аския асосида ичакузди кулгилар жўрлигида амалга оширилади. Аскиябозларнинг маҳорати қурилишнинг ипидан игнасигача билишдан ташқари уларни баён қилишни сўз ўйини билан ҳамоҳанг олиб бориш ва тингловчиларни муттасил кулдириш билан белгиланади.
Аскиянинг бошқа турларида ҳам аскиячилар бир-бирларининг иззат нафсини ҳақорат қилмаган ҳолда тингловчидарни кулдириш билан ўз маҳоратларини намойиш қиладилар.
Кулги уйғотиш усулларининг ҳаммаси аскиябозлар томонидан фойдаланилган. Улардан бири сўз талаффузини атайин бузиб айтиш ҳисобланган. Масалан, аввалги мисолда курорт сўзи «кўр от» тарзида айтилган. Шунингдек «кишмиш» - кишимиш, яъни кимдир; карбюратор – кал биладир; русча «курит» ўзбекча талаффуз билан «кўр ит» тарзида талаффуз қилинган. Кўпинча, меваларнинг номлари исмлар урғуси билан айтилган. Масалан, узумлар: Ҳасайни – Ҳасан, Ҳусайни – Ҳусан, Қора чиллаки – Қоравой; қовунлар: Асати – Асадбой, Дониёр – Дониёр, Шакар палак – Шакарбек, Мирзачўл – Мирзайўлдош ва ҳ.к.
Айрим мутахассислар аския матнини таҳлил қилишда кўпроқ эътиборни аскиячиларнинг сўз қўллаш маҳоратига қаратадилар. Бу – тўғри. Аммо тажриба аския матнини жонли ижродан ажраган ҳолда таҳлил қилиш у қадар маъқул эмаслигини тасдиқлайди. Аскиябознинг маҳорати, аввало, тингловчилар олдида намоён бўлади. Аския бадиий адабиётнинг драма жинсига мансуб жанр ҳисобланади. Бинобарин, аскияни ўтказиш баҳоси унинг ёзма матни билан эмас, жонли ижроси билан белгиланади. Шунинг учун аския ҳақида фикр юритганда, аскиябозларнинг мавзуни тўғри танлагани, уни изчил равишда мантиқий якунга етказа олгани, бадиҳагўйлик маҳоратини қай даражада ишга солгани, тингловчиларнинг мақтовига сазовор бўлгани билан баҳолаш маъқул ҳисобланади.
Аския юзасидан маълумот беришда бир масалани эсдан чиқармаслик лозим. Гап шундаки, аския табиатида порнография – уятли маъно ифодалаш хусусияти бор. Айтиш керакки, умуман, халқ оғзаки ижодидаги деярли ҳамма жанрларда уятли тушунчаларни пардали тасвирлаш одатини инкор қилиб бўлмайди. Айрим қўшиқларда, топишмоқларда, латифаларда, достонлар ва эртакларда баъзан ижрочилар тингловчи аудиториясини янада қиздириш, эътиборни ўта жалб қилиш, кулги даражасини кўтариш мақсадида бу усулдан фойдаланганлар. Аммо одоб чегараси уларнинг жуда эркин сўз ишлатиш ва ҳаракатларига йўл қўймаган. Шу билан бирга аския ижросида ийҳом санъатидан фойдаланган ҳолда порнографик маъноли аския матнини қўллаш тажрибада кўпроқ намоён бўлади. Шунинг учун ҳам аския эркаклар ўртасида айтилганда, аёлларнинг даврада қатнашиши маъқул саналмаган. Фольклоршуносликда аёллар ўртасида алоҳида аскиялар бўлиб тургани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Шундай қилиб, аския ўзбек халқ оғзаки ижодининг сўз ўйини асосида шаклланган ва оммалашган ўзига хос жанри сифатида баҳоланиши мумкин. Аския жозибаси асрлар давомида ота-боболаримиз томонидан баҳоланиб келинган. Унинг тараққиётига бугунги кунда Жўрахон ака Пўлатов, Баҳодир Шокиров, Неъматжон Тошматов, Акромжон Анваров, Мансуржон Охунов, Содиқжон Ҳасанов, Муҳаммадсиддиқ Миряев, Убайдулла Абдуллаев, Маъруф Раҳимов, Жалолиддин Раҳимов, Хотамжон Ҳакимжонов, Хотамжон Тешабоев каби сўз санъаткорлари муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Савол ва топшириқлар:
1.    Аския жанрининг фақат ўзбек халқ оғзаки ижодида мавжудлигини изоҳланг.
2.    Аскиянинг жанр хусусиятларини мустақил равишда аниқланг.
3.    Аския таркибидаги кичик турларни айтинг. Пайровга баҳо беринг.
4.    Матнда кулги уйғотувчи усуллар ҳақида маълумот беринг.

Адабиётлар:  
1.    Муҳаммадиев Р. Аския. – Т., 1962.
2.    Аскияда ижрочилик маҳоратини ошириш йўллари (методик тавсиянома). Тузувчилар: Жўраев М, Собитова Т. - Т, 1985.
3.    Саид Анвар. Муҳиддин Дарвеш. - Т.: Шарқ НМАК, 2006.
4.    Раззоқов Ҳ. Ўзбек халқ оғзаки ижодида сатира ва юмор. - Т.: Фан, 1965.



ЛАТИФА ВА ЛОФЛАР

Латифа. Халқ оғзаки ижоди ҳаётнинг ҳамма шароитига мос асарлардан ташкил топгани юзасидан фикр билдирган эдик. Латифалар ана шу фикримизнинг яна бир далили бўлиб хизмат қилади. Ўзбеклар дунёдаги бошқа халқлар каби ҳазилни, тақлидни, кулгини яхши кўрадилар. Кулги инсонга соғлик, яхши кайфият, ўз-ўзидан қониқиш туйғусини бағишлайди. Халқимизнинг доно фарзандлари Юсуфжон қизиқ, Ака бухор, Ғанижон Тошматов кабилар ҳаёт машаққатли кечган пайтларда ҳам юртимиз аҳлига тетиклик, умид, ишонч улашганлар. Бундай натижага эришиш ўз вақти учун жуда оғир бўлган. Латифалар, лофлар, аския, халқ драмаси асарлари, муқаллидчиликдан унумли фойдаланиш зукко ва иқтидорли инсонларни хақиқий маънода халқ севгисини қозониш шарафига муяссар қилди.
Инсон қалбидаги ташвишни, танасидаги хасталик хуружини четроққа суришда кулгили латифалар жуда самарали восита ҳисобланган. «Латифа» атамаси арабча «лутф» (ﻟﻄﻑ) сўзидан олинган бўлиб, нозик фикрлаш, яхшилик қилмоқ, мурувват кўрсатмоқ, шарафламоқ маъноларини англатади. Шунингдек, луғатларда латифа нозик, ихчам, кичик, чуқур ва кенг маъноларини ифодалайди. Махсус луғат ҳисобланган Алишер Навоий асарларига тайёрланган луғатда буюк адибнинг шу ўзакли сўзлардан ўн тўрт маънода фойдалангани қайд этилади. Улар қаторида нозик маъноли сўзлар, ажойиб ҳикоялардан тортиб поклик, меҳрибонлик тушунчаларигача ўрин олган. Хуллас, оғзаки ижодимиздаги бу жанр атамаси ҳар томонлама унинг шакли ва мазмуни, мақсади, вазифасига мос равишда танланган.
Латифаларнинг жанр хусусиятларини қуйидагича белгилаш мумкин:
1    Латифалар бадиий адабиётдаги эпик тур (жинс) га мансуб. Aммо ижрода драматик – актёрлик маҳорати        аҳамиятли.
2. Латифалар шаклан насрда яратилади.
3. Ҳажм жиҳатдан чекланган.
4. Воқеа ифодасида диалоглардан кенг фойдаланилади.
5. Фавқулодда кутилмаган ечими кулги уйғотади.
Илмий адабиётларда қайд этилишича, латифаларнинг шаклланиши ва ривожланиши IX-XI асрларга тўғри келган.
Хусусан, шу даврда олий илм даражасига эришган алломалардан бирини ёқтириб қолган подшоҳ ўз саройининг қаршисига олимга атаб болахонали уй қуриб беради. Аллома илмли, доно, ҳурфикр экан. Аммо унинг ташқи кўриниши бесўнақай, хунук экан. Кунлардан бир кун подшоҳ тонг пайтида ўз тарафида туриб тонг ҳавосидан тўйиб нафас олаётса, қаршисидаги болахонадан олимнинг гавдаси кўринибди. Шунда подшо унинг бесўнақайлигига урғу бериб:
- Мавлоно, кўчанинг нариги бетида бир эшак турибдими? – дебди. Аллома шу заҳоти ҳеч иккиланмай:
- Йўқ, олампаноҳ, мен бу томонга катта кўзгу – ойна қўйдирганман, - деган экан.
Насриддин Афанди номи билан латифалар мазмунининг боғланиб, уйғунлашуви ХIХ аср охири ХХ аср бошлари билан белгиланади. Ўзбек фольклоршунослиги фани асосчиси, профессор Ҳоди Зарифов қайд қилишига биноан, Насриддин Афанди номининг ўзбек латифаларида шуҳрат топиши юртимизда матбаанинг пайдо бўлиши, Насриддин Афанди латифаларининг китоб тарзда нашр эттирилишидан бошланган. Айтиш мумкинки, Озарбайжонда эълон қилинган «Мулла Насриддин” журналининг ўзбек зиёлилари орасида кенг оммалашуви бу жараённи тезлаштирган. Ўтган аср бошларида «Насриддин Афанди» номи билан китоблар нашр эттирилади. Кейинчалик Шариф Ризо, Собир Абдулла, Адҳам Раҳмат, Ҳошимжон Раззоқов, Баҳодир Саримсоқов, Фарида Йўлдошева каби зиёли, адиб, олимлар ташаббуси билан афанди латифалари бир неча марта нашр эттирилди, илмий тадқиқотлар олиб борилди. Айниқса, Фарида Йўлдошева қаламига мансуб «Ўзбек латифаларида Насриддин Афанди образи»  рисоласи бу жанр тарихи, матн таҳлили, образ яратиш маҳоратини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбек афанди латифалари рус тилида ҳам қайта-қайта нашр эттирилди. Ўзбекфильм ижодкорлари «Насриддин Бухорода» (бош ролда Свердлин Лев Наумович), «Насриддин саргузаштлари» (бош ролда Раззоқ Ҳамроев) бадиий фильмларини яратдилар. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, бу саъй-ҳаракатлари натижасида ўзбек Насриддин Афандиси, қолаверса, латифаларимиз юртимиз чегарасидан олисларда шуҳрат топди. Насриддин Афанди латифаларини ўқиган ҳар бир китобхон бу шахснинг тарихи билан қизиқади. Шайх Насриддин, Хўжа Насриддин, Мулла Насриддин, Насриддин Афанди номларининг қайта-қайта такрорланиши бу қизиқишни яна ҳам орттиради. Илмий маълумотларда Насриддин исмли шахс 1208 йилда вафот этгани, ҳатто ҳижрий ҳисоб билан унинг мақбарасига 386 йилда туғилган деб ёзилгани, йил рақамларининг ўрни атайин тескари тартибда берилгани ҳақида маълумотлар бор. Бу далилларни тадқиқотчи Фарида Йўлдошева шундай хулосалайди: «Тарихда Хўжа Насриддин исмли шахслар, Насриддин Афанди прототипларининг бир қанчаси ўтган бўлиши мумкин... Мана шу тарихий шахсларни халқ қаҳрамони Хўжа Насриддинга ҳаёт бағишлаган прототиплар десак бўладими. Аксинча, халқ қаҳрамони Насриддин тарихий шахсларга шуҳрат келтирди». Ҳақиқатан ҳам, халқ яратган Насриддин афанди латифаларидаги турфа кулгили воқеа-ҳодисалар шу қадар серкўлам ва ибратлики, улардаги умумий мазмун бир инсон ҳаёти чегарасига сиғмайди. Шунинг учун мазкур латифаларнинг бош қаҳрамонини Насриддин афанди рамзида мужассам топган халқ деб тушуниш ҳақиқатга яқинроқ бўлади. Чунки тарихда Рашидиддин Ватвот, Алишер Навоий, Биноий, Машраб, Муқимий, кейинчалик А.Қодирий, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор, М.Шайхзода, А.Раҳмат, Ҳ.Раззоқов, С.Аҳмад, О.Шарафиддинов, Э.Воҳидов, Ў.Ҳошимов, О.Матчон, А.Мелибоев каби инсонлар ҳаётида рўй берган кулгили, ибратли, ҳазил-мутоиба ҳодисалар тавсифи вақт ўтиши билан латифаларда, хусусан, Насриддин афанди билан боғлиқ оғзаки ижод асарларида ўз ифодасини топган бўлиши табиийдир. Ҳар бир халқда ҳам ҳаёт лавҳаларидан кулигили вазият яратадиган инсонлар бор. Уларнинг фикр юритиш усулида фавқулодда комик ҳолат ҳосил қилиш сирлари бўлади. Шунинг учун ҳам ҳиндларда Бирбол, арабларда Жўҳа, қозоқларда Алдар куса ,тожикларда Мушфиқий, туркманларда Мирали, қорақалпоқларда Умрбек номлари билан латифа қаҳрамонлари шуҳрат топган, аммо латифа матнларида муштарак вазиятлар жуда кўп учрайди. Бундай ҳолатларда қайси халқ вакилидан бошқа халқ вакили муайян воқеани ўзлаштирган ёки кўчирган деган саволни қўйиш тўғри эмас. Ижтимоий, маиший ҳаётдаги ўхшашликлар оқибатида бир хил латифаларнинг яратилишини асослаш маъқулроқ натижа беради. Масалан, Бирбол латифаларидан бирида кунлардан бир кун подшох унга жуда қалтис ҳазил ўйлаб топишни ва бу ҳазилнинг кечирими ундан ҳам қалтисроқ бўлиши лозимлигини буюради. Бирбол шоҳ таклифини қабул қилади. Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг Бирбол ҳеч ким йўқ вақтида подшоҳнинг белини чимчилаб олади. Шоҳ ғазаб билан: «Бу нима қилганинг?» - деб сўраганида, Бирбол: «Кечирасиз, шоҳим, сизни маликам, деб ўйлабман», - деб жавоб беради. Қизиғи шундаки, айнан шу мазмундаги латифа ўзбекларда ҳам, туркманларда ҳам, озарбайжонларда ҳам машҳур. Бу мисол латифаларнинг яшовчанлигини, турли халқларда бир хил вазиятлар бўлиши табиийлигини кўрсатади. Натижада, қайси халқ мазкур латифани олдинроқ яратганлигини аниқлаш мумкин бўлмайди ва аниқлашнинг ҳожати ҳам қолмайди.
Ўзбек Насриддин афанди латифаларида бош қаҳрамон ўта ҳозиржавоб, ўта зукко, доно ва тадбиркор инсон сифатида гавдаланади. Ҳаётда уни сўз билан, хатти-ҳаракат билан ечими йўқ вазиятга тушириш мумкин эмас. Чунки ақлли, мутафаккир Насриддин афанди қиёфасида бутун халқнинг, миллатнинг сўзга чечанлиги, закий, яъни нозик фикр юритиш фазилати ўз ифодасини топган. Ҳар бир латифа матнида уни ўйлаб топган шахс ақли, вазиятни аниқлаш кайфияти ва заковати намоён бўлади. Латифаларнинг эътиборли, тингловчини ўзига жалб қиладиган жиҳати шундаки, уларда савол-жавоб қилаётган тарафлар бир-бирини мутлақо ечими топилмас вазиятга туширишга уринадилар. Айниқса, Насриддин афанди қисмати латифанинг якуний қисмига етгунга қадар жуда оғир ва чорасиз тақдир шароитида тасвирланади. Аммо халқ Насриддин афанди тарафида бўлгани учун ана шундай мушкул вазиятдан ҳам ўз топқирлиги, сўзга усталиги билан қаҳрамонимиз ечим топиб кета олади. Бир мисолга мурожаат қилайлик. Кунлардан бир кун Афандининг саройга кириб келаётганидан хабар топган подшо у ҳақда ўзи топган бир воқеа билан мулзам қилмоқчи бўлибди: «Бугун тунда, - дебди у, - афанди билан иккаламиз туш кўрдик». Табиий, бундай пайтларда Афанди фақат тасдиқ маъносини билдириши шарт ҳисобланган. Подшоҳ давом этибди: «Афанди билан мен тушимизда янги туғилган мушук боласига айланиб қолибмиз. Осмондан бир калхат тушиб, иккаламизни икки чангалига олиб осмонга парвоз қилибди. Аммо шу яқин орада пайдо бўлган бургутнинг хамласидан қочиб, иккаламизни чангалидан бўшатиб юборибди. Мен шинни ўрага тушибман, афанди нопок ўрага тушибди». Шунда саройдаги мулозимлар афанди устидан кулиб, қаҳ-қаҳа кўтаришибди. Афанди бамайлихотир: «Шоҳим, тушимизнинг давомини ҳам айтинг-да», - дебди. Тўсатдан айтилган гапдан ҳайрон бўлган подшоҳ иккиланиб: «Хўш-хўш, давомида нима бўлган эди?» - деб сўрашга мажбур бўлибди. Афанди: «Сиз шинни ўрадан, мен нопок ўрадан чиқдим, тўғрими?» - дебди. «Ҳа-ҳа, - дебди подшо, - жуда тўғри», - дебди. Шунда афанди: «Мен сизни яладим, сиз мени яладингиз», - деб жавоб берган экан.
Маълум бўладики, Насриддиннинг вазиятни тўғри баҳолашига, зудлик билан тўғри ечим топа олишига тасанно айтмасдан иложимиз йўқ. Афанди латифаларида сўз, ибораларнинг аниқ қўлланилиши халқ қаҳрамонининг ўзбек тили имкониятларидан, қочиримларидан, сўз ўйинларидан ҳақиқий заршуносдек фойдаланишини далиллайди. Афанди жуда содда кўрингани билан тилимизнинг гўзаллигини, товуш товланишини маҳорат билан қўллайди.
Кунлардан бир кун афанди катта бир амалдорни «Сиз аҳмоқсиз» деб ранжитибди. Амалдор уни қозига бошлаб борибди. Қози амалдорнинг хизматларини афандига яхшилаб тушунтирибди. Насиҳат қилибди. Сўзининг охирида афандига амалдорга қараб «Сиз аҳмоқ одам эмассиз», - дейишни буюрибди. Афанди шу заҳоти қозининг буйруғини бажариб: «Сиз, аҳмоқ, одам эмассиз» - деган экан. Жумладаги аҳмоқ сўзининг ундалма урғуси билан талаффуз қилиниши оқибатида шўринг қурғур амалдор аввал фақат аҳмоқ деб аталган бўлса, қозининг буйруғини «бажарган» афанди энди уни одам ўрнида ҳам кўрмаслигини маълум қилди. Бундай латифаларни тўқиган одамлар ўзбек тилини ниҳоятда яхши биладиган ва сўз ўйинларини чуқур ҳис қиладиган инсонлар бўлишгани аниқ кўриниб туради.
Бадиий адабиётда китобхонни ҳаёт ташвишларидан маълум бир муддат давомида тўлиқ халос этадиган асарлар ҳам яратилади. Айрим саҳна асарларини томоша қилган томошабин ҳамма ташвишларини унутади. Катта ҳаёт муаммоларидан фориғ бўлади. Хусусан, бизнингча, «Тошболта ошиқ», «Келинлар қўзғалони», «Олтин девор» каби драмалар айнан ана шу мақсадда саҳналаштирилган. Бизни ўзига мафтун қилувчи жозиба асар қаҳрамонларининг фавқулодда содда қарорга келишлари, бир-бирларига нисбатан самимий муносабатда бўлишлари билан белгиланади.
Афанди латифаларида афандидаги иккинчи хислат – унинг ниҳоятда соддалиги, аниқроқ айтсак, нўноқлигини намойиш қилиш билан изоҳланган. Бундай намуналарда биз афандининг соддалигидан, ҳаётдаги кўнгилсиз воқеаларни ўзига олмаслигидан завқланамиз. Афандининг афандилиги унинг афандилиги билан шарҳланади. Яъни биронта эс-ҳуши жойида одам қилиши мумкин бўлмаган қарорни айнан афанди қабул қилади.
Насриддин афанди кўчада кетаётиб, кичкина бир кўзгу – ойна топиб олибди. Уни қўлига олар экан, ўз аксини кўргани заҳоти: «Э, кечирасиз, ойна сизникимиди?» - деб ташлаб юборибди. Ойна синибди. Шунда афанди: «Керак бўлмаса, айта қолмайсизми? Ўзим олар эдим-ку», - деган экан.
Гап шундаки, халқимиз ижтимоий турмуш ташвишларидан зериккан баъзи пайтларда шунчаки кўнгил хушлиги учун ҳам кулги яратиш истагини билдиради. Бундай латифалардан мураккаб вазият изоҳларини излаш тўғри эмас. Чунки уларни халқ фақат енгил кулгига ташналигидан яратган, холос. “Кунлардан бир кун тунда афанди сув олмоқчи бўлиб, қудуқ тепасига келса, қудуқ тубида ой кўринибди. Афанди хотинини чақириб, арқон олиб келишини буюрибди. У арқон ёрдамида ойни қудуқдан чиқармоқчи бўлган экан-да. Қудуққа ташланган арқон қайсидир илдизга илиниб қолибди. Афанди зарб билан арқонни тортган экан, чалқанчасига йиқилиб тушибди. Шунда кўзи осмондаги ойга тушибди. «Ҳайрият, чиқариб олибман-ку», - деган экан афанди ўзидан мамнун бўлиб”.
Бундай латифалар билан танишиш, айниқса, ҳикоя қилиш маҳоратига эга инсон ижросида тинглаш одамга ҳузур бағишлайди. Биз аввал айтганимиздек, бу турдаги латифаларда тингловчи содда афанди қарорларидан кулади. Лекин шуни ҳам қайд қилиш лозимки, халқ бу билан нима демоқчи эканини тушуниб етишга ҳам ҳаракат қилиш зарар келтирмайди. Эҳтимол, доно халқ шу каби латифалар воситасида «Сен бунчалик содда бўлма!» демоқчими? Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Шундай қилиб, халқ латифалари оғзаки ижоднинг ажралмас қисми сифатида қадимги қадриятларнинг дурдоналаридан ҳисобланади. Уларда афанди тимсолида халқнинг ўз фарзандларига ҳар қандай мушкул шароитнинг ҳам муносиб ечими борлигини уқтиришга даъват сезилади. Энг муҳими, ана шу ечимни топа билиш маҳоратида.
Миллатнинг табиатини билмоқчи бўлган инсон латифаларни тинглаш, тушуниш, ҳис қилиш, қолаверса, маза қилиб кулиш орқали муҳим маълумотлар билан танишади.
Лофлар. Бадиий адабиётда қўлланадиган санъатлардан бири «муболаға» дейилади. Араб тилидан олинган бу сўз кучайтириш, бўрттириш, гипербола маъноларини англатади. Адабиётшуносликда муболағанинг уч тури белгиланган:
1.    Таблиғ – бирор оғир ишни бажариш қайд этилади, аммо шахснинг иродаси, хоҳиши ва матонати билан амалга оширилса, таблиғ санъати қўлланган бўлади.
2.    Иғроқ – бажарилган қийин ишни тасаввур қилишимиз мумкин, аммо ҳақиқатда эса уни амалга ошириш мумкин бўлмайди.
3.    Ғулувв – муболағанинг бу турида тасвирдаги бўрттириш ҳолатини кўз олдимизга келтириш ҳам, унинг ҳаётда рўй бериши ҳам мумкин эмас.
Халқ оғзаки ижодидаги лофлар муболаға санъатига асосланади. Луғатда «лоф» - форс тилидан олинган сўз бўлиб, қуруқ (пуч) гап, сафсата, мақтанчоқлик. 1.Фольклордаги ҳажвий-юмористик жанрлардан бири: ҳаддан ташқари бўрттирилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон гап»  деб изоҳланган.
Лофлар халқ оғзаки ижодининг латифалар ва аския каби кулги уйғотувчи оммавий жанри ҳисобланади. Асосан, жанрда қўлланадиган санъат муболағанинг иғроқ ва ғулувв тури ҳисобланади. Бу жанр моҳиятида муболаға етакчи ўринни эгалласа ҳам, бадиий адабиётдаги мазкур санъатни қўллаш мақсади билан фарқланади. Чунки халқ ижодидаги достонлар, эртаклар, ёзма адабиётдаги шеърлар, достонларда муболаға қаҳрамоннинг зиммасидаги оғир вазият, у бажарган вазифа оддий эмаслигини таъкидлаш мақсадини кўзлайди. Хусусан, «90 молнинг терисидан пўстини, 15 молнинг терисидан ковуши», «14 ботмон ёйни қўлига ушлаб, етти яшар бола кўтариб тортди, тортиб қўйиб юборди... Асқар тоғининг катта чўққиларини юлиб ўтди, овозаси оламга кетди» («Алпомиш»). Ёки:

Меҳр эмас, оҳим ўтидин кўкка етмиш бир шарар,
Айб эмасдур гар десам: «Дам урсам афлок ўртанур»

байтида Алишер Навоий осмондаги қуёш аслида мен – ошиқ оҳининг бир учқунидир. Агар ростмана дам урсам, оҳ чексам, фалак куйиб кетади, демоқчи. Юқоридаги мисолларда халқ ижодкори, ёзма адабиёт вакили томонидан тасвирланаётган воқеа таъсирида тингловчи, ўқувчида ҳайрат уйғониши учун муболаға санъатидан фойдаланилган. Лофлардаги қўлланган муболағада эса икки мақсад назарда тутилади: биринчидан, лофдаги бўрттиришнинг ўйлаб топилганидан қойил қолишимиз, ҳайратга тушишимиз керак, иккинчидан, бизда кулги уйғотиши ҳам зарур. Демак, лофлардаги муболағанинг бажарадиган вазифаси оддий бадиий санъатникидан мураккаб экан.
Ҳаёт тажрибасидан маълумки, инсон одатда бажарган ишини, кўпинча, бўрттириб кўрсатишга мойил бўлади. Кимдир шахмат ўйнаб, умрида ютқизмагани билан, кимдир бир қулоч балиқ тутгани билан, кимдир йигирма коса норин егани билан мақтанади. Аммо бу гапларни эшитган иккинчи кимса, албатта: «Сиз мен билан шахмат ўйнамаган кўринасиз» ёки «Сиз тутган балиқлар бизнинг дарёдаги балиқларнинг янги уруғдан чиққанига ўхшар экан», ё «Норин еган косаларингизни ангишвонанинг ичига жойлаб беришгандир» деб жавоб қайтаргиси келади. Натижада, халқ оғзаки ижодидаги лофлар жанрига асос ҳосил бўлади.
Лофлар бадиий адабиётнинг эпик тури (жинси)га мансуб жанр. Унинг ҳажми чекланган: икки-уч, уч-тўрт жумладан иборат. Асосан, диалогда қатнашган икки лофчи суҳбатидан бир лавҳа тарзида бўлади. Уларда бўрттирилган ёлғон воқеа тўқишда моҳир, тажриба тўплаган лофчи деб ҳисобланган шахслар мусобақалашади. Ҳар икки тараф айтаётган воқеасининг ёлғон ва тўқима эканини жуда яхши билади, лекин мутлақо бу фикрини очиқ айтмайди. Бу шарт бузилса, лоф бутун моҳиятини, жозибасини йўқотади. Аксинча, бир лофчи суҳбатдошининг бўрттирилган ёлғон гапини аксарият ҳолларда тасдиқлайди, эътироз билдирмайди. Фақат лофнинг мазмунидан хабар топганидан сўнг уникидан ўткирроқ, яна ҳам муболағали, ёлғонроқ жавоб топиши лозим. Муҳими, иккинчи лофчи кейин жавоб бергани учун лоф шу ўринда тугайди. Баъзан диалоглар бир оз давом этиши мумкин, лекин бари бир сўнгги фикр билдирган лофчи ғолиб чиқаверади.
Латифаларда, лофда, аскияда кулгига сабаб бўлган жумлани кашфиёт даражасида баҳолаш мумкин. Уларни ўйлаб топган шахс катта ҳаёт тажрибасига эга бўлади, айниқса, вазиятни тўғри баҳолаб кулги ҳосил қилиш маҳоратини намойиш этади. Бунинг учун у тил бойлигидан ҳам яхши фойдалана олиш фазилатига эга бўлиши зарур. Лоф тўқилганидан сўнг вақт ўтиши, биринчи ижодкор номининг маълум эмаслиги оқибатида мазкур асарга жамоа, яъни халқ муаллиф бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам миллат вакили ўйлаб топган асар ўзбек халқининг зукколиги, ҳозиржавоблиги, топқирлиги, моҳир ижодкор эканлигини далиллайди.
Лофларни, кўпинча, латифагўйлар, аскиячилар, қизиқчилар ижро этишган. Турли сайилларда, йиғинларда, гап-гаштакларда кимдир лоф айтишни бошлагани заҳоти вазият ўзгарган, фикрий мусобақа бошланган. Масалан, қизиқчилик ва аскиядан устоз санъаткор ҳисобланган марғилонлик Юсуфжон қизиқ моҳир аскиябоз Мамажон махсум билан лоф айтишиб қолибди:
Юсуфжон қизиқ:
- Марғилоннинг ери хўб ер-да, бир бош узуми икки замбар келади-я!
Мамажон махсум:
- Токини Андижондан пархиш қилиб олиб кетгандирсиз-да, - дебди.
Бу мисолда Мамажон махсум фикрий кашфиёт жиҳатдан Юсуфжон қизиқни енгди. Чунки пархиш қилинган токнинг илдизи Андижонда қолади. Бинобарин, Мамажон махсум ўзининг вилоятидаги ер ҳосилдорлигини Марғилонникидан устун қўйган.
Яна бир мисолга эътибор қилинг:
Бир лофчи иккинчи бир лофчининг эшигини тақиллатибди. Лофчи чиқиб сўради:
- Мен билан чандишаман дейсан, ёшинг нечада?
- Одам Атодан етти мучал каттаман, - деб жавоб берибди чақириб келган лофчи. Бу жавобдан уй эгаси – лофчи ҳўнграб йиғлай бошлади.
- Нега мунча тўлиб йиғлаяпсиз? – сўрабди меҳмон.
- Сен туғилган йили менинг бир уйли-жойли ўғлим ўлган эди. Шу эсимга тушиб кетди, - деб жавоб берибди мезбон.
Мазкур лофда эшикни тақиллатган лофчи шундай бир вақт чегарасини тилга олдики, ундан олдинги муддатни топиш мумкин эмасдек туйилади. Чунки Одам Ато, умуман, одамзоднинг биринчи вакили ҳисобланади. Биринчи лофчи ўзини Одам Атодан ҳам етти мучал катта эканини айтди. Иккинчи лофчи – уй эгаси унга мутлақо эътироз билдиргани йўқ. Унинг ёлғон гапини ҳақиқатдек қабул қилди. Аммо шу заҳоти рақиби туғилган йили уйли-жойли ўғли ўлганини эслаб йиғлай бошлади. Демак, уй эгаси меҳмондан камида қирқ ёш катта эканини таъкидламоқда.
Халқ ўз лофларида мақол, топишмоқ, латифаларда бўлганидек, маиший ҳаётдаги турли лавҳалар, вазиятлар, воқеа-ҳодисалар юзасидан ўз мулоҳазаларини кулгили қилиб ифодалайди. Бу эса халқнинг бундай ҳолатларга нисбатан муносабатини билиб олиш имконини беради. Масалан, баъзан икки таниш ногоҳ учрашиб қолганида, дунёдаги бор-йўқ гапларни эслаб, соатлаб гаплашиб қолади. Лофларнинг бирида бу ҳақда шундай дейилади:
«Тошкентлик бир машҳур лофчи Андижондаги дўстиникига келиб, уни лоф билан мот қилмоқчи бўлибди. Эшигини тақиллатса, ҳалиги дўсти устига пўстин, бошига телпак, оёғига этик кийиб чиқиб қарши олади.
- Ҳа, ёз саратонида бу нима қилганинг? – деб сўрабди тошкентлик лофчи.
- Сен билан бўладиган суҳбат қизиб кетиб, шу билан қишга кириб қолсак, совқотиб қолмай деб, бир йўла кийиниб чиқдим, - деб жавоб берибди андижонлик мезбон». Ҳар ҳолда лофларда ҳам латифалардаги каби кутилмаган якуний хулосаларга келиш воситасида кулги ҳосил қилинади, бу билан муваффақият қозонилади.
Шубҳасиз, ёзма адабиёт вакиллари лофлардаги гўзал ва жозибали лавҳалардан фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Агар, кўпинча, адиблар муболаға санъатини қўллашда турли янгиликлар ўйлаб топган бўлсалар, кейинчалик лофлардаги кулги уйғотиш усулидан ҳам фойдаланишга эришганлар. Масалан, Алишер Навоийдан кейин яшаган Махмур «Авсофи Каримқул меҳтар» ҳазилида қирчанғи отни тасвирлашда шундай ёзади:

Сув ҳам ичса, томоғига тиқилур
Пашша гар қўнса ёлиға йиқилур.

Замондошимиз Эркин Воҳидов эса «Бошиндадур» ҳажвиясида ўтган асрнинг 60-йилларида ўзини замонавий йигит қилиб кўрсатмоқчи бўлган кимсаларнинг кулгили қиёфасини шундай акс эттиради:

Най мисол шим кийган ул
Сандиқдайин туфли билан.
Ҳурпайиб турган саватдек
Соч анинг бошиндадур.

Маълум бўладики, ёзма адабиётимиз вакиллари ўзбек халқи тарбиясида вояга етар эканлар, оғзаки ижодимиз хазинасидан, хусусан, лофлардан ҳам унумли фойдаланиш йўлларини излаганлар.
Шундай қилиб, лофларда ўзбекнинг кулгисевар халқ экани яна бир бор ўз исботини топганига гувоҳ бўламиз. Лофлар халқимизнинг бадиий ижод сирларини мукаммал эгаллаган ижод соҳиби эканини далиллайди. Халқ вакилларининг сўзга чечанлигини намойиш қилишда лофлар яхшигина восита вазифасини бажарган.

Савол ва топшириқлар:
1.    Латифаларда кулги ҳолатини яратиш усули ҳақида нималар биласиз?
2.    Мавзулар ранг-баранглигини ўрганинг. Мавзулар бўйича латифаларни тасниф қилинг.
3.    Латифалардан намуналар ёзиб олинг.
4.    Муболаға санъатининг лофлардаги аҳамияти ҳақида сўзланг.
5.    Лофларда кулги қандай вазият ҳисобига ҳосил бўлади?
6.    Латифалар ва лофларнинг ёзма адабиётда фойдаланилишига мисоллар топинг.

Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 216-226.
2.    Йўлдошева Ф. Ўзбек латифаларида Насриддин афанди образи. - Т.: Фан, 1979.
3.    Шоҳ Акбар ва доно Бирбол. - Т., 1994.
4.    Афанди латифалари. - Т., 1989.
5.    Саримсоқов Б. Лоф / Ўзбек фольклори очерклари. 2-том. - Т.: Фан, 1989.
6.    Ҳожиаҳмедов А. Мумтоз бадиият малоҳати. - Т.: Шарқ НМАК, 1999. – Б. 9-14.




ЭРТАКЛАР

Эртаклар дунёдаги бошқа халқлар оғзаки ижодида кенг тарқалганидек, ўзбекларда ҳам энг оммавий жанрлардан бири сифатида турли вилоятларимизда яшайдиган юртдошларимиз томонидан севиб айтиб келинган. Уларнинг жуда қадим замонлардан яратилганини «эртак» атамасининг Маҳмуд Кошғарий томонидан 1074 йилда ёзилган «Девону луғоти-т-турк» асарида «этук» тарзда қўлланганидан билса бўлади: «Этук – ҳикоя, эртак; бирор мақсадни шоҳга билдириш, ҳикоя қилиш учун ҳам бу сўз қўлланади. Асли бир нарсани ҳикоя қилишдан олинган» . Бу жанрнинг қадимийлигини қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа бир қатор туркий халқлар оиласига кирувчи миллатлар оғзаки ижодида ҳам эртак деб аталиши, исботлаши мумкин. Шунингдек, мифлар, афсона, ривоятлар ҳақида фикр юритганимизда, диффузион жараённинг кейинги босқичи эртак эканлигини эслатиб ўтганмиз. Демак, агар халқимиз оғзаки ижодини қадимги қадриятлар сифатида эъзозласак, бу хазинанинг ноёб дурдонаси сифатида ҳеч иккиланмай эртакларни қайд этиш мумкин экан.
Эртак терминини Ўзбекистондаги ҳамма вилоятлар аҳолиси жуда яхши билса-да, бу жанрга оид асарлар турлича ҳудудларда турлича аталган. Хусусан, тошкентликлар «чўпчак», фарғоналиклар «матал», хоразмликлар «варсақи», ўзбек ва тожик тилида сўзлашувчи ватандошларимиз «ушук» тарзда аташган. Булардан ташқари жонли сўзлашувда баъзан афсона, ўтирик, тутал атамалари ҳам учрайди. Ҳатто ҳазрат Алишер Навоий ҳам ғазалларидан бирида «чўпчак» сўзини қўллаганлар:

Ҳабибим ҳусни васфин уйла муҳлик англаким бўлғай,
Қошинда қиссаи Юсуф бир уйқу келтурур чўпчак .

(Байтдаги «чўпчак» «Наводиру-ш-шабоб»нинг 1959 йилги нашрида «чўрчак» шаклида ёзилган. Шунинг учун Алишер Навоий замонида «чўрчак» ёки «чўпчак» атамаси бор эди деб хулоса қилиш мумкин бўлади). Айни пайтда байтдаги «уйқу» сўзига эътибор беринг. Маълум бўладики, оқшом пайти болаларни ухлатишда эртакнинг сеҳрли таъсир кучидан бугунги кунда фойдаланар эканмиз, бу анъана ҳам бежиз пайдо бўлмаганини қайд этамиз. Дарвоқе, Ҳ.Олимжоннинг 1937 йилда ёзган «Ойгул билан Бахтиёр» эртагини эслашимиз ҳам ўринли:
Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,
Кўп эртак эшитгандим,
Сўйлаб берарди бувим.

Эсимда ўша дамлар,
Ўзи учар гиламлар,
Тоҳир-Зуҳра, Ёрилтош,
Ойни уялтирган қош .

Шоир достон бошланишида (достоннинг бош мазмуни ҳам «Озода чеҳра» эртагига асосланишини таъкидлаш мумкин) халқ эртаклари жозибасини шоирона кашфиётлар билан ёритиб берган. Бу мисраларда «Тоҳир ва Зуҳра», «Ёрилтош» эртакларининг номи тилга олинишидан ташқари «ўзи учар гиламлар», «ойни уялтирган қош»лар, «беқанот учган отлар», «сўйлагувчи деворлар», «бола бўп қолган чоллар» санаб ўтилади. Ҳақиқатан ҳам, «Ойгул билан Бахтиёр» адабий эртагини ёзишда шоирга халқ эртакларининг сирли олами илҳом бағишлаган ва Ҳамид Олимжон ўз ўқувчисига бу илҳом изоҳини гўзал сўзлар билан етказишга ҳаракат қилган. Юқорида келтирган фикрларимиз халқ эртакларининг ҳақиқий сўз санъати сифатида қадимдан яшаб келаётганини, халқ ҳаётида уларда тасвирланган олам муайян аҳамият касб этганини далиллайди.
Халқ эртакларимизнинг бадиий ижод намунаси сифатидаги жанр хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
1.    Эртаклар халқ оғзаки ижодининг эпик жинси (тури)га мансуб.
2.    Эртаклар, асосан, насрда яратилади. Фақат айрим асарлардагина («Ёрилтош», «Тоҳир ва Зуҳра» ва б.) қўшиқни эслатувчи шеърий парчалар учрайди.
3.    «Бир бор экан, бир йўқ экан» бошламаси ва «мурод-мақсадига етибди» якунланмаси эртакларнинг анъанавий белгиси ҳисобланади.
4.    Хаёлий-фантастик тасвир эртаклар сюжетида қўлланадиган устувор усулдир.
5.    Эртакларнинг умумий мазмунида IMF формуласи доимий такрорланади. Ҳар бир эртак I – инициал – бошланма; M – медиал – асосий қисм; F – финал – якунланмадан иборат бўлади.
Эртакларнинг мифлардан ижод усулини ўзлаштирганлиги ҳақида фикр юритган эдик. Бу анъана ўзбек халқ эртакларининг умумий мазмунида бугунги кунгача сақланиб келмоқда. Эҳтимол, бу жанр асарларининг яшовчанлигини таъминлаган асосий хусусият ҳам шундан иборатдир. Халқ ўз эртакларида чегарасиз равишда хаёлот оламини кезиб чиқади. Яъни уларда халқ фантазияси маҳсули бўлган чегара билмас уйдирмалар, трансфигурация (бир шаклдан иккинчи шаклга ўтиш) ҳолатлари тингловчини ўзига жалб этади. Ваҳоланки, эртак бошланмаларидаги “Бир бор экан, бир йўқ экан, бир оч экан, бир тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан...” (олимлар бошланмадаги таркибий “экан” қисмларнинг 20 га яқин бўлишини белгилашган) ибора ва жумлалар мутахассислар фикрича, эртакда баён қилинган воқеаларнинг аслида умуман бўлмагани ва рўй бериши мумкин эмаслигини англатар экан. Ҳақиқатан ҳам, достонларда биз бу мазмундаги бошланма – зачинларни учратмаймиз. Шу боис одатга кўра достонлардаги воқеалар ҳаётда бўлган деб қабул қилинади. Эртакда эса тамом бошқа ҳолат ҳукм суради. Чунки бу жанр бошланмасидаги “бор-йўқ”, “оч-тўқ” сўзларининг ўзи ҳикоя қилинаётган воқеага нисбатан шубҳа уйғотади. Аммо масаланинг қизиқ томони шундаки, воқеа бошланмасдан атайин шубҳа уйғотишга бўлган ҳаракат тингловчига деярли таъсир қилмайди. Биз эртаклардаги уйдирмаларга тўла ишонамиз, асар қаҳрамонларининг тақдирига бефарқ қарай олмаймиз, севикли малика ёки чўпон муваффақият қозонса, бу ғалаба ўзимизникидек қувонаверамиз.
Халқ эртаклари мазмунида ижтимоий, иқтисодий, маиший ҳаётнинг ҳамма масалалари ўз ифодасини топади, десак хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам ер юзининг ҳамма минтақаларида яшайдиган халқларда умумий ҳаёт тарзи яқин бўлгани сабаб бир хил мазмундаги эртаклар кўп учрайди. Француз, инглиз, хитой, япон эртаклари аксарият ҳолларда ўзбеклар ижодидаги бу жанрдаги асарлар мазмунини такрорлайди. Фақат французларда пишлоқ, узум; хитойларда гуруч; ўзбекларда тухум ёки қатиқ каби нарсалар фарқи сезилади. Агар бошқа хақлардаги эртаклар матнида шу ёки бошқа нарсалар номини миллий предметлар билан алиштирсак, кўпинча, бошқа халқлар намуналари ҳам ўзбекники бўлади-қолади. Бу ҳолат сабабини аввал қайд қилганимиздек, бир халқдан иккинчи халқнинг ўзлаштириши деб эмас, умумий ҳаёт тарзининг яқинлиги билан асослаш маъқулроқдир. Масалан, ёқут халқидаги “Бекинмачоқ”, руслардаги “Ўн икки ой” (“Морозбобо”) ва ўзбекдаги “Зумрад ва Қиммат” эртакларида воқеа тугунидан тортиб ечимигача бир хил йўналишда кечади. Аммо бу асарларнинг ҳар бири бевосита ўша халқ ижоди намунаси деб тан олинади.
Ўзбек фольклоршунослиги ривожига муносиб ҳисса қўшган Мансур Афзалов ўзбек халқ эртаклари юзасидан илмий иш ёзар экан, бу жанрнинг ўрганилиши тарихига алоҳида тўхтаган. Олимнинг маълумот беришича, ўзбек эртакларига бўлган илмий эътибор ХIХ аср иккинчи ярмидан бошланган. Бу ўринда А.А.Кушакевич, Н.Лапунова, А.Васильев, А.Н.Самойлович, В.В.Бартольд каби бир қатор зиёли ва таниқли олимлар исмлари келтирилган. Шунингдек, «Фарҳод ва Ширин», «Ширин қиз», «Самарқанд», «Шаҳзода Назар Муҳаммад ва Малика Назарбиби», «Аннамурод бова ҳақида», «Эрни эр қилган хотин», «Донишманд Чўпон» каби афсона ва эртаклар матнларининг ёзиб олиниши, дастлабки тадқиқ қилиш жараёни ҳақида маълумотлар қайд этилган . Ўзбек эртаклари ўз вақтида Миён Бузрук Солиҳов, Ҳоди Зарифов,  Холид Расул, Буюк Каримов каби олимлар томонидан ўрганилган. Кейинчалик бу фаолиятни К.Имомов, Т.Ғозибоев, Ғ.Жалолов, Х.Эгамов, Ҳ.Раззоқов, Ж.Юсупов каби олимлар давом эттиришди.
Халқ табиатан ҳамиша адолатни ёқлайди, ҳимоя қилади. Эртаклар яратилиш жиҳатдан мифларга асосланса, мавзунинг танланиши, образлар тизимидаги йўналишлар, ҳаёт муаммоларини акс эттиришда адолат мезонига бўйсунади. Қаллоблик, виждонсизлик, хиёнат, ёлғончилик, маънавий нопоклик каби иллатлар доимий равишда қораланади. Мардлик, тўғрисўзлик, меҳнатсеварлик, иймонлилик, поклик фазилатлари ҳурмат билан тилга олинади. Воқеанинг тугуни ҳам ҳамиша ана шу фазилатларни улуғлаш билан ечимини топади. Моҳир халқ фарзандлари томонидан ўйлаб топилган фантастик ҳодисалар, уйдирма лавҳалар, сеҳрли нарса-буюмлар, жодулар, ғайритабиий ҳодисалар эса том маънода ёвузликнинг қораланиши, эзгуликнинг мақталишида поэтик хомашё сифатида фойдаланилади.
Халқ эртакларининг мазмун ва ҳаётдаги воқеаларни тасвирлаш йўналишига кўра уч тури мавжудлиги М.Афзалов, К.Имомов томонидан кўрсатиб ўтилган. Бу таснифга кўра эртаклар сеҳрли ва ҳаётий турларга бўлинади. Аммо айрим адабиётларда ҳайвонлар ҳақидаги, сеҳрли, маиший турларга бўлинади. Мансур Афзалов таснифида яна ҳайвонлар, сеҳрли-фантастик, ҳаётий-сатирик турлар ҳам кўрсатилган. Умумий таҳлилнинг осон ва тушунарли бўлиши учун биз ана шу таснифга биноан иш кўришни маъқул топдик. Эртакларни тасниф қилиш қанчалар мураккаб эканлигини уларни таҳлил қилиш жараёнида ўзингиз англаб етасиз.
Ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар. Ҳайвонлар ҳақидаги эртакларни айрим мутахассислар сеҳрли-фантастик эртаклар туркумига мансуб ҳисоблайдилар. Хусусан, К.Имомов, Ғ.Жалолов ўзларининг тадқиқотларида ҳайвонлар иштирок этадиган эртакларни сеҳрли эртаклар қаторида таҳлил қиладилар . Бу асарларда ҳайвонлар иштироки, уларнинг асар қаҳрамонлари билан суҳбатда бўлишлари олимларнинг сеҳрли эртаклар деб аташларига асос беради. Биз бу атамани шартли равишда қабул қиламиз, чунки сеҳрли эртакларнинг ҳайвонлар иштирок этмаган мазмундагилари ҳам етарли бўлиб, уларни алоҳида таҳлил қилиш мумкин. М.Афзалов ҳайвонлар ҳақидаги эртакларнинг ўзида турли фарқланувчи асарлар борлигини қайд этади. Уларнинг биринчи турига мифологик мазмун ифодаланганларини қўшади. Маълумки, қадим замонлар тотемизм ва фетишизм тушунчаси нуқтаи назаридан аждодларимиз ҳар бир нарса-предметни, шу жумладан, ҳайвонларни ўзларига ҳомий деб билганлар. Улар тасаввурида одамлар тотем ва фетиш ёрдамида муайян ютуқларга эришишлари мумкин ҳисобланган. Бу ҳақда мифлар ҳақида тўхтаганимизда ҳам маълумот берганмиз. Ўзбек аждодлари бўри, илон, от ва бошқа бир қатор ҳайвонларни ўзларига ҳомийлик қилишини руҳан ҳис этганлар. Эртакларнинг дастлабки намуналарида айнан ана шу дунёқараш асосида асарлар яратганлар. «Бўри», «Чўлоқ бўри», «Илон оға», «Айиқ полвон» каби эртаклар шулар жумласидандир.
«Қуёш ерининг паҳлавони» эртагида она айиқ Рустамни парвариш қилади, унинг ҳаётида ҳомий сифатида ўрин эгаллайди: Рустам ва отаси – ямоқчи чолга қўлидан келганча яхшиликлар қилиб душмандан асрайди. Мансур Афзалов «Илон оға» эртагини алоҳида ажратиб кўрсатади: “Илон – куёв ниқобини олса, инсонга айланади. Қиз илоннинг ниқобини куйдириб юборса, у каптар бўлиб учиб кетади. Илон оғанинг онаси ва холаси ялмоғиз кампир бўлади. Улар Илон оға билан қизга кўп тўсқинлик қиладилар. Лекин Илон оға ва қиз ўз тадбирлари орқали ялмоғиз кампирни енгиб, мурод-мақсадларига етадилар” . Хусусан, «Чўлоқ бўри» эртагида подшоҳнинг кенжа ўғли афсонавий тилла қушни олиб келиш учун сафарга чиққанида чўлоқ бўрига дуч келади. Унга нон беради. Бўри ундан ёрдамини аямайди. Қуш учун сафарга чиққан бола бир қиз ва от билан уйига қайтади. Йўлда акаларининг ҳолидан хабар олади. Аммо акалари унинг кўзларини ўйиб, чоҳга ташлайдилар. Эртак охирида кенжа ўғил барибир мурод-мақсадига етишади, акалари жазоланадилар . Бу турдаги эртакларнинг моҳияти тотем ҳисобланган ҳайвон ва қушларнинг асар қаҳрамонига ўзларининг сеҳрли фазилатлари воситасида ёрдам бериш билан изоҳланади. Шу мазмундаги яна бир эртак «Кенжа ботир» деб аталади. Унда ҳомий сифатида от қатнашади.
Ҳайвонлар ҳақидаги эртакларнинг яна бир турида мажозий фикр юритиш усули устувордир. Бундай эртаклар фарзандларга панд-насиҳат, тарбия бериш мақсадида яратилган. Ҳар қандай вазиятда бирга бўлиш, дўстликни қадрлаш кераклиги эртакнинг бош ғоялари ҳисобланади. Инсон бир-бирига яхшилик қилса, албатта, ўзининг орзусига етишади, деган фалсафа асосида тўқима воқеалар, қизиқ-қизиқ образлар ўйлаб топилади. «Сусамбил» эртаги ана шундай асарлар қаторидан ўрин олган. Ҳўкиз, эшак афсонавий Сусамбил шаҳрида эркин, тўкин ҳаёт кечирмоқчи бўладилар. Уларга хўроз, каламуш, арилар эргашадилар. Узоқ қийинчиликдан сўнг мақсадга етадилар. Аммо бу ерда уларга бўрилар ҳужум қилади. Шунда ҳўкиз уларни сузади. Каламушлар ер ковлаб, бўриларни гўрга тиқмоқчидек қўрқитадилар. Арилар чақади. Хўроз қичқириб, эшак ҳанграб бўриларни безовта қилади. Охир-оқибат бўрилар аҳил биродарлардан зўрға қочиб қутуладилар. Ўз галаларига бориб ваҳима соладилар. Натижада, бутун бўрилар Сусамбилдан қочишга мажбур бўладилар. Ҳайвонлар эса тўкин ҳаёт кечирадилар . Бу эртакда бахтга эришиш осон эмас, аммо эришилган бахтни сақлаб қолиш ундан ҳам қийинроқдир, деган доно фикр ҳайвонлар мисолида мажозий тарзда ўз ифодасини топган. «Овчи, Кўкча ва Доно» эртагида ҳам каптар, сичқон, қарға, тошбақа, кийикнинг дўстлиги уларни бир неча марта ўлимдан қутқаради. Фақат самимий, беғараз дўстлик оқибатида каптарлар тўрдан, кийик тузоқдан, тошбақа овчи солган халтадан қутулади. Бу фикрлар замирида ҳам фақат дўстликни қадрлаш ғояси ўз ифодасини топган.
Ҳайвонлар ҳақидаги эртакларнинг кейинги тури кўпроқ маърифий мақсадни амалга ошириш учун яратилган. Оталар фарзандларига ўз ҳаёт тажрибаларидан сабоқ беришлари керак. Фарзанд ўз оиласида катта бўлаётгани сабаб атрофида яшаётган ҳайвонлар ҳақида маълумотга эга бўлмайдилар. Тўғри, улар қўй, от, эчки, товуқ, эшакни ўз кўзлари билан кўрганлар, муайян тасаввурга эгалар. Аммо бўри, айиқ, илон, тулки, бургутни улар билмайдилар. Шунинг учун эртакларда уларнинг ҳаёт кечириш тарзи юзасидан муайян маълумотларни бериш лозим бўлади. Бу таснифдаги ҳайвонлар ҳақидаги эртакларда бўрининг ваҳшийлиги, одамга ҳужум қилиши мумкинлиги, тулкининг айёрлиги, лайлак тумшуғининг узунлиги, кийик думининг тўмтоқлиги изоҳланган асарлар вужудга келган. Дарвоқе, илмий адабиётларда кўрсатилишича, бундай эртакларнинг асосий қаҳрамони сифатида, кўпинча, эчки иштирок этади. Бир қатор эртакларда нима учун қарға қора, кийик думи тўмтоқ, мусича кўкраги нима учун чакичланганга ўхшайди каби саволларга жавоб берилади. Улар қаторида «Бўри билан тулки», «Кийик билан кади», «Хўроз билан тулки», «Лайлак билан тулки», «Бузоқ, эчки ва қўзи» каби намуналар бор. Масалан, «Кийик билан кади» эртагида «Кади кийикни қўрқитади. Кийик кадидан ўч олмоқчи бўлади ва уни думига боғлаб чўктиради. Кади кийикни сув тагига тортади. Кийик қирғоққа интилади. Охири кийикнинг думи узилиб тўмтоқ бўлиб қолади. Кийик думи калталигини масхара қилган барча кийикларнинг думини бир-бирига боғлаб қўяди-да, «мерган келяпти», - деб қочади. Думи боғланган кийиклар ҳам ҳар томонга қочадилар ва думларидан айриладилар. Шундай қилиб, кийикларнинг думи тўмтоқ бўлиб қолган экан» .
Эртакларда болаларнинг ёш хусусиятлари алоҳида эътиборга олинади. Воқеалар қизиқарли, содда, ихчам, изчил, қисқа баён этилиши талаб қилинади. Баъзан бу мақсад кулгили мазмунга эга ҳолда баён этилади. Тулки билан бўрига бағишланган эртакларнинг бирида гўшт тишлаб кетаётган бўридан тулки: «Бўривой, қаердан келаяпсан?» - деб сўрайди. Бўри: «Попдан», - деб жавоб беради ва оғзидаги гўштини тушириб юборади. Иккинчи марта худди шундай вазиятда тулки яна сўрайди. Шунда бўри: «Ғиждувондан», - деб жавоб беради. Кулгили вазият ифодаланган бундай эртакларда, бир томондан, шунчаки ҳазил назарда тутилгандек туйилади. Аммо уларнинг заминида одамларнинг бир-бирига бўлган муносабати акс этади.
Ҳайвонлар ҳақидаги эртакларнинг юқорида қайд этилган уч туридан ташқари қаҳрамонларнинг иштирокига кўра ҳам муайян турлари бор. Хусусан, фақат ҳайвонларгина иштирок этганлари, ҳайвонлар билан одамлар иштирок этгани ва ҳ.з.
Хуллас, ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар мазкур жанр шаклланишидаги дастлабки намуналарни ташкил этган. Уларда қадимги аждодларимизнинг мифик дунёқараши ўз ифодасини топган. Кейинги намуналарда одамлар ўртасидаги ижтимоий, маиший муносабатлар мажозий усулда ўз ифодасини топган. Уларда, асосан, кўпроқ тарбиявий мақсадлар назарда тутилган. Ва, ниҳоят, бу турдаги эртакларнинг нисбатан кейин яратилган намуналарида маърифий маълумот бериш мақсади амалга оширилган. 
Сеҳрли эртаклар. Жаҳон халқлари эртакларидаги умумий ўхшашлик ҳақида фикр борганида, кўпроқ  сеҳрли  эртаклар  назарда  тутилади. Инсон  қадим замонларда ҳам хаёл сурган, ўзича турли-туман ғаройиб воқеларни ўйлаб топган. Аслида, мифларнинг вужудга келишида ҳам аждодларимиздаги айнан ана шу хусусият етакчи аҳамиятга эга бўлган. Кейинчалик фантастик воқеалар тотем, фетиш образлардан учар гиламларга, сеҳрли дастурхонларга, олтин қайнайдиган хумларга, истаган одамни истаган пайтда кўриш мумкин бўлган жомларга, ойналарга ўтган. Бундай воқеаларни ўйлаб топиш аждодларимиз орзулари, ҳаваслари билан асосланган. Йўл азобидан азият чеккан инсон учар гилам, от, манзилга кўз очишда етказган бўрини ўйлаб топган. Озиқ-овқат топишга қийналган одам эса очил дастурхоннинг ижодкорига айланган. Натижада, сеҳрли эртаклардаги воқеа-ҳодисалар ҳақиқий маънода аждодларимиз орзу-ҳавасларининг мажмуасига айланган.
Илм-фан тараққиётида катта кашфиётлар, одатда, олим хаёлида пайдо бўлган режа – гипотезадан бошланади. Гипотеза аста-секин ривожланади ва ҳаётга татбиқ этилишининг лойиҳаси шаклланади. Олим ана шу лойиҳанинг илмий заминини топганидан сўнг кашфиётнинг амалга ошиши учун шароит яратилган бўлади. Сеҳрли эртаклар бир жиҳатдан инсон онгида яратилувчи ана шу гипотезалар йўналишини бошқарган, деб хулоса қилиш учун етарли асос бор. Гап шундаки, бугунги кунда оддий ҳаёт ҳақиқатига айланган велосипеддан тортиб автоулов, поезд, самолётлар; телефон, телеграф, радио, телевидение, электр чироқларнинг кашф этилишини бевосита эртакларда акс этган орзулар билан далиллаймиз. Уяли телефонни айтмайсизми, тўқув дастгоҳлари, ҳар хил кимёвий, физикавий кашфиётлар босқичма-босқич таҳлил этилса, уларнинг ҳаммасини биз бир оз олдинроқ сеҳрли эртаклар воқеаларида учратганимизга амин бўламиз.
Сеҳрли эртаклар бош қаҳрамонга нимадир (кўпинча, фарзанд) етишмаслиги, қаҳрамоннинг етишмаётган нарсасига эга бўлиши, унга нимадир қилишнинг (гапириш, алоҳида бир эшикни очиш, бирор нарсага қараш ва ҳ.к) тақиқланиши, тақиқнинг бузилиши, кучли рақибга дуч келиш, хавфли сафарга чиқиш, сафар якуни, рақиб билан олишув, мурод-мақсадга етиш каби лавҳалардан иборат бўлади. Таниқли олим В.Я.Пропп юқоридаги тартибнинг жаҳон халқлари ижодидаги сеҳрли эртаклар матни таркибини ташкил қилувчи асосий унсурлар эканини чуқур илмий асосда мисоллар билан исботлаб берди . Юқорида қайд этилган мулоҳазалардан ғайритабиий мўъжизалар рўй бериши, афсунгарчилик, сеҳрли воқеалар, бир нарсанинг иккинчисига айланиши, булар ҳаммасининг муайян тизим (В.Я.Пропп тавсияси) тартибида ҳикоя қилиниши сеҳрли эртаклар хусусиятини ҳосил қилади. Ҳамид Олимжон ифодалаган «Ўзи учар гиламлар», «Ўт боғлаган қанотлар», «Беқанот учган отлар», «Қиз бўлиб очилган гул», «Сўйлагувчи деворлар», «Бола бўп қолган чоллар» каби тасвирлар айнан сеҳрли эртаклар матнлари билан боғлиқ экани маълум бўлади.
Аксарият ҳолларда сеҳрли эртак воқеаси фарзандсизлик мотивидан бошланади. Аммо тез орада асар қаҳрамони фарзандга эга бўлади. Бу ҳодиса олма, арпа ёки бирор нарса ейишдан, баъзан ўз-ўзидан рўёбга чиқади. Туғилган бола билан дастлабки танишишданоқ унинг ғайриоддий фазилатлари борлиги аён бўлади. Бу фазилат, аввало, унинг ўта тез суръатлар билан катта бўлишида кўринади. Фарзанд вояга етгач эса ўзи яшаётган муҳитга таъсир этади ва ҳаётда кескин ўзгаришларга эришади.
Сеҳрли эртак қаҳрамонлари ўлиб қайта тирилиш хусусиятига эга эканликлари билан ҳам бизни ўзига жалб қилади. Тўғри, ўлган одамга жон ато этилиши қадимги аждодларимиз дунёқараши ифодаси сифатида баҳоланади. Аммо айни пайтда ўлган одам руҳининг кун, ой, йиллар давомида ўзи яшаган хонадондан ажрамаслиги, турли шакл-ҳолатларда қариндошларига кўриниб туриши сеҳрли эртакларда оддий тасвир воситаларига айланганини ҳам қайд этиш мақсадга мувофиқдир.
Халқ онгида инсоннинг бирон яхшилиги, албатта, тақдирланиши лозим. Асар қаҳрамони семурғга, айиққа, лайлакка кўрсатган ёрдами эвазига мушкуллари осон бўлади. Унинг ёрдамидан фойдаланган ҳайвонлар кейинчалик сеҳрли имкониятлари билан қаҳрамон ҳамроҳига ва бирон олижаноб мақсадни қўлга киритиш воситасига айланадилар. Айрим эртакларда эса адолат айнан ана шу яхшилик эвазига ғалаба қозонади. Хусусан, «Ур тўқмоқ» эртагидаги чол даволаган лайлак унга бир мартагина лутф кўрсатиб қолмайди. Балки ўз сеҳри таъсирини охиригача амалга ошириб, унинг қўшниси қилган хиёнатни охиригача фош этади ва жазолайди. Бундай эртакларда адолат тасодифий эмас, қонуний ажрим экани воқеалар моҳиятига сингдириб юборилади.
Сеҳрли эртаклар жозибаси, кўпинча, асардан ўрин олган мўъжизавий сафарлар, ҳайратомуз тўкинлик акс этган лавҳалар, хаёл бовар қилмайдиган жоду ва афсонавий учрашувлар тасвирида ўз ифодасини топади. Эртакларда ҳаёт шу қадар мазмунли ва бебаҳо эҳсонки, унда бўлиши мумкин бўлмаган ҳодисалар тизимининг ўзи йўқ, ечими топилмас муаммо учрамайди, деган халқ фалсафаси нафас олади. «Моҳистара» эртагида Одил исмли подшоҳнинг фарзанди бўлмайди. Охири Дилоро исмли кичик хотини ўғил туғади ва унинг исмини Шавкат қўйишади. Эътибор беринг: шоҳ исми Одил, кичик хотини – Дилоро, кутиб-кутиб кўрган фарзанди – Шавкат. Ота ўз фарзандини ақлли, илмли, ҳарбий санъатнинг моҳир эгаси, хулқли-ахлоқли қилиб тарбиялайди. Яна эътибор беринг: подшоҳ ўғлини ўз давлатига ишониб эрка ва ишёқмас қилиб ўстирмади. Подшоҳлик давлати ўткинчи эканини таъкидлади. Шавкат ўн етти-ўн саккиз ёшга етганида овга чиқади. Овда тўртала туёғи садафдан, ҳар бир оёғида тўрттадан олтин ҳалқаси бор, шохига олтиндан, кумушдан, марвариддан, брильянтдан нақшлар ишланган кийик учрабди. Шундан кейин одамни ҳайратга солган ов бошланади. Кийик худди Шавкатнинг ёнидан қочиб ўтиб кетади. Шавкат дунёни унутиб уни қувлайди ва жаннатмакон боққа боради. Уни файзли чол кутиб олади. Кийик унинг қизи Сайёра экан. Эртак воқеаси аслида шу ерда ечимини топиши керак эди. Аммо Шавкат чолнинг тақдири билан қизиқади. Ота унга Моҳистара исмли гўзал ҳақида хабар беради. Чол йигитлик пайтида Моҳистарага ошиқ бўлган экан. Моҳистара исмли маъшуқадан хабар топган Шавкат унинг ишқида иккинчи сафарга отланади. Йўлда сирли ёй, гилам, жом ва қалпоқларга эга бўлади. Ёйдан отилган ўқ, албатта, нишонга тегар эди. Гилам учади. Қалпоқ уни кийган одамни ғойиб қилади. Жом исталган тилакни бажаради. Шавкат бу нарсалар ёрдамида Моҳистарага эга бўлиш режасини тузади. Халқ оғзаки ижодининг хос хусусиятлари ҳақида тўхтаганимизда шартлиликни тилга олган эдик. Чол ёшлигида Моҳистара қанчалар гўзал бўлса, Шавкат унинг юртини топиб борганида ҳам ўзгармаган эди. Хуллас, Шавкат ўз ақли, топқирлиги, мардлиги, зеҳни билан Моҳистарага уйланади. Мурод-мақсадига етади . Эртакни ўқиган, аслида, тинглаган одам яқин бир кун давомида (эртакнинг ҳажми катта) ўзини сирли бир оламда юргандек ҳис қилади. Қимматбаҳо тошлар, серҳосил мевали дарахтлар, тўкин дастурхон, паричеҳра гўзал қизлар, дабдабали саройлар, сирли ёй, гилам, қалпоқ, жомлар уни ўраб туради. Эртакни эшитар эканмиз, Шавкат Шавкат эмас, биз ўзимизни Шавкатдек ҳис қиламиз. Сеҳрли эртак бадиияти, ундаги сўзлар магияси бизни руҳан ўз оғушига олади. Эртакни тинглаган одам халқнинг чексиз хаёлий воқеалар ўйлаб топишига қойил қолади, ижрочисига таҳсинлар ўқийди. Энг муҳими, безакланган кийик, бехато отадиган ўқ-ёй, одамни ғойиб қиладиган телпак, учадиган гилам, ниятни бажарадиган жом, бошқа эртаклардаги дарёга айланган сочиқ, чангалзор бўлиб қолган тароқ – ҳамма-ҳаммасига тингловчи ҳам, китобни ўқиган ўқувчи ҳам деярли ишонади. Тўғрисини айтсак, эртак билан мулоқот қилаётган пайтда ундаги воқеаларга ишонмаслик учун вақт ҳам бўлмайди.
Шундай   қилиб,сеҳрли эртакларни мазкур жанр шаклланаётган давр маҳсули деб баҳоласак, хато бўлмайди. Улардаги ҳайратомуз гўзал тасвирлар асарни ижро қилиш давомида эртакчининг маҳорат даражасига кўра қўшилиб борган бўлиши мумкин. Тажрибали ва истеъдодли айтувчи ўзи эшитган ва эндиликда айтмоқчи бўлган эртагига ижодий янгиликлар қўшгани эҳтимолдан холи эмас. Сеҳрли эртаклар инсон фантазияси чексиз эканини исботлайди. Улар турмуш ташвишларидан мушкул ҳолатга тушган ота-боболаримизнинг овуниш воситаси бўлган. Эртакни айтиш ёки маза қилиб эшитиш аждодларимизга ирода, келажакка ишонч бағишлаган. Айни пайтда халқ оғзаки ижоди намуналарининг том маънода сўз санъати эканини исботловчи далил сифатида ҳам хизмат қилган. Миллатдаги катта авлоднинг кейинги фарзандлар учун панд-насиҳат меросига айланган.
Маиший эртаклар. Маиший эртаклар мазмун жиҳатдан ҳайвонлар, сеҳрли эртаклардан бевосита ҳаётий воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилиши билан фарқланади. Тўғри, бу турдаги эртакларда сеҳрли-фантастик белгиларнинг мавжудлигини инкор қилиб бўлмайди. Аммо умумий ифода чегараси маиший эртакларда анча чекланган. Чунки уларда халқ, аввало, оддий одамлар қўлидан келадиган ишлар юзасидан фикр юритади. Бевосита реал ҳаёт, турмушда рўй бериши мумкин бўлган воқеалар асос қилиб олингани учун ҳам бундай асарлар туркумига маиший эртаклар атамаси берилган. Уларда ҳақиқий ҳаётдаги инсон – миллат вакили (хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин), унинг имконияти даражасидаги жисмоний кучи, илми, ақлига воқеалар заминида тавсиф берилади. Аксарият ҳолларда асар қаҳрамонларининг исмлари ҳам қайд этилмайди. Чол, кампир, бир одам, ўғил, қиз, камбағал каби номли инсонлар мазкур эртакларнинг қаҳрамонлари бўлиб келаверади. Бу билан доно халқ эртакда бевосита тингловчи аҳолининг ҳар бири асар қаҳрамони эканини таъкидлаган бўлиши мумкин. Баъзан эса шахс ҳақидаги маълумотлар ўта аниқ шаклда берилади. Эртакчи бу усул билан ҳам қаҳрамон тақдири тўқима эмаслигини уқтиргандек бўлади. Филология фанлари доктори Комил Имомов шундай дейди: «Ҳаётий-маиший эртакларда қаҳрамон образи фольклорга хос индивидуаллаштирилган бўлиб, унинг исми, авлод-аждоди, элат, уруғи ҳамда воқеалар содир бўладиган ўрин-жой номларигача мукаммал аниқ берилади. «Ўтган замонда, Боғдод томонда, Мўмажон кампир деган аёл яшар экан. У қизидан қолган набираси Ғафлатжонни бола қилиб боқар экан» . Маълум бўладики, қаҳрамон исми берилса ҳам, берилмаса ҳам асосий мақсад эртакдаги ҳикоя қилинаётган воқеа оддий маиший турмуш шароитида кечганини таъкидлашдан иборат бўлади. Кейинги мақсад асар иштирокчилари бошидан кечирган турмуш лавҳалари воситасида ёш авлоднинг баркамол инсон бўлиб етишуви учун тарбиявий замин ҳозирлашдан иборатдир.
«Уч оға-ини ботирлар» эртагида мўйсафид ота ўз ўғилларини қўрқмас, жасур қилиб ўстиради. Ўз фарзандларини бахт топиш сафарига отлантирар экан, уларга учта маслаҳат беради: «Тўғри бўлинг, бехавотир бўласиз. Мақтанчоқ бўлманг, уятга қолмайсиз. Дангаса бўлманг, бахтсиз бўлмайсиз». Бу панд моҳиятини таҳлил қилсак, ҳаётга тайёрланиши лозим инсоннинг ҳақиқий амал қилиши керак ҳисобланган фазилатлар акс этганига ишонч ҳосил қиламиз. Халқимизда «Оч қорним, тинч қулоғим» деган мақол бор. Мақолда одам баъзан ночор турмуш кечириши мумкин, лекин безовта кечган сониядан кўра оч қорин билан яшаш афзал экани кўрсатилмоқда. Ота насиҳатининг биринчиси ана шу вазиятни изоҳлайди. Яъни тинчликдан улуғ неъмат йўқлиги қайд этилмоқда. Бу фалсафанинг аниқлигини ўзингиз ҳаётда синаган бўлсангиз, ажаб эмас. Халқимизда «Мақтанма ғоз, ҳунаринг оз» мақоли ҳам бор. Йўқ ва амалга ошмаган ишлар қанча мақталгани билан амалга ошиб қолмайди. Мақтанган одам юзи шувит бўлади. Халқимиз «Меҳнат – меҳнатнинг таги роҳат», дейди. Яъни: «Қимирлаган қир ошар» деганларидек ҳар бир кимса ҳаётга ишониши, ҳаракат қилишни канда қилмаслиги лозим. Қудуқдан сув топа олмаган саҳродаги йўловчи умидсизликка учраб тўхтаб қолмаслиги керак. Маълум бўладики, эртакни яратишдан назарда тутилган бош мақсад фарзандга қийинчиликсиз ҳаёт кечириш калитини тутқизишдан иборат экан. Насиҳатга амал қилиш эса эртакда баён этилган воқеаларда намоён бўлади. Оға-инилар аждар, шер, қароқчилар тўсиғидан ўз тадбиркорликлари билан осон ўтадилар. Аммо кенжа ботир боғда ухлаб ётган подшоҳга заҳар солмоқчи бўлган илонни қилич билан чопиб, қуролини қинига солаётганида подишоҳ уйғониб қолади ва куёвини қотиллик қилмоқчи бўлишда айблайди. Ана шу воқеада ҳам ҳақиқат, адолат охир пироварди ғалаба қилади. Эртак моҳияти унда ифодаланган лавҳалар давомида ечилиб боради.
Ҳаётий эртакларда тўғрилик ва эгрилик, меҳнатсеварлик ва дангасалик, поклик ва нопоклик, мардлик ва хиёнат доимий равишда қарама-қарши қўйилади. Халқ эртак давомида кичик, эътиборга арзимайдиган унсурлардан усталик билан фойдаланади, вазият ечимини улар орқали ҳал қилади.
«Туҳматга учраган киши» эртагида бир бой кўчада жиянининг хотинини кўриб, унга уйланмоқчи бўлади. Инсофга келган амакидек жиянини савдога жўнатиб юборади, аммо келинига уйлана олмайди. Келин карвонбошининг қўлига тушади. Бу ерда ҳам туҳматга учрайди. Зўрға қочиб қутулади. Йўлда бир ўғрини ўлимдан қутқаради. Лекин ўғри унга туҳмат қилиб карвонга сотиб юборади. Тақдир келинни қутқаради. Аммо бу сафар келин ўғрилар тўдасига дуч келади. Яна озодликка чиқади ва охир пировардида бир шаҳарга подишоҳ бўлади. Эртак охирида келинга туҳмат қилган одамларнинг ҳаммаси бир жойга тўпланадилар ва ҳақиқат рўёбга чиқади. Эртакнинг бош ғояси маънавий покликни улуғлаш. Халқ «Ҳақиқат букилади, аммо синмайди» мақолининг изоҳини бу эртакда ифодалашга ҳаракат қилган. Ҳар бир лавҳа муайян мақсадни амалга оширади. Инсон идроки чегарасиз қувватга эга эканлиги исботланади. Бир ёшгина келиннинг бошидан ўтган мудҳиш ҳодисалар, унинг турли туҳматларга бардош бериши тингловчига «Сенинг пешонангдаги мушкулот келинники олдида арзимайди-ку» деган фикрни таъкидлагандек бўлади. Эртак якунида яна бир ибратли ҳикмат бор. Келиннинг эри туҳматчиларни жазолаш ҳақида гапирганида, хотини:
- Йўқ, улар билан тенг бўлиш керак эмас, - деб жавоб берибди» . Демак, халқ ёмон ва ёвуз одам билан муомалада бўлишни, ҳатто, уни жазолашни ҳам унга тенг бўлиш аломати деб баҳолайди. Айнан шу боис ўзбек халқи, миллат менталитети ҳақида гап борганда, олий ҳимматлилик, бағрикенглик тилга олинади. Бинобарин, ҳаётий эртаклар (уларни фольклоршуносликда «ҳаётий-маиший», «ҳаётий-сатирик», «маиший» эртаклар деб ҳам юритадилар) қаҳрамонлари ўзбек миллатининг рамзий вакили экан. Улар халққа иймон, виждон, эрк, идрок, ирода, қаноат, ақл, ҳунар, илм ҳақида тарбиявий тушунчалар беради.
Халқ эртаклари бадиий сўз санъатининг гўзал намунаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга. «Бир бор экан, бир йўқ экан, бир оч экан, бир тўқ экан...» жумласидан бошланар экан, эртак «мурод-мақсадига етибди» деган якунгача тингловчи диққати воқеаларга тўлиқ равишда жалб этади. Ундан кейин нима бўлади, бу ҳодиса қандай тугайди, деган саволлар тингловчи хаёлини банд этиб туради. Эртакларнинг яшовчанлигига сабаб ҳам уларнинг бадиий мукаммаллиги билан белгиланади. Мазмун жиҳатдан ҳаётнинг турли масалалари эртаклар тематик диапазонини таъминлайди. Уларнинг ҳажми мазмунда ифодаланган воқеалар тизимига, муаммоларнинг ечимига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ўзбек халқи эртаклари бир неча дақиқада айтиб тугалланиши мумкин. Айни чоқда гувоҳ замондошларимиз хотирасига ишонсак, бир неча кечалар давомида айтиладиган намуналар ҳам бор. Фольклоршуносликда эртак жанри бугунги кунда аста-секин йўқолиб бормоқда, деган мулоҳазалар йўқ эмас. Аммо 2006, 2009, 2010 йилларда Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятида ўтказилган фольклор экспедициялари бу фикрни билдиришга ҳали эрта эканини ҳам кўрсатди. Талабаларимиз бир қатор эртакларни ҳам ёзиб олишга муваффақ бўлдилар. Бу ижобий ҳолатнинг бош сабабини ҳам эртаклар бадииятидан ахтариш мақсадга мувофиқдир. Аввало, эртаклар сюжети пухта ўйлаб тузилган режага бўйсунади. Ҳар бир воқеа иккинчиси билан узвий боғланади, кейинги лавҳалар аввалгиларидаги тушунчаларни ривожлантириб боради. Эртакларда халқ миллий тилига мансуб сўзлардан ўрнида фойдаланиш сезилади. Айтувчи ўз ҳикоясини содда гаплардан тузилган аниқ фикрлар воситасида давом эттиради. Бу жанрга мансуб асарларда, албатта, қизлар ўн тўрт кунлик ойдан гўзал, йигитлар мард, қиличлар кескир, дастурхонлар очилувчан, хумлар қайнама хусусиятларга эга бўладилар. Эртакларда жуда бой ва турли-турли ўхшатиш, сифатлаш, муболағалар мажмуасига дуч келамиз. Шунинг учун ҳам оғзаки ижодимиз таркибидаги бу асарлар ҳақиқий маънода қадриятлар намунаси, маданий меросимизнинг ноёб гавҳар – инжулари даражасида эъзозланади.

Савол ва топшириқлар:
1.    Халқ эртаклари ҳақида фикр-мулоҳазаларингиз, уларни ўқишдан ҳосил бўлган таассуротларингиз юзасидан суҳбат қилинг.
2.    Эртакларнинг жанр хусусиятларини моддама-модда айтинг, уларнинг ҳар бирини изоҳланг.
3.    Ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар бошқа тур эртаклардан қандай фарқланади. Бошқа тур эртаклар билан ўхшашлиги борми?
4.     Сеҳрли эртаклар ҳақида ўқиганингиз билан аввалги таассуротлар ўртасида фарқ борми?
5.    Ҳаётий эртакларнинг ғоявий ва бадиий қиммати ҳақида нималар дейиш мумкин?
6.    Халқ эртаклари – сўз санъатининг намунаси эканини исботланг.
7.    Ўзингиз яшайдиган ҳудудда эртак жанри сақланганми? Сақланган бўлса, уларни ёзиб олинг ва нашр қилинган намуналар билан таққосланг.

Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 187-215.
2.    Афзалов М. Ўзбек халқ эртаклари ҳақида. - Т.: Фан, 1964.
3.    Жалолов Ғ. Ўзбек халқ эртаклари поэтикаси. - Т.: Фан, 1976.
4.    Юсупов Ж. Хоразм эртаги ва ҳаёт ҳақиқати. - Т.: Фан, 1997.
5.    Имомов К. Ўзбек халқ эртаклари / Ўзбек фольклорининг эпик жанрлари. - Т.: Фан, 1981. – Б. 62-96.
6.    Ўзбек халқ эртаклари. I том. - Т., 1960.
7.    Ўзбек халқ эртаклари. II том. - Т., 1963.
8.    Олтин олма / Ҳаётий эртаклар. Биринчи китоб. - Т. 1966.
9.    Ойжамол / Ҳаётий эртаклар. Иккинчи китоб. - Т. 1969.
10.    Сув қизи / Сеҳрли эртаклар. - Т., 1966.
11.    Кулса – гул, йиғласа – дур / Эртаклар. - Т., 1983.
12.    Олтин бешик / Эртаклар. - Т., 1985.



ХАЛҚ ҚЎШИҚЛАРИ

Инсон борки ишқ бор, муҳаббат бор. Авлоддан кейин кичик авлод, наслдан кейин насл келади, аммо инсондаги муҳаббат туйғуси, қалбда эҳтиросли ҳис-туйғулар уйғониши ўзгармайди. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асарида шундай тўртлик бор:

Булнар мени улас кўз,
Қора менгиз қизил юз.
Андин томар тугал туз,
Булнап яна ул қачар.

Мазмуни:

Бу маст кўзли (севиклим)
Қора холи ва қизил юзи билан (мени асир қилди).

Яноқларидан ширинлик томиб, мени асир қилди-ю,
Лекин кейинидан (тутқич бермай), мендан қочиб кетди.

Мисралардаги сўзларни тушуниш қийин эканини ҳисобга олмасак, қўшиқдаги ҳис-туйғу кечагина яхши кўрган қизи қочиб кетган шоиртабиат йигитнинг кўнгил изҳоридан фарқ қилмайди.
Яна бир тўртликка диққат қилинг:

Яғмур ёғиб сачилди.
Турлук чачак сучулди.
Инжу қоби очилди.
Чиндан йипор югрушур.

Мазмуни:

Ёмғир томчилари тўкила бошлади.
Турли чечаклар унди.

Инжу қутичалари (ғунчалар) очилди.
Ҳар томонда шифобахш атир ҳидлар гуркиради .

Кейинги тўртликдаги сўзлар шунчалар содда ва бизга тушунарлики, асл матнни ўқиганда ҳам асосий фикрни аниқ тасаввур қилишимиз мумкин. Яъни ҳаётнинг тинимсиз ўтиши севги дардига мубтало бўлган йигит ёки наврўз айёмида табиатдаги гўзал ўзгаришларни руҳан ҳис қилган инсон қалбидаги ички кечинмаларнинг жўш уришига мутлақо таъсир қилмайди. Замон ўзгараверади, аммо баҳор келгани заҳоти ёш болалар турли кўринишдаги варракларни учираверишади, айни пайтда, «Бойчечак»ни айтишаверади. Демоқчимизки, инсон пайдо бўлибдики, ҳис-туйғуларни ифодалаш воситаси ҳисобланмиш – қўшиқлар унга ҳамроҳ эди.
Биз қўшиқ деб атаётган жанр адабиётларда кўрсатилишича, «шлок», «такшут», «ир» (йир), «куг» каби атамалар билан қадимдан аталиб келган. Маҳмуд Кошғарий эса бундай асарларни «қошуғ» - қўшиқ, қасида, шеър тарзида беради. Сўзнинг маъносини шарҳлашдаги тўртликда «маликага мендан мақтов етказ»  мазмунидаги мисра борки, изоҳдаги қасида атамасини қўллаш ҳам ўзини оқлайди.
Халқ қўшиқлари оғзаки ижодимиздаги лирика жинсига мансуб жанрдир. Бу жанрнинг бошқа турдаги асарлардан фарқ қилувчи бош хусусияти унда ижодкорнинг ҳис-туйғулари, ички кечинмалари, руҳий ҳолатини ифодалашдан иборат. Бу ўринда табиий савол туғилади. Бошқа жанрдаги асарларда қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини акс эттириш белгиси йўқми? Бошқа жанрлардаги асарларда асосий йўналиш воқеани баён қилишдан иборат бўлади. Фақат айрим ўринлардагина ҳис-ҳаяжон тасвири билан боғлиқ парчаларни учратамиз. Бу ўринларда лирик тасвир қаҳрамон қиёфасини очишда усул бўлиб хизмат қилади. Хоразм достонлари бундан истисно. Чунки хоразмлик бахшилар ижро этган достонларнинг шеърий парчалари қўшиқ қилиб айтилади ва улар ҳам лирик жинс намунаси ҳисобланади. Халқ қўшиқлари эса тўлиқ равишда лирик ижод сифатида белгиланган. Таниқли олима, халқ қўшиқларининг йирик тадқиқотчиси, бутун умрини халқ қўшиқларини ёзиб олиш, ўрганиш, нашр қилишга бағишлаган фидойи инсон Музайяна Алавия мазкур асарларга: «...оддий ҳаёт ҳодисалари туғдирган ҳиссиётни ифодалаган, куйга солишга қулай, қисқа, эсда қоладиган қофия, вазнга эга бўлган шеър қўшиқ бўла олади» , - деб таъриф беради.
Ҳақиқатан ҳам, қўшиқнинг пайдо бўлишига бош сабаб инсон кайфиятидаги чуқур изтироб ёки тўсатдан пайдо бўлган кўтаринки руҳдир. Инсон нохуш дамларда кўпроқ сукут сақлайди, хаёлда вазият ечимини топишга уринади. Бундай дақиқаларда мунгли куй тасалли беради, кўнгилни бир оз бўлса-да ёзади. Хурсандчилик онларида эса шўх қўшиқ, рақс ҳамроҳ бўлади. Айни ана шундай манфий ва мусбат ҳолатлар шахс қалбида лирик кечинмаларнинг пайдо бўлишига замин ҳозирлайди: оқибатда қўшиқнинг яратилишига сабаб бўлади. Халқимизда «Куйган – қўшиқчи, суйган – бахши» ҳикмати бежиз айтилмайди.
Қўшиқ ҳақида назарий маълумот берилган деярли ҳамма адабиётларда унинг «қўшмоқ» феълидан ҳосил бўлгани айтилади. Қўшиқ атамасининг тарихи қанчайин содда туйилмасин, оғзаки ижодимиздаги бу жанр жуда мураккаб руҳий кечинмаларни ифодалашга хизмат қилади. Ўқилганда, эшитилганда тушуниш осон сезилган тўртликлар заминида олам-олам маъно, мураккаб қисмат ётади. Шу боис ҳар қандай қўшиқ билан танишганимизда тезлик билан шошиб хулоса чиқариш тўғри бўлмайди.
Халқ оғзаки ижодидаги  лирик тур ҳисобланган қўшиқ қуйидаги жанр хусусиятларига эга:
1.    Қўшиқларда инсон кечинмалари, қалб изҳорлари акс этади. Шунинг учун улар лирик жинсга мансуб жанр деб ҳисобланади.
2.    Қўшиқ шаклан шеърий кўринишда бўлади. Ўзбек халқ қўшиқлари, асосан, бармоқ вазнда, баъзан арузда яратилади.
3.    Кўпинча, халқ қўшиқлари тўрт мисрадан иборатдир. Гўзал руҳий ҳолатни ифодалаш хусусиятига эга. Айни пайтда бир неча бандлардан иборат муайян мавзуни ёритувчи қўшиқлар ҳам бор. Баъзан 6, 8 мисрали намуналар ҳам учрайди. 4 мисралилари а б а б; а а б б; в в г г; а а а б; а а а а тарзда қофияланади.
Қўшиқнинг куйи бўлади. Бирор асбоб жўрлигида айтилади. Аксари халқ қўшиқлари ижросида асбоб жўрлиги шарт эмас. Ижрочи хониш усулида қўшиқ айтиши мумкин.
Қўшиқ тарихига бир назар. Туркий халқлар тарихи аввал сак, массагет, сўғд, кейинчалик турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғиз қабилаларидан ташкил топган маҳаллий аҳоли ўтмишидан иборат. Бугунги кунда мазкур қабилалардан 20 дан ортиқ миллат вакиллари ажралиб чиққан. XIV-XV асргача туркийлар таркибида яшаган ҳар бир халқ бу давргача яратилган илмий, маданий хазинага меросхўр ҳисобланади. Ўзбеклар ҳам ана шу бебаҳо маънавий бойликни яратган иқтидорли аждодларнинг авлодидир. Бу жиҳатдан қараганда, халқ яратган қўшиқлар тарихи минг-минг йиллар билан ўлчанади десак, хато бўлмайди.
Таниқли уйғур олими Турғун Олмос 1986 йил «Қашқар-уйғур» нашриётида чоп этилган «Ҳунларнинг қисқача тарихи» асарида милоддан олдинги 119 йил юртнинг ижтимоий вазияти ёмонлашиши оқибатида қуйидаги қўшиқ тўқилганини маълум қилади:

Айрилиб қолғонда Тилав тоғидан
Авумас бўп қолди чорва молимиз.
Айрилиб қолғонда Алчи тоғидан
Мунгланиб сарғайди қиз, аёлимиз .

Шубҳасиз, қўшиқ матнидаги сўзларнинг олим томонидан ўқувчи қулайлиги учун ўзгартирилган бўлиши мумкинлигини қайд қилган ҳолда, аждодлар икки минг йил аввал ҳам ҳаётдаги хоҳ ижобий, хоҳ салбий вазиятларга ўз муносабатларини билдиришганига ишонч ҳосил қиламиз. Қолаверса, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асаридаги ўнлаб қўшиқларни олим ХI асрда ёзиб олган. Аммо бу намуналар олим қаламига тушгунига қадар қадимдан халқ орасида айтилганини ҳеч ким инкор қилолмайди. «Девону луғоти-т-турк»да эса биз қаҳрамонлик, меҳнат, мавсум-маросим, лирик қўшиқлар билан танишамиз ва ХI аср туркий халқлар оғзаки ижодида бу жанр намуналари бой ва мавзуга кўра хилма-хил эканини кўрамиз.
Филология фанлари доктори, профессор Б.Саримсоқов «Алпомиш» достонининг халқимиз ўтмишидаги аҳамиятини таъкидлаб шундай дейди: «...ўзбек халқи эпоси ҳам кўпгина халқлар эпослари босиб ўтган учта тараққиёт босқичларини босиб ўтиб, бизгача етиб келди. Биринчи босқичда – қаҳрамонлик, иккинчи босқичда – романик, учинчи босқичда эса тарихий эпос типлари вужудга келди. Қаҳрамонлик эпоси патриархал – уруғчилик муносабатларининг емирилиши натижасида муайян элат ва халқнинг вужудга келишини бадиий тафаккур нуқтаи назардан асослаб, ўзининг сюжети асосидаги воқеаларни реал этник бирликлар ҳаётидаги улкан воқеалардан олади» . Эътибор беринг. Олим қаҳрамонлик эпосини элат ва халқнинг вужудга келишини бадиий тафаккур нуқтаи назардан асословчи омил эканига диққатни қаратмоқда. Иккинчи масала эпос сюжетидаги асосий воқеалар реал этник бирликлар ҳаётидаги улкан воқелардан олинишини қайд этишдир. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, мазкур «улкан воқеалар» эпосга асос бўлгунига қадар халқ қўшиқларининг яратилишини тақозо этган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асарида бугунги кунда халқ репертуаридан мутлақо ўчиб кетган ўнлаб қаҳрамонлик қўшиқларидан намуналар келтирилган. Абдурауф Фитрат ўзининг «Энг эски турк адабиёти намуналари» китобида бу қўшиқларни мавзу жиҳатдан ажратиб тасниф қилади. Намуналар қаторида шундай тўртлик бор:

Қўзи қийқириб ўғуш тирдим.
Ёғи қару кириш қўрдим.
Тўқуш ичра уруш бердим.
Аран кўриб баши тиғди.

Мазмуни:

Тоғ тепасидан тубанга қараб қичқирдим,                        қабиламни тўпладим.
Ёв томон сакраб югурдим-да ёйимни
Киришладим (отишга тайёрладим. – муаллиф.)
Майдонға кириб уруш очдим.
Ёв ботирлари мени кўргач, бошларининг
Ўткурлиги кетди (бошларини кўтаролмай қолдилар) .

Юқорида келтирилган тўртлик мазмунини тўлдирувчи ўнлаб мисоллар Фитрат китобидан ўрин олган. Агар қадимги қўшиқларда лирик йўналиш билан бир қаторда эпик мазмун ҳам ифодаланиши мумкинлигини назарда тутсак, «Девон»даги кўплаб парчаларни маълум сюжет чизиғига жойлаштириш мумкин бўлади. Уларда душман устидан ғалаба қозонишнинг сирлари, рақибни аввал дўқ-пўписа билан руҳан енгиб олиш усуллари, уни ғафлат уйқусида эканида тўсатдан мағлуб қилиш тактикаси, ғалаба осонликча қўлга киритилмаслиги, киритилганда эса бутун халқ яйраши ҳикоя қилинади. Айтиш мумкинки, Маҳмуд Кошғарий «Алпомиш» эпоси пайдо бўлишидан олдин аждодларимизнинг мустақилликка эришишида муҳим аҳамият касб этган оғзаки қўшиқлар тизимини бизга атайин мерос қолдирган ва эпос пайдо бўлишидан аввалги ижодий жараён ҳақида маълумот берган. Кейинчалик эса бу асарлардаги қаҳрамонлик ифодаси «Алпомиш»дан, яна кейинроқ Гўрўғли туркуми достонларидан ўрин олган.
Фикримизни янада далиллаш учун қуйидаги тўртликка мурожаат қиламиз:

Такра авиб акралим,
Аттин тушуб йукралим,
Арсланлаю кукаралим,
Кўжи ани кавилсин.

Мазмуни:

Ёвнинг атрофини айлантириб олайлик-да
Отдан тушиб
Арслонлар каби бақиришиб югурайлик.
Онинг кучи бўшашиб қолсун .

Бу мисолда қадимги аждодларимизнинг душман устидан ғалаба қозонишини таъминлайдиган усул акс этган. Бизнингча, бор-йўғи шу тўрт мисрада учта ҳарбий санъат ифодаланган. Биринчидан, душман қўшинини қамал ҳолида тор-мор қилиш. Иккинчидан, отдан тушиб овоз чиқармай ҳужумга тайёрланиш. Учинчидан, руҳиятига таъсир қилган вазиятда рақибни наъра тортиб талвасага солиш. Лекин ижодкор яна воқеанинг оддий баёнини эмас, эмоционал кўтаринки руҳий шароитни кўз олдимизга келтирмоқда. Шунинг учун ҳам қаҳрамонлик қўшиқлари қаҳрамонлик эпоси учун ижодий тайёргарлик белгиси сифатида баҳоланса, арзийди.
Ўзбек фольклоршунослигида М.Алавия, Б.Саримсоқов алоҳида эътибор билан ўрганган мавсум-маросим қўшиқларининг тарихи узоқ қадимга бориб тақалар экан. Йил фаслларидаги ўзгаришлар ҳозирги пайтдагидек одамларни лоқайд қолдирмаган. «Девон»да баҳор айёмидаги гўзал манзара бадиий мисраларда акс этганидан ташқари ёз ва қиш ўртасидаги мунозара ҳам ўрин олган:

Ёй қиш билан қаришти.
Ардам ёсин қуришти.
Чирик тутиб кўрушти
Ўқтағали ўтрушур.

Мазмуни:

Ёз қиш билан қарама-қарши бўлди.
(уларнинг ҳар бири) мақтаниш ёйини қуришти.
Қўшин тузиб (бир бирини) таъқиб қилишти.
(Ёй) отиш учун (бир бирига) яқинлашди.

Мунозарада қиш ўзининг ҳоким пайтида одамнинг, ҳайвонларнинг кучга киришини, касалларнинг йўқолишини айтиб мақтанади. Ёзда чивин, пашшалар кўпайишини, касаллар кучайишини танқид қилади. Қор қишда ёғади, буғдой қордан фойдаланиб унади, ҳосил беради. Ёз эса одамлар унинг фаслида яйрашини, булбуллар сайрашини айтиб қишга эътироз билдиради. Қўшиқларда марсия намуналари ҳам учрайди. Афросиёб (Алп Эртўнга – Артунга) нинг ўлими муносабати билан тўқилган аза қўшиғи келтирилади:

Улишиб эран бўрлаю,
Йиртин яқо урлаю,
Сиқриб уни юрлаю,
Сиғтаб кўзи ўртилур.

Мазмуни:

Мардлар йиғлаб, бўридек увлашдилар.
Ёқаларини йиртиб бақиришдилар.
Фарёд чекдилар.
Қаттиқ йиғидан кўзлари хиралашиб, (гўё) парда босди.

Мазкур қўшиқда сўғд элининг ботир фарзанди Алп Эртўнга (Афросиёб) ўлимидан кейинги маросим пайти ифодасини топган. Бу жасур ва мард инсоннинг эрамиздан аввал босқинчилик урушларини қилган Искандар Македонский (эрадан аввалги 356-323)га қарши юртини ҳимоя қилганини назарда тутсак, марсиянинг тарихи икки минг йилдан зиёд экани, айни чоғда маросим қўшиқлари ҳам бошқа мазмундаги қўшиқлар сингари узоқ ўтмишга эгалиги маълум бўлади.
Маросимлар қаторида тўйлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эл-юрт бор экан, жамоа бўлиб яшаш бор экан, тўй қилиш одати яшайверади. Табиийки, тўй маросими ўйин-кулгилар, рақслар, театрлаштирилган саҳналардан иборатдир. Уларнинг асосини ўлан айтишлар, ёр-ёрлар ташкил этади. Мумтоз адабиётимиз вакилларининг бадиий ижодига назар ташласак, баъзан ўша асарлардан намуналар учрайди. Масалан, Алишер Навоий «Хамса»нинг бешинчи достони «Садди Искандарий»да Искандарнинг уйланиш тўйида ўлан, ёр-ёр айтиш билан томошалар кўрсатилганини тасвирлайди:

Муғанний тузиб чинга вазнида чанг
Наво чекки, ҳай-ҳай ўланг, жон ўланг
Десанг сенки: «Жон қардошим, ёр-ёр!»
Мен айтайки: «Мунглуғ бошим, ёр-ёр!»

Албатта, ҳаёт ривожи таъсирида маросимлар ҳам доимий равишда ўзгариб боради. Маросим қўшиқлари ижроси ҳам, анъанаси ҳам янгиланади. Лекин Алишер Навоий байтлари замонамиздаги ўланлар, ёр-ёрлар ҳам қадим тарихга эга сўз санъати намуналари экани ҳақида тасаввур уйғотади.
Шундай қилиб, қадимги қўшиқларнинг мавзу ранг-баранглиги жиҳатидан замонавий халқ қўшиқларидан қолишмаслиги маълум бўлади. Бу намуналар тил жиҳатдан биз айтадиган қўшиқлардан фарқ қилишига қарамай, умуман олганда, ҳозирги қўшиқларга ўхшашдир. Уларнинг ҳаммасини инсон ички кечинмаларини ифодалаш фазилати бирлаштириб туради. Чунки бу лирик асарларда бевосита ҳаётда рўй берган ҳодисаларгина эмас, балки ана шу ҳодисага ҳис-туйғу орқали муносабат билдириш етакчидир. Халқ қўшиқларининг бугунги кунда ижро этилаётган намуналари асосини қадимги замонларда омма орасида яшаган қўшиқлар ташкил этади. Қўшиқ халқимизнинг қувончли ва ташвишли кунларида, меҳнатида ҳамроҳ бўлган. Шундай экан, халқ қўшиқларини миллатимиз тарихи саҳифаларининг гўзал кузатувчилари дейишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам улар халқ қадриятларининг ажралмас таркибий қисмини ташкил этади.
Қўшиқлар таснифи. Халқ қўшиқлари оғзаки ижоддаги бошқа жанрлар каби мавзу йўналишига кўра турларга бўлинади. Аввалги саҳифаларда кўриб чиққанимиздек, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асарида шарҳланиши лозим бўлган бир сўз иштирокида келтирилган қўшиқлар ўзида лирик ҳис-ҳаяжонни ифодалашдан ташқари муайян мазмунни ҳам ёритади. Мавзу йўналишига кўра қадимий намуналарни қаҳрамонлик, меҳнат, мавсумий, маросимий, муҳаббат қўшиқларига ажратиш мумкин. Бу тасниф ҳозирги пайтда халқ вакиллари томонидан ижро этиладиган қўшиқларга тўлиқ равишда мос келмайди. Тўғри, мазмунан қадимий қўшиқларга яқин асарлар ҳам йўқ эмас. Лекин замонавий халқ қўшиқлари аввалгилардан ҳаётни ифодалашда, сўз қўллашда, бадиий тасвир воситаларидан фойдаланишда муайян фарқларга эга. Шунинг учун юқорида қайд этилган фикрларга суянган ҳолда оғзаки ижодимиздаги халқ қўшиқларини қуйидаги турларга бўлиб тасниф қилиш мақсадга мувофиқдир:
1.    Меҳнат қўшиқлари.
2.    Мавсум-маросим қўшиқлари.
3.    Лирик (ишқий) қўшиқлар.
4.    Тарихий қўшиқлар.
Меҳнат қўшиқлари. Ўзбек халқи тарихини шартли равишда меҳнат қилиш тарихидан иборат дейиш мумкин. Ўзбеклар тўй маросимларини, гап-гаштакларни, сайилларни, турли байрамларни ўтказишда ўта ташкилотчи ва ижодкор халқ сифатида шуҳрат топган. Дам олиш, ҳордиқ чиқаришни ўрнига қўйган халқ, одатда, меҳнат қилишни ҳам билади.
Меҳнат эса деҳқончилик, чорвачилик, касб-ҳунар; илм-фан ривожи йўлида фаолият кўрсатиш билан узвий боғланади. Халқ меҳнат самарасини муттасил равишда ошириш чорасини кўриб келган. Ўтган аср ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшган ёзувчи Ойбек «Қутлуғ қон» романида косиб Шокир отанинг маҳси тикиш билан банд бўлган пайтларини тасвирлаганда шундай деб ёзади: «Юпқа девор билан ҳовлидан ажралган дўконхонада Шокир ота ишлайди. Баъзи вақт унинг қўшиғи Унсин қулоғига етади. Чол хаста овоз билан куйлайди. Овозини бир қўйиб, яна тўсатдан жим бўлади. ...Унсин диққат билан тинглаб, мана шу мисраларни уқиб олади:

Кўрмасайдим бу умр саҳросини,
Чекмагайдим кўкка ўтлик оҳини.
Пора-пора йиртди кўксимни ситам,
Сўрғучи борми кўнгилнинг зорини?»

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романида қуйидаги нозик матнни ўқиймиз: «Узоқда қўш ҳайдаб юрган йигитнинг ашуласи эшитиладир: «Икки ёрни ажратувчи бу фалакнинг гардиши!» Руҳлик, кучлик кўкракдан чиққан бу ашула теваракни зир-р этдириб юборгандек, Отабекка ҳам бошқача бир таъсир берадир. Гўё бу деҳқон унинг истиқболидан ҳикоя қилгандек бўладир» .
Маълум бўладики, моҳир ёзувчилар бадиий асарларда образ яратиш жараёнида меҳнаткаш омманинг вакилларини халқ қўшиқларини айтиш билан боғлаганлар. Қандай меҳнат тури билан шуғулланмасин, миллатимиз вакиллари қўшиқни ҳаёт ҳамроҳи деб билганлар. Айниқса, бевосита меҳнат қўшиқлари бошқа халқларда бўлгани каби иш жараёнини ўзида ифодалаши билан машҳур. Меҳнат эса ўзига яраша жисмоний ҳаракатдан, баъзан зерикарли бир хил фаолиятдан иборат бўлади. Бу эса одамни толиқтирган ишни тўхтатмасдан овуниш чораларини излашга мажбурлаган. Ана шундай мураккаб вазиятларда қўшиқ айтиш самарали ечим вазифасини ўтаган. Таноб-таноб ерга дон сочиш, кейинчалик ҳосил ўриш, челак-челак сут соғиш, метрлаб гилам тўқиш фақат айтишга осон. Аслида, бу ишлар деҳқон, сут соғувчи, гилам тўқувчи, буғдойни ун қилувчидан кучли ирода, катта жисмоний куч, малака ва тажриба талаб қилган. Шунинг учун тадбиркор халқ меҳнатни қўшиқ жўрлигида амалга ошириш йўлини ўйлаб топган.
Меҳнат қўшиқлари ўз таркибида бир неча жанрлардан иборат бўлади. Ҳар бир жанрни бевосита меҳнатнинг қайси тури билан банд бўлиш белгилайди. Хусусан, ўрмак қўшиғи гилам тўқишда  айтилар экан, айнан шу намуна кашта тикувчи, қўш ҳайдовчи шахс томонидан ижро этилмайди. Яъни ҳар бир меҳнат соҳаси ўзининг махсус қўшиғига эгалиги билан ажралади. Шунингдек, кўп қўшиқларда иш қуролларига мурожаат қилиш одати бор. Буғдой янчаётган деҳқон ҳўкизи билан тиллашади, ун чиқараётган аёл ёрғичоққа мурожаат қилиши мумкин. Бинобарин, меҳнат қўшиқларининг ички турларини матнда эсга олинган иш қуроли воситасида ҳам аниқлаш имкони бор. Яна бир хусусиятни эслаб ўтиш жоиз. Меҳнат қўшиқлари узоқ муддат давомидаги ишни бажаришда ўзига хос восита бўлгани сабабли  уларда қайта-қайта бир матнни такрорлаш, иш қилаётган одамнинг сергаклигини ошириш мақсадида турли хитобларга мурожаат қилиш одати анъана ҳисобланади.
Фольклоршунос Баҳодир Саримсоқов меҳнат қўшиқларини ўрганиш таҳлил қилишнинг қулайроқ йўлини белгилаш мақсадида уларни қуйидаги турларга бўлишни маъқул топган:
1.    Деҳқончилик билан боғлиқ қўшиқлар.
2.    Чорвачилик билан боғлиқ қўшиқлар.
3.    Ҳунармандчилик билан боғлиқ қўшиқлар .
Олимнинг таъкидлашича, овчилик, савдо-сотиқ каби меҳнат турлари билан ҳам боғлиқ асарлар бўлган, аммо бу намуналар бугунги кунда сақланмаган. Хусусан, уларнинг айримларини фақат Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асаридагина учратиш мумкин.
Деҳқончилик билан боғлиқ қўшиқлар. Қўлланманинг аввалги саҳифаларида «Авесто» ҳақида тўхтаганмиз. Қадимги асарда буғдойни экишга берилган аҳамият инсон тақдири билан уйғунлашган. Бу эса ўзбек халқи аждодларининг деҳқончилик билан шуғулланиши юзлаб эмас, минглаб йилларга тенглигини исботлайди. Бинобарин, деҳқончилик билан боғлиқ қўшиқларда экин-тикин жараёни бошидан охиригача босқичма-босқич акс этиши табиийдир. Ўзбек фольклоршунослигининг асосчиси Ҳоди Зарифов бевосита ҳаёт акс этган қўшиқ намуналарига алоҳида эътибор билан ёндашар экан, деҳқончилик ҳақидаги асарларни ёзиб олишни қадрлаган эди. Шунинг учун ўзбек олимлари бисотидаги деҳқонлар айтадиган қўшиқлар нисбатан тўлиқ ёзилганлиги билан ажралиб туради. Уларни Баҳодир Саримсоқов қўш, ўрим, янчиқ, ёрғичоқ қўшиқлари тарзида ички турларга бўлиб таҳлил қилган .   
Деҳқоннинг меҳнати ер қаъридан тафт келиши билан боғлиқ. Тажрибали боболаримиз фикрича, баҳор ердан буғ кўтарилишидан бошланади. Қишнинг охирида ердан буғ кўтарилдими, деҳқон қўшни далага олиб чиқади. Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўғри» ҳикоясида Аминнинг Қобил бобога берган масхараомуз:
- Яхши ҳўкизмиди, ё ёмон ҳўкизмиди? – саволига чол:
- Қўш маҳали, - деб жавоб қайтаради. Яъни ер ҳайдаш бошланган пайтда ҳўкизнинг яхши-ёмонига эътибор берилмайди, демоқчи. Шу икки оғиз сўз билан ер ҳайдашнинг оғирлиги, ҳосил учун бу ишнинг муҳимлиги ўз ифодасини топган. Деҳқон ерни ҳайдашдан келажакка умид билдиради. Меҳнатнинг машаққати бу умид олдида орқага чекинади. Шу боис ҳўкизнинг шохига ёғ суриб ҳосил мўллигини руҳан таъминламоқчи бўлган деҳқон қўшиқ билан ўзини овутган бўлиши мумкин. Тўғри, бу қўшиқлар, кўпинча, ҳўкиз тилидан айтилган. Оғир қисматдан деҳқон ҳайвон нутқи воситасида нолиган:

Шохларим бор газ-газ қулоч,
Устида ўйнар қалдирғоч,
Ҳайдай десам, қорним оч,
Мен қўшга қандай ярайин.

Аслида, охирги икки мисра ҳўкизнинг эмас, деҳқоннинг аҳволидан хабар бермоқда. Натижада, деҳқон ҳўкиздан ҳасрат қилиш воситаси сифатида фойдаланмоқда. Бу ўринда қўшиқдаги оғир турмуш шароитининг акс этиши қўш ҳайдаш пайтида деҳқонни қандай қилиб меҳнатини енгиллаштириши мумкин деган мантиқий савол пайдо бўлади. Саволга икки хил жавоб бериш мумкин. Биринчидан, инсон табиатида бир хил зерикарли иш қилаётган пайтда ниманидир айтиб туриш унга ҳамиша мадад бағишлайди. Деҳқоннинг қандай қўшиқни айтиши аҳамиятсиз. Муҳими, у қўшиқ айтса, бу қўшиқ ҳақиқатдан хабар берса бас! Иккинчидан, мабодо деҳқон мазкур тўртликни айтди, ундаги мазмунга ҳам диққат қилди, дейлик. У тақдирда тахмин қилиш мумкинки, айтувчининг ҳаракатини энди алам бошқара бошлайди. Оқибатда, у омоч тишларини ерга чуқурроқ ботиришга, бемажол қўл мушакларини яхшироқ ҳаракат қилдиришга уринади. Ишнинг якуний босқичида эса раҳм, шафқат мазмуни ўз-ўзидан қуйилиб келади:

Ҳўкизгинам, бўйнигинанг эзилди.
Кўзгинангдан ёшлар қатор тизилди.
Бўйинтуруқ билан омоч тортмасанг,
Сени билан менга гўрлар қазилди.

Бу мазмундаги тўртлик ижросида ҳам айтувчининг чуқур руҳий ички кечинмалари ифодаланган. Ҳис, туйғу ўрин олган қўшиқ эса ҳар қандай оғир вазиятда ҳам киши кайфиятига далда беради, меҳнат жараёнини нисбатан енгиллаштиради.
Ер ҳайдалиб, дон сочилганидан сўнг етилган ҳосилни ўриш бошланади. Аввало, ўришни ер ҳайдаш билан тенглаштириб бўлмайди. Агар ер ҳайдаш битта одам томонидан бажарилса, жисмоний қувватни қўллаш оғир бўлса, баҳорда "илик узилди" (одам танасидан қувватнинг қочиши) пайтига тўғри келса, ҳосилга кўпроқ умид билдирилса, ўрим ўришда деҳқон ҳар ҳолда қувватга кирган, ўрган ҳар бир буғдой пояси унинг кучига куч қўшади, хирмондан аниқ дарак беради. Иккинчидан, ўрим жараёнида жамоа бўлиб ишлаш имкони бор. Бу омиллар, шубҳасиз, ўрим ўришда деҳқон кайфиятини яхшилайди. Устига устак қўшиқ айтилса, нур устига нур бўлиб қўшилади. Шунинг учун ўрим қўшиқлари қўш қўшиш пайтида айтиладиган тўртликлардан ўйноқилиги, нисбатан шўхлиги билан фарқ қилади:

Ўроғим олмос,
Ўришдан қолмас,
Сира ҳам толмас,
Ўрмасам бўлмас.

Юқори саҳифаларда қайд қилганимиздек, деҳқон иш қуролини мақтайди, ундан қониқаётганини изҳор қилади. Ўроқнинг олмос каби ўткир эканида ўзининг чархлаш маҳоратини мақташ оҳанги ҳам йўқ эмас. Ўрни келганда, деҳқон буғдойга ҳам мурожаат қилади. Буғдойдан тўп бўлиб туришни сўрайди. Шунда уни ўриш осон кечишини таъкидлайди.
Баҳодир Саримсоқовнинг маълумот беришича, ўрим ҳашар қилиб ўтказилаётганда: «...ўримчиларни зериктириб қўймаслик, иштиёқ билан меҳнатга чорлаш мақсадида сўзга чечан кишилар турли лирик қўшиқлардан ёки қизиқарли достонлардан парчалар куйлаб, ўроқчиларга далда берганлар. Қашқадарё, Сурхондарё ва жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбеклар ўрим пайтида «Ёзи билан Зебо» достонидан парчалар куйлаганлар» .
Айни пайтда деҳқончилик қўшиқлари қаторида «Қора дарё» туркуми ҳам мавжуд бўлиб, унда экинлар интоқ  санъати воситасида тилга киради ва муайян тажриба натижасини изҳор қилади. Мазкур тўртликларда арпа, буғдой, шолғом, мош каби экинлар сўзлайдилар. Аксари ҳолларда уларнинг хасратлари билан танишамиз:

Шолғом айтар шод бўлмадим,
Бу ғамдан озод бўлмадим.
Сув ичиб обод бўлмадим,
Тошмадингми, қора дарё?

Деҳқончилик қўшиқларининг яна бир тури янчиқ пайтида айтилган. Кўпинча, уларни халқнинг ўзи «Майда», «Майда гул», «Майдалар», «Хўп майда» деб атайдилар. Ҳосил йиғиш кўнгилдагидек натижа берганида деҳқон энди ўзини руҳан тетик ҳис қилади. Аксинча бўлган тақдирда ҳам ўзбекларда «насиба» деган шукроналикни ифодаловчи сўз бор. Шунинг учун майда қўшиқларида биз қўш қўшиқларида, «Қора дарё»да бўлганидек, қисматдан нолиш, дард-ҳасрат оҳанглари нисбатан кам ўрин олганига гувоҳ бўламиз. Бундай қўшиқларда табиат берган инъомдан мамнунлик кайфияти устувордир. Деҳқон яна ҳайвонга мурожаат қилади:

Хўп ҳайда-ё, хўп ҳайда, майдаё-майда,
Қалқон қулоғим ҳайда, майдаё-майда.
Темир туёғим ҳайда, майдаё-майда,
Хирмонни қилгин майда, майдаё-майда.

Баъзан эса деҳқон ўзининг ҳазилини ҳам қўшиқларда ифолаши мумкин. У иш ҳайвони устидан кулишга ва шу усул билан кўнглини ёзишга уринган:

Майда-майда май босар, майдаё-майда,
Майда сенга ярашар, майдаё-майда.
Сенинг қалин териларинг майдаё-майда,
Этик қилса ярашар, майдаё-майда.

Одатда, майда қўшиқлари деҳқоннинг бевосита кўнгил изҳоридан иборат бўлиши мумкин. Чунки янчиқ жараёнида ўримдагидек кенг жамоа иштироки талаб қилинмайди. Ижрочи қўшиқларини ҳўкиз ёки бошқа ҳайвондан ташқари янчиқда деярли ҳеч ким эшитмайди. Айни пайтда бари бир бош мақсад йил давомида қилинган меҳнат маҳсулига тезроқ эга бўлишни тақозо этади. Қўшиқ деҳқондаги зерикиш ҳолатини юмшатиш ва ҳар бир ҳаракатнинг самарасини ошириш воситаси вазифасини бажарган. Аммо агар бу қўшиқларда деҳқон бажараётган меҳнат акс этган десак, хато бўлади. Чунки ҳар бир қўшиқда деҳқон, албатта, ўзининг ички кечинмаларини, ҳаёт тажрибасидан олган таассуротларини, турмуш ташвишларини ҳам баён қилади. Қўшиқ айтувчи саҳнадаги санъаткор хонанда эмас, балки даладаги оддий ижрочи ва айни шу пайтнинг ўзида унинг ўзи тингловчи сифатида намоён бўлади. Аслини олганда, унинг қўшиқларини ер ҳайдаётган ёки буғдой янчаётган ҳўкиз эшитади, холос. Деҳқонга ҳўкизидан бошқа тингловчининг кераги ҳам йўқ. Чунки у дилидаги ҳис-туйғуни ўзига ўзи айтади ва шу йўл билан қилаётган ишини енгиллаштиради, ҳасратини ёзади. Айтиш мумкинки, бундай вазиятда деҳқон ёнидаги ҳайвон унинг вафодор сирдошига айланади.
Деҳқончилик қўшиқларининг сўнгги тури «Ёрғичоқ» қўшиқлари деб аталади. Ёрғичоқ буғдойни ун қиладиган хонаки асбобнинг номи. Икки устма-уст қўйилган ички қисми йўнилган тошнинг ўртаси ўйилган бўлади. Тепа қисмдаги тош чеккасига ёғоч даста суқилади. Шу дастани ушлаб тошни айлантиришади. Ўрта тешикка солинган буғдой дони марказдан қочиш кучи ҳисобига икки тош ўртасида майдаланиб унга айланади. Бу ишни фақат аёллар бажаради. Бинобарин, оғир меҳнат давомида айтиладиган қўшиқларни ҳам аёллар ижро этадилар. Уларда аёл ёрғичоққа мурожаат қилади. У билан гаплашади, хасратлашади, дардини тўкади. Натижада, ёрғичоқ оиладаги онанинг ҳис-туйғусини самимий равишда баён қилиш воситасига айланади:

Ёрғичоқ ялпоққина,
Ун қилар оппоққина,
Ёрғичоқ хир-хир этар,
Муштдаккина хамир этар.

Ёрғичоғим гулдур-гулдур,
Бўғзим тўла оппоқ ундир,
Бой бобомнинг хонадони,
Иккимизни ейдир-ейдир.

Шундай қилиб, йил фасллари ўзгаради, деҳқоннинг иш қуроли (ҳўкиз, омоч, ўроқ, ёрғичоқ) ўзгаради, аммо қўшиқни яратишдан назарда тутилган бош мақсад (оғир меҳнатни енгиллатиш, турмуш ҳасратини айтиб юракдаги ғамни ёзиш) ўзгармайди. Ҳар қандай вазиятда ижро этиладиган қўшиқ ҳаётнинг лирик ифодаси сифатида баҳоланади.
Чорвачилик билан боғлиқ қўшиқлар. «Алпомиш» достонида Бойбўри етти ёшга етган Ҳакимбекни «ўғлимга энди шоҳлик, сипоҳилик илмини ўргатайин», - деб мулладан чиқариб олади. Бойсари ҳам Барчин қизини «Қизимга Кўкқамиш кўлида қўй соғдириб, чорвадорлик илмини ўргатайин, қўй соғмоққа уста бўлсин», - дейди. Шунингдек, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» достонида «Игдишчилар бирла қатилмақни айур» (Чорвадорлар билан аралашмоқликни айтади) боби бор бўлиб, унда:

Қимиз, сут йа йун йағ йа йуғрут қурут,
Йадим йа кидиз ҳам эзар эвка тут

байти бор. Бобнинг ва байтнинг умумий мазмуни халқ ҳаётининг фаровонлиги бир деҳқонга, бир чорвадорга боғлиқ эканини тушунтиришдир. Маълум бўладики, ўзбек қадим замонлардан чорва билан шуғулланган. Бу соҳа халқ орасида алоҳида илм ва тажриба бирлигини ташкил этувчи бебаҳо бойлик ҳисобланган. Чорва молларини соғишда қўшиқ айтиб туриш ана шу тажрибанинг кашфиётларидан эди. Бугунги кунда жаҳон илм-фанида ҳатто сувнинг яхши ва ёмон гапларни тушуниши, мусиқанинг фарқига бориши, ўзига бўлган муносабатга кўра шифо қилиш хусусиятини ўзгартиб туриши исботланди. Ваҳоланки, халқ бундай янгиликларни минг йиллар олдин ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб билиб бўлган эди. Фақат илмий асосда исботламаган бўлиши мумкин. Хусусан, сигир, қўй, эчкиларни соғиш пайтида соғувчи, одатда, битта кўйлакдан фойдаланган, соғиш вазиятини ҳайвон ихтиёрига кўра танлаган, қўшиқ айтиб соғадиган молини ийдирган. Натижада, соғиладиган сут миқдорини кўпайтирган.
«Ҳўш-ҳўш» қўшиқлари сигир соғишда айтилган. Вақт ўтиши билан сигир қўшиқ оҳангига ўрганган. Қўшиқ айтилган заҳоти тинчланган, сутини ўзига тортмаган. Сигир соғувчи сигирга сипориш қилганда айтадиган асалли сўзларини алоҳида меҳр билан куйлаган. Ва сигир бу меҳрни ҳис қилган. Оқибатда, ҳар икки тараф-соғувчи ва сут берувчи фойдада бўлган:

Ҳўшим молим говмишим,
Эмчакларинг совмишим,
Оралаб единг ўтингни,
Ийиблаб бергин сутингни.

Сени сийлаб боқайин,
Кўзмунчоқлар тақайин,
Қуралай кўз говмишим,
Туёқлари кумушим.

Зотли молим ҳўш-ҳўш,
Сутли молим ҳўш-ҳўш.

Эътибор берсак, деҳқончиликда ҳўкиз «темир туёғим» деб эркаланган эди. Энди соғиш пайтида сигирга «қуралай кўз», «туёқлари кумушим» деб мурожаат қилинмоқда. Шубҳасиз, инсон бу эркалашларни ҳўкиз ёки сигир тушунмаслигини яхши билади. Лекин қўшиқ ижроси давомида товуш товланишининг, оҳангнинг ҳайвонларга ижобий таъсир кўрсатишига ишонади. Масаланинг яна бир муҳим томони ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, ижтимоий ҳаёт оғир, турмуш ўтказиш жуда қийин бўлган бир пайтларда оиладаги битта сигир бутун оилани боққан, ўлимдан қутқарган. Шунинг учун уй бекасининг қўшиғида сигирига ич-ичидан раҳмат айтиш туйғуси ҳам ўз ифодасини топган.
«Турей-турей» қўшиқлари қўйларни соғиш пайтида айтилган. Баҳор фасли қоракўл совлиқлар учун фожиа даври бўлган. Қоракўлчиликда қимматбаҳо тери олиш учун қўзилар кўп вақт ўтмай сўйилган. Совлиқ ҳам боласидан жудо бўлган, ҳам елинига сут тўлиб азоб тортган. Шунинг учун она қўйларни соғишга чорвадорликда алоҳида эътибор берилган. Соғиш билан боласидан ажралган қўй қисмати нисбатан енгиллашган. «Турей-турей»лар матнида сут соғувчи қўйнинг қўзисидан ажралганига ҳамдардлик билдирган, унга ачиниш туйғусини ифодалаган. Ҳар ҳолда қўйни мақташга уринган:

Болалилар бош бўлар, турей-турей,
Боласизлар ёш бўлар, турей-турей,
Келар йили туққанинг, турей-турей,
Қўзингга йўлдош бўлар, турей-турей.

Халқимизнинг бошқа мавзу ва турдаги қўшиқлари сингари турей-турейларда ҳам қўйларни жонлантириш, яъни сут соғувчи уни ўзига суҳбатдош одамдек тасаввур қилиш усули етакчи ҳисобланади. Қўшиқ оҳанги оғир, вазмин айтилади. Қўйнинг ақллилиги, иродалилиги, ўз эгасига хайрихоҳлиги ошириб таърифланади. Ҳатто она қўй боғда очилган гулга тенглаштирилади. Айтиш мумкинки, турей-турейларда халқнинг асрлар давомида қўй боқиш машаққатидаги тажриба бадиий йўл билан ўз аксини топади. Тарихдан маълумки, биттагина ўта сифатли қўзи териси ўрни келганда катта-катта амалдаги одамлар ўртасида муомалани бошқарган. Ой нурида тунда товланадиган терилар қимматбаҳо заргарлик гавҳарларидан ортиқ баҳоланган. Қўй эгаси, эҳтимол, ана шу ҳаёт лавҳаларини ҳам назарда тутган бўлиши мумкин:

Эсли молим – оқилим, турей-турей,
Елкамдаги кокилим, турей-турей.
Шунча молнинг ичида, турей-турей,
Боғда очилган гулим, турей-турей.

Чуриялар. Чорвачиликда чурия қўшиқларининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Аввало, соғиладиган сигирга, қўйга, эчкига алоҳида-алоҳида қўшиқ яратилишига эътибор берайлик. Ҳўш қўшиқлари қўй соғишда айтилмаганидек, турей-турейлар ва чуриялар сигир соғишда айтилмайди. Табиийки, ҳайвон учун қандай қўшиқ айтиб соғиш бари бир эмасми? – деган савол туғилади. Йўқ, ҳайвон учун ҳам бари бир бўлмаган. Эгаси буни ҳисобга олган. Гап шундаки, ҳар бир чорвадор қўйга, эчкига ўзига хос муносабатда бўлади. Улар ҳатто сигирнинг қайси рангни яхши кўришини, қайси қўшиқни эшитганида кўпроқ сут беришини билганлар.
Чурия қўшиқларининг мазмун-моҳияти ҳам эчкини мақташдан, унинг одат ва фазилатларини ошириб таърифлашдан иборат:

Оғзигинангда ўтинг бор, чурей-чурей,
Елингинангда сутинг бор, чурей-чурей.
Серсоқолим жонивор, чурей-чурей,
Керилиб турган бутинг бор, чурей-чурей.

Бу қўшиқларда «оғзинг» эмас, «оғзигинанг», «елининг» эмас, «елингинанг», «серсоқолим» каби сўзларга эътибор беринг.

Шохларинг бор бир минора, чурия-чурия,
Минора қушлар қўнара, чурия-чурия.
Боланг олиб искасанг-а, чурия-чурия,
Куйган юрагинг қонар-а, чурия-чурия.

Мазкур тўртликка ўхшаш қўшиқларда ўзига хос кичик лирик асар яратилгандек тасаввур ҳосил бўлади. Ҳатто сут соғувчининг дарди «боланг олиб искасанг-а» мисрасида акс этмаганмикан, деган фикр пайдо бўлади.
Хуллас, чорвачилик билан боғлиқ қўшиқлар халқимизнинг қадимдан бу касбни эгаллаб келганидан, чорвачиликнинг сир-синоатларидан хабардор эканидан дарак беради. Халқ ҳар бир ҳайвонга худди одамдек муомалада бўлган. Уни эркалаган, мақтаган, таърифлаган, сифатлаган. Энг муҳими, айтилаётган қўшиқнинг охир оқибат натижага ижобий таъсир қилишини билган.
Шубҳасиз, «Ҳўш», «Турей-турей», «Чурия» қўшиқларини чорвадорлар орасида яшаган шоиртабиат одамлар тўқишган. Бу қўшиқларда сўз санъатининг бошқа намуналарида бўлганидек, турли бадиий воситалардан фойдаланилган. Хусусан, «эсли молим», «қалам қошинг», «зотли молим» каби сифатлашлар; «қозон-қозон сутинг бор», «ақллисан, доносан», «шохларинг бор бир минор» каби муболағалар; «елкамдаги кокилим», «боғда очилган гулим» каби истиоралар; «қалам қошинг сузилсин», «сутлилигингни билдиргин» каби жонлантиришлар қўлланган. Қўшиқларда қофия санъатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу тасвир воситалари қўшиқларнинг эстетик қимматини оширган, жозиба бағишлаган. Айни пайтда халқ қўшиқлари хазинасидан муносиб ўрин олиш имконини таъминлаган.
Ҳунармандчилик билан боғлиқ қўшиқлар. Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» достонида «Узлар бирла қатылмақны айур» (Ҳунармандлар билан аралашмоқни айтади) бобини ҳунармандларга бағишлаган. Унда темирчи, этикчи, ўймакор-дурадгор, бўёқчи, рассом, ўқсоз-ёйсозлар мақтови берилган. Дунёнинг гўзалликлари булардан чиқади, оламдаги ҳайратомуз ишлар булардан чиқади, деб шоир ҳунармандларнинг ҳаётдаги ўрнини юқори баҳолайди. Ҳақиқатан ҳам, ҳунармандлар жаҳон цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган касб соҳибларидир. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қоғоздан тортиб шоҳи атласгача, ўймакорликдан тортиб тўқилган гиламларгача дунёда машҳур бўлган. Ҳунарманд усталарнинг шогирд танлаш синовида мумтоз шеъриятимиздан байтлар сўраш одати кенг тарқалган эди. Чунки бирор ҳунарни мукаммал эгалламоқни фақат касбий маҳорат билан чеклаш мумкин эмас эди. Моҳир ҳунарманд маънавий жиҳатдан ҳам комил инсон бўлиши талаб қилинган. Шунинг учун ҳам ҳунар эгалари қўшиқ айтган, аския сирларини билган, мусиқа чалган. Бу анъана бугунги кунда ҳам сақланган. Қўшиқ жўрлигида тайёрланган маҳсулотга устанинг меҳри қўшилган.
Ўзбек меҳнат қўшиқларининг салмоқли қисмини гилам тўқиш, кашта тикиш, чарх йигириш каби ҳунар билан шуғулланиш давомида айтиладиган намуналар ташкил этади. Уларнинг энг қадимгиларидан бири чарх қўшиқлари ҳисобланади. Бугунги кун текстил саноати пайдо бўлмасдан олдин пахта чигити қўлда ажратилган. Махсус ясалган қурилма – чарх айлантирилиб, пахта толасидан ип йигиришган. Меҳнат у қадар оғир бўлмаган, аммо жуда зерикарли ва унумсиз эди. Иш жараёнига бир оз бўлса-да енгиллик бағишлаш мақсадида чарх қўшиқлари айтилган:

Чарх йигириб, чарх йигириб,
Шул қўлгинам толадир.
Агар шуни йигирмасам,
Болалар оч қоладир.

Одатда, ип йигирувчи аёллар ип ишлатадиган косибларнинг буюртмаларини бажаришган. Айниқса, қиш фаслида ёлланиб бажарадиган ишлари камайган пайтда ип йигириш оилада рўзғор тебратиш воситасига айланган. Мажбурият уй бекасидан бутун иродани ишга солиб меҳнат қилишга ундаган:

Чархгинам, эй чархгинам,
Юраккинам оласан.
Айт-чи, сен бу юртлардан
Қачонгина йўқоласан.

Юқоридаги тўртликда чарх айлантираётган аёлнинг қалбидаги бутун дард, алам ёрилиб чиққандек таассурот уйғотади. «Қачонгина йўқоласан» сўз бирикмасидаги фикр йўналиши чархга қаратилган эмас, балки бутун қисматга, тақдирга нисбатан чиқарилган ҳукм қимматида баҳоланади. Аслини олганда, аёл чархнинг йўқолишини истамайди. Чунки чарх, эҳтимол, рўзғорнинг сўнгги илинжи ва умид воситаси бўлиши мумкин.
Бўз тўқиш жараёни ҳам чарх йигиришдан осон бўлмаган. Фақат бўз тўқишда бир нечта дўкон деб аталган бўз тўқиш қурилмалари бир хонага жойлаштирилган бўлиб, бу ерда икки ва ундан ортиқ косиблар бирга ишлаши мумкин эди. Бўз тўқилганда қўл ва оёқ муайян мақсадга биноан бир хил ҳаракатда бўлган. Косиблар бу ҳаракатларга шу қадар кўникиб кетар эдиларки, баъзан дўконда ишламаётган бўлсалар ҳам одатий ҳаракатни такрорлайверардилар. Қўшиқ эса соатлаб тинмай ишлаш жараёнида  уларнинг овунчоғи вазифасини бажарган. Қўшиқ куйлашдан косиб эстетик қониқиш ҳосил қилган:

Бўз тўқийман қироғини ўхшатиб,
Мокки отаман қўлгинамни қақшатиб,
Бозордаги шоҳилардан яхшироқ,
Нафисдан ўхшаган бўзим яхшидир.

Юқоридаги қўшиқда бўзчининг ўз меҳнатига берган баҳоси ҳам ифодаланган. Маълумки, бўз пахта ипидан тўқилган. Бундай матони, одатда, иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланмаган одамлар сотиб олганлар. Бўзнинг пишиқ, айни пайтда, майин чиқиши косибнинг усталигига боғлиқ эди. Узилган ипни ўша заҳоти улаш, моккини бир хил отиш, тепкини маромида босиш маҳсулот сифатини белгилаган. Бинобарин, бўзчи ўз иш фаолиятини назорат қилиши лозим эди. Аммо турмуш ташвиши, буюртмачиларнинг инжиқлиги, иқтисодий танқислик косиблик ишига салбий таъсир кўрсатган. Шунинг учун меҳнат қўшиқларининг ҳамма турларида бўлганидек, маъноси бир хил, матни бошқа қуйидаги қўшиқ вужудга келган:

Дўкон уйга кирсам, танам қақшайди,
Совуқларда ўлмай қолсам, яхшийди,
Қариси тиллага кетса, яхшийди,
Шундан менинг бўзим арзон кетарми?

Марғилон, Қўқон шаҳридаги кекса бўзчи оталар билан бўлган суҳбатимизда, улар бўз қўшиқларини доимий равишда хиргойи қилмасликларини эслашди. Иш пайтида улар «Галдир», «Омон ёр», «Сумбула» қўшиқларини, аския пайровларини айтиб ғубор чиқаришар экан. Бу ҳолат бошқа касбдаги одамлар учун ҳам тааллуқлидир. Хусусан, чарх йигирадиганлар фақат чарх, бўзчилар фақат бўз, гилам, шолча тўқийдиганлар фақат ўрмак қўшиқларини айтишган, деб хулоса чиқариш тўғри эмас. Уларнинг ҳар бири ўз касбига мос қўшиқни айтган, аммо кўнгил ва хоҳиш амри билан машҳур лирик қўшиқлар ижросини ҳам ёддан чиқаришмаган.
Ўрмак шолча ёки гилам тўқиш учун тайёрланган махсус қурилма, дастгоҳдир. Унинг ёрдамида, асосан, аёллар шолча, гилам тўқийдилар. Биз кўришга одатланган гиламлар миллиметр устига миллиметр жун ипининг устма-уст тушиши ва кейинги қатлам ип билан ўзаро бирикувидан пайдо бўлади. Махсус тўқмоққа ўхшаган асбоб билан минг-минг марталаб калтакланади ва ипларнинг ўртаси жипслаштирилади. Деярли ҳамма вилоятларда аёллар тўқиган гилам ва шолчалар турмушга узатиладиган қизларга сеп, рўзғордаги бирон камчиликни тўлдириш воситаси бўлган. Қўшиқ ана шундай машаққатли меҳнатни енгиллатган:

Ўрмагимни ўрай-ё,
Мен бошимга қурай-ё,
Ўрмаккинам ўнгин деб,
Энди сендан сўрай-ё.

Бу тур қўшиқларда ҳам одамлар турмуш, насиба, тақдир ташвиши ва қувончларини изҳор қилишган. Баъзан ҳазил, баъзан чин қабилида ички кечинмалар баёнига дуч келамиз:

Ўрмагим ётибди ўралиб,
Мен юрибман керилиб,
Қайнонам қарамайди,
Ўрмагимга ўйрилиб .  

Шундай қилиб, меҳнат қўшиқлари ҳақида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Меҳнат қўшиқлари қайси мавзуда ва қайси турда яратилишидан қатъи назар лирик асарлар ҳисобланади. Уларда қўшиқчининг қилаётган меҳнат соҳаси асосида ҳаётий воқеаларга нисбатан бўлган муносабати ҳис-туйғулари орқали акс этади.
Халқимизнинг меҳнат қилиши, чорвачилик, деҳқончилик, турли касб-ҳунар билан шуғулланиши қанчалар қадимий бўлса, қўшиқнинг яратилиши ҳам шунчалар тарихийдир.
Ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият билан шуғулланган аждодларимиз машаққатли ва зерикарли меҳнат жараёнининг самарасини ошириш мақсадида махсус касб-ҳунарлари билан боғлиқ қўшиқлар ижод қилганлар, куйлаганлар.
Меҳнат қўшиқларида ҳайвонларни ва иш қуролларини эркалаш, уларга мурожаат қилиш, уларни жонлантириш, баъзан гапиртириш хусусияти етакчилик қилади.
Меҳнат қўшиқларининг тили содда, куйи енгил, фикрни ифодалаш усули оддий бўлиб, асосий мақсад иш жараёнини енгиллатиш, қўшиқ айтувчи шахс руҳий ҳолатини кўтаришга қаратилган бўлади.
Мавсум-маросим қўшиқлари. Халқимизда мавсум, маросим, байрам сўзлари билан ифодаланган тушунчалар бор. Улар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун бу сўзларнинг маъно ифодалаш чегарасини белгилаш зарур. «Мавсум» деганда, асосан, йил фасллари назарда тутилади. Бинобарин, мавсум қўшиқлари қиш, баҳор, ёз, куз фасллари билан боғлиқ бўлади. Маросим эса диний ёки анъанавий урф-одатлар муносабати билан ўтказиладиган тадбир, йиғин демакдир. У байрам умумхалқ шодиёнаси, тантана кун маъносини ифодалайди. Маълум бўладики, «маросим» тушунчаси «байрам» сўзи ифодалаган маънодан кенглиги билан фарқ қилар экан. Чунки маросим бир шахс ҳаётидаги муҳим воқеа билан боғланиши мумкин. Бу тадбир оила чегараси билан чекланади. Байрамда эса умумхалқ иштироки бўлиши лозим. Тўғри, биз, кўпинча, «байрам маросими» бирикмасини қўллашимиз мумкин, аммо бу ҳолатда гап оилавий маросим ҳақида эмаслиги таъкидланади.
Дунёда биронта халқ йўқки, турли муносабатлар билан оммавий байрамларни нишонламасин. Байрамлар бутун халқ тайёргарлиги билан ўтказилади. Катта шодиёналар режалаштирилади. Махсус таомлар пиширилади, байрам либослари тикилади, ўйин-кулгилар, сайиллар, томошалар, мусобақалар уюштирилади. Шунинг учун миллий байрамлар тизимида халқ тарихи, миллий хусусиятлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бу тасаввурларни оилавий, муайян ҳудуд аҳолиси ўртасидаги маросимлар, қолаверса, миллий урф-одатлар тўлдиради, мукаммаллаштиради.
Олимларнинг маълумот беришларича, мавсум-маросимга оид тадбирлар, халқ оммавий байрамларининг тарихи минглаб йиллар билан ўлчанар экан. Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида «Наврўз», «Рамуш оғам», «Бобохвора» каби ўндан ортиқ байрамлар хусусида маълумот берилади. Халқимиз бугунги кунда мавсум-маросим, байрам ва удумларни ўтказишнинг узоқ қадимийларини қайта тикламоқда, уларни ташкил қилишда мукаммал режалар билан иш олиб бормоқда.
Ўзбек халқ маросим қўшиқлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, фольклоршунос олима Музайяна Алавиянинг «Ўзбек халқ маросим қўшиқлари» , филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Саримсоқовнинг «Ўзбек маросим фольклори» , филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраевнинг «Ўзбек мавсумий маросим фольклори» , олим Насриддин Назаровнинг «Лақайлар: этнография, лингвистика ва фольклор»  асарларида чуқур илмий асосда таҳлил этилган.
Халқимиз ҳар бир фаслнинг ўзига хос фазилатларини таъриф этган, қиш, баҳор, ёз, куз фаслларида табиатда рўй берадиган ўзгаришларни қўшиқларда лирик тарзда ифодалаган. Хусусан, қиш фаслида «Шерда» номи билан аталган гап-гаштак, улфатчиликда:

Қор ёғмайин ола бўлган тоғлар-а,
Ғунчасидан хазон бўлган боғлар-а,
Куйистонда куйиб ўтган бедилхон,
Устида қағиллаб ўтган ғозлар-а,
Бегим аллаёр, аллаёр

қўшиғи улфатларнинг жўрабошисини сайлашда айтилган. Баҳорда турна, бойчечак, сумалак, шох мойлаш қўшиқларини айтиш одат бўлган:

Адирлар тўла чечак,
Биз келдик уча-уча,
Бойчечагим, бойчечак,
Кутиб олинг, ҳой чечак.

Халқ одатларига кўра ўтказиладиган шамол тўхтатиш, шамол чақириш, обло барака каби ёзги маросимларда ўзига хос қўшиқлар айтилган:

Чой момо, чой, чой, чой,
Чайилиб қолсин қув шамол,
Боса-боса беринглар,
Босилиб қолсин қув шамол.

Ўзбекистонда кузнинг файзи алоҳида қайд қилинади. Ҳосил йиғиш, қовун сайли, тўкинлик халққа мамнуният бағишлайди. Бу фаслнинг ҳам ўз қўшиқлари машҳур:

Қовун-қовунлар дедим,
Мазали қовунлар дедим,
Эй ширинноввот дедим,
Гурвак қовунлар дедим . 

Халқимизда маросимлар жуда кўп. Йил қуруқ келиб, баҳорда ёмғир ёғмаса, «Ёмғир чақириш» маросими («Суст хотин»); буғдой, шоли бошоқлари етилган пайтда шамол уларни пайхон қилса, «Шамол тўхтатиш» («Чой момо»); дон маҳсулотларини шопириш вақтида шамол бўлмаса, «Шамол чақириш» («Ё, Ҳайдар»); йил совуқ келса, омад юз ўгирса, қурбонлик келтириш маросимлари ўтказилган. Айниқса, оилавий маросимларда: тўй ва азаларда қўшиқлар меҳмон ва мезбонларнинг, майит эгасининг доимий ҳамроҳига айланган.
Тўйлардаги ёр-ёрлар, ўлан айтишлар, келин саломлар халқ поэтик ижодининг мумтоз намуналари бўлиб қолган. Ҳаёт тажрибаси оилавий турмуш тотувликдан бошланса, меҳр етакчи бўлса, кейинги ҳаёт ҳам иноқликда ўтишини тасдиқлаган. Шунинг учун куёв-келин кўнглини бир-бирига яқин қилиш орзуси қайта-қайта тилга олинади:

Шойи кўйлак енгига
Тут қоқайлик ёр-ёр,
Келин-куёв кўнглига
Ўт ёқайлик ёр-ёр.

Халқ қўшиқларини ёзиб олиш тажрибаси шуни кўрсатадики, ёр-ёрлар халқ орасида бошқа мазмундаги қўшиқлардан кенгроқ оммалашгандир. Яқин эллик йил атрофида ўтказган фольклор экспедициялари давомида Ўзбекистоннинг кўп вилоятларида бўлдик. Жанубий Қозоғистондаги Чимкент, Туркистон ҳудудлари, Тожикистоннинг Хўжанд, Исфара, Конибодом атрофи, Туркманистондаги Кўҳна Урганч манзилларида яшаётган ўзбеклар ҳамиша фольклор амалиётчиларини ёр-ёрлар билан сийлашган. Маълумки, оғзаки ижоддаги қўшиқ ўзининг тез фурсатда, баъзан бадиҳагўйлик – импровизация усулида яратилиши билан бошқа жанрлардан фарқ қилади. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, шоирлик истеъдодига эга бўлган ёр-ёр ижрочиси тўй вазиятига қараб янги-янги тўртликларни тўқиб кетаверган. Натижада, айнан тўй ўтказилаётган пайт қўшиқ матнида фото тасвирдек акс этиб қолган:

Қиш кунида совуқ еб,
Ҳориб келдик ёр-ёр,
Аччиқ-тирсиқ керакмас,
Койиб келдик ёр-ёр.

Албатта, ҳаёт ижтимоий тузум, сиёсий шароитлар тақозоси билан доимий равишда ўзгариб борган. Турмушга чиқаётган қиз ўз турмуш ўртоғини фақат гўшангадагина кўриши мумкин бўлган замонлар ўтди. Баъзан давлатманд одамларнинг иккинчи, учинчи, ҳатто тўртинчи хотини бўлиш тақдирида ёзилган қизлар ҳам бўлган. Бундай қисмат ифодаси ёр-ёрда акс этмаслиги мумкин эмасди:

Узоққа борган қизнинг
Ранги сариқ ёр-ёр,
Кўзидан оққан ёши
Мисли ариқ ёр-ёр.

Токчадаги қайчини
Занг босибди ёр-ёр,
Янги тушган келинни
Ғам босибди ёр-ёр.

Турмушга чиққан келиннинг дарди, алами билан ғам босгани токчада ишлатилмай қолган қайчининг занг босишига қиёсланмоқда. Бундай тасвир воситаси фольклоршуносликда параллелизм деб номланган бўлиб, икки ёнма-ён нарсанинг ўхшашлигини тақозо этади.
Ёр-ёр матнлари меҳнат ва мавсум қўшиқларидан қофияланишидаги мукаммаллик билан ажралиб туради. Жумладан, ёр-ёрларда «бахт», «тахт»; «омон», «сомон», «алвон», «полвон» каби чиройли қофияли мисолларни учратамиз. Бу қўшиқ турлари баъзан олти, кўпинча етти бўғиндан иборат бўлади. Туроқ тизими 4+3; 5+2 тарзида белгиланади. Қофияланиш шакли а б, б а ёки а б, в б тарзида шаклланган. Масалан:

Қат-қат кўрпа устида,
Пиёламан ёр-ёр.
Ёрга салом бергани,
Уёламан ёр-ёр.

Келин саломлар ҳам тўй қўшиқларининг таркибий қисмини ташкил этади. Анъанавий келин саломлар матнида Аллоҳга, Муҳаммад пайғамбаримиз (с.а.в)га, чаҳорёрларга, авлиё ва анбиёларга мурожаат қилиш алоҳида ўринга эга. Агар халқ қўшиқларининг бошқа турларини кўпчилик бўлиб ижро қилиш мумкин бўлса, келин саломлар, асосан, битта чечан қўшиқчи, баъзан иккита аёл томонидан ижро қилинган. Одатда, келин салом айтувчи ижрочи мазкур маросимга файз киритиши ёки, аксинча, қизита олмасдан уятга қолиши кузатилади. Шунинг учун ижрочи бутун тажрибасини, маҳоратини, хонандалик санъатини тўлиқ намойиш қилишга уринади. Атрофдаги қатнашчилар руҳиятини кўтариш учун юмор унсурларидан фойдаланади. Келин саломлар аксари уч мисрадан иборатдир. Шундан иккитаси фикр ифодалаш мақсадини назарда тутса, учинчиси нақарот сифатида такрорланади:

Кўйлаклари ямоқли,
Ёпган нони саноқли,
Қайнонасига салом.

Муҳими, бундай кулгили мазмундаги мисралар маросим иштирокчилари томонидан ҳазил маъносида тушунилган.
Марсиялар. Маълумки, инсон ҳаёти фақат байрамлардан, хурсандчилик, сайиллар, тўй-томошалардан иборат эмас. Ҳаётда кўнгилсиз воқеалар ҳам рўй бериб туради. Уларнинг энг мусибатлиси ўлимдир. Ўзбек халқи ўлим маросимида ҳам қўшиқ айтган. Қадимда махсус гирянди (гийранди)лар йиғлаш маросимларини қўшиқ айтиб ўтказганлар. Бундай қўшиқларни марсиялар деб аташган.
Марсияларнинг асосий вазифаси ҳаётдан кўз юмган шахснинг фазилатларини эсга олиш, рўй берган мусибатга муносабат билдиришдир. Шунинг учун ота, она, ака, ука, опа, сингил, бола каби қариндош-уруғлик белгилари марсияларда алоҳида тилга олинади. Марсия матнларида ўкинч, ҳасрат ифодаси алоҳида ўрин тутади. Айтиб йиғлаётган шахс марҳумга «суянган тоғ», «ишонган боғ», «осмондаги юлдуз», «ҳаётдаги ёруғ юлдуз» истиораларини қўллайди. Фарзанднинг ота-онасига хизмат қила олмагани, ака ва уканинг қадрига етмагани, айниқса, фарзандининг орзу-ҳавасини, уйланганини ёки келин бўлганини кўра олмагани ўта таъсирли сўзлар билан билдирилади:

Айтмай десам бўлмайди,
Доғингиз оти қўймайди,
Ишонган боғим, вой отам,
Суянган тоғим, вой отам.

Ёки:

Ҳовлимдаги гиёҳ бўлинг, вой онам,
Ҳар кун сизни искайин, вой онам,
Яна қайтиб бино бўлинг, вой онам,
Доим сизни эслайин, вой онам.

Марсия матнларини ўрганиш уларнинг шеърий техника жиҳатдан у қадар мукаммал эмаслигини кўрсатмоқда. Бўғинлар сонининг мос эмаслиги, туроқ тизимига етарли эътибор берилмаслиги, қофия қоидасига риоя қилмаслик одатий ҳолат эканини айтиш мумкин. Бизнингча, бу турдаги қўшиқларда кўпроқ айтилаётган тўртликнинг маъноси, куйдаги мунг етакчи аҳамият касб этади.
Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Фольклор экспедициясига чиққан пайтимизда ёзиб олиш энг қийин кечган қўшиқ тури марсиядир. Аксари ҳолларда марсия айтувчилар амалиётчилар илтимосларини бажармайдилар. Эсдан чиққанини баҳона қилиб, суҳбат мавзуини ўзгартирадилар. Эҳтимол, улар қадимги иримларга бўйсуниб заруратсиз ҳолларда марсия айтишдан сақлансалар керак.
Шундай қилиб, мавсум-маросим қўшиқлари ҳақидаги маълумотлардан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
- Мавсум ва маросим қўшиқлари ўзбек халқ оғзаки поэтик ижодининг энг қадимий намуналаридандир.
- Халқ ҳаётидаги байрамлар, оилавий маросимлар, йил фаслига оид мавсумлар алоҳида-алоҳида аниқ мавзуни ифодаловчи мазмунга эга.
- Мавсум-маросим қўшиқлари баъзан оммавий тарзда ижро этишга мўлжалланган бўлиши билан бирга махсус тайёргарлик кўрган маҳоратли ижрочилар ижодини инкор қилмайди.
- Халқимизнинг ўтмиш маданий меросига, қадриятларига муносабат мавсум-маросим қўшиқларида алоҳида намоён бўлади.
- Мавсум-маросим қўшиқлари бадиий мукаммаллик жиҳатидан сўз санъати талабларига тўлиқ жавоб берадиган шеърий матнлардан иборат.
Лирик қўшиқлар. Аввало, таъкидлаш лозимки, халқ қўшиқлари мавзуйида мисол қилиб келтирган, назарий маълумот берилган, таҳлилга жалб қилинган ҳамма тўртлик шаклидаги шеърий асарларнинг ҳаммаси бадиий адабиётнинг лирик жинсига мансубдир. Шу боис «лирик қўшиқлар» атамасини шартли тушуниш мақсадга мувофиқдир. Аслида фольклоршуносликда лирик қўшиқ деганда, ишқ-муҳаббат изҳор этилган тўртликларни назарда тутиш қабул қилинган. Агар меҳнат, маросим асарларида етакчи мақсад иш қуроллари, мавсумдаги табиат ўзгаришлари, маросим тартиблари ҳис-туйғу воситасида акс этса, лирик қўшиқларнинг асосий вазифаси муҳаббат туйғуларини ифодалаш билан белгиланади. Бинобарин, лирик қўшиқларда моҳиятан ички кечинмалар, ишқ-муҳаббат дардига йўлиқишдан мамнунлик кайфияти устувордир.
Ҳар бир йигит-қиз балоғат ёшига етганда муҳаббат туйғусини бошидан кечиради. Инсоннинг севиши ёки севилиши, ишқ кечинмаларига йўлиқиш ташвишлари уни шоирликка ундайди. Лирик қўшиқлар матнини ўрганиш уларни фақат муҳаббат туйғусини юрак қон томирларидан ҳис қилган шахсларгина яратиши мумкин, деган хулосага олиб келади. Энди икки тарафдан иборат бўлган ишқ кечинмаларида бир тарафгина иштирок этса ёки ўртада муайян тўсиқлар пайдо бўлса, муҳаббат савдоси авж олади, ечимсиз ҳолатда инсонни қийнайди. Масалан:

Қизил гулни экасан-да, кетасан.
Парвариш қилмасанг, экиб нетасан?
Йўлига интизор қилган қора кўз,
Охир менинг бу бошимга етасан.

мисраларини ҳаётдан қониққан, ташвиши йўқ одам айтиши мумкин эмас. Тўрт мисрадан иборат бу матнда инсон тақдири, қисмати акс этганига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Айни пайтда ана шу азоб унга шукуҳ, бахт бағишлаётганини ҳам айтиш лозимдир.Чунки ҳақиқий инсонгина бундай туйғуларга эгалик қилиши мумкин.
Лирик қўшиқлар оғзаки ижоднинг мустақил жанри сифатида бир қатор хусусиятларга эга:
1. Лирик қўшиқлар деб аталмиш халқ поэтик шеъриятига мансуб асарларни инсон руҳий оламисиз, ишқий кечинмаларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
2. Агар бошқа мавзудаги қўшиқлар баъзан уч (келин саломлар), олти, саккиз мисралардан иборат бўлса, ишқий қўшиқлар тўрт мисрадан ташкил топади. Бир ном билан бандлар бирикувидан иборат қўшиқларда ҳам тўрт мисралилик анъана ҳисобланади.
3. Биз назарда тутаётган лирик қўшиқлар матни тугал фикр англатиш хусусиятига эгадир.

Олов ёнсин ёғ билан
Бағрим куйсин доғ билан
Ўйнамадим – кулмадим.
Кўнглим суйган ёр билан.

Бир неча бандлардан иборат «Галдир», «Сумбула», «Омон ёр» каби лирик қўшиқлардаги тўртликлар нисбий тугалликка эга бўлади.
4. Агар меҳнат қўшиқларини бевосита ўша касб билан шуғулланувчи деҳқон, соғувчи, косиб, каштачи, гилам тўқувчи айтса, ёр-ёрлар, келин саломлар асосан тўйларга файз бағишласа, йиғи-йўқловлар ўлим маросимларига тааллуқли бўлса, лирик қўшиқлар касб, пайт, ўрин танламайди: уларни исталган пайтда, истаган шахс хоҳишга кўра баланд овозда ёки ҳиргойи қилиб ижро этаверади. Шундай қилиб, лирик қўшиқларнинг оммалашуви бошқа турдагиларга нисбатан кенгроқ имкониятга эга.
Қадимдан халқимизда «Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига» деган чиройли мақол бор. Аммо аксари ёшлар бу мақолнинг маъносини аниқ тасаввур қилмайди. Аслида бу мақолда севикли маъшуқа ҳақида фикр бормоқда. Яъни ҳар кимнинг ёри ўзига буюрсин, ўша ёрнинг ҳусни қай даражада бўлмасин ошиққа ой кўринади, яъни ҳар ким ўз қалбидан ўрин олишга улгурган ёрга интилади. Қизнинг қошлари «қалдирғоч қаноти», юзи тандирдан узилган «ширмой», лаблари «Арслонбоб асали» бўлиб туюлаверади.
Айни шу пайтда маъшуқанинг нигоҳи йигитнинг «беқасам тўни», «янги чиққан майсадек киприги», «марвариддек» ярақлаб турган тишларига тушади ва ажойиб қўшиқ намунаси вужудга келади:

Қошингни қаро дейдилар,
Қора қош укам, ёр-ёр.
Кўрсат қошингни, бир кўрайин
Жоним укамей, ёр-ёр.

Ёки қизнинг қалбидан чиққан мулойим мисраларга диққат қилинг:

Беқасам тўнлар кийиб,
Мунча мени куйдирасиз.
Гоҳ-гоҳида бир қараб,
Вой беажал ўлдирасиз.

Аммо «Бу – ҳаёт» деб қўйибдилар. Ишқ булоғидан суғорилган гул ҳамиша ҳам очилавермаслиги мумкин. Яъни икки севишган ҳамиша ҳам оила қуришга муяссар бўлмаганлар. Бу кўнгилсизлик баъзан йигитнинг, баъзан қизнинг ишқи иккинчи тарафдан инкор этилиши, баъзан эса яна бошқа сабаблар оқибатида рўй берган бўлиши мумкин. Бундай вазиятни ифодаловчи тўртликлар ҳам анчагина:

Оқ илон, оппоқ илон,
Ойдинда ётганинг қани,
Мен – ёмондан айрилиб,
Яхшини топганинг қани.

Гап шундаки, қадимги афсоналарда ойдинда ётган оқ илонни кўрган одам бахтли бўлади, деган ақида бордир. Аммо бу оқ илонни ким кўрган, ҳеч кимга маълум эмас. Кўрмаганлар эса кенг оммани ташкил этади. Ўз-ўзидан халқ бахтли одамдан кўра бахтсизлар кўпроқдир, деган хулосани ўзига хос фалсафий тарзда ифодалаш йўлини топган.
Лирик қўшиқлар, энг аввало, лириклиги билан инсонни ўзига жалб қилади. Уларда лирик қаҳрамон фикри туйғу воситасида ифодасини топади. Айрим қўшиқлар матнидаги муайян мисрани ўзгартириш уларнинг яратилиши мақсадига ҳам таъсир қилади, умумий мазмун моҳиятига ҳам таъсир қилади:

Гулижон ўзи чаққон,
Қоқи гулини таққан,
Бир кулиши бор учун
Ойижонига ёққан.

Энди «Ойижонига»ни «Севгилисига», «Дадажонига», «Бувижонига», «Опажонига» ва ҳ.к. сўзлар билан алмаштирайлик. Ёки «Гулижон» исмини ўзгартирайлик. «Қоқи гул» ўрнига «атиргул» қўяйлик. Хуллас, бир қўшиқ асосида бир неча намуналар вужудга келиши мумкин. Шунда гап севиклиси ҳақида кетса, ишқий мазмун; онаси-отаси ҳақида кетса қиз фарзандни эркалаш мазмуни етакчи бўлиб қолади. Аммо ҳар иккала ҳолатда ҳам лирик қўшиқ моҳиятан катта ўзгаришга дуч келмайди.
Аллаларни ҳам лирик қўшиқлар қаторидаги ажойиб намуналар сифатида баҳолаш мумкин. Тўғри, фольклоршуносликда онанинг гўдак фарзандини ухлатиш мақсадида айтадиган аллаларни болалар фольклори таркибида таҳлил қилиш одати бор. Аммо аллалар матнини ўрганиш уларнинг сўз санъати намунаси сифатидаги фазилатларини лирик қўшиқ деб белгилаш ҳам хато эмаслигини тасдиқламоқда. Чунки алла матнини гўдак бола тушунмайди. Бинобарин, қўшиқларнинг бу турида оналик меҳри, қувончи, ғурури; айни чоқда дарди, алами, ўкинчи ўз ифодасини топади:

Дилимдаги ҳимматим, алла.
Оғзимдаги новвотим, алла.
Дарё сувга тўлаётир, алла.
Ўғлим менга кулаётир, алла.
Ўғлим менга қараб кулса,
Кўнглим нурга тўлаётир, алла.
ёки:
Алла, алла, алванди, алла.
Сочларим дарё банди, алла.
Мен бу ерда туролмасман, алла.
Сен-ку оёғим банди, алла.

Ўз-ўзидан маълумки, она ўз оиласини муҳаббат ва иноқликда қурилган бўлса, ардоқлайди. Акс ҳолда, кўнгил тушмаган оилада яшаш ёш она учун жазонинг ўзгинаси. Мана шундай пайтда туғилган фарзанд аёл тасаввурида оила томонидан қўйилган кишанга тенгдир. Руҳий ҳолат тасвири бундай қўшиқларда алоҳида ўкинч оҳангида ифодасини топади. «Алла» сўзининг «Оллоҳ»дан келиб чиққанлиги ҳам алоҳида рамзий маънога эга. Онада қониқиш бўлса, шукр аломати, ўз тақдиридан норози бўлса, шунда ҳам фарзандли бўлиш шукронаси ва Аллоҳдан нажот сўраш оҳанги етакчи ҳисобланади.
Хуллас, лирик қўшиқлар моҳият нуқтаи назардан инсон қалбининг изҳори даражасида эъзозланган асарлар туркумини ташкил қилади.
Тарихий қўшиқлар. Ўзбек халқ оғзаки ижодидаги тарихий қўшиқлар бевосита бугунги кун репертуарида нисбатан кам учрайдиган ижро намунасидир. Ўтмишда тарихий қўшиқлар оммавий жанр ҳисобланганига шубҳа йўқ. Бир томондан, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғоти-т-турк» асаридаги Алп Эртўнга марсияларини ҳам тарихий қўшиқлар сирасига қўшиш мумкин. Проф. Баҳодир Саримсоқов тарихий қўшиқларга шундай таъриф беради: «Демак, конкрет тарихий шахс ёки воқеалар тасвирланган шеърий асар тарихий қўшиқ саналади». Марсияда эса асар қаҳрамонининг исми, у қилган яхшиликлар реал ҳаётий аниқлик билан акс этган. Халқ ҳаётдаги ижобий ўзгаришга ҳам, салбий ўзгаришга ҳам зудлик билан ўз муносабатини билдирган. Масалан, Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романида Нормуҳаммад Қушбегининг Тошкентдаги беклиги даври ҳақида қуйидаги қўшиқ парчасини келтирган:

Замон-замон дориламон,
Нормат тўрам бўлсин эсон.

ХХ аср бошларида Намоз бошлаган ҳаракатлар халқ тилида достон бўлган. Намоз ёки Ниёзга бағишлаб қўшиқлар вужудга келган. Кейинчалик Исфандиёр ва унинг амалдорлари кирдикорларини фош этувчи тўртликлар яратилган:

Исфандиёр хон бўлди,
Бағримиз тўла қон бўлди.
Азроилдан кам эмас,
Олажаги жон бўлди.
ёки:
Исфандиёр бўлгач бизнинг хонимиз,
Оғзимиздан оқар бўлди қонимиз,
Бева-бечоранинг аҳволига вой,
Емакка топилмас бурда нонимиз.

Бу тўртликлар халқ ижтимоий ҳаётининг ҳамроҳи бўлди. Тарихий вазиятга нисбатан ифодаланган ғазаб ва хонга нисбатан нафрат замонга халқ берган баҳо даражасида эди. Аниқроғи, жазолов ҳукми бўлиб жаранглади.
Умуман, ХХ асрнинг 15-25-йиллари ўртасида яратилган тарихий қўшиқлар сон жиҳатдан кўп, сифат жиҳатдан мазмунли эди. Эҳтимол, бу ҳолат юртимиз тарихига оид турли йўналишдаги тарихий воқеаларнинг кўп рўй берганига боғлиқдир. Исфандиёр, Саид Аҳмад, Николай каби подшоҳ ва хонларнинг адолатсизлиги ва босқинчилик урушларига бўлган кескин қораловчи айблар мазкур қўшиқларнинг бош мазмунини ташкил қилди.
Шундай қилиб, тарихий қўшиқлар бевосита аниқ воқеа ҳодиса ёки аниқ қаҳрамон иштирок этган тарихий давр ҳақида яратилган асар намунаси ҳисобланади.

Савол ва топшириқлар:
1.    Халқ қўшиқлари шу муддатгача ўрганилган бошқа жанрлардан қайси хусусияти билан ажралиб туради?
2.    Халқ қўшиқларининг таснифи қандай асосланади?
3.    Меҳнат қўшиқлари ҳақида сўзланг.
4.    Мавсум-маросим қўшиқларининг хос хусусиятларини айтинг.
5.    Лирик қўшиқлар ҳақида нималар биласиз? Ёд олган намуналарингизни ҳиргойи қилиб айта оласизми?
6.    Халқ қўшиқларини билган шахслардан намуналар ёзиб олинг.

Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б.142-169.
2.    Алавия М. Ўзбек халқ қўшиқлари. - Т., 1959.
3.    Алавия М. Ўзбек халқ маросим қўшиқлари. - Т.: Фан, 1974.
4.    Саримсоқов Б. Меҳнат қўшиқлари / Ўзбек фольклори очерклари. - Т.: Фан, 1988. – Б. 223-244.
5.    Алавия М. Лирик қўшиқлар / Ўзбек халқ қўшиқлари. - Т., 1959. – Б. 244-253.
6.    Жуманазаров У. Тарихий қўшиқ / Ўзбек фольклори очерклари. Т.: Фан, 1988. – Б. 254-261.
7.    Фитрат. Энг эски турк адабиёти намуналари. - Т.: MUMTOZ SO’Z, 2008.
8.    Мусақулов А. Халқ лирикаси. – Т., Фан, 2010.
9.    Хоразм халқ қўшиқларидан намуналар. - Т.: Фан, 1965.
10.    Оқ олма, қизил олма / Қўшиқлар. - Т., 1972.
11.    Бойчечак / Болалар фольклори, меҳнат қўшиқлари. - Т., 1984.
12.    Келиной қўшиқлари. - Т., 1981.



ТЕРМАЛАР

Халқ оғзаки ижодида қўшиқ ва достон ўртасида вужудга келган бир жанр бор. Унда қўшиқдаги лирик ифода, айни пайтда эпик баён қилиш хусусияти уйғун намоён бўлади. Бундай асарларга халқ терма деб ном берган. Сўзнинг луғавий маъноси кўпдан териб олинган, ажратиб сараланган тушунчаларини беради. Ўзбек фольклорининг йирик тадқиқотчиси филология фанлари доктори, профессор Тўра Мирзаев термалар жанрига шундай таъриф беради: «Панд-насиҳат, одоб-ахлоқ, соз ва сўз ҳақида яратилган, ижтимоий ҳаётдаги турли ҳодисалар, шахс ва жониворларнинг таърифи ва танқидига бағишланган, бахшилар томонидан куйланадиган 10-12 сатрдан 150-200, баъзан ундан ҳам ортиқ мисраларгача бўлган лирик, лиро-эпик шеърларга терма дейилади» .
Таърифда диққатни жалб қилувчи бир нечта фикрий нуқталар бор. Аввало, термалар мавзу жиҳатдан, кўпинча, педагогик аҳамиятни назарда тутган ҳаётий лавҳалар баёнидан иборат бўлади. Иккинчидан, уларда ёзма мумтоз адабиётдаги қасида вазифаси бажарилади. Яъни айрим шахслар, дўмбира, от ёки яна нималаргадир шеърий мақтовлар бағишланади. Учинчидан, термалар лирик парчалардан ташкил топиши мумкин. Демак, бундай термаларда ижрочининг бош мақсади ҳис, туйғу, ички кечинмалар ифодасига қаратилади. Тўртинчидан, лиро-эпик шеърлардан иборат бўлганда, воқеалар баёни ҳис-туйғу воситасида акс этади. Ва, ниҳоят, ҳажми 10-12 ва 150-200 мисра атрофида, яъни ижрочи бахшининг хоҳиши билан белгиланади.
Филология фанлари доктори, профессор Абийр Мусақулов эса халқ термаларининг эстетик аҳамиятига диққат қилиб шундай дейди: «Термалар ўзбек фольклори эстетикасини ўрганиш учун ғоят муҳим манбадир. Гўзаллик ва хунуклик, бахт ва бахтсизлик ҳақидаги термалар фикримизга далил бўла олади» . Мазкур мулоҳаза муаллифи термаларнинг халқ оммаси орасидаги ҳақиқий инсоний фазилатларни тарғиб қилиш қуроли эканини алоҳида таъкидламоқда. Сўз санъатининг бош вазифаси ҳам айнан инсонга гўзаллик ва хунуклик воситасида унинг қалбига йўл топиш орқали руҳий таъсир ўтказишдир. Термаларнинг жанр хусусиятлари ана шу тушунчалар орқали намоён бўлади.
Термаларнинг эстетик вазифаси уни ижро этаётган бахши билан тингловчи ўртасида алоқа ришталарини боғлашдан иборат. Айниқса, бахши ўзининг достон айтишини бир оз орқага суриб, тингловчиларга руҳий таъсир ўтказмоқчи бўлади. Бу фурсат давомида «Нима айтай?», «Достон териш», «Кунларим», «Дўмбирам» баъзан ижтимоий ҳаётдаги янгиликларга, ўзгаришларга атаб «Чигиртка»га ўхшаш термалар ижро этилган. Масалан, 2000 йилнинг қиш кунларидан бирида Ўзбекистон Миллий университети магистрлари билан Бўка туманида истиқомат қилувчи Чори бахши Хўжамбердиев ҳузурига меҳмонга бордик. Бахши қўшни қишлоққа тўйга кетган экан. Эрталаб соат 10 дан 2 гача уни кутишга тўғри келди. Бахши уйига қайтиб, суҳбат бошланганида, ундан «Алпомиш» достонидан парча айтиб беришни илтимос қилишди. Аммо Чори оға достонни бошлашдан аввал яқин ярим соат давомида меҳмон йигит-қизлардан кечга қолгани учун узр сўраш мазмунида термалар айтди. Кейинроқ эса кечаги тўй тафсилотлари, зиёратга борган магистрлар таърифи, юртмиздаги ижобий ўзгаришлар баёни келтирилди. Кейин саволларга берилган жавоблардан маълум бўлдики, терма айтилаётган пайтда «Алпомиш» достонидаги қайси лавҳани ижро қилиш режаси тузилган экан. Маълум бўляптики, термалар ижроси фақат тингловчини муайян вақт давомида нима биландир банд қилишдан ташқари бахши учун ўз тингловчиларини ўрганиш, улар дидини аниқлашга уриниш ва тўлиқ ижро жараёнига режа тузиш имконини берар экан.
Фольклоршунос олимлар таъкидлашларича, термаларнинг энг кўп тарқалган кўриниши «Нима айтай?» ҳисобланади. Бу жараён ҳам бахшига машқ қилиб овозини чархлаш, ҳам дўмбирани созлаш, ҳам тингловчини ўрганиш учун хизмат қилади:

Ўн бешида ойдан тўлган,
Олмосини белга солган,
Гўрўғлига хизмат қилган,
Қирқ йигитни гирдга олган.
Сўраб ўтди Аваз полвон,
Авазхондан айтайми?

Достондан олдин айтиладиган термаларда бахши дўмбирани мақташи ёки унинг ўжарлиги, қайсарлигини айтиб танқид қилиши мумкин эди:

Номард йигит бу мажлисга бўйламас,
Авни келса, Нурмон гапни ўйламас,
Ёриб ёқсам, бирор чойдиш қайнамас,
Сенда ёғоч ўтин бўлган дўмбирам.

Шу билан бирга кўп бахшилар аксари пайтларда тингловчиларга ўз ҳаётларини айтиб берганлар. Таниқли устозлар: Абубакр Диваев, Ҳоди Зарифов, Буюк Каримов, Ғози олим Юнусов, Мансур Афзалов каби олимлар ҳаракати билан ўнлаб термалар ёзиб олинган ва биз бу термалар матни воситасида ажойиб бахшиларимизнинг ҳаётига оид нозик лавҳалар билан танишмоқдамиз.
Профессор Ҳоди Зарифов берган маълумотларга қараганда, Жуманбулбул ўғли Эргашни мактабдор Ўтамуроднинг қизи Зийнатойга уйлантирганлар. Аммо бахши яшайдиган ҳудуд анъанасига кўра келин тўйдан кейиноқ куёвникига келмас экан. Унинг куёвникига келиши учун яна бир тўй ўтказиш одати бор экан. Афсуски, биринчи тўйдан кейин Жуманбулбул вафот этади. Эргашнинг эса кейинги тўйга маблағи бўлмайди. Отасидан қолган арзимас бор-йўқ нарсаларни қарз эвазига олиб кетишади:

Бўлиб-бўлиб олиб кетди ҳақини,
Биз билмаймиз ҳақи бор ё йўғини,
Зоти ё олисми, бизга яқини,
Барига ҳақ бериб турган кунларим.

Эргаш ҳаётида жуда мураккаб танқис ҳолат рўй беради:

Хотин қолди отасининг уйида,
Мен билмайман не гаплар бор ўйида,
Кўп ваъдалар бўлган эди тўйида
Уялиб, боролмай юрган кунларим.

Шундай қилиб, вақтида жонкуяр инсонлар ҳаракати билан ёзиб олинган термалар ёрдамида бахши ҳаётидаги ўта сирли ва бетакрор ҳодисалар ҳақида маълумот оламиз. Бу хусусият фақат Эргаш Жуманбулбул ижодига эмас, умуман, бахшиларга хосдир. Жумладан, Фозил шоир ўзи ҳақида шундай дейди:

Олти ёшда қўмсаб-қўмсаб отамни,
Оғир меҳнат эзди шўрлик энамни.
Эна-бола тополмадик бир нонни,
Парча нон еб, йиғлаб ўтган кунларим.

Бу термадан биз Фозил шоир отаси Йўлдошдан жуда эрта етим қолганини, турмуш қийинчиликларига чидаши оғир эканини, онаси билан ночор ҳаёт кечиришга мажбур бўлганини биламиз. Терма давомида биринчи банддаги фикр ривожланади:

Етти ёшда ортди менинг кулфатим,
Саккиз ёшда оғир меҳнат улфатим,
Меҳнат учун синаб кўрдим қувватим,
Тўққиз ёшга йиғлаб етган кунларим.

Шундай қилиб, «Кунларим» матни билан танишганимиз сари машҳур бахшининг ҳаёт солномасидаги муҳим саналар бизга маълум бўлиб боради.
Ҳоди Зарифов ўз хотирасида Эргаш Жуманбулбулнинг Амин бахши томонидан кашф қилинган ажойиб муболаға санъатига топган мисолини келтиради:

Ариқ тубида андиз,
Дарё тубинда қундуз,
Тоғларни осмонга отинг,
Тутдай тўкилсин юлдуз.

«Алпомиш» достони матнидан олинган мазкур парчани достондан олинган терма сифатида баҳолаш мумкин.
Машҳур бахшилар юртда содир бўлаётган адолатсизликларга бепарво қараб туролмаганлар. Айрим термалар матнида Ўзбекистон ҳудудидаги тарихий воқеалар ҳам акс этган. Хусусан, Ҳоди Зарифов қайд қилишича, 1898-1908 йилларда Ўрта Осиёни чигиртка босган экан. Ўтган асрда қарияларнинг хотирасига қараганда, айрим ҳудудлардаги чигирткани куракларда қопга солиб улгуришмаган экан. Ана энди экин майдонларидаги офатни тасаввур қилинг. 1908 йилда Фозил Йўлдош ўғли «Чигиртка» номи билан терма яратади:

Бозорчидан шайтон қайтиб,
Бирига уч баҳо айтиб,
Ўттиз олиб, тўқсон сотиб,
Давлатмандлар қабон бўлди.

Камбағалнинг ақли шошиб,
Ўғил-қизман кенгашиб,
Кеча-кундуз зор йиғлашиб,
Дўстлар қадди камон бўлди.

Бу қўшиқ-термада юртимиз бошидан кечган мусибатли кунлар бадиий аксини топган.
Бахшилар томонидан куйлаб келинган «Дўмбирам», «Кунларим», «Нима айтай?», «Гўрўғли», «Борми жаҳонда?..» каби термаларнинг ҳаммасида ҳам маълум даражада реал тарихий воқеалар, халқнинг кечинмалари ифодаланган. Уларни яратишда Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан шоир, Ислом шоир, Умир Сафаров, Бола бахши (Қурбонназар Абдуллаев), Раҳматилла Юсуф ўғли, Қодир бахши, Қаҳҳор бахши ижоди муҳим аҳамиятга эга.
Шундай қилиб, термаларни халқимиз оғзаки ижодидаги мустақил жанр сифатида баҳолаш мумкин. Улар халқ ҳаётининг бадиий ифодаси саналади. Термаларнинг халқ достонлари ва ҳаққоний ҳаёт ўртасидаги алоқа боғловчи воситачилик аҳамияти ғоятда муҳимдир.

Савол ва топшириқлар:
1.    Термаларнинг қўшиқ, достон жанрлари билан муносабатини изоҳланг.
2.    Терманинг бахши ижодида тутган ўрни ҳақида нималар дейиш мумкин?
3.    Фольклоршунос олимлар термалар ҳақида қандай фикрлар билдиришган?
4.    Термалардан намуналар ёдланг.

Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. - Б. 169-173.
2.    Ҳоди Зариф. Улкан халқ санъаткори / Эргаш шоир ва унинг достончиликдаги ўрни. - Т.: Фан, 1973. – Б. 8-39.
3.    Ҳоди Зариф. Фозил шоир – машҳур достончи / Фозил шоир. - Т.: Фан, 1973. – Б. 5-29.
4.    Мусақулов А. Терма / Ўзбек фольклори очерклари. - Т., 1988. – Б. 261-272.




ХАЛҚ ДОСТОНЛАРИ

“Достон” сўзи форс тилидан олинган бўлиб, “қисса”, “ҳикоя”, “тарих”  маъноларини ифодалайди. Ўзбек бадиий адабиётида достонлар яратилиш усулига кўра икки хил бўлади. Биринчи тури ёзма адабиёт вакиллари томонидан ҳар бир банди маснавий – икки мисрадан иборат, фақат шеърий шаклда яратилади. Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Навоийнинг «Хамса» асаридаги бешта достон ва ҳоказолар. Ёзма адабиётдаги достонлар аруз вазнида ёзилади. Индивидуал ижод маҳсули ҳисобланади. Бинобарин, ёзма адабиётдаги достонлар якка шахс ижоди анъаналари асосида вужудга келади.
Иккинчи тур достонлар оғзаки ижод маҳсули сифатида фольклор анъаналарга бўйсунган ҳолда яратилади. Филология фанлари доктори, профессор М.Саидов таърифича, оғзаки ижоддаги достонларда шеърий ва насрий парчалардан иборат бадиий манба – матн бўлиши керак. Иккинчидан, достоннинг музикаси бўлиши лозим (Бу ўринда шуни аниқлаб олиш керакки, ҳар бир алоҳида олинган достон учун алоҳида йирик музика асари бўлиши шарт эмас). Учинчидан, достонни бир киши ижро этганлиги туфайли куйловчи дўмбира черта билиши ёки қўбиз чала билиши зарур. Тўртинчидан, достонни куйлаётган бахши яхши овозга эга бўлиши ва қўшиқ айтиш маҳоратини эгаллаган бўлиши зарур .
Халқ оғзаки ижодидаги достон фольклоршунос олимларнинг диққатини алоҳида ўзига жалб этган, ўзбек халқ оғзаки ижоди таркибида энг кўп ўрганилган, катта мунозараларга сабаб бўлган, қолаверса, ўзбек халқ оғзаки ижоди меросини бутун дунёга маълум ва машҳур қилган жанрдир.
Достонни олимлар синкретик жанр деб биладилар. «Синкретик» сўзи юнонча бирлашган; қисм, бўлакларга ажралган маъносини беради . Достон ҳақида гап борганда, синкретик сўзи бу жанрдаги асарларда сўз, мусиқа, хонандалик, ҳофизлик, бадиий ўқиш, нотиқлик, актёрлик санъатларининг уйғун намоён бўлишини изоҳлайди. Ҳақиқатан ҳам, Бола бахши (Қурбонназар Абдуллаев), Чори бахши Хўжамбердиев, Шомурод бахши Тоғаев, Қаҳҳор бахши Қодир бахши ўғли Раҳимов ижроларини бевосита кўриш ва эшитиш жараёнида юқорида қайд этилган санъатларнинг тўлиқ гўзалликда уйғунлашувини, қўшимча равишда бу ижрочи ва ижодкорларда бадиҳа санъати маҳорати тўлиқ намоён бўлганини кўрганмиз. Устоз Муҳаммаднодир Саидовнинг юқорида қўйган тўрт талабига кўра достон ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун бахшининг бевосита тингловчилар доирасида табиий вазиятда ижро маҳоратидан баҳраманд бўлиш шартини ҳам қўшимча равишда қайд қилмоқчимиз. Бу шартнинг зарур эканлиги телевидение, радио, фонограммалар орқали достон ижроси билан танишиш натижасида аниқ сезилади. Бахши техник воситалар (камера, микрофон) гувоҳлигидан кўра бевосита тингловчилар учун табиий шароитда достон ижро этганида ўзини эркин ҳис қилади, бадиҳагўйлик қобилиятини яхшироқ кўрсатиш имконига эга бўлади. Бахши достон куйлаётганида ўзининг ижросидан ўзи завқланадиган пайт бўлади. Тингловчилар бахши маҳоратидан баҳра олиб эҳтиросли овозлар чиқаришади. Ана шундай ҳолатда бахшининг қайнаши рўй беради. Табиий шароитда қайнаш тезроқ амалга ошади. Ундан ташқари дўмбира тўнтариш одати ҳам бор. Ижрочи бир оз дам олиш баҳонаси билан дўмбира тўнтаради ва хонадан ҳаво олиш учун ташқарига чиқади. Бу вақтда тингловчилар ўз атаган ҳадяларини тўплаб дўмбира ёнига қийиқчага солиб қўйишади. Бу одат ҳам табиий ижро пайтида осон ва қулай бажарилади. Хуллас, бахши учун ҳам, тингловчи учун ҳам оддий, самимий, табиий шароитда достон айтиш маъқул ҳисобланади.
“Достон” сўзининг яна бир маъносини ҳам билиб олиш керак. Бу – эл орасида гапирилмоқ, куйланмоқ, оғизга тушмоқ демакдир. Демак, достонларда иштирок этган қаҳрамонлар, бир томондан, асардаги образ сифатида қайд этилса, иккинчи томондан, эл оғзига тушувчи, шуҳрат топувчи инсон тушунчасини ҳам ўзида сингдирган бўлади. Натижада, айниқса, ижобий қаҳрамонларнинг оғизга тушиши ёки муҳаббат топиши халқ педагогикаси талабларига ҳам жавоб берадиган инсон бўлиб танилиши билан боғланади.
Шундай қилиб, «Алпомиш», Гўрўғли туркумидаги «Гўрўғлининг туғилиши», «Малика Айёр», «Равшан» каби ўнлаб асарлар, «Кунтуғмиш», «Рустамхон», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» кабилар халқ оғзаки ижодидаги достон жанрига мансуб намуналар бўлиб, асрлар давомида эл қалбидан самимий ҳурматга сазовор, шуҳратга эришган дурдоналардир.
Достонни бахшилар куйлайдилар. Бахшилар эса ўз устозларидан махсус достончилик сирларини ўрганган санъаткорлардир. Агар мақолларни, топишмоқларни миллатимизнинг истаган вакили айтиши, қўшиқларни ҳар бир ошиқ ёки маъшуқа ижро этиши мумкин бўлса, достон ижроси алоҳида шогирдлик фаолиятини бошидан кечирган, махсус таълим кўрган ва муайян иқтидорга эга шахсгагина насиб қилади.
«Бахши» сўзи «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да тўрт хил маъно бериши кўрсатилган: 1 – донишманд, 2 – достонларни куйловчи, 3 – дам солиб даволовчи табиб, 4 – Бухоро хонлигида қурилиш маблағини назорат қилувчи. Юқоридаги тўрт маънодан учтаси бевосита достон айтувчи бахшиларга тегишли, десак хато бўлмайди. Чунки халқ орасида бахши бўлиш учун инсон донишманд, ақлли бўлиши керак, деган фикр қайта-қайта таъкидланади. Иккинчидан, “бахши” луғатда изоҳ берилишича, халқ достонларини ижро этади. Учинчидан, қадим замонлардан халқ тасаввуридаги бахшилар сўзнинг мўъжизавий фазилатидан фойдаланиб кишиларни турли хасталиклардан фориғ қилувчи одамлар ҳисобланган. Ҳозир ва ўтган асрларда бахши даврасида иштирок этган одамлар достон эшитиш билан бирга дардларидан ҳам қутулганлар, турмуш ташвишларидан озод бўлганлар, ўзларини енгил сезганлар. Ўзбек фольклоршунослиги асосчиси Ҳ.Т.Зарифовнинг маълумот беришича, бахши мўғулча ва бурятча “бахша”, “бағша” сўзларидан олинган бўлиб, “устод”, “маърифатчи” маъноларида қўлланган. Маълум бўладики, бахши халқ томонидан чексиз ҳурматга эга, эъзоз топган ҳунар эгалари экан.
Фольклоршуносликда бахшиларнинг турли номлар билан аталгани ҳам маълум. Хусусан, юзбоши, соқи, жиров, жирчи, оқин шулар жумласидандир. Баъзан уста сўзи ҳам қўлланган. Бахшиларнинг устоз изидан чиқиб, ўзига хос услубда, бадиҳагўйликдан кенг фойдаланувчилари, кўпинча, шоир деб ҳам аталган. Шунингдек, Хоразмда достон айтувчи аёллар халфа номи билан машҳурлар.
Достончилик мактаблари. Ўзбек достончилигида достон куйлаш анъанаси қадимда уч йўналишда ривожланган. Биринчидан, Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Нарпай, Шеробод, Жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбек-лақай достончилик мактабларида дўмбира чертиб якка ҳолда, бўғиз овоз билан ижро этилган. Иккинчидан, Хоразмда тор, дутор, ғижжак, гармон, буламон, қўшнай, доира жўрлигида баъзан якка, баъзан жуфт ҳолда, очиқ овоз билан ижро этилган. Учинчидан, Фарғона водийсида дутор жўрлигида очиқ овозда айтилган.   
Шубҳасиз, ўзбек достончилигида кенг тарқалган ижро усули дўмбира жўрлигида бўғизда достон айтиш ҳисобланади. Бахшининг бўғизда ичдан куч билан овоз чиқариши жуда қадим замонларда шимол халқлари афсунгарлари – шаманларда мавжуд эди. Демак, ўзбек бахшиларини узоқ ўтмиш замонлар билан қандайдир жанр ёки санъат ижроси боғлайди. Эҳтимол, кейинчалик бу ижро усули бахшилар учун анъана бўлиб қолган. Ўзбек достончилиги миф – афсона – ривоят – нақл – эртак – достон босқичларидан иборат диффузия ҳаракатининг сўнгги босқичида вужудга келган деб тахмин қиламиз. Мана шу жараённинг муайян босқичида ижро усули ҳозирги бахшиларимизнинг достон айтишларини эслатиши мумкин бўлгандир. Ҳар ҳолда бундай бахшичилик санъати бир неча асрлик тажрибага эга эканлиги билан бошқа ижролардан ажралиб туради.
Филология фанлари доктори, профессор Тўра Мирзаев маълумотига кўра, Булунғур достончилигида қаҳрамонлик достонларини ижро этиш кўпроқ амалга ошган . Бу мактабнинг сўнгги вакили Фозил Йўлдош ўғли (1872-1955) ҳисобланади. Фозил Йўлдош ўғли ижросидаги «Алпомиш», «Ёдгор», «Юсуф билан Аҳмад», «Малика айёр» каби достонлар ёзиб олинган. Фозил Йўлдош ўғли Йўлдош, Қўлдош, Суяр шоирларнинг тарбиясини олган. Айниқса, у ижро этган «Алпомиш» достони халқ ижодидаги энг мукаммал асар сифатида бутун дунё фольклоршунос олимлари томонидан тан олинган.
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг номи ҳамиша Фозил шоир қаторида жуфт келади. Эргаш шоир (1868-1937) Қўрғон мактаби вакили эди. Нурота ҳудудининг шуҳрати айнан ана шу бахши ва Пўлкан шоир (1874-1941) ижоди билан боғлиқ. Бу ерда "Алпомиш", "Якка Аҳмад", "Кунтуғмиш", "Равшан" достонларини ижро қилиш анъанаси кенг ривожланган эди. Фольклоршуносликда аёл бахшилар: Султон кампир, Тилла кампир, шунингдек, Ёдгор, Жуманбулбул, Жоссоқ бахшилар ижоди ўрганилган.
Шаҳрисабз достончилигида Абдулла Нурали ўғли (1874-1957), Нарпай достончилигида Ислом шоир Назар ўғли (1874-1953) ижоди алоҳида қайд этилган. "Орзигул", "Соҳибқирон", "Эрали ва Шерали" каби достонлар ижросини бу мактаб вакиллари юқори санъат даражасига етказиб куйлаганлар.
Бир бахшининг ижоди бутун туман бахшичилик анъанасига сезиларли таъсир ўтказиши ҳаёт тажрибасида тасдиқланган ҳолдир. Масалан, бир пайтлар бахшилар сулоласи билан ғурурланган мактаблар бугунги кунда инқирозга юз тутган бўлиши мумкин. Хусусан, ҳозирги пайтда Булунғур, Нурота туманларидаги машҳур бахшилар ўз фаолиятларини тўхтатганлар. Шу билан бирга Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Қодир бахши Раҳимов анъанаси тўла қувват билан фарзандлари Қаҳҳор, Абдумурод, Баҳром тимсолида давом этмоқда.
Достон ижросида Хоразм усули Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги анъанадан тамомила фарқ қилади. Бу ерда достон ижроси профессионал хонандалик йўлида амалга оширилади. Бахши достон матнини ёддан ижро этади, шу билан бирга дўмбира чертувчи бахшилардан фарқли равишда достонга йўл-йўлакай ўзгартириш киритишдан ўзларини сақлайдилар. Чунки Хоразм достончилигида достон матн, кўпинча, халқ китоблари туркумидаги ХIХ асрда чоп этилган китобларга асосланади. Матнга ўзгартиш киритиш бу анъана қоидалари бўйича маъқулланмайди. Табиий савол туғилади: у ҳолда Хоразм бахшиларининг достон айтиш маҳоратини қайси мезон белгилаши мумкин? Хоразм бахшилари ўз маҳоратларини достонни айтишда мумтоз мусиқага, достондаги шеърий парчаларни алоҳида қаҳрамоннинг арияси даражасида куйлаш билан кўрсатадилар. Хоразм бахшиларининг овози мумтоз ашула айтувчилар овозидан деярли фарқ қилмайди. Достон мусиқаси ҳам мумтоз санъат усулига асосланган. Аҳмад бахши, Бола бахши, Қодир созчи, Болтавой бахши каби санъаткорлар ижоди Хоразмда шуҳрат топган эди.
ХХ аср Хоразм достончилиги ривожи, шубҳасиз, Бола бахши -  Қурбонназар Абдуллаев ижоди билан боғлиқдир. Хоразмда аёлларнинг достон айтиши ҳам кенг тус олган эди. Биби шоира, Хонимжон халфа, Ожиза, Онажон Сафарова, Назира Собирова Хоразм достонларини куйлашда етук бахшилар қаторидан муносиб ўринга эга бўлдилар. Бу анъана бугунги кунда ҳам тўлиқ давом этмоқда. Қаландар бахши Норматов, Норбек Абдуллаев, Зулфия Ортиқова, Нодира Бекова, Роҳат Хўжаниёзовалар устоз бахшилар ва халфалар санъатини давом эттирмоқдалар. Айниқса, "Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам", "Ошиқ Ойдин", "Бозиргон" каби достонлар маҳорат билан ижро этилмоқда. Халфалар эса достондан парчалар, тўй қўшиқларини, лапар, яллаларни куйлашда халққа роҳат бағишламоқдалар.
Хоразм достонларини ижро этишда маҳаллий шароитда тажрибадан ўтган тарихий одатлар ҳақида бахшилардан маълумот олганмиз. Унга кўра ХIХ-XX асрларда Хоразмда катта тўй берган одам маросимга уч-тўрт гуруҳ бахшиларни чақирган. Гуруҳлар бир-бирларига халақит бермайдиган масофада давра қуришган. Тингловчи бир гуруҳдан иккинчи гуруҳга ўтиб юрган. Қайси бахши маъқул бўлса, ўша даврани маъқул кўрган. Натижада, тўй охирида моҳир ва нўноқ бахши атрофидаги тингловчилар сонига кўра ажралиб қолган. Эълон қилинмаган мусобақада мағлубиятга учраган бахши ўз устида ишлашга мажбур бўлган. Шунингдек, Бола бахшининг эслашича, Муҳаммад Раҳимхон Феруз хонлик пайтида ҳар йили ҳофиз, созанда, бахшиларнинг кўригини ўтказар экан. Кўрикдан ўта олмаган санъаткор тингловчилар олдида соз чалиш, ашула айтиш, достон куйлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинар экан. Бу санъаткор кейинги кўриккача муттасил машқ қилиб ўзини оқлашга уринган. Дарвоқе, 1909 йилда 9-10 яшар Қурбонназарни хон ҳузурида достон айтишга чақиришади. Феруз ёш бахшидан унинг исмини сўрайди. Бола исми Қурбонназар эканини айтганида, хон табассум билан: - Сенинг исминг Қурбонназар эмас, Бола бахши, - деб унга оқ фотиҳа берган экан. Шу-шу Қурбонназар Абдуллаев Хоразм ва Туркманда “Бола бахши” номи билан машҳур бўлган.
Хоразм достончилигини чуқур илмий асосда ўрганган филология фанлари доктори, профессор Сафарбой Рўзимбоев Хоразм достончилиги, ўз навбатида, Шимолий ва Жанубий анъаналарга бўлиниши, уларнинг ўзаро фарқлари ва бахшилар, созчи (гармонь билан достон айтувчи ижрочи)лар ҳақида қимматли маълумотларни баён этган . 
Ўзбек достончилик анъанасининг яна бир тури Фарғона водийсида шаклланган. Наманган вилоятининг шимоли Уйчи, Янгиқўрғон, Чортоқ атрофларида Деҳқонбой Баҳромов, Икром Ризаев, Омон бахши Раззоқовлар ижод қилишган. Маҳаллий халқ оғзаки ижодини ўрганган олим Абдушукур Собиров таниқли фольклоршунос олим Тожибой Ғозибоев билан ҳамкорликда мазкур достончилик анъанасини ўрганиб, Қўлбуқон, Сайрам, Ариқбўйи (Ариқмўйин) мактаблари мавжудлигини қайд этади .
Аҳмаджон Мелибоев "Сафед Булон ҳикоялари" китобида Пешқўрғон қишлоғида истиқомат қилган Олим бахшидан "Ёзи билан Зебо" достонини ўн икки варақли ўқув дафтаридан ўнтасига ёзиб олиб, Музайяна Алавияга юборганини маълум қилган . Аммо бугунги кунда Фарғона водийсидаги достончилик анъанасида достон ижро этадиган бахшилар ижод фаолиятларини тўхтатганлар.

* * *
Ҳамма ўзбек достончилиги анъаналарида ҳажман чекланиш кузатилмайди. Маданий меросимиз хазинасида "Бозиргон", "Соҳибқироннинг туғилиши" каби кичик асарлар ва айни пайтда, "Алпомиш", "Малика Айёр"дек йирик достонлар бор. Достонлар ҳажмидаги нисбий ўлчов инобатга олинса, дўмбира чертиб ижро этиладиган Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарёда айтиладиган достонлар ҳажми Хоразм достонларидан ҳам, Фарғона водийси достонларидан ҳам кенглиги билан ажралиб туради. Ҳажман Фарғона водийсидагилар анча кичик ҳисобланади.
Достон матни шеърий ва насрий парчалардан иборат бўлади. Фозил Йўлдош ўғли Булунғур туманидан бўлгани учун дўмбира чертиб ижро этиладиган достонларни шартли равишда Самарқанд достончилиги деб атаймиз. Бу анъана асарларида шеърий ва насрий парчалар бадиий жиҳатдан, воқеалар баёнини ифодалаш, қаҳрамонлар руҳий ҳолатини тасвирлаш жиҳатдан тенг ҳисобланади. Фикримизни далиллаш учун Эргаш Жуманбулбул куйлаган "Равшан" достонидан насрий парча келтирамиз: "Оқ қиз шундай қиз эди: оти Оққиз, Зулхуморга нақ қиз. Оққиз ўзи оқ қиз, ўзи тўлган соғ қиз, ўрта бўйли чоғ қиз, ўйнагани боғ қиз, уйқучи эмас, соғ қиз, эри йўқ ўзи – тоқ қиз, яхши – текис бўз болани кўрса, эси йўқ – аҳмоқ қиз, қора кўз, бодомқовоқ қиз, синли – сиёқ қиз, ўзи семиз – туриши ёғ қиз; ўйинга қулайроқ қиз, тўғри ишга бўлайроқ қиз, ўзи анқов олайроқ қиз, танаси тўш қўйган кенг қиз, сағриси дўнг қиз, урушқоқ эмас – жўн қиз, аъзоси бари тенг қиз... " 
Бу достондаги шеърий қисмлардан бирига диққат қилинг:

Чу деб отин уради,
Оёғини тиради.
Сувсиз чўлда Ғиркўк от
Ирғиб, сакраб боради.

Сувсиз чўлда мард Ҳасан,
Қаттиқ қистаб боради.
Обрў бер, деб йўлларда,
Ҳасан кетиб боради .

Баъзи ўринларда дўмбира чертиб айтиладиган достонларда лирик мазмундаги шеърлар ҳам учрайди:

Пайдо бўлди икки гавҳар донадан,
Парвоз қилиб учдим манзилхонадан.
Ўлим учун ғам емайман, бўйингдан,
Бир армоним, ёлғиз эдим энамдан .

Юқорида келтирилган парчадан битта мақсадни назарда тутамиз. Мазкур анъанадаги асарларда шеърий ва насрий парчалар бадиий жиҳатдан бир-бирига мутаносиб туради. Насрий парчада қофиялашган наср – илмий адабиётда сажъ деб аталадиган усул қўлланган. "Оққиз, нақ қиз, соғ қиз, чоғ қиз, боғ қиз" каби қатор қофияларнинг қўлланиши, матнда кулгили лавҳаларнинг яратилиши бахши маҳорати даражасини кўрсатиш билан изоҳланади. Шеърий ўринларда воқеалар ривожи, содир бўлаётган ҳодисалар баёни билан танишдик. Отнинг, Ҳасаннинг сувсиз чўлда шиддат билан кетишига гувоҳ бўлдик. Кейинги тўртликда эса қаҳрамон ҳис-туғуси ифодаланганини кўрдик. Маълум бўладики, Қадимги Булунғур, Нур ота ҳозирги Қашқадарё, Сурхондарё достончилигида шеър ва наср шаклидаги парчалар бадиий жиҳатдан тенг туради. Бадиий мукаммаллик ҳар икки шаклга хос фазилат сифатида белгиланаверади.
Бу фикрни Хоразм достонларига нисбатан айта олмаймиз. Чунки "Ошиқ Ғариб", "Ошиқ Албанд", "Кампир", "Бозиргон" достонларидаги воқеалар ривожи фақат насрий парчалар зиммасига юклатилган. Агар ўқувчи достоннинг мазмуни билангина танишиш мақсадини ўз олдига қўйса, достондаги насрий парчаларни ўқиш кифоядир. Шеърда эса асар қаҳрамонларининг руҳий ҳолати, ички кечинмалари ифодасини топади. "Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам" достонида Шоҳсанам канизларидан уялиб ўз ҳолини шундай билдиради:

То дунёдан кўз юммайин,
Қайғудан жудо бўлурму?
Гўзал ёрнинг фироқинда
Ўлмаклик раво бўлурму .

Насрда қуйидагиларни ўқиймиз: "Андин сўнг Шоҳсанамнинг аҳволини эшитиб, Ақча садоқатли бўлиб, маҳрам либосини кийиб Ширвон, Шемоха кетти. Неча кунлар юриб Ширвон, Шемоха етти" . Бу анъана ҳамма Хоразм достонларига хос ҳисобланади. Шеърий парчаларда лирик эҳтирос акс этади. Наср эса достондаги воқеани баён этиш учун хизмат қилади. Шунинг учун наср бадиий мукаммаллик билан ажралмайди. Агар Хоразм достонларидаги шеърий парчалар алоҳида мусиқа жўрлигида айтилишини назарда тутсак, бир достон ўзига хос қўшиқ концертидан иборат бўлиб қолади. Бахшининг достон воқеаси ҳақидаги ҳикоя эса концертнинг ўзига хослигини таъминловчи бир белги, холос.
Энди Наманган достончилиги анъанасига оид "Замонбек"дан олинган парчага диққат қилинг: "Гўрўғли йигитларининг ғайрати келиб, ўтдай туташиб, Шодмон полвон деган йигит Маманиёз орқасидан қувиб турган жойи экан:

Кўринг Шодмон полвон ишини,
Уни-буни деганига қўймайди.

Кўп йигити бир айланиб келганда,
Маманиёз бир ағдариб ташлайди" .   

Наср ва шеърдан иборат парча мазмунидан кўриниб турибдики, Фарғона водийсидаги Наманган достончилигида наср ва назмнинг бадиий вазифасида фарқ йўқ экан. Ҳар иккала шаклда ҳам воқеа ривожи, достон мазмунидаги лавҳалар тасвири ифодасини топаверади.
Юқорида мисоллар билан кўрсатилган уч анъана ҳақида тасаввур пайдо бўлганидан сўнг ўзбек достончилиги, унинг халқ оғзаки ижоди меросида тутган ўрни юзасидан тўлиқ тушунчага эга бўламиз. Энг муҳими, дўмбира ижро этиладиган ва Хоразм, Фарғона водийсидаги анъаналарини бирлаштириб турган умумийлик, достончиликда шеърий ва насрий парчалар бирикувидан эпик асарлар пайдо бўлгани билан изоҳланади.
Хоразм достонларини ўрганиш тажрибаси ҳар бир бахши ижодига алоҳида-алоҳида ёндашиш лозимлигини тасдиқламоқда. Достон ижроси қайси анъана, қайси мактабга тааллуқли эканидан қатъи назар достон ижросига бўлган муносабатни бахшининг маҳорати, созандалик даражаси, актёрлиги, овози белгилайди. 1970 йилда Хоразм телевидениеси таклифи билан Бола бахши ижодига бағишланган кўрсатув ташкил этдик. Сценарий лойиҳаси бўйича Қурбонназар ота Абдуллаев ёшлигидан достон айтиб халқ орасида шуҳрат топгани кўрсатилиши лозим эди. Биз Бола бахшининг ўрнига унинг фарзандларини “ёш Бола бахши” деб экранда кўрсатдик. Аммо “Мани ёрим боғ сайлина галармиш” қўшиғи ижроси режиссёрга маъқул бўлмади. Уч-тўрт марта такрорлангандан сўнг ўғлидан кўнгли тўлмаган Бола бахшининг ўзи: “Мен айтиб берайми?” – деб достон ижросини намойиш қилди. Аввало, тор овози тамоман жарангдор эди. Бахшининг юзи тўлиқ ҳаракатда эди, кўзлари ўйнарди, қошлари бир баландда, бир пастда қоқиларди. Бурун, мўйлов, лаб шунчалар жозибали кўриниш касб этдики, бутун студия бу томошани кўргани йиғилди. Устига устак, бир пайт бахши қўлидаги соз тепага учиб кетди. Соз усули бузилмаган ҳолда яна қўлга қайтди. 70 ёшдан ўтган Қурбонназар ота: “Менинг ёрим боғ сайлина галармиш” – деганида, студиядагиларнинг ҳаммаси ўзини Ошиқ Ғариб деб ҳис қилди. Декабрь ойининг охирги кунлари бўлишига қарамай шу заҳоти ташқарига чиқиб, гул териш ҳавасида ёндилар. Бахшилар билан бундай мулоқот умр бўйи эсда туриши табиийдир.
2009 йил январь ойида Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика, Ўзбек филологияси факультети талабалари Ўзбекистон Халқ бахшиси Қаҳҳор бахши Раҳимов, 2010 йилда Ўзбекистон Халқ бахшиси Шомурод бахши Тоғаев билан амалий машғулот – учрашув ўтказди. Бахшиларнинг саҳнадаги чиқишлари бутун тингловчиларни лол қолдирди. Соз, овоз, бадиҳа, маҳорат, бахшининг ўзи достон деган мўъжизавий санъатнинг сеҳри эканига ҳамма ишонч ҳосил қилди.
Достонлар таснифи. Ўзбек достончилиги ижро усулига кўра хилма-хил кўринишга эга эканини кўриб чиқдик. Таниқли олимлар В.М.Жирмунский, Ҳ.Т.Зарифов, М.Саидов, Т.Мирзаев, Б.Саримсоқовнинг ўрганиш натижаларига кўра достонлар мазмунан ҳам мақол, эртак, қўшиқ сингари турларга бўлинади. Олимларимиз таснифларида фарқлар борлигини қайд қилган ҳолда, умуман, достонларни мазмунан қуйидаги турларга бўлишни маъқул ҳисоблаймиз:
1. Қаҳрамонлик достонлари (“Алпомиш”).
2. Ишқий-романик достонлар (“Равшан”, “Кунтуғмиш”).
3. Жангнома достонлари (“Якка Аҳмад”).
4. Китобий достонлар (“Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Сайёд ва Ҳамро”).
5. Тарихий достонлар (“Ойсулув”).
Юқоридаги таснифнинг асосини достонларда тасвирланган воқеаларнинг моҳияти белгилайди. Аввало, севги-муҳаббат, қаҳрамонлик, саргузашт, жанг лавҳалари акс этмаган достонларнинг ўзи йўқ. Қайси достонни эшитманг ёки ўқиманг, албатта, асар қаҳрамони мардлиги, жасорати билан бизда ҳурмат қозонади. Албатта, у кимнидир севади ва узоқ сафарга отланади. Аммо шунга қарамай, асарнинг умумий мазмуни заминида муайян мавзу етакчи ҳисобланади. Масалан, “Алпомиш” достонини олайлик. Достон фарзандсизлик мотиви билан бошланади. Лекин айнан шу мотив “Кунтуғмиш”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳра” достонларида ҳам бор. “Алпомиш”да Ҳакимбек Қалмоқ юртига кўчиб кетган Барчинни олиш учун сафарга отланади. Сафар мотиви “Равшан”, “Кунтуғмиш” достонида ҳам бор. “Нигор ва Замон” достонидаги сафар маъшуқани олиб келишга бағишланмаса ҳам, Ҳасан подшоҳнинг Нигор қизини узатишга розилигида Ғиротни олиб келиш шарти билан боғланади. Демак, сафар ҳам достонларда кўп учрайди. Аммо “Алпомиш” достонида Барчинга уйланиш мақсади Ҳакимбек сафарида етакчидек туйилгани билан асосий масала Бойсари бош бўлган ва Қўнғиротдан кўчган аҳолини ўз юртига қайтаришдан иборат эди. Бу эса халқни бирлаштириш, юрт мустақиллигини таъминлашдан иборат қаҳрамонлик эпосининг асосий белгиларидан ҳисобланади. Шунинг учун олимлар достондаги муҳаббат, жанг, сафар мотивларини инкор қилмаган ҳолда “Алпомиш”ни қаҳрамонлик асари сифатида эътироф этишган. Кейинги пайтларда “Малика Айёр”, “Чамбил қамали” каби достонларда ҳам қаҳарамонлик мотиви етакчи эканлиги кўрсатилаётган илмий асарлар ҳам борлигини таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, “Равшан” достонида ҳам жанг лавҳалари бор. Равшан бир лавҳада севги деб ватанидан кечадиган номард эмаслигини айтади ва мардлигини далиллайди. Аммо достондаги етакчи масала барибир унинг Зулхумор ишқидаги саргузаштлари билан боғлиқ. Шу боис бу асарни ишқий-романик турга мансуб бериш маъқул.
Қаҳрамонлик эпоси халқ оғзаки ижоди тарихида фольклоршунослик нуқтаи назаридан алоҳида босқич сифатида баҳоланади. Юнонлардаги “Одиссея” ва “Илиада” асарлари бу жиҳатдан қайта-қайта таъкидланган. Қирғиз халқ ижодидаги “Манас”га ҳам шундай баҳо бериш мумкин. Бундай асарларда қаҳрамонлик ва фавқулодда мардлик кўрсатган халқ фарзандининг юрт озодлиги, элни бирлаштириш мақсадидаги сафарлари, сон ва куч жиҳатдан устун турган душман билан олишувлари акс этади. Ўзбекларда қаҳрамонлик эпосига “Алпомиш” достони мисол бўлади. Унда юртимиздаги миллий анъаналарнинг шаклланиши, ташқи душманга қарши кураш, халқ бирлигини сақлаш, мустақил ҳаётни муҳофаза қилиш ғоялари ўз ифодасини топган.
Халқимиз бахшилари репертуаридаги достонларнинг салмоқли қисми севги-романик турга мансубдир. “Роман” сўзи француз тилидан олинган бўлиб, эпоснинг бир тури маъносини билдиради. Кейинчалик бадиий адабиётда роман жанр сифатида ажралиб ривожланди. Энди севги-саргузашт воқеалари, етакчи асарлар бу ном билан аталди. Халқ ижодида севги-романик атамаси билан аталган достон деганда, асосан, муҳаббат билан алоқадор саргузаштлар акс этган асарлар назарда тутилади. Уларда воқеа тугуни ошиқнинг маъшуқа ҳақида хабар топишидан бошланади. Кейинчалик қаҳрамон ишқий саргузаштларига бой сафарга отланади. Бу йўлда бахши кашфиётларига бой лавҳалар ўйлаб топилади. Масалан, Ислом шоир ижросидаги “Нигор ва Замон” достонида йигит ва қиз бир-бирига кўнгил қўяди. Аммо қизнинг отаси Замондан Гўрўғлининг Ғиротини олиб келиб беришни талаб қилади. Бахши Замон саргузаштида девлар билан олишув, палакқуш, Гўрўғлининг жанг қилиш санъатларини маҳорат билан достон сюжетига сингдириб юборади. Тур жиҳатдан достонни севги-романик деб аташдан бошқа илож йўқ. Аммо асосий йўналиш кўпроқ сафар саргузаштларидан иборатдир. “Равшан”, “Кунтуғмиш” эса мазкур достонлар турининг гўзал намуналари сифатида тан олинган.
Жангнома достонларида жанг лавҳалари тасвирига эътибор қаратилади. Бахшилар бундай достонларни нисбатан кам ижро этганлар. Ҳайратли жанглар тасвири, асар қаҳрамонларининг ботирликлари бахши томонидан фантастик талқинда ифодаланади. “Юсуф билан Аҳмад”, “Алибек билан Болибек”, “Қирқ минг” каби эпос намуналари шулар жумласидандир.
Халқ китоблари. XVIII аср охири XIX асрда ёзма ва оғзаки адабиётлар ижодий ҳамкорлиги маҳсули сифатида янги бир йўналишдаги достонлар пайдо бўла бошлади. Уларда халқ оғзаки ижодидаги чекланмаган фантастик тасвирлар ва ёзма адабиётдаги индивидуал тасвир уйғунлашган эди. Адабиётшуносликда бадиий ижоднинг бу намуналари халқ китоблари номи билан ўрганилди. Ёзма адабиёт вакиллари томонидан яратилган достонлардаги қизиқарли ва ибратли воқеалар билан танишган бахшилар уларга суянган ҳолда ўз нусха (вариант)ларини яратдилар. Шу боис халқ китоблари кўпроқ фольклоршунослик томонидан таҳлил этилди. “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Сайёд ва Ҳамро”, “Вомиқ ва Узро” достонлари шу тарзда вужудга келди ва ўрганилди. Хоразм достончилиги, асосан, халқ китобларини ёддан ижро қилиш заминида шаклланди.
Тарихий достонлар. Халқ оғзаки ижодидаги қўшиқ, эртак жанрларида тарихий воқеалар ўз ифодасини топгани каби достонларда ҳам ўтмиш муҳрланган асарлар бор. Бундай асарлар фольклоршуносликда тарихий достонлар деб юритилади. Қизиғи шундаки, тарихий достонларнинг мумтоз намунаси “Ойсулув” юртимизда икки ярим минг йил олдин рўй берган мустақиллик учун олиб борилган курашнинг бадиий ифодаси бўлиб чиқди. Ҳеродотнинг “Тарих” китобидаги Тўмарис воқеаси “Ойсулув” достонидагига жуда ўхшайди. Тўғрисини айтсак, агар “Тўмарис” ҳақидаги ривоят матни сақланмаганида “Ойсулув”нинг яратилишида тарихий воқеа асос бўлганини аниқлаш жуда мушкул кечарди. Таниқли олимлар Т.Мирзаев ва Б.Саримсоқов “Ойсулув” достонининг вужудга келишида Тўмарис номи билан машҳур тарих асос бўлганини илмий далиллаб берганлар . Тарихий достонлар репертуари кейинчалик яратилган “Тулумбий”, “Шайбонийхон”, “Ойчинор” каби асарлар билан бойиди. ХХ аср бошларида эса “Намоз”, “Маматкарим полвон”, “Жиззах қўзғалони” каби достонлар пайдо бўлди.
Шундай қилиб, достонлар оғзаки ижод меросидаги мураккаб жанр ҳисобланади. Уларда халқнинг халқ сифатида шаклланиш жараёнидан тортиб, тарихий ҳаёти, расм-русумлари, одатлари, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги фалсафий қарашлари кенг кўламда акс этган. Бахшилар ўз ижролари билан бевосита халқ оммасининг эстетик савиясини оширишга ҳисса қўшдилар. Халқ педагогикасининг талабларини кенг оммага маълум қилиб бордилар. Ўзбек достонлари ижро анъанасига кўра хилма-хиллиги, мавзулари ранг-баранглиги билан шуҳрат топди.
Халқ эпик ижодининг шоҳ асарлари достонлар мисолида ўзбек миллатининг жаҳон халқлари маънавий ва маданий хазинасига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Мазкур меросни ўрганишда Ҳ.Зарифов, М.Алавия, М.Афзалов, Т.Ғозибоев, О.Собиров, З.Ҳусаинова, М.Саидов, Ж.Қобулниёзов, М.Муродов, Б.Саримсоқов, А.Қаҳҳоров каби марҳум олимлар ва Т.Мирзаев бошчилигида бугунги кунда тинимсиз меҳнат олиб бораётган С.Рўзимбоев, О.Сафаров, А.Мусақулов, М.Жўраев, У.Жуманазаров, Ш.Турдимов, Ж.Эшонқул, А.Эргашев каби тадқиқотчилар халқ олдидаги бурчларини адо этиш йўлида хизмат қилмоқдалар.


Савол ва топшириқлар:
1. Достоннинг бошқа жанр асарларидан фарқини айтинг.
2. Мустақил равишда достон ҳақидаги тўлиқ тасаввур омилларини сананг.
3. Достончилик анъаналари, мактаблари, машҳур бахшилар ҳақида нималар биласиз?
4. Мавзуга кўра халқ достонлари қандай турлардан иборат?
5. Достонлардан намуналар ўқинг. Улар юзасидан суҳбат қилинг.

Адабиётлар:

1. Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. – Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 227-268.
2. Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос.
– Москва, 1947.
3. Ҳоди Зариф. Фозил шоир – машҳур достончи / Ўзбек халқ ижоди бўйича тадқиқотлар. 3-китоб: Фозил шоир. – Т.: Фан, 1973. – Б. 5-29.
4. Ўзбек фольклорининг эпик жанрлари / Ўзбек халқ ижоди бўйича тадқиқотлар. 7-китоб. - Т.: Фан, 1981.
5. Саидов М. Ўзбек достончилигида бадиий маҳорат. – Т.: Фан, 1969.
6. Рўзимбоев С. Хоразм достонлари. – Т.: Фан,1985.
7. Муҳаммаднодир Саидов – маърифат фидойиси. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2009. – Б. 5-91.
8. Наманган халқ оғзаки бадиий ижоди намуналари / Тўпловчи ва нашрга тайёрловчилар: Т.Ғозибоев, А.Собиров. – Наманган, 1993.



"АЛПОМИШ" достони
Халқ оғзаки ижодидаги бирон асарнинг ёки луғат бойлигимиздаги сўзнинг қадимийлигини аниқлаш учун уни ёндош халқлар ижодида ёки ўша миллат тилида мавжудлигини ўрганиш яхши натижа беради. Бу жиҳатдан "Алпомиш" достони мазмунига оид асосий воқеалар олтой, татар, бошқирд, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқа туркий халқларда эртак, ривоят, достон шаклида мавжуд экани асар ниҳоятда қадим замонларда яратилганини далиллайди. Проф. Тўра Мирзаев достон вариантлари юзасидан олиб борган тадқиқотларида унинг "Алпомиш", "Алпамыс", "Алпамис ботир", "Алып - манаш", "Алпамша", "Алпамиша ва Барсин хилув" каби номларда аталишини қайд этади. Ҳатто "Дада Қўрқут китоби"нинг учинчи бўй (достон)и "Бамси Байрак" ўзининг сюжет воқеалари жиҳатдан "Алпомиш"га яқин туришини таъкидлайди . Олимларнинг маълумот беришига қараганда, ХIХ аср охирида Я.Ф.Каль ўзбек-қўнғирот уруғи айнли аймоғига мансуб бахши Омонназардан дутор жўрлигида достон тинглагани ва бу достон “Алпомиш” достони бўлиши кераклиги ҳақида маълумотлар ҳам бор . Шундай қилиб, “Алпомиш” достони ўзбек қаҳрамонлик эпосининг энг қадимги ва мукаммал намунаси эканига ишонч ҳосил қиламиз. Ўзбек фольклоршунослигида унинг ўнлаб вариантлари тўлиқ ва парча ҳолида ёзиб олинган. Қадимги анъаналар асосида достон куйлаган Жасоқ бахши, Йўлдош бахши, Жуманбулбул, Эрназар бахшилар ўз тажрибаларини Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир, Пўлкан, Абдулла шоир, Нурман Абдувой ўғлига мерос қилиб қолдирганлар. “Алпомиш” бу бебаҳо мероснинг ноёб ва бетакрор мўъжизаси бўлиб шуҳрат топди. 1928 йилда Маҳмуд Зарифов устоз Ҳоди Зариф раҳбарлигида Фозил Йўлдош ўғлидан икки ой давомида “Алпомиш”нинг тўлиқ матнини ёзиб олди. Бугунги кунда достоннинг Бекмурод Жўрабой ўғли, Хушбоқ Мардонақул ўғли, Берди бахши (Бердиёр Пиримқул ўғли), Саидмурод Паноҳ ўғли, Пўлкан ва Эргаш Жуманбулбул ўғли вариантлари нашр этилган. Фозил Йўлдош ўғли айтган достон эса бир неча марта устоз Ҳ.Зарифов ва Т.Мирзаев нашрга тайёрлаган шаклда эълон қилинди.
Айтиш мумкинки, агар бахшилар маҳоратини белгилашда “Алпомиш” достонини ижро эта олиши ёзилмаган қоидалардан муҳими ҳисобланса, фольклоршуносликда бу достон ҳақида мақола ёзиш ёки китоб эълон қилиш ҳар қандай ўзбек олими ҳавас қилган воқеа белгисидир. Шунинг учун ўзбек халқ оғзаки ижодини ўрганган, илм ривожига муносиб ҳисса қўшган олимлар Ҳ.Зарифов, Ғози Олим Юнусов, М.Афзалов, М.Алавия, З.Ҳусаинова, М.Саидов, Б.Саримсоқов бугунги кунда эса Т.Мирзаев, М.Жўраев, Ш.Турдимов, Ж.Эшонқул каби мутахассислар мазкур достон таҳлилига бағишланган мақолалари, тадқиқотлари, асарни нашрга тайёрлашдаги иштироклари билан фольклоршунослик илмимизни бойитдилар. Айни пайтда Ҳ.Олимжон, М.Шайхзоданинг достон юзасидан билдирган мулоҳазалари ҳали ўз қимматини йўқотмаган.
“Алпомиш” достони ҳақида мазкур қўлланмадаги фикрлар Фозил Йўлдош ўғли вариантига асосланишини қайд этиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Умуман олганда, “Алпомиш” достони деярли ҳамма эпос билан шуғулланувчи олимларнинг эътиборини ўзига жалб қилган экан, асар ўта мураккаб бўлгани сабабли билдирилган мулоҳазаларда ҳам турли ёндашишлар, мунозарали таҳлилларнинг мавжудлиги ҳам табиийдир. 1952 йил “Звезда Востока” журналининг 2-сонида А.Абдунабиев ва А.Степановнинг “Халқчиллик байроғи остида” мақолалари эълон қилинган. Бу мақола аввалроқ “Правда Востока”, “Литературная газета” саҳифаларида ҳам чоп этилган эди. Мазкур мақолада муаллифлар собиқ шўро тузумидаги сиёсий муҳит ҳукмига асосланиб, аввал хўжакўрсинга фольклоршунос олимларнинг яқин қирқ йиллик хизматини шунчаки мақтайдилар ва бирдан уларни мафкуравий онгсизликда айблашга ўтадилар. Улар фольклоршунос устозларимизнинг энг катта хатоси сифатида “Алпомиш”га бўлган муносабатни олишади. “Халққа қарши асарлардан бири “қаҳрамонлик эпоси” намунаси деб аталмиш “Алпомиш”дир”, - дейилади мақолада. Шундан кейин М.Афзалов, М.Шайхзода, В.Жирмунский, Ҳ.Зарифов, Ҳ.Олимжон каби ҳақиқий олимлар асоссиз танқид қилинади. Бу танқиддан “Алпомиш” музикали драмасини ёзган Собир Абдулла ҳам бебаҳра қолмайди. “Танқидчилар” достондаги Ҳакимбек ва Қоражон, Бойбўри ва Бойсари муносабатларини, Кайқубоднинг Қалмоқ юртига подшоҳ бўлиши воқеаларини, халқ оғзаки ижодидаги ўзига хос хусусиятларни, тасвир услубларини, ҳаётни кўрсатишдаги йўналишларни мутлақо тушунмаган, аслида, тушунишни истамаган ҳолда хулосалар чиқарадилар. Масалан, эпос қаҳрамонининг анъанавий ҳисобланган “Дунёни кезай, душманни жазолай” – гапи “Қалмоқ юртини босиб олай”, - деб тушунилади. Ваҳоланки, достонларда дунёни кезиш ва рақибни мағлуб этиш тушунчаси асар қаҳрамонининг бирон юртни босиб олиш ниятида эканига мутлақо мос келмайди. Қоражоннинг Алпомишга кўрсатган ёрдами муаллифлар томонидан “қулнинг эгаси хизматини бажариш” деб баҳоланади. Алоҳида таъкидлаш лозимки, мақолани ёзган “олимлар” “Алпомиш”ни халқ душмани деб эълон қилиш билан узоқ муддатли режаларини амалга оширишни бошлаган эдилар. Кейинги навбатда “Авазхон”, “Зулфизар”, “Равшан”, “Рустами достон”дек асарлар турганини ҳам очиқ айтиб ўтишади. А.Абдунабиев ва А.Степановларнинг халқ оғзаки ижодининг табиатини тушунмаган ҳолда мақола ёзишга киришганларини Тўра Мирзаев шундай баён этади: “Шуни очиқ-ойдин айтиш керакки, А.Абдунабиев ва А.Степановлар “Алпомиш” достони ҳақида махсус тадқиқотлар олиб бормаганлар, халқ орасидан бирор банд қўшиқ ёки битта мақолни ҳам ёзиб олмаганлар. Хабардор кишиларнинг маълумотларига қараганда, улар достоннинг архивдаги бирор варианти қўлёзмасини ўқиб ҳам чиқмаганлар, фақат Фозил шоир вариантининг русча таржимаси асосида қоралаб ёзганлар, холос” .   
Адабий ҳаётда кимдир мақола ёзади, кимдир китоб нашр қилади. Адабиётда ана шу мақола ёки китобга жавоб қайтарган иккинчи олим ҳам бўлади. Натижада илм ривожланади. Аммо “Халқчиллик байроғи остида” оддий мақолалардан эмас эди. Аввало, ўша пайтда Саид Аҳмад, Ҳамид Сулаймон, Шуҳрат, Мақсуд Шайхзода, Шукрулло каби шоир, ёзувчи, олимлар тақдирида озодликдан маҳрум бўлишдек мудҳиш воқеалар рўй бераётган эди. Сиёсий ҳужум иштирокчилари энди “Алпомиш”ни қоралаш билан ғазаб мўлжалини халққа қаратмоқчи эдилар. Бу мақсадга эришдилар ҳам. Вазиятнинг кетишидан чўчиган айрим олимлар дарё оқимига қарши бора олмадилар. “Алпомиш”ни халққа қарши босқинчилик ғояси акс этган достон даражасига етказишди. Ана шундай пайтда, академик Азиз Қаюмовнинг хотирасида айтилишича, жуда чуқур мулоҳаза юритиб муаммонинг ечимини топиш талаб қилинган ва бу ечимни Ғафур Ғулом топишга муяссар бўлган. Ойбек ва Ғафур Ғулом давлат одамларига “Алпомиш”нинг фақат Фозил Йўлдош ўғли вариантига асосланиб ҳукм чиқариш тўғри эмаслигини баҳона қилишиб вақтдан ютишга эришишган . Кўп ўтмай вазият ўзгарган ва “Алпомиш” (қисқартирилган шаклда бўлса ҳам) халққа қайтарилган.
1956 йилнинг сентябрь ойида ўзбек олимларининг саъй-ҳаракатлари билан “Алпомиш” достони ҳақида ҳудудий кенгаш ўтказилган. Кенгаш натижаси ўлароқ “Алпомиш” эпоси ҳақида” деб номланган мақолалар тўплами нашр эттирилди. Тўпламда Ҳ.Т.Зарифов, В.М.Жирмунский, А.К.Боровков, Ш.М.Абдуллаева, Ҳ.С.Сулаймонов, М.Шайхзода, М.Афзалов ва бошқа олимлар бир овоздан “Алпомиш”ни ҳимоя қилиб чиқдилар ва “Звезда Востока” журнали мақоласидаги қораловнинг асоссиз эканини исботладилар. Афсус, бу олимлар эришган ғалабани Фозил Йўлдош ўғли кўришга муяссар бўлмади. Аммо, энг муҳими, гўзал достон устидаги қора булутлар тарқалди, “Алпомиш” озодликка чиқди.
“Алпомиш” достони ҳақидаги кейинги мунозарали фикрлар энди илмий аҳамиятга эга бўлди. Достондаги “закот” воқеаси достоннинг қаҳрамонлик эпоси сифатида ўзбек халқининг халқ бўлиб шаклланишидаги аҳамияти, асардаги Алпомишнинг икки сафари, достоннинг яратилиш юзасидан билдирилган мулоҳазалар, вариантлар ўртасидаги ўхшашлик ва тафовутлар билан боғлиқ мунозарали қайдлар қаҳрамонлик эпосини ўрганиш жараёнидаги табиий ҳолат деб баҳоланиши мумкин. Бу ўринда В.М.Жирмунский, М.Саидов, Б.Саримсоқов ва бошқа олимлар чиқишлари ҳақиқатнинг қарор топишидаги ҳаракат деб баҳоланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Президентимиз Ислом Каримов: “Шу боис “Алпомиш” достони бизга ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади” , - деган эди. Бу фикрда достоннинг моҳияти, ғояси, бадиияти, миллатимиз тарихида тутган ўрни мужассам этилган. 1999 йилда достоннинг минг йиллик тўйи катта тантаналар билан нишонланди ва ўзбек халқининг аждодлар ёдини, қадриятлар қадрини ўрнига қўйиб эсга ола бошлаганини исботлади.
Қабила, уруғ, элат тарихда алоҳида халқ сифатида шаклланар экан, бу жараён, аввало, қаҳрамонлик эпоси ҳисобланган махсус йирик, эпик асарда бадиий ифодасини топади. Профессор Б.Саримсоқов достон ўзбекнинг бирлашуви, мустақил халқ бўлиб уйғунлашувида қандай муҳим вазифани бажарганлигини таърифлаб, шундай дейди: “Дастлаб қабила, сўнгра элат эпоси сифатида вужудга келган “Алпомиш” достони кейинчалик ўзбек халқининг қаҳрамонлик эпоси сифатида тан олинди” . Ҳақиқатан ҳам, достон мазмунида Аму ёқасида яшаган аҳоли тарихига оид жуда кўп лавҳалар акс этган. Қаҳрамонларнинг ўзаро муносабатлари: ота – ўғил; ота – қиз; она – ўғил; она – қиз; ака – ука; эр – хотин; юртни бошқарувчи – эл; оилавий бурч – фарзанд бурчи – эл олдидаги бурч – ватан олдидаги бурч ва бошқа йўналишларда моддама-модда аниқ тарзда ифодасини топган. Натижада, достон шунчаки тингловчининг вақтини ўтказиш учун яратилган эрмак эмас, халқ қаҳрамонлик эпосига юклатиладиган вазифани бажарувчи асарлиги равшан бўлиб қолади.
Аввало, достондаги мифик дунёқараш элементларини аниқлашга уринайлик. Ҳакимбек, Қалдирғоч, Барчинойнинг туғилишидаги илоҳий ҳомийлик белгиларини эсланг. Ёй, ўқ, туш, қўриқ кабилар жонсиз нарса-предметларнинг ҳомийлиги белгилари, от, туя, ғоз каби ҳайвонлар тотемизм тушунчалар экани “Алпомиш”нинг жуда қадимий асар эканини тасдиқлайди. Ҳакимбек бобоси Алпинбийдан қолган ёй ёрдамида Алпомиш номини олди. Тарихчи олимларнинг маълумотига кўра, ўта қадим замонларда фарзандларга исм қўйиш одати бўлмаган экан. Ёки бирон қаҳрамонлик кўрсатгунига қадар унинг исми вақтинчалик ҳисобланар экан. Ҳақиқий исмини эса йигит ҳаммани қойил қолдириб қаҳрамонлик кўрсатганида олган. Ҳакимбек бор-йўғи етти ёшида Асқар тоғи чўққиларини ўз ўқи билан учириб юбора олгани учун “Алпомиш” деган исмга эга бўлди. Алпомиш исми икки қисмдан иборат  бўлиб, “Алп” – улкан, “помиш” – баҳодир, паҳлавон маъносини берган. Икки қисм қўшилганда улкан паҳлавон маъносида қўлланган. Достон қаҳрамонларининг аксарияти исми муайян маънони ифодалаган. Алпинбий – улкан + қабила бошлиғи; Добонбий – довон + қабила бошлиғи; Бойбўри – катта бўри (баъзи маълумотларда оқ бўри); Бойсари – катта тепа ёки оқ тепа; Кунтуғмиш – кун (қуёш) туққан; Ҳакимбек – доно, илмли, ақлли; Қалдирғоч – инсон ва Тангри ўртасидаги алоқачи қуш; Барчиной – ёввойи ўрдак каби маънолар билан боғланади .
“Алпомиш” достони фақат ижро жиҳатидан эмас, мазмун, ғаройиб тасодифий воқеалар тасвири, қаҳрамонлар саргузаштлари, ҳаётий муаммоларнинг қўйилиши билан ҳам мураккабдир. Масалан, илм тарихида бир аёлнинг бир нечта ака-укалар билан битта оила бўлиб турмуш қуриши – полиандрия ҳақида маълумотлар бор. Биз Фозил Йўлдош ўғлининг бундай оила тизими ҳақида маълумоти бор-йўқлигини билмаймиз. Лекин устоздан ўрганилган матнга фидойилик, устоз фикрини икки қилмаслик, устоз гапини бузмаслик одати Фозил отани достон айтишда бир неча марта алп ака-укалар номидан Барчинга қарата: “...ё биримизга тег, ё баримизга тег”, - дейишга мажбур қилган. Инсоният тарихидаги минглаб йиллар олдин ўтган полиандрия оила тушунчаси, қандай қилиб, “Алпомиш”да сақланиб қолди? Яна қизиғи шундаки, на Бойсари, на Барчин алп ака-укаларнинг гапларига ортиқча асабий муносабатда бўлмайдилар, бу гапни оддий маиший ҳаёт ҳолати сифатида қабул қиладилар. Бунга ўхшаган ҳозирги ижтимоий ҳаёт нуқтаи назаридан тушуниш ва атрофлича шарҳ бериш ўта қийин воқеа лавҳалари достонда жуда кўп. Олимлар уларга имкон даражасида илмий изоҳ беришга ҳаракат қилиб келмоқдалар.
Достоннинг тингловчи эътиборини ўзига жалб этувчи нуқтаси бахши томонидан ҳикоя қилинадиган дастлабки воқеалар баёнидан бошланади. Шоир қадимги ўн олти уруғ Қўнғирот элида Добонбий, Алпинбий, Бойбўри, Бойсари бийлар (уруғ бошлиқлари) ўтганини ҳикоя қилади. Демак, ака-ука Бойбўри ва Бойсаригача Бойсун-Қўнғирот элатидаги ҳаёт бир маромда фавқулодда ҳодисаларсиз кечган экан. Аммо Бойбўри ва Бойсарига келганда, улар фарзанд кўрмадилар. Мана шу ҳолатнинг ўзи бизга “энди нимадир бўлади” деган хабарни бераётгандек туйилади. Бундан кейинги ҳаётда муайян ўзгаришлар бўлишига фарзанд йўқлиги билан тайёргарлик кўрилмоқда. Чунки халқимизда узоқ кутилган ёки Яратгандан тилаб-тилаб олинган фарзанд ҳамиша фавқулодда рўй берадиган янгиликлардан хабар берувчи омил сифатида баҳоланади. Халқ бу фарзанднинг дунёга келиши зарурлигини асослаш учун жуда чиройли бадиий вазиятни ўйлаб топган: чупрон тўйи мазкур ҳолатнинг ечимига айланади. Бойбўри ва Бойсарини тўйда ўта ҳақорат билан кутиб олишади. Қашқадарё, Сурхондарё ва яна кўп вилоят, ҳудудларда тўйга отда борган меҳмоннинг оти жиловини чавандоздан олиб махсус тайёрланган жойга боғлаш ва улов олдига беда ташлаш одати бор. Бу удум ҳозир ҳам сақланган. Бойбўри ва Бойсарига эса ҳеч ким эътибор қилмайди. Тўйда этакдан жой тегади. Ошнинг қолдиғини сузиб беришади. Бундай муносабатдан ака-ука ранжийди. Айни шу пайтда бир чапанитоб бойбаччанинг гапи ҳаддан ошиб кетади. У одам: “Бу тўй ўғиллининг ўғлидан, қизлининг қизидан қайтади, сенинг нимангдан қайтади?” – деб уларнинг нафсониятига тегади. Ака-ука саксон тиллани чупронга ташлаб турадилар, лекин тўйда ейилган ошнинг қарзи фақат тўйда берилган ош билан узилади. Бунинг учун эса асосли сабаб бўлиши – ё ўғилга суннат тўйи қилиш, ё қиз узатишда юртга ош бериб, тўй хабарини қилиш шарт.
Достон матнини ўқир эканмиз, халқ оғзаки ижодидаги эпик асарларга хос хусусиятлардан бири – фарзанднинг етишмовчилиги охир пировардида хурсандчилик билан якунланишига гувоҳ бўламиз. Асарни яратишдан назарда тутилган бош мақсад фарзанд дунёга келганидан кейин бошланади. “Алпомиш”да ҳам Бойбўри ўғил ва қиз кўрди, Бойсари қизли бўлди. Ана шу янгиликдан сўнг қаҳрамонлик эпоси ўз зиммасига юклатилган ижтимоий вазифани бажаришга киришади. Таниқли олимлар В.М.Жирмунский ва Ҳ.Т.Зарифов бу вазифани қабила уруғчилик муносабатларининг емирилиши ва мамлакатни бошқарувчи давлат тизимининг вужудга келиши билан боғлайдилар. Бу ғоя кейинчалик М.Саидов томонидан ривожлантирилди. Олимнинг фикрича, мамлакатни бошқарувчи давлатни вужудга келтириш ғояси жамият ёшлари Ҳакимбек, Қалдирғоч, Барчин томонидан илгари сурилади. Ҳакимбек “закот” тушунчасини ўйлаб топди. Унинг отасига айтган закоти рамзий маънони ифодалайди. Уни ислом динидаги закот деб қабул қилиш тўғри эмас. Узоқ ўтмишда солиқ йиғувчини закотчи деб аташ одати бўлганлигини ҳисобга олсак, Алпомишнинг таклифи солиқ экани равшанлашади. Бойсари нутқида бу маъно янада аниқлашади. У акасининг ўғли борлигини юзига солганини, акасига закот бергунча ўзга юртда жузья бериб яшагани маъқул эканини таъкидлайди. Ваҳоланки, исломда закотдан ҳеч ким воз кечган эмас. Аксинча, ҳар бир одам Аллоҳнинг закот беришга етказгани учун шукр қилган. Қолаверса, исломий закот иқтисодий қийинчиликдаги одамга берилади. Достонда эса Бойбўри закотни ўзига беришни талаб қилмоқда. Устига-устак белгиланган закот ҳажми битта улоқдан иборат. Маълум бўладики, Бойсари бор-йўғи биттагина улоқни закотчиларга топширса, ўзининг Бойбўри ҳукмида эканини тан олади. Бойсари эса бу ҳолат рўй беришини истамайди. У ўзини Бойбўрига ҳар томонлама тенг деб билади. Яна бир вазиятга эътибор беринг. Бойсарининг қалмоқ юртига кўчишини Барчин маъқулламайди. Натижада, у Алпомишни қўллайди. Хуллас, Алпомиш туғилгунга қадар тотув яшаётган эл эндиликда иккига бўлинади. Энди Алпомиш зиммасида бўлинган аҳолини ўз ҳаракати билан бирлаштириш вазифаси туради. Бу вазифани бажариш учун Алпомиш қалмоқ юртига сафар қилиши ва мусофирликда яшаётган юртдошларини Бойсун-Қўнғиротга қайтариши керак. Мазкур мақсадни амалга ошириш режаси бахши томонидан жуда асосли тузилган: Барчинга қалмоқ алплари совчи қўйишади. Барчин хат ёзиб, Алпомишни Қалмоққа чақиради. Аммо Бойбўри ўғлининг ўзга юртга сафар қилишини истамайди. У мактубни сандиққа яширди. Ана шу сабаб билан достон воқеаларининг фаол ривожланиши Қалдирғоч ҳаракатига боғланади. Унинг ташаббуси билан Алпомиш қўриқ воситасида Бойчиборга эга бўлади ва отасининг ихтиёрига қарама-қарши равишда Барчинга уйланиш учун Қалмоққа жўнайди. Қалмоқда эса уни катта синов кутаётган эди. Профессор М.Саидов фикрича, бу синовни, аслида, келажакда давлат бошқаришни бўйнига оладиган Алпомиш учун Барчин ўйлаб топади. Унинг мулоҳазасига кўра давлат бошқарувчиси зотдор отга, сифатли ёйга эга бўлиши лозим. Шу билан бирга у одам жанг санъатини, айни пайтда ёйдан ўқ отишни билиши, жисмонан бақувват бўлиши шарт. Барчин бутун вужуди билан у қўйган тўрт шартни Алпомиш бажаришини хоҳласа-да, мусобақаларнинг ҳаммасида ўзини бетараф, одил қилиб кўрсатади. От пойгасида қатнашаётган Бойчиборга йиғлаб мурожаат қилади ва ундан маррага биринчи бўлиб келишини сўрайди. Курашда Алпомиш билан Кўкаманнинг кучи тенг келиб турганда, севгилиси ориятига тегиб, ғолиб кела олмаса рақиб билан куч синашиш навбатини ўзига беришни талаб қилади. “Алпомиш” достонидаги бу каби лавҳалар давлатни бошқариш осон иш эмаслигини қайта-қайта таъкидлаш учун киритилгандек туйилади. Достоннинг биринчи қисми асарни ижод қилган аждодларимиз томонидан қўйилган дастлабки довонни эгаллаш билан белгиланади. Яъни Алпомиш Бойсун-Қўнғирот аҳолисини бир давлат чегарасида бошқаришни ният қилди ва бу ниятига Қалмоққа кўчиб кетган юртдошларини қайтариш билан эришди.
“Алпомиш” ижодкорлари Бойсаридаги ўжарликни атайин бўрттириб кўрсатадилар ва унинг Қалмоқда қолишини асослайдилар. Натижада, Алпомишнинг Қалмоққа иккинчи сафари далилланади. Муҳими шундаки, Алпомишда Қалмоқ подшоси Тойчихоннинг мамлакатини тўғридан-тўғри босиб олиш нияти йўқ эди. Тойчихон Бойсари чорвасини зўрлик билан тортиб олди ва ўзига подачи қилиб зулм ўтказди. Бойсари зулмга чидай олмай қизига мактуб ёзишга мажбур бўлди. Иккинчидан, Алпомиш иккинчи сафарида Сурхайил қўйган тузоққа илинди. Етти йил зиндон азобини бошидан кечиришга мажбур бўлди. Энди Алпомиш Тойчихонни жазолашга ҳақли эди. Достон ижодкорига қойил қолиш керакки, бош қаҳрамоннинг етти йил зиндонда ётиши давомида тингловчини зериктирмасдан кўплаб қизиқтирувчи лавҳаларни ўйлаб топган. Достон билан яқиндан танишган тингловчи ёки матн ўқувчисининг диққати бир дақиқа ҳам бўшашмайди. Аввало, Алпомишнинг зиндонга тушиши, кейинчалик ғоз иштирокидаги лавҳалар, Шакаман тоғидаги кампир ва овчи йигит воқеаси, Қоражоннинг дўстини озод қилиш мақсадида Қалмоққа келиши, Тавканинг достон мазмунига аралашуви, Сурхайил ва Тойчи муносабатлари, бозор эпизодлари, Кайқубоднинг Алпомишга ёрдами кабилар шу қадар маҳорат билан тасвирланадики, биз, бир томондан, Алпомиш тақдири гувоҳига айлансак, иккинчи томондан, йирик эпик тасвир якунидаги қаҳрамонлар ҳаракатидан қониқиш ҳосил қиламиз.
Қадимги замонларда бирон юрт ҳақиқий маънода мустақил ҳисобланиши учун унинг тасарруфида қайсидир мамлакат бўлиши шарт ҳисобланган экан. Бу масала мутлақо босқинчилик билан боғланмаган. Гўрўғли туркуми достонларида Чамбилга ҳужум қилган подшоҳлар кейинчалик Гўрўғлига қарам бўлганига кўп марта ишонч ҳосил қилганмиз. “Алпомиш”да ҳам ўхшаш ҳолат рўй беради. Ҳакимбек Сурхайил кампирни, Тойчихонни ўлдиради, Кайқубодни Тавкага уйлантиради, Қалмоқ юртида Кайқубод Алпомишни зиндонга ташлаш ҳийласини ўйлаб топади, бу ерга ўз одамини подшоҳ қилади. Иккинчи сафари ҳам ғалаба билан якунланади. Натижада, қадимги тушунчалар асосида Бойсун-Қўнғирот мустақиллигини таъминлаган бўлади. Доно халқимизнинг ҳар бир тадбирига ана шундай бир қарашда кўзга кўринмайдиган ечимлар воситасида ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш маҳоратига қойил қолиш керак. Муҳими, халқнинг ана шундай зукколик билан тузган достон мазмунини ташкил қилувчи режаси Алпомиш воситасида ҳаётга татбиқ этилади. Алпомиш бутун ўзбек халқининг рамзий тимсолига айланади. Ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ вариантларида ҳам унга нисбатан ўзбек сўзининг сон-саноқсиз тарзда қўлланилиши фикримиз далилидир. Алпомишдаги тадбиркорлик, мардлик, ўз бахти, келажак ҳаёти учун курашга чанқоқлик, вақтинчалик муваффақиятсизликдан тушкунликка тушмаслик, имонини покиза сақлаш фазилатлари, аслида, ўзбекка хос асосий белгилардир. У зиндонда ётганида яраланган ғозни даволайди. Шунда Бобир кўлида ғозни кўрганини эслайди. Зиндонда, тутқунликда ётишни жароҳатланган ғозга қиёслайди. Зиндондан қутулиб, Кайқубодни Қалмоққа подшоҳ қилиб ўз ватанига қайтганида ҳам тадбиркорлик билан иш кўради. У Қултой, Қалдирғоч, Бойбўри, онаси Кунтуғмиш, Ултонтоз, Бодомбикачларнинг ҳаммаси билан яккама-якка учрашиб чиқади. Ўзини Қултой қилиб кўрсатиш баҳонаси билан дўст-душманни холис ажратиб олади. Зеро, давлатни бошқарувчи инсон атрофидаги мулозимлари маслаҳати билан иш кўрса, қачондир адолатсизликка йўл қўйиши мумкин бўлади. Алпомиш эса ким билан қандай муомала қилишни ўзи бевосита синаган воқеасига кўра белгилаб чиқади.
Достонда Алпомишнинг ўз оиласига қайтишини тасвирлашда бахши достон эшитаётган тингловчиларга турли йўллар билан ҳаётда зийрак бўлиш керак, деган ўгитни ҳам бериб ўтади. Хусусан, Қултой Алпомишнинг Алпомишлигига ишонмайди. Шундан кейин Алпомиш чап елкасидаги Қултой панжасининг доғини кўрсатади. Шундан кейин Алпомиш Қултой қиёфасида юртдошлари билан учрашади. Бу кўринишлар тасвирланган достон саҳифалари худди бадиий фильмдаги экран лавҳаларини эслатади ва ҳар сафар “Қултой”да Алпомиш белгилари намоён бўлади. Тўйга кетаётган хотинларнинг тугунларини мутлақ бўшатади. Бир қозон ошни пишмай туриб қуритади ва ҳ.к. Худди шунга ўхшаган нозик белги Ёдгорнинг ёй кўтаришида бахшининг ўта маҳоратли тасвири билан ифодаланади. Ёдгор Арпа кўлида ётган ўн тўрт ботмон ёйни тўйхонага олиб келиши керак эди. Бахши бу ўринда шундай дейди:

Жаҳон титрар Ёдгор овозасига,
Қулоқ солинг бу сўзнинг мазасига.
Ўн тўрт ботмон парли ёйни судраб
Келиб қолди Қўнғирот дарбозасига.

Эътибор берсак, бахши бизга алоҳида сўзнинг мазасига қулоқ солишни ва ўн тўрт ботмон ёйни судраб келганини таъкидламоқда. Хўш, нима учун айнан ёйни судраб келганига урғу берилмоқда. Гап шундаки, бу маълумот билан ҳам Алпомишнинг тирик экани қайд этилади. Агар ёй туркий халқларда юртга эгалик белгиси ҳисобланса, Алпомиш тирик бўлгани учун ҳам Ёдгор ёйни ҳали кўтариш ҳуқуқига эга эмас. Ёдгорнинг ёйни судраб келганига урғу берилишини шу ҳолат билан изоҳлаш мумкин. Бахшининг маҳорати яна достондаги воқеалар заминида муттасил равишда Алпомиш таъсири аниқ сезилиб туриши билан намоён бўлади. Қизиғи шундаки, бирон воқеа тасвирланар экан, Алпомиш унда иштирок этадими-йўқми унинг нигоҳи мазкур воқеани кузатиб тургандек туйилади ўқувчига.
Достондаги Барчиной билан боғлиқ воқеалар бахшилар томонидан алоҳида меҳр билан баён этилади. У зукколиги, тадбиркорлиги, донолиги, мардлиги жиҳатдан Алпомишдан қолишмайди. Сурхайил кампир ўғиллари Барчинойни зўрлик билан хотинликка олмоқчи бўлганларида, қиз алплардан бирини кўтариб ерга шундай зарб билан урадики, алпнинг оғзидан кўпик сачрайди. Шундан сўнг алплар Барчинга Алпомишни кутиш учун олти ой муҳлат беришга мажбур бўладилар. Барчиной Алпомишни севади, аммо бу илиқлик ундаги масъулият туйғусини инкор этмайди. Чунки Барчин Алпомишни фақат оила бошлиғи сифатида эмас, Бойсун-Қўнғирот эли давлатининг бошқарувчиси, янги тузумдаги комил инсон бўлишини ҳам назарда тутади. Алпомиш билан оила қурганидан сўнг унда янги фазилатлар пайдо бўлади. Айниқса, Ёдгор туғилганидан сўнг Барчин меҳрибон она, умр йўлдошидан ажралган аёлга айланади. Профессор Б.Саримсоқов Барчиннинг Ултонтозга мажбуран турмушга чиқиши муносабати билан шундай дейди: “...Барчиндек алп қизнинг достон сюжетининг иккинчи қисмида Ултонтоздек таги-зоти бетайин бир хизматкорнинг зўравонлигига кўниб, тақдирга тан бериб ўтириши кишини ажаблантиради. Чунки ўз бахти учун тўқсон алпнинг зўравонлигига дош бериб, уларга шартларини ўтказа олган бу аёл нега энди Ултонтозга турмушга чиқишга кўнди?”  Олим ўз саволига ўзи жавоб бериб, бу розиликни эпосдаги шартлилик билан изоҳлайди. Шубҳасиз, биз бу мулоҳазага қўшиламиз. Аммо, бизнингча, масаланинг яна бир томонига ҳам эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Хусусан, алплар билан муносабатда Барчин расман турмушга чиқмаган қиз эди. Қалмоқлар юртида уни ҳимоя қилувчи куч йўқ бўлгани сабаб алп ака-укаларга қарши ўзи курашга отланган. Иккинчи қисмда эса Барчин ўлди деб ҳисоблагани билан аслида Алпомиш тирик-ку. Ўз оиласини, ўз қўрғонини Алпомиш душманлардан ўзи асраши керак. Қолаверса, Ултонтозга бу сафар ҳам Барчин қарши чиққанида, Алпомиш бажариши лозим бўлган катта кураш вазифаси ўз қадрини йўқотар эди. Шундай қилиб, бахши достонда Барчин иштирокини тасвирлашда жуда эҳтиёткорлик билан иш кўради ва уни энг гўзал фазилатларга эга аёл сифатида тасвирлайди.
Достондаги Қоражон образига алоҳида эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз лозим. Чунки Қоражон маккор Сурхайил кампирнинг ўғли бўлишига қарамай табиатан адолатли шахс. Онаси Барчинойга совчиликка кетаётганида айнан Қоражон уни йўлдан қайтаради. У Қўнғирот элидан келганларнинг тинчлигини бузишни маъқулламайди. Бироқ Сурхайил Барчинни Қоражонга олиб бермоқчи эканини эшитиб, онасига оқ йўл тилайди. Қоражон достонда жуда содда ва самимий шахс деб тасвирланади. У онасининг совчиликдан “бўри” бўлиб қайтганига осонгина ишонади ва бутун Бойсари уруғи орасида роса кулгига қолади. Аммо тақдир уни Алпомиш билан яқинлигини қайта-қайта тасдиқлайди: Алпомишнинг мозористондаги тушини у ҳам кўради. Мурод тепада унинг навбатчилиги пайтига Алпомишнинг Қалмоққа сафари тўғри келиб қолади. Буларнинг ҳаммаси етти ака-укадан Қоражоннинг бойсунликларга бўлган муносабатини белгилаган бўлиб чиқади. Халқ оғзаки ижодида бир қаҳрамон мардлиги олдида иккинчисининг тан бериши умумий анъана ҳисобланади. Қоражон ҳам Ҳакимбек олдида ўзининг қойил эканини тан олади. У билан ака-укалари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Қоражон тушида исломни қабул қилгани учун қалмоқлардан кўра бойсунликларга кўпроқ эргашиб иш тутади.
Достонда ижобий қаҳрамонларнинг фазилати салбийлари билан муносабатга киришилганда аниқроқ сезилади. Бу ўринда Бойбўри, Бойсари, Кўкалдош ва Сурхайилни алоҳида қайд этиш лозим. Бадиий адабиётда қаҳрамоннинг салбий, ижобийлигидан қатъи назар асарда тасвирланиш даражаси мукаммалликка эришса, гўзал образ деб аташ қабул қилинган. Масалан, “Ўткан кунлар”даги Ҳомид, “Меҳробдан чаён”даги Абдураҳмон гўзал образ ҳисобланади. Чунки улар ҳақиқий инсонда нафрат уйғотади. Яъни бу ўринда қаҳрамоннинг феъли эмас, яратилиши жараёнидаги адиб маҳоратининг намоён бўлиши асос ҳисобланади. Айтмоқчимизки, “Алпомиш” достонидаги энг гўзал образлардан бири бу Сурхайилдир. Агар холис баҳо берадиган бўлсак, Сурхайил ниҳоятда ақлли, ҳушёр, тадбиркор, иродали, ўз мақсадига эришувчан кампир. Достон саҳифаларида унинг исмини учратганимиз заҳоти кўнглимизда ғашлик пайдо бўлади. Бу ғашлик кўпинча ўзини оқлайди. Чунки ҳийла ўйлаб топишда, хиёнат чегарасини белгилашда унинг олдига тушадиган қаҳрамон фақат “Алпомиш”дагина эмас, умуман, халқимиз оғзаки ижодида бошқа учрамаса керак. Ўз ҳаракатларини жуда асослайди. Рақиб кучини тўғри баҳолайди. Вужудга келган вазиятни жуда аниқ белгилайди ва зудликда ундан фойдаланиш режасини туза олади. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, Алпомиш маст ётганида ёқишди – ёнмади, уни қурол яралай олмади. Шунда Сурхайил зиндонни ўйлаб топади. Ундан олдин Алпомишни бутун йигитлари билан банди қилиш режасини ҳам у тузади. Ҳатто Алпомишнинг ишончини қозониш учун Тойчихон аскарлари келаётгани ҳақида хабар ҳам беради. Бу хабардан аввал Тойчихон билан келишиб олган эди. Унинг ҳар бир ҳаракати Алпомишга қарши қаратилган. Тавканинг Ҳакимбек зиндонига лаҳм кавлаганини ҳам Сурхайил фош этади. Хуллас, Сурхайилнинг салбий бадиий образ даражасидаги фазилати шу қадар мукаммал ишланганки, ундан ҳар қандай моҳир ва тажрибали адиб маҳорат мактаби сифатида фойдаланиши мумкин. Маълум бўладики, “Алпомиш” қаҳрамонлар тизимини яратиш бўйича ҳам энг олий даражадаги бадиий асар деб баҳоланишга лойиқ экан.
“Алпомиш” достони бадиий жиҳатдан ҳам мукаммал асар. Фақат сиз бадиийлик деганда бадиий тасвир воситаларидан фойдаланиш кўламинигина тушунмаслигингиз лозим. Чунки бадиийлик тушунчасининг ўзи жуда мураккабдир. “Алпомиш” достонида қабила-уруғчилик муносабатларининг тугалланиши ва давлатнинг вужудга келиши акс этган дедик. Масаланинг қўйилиши бошқа, уни бадиий мукаммал ҳолда ишонарли қилиб тасвирлаш бошқа. “Алпомиш” достони асрлар давомида халқимизни мардлик, қаҳрамонлик, адолат, иродалилик руҳида тарбиялаб келди. Мана шундай вазифани шараф билан бажариб келган асар, албатта, бадиийлик талабига жавоб бера оладиган бўлади, яъни асар ижросини тингловчилар қизиқиш билан қабул қиладилар. Қаҳрамонларнинг ғалабасидан қалблари қувончга тўлса, мағлубиятидан ташвишга тушади. Асардаги воқеаларга у тўлиқ ишонади. Айрим камчиликлар эса унинг хаёлига ҳам келмайди ёки камчиликларни сезмасликка уринади. Айнан мана шундай руҳий ҳолатнинг вужудга келиши ҳам асар бадиияти даражасидан маълумот беради.
Фозил Йўлдош ўғли моҳир ва тажрибали бахши бўлгани учун асардаги воқеаларни баён қилишда шошилмайди, ҳар бир лавҳа иштирокчиларининг ташқи қиёфасини, ички дунёсини, атрофдаги табиат манзараларини, воқеа-ҳодисаларни изчил таърифлайди. Томошабин кўз олдида жонли воқеа тасвирини намоён қилади. Асардаги қаҳрамон хатти-ҳаракатларини далиллашга эътибор беради, шунинг учун ҳам тингловчи кўнглида достон мазмуни билан боғлиқ ечилмаган жумбоқ қолмайди.
“Алпомиш” достони бадиий тасвир воситалари: муболаға, ўхшатиш, сифатлашларга жуда бой. Масалан: “Ҳакимбек етти ёшга кирган. Алпинбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмон биричдан бўлган парли ёйи бор эди. Ана шунда етти яшар бола Ҳакимбек шул ўн тўрт ботмон ёйни қўлига ушлаб кўтариб тортди, тортиб қўйиб юборди. Ёйнинг ўқи яшиндай бўлиб кетди, Асқар тоғининг катта чўққиларини юлиб ўтди, овозаси оламга кетди ”. Луғатларда оғирлик ўлчови “ботмон” Ўрта Осиёда 2 пуддан 16 пудгача вазнга эга экани кўрсатилган. Агар 1 пуд 16 килограммга тенг бўлса, 14 ботмон энг кичик ҳисобда 224 килограмм бўлади. 7 ёшли Ҳакимбекнинг бронзадан қуйилган (биричдан бўлган) шу қадар оғир ёйни кўтара олиши, унга мос ўқ жойлаши ва ўқни отиб, катта тоғнинг чўққисини учириб юбориши тингловчиларда ҳайрат уйғотади. Аммо тингловчи бу воқеанинг содир бўлганига шубҳа қилмайди. Чунки Ҳакимбекнинг дунёга келишини авлиёлар қўллашган. Шоҳимардон пирининг ўзи қаландар қиёфасида келиб, Ҳакимбек деб исм қўйган. Муболағали ўринлар алплар гавдалари, Барчин, Қалдирғоч гўзаллиги тасвирида, ботирларнинг курашларида, от пойгасида жуда ўринли яратилган. Достонда ажойиб ўхшатишлар бор:

Остингда бедовинг халлослар қушдай,
Аччиғинг чиллали музлаган қишдай.

Бу сатрларда масофани тез босиб ўтадиган Бойчибор қушга, Алпомишнинг ғазаби атрофни музлатадиган қишга ўхшатиляпти.
Достонда:

Давлат қўнса бир чивиннинг бошига,
Семурғ қушлар салом берар қошига.
От чопса гумбирлар тоғнинг дараси
Урушда билинар марднинг сараси –
каби ҳикматли сўзлар тез-тез учрайди. Маълум бўладики, “Алпомиш” достонининг ўта қизиқарли воқеалардан ташкил топган мазмуни сўз санъатининг гўзал бадиий воситалари билан безатилган ҳолда тингловчига тақдим этилган. Шунинг учун ҳам достон асрлар оша халқимиз томонидан севиб тингланмоқда ва ўқиб келинмоқда.      


Савол ва топшириқлар:

1. “Алпомиш” достонининг Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олинган вариантини ўқинг.
2. Достоннинг бугунги кунда халқ қадриятлари қаторида эътиборга лойиқ эканини изоҳланг.
3. “Алпомиш” достонидаги мифик дунёқараш белгиларини алоҳида-алоҳида кўрсатинг. Улар ҳақида билганларингизни сўзланг.
4. Достоннинг ўрганилишида олимлар фикрларини айтинг. Уларни баҳолашга урининг.
5. Достондан парча ёдланг.

Адабиётлар:

1. Karimov I.A. Yuksak ma’naviyat - yengilmas kuch. - T.: Ma’naviyat, 2008.
2. Алпомиш. Достон. – Т.: Шарқ НМАК, 1998.
3. Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – Москва, 1947. – Б. 60-108.
4. Мирзаев Т. «Алпомиш» достонининг ўзбек вариантлари. – Т.: Фан, 1968.
5. Мирзаев Т. Эпос и сказитель. – Т.: Фан, 2008.
6. Саидов М. Ўзбек достончилигида бадиий маҳорат. – Т.: Фан, 1969.
7. Мирзаев Т. Достонлар гултожи / Алпомиш. – Т.: 1998. – Б. 7-12.
8. “Алпомиш” – ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси. – Т.: 1999.
9. Муҳаммаднодир Саидов – маърифат фидойиси. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2009. – Б. 5-91.
10. Мирзаев Т. Достонлар / Ўзбек халқ поэтик ижоди. – Т.: 1990. – Б. 227-268.
11. Самад А. Ўзбек халқининг қаҳрамонлик эпоси / Сабоқ самараси. – Т.: Фан, 2007. – Б.62-87.
12. Йўлдошев Қ. “Алпомиш” талқинлари. – Т.: Маънавият, 2002.
13. Мадаев О. Алпомиш билан суҳбат. Т.: Маънавият, 1999.


ЭРГАШ ЖУМАНБУЛБУЛ ўғли

Эргаш Жуманбулбул ўғли деганда “Равшан”, “Кунтуғмиш” достонлари кўз олдимизга келади. Бахшилар “Равшан”ни Эргашнинг отаси Жуманбулбул уч марта ҳайдаган достони деб аташган экан. Эргаш мана шундай машҳур оилада 1868 йилда дунёга келди. Шу ҳудудда яшаган Султон кампир, бувиси Тилла кампирдан тортиб, бобоси Мулла Холмурод, отаси Жуманбулбулгача достон айтишган, ўзига хос термалар ижод қилишган. Бу оила Нурота туманидаги Қўрғон қишлоғида истиқомат қилган. Фольклоршуносликда Қўрғон достончилик мактаби деб номланишда қишлоқ номидан кўра Жуманбулбул оиласи хизмати кўпроқ эди. Устоз Ҳоди Зарифов Эргаш Жуманбулбул ҳақидаги машҳур “Улкан халқ санъаткори” мақоласида Қулсамат бахшининг онаси Султон кампирнинг ҳаётидаги ибратли воқеани эслайди: Қозоқ оқини йиғиндаги шоирларни енгганида бир ўзбек бахшиси “Сен бизнинг Султон кампир билан тенг экансан”, - дейди. Оқин Султон кампирни челак кўтариб келаётганида излаб топади ва унга савол беради:

Сендан савол сўрайман, турган зайип,
Ўси турган товларинг неча жасар?

Шунда Султон кампир:

Худойимнинг ишин кўр,
Фалакнинг гардишин кўр,
Мен билмайман ёшини,
Оғзин очиб тишин кўр,

- деган экан. Устоз бу воқеанинг ҳаётда рўй берган-бермаганидан қатъи назар унда Қўрғон достончилиги вакилидаги ижодий салоҳият қанчалар кучли экани намоён бўлишини таъкидлайди.
Эргаш Жуманбулбул ўғли ёшлигидан ижодкор муҳитда тарбияланди, бахшилардан достон айтиш сирларини ўрганди. Бизга номаълум сабабларга кўра шоирнинг отаси кўрган фарзандлар Жуманбулбул эллик ёшдан ўтгандан кейин туғилишган. Абдухалил, Абдужалил, Маҳкамой исмли укалари узоқ яшамаганлар.
Жуманбулбул катта ўғли Эргашдаги ақлий камолотни ҳис қилиб, уни етти ёшида қишлоқ мактабига беради. 17 ёшида эса Бухородаги мадрасалардан бирида ўқитади. Натижада, Эргаш Жуманбулбул ўғли ўнлаб халқ бахшилари орасида ўқишни ва ёзишни мукаммал биладиган, Навоий, Фузулий ижодидан бохабар ягона ижодкор сифатида етилади.
Эргаш Жуманбулбул ўғли фольклоршунос олимларга ўтган асрнинг 20-йилларидан маълум бўлди. Ундан Ҳоди Зариф, Ғози Олим Юнусов, Муҳаммад Исо Эрназар ўғли каби олим ва зиёлилар 33 номдаги асарларни ёзиб олишган. Бахши ҳақидаги мақолалар сони эса 200 га яқин. Ўзбек бахшиларидан биронтаси Эргаш шоирдек 5 жилдлик  асарлар тўпламини нашр қилишга мушарраф бўлган эмас. Ўзбек халқи тарихидаги ёрқин саҳифалар акс этган “Ойсулув” достони ҳам Эргаш Жуманбулбул оғзидан эртак ҳолида ёзиб олинган.
Эргаш шоирнинг машаққатли ҳаёти Қўрғон қишлоғида яшаган ҳамқишлоқлариникидан ўзгача эмас эди. “Кунларим” термасидаги уйланиш ва отаси ўлганидан кейин қарз эвазига бутун бор-йўғидан ажралиши тарихини эсланг. Унинг устига укалари ва синглисининг вафот этиши бахшига руҳий таъсир қилди. Эргаш Жуманбулбул ўғли укаси Абдухалил ўлими билан боғлиқ йиғисида шундай дейди:

Эмранди танимда жоним,
Хазонда бўлди гулистоним,
Йиғлашиб ёр-ёроним,
Бемаҳал қуриб бўстоним,
Қўлдан учди бўз тарлоним,
Эшитинглар қадрдоним,
Ёлғиз иним, суянганим,
Шунқоримдан жудо бўлдим.

Тўғри, 20 ёшга кирган Абдухалил вафот этганида бахши 30 ёшда эди. Ҳаёт тажрибасига эга бўлганига қарамай навқирон инидан ажралиш шоирга ўз касрини ўтказмаслиги мумкин эмас эди.
Турмуш ташвишлари бахшидан тинимсиз меҳнат қилишни талаб қилди. Самарқанд, Зарафшон атрофида қишин-ёзин тирикчилик дардида достон, термалар айтиш билан банд бўлди. Аммо иймонини йўқотмади, давлатмандларга қуллуқ қилиб яшамади. Отаси Жуманбулбулга муносиб фарзанд бўлди. Устоз Ҳоди Зариф хотирасига кўра (Ҳоди Зариф бахши Эргаш Жуманбулбул билан жуда яқин алоқада бўлган. Ҳафталар давомида бирга яшашган. Эҳтимол, шу сабабдан бахши отаси ҳаётидаги нозик воқеа тафсилотларини  олим Ҳоди Зарифовга айтиб берган) Милтиқбой исмли бир золим амалдор Жуманбулбулга дуч келиб ўзини таърифлашни сўрабди. Мақтов эвазига қорабайир отини мукофотга беришини ҳам айтибди. Шунда Жуманбулбул:

Агар туя бўлганда жўн бўларинг,
Отдан кейин эшакман тенг бўларинг.
Қантар оғмай хариш бўп ағнаб ётиб,
Қарға билан қузғунга ем бўларинг.

Агар йилқи бўлганда ўтмас эдинг,
Баҳонг қирқ беш-элликка етмас эдинг,
Ҳар ким олса, ўзингни, айниб бериб,
Чир айланиб овулдан кетмас эдинг - деган экан.

Эргаш шоир отасидаги ҳақгўйликдан ғурурланган, фахрланган. Шунинг учун эл орасидаги ҳурматини юқори даражада сақлаш бахти ҳаётидаги азиз тушунча ҳисобланган.
Эргаш шоир Бухоро мадрасаларида Алишер Навоий, Фузулий, Машраб ижоди билан яқиндан танишди. Бу фазилат, шубҳасиз, бахшига ижро этилажак достонлар композицияси, сюжетининг бадиий мукаммал ишланилишида фойда берди. “Равшан”, “Кунтуғмиш” достонлари “уч марта ҳайдалган”лиги билан ажралса, “Алпомиш”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Далли”, “Хуш келди”, “Авазхон”, “Ҳасанхон”лар заминини ўз маҳорати билан ҳайдашга уринди. Фольклоршунослар Эргаш шоир ижросидаги асарларнинг пухта эканлигини алоҳида таъкидлайдилар. Шоир достонларидан бирон лавҳани олиш ҳам, унга қўшиш ҳам мумкин эмас. Маълум бўладики, ҳар бир ишга ижодий ёндашишга ўрганган шоир мадрасада олган билимларини халқ достонлари ижросига татбиқ этди ва бу жанр намуналарининг бадиий савиясини кўтаришга муносиб ҳисса қўшди. Устоз олим Ҳоди Зариф бу фикрни тасвир воситаларидан омоним сўзларни қўллашдаги шоир маҳоратини далиллаб қуйидагича кўрсатади: “Шу жиҳатдан қараганда биз билган ўзбек халқ шоирлари орасида сўзга бой Эргаш Жуманбулбул ўғлининг тажнислари диққатни жалб этади. Биз унинг тажнисли тўртликларидан бир нечасини қайд этмоқчимиз:

Тоғнинг адири ўради,
Ўрага қўйлар ўради.
Уч тол қилиб санамлар,
Чочини майда ўради .

Устоз биринчи мисрадаги “ўради” – тоғнинг адири аста кўтарилади маъносини, иккинчи мисрадаги “ўради” – оралаб юришни, тўртинчи мисра – қизларнинг соч ўришини англатишини таъкидлайди. Бадиий санъатнинг бу тури адабиётшуносликда “тажнис”  дейилади, яъни жинсдош – бир хил шаклдаги омоним сўзлар асосида санъат яратилади. Муҳими шундаки, Эргаш шоир тажнисли қофиядан фақат терма яратишда эмас, қулай имконият келгани заҳоти достонларда ҳам фойдаланган. Масалан “Равшан” достонида Ҳасанхон Зулхуморни олиб келиш сафарига отланган ўғлига насиҳат қилишда шундай дейди:

Қўлингдан келганча чиқар яхши от,
Яхшилик қил болам, ёмонликни от.
Насиҳатим ёдингда тут, ёлғизим,
Ёлғиз юрса, чанг чиқармас, яхши от .

Эргаш шоир бутун ҳаёти давомида ўз ватанини, она юртини севди, эъзозлади. У қалбидаги муҳаббатни ижро этаётган достонларидаги қаҳрамонлар хатти-ҳаракатини кўрсатиш орқали ифодалади. У куйлаган Гўрўғли туркумидаги достонларида Гўрўғли, Юнус пари, Мисқол пари, Ҳасанхон, Авазхон кабилар мардлиги, ҳалоллиги, тўғрисўзлиги билан тингловчиларни ўзига мафтун этади. Одамлар ўзларининг янги туғилган фарзандларига ният қилиб, достондаги исмларни танлашади. “Равшан” достонида Ҳасанхон дорга олиб келинаётган ўғлини шу заҳоти қутқармоқчи бўлганида, Жайноқ масхарабоз унга аввал Равшанни синаш кераклигини маслаҳат қилади. Ҳасанхон рози бўлади. Қорахон подшоҳнинг мулозимлари Равшанга ўз юртидан, Гўрўғлидан воз кечса, Зулхуморни унга беришларини, шу юртга – Ширвонга Равшанни подшоҳ қилишларини айтадилар. Шунда ёш йигит дор остида туришига қарамай:

Сен айтган одаминг, золим, мен эмас,
Бир нечалар ўз ҳолини тингламас,
Мен ўлмасам, ўз элимдан кечмайман!
Азиз бошинг оёғимга тенг эмас!

– деб, таклифни рад этади.
Бундай мазмундаги мисралар достон ижро этилаётган ҳудудлардаги юзлаб мард ўғлонлар тарбиясига таъсир қилган. Шоир юрт меҳри ҳақида уларга ортиқча насиҳатлар қилмай, юракларига она диёр қиммати нақадар улуғ эканини сингдириб қўя қолади.
Профессор Ҳоди Зарифов шоир ҳаётининг сўнгги даври ҳақида ҳикоя қилиб, бахши ўз юртига бориб, бир қатор қўлёзмаларни топмоқчи бўлганини, янги-янги термалар, достонлар айтиб беришга ваъдалар қилганини ёзади. Бироқ оғир касалликдан Эргаш Жуманбулбул ўғли 1937 йил 12 май куни 69 ёшда вафот этади. Зукко бахшидан қолган бадиий мерос бугунги кунда юртимиз келажаги учун хизмат қилмоқда.

Савол ва топшириқлар:
1. Эргаш Жуманбулбул ўғли куйлаган достонлар бошқа бахшиларникидан қандай фарқларга эга?
2. Бахшининг қайси фазилати сизга маъқул бўлди?
3. Эргаш шоир куйлаган достонлардан ўқинг, қўлланмадаги парчаларни ёд олинг.

Адабиётлар:

1. Эргаш шоир ва унинг достончиликдаги ўрни. Тадқиқотлар. 2-китоб. – Т.: Фан, 1971.
2. Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – Москва: ОГИЗ, 1947. – С. 23-58.
3. Булбул тароналари. Беш томлик. – Т.: Фан, 1971.
4. Эргаш Жуманбулбул ўғли. Икки жилдлик. – Т.: 1971.




ФОЗИЛ ЙЎЛДОШ ўғли
Бадиий адабиётда ижодкорнинг сўз санъати тараққиётига қўшган ҳиссаси яратган асарларининг сони, ҳажми билан ўлчанмайди. Бадиий адабиётнинг ривожланиш даражасини, аввало, маҳорат мезони белгилайди. Бу ўлчов, шубҳасиз, халқ оғзаки ижоди намуналарига ҳам тааллуқлидир. ХIХ асрдан  ХХ асргача ўзбек достончилигида юзлаб бахшилар ижод қилганлар, юзлаб достонларни айтганлар. Аммо бугунги кунда улардан бор-йўғи ўндан ортиқ бахшилар номи сақланиб қолган. Фозил Йўлдош ўғли номи эса энг таниқлиларнинг таниқлиси сифатида эъзозланади.
Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси ҳақида фикр юритилганда, аввало, “Алпомиш” достони тилга олинади. Бахшилардан бу достон 30 дан ортиқ вариантларда тўлиқ ёки парчалар тарзида ёзиб олинган. Аммо улар орасида энг машҳур ва мукаммал нусха 1928 йилда Маҳмуд Зарифов томонидан таниқли олим Ҳоди Зариф раҳбарлигида ёзиб олинди. Қизиғи шундаки, достоннинг Ўғуз, Қипчоқ, Олтой, Қўнғирот версиялари орасида ҳам Фозил Йўлдош ўғли айтган нусха фольклоршунос олимлар томонидан энг мукаммали сифатида тан олинган.
Маълумки, 1952 йилда “Алпомиш” достонига қарши сиёсий ҳужум уюштирилди. Бу пайтда Фозил Йўлдош ўғли тирик эди. Бизгача етиб келган хотиралардан биламизки, кекса бахши бу пайтда достонни қораловчи мажлисларда соатлаб ўтиришга мажбур бўлган экан, аммо қўйилаётган айбларни мутлақо тушуна олмаган экан, чунки саводсиз, ўқишни ҳам билмаган Фозил шоир халқ қадриятларини тушуниш соҳасида танқидчи “олим”лардан тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада юқори турган.
Фозил Йўлдош ўғли 1872 йилда Самарқанд вилояти Булунғур туманига қарашли Бўдана ҳудудидаги Лойқа қишлоғида деҳқон Йўлдош ака оиласида туғилади. 1873 йилда Лойқа қишлоқ аҳолиси Челак қишлоғи атрофига кўчишга мажбур бўлади. Аммо яшаш манзилининг ўзгариши оила маиший шароитида ижобий ўзгариш ясамади. Турмуш қийинчилигига чидай олмаган Йўлдош ака 1877 йилда вафот этади. Фозил оиласи янада оғир иқтисодий аҳволда қолди. 
Фозил жуда ёш бўлишига қарамай Ғаллаорол қишлоғига бориб яшаш учун нон топиш илинжида оғир меҳнат қилишга мажбур бўлди. Бу ҳақда кейинчалик “Кунларим” термасида шундай дейди:

Олти ёшда қўмсаб-қўмсаб отамни,
Оғир меҳнат эзди шўрли энамни.
Эна-бола тополмадик бир нонни,
Парча нон деб ўтган кунларим.

Етти ёшда ортди менинг кулфатим,
Саккиз ёшда оғир меҳнат улфатим,
Меҳнат учун синаб кўрдим қувватим,
Тўққиз ёшга йиғлаб етган кунларим.

Тўққизимда бел боғладим меҳнатга,
Чўпон бўлдим, тушдим яна ғурбатга,
Ишлаб едим, лекин қолдим миннатга,
Парча нон деб миннат чеккан кунларим.

Дўмбирам куйлади менинг ҳолимни.
Мен жўр бўлиб сўкдим бойни – золимни,
Топдим, дўстлар, шунда дардкашларимни,
Ҳақ-ноҳақни куйлаб чертган кунларим .

Эътибор берган бўлсангиз, Фозилнинг ёшлиги мутлақо болалик қувончларидан маҳрум ҳолда ўтган. Ўртоқлари билан турли кўнгил очди ўйинлар ўрнига бир парча нонни гўдаклигидан меҳнат билан топишга мажбур бўлди. “Кунларим” термаси эса унинг болалиги ҳақида бир асрдан ошган бугунги кунда тасаввур ҳосил қилиш имконини беради, айни пайтда, ёшларимизни ота-боболарининг болалигидан ибрат олишга чақиради. Фозил Йўлдош ўғлида Эргаш шоирнинг ижодий муҳити бўлмаган. Фозил шоирнинг бахшилар даврасига кириш жараёни анча мураккаб ўтган. Унинг достончилик сирларини ўзлаштириши турмуш ташвишларини бошидан кечириш билан уйғунлашган. Профессор Ҳоди Зарифовнинг маълумот беришича, Фозил шоир бахшиликни ўзлаштиргунига қадар 19 ёшида ўз қишлоғига қайтиб, отасидан қолган чорак таноб ерда деҳқончилик қилган, чорвачилик билан шуғулланган. Ҳатто Лойқа қишлоғининг энг эпчил ўроқчиси номини олишга муяссар бўлади. Аммо ёшлигида ўрганган дўмбира машқи унга тинчлик бермайди. Ҳавас йўлидаги харакатлари натижа бериб, ўз давридаги машҳур устоз бахши Йўлдош булбул эътиборига тушади. Ўша пайтда Лойқа қишлоғидан Йўлдош, Қўлдош, Суяр бахшилар ўз устозлари анъаналарини давом эттираётган эдилар. Улар қаторидаги Йўлдош бахши ўз даврида Йўлдош булбул даражасига етган бахшига шогирдлик қилганди. Унинг Фозилга назари тушгани бўлажак “Алпомиш” ижрочиси учун омад муҳри бўлиб қолди. Фозил шоирдаги иқтидор, овоз, дўмбирачилик ишқи Йўлдош шоир маслаҳат ва кўрсатмалари заминида ривожланди. Охир-оқибат 1897 йил атрофида 25-26 ёшларида Фозил таниқли бахшилар назарига тушди, Фозил шоир номини олди.
Халқ бахшиси ҳамиша элининг дардини, аламини, замон ташвишларини ўз ижодида акс эттирган. Халқ ижтимоий ҳаётнинг энг оғир ва мусибатли даврларида айнан бахши термаларидан тасалли топган, келажакка умид билан қараган. Бу масъулиятни Фозил шоир бутун вужуди билан ҳис қилди. 1898-1908 йилларда Самарқанд вилояти экин майдонларини чигиртка офати босганида “Чигиртка” термасини яратди. Юртда қашшоқлик авжига чиққани сари бахши ноласи ҳам авж олди:

Камбағалнинг ақли шошиб,
Ўғил қизиман кенгашиб,
Кеча-кундуз зор йиғлашиб,
Дўстлар, қадди камон бўлди .

Аксига олиб чор ҳукуматининг маҳаллий аҳоли бошига ёғдираётган зулми, адолатсизлиги ҳам кўпайди. Халқ фақат мутеъ ва қарам бўлишга мажбур эди. Норозилик билдирганлар шу заҳоти жазога тортилди. Айниқса, Жиззахда бош кўтарган аҳолининг ваҳшийларча тўпга тутилиши дард устига чипқон даражасига етди. Фозил шоир бу давр воқеаларини “Маматкарим полвон”, “Жиззах қўзғалони” достонларида ифодалади. Бахши тажрибаси унга ўз даврида рўй берган воқеаларни ўта жонли лавҳаларда тасвирлаш имконини яратди:

Ўз ҳолига қўймай халқни
Қайта-қайта чиқим солди,
Урушда бўлган харажат
Қайдан топиб берсин элат?
Ҳамма бўлиб қолди ҳайрон,
Нечовнинг ватани вайрон .

“Жиззах қўзғалони” достонида солиқ ва ортиқча зулм устига оқ подшоҳнинг Германия билан бўлаётган урушга мардикор юбориш ҳақидаги фармонига қарши халқнинг кўтарилиши ҳикоя қилинади. Бахши нотиқларнинг нутқидан тортиб чор амалдорларининг талвасага тушгунига қадар ҳаёт лавҳаларини шундай баён қилдики, достонни эшитганлар ёки ўқиганлар ўзини ўша тарихий воқеалар иштирокчисидек ҳис қилди.
Фозил Йўлдош ўзбек фолъклоршунослиги илмига 1922 йилдан маълум бўлди. Дастлаб, Ғози Олим Юнусов, кейинчалик В.М.Жирмунский, Ҳоди Зарифов, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода, Муҳаммаднодир Саидов, Баҳодир Саримсоқов, бугунги кунда Тўра Мирзаев, Маматқул Жўраев, Абийр Мусақулов, Шомирза Турдимов, Жаббор Эшонқул каби олимлар бахши ижодини ўрганишда муҳим илмий тадқиқотлар яратдилар.
“Алпомиш”, “Ёдгор”, “Ширин билан Шакар”, “Муродхон”, “Рустамхон”, “Малика айёр”, “Машриқо”, “Интизор”, “Балогардон”, “Нурали”, “Жаҳонгир”, “Фарҳод ва Ширин” каби қирққа яқин достонни Фозил Йўлдош ўғли истаган пайтда, исталган лавҳадан айтиб кетавериш салоҳиятига эга эди. Айниқса, “Алпомиш”ни куйлаш унинг учун алоҳида шараф ва ҳузур бағишлар эди. Фозил Йўлдош ўғли қаҳрамонлик эпоси намунасини ижро этишда унинг достонини оддий одамлар тинглаётганини ёдидан чиқармасди. Одамларнинг қалбини эса турли ҳис-туйғулар эгаллаган бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун бахши достонларида фақат олий мезон билан ўлчанадиган жанг лавҳаларидан ташқари асар қаҳрамонларининг руҳий ҳолатини ифодалашга ҳам диққат қилар эди. “Алпомиш” достонидаги Барчиннинг Бойчиборга алам билан мурожаат қилиши бу фазилатнинг далили бўлишга арзигуликдир:

“Қурру-ё қур, ҳайт-а, тўрамнинг оти,
Оқ тўшим яйловинг, сочим – шипиртки,
Куйганимдан гапни гапга улайин,
То ўлгунча сайисинг бўп юрайин.
Эгам раҳм айласин қонли ёшима,
Сабаб бўлиб қўшгин денги-дўшима,
Олмосдай туёғинг қордай тўшима,
Қурру-ё қур, ҳайт-а, тўрамнинг оти!

Ўйилмай куймасин кулбаи хонам,
Оҳ уриб йиғлайди мендайин санам,
Қалмоқда қолмасин гулдайин танам,
Ўн икки ой сени Бойбури боқди,
Гарданингга Қалдирғоч қўтос тақди.
Йиғлатмагин Барчин гулдай бебахтди,
Қурру-ё қур, ҳайт-а, тўрамнинг оти” .

Бу мурожаатни бефарқ эшитиш мумкин эмас. Уни тинглаганда, жуда бўлмаганда бир оз эътибор билан ўқиганда, инсон вужудида сеҳрли ўзгариш рўй бергандек туйилади. Ўзга юртда ғариб бўлиб яшашдан чўчиган норасида қизнинг юрак дарди ифодаланган.
Фозил Йўлдош ўғлининг номи чиққан бахшилар ўртасида муносиб ҳурматга эга бўлиши бежиз эмас, албатта. Бу ҳурмат тинимсиз меҳнат, фавқулодда хотира эгаси бўлиш, ҳаёт тажрибасини айтилаётган асарга сингдириш, маҳорат ва букилмас ирода маҳсули экани оддий ҳақиқатдир. Фозил Йўлдош ўғлининг ўнлаб достонлари халқ оғзаки ижоди туркумида юзлаб босма тобоқларда нашр этилди. Бугунги кунда бахшидан ёзиб олинган терма ва достонлар, унинг ижоди таҳлил қилинган китоб ва мақолалар сони 500 га етди.
Фозил Йўлдош ўғли 1955 йилда 83 ёшда ўз қишлоғида вафот этди.
Хуллас, Фозил Йўлдош ўғли ўзбек достончилигида машҳур ва улкан бахши сифатида шуҳрат топган халқимизнинг асл фарзандидир.

Савол ва топшириқлар:
1. Фозил Йўлдош ўғлининг ўзбек халқ оғзаки ижоди ривожида тутган ўрнини изоҳланг.
2. Бахши ижодида ижтимоий ҳаёт ва бадиийлик тушунчаси қандай уйғунлашган.
3. Нима учун “Алпомиш” достони ҳақида мукаммал тасаввур ҳосил қилишда Фозил Йўлдош ўғли варианти муҳим ҳисобланади?
4. Барчиннинг Бойчиборга мурожаатини ёки “Алпомиш” достонидан бошқа ўзингизга ёққан парчани ёд олинг.

Адабиётлар:

1. Ҳоди Зариф. Фозил шоир – машҳур достончи / Фозил шоир. – Т.: Фан, 1973. – Б. 5-29.
2. Мирзаев Т. Достонлар / Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. – Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 227-268.
3. Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос.  – Москва: ОГИЗ, 1947. – С. 23-58.
4. “Аlpomish”. Dоston. – Т.: Шарқ НМАК, 2010.



МУҲАММАДҚУЛ ЖОНМУРОД ўғли ПЎЛКАН

Ўзбек достончилигида халқ эпоси намуналарини, мазкур санъат турини олий даражада ижро этган бахшилар жуда кўп бўлган. Ўнлаб улкан санъаткорлар асрлар давомида асл фарзандлар томонидан яратиб келинган достонларни меҳр билан айтиб маҳаллий аҳоли ўртасида шуҳрат топдилар. Уларни санъат мухлислари бахши, шоир номлари билан эъзозладилар. Алоҳида маҳоратли бахшилар исми номига булбул сўзи қўшиб талаффуз қилинди. Аммо бахшилар куйлаган достонларга бир оз диққат билан назар ташласак, уларнинг ҳар бирида ўзига хос йўналиш, сўз танлаш, куй ижро этиш усули борлигини сезамиз. Бу ҳақда баъзи фикрларни қайд қилганмиз ҳам. Хусусан, Фозил Йўлдош ўғли достонларни қаҳрамонли, Эргаш Жуманбулбул муҳаббатли қилиб айтишларини эслаганмиз. Бу жиҳатдан Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан айтган достонлар кўпроқ ўтмиш ҳақида ҳикоя қилиши билан ажралиб туради. Бахши ижро этган “Гўрўғлининг туғилиши”, “Юнуспари”, “Мисқол пари”, “Чамбил қамали” каби достонлар айнан “Равшан”, “Кунтуғмиш” достонларидан қадимийроқ турмуш воқеаларини баён қилиши билан фарқланади. Айнан ана шундай достонларни куйлаш Пўлканга алоҳида завқ бағишлаган экан.
Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан 1874 йилда Самарқанд вилояти Хатирчи туманидаги Қатағон қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келади. Пўлкан Фозил шоирга ўхшаб ёшлигиданоқ етим қолади. У ҳам 10 ёшидан деҳқончилик билан шуғулланади. Кўп ўтмай чўпонлик қила бошлайди. Шунинг учун подани маълум ўтлоққа қўйганидан сўнг, уни назорат қилишдан бошқа иши бўлмайди. Натижада, дўмбира чертиб вақт ўтказишни одат қилади. Ўзича терма ва достонлардан парча айтишни ўрганади. Аммо ундаги табиий иқтидор тез орада машҳур бахшиларнинг эътиборини ўзига жалб қилди. Катта устозлик тажрибасига эга Жассоқ бахши унга бахшилик сирларини ўргатади. Муҳими, Жассоқ бахши Пўлканнинг ўзига хос достон айтиш усулига тўсиқ бўлмай мустақил ижро қобилиятини ривожлантирди. Натижада, икки йил ўтар-ўтмай Пўлкан устоз бахшилар синовидан муваффақиятли ўтиб, шоир номига муносиб топилади. Бу муваффақият Пўлканга ўз машқларига масъулият билан ёндашиш кераклигини таъкидлагандек бўлди. Жассоқ бахшининг 4 йил у билан машқ қилиши оқибатида бахшилик тажрибасига эга бўлди. 25 ёшида синовдан ўтиб тахминан 1899-1900 йиллар атрофида номдор бахши сифатида тилга тушди. Аммо у пайтда Муҳаммадқул бахши деб аталган Пўлкан ўзига ўта талабчан инсон эди. Шунинг учун мустақил бахшилар фаолият олиб бориш ҳуқуқига ва имкониятига эга бўлса-да, Жассоқ бахшидан ажралмади. Устозининг ҳамма достонлари репертуарини тўлиқ ўзлаштиришга ҳаракат қилди, эшитган ва ўрганганларига муттасил янгиликлар киритиб борди. Лекин ҳаёт унга ўта мураккаб синов лавҳаларини тайёрлаб қўйган эди. Гап шундаки, 1914 йилда Муҳаммадқул Жонмурод ўғли 40 ёшда эканида чор Россияси подшоҳи фармонига биноан Туркистон ўлкасидан биринчи жаҳон урушида қора ишларни бажариш учун мардикорликка олинган маҳаллий аҳоли қаторида она юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди: қишлоғидаги Бўрибой исмли бир бадавлат одам мардикорликдан озод бўлиш маблағини тўлайди ва унинг ўрнига Муҳаммадқул мардикорликка олинади ва Россияга жўнатилади. Бу сафар натижасида бахшининг “Мардикор” достони вужудга келади. Унда оқ подшоҳ зулмига, ўзбек халқига ҳеч қандай алоқаси йўқ уруш ташвишларига бўлган норозилик ўзининг бадиий ифодасини топган. Пўлкан номи эса “полк” сўзидан олинган бўлиб, мардикор бўлиб юрган замонлардан хотира сифатида фронт орқасидаги полкда хизмат қилгани учун унга тахаллус бўлиб қолди.
Пўлкан ўтган асрнинг 20-йилларидан ўзбек фолъклоршунос олимлари эътиборига тушди. Ҳоди Зариф, Буюк Каримов, Мансур Афзалов, кейинчалик ундан ёзиб олинган асарларни Охунжон Собиров, Муҳаммаднодир Саидов, Малик Муродов ўргандилар. Бахши “Гўрўғлининг туғилиши”, “Юнус пари”, “Гулнор пари”, “Авазхон” достонларини алоҳида маҳорат билан ижро этган. Шунингдек, “Ёдгор”, “Шайбонийхон”, “Қиронхон” “Кунтуғмиш” достонларини ҳам ўзига хос усулда айтганлиги маълум. Ўзбек фолъклоршунослиги фани ривожига муносиб ҳисса қўшган олимлар В.М.Жирмунский ва Ҳ.Т.Зарифов 1947 йилда нашр қилинган “Ўзбек қаҳрамонлик эпоси” китобида Пўлкан ижросидаги “Қиронхон” достони 20000 мисра шеърдан иборат эканини алоҳида таъкидлаганлар . Таниқли олим Мансур Афзалов “Пўлкан шоир” китобида: “Пўлкан шоир чет эл босқинчиларининг айёрлик, қўрқоқлик сифатларини усталик билан кўрсатиб, душманлар образини ёрқин чизиб беради. “Райҳон араб қўрқувди”, “Ўлгандан қўрққан ёмон”, “Тиши тошдай уришиб” ва бошқалар...”
Ҳар бир бахши ўз халқини, ёш авлодини комил инсон сифатида тарбияланиши учун муносиб ҳисса қўшадиган асл инсондир. Пўлкан ўзининг устозидан Қўрғон достончилик мактабига хос усулларни мукаммал ўзлаштиргани учун бутун ижоди давомида ёшларни аждодларимиз қадриятларига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият билан қаради. Айниқса, “Гўрўғлининг туғилиши” у ёддан билган 70 та достон орасида ўзининг воқеаларни аниқ ифодалаши, тилининг соддалиги, қадимги одатларни улуғлаб тасвирлашига кўра жуда ибратлидир. Хусусан, бахши яшаган ҳудудда Гўрўғлидек қаҳрамоннинг дунёга келиши ва тарихини билишга қизиқувчилар жуда кўп эди. Достонда эса Гўрўғлининг Равшан синчи оиласида туғилиши, унинг ёшлиги, улғайиши ҳақида ҳикоя қилинади. Халқ ҳимоячиси ва халоскори – Гўрўғли, Ғирот қаҳрамонлигини элга танитиш эса ўзбекнинг ота-боболари нечоғлик мард, жасур эканликларини кўрсатиш воситаси эди. Ватанни мустақил асраш бахши достонларининг бош ғояси бўлди. Жумладан, “Чамбил қамали” достонидан қуйидаги парча фикримиз далилидир:

Ёвгарчилик бўлди энди ёронлар,
Ғайрат қилинг, Чамбил элнинг хотини...
Қовоқларни уйинглар,
Қиз-хотинни жийинглар,
Пўпакни йиғиб ташлаб,
Сочни бошга туйинглар.
Хотинликни қўйинглар,
Сарбо занжом кийинглар,
Ғайрат қилинг, аёллар .

Достон мазмунига кўра, Гўрўғли Воянганга кетганидан фойдаланиб душман Чамбилга ҳужум қилади. Чамбил мудофаасига Юнус пари аёлларни сафарбар қилиб, Гўрўғлининг йўқлигини билдирмайди. Гўрўғли душман ҳақида хабар топиб келгунига қадар Чамбилни ҳимоя қилади.
Муҳаммадқул Жонмурод ўғли куйлаган достонлар фақат мазмунан эмас, бадиий жиҳатдан ҳам мукаммал эди. Бахши ҳайратомуз муболағалар, чиройли сифатлашлар, ўхшатишларни қўллашда тенги йўқ санъаткор эди. Жумладан, халқ мақоллари унинг шеърий мисраларига шундай сингиб кетар эдики, шоир маҳоратига қойил қолмаслик мумкин бўлмасди:

От бошига кун тушса,
Сувлиқ билан сув ичар.
Эр бошига кун тушса,
Этик билан сув кечар .

Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкандан ёзиб олинган ва нашр қилинган терма ва достонлар сони юздан ортиқ. Пўлкан устоз ва таниқли бахшилар қаторидан муносиб ўрин эгаллашга лойиқ ижоддир. У 1941 йилда вафот этган.
Савол ва топшириқлар:
1.    Пўлкан ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзланг.
2.    “Гўрўғлининг туғилиши” достонини ўқинг.
3.    Пўлкан достонларидан парчалар ёдланг.

Адабиётлар:
1.    Пўлкан шоир. Ўзбек халқ оғзаки ижоди бўйича тадқиқотлар. 4-китоб. - Т.: Фан, 1976.
2.    Афзалов М. Пўлкан. – Т.: Фан, 1955. –Б. 10-14.
3.    Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – Москва: ОГИЗ, 1947. – С. 46-49.
4.    Гўрўғлининг туғилиши. – Т., 1967.



ИСЛОМ ШОИР НАЗАР ўғли
Бахши оддий ҳаётда қандай одам бўлганини билиш учун қуйидаги лавҳани эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ёдгор бахши Исҳоқов сартарош дўсти Тиллаев ёрдамидан фойдаланиб, Ислом отага шогирд тушгани уйига борганида мезбон унга:
Жуда соз, қидириб келдингми устоз? Лекин шоирлик қийин-да бир оз, агар шоир бўлсанг, бир ўлиб тирилишинг рост. Турқингга қарасам, ўзинг яхши, юзларинг қизил гулнинг нақши, сендан ҳам чиқиб қолса эди-я бахши, ма, дўмбирани бир чертиб боқ-чи, Нарпай ариғидай бир шарқириб оқ-чи, - деб дўмбирани унга узатади.
Кунлардан бир куни Ёдгорнинг машқ шеърини ўқиб:
Шеърни бундай бўш қилиб, қип-қизил гўшт қилиб, думи юлинган қуш қилиб, шеър юрагини қиш қилиб ёзма! Шеърни соз қилиб, қоматини ғоз қилиб, қўлини дароз қилиб, келинчакдек серпардоз қилиб, худди дор устида ўйин кўрсатаётган дорбоз қилиб, оҳангини дўмбирага мос қилиб, ширасини кўп, сувини оз қилиб, шеър кўнглини баҳор-ёз қилиб, бургутдек баланд парвоз қилиб ёзгин, шеър қудуғини юрак билан қазгин, - дейди .
Биз – оддий одамларни ҳайратга соладиган тарафи шундаки, Ислом шоир тасодифий ҳолатда, махсус тайёргарликсиз “соз, устоз, бир оз, рост; яхши, нақши, бахши; боқ-чи, оқ-чи” қофиясидаги сўзларни осонгина топган, ундан ҳам ажойиблиги бу қофиядош сўзларни шу заҳоти тузилган изчил жумлалар таркибига жойлаган ва муайян мақсадни баён қилишга қарата олган. Бахшилардаги яшин тезлигида фикрлаш, фикрни аксари қофияли сўзлар иштирокида гап тузилган ҳолда билдириш фазилати уларни оддий одамлардан ажратиб туради. Чори бахши Хўжамбердиев, Қаҳҳор бахши Раҳимов, Шомурод бахши Тоғаев билан бўлган суҳбатларимизда бу вазиятни бир неча марта кузатганмиз, гувоҳ бўлганмиз. Шубҳасиз, Ислом отанинг суҳбати ўта нозик ва нафис иқтидор эгаси сифатида замондошлари хотирасида ўчмас таассурот қолдирган бўлиши табиий.
Ислом шоир Назар ўғли 1874 йилда Нарпай тумани Оқтош ҳудудидаги Гала Қассоб қишлоғида камбағал чўпон оиласида туғилди. Оиладаги иқтисодий ночорлик оқибатида ёшлигидан отасининг ёнида ишлашга мажбур бўлди. 1884 йилдан Ислом чўпонликдан бохабар инсон сифатида мустақил иш олиб бора олди. Бу касб Пўлканда бўлгани каби Исломни дўмбира чертиш заруратини пайдо қилди. Унинг бетакрор ёқимли овози ҳамқишлоқларига маъқул бўлади ва кўп ўтмай дўмбирани турли қўшиқлар айтиб черта бошлайди. Ислом шоир ўзининг хотираларида шундай дейди: “Бир кун ўз қишлоғимда бир ўтиришда дўмбира чертиб, баланд товуш билан қўшиқ айтиб ўтирсам, Эрназар шоир ҳам келиб эшитиб ўтирган экан. Менинг товушим унга маъқул тушибди, шекилли, шоирликка бўлган ҳавасимни пайқаб, дарров отам қошига бориб, мени у кишидан сўрабди” . Шу воқеа рўй беради-ю, Исломнинг ҳаваскорлик машқлари якунига етади. Эрназар шоир бутун ҳаёти давомида бахшилик санъати йўлида тўплаган тажрибасини, устозлик сирларини самимий нияти билан Исломга ўргата бошлади. Эрназар шоир Шаҳрисабз мактаби устозлари йўлини яхши биларди, аммо Қўрғон достончилиги вакили Жуманбулбулдан ҳам машқ олган эди. Шунинг учун Ислом шоир ижросида Шаҳрисабз ва Қўрғон бахшиларидаги энг ибратли хусусиятлар уйғунлашди.
Ислом Назар ўғли 26 ёшда мустақил бахши даражасига етишди. Бахши ўз хотираларида Жуманбулбул билан учрашганини эслайди. Улкан достончи Эрназар бахшига қараб: “Сиз шогирднинг аслини топиб олибсиз, ишқивозлиги ҳам анча зўрга ўхшайди” , - деган экан. Ҳақиқатан ҳам Ислом шоир, биринчидан, хотираси кучли ва бадиҳагўй эди; иккинчидан, овози ниҳоятда ёқимли ва эшитишли эди; учинчидан, ҳар сафар достон айтишдан олдин тингловчини  дўмбира чертиб, сел қилиб олар экан, сознинг бу жўрлиги достон ижроси давомида ҳам даврага завқ бериб турар эди. Хуллас, Ислом шоирнинг достон айтиш маҳорати олимларнинг эслашига қараганда, мусиқийлиги, майинлиги, воқеаларнинг аниқ ва содда тарзда акс эттирилиши, бадиҳагўйлиги, ўрни келганда кулгили ифодаси билан ажралиб турар экан. Овознинг шираси достон файзига файз бағишлар экан. Шунинг учун Ислом шоир айтган 28 та достон ва сон-саноқсиз термаларини ҳамқишлоқлари, қўшни ҳудуддан келган ишқибозлар мароқ билан тинглаганлар.
Бахши ўз замондошларининг қалбларидаги фикр-мулоҳазаларини ошкор қилувчи сатрларни топа билмаса у машҳур бўлолмайди. Достон кечаларига йиғилган мухлислар фақат достон ёки терма эшитиш учун келмайдилар. Тингловчи ҳамиша бахшидан дунёдаги воқеалар, қўшни вилоят, туман жуда бўлмаганда қишлоқлардаги янгиликларни билишга чанқоқ бўлади. Радио, телевидение, матбуотнинг бошқа турлари ривож топмаган пайтларда бахши ҳам журналист, ҳам нотиқ, ҳам бошловчи, ҳам сиёсий шарҳловчи, ҳам таниқли устоз зиёли сифатида фаолият кўрсатган. Бир неча таниқли устоз бахшилар иштирокидаги суҳбат кечалари ўзига хос оммавий ахборот воситалари вазифасини бажарган. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Ислом шоир каби иқтидорли бахшилар эса матбуот марказининг иш юритувчилари бўлишган. Улар орасида Ислом шоирнинг муносиб ўрни бор. Чунки Ислом шоир “Орзигул”, “Гулихиромон”, “Зулфизар билан Аваз”, “Хирмондали”, “Кунтуғмиш”, “Соҳибқирон”, “Эрали ва Шерали”, “Тоҳир ва Зухра”, “Нигор ва Замон” каби ўнлаб достонларини айтиш жараёнида юртдаги ижтимоий ўзгаришларни, янгиликларни, айрим шахслар ҳақидаги танқидий мулоҳазаларни ҳам баён этган. Ҳар бир хонанданинг алоҳида ўринли ашуласи, қўшиғи, шоирнинг шеъри бўлгани каби бахшиларда ҳам муҳаббат қўйган достонлари бўлади. Эргаш шоир “Равшан”, Фозил Йўлдош ўғли “Алпомиш”, Пўлкан “Гўрўғлининг туғилиши” достонларини қиёмига етказиб айтишган. Ислом шоир Назар ўғлининг бундай гўзал ижро этадиган достони сифатида “Орзигул”ни кўрсатиш мумкин. Бу достонни Ислом шоир бошқача бир меҳр билан куйлаган. Достонда жаҳон адабиёти тарихида асрлар бўйи адиблар асарларига анъанавий мавзу ҳисобланган отанинг бехабар ҳолда ўз фарзанди – қизига ошиқ бўлиш воқеаси баён этилади. Орзигул совчи юборган шоҳ ўзининг отаси эканини билгани заҳоти боқиб олган отаси Эрназар ёрдамида Хосхона мамлакатидан бош олиб чиқиб кетади. Достон марказида инсон маънавий дунёси поклиги, йўл қўйилган ҳар қандай хатонинг жазосиз қолмаслиги масаласи туради. Қарама-қарши руҳий кечинмалар тасвирига бой бу достонда бахши тингловчи ёдида сақланиб қоладиган бир қатор образлар ярата олган. Айниқса, Орзигулнинг боғбон хонадонидан чиқиб кетиш лавҳасида ички кечинмалар ифодаси эътиборга лойиқ:

Жасадимда жоним бўлганди ғариб,
Ўлганим яхшидир четларга бориб,
Ушбу савдоларга жонимни бериб,
Кетарман юртимдан, отадан кечиб.
Пухта билгин, ота-эна, кетарман,
Ўзга элдан бориб, макон тутарман.
Қайтиб отам билан бирга турарман,
Қулоқ солинг, Орзугулнинг зорига,
Тургилик қилмади ушбу шаҳрига
Қайтиб  ота лозим қизнинг бағрига?!

Достонда инсон, ота, фарзанд, оила, бурч каби фалсафий масалалар оддий халқ нуқтаи назаридан таҳлил этилади, салбий хусусиятлар қораланади.
Ислом шоир Назар ўғли 1953 йилда 79 ёшида вафот этди. Унинг ҳаёти ва ижоди атоқли фольклоршунос олимлар Ҳоди Зарифов, Музайяна Алавия, Мансур Афзалов, Охунжон Собиров томонидан ўрганилган. Ислом шоирдан ёзиб олинган, нашр этилган бадиий асарлар, унинг ижодига бағишлаб нашр қилинган китоблар, мақолалар сони уч юздан кўп. Бахшидан мерос бўлиб қолган достонларни халқимиз ҳамон севиб ўқимоқда.


Савол ва топшириқлар:
1. Ислом шоир ҳақидаги Ёдгор бахши Исоқов хотирасини қисмларга бўлиб таҳлил қилинг.
2. Бахши меҳр билан ижро қилган “Орзигул” достонини ўқинг.
3. Ислом шоирнинг ўзбек халқ бахшилари қаторидаги ўрнини изоҳланг.


Адабиётлар:
1.    Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – Москва: ОГИЗ, 1947. – С. 52-53.
2.    Ислом шоир ва унинг халқ поэзиясида тутган ўрни / Ўзбек халқ ижоди бўйича тадқиқотлар. – Т.: Фан, 1978.
3.    Собиров О. Атоқли халқ шоири / Ислом шоир ва унинг халқ поэзиясида тутган ўрни. – Т.: Фан, 1978. Б. 3-9.
4.    Афзалов М. Талантли куйчи / Ислом шоир Назар ўғли. Танланган асарлар. – Т., 1953. – Б. 3-13.
5.    Орзигул достони.  – Т.: Фан, 1956.


БОЛАЛАР ФОЛЬКЛОРИ

Болалар фольклори халқимиз оғзаки ижодининг таркибий қисмини ташкил этади. Унинг ўзи топишмоқ, тез айтиш, санамачоқ каби кўп жанрлардан ташкил топган. Катталар фольклоридаги қўшиқ, эртаклар болалар фольклорида фарзандларга мослаштирилган ҳолда яратилган бўлади. Аммо, достон, мақол, аскиялар мазмунан мураккаб ҳаётий муаммолар билан боғлиқ бўлгани сабаб болалар фольклорида учрамайди. Олимлар болалар фольклорини кимлар яратади, деган саволга жавоб беришга уринганлар. Ўзбек фольклоршунослигининг асосчиси Ҳоди Зарифов билан бир куни илмий суҳбатда нима учун болалар фольклори ҳақида мақола ёзмаганларини сўрадик. Шунда устоз бу оғзаки ижод намуналари ўта сирли ва мураккаб эканини айтдилар ва мазкур асарлар ҳақида мақола ёзишга журъат этмасликларини тушунтирдилар. Уларнинг фикрича, айрим қўшиқлардаги сирли ифодани изоҳлаш жуда мушкул экан. Масалан:

Чори чамбар
Бори анбар. 
Она қиз қайда?
Ола-була тоғда! –

қўшиғининг моҳият мазмуни аза билан боғлиққа ўхшайди. Биринчи ва иккинчи мисрада тобут тасвири бордек. “Чамбар” доира маъносини беради. Аммо чори чамбар деганда, тўрт бурчак ҳолда чегараланиш тушунилади. Бу эса тобутга алоқадор бўлиши мумкин. Энди “анбар”ни олайлик. Анбар “Эркаклар тобутининг тўрт бурчагида тик қоқилган таёқларга ўралган газлама, сурп; шунингдек, аёллар тобутининг тепасига ишком тарзида эгиб ўрнатилган тол ёғочлари устига ёпилган малла бўз” . Қўшиқнинг 3 ва 4-мисраларида “Она қизи” сўраляпти ва “Ола-була тоғ” тилга олинмоқда. Бу эса устоз изоҳига кўра гўрни эслатади. “Хўш, - деган эдилар устоз, - бу қўшиқ ҳаракат билан айтилади. Оҳанги шўх. Унда одамни кўмиш билан боғлиқ мазмун нима қилиб юрибди. Буни изоҳлаш ўта мушкул”. Зеро, болалар фольклори юзасидан фикр юритганда, жуда эҳтиёткорлик билан ҳар бир сўз, ҳар бир ифоданинг моҳиятини ҳисобга олиш лозим. 1988 йилда Фарғона вилоятининг Бувайда туманига фольклор экспедициясига борганимизда талабаларимизнинг битта гуруҳи ниҳоятда гапга чечан 9-10 ёшлардаги бир бола билан учрашиб қолган. Ундан қўшиқ, топишмоқ жанрларига мансуб матнлар ёзиб олишган. Суҳбатнинг охирида  ўзи ўйлаб топган топишмоқни топишни сўраган. Топишмоқ қуйидаги матндан иборат эди: “Битта дарахт. Дарахтнинг тўққизта шохи бор. Ҳар бир шохнинг ўнг тарафида саккизта, чап тарафида саккизда барг бор – шуни топинг”. Талабалар дафтарларини назорат қилаётганда, шу топишмоқ ҳаммамизни ўйлашга мажбур қилди. Охири топишмоқ матнидаги рақамларни ёзиб, уни топишга қарор қилдик. Рақамлар ёзилганда эса 1988 рақами аниқ кўринди ва жумбоқ жорий йил экани аниқ бўлди. Бунга ўхшаш мисоллар экспедиция давомида тез-тез учраб туради. Айтмоқчимизки, болалар фольклори матнини ижод қилишда бевосита ёшларнинг ўзи иштирок этиши инкор қилинмайди. Лекин болалар фольклорининг салмоқли қисми асосан катталар томонидан яратилади. Бизнингча, ёзма адабиётда ўз асарларини болалар учун ёзадиган адиблар бор. Хусусан, Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Ҳамза Имомбердиев каби шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ўзбек болалар адабиёти ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган. Замон ўзгариб, китоблар нашр қилингани боис асарлар муаллифлари ўз исмлари билан ёзган шеър, эртакнамо романлар, топишмоқларни нашр эттирмоқдалар. Китобларни нашр қилиш имкони йўқ қадим замонларда эса улар ёдга олинган ва авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтган. Шундай қилиб, болалар фольклори деб аталган сирли жавоҳирлар сандиғи яратилган. Масалан, Тоҳир Муллабоевнинг битта топишмоғини олайлик:

Ёғочдан силлиқ тани,
Илма тешик бадани,
Бағридан ўтса ҳаво
Таралар майин наво .

Шоирнинг най – мусиқа асбобига бағишланган топишмоғи болаларга маъқул бўлгани учун улар ёдлаган матнларини бир-бирларига айтадилар.
Ҳар ким ўз фарзандининг ақлий ва жисмоний жиҳатдан комил бўлиб етишишини хоҳлайди. Бола ёшлигидан эртак ва қўшиқлар таъсирида улғаяр экан, унинг маънавий қиёфаси шаклланади. Қувлашмачоқ, бекинмачоқ, чиллак, варрак учириш эса уни жисмонан чиниқтиради. Бинобарин, асрлар давомида халқ болани ақл, фаросат, хотира машқлари ва турли жисмоний ҳаракатлар орқали балоғат ёшига етганида ҳаётга ҳар жиҳатдан етук инсонни тайёрлаш режаси асосида иш олиб борган. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, дунё илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ўнлаб алломаларнинг айнан бизнинг миллатимиз ва юртимиздан чиқишида болалар фольклоридаги қўшиқ, эртак, чандиш, топишмоқ, тез айтишлар ҳиссаси ҳам йўқ эмас.
Қадим замонларданоқ ҳаёт тажрибасини етук олимлардек таҳлил қила олган халқимиз болалар фольклори асарларини жаҳон педагогикаси талаблари асосида яратишга эришди. Бу талабларнинг, энг муҳими, мазкур намуналар тилидаги соддалик, мазмундаги ёрқинлик билан белгиланган. Шунингдек, бу асарлар, албатта, тарбиявий аҳамият касб этгани ҳолда, болаларда халқига, ватанига, қадриятларга, аждодларига ҳурмат руҳини шакллантириши керак эди. Бола ҳаёт ҳақидаги дастлабки тажрибаларга эга бўлганидан уй ҳайвонларининг табиати ва хусусиятлари, ваҳший ҳайвонлардаги асосий белгилар билан эртаклар воситасида билиб олади. Айни пайтда, гўзаллик қадрига етиш, ҳис-туйғуларни ифодалай олиш йўлларини ўрганади.
Бола гўдаклигидан онасининг алласини эшитади. Севимли шоиримиз Чўлпон она алласидаги сеҳрли дунё ифодасини шундай таъриф этади: “Бир бола ухламаса, алла айтадилар. Бола тез ухлаб кетар. Чунки ул андин бир лаззат ҳис қилур”. Бола руҳига қилинадиган таъсир, аввало, она меҳри, она қалбидаги муҳаббат билан йўғрилган бўлади. Кексаларимиз алладаги бола руҳига иймон, ватанга муҳаббат, халқига ҳурмат, ўзи туғилган оилага иззат сингдириш фазилатини кўп қайд қилганлар. “Алла” луғавий жиҳатдан “чархпалак бўлмоқ”, “йиқилмоқ” маъносини ҳам беради. Айни пайтда бу сўзнинг “Аллоҳ”дан олингани ҳам олимлар томонидан қайд этилган. Халқ қўшиқларининг бу тури деярли ҳамма халқ оғзаки ижодида бор. Уни руслар “колыбельная”, грузинлар “нанина” деб аташади. Ҳатто Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асарида “бешик” сўзи бор. Бешик бўлганидан сўнг мантиқан болани овутиш қўшиғининг бўлишини табиий ҳол деб қабул қилиш лозим.
Алла қўшиқлари мазмунан бир неча кўринишда бўлиши мумкин:
1. Онанинг фарзанд кўрганига шукр қилиши.
2. Фарзандга бахт тилаши, унинг келажагини Яратгандан сўраши.
3. Ёш онанинг ҳис-туйғуларини ифодалаши, баъзан турмушдан ҳасрат қилиши. Аммо алланинг мазмуни қандай маънони ифодалашидан қатъи назар онанинг фарзандига бўлган муҳаббати устуворлик қилади.
Асрлар давомида миллатимизнинг ижодкор вакиллари томонидан яратилган халқ қадриятларидан бири бўлган алла момодан онага ўтаётган маънавий меросдир. Академик Ғафур Ғулом ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони бешинчи бобидаги:

Бешик даврида чинию хитойи,
Бўлиб юз нўш лаб дастонсаройи.
Кўзининг нози элдин элтиб уйқу,
Анга уйқу кетурмакка навогў .

байтларига: “Бешик атрофига чинликлар ва хитойликлар йиғилиб, юз оҳанг билан алла айтар эдилар. Боланинг кўзидаги ноз бошқаларнинг кўзидан уйқусини қочирар ва улар Фарҳоднинг уйқусини келтириш учун алла айтар эдилар”  – деб изоҳ беради. Фарҳоднинг улғайганида буюк Навоий ҳавас қиларли даражада баркамол инсон бўлиб етишишида ана шу аллалар таъсирини ким инкор этади. Ахир дунё таниган олимларимиз, ғазалу достонлар битган адибларимиз гўдаклигида алла эшитиб улғайган-ку. Тиббиёт илмининг буюк алломаси Абу Али ибн Сино инсон соғлигида товуш ва оҳангнинг, алланинг жуда муҳим аҳамият касб этишини қайта-қайта таъкидлаган эди.
Аллани она жуда берилиб айтади. Баъзан аллани эшитган одам онанинг ўзи аллага айланиб кетди, шекилли, деб ўйлайди. Аммо шу пайтда она боласининг аллани тушунмаслигини хаёлига ҳам келтирмайди. Қолаверса, бунинг аҳамияти ҳам йўқ, чунки муайян лаҳзада она хаёллар оламида сайр қилаётган бўлади. Бола учун эса бешикнинг бир маромда тебраниши ва алла куйи аҳамиятлидир.
Ўзбек болалар фольклори таниқли олим Ғани Жаҳонгиров ва профессор Охунжон Сафаров томонидан ўрганилган. Хусусан, О.Сафаров она айтадиган аллалар мазмун ва композиция жиҳатдан турларга бўлинишини кўрсатади: пароканда, воқеабанд, маиший, тарихий аллалар мавжуд бўлиб, улар бир-биридан фарқ қилади. Ҳар бири мустақил мазмун билдирувчи тўртлик аллалар пароканда ҳисобланади:

Мен сени алла қилай, алла,
Кўтариб катта қилай, алла.
Алла жоннинг роҳати, алла,
Уйқу кўзнинг роҳати, алла.

Ўрик ёғоч бешигинг, алла,
Ўргилиб кетсин онанг.
Тут ёғочдан бешигинг, алла,
Термулиб ўтсин онанг, алла.

Пароканда – тартибсиз, тарқатилган маъносини ифодалайди. Бинобарин, пароканда аллаларнинг ҳар бирини алоҳида айтиш мумкин.
Воқеабанд аллаларда мисралардаги мазмун бир-бирига боғланади, яъни воқеаси бандланган – боғланган бўлади. Уларни олдинма-кейин айтиш мумкин эмас:

Паст-пастгина тепадан,
Тойдим тушдим-о, алла.
Қўлимга қайчи олиб-о,
Сенга  - қўғирчоғим-о,
Чопон бичдим-о, алла.


Енглари тор келмасин, деб
Қўлингга қараб-о, алла.
Чопон бичган қўлимни-ё,
Менинг тойлоғим-о, алла,
Ойи бордир-о, алла,
Жоним болам-о, алла.

Маълум бўладики, воқеабанд аллаларнинг мазмунан бирлиги уларни аралаш ёки алмаштириб ижро этишга йўл қўймайди.
Маиший аллаларда лирик йўналиш етакчи бўлади. Агар аввалги тур аллаларда она мақсади, асосан, алла айтишга қаратилган бўлса, маиший турда она энди алла айтишдан ҳам кўпроқ ўзининг ички ғамини, дард-ҳасратни ифодалайди. Энди алла фақат восита вазифасини ўтайди. Бош мақсад эса, ҳис-туйғуни ифодалашга қаратилган бўлади:

Шафтоли шохига зар, алла,
Ғайноли баргига зар, алла.
Мен дадангга интизор, алла,
Кўз тикарман беқарор, алла.

Бу аллани кўпроқ эри урушга кетган, узоқ ва хавфли сафарларда қатнашаётган ва оила эркаксиз қийналаётган пайтларда айтишган. Улар лирик асарлар сифатида айтувчи ички кечинмаларини ифодалаган.
Тарихий аллалар нисбатан кам айтилган. Уларда муайян давр, воқеа-ҳодиса акс этган:

Афғонистон тоғлиги-ё, алла,
Ялтиллайди балиғи-ё, алла.
Кундан-кунга ортади-ё, алла,
Амирликнинг солиғи-ё, алла.

Шундай қилиб, болалар фольклорига нисбат бериладиган аллалар онанинг қалб қўшиғи ҳисобланган. Бола алланинг сўзини тушунмаган, куйидан роҳат олган. Она бўлса, бир томондан, қувончини, иккинчидан, алами ва дардини айтиб кўнглини бўшатган. Натижада, ҳар икки тараф: она ҳам, бола ҳам ютуқда қолган.
Болалар фольклорининг яна бир жанри эртаклардир. Болаларга мўлжаллаб яратилган эртаклар сюжетдаги яхлитлик, тилдаги соддалик, воқеалар баёнидаги такрорийлик хусусиятлари билан ажралиб туради. Матнлар ҳажми чекланган бўлади. Кўпроқ маърифий мазмундаги ҳайвонлар ҳақидаги эртаклардан ташкил топади. Лайлакнинг тумшуғи узунлиги, бургутнинг эркинлиги, бўрининг ваҳшийлиги, отнинг сезгир жонивор эканлиги ҳақида эртаклар яратилади. Бола уларни эшитиш билан ҳам ҳаёт тажрибасини ўзлаштиради, ҳам сокин бир вазиятда уйқуга мойиллик сезади. Кўпинча, бу тур эртакларда бир хил воқеанинг бироз фарқ билан такрорланиши кузатилади. Масалан: “Қарға билан қўзи” эртагида Қарға Қўзини емоқчи бўлади. Қўзи Қарғага тумшуғини ҳалоллаб ейишни маслаҳат беради. Қарға дарё бўйига тумшуғини ҳалоллаш учун келади. Дарёдан сув олиш учун кўза кераклигини айтиб, уни кулолга жўнатади. Кулол кўза қилиш учун тупроқ олиб келишни айтади. Эртак давомида турли сабаблар билан  қарғани кийикка, ит эгаси Пўлатвой акага, сигирга, Тошвой акага, ўтга, устага, кўмирга жўнатишади. Охири Қарға ўроқни олиб келаётганида, ўроқ қанотини кесиб кетади ва Қарға мақсадига ета олмайди. Аммо эртакнинг охиридаги Қарғанинг сўзлари бу ҳаётда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ эканини тасдиқлайди. Унинг нутқи эртак мазмунини жуда бойитиб юборувчи монологдан иборат бўлиб қолади.
Қарға бу ердан ҳам учиб, ўшал кўмирчиларнинг олдига бориб:
- Кўмирчи ака, кўмирчи ака, беринг кўмир, қилсин ўроқ, ўрай қуроқ, есин сигир, берсин сут, ичсин този, қувсин кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, семиз, аъло, ейман қўзи, - дебди.
Эртакдаги Қарға нутқига диққат қилсак, кўзани кулол, ўроқни темирчи қилиши ҳақида маълумот оламиз. Айни пайтда, бутун эртак мазмуни шу жумлада мужассамлашган. Дарё, темирчи, кулол, кийик, дала – ҳаммаси қўзи тарафида. Қўзи эса эзгулик тимсоли. Қарға нима учун мақсадига ета олмагани эртак моҳиятидан англашилади.
Маълумки, “Моҳистара”, “Сув қизи” каби эртаклар, асосан, балоғат ёшига етганлар учун яратилган. Аммо бу эртаклар қаторидаги айрим намуналарни болалар учун ҳам айтилганлигини тахмин қилиш мумкин. Хусусан, биз бу ўринда “Уч оғайни ботирлар” мазмуни ва баён услубига ўхшаш асарларни назарда тутмоқдамиз. Чунки “Уч оғайни ботирлар”да асосий мақсад ёш фарзанддаги ирода, зеҳн, ақл, фаросат фазилатларини ривожлантиришга қаратилган. Отанинг насиҳатига диққат қилайлик:
1.    Тўғри бўлинг – бехавотир бўласиз.
2.    Мақтанчоқ бўлманг, уятга қолмайсиз.
3.    Дангаса бўлманг, бахтсиз бўлмайсиз.
Ота насиҳатида инсон ҳаётининг мазмуни мужассамлашган. Учта маслаҳатга амал қилган фарзанд хавотирсиз яшаса, уятга қолмаса, бахтсиз бўлмаса, унга яна нима керак? Яъни эртак бевосита болалар фольклорига мансуб бўлмаса ҳам уни моҳият ва бажариш вазифасига кўра бу тур қаторида тасаввур қилиш мумкин. Чунки бу эртак ниҳоятда ҳаётийлиги ва воқеалар тизимининг самимийлиги билан эътиборимизни қозонган.
Болалар қўшиқлари ҳам эртаклар каби муайян фарқларга эга. Аввало, болалар қўшиқлари кўпинча ўйин ва жисмоний ҳаракатлар билан айтилади. “Бойчечак”, “Офтоб чиқди оламга”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Читтигул”, “Лайлак келди, ёз бўлди”, “Ёмғир ёғалоқ” каби ўнлаб қўшиқлар болалар ижроси репертуарини ташкил этади. Эътибор берган бўлсангиз, уларнинг деярли ҳаммаси йил фасллари билан боғлиқдир. Улар мазмунига кўра баҳор ва ёз кунлари айтилади. Хусусан, “Бойчечак” қиш бўйи қора қор остида совуқдан зериккан ернинг қуёш нурларидан баҳра олиб бағридан чиқарган биринчи чечакка бағишланади. Уни битта яккахон қўшиқчи бошлайди, болалар нақаротга қўшиладилар:

Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айронди.
Айронингдан бермасанг,
Қозон-товоғинг вайронди.
Нақарот:
Қаттиқ ердан қақалаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.
Профессор О.Сафаров болалар фольклорининг таниқли мутахассиси сифатида жуда кўп қўшиқ намуналарини ёзиб олган. Ана шу ёзилган асарлар қаторида қуйидагилар қайд этилган:

Шафтоли пишди,
Тагига тушди.
Хомини уздим
Дадам уришди.

ёки:
Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди.
Лайлак боради тоққа,
Қулоқларида ҳалқа.
Ҳалқани оп қочайлик,
Эл бошига сочайлик.
Элнинг муроди кулсин,
Лайлак баландроқ учсин.

Нисбатан кам бўлса-да, қиш фасли билан боғлиқ қўшиқлар ҳам учрайди:

Қор ёғди гупиллатиб,
Қор бува тўққиллатиб,
Кириб келди мактабга
Соқолин селкиллатиб.

Болалар қўшиқлари булбул, чумчуқ, қирғий, қарға, каклик, мусича каби қушларга ва эчки, қўзи, қуён, ит каби ҳайвонларга атаб тўқилган лирик парчалардан иборатдир:

Ағам-бағам тишини кўрдим,
Югурганда тилини кўрдим.
У чопарди дукур-дукур,
Қуён экан ҳаром ўлгур.

Шундай қилиб, оғзаки ижодимиздаги халқ қўшиқларининг таркибий қисмини ташкил қилувчи болалар қўшиқлари кўпинча йил фаслларига, қуш ва ҳайвонларга, табиатдаги ўзгаришларга бағишланган бўлиб, мазкур нарса-предметлар ва ватан манзараларига нисбатан муносабатларнинг бадиий ифодаси сифатида баҳоланади. Бу қўшиқлардаги мисралар бўғин сонига кўра 6-8 тадан ошмайди. Қўшиқдаги мисралар сони 6, 8, 10 тани ташкил этади. Бу хусусият уларни ўйнаб ижро этиш имконини беради.
Олимлар фикрича, тез айтишлар болалар фольклорига нисбатан кейин қўшилган жанр ҳисобланади. Улар аввал “тутал”, “чалғитув”, “чалиш”, “адашиш” атамалари билан машҳур бўлган. “Тез айтиш” эса кейин қўлланган. Вақт ўтгани сари бу жанр катталардан болалар фольклорига ўтган. Қадимги қоидаларга биноан тез айтишни бир нафас олиш билан айтиш талаб қилинган. Қадимги тез айтишларда эса талаффуз қилиш осон бўлмаган сўзлар сони кўп бўлган. Шунинг учун уларни авваллари катталар фольклорига мансуб берадилар. Ёш бола уларни бир нафасда айта олмаган. Ҳозирги кунда бундай намуналар болалардаги айрим товушларни талаффуз қилиш қийин эканига кўра танланади. Масалан, “р”, “л”, “с”, “ш”, “ч” товушларини аниқ айтиш мўлжалланган тез айтишлардан кўпроқ фойдаланилади:

Чархим чакалак,
Таноби чархим чакалак,
Чархимда гуноҳ йўғу.
Ўзим ҳакалак.

“Р” товуши талаффузига бағишланган қуйидаги тез айтишга эътибор беринг:

“Бир туп тут. Бир туп турп.
Бир туп тут, бир туп тутнинг тагида бир туп турп.
Бир туп тут бир туп турпнинг томирини туртиб турибди.
Бир туп турп бир туп тутнинг томирини туртиб турибди.
Бир туп тутнинг томирини туртиб турган бир туп турпнинг томирини бир туп тутнинг томири туртиб турибди.
Бир туп турпнинг томирини туртиб турган бир туп тутнинг томирини бир туп турпнинг томири туртиб турибди”.
Биз юқорида тез айтиш катталар фольклорига мансуб бўлган деганимизда ана шу матнни назарда тутган эдик.
Бу жанр кўпроқ болалар ўртасида айтиладиган бўлганидан сўнг матн ҳажми қисқарган. Хусусан, қуйидаги кўринишларга эга бўлган:

Оқ чойнакка кўк қопқоқ,
Кўк чойнакка оқ қопқоқ.

Қишда кишмиш пишмасмиш,
Пишса кишмиш, қишмасмиш.

Баъзан тез айтишларда ўзига хос ширин кулгили вазиятлар ҳам акс этиши мумкин: “Наманганда бор экан бир уста Муса пуч пистапуруш. Ўша уста Муса пуч пистапурушнинг олтмиш қоп пуч пистаси бор экан. Олтмиш қоп пуч пистаси бўлса ҳам ўша уста Муса пуч пистапуруш. Олтмиш қоп пуч пистаси бўлмаса ҳам ўша уста Муса пуч пистапуруш”.
Айтиш мумкинки, халқ ижодидаги тез айтиш шоирларимизга ҳам таъсир қилди. Кўп шоирларнинг тез айтишлари телевидение, радио, кичик синфлар учун тузилган дарслик ва қўлланмалардан ўрин олмоқда.
Ёш йигит-қизлар ўртасида санамаларни билмайдиганлар бўлмаса керак. Ёшлигимизда ўйнаган қувлашмачоқ, бекинмачоқ ва бошқа ўйинларда кимдир хизматда қолиши керак бўлган. Гуруҳ иккига бўлинганда, холислик талаб қилинган. Ана шундай вазиятларда санамаларга мурожаат қилганмиз. Санамалар матнларида эса биз эътибор қилмаганимиз ҳолда бир неча мақсадлар назарда тутилган. Аввало, кичикроқ ёшда эканимизда санашни ўрганганмиз. Ундан ташқари қофиялар, истиоралар, сифатлашлар ёдимизда сақланиб қолган.
Олимларнинг маълумот беришича, санамалар турли халқлар оғзаки ижодида кенг тарқалган жанрдир. Русларда “считалка”, тожикларда “шумурак”, туркманларда “санавоч”, татарларда “санашу” деб аталади. Улардаги умумийлик санаш билан боғлиқликда ва матндаги қофияга риоя қилишда намоён бўлади. Бу хусусият уларни ёдлашда қўл келади:

Қовун палак,
Гувак отди.
Гувак эмас,
Чувак отди.
Чувак қовун
Ширин экан,
Сафдан чиқсин
Қўлим теккан.

Ўзбек болалари фольклори тадқиқотчиси О.Сафаров маълумотига қараганда, 800 мисрага яқин ҳажмда 150 дан ортиқ санамалар аниқланган. Юқоридаги рақамлардан ўзбек фольклорининг бу тури ҳам нақадар бой ва ранг-баранг экани маълум бўлади.
Болалар фольклоридаги яширин тил жанри ўн-ўн беш ёшдаги ўғил-қизларимизнинг ижод қилиш завқи қанчалар кучли эканини далиллайди. Аввало, бу ёшда руҳий жиҳатдан болада ҳаёт романтикаси тараққий этган кўринишда бўлишини таъкидлаш зарур.
Бу давр сирли имо-ишораларга, сирли саёҳатларга чиқиш режаларига, сирли келишувларга бой бўлади. Шулардан бир кўриниши ёки шакли сифатида сирли тиллашувни эсга олиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, одам ўйлаб кўрса, икки киши сўзлашса-ю, ҳеч ким уларнинг суҳбатини тушунмаса, қандай мароқли. Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романидаги “Кумушнинг сўз ўйини” бобида Отабек билан Кумуш суҳбатини сирли парда остида тасвирлаган. Зайнаб Кумушнинг Отабекка айтган дил сўзларини мутлақо тушунмайди. Бу билан ёзувчи ўзбек табиатидаги яна бир гўзал фазилат ҳақидаги ўз тасаввурини китобхонга етказган эди. О.Сафаров томонидан “Яширин тил” деб шартли равишда номланган жанр ҳам ўзига хос кашфиётлардан бири сифатида баҳоланиши мумкин. Олимнинг таъкидлашича, яширин тилнинг вужудга келишида 3 йўналиш мавжуд:
1. Бўғиндан сўнг бўғин қўшиш орқали негизида сўзни сунъий равишда синдирган ҳолда чўзиш ҳисобига ҳосил қилинган яширин тиллар.
- Мазан Қозодизирнизи ўзортозоғизим дезеяза озолмазаймазан.
- Незегаза?
- Хазабазарказашлизик қизилазадизи.
(- Мен Қодирни ўртоғим дея олмайман.
- Нега?
- Хабаркашлик қилади).
2. Бўғин ёки товуш олдидан товуш қўшиш асосида ҳосил қилинган яширин тиллар.
- Чмен чга чдаф чта чринг чни чбе чриб чтур.
- Чўз чимчга чкерчак.
( - Менга дафтарингни бериб тур.
- Ўзимга керак).
3. Сўзни тескари айтиш.
- Инамирак имгнидрўк?
- Қўй.
( - Каримани кўрдингми?
- Йўқ) .
Юқорида қайд қилинган асосий усуллар ички келишилган тартиб билан бошқача қоидалар билан бойиши натижасида янги-янги яширин тил кўринишларини касб этиши мумкин.
Болалар фольклори ҳақида аввалги саҳифаларда юритилган муносабатлар халқимизнинг фарзанд тарбиясига, халқ ва юрт келажагига ўта масъулият билан муносабатда бўлиш туйғуси қанчалар кучли эканини далиллайди. Иккинчи томондан, авлод ҳам вояга етганидан сўнг аждодлар хотирасига ҳурмат билан муносабатда бўлган. Чунки халқ қадриятларини эъзозлаш, тарихимизга эҳтиром билан муносабатда бўлиш алла оҳанги билан жисмимизга сингиб кетган. Эртаклар, тез айтиш, топишмоқ, санамалар, қўшиқлар билан овунганмиз. Охир-оқибат бу асарлар бизнинг руҳан, табиатан ўзбек бўлиб вояга етишимизга хизмат қилган.   
Савол ва топшириқлар:
1. Болалар фольклорининг катталар фольклоридан фарқ қилувчи ва ўхшаш жанрларини алоҳида-алоҳида айтинг, изоҳланг.
2. Болалар фольклорига мансуб асарлар қандай хусусиятларга эга бўлиши керак? Нима учун?
3. Бу жанрга оид асарлардан намуналар ёзиб олинг. Ёдланг.

Адабиётлар:
1.    Жаҳонгиров Ғ. Ўзбек болалар фольклори. – Т.: Ўқитувчи, 1975.
2.    Сафаров О. Ўзбек болалар поэтик фольклори.  – Т.: Ўқитувчи, 1985.
3.    Сафаров О. Фольклор – бебаҳо бойлик. – Т.: Муҳаррир, 2010. – Б. 231-284.
4.    Бойчечак. Қўшиқлар. – Т.: 1984.




ЎЗБЕК МАРОСИМ ФОЛЬКЛОРИ
“Инсонга сиҳат-саломатлик тилаш, унинг турмушида тўкин-сочинлик, кундалик ҳаётида омад келтириш ёки инсон ҳаётининг муҳим нуқталарини қайд этиш, нишонлаш мақсадида махсус ўтказиладиган, халқ орасида қатъий анъанага айланиб қолган хатти-ҳаракатлар маросим”  – дейилади. Таниқли олим Баҳодир Саримсоқовнинг таърифидан маълум бўладики, маросим халқ орасида қатъий анъанага айланган тадбир ҳисобланар экан.
Инсон туғилганидан то ҳаётдан кўз юмгунига қадар ўнлаб маросимлар гувоҳига айланади. Гоҳида унинг марказий қаҳрамони, гоҳида иштирокчи, гоҳида оддий кузатувчи бўлади. Аммо маросимлар ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида ҳамиша ҳамроҳликда содир бўлаверади.
Маросим араб тилидаги “марсум” ((ﻤﺮﺴﻭﻡ сўзидан олинган бўлиб, 1 – чизилган; 2 – расм қилинган; 3 – одат бўлган маъноларини англатади. Муайян қоидалар асосида чизилган, миллат томонидан расм қилинган ва одат тусига кирган тадбирларни эса шартли равишда уч турга бўлиш мақсадга мувофиқдир.
1.    Оилавий маросимлар. Улар, одатда, бирор шахс ёки оила аъзоси ҳаётидаги муҳим воқеалар муносабати билан амалга оширилади. Оилавий маросимлар иштирокчилари қариндошлар, қуда-андалар, дўстлар, таниш-билишлар, қўшнилар ва маҳалладошлар иштирокида ўтади.
2.    Табиатда рўй берган ўзгаришлар, муайян одат, расм-русум билан алоқадор ва маълум даражада зарурат оқибатида ташкил қилинадиган маросимлар. Бундай маросимлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларида уюштирилади. Уларда бирор қишлоқ, маҳалла, туман аҳолиси қатнашади. “Шох мойлар”, “Суст хотин”, “Чой момо”, “Дарвишона” кабиларни шулар жумласига киритиш мумкин.
3.    Умумхалқ байрамлари муносабати билан тантанали равишда ўтказиладиган маросимлар. Бундай маросимларга Мустақиллик байрами, Наврўз байрами, Ийди Рамазон, Ийди Қурбон, Ҳосил байрамлари нисбат берилади. Умумхалқ байрамлари бутун мамлакат миқёсида нишонланади. Ҳар бир оила бундай маросимларга ўзининг ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади.
Оилавий маросимлар. Халқ тажрибасидан ўтиб, анъанавий тус олган оилавий маросимлар, асосан, уч турдан иборат бўлади. Уларни тўй, мотам, бирор оила аъзоси ҳаётидаги муҳим воқеа (касалдан тузалиш, илмий даража олиш, ҳаж сафарини бажо келтириш ва бошқалар)нинг рўй бериши муносабати билан ўтказиладиган йиғинлар ташкил этади.
Одатда, янги оиланинг пайдо бўлиши никоҳ тўйлари билан бошланади. Қизни турмушга бериш ҳаракатини оиласига совчи келиш белгилаган. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асарида “сав” сўзининг хабар бериш маъноси борлиги қайд этилган. Шу маълумотга асосланиб “совчи” миллий тилимиздаги энг қадимги сўзлардан эмасмикан, деган фикрга бориш мумкин. Чунки совчи бўлажак келин оиласига куёв ҳақида, унинг шу қизга уйланиш нияти борлиги ҳақида, куёвга эса келиннинг рози, рози эмаслиги ҳақида хабар берувчи элчи ҳисобланади. Тўй маросими ҳам тўй олиб келиш, индовчи юбориш, зиёфат бериш, ёр-ёр айтиш, тортишмачоқ, айрим вилоятларда кампир ўлди, қўл силатди каби қатор кичик саҳнали маросимлардан иборат бўлади. Аслини олганда, ҳар бир тўй келин ва куёв яшайдиган ҳудуд аҳолиси томонидан йиллар давомида ўйлаб топилган саҳна – сценарий асосида ўтказилади. Унинг иштирокчиси бошқа бўлади, холос. Яъни иқтисодий таъминланиш, эл-юртдаги ҳурмати, тўй харажатига муносабати тўйнинг уюштирилиш сифатини белгилайди. Тўй маросимларининг шартлари ҳаётнинг ўтиши билан ўзгариб туради. Масалан, узоқ қадимги замонлар куёв бўлмиш йигит уйланажак қизни жисмоний жиҳатдан енгиши лозим бўлган. Кейинчалик бу шарт қизга талаб чиқаётган йигитлар ўртасидаги курашга кўчган. Яна ҳам кейинроқ бу шартлар ҳам ўзгарган. Ҳар бир ҳаракатда сўз иштирокидаги удумлар бўлган. Ҳозир бу удумлар кўпроқ совчиларнинг сўзга усталиги билан келин тарафни кўндириш, куёв дўстларига сарполар бериш, қиз куёвникига келганида, янгаларнинг қизни куёв тарафга топшириш лавҳаларида сақланиб қолган. Айрим ҳудудларда ёр-ёр, келин салом одатларидан ташқари ўлан айтишади. Қизлар бир тараф, йигитлар бир тараф бўлиб, лирик мазмундаги тортишув ўтади. Масалан, Тошкент вилоятининг Ангрен туманида ўлан айтиш одатига алоҳида эътибор берилади. Республика ўлан айтиш танловининг доимий ўтказилиши эса бу жанр ривожига туртки бўлди, дейиш мумкин.
Йигит:
Ўйна туриб деганда, ўйна туриб,
Ўртанаман – куяман сени кўриб,
Ўртанганда – куйганда сени кўриб,
Эрмаклайсан – куласан, лабинг буриб.

Қиз:
Кийган тўнинг ярашган бўйгинангга,
Мен билмадим не сўз бор ўйгинангда,
Эрмакласам эрмаклай лабим буриб,
Индамасдан бориб ёт уйгинангга.

Тўй давомида келин гулхан атрофида айлантирилади. Бу удум пайти ёр-ёр айтиб турилади. Ёр-ёр тугагач, навбат келин саломга келади. Тошкент ва айрим бошқа ҳудудларда келин салом тўйнинг эртасига айтилади.
Оилавий маросимлар қаторидан ўрин олган яна бир тўй боланинг туғилиши билан боғланади ва бешик тўй деб юритилади. Одатда, бола туғилганидан кейин 7-21 кун орасида ақиқа маросими ўтказилади. Ундан кейин бешик тўйи қилинади. Бешик тўйи янги туғилган фарзанднинг биринчи бешикка беланиши билан бошланади. Бешик тўйида сурнай, доира ва бошқа томошалар кўрсатилади. Қулоқ чўзди ўйинлари ўтказилади. Ҳамма томошалар тугаганидан сўнг кўп фарзанд кўрган, пири бадавлат кайвони она болани мақтайдиган, унга яхши тилак тилайдиган қўшиқ айтади. Бешик жиҳозлари тайёр бўлганида, кайвони она болани “шундай белаймизми?” деб тескари ётқизади. Ҳамма хотинлар “йўқ, йўқ” – деб жавоб берадилар. Шу йўсинда бола бир неча марта бешикка нобоп ётқизилади ва  “шундай белаймизми?” деб сўралади ва яна “йўқ, йўқ” жавоби олинади. Охири “Ҳа” билан бу маросим тугайди. Шундан сўнг болага оналик қилаётган аёл чақалоқни бешикка белаб туриб, қўшиқ айтади:

Қоч-қоч бабаси,
Келди бешикнинг эгаси.
Ота-онанг гапиришса,
Қичқиришса, яна қўрқма!

Қўшиқнинг давомида ит, мушук, эшак ва бошқа ҳайвонлар овоз чиқарса, қўрқмаслиги кераклиги айтилган. Бола беланиб бўлгандан сўнг бешик устидан сочқи сочилади ва исириқ тутатилади. Унинг айтими қуйидагича:

Исириқ, исириқ,
Чатнасин, исириқ,
Тутасин исириқ.
Боламга кўз тегмасин.
Ким қўзимга кўз қилса,
Кўзлари оқиб тушсин.

Шундан кейин бешикдаги бола махсус хонага олиб чиқилади, меҳмонларга ош тарқатилади, хотинлар турли матолар, кийимликлар билан чорланади.
Ўзбекларда эсда қоладиган тўйлардан бири хатна (суннат) тўйи ҳисобланади. Бу тўй хатна, суннат, чупрон, чукрон, қўлини ҳалоллаш каби номлар билан атаб келинган.
Тўй эгасининг қўли очиқлиги, кўпинча, шу тўйда аниқланган. Она тараф той ва куёв тарафни сарполар билан сийлаган. Ота тараф юртга ош берган, қариндош-уруғ ва танишларга дастурхон ёзган. Чорва билан шуғулланадиган ҳудудларда, албатта, кўпкари, улоқ уюштирилган. Қадимги анъаналарга кўра, Хоразмда “Олтин қовоқ”, Андижон, Фарғонада “Қулоқ чўзма”, Тошкентда “Бола маст”лар ўтказилган. Масалан, Тошкентдаги одатга кўра тўй болага зарар қилмайдиган турли ичимликлар берилиб маст ҳолатга келтиришган. Шундан сўнг бола, тоғаси, амакиси ёки қўшни йигитлардан бирининг елкасига опичилган. Зиёфат тўйхонадан маълум масофада уюштирилган. Белгиланган вақтга болани уйга етказишдан аввал хонадонма-хонадон кириб чиқилган. Бу пайтда мана шундай қўшиқ айтилган:

Масжид бўлса, мадраса,
Ҳо ялло, ялло, ялло.
Бир одил пошшо бўлса,
Ҳо ялло, ялло, ялло.
Ҳар ким севганин олса,
Ҳо ялло, ялло, ялло.

Профессор Б.Саримсоқовнинг ёзишича: “Чорқарсак хатна тўйининг энг қизиқ ва ҳал қилувчи нуқтаси саналади. Тўй иштирокчилари катта доира шаклида турадилар. Ички қатордагилар тиз чўкишиб туришади. Ўртага бир ёки икки йигит тушиб чалинаётган қарсак ритми асосида чорқарсакнинг биринчи (чақириқ) бўлими “Яллама ёрим” қўшиғига ўйнашади.” 
Қўшиқ матни:

Бундан бордим, ётибсиз,
Пар ёстиққа ботибсиз.
Пар ёстиқни кўтарсам,
Гулдай тоза ётибсиз.

Нақарот:
Яллама ёрим, яллола,
Яллолашайлик, яллолашайлик.
Тўртта-бешта бир бўлиб,
Ҳасратлашайлик.

Ҳасрат боғингдан,
Қуралай кўзингдан.
Ўлдира берсанг, куйдира бер,
Шаккар сўзингдан.

Ўзбекистонимизнинг вилоят, туманлари кўп. Ҳар бир ҳудуд тўй маросимларини ўтказишда ўз удумларига эга. Шунинг учун уйланиш, қиз узатиш, бешик, хатна тўйларида умумий миллий одатлар асос бўлса-да, улардаги кичик, жузъий тадбирларда бир қатор фарқларнинг кузатилиши табиийдир.
Халқ маросимлари қаторидаги мотамлар энг қадимийларидан ҳисобланади. Яратилганига қарийб 3000 йил бўлган “Авесто”да ҳам вафот этган одамни дафн қилиш бўйича маълумотлар бор. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” асарида эса мотам маросимида айтиладиган қўшиқ – марсиялардан мисоллар келтирилган.
Ўзбек мотам маросимлари жуда кўп турли ҳажмда ўтказиладиган йиғинлардан иборат. Уч, етти, йигирма, қирқ кунликлар; қор ёғди, гул, шир оши, қовоқ каби мовлиятлар шулар жумласидандир.
Марсияларда ҳаётдан кўз юмган одамнинг ҳаётлигидаги фазилатлари, унинг меҳрибонлиги, иймонли эканлиги эсга олинади:

Баланд тоғлар паст бўлдими, вой отам,
Ўлганингиз рост бўлдими, вой отам.
Шамол келмай ўчди чироғим, вой отам,
Куз келмай хазон бўлди боғим, вой отам.

Шу тарзда ота, она, бола, ака, ука, умуман, қариндош номлари тилга олинади. Амаки, тоға, хола, аммалар ҳам ота, она номи билан аталаверади. Бундай қўшиқлар марсия дейилади. “Марсия” араб тилидан олинган бўлиб (ﻤﺮﺛﻴﺔ), “мотам шеъри” маъносини англатади. Халқ орасида марсияни “айтиб йиғлаш” деб ҳам аташган. Завқийнинг “Юзингни кўрсатиб” сўзлари билан бошланадиган мухаммасида: “Сани дарди фироқинг айтиб-айтиб йиғлай ўлгунча” мисрасида ҳам айтиб йиғлаш маъноси йўқ эмас. Одатда, мотам маросими ҳаётдан кўз юмган шахс вафотига йиллик маъракалар ўтказиш билан якунланган.

Мавсумий маросим фольклори
Ўзбек халқи қадим замонлардан деҳқончилик, боғбонлик, чорвачилик билан шуғулланган. Деҳқончилик ҳам, чорвачилик ҳам мутлақ табиат муруввати ва инжиқликлари билан боғлиқдир. Эрта баҳордан кеч кузгача деҳқон далада меҳнат қилади. Қишда эса ерга иложи борича кўпроқ нам сингдириш чораларини кўради. Чорвадор эса йил давомида чорвани семиртириш, кўпайтириш билан банд бўлади. Бинобарин, йил фаслларининг қулай келиши деҳқон хирмонига хирмон қўшади, чорвадор меҳнати самарасини рўёбга чиқаради. Шунинг учун оталар ва момолар ёмғир чақириш, ёмғир тўхтатиш, шамол чақириш ва тўхтатиш тажрибасини ипидан игнасигача кейинги авлодга мерос қилиб қолдиришга одатланган. Натижада, ўнлаб маросимлар кашф этилган. Маросимлар эса, албатта, сўзнинг сирли таъсири билан яшаган, амалга оширилган.
Профессор Маматқул Жўраевнинг “Ўзбек мавсумий маросим фольклори”  китобини ўқиган китобхон ўзбекларда йилнинг 365 кунидаги деярли ҳар бир кун деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик касби бўйича ўзининг махсус номи, маросим билан боғлиқ жиҳатлари борлигига ишонч ҳосил қилади.
Ўзбек мавсумий маросим фольклори йил фаслларида ўтказиладиган маросимлардан иборат. Баҳорги мавсум маросимлари лой тутиш, шох мойлаш, Наврўз, ёмғир чақириш, дарвишона; ёзги маросимлар чой момо; кузги маросимлар шамол чақириш; қишки маросимлар яс-юсунлардан иборатдир. Юқорида қайд этилганлардан ташқари ёзги тўқсон, чилла, қишки тўқсон, чилла, аямажуз, ҳут-ют деб номланадиган ўнлаб удумли муддатлар ҳам маълум даражада маросим қўринишларига эга.
Масалан, лой тутиш маросимида муайян ҳудудда яшайдиган аҳоли ариқларни тозалаш, далага сув чиқаришни осонлаштириш учун ҳашарга чиқади. Хотиралардан бирида бахши Бўра Аҳмедов Шеробод туманида шундай маросим ўтказилаётганда, ҳашарчилар ёнидан ўтиб қолган. Унга лой тутишган. Шунда бахши:

Ҳожакам ҳажга кетди,
Билмадим кужо кетди.
Ўн икки жумуртқадан
Қирқ саккиз жўжа кетди

топишмоғини айтган. Ишлаётганлар бир йил, ўн икки ой, қирқ саккиз меҳнат ҳафтаси яширинган топишмоқни топа олмаганлар ва бахши ариқ тозалаш ишидан озод қолган. Шох мойлар маросими баҳорда қўш чиқариш билан боғлиқ бўлган. Деҳқонлар йил давомида экин-тикин мўл-ҳосил беришига умид қилиб биринчи қўш ҳайдайдиган ҳўкиз шохига зиғир мойи сурганлар. Маросимда деҳқончилик пири – бободеҳқондан мўл ҳосил бўлишини тилаб ният қилишган.
Ёмғир чақириш маросими, асосан, баҳорда ёмғир ёғмаган йилларда ўтказилган. Қадимда муқаддас Яда тоши бўлган экан. Мана шу тош ёрдамида ёмғир чақиришган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғоти-т-турк” асарида шахсан ўзи ёз кунларида ёнғин бўлганда, бу тош мўъжизаси билан ёмғир чақирилиб, ёнғин ўчирилганига гувоҳ бўлганини ёзади. Кейинчалик ёмғир чақириладиган ҳудудларда “Суст хотин” маросими ўтказилган. Бу маросим бир жойда аёллар, бир жойда эркаклар иштирокида ўтказилган:

Суст хотин – султон хотин,
Кўланкаси майдон хотин.
Сув хотин – сувсиз хотин,
Кўйлаклари бўз хотин.

Ҳосиллар мўл бўлсин, сув хотин,
Деҳқоннинг уйи тўлсин, сув хотин.
Каззобнинг уйи куйсин, сув хотин,
Сув хотин – сувсиз хотин.

Юқорида келтирилган матнга ўхшаган қўшиқлар ёрдамида кичик ҳудудларда ёмғир чақириб лалми ерларда экилган буғдойларнинг униш ва ўсиши учун имкон яратишга уринилган.
Ёзги маросимлардан бири “Чой момо” бўлган. “Чой момо” бемаҳал кўтарилган шамолни тўхтатиш мақсадида ўтказилган. Б.Саримсоқов бу маросимнинг Жанубий Қозоғистонда яшовчи ўзбеклар орасида ўтказилгани ҳақида ёзади. 2009 йил Қашқадарё вилоятидаги Қозоқ қишлоғида ўтказилган экспедиция давомида бу ерлик қариялар “Чой момо” маросимини эшитганликлари ҳақида маълумот топдик. Аммо бу янгиликни айтган қарияларимиз маросим тафсилотларини эслай олмадилар. Маросимда қуйидаги матнли қўшиқ куйланган:

Чой момо, чой момо,
Чой момоси ўлибди.
Ўғли етим қолибди.
Боса-боса беринглар,
Босилиб қолсин бу шамол.
Уча-уча беринглар,
Училиб қолсин қув шамол.
Обло-ҳу, Обло-ҳу...

Б.Саримсоқовнинг маълумотига кўра, Сайрам атрофларида маросимни, асосан, кекса аёллар бошлаганлар. Иккита кампир эски уст-бош кийиб, юзларига қоракуя суртиб, қўлларига ҳасса олиб, биттадан калтакни ёғоч от қилиб миниб, “Чой момо” қўшиғини айтишиб, қишлоқ кўчалари бўйлаб юришади. Уларнинг ортидан бошларига қизил шолча ёпинган бешта бўйи етган қизлар қўшиққа жўр бўлиб боришади. Улардан кейинда эса етти-саккиз ёшлардаги бола эшакка миниб олиб, хонадонлардан берилган хайр-садақаларни хуржунга солиб юради. Эшакда ўқлоқ, кели сопи ва супурги қўшиб боғланган бўлади. Шу тариқа иштирокчилар қишлоқдаги барча кўчаларни айланиб қўшиқ айтишади . 
Кузги маросимларда шамол чақириш одати бор. Агар ёз фаслида етилган буғдойни ерга эгиб қўймасин учун шамол тўхтатилган бўлса, кузда донли экинларни шопириш учун шамол чақирилган:

Ҳайдар, ота-онанг ўлибдир,
Моли сенга қолибдир.
Боланг сувга оқибдир,
Шамолингни қўйвор.

Бу тўртликдаги Ҳайдар Ҳазрати Алининг номларидан бири деб белгиланган.
Қиш фаслида Яс-юсун маросимлари ўтказилган. Унда маҳалладаги йигитлар ёки улфатлар йиғилишиб, қимизхўрлик, бўзахўрлик уюштирганлар. Маросимда бўза ичиш, даврада ўтириш, даврадан туриб кетиш, жўра боши (маросим бийи) буйруғини сўзсиз бажариш қоидаларига риоя қилинган. Маросимда қимизни ёки бўзани косагул косага қуйиб тўрт мисрали қўшиқ айтган:

Алёр бўлсин-ай,
Хўжам ёр бўлсин-ай.
Хўжам берган бу давлатга
Душман зор бўлсин-ай.

Қўшиққа коса олган иштирокчи жавоб қайтарган:

Ойга ўхшайдир юзинг,
Чўлпонга ўхшайдир кўзинг.
Шунча ҳам яхши бўлурми,
Халқ ичида юлдузинг.

Ўзбек халқи ҳаёти билан яқиндан танишган одам мавсумий маросимларнинг жуда кўп кўринишларига эга эканига гувоҳ бўлади. Мавсумий маросимлар халқ ҳаётининг таркибий қисмини ташкил қилиб, асрлар давомида ўзбекларда кўнгил очиш, табиатга умид билан қараш, яхшиликка интилиш ниятининг бадиий ифодаси бўлиб келган.

Байрам маросимлари
Ўзбек халқининг байрам маросимлари ҳам кўп. Уларда Ўзбекистонда яшовчи бутун аҳоли иштирок этади. Хусусан, умумхалқ байрамларининг энг азизи Мустақиллик байрамидир. 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинди. 1 сентябрь Мустақиллик куни деб белгиланди. 1991 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили бутун Ўзбекистон мустақил юрт сифатида ўзининг озодликка эришганини нишонлаб келмоқда. Мамлакатнинг пойтахти Тошкентда, Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда, ҳамма вилоятлар марказларида, туманлар марказларида катта тантаналар уюштирилди. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов бутун ўзбек халқига, Ўзбекистонда яшовчи ҳамма миллат вакилларига қарата нутқ сўзлайди. Юртимиздаги бошқа ҳудудларда ҳам маҳаллий раҳбарлар Ўзбекистон мустақиллиги шарафига нутқ сўзлайдилар. Катта байрам концерти уюштирилади. Бу концертларда халқ қўшиқлари, расм-русумлари, достонлардан парчалар, аскиялар, халқ рақслари, амалий санъат намуналари намойиш этилади. Кузги экинлар сайиллари ўтказилади. Ўзбекистон Миллий боғидаги тантаналар телевидение орқали бутун дунёга маълум қилинади.
Ўзбек халқининг энг қадимги байрамларидан бири Наврўз ҳисобланади. Наврўз – янги кун маъносини ифодалайди. Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Наврўз байрами Жамшиднинг тахтга ўтирган кунидан бошлаб нишонлангани ҳақида маълумот  беради. Баҳорги кун ва туннинг тенг келиш кунини 3-4 минг йил олдин кашф қилиш, 21 мартни янги йил байрами сифатида тантанали нишонлашнинг ўзи юртмизда илм тараққиёти қанчалар ривожлангани ҳақида маълумот беради. Қуёшнинг ҳамал буржига киришини аниқ белгилаш астрономия фани кашфиёти ҳисобланади. Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”, Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” асарларида байрамни ўтказиш тарихи, одатлари ҳақида тафсилотлар бор. Масалан, Умар Хайём Наврўз куни бош коҳин подшоҳ олдига май тўла олтин жом, узук, дирҳам, динор, арпа ниҳоли, қилич, ўқ-ёй, довот ва қаламдан иборат совға олиб келишини ва табриклар изҳор қилишини ёзади .   
Наврўз куни, шу кун атрофида одамлар кўк сомса, кўк чучвара, кўк варақи -  сомса, сумалак ва бошқа турли таомлар тайёрлаганлар. Тошкентда ҳалим пишириш одати бўлган. Наврўзда махсус халқ қўшиқларини айтиш расм ҳисобланган. Улардан жарчилар қўшиғи, Наврўз келди, ёз келди, Наврўз ўланлари машҳур эди. Хусусан, “Наврўз олқиши”да шундай дейилган:


Эски йил кетди,
Янги йил келди.
Дошқозонлар тизилсин,
Сумалаклар сузилсин.
Буғдойлар пишиб чош бўлсин,
Еганимиз ош бўлсин.

Сумалак пиширишда эса бошқача қўшиқ айтилган:

Баҳорнинг сен элчиси
Яхшиликнинг белгиси,
Наврўзнинг сен синглиси,
Сумалакжон, сумалак.
Сумалакжон, сумалак.
Сумалакка йиғилар,
Катта-кичик, ҳамма ҳам,
Пишиб чиқса, тотисанг,
Кўнгиллар қувнар бирам.
Сумалакжон, сумалак.
Сумалакжон, сумалак.

Муҳаммад Ризо Огаҳий ўзининг лирик ижодида Наврўз байрами ҳақида диққатга лойиқ маълумотлар беради. Хусусан, шоир Наврўз куни тақдир оғир синовдан ўтказаётган, бетоб, ғариб одамларни зиёрат қилиш савобли эканини таъкидлаган. Навоий ва Огаҳий анъанаси кейинчалик Муқимий, Фурқат, Чўлпон, Ойбек, Ҳ.Олимжон ижодида давом эттирилди. Собиқ шўро тузумида Наврўз байрамига қайта-қайта ҳужумлар уюштирилган. Ҳаракатнинг энг оғир пайти 1986 йилга тўғри келди. Бу йили Наврўз байрами нишонланмаган. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви Наврўзга бўлган муносабатда аниқ кўринади. 1990 йилда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Наврўз умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди. Шундан буён Наврўз байрами ўзбек халқининг орзиқиб кутадиган шодиёнасига айланди.
Умумхалқ байрамлари қаторидан муносиб ўрин олганлари сифатида Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити байрамларини ҳам кўрсатиш мумкин. Юртимиз мустақил бўлганидан бери ислом дини билан боғлиқ бу икки байрам алоҳида нишонлана бошланди. Ҳар йили рамазон ойида ислом динига эътиқод қилувчилар 30 кун давомида рўза тутишади. Оғиз очар пайти бўлганидан сўнг 30 кун ёш болалар рамазон айтишади. Қадим замонларда рамазон айтиш ўспирин йигитлар зиммасида бўлган. Қишлоқ ё шаҳар кўчасининг ўртасида яккахон қўшиқчи атрофида 5-6 та дўстлари билан рамазон айтган. Давранинг икки чеккасида хуржун – халта билан икки йигит эшик олдига бориб даврага қайтган. Хонадон эгалари рамазончиларга ҳадя – эҳсонлар чиқариб беришган. Марғилон шаҳридаги қарияларнинг эслашича, бу маросимлар ўз вақтида жуда файзли ва орзиқиб кутилган дақиқалардан иборат бўлган экан:

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга.
Рамазон ё рамазон, май рамазон,
Муҳаммад умматига май рамазон.

Маккада бир ёғоч бор, боши қора,
Худойим ўғил берсин, қоши қора.
Рамазон ё рамазон, май рамазон,
Муҳаммад умматига май рамазон.

Одатда, рамазон ойи рамазон ҳайити билан якунланган. Аммо йил давомида рамазон айтувчилар ҳам бўлган. Тошкент вилояти Ангрен туманида яшаган марҳум Олтивой ота йил – ўн икки ой отда қишлоқма-қишлоқ рамазон айтган. Ҳар хил яхши ният қилган одамлар унга совға-саломлар берганлар. Ота эҳсончига битта нон бериб, дуо қилиб кетаверган, рамазонни айтаверган.
Хуллас, ислом динимиз билан боғлиқ умумхалқ байрами йилига икки марта: Рамазон ва Қурбон ҳайити сифатида нишонланган. Бу даврда қурби етган одамлар иқтисодий қийналган юртдошларига закот, фитр эҳсонларини беришган.
Шундай қилиб, ўзбек халқи қадим замонлардан ўз ҳаёти давомида турли маросимлар ўтказган ва бу маросимларда Яратган Тангридан яхши орзу-истакларнинг рўёбга чиқишини сўраган. Маросимлар халқ ҳаётининг таркибий қисми сифатида миллий урф-одатлар каби қадрланган.

Савол ва топшириқлар
1.    Маросимларнинг халқ ҳаётида тутган ўрни ҳақида гапиринг.
2.    Маросимларнинг турлари, ўтказилиш қоидаларига изоҳ беринг.
3.    Ўзингиз билган ва қатнашган маросимлар ҳақида гапиринг. Уларнинг ўтказилиш тартибини қариялардан сўранг ва ёзиб олинг.
4.    Бадиий адабиётда халқ маросимларининг ўрнини аниқланг.

Адабиётлар:
1.    Саримсоқов Б. Маросим фольклори / Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. – Т.: Ўқитувчи, 1990. – Б. 116-141.
2.    Саримсоқов Б. Ўзбек маросим фольколори. – Т.: Фан, 1986.
3.    Жўраев М. Ўзбек мавсумий маросим фольклори. – Т.: Фан, 2008.
4.    Жўраев М. Наврўз байрами. – Т.: Фан, 2009.
5.    Шодиев Б. Наврўз байрами. – Т.: ЎзМЭ, 2001.
6.    Қорабоев У. Ўзбекистон байрамлари. – Т.: Ўқитувчи, 1991.
7.    Наврўз (қўшиқлар, афсоналар, одатлар ва иримлар). Тузувчилар: Т. Мирзаев, М. Жўраев. – Т.: Фан, 1992.