Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ
ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

Дилнавоз Юсупова

Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи
(АЛИШЕР НАВОИЙ ДАВРИ)

Ўқув қўлланма

Мазкур қўлланма республика олий ўқув юртлари ўзбек филологияси ва журналистика факультетлари бакалавриат ихтисослигининг 1-босқич талабалари учун мўлжалланган бўлиб, унда Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ  энг муҳим маълумотлар қамраб олинган, буюк мутафаккир  ижодига доир янгича талқинлар берилган. Қўлланма навоийшуносликда қўлга киритилган энг сўнгги ютуқларни ўзида акс эттирганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. 

Масъул муҳаррир:
Афтондил Эркинов,
филология фанлари доктори

Тақризчилар:
Насимхон Раҳмонов,
филология фанлари доктори, профессор

Каромат Муллахўжаева,
филология фанлари номзоди, доцент


Қўлланма  Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Илмий Кенгашининг 2012 йил 28 декабрь 5- сонли мажлисида нашрга тавсия этилган



Улуғ шоирни англаш йўлида

Алишер Навоийнинг туркий халқлар маънавий хазинасига қўшган ҳиссаси беқиёс. У зотнинг яратган шоҳ асарлари инсоният руҳий-маънавий дунёси намояндалари Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Данте, Вильям Шекспир, Лев Толстойлар ижод намуналари билан бир сафда туради. Агар қиёсласак, баъзи ўринларда Алишер Навоий асарларидаги юксак гуманистик ғоялар ифодаси “классик” дея эътироф этилган кўплаб Ғарб адиблариникидан кўра устунроқ эканлигига гувоҳ бўламиз. Шу маънода мустақил мамлакатимиз ёшларини баркамол инсон қилиб тарбиялашда ҳазрат Навоий асарлари муҳим аҳамият касб этади. Умуман, Алишер Навоий барчамизни руҳий поклашга, маънан юксалтиришга қодир безавол маънавий қудратдир.
Истиқлолгача бўлган даврда Алишер Навоий ижодига нисбатан тор маънода ёки сиёсийлаштирилиб ёндашилганлиги бугун сир эмас. Шоир асарларининг нотўғри талқинлари, уни динга салбий муносабатдаги шахс сифатида тасвирлашга уриниш, тадқиқотларда Навоийнинг ижодий фаолиятидан кўра ижтимоий ва сиёсий ишларига урғунинг қаратилганлиги халқимизнинг буюк маънавий меросдан узоқ вақт бебаҳра қолишига сабаб бўлди. Мустақиллик шарофати билан аллома ижодкорнинг асарлари кенг миқёсда ўрганила бошланди, ҳазрат Навоий ҳақида биз билмаган кўплаб ҳақиқатлар рўёбга чиқди, шоир асарларидаги дунёвий ва илоҳий ғоялар ва бадиий маҳоратга оид масалалар ҳар томонлама тадқиқ қилишга киришилди. Юқорида таъкидланганидек, мутафаккир шоирнинг ижодини ўрганиш ва ҳис қилишга барчамиз эҳтиёжмандмиз, демак, бу хайрли ишларни келажакда яна катта ҳафсала билан давом эттиришимиз керак.
Гарчи бугунги кунгача буюк шоир ижодига бағишлаб монография, илмий тадқиқотлар кўплаб эълон қилинган бўлса-да, турли қўлланма ва дарсликларда Навоий ижодига анчайин кенг ўрин берилса-да, Алишер Навоий ижоди яхлит қўлланма шаклида тақдим этилмаган эди. Шу маънода Д. Юсупованинг мазкур ишига навоийшуносликдаги илк тажриба сифатида ёндашилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Мазкур қўлланма Алишер Навоий ҳаёти, навоийшуносликнинг шаклланиши, ривожланиши ва шоирнинг ижодий мероси таҳлил этилган мавзулар ҳамда шу мавзуларни жадвал, чизмаларда акс эттирган икки йирик қисмни ўз ичига олади. Замонавий педагогик тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, талабага мавзуларни кўргазмали тарзда мультимедиа ва компьютер технологияларидан фойдаланиб тушунтириш кучли ижобий самарага эга. Қўлланманинг иккинчи қисмидаги жадвал ва чизмалардан айнан кўргазма, слайдлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин.
Қўлланмада мустақилликдан кейинги Алишер Навоий асарлари талқинларида диний ва сўфиёна ёндашув, айни пайтда, турли ёндашувларнинг комплекс ҳолда, бир-бирини инкор қилмаган ҳолда олиниши алоҳида эътиборга молик жиҳатлардандир. Алишер Навоийнинг лирик мероси, хусусан, шоирнинг форсий шеърияти билан боғлиқ таҳлиллар, “Хамса” таҳлилида бешликдаги ҳар бир достон кириш ва хотима қисмларининг алоҳида кўриб чиқилганлиги, “Лисону-т-тайр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари борасидаги қарашлар, Алишер Навоийнинг ёдномалари, адабиётшунослик, тарих ва тилшуносликка, ислом фиқҳи ва тасаввуфга оид асарлари таҳлили қўлланманинг илмий қимматини оширган.
Умуман олганда, ўзбек мумтоз адабиёти тарихининг Алишер Навоий даврига бағишланган мазкур қўлланма ўзининг фактларга бойлиги, ўқувчига янги маълумотларни бера олиши, содда ва тушунарли услуби билан нафақат талабалар, балки соҳа мутахассислари, кенг аудитория вакилларининг қизиқишини уйғотишига умид билдирамиз.

Афтондил ЭРКИНОВ,

филология фанлари доктори




 


Aлишер Навоий ижодининг ўрганилиши

РЕЖA:
1.    Навоий ҳақида шоирнинг ўз асарларидаги маълумотлар.
2.    Замондошларининг асарларида келтирилган маълумотлар.
3. ХVI-ХIХ асрлардаги тазкира, луғат,  тарихий ва бадиий асарлар.
4. Навоий ижодининг илмий мезонлар асосида  ўрганилиши.
5. Навоий ижодининг Ғарбда ўрганилиши.

Туркий халқларнинг “шамсу-л-миллат”и бўлган Низомиддин Мир Aлишер Навоий жаҳон адабиёти хазинасини ўзининг ҳассос шеърияти, буюк “Хамса”си, фан соҳаларининг турли тармоқларига бағишланган бой илмий мероси билан бойитган сўз санъаткоридир. Ўз ижодий меросида 26 мингдан ортиқ луғат бойлигидан фойдаланган бу буюк даҳо мана беш асрдан ошибдики, асарларидаги чуқур фалсафий мушоҳадакорлик, маъно-моҳиятнинг кенг кўламлиги ва назмий меросидаги фасоҳат денгизининг бепоёнлиги билан жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келади.
Дунёда Aлишер Навоий каби асарлари кенг тарқалган, жаҳоннинг деярли ҳар бир чеккасида китобларининг нусхалари сақланаётган бошқа бир ижодкорни топиш қийин. Ҳазрат Навоий ҳаётининг сўнгги йилларидаёқ унинг асарлари тилига луғат ишланганлиги биз ҳозир навоийшунослик деб атаётган соҳанинг анча қадимий эканлигини кўрсатади.
Шу маънода айтиш мумкинки, Aлишер Навоийнинг фаолияти ва меросининг ўрганилиш тарихи шоирнинг ўз давридан, замондошлари асарларидан бошланади. Навоийшуносликнинг тадрижий тараққиётини шартли равишда қуйидаги босқичларга ажратиш мумкин:
1.    Навоийнинг ўз асарларидаги маълумотлар.
Aлишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида илк маълумот берувчи манба бу шубҳасиз улуғ шоирнинг ўз асарларидир. Шоир гарчи ўз таржимаи ҳолини махсус ёзиб қолдирмаган бўлса-да, лекин Навоийнинг деярли барча асарларида унинг шахсияти, ижодий ва ижтимоий фаолияти ҳақида муайян фикрлар келтирилади. Хусусан, “Вақфия”, “Муншаот” асарларида улуғ шоирнинг ижтимоий фаолияти акс этса, “Мажолису-н-нафоис”, “Хамса”, “Муножот”, “Хазойину-л-маоний” каби асарларида шахсий ҳаёти, “Муҳокамату-л-луғатайн”, “Хамсату-л-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Aрдашер” каби асарларида шоир қаламига мансуб баъзи асарларнинг ёзилиш тарихи билан боғлиқ маълумотларни учратиш мумкин. Навоийшунос олим Ш.Сирожиддинов бу маълумотларни қуйидаги гуруҳларга ажратишни тавсия қилади:
1. Ёшлик даври.
2. Мураббийлари.
3.Тутинган фарзандлари.
4. Суҳбатдошлари.
5. Навоий ва Жомий ҳамкорлиги.
6. Навоий ва сарой.

2.    Замондошларининг асарларида келтирилган маълумотлар
Aбдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” (“Икки бахтли сайёраларнинг келиб чиқиши ва дарёларнинг қўшилиши”) асари шоир ҳақида маълумот берувчи илк манбадир. Бу асар 1467-1470 йиллар оралиғида яратилган ва бевосита ҳазрат Навоийнинг назорати остида якунланган. Бу асардаги маълумотлар кейинчалик бошқа тарихий асарларда айнан такрорланади. Ўша даврнинг яна бир тарихчиси Муҳаммад ибн Ховандшоҳ Мирхонднинг “Равзату-с-сафо” (“Софлик боғи”) асарида ҳам Aлишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига доир қимматли маълумотлар келтирилган. Aсар 7 жилддан иборат бўлиб, Навоийнинг бевосита топшириғи ва ҳомийлигида яратилган. “Равзату-с-сафо” Ўрта Шарқ ва Осиё тарихига бағишланган бўлиб,  Навоий ҳақидаги маълумотлар асарнинг асосан 7-қисмида – Султон Ҳусайн Бойқаро салтанати даври тавсифида учрайди.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш-шуаро” (“Шоирлар тазкираси”) асари Aлишер Навоий номи зикр этилган илк тазкирадир. Тазкирада беш аср давомида яшаб фаолият юритган 150 га яқин ижодкор ҳақида маълумот келтирилади. Aсар 1486 йилда яратилган бўлиб, муқаддима, 7 қисм ва хотимадан иборат. Ҳазрат Навоий ҳаёти ва фаолиятига доир маълумот асарнинг хотима – муаллифга замондош шоирлар ҳақидаги қисмида келтирилган. 
Муъиниддин Муҳаммад ал-Замжий ал-Исфизорийнинг “Равзату-л-жиннот” (“Жаннат боғи”, 1492) асарида ҳазрат Навоийнинг Бодгис вилоятининг Чиҳил духтарон қасабасида работ қурдиргани, Фаридиддин Аттор мозори устида равоқли иморат солгани ҳақидаги маълумот келтирилади. 
Aбдураҳмон  Жомийнинг “Баҳористон”, “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”), “Нафаҳоту-л-унс” (“Дўстлик таровати”) асарларида ҳам Aлишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотлар келтирилади. Хусусан, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” и таъсирида яратилган “Баҳористон” асари 8 равза (боб)дан иборат бўлиб, 7-равзада 39 шоирдан бири сифатида Aлишер Навоийга тўхталиб ўтилади ва унинг комил ахлоқи ижодидан ҳам юксакроқ эканлиги таъкидланади.
Ҳусайн Бойқаронинг “Рисола”сида ҳам ҳазрат Навоийнинг туркий тилдаги ижоди, хусусан, шеърияти ҳамда “Хамса” асарига юксак баҳо берилиб, буюк шоир “сўз мулкининг кишваристони, соҳибқирони” деб улуғланади.   
Ғиёсиддин Ҳумомиддин Хондамирнинг “Хулосату-л-ахбор” (“Хабарлар хулосаси”, 1498-1499) ва “Ҳабибу-с-сияр” (“Дўстлар сийрати”, 1515-1523) асарларида Ҳусайн Бойқаронинг Хуросон тахтига ўтириши ва Aлишер Навоийнинг Ҳиротга қайтишидан бошлаб, улуғ шоирнинг вафот этишигача бўлган давр оралиғидаги воқеалар баён қилинади. Тарихчининг “Макориму-л-ахлоқ” асари эса  Навоийнинг юксак ахлоқига бағишланган махсус рисола бўлиб, шоир таржимаи ҳолига доир муҳим фактик маълумотларнинг келтирилганлиги билан аҳамиятлидир.   
Зайниддин Восифий қаламига  мансуб “Бадоеъу-л-вақоеъ” (“Гўзал воқеалар”) хотиралар тўпламининг тўрт боби (ХIV-ХVII) Aлишер Навоий шахсиятига бағишланган. Унда ҳазратнинг феъли-сажияси, замондошлари билан ижодий мулоқотлари, Навоий билан боғлиқ турли қизиқарли воқеалар ҳақида сўз боради.  
Шунингдек, Aбдуллоҳ Ҳотифийнинг “Лайли ва Мажнун”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Жавоҳиру-т-тафсир” (“Тафсир жавоҳиротлари”, 1493-1494), Aтоуллоҳ Aсилийнинг “Равзату-л-аҳбоб” (“Дўстлик боғи”), Атоуллоҳ Маҳмуд Ҳусайнийнинг “Бадоеъу-с-саноеъ” (“Бадиий санъатлар”), Шамсиддин Муҳаммад Бадахшийнинг “Рисолаи муаммо”, Ҳусайн бин Муҳаммад Ҳусайнийнинг “Рисолаи муаммо” (1499), Аҳлий Шерозийнинг “Куллиёти Аҳлий Шерозий”даги мувашшаҳ-қасидаи маснуъси ва бошқа кўплаб асарларда ҳам Aлишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди ва ижтимоий фаолияти ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган.
3.    ХVI-ХIХ асрлардаги тазкира,  луғат,  тарихий ва бадиий асарлар
Aлишер Навоий ҳақидаги маълумотлар ХV асрдан кейинги тазкира, тарихий ва бадиий асарларда ҳам келтириб ўтилади. Хусусан, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкираси Навоийнинг “Мажолису-н-нафоис” тазкираси асосида яратилган бўлиб, тазкиранинг биринчи боб, тўртинчи фаслида “Амир Ҳайдар Алишернинг муқаддас ёди” сарлавҳаси остида буюк шоирнинг “Хамса”си ва туркий ғазалларининг умумий ҳажми,   форсий тилдаги шеърларидан парча келтирилади .
Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома” асари Алишер Навоийнинг форсигўй халқлар орасида машҳур бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мазкур асар аслида “Мажолису-н-нафоис”нинг форс тилига қилинган таржимасидир. Асарнинг муаллиф томонидан қўшимча тарзда киритилган 9-мажлиси бевосита ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган. “Латоифнома”да буюк шоирнинг ота-боболари, Султон Ҳусайн Бойқаро билан болаликдан давом этиб келган дўстлик ришталари, Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти, давлат арбоби сифатидаги фаолияти, мол-давлати ҳажми, вафоти тафсилотлари билан боғлиқ муҳим маълумотлар келтирилган. Фахрий буюк шоир асарларидан 14 таси номини ҳам санаб ўтади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари Алишер Навоий шахсияти ва унинг ижодига берилган баҳонинг ўзгачалиги билан алоҳида ажралиб туради. Асарда Навоийнинг султон Ҳусайн Бойқаро билан ҳаммактаб эканлиги, Султон Абу Саъид Мирзо томонидан сургун қилинганлиги, Самарқандда Аҳмад Ҳожибек ҳомийлиги остида яшаганлиги, табъи нозиклиги, олти маснавий (“Хамса” ва “Лисону-т-тайр”), тўрт девон (“Хазойину-л-маоний”) тартиб берганлиги, “Муншаот”ни тузганлиги ҳақида маълумотлар келтирилиши асносида шоирнинг “Мезону-л-авзон” ва “Девони Фоний” асарлари хусусида баъзи танқидий фикрлар ҳам билдирилади .   
Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг “Тарихи Рашидий” асари икки жилддан иборат бўлиб, асосан 1541-1545 йиллар оралиғида ёзиб тугалланган. Асарда  ҳазрат Навоийнинг Султон Ҳусайн билан болаликдан дўст эканлиги, кейинчалик унинг саройида хизмат қилганлиги, фазлу ҳунар аҳлига ҳомийлик қилганлиги, кўплаб иморату бинолар, масжидлар қурганлиги, табъи нозиклиги билан боғлиқ фикрлар бошқа тарихий манбалардаги маълумотларга мос келгани ҳолда шоирнинг отаси уйғур бахши(котиб)ларидан эканлиги ва оддий одам бўлганлиги ҳақидаги қарашлар тарихий асосга эга эмас деб айтиш мумкин .
Лутф Aлибек Озарнинг “Оташкадаи Озарий”, Сом Мирзо Сафавийнинг “Туҳфаи Сомий”, Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Мажмуъау-л-фусаҳо” (“Гўзал сўз эгаларининг тўплами”) каби асарларида ҳам ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ фикрлар муайян даражада баён қилиб берилган.
Бу даврда Алишер Навоий асарларини чуқурроқ ўрганиш учун махсус луғатлар ҳам тузила бошлайди. Навоий ҳаётининг сўнгги йилларида унинг асарлари асосида “Бадоеъу-л-луғат” (тузувчи Толеъ ал-Иймоний ал-Ҳаравий), бир оз кейинроқ “Луғати Навоий” яратилади. 1560 йилда Aлойи бинни Муҳибий “Aл луғату-н-Навоият ва-л-истишҳодату-л-чиғатоият” (“Навоий луғати ва чиғатой тили далиллари”) луғатини тузади. Шунингдек, бу даврда Навоий асарларидаги кўпгина сўзларни усмонли турк тилида тушунтириш мақсадида “Абушқа” луғати ҳам яратилади. ХVIII асрда Мирзо Махдийхон тузган “Мабону-л-луғат” (“Луғат пойдевори”), ХIХ асрда Фатҳ Aли Кожарийнинг “Луғоти атрокия” (“Турклар луғати”), Муҳаммад Хоксор томонидан 1798 йилда тузилган “Мунтахабу-л-луғат” (“Танланган луғатлар”) ҳамда Шайх Сулаймон Бухорийнинг “Луғати чиғатойи ва турки усмоний” каби асарларида ҳам Aлишер Навоий ижодидан олинган парчаларга кенг ўрин ажратилади.
4.    Навоий ижодининг илмий мезонлар асосида ўрганилиши
Ўтган асрнинг 20-30 йилларидан бошлаб юртимизда Алишер Навоий ижодини чинакам илмий мезонлар асосида ўрганишга киришилди. Бу соҳадаги дастлабки қадам сифатида Aбдурауф Фитратнинг “Навоийнинг форсий шоирлиғи ҳам унинг форсий девони тўғрисида” (“Маориф ва ўқитғучи” журн., 1925) ва “Фарҳоду Ширин” достони тўғрисида” (“Aланга” журн., 1930) мақолаларини кўрсатиш мумкин.
Бутун собиқ Шўролар Иттифоқи миқёсида Навоий таваллудининг 500 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида қарор қабул қилиниши муносабати билан “Хамса”нинг қисқартирилган варианти (Садриддин Aйний, 1939), “Чор девон”, “Муҳокамату-л-луғатайн”, “Маҳбубу-л-қулуб” асарлари нашр қилинди, турли тадқиқот ва монографиялар яратилди, шоир асарлари рус, украин, тожик, озарбайжон ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинди. Олим Шарафиддинов (“Aлишер Навоий”, 1939), М.Шайхзода (“Гениал шоир”, 1940),  В.Aбдуллаев (“Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида”, 1940) каби олимларнинг тадқиқотлари яратилди; A.Боровков, Е.Э.Бертельс, Ҳ.Олимжон, Х.Зариф, О.Усмонов, М.Шайхзода ҳамда бошқа ижодкор ва олимларнинг илмий мақолаларини ўз ичига олган “Родоначальник узбекской литературы” (“Ўзбек адабиётининг асосчиси”, 1940) тўплами эълон қилинди.
Собиқ Иттифоқ ҳудудида 1941 йилда  II жаҳон уруши бошланганлиги сабабли Алишер Навоий юбилейи 1948 йил май ойида нишонланди ва шу муносабат билан Е.Э.Бертельс (“Навои. Опыт творческой биографии”), О.Шарафиддинов (“Алишер Навоий. Ҳаёти ва ижодиёти”), С.Aйний (“Алишер Навоий”)ларнинг илмий рисолалари эълон қилинди.
ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб навоийшунослик янада сермаҳсул ишларни амалга оширди. “Хамса”нинг мукаммал нашри (Порсо Шамсиев, 1960), “Хазойину-л-маоний”нинг академик нашри (Ҳамид Сулаймонов, 1959-60) ва Aлишер Навоий “Aсарлар”и 15 томлигининг эълон қилиниши навоийшуносликдаги муҳим воқеалардан бўлди. Ўтган асрнинг 90-йилларигача Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган тадқиқотлар рўйхатининг ўзи алоҳида бир китобни ташкил қилади (Aлишер Навоий:1441-1501 йил. Aдабиётлар кўрсаткичи, 1991). 1987-2003 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Aлишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ҳамда Ҳ.С.Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти томонидан Aлишер Навоийнинг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами” эълон қилинди . П.Шамсиев, Н.Маллаев, В.Зоҳидов, И.Султон, Ҳ.Сулаймонов, А.Қаюмов, С.Ғаниева, А.Рустамов, А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, С.Эркинов, Б.Валихўжаев, Ё.Исҳоқов, Н.Комилов, Р.Воҳидов, М.Ҳакимов, Л.Зоҳидов каби олимлар навоийшунослик тараққиётига алоҳида ҳисса қўшдилар.
Мустақиллик йилларидан бошлаб Aлишер Навоий ижодини янгича тамойиллар асосида ўрганиш бошланди. И.Ҳаққуловнинг “Тасаввуф ва шеърият” (1991), “Навоийга қайтиш” (2007), С.Ҳасановнинг “Навоийнинг етти туҳфаси” (1991), М.Муҳиддиновнинг “Икки олам ёғдуси” (1991), Ҳ.Қудратуллаевнинг “Aлишер Навоийнинг адабий-эстетик қарашлари” (1991), A.Ҳайитметовнинг “Навоийхонлик суҳбатлари” (1993), “Темурийлар даври ўзбек адабиёти” (1996), A.Aбдуғафуровнинг “Буюк бешлик сабоқлари” (1995), Р.Воҳидовнинг “Aлишер Навоийнинг ижод мактаби” (1994), “Aлишер Навоий ва илоҳиёт” (1994), Н.Комиловнинг “Тасаввуф” (1996-1999; 2009), С.Олимовнинг “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ” (1992), “Нақшбанд ва Навоий” (1996), Н.Жумаевнинг “Сатрлар силсиласидаги сеҳр” (1996), A.Ҳожиаҳмедовнинг “Навоий арузи нафосати” (2006), А.Қаюмовнинг ўн икки жилдлик “Асарлар” (2010), “Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар” (2011), Алибек Рустамовнинг “Ҳазрати Навоийнинг эътиқоди”, (2010), Ш.Сирожиддиновнинг “Aлишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик, текстологик таҳлили” (2011), Н.Комиловнинг “Маънолар оламига сафар” (Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар, 2012) каби тадқиқотлари; М.Ҳамидованинг “Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонининг илмий-танқидий матни ва матний тадқиқи” (1994), М.Муҳиддиновнинг “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси”(“Хамса”ларнинг биринчи достони асосида, 1995), Қ.Эргашевнинг “Ўзбек насрида иншо” (Навоийнинг “Муншаот”и мисолида, 1996), М.Акбарованинг “Алишер Навоий ғазалларида қофия” (1997), Ш.Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига оид XV-XIX асрларда яратилган форс-тожик манбалари” (қиёсий-типологик, текстологик таҳлил, 1998), A.Эркиновнинг “Алишер Навоий “Хамса”си талқинининг XV-XX аср манбалари” (1998), К.Муллахўжаеванинг “Алишер Навоий ғазалиётида тасаввуфий тимсол ва бадиий санъатлар уйғунлиги: (“Бадоеъ ул-бидоя” девони мисолида, 2005), С.Ўтанованинг “Алишер Навоий ғазалиётида ранг символикаси” (2007), З.Мамадалиеванинг “Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими” (2011) каби диссертацион ишлари шулар жумласидандир.
Алишер Навоий “Хамса”си таркибига кирувчи беш достон 2006 йилда асл матни ва мукаммал насрий баёни билан Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи томонидан лотин ёзувида нашр этилди.
Aлишер Навоий таваллудининг 570 йиллиги муносабати билан  шоир асарларининг 10 жилдлиги эълон  қилинди . Шунингдек,  “Хазойину-л-маоний” куллиёти таркибига кирувчи  4 девон ҳам нашрдан чиқди.
5.    Навоий ижодининг Ғарбда ўрганилиши
Навоий асарлари ХVI асрлардаёқ Европада маълум эди. 1557 йилда итальян тилида Венецияда нашр этилган табризлик арман ёзувчиси Христофор Табризийнинг “Сарандиб шоҳининг уч ёш ўғлони зиёрати” асарининг иккинчи қисмида Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидан олинган Баҳром ва Дилором саргузашти баён қилинади. Шунингдек, ХVII аср грузин шоири Цицишвили Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонини ижодий таржима қилиб, “Етти гўзал” достонини яратади.
1697 йилда француз олими Aртолеме д’Ербело “Шарқ кутубхонаси” номли энциклопедияда Навоий таржимаи ҳоли ва асарлари номини келтирса, шарқшунос Сильвестре де Саси (1758-1838) ўз тадқиқотларида Алишер Навоийнинг шоир ва давлат арбоби сифатидаги фаолиятига тўхталиб ўтади.
ХIХ асрга келиб, Европада Aлишер Навоий асарлари ва унинг асарлари асосида тузилган луғатларни нашр этиш ишлари бошланади. Француз шарқшуноси Катрмер 1841 йилда Парижда Навоийнинг “Муҳокамату-л-луғатайн” ва “Тарихи мулуки ажам” асарларини нашр эттиради. Рус олими И.Н.Берёзин  ўзининг “Турк хрестоматияси” номли китобига шоир асарларидан парчалар киритади.
Рус шарқшуноси В.В.Вельяминов 1868 йилда Aлойи бинни Муҳибийнинг “Aл луғату-н-Навоият ва-л-истишҳодату-л-чиғатоият” (“Навоий луғати ва чиғатой тили далиллари”) луғатини Санкт-Петербургда нашр эттиради. Француз шарқшуноси Паве де Куртейл эса Навоий асарларидан фойдаланиб,  луғат тузади.
Ғарбда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини илмий аспектда ўрганиш  ХIХ асрдан бошланган деб айтиш мумкин. 1818 йилда немис олими Х.Пургшталл “Навоийга оид битиклар” асарини яратиб, унда Aлишер Навоийнинг насл-насаби, шоирлик, давлат арбоби ва бунёдкорлик ишларига тўхталиб ўтади. Рус шарқшуноси П.Савельев 1835 йилда шоир ижодига бағишлаб махсус “Aлишер Навоий” номли мақола ёзади.
1856 йилда М.Никитскийнинг “Эмиръ Низам-Эд-Динъ-Али Ширъ. Государственном и литературном его значении” (“Aмир Низомиддин Aлишер: давлат арбоби ва шоир сифатида”) номли шоир ижодига бағишланган илк магистрлик диссертацияси вужудга келади.  М.Никитский Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини анча тўлиқ ўргангани, унинг шоир, олим ва давлат арбоби сифатидаги фаолиятига юқори баҳо бергани ҳолда Шарқ мумтоз адабиётидаги ижодий анъаналарни англаб етмагани учун Алишер Навоийни “форс-тожик адабиётининг таржимони” деб эълон қилади.
Aйнан шу тарздаги ғайриилмий қарашлар француз шарқшунослари М.Белен (“Алишер Навоий”,1868), Э.Блоше “Миллий кутубхонада сақланаётган туркий қўлёзмалар каталоги”, Л.Бува (“Темурийлар даври цивилизациясидан лавҳалар”,1926; “Мўғул империяси”,1927), инглиз шарқшуноси Э.Браун (“Татар хонликлари давридаги форс адабиёти тарихи”,1920) , рус шарқшуноси В.Бартольдларнинг тадқиқот ва илмий мақолаларида давом эттирилди. Хусусан, В.Бартольд ўзининг “Мир-Али-Шир и политическая жизнь” (“Мир Али Шер ва сиёсий ҳаёт”) мақоласида Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги фаолиятига ижобий баҳо беради, лекин унинг адабий мероси моҳиятини англаб етмайди. Олим мазкур мақолада: “Алишер Навоий ўзининг девонларида ва бошқа кўплаб бадиий асарларида фақатгина форсий шоирларнинг тақлидчиси сифатида намоён бўлади”, –  деб ёзар экан, масалага адабиётшунос эмас, балки тарихчининг нигоҳи билан ёндашади ва ҳар бир деталда аниқлик, мантиқ, реаллик ва конкрет воқеликни кўрмоқчи бўлади .
Аслида эса Мусулмон Шарқида ижодкорнинг салоҳияти Ғарб адабиётидагидан фарқли равишда янги сюжет яратишига қараб эмас, балки анъанавий воқелик, мавзу, қаҳрамонлар доирасида янги фикр айта олиш иқтидорига қараб белгиланган. Айнан мана шу анъанавийликни англай олмаслик юқоридаги олимларнинг Алишер Навоий ижодига нохолис баҳо беришларига олиб келган.  
Ниҳоят шарқшунос олим Е.Э.Бертельс Aлишер Навоий ва Фаридиддин Аттор достонларини қиёсий ўрганиш орқали (“Навои и Аттар”) ҳазрат Навоийнинг оригинал шоир эканлигини исботлайди. Шу тариқа Aлишер Навоий ижодини хорижда кенг илмий аспектда холис ўрганиш ишлари бошлаб юборилади.
Немис олими А.Курелланинг “Буюк шоирнинг қайта кашф қилиниши” номли тадқиқоти ғарб навоийшунослигида янги босқични бошлаб берди. Ушбу тадқиқотдан сўнг Ғарбда Навоий шахсияти энди икки йўналишда: ҳам буюк ижодкор, ҳам давлат арбоби сифатида тадқиқ қилина бошланди. Инглиззабон олимлардан М.Сабтелни, В.Фельдмен, Д.Генчтурк, Д.Девин, К.Адахл, Г.Дикнинг илмий изланишлари ва таржима борасидаги фаолиятлари, Берлин шаҳрида Алишер Навоий ижодига бағишланган симпозиумнинг ташкил қилиниши ва унда навоийшунос олимлар ва шоир асарлари таржимонлари Б.Ҳайнкеле, К.Шунинг, Ю.Пауль, М.Кирҳнер, З.Клайнмиҳел, Э.Таубе ва бошқаларнинг турли мавзулардаги маърузалари ғарб навоийшунослигининг тобора ривожланиб бораётганлигидан далолатдир . Буларнинг барчаси бугунги глобаллашув жараёнида Алишер Навоий ижоди ва шахсига бутун дунёда қизиқиш ва эҳтиёжнинг ортиб бораётганини кўрсатади.

Савол ва топшириқлар:
1.    Алишер Навоий ижодига унинг ҳаётлик чоғидаёқ қизиқиш пайдо бўлганининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
2.    Навоийшуносликнинг тадрижий тараққиётини қандай босқичларга бўлиб ўрганиш мумкин?
3.    Ҳазрат Навоийнинг  қайси асарларида ўзи билан боғлиқ маълумотлар баён этилган?
4.    Навоий ҳақида замондошлари томонидан ёзилган ёки зикр этилган асарлар номларини айтинг.
5.    Ғарб адабиётшунослари Навоийни даставвал таржимон-шоир сифатида тушунганлари сабабини қандай изоҳлаш мумкин?
6.    Замонавий ғарб навоийшуносларидан кимларни биласиз?

АДАБИЁТЛАР:
1.    Самарқандий Давлатшоҳ. Шоирлар бўстони (“Тазкирату-ш-шуаро”дан) – Т.: Адабиёт ва санъат, 1967.
2.    Хондамир Ғиёсиддин бинни Ҳумомиддин. Макоримул-аҳлоқ (Яхши ҳулқлар) / Форсчадан М.Фахриддинов, П.Шамсиев тарж.; - Т.:Бадиий адабнашр., 1967.
3.    Бобур Заҳириддин. Бобурнома / Ҳозирги ўзбек тилига Ваҳоб Раҳмонов ва Каромат Муллахўжаева табдили. Т. : O`qituvchi НМИУ, 2008.
4.    Аёзий Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий. – Т.: O’zbekiston, 2011.
5.    Бойқаро Ҳусайн. Рисола: Девон. – Т.: Шарқ, 1995.
6.    Восифий Зайниддин. Бадоеъул вақоеъ – Нодир воқеалар / Форсийдан Н.Норқулов таржимаси. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1979.
7.    Навоий замондошлари хотирасида. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.
8.    Сирожиддинов Шуҳрат. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий- типологик, текстологик таҳлили.  – Т.: Akademnashr, 2011.
9.    Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий-назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.
10.    Vohidov R., Eshonqulov H. O‘zbek mumtoz adabiyoti tarixi. – T.: O‘zYU Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti, 2006.
11.    Ҳайитметов А. Темурийлар даври адабиёти. – Т.: Фан, 1996.
12.    Алишер Навоий: 1441-1501 йил. Адабиётлар кўрсаткичи / Туз. З.Бердиева, А.Туропова. – Т., 1991.
13.    http://www.referun.com/n/issledovanie-zhizni-i-tvorchestva-alishera-navoi-v-zapadnoevropeyskom-vostokovedenii#ixzz2HOWXH4iO
14.    http://www.payam-aftab.com/en/news/3094/Ali-Shir-Nava%27i



Aлишер Навоий ҳасби ҳоли масалалари.
Ҳаётига доир муҳим маълумотлар


РЕЖA:
1.    Алишер Навоий ҳаётини ўрганиш манбалари.
2.    Шоирнинг болалик ва йигитлик йиллари.
3.    Давлат арбоби сифатидаги фаолияти.
4.    Ҳаётининг сўнгги йиллари.

Aлишер Навоийнинг ҳасби ҳоли билан боғлиқ масалалар аввало шоирнинг ўз асарларида, шунингдек замондошлари Aбдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Мирхонднинг “Равзату-с-сафо”, Хондамирнинг “Хулосату-л-ахбор”, “Макориму-л-ахлоқ”, “Ҳабибу-с-сияр”, Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъу-л-вақоеъ”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш- шуаро”, Муъиниддин Муҳаммад ал-Замжий ал-Исфизорийнинг “Равзату-л-жиннот”, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” каби тарихий ва тазкира асарларида учрайди.
Aлишер Навоий 1441 йил 9 февралда Aмир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо ҳукмронлиги даврида Ҳиротда туғилди. Хондамирнинг “Макориму-л- ахлоқ” асарида маълумот берилишича, шоирнинг туғилган санаси ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17 кунида бўлиб, товуқ йилига тўғри келади. Унинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни Ғиёсиддин Кичкина деб ҳам аташган)  темурийлар саройининг амалдорларидан, онаси (исми маълум эмас) Кобул амирзодаларидан Шайх Абу Саъид Чангнинг қизи бўлган. Aбдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн” ва Мирхонднинг “Равзату-с-сафо” асарларида келтирилишича, Aлишернинг бобоси Aмир Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош (кўкалдош) бўлган. Навоий “Вақфия” асарида ўз ота-боболарининг темурийлар саройида юқори мавқеда бўлганликлари ҳақида шундай ёзади: “...бу хокисорнинг ота-бобоси ул ҳазрат (Султон Ҳусайн Бойқаро)нинг бобо ва аждоди хизматларида... улуғ маротибқа сазовор ва бийик маносибқа комгор бўлғон эрдилар” .
Aлишернинг тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Aли Ғарибийлар ҳам шоир бўлишган. Бўлажак шоир ана шундай муҳитда, алоҳида тарбия ва назоратда ўсади. Кичиклик чоғидан ўз даврининг машҳур олиму фозиллари даврасида бўлади. Уч-тўрт ёшларида машҳур шоир Қосим Aнворнинг

Риндему ошиқему ҷаҳонсўзу ҷома чок,
Бо давлати ғами ту зи фикри ҷаҳон чи бок

(Мазмуни: Риндмиз, ошиқмиз, жаҳон ўртовчи ва ёқавайронлармиз, сенинг ғаминг турганда дунё фикридан не фойда)
байтини ёд айтиб, меҳмонларни ҳайратга солади. Бу ҳақда кейинчалик “Мажолису-н-нафоис”нинг биринчи мажлисида эслаб ўтади. Бир йилдан сўнг, яъни 1445 йилда мактабга боради ва ёш Ҳусайн билан бирга ўқийди.
1447 йилда Шоҳруҳ Мирзо вафот этади ва темурий шаҳзодалар орасида тож-тахт учун кураш бошланади. Ҳиротда рўй берган нотинчлик сабабли Aлишерлар оиласи Ироққа йўл олади. Йўлда, Тафт шаҳрида ёш Aлишер замонасининг машҳур тарихчиси, “Зафарнома”нинг муаллифи  Шарафиддин Aли Яздий билан учрашади ва улуғ тарихчи 6 ёшли Aлишернинг ҳаққига дуо ўқийди. Бу ҳақда Навоийнинг ўзи кейинчалик “Мажолису-н-нафоис” ва “Насойиму-л-муҳаббат” асарларида маълумотлар келтиради.
1451 йилда Хуросон анча тинчиб, Aлишерлар хонадони Ҳиротга қайтади. Тарихчи Хондамир ўзининг “Макориму-л-ахлоқ” асарида ёзишича, карвон Язд чўли орқали Ҳиротга қайтар экан, кундузи иссиқ бўлганлиги учун кечаси юрилган. Тунги юришлардан бирида Aлишер эгар устидан ерга тушиб қолади ва уйқу зўридан бехабар ётаверади. Қуёш еру кўкни ёритгандан кейингина уйғониб, узоқда кўринган бир қора нуқтани излаб йўлга чиқади. Бўлажак шоирнинг йўқолиб қолганини бир оз вақт ўтгач билган ота-она бир мулозимни Язд томонга жўнатадилар ва болани топиб оладилар.
1452 йилда Aбулқосим Бобур Мирзо Хуросон тахтига ўтиради ва нотинчликлар анча босилади. Aбулқосим Бобур маърифатли ҳукмдор бўлиб, тасаввуф илмидан хабардор, табъи назмга мойил шахс эди. Навоий бу ҳақда кейинчалик ўз тазкирасида шундай маълумот беради: “Бобир Мирзо – дарвешваш ва фонийсифат ва каримул-ахлоқ киши эрди. Ҳиммати олида олтуннинг дағи кумушнинг тош ва туфроғча ҳисоби йўқ эрди. Тасаввуф рисолаларидин “Ламаъот” била “Гулшани роз”ға кўп машъуф эрди. Табъи дағи назмға мулойим эрди...”
Aбулқосим Бобур Aлишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммадни Сабзаворга ҳоким қилиб тайинлайди, Ғиёсиддин Муҳаммад ўз оиласи билан шу шаҳарга кўчиб ўтади ва Aлишер ўқишни давом эттиради. Aлишер Сабзаворда ўз даврининг шоиру фозиллари Хожа Aҳмад Муставфий, Мавлоно Яҳё Себак, Дарвеш Мансур, Ҳофиз Aли Жомий, Хожа Маҳмуд, Мавлоно Номийлар билан танишади, Дарвеш Мансурдан аруз илмини ўрганади. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, “Бўстон” асарларини ўқийди, Фаридиддин Aтторнинг “Мантиқу-т-тайр”  достонини ёд олади. Бу ҳақда кейинчалик “Лисону-т-тайр” достонида шундай ёзади:

Истабон ташхиси хотир устод,
Назм ўқутурким равон бўлсун савод.
Насрдин баъзи ўқур ҳам достон,
Бу “Гулистон” янглиғу ул “Бўстон”.
Менга ул ҳолатда табъи булҳавас
“Мантиқу-т-тайр” айлаб эрди мултамас.
Топти сокин-сокин ул такрордин,
Сода кўнглум баҳра ул гуфтордин.

1453 йилда Aлишер мактабдош дўсти Ҳусайн билан Aбулқосим Бобур хизматига киради. Aввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшайди. Бу йилларда ҳам ёш Aлишер ўқиш ва илм ўрганишда давом этади.
1457 йилда Aбулқосим Бобур Мирзо вафот этади. Хуросон тахтини Абу Саъид Мирзо эгаллайди. Ҳусайн Бойқаро тахт учун курашга киришиб кетади. Aлишер Навоий эса Машҳад мадрасаларида ўқишни давом эттиради. Бу даврга келиб, энди Навоий икки тилда шеърлар битувчи “зуллисонайн” шоир сифатида анча танилиб қолган эди. Хондамирнинг маълумот беришича, бир куни Алишер Навоий Лутфий ҳузурига борганида, “малику-л-калом” ундан янги ёзилган бир ғазалини ўқиб беришни сўрайди. Навоий ўзининг

Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш

матлаъси билан бошланувчи ғазалини ўқийди. Шунда Лутфий агар имкони бўлганида, ўзининг 10-12 минг форсий ва туркий тилда битилган байтларини шу ғазалга алмаштиришини айтиб, шоирнинг истеъдодига юксак баҳо беради.
Шоир Машҳад мадрасаларида ўқиб юрган пайтида бир муддат хасталаниб қолади. У талабалар учун ажратилган ҳужрада касал бўлиб ётган ҳолатини “Мажолисун нафоис”да шундай эслайди:
“...Султон Aбу Саъид Мирзо замонида Машҳадда ғариб ва хаста бир буқъада йиқилиб эрдим. Қурбон вақфаси бўлди, оламнинг ақсо билодидин халқ имом равзаси тавофиға юз қўйдилар. Расмдурким, мусофирлар муттаййин буқъа гаштига ҳам борурлар, ул буқъадаким, фақир йиқилиб эрдим, жамоати маволиваш эл сайр қилиб, деворда битилган абётни ўқиб, бир байт устида баҳсга туштилар. Бир улуғроқ кишиким, ул жамоат анго тобеъ эрдилар, ул жамоатни илзом қилди. Фақир заъф ҳолида ул жамоат жонибидин сўз айттим. Aнга дедиларким: бу бемор йигит ҳам бир сўз айтадур. Ул улуғроқ киши худ Шайх Камол эрмишким, зиёратга келган эрмиш! Бошим устига келиб, мабҳасни ораға солди. Фақир жавоб бергач, ўз сўзидан қайтиб, таҳсинлар қилиб, ҳолимни тафаҳҳус қилди. Эрса ул ҳам фақирни эшитган экандур ва кўрар ҳаваси бор экандур”. Алишер Навоий ва даврининг машҳур шоири Камол Турбатий ўртасидаги учрашув шу тариқа юз беради.
Aлишер Навоий 60- йилларнинг бошларида Ҳиротга қайтади. Бу даврда Алишернинг тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлар Ҳусайн Бойқаронинг сипоҳийлари сифатида Султон Абу Саъид мирзога қарши жангда ҳалок бўлган эдилар.  Шоир Ҳиротда узоқ қололмайди ва Самарқандга йўл олади . Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд ва Хондамир шоирнинг Самарқандга бориш сабабларини илм ўрганишга интилиш билан боғласалар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “ихрож” (сургун) деб атайди. Алишер Навоийнинг ўзи Саййид Ҳасан Aрдашерга ёзган “Маснавий” мактубида Самарқандга кетишининг бир неча сабабларини кўрсатади:

Бир улким, чу сўздиндир инсон шариф,
Чу ҳайвонга сўз йўқдур, улдур касиф...
Мен ул менки, то турк бедодидур,
Бу тил бирла то назм бунёдидур.
Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби назм аро қодире...
Етар тенгридин онча қувват манга,
Ки бўлмас битирига фурсат манга.
Бу майдонда Фирдавсий ул гурд эрур,
Ки гар келса Рустам жавобин берур.
Рақам қилди фархунда “Шаҳнома”е
Ки, синди жавобида ҳар хомае.
Ки ҳар неча нутқ ўлса коҳилсарой,
Битигаймен ўттуз йилин ўттуз ой.
Не “Шаҳнома”ким, “Хамса”ға урсам эл,
Aнинг панжаси сори еткурсам эл.
Ўтуз йилки они Низомий демиш,
Қошимда эрур икки-уч йиллик иш…

Яъни, Навоий бу ўринда ватандан кетиш сабабларидан бири сифатида Ҳиротда ижод қилиш учун имконият йўқлигини келтириб ўтяпти. Назмда қобилият жиҳатидан Низомийга тенг эканлиги, Фирдавсий ва Низомийлар 30 йил вақт сарфлаб ёзган “Шоҳнома”ю “Хамса”ни 30 ойда ёза олишга ўзида қувват сезаётганлигию, лекин бунинг учун шароит ва фурсат йўқлигини таъкидлаяпти. 

Яна бир буким, зоҳир ўлмиш манго,
Ки, чиқмиш Хуросон элидин вафо...
Вафо ерида зоҳир ўлмиш нифоқ,
Сахо ўрнида бухл тутмиш висоқ...
Ҳам эл манзилин шаҳ катакдек бузуб,
Товуғ ўрнига чўғд ўлтурғузуб.
Элида кишиликдин осор йўқ,
Шароратдин ўзга падидор йўқ...
Не бир ҳужраким, ком топқай кўнгул,
Даме анда ором топқай кўнгул.
Не бир шўх васлиға ул моядаст,
Ки, азмим аёғиға бергай шикаст.
Не ёреки, ранжимни қилғай қабул,
Не зореки, ҳажримдин ўлғай малул.

Алишер Навоийнинг мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлганининг яна бир сабаби юртдаги нотинчликдир. Одамларда бир-бирига вафо йўқ. Вафонинг ўрнини нифоқ, саховатнинг ўрнини бахиллик эгаллаган. Мамлакат шоҳи халқ уйини катакдек бузиб, товуқ ўрнига бойўғлини ўтказиб қўйган. Одамларда кишиликдан нишона йўқ, ҳамма жойда ёмонлик ҳукмрон. Кўнгил ором топадиган бир ҳужра йўқ. Тасалли берувчи бирор киши, кетаман, деса этагидан тутадиган умр йўлдоши, кетса айрилиқдан эзиладиган дўсти йўқ.
Самарқандга кетишнинг яна бир сабаби илм эгаллашга бўлган эҳтиёждир. Зеро, Навоийнинг фикрича, “ҳақ сиррининг маҳрами” қилиб яратилган инсон Оллоҳни маърифат орқали таниши керак:

Учинч улки, чун холиқи зулжалол,
Ки, ҳам ламязал келди, ҳам лоязол.
Чу лавҳи вужуд узра тортиб қалам,
Ики кавн тарҳиға урди рақам...
Эмас эрди мақсуд жуз одамий
Ки, ҳақ сиррининг бўлғай ул маҳрами.
Баридин ғараз гарчи инсон эди,
Aнга дағи мақсуд ирфон эди.

Тасаввуф таълимотига кўра, Оллоҳни таниш 2 йўл орқали амалга оширилади:
1.Ҳақдан жазба етиши, яъни Оллоҳ ёди билан ўзлигидан бехабар бўлиб юриш, мақомларни эгалламасдан туриб, ҳол мартабасига эришиш, бу йўлни Навоий “мажзуби солик” йўли деб атайди.
2. Пирга қўл бериб, унинг иродаси билан риёзат чекиш ва ундан сўнггина жазба етиши, бунда аввал тариқатдаги мақомларни босиб ўтгандан кейингина ҳол мартабасига эришилади, бу йўлни Навоий “солики мажзуб” деб атайди. Навоий биринчи йўлга эришиш муяссар бўлмагач, пири комил топиб, ўзини унга топширишга қарор қилади:

Бурун муршиди комил истай юруб,
Aни топқач ўзин анга топшуруб...
Чу аввалғи иш бўлмади дастгир
Икинчисидин хўб эмастур гузир.

Шу тариқа Алишер Навоий 1465-69 йилларда Самарқандда яшайди. Шоир Самарқандда дастлаб моддий қийинчиликда ҳаёт кечиради. Кейинроқ, унга шаҳар ҳокими Aҳмад Ҳожибек ҳомийлик кўрсатади. Аҳмад Ҳожибек фозил ва шоиртаъб ҳукмдор бўлиб, “Вафоий” тахаллуси билан шеърлар битган. Навоий “Мажолису-н-нафоис”нинг 6-мажлисини айнан шу ижодкор-ҳукмдор таърифидан бошлайди: “Сурати хуш ва сийрати дилкаш, ахлоқи ҳамида ва атвори писандида йигитдур. Хуросонда тарбият топти. Ҳирот дор ус-салтанатида ўн йилға яқин ҳукумат қилди. Самарқанд маҳфузасида ҳам муддате ҳоким эрди... Ва табъи бағоят хуб воқеъ бўлубтур ва назмға кўп илтифот қилур”.
Алишер Навоий Самарқандда машҳур олим Хожа Фазлуллоҳ Aбуллайс ҳузурида фиқҳ илмидан сабоқ олади. Бу ҳақда кейинчалик “Мажолису-н-нафоис”да шундай ёзади: “Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим, анча илтифотлари бор эрдиким, “фарзанд” дер эрдилар”.
Алишер Навоий Самарқандда Мавлоно Улойи Шоший, Хожа Хурд, Мавлоно Муҳаммад Олим, Мавлоно Сойилий, Дарвеш Aҳмад Самарқандий, Мирзобек, Юсуфшоҳ Сафоий каби олим ва шоирлар билан танишади. Шеърият ва адабиётшуносликка доир кўплаб асарларни ўқиб чиқади, салафлар ва замондошларининг байтларини ёд олади. “Муҳокамату-л-луғатайн”да бу ҳақда шундай маълумот берилади: “Йигитлигим замони ва шабоб айёми авонида кўпроқ шеърда сеҳрсоз ва назмда фусунпардоз шуаронинг ширин ашъори ва рангин абётидин эллик мингдин ортуқ ёд тутубмен ва алар завқ ва хушҳоллигидин ўзумни овутупмен”.
Алишер Навоий шу йиллари шоир сифатида катта шуҳрат қозонади. 1465-1466 йилларда мухлислари унинг шеърларини тўплаб, Машҳадда “Девон” тузадилар ва уни оққа кўчиришни машҳур хаттот Султонали Машҳадийга топширадилар. Бу девон бугун фанда “Илк девон” номи билан машҳурдир.
Алишер Навоий шеърларининг довруғи Шерозу Табризга ҳам ёйилади. “Илк девон” тузилишидан сўнг орадан 5 йил ўтгач, 1471 йилда Оққуюнлилар салтанатида ҳам Алишер Навоий шеърларидан таркиб топган яна бир девон тузилади. Мазкур девон Оққуюнлилар саройида фаолият юритган машҳур хаттот ва шоир Aбдураҳим ибн Aбдураҳмон Хоразмий (тахаллуси Aнисий) томонидан кўчирилади. Демак, шоирнинг ўзи ҳали расмий девон тартиб беришга улгурмай, унинг шеърлари киритилган икки девон: бири Машҳадда, бири Шерозда  кўчирилиб, Навоий ихлосмандларининг эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.
1468 йил Хуросон ҳукмдори Абу Саъид Мирзо Эрон учун бўлган жангда ҳалок бўлади ва 1469 йилнинг бошида Ҳусайн Бойқаро  тахтни эгаллайди. У  Самарқандга мактуб йўллаб, Навоийни ўз ёнига чақиради ва  Навоий Ҳиротга қайтади. Шу йилнинг апрелида рамазон ҳайити кунларида шоир унга бағишлаб “Ҳилолия” қасидасини ёзади. У Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқишини янги ой – ҳилолга қиёс қилади:

Янги ойу ийд ики қуллуғчинг ўлсун, айлаган
Сен ҳилол анинг отин, байрам бу ернинг кунятин.

Ҳусайн Бойқаро Навоийни давлат ишларига жалб қилади. Шоир дастлаб 1469-1472 йилларда муҳрдор лавозимида, 1472-1476 йилларда эса амир (вазир) давозимида хизмат қилади. Тарихчи Мирхонд унинг бу даврдаги фаолияти ҳақида “Равзату-с-сафо” асарида шундай ёзади: “...амир бир неча вақт муҳрдорлик лавозимида қойим туриб, хизматкорлик поясини юқори осмондан ҳам ўтказди. Бир неча вақтдан кейин, бу мансабни тарк этиш бобида илтимос қилиб, бу лавозимга амир Aҳмад Суҳайлийни тайин қилишни илтимос қилди. Хоқони Мансур унинг бу илтимосини қабул қилди, лекин ҳижрий 876 йили шаъбон ойида (1472 йил январь) банданавоз подшоҳ ул вожиб ул-атоб амирни аморат мансаби билан сарафроз қилмоқчи бўлди... хоқони Мансурнинг покиза  кўнгли шу эдики, амир Aлишер вожиб ул-изъон фармонга кўра бошқа амирлардан юқори муҳр босса, лекин ул жанобнинг қўлига маълум соатда муҳр боссин учун нишон берганларида, нафси синиқ бўлганидан ва бағоят улуғ тавозуълилигидан, нишоннинг шундай жойига муҳр босдиким, ундан тубанроққа муҳр босишга жой қолмади...”
Aлишер Навоий вазир лавозимида ишлаб юрган пайтларида ўзининг бутун куч-қувватини мамлакат ободончилиги, эл фаровонлиги учун сарф қилади:

Ким бор эди бошима кўп меҳнатим,
Йўқ эди бош қошиғали фурсатим

(“Ҳайрату-л-аброр”дан)

Мамлакатда зулм ва ҳақсизликка чек қўяди, илм ва санъат аҳлига раҳнамолик қилади, бунёдкорлик ва ободончилик ишларига кенг эътибор қаратади. “Aмири кабир” ва “амиру-л-муқарраб” унвонларига сазовор бўлади.
Алишер Навоийнинг мамлакатдаги катта ҳуқуқлари ва эл орасидаги юксак эътибори сарой амалдорлари, айниқса, Мажидиддин ва унинг тарафдорларининг кескин норозилигига сабаб бўлади ва саройда фисқ-фасод кучая боради. 1476 йилда Навоий вазирлик лавозимидан истеъфо беради ва бадиий ижод билан шуғулланади.
Алишер Навоий вазирлик лавозимидан кетгандан сўнг ҳам Султон Ҳусайн саройида энг нуфузли сиёсий арбоб бўлиб қолаверади. Ҳусайн Бойқаро уни ўзига ғоят яқин тутар, ҳар бир нарсада у билан маслаҳатлашар ва шоирнинг фикрини ниҳоятда қадрлар эди. Бу ҳолат улуғ шоир ва сарой амалдорлари орасидаги низонинг ошишига олиб келади. Ҳусайн Бойқаро Навоийни Aстрободга ҳоким қилиб юбориш билан саройдаги низоларга чек қўймоқчи бўлади. 
Алишер Навоий 1487-1488 йилларда Aстрободда ҳокимлик қилади. Мирхонднинг ёзишича, “Aстробод гулшани адолат хислатлик  амирнинг келиши билан Эрам гулистонининг ғайратини келтирадиган бўлиб, Журжоннинг саййидлари, уламоси, эътиборли кишилари, фозиллари ул мақтовга муносиб сифатли амирнинг лутфу марҳаматлари билан фахр ва қувонч топдилар. Яна раъияти унинг адолату инсофининг баракоти билан зулму бедодлик зулматидан нажот топиб, тинчлик ва омонлик, фароғат ва осудаликка эришдилар”. 
1489 йилда Алишер Навоий Ҳиротга қайтгач, ўрнига Aстробод ҳокими қилиб шаҳзода Бадиуззамон тайинланган эди. Бу орада Балхда Дарвешали қўзғолони бошланади. Ҳусайн Бойқаро Навоийни олиб, Балхга жўнайди. Дарвешали билан сулҳ тузилади, лекин Ҳисорда Абу Саъиднинг ўғли Султон Маҳмуд Ҳусайн Бойқарога қарши кураш бошлайди. Шоҳ Навоийни Балхда қолдириб, ўғли Бадиуззамонни олиб, Ҳисорга отланади. У билан ҳам муросага келишиб, орқага қайтади ва Балхни Бадиуззамон тасарруфига беради. Бадиуззамон ўн уч ёшли ўғли Мўмин Мирзони Aстрободда қолдириб, Балхга келади. Ҳусайн Бойқаронинг суюкли аёли Хадичабегим билан Мажидиддиннинг ўрнига вазир қилиб тайинланган Низомулмулк Aстрободга Музаффар Мирзони ҳоким қилиб тайинлашга эришадилар. Хадичабегим шоҳнинг мастлик чоғида Мўмин Мирзони ўлдириш ҳақидаги фармонга имзо қўйдириб, унинг зудлик билан ижро қилинишига эришади. Ҳусайн Бойқаро ҳушига келиб, янги фармон жўнатади. Лекин вақт ўтиб бўлган эди.
Бу ҳодиса Алишер Навоийга қаттиқ таъсир кўрсатади ва кўпдан буён орзу қилгани ҳаж сафарига тайёргарлик кўра бошлайди. Шоҳдан ижозат олиб, йўлга отланади. 1499 йилда Марвда Ҳусайн Бойқаронинг яна бир ўғли Aбулмуҳсин отасига қарши бош кўтаради. Шоҳ исённи бартараф қилиш учун қўшин билан Марвга   отланади. Мирхонднинг хабар беришича, “Марв қамали уч-тўрт ойга чўзилиб, фатҳу зафар шоҳиди мурод кўзгусида кўринмагани учун хоқони Мансур сулҳга майл қилди. Aбулмуҳсин мирзо ҳам қалъадорликнинг чўзилиб кетганидан ғам чекиб, отаси қошига чопар юборди ва амир Aлишерни талаб қилдиким, то ул жанобнинг воситачилиги билан сулҳ иши воқе бўлсин”. Шоҳ Машҳад остоналарига етиб қолган Алишер Навоийга тез чопар юборади. Aлишер Навоий Машҳад улуғлари ва ҳамроҳлари билан маслаҳатлашади. Улар мамлакатнинг тинчлиги ҳар нарсадан устун эканлигини айтиб, ҳажга боришни кечиктиришни маслаҳат берадилар. Aлишер Навоий ортга қайтади ва ота-ўғил орасида сулҳ имзоланади.
1500 йил декабрининг охирларида Ҳусайн Бойқаро Aстробод юришидан қайтади. Aнъанага кўра, саройнинг барча эътиборли кишилари шоҳни кутиб олишга йўлга чиқадилар. Улар орасида ҳазрат Навоий ҳам бор эди. Соғлиғи жуда ёмонлашганига қарамай, шоир сафардан қайтган султон ҳузурига етиб келади ва ҳамроҳлари ёрдамида унинг кўксига бош қўйиб, ҳушидан кетади. Бу ҳолат “Макориму-л-ахлоқ”да шундай тасвирланади: “Бир фарсахга яқин юрганда соҳибқироннинг дабдабали ва кўркам муҳафаси кўринди. Шу вақт Худонинг инояти билан ул зотнинг муборак боши айланиб қолди. Олижаноб амир Хожа Шиҳобуддин Aбдуллани ҳузурига чақириб: “Мени эҳтиёт қилишдан ғофил бўлманг, аҳволим ўзгариб қолди”, деди. Шу пайт аъло ҳазратнинг қўлини ўпишга етишмоқ учун отдан тушди. Тўсатдан етишган касалликнинг оғирлиги сўнгги ҳаддига бориб қолгани ва юришга мадори қолмаганидан, мазкур амир ва Мавлоно Жалолуддин Қосим унинг қўлтиқларига кириб, улуғ Aмир бошини баланд мартабали подшоҳнинг қучоғига қўя олди. Aъло ҳазрат ул буюклик ва ва дабдаба доираси марказининг аҳволида ўзгариш кўриб, ғоятда қайғуга ботди, ғамгин бўлди”. Шоирни оғир аҳволда уйга олиб келадилар. Уч кун ҳушсиз ётган Aлишер Навоий 1501 йилнинг 3 январида сакта касаллиги туфайли вафот этади.

Савол ва топшириқлар:
1.    Алишер Навоийнинг болалик йиллари ҳақида сўзлаб беринг.
2.    Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар берувчи қандай асарларни биласиз?
3.    Самарқандга кетар чоғида Алишер Навоий Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган маснавийсида “Хамса”ни ўттиз ойда ёза олишини айтади. Бу ҳолатни қандай баҳолаган бўлардингиз? Навоий бундай даъво қилишга ҳақли эдими?
4.    Саййид Ҳасан Ардашерга ёзилган маснавий матнига таяниб, Алишер Навоийнинг Самарқандга кетиш сабабларини айтиб беринг.
5.    Алишер Навоийнинг давлат арбоби сифатида амалга оширган ишлари ҳақида тўхталинг.
6.    Ҳазрат Навоийнинг ҳаж сафаридан қолишига қайси воқеалар сабаб бўлади?

АДАБИЁТЛАР:

1.    Навоий замондошлари хотирасида. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.
2.    Сирожиддинов Ш. Навоий замондошлари эътирофида. – Самарқанд: Зарафшон, 1996. 
3.    Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик, текстологик таҳлили.  – Т.: Akademnashr, 2011.
4.    Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.
5.    Султон Иззат. Навоийнинг қалб дафтари. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1973.
6.    Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Мoвarounnahr – O‘zbekiston, 2009.
7.    Vohidov R., Eshonqulov H. O‘zbek mumtoz adabiyoti tarixi. – T.: O‘zYU Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti, 2006.
8.    Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977. 



Алишер Навоий лирикаси. Девонлари
РЕЖА:

1.    “Илк девон”га тавсиф.
2.    Оққуюнлилар саройи девони ҳақида.
3.    Дастлабки расмий девонлар. “Бадоеъу-л-бидоя” дебочасида девон тартиб бериш масалалари.
4.    “Хазойину-л-маоний” куллиётининг яратилиш тарихи. Куллиётнинг таркибий тузилиши.
5.    Навоийнинг форсий шеърлари ҳақида умумий маълумот.
6.    “Хазойину-л-маоний”га кирмай қолган шеърлар.

Мусулмон Шарқи шеърияти тарихини Алишер Навоий лирикасисиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг лирик мероси ўзигача яратилган форс-тожик ва туркий шеъриятнинг давоми бўлиш билан бирга барча замонлардаги ўзбек шеъриятининг энг юксак чўққиси ҳамдир. Ҳар иккала тилда юксак бадиий асарлар ярата олиш қобилиятига эга бўлган ҳассос шоир 45 минг мисрага яқин туркий тилдаги шеърлари ва 12 минг мисрадан ортиқ форс-тожик тилидаги назмий мероси билан ўша давр шеърияти ривожига катта ҳисса қўшди. 
Алишер Навоий болалик йиллариданоқ бадиий ижод билан шуғуллана бошлаган. “Уч ёш била тўрт ёшнинг орасида” форсигўй адиб Қосим Анворнинг байтини ёд ўқиб, йиғилганларни ҳайратда қолдирган (“Мажолисун нафоис”) Алишер 15 ёшларида “малику-л-калом” Лутфийнинг таҳсинига сазовор бўлади. Адабиёт ихлосмандлари ундан девон тузишни илтимос қилганларида, у ғоят камтарлик юзасидан девон тузиш учун ҳали вақт эрта деб ҳисоблайди. Шунда шоирнинг мухлислари 1465-66 йилларда унинг шеърларини тўплаб, девон тузадилар ва бу девон ўз даврида “хаттотлар султони” номи билан машҳур бўлган Султонали Машҳадий  томонидан настаълиқ хатида кўчирилади. Навоийнинг ўзи “Бадоеъу-л-бидоя”га ёзган дебочасида “…аммо халойиқ аросида минг байт-икки минг байт ортуғроқ, ўксукракким ўзлари жамъ қилиб эрдилар, бағоят машҳур бўлуб эрди”, – деб ёзади. Девон уни нашрга тайёрлаган адабиётшунос олим Ҳамид Сулаймонов томонидан шартли равишда “Илк девон” деб номланган бўлиб, 391 ғазал, 41 рубоий, 1 мустазод, 1 мухаммас – жами 434 шеърдан ташкил топган.
Девонга шоирнинг 1466 йилдан аввал ёзилган асарлари киргани учун ундаги шеърларнинг ёзилиш санаси нисбатан аниқ деб ҳисоблаш мумкин, шу сабабли бу девон шоирнинг ўспиринлик ва йигитлик давридаги ижоди ва таржимаи ҳоли ҳақида муайян тасаввур берувчи манба сифатида юксак қийматга эга. Девондаги ғазалларни кузатар эканмиз, бугунги кунда халқ орасида машҳур бўлган қуйидаги ғазаллар айнан шоир ижодининг илк даврида яратилганлигига гувоҳ бўламиз:

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади...

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санго,
Не балолиғ кун эдиким ошно бўлдум санго...

Навоий фалсафий тафаккурида муҳим қийматга эга бўлган “Анго” радифли ғазалнинг ҳам айнан шу девондан ўрин олганлиги шоирнинг ўша даврдаги юксак салоҳиятидан дарак беради. Ғазал матлаъсини келтирамиз:

Ҳар гадоким, бўриёйи фақр эрур кисват анго,
Салтанат зарбофтидин ҳожат эмас хилъат анго.

“Илк девон”даги барча шеърларнинг кейинчалик “Хазойину-л- маоний”га киритилганлиги уларнинг Алишер Навоий учун ҳам қадрли бўлганлигини кўрсатади.
Навоийшунос олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган нусхаларни ўрганиш асносида Алишер Навоийнинг ихлосмандлари томонидан тузилган яна бир девони қўлёзмасини аниқлаб, 2012 йилда фанга маълум қилди. Мазкур девон шоирнинг Оққуюнлилар сулоласи (Озарбайжон ва Ғарбий Эрон ҳудудида 1378-1508 йилларда ҳукмронлик қилган ўғуз турклари) ҳукмронлиги ҳудудидаги мухлислари томонидан тузилган бўлиб, ҳозирча фанда шартли равишда “Оққуюнлилар девони” номи билан юритилмоқда.
Девон 1471 йил 25 декабрда Анисий тахаллуси билан шеърлар ёзган шоир ва хаттот Абдураҳим ибн Абдураҳмон Хоразмий томонидан Оққуюнлилар салтанатининг марказларидан бири бўлган Шероз шаҳрида кўчирилган. Девонда жами 229 та шеър бор: 224 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас ва 1 таржеъбанд.  Бу мажмуадаги 224  ғазалдан 217 таси “Бадоеъу-л-бидоя”га ва фақат биттасигина “Наводиру-н-ниҳоя”га ўтган. Девондаги  90%  ғазал «Илк девон»да учрамайди. Бу ҳолат мазкур ғазалларнинг катта қисми 1466 йилдан кейинги 5 йил орасида (1471 йилгача) яратилганлигини кўрсатади. Авваллари Алишер Навоийнинг туркий тилдаги шеърияти 4 босқичда: “Илк девон”, “Бадоеъу-л-бидоя”, “Наводиру-н-ниҳоя”, “Хазойину-л-маоний” тарзида ўрганилиб келинарди.  Эндиликда мазкур девон топилгандан сўнг Алишер Навоий шеъриятини беш босқичда ўрганишга зарурат сезилади. Буни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Босқичлар    Навоий девонлари    Тузилиш муддати
I    Илк девон    1465-66
II    Оққуюнлилар девони     1471
III    Бадоеъу-л-бидоя     1470-80
IV    Наводиру-н-ниҳоя    1480-87
V    Хазойину-л-маоний    1492-98

Оққуюнлилар салтанатининг асосий аҳолиси ўғуз турклари бўлгани учун мазкур қўлёзмада Алишер Навоий шеърлари ўғуз лаҳжасига мослаштирилиб кўчирилган. Масалан, Навоийнинг машҳур ғазали матлаъси ушбу девонда қуйидаги ҳолатда учрайди:

Меҳр чўх кўрсатдим, аммо меҳрибоне допмадим,
Жон басе қилдим фидо, ороми жоне допмадим.

Оққуюнлилар девони ҳозирда Мисрнинг Коҳира шаҳрида сақланмоқда.
Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро тахтга чиққанидан кейин унинг топшириғи билан ўзининг биринчи расмий девони “Бадоеъу-л-бидоя” (“Бадиийликнинг бошланиши”)ни тартиб беради. Девоннинг Алишер Навоий ҳаётлик даврида (1480, 1482 ва 1486 йилларда) кўчирилган нусхалари Париж Миллий кутубхонасида (1480 йил, инв.№ 746), Британия музейида (1482 йил, инв.№ 401) ва Тошкент шаҳрида (1486 йил, инв.№ 216, асос нусха) сақланади. Девон мазкур нусхалар асосида филология фанлари номзодлари Ш.Шарипов ва М.Раҳматуллаевалар томонидан нашрга тайёрланган (МАТ, 1-жилд).
Шоир бу девони учун махсус дебоча ҳам ёзиб, унда девон тартиб бериш масалаларига тўхталади ва қуйидаги хусусиятларни алоҳида кўрсатиб ўтади:
1.    “Аввал будурким, ҳар кишиким девон тартиб қилибдурур, ўттиз икки ҳарфдинки, халойиқ иборатида воқиъдурур ва улус китобатида шойиъ, тўрт ҳарфға таарруз қилмайдурурлар...
2.    Яна буким, ҳар ҳарф ғазалиётининг аввал битиган ғазал била ўзга ғазаллар орасида услуб хайсиятидин тафовут риоят қилмайдурурлар. Муқаррардурким, ҳар амрда бир лаҳза ҳақ субҳонаҳу ва таоло ҳамдидин ё расул алайҳиссалом наътидин, ё бу икки ишга далолат қилурдек бир амрдин ғофил бўлмамоғлиқ авлодур...
3.    Яна бир буким, гўйиё баъзи эл ашъор таҳсилидин ва девон такмилидин ғараз мажозий ҳусну жамол тавсифи ва мақсуд зоҳирий хатту хол таърифидин ўзга нима англамайдурурлар. Девон топилғайким, анда маърифатомиз бир ғазал топилмағай ва ғазал бўлғайким, анда мавъизатангиз бир байт бўлмағай...
4.    Яна буким, сойир давовинда расмий ғазал услубидинким, шойиъдурур, тажовуз қилиб, махсус навъларда сўз арусининг жилвасиға намойиш ва жамолиға оройиш бермайдурурлар. Ва агар аҳёнан матлаъе махсус навъда воқиъ бўлғон бўлса, ҳамул матлаъ услуби била итмом хилъатин ва анжом кисватин кийдурмайдурурлар, балки тугангунча агар бир байт мазмуни висол баҳорида гулоройлиқ қилса, яна бири фироқ хазонида хорнамойлиқ қилибдурур... Ул жиҳатдин саъй қилиндиким, ҳар мазмунда матлаъе воқиъ бўлса, аксар андоғ бўлғайким, мақтаъгача сурат хайсиятидин мувофиқ ва маъни жонибидин мутобиқ тушкай”.
Алишер Навоий бу ўринда девонни ғазаллар билан бошлаш, ғазалларни 28 ҳарф эмас, балки 32 ҳарф (ﭺ  – чим, ﮊ –  же, ﮒ  – гоф ва ﻼ  – лом-алифни ҳам қўшган ҳолда) билан тугаллаш зарурлиги, девонга даставвал Аллоҳга ҳамд ёки Пайғамбарга наът мавзусидаги ғазалларни жойлаштириш, ғазалларга маърифат ва мавъиза мавзуларига доир байтлар киритиш, ғазал матлаъсида келтирилган фикрни мақтаъгача ривожлантириб бориш  ва албатта, девонга жанр жиҳатдан ранг-баранг шеърларни киритишни назарда тутади.
Алишер Навоийнинг мазкур девони айнан юқоридаги қонун-қоидаларга амал қилинган ҳолда тартиб берилган бўлиб, унда 11 жанрга оид жами 1046 та шеър мавжуд. Девонга шеърлар қуйидаги тартибда жойлаштирилган:  ғазал – 777 та,   мустазод – 3 та ,   мухаммас – 5  та,   мусаддас – 2 та,   таржиъбанд – 3 та, қитъа – 46 та, рубоий – 85 та, луғз – 10 та, муаммо – 52 та, туюқ – 10 та, фард – 53 та.
Алишер Навоий тузган иккинчи расмий девони “Наводиру-н-ниҳоя” (“Беҳад нодирликлар”) деб аталиб,  1480-1487 йиллар оралиғида тузилган.  Девоннинг  1487 йилда Ҳиротда машҳур хаттот Абдужамил котиб томонидан кўчирилган нодир қўлёзма нусхаси ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. №11675, асос нусха) сақланмоқда. Шунингдек, девоннинг яна бир нисбатан тўлиқ нусхаси Султон Али Машҳадий томонидан Ҳиротда кўчирилган бўлиб, бу нусха ҳам ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. №1995) сақланади. “Наводиру-н-ниҳоя” девони матни мазкур нусхалар асосида филология фанлари номзоди М.Раҳматуллаева томонидан нашрга тайёрланган бўлиб, унда 862 шеър бор (МАТ, 2 жилд). Мазкур нашрдан ўрин олган шеърларнинг барчаси ғазал жанрига оид. Ушбу девондаги 64 ғазал “Ғаройибу-с-сиғар”га, 331 ғазал “Наводиру-ш-шабоб”га, 213 ғазал “Бадоеъу-л-васат”га ва 196 ғазал “Фавойиду-л-кибар”га киритилган. Ҳазрат Навоий “Наводиру-н-ниҳоя”даги ғазалларни кейинчалик “Хазойину-л-маоний”га киритганда кўпинча уларни таҳрир қилган, баъзи ғазалларнинг  фақат матлаъсини сақлаб қолиб, қолган байтларини бутунлай ўзгартирган .
Девон Навоийнинг ҳамд мазмунидаги машҳур ғазали билан бошланади:

Зиҳи зуҳури жамолинг қуёш киби пайдо,
Юзунг қуёшиға зарроти кавн ўлуб шайдо.

Алишер Навоий 1492-1498 йилларда Ҳусайн Бойқаронинг таклифи билан ўзининг барча шеърлари, жумладан, аввалги расмий девонларига кирган  шеърларини ҳам тўплаб, “Хазойину-л-маоний” (“Маънолар хазинаси”) номли йирик куллиёт яратади. Куллиёт тўрт девонни ўз ичига олганлиги учун “Чор девон” деб ҳам юритилади. Куллиётнинг Санкт-Петербург (1498-99, инв. Хаников-55; 1592-96, инв. Дорн-558), Истамбул (1495-97, хаттот Дарвеш Муҳаммад Тоқий кўчирган, инв. № 808), Париж (1525-27, котиб ал-Ҳижроний кўчирган, инв. № 316-317) нусхалари мавжуд бўлиб, улар асосида профессор Ҳ.Сулаймонов куллиётнинг илмий-танқидий матнини яратди (1959-60). Мазкур матн МАТнинг 3-6 жилдларини ташкил этувчи девонлар учун асос бўлган. 
Алишер Навоий тўрт девоннинг ҳар бирига инсон умрининг фаслларига мослаб ном берди. Шу маънода 7-8 ёшдан 20 ёшгача бўлган даврни инсон умрининг баҳори деб атади ва куллиётнинг биринчи девонини “Ғаройибу-с-сиғар” (“Болалик ғаройиботлари”) деб номлади. 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган даврни инсон умрининг ёзи деб белгилади ва “Наводиру-ш-шабоб” (“Йигитлик нодирликлари”) деб атади. 35-45 ёшни умрнинг кузига қиёс этди ва "Бадоеъу-л-васат" ("Ўрта ёш гўзалликлари") деб номлади. 45-60 ёшини умрининг қишига ўхшатиб, "Фавойиду-л-кибар" ("Кексалик фойдалари") деб атади. Ҳар бир девонга 650 тадан ғазал киритди, шунга мувофиқ бошқа шеърий жанрларга ҳам жой ажратди.
Олим Ҳ.Сулаймоновнинг изланишлари шуни кўрсатадики, Навоий “Хазойину-л-маоний” куллиётини тузиш устида бир неча йил тинимсиз меҳнат қилган ва 1498 йилдагина уни ҳозирги ҳолатда тугал тарзда якунлаган. Навоий куллиёт девонларини ўзаро ички мустаҳкам боғлиқ ҳолда ва қатъий  мутаносибликда тузадики, уларга кейинчалик бирорта ғазал киритиш ёки девонлар таркибидан тушириб қолдириш ва ҳатто ички ўрнини алмаштириш ҳам мумкин бўлмаган.
“Хазойину-л-маоний” куллиётининг ички тузилиши жаҳатидан ниҳоятда мустаҳкам тарзда тартиб берилганлигини шундан тасаввур қилиш мумкинки, Алишер Навоий ундаги тўрт девоннинг ҳар бирига тенг миқдорда 650 тадан ғазал жойлаштиргангина эмас, балки шу билан бирга, шу ғазалларнинг қофияланишига кўра ҳам ҳар бир девонда ўзаро тенг ва қатъий мутаносиб бўлишига жиддий аҳамият берган. Яъни, “алиф” ҳарфи билан тугалланувчи қофия ва радифли ғазаллар тўртала девонда ҳам 39 тадан, “бе” ҳарфи билан тугалланувчи қофия ва радифли ғазаллар 27 тадан ва ҳ.к. тенг тарзда учрайди.
Ёки яна бир мисол. “Хазойину-л-маоний” куллиётида ҳаммаси бўлиб “Анго” радифли 12 ғазал мавжуд. Бу ғазаллар тўртала девонга учтадан тенг тарзда тақсимланган. Шунингдек, улар ҳар бир девонда бир ўринда, яъни 8-9- 10 ўринларда жойлаштирилган. Буларнинг барчаси куллиётнинг ниҳоятда  мустаҳкам тартибда ўзаро мутаносиб ҳолатда тузилганлигини кўрсатади.
Алишер Навоий “Хазойину-л-маоний” куллиёти такмилини 1498 йилда тугатгандан сўнг бу санадан кейинги йилларда ҳам юксак ижодий суръат билан ишлашда давом этган. Шоирнинг ўзи куллиёт дебочасида гувоҳлик беришича, бир кунда бир-икки, баъзан уч-тўрт ғазал ёзган пайтлари ҳам бўлган:
Кун бор эдики бир ғазалу икки ғазал,
Бал уч ғазалу тўрт ғазал баъзи маҳал...

Навоийшунос А.Абдуғафуровнинг ёзишича, Навоий ҳаётининг сўнгги йилларида ҳам ана шундай катта илҳом ва жиддий суръат билан баракали қалам тебратган ва кейинги икки йилдан ортиқ вақт давомида кўплаб ғазал, қитъа, рубоий, мухаммас ва бошқа лирик жанрларда асарлар яратган . Олим бу лирик шеърлар ўрин олган бир неча манбаларни келтиради:
1.    “Муҳокамату-л-луғатайн”да шоир ўзбек адабиёти ва жонли сўзлашув тилининг бойлигини кўрсатиш мақсадида кўплаб сўз ва ибораларнинг ёзма адабиётда ишлатилишига мисол тариқасида ўз шеъриятидан байтлар келтиради. Келтирилган байтларнинг аксарияти тахаллус билан якунланувчи мақтаъ эканлиги ҳазрат Навоийнинг мазкур ғазали тугал ҳолда мавжуд бўлганлигини кўрсатади.
2.    Баъзи тазкиралар, хусусан, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида келтирилган мақтаъ байт Навоий девонларининг ҳеч бирида учрамайди.
3.    Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Рисолаи аруз” асарида Навоий ижодидан рамал баҳри учун мисол тариқасида келтирилган қирқ олти ғазал матлаъларининг биттаси куллиёт таркибига кирмаганлигининг гувоҳи бўламиз.
4.    Алишер Навоий асарларига XV-XVIII асрларда тузилган луғатлар, хусусан, “Бадоеъу-л-луғат”, “Абушқа”, “Санглоҳ” луғатларида кўплаб сўзларнинг изоҳи учун келтирилган айрим мисол байтлар ҳам “Хазойину-л-маоний”да учрамайди.
5.    Алишер Навоий ғазалларига битилган кўплаб тахмислар таркибидаги шоир қаламига мансуб байтлар ажратиб олинганда уларнинг баъзилари “Хазойину-л-маоний” куллиётида мавжуд эмаслиги маълум бўлади .
Буларнинг барчаси Алишер Навоий умрининг сўнгги йилларида ҳам ижод қилишдан бир лаҳза тўхтамаганлигини кўрсатади.       
Алишер Навоий форсий тилда битган шеърларини ҳам йиғиб, "Девони Фоний" номли тўплам тузди. Бизгача девоннинг бир неча қўлёзма нусхалари етиб келган. Булардан 2 таси Париж (инв. № 285, 1345), 2 таси Туркия (инв. № 3850, 1952), ва бир нусха Теҳрон (инв. № 15002) кутубхоналарида сақланади. Бу нусхалар орасида Париждаги 285 рақамли қўлёзма нисбатан мукаммал ҳисобланади . Академик Б.Валихўжаев “Девони Фоний” нусхаларини ўрганиб чиқиб, улардаги шеърий жанрлар миқдорини қуйидагича деб кўрсатади: 10 қасида, 554 ғазал, 1 мусаддас, 1 марсия, 72 қитъа, 73 рубоий, 16 таърих, 373 муаммо, 9 луғз. Олим уларнинг миқдорини 1109 та деб белгилаб, умумий ҳажми 6179 байт эканлигини таъкидлайди.
Кўринганидек, Алишер Навоийнинг барча шеърий мероси  9 девонда жам бўлган бўлиб, уларнинг иккитаси ихлосмандлари томонидан тузилганлиги  Навоий шеърларига ҳамма даврларда, хусусан, ўз даврида ҳам юқори даражада эҳтиёж бўлганлигидан дарак беради.


Савол ва топшириқлар
1. Шоир сифатида анча танилиб қолган бўлса-да, Алишер Навоий йигитлик даврида нима учун девон тартиб беришга рағбат кўрсатмаган деб ўйлайсиз?
2. Алишер Навоийгача ва Алишер Навоийдан кейин мухлислари томонидан девони тузилган яна қайси шоирни айта оласиз?
3. Алишер Навоийнинг мухлислари тузган девонлари ҳақида айтиб беринг.
4. Алишер Навоийнинг мукаммал шеърий девон учун қўйган талабларини шарҳлаб беринг.
5.“Хазойину-л-маоний” куллиётининг яратилиш тарихи ҳақида нималарни биласиз?
6.    “Хазойину-л-маоний”даги шеърларнинг аниқ математик тартибда жойлаштирилганлигидан қандай хулосага келиш мумкин?
7.    Мазкур куллиётнинг ўзбек шеърияти тараққиётига кўрсатган ижобий таъсири ҳақида қандай тасаввурга эгасиз?


АДАБИЁТЛАР:
1.    Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1987-1988. 1-2- жилдлар.
2.    Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1988-1990. 3-6- жилдлар.
3.    Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 2003. 20- жилд.
4.    Навоий Алишер. Айёми висол ўлди яна: Янги топилган ғазаллар (Нашрга тайёрловчи Ф.Сулаймонова). – Т.: Адабиёт  ва санъат нашриёти, 1995.
5.    Навоий Алишер. Хазойинул маоний (Илмий-танқидий текст асосида нашрга тайёрловчи Ҳ.Сулаймонов). 4 жилдлик. 1-4-жилдлар. – Т.: Фан, 1959-1960.
6.    Исҳоқов Ё. Алишер Навоийнинг илк лирикаси: Филол. фан.номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссерт. – Т., 1963.
7.    А.Абдуғафуров. “Хазойину-л-маоний”дан четда қолган ғазаллар//  Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001.
8.    Эркинов А. Навоийнинг мухлислари томонидан тузилган яна бир девони // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т.: Фан, 2012. – № 1.
9.    Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977. 



“Хазойину-л-маоний” куллиётидаги лирик жанрлар тавсифи
РЕЖА:

1.Ғазал ва мустазод жанрларига тавсиф.
2. Мусамматларнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари.
3.Таркиббанд, таржиъбанд ва маснавий жанрлари.
4. Қасида ва соқийнома жанрларининг ғоявий-бадиий хусусиятлари.
5. Куллиётдаги кичик лирик жанрлар.

“Хазойину-л-маоний” куллиёти туркий шеъриятнинг гултожи бўлиб, жами 16 лирик жанрни ўз ичига олади. Бу шеърий жанрлар ҳар бир девонга муайян тартиб билан жойлаштирилган ва бу жанрларга оид шеърларнинг умумий сони 3132 га тенг. “Хазойину-л-маоний” куллиёти таркибига кирувчи девонларнинг жанр хусусиятларини кузатадиган бўлсак, улар орасида ўзаро мутаносиблик борлигини кўрамиз. Хусусан, “Ғаройибу-с-сиғар” ва “Наводиру-ш-шабоб” девонларига 8 тадан, “Бадоеъу-л-васат” ва “Фавойиду-л-кибар” девонларига 9 тадан жанр киритилган ва девонларнинг ҳажми ҳам бир-биридан унчалик фарқ қилмайди: “Ғаройибу-с-сиғар”да 840 та шеър (5718, 5 байт),  “Наводиру-ш- шабоб” девонида 759 та шеър (5423, 5 байт), “Бадоеъу-л-васат”да 740 та шеър (5420 байт)  ва  “Фавойиду-л-кибар”да 793 та шеър (588,5 байт) мавжуд.  Бу жанрлардан ғазал, мустазод, мусаддас, таржиъбанд барча девонларга ўзаро тенг нисбатда жойлаштирилган. Мазкур жанрларнинг куллиётдаги тартиби ва ўзаро нисбатини Ҳ.Сулаймонов тузган қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Навоий фойдаланган лирик жанрлар

“Ғаробу-с-сиғар” девонида

“Наводиру-ш-шабоб” девонида

“Бадоеъу-л-васат” девонида

“Фавойиду-л-кибар” девонида

Жами тўрт девонда

1

Ғазал

650 та

(4975 байт)

650 та

(4998 байт)

650 та

(5001 байт)

650 та

(5029 та)

2600 та

(20003 байт)

2

Мустазод

1 та

(7 байт)

1 та

(7 байт)

1 та

(7 байт)

1 та

(7 байт)

4 та

(28 байт)

3

Мухаммас

3 та

(57,5 байт)

3 та

(52,5 байт)

2 та

(30 байт)

2 та

(37,5 байт)

10 та

(177,5 байт)

4

Мусаддас

1 та

(27 байт)

1 та

(27 байт)

2 та

(42 байт)

1 та

(21 байт)

5 та

(117 байт)

5

Мусамман

1 та

(28 байт)

1 та

(28 байт)

6

Таржиъбанд

1 та

(100 байт)

1 та

(103 байт)

1 та

(56 байт)

1 та

(110 байт)

4 та

(369 байт)

7

Таркиббанд

1 та

(56 байт)

1 та

(56 байт)

8

Маснавий

1 та

(148 байт)

1 та

(148 байт)

9

Қасида

1 та

(91 байт)

1 та

(91 байт)

10

Соқийнома

1 та

(458 байт)

1 та

(458 байт)

11

Қитъа

50 та

(138 байт)

50 та

(126 байт)

60 та

(127 байт)

50 та

(112 байт)

210 та

(503 байт)

12

Рубоий

133 та

(266 байт)

133 та

(266 байт)

13

Муаммо

52 та

(54 байт)

52 та

(54 байт)

14

Луғз

10 та

(40 байт)

10 та

(40 байт)

15

Туюқ

13 та

(26 байт)

13 та

(26 байт)

16

Фард

86 та

(86 байт)

86 та

(86 байт)

Жами

840 та (5718,5 б.)

759 та (5423,5 б.)

740 та (5420 б.)

793 та (5888,5 б.)

3132 та (22450,5 б.)


“Хазойину-л-маоний” куллиётида энг кўп қўлланилган жанр бу шубҳасиз ғазалдир. Маълумки, ғазал арабча “ошиқона сўз”, “ишқ изҳор қилиш” маъноларини билдириб,  а-а, б-а, с-а, д-а…  тарзида  қофияланувчи,  3 байтдан 19 байтгача ҳажмда бўлган байтли шеър шаклидир. Ўзбек адабиётида  5-10 байтли ғазаллар кўп учрайди. Навоий ғазаллари эса асосан 7 байтдан 13 байтгача ҳажмда бўлиб, бу ҳақда шоирнинг ўзи “Бадоеъу-л-васат” девонига киритилган қитъасида шундай маълумот беради:

Навоий шеъри тўққуз байту, ўн бир байт, ўн уч байт
Ки, лавҳ узра қалам зийнат берур ул дурри макнундин.
Буким албатта етти байтдин ўксук эмас, яъни
Таназзул айлай олмас рутба ичра етти гардундин.

Профессор Ҳамид Сулаймонов Алишер Навоийнинг “Хазойину-л-маоний” куллиётидаги ғазаллар ҳажмини қуйидаги жадвалда акс эттирган:

Байтлар сони

“Ғаройибу-с-сиғар” девонида

“Наводиру-ш-шабоб” девонида

“Бадоеъу-л-васат” девонида

“Фавойиду-л-кибар” девонида

Ҳаммаси

5

2

-

-

-

2

6

1

3

1

-

5

7

434

446

437

430

1747

8

30

8

8

12

58

9

163

162

187

183

695

10

8

7

1

3

19

11

11

23

14

20

69

12

-

-

1

-

1

13

1

1

1

2

5

650

650

650

650

2600



Ғазалнинг биринчи байти матлаъ ёки мабдаъ, охирги байти эса мақтаъ деб аталади ва мақтаъда шоир тахаллуси қўлланилади. Агар иккинчи байт ҳам матлаъ сингари қофияланса, яъни ғазал қўш матлаъга эга бўлса, “ҳусни матлаъ” ёки “зеби матлаъ”ли ғазал деб аталади.
Ғазалнинг дастлабки намуналари  VIII-IX асрларда араб адабиётида пайдо бўлган, форс-тожик адабиётида илк ғазал ёзган шоир сифатида Рўдакий тилга олинади. Ўзбек адабиётида эса дастлабки ғазал Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида (XIV аср) учрайди. Ғазалнинг достонлар таркибида учраши илк бор Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”сидан (1353-54) бошланади.
Алишер Навоий ўзининг қитъаларидан бирида ғазалдаги устозлари  сифатида форс-тожик шоирлари Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Ҳофиз Шерозийни келтириб ўтади.
Навоий ғазалларини мавзусига кўра шартли равишда қуйидагича тасниф қилиш мумкин:
1.    Ишқий мавзудаги ғазаллар
2.    Тасаввуфий-фалсафий мавзудаги ғазаллар
3.    Ижтимоий мавзудаги ғазаллар
4.    Табиат тасвири акс этган ғазаллар
5.    Ҳажвий мавзудаги ғазаллар.
Аслида бу тасниф нисбий бўлиб, баъзан Алишер Навоийнинг ишқий мавзудаги ғазаллари таркибида (кўпинча бегона байтда) ижтимоий масалалар билан боғлиқ байтлар, табиат тасвири акс этган ғазалларида ёр тасвири ва ҳ.к.  мазмунидаги байтларни кузатиш мумкин.
Ҳазрат Навоий ғазалиётида ишқ мавзуси асосий ўринни эгаллайди. Бу мавзу умуман мусулмон Шарқи шеъриятида ҳам етакчи ўринда бўлиб, Алишер Навоий бу мавзуга ўз ижодининг деярли барча босқичларида мурожаат қилган:

Эй Навоий, ишқ атворини ҳифз айлай деган,
Барча ишни тарк этиб, қилсун бизинг девонни ҳифз.

Алишер Навоий “Маҳбубу-л-улуб”да ишқни 3 даражага ажратади:
1)    авом ишқи;
2)    хослар ишқи (мажозий ишқ);
3)    сиддиқлар ишқи (ҳақиқий ишқ).
Алишер Навоий ижодида мажозий ишқ ҳақиқий ишққа қарама-қарши қўйилмайди, балки мажозий ишқ ҳақиқий ишқ учун кўприк деган ғоя илгари сурилади:
Мажоздин манга мақсуд эрур ҳақиқий ишқ,
Нединки, аҳли ҳақиқатқа бу тариқат эрур.
Мажоздин чу ҳақиқатқа йўл топар ошиқ,
Қилур мажозни нафйи улки, беҳақиқат эрур.

(“Фавойиду-л-кибар, 5-қитъа)

Алишер Навоийнинг ишқий мавзудаги ғазалларидан бирини кўриб чиқсак:

Тун оқшом бўлдию келмас менинг шамъи шабистоним,
Бу андуҳ ўтидин ҳар дам куяр парвонадек жоним.

Не ғам кўргузса кўксум порасин чоки гирибоним,
Кўрунмас бўлса кўксум ёрасидин доғи пинҳоним.

Ғамидин дурри макнундек, сиришким оқти Жайхундек,
Музайян қилди гардундек жаҳонни ашки ғалтоним.

Фалак ҳам тўлди кавкабдин, қуёш ҳам тушти ашҳабдин,
Келиб тушмас бу маркабдин менинг хуршиди рахшоним.

Жаҳонни зулмат этти чаҳ, бу зулмат ичра ўлгум, ваҳ,
Манга бўлсанг не Хизри раҳ, етиб, эй оби ҳайвоним.

Дема кўктин қуёш кетмиш, фалакка тийралик етмиш,
Ул ой ҳажрида тор этмиш фалакни дуди афғоним.

Навоий кеби ҳижрондин, бу оқшом ўлдум афғондин,
Ғамим йўқ буйла юз жондин, етиб гар келса жононим.


Ғазал 8 байтдан иборат бўлиб, “Ғаройибу-с-сиғар” девонидан ўрин олган. Қофияланиш тизимига кўра қўш матлаъли, яъни ғазали ҳусни матлаъ. Шунингдек, ғазалнинг ритмик таъсирчанлигини оширадиган яна бир ҳодиса унинг мусажжаъ (ички қофия) санъати асосида яратилганлигидир. Бу санъатга кўра, матлаъдан кейинги байтлар тўрт бўлакка ажратилиб,  дастлабки уч бўлак ўзаро мустақил тарзда қофияланади, тўртинчи бўлак эса асосий қофияга оҳангдош бўлади.
Ғазалда ошиқнинг ҳижрону айрилиқ дамларида чеккан соғинч изтироблари, дардли кечинмалари тасвирланган бўлиб, бу тасвирнинг фалак, яъни осмон ҳодисалари билан уйғун тарзда баён қилинганлигини кўрамиз.  Ғазал тун – оқшом бошланса ҳам, ёр, яъни ушбу тунни ёритувчи шамъ келмаганлиги, бу қайғу оташидан ошиқнинг жони парвонадай куйиши тасвири билан бошланади. Байтда қўлланилган таносуб (тун, оқшом, шабистон, шамъ, парвона), ташбеҳ, тавзеъ (оқшом, шамъ, шабистон) каби санъатлар матлаъдаёқ ғазалнинг таъсирчан чиқишига замин ҳозирлаган.   
Кейинги байтларда ушбу тасвир янада кучайтирилади.
Иккинчи байт:
Агар кўксимнинг ярасидан яширин ғамим кўринмаса, не ғам?! Чунки кўксимнинг пора бўлганлигини либосим ёқасидаги чок кўрсатиб турибди.
Ҳусни таълил (чиройли далиллаш) ва ташбеҳ санъатларининг уйғунлиги байтнинг таъсирчанлигини оширган.   
Учинчи байт: 
Ёримнинг ғамидан яширин дурдек кўз ёшим Жайҳун дарёсидек оқди, бу кўз ёшимнинг дона-дона томчилари жаҳонни худди юлдузли осмондек безади.
Айни шу байтдан бошлаб, мусажжаъ санъати (макнундек, Жайҳундек, гардундек) оҳангдорликни кучайтиради ва бу оҳангдорлик ғазал охиригача давом этади.
Тўртинчи байт:
Осмон юлдузлар билан тўлди, қуёш ҳам ўз отидан тушди, яъни ботди, лекин менинг қуёшим, яъни ёрим Рахш отидан тушиб, ҳузуримга келмайдими?
Байтда Алишер Навоий бадиий маҳорати ва сўз бойлигининг яна бир намойишига гувоҳ бўламиз: офтоб тушунчаси 3 хил сўз воситасида: қуёш, хуршид, рахшон ва от тушунчаси ашҳаб ва маркаб сўзлари воситасида ифодалаб бериляпти.
Бешинчи байт:
Зулмат жаҳонни қудуққа айлантирди, энди бу зулмат ичида ўлмоғим тайиндир. Қанийди менинг оби ҳайвон (тириклик суви)дек ёрим етиб келиб, Хизр каби йўлбошчи бўлиб, мени қутқарса.
Маълумки, мумтоз адабиётда Хизр оби ҳаётни ичган тимсол сифатида келиб, байтда бу номнинг қўлланилиши талмеҳ санъатини вужудга келтиряпти.
Олтинчи байт:
Осмондан қуёш кетди, атроф қоронғиликка чўмди деб ўйлама. Аслида бу менинг ойдек ёрим ҳажридан чеккан фиғонларим тутунидир.
Байтда истиора ва муболаға санъатларининг бетакрор намуналарига гувоҳ бўламиз.
Еттинчи байт:
Ёрим ғамида менинг бу пинҳон ёнишимдан қуёш қочиб, юзини яширди; шафақ оташга тушиб куйди, осмоннинг юзига эса доғлар тушди. 
Байтда ҳусни таълил санъати ва таносуб санъатлари қўлланилган.
Ғазал ёр висолига илинж ва умидворлик  туйғулари билан якунланади:
Айрилиқ изтироблари ичида Навоий каби бу оқшом фиғон чекиб ўлмоқдаман, лекин менга жон қайғуси бегона, фақат жононим етиб келса бўлгани.
Байтда “жон” ва “жонон” сўзлари воситасида вужудга келтирилган иштиқоқ санъати байтнинг лисоний жозибасини оширган.
Ғазал аруз тизимининг сокин ва ҳазин оҳангга эга вазнларидан бири бўлган ҳазажи мусаммани солим (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V – – –/ V – – – / V – – –  V – – –) вазнида яратилган. Бу бежиз эмас, чунки мусажжаъ ғазал шартлари (байтларнинг ўзаро тенг тўрт бўлакка бўлиниши) шуни тақозо этади.
“Хазойину-л-маоний” куллиётига ғазалдан кейин тартиб бўйича мустазод жанри киритилган бўлиб, куллиётда мустазодлар сони тўртта, яъни ҳар бир девонга тенг тарзда жойлаштирилган. Мустазод арабча “орттирилган”, “зиёда қилинган” маъноларини билдириб, ҳар мисраси 1,5 қатордан иборат шеър шаклидир.  Мустазод учун ғазал асос – замин вазифасини ўтайди. Иккала жанрнинг қофияланиш тизими, байтлар сони, матлаъ ва мақтаъ, тахаллуснинг мавжудлиги бу фикрни исботлайди. Лекин ғазал аруз тизимининг барча баҳрларида яратилгани ҳолда мустазод фақат ҳазаж баҳрининг  ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуфи мустазод (рукнлари ва тақтиъи: мафъулу мафоийлу мафоийлу фаувлун мафъулу фаувлун  – –  V / V – –  V / V – – V / V – – / – – V / V – –) вазнида ёзилади.
Туркий адабиётда Алишер Навоийгача мустазод жанри Ҳофиз Хоразмий ижодида учрайди. Унинг девонида ҳар бири 7 байтдан иборат иккита мустазод мавжуд.
Алишер Навоий “Мезону-л-авзон” асарида мустазод жанрига алоҳида таъриф бериб, унинг оҳанги суруд нағамоти (куй оҳанги)га мос келишини айтади: “...халқ орасида бир суруд бор экандурким, ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуф вазнида анга байт бошлаб битиб, анинг мисраидин сўнгра ҳамул баҳрнинг икки рукни била адо қилиб, суруд нағамотиға рост келтурурлар эрмиш ва ани “мустазод” дерлар эрмиш...”
Навоийнинг ўз даврида ниҳоятда машҳур бўлган мустазодларидан бири “Наводиру-ш-шабоб” девонига киритилган бўлиб, шундай бошланади:

Дин офати бир муғбачаи моҳюлиқодур,          
майхораву бебок,                       
Ким ишқидин онинг ватаним дайри фанодур
сармасту яқом чок.                                                                                 
Ҳам туррасининг дуду вараъ белига зуннор,     
мен кофири ишқи            
Ҳам юзи мажус ўти киби шуълафизодур,          
мен ўртанибон пок...            

Алишер Навоийнинг замондоши тарихчи Зайниддин Восифийнинг “Бадоъеу-л-вақоеъ” асарида келтирилишича, бу мустазодга ўз даврининг машҳур бастакори Хожа Абдулло Марворид куй басталаган. Қўшиқ шунчалик шуҳрат қозонганки, Ҳиротда бу қўшиқни тингламайдиган хонадон бўлмаган. Ҳатто бир базмда мустазоднинг “сармасту яқом чок” сатри куйланаётганда, мажлис аҳли ўз ёқаларини йиртганлар ва бу ҳолни бир тасодиф туфайли туйнукдан қараётган ҳазрат Навоийнинг ўзи ҳам кўрган. Алишер Навоий кейинчалик “Ҳайрату-л- аброр”да бу ҳодисани шундай тасвирлайди:

Базмда ул лаҳза алолони кўр,
Кўйи харобот аро ғавғони кўр.
Кўрки, нечукдур яқо чок айламак,
Ўзни фиғон бирла ҳалок айламак.

Куллиётдаги учинчи жанр мухаммас бўлиб, “Хазойину-л-маоний”да мухаммасларнинг сони 10 та. Мухаммас арабча “бешлик” маъносини билдириб,  ҳар банди 5 мисрадан иборат шеър ҳисобланади ва  а-а-а-а-а, б-б-б-б-а, с-с-с-с-а тарзида қофияланади. Мухаммас мусаммат (бандли шеър)нинг бир тури бўлиб, яратилиш хусусиятига кўра икки хил бўлади:
1) табъи худ  (мустақил);
2) тахмис  (ғазални бешлантириш асосида яратилган).
Табъи худ мухаммасда шоир ўзга шоир шеърини асос қилиб олмасдан, ўзи мустақил равишда бешлик яратади. Тахмисда эса муаллиф ўзга шоир ёки баъзида (жуда кам ҳолларда) ўз ғазалини асос – замин қилиб олиб, шу мавзуни давом эттиргани ҳолда, вазн, қофия ва радифни сақлаб қолиб бешлик яратади. Бунда асос қилиб олинган ғазалдаги ҳар байтнинг юқори қисмига уч мисра қўшилади. Мақтаъ бандда тахмис боғлаётган шоирнинг тахаллуси ҳам келтирилади.
Қизиғи шундаки, Алишер Навоийнинг “Хазойину-л-маоний”га киритилган 10 та мухаммасидан 3 таси “малику-л-калом” Лутфийга, қолган 7 таси эса ўзининг машҳур ғазалларига битилган тахмисдир. Мумтоз адабиётимиз тарихида ижодкорнинг ўз ғазалига тахмис битиш ҳодисаси жуда кам учрайди, Навоий тахмислари эса  шоирнинг ўз ғазалларини бешлантириш асосида вужудга келганлигини кўриш мумкин. Демак, айтиш мумкинки, ҳазрат Навоий муайян мавзуга доир ғазал ёзар экан, орадан вақт ўтиб, шу мавзуга қайтишга эҳтиёж сезган ва шу тариқа ўз ғазалларини мухаммас ҳолига келтирган бўлиши мумкин. Мазкур ҳолатни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Лутфийга тахмиснинг 1-мисраси ва у киритилган девон

Ўз ғазалларига тахмис

Мухаммаснинг 1-мисраси ва у киритилган девон

Мухаммасга асос бўлган ғазалнинг 1-мисраси ва у киритилган девон

Ҳалқайи зулфунгда кўнглум бўлғали ғам маҳрами (“Ғаройибу-с-сиғар”, 1-мухаммас)

Оҳким, волиҳ мен ул сарви хиромондин жудо (“Наводиру-ш-шабоб”, 2-мухаммас)

Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо (“Ғаройибу-с-сиғар”, 38-ғазал)

Маснади ҳусн узра токим кўрмишам ул шоҳни (“Наводиру-ш-шабоб”, 1-мухаммас)

Бўлмағай эрди жамолинг мунча зебо кошки (“Наводиру-ш-шабоб”, 3-мухаммас)

Очмағай эрдинг жамоли олам оро кошки (“Наводиру-ш-шабоб”, 625-ғазал)

Шарбати юҳйил изом эрни майи нобиндадур (“Бадоеъу-л-васат”, 1-мухаммас)

Неча, эй ой, мендин айру айлагай даврон сени (“Бадоеъу-л-васат”, 2-мухаммас)

Келгил, эй ороми жонимким, тилайдур жон сени (“Фавойиду-л-кибар”, 618-ғазал)

Оҳким, тарки муҳаббат қилди жонон оқибат (“Ғаройибу-с-сиғар”, 2-мухаммас)

Ёшурун дардимни зоҳир қилди афғон оқибат

(“Наводиру-ш-шабоб”, 72-ғазал)

Жилва қилди даҳр аро кўп ҳусни бехамто йигит (“Фавойиду-л-кибар”, 1-мухаммас)

Кўнглум олди бир парийпайкар малаксиймо йигит (“Ғаройибу-с-сиғар”, 80-ғазал)

Ишқ ўтидин жисми зори нотавоним ўртадинг (“Ғаройибу-с-сиғар”, 3-мухаммас)

Ваҳки, ўтлуқ чеҳра очиб хонумоним ўртадинг (“Наводиру-ш-шабоб”, 354-ғазал)

Кўргузуб юз, кўнглума юз минг жафому қилмадинг (“Фавойиду-л-кибар”, 2-мухаммас)

Ишқ ўтидин қисматим дарду балому қилмадинг (“Бадоеъу-л-васат”, 356-ғазал)

“Хазойину-л-маоний”га мусаддас (“олтилик”) жанри ҳам киритилган бўлиб, куллиётдан 5 та мусаддас ўрин олган. Мусаддас ҳам мухаммас сингари икки турга бўлинади:
1) табъи худ  (мустақил);
2) тасдис  (ғазални олтилантириш асосида яратилган).
Куллиётдаги 5 та мусаддасдан 2 таси Лутфийга, биттаси Ҳусайнийга тасдис бўлса, биттаси шоирнинг ўз ғазалига тасдис ва биттаси шоирнинг ўз табъидан яратилган мусаддасдир.
Бу ҳодисани ҳам жадвалда кузатиш аниқроқ тасаввур беради:


Табъи худ мусаддас

Лутфийга таcдис

Ҳусайнийга тасдис

Ўз ғазалларига тасдис

Тасдисга асос бўлган ғазал

Тасдис

“Даҳр аро чун қайғусиз йўқ ҳеч ишрат, эй рафиқ” (“Наводиру-ш-шабоб”, 1-мусаддас)

“Жоним ўртарга ул ўтлуқ чеҳра гулзори Ҳалил” (“Бадоеъу-л-васат”, 1-мусаддас)

“Ишқ зор этти халойиқ ибтилосидин мени” (“Бадоеъу-л-васат”, 2-мусаддас)

Субҳидам махмурлуқтин тортибон дарди саре” (“Ғаройибу-с-сиғар”, 1-мусаддас)

Ваҳки, диним кишварин торож қилди кофире” (“Наводиру-ш-шабоб”, 580-ғазал)

“Зулфу сиймин жисминг афъи ганжи Қорун устина” (“Фавойиду-л-кибар”, 1-мусаддас)



“Зулфу сиймин жисминг афъи ганжи Қорун устина” (“Фавойиду-л-кибар”, 1-мусаддас)           

Навбатдаги жанр мусамман деб аталиб, “саккизлик” маъносини билдиради. Алишер Навоийгача туркий шеъриятда мусамман жанри учрамайди. Куллиётда битта мусамман бўлиб, у “Фавойиду-л-кибар” девонига киритилган. Мусамман а-а-а-а-а-а-а-а, б-б-б-б-б-б-б-а, с-с-с-с-с-с-с-а тарзида қофияланиб, 7 банддан – жами 56 мисрадан иборат. Шеър мураддаф (радифли) бўлиб, “эй кўнгул” жумласи радиф бўлиб келган. Мусамман ишқий мавзуда: ошиқнинг ёр озоридан шикоят қилиб, кўнгилга мурожаати тарзида яратилган. Мусамман қуйидаги банд билан бошланади:

Ҳар тараф азм айлаб ул шўхи ситамгор, эй кўнгул,
Тиғи ҳажридин неча бўлғайбиз афгор, эй кўнгул,
Чун сафар айлаб эди бир қатла дилдор, эй кўнгул,
Дарди ҳажриға бўлуб эрдук гирифтор, эй кўнгул,
Буйлаким, таъриф этиб ғурбатни бисёр, эй кўнгул,
Шаҳру кишвардин малолат айлаб изҳор, эй кўнгул,
Англадинг ё йўқмуким, айлар сафар ёр, эй кўнгул,
Ваҳки, бўлдуқ  яна ҳажри илгидин зор, эй кўнгул...

“Хазойину-л-маоний”да таржиъбанд жанри ҳам алоҳида ўрин тутади. Маълумки, таржиъбанд арабча “такрорлаб боғламоқ” маъносини билдиради. Адабий истилоҳ сифатида эса бир неча банддан иборат бўлиб, ғазал сингари қофияланадиган, биринчи банднинг мақтаъси қолган бандларнинг сўнгида ҳам такрорланадиган шеър турини англатади. Бунда мақтаъ мисралари  ўзаро қофияланган бўлади.
Туркий адабиётда таржиъбанднинг илк намуналари Ҳофиз Хоразмий ижодида учрайди. Унинг девонига 3 та таржиъбанд киритилган.
“Хазойину-л-маоний” куллиётида 4 та таржиъбанд бўлиб, ҳар бир девонга биттадан жойлаштирилган. Таржиъбандларнинг иккитаси тасаввуфий-фалсафий , иккитаси ишқий мавзуда. Улардан “Эй кирпики нешу кўзи хунхор” деб бошланадиган таржиъбандни кўриб чиқсак. Таржиъбанд 7 банддан иборат бўлиб, ҳар бир банд 8 байтни ўз ичига олади.  Унинг умумий ҳажми 56 байт – 112 мисра.
Таржиъбанд ишқий мавзуда бўлиб, қуйидаги банд билан бошланади:

Эй кирпики нешу кўзи хунхор,
Жонимни неча қилурсен афгор.

Лаълинг ғамидин кўнгулда эрди,
Ҳар қонки сиришким этти изҳор.

Ҳайҳотки, ҳажринг илгидиндур
Жонимда алам, танимда озор.

Юзунгни кўруб мени рамида,    
Ишқ ўтиға бўлгали гирифтор.

Сен эрдинг мажлисим ҳарифи
Ким, еди ҳасад сипеҳри ғаддор.

Юз  ҳасрат ила ё мени айирди
Васлингдин, аё, хужаста дийдор.

Эмдики фироқ аро тушубмен,
Топқунча яна ҳариф, ё ёр.

Ёдингни қилай  ҳарифи  мажлис,
Фикрингни  этай  кўнгулга  мунис...

Кўринадики, банд охиридаги байт ўзаро мустақил қофияланган мисралардан ташкил топган. Бу мисралар қолган бандлар сўнгида ҳам такрорланади. Таржиъбандда бир пайтлар ёри билан ҳамнафас, улфат бўлган, эндиликда ғаддор тақдирнинг зулми билан севгилисидан айрилган ошиқнинг руҳий кечинмалари баён қилинади. Академик А.Қаюмов ушбу таржиъбандни “Севгинома” деб атайди. Таржиъбанд ҳазаж баҳрининг хушоҳанг ва ўйноқи вазнларидан бири – ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузи мақсур вазнида (рукнлари ва тақтиъи: мафъулу мафоилун фаувлун  – – V / V – V – / V – ~) ёзилган.
“Хазойину-л-маоний”да битта таркиббанд ҳам мавжуд. Таркиббанд “бириктириб боғламоқ” маъносини билдириб, қофияланиш тизими ва ҳажмига кўра  таржиъбандга яқин туради. Фақат ундан фарқли ўлароқ, таркиббандда ҳар банднинг мақтаъси ўзаро қофияланувчи ва бир-бирини такрорламайдиган мустақил байтлардан иборат бўлади. Алишер Навоийнинг таркиббанди марсия йўналишида бўлиб, устози ва дўсти Саййид Ҳасан Ардашер хотирасига бағишланган.  Таркиббандда шоирнинг азиз инсонидан айрилиши туфайли вужудга келган қалб оғриқлари, дардли ҳиссиётлари, аламу изтироблари баён қилинади. Шоир, айниқса, Саййид Ҳасан Ардашер вафот этган вақтда Ҳиротдан узоқда бўлганлиги, у билан видолаша олмаганлигидан чексиз изтироб чекади.  Мазкур таркиббанд “Наводиру-ш-шабоб” девонидан ўрин олган бўлиб, ҳажман 56 байтдан иборат.
Таркиббанд қуйидаги банд билан бошланади:

Даҳр боғики жафо шориидур ҳар чамани,
Жуз вафо аҳлиға сончилмади анинг тикани.

Кимдаким доғи вафо кўрса шаҳид айламаса,
Лоласининг не учун қонға бўялмиш кафани.

Поймол этмаса андинки келур меҳр иси,
Оёғ остида недин қолди гиёҳи дамани.

Сафҳаи хотири пок ўлмаса барбод андин,
Бас, не соврулмоқ эрурким кўрар анинг самани.

Ростлар бўлса анинг арсасида бархўрдор,
Жаврдин, бас, нега бебарлик эрур сарви фани.

Гар яқин аҳлини Мансур кеби қатл этмас,
Бас нединдур шажару сунбули дору расани.

В-ар камол аҳли жалойи ватан эрмас андин,
Нега туфроғдур ул акмали даврон ватани.

Баҳри урфон дури Саййид Ҳасан улким афлок,
Етти дуржи аро бир кўрмади андоқ дури пок.

Таркиббанд рамал баҳрининг рамали мусаммани солими махбуни маҳзуф  вазнида (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фаилотун фаилотун фаилун  – V – – / V V – – / V V – –/ V V – ) ёзилган.
“Хазойину-л-маоний”дан ўрин олган битта маснавий ҳам Саййид Ҳасан Ардашер номи билан боғлиқ. Маълумки, маснавий арабча “иккилик” маъносини билдириб, ҳар банди икки мисрадан таркиб топувчи ва     а-а, б-б, в-в… тарзида қофияланувчи шеър туридир. Навоий ўзининг “Сабъаи сайёр” достонида бу жанрни алоҳида тавсифлаб, уни “васеъ” – кенг майдон деб атайди:

Маснавийким, бурун дедим они,
Сўзда келди васеъ майдони.

Мумтоз адабиётимиз тарихида яратилган маснавийларни шартли равишда икки турга ажратиш мумкин:
1)    лирик маснавий (шоирнинг лирик кечинмалари, ҳис-туйғулари ифода этиладиган шеър шакли);
2)    эпик маснавий ёки достон (сюжет асосига қуриладиган катта ҳажмли асар).
“Хазойину-л-маоний” куллиётидан ўрин олган маснавий лирик маснавий бўлиб, “Ғаройибу-с-сиғар” девонига киритилган. Маснавий шеърий мактуб тарзида ёзилган. Маснавийда  Аллоҳ ҳамди ва Пайғамбар наътидан сўнг Саййид Ҳасан Ардашер шахсига таъриф-у таҳсинлар айтилади:

Вафо анга пеша, сахо анга фан,
Вафову сахо кони Саййид Ҳасан.

Унда шунингдек, сўз таърифи, шеър ва шоирлик, бадиий ижод билан боғлиқ масалалар ҳам қаламга олинган.
“Хазойину-л-маоний” куллиётидаги навбатдаги жанр қасидадир. Қасида арабча “мақсад”, “ният” маъноларини билдириб, бирор тарихий шахс ёки воқеага бағишлаб ёзиладиган катта ҳажмли шеър тури ҳисобланади. Қасидалар ҳажман 12 байтдан бир неча юз байтгача бўлиши мумкин.
Қасида ғазал сингари  а-а, б-а, с-а, д-а … тарзида қофияланади. Айрим ҳолларда маснавий сингари қофияланиши ҳам мумкин. Қасида тузилишига кўра 2 хил бўлади:
1. Қасидаи том (тўлиқ қасида) – бунда қасида тўрт қисмдан таркиб топади:
а)    насиб – лирик кириш (табиат тасвири);
б)    гуризгоҳ – насиб билан мадҳни боғловчи, 4-5 байтдан ташкил топувчи қисм;
с)    мадҳ – асосий қисм;
д) қасд – мамдуҳ (мадҳ этилаётган шахс)га ният ва истаклар билдирилаган қисм.
2. Қасидаи мужаррада (чала қасида) – бунда фақат мадҳ келтирилади.
Қасидалар мавзусига кўра  васф,   мадҳ,  ҳажв,  марсия, муножот ва фалсафий  қасидаларга бўлинади. Туркий адабиётдаги илк қасида “Девону луғотит турк”да  “қўнуғ” шаклида учрайди.
Алишер Навоийнинг мазкур куллиётга кирган қасидаси “Ҳилолия” бўлиб, учинчи девон “Бадоеъу-л-васат”дан ўрин олган. Қасида тузилишига кўра тўлиқ, мавзусига кўра эса мадҳ қасида ҳисобланади. Ҳажман 91 байтдан иборат. Қасида замона ҳукмдори султон Ҳусайн Бойқаронинг Хуросон тахтига ўтириши муносабати билан ёзилган бўлиб, қуйидаги байт билан бошланади:

Чун ниҳон қилди турунжи меҳр рахшон талъатин,
Ошкор этти фалак бир тавқи ғабғаб ҳайъатин.

Мазкур қасида рамал баҳрининг рамали мусаммани маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилотун фоилун, – V – – / – V – – / – V – – / – V –) вазнида яратилган.
“Хазойину-л-маоний”да катта ҳажмли шеърлардан соқийнома ҳам учрайди. Маълумки, соқийнома соқий (май қуювчи)га мурожаат қилиб ёзилган, маснавий шаклида қофияланадиган катта ҳажмли шеър бўлиб, бир неча бандни ўз ичига олади. “Хазойину-л-маоний” куллиётида битта соқийнома мавжуд бўлиб, “Фавойиду-л-кибар” девони таркибига киритилган. Алишер Навоий соқийномаси турли ҳажмдаги 32 қисм(банд)дан иборат.  Жами 458 байтни ўз ичига олади. Биринчи банд ҳажман анча катта (41 байт) бўлиб, қуйидаги байт билан бошланади:

Соқиё, тут қадаҳи шоҳона,
Қатраси лаъл вале якдона...

Ушбу банд дунёнинг фонийлиги, фалакнинг бевафолиги тасвирига бағишланган. Кейинги бандлар Ҳусайн Бойқаро ва шаҳзодалар таърифи ҳақида. 21-бандга келиб, Алишер Навоий ўзининг марҳум икки ҳабиби Мирзобек ва Мир Дарвешни изтироб билан ёдга олади:     

Бири ҳам ёр манга, ҳам фарзанд,
Жонға орому юракка пайванд.
Бири ҳамсуҳбату ҳамдарду рафиқ,
Туққанимдин доғи юз қатла шафиқ.

22-23-бандларда Навоийнинг ижодкор дўсти Шайхим Суҳайлий ва у яратган қасидалар, 25-бандда Абдураҳмон Жомий, 26-бандда Саййид Ҳасан Ардашер, 27-бандда Паҳлавон Муҳаммадлар ҳақида сўз боради. 28-банд ишқ таърифига бағишланган .  29-банд эса вафо таърифи ҳақида бўлиб, шоир олам аҳлида вафо йўқлиги тўғрисида шундай ёзади:

Олам аҳлида чу йўқ аҳли вафо,
Айларам мен дағи жонимға жафо.

30-31-бандлар Алишер Навоийнинг дўстлари: пири Муаммоий, Хожа Камол, Мир Садр, Ёр Танбал, олим Сабзорий, Мир Атойи, Фанойи, Осафий Ҳиравий, Биноий, Султонали Машҳадий, Котибийлар таърифига бағишланган бўлиб, Алишер Навоий қолган дўстларини “Мажолису-н-нафоис”да зикр этиб ўтганлигини таъкидлайди:             

Ўзгасин қилмадим андин мазкур,
Ки “Мажолис”да эрурлар мастур.

Соқийноманинг сўнгги 32-банди ҳазрат Навоийнинг соқийга мурожаат қилиб, уни риндлар базмига киритишини сўраб қилган истак, илтижоси билан бошланиб, риндлар шоҳи Султон Абулғозий Ҳусайн Бойқаро таърифи ва унга умрбоқийлик тилагини билдириш билан якунланади.
Соқийнома рамал баҳрининг рамали мусаддаси солими махбуни мақтуъ ёки маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фаилотун фаълун ёки фаилун    – V – – / V V – – / – – ёки  VV –) вазнида яратилган .   
“Хазойину-л-маоний” куллиётида қитъа жанри ҳам етакчи ўринни эгаллайди. Қитъа (ар. “парча”, “бўлак”, “қисм”)  2 байтдан  бир неча байтгача ҳажмда бўлган, фақат жуфт мисралари қофияланадиган  (ба , ва, га …) байтли шеър шакли ҳисобланади. Туркий адабиётда қитъанинг илк намуналари Носируддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида учрайди .
Қитъа, асосан, фалсафий, ижтимоий ва ахлоқ-одоб билан боғлиқ мавзуларда яратилган. Шунингдек, қитъа насрий асарларда маълум бир масала ҳақидаги фикр-мулоҳазаларга якун сифатида “қиссадан ҳисса” тарзида келтирилган.
Алишер Навоий қитъаларини мавзусига кўра шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин:
1)    ижтимоий ҳаёт масалалари акс этган фалсафий-ахлоқий мазмундаги қитъалар:

Қулоқда асра гаронмоя сўзнию фикр эт
Ки, дурсиз ўлса, не бўлғусидур садаф ҳоли.
Сўзунгни дағи кўнгул ичра асрағилким, ҳайф
Ким, уйла дуржни гуҳардин эткасен холий.
Бу дуржу икки садафни тўла дур этканга,
Зиҳе улувви гуҳар, балки гавҳари олий.

2)    муайян давр воқеа-ҳодисалари ҳамда у ёки бу гуруҳ вакиллари фаолияти ҳақидаги қитъалар:

Фалон котиб ар хатни мундоқ ёзар,
Бу мансабдин ани қўпармоқ керак.
Юзин номасидек қора айлабон,
Қаламдек бошин дағи ёрмоқ керак.

Қитъа баъзан аа, бб, вв  тарзида ҳам қофияланиши мумкин. “Хазойину-л-маоний”га киритилган 210 қитъадан 6 таси айнан шу тарзда қофияланган. (“Ғаройибу-с-сиғар”даги 41-қитъа; “Бадойеъу-л-васат”даги 3-, 18-, 52-қитъалар, “Фавойиду-л-кибар”даги 42-, 44-қитъалар). Мумтоз адабиётимиз тарихида қитъаларнинг бундай қофияланиш ҳодисаси деярли учрамайди. 
“Бадойеъу-л-васат”даги 18-қитъанинг қофияланишини кўриб чиқсак:

Бийик ҳимматлик элга арзи ҳол эт,              а 
Замири нурпош элдин савол эт.                а
Ки бор абри баҳоре гавҳарафшон,             б
Чоқин ҳам олам аҳлиға зарафшон.            б

“Хазойину-л-маоний”да рубоий жанрининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Рубоий (ар. “тўртлик”) икки байтдан иборат мустақил шеър бўлиб, дастлаб форс-тожик шеъриятида, Абу Абдуллоҳ Рудакий ижодида пайдо бўлган.
Рубоийнинг 2 хил тури бор:
1)    хосий рубоий ёки рубоийи хоса (қофияланиши: а-а, б-а):

Сен борғали ортмиш кўнгул зорлиғи,
Оҳ ўқларидин ҳар нафас афгорлиғи.
Билман унутулғанму экандур манга ҳажр,
Ё кўпрак эрур бу қатла душворлиғи.

2)    таронайи рубоий ёки рубоия (қофияланиши: а-а, а-а):

Оллимда табиби чорасозим ҳам йўқ,
Ёнимда рафиқи дилнавозим ҳам йўқ.
Теграмда аниси жонгудозим ҳам йўқ,
Бошимда шаҳи банданавозим ҳам йўқ.

“Хазойину-л-маоний”даги 133 та рубоийдан  116 таси таронайи рубоий ҳисобланади.
Рубоий муайян композицияга эга. Мумтоз рубоий талабларига кўра, унда тўрт унсур мавжуд бўлади. Мазкур унсурлар тўрт мисрада айтилмоқчи бўлган фалсафий, ахлоқий ёки дидактик фикрнинг маълум бир яхлитликка эришишини таъминлайди. Шу маънода тўрт мисрани қуйидаги унсурларга тақсимлаш мумкин:
1)    тезис – унда рубоийда айтилмоқчи бўлган фикр, бошқача айтганда рубоий мавзуси баён қилинган бўлади;
2)    антитезис – бунда биринчи мисрага қарама-қарши фикр айтилади;
3)    моддаи рубоий – тўртинчи мисрада айтилмоқчи бўлган фикр учун кўприк вазифасини ўтайди;
4)    синтез – хулоса.
Лекин бу унсурларнинг доимий мавжуд бўлиш талаби нисбий бўлиб, кўпинча тезис ва антитезиснинг ўрнига фақат моддаи рубоий ва синтезнинг қўлланилганлигини кузатиш мумкин. Юқорида келтирилган рубоийда ҳам ошиқ кечинмалари, асосан, моддаи рубоий тарзида берилган.
Рубоий ўзига хос махсус вазнда ёзилади. Бу ҳазаж баҳрининг  ахраб ва ахрам шажарасидир. Бу ҳақда Навоий “Мезону-л-авзон” асарида шундай ёзади:
“Рубоий вазниким, они “дубайтий” ва “тарона” ҳам дерлар, ҳазаж баҳрининг “ахрам” ва “ахраб”идин истихрож қилибдурлар ва ул вазнедур асру хушоянда ва вазнедур бағоят рабоянда”. Ҳазаж баҳрининг ахраб шажараси 12 вазнни, ахрам шажараси яна 12 вазнни ўз ичига олади ва ушбу жами 24 вазн рубоий вазнлари ҳисобланади. Рубоийнинг шеърий ўлчови билан боғлиқ муҳим хусусият шундаки, бошқа шеърий жанрлардан фарқли ўлароқ рубоийнинг тўрт мисраси мазкур шажараларга мансуб 4 вазнда ёзилиши мумкин. Масалан, Алишер Навоийнинг “Ғаройибу-с-сиғар” девонидаги 45-рубоийни тақтиъи билан бирга кўрсак:

Олам бор эмиш, Навоийё шўрангиз,
– –   V  /  V  –    V  – /  V –  –   – /  ~ 
Оламдаги эл боштин аёғ рангомиз.
–   –  V/ V    –   –    V / V –   –   – /  ~ 
Ишқ истар эмиш сени адам Мисри сари,
–    –    V /  V –    V  –   /V  –   –  V /  V –
Борғилки, эрур эл тилаган ерда азиз.
–    –  V /  V  –  –   V /  V  – –  V / V   ~

Юқоридаги чизмадан маълум бўляптики, мазкур рубоийнинг ҳар бир мисраси алоҳида вазнда ёзилган экан.
Туркий адабиётда рубоий жанрининг дастлабки намуналари Ҳофиз Хоразмий девонида учрайди. Унинг жами 12 та рубоийси мавжуд бўлиб, улар асосан рубоийи хоса шаклида яратилган. Демак, туркий адабиётда таронаи рубоийнинг илк бор қўлланилиши Алишер Навоий номи билан боғлиқ деб айтиш мумкин.  
Муаммо (ар. “кўр қилинган”, “беркитилган”) – бир, баъзан эса икки байтдан иборат мустақил шеър бўлиб,   а-а ёки а-б тарзида қофияланади. Муаммода бирор исм ёки нарса-буюм номи беркитилади. Беркитилган сўз шоирнинг турли-туман ишоралари : маънодош ёки шаклдош сўзларни топиш, бир тилдаги сўзнинг иккинчи бир тилдаги муодили (эквиваленти)ни қўллаш, сўзлардаги маълум бир ҳарфларни тизиб, янги сўз ясаш, баъзан эса абжад ҳисобини ишлатиб, рақамлар асосида сўз тузиш ва бошқалар асосида топилади. Муаммони ечиш учун даставвал асосий эътиборни матнда ишора қилинган калит сўзга қаратиш лозим бўлади.                                                                                  
Туркий адабиётда муаммо жанри Алишер Навоий ижодидан бошланган. Унинг “Хазойину-л-маоний” куллиётида 52 та муаммо мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси куллиётдаги иккинчи девон “Наводиру-ш-шабоб”га киритилган. Алишер Навоий муаммолари асосан бир байтли бўлиб, фақат “Қосим” исмига битилган муаммогина 2 байтдан иборат.
Навоийнинг баъзи муаммоларини кўриб чиқсак:

Қасди жонимға чу мужгонинг икки саф тузди,
Бири қош ёси, бири ғамзанг ўқин кўргузди.    

Бу муаммода калит сўз “صف”  –  “саф” жумласи орқали кўрсатилган, матнда бу сўз “икки” сўзи билан келтирилиши унинг ечими ҳам иккита эканлигига ишора қилади. Биринчи “саф”га қош ёси, яъни “ى” “йой” (и) ҳарфи, иккинчисига ғамза ўқи, яъни “ا” “алиф” (о) ҳарфи қўшилади ва натижада “صفى” – “Сафи” ва “صفا” –  “Сафо” сўзлари келиб чиқади.

Қилур эсанг манга сомон аё рафиқ ҳавас,
Анинг аёғиға еткур менинг бошимни-ю бас.   

Бу муаммода асосий эътибор “سامان” – “сомон” (осойишталик) сўзига қаратилган. Иккинчи мисрадаги “анинг аёғига бошимни еткур” жумласидаги ишорага кўра, “ا” – “алиф” (о)нинг оёғи, яъни пастки кисмига “م” – “мим” (м)нинг бошини етказиш талаб қилинади, натижада “ا” – “алиф” ҳарфи “ل” –  “лом” ҳарфига айланиб, “م” – “мим”га қўшилади ва “سلمان”– “Салмон” сўзи келиб чиқади.
Алишер Навоийнинг мазкур жанр назариясига  бағишланган махсус асари ҳам мавжуд бўлиб, форс-тожик тилида ёзилган. Асар “Муфрадот” ёки “Рисолаи муаммо” деб аталади.
“Хазойину-л-маоний” куллиётида навбатдаги жанр     луғз бўлиб, арабча “топишмоқ”, “сир” маъноларини англатади. Луғз форс-тожик адабиётида чистон (форсча “нима у”) деб ҳам юритилади. Луғз бирор предмет ёки ҳодисанинг характер ва белгиларини таърифу тавсиф этиш орқали китобхонни ўша предмет ёки ҳодисани топишга ундайдиган шеър туридир. Луғз даставвал халқ оғзаки ижодида вужудга келган бўлиб, Х-ХII асрлардан бошлаб форс-тожик шеъриятида истифода этила бошлаган. Луғзлар ғазал, рубоий ва туюқ каби ҳажм, қофия  ва бошқа шаклий жиҳатлардан қатъий қонуниятга эга эмас. Улар фард, рубоий, қитъа ва баъзан ғазал сингари қофияланиши мумкин.
Туркий адабиётда луғзнинг илк намуналари Алишер Навоий ижодида учрайди. Шоирнинг “Хазойину-л-маоний” куллиётида жами 10 та луғз мавжуд бўлиб, барчаси “Бадоеъу-л-васат” девонига киритилган. Мазкур жанрдаги шеърларида Навоий ўз атрофини ўраб турган предметларни ижтимоий муносабатлар ва турмуш ҳодисалари билан боғлиқ ҳолда нозик юмор билан тасвирлайди. Навоий луғзлари асосан қитъа (8 таси) ва рубоий (2 таси) сингари қофияланган.  Масалан, унинг “парвона” тасвирига бағишланган луғзи таронаи рубоий шаклидадир:

Ул қушки, таашшуқдурур андиша анга,
Бир нахлғаким шомдадур беша анга.
Шохи учидин аён бўлуб реша анга,
Гул очмақ ўшул решасидин пеша анга.

Туюқ (турк. “ҳис қилмоқ”, “туймоқ”) – тўрт мисрадан иборат мустақил шеър шакли бўлиб, фақат туркий халқлар шеъриятида қўлланилган. Туюқ асосан рубоий сингари қофияланади, лекин баъзан ба, ва тарзида ҳам қофияланиши мумкин. Рубоийдан фарқли ўлароқ туюқда қофиянинг ўрнида асосан  тажнис (шаклдош сўзлар) қўлланилади. Алишер Навоий “Мезону-л- авзон” мазкур жанрнинг хусусиятлари ҳақида шундай ёзади: “...Бириси “туюғ”дурким, икки байтқа муқаррардур ва саъй қилурларким, тажнис айтилғай ва ул вазн рамали мусаддаси мақсурдур, мундоқким (туюғ):

Ё раб, ул шаҳду шакар ё лаб мурур?
Ё магар шаҳду шакар ёлабмурур?
Фоилотун фоилотун фоилон
Жонима пайваста новак отқоли,
Ғамза ўқин қошиға ёлабмудур?
Фоилотун фоилотун фоилон”

Бу ўринда Алишер Навоий туюқнинг уч жиҳатига: икки байтли бўлиши, тажнисга асосланиши ва махсус вазнда – рамали мусаддаси мақсур (маҳзуф)да ёзилишига диққат қаратяпти. Бобур “Мухтасар”да туюқнинг навълари ҳақида гапириб, тажниссиз туюқ ҳам мавжуд бўлишини айтади.
Навоийнинг “Хазойину-л-маоний”  куллиётида жами 13 туюқ мавжуд бўлиб, 11 таси аа ба, 2 таси ба ва тарзида қофияланган. Барча туюқлар “Бадоеъу-л-васат” девонига киритилган.
Туркий адабиётдаги дастлабки туюқ Лутфий девонида учрайди, лекин Н.Маллаевнинг ёзишича, туркий адабиётда туюқнинг илк намуналари  Бурҳониддин Сивосий томонидан яратилган.
“Хазойину-л-маоний”ни якунловчи жанр фард бўлиб, (ар. “якка”, “ёлғиз”) бир байтдангина иборат энг кичик мустақил шеър шакли ҳисобланади. Фард а-а ёки а-б тарзида қофияланади. Фард бир байтдангина иборат бўлса-да, унда муҳим фалсафий-ахлоқий масала қаламга олиниб, ихчам поэтик хулоса ифодаланади. Шу маънода фардлар кўпинча афоризм характерига эга бўлади:

Ғофил ўлма, назардин итса аду,
Шамъ ўчурганда, ел кўринурму...

Киши айбинг деса дам урмағилким, ул эрур кўзгу,
Чу кўзгу тийра бўлди, ўзга айбинг зоҳир айларму?

Алишер Навоийнинг “Хазойину-л-маоний”сида 86 та фард мавжуд бўлиб, 83 таси қофияли, учтаси эса қофиясиздир. Фардларнинг барчаси “Фавойиду-л-кибар” девонига киритилган.
Туркий адабиётда фарднинг илк намунаси Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” асарида учрайди.


Савол ва топшириқлар

1.    “Хазойину-л-маоний”да мавжуд жанрларни шарҳлашга ҳаракат қилинг.
2.    Алишер Навоийгача бўлган шоирлар ижодида қайси жанрлар мавжуд бўлган?
3.    Алишер Навоий яратган ғазалларни маъно жиҳатдан қандай гуруҳларга бўлиш мумкин?
4.    Таркиббанд ва таржиъбанд жанрларини қайси жанрий белгиларга кўра фарқлаш мумкин?
5.    Маснавий жанр ва шакл сифатида намоён бўлганда уларни қандай белгилар билан фарқлаш мумкин деб ўйлайсиз?
6.    Куллиётдаги кичик лирик жанрларга тавсиф беринг.
7.    Девондан ўзингизга ёққан бирор ғазални ёд олинг ва уни ғоявий-бадиий жиҳатдан шарҳланг.

АДАБИЁТЛАР:
1.    Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1988-1990. 3-6 жилдлар.
2.    Исҳоқов Ё. Навоий поэтикаси. – Т.: Фан, 1983.
3.    Носиров О. ва бошқалар. Ўзбек классик шеърияти жанрлари. – Т.: Ўқитувчи, 1979.
4.    Абдуғафуров А.“Хазойин ул-маоний” жумбоқлари // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т., 1994. – № 4-5-6; 1998. – № 6;  2000. – № 5.
5.    Орзибеков Р. Лирикада кичик жанрлар.- Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1976.
6.    Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001.
7.    Ҳожиаҳмедов А. Мумтоз бадиият малоҳати. – Т.: Шарқ НМК, 1999.
8.    Алишер Навоий. Ғазаллар. Шарҳлар. – Т.: Камалак, 1991.
9.    Жумахўжа Н. Сатрлар силсиласидаги сеҳр. – Т.: Ўқитувчи, 1996.
10.    Қаюмов А. Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2011.
11.    Комилов Н. Маънолар оламига сафар. – Т.: TAMADDUN, 2012.



“Девони Фоний”нинг жанрлар кўлами, ғоявий-бадиий хусусиятлари

РЕЖА:
1.    Ғазалларнинг яратилиш хусусиятлари.
2.    Мусаддас, таркиббанд ва қасидаларнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари.
3.    Кичик лирик жанрлар.

Алишер Навоийнинг форсий шеърияти бадииятда туркий шеърларидан қолишмайди. Унинг форсий назми ҳақидаги тўлароқ маълумот “Муҳокамату-л-луғатайн” асарида учрайди. Ҳазрат Навоий бу асарида форсий тилда яратган шеърлари ҳақида гапирар экан, бу шеърларнинг жанрий жиҳатларига алоҳида тўхталади, уларнинг яратилиш  хусусиятларига  бирма-бир шарҳ беради. Хусусан, муайян шеърларини яратишда қайси форсигўй адибларнинг асарларидан илҳомлангани, қайси шеъри нима муносабат билан ёзилганлигига махсус тўхталиб ўтади, ҳатто баъзи жанрларнинг миқдорини ҳам кўрсатиб ўтади.
Мукаммал асарлар тўпламининг 18-, 19- ва 20-жилдлари “Девони Фоний”ни ўз ичига олади. Мазкур нашрда 552 ғазал, 1 мусаддас, 1 таркиббанд – марсия, 64 қитъа, 72 рубоий, 16 таърих, 266 муаммо, 10 қасида, 9 луғз каби жанрлардан ташкил топган 991 шеър мавжуд. Биз жанрлар тавсифини беришда мазкур нашрга суяндик.
Шарқ мумтоз адабиётида тартиб берилган барча девонлар сингари “Девони Фоний”да ҳам марказий ўринни ғазал жанри эгаллайди. Девондаги ғазаллар мухтараъ, татаббуъ ва тавр тарзида яратилган.  Мухтараъ арабча сўз бўлиб, “кашф этилган”, “ихтиро қилинган” маъноларини англатади. Бу ўринда Навоий – Фонийнинг ўзга шоирлардан таъсирланмасдан, бевосита ўзи мустақил тарзда яратган ғазаллари назарда тутилади. Девонда улар мухтараъ ва ихтироъ сарлавҳаси остида ҳам келтирилган.

Оламе хоҳам, ки набвад мардуми олам дар ў,
К-аз ҷафои мардуми олам набошад ғам дар ў. 

Таржимаси:

Олам истарманки, унда аҳли олам бўлмасин,
Унда олам аҳлининг бедодидин ғам бўлмасин .

Мазкур ғазал аруз тизимининг рамали мусаммани маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилотун фоилун ˗ V˗ ˗ / ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ) вазнида ёзилган.
Татаббуъ арабча “бирор нарсанинг кетидан тушиш”, “изидан бориш” маъноларини билдириб, адабий истилоҳ сифатида бирор шеърдан таъсирланиб, ундаги вазн, қофия ва радифни сақлаган ҳолда асар яратишни англатади. Бундай шеърлар  назира,  ўхшатма, жавобия деб ҳам юритилади.  Тавр арабча “бирор нарса атрофида айланиш”, “тарз”, “йўсин”, “услуб” маъноларини англатади. Бундай шеърларда вазн, қофия ва радиф мезон қилиб олинмайди, балки ўзга шеърдаги услуб ва мазмундаги шеърий талқинга риоя қилинади. Девондаги аксарият ғазаллар Алишер Навоийнинг буюк форсий салафлари Амир Хусрав Деҳлавий (32 татаббуъ, 1 таврида), Хожа Ҳофиз Шерозий (211 татаббуъ, 20 таврида), Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий (22 татаббуъ, 2 таврида), Котибий (1 татаббуъ), Хожа Салмон Соважий ( 2 татаббуъ), Хожа Камол Хўжандий (4 татаббуъ), Хожа Ҳасан Деҳлавий (2 татаббуъ), халафлари Абдураҳмон Жомий (31 татаббуъ, 8 таврида),  Амир Шайхим Суҳайлий (3 татаббуъ), Аҳмад Ҳожибек Вафоий (2 татаббуъ), Шоҳий Сабзаворий (3 татаббуъ), Соҳиб Балхий (1 татаббуъ), Сайфий Бухорий (1 татаббуъ), Исмат Бухорий (1 татаббуъ), Нажмиддин Муҳаммад Коҳий Миёнколий (1 татаббуъ), Ҳусайний (2 татаббуъ) каби ижодкорларнинг ғазалларидан таъсирланиб яратилган.
Девондаги энг кўп татаббуъ Ҳофиз Шерозий ғазалларига битилганлигини кузатиш мумкин. Ушбу Шероз Ҳофизининг ўзбек китобхонларига яхши таниш бўлган

Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро

деб бошланувчи ғазалига Навоий қуйидагича татаббуъ боғлаган:

Гар он турки Хитой нўш созад жоми саҳборо,
Нахуст орад сўи мо турктози қатлу яғморо.

Таржимаси:

Ўшал турки хитой жуфт айласа гар жоми саҳбони,
Чу биздин бошлагай турктозини ул, қатлу яғмони .

Мазкур ғазал аруз тизимининг ҳазажи мусаммани солим (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗) вазнида ёзилган.
Ғазал мақтаъсида Навоий камтарлик билан ўзига мурожаат қилиб, “Ҳофиз ғазалларига татаббуъ битиб, унинг жаҳонни безаган назмидан сен ҳам тиланиб, татиб кўр” деб ёзади:

Ғазал гуфтан мусаллам шуд ба Ҳофиз, шояд, эй Фоний,
Намой чошнй дарюза з-он назми жаҳоноро.

“Девони Фоний”даги ғазаллар билан танишар эканмиз, Навоий кашф этган янги бир усулга ҳам гувоҳ бўламиз. Яъни, шоир баъзан бир ғазалнинг ўзида икки шоирдан ижодий таъсирланади ва бундай ғазалларга қуйидагича сарлавҳалар қўяди:  Татаббуъи Мир дар таври Хожа (Хожа Ҳофиз Шерозий услубида Амир Хусрав Деҳлавийга жавоб), Татаббуъи Шайх дар таври Махдум (Абдураҳмон Жомий услубида Шайх Саъдийга жавоб) ва ҳ.к.
“Девони Фоний”дан бир мусаддас ўрин олган бўлиб, “кошки” радифи асосида яратилган. Мазкур мусаддас Абдураҳмон Жомий ғазалига боғланган бўлиб, яратилиш хусусиятига кўра тасдис ҳисобланади. Мусаддас 9 банддан иборат бўлиб, жами 54 мисрани ўз ичига олади. Мусаддас ёр (дўст) дийдори тараннумига бағишланган. У қуйидаги банд билан бошланади:

Кардаме дар хоки кўи дўст маъво кошкй,
Судаме рухсори худ бар хоки он по кошкй.
Омадй берун зи кўи сарви боло кошкй.
Бурқаъ афкандй зи рўи оламоро кошкй.
Дидаме дидори он дилдори раъно кошкй
Дида равшан кардаме з-он рўи зебо кошкй.

(Мазмуни:
Кошки, дўст кўйи (кўчаси) тупроғидан жой олсам эди.
Кошки, унинг оёғи тупроғи (изи)га юзларимни суртсам эди. Кошки, у сарвқомат кўчасидан чиқиб келса эди.
Оламни безовчи юзидан кошки, пардасини олса эди.
Кошки, у раъно дилдорнинг дийдорини кўрсам эди.
Кошки, кўзимни у зебо юз билан равшан қилсам эди).

Мазкур мусаддас аруз тизимининг рамали мусаммани маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилотун фоилун ˗ V˗ ˗ / ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ) вазнида ёзилган.
Девонда келтирилган марсия-таркиббанд шоирнинг устози ва пири Абдураҳмон Жомий вафоти муносабати билан яратилган бўлиб, шеърга “Марсияи ҳазрати Махдум” деб ном қўйилган. Навоий устози вафотига бир йил тўлганда унинг қабри устига катта мақбара қурдириб, маросим уюштиради ва ушбу воқеа муносабати билан марсия ёзади. Маросимда мазкур марсияни ўша даврнинг машҳур олимларидан бири Ҳусайн Воиз Кошифий ўқиб беради. Бу ҳақда Абулвосеъ Низомийнинг “Мақомоти Мавлавий Жомий” асарида маълумот келтирилади. Марсия 7 бандли бўлиб, ҳар бир банд 10 байтни ўзи ичига олади (жами 140 мисра). Бу марсия  “Хамсату-л-мутаҳаййирин”нинг хотимасига ҳам киритилган. Марсия қуйидаги байт билан бошланади:

Ҳар дам аз анҷумани чарх ҷафое дигар аст,
Ҳар як аз анҷуми у доғи балое дигар аст. 

(Мазмуни:
Ҳар дам осмон анжуманидан янги бир жафо келади,
Унинг ҳар бир юлдузи янги бир балонинг доғидир)

Ушбу таркиббанд-марсия аруз тизимининг рамали мусаммани солими махбуни мақсур (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фаилотун фаилотун фаилон ˗ V˗ ˗ / V V˗ ˗ /V V˗ ˗ / V V~ ) вазнида ёзилган.
“Девони Фоний”да қитъа жанри ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Девонда жами 64 қитъа мавжуд бўлиб, шундан 44 таси 2 байтли, 13 таси 3 байтли, 5 таси 4 байтли ва 2 таси 5 байтли қитъалардир. Қитъаларда шоирнинг маънавий-ахлоқий қарашлари, шахсий кузатишлари билан бир қаторда шеър ва шоирлик ҳақидаги  фикрлари ҳам ўз ифодасини топган.

Зи сар то по набошад шеъри кас хуб,
Ки ин мумкин набошад ҳеч касро.
Баду нек ар баробар ҳаст, бад нест,
Басе доранд ин неку ҳавасро.
Зи бад гар неки ў бошад зиёда,
Надид аз сад яке ин дастрасро.
Каломи Ҳақ наёмад жумла яксон,
Чи бошад нукта мушти хору хасро.

(Мазмуни:
Ҳеч кимнинг шеъри бошдан бир хилда яхши бўлмайди,
Бу деярли мумкин эмас.
Агар яхши-ю, ёмони баробар бўлса, бу – ёмон эмас,
Буни кўпчилик орзу қилади.
Ёмонидан яхшисининг кўп бўлиши
Юздан бир шоирга ҳам муяссар бўлган эмас,
Ҳақнингки, барча сўзи бир хил бўлмагандан кейин
Биздек хору хасларга (тенгликни) ким қўйибди?)

Ушбу қитъа аруз тизимининг рамали мусаддаси маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилун ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ / ˗ V˗ ) вазнида ёзилган.
“Девони Фоний”дан 72 рубоий ўрин олган. Диққатга сазовор томони, рубоийларнинг барчаси тўрт мисраси ҳам ўзаро қофияланувчи таронаи рубоийлардир.

Ҷонам ба ду лаъли ҷонфизои ту фидо,
Руҳам ба насими атрсои ту фидо.
Ошуфта дилам ба ишваҳои ту фидо,
Фарсуда танам ба хоки пои ту фидо.

(Мазмуни:
Жоним сенинг жон бағишловчи икки лабингга фидо,
Руҳим сен томондан эсадиган муаттар насимга фидо,
Ошиқ кўнглим сенинг ишваларингга фидо,
Хаста жисмим оёғинг тупроғига фидо).       

Девонда таърих жанрига оид шеърлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг сони 16 та. Таърих бу муайян воқеа-ҳодиса ёки инсон ҳаёти билан боғлиқ бирор санани очиқ айтилмай, араб алифбосидаги ҳарфлар воситаси, яъни абжад усули асосида кўрсатишдир. Шеършунослик илмида таърихга алоҳида шеърий жанр сифатида ҳам, бадиий санъат сифатида ҳам қараш мавжуд. Бу иккала қараш ҳам муайян асосга эга. Агар таърих усули катта ҳажмдаги асарлар: достонлар, манзумалар таркибида ва кўпинча асарларнинг охирида келса, бу алоҳида жанр бўлмасдан, бадиий санъат ҳисобланади (“Юсуф ва Зулайҳо”, “Ҳайрату-л-аброр” достонларидаги каби).
Девонлар ичида алоҳида мустақил шеър шакли сифатида келтирилган таърихларни жанр сифатида талқин қилиш мумкин. Шу маънода “Девони Фоний” таркибига кирувчи 16 та таърих алоҳида жанр бўлиб, улар қитъа, рубоий ва тўртликлар шаклида яратилган.    
Таърихлар мавзусига кўра кишилар таваллуди ёки вафотига доир; муайян биноларнинг қурилишига оид; тахтга чиқиш, фатҳ ва бирор воқеа- ҳодиса содир бўлган санага бағишлаб яратилиши мумкин. Алишер Навоий таърихлари, асосан, кишилар вафотига оид (мутаваффиёт) йўналишида бўлиб, ҳазрат Навоийнинг устозлари ва дўстлари Абдураҳмон Жомий, Паҳлавон Муҳаммад, Саййид Ҳасан Ардашер, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Султон Маҳмуд каби шахсларнинг вафот санасига бағишланган. Масалан, Абдураҳмон Жомий вафотига баағишланган таърихда “ﺧﺪﺍ ﺑﻴﺍﻣﺮﺯﺪ” – “Худо биёмурзад” жумласи таърих санаси сифатида келтирилади:

Сарви чамани ҳаёт Абдураҳмон,
К ў рафт аз ин дайри фано сўи жинон.
Таърихи чунин воқеаи ғуссарасон,
Гар мехонй: “Худо биёмурзад” хон.

(Мазмуни:
Ҳаёт чаманининг сарви – Абдураҳмон,
бу фоний дунёдан (руҳи) жаннатга кетди.
Ғам-ғусса етказувчи шундай воқеаларнинг таърихини ўқиганингда: “Худо биёмурзад” –  деб ўқи).
Мазкур таърихдаги “ﺧﺪﺍ ﺑﻴﺍﻣﺮﺯﺪ” – “Худо биёмурзад”  жумласидаги ҳарфлар абжад ҳисобига кўра белгиланганда ҳижрий 989, милодий 1492 йил келиб чиқади. Ушбу таърих рубоий шаклида ёзилган.  
Девони Фоний”дан муаммо жанри ҳам ўрин олган. Муаммоларнинг аксарияти бир байтли, фақат 14-муаммо икки байтдан иборат. Муаммолар девонга муаммонинг жавоби бошланган ҳарфларнинг араб алифбосидаги тартиби асосида жойлаштирилган. Яъни, дастлаб ечими “ﺍ” – “алиф” ҳарфи билан бошланувчи исм ёки номлар келтирилади. Масалан, Одам, Амин, Омир ва б. Шу тарзда ечими “ﺏ” – “бе”, “ﺖ” – “те” ва бошқа ҳарфлар билан бошланувчи муаммолар бериб борилади. “Хазойину-л-маоний”даги тартибга асосан, муаммонинг жавоби сарлавҳа сифатида матн бошида келтирилади. Девонда жавоби “алиф” билан бошланувчи муаммолар энг катта кўрсаткични ташкил қилади. Уларнинг сони 78 та. “Бе” билан тугалланувчи муаммолар миқдори эса 46 та. Девонда баъзи ҳарфлар билан бошланадиган муаммолар учрамайди. “Девони Фоний”даги тартибга эътибор қаратиш шуни кўрсатадики, аслида шоир ҳар бир ҳарфга мос ҳолда муаммо яратгану, лекин улар бизгача етиб келмаган ёки жорий нашрлардан ўрин олмаган. Чунки Навоийнинг ўзи “Муҳокамату-л-луғатайн” асарида форсий тилдаги муаммолари сонини 500 га яқин деб кўрсатиб, уларнинг аксарияти Абдураҳмон Жомий назарига тушганини айтади. Бу маълумот “Девони Фоний” нусхаларининг ҳеч бири ҳали тўлиқ мукаммал нусха эмаслигини кўрсатади.
“Девони Фоний”да муҳим ўрин тутувчи жанрлардан яна бири қасидалардир. Уларнинг сони 10 та бўлиб, икки туркумни: “Ситтаи зарурия” (“Олти зарурат”) ва “Фусули арбаа” (“Тўрт фасл”) қасидалар мажмуасини ўз ичига олади. “Ситтаи зарурия” олти қасидадан иборат бўлиб, Алишер Навоий уларнинг мавзуси ҳақида “Муҳокамату-л-луғатайн”да шундай ёзади: “Бу олти қасида ҳамд ва наът ва сано ва мавъизотдур ва аҳли тасаввуф ва ҳақиқат тили била маърифат”. Мазкур мажмуа 1497 йилда тартиб берилган бўлиб, уни тузишга Навоийни аввал устози Жомий, унинг вафотидан сўнг эса Султон Ҳусайн Бойқаро илҳомлантирган. Бу ҳақда мажмуага ёзилган дебочада маълумот келтириб ўтилади.
Мажмуадаги биринчи қасида “Руҳу-л-қудс” (“Муқаддас руҳ”) деб аталиб, 132 байтни ўз ичига олади. Қасиданинг ёзилган санаси матн таркибида таърих йўли билан ҳижрий 895, мелодий 1491 йил деб кўрсатиб ўтилган. Қасидада илоҳий тавҳид: оламнинг ягоналиги, ягона абадий ва азалий борлиқ, Яратганнинг қудрат ва азимати, заррадан коинотгача унинг измида эканлиги мадҳ этилади. Қасида қуйидаги байт билан бошланади:

Зиҳй ба хомаи қудрат мусаввири ашё,
Ҳазор нақши аҷиб ҳар замон аз ў пайдо.

(Мазмуни:
Ашёларга сурат берувчи (Аллоҳнинг) қудратига тасанноким,
Ҳар замон ундан минглаб ажойиб нақшлар пайдо бўлгай).

Ушбу қасида аруз тизимининг мужтасси мусаммани махбуни мақтуъ (рунклари ва тақтиъи  мафоилун фаилотун мафоилун фаълун V – V – / V V – – / V – V –/ – –) вазнида ёзилган.
Мажмуадаги иккинчи қасида ҳажман 106 байт бўлиб, “Айну-л-ҳаёт” (“Ҳаёт чашмаси”) деб аталади. Қасиданинг яратилган йили номаълум. “Айнул ҳаёт” олам сарвари, пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ)нинг муборак меърожлари, уларнинг дийдорларига барча сайёралар, ойу қуёш,  аршу курси, фаришталар мунтазир эканлиги, Пайғамбаримизнинг Парвардигор билан мулоқотлари тасвирига бағишланган. Қасида шундай бошланади:

Ҳожибони шаб чу шодурвони савдо афгананд,
Ҷилва дар хайли бутони моҳсимо афганад.

(Мазмуни:
Тун пардадорлари қора чодирларини ёйган чоғларида
Ой юзли бутлар тўдаси (юлдузлар)га жилва қиладилар).
Ушбу қасида аруз тизимининг рамали мусаддаси мақсур (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилон ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ / ˗ V~ ) вазнида ёзилган.
Учинчи қасида “Туҳфату-л-афкор” (“Фикрлар совғаси”) деб номланиб, ҳажман 99 байтни ўз ичига олади. Шоирнинг “Ситтаи зарурия” дебочасидаги ишоралари ва қасида матнидаги таърихдан мазкур қасиданинг барча қасидалардан олдин, яъни 1476 йилда яратилганлиги маълум бўлади. Қасиданинг яратилиш тарихи ҳақида “Хамсатул мутаҳаййирин”да батафсил маълумот келтирилган. Қасида Хусрав Деҳлавийнинг “Дарёи аброр” ва Абдураҳмон Жомийнинг “Лужжату-л-асрор” қасидаларига жавобан ёзилган бўлиб, дарвешликнинг олий рутбаси – фақр тавсифига бағишланган. Бунда фақр мақоми комилликнинг олий намунаси сифатида мансабдор шахслар, хусусан шоҳлар ахлоқига қарама-қарши қўйилади. Қасидада ушбу ғоянинг тамсил ва китобот санъатлари воситасида баён қилиниши унинг бадиий жиҳатдан етуклигини таъминлаган.  Қасида қуйидаги байт билан бошланади:

Оташин лаълеъ, ки тоҷи хусравонро зевар аст,
Ахгаре баҳри хаёли хом пухтан дар сар аст.
(Мазмуни:
Подшоҳлар тожидаги қип-қизил лаъл – бошда хом хаёл
пиширувчи (етилтирувчи) бир чўғдир).

Ушбу қасида татаббуъ тарзида ёзилганлиги учун унда салафлар қасидаларида қўлланилган рамали мусаддаси мақсур (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилон ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ / ˗ V~ ) вазни сақланган.
Мажмуадаги тўртинчи қасида “Қуту-л-қулуб” (“Қалблар қуввати”) деб аталади. Қасида ҳажман 120 байтдан иборат бўлиб, ХII аср форс-тожик адабиётининг йирик намояндаларидан бири Авҳадиддин Анварий (1105-1187) қасидасига татаббуъ тарзида яратилган. Унда дунёнинг бебақо ва бевафолиги, фалакнинг золим эканлиги айтилиб, инсонларнинг ана шу ўткинчи, фоний дунёга меҳр қўймай, охират кунини ўйлашлари, руҳий маънавий юксалишга эътибор қаратишлари зарурлиги уқтирилади. Қасиданинг биринчи байти қуйидагича:
Ҷаҳонки, марҳалаи танги шоҳроҳи фаност,
Дар ў маҷўй иқомат, ки роҳи шоҳу гадост.
(Мазмуни:
Жаҳонким, фанонинг бепоён йўлининг тор бир йўлакчасидир,
Унда абадий яшамоқни ўйламаким, бу – шоҳу гадонинг
(ўтар-кетар) йўлидир).

Қасида Анварий қасидасида қўлланилган мужтасси мусаммани махбуни мақсур (рукнлари ва тақтиъи: мафоилун фаилотун мафоилун фаилон V – V –/  V V – – / V – V – / V V ~) вазнида яратилган.
Бешинчи қасида “Минҳожу-н-нажот” (“Нажот йўли”) 138 байтдан иборат. Сарлавҳада келтирилган номлардан маълум бўладики, у икки форсигўй адиб Анварий ва озарбайжон шоири Хоқоний Шервоний (1120-1199) қасидаларига татаббуъ тарзида яратилган. Қасидада Инсон ва Шайтон муносабатлари, яхшилик ва ёмонлик тасвирлари берилади, жаннатдан бадарға бўлган Одам Ато фарзандлари ва бани башарнинг комил инсонга хос бўлмаган нохуш ва номуносиб ахлоқий белгилари  танқид қилинади. Қасида қуйидаги байт билан бошланади:

Зиҳй аз шамъи рўят чашми мардум гашта нуронй,
Ҷаҳонро мардуми чашм омадй аз айни инсонй.

(Мазмуни:
Қандай яхшики, юзингнинг шамъи (нуридан)
инсонларнинг кўзи ёриди. Инсонликнинг жавҳари
бўлганинг учун жаҳон одамларининг кўз қорачиғига
айландинг).

Қасида салафлар қасидалари сингари ҳазажи мусаммани солим (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗) вазнида ёзилган.
Мажмуанинг сўнгги қасидаси “Насиму-л-хулд” (“Жаннат шамоли”) Хоқоний Шервоний, Амир Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий қасидаларига татаббуъ тарзида вужудга келган бўлиб, 129 байни ўз ичига олади. Қасидада инсон покланиши ва комилликка эришиши учун нималар қилиши лозимлиги, тариқат одоби ва усуллари, муршид ва мурид муносабатлари, Ҳақ йўлига кирган солик олдига қўйиладиган талаблар бирма- бир баён этилади. Бошқача қилиб айтганда, Навоийнинг нақшбандия тариқати, тасаввуф ҳақидаги қарашлари яхлит бир тизимда ифодалаб берилади. Шу маънода қасидани нақшбандия тариқатининг ўзига хос дастури, шеърий баённомаси деб айтиш мумкин.
Қасиданинг биринчи байти қуйидагича:

Муаллим ишқу пири ақл шуд тифли дабистонаш,
Фалак дон, баҳри таъдиби вай инак чархи гардонаш.
(Мазмуни:
Муаллим ишқу унинг мактабининг талабаси ақл пиридир.
Фалакни унга адаб ўргатиш учун айланиб турувчи чарх деб
бил).
Бу қасида ҳам юқоридаги қасида сингари ҳазажи мусаммани солим (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗) вазнида яратилган.
“Девони Фоний”дан ўрин олган иккинчи қасидалар мажмуаси “Фусули арбаа” (“Тўрт фасл”) деб аталади. Қасида 4 қисмдан иборат бўлиб, йил фаслларининг гўзал манзараси тасвирига бағишланган. Шоир табиатни тасвирлаш  орқали асл мақсадига эришади:  замона султони Ҳусайн Бойқарони мадҳ этади. Навоий ҳар бир фасл ва ундаги тасвир усулларини эътиборга олган ҳолда уларда турли вазнларни қўллайди. Хусусан, ёз фаслига бағишланган “Саратон” деб номланган қасида 71 байтдан иборат бўлиб, шундай бошланади:
Боз оташи хўр сохт самандар саратонро
Афрўхт чу оташкада гулзори жаҳонро.
(Мазмуни:
Қуёш оташи саратонни яна самандарга айлантирди,
Жаҳон гулзорини оташкада каби ловиллатди).

Қасида ҳазаж баҳрининг энг ўйноқи  вазни ҳисобланган ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуф вазни (рукнлари ва тақтиъи: мафъулу мафоийлу  мафоийлу  фаувлун  – –   V V – – V  V – – V  V – –)да ёзилган.  Бу вазн руҳият тасвири баёнидан кўра кўпроқ жисмоний: енгил ва шахдам ҳаракат, шўхчан кайфият баёнига мос келади. Ҳар икки чўзиқ бўғиндан кейин икки қисқа бўғиннинг ёнма-ён келиши ритмга ўйноқилик бағишлайди. Ва шунга мос ҳолда мазкур қасидада ёзнинг инсонга кўпроқ жисмоний таъсири кўрсатилганлигини, ҳар бир байтда саратон жазирамаси айнан инсон аъзои баданига (руҳиятига эмас) таъсир қилаётганлигини кузатиш мумкин.
Қасидада 27-байтдан Султон Ҳусайн Бойқаро таърифи бошланади ва  “ёзнинг иссиғидан паноҳ изловчи кишилар учун Ҳусайн Бойқаро туғи сояси макондир” деган фикр илгари сурилади:

З-ин гармии хуршед бираст, он, ки, панаҳ сохт,
Зилли шарафи рояти Чамшеди замонро.

(Мазмуни:
Қуёшнинг тафтидан паноҳ изловчи киши,
(уни) замона Жамшиди туғи соясининг шарофатидан топқусидир).
Мажмуада “Хазон” (“Куз”) фасли таърифи бошланиши билан ундаги шеърий ўлчов ҳам ўзгаради:

Дигар шуд баҳри санжидан баробар адли давронро,
Зи кофўри зи мушк рўзу шаб ду палла мезонро
(Мазмуни:
Даврон адолатини ўлчаш мезонлари ўзгарди,
тарозунинг бир палласида (кундузнинг рамзи) кофур,    иккинчисида (кечанинг тимсоли) мушк тортиладиган бўлди).
“Саратон”да қўлланилган ўйноқи вазннинг ўрнини энди салобатли ва сокин оҳангга эга бўлган ҳазажи мусаммани солим вазни (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V– – – / V– – – / V– – –/  V– – – ) эгаллайди. Чўзиқ бўғинлар нисбатининг қисқа бўғинлардан 3 баравар кўплиги оҳангнинг вазмин чиқишини таъминлайди. Айнан шунга мос ҳолда 33 байтдан иборат бу қасидада руҳият тасвири, таъбир жоиз бўлса, кузга хос ўйчанлик, маҳзунлик етакчилик қилади.
Мажмуага “Баҳор” кириб келиши билан унга хос яратувчанлик, янгиланиш кайфияти ҳам кириб келади:

Вазад боди баҳор иҳъёи амвоти гулистонро,
Зи анфоси Масеҳо тоза созад олами жонро.
(Мазмуни:
Баҳор шамолининг эсиши, гулистон гулларига янгидан ҳаёт
бағишлайди, гўё Масиҳо нафасидан жонлар оламини янгилайди).
Қасидада баҳорнинг яратувчанлик хусусияти энди бевосита замон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро таърифи келтирилган ўринларга кўчади:

Чу андар ҳикмати асрори хилқат фикр бигморад,
Биёбад ончи, махфй монда Афлотуну Юнонро…
(Мазмуни:
Яратилиш сирру асрори ҳикмати ҳақида фикрлаганда,
Юнон Афлотуни учун ҳам махфий қолган сирларни топади).

Ниҳоят мажмуа йил фаслларининг охири бўлган “Дай” (“Қиш”) тасвири билан якун топади. Навоий таъбири билан инсон умрининг поёнига ўхшатилган бу фасл “кишининг хам қад била адам йўлиға кириб, замон аҳли билан хайирбод қилиш”(“Хазойину-л-маоний”даги таъбир) даври бўлиб, қасидада Фоний тахаллусининг қўлланилиши шунга ишорадир:

Ба бўи васл ниҳад рў ба даргаҳат, Фонй,
Чунон ки аҳли ибодат ба гўшаи меҳроб.
(Мазмуни:
Васлинг бўйи умидида, Фоний даргоҳингга юзини қўяди,
бу   ибодат аҳлининг меҳроб гўшасига бош қўйишидекдир).

Қасидада фалсафий мушоҳадакорлик билан боғлиқ туйғуларни беришга ниҳоятда мос бўлган мужтасс баҳри (рукнлари ва тақтиъи: мафоилун фаилотун мафоилун фаълун V – V – / V V -  - / V – V - /  - -)нинг қўлланилганлиги шоирнинг юксак бадиий салоҳиятини кўрсатувчи яна бир омилдир.
Зи даргаҳи фалак оташ нуҳуфт дуди саҳоб,
Даро ба хиргаҳу оташ фурўз аз маи ноб.
(Мазмуни:
Фалак чодиридан кўринаётган оташни булутлар пардаси тўсди,
чодирга киргину тиниқ, қизил майдон оташга зўр бер).

“Девони Фоний” луғз (чистон) жанри билан якун топади. Девонда жами 9 луғз келтирилган бўлиб, улар маснавий, қитъа ва рубоий тарзида қофияланган. Луғзлар шамъ, миқроз (қайчи), парвона, тиргаз (ўқ), тахтиравон, кема каби нарса-ҳодисаларга бағишланган. Масалан, шамъга бағишланган луғз қитъа шаклида ёзилган:

Чист он нахле, ки баргаш нест, аммо ҳаст гул,
Лек, он гулро бувад андар назар андому барг.
Гарча набвад абр, лекин абрсон шуд қатрарез,
Қатра аз вай чун ҷудо, афтод бандад чун тагарг.
Ҳам кушанду ҳам бимирад турфа бошад, лек он-к,
Куштанаш набвад зи қатлу мурданаш набвад зи марг.
(Мазмуни:
У қандай дарахдурки, барги йўғу, гули бор. Лекин у гулга назар   
Қилсанг, қоматию барги бор. Булут бўлмаса ҳам булутдек
қатралар тўкади. Қатралар тушиб дўлдек қотиб қолади. Қизиқ,
уни ҳам ўлдирадилар, ҳам ўзи ўлади. Ўлдирилиши қатлдану
ўлими эса ажалдан эмас).

Чистон  рамал баҳрининг рамали мусаммани мақсур (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилотун фоилон – V – – /– V – –/ –  V – –/ –  V ~) вазнида яратилган.

Савол ва топшириқлар
1.    Алишер Навоий ўзининг форсий шеърлари ҳақида қайси асарида кенгроқ маълумот берган?
2.    “Девони Фоний”нинг жанрий таркибини шарҳлашга ҳаракат қилинг.
3.    Алишер Навоий ўз форсий девонида қандай адабий янгилик яратди?
4.    “Девони Фоний”даги қасидалар ва уларнинг моҳияти ҳақида фикр юритинг.
5.    “Девони Фоний”да ритм ва мазмуннинг бадиий мутаносиблиги кўпроқ қайси жанрда намоён бўлади деб ўйлайсиз?

АДАБИЁТЛАР:
1.    Навоий Алишер. Девони Фоний. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 2000-2003. 18-20 жилдлар.
2.    Навоий Мир Алишер. Фоний гулшани (форсийдан Ж.Камол таржимаси). – Т.: MERIYUS, 2011.
3.    Комилов Н. Фақр нури порлаган қалб (Алишер Навоийнинг форсий қасидалари). – Т.: Маънавият, 2001.
4.    Шодиев Э. Навоий татаббуларига оид баъзи мулоҳазалар: “Девони Фоний” ҳақида // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т., 1997. -  № 2.
5.    Зоҳидов Л. “Девони Фоний” бадииятига доир мулоҳазалар // Адабиёт кўзгуси. – Т, 2010.  – № 10.
6.    Юсупова Д., Қуронов С. Навоийнинг форсий қасидалари // Жаҳон адабиёти. – Т, 2011.
7.    Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). –Т.: Фан, 1977. 




Хамсанавислик анъанаси ва Алишер Навоий “Хамса”си

РЕЖА:
1.    Хамсачилик тарихи.
2.    Ҳирот адабий муҳити хамсанавислиги.
3. Абдураҳмон Жомий “Хамса”сининг ғоявий-бадиий хусусиятлари.
4.    Алишер Навоий “Хамса”сига умумий тавсиф.

Мусулмон Шарқи эпик поэзияси тарихи хамсачилик анъанаси билан чамбарчас боғлиқ. Даставвал ХII асрда вужудга келган хамса жанри саккиз асрга яқин вақт давомида юзлаб жавоб достонларга эга бўлди.  Шарқ адабиётида биринчи бўлиб “Хамса” ёзган шахс буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавийдир. У 1170-1204 йиллар оралиғида бирин-кетин 5 та достон яратди, бу достонлар шоир вафотидан сўнг яхлит бир тўпламга бирлаштирилиб, “Панж ганж” (“Беш хазина”) деб атала бошланди ва кейинчалик хамса номи билан машҳур бўлди.
Низомий бешлигидаги биринчи достон “Махзану-л-асрор” (“Сирлар хазинаси”) деб аталиб, 1170 йилда яратилган. Низомий бу достонини ғазнавийлар ҳукмдори Баҳромшоҳ (ХII аср)га бағишлайди. “Махзану-л-асрор”нинг вужудга келишида ХII аср классиги Ҳаким Саноий “Хадиқату-л-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар боғи”) достонининг таъсири бор. Умуман, мусулмон Шарқида фалсафий-дидактик йўналишдаги достонларнинг ибтидоси ҳам бевосита шу достон билан боғланади.
Низомий бешлигидаги иккинчи достон “Хусрав ва Ширин” деб аталиб, тахминан 1181 йилда ёзиб тугалланган. Шоир бу достонини салжуқий ҳукмдор Тўғрул II (1174-1194) топшириғига кўра яратади. “Лайли ва Мажнун” достони эса 1188-89 йилларда Ширвоншоҳ Ахситан  II топшириғига кўра яратилади.
Низомий бешлигидаги тўртинчи достон “Ҳафт пайкар” (“Етти гўзал”) 1196 йилда ёзиб тугалланади. Достон 4600 байтдан иборат бўлиб,  ҳукмдор Алоуддин Кўрпа Арслон (1174-1207) топшириғи билан яратилган. “Ҳафт пайкар” асосий воқеа ва унга илова қилинган 7 та қолипловчи ҳикоятлардан иборат.
Низомий бешлигидаги сўнгги – бешинчи достон “Искандарнома” деб аталиб, икки қисм: “Шарафнома” ва “Иқболнома”дан иборат. Достон ҳажми 10000 байтдан ортиқроқ. Достоннинг аниқ қайси йилда яратилганлиги маълум эмас, адабиётларда унинг 1197 йилдан кейин ёзилганлиги ҳақида баъзи қайдлар учрайди.
Низомий бешлиги яратилгандан кейин орадан бир аср вақт ўтиб, Хусрав Деҳлавий (1253–1325) унга жавоб ёзди ва шу билан хамсанавислик анъанасини бошлаб берди.  У 1299-1301- йилларда "Матлаъу-л-анвор" ("Нурларнинг бошланмаси"), "Ширин ва Хусрав", "Мажнун ва Лайли", "Ҳашт беҳишт" ("Саккиз жаннат"), "Ойинайи Искандарий" ("Искандар ойнаси") достонларини яратиб, Низомий ишини давом эттирди ва натижада адабиётда хамсачилик анъанаси пайдо бўлди.
Деҳлавийдан кейин бу анъана бутун Шарқ дунёсига тарқалди ва жуда кўп халқларда Низомий достонлари мавзуси ва сюжети асосида асарлар пайдо бўлди. Озарбойжон олими Ғ. Алиев жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма ва манбаларни ўрганиб чиқиш асосида Низомий бешлигига муайян тарзда жавоб ёзган 300 га яқин  ижодкорни аниқлади ва улар ҳақидаги маълумотларни умумлаштириб, “Темы и сюжеты Низами в литературах народов Востока” номли монографиясини яратди.
Хамсанавислик тарихида ХV аср Ҳирот адабий муҳити алоҳида ўрин эгаллайди. Изланишлардан маълум бўлдики, айнан шу давр ва шу муҳитнинг ўзида 20 га яқин ижодкор хамсанависликда ўз кучларини синаб кўрганлар. Гар чи бу ижодкорларнинг барчаси тўлиқ хамса яратмаган бўлсалар-да, лекин бешликнинг у ёки бу достонига жавоб ёзиш билан мазкур анъанага ўз муносабатларини билдирганлар.
Бу даврдаги Низомий мавзуларига мурожаат қилган  ижодкорлар ҳақида Алишер Навоийнинг “Мажолису-н-нафоис” (1498), Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш-шуаро” (1486), Ҳумомиддин Хондамирнинг “Макориму-л-ахлоқ” асарларида маълумотлар учрайди.    
Ижодкорлар гуруҳини хамсанависликка билдирган муносабатига кўра шартли равишда уч гуруҳга ажратиш мумкин:
1.    Тўлиқ хамса муаллифлари.
2.    “Хамса”нинг баъзи достонларига жавоб ёзган ижодкорлар.
3.    Битта достонга жавоб ёзган ижодкорлар.

Тўлиқ хамса муаллифлари
Жамолий
Темур ва Шоҳруҳ замонида яшаган бу ижодкорнинг таваллуд ва вафот этган  йиллари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Фақат Ғ.Алиев ўзининг “Темы и сюжеты Низами в литературах народов Востока” номли монографиясида унинг бешлиги 1402-1417 йй. оралиғида яратилган деган фикрни билдиради.
Жамолий “Хамса”си қуйидаги достонлардан иборат:
1.    “Туҳфат ул-аброр” (“Махзану-л-асрор”га жавоб)
2.    “Меҳру Нигор” (“Хусрав ва Ширин”га татаббуъ)
3.    “Маҳзун ва Маҳбуб”. (“Лайли ва Мажнун”га татаббуъ)
4.    “Ҳафт авранг” (“Ҳафт пайкар”га татаббуъ)
5.     Достон номланиши аниқ эмас.  Лекин воқеалар мазмуни ва қўлланилган вазн Низомий “Искандарнома”сини эслатгани учун уни Низомий бешлигидаги сўнгги достонга жавоб тарзида ёзилган деб ҳисоблаш мумкин.

Ашраф Мароғий
Шоҳруҳ замонида яшаганлиги ва 1450 йилда вафот этганлиги маълум. Унинг бешлиги 1428-1444 йй. оралиғида яратилган бўлиб, қуйидаги достонлардан иборат:
1.    “Минҳож ул-аброр” (“Яхши кишиларнинг йўли”, 1428) йилда яратилган. Низомий достонидан бир оз фарқланиб, 21 мақолатдан иборат ва уларнинг ҳар бир-бирига иккитадан ҳикоят илова қилинади.
2.    “Риёз ул-ошиқин” (“Севишганлар боғи”, 1432). Баъзи манбаларда “Хусрав ва Ширин” номи билан кўрсатилади.
3.    “Ишқнома” (“Лайли ва Мажнун”га татаббуъ, 1438)
4.    “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”, 1440)
5.     “Зафарнома” (1444) йилда яратилган. Номланишдаги ўзгачаликка қарамай, воқеалар баёни ҳам, қўлланилган вазн ҳам “Искандарнома”ни эслатади.
Мазкур гуруҳдаги яна икки ижодкор Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий “Хамса”лари ҳақида мавзу сўнгида батафсилроқ фикр юритганимиз сабабли бу ўринда уларга  тўхталиб ўтирмаймиз.

“Хамса”нинг баъзи достонларига жавоб ёзган ижодкорлар
Котиби Туршизий
Бу ижодкорнинг Нишопурдан келганлиги ва 1434 / 36 йй.да Астрободда вафот этганлиги ҳақида Е.Э.Бертельс ўзининг “Навои и Джами” тадқиқотида маълумот келтиради.
Туршизий 10 га яқин маснавий-достонлар муаллифи, улардан фақат учтаси “Хамса” достонларига татаббуъ тарзида вужудга келди:
1.    “Гулшан ул-аброр” (“Яхши кишиларнинг гулшани”).
2.    “Лайли ва Мажнун”.
3.    “Баҳром ва Гуландом”.

Абдуллоҳ Ҳотифий
1445/ 50-1521 йй. оралиғида яшаган. Манбаларда Абдураҳмон Жомийнинг жияни сифатида тилга олинади. “Хамса”нинг қуйидаги достонларига жавоб ёзганлиги маълум:
1.    “Лайли ва Мажнун”.  
2.    “Ширин ва Хусрав” (1490)
3.     “Ҳафт манзар” (“Етти манзара”) “Ҳафт пайкар”га татаббуъ тарзида  яратилган.
4.    “Темурнома”. “Искандарнома” вазнида битилган бу достон Амир Темурнинг зафарли юришларига бағишланган.
Кўринадики, Ҳотифий достонлари орасида фақат “Махзан ул-асрор”га жавоб тарзида ёзилган достон учрамайди.

Бадриддин Ҳилолий
Асли астрободлик бўлган бу ижодкор XV асрнинг 70-йилларида туғилган. 1529 йилда қатл этилган.“Хамса” достонларига жавобан ёзилган 2 та достони бор:
1.    “Сифат ул-ошиқин” (“Махзан ул-асрор”га жавоб)
2.    “Лайли ва Мажнун”.

Шаҳобиддин Жомий
Бу ижодкорнинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Фақат Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ”да Шаҳобиддин Жомийнинг Алишер Навоий маслаҳатига кўра, “Лайли ва Мажнун” ва “Хусрав ва Ширин” достонларини ёзганлиги ҳақидаги маълумотига таянадиган бўлсак, муаллифнинг XV асрнинг иккинчи ярмида яшаганлиги маълум бўлади. Шаҳобиддин Жомийнинг бу икки достони бизгача етиб келмаган ёки ҳалигача топилмаган.

Битта достонга жавоб ёзган муаллифлар
Бу гуруҳни ғоявий йўналишига қараб иккига ажратиш мумкин:
1)    “Махзан ул-асрор” типида достон ёзган муаллифлар:
Осафий Ҳиравий, Наргисий, Ғиёсиддин Сабзаворий, Фосиҳ Румий, Саййид Қосимий.
2)     “Лайли ва Мажнун” типида достон ёзган муаллифлар:
Шайхим Суҳайлий, Али Оҳий, Хожа Имод Лорий, Хожа Ҳасан Хизршоҳ, Заве Қозиси.
Хамсачилик тарихида форс-тожик адабиётининг йирик      намояндаларидан бири Абдураҳмон Жомий (1414-1492) бешлиги алоҳида ўрин тутади. Жомий ижодкор бўлиш билан бирга сўфий ҳам эди, бу ҳолат у яратган асарларда ҳам намоён бўлади. Шарқшунос олим Конраднинг таъбири билан айтганда, “у – шоир, у – файласуф, у – филолог, у – мусиқашунос. Лекин шу билан бир қаторда у кўпроқ сўфий. Унинг учун борлиқни англашнинг икки кўриниши мавжуд – борлиқ сирлари ва ижод сирлари” (Конрад Н.И. Запад и Восток, 276-бет).
Адабиётшуносликда Жомийнинг “Хамса” ёзган-ёзмаганлиги билан боғлиқ баҳсли фикрлар мавжуд. Айрим адабиётшунослар Жомий достонларига “Хамса” тарзида эмас, балки еттилик –“Ҳафт авранг” (“Саломон ва Абсол” ҳамда “Силсилату-з-заҳаб” достонларини ҳам қўшган ҳолда) шаклида қараш зарурлигини таъкидлайдилар. Лекин Жомийнинг ўзи “Хирадномаи Искандарий” хотимасида ўз асарини “Панж ганж” деб атаганлиги учун Жомийни “Хамса” яратган ижодкорлар қаторига киритиш тўғрироқ бўлади.
Абдураҳмон Жомий “Хамса”сининг биринчи достони “Туҳфату-л-аҳрор” 1481 йилда яратилган. Фалсафий-ахлоқий масалаларга бағишланган бу достон Низомий “Махзану-л-асрор”ига жавоб тарзида вужудга келди. Достонлар номланишидаги оҳангдошлик, композицион қурилишдаги ўхшашлик ва қўлланилган шеърий ўлчов бу фикрни тасдиқлайди.
1482-83 йилларда “Хамса”нинг иккинчи достони “Субҳату-л-аброр” (“Яхши кишиларнинг тасбеҳи”) майдонга келди. Анъанага мувофиқ, хамсанинг иккинчи достони ишқий мавзуга бағишланиши керак эди. Лекин Жомий бу ўринда анъанадан бутунлай чекиниб, фалсафий йўналишдаги яна бир достон яратади. Лекин у биринчи достон каби 20 та мақолатдан эмас, балки 40 та бўлим – “иқд” (тасбеҳ донаси)дан иборат бўлиб, ҳар бир назарий қисмдан кейин алоҳида ҳикоят ва муножот илова қилиб борилади.
Абдураҳмон Жомий бешлигидаги учинчи достон “Юсуф ва Зулайҳо” деб аталиб, 1483 йилда яратилган. Низомий бешлигида бундай мавзу ва сюжетдаги достон учрамайди. Жомий “Хусрав ва Ширин” мавзусидаги анъанавий достон яратишдан воз кечиб, Қуръонда “аҳсан ул- қисас” – “қиссаларнинг сараси” деб таърифланган Юсуф қиссаси баёнига бағишланган “Юсуф ва Зулайҳо” достонини яратади.
Абдураҳмон Жомий “Хамса”сидаги тўртинчи достон “Лайли ва Мажнун” мавзусига бағишланган бўлиб, 1483 йилда яратилган. “Хамса”даги сўнгги – бешинчи достон “Хирадномаи  Искандарий” ҳам Жомийнинг анъанага риоя этиши билан характерланади. Кўринадики, Абдураҳмон Жомий яратган маснавий-достонлар орасида фалсафий йўналишдаги достонлар етакчи ўринда туриши билан характерланар экан.
Форс адабиётида Низомий бешлигига биринчи жавоб битган ижодкор Хусрав Деҳлавий бўлса, Навоий бу вазифани туркий тилда адо этди.  Навоий бешлигида хамсанависликнинг барча шартларига қатъий амал қилинганлигини кўрамиз. Чунки хамсанавислик анъанасидан бир оз бўлса-да чекиниш, туркий тилда хамсадек буюк асарни ёзиб бўлмайди деган фикрга олиб келиши мумкин эди. Навоий ўз “Хамса”си мисолида анъанавий шакл доирасида ҳам янги фикр айта олиш имкониятини, белгилаб берилган шаклларни жилвалантириш усуллари мавжудлигини кўрсатиб берди ва унинг бу асари умумжаҳон адабиётининг юксак чўққиси бўлиб қолди. Навоий "Хамса"си аждодларимиз маънавий ҳолатининг кўзгуси бўлиб, унда ўтмиш давр ижтимоий турмуши, халқ ҳаёти, урф-одатлари, дин-диёнат, ахлоқ-одоб ҳақидаги қарашлар ўз аксини топган. Навоий "Хамса"си бир-бири билан ич-ичидан мустаҳкам боғланган бешта достонни ўз ичига олувчи яхлит асардир. Буюк шоир унда замонасининг барча долзарб масалаларини қаламга олади. Мундарижавий достон бўлмиш "Ҳайрат ул-аброр"да шоир умр, унинг мазмуни, табиат, жамият ва инсон муносабатларига доир саволларни қўйса, кейинги достонларда муайян тақдирлар, воқеалар мисолида уларга жавоб беришга ҳаракат қилади. “Хамса” достонларидаги муқаддималар достонлар воқелигига шунчаки анъанавий кириш қисми бўлмай, балки достонлар мундарижаси учун очқич вазифасини ҳам ўтайди. Шу маънода муқаддималарда келтирилган фикрларга алоҳида эътибор бериш достонлар тагзаминида яширинган рамзий маъноларни очишга ёрдам беради. Айнан муқаддимада буюк мутафаккирнинг олам ва одам, табиат, кишилик жамияти, умр ва унинг мазмуни ҳақидаги фалсафий-ахлоқий қарашлари, ижодкор сифатидаги буюк салоҳияти у қўллаган бадиий тимсоллар, ташбеҳу тамсиллар воситасида бутун бўй-басти билан намоён бўлади.
Ўзбек мумтоз адабиётининг чўққиси бўлган Алишер Навоий “Хамса”си жаҳон адабиётининг ноёб ва ўлмас дурдонасидир.

Савол ва топшириқлар
1. Хамсанавислик анъанасига асос солган шоир сифатида қайси шоирни кўрсатиш мумкин деб ўйлайсиз: Низомий Ганжавий ёки Хусрав Деҳлавий? Ва қайси асосларга кўра?
2. Хамса яратган ижодкорларни шартли равишда қай шаклда гуруҳлаш мумкин?
3. Нима учун Хусрав Деҳлавий ҳамда Навоий хамсачиликнинг барча шартларига амал қилишган?
4. Абдураҳмон Жомийнинг хамса яратган ёки яратмагани тўғрисида нима учун якдил фикр йўқ?
5. Сизнингча, нима учун Абдураҳмон Жомий “Хусрав ва Ширин” мавзусида достон ёзишдан воз кечган?
6. Алишер Навоий “Хамса”сининг адабиётимизда тутган ўрни ҳақида қандай мустақил хулосаларингиз бор?

АДАБИЁТЛАР:
1.    Абдуғафуров А. Буюк бешлик сабоқлари. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1995.
2.    Ҳайитметов А. Темурийлар даври адабиёти. – Т.: Фан, 1996.
3.    Исҳоқов Ё. “Хамса” поэтикасига доир //Ўзбек тили ва адабиёти.- 1986.-№ 1.
4.    Алиев Г. Ю. Темы и сюжеты Низами в литературах народов Востока. – М.: Наука, 1985.
5.    Валихўжаев Б. “Хамса” ёзиш анъанасига Алишер Навоийнинг муносабати // Ўзбек тили ва адабиёти.-1990.- № 1.
6.    Эркинов А. С. Алишер Навоий “Хамса”си талқинининг XV-XX аср манбалари. Филол.фан.докт.дисс... – Т., 1998.
7.    Юсупова Д. Алишер Навоий “Хамса”сида мазмун ва ритмнинг бадиий уйғунлиги. – Тошкент: МУМТОЗ СЎЗ, 2011.
8.    Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т .: Фан, 2001.



“Ҳайрату-л-аброр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари

РЕЖА:
1.    “Ҳайрату-л-аброр” достонининг таркибий тузилиши.
2. Достон муқаддимасига умумий тавсиф.
2.    Достондаги мақолотлар.
3.    Достондаги ҳикоятлар.

Алишер Навоий “Хамса”сидаги биринчи достон  “Ҳайрату-л-аброр” ("Яхши кишиларнинг ҳайратланиши") 1483 йилда яратилган эди. Достон 3988 байтдан иборат бўлиб, 63 боб, 20 мақолат ва 20 ҳикоятдан ташкил топган. Шундан КИРИШ (муқаддима) 21 бобни ўз ичига олади.
Достоннинг биринчи боби Қуръони каримдаги бош илоҳий жумла “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” (“Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан бошлайман”)нинг поэтик шарҳига бағишланган. Бу боб нафақат “Ҳайрату-л- аброр” учун, балки умуман “Хамса” учун ҳам кириш  вазифасини ўтайди, чунки кейинги достонларда биз бу илоҳий жумлани учратмаймиз.  Ҳазрат Навоий бу жумлани икки нуқтаи назардан таҳлил қилади, яъни қабул қилувчилар ва рад этувчилар. Бунда ушбу жумладаги ҳар бир ҳарфга алоҳида маъно юклатилади. Дастлаб рад этувчиларга тўхталинар экан, ушбу жумладаги ҳар бир ҳарфнинг бу тоифа кишиларини жазолантиришга хизмат қилдирилганлигини кўрамиз. Хусусан, “ﺱ” – “син” ҳарфи ҳақида гапирилганда, унинг шакли наҳанг балиғининг умуртқа суягидаги аррадек бўлиб,   рад этувчилар учун офатдек; “ﻢ” – “мим” ҳарфи илон нафасидек ўт сочиб, йўл бошида оғзини очган ҳолда ётади деган ташбеҳлардан фойдаланилади. Шу тариқа Навоий ушбу жумладаги қолган ҳарфларни ҳам ушбу мақсадга хизмат қилдиради ва китобот (ҳарф) санъатининг бетакрор намунасини яратади.
Иккинчи тоифа, яъни қабул қилувчиларга тўхталинганда энди бу ҳарфларнинг ижобий маъно касб этишини кузатамиз. Хусусан, “ﺱ” “син” ҳарфи энди саломатлик йўлининг зинасига ўхшатилса, “ﻢ” – “мим” ҳарфининг мақсад манзилидаги булоқ бошига нисбат берилганлигини кўрамиз. Буларнинг барчасида Навоийнинг юксак бадиий салоҳияти намоён бўлади.
Достоннинг иккинчи боби Холиқ, яъни Оллоҳ ҳамдига бағишланади. Мазкур бобда шоир ҳамма нарсани яратган Холиқнинг осмон ва қуёшдан тортиб ҳар бир заррани, бутун ўсимликлар ва ҳайвонот оламини, кишилик жамиятини бир-бирига боғлаб ҳаракатлантириб туришини чексиз ҳайрат билан тасвирлайди. Алишер Навоий “Унинг зоти лутф ва сафодан иборат, лекин вафо иси унга бегона” деган фикрларни илгари сурар экан, бу ўринда тасаввуф таълимоти асосида фикр юритилаётганлиги маълум бўлади.
Достоннинг 3-6 боблари (тўрт боб) муножотларни ўз ичига олади. Муножотларда дунёдаги барча мавжудотлар ўз яратганига доим сажда қилиши зарур, Худонинг қаҳри келса, “кўк бир этак кул” каби совурилиб кетиши ҳеч гап эмаслиги таъкидланади. Шунинг учун инсонлар ўйлаб иш қилиши, гуноҳ қилишга йўл қўймаслиги, қиёмат кунини унутмаслиги, ҳар бир гуноҳ учун қиёмат куни жазо олажагини эсда тутиши, ислом дини қоидаларига тўла риоя қилиши зарурлиги уқтирилади. Навоий охирги муножотда Худога мурожаат қилиб, гуноҳларини кечиришини сўрайди:

Гарчи гунаҳнинг ҳаду поёни йўқ,
Айламасанг раҳм ҳам имкони йўқ.

Адабий анъанага кўра муножотдан сўнг пайғамбар мадҳига, яъни наътга ўтилади. Достонда 5 та наът келтирилган. Биринчи наътда тасаввуф таълимотидаги “Нури Муҳаммадия” назариясига тўхталинар экан, ушбу назариядаги “Одам Ато унга ҳам ўғил, ҳам ота” деган тушунча таърифи берилади. “Нури Муҳаммадия”га кўра Аллоҳ барча оламларни яратишдан олдин Муҳаммад нурини яратган бўлиб, шу нур туфайли оламни ва одамни яратган. Демак, Одам Ато ҳам Муҳаммад нуридан бино қилинган. Шунинг учун ҳазрати Муҳаммад  (с.а.в) Одам Атога ҳам ота, ҳам ўғилдир:

Бўлди санга Одами сабқатнамо,
Аввал ўғул, сўнгра гар ўлса Ато.

Кейинги наътларда пайғамбарнинг болалиги, пайғамбарлик давридаги фаолияти, ноёб инсоний хусусиятлари, меърож туни таърифлари келтирилади.
Достоннинг 12-боби улуғ салафлар Низомий Ганжавий ва Амир Хусрав Деҳлавий мадҳига бағишланган. Дастлаб Низомийга таъриф берилар экан, унинг исмидаги ҳарфлар абжад ҳисобига кўра 1001 сонига тенг келиши жиҳатидан Худонинг 1001 исмига ҳамоҳанг эканлиги айтилади. Иштиқоқ (ўзакдош сўзларни келтириш) ва ийҳом (байтни икки хил маънони қўллаш) санъатлари воситасида у яратган хазина (“Хамса”)га таъриф берилади:

Ганжа ватан, кўнгли анинг ганжхез,
Хотири ганжуру тили ганжрез.

Хусрав Деҳлавий мадҳи келтирилганда эса унинг исмидаги “хусрав” сўзининг подшо маъносини билдириши Деҳлавийнинг сўз подшоси сифатида ҳинд мулкини обод қилганлиги, унинг ҳар бир достони Ҳиндистоннинг бир ўлкасига тенг эканлиги билан изоҳланади:

Назми саводи аро ҳар достон,
Ўйлаки, бир кишвари Ҳиндустон.

13-боб Нуриддин Абдураҳмон Жомий мадҳини ўз ичига олади. Навоий Низомий ва Деҳлавийни бир бобда таърифлагани ҳолда устози ва дўсти Абдураҳмон Жомийга алоҳида боб бағишлайди. Уни ўша даврнинг “қутби тариқати” деб атар экан, ўзининг унга нисбатан ожиз ва муҳтожлигини ғоят камтарлик билан баён қилса, Жомийнинг янги ёзган бирор асарини ўзидан олдин ҳеч ким кўрмаслигини фахр билан келтириб ўтади:

Номағаким роқим этиб хомасин,
Кўрмади мен кўрмайин эл номасин.

“Ҳайрату-л- аброр” достонининг ёзилишида айнан Жомийнинг “Туҳфату-л-аҳрор” достони туртки бўлганлигини айтилади:

Боштин-аёқ гавҳари шаҳвор эди,
Қайси гуҳар, “Туҳфату-л-аҳрор” эди...
Чун ўқимоқ замзамаси бўлди бас,
Кўнглум аро дағдаға солди ҳавас.
Ким бу йўл ичраки алар солди гом,
Бир неча гом ўлса манга ҳам хиром.

Достоннинг 14-15-боблари сўз таърифига бағишланган. Ҳазрат Навоий сўзнинг буюклигини “кун” (ярал) сўзининг олам ва одамни яратишда восита бўлганлиги билан далиллайди:

Даҳр муқайяд била озодаси,
Борча эрур  “коф”  ила “нун” зодаси.
Зодасидин зода бўлуб беадад,
Зодага ҳам волид ўлуб, ҳам валад.

Алишер Навоий бу ўринда сўзнинг маҳсули бўлган адабий турлар ҳақида ҳам тўхталар экан, назм ва насрга алоҳида таъриф беради, назмни насрдан устун қўйиб, гулшанда гулларнинг саф тортиб туришини назмга, сочилиб, тўкилиб ерда ётишини насрга ўхшатади. Шоирнинг эътирофича, назм бу қадар эъзозланмаса, Тангри сўзида шеър бўлмас эди:

Бўлмаса эъжоз мақомида назм,
Бўлмас эди Тенгри каломида назм.

Шунингдек, Навоий ушбу бобда туркий тилда шеър айтишга кучли иштиёқ сезишини ва бу йўлда анча юқори даражага эришганини фахр билан баён қилади. 
Достоннинг 16-боби замона султони Ҳусайн Бойқаро мадҳини ўз ичига олади. Алишер Навоий бу бобда талмеҳ санъати воситасида Ҳусайн Бойқарони куч-қудратда Фирдавсий қаҳрамони Рустамга, адолат ва фазлу камолда Эроннинг афсонавий подшоси Жамшидга ўхшатади.
17-боб “Кўнгул таърифида” деб номланади. Бу бобда Навоий қудратли деҳқон (Худо) илк тонгда инсонни яратгандан кейин унга кўнгул ато этганини баён қилар экан, кўнгулни юрак билан адаштирмасликка чақиради. Шоирнинг фикрича, юрак савдогарда ҳам бор, лекин унинг бутун фикри-ёди савдода. Яратганнинг ёди билан яшайдиган инсондагина ҳақиқий кўнгул бўлади ва угина “аҳли дил” саналиши мумкин. Шунингдек, Навоий кўнгулни олами кубро, Каъбадан-да улуғ жой деб атайди.
Муқаддиманинг қолган уч боби (18-20 боблар) ҳайрат таърифига бағишланган. Бу бобларда Хожа, яъни кўнгулнинг аввал мулк (нарсалар) оламига, кейин малакут (фаришталар) оламига ва ниҳоят сўнгида “ажойиб бир шаҳар” (инсон танаси)га саёҳати баёни келтирилади ва бу саёҳат кўнгулнинг ўзлигини таниб, инсон танасига киргани тасвири билан якунланади. Алишер Навоий бу ўринда “ўзлигини билган Худони ҳам билади” ғоясини илгари суради:

Нафсға чун ориф ўлуб мў-бамў
Фойиз ўлуб “қад арафа раббаҳу”.

Муқаддиманинг сўнгги 21-боби Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва унинг халифаси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор мадҳига бағишланган. Алишер Навоийнинг муқаддимадаги сўнгги бобни айнан шу шайхларга бағишлаши шоирнинг нақшбандия сулуки вакили эканлигига ишора эди. Боб ўз ичида икки қисмга ажратилади, биринчи қисм 15 байтдан иборат бўлиб, унинг деярли ҳар бир байтида нақш сўзининг турли ҳолат ва шаклларда иштиқоқ (ўзакдош сўзларни келтириш) ва таносуб (маъно ва моҳият жиҳатидан бир-бирига яқин сўзларни келтириш) санъатлари воситасида қўлланилганлигини кўрамиз. Навоий Баҳоуддин Нақшбандни юксак мартабали  наққошга, унинг таълимотини муҳташам ва дилкаш нақшга ўхшатади:

Хожаки наққоши сипеҳри баланд,
Бўлғали ҳар сафҳасиға нақшбанд.
Айлади авроқ мунаққаш басе,
Нақш рақам айлади дилкаш басе.

Бобнинг иккинчи қисми нақшбандия тариқатининг ўша даврдаги машҳур пирларидан бири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор мадҳига бағишланган. Навоий уни муршиди офоқ (йўлбошловчи пир) деб улуғлар экан, шоҳлар унга қуллуқ қилишга ўзлари келадилар, ҳатто ҳақиқат сирларидан огоҳлар ҳам унинг ҳузурида ҳушларидан жудо бўладилар деб ёзади:

Юз қўюбон қуллуғиға шоҳлар,
Базмида бехуд ўлуб огоҳлар.

Алишер Навоий бобни улуғ шайх фаолиятига юксаклик тилаш ва унинг ҳимматидан  баҳрамандлик умиди билан якунлайди ва бу умид бевосита муқаддимага ҳам якун ясайди:

Қўймасун айвони жаҳонни тиҳи,
Дабдабаи кўси Убайдуллаҳи.
Ҳимматидин бизни ҳам этсун Худой,
Фақр йўлида ғани, имонға бой. 

Достоннинг 22-бобидан асосий қисм бошланади. Асосий қисм мақолат ва ҳикоятлардан ташкил топган 40 бобни ўз ичига олади. Мақолатлар муайян бир ахлоқий-фалсафий мавзуга бағишланган бўлиб, шоир дастлаб ушбу мавзуга муносабат билдиради, мавзу юзасидан ўз фикр- мулоҳазаларини баён қилади, сўнгра шу мавзуга мос ибратли ҳикоя келтиради. Шу тариқа асосий қисм 20 мақолат ва унга илова тарзида келтирилган ҳикоятлар баёни тарзида давом этади. Буни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Мақолот номи

Ҳикоят

Иймон шарҳида

Шайх Боязид Бистомий ва унинг муриди ҳақидаги ҳикоят

Ислом бобида

Иброҳим Адҳам ва Робия Адвия ҳақидаги ҳикоят

Салотин (султонлар) зикрида

Шоҳ Ғозий ҳикояти

Хирқа кийган риёкор шайхлар хусусида

Абдулла Ансорий ҳақидаги ҳикоят

Карам (хайру эҳсон) васфида

Ҳотами Тойи ҳикояти

Адаблилик тўғрисида

Нўширавон ва Наргис ҳақидаги ҳикоят

Қаноат бобида

Қаноатли ва қаноатсиз икки дўст ҳақидаги ҳикоят

Вафо бобида

Икки вафоли ёр ҳикояти

Ишқ ўти таърифида

Шайх Ироқий ҳақидаги ҳикоят

Ростлиқ таърифида

Шер билан Дуррож ҳикояти

Илм осмонининг юлдузлардек баланд мартабалилиги ҳақида

Имом Розий ва Хоразмшоҳ ҳақидаги ҳикоят

Қалам ва қалам аҳллари ҳақида

Ёқут ҳақидаги ҳикоят

Булутдек фойда келтирувчи одамлар ҳақида

Айюб ва ўғри ҳақидаги ҳикоят

Осмон тузилишида шикоят

Искандар ҳақидаги ҳикоят

Жаҳолат майининг қуйқасини ичадиганлар ҳақида

Исроилий ринд ҳақидаги ҳикоят

Хунасасифат олифталар ҳақида

Абдуллоҳ Муборак ҳақидаги ҳикоят

Баҳор йигитлигининг софлиги ҳақида

Зайнобиддин ва унинг ўғли ҳақидаги ҳикоят

Фалак ғамхонаси ҳақида

Гўзал малика ва унинг ошиғи ҳақидаги ҳикоят

Хуросоннинг мисли йўқ вилояти баёнида

Баҳром ва боғ ҳақидаги ҳикоят

Мақсаднинг ўталгани ҳақида

Хожа Муҳаммад Порсо ҳақидаги ҳикоят



Энг аввалги мақолат иймон шарҳига бағишланади. Бу бежиз эмас, зеро достоннинг бош ғояси комил инсон тимсолини васф этишдир, комилликнинг бош белгиси эса иймондир:

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,
Билки нишони анга иймон эрур.

Алишер Навоий “Кимдаки иймоннинг уч белгиси бўлса, у ҳақиқий инсондир” дейди ва бу белгилар сифатида сабр, шукр ва ҳаёни кўрсатиб ўтади:

Бас ани инсон атағил бериё,
Ким ишидур сабр ила шукру ҳаё.

Комил инсон таърифидан кейин иймон шарҳига тўхталиб ўтилади. Ҳазрат Навоий иймоннинг 6 шарти сифатида қуйидагиларни келтириб ўтади:
1)    Ҳақнинг борлигига иймон келтириш;
2)    фаришталарга иймон;
3)    Аллоҳнинг сўзлари бўлган муқаддас китобларга иймон;
4)    Пайғамбарларга иймон;
5)    қиёмат кунига иймон;
6)    тақдири азалга иймон.
Ушбу фикрлардан сўнг Шайх Боязид Бистомий ва унинг муриди ҳақидаги ҳикоят келтирилади. Ҳикоятда бир куни Шайх Боязид Бистомийдан ғамгинлик сабабини сўраган муридига шайх бу дунёда ҳақиқий инсонлар камайиб кетганлигидан хафаман деб жавоб беради. Шунда муриди шайхни ҳақиқий инсонлар сафида деб ҳисоблашини айтганида, шайх ўзини ҳам юз минг сарсон-саргардонлар қаторида санашини, агар бу дунёдан иймон билан кетмас экан, инсон саналмаслигини айтади. Ҳикоятда диний мазмундан ташқари тасаввуфий қарашлар ҳам мавжуд бўлиб, бунда тариқатдаги хавф мақоми ҳақида сўз боради, деб айтиш мумкин. Н.Комиловнинг “Тасаввуф” китобида ёзилишича, хавф тариқатнинг 6-мақоми бўлиб, бунда соликнинг нафс макридан қўрқиши, шайтон найрангининг кўнгилга хавф солиши назарда тутилади. Нафс шундай кучли душманки, солик тариқатдаги тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр каби мақомларни эгаллаган бўлишига қарамай, нафснинг иймонга дахл қилиши мумкинлигидан доим хавфда бўлади. 
Алишер Навоий кейинги мақолатларда ҳам биринчи мақолатда келтирилган бош мавзу – комил инсонга хос сифатлар баёнини давом эттиради. Хусусан, 5- мақолат карам ва саховат,  6- мақолат адаб, 7-мақолат қаноат, 8-мақолат вафо, 10-мақолат ростгўйлик таърифидадир. Бу мақолатлар орасида 7-мақолат бадиий тимсолларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Навоийнинг фикрича, кимки қаноатни ўзига касб қилган бўлса, у энг бой инсондир. Олтин, кумуш ва зебу зийнатларни бойлик деб билмаслик керак, балки ҳақиқий бойлик қаноат хазинасидир:

Кимгаки иш бўлди қаноат фани,
Билки, ани қилди қаноат ғани.
Ганжи тажаммулни ғино билмагил,
Балки ғино ганжи қаноатни бил.

Мазкур мақолатда қаноат тушунчаси чиройли ташбеҳлар ва тамсиллар воситасида ифодалаб берилганлигини кўрамиз. Масалан, осмон қанчалик катта бўлмасин, у битта кулча, яъни қуёш билан кун кечиради. Кўз доим шунинг учун равшанки, у меҳроб остида туриб, иккита бодом билан озиқланади. Шундай экан, инсонлар қаноат бобида осмон ва кўз сингари бўлишлари керак. Мақолатда китобот (ҳарф) санъатининг ҳам етакчилик қилишини кузатиш мумкин:

Қушлар аро шоҳки, анқо дурур,
Нуктае бу амрда пайдо дурур.
Бордур агар фикр ила топсанг вуқуф,
Қониъю анқоға мувофиқ ҳуруф.

Қушларнинг ичида анқо шоҳ ҳисобланади. Бунда маълум бир маъно бор. Агар фикр билан воқиф бўлишни истасанг, “қониъ” ва “анқо” сўзларининг ёзилишида ҳарфлар бир-бирига мувофиқдир. Ёки

Шоҳ бошининг шарафи тож эмас,
Англа ани шоҳки, муҳтож эмас.
Шоҳ агар ул бўлсаки, муҳтождур,
Ҳарф ила муҳтожда ҳам тождур.

Шоҳ бошининг шарофати тождан эмас, кимки муҳтож бўлмаса, ўшани шоҳ деб тушун. Муҳтожни ҳам шоҳ деб аташ мумкин бўлса, ҳарф нуқтаи назаридан “муҳтож” сўзида ҳам “тож” бор-ку!       
Мақолатга “Қаноатли ва қаноатсиз икки дўст” ҳақидаги ҳикоят илова тарзида келтирилган. Ҳикоятда келтирилишича, икки дўст Форс мулкидан Чин мамлакати томон йўлга тушадилар. Бири тақдир берганига қаноатли инсон бўлиб, иккинчиси очкўз, тамаъгир эди. Йўлда кетаётиб, бир тошга кўзлари тушади. Унинг ярми ер остида бўлиб, ярми ер юзасига чиқиб турарди. Тош устида: “Кимки меҳнат қилиб тошни айлантириб қўйса, остидаги афсонада вайрона тагида бекитиб қўйилган хазина ҳақида ёзиб қўйилган. Кимки бу машаққат, азоб уқубатларни хоҳламаса, унинг учун сабру қаноат ҳаммасидан яхшироқдир” деган ёзув битилган эди. Очкўз йигит ёзувни ўқигач, хазина илинжида тош остини қазишга тушиб кетади. Қаноатли одам эса бепарво тарзда шаҳар томон йўл олади. Шаҳарга кирадиган бир неча дарвоза бўлиб, у шаҳарга биринчи бўлиб киради. Шаҳар аҳолисининг одатига кўра, мамлакат подшоси қазо қилса, дарвозадан биринчи кирган одамни подшоҳ қилиб кўтарар эканлар. Шу тариқа бу дўст ўз қаноати туфайли мамлакатга подшоҳ бўлади. Унинг тош остини қазиётган дўсти эса оғир меҳнатни бажариб бўлгач, тошни ағдариб қараса, “Хом тамаъ бу дунёда алам чекади” деб ёзиб қўйилган экан. Хулоса шуки, қаноатли инсон ўз сабру қаноати туфайли шоҳ мартабасига эришади, қаноатсиз инсон эса тамаъ илинжида хору зор бўлади.   
“Ҳайрату-л-аброр” достонида хотима ҳам ўзига хос ўринга эга. Достоннинг 62-63-боблари ҳазрат Навоийнинг хулоса ва якуний фикрларини ўз ичига олади. 62-бобда Навоий достонни яратиш орзусидан бошлаб уни тугатгунича бўлган жараён ҳақида ёзар экан, достонни ёзиш хаёли унга тинчлик бермагани, элу юрт хизмати, халқ арз-додини тинглаш уни асосий мақсаддан чалғитса-да, Худонинг ўзи унга марҳамат кўрсатиб, ниҳоят бу улуғ муддаони поёнига етказганини бетакрор ташбеҳлар воситасида баён қилиб беради. Боб сўнгида Навоий ғоят назокат ва камтарлик билан агар ёзганлари элга манзур бўлмаса, уни афв этишларини сўраб, Аллоҳга илтижо қилади:

Жилва бер эл кўзига ҳам хўб ани,
Қилғил улус кўнглига марғуб ани.
Ҳар нечаким, журмум эрур печ-печ,
Лекин эрур раҳматинг олинда ҳеч.

63-бобда оёғи тойиб кетиб, косадаги ошни шоҳнинг бошига тўкиб юборган ва олижаноб шоҳнинг хижолатдан ўлар ҳолатга етган бу қулни афв этгани ҳақидаги ҳикоят берилади ва бу ҳикоят бевосита 62-бобга ҳамоҳанг тарзда, унга иловадек келтирилади. Навоий Аллоҳни олижаноб шоҳга, ўзини оёғи тойиб кетган қулга ўхшатар экан, шундай ёзади:

Ҳар неча кўп бўлса гуноҳим менинг,
Шукрки, бор сендек илоҳим менинг.
Хижлат ила қолмади худ жом манга,
Ери дурур айласанг эҳсон манга.

“Ҳайрату-л-аброр” достонида кун тартибига қўйилган масалалар бевосита “Хамса”нинг кейинги достонларида ҳам давом этади, хусусан, комил инсонга хос адаб, қаноат, карам ва саховат, футувват, ростлик, вафо каби хислатлар билан боғлиқ масалалар “Фарҳод ва Ширин” достони, “Сабъаи сайёр” таркибидаги ҳикоятлар, “Садди Искандарий” достонларида янгича талқин топганлигини кўрамиз.
Достон аруз тизимининг  сариъ баҳри – сариъи мусаддаси матвийи макшуф (рукнлари ва тақтиъи: муфтаилун муфтаилун фоилун – VV   – /  – V V – /    – V –    ) вазнида ёзилган. Бу вазн панду насиҳат мазмунидаги фикрларни баён қилишга ниҳоятда қулай бўлганлиги сабабли достон учун асосий шеърий ўлчов вазифасини ўтаган.

Савол ва топшириқлар

1. “Ҳайрату-л-аброр” типида ёзилган бошқа яна қандай достонлар номларини айта оласиз?
2. “Ҳайрату-л-аброр” умумий  “Хамса” учун кириш вазифасини ўташини достондаги қайси хусусият орқали билиш мумкин?
3. Достоннинг кириш қисмида Навоий қандай фикр ва ғояларни илгари сурган?
4. Достондаги мақолот ва ҳикоятларнинг ўзаро боғлиқлигини аниқ мисоллар билан асосланг.
5. Достонга танланган вазннинг хос хусусиятлари ҳақида нималар дея оласиз?

АДАБИЁТЛАР:
1.    Навоий Алишер. Ҳайратул аброр. МАТ. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1991. 7-жилд.
2.    Navoiy Alisher. Hayrat ul-abror. – T.: G’.G’ulom nomidagi NMIU, 2006.
3.    Навоий Алишер. Ҳайратул-аброр (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ: – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989.
4.    Муҳиддинов М. Комил инсон - адабиёт идеали. – Т.: Маънавият, 2005.
5.    Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1979.
6.    Қаюмов А. “Ҳайрат ул-аброр” талқини. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.
7.    Vohidov R., Eshonqulov H. O‘zbek mumtoz adabiyoti tarixi. – T.: O‘zYU Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti, 2006.




“Фарҳод ва Ширин” достонининг тимсоллар олами

РЕЖА:
1. Достоннинг яратилиш тарихи
2. Фарҳод  – илоҳий ишқ йўлига кирган солик образи
3.  Достондаги рамзий тимсоллар
4.  Достоннинг бадиий хусусиятлари

Алишер Навоий “Хамса”сидаги иккинчи достон “Фарҳод ва Ширин” деб аталиб, 1484 йилда ёзиб тугалланган. Навоийгача бу мавзу "Хусрав ва Ширин" шаклида машҳур эди. Афсонанинг бош қаҳрамони Хусрав Парвез аслида тарихий шахс бўлиб, милодий 590 йилда тахтга чиқиб, 628 йилда ўз ўғли Шеруянинг буйруғи билан ўлдирилган Эрон шоҳидир. Унинг оромий ёки арман қизи Ширинга бўлган муҳаббати кўпгина тарихий асарларда қайд этилган. Хусусан, Алишер Навоийнинг ўзи ҳам “Тарихи мулуки Ажам” асарининг сосонийлар тарихига бағишланган  қисмида Хусрав Парвез ҳақида маълумот беради. Бадиий адабиётда Хусрав ва Ширин муҳаббати ҳақида биринчи бўлиб Фирдавсий ўзининг "Шоҳнома" достонида ёзиб қолдиради, Низомий эса уни алоҳида ишқий-саргузашт достон ҳолига келтиради. Низомийнинг "Хусрав ва Ширин" достони 1340 йилда Қутб Хоразмий томонидан туркий тилга таржима қилинган.
Алишер Навоий бу мавзудаги достони учун аввалги достонларда иккинчи даражали тимсол тарзида талқин қилинган Фарҳодни бош қаҳрамон қилиб олади. Аслида Фарҳоднинг бош қаҳрамон қилиб олиниши адабиётда илк бор  ХIV асрда Озарбайжонда яшаб фаолият юритган Ориф Ардабилийнинг “Фарҳоднома” (1369) номли форс-тожик тилида ёзилган достони билан бошланади. Лекин унда тасвирланган воқеалар Навоий достонидан бутунлай фарқ қилади. Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида бу мавзуда қалам тебратган ижодкорлар сифатида Низомий, Деҳлавий, Ашраф Мароғийларни эслаб ўтар экан, яна бир номаълум ижодкорга ҳам ишора қилиб ўтади:

Яна бўлғон экан бу нома марқум,
Вале роқим эмастур яхши маълум.

Адабиётшуносликда ушбу номаълум ижодкор айнан Ориф Ардабилий бўлиши мумкин деган фикр мавжуд.
Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони 54 боб, 5782 байтдан иборат. Шундан муқаддима 11 бобни ўз ичига олади. Достон анъанавий ҳамд –  Аллоҳнинг мақтови билан бошланади. Достонда иккита ҳамд мавжуд. Биринчи ҳамдда Алишер Навоий яратувчининг қудратини таърифлаб, унинг иродаси билан қаламга олмоқчи бўлган ғоявий нияти ҳақида сўз юритар экан, биринчи мисрани арабча калима билан бошлайди:

Биҳамдик фатҳ абвоб ул маоний,
Насиб эт кўнглума фатҳ ўлмак они.

Яъни: Маънолар эшикларининг очилиши сенинг мақтовинг билан ва кўнглумга уларни забт этишни насиб қил.
Кейинги байтларда Навоий маънолар хазинаси қулфига қўлининг калит бўлишини, шу восита билан барча умидларига етишишни тилайди, ана шу маънолар хазинасидан олам аҳлини баҳраманд қилишни умид қилади.
Иккинчи ҳамдда шоир ёзишга киришаётгани “Фарҳод ва Ширин” достонининг умумий талқини, ундаги қаҳрамонларнинг мухтасар тавсифини беради, “дард боғи” деб таърифланган ишқ билан алоқадор барча ҳаяжон ва изтироблар ҳақида ёзади. Шоир Холиқ мақтовига киришар экан, энг аввало, у инсон кўнглини ишқ гулшани, бу гулшанда эса ишқни хазинага айлантирганлигини мадҳ этади:

Ки инсон кўнглин этти гулшани ишқ,
Бу гулшаннинг ҳаримин махзани ишқ.

А.Рустамовнинг “Навоийнинг бадиий маҳорати” китобида ёзилишича, Навоий қазони Фарҳодга, осмонни Фарҳодга алоқадор Бесутун тоғига, ақлни Чин хоқонининг вазири Мулкорога ва донишманд Суқротга, тунни Хусрав Парвезнинг оти Шабдезга, қадарни Фарҳоднинг дўсти Шопурга, ажални отасини ўлдирган Парвезнинг ўғли Шеруяга, замонни Парвезнинг созандаси Нигисога ўхшатган ҳолда “ширин”, “тилисм” сўзларини, Бесутун, Хусрав ва унинг ашулачиси Борбад номларини тилга олиб, муқаддимани достоннинг мундарижасига уйғунлаштирган. Шу билан бирга бу ўхшатишлар замирида шоир достон мундарижасида қаҳрамон ва тимсоллар фаолияти қайси кўламда кечиши, улар достонда қандай роль ўйнаши билан ҳам китобхонни таништиради.
Муножот (3-боб)да Алишер Навоий инсоннинг йўқликдаги ҳолати, дунёга келиши, гўдаклиги, ҳаёти тўғрисида баён қилади. “Лавҳи маҳфуз” (кишиларнинг яхши ва ёмон амаллари, тақдири азалдан битиб қўйилган тахта) ҳақида фикр юритар экан, инсон азалий қисмат ижрочиси экан, бунга уни гуноҳкор қилишни қандай изоҳлаш мумкин деган фикрларни айтади:

Ва гар ул лавҳ уза бўлса муҳаррар,
Азал тақсимидин бўлди муқаррар.
Не дерсен бас бу жамъи бенавоға,
Гуноҳе қилмайин қолғон балоға?

Кейинги байтлардаёқ Навоий бу фикрларни беҳуда даъво деб ҳисоблаб, ружуъ санъати воситасида бу даъвони инкор қилади ва Аллоҳдан унга марҳамат қилишини сўрайди:

Жунундин сўзга бир дам бўлмай огоҳ,
Гар ортуқ сўз дедим, астағфируллоҳ.
Илоҳий, боқмағил мажнунлуғумға,
Карамдин чора қил маҳзунлуғумға.

Достоннинг тўртинчи боби Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) мадҳига бағишланган. Боб пайғамбарнинг муборак чеҳраси тавсифи билан бошланиб, унинг ўқиш ва ёзиш билан шуғулланмаганлиги ажойиб бадиий санъатлар воситасида баён қилиб берилади. Хусусан, қалам пайғамбар унга майл кўрсатмаганидан, яъни уни қўлида тутмаганлигидан кейин ёқасини чок қилиб, кўз ёшларини тўкиб, афғон қилганлиги, унинг қўлини ўпайин деб қанча оғзини очмасин, унинг орзуси амалга ошмаганлиги ҳусни таълил санъати асосида келтирилганлигини кўрамиз:

Неча чоки гирибон қилди хома,
Тўкуб ашкини афғон қилди хома.
Очиб оғзин қилай деб дастбўси,
Муяссар бўлмайин бу орзуси.

Бобда “инсонлар пайғамбар белгилаб берган шариат қоидалари асосида яшасаларгина, ҳақиқий саодатга эришадилар” деган ғоя илгари сурилади.
5-боб меърож туни таърифига бағишланган бўлиб, пайғамбарнинг Буроқ оти ёрдамида Аллоҳ ҳузурига йўл олиши тасвири берилади. Бунда пайғамбарнинг 12 бурж ва 7 сайёраларни ошиб ўтиб, Ломаконга кўтарилганлиги, “қоба қавсайн” (икки ёй оралиғи) даражасида Аллоҳга яқинлашгани ва фоний бўлганлиги ҳақидаги фикрлар баён қилинади.

Анга бу сурма бўлғоч қурратул айн,
Насиб ўлди мақоми “қоба қавсайн”.
Ўзин гум айлабон, лекин топиб ҳақ,
Кўринмай кимса ҳақдин айру мутлақ.

Достоннинг 6-боби қалам таърифи ҳамда улуғ салафлар Низомий ва Деҳлавийлар мадҳини ўз ичига олади. Навоий дастлаб қаламга таъриф берар экан, уни Хусрав Парвезнинг тез учар қора оти Шабдезга, қаламни тутувчи бармоқларни шу от устидаги чавандозга, бармоқ бўғинларини чавандознинг белбоғига, тирноқларни эса унинг юзига ўхшатади:

Қаламким, раҳнаварди тезтакдур,
Азалдин манзили фавқул фалакдур.
Магар ваҳм адҳамидур тез рафтор,
Не адҳам, жардаи Шабдез рафтор.
Чиқиб устига бармоқ шаҳсувори,
Бўғун белбоғию тирноқ узори.

Ҳазрат Навоий Низомийни хазинадорга, унинг маъноларга тўла асарларини хазиналарга ўхшатиб таърифлайди. Хусрав Деҳлавийни у яшаган Ҳиндистон билан боғлиқ ҳолда ҳинду, тўти, булбул, қақнус, мушк ҳидли булутга ўхшатади. “Хамса” ёзиш анъанасини кураш майдонига ўхшатиб, ўзининг бугунги кунда ниҳоятда машҳур байтларини ёзади:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ.
Тутайким қилди ўз чангини ранжа,
Неким урди анинг чангига панжа.
Керак шер оллида ҳам шери жанги
Агар шер ўлмаса, бори паланги.

Айнан шу бобдан бошлаб 2-3 байтли соқийномалар бериб борилади. Кўпинча бу соқийномаларда шоир кейинги бобда қаламга олинадиган воқеа ёки масалаларга ишора қилинади:

Кел эй соқийки, тушмиш жонима жўш,
Кетур бу икки ёди бирла бир қўш.
Алар ишқида нўш айлаб ики жом,
Тутай Жомий майи мадҳин саранжом.

7-боб “ҳазрати шайху-л-исломий мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий” мадҳидадир. Алишер Навоий Низомий ва Деҳлавийни иккита филга ўхшатгани ҳолда, Жомийни юз филга ўхшатади. Сўз ўйини воситасида уни  ХI-ХII асрларда яшаган машҳур сўфий Зиндапили Жомийга қиёслайди, “фано тимсоли”, “жаҳони бегарон” (чексиз жаҳон), “олами кубро” (улуғ олам) деб атайди. Боб Жомий қўлидан бир жом ичиш умиди билан якунланади:

Кетургил, соқий ул  жоми киромий
Ки, тутсун риндлар сархайли Жомий.
Чу пири дайр май қилди ҳавола,
Ичармен гар эрур гардун пиёла.

Навбатдаги боб достоннинг ёзилиш сабаби ҳақида. Бу бобда шоир достонни яратиш орзуси пайдо бўлгач, бепоён дурру гавҳарлар денгизига чўмганлигини, яъни кўп мутолаа қилганлигини, тинмай ўйлаганлигини айтади. Достонни ёзишга ундаган сабаблардан бири  ўзининг муҳаббати, бу ишқнинг алам ва изтироблари эканглигини айтиб, у туфайли ўзига етишган азобу уқубатларни баён қилади. Шунда унга ғойибдан нидо келиб, ҳотиф (ғойибдан оқ фотиҳа берувчи) уни янги бир асарни ёзишга илҳомлантирганини, кейин Жомийнинг олдига борганида у ҳам шоирни дуо қилиб, бу ишда унга оқ йўл тилаганини ёзади.   
9-боб асар режасини тузиб олгани, турли афсоналар, тарихий манбаларни кўриб чиққани, шу мавзуда ёзилган достонларда йўл қўйилган хатоларни тузатиб, ўз ғояларини қай тарзда ифода этмоқни ният қилгани баёнидадир. Бунда Навоий ёзилажак асари янги бўлиши лозимлигини, аввал шу мавзуда яратилган достонларни такрорламаслик кераклигини таъкидлайди:

Ани назм этки, тарҳинг тоза бўлғай,
Улусқа майли беандоза бўлғай.
Йўқ эрса назм қилғонни халойиқ,
Мукаррар айламак сендин не лойиқ.
Хуш эрмас эл сўнгинча рахш сурмак,
Йўликим, эл югурмиштур югурмак.

Достоннинг 10-боби Султон Ҳусайн Бойқаро таърифига бағишланган. Навоий уни султонлар ичида Шоҳ Ғозий, ғазот майдонида Али ибн Абу Толиб, шариат ривожида пайғамбар сингаридир деб улуғлайди ва уни адолатли, саховатли ҳукмдор сифатида мадҳ қилади.
11-боб шаҳзода Бадиуззамон Баҳодир мадҳига бағишланган. Навоий уни “Бадиу-д-даҳру Дорои замон” деб атаб, унинг исмини китобот (ҳарф) санъати асосида шарҳлаб ўтади. Шаҳзоданинг исми 10 ҳарфдан иборат бўлиб, Навоий унинг ҳар бир ҳарфига алоҳида маъно юклайди:
“ﺏ” – “бе” эҳсонда бирлик, ягоналикнинг далилидир, “ﺪ” – “дол” давлатдан нишона бўлиб, дину диёнат ундан иқбол топади. “ﻯ” – “йо” ҳарфи йумн (бахт, омад)дан дарак бериб, унинг қадами билан замона тинчийди. Тўртинчи ҳарф “ﻉ” – “айн” бўлиб, адолатдан олингандир. “ﺍ” – “алиф” ҳарфи ўз шакли билан унинг тўғрилиги, ростгўйлигини билдиради. “ﻝ” – “лом” ҳарфи лутфдан воқиф этиб, латофат гулшанидан баҳраманд этади. “ﺯ” – “зе” ҳарфи абжад ҳисобига кўра 7 рақамини англатади, бу Аллоҳ унга 7 иқлимни насиб айлашига ишорадир. “ﻢ” – “мим” ҳарфи миллат кироми, мусулмонлик низоми ундан эканлигини англатади. “ﺍ” – “алиф” ҳарфи   Аллоҳ унинг ёри эканлигига далолат бўлса, сўнгги ҳарф “ﻦ”– “нун” наср (мадад) Аллоҳдандир деган маънони билдиради.
Навоий юқорида достонни яратишдан мақсад “ишқ, яъни илоҳий ишқ дардини куйлаш” эканлигини айтиб ўтган эди:

Бу рангин саҳфа билким, дард боғи,
Аён ҳар лоласида ишқ доғи.

Бундан маълум бўладики, достондан бош мақсад илоҳий ишқ дардига мубтало бўлган солик (тариқат йўлига кирган ошиқ)нинг саргузаштларини тасвирлашдан иборатдир.
Достоннинг асосий қисми 12-бобдан бошланади.  Воқеалар Чин хоқонининг фарзандсизлиги ва унинг изтироблари тасвири билан ибтидо топади. Ниҳоят унинг илтижолари қабул бўлиб, Тангри унга бир ўғил инъом этади. Навоий гўдакнинг туғилишидан тортиб улғайишигача бўлган ҳар бир жараённи алоҳида тасвирлайди, ҳатто гўдакка қўйилган исмга ҳам алоҳида маъно юклайди:

Анга фарзона Фарҳод исм қўйди,
Ҳуруфи маъхазин беш қисм қўйди.
Фироқу рашку ҳажру оҳ ила дард,
Бирор ҳарф ибтидодин айлабон фард.

Фарҳод болалигидан фавқулодда хислатлари билан атрофдагиларни ҳайратга солади. Ўн яшарлигида:

Жаҳонда қолмади ул етмаган илм,
Билиб таҳқиқини касб этмаган илм

даражасига эришади. Асарда Фарҳод ҳам чексиз жисмоний қудрат, беназир истеъдод эгаси, ҳам юксак фазилатлар соҳиби сифатида тасвирланади.
Фарҳод ёши улғайгани сари ҳазин ва хастадил бўлиб бўлиб боради.  Хоқон Фарҳоднинг кўнглини очиш, ҳазин кайфиятини кўтариш учун йилнинг тўрт фаслига мослаб тўрт қаср қурдиради. Шу аснода Фарҳод Қорандан тош йўниш, Бонийдан меъморлик, Монийдан наққошлик сирларини ўрганади. Лекин у эгаллаган билимлар, ўрганган ҳунарлар зоҳирий (дунёвий) билимлар бўлиб, илоҳий сиру асрорни очишга кифоя қилмайди. Энди у пири комил таълимини олиши керак эди.
Фарҳоддаги ҳазинликнинг тарқамаганини кўрган хоқон унга тахтни таклиф қилади ва шу билан гўёки ўғлининг дардига даво топмоқчи бўлади. Аслида эса Фарҳоддаги бу ҳолат заминий, дунёвий бўлмай, илоҳий ишқнинг нишонаси эди. Шу ўринда Навоий илоҳий ишқ дардида ёнган инсон билан бундай  саодатдан маҳрум фоний дунё кишилари орасидаги фарқни кўрсатиб беради. Фарҳод отасининг тахтни эгаллаш ҳақидаги таклифини салтанат ишларини ўрганиш, тажриба орттиришга ижозат сўраш билан ортга суради ва хоқон хазинасидаги беҳисоб бойликлар билан таниша бошлайди. Натижада яширин парда ортидаги хонада сақланаётган сирли сандиқ ва ундаги тилсимли кўзгуни кўриб қолади. Фарҳод ушбу кўзгунинг сеҳрини очолмай, Юнонистон сафарига, Суқрот ҳузурига   отланади.
Суқротнинг ҳузурига бориш йўлини унга Суҳайло исмли ҳаким (донишманд) ўргатади. Н.Комиловнинг “Тасаввуф” номли китобида ёзилишича, Суҳайло Фарҳоднинг тариқат йўлидаги биринчи пири. У Фарҳод енгиб ўтиши керак бўлган тўсиқлар: аждарҳо ва девдан хабар беради. Тасаввуфда аждарҳо – нафс тимсоли, дев – салтанат тимсоли ҳисобланади. Суҳайло Фарҳодга аждарҳони енгиш учун самандарнинг ёғини беради. Самандар – олов ичида яшайдиган жонивор. У – ишқ рамзи. Фарҳод баданига самандар ёғини сурганда, аждарҳонинг ўти унга кор қилмайди, яъни ишқ оташи нафс ўтини сўндиради. Шунингдек, Фарҳодга кейинги манзилларда учрайдиган шер ва темир пайкарнинг ҳам рамзий маъноси бор. Шер – ғазаб тимсоли, илоҳий ишқ йўлига кираётган соликда эса ғазаб бўлмаслиги керак. Темир пайкар – рўё, ёлғон дунё рамзи. Солик дунё мўъжизаларига чалғимаслиги, уларга кўнгил қўймаслиги керак. Фарҳод темир пайкарни ҳам енгиб, ниҳоят Суқрот даргоҳига кириб боради.
Аслида Суқрот тимсолининг асар таркибига киритилиши тасодифий бўлмай, бош мақсадни очиб бериш йўлидаги муҳим воситадир. Н.Комиловнинг ёзишича, Суқрот пири комил тимсоли бўлиб, усиз Фарҳоднинг ўз мақсадига эришиши мумкин эмас эди. Навоий Суқротни қуёш каби порлоқ сиймо, жисми пок руҳ каби, шахси ақлнинг ҳайкали деб таърифлайди. У камолот чўққисини эгаллаган комил инсон, ўзи бир жойда ўтирса ҳам, руҳи бутун дунёни кезиб чиқади. Жамшид жоми, Искандар кўзгуси ҳам унинг кўнгил кўзгуси олдида хира. У Фарҳод билан яккама-якка суҳбатлашиб, уни ўз фарзандидай эъзозлайди. Чунки бу йигит сиймосида у ўз сулук (йўл)ининг давомини кўрган эди. У Фарҳодга шундай дейди:

Муни билким, жаҳон фонийдур асру,
Ҳақиқат аҳли зиндонийдур асру.
Агар топса Сикандар мулки зотинг,
Гар ўлса Нуҳ умрича ҳаётинг.

Бу байтда Навоий Суқрот тилидан тасаввуфнинг муҳим ғоясини баён этади. Яъни бу дунё ўткинчи, фонийдур, шу сабабли унга кўнгил боғлаш тўғри эмас.
Чу маҳбуби ҳақиқий улдурур ул,
Анинг васли сори қатъ айламак йўл...
Бу йўл ичраки беҳад дарду ғамдур,
Узоқ тортар, вале икки қадамдур.
Ким ул икки қадамнинг қатъи минг йил,
Киши урса қадам мумкин эмас бил.
Бири ўзлукни қилмоқ бўлди фоний,
Яна бир доғи топмоқ бўлди они

Ҳаққа етишиш йўли икки қадам масофадек гап, лекин бу икки қадамни босиб ўтиш учун минг йиллик машаққат сарфланиши керак. Бу икки қадамнинг бири ўзликдан воз кечиш, иккинчиси ўзликни топиш, яъни ўзликдан воз кечмай туриб, чин илоҳий ўзликни топиш мумкин эмас.
Инсон ўзликдан қутулмай, Илоҳга етолмас экан, демак, уни тезлаштирувчи чора – восита керак. Достонда мажозий ишқ тонг ёруғига, ҳақиқий ишқ қуёшга ўхшатилади:

Бу ўзлукдин қутулмоқ чорасози,
Нима йўқ, ўйлаким ишқи мажозий...
Мажозий ишқ бўлди субҳи анвар,
Ҳақиқий ишқ анга хуршиди ховар.

Фарҳод шу тариқа Суқрот ҳузурига борар йўлда  тариқат мақомларини босиб ўтади, пири комил суҳбатидан баҳраманд бўлиб, илоҳий ишқнинг моҳиятини англай бошлайди. Чин мамлакатига қайтиб бориб, кўзгуда энди нафақат Ширинни, балки ўзини ва ўзи келгусида бошдан кечириши керак бўлган воқеаларни кўра бошлайди. Чунки кўзгу бу ўринда комил инсон Суқротнинг қалбидир. 
Достонда илоҳий ишқдан бебаҳра фоний дунё кишиларидан бири Хусравдир. Муаллиф бу икки қаҳрамоннинг мунозарасини тасвирлар экан, икки хил ишқ – авом ишқи ва илоҳий ишқ ўртасидаги тафовутни кўрсатиб беради. Жами 25 байтдан иборат бу мунозарада деярли ҳар бир байтда муайян бадиий санъатнинг етакчилик қилишини кузатиш мумкин. Хусусан,

Дедиким: ишқ ўтидин де фасона!
Деди: куймай киши топмас нишона.

байтида “ўт” ва “куймоқ” сўзлари асосида таносуб санъати ясалганлигини кўрсак, кейинги байтда “а” унлисининг такрорланиши асосида вужудга келган ассонанс бадиий воситасини қўлланилганлигини кўрамиз.
Дедиким: куймагингни айла маълум,
Деди: андин эрур жоҳ аҳли маҳрум…

Хусрав савол-жавобда ҳам, жисмоний ҳаракатларда ҳам Фарҳодни енга олмайди, чунки дунёвий куч илоҳий қудратни енгиши мумкин эмас эди. Шунда у маккорлик йўлига ўтади: ёсуман кампир воситасида Фарҳоднинг ўлимига эришади.
Навоий тилидан Фарҳоднинг ўлими муносабати билан айтилган

Вужудин ўртаб ул сўзу гудози
Ҳақиқатқа бадал бўлди мажози

деган иқрорини Аллоҳ жамолига етишган ишқ аҳли ҳақидаги маънавий хулоса дейиш мумкин. Қуйидаги мисраларда шоир фикрини янада кучайтирганлигини, Фарҳод тимсолида илгари сурилган қарашларини ойдинлаштирганини кўриш мумкин:

Бақо шаҳрида султонлиққа етти,
Ҳақиқат мулкида хонлиққа етти.

Достон хотимаси икки боб (53-54) дан иборат бўлиб, 53-боб Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли шаҳзода Абулфаворис Шоҳғариб Мирзо мадҳи ва унга бағишланган бир неча насиҳатни ўз ичига олади. Навоий Шоҳғариб Мирзога камолотга эришиш йўллари ҳақида гапирар экан, шаҳзодага Искандар Зулқарнайн, Мирзо Улуғбек каби ҳукмдорларни ибрат қилиб кўрсатади. Энг муҳим илмлар сифатида фиқҳ, ҳадис ва тафсирни эгаллаш зарурлигини уқтиради, шунингдек тиббиёт ва ҳикмат илмини ҳам ўрганишни тавсия этади:

Шаҳ улдурким шиори илми диндур,
Нединким илми дин илм ул-яқиндур...
Бу дин илмики хомам қилди таҳрир,
Эрур фиқҳу ҳадису сўнгра тафсир...
Валекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб
Ки, сиҳҳатдур киши жисмида матлуб.

Якуний бобда Навоий Фарҳод тимсолини ўз замонасидаги барча шаҳзодаларга ибрат ҳамда ўрнак қилиб кўрсатади.
Фарҳод ва Ширин" ишқий саргузашт достонлар учун мўлжалланган ҳазажи мусаддаси маҳзуф вазни (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун фаувлун  V– – –   V– – –   V– –) да ёзилган.

Савол ва топшириқлар
1.    “Хамса”даги иккинчи достон Навоийгача қандай шаклда қайси манбаларда учрар эди?
2.    Навоий “Фарҳод ва Ширин”нинг кириш қисмида ишққа алоқадор ҳаяжонларни тасвирлар экан, қазони, ақлни ва ҳоказоларни достондаги қайси қаҳрамонларга қиёслайди? 
3.    Фарҳод қўлга киритиши керак бўлган: Жамшид жоми, Искандар кўзгуси ва бу йўлда унга тўсиқ бўлган аждаҳо, шер, темир пайкар қандай маъноларни ифодалайди?
4.    Достондаги Суҳайло ҳаким ва Суқрот образлари Фарҳод фаолиятида қандай ўрин тутади?
5.    Достон хотимаси неча бобдан иборат ва унинг мазмуни нималарни ифодалайди?

Адабиётлар:
1.    Навоий Алишер. Фарҳод ва Ширин. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1991, 8-жилд.
2.    Navoiy Alisher. Farhod va Shirin. – T.: G’.G’ulom nomidagi NMIU, 2006.
3.    Навоий Алишер. Фарҳод ва Ширин (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. –  Т.: Адабиёт ва санъат, 1989.- 246 б.
4.    Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Movarounnahr – O’zbekiston NMIU, 2009.
5.    Эркинов С. Навоий “Фарҳод ва Ширин”и ва унинг қиёсий таҳлили. – Т.: Фан, 1971.
6.    Эркинов С. Шарқ адабиётида Фарҳод қиссаси. – Тошкент: Фан, 1985.
7.    Қаюмов А. “Фарҳод ва Ширин” сирлари. Т.: 1979.
8.    Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1979.
9.    Юсупова Д. Алишер Навоий “Хамса”сида мазмун ва ритмнинг бадиий уйғунлиги. – Тошкент: МУМТОЗ СЎЗ, 2011.




“Лайли ва Мажнун” достонининг ғоявий-бадиий    хусусиятлари

РЕЖА:
1.    Достоннинг яратилиш тарихи.
2.    Достоннинг таркибий тузилиши.
3.    Мажнун –  мажзуби солик тимсоли, Лайли – илоҳий мазҳар.
4.    Достон бадиияти.

Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари адабиётида “Лайли ва Мажнун” мавзусидай кенг тарқалган бошқа бир ишқ қиссасини топиш қийин. Мана ўн уч асрдирки, ушбу мавзуда адабиёт оламида шеър ва достонлар битилиб келади. Ушбу қиссанинг келиб чиқиш манбаи қадим араблар ҳаёти билан боғлиқ воқеаларга бориб тақалади. Айрим араб манбаларининг маълумот беришича, Мажнун тарихий шахс бўлиб, Шимолий Арабистондаги Бани Омир  қабиласига мансуб бўлган. Унинг исми манбаларда Қайс ибн Мулавваҳ, Маҳдий ибн Муод, ал-Ақра ва баъзан ал-Буҳтурий ибн ал-Жаъд тарзида келтирилади. Мажнун ўз қабиласидан Лайли исмли қизни севиб, унга бағишлаб ажойиб шеърлар тўқиган. Унинг шеърлари қабиладошлари ва бошқа қабила кишилари орасида кенг тарқалганлиги ҳақида Ибн Қутайбанинг “Китобу-ш-шеър ва-ш-шуаро” асарида маълумотлар келтирилади. Лекин шу билан бирга айрим тарихчилар Мажнун тарихий шахс эмас, унинг номи мажозий, мавжуд шеърлар ўз амакисининг қизини севиб қолган умавий бир йигитнинг шеърлари, у шеърларида Мажнун тахаллусини қўллаган деб айтадилар. Ҳар ҳолда нима бўлганда ҳам VII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб араб шеъриятида Мажнун тахаллуси билан ишқ мавзусида ёзилган ғамгин шеърлар пайдо бўлган.
Бадиий адабиётда бу қисса достон шаклида илк бор Низомий Ганжавий томонидан вужудга келди. Кейинчалик форсий тилда Амир Хусрав Деҳлавий, Ашраф Мароғий, Абдураҳмон Жомий, Амир Шайхим Суҳайлий, туркий тилда Гулшаҳрий, Ошиқ Пошшо, Шаҳидий, Фузулий каби шоирлар бу достонга жавоб ёздилар.
Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони 38 боб, 3623 байтдан иборат. Шундан муқаддима 9 бобни ўз ичига олади. Достон анъанавий ҳамд –  Аллоҳнинг мадҳи билан бошланади. Унда шоир оламнинг яратилиши, тун, кун, ой, қуёш, юлдузларнинг, йил фасллари ва улардаги табиатнинг ўзига хос жилолари, инсоннинг табиат ичида яратилиши, йўқдан бор, бордан йўқ бўлиши – буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг беқиёс қудрати ва улуғлигининг ифодаси эканини таъкидлаб, унга ҳамду санолар ўқийди. Навоий бобда ғоят усталик билан Аллоҳнинг ердаги тажаллиси тасвирини ушбу ёзилаётган достони ғояси билан боғлиқ ҳолда баён қилади. Яратувчининг ҳар ердаги тажаллиси жаҳонда Лайли бўлиб кўринади, жилва қилади, унинг бу хусусияти эса яратилганларни Мажнун қилишдан иборатдир:

Эй ҳар сориким, қилиб тажалли,
Ул мазҳар ўлуб жаҳонда Лайли.
Эй оники Лайли айлаб отин,
Мажнун қилмоқ қилиб сифотин.

Иккинчи боб Муножотни ўз ичига олади. Мазкур бобда Навоий Аллоҳга мурожаат қилиб, уни борлиқни яратган ягона ва олий зот деб деб атайди ва ўз гуноҳларини, хатоларини кечиришни илтижо қилади. Шоир достонни ёзишга киришар экан, Худодан ўзига мадад ва кўмак сўрайди:

Ё Раб, эшигингда ул гадомен,
Ким, боштин аёққача хатомен.
Мушкум бу хатода бўлди кофур,
Кофур ила мушкум ўлди бенур...
Боқ дарду малолатимға, ё Раб,
Раҳм айла бу ҳолатимға, ё Раб...
Шукрунгға тилимни қойил айла,
Саждангга бошимни мойил айла...
Бўл роҳнамун манго ул ишга,
Ким, бўлса санга ризо ул ишга...

Достоннинг 3-боби Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) мадҳига бағишланган. Бу бобда Навоий Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)ни рисолат сипеҳри (пайғабарлик осмони)нинг қуёши деб атаб, Одам Атони унинг дарахтидаги мевага ўхшатади.  Китобот санъати воситасида пайғамбарлик муҳри – ҳотамнинг “ﺍ” –  “алиф” ва “ﺖ” – “те”сида унинг оти яширинганини айтади:

Ул муҳри хутути васфи зотинг,
Хотам “алиф”ию “те”си отинг.

Навоий наътни Пайғамбар ва унинг оиласига юз минг салавоту васфлар айтиш билан якунлайди.
4-боб Меърож туни таърифига бағишланган. Навоий меърож тунини таърифлар экан, бу туннинг рангини тоза мушк рангига ўхшатиб, унинг ҳар бир юлдузига қуёш рашк этади деб ёзади:

Ким ранги эди чу мушки ноби,
Ҳар юлдузи рашки офтоби.

Навоий Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг Буроқ отига миниб кўкка кўтарилишини ташхис санъати воситасида баён қилар экан, сайёралар, юлдузлар, ўн икки буржларнинг номларинигина эмас, уларнинг хусусиятларини ҳам кўзда тутиб, Меърож тунининг мўъжизавий ҳолатини тасвирлайди. Шоирнинг ёзишича, пайғамбар Оллоҳнинг ҳузурига ой бўлиб бориб, қуёш бўлиб қайтди, гавҳар бўлиб бориб, Уммон денгизига айланиб келди:

Ой бордию келди меҳри рахшон,
Дур бордию келди баҳри Уммон.

Достоннинг 5-боби сўз таърифи, Низомий Ганжавий ва Амир Хусрав Деҳлавий мадҳини ўз ичига олади. Навоий дастлаб сўзга таъриф берар экан, уни энг ажойиб гавҳар, мавж урган денгизга ўхшатади:

Эй сўз, не бало ажаб гуҳарсен,
Гавҳар неки, баҳру мавжварсен...
Айтиб совумас тарона сен сен,
Олиб қурумас хизона сен сен.

Низомий Ганжавий мадҳида талмеҳ санъатининг етакчилик қилишини кузатиш мумкин. У фазилатда Турдаги Мусо, қаноатда Қофдаги Анқога ўхшатилади:
Ҳам Тури фазилат узра Мусо,
Ҳам Қофи қаноат узра Анқо.

У Ганжада ганж (хазина)дек яшириниб, беш ганж (“Хамса”)ни нишон қилиб кетди:
Ул Ганжада ганждек ниҳони,
Беш ганж қўйуб вале нишони.

Бобда Деҳлавий соҳири Ҳинд (ҳинд сеҳргари) таърифи остида келтирилиб, у яратган асарлар фитнагарликда Кашмир ўлкасидек бўлди дейилади:
Кўргач бу тилисм соҳири Ҳинд,
Жодулиғ ишида моҳири Ҳинд...
Ҳар сафҳаи назми гоҳи таҳрир,
Фитна аро бир саводи Кашмир.

6-боб Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий мадҳидадир. Навоий Жомий исмидаги “нур” сўзига алоҳида урғу бериб, унинг оти ҳам, зоти ҳам “нуру-н-ало нур”дир дейди:

Сочиб лақаби жаҳон аро нур,
Зоти била нурун ало-нур.

Навоий бу ўринда Жомий ҳали тўлалагича “Хамса” яратмаган бўлса-да (Жомий бешлиги 1481-85 йилларда яратилган, бу вақтга келиб, Жомий бешлигидаги фақат 3 достон ёзиб тугалланган эди), лекин ўзининг беш хазинаси, яъни “Силсилату-з-заҳаб”, “Туҳфату-л-аҳрор”, “Субҳату-л-аброр”, “Аҳсану-л-қисас” (“Юсуф ва Зулайҳо”) достонлари  ва “Девон”и билан беш хазинага муносиб жавоб айтганлигини таъкидлайди.
Достоннинг 7-боби замона ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган. Навоий Ҳусайн Бойқарони шариатнинг ҳимоячиси, адолатпарвар, саховатпеша, бунёдкор шоҳ, фиқҳ илмида Абу Ҳанифа сингари юксак даражага эга шахс сифатида мадҳ қилади. Шоирнинг ёзишича, у  қиличи билан шерни маҳв этишдек қудратга эга бўлса-да, чумолига шикаст етса кўз ёшини тиёлмайдиган, шоҳлар орасидаги ўрни фалак юксаклигида бўлгани ҳолда дарвешлар олдида тупроқдек хокисор подшоҳдир:

Шер узра қиличи барқ чоқиб,
Мўр ўлса шикаста ёши оқиб.
Дарвеш десам улус уза шоҳ,
Шоҳи дарвеш боракаллоҳ.

8-боб шаҳзода Бадиуззамон таърифидадир. Навоий шаҳзоданинг исми “замонасининг гўзали, нодири” эканлигига ишора қилиб, шундай ёзади:

Гар оти ўлуб замон бадии,
Зоти келиб инсу жон бадии.
Аллоҳ, Аллоҳ, не от эрур бу,
Не поку хужаста зот эрур бу.

Бобда Бадиуззамоннинг адолати, саховати билан бирга қаҳрига ҳам алоҳида таъриф берилади:

Адли ёрутуб жаҳонни жовид,
Ул адл бошида айни хуршед.
Чун қаҳри шарори кўкка рожиъ
Ул шин уза нуқта Насри Воқиъ.

Достоннинг 9-боби  тун таърифига бағишланган. Боб муайян маънода муқаддима билан асоси    й қисмни боғловчи кўприк воситасини ўтайди. Бобда шоирнинг қоронғи тунда хаёл отига миниб, сайрга чиқиш тасвири берилган. Ишқ водийсига етганда от оқсоқланиб, йўлда давом этолмай қолади. Ёмғир, бўрон аралаш момақалдироқ гулдураб, чақин чақади. Чақин ёруғида шоир саксовулдай тахланиб ётган инсон суяклари, ваҳший ҳайвонларни кўради. Н.Комиловнинг “Тасаввуф” китобида ёзилишича, бу тасвирларнинг ҳаммасида муайян рамз бор. Бу тун ҳажр туни, бу водий эса ишқ водийси, ваҳший ҳайвонлар ошиққа хуруж этган бало-офатлар, суяклар ишқ қурбонларидан нишона. Ўз асли, Илоҳдан ажралган мусофир, ғариб руҳ Мажнун шу водийда якка ўзи бошини эгиб ўтирибди. Шу ўринда иккита ташбеҳ қўлланилганлигини кўрамиз. Қоронғи тунда бирин-кетин чақмоқ чақиб, унинг ёруғида қабилалар кўзга ташланади, шунда шоир тунни Лайлининг сочига, чақмоқни эса Лайли юзининг очилишига ўхшатади:

Андоқки қилиб карашма майли,
Зулф ичра жамолин очса Лайли.

Лайли юзи бу ўринда илоҳий нур манбаи, узун сочлари – моддий дунё, фироқ тузоқлари, (“Лайли” сўзининг ўзи ҳам тун маъносини билдиради), ана шу нур манбаининг чақмоқлари Мажнун қалби ва вужудидан жой олган. Иккинчи ташбеҳ: Навоий ишқ водийсида “нори айман” (шохлари шуълаланиб турган дарахт)ни кўради. Қисса бошланиб, Лайли ва Мажнуннинг биринчи учрашуви тасвирланганда шоир шу ташбеҳни такрорлаб, Мажнунни худди шу шуълали дарахт қиёфасида чизади, яъни Лайли юзининг шуъласидан Мажнун қалби алангаланиб кетади. “Нори айман” аслида Қуръондаги Мусо ҳикоясига ишорадир. Мусо алайҳиссалом Аллоҳга юзингни кўрсат деб илтижо қилганларида, Аллоҳ бир учқунни Тур тоғи томон  йўналтиради. Тур тоғи парчаланиб, қум ҳолига келади, Айман водийси эса ёришиб кетиб, ундаги дарахтлар машъаладай порлайди. Аллоҳ ишқи мана шундай қудратга эга.
10- бобдан достоннинг асосий қисми бошланади. Бани Омир қабиласида узоқ кутилган фарзанд Қайс дунёга келади. Қайснинг туғилиши, ўсиши тасвирида ҳам илоҳий тақдир сезилиб туради. Туғилгандан ишқ олови билан йўғрилган Қайс ўтга талпинади:

Ўт кўрсаки майл этиб ниҳоний,
Ишқ ўти тасаввур айлаб они.

Уни 4-5 ёшларида Лайли қабиласига ўқишга берадилар. Баҳор кунларининг бирида Лайли билан боғ сайрида учрашиб қолган Қайс уни кўриб ҳушини йўқотади. Навоий бу ўринда Лайлининг ҳусни гулзорни чароғон қилиб юборди ва гулзордаги бир ниҳол (Қайс)ни хазон этди деб ёзади:

Шод ўлди жамолидин дабистон,
Андоқки баҳордин гулистон.
Лекин бу баҳори зиндагоний,
Бир нахлни айлади хазоний.

Тасаввуф таълимотига кўра, гулистон дарвешнинг руҳияти, уни Ҳақ ишқи эгаллаб олади ва у бетоқатланиб, ҳушини йўқотади. Шу тарзда мажзуби солик (Ҳақдан жазба етган, устози ҳам, пири ҳам Ишқ бўлган, мақомларни эгалламасдан туриб, ҳол мартабасига эришган ошиқ)нинг саргузаштлари бошланади. Қайс шу тариқа Лайлини ҳар кўрганида  ҳушидан кетади. Халқ орасида “Мажнун” лақаби билан овоза бўлади:

"Лайли, Лайли!" – дебон чекиб ун,
Эл деб, "Мажнундур, ушбу мажнун!"

Мажнуннинг ота-онаси уни Лайлига уйлантириш учун совчи  юборадилар. Лекин Лайлининг отаси қизини ақл-ҳушдан бегона бир “девона”га беришдан ор қилади ва Мажнуннинг Лайли қабиласига келишини таъқиқлаб қўяди. Мажнуннинг отаси қабиладошлари билан маслаҳатлашиб, Қайсни занжирбанд қилади. Лекин ишқ оташи таъсиридан занжир узилиб, Мажнун уйидан чиқиб кетади. У бедард қабиладошларини ҳам, яқинларини ҳам, умуман жамиятни унутиш даражасига боради, зеро бу ҳолат ҳақиқий ошиқ учун хос хусусиятдир:

Ўз отию қавму хайли оти
Йўқ ёдида, ғайри Лайли оти.

Тасаввуфда бу ҳолат “тафрид” (ёлғизланиш) деб атади. Ошиқ шундай бир ҳол мартабасини эгаллайдики, яқинларидан, умуман инсонлардан безор бўлади; яккаликни, ёлғизликни қўмсайди. Ёлғизланиш дилнинг Ҳаққа юзланиши учун имкон яратади.
Қайснинг отаси ўғлининг дардига шифо бўлади деган умидда ҳаж муносабати билан Каъба зиёратига олиб боради. Қариндошлар Қайс Каъбани тавоф этса, аҳволи яхшиланади деб умид қиладилар. Лекин Мажнун Аллоҳга муножот қилиб, Лайли ишқини кўнглига мустаҳкамроқ жо этишини сўрайди. Мазкур лавҳа достоннинг энг таъсирчан ўринларидан бири бўлиб, қирқ уч байтдан иборат.  Бу ўзига хос “муножотнома”да йигирма тўрт ўринда “ишқ” сўзидан фойдаланилган. Бу тасодифий эмас, албатта. Навоий ушбу сўзни турли поэтик унсурлар ва ритмик воситалар билан уйғунликда қўллаб, ритмик оҳангнинг турли-туман жилваланишларига эришади.
Дастлаб ишқ ўти билан жаҳонни ёндирган “ҳакими доно”га сокин мурожаат билан бошланган мазкур муножот аста-секин тантанавор оҳанг касб эта боради ва бунда “ишқ” сўзининг ритмик зарб (мантиқий урғу асосига қурилган, ижодкор айтмоқчи бўлган фикр ёки ифодаламоқчи бўлган кучли ҳис-туйғуни ўзида акс эттирувчи ритмик бирлик) даражасига кўтарилганлиги муҳим омил бўлиб хизмат қилади:

Чек айнима ишқ тўтиёсин,
Ур қалбима ишқ кимиёсин!
Мазкур байтда “ишқ” сўзи ҳожиб вазифасида келган бўлиб, байт мисраларидаги ҳар бир сўзнинг  ўзаро тенг устунлар асосида жойлашиши ва бунинг натижасида муайян ритмик паузанинг қўлланилганлиги оҳангнинг жозибадорлигини таъминлаган.
Кейинги байтда “ишқ” сўзи “эт” кўмакчи феъли билан бирикиб, радиф вазифасида келган ва энди ритмик зарб радиф билан бирлик касб этган:

Кўнглумга фазо ҳарими ишқ  эт,
Жонимға ғизо насими ишқ эт!

Мажнун ўз муножотида ишқни шу тариқа улуғлар экан, ундан ишқ ва Лайлини унутишни сўраган кишиларга нисбатан ачиниш ҳисларини намоён қилади ва ҳатто тангридан уларни афв этишини сўрайди:

Аллоҳ-аллоҳ, бу не сўз ўлғай,
Ул қавмға тенгри узр қўлғай.

“Тасаввуф” китобида келтирилишича, Каъба зиёрати лавҳаси, тасаввуф аҳлининг ҳар қандай суратлар, тимсолларга сиғинишни инкор этишларига ишорадир. Яъни, Илоҳнинг ўзига ошиқ бўлган, фақат Уни деб ёнган кишига бу ишлар ортиқчадир.
Мажнуннинг отаси ўғлини уйга қайтариб олиб келади ва у яна саҳрога чиқиб кетади. Саҳрода у овга чиққан лашкарбоши Навфални кўриб қолади. Навфал ҳам бир вақтлар ишқ дардига учрагани учун Мажнуннинг қалбини тушунади, унга раҳми келади:

Навфал дағи ишқ кўрган эди,
Ғам дашти аро югурган эрди.

Навфал ишқ дардидан хабардор бўлса-да, лекин Мажнун даражасига кўтарила олмаган, унинг сулукдаги мақоми маълум бир босқичга етгандан кейин тўхтаб қолганлигини кўрамиз. Шу сабабли у Мажнунни Лайлига уйлантириш билан унинг дардига малҳам топиш мумкин деб ўйлайли ва Лайлига совчи юборади. Лекин Лайлининг отаси рози бўлмагач, уруш очади. Лайлининг отаси урушда енгилишини сезиб, қизини ўлдиришга қасд қилади. Бу ҳолат Мажнунга туш орқали аён бўлгач, Навфалдан урушни тўхташини сўрайди. Навфал Мажнун учун яна бир чора воситаси сифатида ўз қизини Мажнунга беришга қарор қилади. Лайлини эса Бани Асад қабиласининг бошлиғи Ибн Саломга унаштирадилар. Навфалнинг қизи бошқа инсонни севишини айтиб, Мажнунга ака-сингил бўлишни таклиф қилади. Ибн Саломнинг эса қуянчиқ (тутқаноқ) касали қўзғаб, беҳуш йиқилади. Лайли ва Мажнун ишқ даштида учрашадилар.
Лайли бу дунёдан кетиш фурсати яқинлашганини сезиб, онасига Мажнун келса, уни ҳузурига киритишларини васият қилади. Мажнун Лайлининг бу дунёдан кетаётганини илоҳий бир куч билан сезиб, унинг қабиласи томон келади:
Юз урди қабила сори холи,
Оғзида тараннуми висоли.

Шу тариқа умр бўйи бир-бирининг ишқида куйган, висолига интилганлар Руҳи мутлақ томон равона бўладилар.
Достон Хотимаси уч боб (36-38)ни ўз ичига олади. 36-боб "Ишқ таърифи”га бағишланган бўлиб, бунда Навоий ишқни кимёга ва оламни кўрсатувчи кўзгуга ўхшатади:

Эй, ишқ, ғариб кимиёсен,
Бал ойинайи жаҳоннамосен.

Ривоятларга кўра, қадимда кимёгарлар мис ва бошқа маъданларни юқори ҳарорат таъсирида олтинга айлантириш мумкин деб ҳисоблаганлар. Навоий бу ўринда шу афсонага ишора қилиб, одам аслида тупроқдан яралган, аммо ишқ оловининг “кимё”лиги уни олтинга айлантиради, яъни ишқ инсон вужудини турли хил чиқиндилар: жисмоний талаблар ва нафсоний истаклардан поклайдиган оташдир деган фикрни келтиради:

Чун холису поку беғаш ўлди,
Олтин неки кимиёваш ўлди.

Покланиш, яъни “кимё”ланиш ишқи мажозий бўлиб, ундан “олтин”га айланиб чиққан ошиқ энди ўзлигидан қутулади ва қаёққа қараса, ҳақиқий Ёр(Ҳақ)ни кўради:

Чун боққали ихтиёр топти,
Ҳар сорики боқти ёр топти.
Ҳам нақши вужудин этти фони
Ҳам топти бақойи жовидони.

Бу эса қалбнинг кўзгуга, яъни “ойинаи жаҳоннамо”га айланиши, бошқача        айтганда ишқи ҳақиқийга молик бўлишдир.
Достоннинг 37-боби Султон Ҳусайн Бойқаро акасининг ўғли шаҳзода Султон Увайс баҳодир мадҳига бағишланган. Навоий шаҳзодани таърифу тавсиф қилиш асносида ғоят усталик билан унга шариат, адлу ҳиммат бобида насиҳатлар ҳам қилади ва замона султони Ҳусайн Бойқарони унга ибрат қилиб кўрсатади. 
Достоннинг сўнгги боби “дард навҳаси” (йиғиси)нинг якуни ҳақида бўлиб, шоир бунда достонни тугаллагани учун Аллоҳга шукрона келтиради. Навоийнинг достон моҳияти ҳақида айтган энг муҳим фикрлари айнан шу бобда тажассум топган:

Сўгин нечаким узоттим охир,
Йиғлай-йиғлай тугаттим охир...
Ёзмоқта бу ишқи жовидона,
Мақсудум эмас эди фасона.
Мазмуниға бўлди руҳ майли,
Афсона эди анинг туфайли...
Мен туркча бошлабон ривоят,
Қилдим бу фасонани ҳикоят.
Ким, шуҳрати чун жаҳонға тўлғай,
Турк элига доғи баҳра бўлғай...

“Лайли ва Мажнун” достонидан келиб чиқадиган хулоса шуки, бу дунёда яшовчи ҳар бир инсон ошиқлик йўлини тутиб, ўзини ўлимга эмас, балки васл майини ичишга тайёрлаши керак, зеро бу дунёнинг бирдан-бир мазмуни ҳам шу. Руҳи мутлақни тасаввур қилишда инсон ақли ва онги ожизлик қилади, шу сабабли Навоий уни мазҳар – Лайли тимсолида яратади.
Достон ҳазаж баҳрининг ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузи маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: мафъулу  мафоилун  фаувлун ) вазнида ёзилган. Лекин достонда мазкур вазн билан бирга қўшимча тарзда ҳазажи мусаддаси ахрами аштари маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: мафъулун  фоилун  фаувлун) вазнининг ҳам қўлланилганлигини кузатиш мумкин. Бу ҳолат тасодифий бўлмай, достон мазмуни ва ғояси билан чамбарчас боғлиқ. Достондаги 3623 байтдан 240 мисра айнан мана шу ритмик вариация (бир вазннинг ички имкониятлар асосида янги вариантларга эга бўлиши)да яратилган бўлиб, достондаги зиддиятли воқеалар, асар қаҳрамонларининг чуқур руҳий  изтироблари тасвири, қаҳрамонлар руҳиятининг табиат тасвири билан боғлиқ баёни, қаҳрамонлар ҳайрати акс этган мисралар, лирик чекиниш пайтида мазкур вариацияга мурожаат қилинганлигини кўрамиз.


Савол ва топшириқлар
1.    Нима деб ўйлайсиз: нега Лайли ва Мажнун мавзусидаги достонлар Мусулмон Шарқи адабиётида бунчалик кенг тарқалган?
2.    Бадиий адабиётда Лайли ва Мажнун мавзусидаги қисса достон шаклида биринчи марта ким томонидан яратилди?
3.    Навоий “Лайли ва Мажнун” достони муқаддимасида қайси масалаларга тўхталган?
4.    Достон моҳиятан қандай  ишқни улуғлайди?
5.    Мажнун ва Фарҳод севгисининг муштарак ва фарқли жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз?
6.    Навоий талқин қилган “мажзуби солик” ва “солики мажзуб” йўлларининг мазкур “Лайли ва Мажнун” ҳамда “Фарҳод ва Ширин” достонларига алоқадорлик жиҳати борми?
7.    Достон  вазнида қўлланган ритмик вариациялар ҳақида фикр юритинг.

Адабиётлар:
1.    Навоий Алишер. Лайли ва Мажнун. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик.  – Т.: Фан, 1992. 9-жилд.
2.    Navoiy Alisher. Layli va Majnun. – T.: G’.G’ulom nomidagi NMIU, 2006.
3.    Навоий Алишер. Лайли ва Мажнун  (насрий баён муаллифи В.Раҳмонов, Н.Норқулов). – Т.: Адабиёт ва санъат, 1990.
4.    Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Movarounnahr – O’zbekiston NMIU, 2009.
5.    Аҳмедов Т. Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони. – Т.: Фан, 1970.
6.    Назруллаева С. Тема “Лейли и Меджнун” в истории литературы народов Советского  Востока.  - Т.: Фан, 1983.
7.    Қаюмов А. Ишқ водийси чечаклари.  -  Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.
8.    Юсупова Д. Алишер Навоий “Хамса”сида мазмун ва ритмнинг бадиий уйғунлиги. – Тошкент: МУМТОЗ СЎЗ, 2011.




“Сабъаи сайёр” достонининг тузилиши, ҳикоятлар таҳлили
РЕЖА:
1.    “Сабъаи сайёр” достонининг таркибий тузилиши
2.    Баҳром ва Дилором тимсоллари.
3.    Етти қасрдаги етти мусофир ҳикоятлари.
4. Достоннинг бадиий хусусиятлари.

Алишер Навоий “Хамса”сининг тўртинчи достони “Сабъаи сайёр” деб аталиб, 1484 йилда ёзиб тугалланган. Асарнинг бош қаҳрамони  Баҳром  бўлиб, тарихий шахс сифатида Эроннинг сосоний ҳукмдори Варахран V (420 – 438 йилларда подшолик қилган) билан боғлиқ. Бу ҳукмдор қулон (ёввойи кийик)ни овлашга ниҳоятда ўч бўлганлиги учун халқ орасида Баҳром Гўр (қулон) лақаби билан шуҳрат топган. Шарқ мамлакатларида Марс (Миррих) юлдузи Баҳром деб аталиб, жанг-у жадаллар ҳомийси сифатида келади.
Баҳром тимсоли дастлаб форсий адабиётда Абулқосим Фирдавсий  “Шоҳнома”сида тасвирланган. “Шоҳнома”да Баҳром Гўр ҳақидаги воқеа достоннинг фақат бир фаслини ташкил этиб, унда Баҳромнинг туғилиши, тахтга чиқиши, мамлакатни идора қилиш тадбирлари, ов вақтида ўз канизаги Озода билан тўқнашувига доир воқеалар тасвирланган.
“Шоҳнома”даги Баҳром Гўр ва унинг канизаги орасидаги бу тўқнашув лавҳаси Низомий томонидан қайта ишланиб, машҳур “Ҳафт пайкар” достони вужудга келади. Низомий Баҳромнинг канизак билан боғлиқ ҳикоясини қолипловчи ҳикоя қилиб олиб, унга 7 ҳикоят киритади.
Низомий асаридан кейин 200 йил ўтгач, Хусрав Деҳлавий унга жавоб тарзида “Ҳашт беҳишт” достонини яратиб, 7 ҳикоятни ҳинд эпосидан олади.
Туркий тилда биринчи бўлиб бу мавзуни Алишер Навоий қаламга олади ва ўз достонини “Сабъаи сайёр” деб атайди. “Сабъаи сайёр” достони 38 боб, 5009 байтдан иборат бўлиб, шундан  11 бобни муқаддима ташкил қилади.
Достон муқаддимаси анъанавий ҳамд билан бошланади. Навоий Аллоҳни оламнинг яратувчиси сифатида мадҳ этар экан, достоннинг мазмуни тақозоси билан биринчи бобдаёқ етти рақамига алоҳида эътиборни қаратиб, илтизом (бир сўзни бирор парчанинг барча мисра ёки байтларида қўллаб, шу сўзнинг муҳимлигини таъкидлаш) бадиий санъати воситасида фалакнинг етти қават эканлиги, етти гумбаздан ташкил топгани, ер юзи етти иқлимга бўлингани, етти кўк, етти юлдуз кабилар ҳақида фикр юритади. Шунингдек, Баҳром ва Дилором сўзларини асл ва мажозий маъноларда қўллаб, сайёралар олами, дунёнинг яратилиши ҳақида ўз фалсафий қарашларини баён қилади,  оламнинг яратилишини тасаввуфдаги ваҳдат ул- вужуд фалсафаси асосида баён қилади:

Ишқ сенсен доғию ошиқсен,
Яна маъшуқлуққа лойиқсен.
Айни маъшуқлуқда жилваи зот,
Ўзини кўргали тилаб миръот.
Ҳуснунга ҳар дам ўзга сурат ўлуб,
Кўзгу такрори ҳам зарурат ўлуб.
Неча ҳусн ичра жилва зоҳир анга,
Кўзгулук айлабон мазоҳир анга...
Сенсену сендин ўзга худ нима йўқ,
Гар кўрунса сен ўлғунг ул нима ўқ.

Достоннинг 2-боби муножот бўлиб, бунда буюк шоирнинг яратувчига мурожаати, нажот умиди, тавба ва илтижолари  ўз ифодасини топган:

Қодиро, ул заифу осиймен,
Ки бошимдин аёқ маосиймен.

Навоий ташбеҳ санъати воситасида ўзини тоат вақтида хаста чумолига, исён вақтида ваҳший шерга, нафсини баҳайбат филга, кўнглини нимжон пашшага ўхшатади:

Тоат айларда мўри хаста барин,
Лек исён маҳалли шери арин.
Нимжон пашша кўнглум айла гумон,
Зўри нафсим нечукки пили дамон.

Шунингдек, муножотда яратилаётган асарнинг шуҳратини оламга ёйишни сўраб қилинган илтижо ҳам мавжудлигини кўрамиз:

Шуҳратин олам ичра пайдо қил,
Олам аҳлин аларга шайдо қил.

Навбатдаги боб Муҳаммад (с.а.в.) мадҳига бағишланади. Пайғамбарнинг асли қурайший, ери абтаҳи, мазҳаби ҳошимий, манзили Ясриб эканлиги айтилгач, унинг нури “Лот” билан “Уззо”ни шикастлагани, исмининг ҳарфлари ечилганда иккита “мим” ҳарфининг этаклари осилиб, куфр эли мотамининг зулматига, дин элининг эса улуғворлигига айланиши айтилади.
4-боб Меърож туни таърифига бағишланади. Бунда пайғамбаримиз ҳузурига элчи (Жаброил) келиб, Ҳақнинг саломини етказганлиги ва ошиқ ўз маҳбубининг висолига эришмоқ ниятида эканлигини хабар қилгани, пайғамбаримиз яратувчининг ҳузурига борганларида умматларининг гуноҳини кечиришни илтимос қилганлари ва барча истаклари бирма-бир қабул қилинганлиги ҳақида сўз боради.
5-боб сўз таърифида. Навоий бу бобда сўзга юксак баҳо берар экан, шундай ёзади:

Сўз келиб аввалу, жаҳон сўнгра,
Не жаҳон, кавн ила макон сўнгра...
Аллоҳ, аллоҳ, не сўздурур бу сўз
Мундин ортуқ яна бўлурму сўз
Жисм бўстониға шажар сўздур,
Руҳ ашжориға самар сўздур.  

6-боб улуғ салафлар Низомий ва Деҳлавий мадҳига бағишланган. Шоир дастлаб бадиий адабиётдаги икки адабий тур, яъни назм ва наср таърифига тўхталиб, уларни бир-бирига қиёслайди ва назмнинг насрдан устунлигини исботлар экан, шеърий асарларда чиройли, таъсирли ибора ва бадиий санъатларни кўплаб қўллаш ва инжуни ипга тергандек мисралар тизиш мумкин, наср эса сочиб юборилган жавоҳирдек гўзалликдан маҳрум деб ёзади. Шунингдек, назм шакллари орасида маснавийга алоҳида тўхталиб, уни “васиъ майдон” (кенг майдон) деб атайди:

Маснавийким, бурун дедим они,
Сўзда келди васиъ майдони.

Низомий ҳақида сўз юритар экан, у бу майдондан тўпни олиб чиқиб кетди, яъни гўй ва чавгон ўйинида ютди: маснавий яратишда биринчи бўлди дейди:
Қойили хуш каломи зебогўй
Ким, бу майдон элидин элитти гўй...
Аҳли назм афсаҳул каломи ул,
“Хамса”нинг нозими Низомий ул.

Хусрав Деҳлавийни Низомий бешлигига жавоб ёзган ижодкор сифатида таърифлар экан, уни “ҳинд сеҳргари, қаро бало, офати Худо” каби ташбеҳлар билан мадҳ қилади. Шунингдек, Навоий бу икки хамсанависни шатранж ўйинидаги оқ оту (Низомий) қора филга (Деҳлавий), ўзини оддий пиёдага нисбат беради:

Чекса шатранж ики саф оқу қаро,
Хас не қилғай, чу тушса арса аро.
Ўзни топқай бисот аро пайваст,
От ила пил аёғи остида паст.

Достоннинг 7-боби “ҳазрат шайхулислом мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий” мадҳига бағишланган. Навоий уни фазл конию илм дарёси деб атар экан, устозини араб тилидаги билимдонлиги жиҳатидан “Кофия” асарининг муаллифи Ибн Ҳожибга, тафсир илмида юзта Ибн Ҳожарга, фиқҳ илмида Имоми Аъзамга ўхшатади. Жомийнинг бу соҳаларда яратган асарлари, девонлари ва достонларининг номларини келтиради.
8-боб салафларнинг нуқсонлари ҳақида бўлиб, шоир боб сарлавҳасида устозлар асарларига мулоҳаза билдираётгани учун узр сўрайди. Навоий бу бобда достон яратишдан олдин туш кўрганини, тушида 7 гумбаз, 7 гумбаз ичида 7 хил рангдаги мутасаддийни кўрганини, шу ерда 7 кун юриб, 7 афсона тинглаганини, бир мўйсафид унга аввалги достонлардаги қусурларни тузатишни сўраганини, уйқудан уйғонгач муаббир (туш таъбирчиси) айтган далиллардан сўнг достон ёзишга киришганини айтади. Шундан сўнг ўзигача ёзилган Баҳром ҳақидаги достонларни синчиклаб ўқиб чиққанини таъкидлаб, устозларнинг ҳурматини ўз ўрнига қўйган ҳолда  уларга учта эътироз билдиради:

Бири буким йўқ анда мояйи дард,
Қилдилар ишқ сўзидин ани фард.

Шоир фикрича, олдинги хамсанависларнинг биринчи айби дарду ғамга етарлича аҳамият бермасдан, уни ишқдан холи тасвирлаганликларидадир.

Яна бири буким анда баъзи иш,
Зоҳиран номуносабат тушмиш:
Буйла туҳматки, айш учун Баҳром
Ясади етти қаср сургали ком.
Етти иқлим шоҳидин ети қиз,
Ҳар бири лутфу ҳусни ғоятсиз...
Уйқу комин олурға мастона,
Шўхларға буюрди афсона...
Анга худ ғафлат ўлди даъбу сифат,
Уйқусиға фасона не ҳожат?

Баҳромнинг айши учун еттита қаср қурилиши, етти маликанинг ўзи мастликдан ғафлат ҳолатига етган шоҳни ухлатиш учун афсоналар айтишлари асоссиз, дейди Навоий. Бунинг устига, агар афсона айтиш зарур бўлса, улардан бошқа қиссахон йўқмиди деган саволни ҳам қўяди.
Салафларнинг учинчи камчиликлари дардсиз ва нодон кишининг саргузаштларини кўрсатишни мақсад қилиб олганликларида эди:

Бўйла нодон учун ёзиб авсоф,
Анга қилгайлар ўзларин вассоф.

Боб сўнгида Навоий ғоят камтарлик билан ўзини салафларнинг фақир шогирди деб атаб, мен гўё пашшадек бўлиб, фил ишини қилмоқчиман, осмон томига нарвон, қуёшга шамдон ясамоқчиман, ўргимчак ипидан каманд қилиб, аждаҳони тутмоқчиман дейди ва Алллоҳдан достон ёзишда мадад сўрайди.
9-боб – Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳи ҳақидадир. Бу бобда Навоий фалакдаги барча сайёраларга бирма-бир мурожаат қилиб, уларни ўз ҳунарларидан бир оз тинмоққа чақиради, шоҳ мадҳида қалам сурмоқчилигини айтади. Шоҳнинг икки томонлама хон авлоди эканлигини, улуғ отаси Чингизхон, онаси Аланқуво эканлигини айтади. Навоий Ҳусайн Бойқарони чексиз саховат, чумолига ҳам марҳаматли адолат эгаси дея таърифлаб, адолат бобида ҳатто Анушервон ҳам унинг олдида хижолат чекади деб ёзади:

Анда Нуширвон керак боққай,
Бошини эрғатиб овуч қоққай.
Чун қилиб ёд ўз адолатидин,
Мутағаййир бўлуб хижолатидин.

10-боб – Билқиси Соний – Хадичабегим мадҳига бағишланган бўлиб, Навоий талмеҳ санъати воситасида Хадичабегимни пайғамбарлар аёллари Сораи Узмо (Иброҳим пайғамбарнинг рафиқалари) ва Хадичаи Кубро (Муҳаммад (с.а.в)нинг аёллари)га ўхшатади. Навоийнинг ёзишича, унинг гўзаллигидан сунбул ва наргис гуллари ташвишда, наргис уятда. Шунингдек, Навоий Хадичабегимнинг икки фарзанди Музаффар Мирзо ва Шоҳ Ғариб Мирзо (шоир Ғарибий) ҳақида ҳам тўхталиб ўтиб, уларни икки саодатли юлдуз, уларнинг онасини ойу қуёшга ўхшатади:

Ойу кун йўқ агарчи монандинг,
Икки саъд ахтар икки фарзандинг.

11-боб – Баҳром тарихи ҳақидадир. Навоий Баҳромни сосонийлар ҳукмдори Яздижурднинг ўғли бўлса-да, отасидан фарқли равишда эзгу ишлар билан шуғулланди, отаси нимани бузган бўлса, у барчасин қайтадан тузди дейди:

Ҳар не ул бузди, бу борин тузди,
Бу борин тузди, ҳар не ул бузди.
Кимни ўлтурди ул қилиб мажруҳ,
Бу қўйуб марҳам, ўлди жисмиға руҳ.

Навоий салафлар бўйича шоҳ Баҳром тарихини қисқача баён этиб, энди мен айтадиган қисса аввалгиларидан фарқ қилади дейди ва Аллоҳга шукрона келтириб, Баҳром қиссасини бошлайди. 
Асосий воқеалар ўн иккинчи бобдан ибтидо топади. Етти иқлим шоҳи бўлган Баҳром ов қилиб юриб, рассом Монийни учратиб қолади. Моний Чинда тенги йўқ бир гўзал Дилором ҳақида хабар бериб, унинг ўзи чизган суратини шоҳга тақдим этади. Шоҳ суратни кўриши билан Дилоромга ошиқ бўлиб қолади ва Чин мамлакатининг бир йиллик хирожини тўлаб, қизни саройга келтиради. Шундан кейин Баҳром қизга бутунлай маҳлиё бўлиб, давлат, мамлакат ишларини унутади. Фирдавсий “Шоҳнома”сида тасвирланганидек, овда кийик ҳодисаси юз беради. Дилором Баҳромнинг мерганлик маҳоратини “машқнинг натижаси”,  – деб айтади. Шоҳ мастликда қизнинг оёқ-қўлини ўз сочлари билан боғлаб, биёбонга ташлаб келишни буюради. Эртаси ғазаб ва мастлик тарқаб, афсусланганидан кейин, уни ўзи бориб излайди, лекин топа олмайди. Ҳижрон азобидан ўзини бутунлай йўқотади :

Жони икки бало аросинда,
Мўр икки аждаҳо аросинда.
Не ўлук эрди, не тирик сони,
Бўлмас эрди тирик демак они.

Шоҳнинг аҳволи оғирлаша боради. Навоий бу ўринда шоҳ Баҳромда энди  чин маънода ошиқлик сифатлари пайдо бўлаётганлигига эътибор қаратади, зеро руҳий изтироблар ва ҳижрон дарди ишқнинг ортишига сабаб бўлади. Изтиробдан ўзини бутунлай йўқотган Баҳромнинг аввал фалакка, сўнг халқи ва қўшинига мурожаат қилиб, нотавон жонини бу азоблардан қутқаришини сўраб чеккан фарёдлари достоннинг 16- ва 17-бобларида ниҳоятда таъсирли тарзда ифодаланганлигини кўрамиз:

Манга не қилдинг, эй сипеҳр, охир,
Йўқ эмиш сенда зарра меҳр, охир!
Меҳрсизлик ишим аро қилдинг,
Рўзгорим юзин қаро қилдинг...
Найлайин бу жаҳонни жонсиз мен?
Бал жаҳон бирла жонни онсиз мен?
Жонни олғилки, тўймишам, биллоҳ!
Кўнгул ўлмакка қўймишам биллоҳ!..
Ёрлиқ қайда кетти, ёронлар?
Йўқ мусулмонлиқ, эй мусулмонлар!
Ўлтуруб ғаврима етинг охир!
Минг ўлумдин халос этинг охир!

Сарой аҳли ташвишга тушадилар. 400 ҳаким ва табиб тўпланиб, икки йил давомида шоҳни даволайдилар. Шоҳ бир оз ўзига келгандай бўлади. Маслаҳат билан етти иқлим шоҳи етти қаср қурадилар. Бу етти қаср етти шоҳнинг мамлакатига олиб борадиган йўл устида қурилади. Рассом Моний унинг ҳар бирини алоҳида бир ранг билан безайди. Баҳром уларни томоша қилар экан, касали тузала бошлайди. Етти рангдаги етти қаср битгач, етти иқлим шоҳининг етти қизи Баҳром билан никоҳланади. Етти қасрнинг ҳар бири етти сайёрадан бирининг рангига мос бўлиб, ҳафтанинг шу сайёра ҳомий ҳисобланган кунига хос эди. Етти қаср тасвирини ўқир эканмиз, Навоий ҳар бир қасрдаги шоҳ, малика ва мусофир ҳамда  жиҳозлар тасвирини беришда рангларнинг турфа хил номланишларидан усталик билан фойдаланганлигига гувоҳ бўламиз.
Шанба куни учун шу куннинг ҳомийси Зуҳал (Сатурн) сайёрасининг рангига мос қора қаср – мушкфом қасрда шоҳ Баҳром ҳиндистонлик сайёҳнинг Фаррух ва Ахий ҳақидаги ҳикоятини тинглайди. Унга кўра, Ҳинд мамлакати подшоси Жасратхоннинг ақлу ҳуснда тенгсиз ўғли шаҳзода Фаррух тушида бир паривашни кўриб, севиб қолади. Ўша санамга етишиш ишқида сафарга чиққан шаҳзода Ҳалаб шаҳрида тушида кўрган маҳвашни учратиб, ҳушидан айрилади ва тақдир тақозоси билан биргина палосга ўраниб, оғир аҳволда қолганида унга саховати билан ном қозонган Ахий ёрдам кўрсатади. У билан суҳбатда бўлган Ахий Фаррухнинг заковатига қойил қолади ва шаҳзоданинг дардига даво топишни чин дилдан хоҳлайди. Ниҳоят Фаррухнинг ишқи тушган гўзал ўз аёли эканини билиб олади ва жуфти ҳалолини талоқ қилиб, Фаррухга никоҳлаб беради. Фаррух ўз юртига қайтади ва отаси вафот этгани учун тахтга ўтиради. Бу орада Ахийнинг ишлари орқага кетади, туҳматга учрайди, ўз юртидан қочиб, жон сақлаб қолади. Фаррух уйлангач, Ахийнинг мардлигидан ҳайратга тушади, аёлни ўзига сингил каби тутади ва дўстини излайди. Ахий эса Ҳинд мулкига бориб қолади, шу ерда икки дўст топишади, Фаррух синглим дея Ахийнинг ўз аёлини катта тўй билан никоҳлаб беради. Шу тариқа улар чин дўст сифатида, бир-биридан ёрдам ва меҳрини аямай узоқ умр кечирадилар. Мазкур ҳикоят якунида сайёҳ шоҳ Баҳромга ўзининг Ахий авлодидан эканини маълум қилади. Шоҳ уни сийлаб, саройда олиб қолади.
Якшанба куни унинг ҳомийси Қуёш сайёрасининг рангига мос сариқ қасрда шоҳ Баҳром румлик сайёҳнинг Зайд Заҳҳоб ҳақидаги ҳикоятини тинглайди. Унга кўра, жуда ўткир билим эгаси бўлган Зайд Заҳҳоб исмли заргар Рум мамлакати подшосининг энг яқин дўсти эди. У шоҳнинг ишончини қозонган бўлиб, ҳукмдор у билан ҳар бир ишда маслаҳатлашар эди. Бир куни Зайд Заҳҳоб шоҳга олтин тахт ясаб беришни таклиф қилади. Шоҳ кўнади ва хазинадан икки минг ботмон олтинни заргарга олиб беради. Зайд Заҳҳоб сирти олтин билан қопланган, лекин ички томони кумуш билан тўлдирилган тахт ясайди. Қолган олтинларни эса ўзлаштириб юборади. Шоҳ бундан бехабар бу ҳашаматли тахтга чиқиб, қойил қолади. Зайд Заҳҳобнинг душманлари шоҳга унинг фирибини маълум қиладилар. Шоҳ Зайд Заҳҳобни зиндонга ташлайди. Зайд зиндондан қочиб, Қустантанияга бориб, бутхонада роҳиблик қила бошлайди. У ерда ҳаммани ўзига мухлис қилиб, бутхонанинг олтиндан ясалган барча буюмларини шиша ва бошқа металлар билан алмаштириб қўяди. Кейин ўз мухлисларига бу юртни тарк этишини айтганда, ҳамма уни йиғлаб кузатади, Зайд кета туриб, уларга бир хат қолдирганлиги ҳақида маълум қилади. «Роҳиб» кетгач, мухлислари унинг хатини топиб, кўзга суриб ўқисалар, унда Зайднинг ҳамма кирдикорлари битилган бўлади. Бутпарастлар оҳ-воҳ қилиб қолаверадилар. Зайд эса Румга қайтиб, бемор бўлиб қолган шоҳни даволайди, қайта унинг ишончига кириб, душманларини жазолайди. Ҳикоя якунлангач, сайёҳ ўзининг Рум мамлакатидан, Зайд Заҳҳобнинг авлодларидан бири эканлигини айтади. Шоҳ Баҳром бу сайёҳга ҳам мурувват кўрсатиб, саройда олиб қолади.
Душанба куни шу кун ҳомийси Ой сайёрасининг рангига мос яшил қасрда шоҳ Баҳром мисрлик сайёҳдан Саъд ҳақидаги ҳикоятни тинглайди. Унга кўра, мисрлик бой хожанинг камолга етган ўғли Саъд отаси каби мусофирларни меҳмон қилишни хуш кўрар эди. Бир куни унинг даргоҳига шаҳрисабзлик икки сайёҳ келиб, ўз юртларидаги  ғаройиб хусусиятли дайр – бутхона ҳақида айтиб берадилар. Мазкур бутхонанинг ўзига хос томони шу эдики, кимки у ерда бир кун тунаса, туш кўради ва туши, албатта, ўнг келади. Саъд шу бутхонага бориш ишқига тушади ва отасининг розилигини олиб, сафарга отланади. Унга шаҳрисабзлик икки мусофир ҳамроҳлик қиладилар. Дайрга етиб борган Саъд туш кўради. Туш таъсирида хаёлга ботиб ўтирса, эшикдан бир мўйсафид кириб келади. Мўйсафид унга ўз тақдирини айтиб беради ва Саъдни анча вақтдан буён кутаётганлигини маълум қилади. Саъд бу донишманд мўйсафиднинг маслаҳат ва кўрсатмалари билан ҳаракат қилади. Узоқ саргузаштларни, синовларни бошдан кечириб, Гулрух исмли гўзалнинг васлига етишади. Сайёҳ ҳикоятни якунлагач, ўзининг Шаҳрисбаздан, Саъд авлодларидан бири  эканлигини маълум қилади. Шоҳ Баҳром сайёҳни Шаҳрисабзга волий этиб тайинлайди. Умуман олганда, ҳикоятнинг бош қаҳрамони Саъднинг саргузаштлари  Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳод билан боғлиқ воқеаларни ёдга солади.
Ҳомийси Миррих (Марс) бўлган сешанба кунида Миррих рангига мос қизил қасрда шоҳ Баҳром навбатдаги сайёҳдан шоҳ Жуна ва унинг дўсти Масъуд ҳақидаги қиссани тинглайди. Ровий шоҳга Деҳлида султонлик қилган Жунанинг саховати чексиз эканлигини ҳикоя қилиш билан ўз қиссасини бошлайди. Султон Жуна шу қадар саховатли бўлиб, унинг сахийлиги чегара билмасди. Бир куни бир мусофир унинг меҳмони бўлиб, бир кўзгу совға қилади. Кўзгу рост гапирган одамнинг юзини оқ, ёлғончининг юзини қора кўрсатар эди. Шоҳ Жуна мусофирни сийлаб, ундан мендан ҳам ўтадиган сахий борми, дея сўрайди. Йўқ, деб жавоб берган сайёҳнинг юзи кўзгуда қора бўлиб, кўринади. Ниҳоят уялиб, сиздан ҳам сахийроқ одам бор, бу гўзал Тароз ўлкасида яшовчи Масъуддир, дейди. Шоҳ эса ҳаммага рухсат бериб, пайт топиб, Тарозга жўнайди. У ерда Масъуд билан учрашиб, дўст тутинади. Масъуднинг фасоҳатидан ҳайратда қолади. Масъуд унга ўзи учун энг азиз бўлган нимаики бўлса, ҳаммасини иккиланмай ҳадя қилиб юборади: севимли, куй ва қўшиқда моҳир канизагини, майи тугамайдиган жомини, Гулгун лақабли отини. Бундан таъсирланган шоҳ Масъудни Тарозга ҳоким қилиб тайинлаш тўғрисида фармон беради. Тароз ҳокими Жайпур эса бундан безовта бўлиб, Баллу деган қаттол вазири билан маслаҳатлашиб, Масъудни йўқ қилиш режасини тузади. Унга кўра, Жайпур Масъуд билан дўст тутинади, бир куни маст Масъудни маст қилиб, бир чоҳга ташлатади. Сўнг қайғурган бўлиб, йиғлайди, бошқаларни ҳам ишонтиради ва Масуд учун мотам ҳам очтиради. Баллу эса Масъудни азоблай бошлайди. Жайпурнинг бир гўзал қизи бўлиб, Масъудга ошиқ эди. У Масъуд ҳақида билиб қолади ва икки содиқ канизи ёрдамида уни қутқариб, даволайди ва отасининг саройидан Масъуд билан қочиб кетади. Жайпур уларга етолмай доғда қолади. Икки севишган йўлда кўп қийинчилик билан Деҳлига бориб қоладилар. Масъуд ўзи меҳмон қилгн Жунанинг шоҳ эканини билмасди, шунинг учун пул топиш илинжида шоҳ саройига борганда сеҳрли жомини, куй чалиб, қўшиқ айтаётган канизини, Гулгун отини кўриб, аввал ҳайрон бўлади, кейин шоҳни ҳам Жуна эканини билиб қолади. Масъуд таниган бошқа маҳрамлар бу ҳақда Жунага айтадилар. Дўстини йўқотиб, ҳажр азобидан қолган шоҳ бундан бағоят шодланиб, дўстига меҳрибонлик кўрсатади, унинг ёрини ҳам олиб келтиради, Жайпур ва Баллуни эса жазолайди.
Ҳикоясини шу тариқа якунлаган сайёҳ шоҳ Баҳромга ўзини Тароздан, Масъуд авлодларидан бири эканлигини айтади. Баҳром уни Тарозга ҳоким қилиб тайинлайди.
Чоршанба куни учун унинг ҳомийси Уторуд (Меркурий) рангига мос мовий қасрда Баҳром навбатдаги жаҳонгаштадан Меҳр ва Суҳайл ҳақидаги ҳикояни тинглайди. Унга кўра Адан деган жойда бир оролни ўз маконига айлантириб, денгизда қароқчилик қилишни касб қилган Жобир деган йўлтўсар Беҳишти саро шаҳрининг гўзал маликаси сайр қилиб чиққан қайиқни қўлга киритади. Лекин Меҳр шу қадар гўзал эдики, Жобир уни кўриб, ҳушини йўқотарди. Шунинг учун қизга яқинлаша олмай, ўзининг баланд деворлар билан ўралган боғида яшашига рухсат беради. Меҳрнинг отаси Навдар шоҳ Яман мамлакати шоҳи Нўъмоннинг ўғли Суҳайлга қизини бермоқчи эди шунинг учун шоҳ Нўъмон ўғлини кемага чиқариб, Навдарнинг мамлкатига юборади. Суҳайл денгизда Жобирга йўлиқади ва жангда енгилиб қолади. Суҳайлнинг жанг қилишига, жасоратига қойил қолган Жобир уни ўлдирмасдан ўз боғидаги бир чоҳга ташлатади. Шоҳ Навдар ва Нўъмон ўзаро хат ёзишиб, биргаликда Жобирга ҳужум қилишга келишадилар. Навдар шоҳ қуруқликдан, Нўъмон шоҳ денгиздан Жобир устига қўшин тортишга келишадилар. Қуруқликдан келаётган Навдар аскарларидан ажраб, овга берилиб, Жобир қўлига асир тушади. Денгизда эса Нўъмон шоҳ ҳам енгилиб, денгиз қароқчисига тутқун бўлади.
Меҳр висолига етишолмаган Жобир эса ичкиликка зўр беради. Меҳр боғда айланиб юриб, чоҳда ётган Суҳайлни билиб қолиб, қутқаради, сўнг Суҳайл Жобир билан жанг қилиб, уни енгади ва тутқунликдаги ҳамма озодликка эришиб, муроду мақсадга эришадилар.
Мазкур ҳикоя поён топгач, шоҳ Баҳром ровийни муносиб тақдирлаб, уйқуга кетади.
Пайшанба куни шу кун  ҳомийси Муштарий (Юпитер) рангига мос сандал қасрда шоҳ Баҳром Муқбил ва Мудбир ҳақидаги қиссани тинглайди. Унга кўра Муқбил ва Мудбир Бохтар деган жойдан Ховарга йўл оладилар. Муқбил ибодатли, ростгўй бўлиб, Мудбир каззоб ва пасткаш эди. Улар қайноқ водийи ҳамимдан бирга ўтадилар. Мудбирнинг ахмоқона гапларидан Муқбил кўп озор чекиб, ундан воз кечмоқчи бўлса, Мудбир ялиниб, тавба қилади. Улар шу тариқа сафарда давом этадилар. Денгиз соҳилига бориб, бир кемага чиқадилар. Муқбил одатдагидек ибодат қилиб, тасбиҳ ўгириб ўтирса, Мудбир Худога ширк келтириб, валдирай бошлайди. Шунда тўфон келиб, уларнинг кемасини ғар қилади. Бу иккиси тақдир тақозоси билан қутулиб, қирғоққа чиқиб, ўрмонга дуч келадилар. Шу ердаги бир дарахт ковагида булоқ бўлиб, у ерда бунинг сувини ичган одам мутлақо очиқмалиги, сувсамаслиги ва ёлғон гапирса ёрилиб ўлиши ёзилган бўлади. Муқбил ва Мудбир бу сувдан тўйиб ичиб олганлари учун ёзувни ўқисалар, булоқ сувида боши билан шўнғиб чўмилган одам ғаройиб воқеаларни кўриши айтилган экан. Фақат ростгўй одам чўмилс мумкин, ёлғончи эса куяр экан. Натижада, сувга Мудбир тушолмайди, Муқбил булоққа шўнғиб, бир қасрга дуч келади, у ерда бир маҳвашга ошиқ бўлиб қолади... Ўзига келиб, сувдан чиққанида эса ошиқ бўлган гўзал ишқида ўзини йўқотиб бехуд бўлади. Муқбил ва мудбир қирғоққа келсалар, юир кемага дуч келадилар. Бу кема сандал дарахти ёғочи билан тўла бўлиб, одамлари ўлиб ётардилар. Гап шундаки, Ховар мамлакати шоҳи қизи касалга чалинган бўлиб, табиблар унга сандал дарахтидан ясалган қасрда яшаш даво дегани учун кўплаб савдогарлар шу дарахт ёғочларини олиб келаётганларида денгизда пўртанага тушиб, чиқолмай, очдан ўлган эдилар. Улар қирғоққа борганларида Ховар шоҳига дуч келадилар. Мудбир ўзини савдогар, кема эгаси, Муқбилни қулим, деб таништиради ва шу заҳоти ёрилиб ўлади. Муқбил эса бор гапни яширмай айтиб беради. Шоҳ уни ўзига куёв қилишни хоҳлаб, тўй беради. Маликанинг қасрига борган Муқбил худди булоқда кўрган ҳолатига дуч келади: сандал қаср, гўзал қизлар ва... ўша у севиб қолган маҳваш. Кейин маълум бўладики, бу гўзал Ховар шоҳининг қизи бўлиб, унга жинлар шоҳи ошиқ бўлган экан. Лекин қизга етишолмаган жинлар шоҳи ўша оролдаги дарахтдаги ковакдаги булоқда қизнинг сувратини, унинг қасрининг нусхасини пайдо қилиб, ўзини овутиб ўтираркан. Муқбил шунга дуч келган экан. Шу тариқа Ховар шоҳининг гўзал қизи ва ростгўй Муқбил васлга эришадилар.
Ҳикоя якунлангач, хушнуд бўлган шоҳ Баҳром уйқуга кетади.     
Жума учун унинг ҳомийси Зуҳра (Венера) рангига мос оқ қаср барпо қилинган эди. Ниҳоят, муборак жума (одина) куни Баҳром оппоқ – кофурий кийимда оқ қаср ичида фил суягидан ясалган тахт устида ўтириб, оқ кийимли гўзал билан билур жомда оқ май ичади ва Чин гўзали қошида хоразмлик мусофирнинг ҳикоясини тинглайди. Мусофир ўзининг Хоразмдан эканлигини, соз чалишини, иқлимдаги барча устозлар унинг шогирдлари эканлигини, кутилмаганда бир чинлик савдогарнинг гўзал канизаги Хоразмга келгач, унинг иши касодга учраганини, канизак ҳузурига бориб арз қилганини, унинг созини тинглаб, унинг тарихи билан қизиққанини ва канизак унга бошидан ўтганларни сўзлаб берганини айтади. Шоҳ Баҳром айтилганлардан бу канизак Дилором эканлигини билиб, Дилоромни олиб келиш учун Хоразмга сипоҳларини жўнатади.
Кўринганидек, Баҳром биринчи ҳикояни ўз руҳий ҳолати каби қора қасрда, қора либосда тинглаган эди, чунки у ўз Дилоромидан айрилган, ҳижрон зулматига гирифтор бўлган эди. Еттинчи ҳикояни эса оқ қасрда оқ либосда тинглайди ва бу ҳикоят унга висол умидидан дарак беради, унинг қалбига ёруғлик олиб киради. Лекин Баҳром Дилоромни топгач, яна овга, айш-ишратга берилади. Бир куни у сарой аҳли, сонсиз қўшин ва Дилором билан катта овга чиққанида, ёмғир ёғади ва эски ботқоқнинг оғзи очилиб Баҳромни Дилором ва бутун аркони давлати билан бирга ер ютади.
Баҳром бўлиб ўтган воқеалардан ва тинглаган ҳикоятларидан хулоса чиқармайди: ошиқлик ва шоҳликни бир қиёфада олиб бормоқчи бўлади, аслида эса чин ошиқлик тожу тахт ва бойлик билан мувофиқ келмайди: 

Ишқ ила шоҳлиғ мувофиқ эмас,
Ишқ лофида шоҳ содиқ эмас.

Шу билан бирга шоҳ Баҳромнинг ҳалокатини тасаввуф таълимотига кўра яна шундай изоҳлаш мумкин: Бутун жонзотлар, табиат, ҳайвонот ва наботот олами Аллоҳнинг зуҳуридир. Уларнинг барчасини Аллоҳ яратган экан, уларга зарар етказиш Яратган иродасига қарши бориш билан тенгдир. Шу маънода шоҳ Баҳромнинг табиатга етказган жабр-зулми унинг ҳалокатига олиб келди.    
Шоир Баҳром тимсоли муносабати билан ўз давридаги баъзи долзарб масалаларга ҳам ишора қилиб ўтган. Хусусан, ҳақиқий ҳукмдор ҳар қандай иллатлардан холи бўлиши зарурлиги, халқ аҳволидан ғофиллик ва айш-ишратга берилиш охир-оқибат шоҳни ва мамлакатни таназзулга олиб бориши мумкинлиги шоир айтмоқчи бўлган муҳим ғоялардан биридир.
Шу маънода Навоий достоннинг ўттизинчи бобида туш кўрганлигини айтади. Тушида шоирни шоҳ Баҳром йўқлаб, уни назм мулкида соҳибқирон деб атаб, ёзган достонига юқори баҳо беради ва фарзанди қаторида саналмиш Султон Ҳусайн Бойқарони огоҳлантиришини илтимос қилади ва унга қуйидаги сўзларни етказишни айтади:

Ки жаҳон кимсага вафо қилмас,
Шоҳлиғ таркига киро қилмас.
Шаҳки, минг йил онинг ҳаётидур,
Ғараз – ўлганда яхши отидур.

“Сабъайи сайёр”да Навоий даҳосининг қудрати шоирнинг ўз тилидан айтилган ўринларда ҳам намоён бўлади. Жумладан, достон якунига яқинлашганда шоир асарнинг ёзилиш муддатига тўхталиб дейди:

Бўлди чун бу рақам иши тайёр,
Қўйдум отини “Сабъаи сайёр”.
Тортқонда бу турфа савти маддин,
Байти беш мингга тортти аддин.
Манга айёми гарчи ёд эрмас,
Лек тўрт ойдин зиёд эрмас.
Бўлсам ўзга умурдин эмин,
Бор эди тўрт ҳафта ҳам мумкин...
Гарчи тарихи эрди секкиз юз,
Сексон ўтмиш эди яна тўққуз.
Ойи унинг жумодиуссоний,
Панжшанба ёзилди унвони.

Достон хафиф баҳрининг хафифи мусаддаси солими махбуни маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун мафоилун фаилун) вазнида ёзилган. Аслида мазкур вазн 8 та ритмик вариацияга эга бўлиб, бу ритмик вариациялар достон мисраларида ўзаро алмашиниб қўлланаверади ва достон матни билан муносабатга киришади. Ритмик вариациялар таркибидаги ўзгаришлар, асосан,  биринчи  ва  учинчи рукндаги  бўғинлар сифатини ўзгартириш ҳисобига рўй бериб, иккинчи рукн ўзгаришсиз қолаверади.  Бунда биринчи рукн фоилотун ёки фаилотун, учинчи рукн эса фаилун,  фаилон,  фаълун,  фаълон тарзида ўзаро алмашиниб  ҳам қўлланавериши мумкин. Мазкур ритмик вариацияларнинг достон таркибида ўзаро алмашиниб қўлланилиши тасодифий бўлмай, достондаги воқеалар, қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати, бир ҳикоятдан бошқасига ўтиш пайтлари, сюжет чизиқларининг ўзгаришига кўп жиҳатдан боғлиқ. Масалан, Шанба куни Баҳромнинг қора либосда ҳижрон ўтидан қора бўлган кунда 1-мусофирнинг ҳикоятини тинглаш арафасидаги ҳолати акс этган қуйидаги парчага диққат қаратсак:

Субҳи шанбаки, шоми дайжурий,          (3)
Юзига ҳулла ёпти кофурий.             (3)

Қасри мушкинга қўйди юз Баҳром,        (4)
Ичгали мушкбў ғазол ила жом.        (2)

Луъбати ҳиндзоду чинийваш,                   (3)
Лаъли жонбахшу сунбули дилкаш.        (3)

Ҳулласин ойдек айлабон шабгун,        (3)
Дурлар ул ҳулла узра кавкабгун.        (3)

Тахту рахтини айлабон мушкин,        (3)
Мушк уза ер тутуб ғазолаи Чин.        (1)

Шаҳ дағи ҳулла мушкфом айлаб,        (3)
Кирди маҳваш сари хиром айлаб.        (3)

Агар эътибор қаратилса, келтирилган 5 байт (10 мисра)дан  8 мисра юқоридаги жадвалда акс этган 3 ва 4-ритмик вариацияларда яратилганлигини кўриш мумкин. Ушбу вариацияларнинг тақтиъида чўзиқ бўғинларнинг етакчилик қилишини (қисқа бўғинлар сони 3 та) кўрамиз. Аслида бошқа баҳрларга нисбатан енгил оҳангга эга бўлган хафиф баҳрининг ушбу ритмик вариациялари  чўзиқ бўғинлар сонининг етакчилик қилиши ҳисобига вазминроқ оҳанг касб этяпти ва бу жиҳат Баҳромнинг “ҳижрон ўтининг дуди қаро қилғон кун”даги ҳолатига мос келяпти.
Энди Баҳромнинг ҳикоятлар охирида – Дилоромнинг хабарини эшитган пайтдаги ҳолати ифодаланган парчани кўриб чиқсак:

Чунки ул кеча шоҳи шоҳнишон,         (2)
Ғойибидин бу навъ топти нишон.        (2)

То саҳар беқарору бедил эди,                  (1)
Ўйлаким сайди нимбисмил эди.        (1)

Шавқ ўтиға куюб нечукки хасе,        (1)
Бетаҳаммуллуқ айлар эрди басе.        (1)

Топса эрди бузуқ мизожи қарор,        (2)
Буюрур эрди қиссаға такрор.        (8)

Иши чун қилғанини билмак анга,        (1)
Гоҳ ўлмак, гаҳи тирилмак анга,        (1)

Мазкур парчада жадвалдаги 1 ва 2 - ритмик вариацияларнинг етакчилик қилишини кузатишимиз мумкин. Энди  биринчи парчадагидан фарқли равишда тақтиъда қисқа бўғинлар сони  ортяпти, бу ўзгариш эса оҳангга ўйноқилик ҳамда енгиллик бахш этяпти ва бу ҳол “ўлук таниға руҳ киргон” Баҳромнинг руҳий ҳолати билан мутаносиблик касб этяпти.

Савол ва топшириқлар
1.    Тарихий Баҳром  ва бадиий Баҳром образи ўртасида қандай боғлиқлик мавжуд деб ўйлайсиз?
2.    Достонда келтирилган илтизом санъати достоннинг бадиий ва ғоявий моҳиятини англатишда қандай ўрин тутган?
3.    Нима сабабдан Навоий айнан “етти” рақамига махсус тўхталган? 
4.    Навоий салафлари Баҳром тимсолини ифодалашда қандай камчиликларга йўл қўйган деб ҳисоблайди?
5.    Қасрларнинг ранги, ҳафта кунлари ва ҳикоятларнинг Баҳром кайфияти билан боғлиқлик жиҳатини қандай тушундингиз?
6.    Баҳром орқали Навоий Ҳусайн Бойқарога қандай фикрларни айтишга ҳаракат қилган?
7.    Достонда илгари сурилган ғоялар бугунги кунда ўз аҳамиятини қай тарзда намоён қилади деб ўйлайсиз?

Адабиётлар:
1.    Навоий Алишер. Сабъаи сайёр. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик.  – Т.: Фан, 1992. 10-жилд.
2.    Navoiy Alisher. Sab’ai sayyor. – T.: G‘.G‘ulom nomidagi NMIU, 2006.
3.    Навоий Алишер. Сабъаи сайёр (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991.
4.    Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.
5.    Хасанов С. Роман о Бахраме. – Т.: Издательство литературы и исскуства, 1988.
6.    Ҳасанов С. Навоийнинг етти туҳфаси. Т.: Адабиёт ва санъат, 1991.
7.    Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1979.
8.    Юсупова Д. Алишер Навоий “Хамса”сида мазмун ва ритмнинг бадиий уйғунлиги. – Т.: МУМТОЗ СЎЗ, 2011.



“Садди Искандарий” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари

РЕЖА:
1.    “Садди Искандарий” достонининг яратилиш тарихи.
2.    Достоннинг таркибий тузилиши.
3.    Искандар ва Доро тимсоллари.
4.    Достоннинг  бадиий  хусусиятлари.

Бу асар дунёдаги буюк сиймолардан бири, уч соҳибқироннинг энг машҳури  жаҳонгир Искандарга бағишланган бўлиб, "Хамса"нинг якунловчи достонидир. Шарқда у Искандар Зулқарнайн (икки шохли ёки кун чиқиш ва кун ботиш ҳукмдори) номи билан машҳур. Дастлаб Искандар мавзуси Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достонида қаламга олинган. Кейинроқ Низомий Ганжавий у ҳақда махсус “Искандарнома” деган достон ёзади. Хусрав Деҳлавий бу достонга жавоб тарзида “Ойинайи Искандарий” асарини ёзган бўлса,  Абдураҳмон Жомий ўз достонини “Хирадномайи Искандарий” деб атайди. Алишер Навоий эса бу мавзуни туркий тилда қайта ишлаб, ўз асарига “Садди Искандарий” (“Искандар девори”) деб ном беради.
“Садди Искандарий” “Хамса”даги энг йирик достон бўлиб, 89 боб ва 7215 байтдан ташкил топган. Достоннинг муқаддимаси 14 бобни ўз ичига олади.
1- боб анъанавий ҳамд –  Аллоҳнинг сифатлари таърифига бағишланган. Навоий ушбу бобда тасаввуф таълимоти асосида оламнинг яратилиш тарихига тўхталиб ўтади: 9 қават осмон, сайёралар, юлдузлар таркумининг ҳар бирига алоҳида таъриф беради. Яратганнинг буюклигига ҳамду сано айтади. Буларнинг барчасидан мақсад энг олий зот Одамни яратиш эканлигини таъкидлайди:

Карам бирла халқ айлагай оламе,
Бу оламда мақсуд анга одаме.
Ғараз одаме анга олам туфайл,
Неким ғайри оламдур, ул ҳам туфайл.

2-боб  муножотни ўз ичига олади. Навоий бобда Аллоҳнинг карами кенглиги ҳақида гапирар экан, банда зоти мавжуд экан, унинг гуноҳ ишлар қилиши табиий деган ақидани илгари суради:

Илоҳий, аларким гунаҳкор экин,
Сен ўткармаган не гунаҳ бор экин?
Чу ҳар мужримеким, сен эттинг карам,
Сўрулмас ҳамул журм ила ўзга ҳам.
Агар афв бирла карам будурур,
Бори халқнинг журми маъруфдурур.

Муножот сўнгида Навоий қуёш ерни ўз нурлари билан мунаввар қилган чоғда зарралар орасидаги фарқни фаҳмлаб бўлмаганидек, зарраларга карам қилган чоғингда Навоийга ҳам бир зарра каби карам айлагил, унинг гуноҳларини кечиргил деб илтижо қилади:

Ёрурда қуёш партавидин саро,
Қачон фарқ ўлур фаҳм заррот аро.
Қилур вақт бу зарраларға карам,
Навоийға лутф айла бир зарра ҳам.
Сазо андин ар журму пиндор эрур,
Сен ул қилки сендин сазовор эрур.
Хато айлаганни ҳисоб айлама,
Хатосиға лойиқ азоб айлама.

Достоннинг 3-боби “саййид ул мурсалин” (пайғамбарлар улуғи) расули акрам васфи (наът)дан иборат. Навоий дастлабки байтларда пайғамбарлик нури ҳақида гапирар экан, Одам Ато унга ўғил, қолганлар набира қаторидадир дейди ва барча муқаддас китобларда унинг хусусиятлари баён қилинганлигини таъкидлайди. Расули акрамнинг туғилиши гўё кўкда яна бир қуёшнинг порлашига ўхшатилади:

Сенинг туғмоғинг равшан айлаб жаҳон,
Анингдекки, туққай қуёш ногаҳон.

Анъанага мувофиқ, наътдан сўнг  меърож туни таърифи келади. Навоий бу бобда пайғамбаримизнинг бирин-кетин 9-осмонга кўтарилганлари, сайёраларнинг бу ҳолатни кўриб, ҳайратга тушгани, ниҳоят Ломакон оламига сайр қилиб, 70 минг қават парда кўтарилиб, Жаноби Ҳақ билан дийдорлашганлари жараёнини кучли пафос билан тасвирлайди. Уларнинг ерга қайтишлари ҳам фалак аҳли ва малойиклар томонидан чуқур ҳайрат билан кузатилгани бетакрор бадиий санъатлар воситасида баён қилинади:

Фалак аҳли ичра алоло тушуб,
Малак хайлиға шўру ғавғо тушуб.
Малоик тутуб йўл бошин жавқ-жавқ,
Тамошосида борча кўнглида шавқ.
Жамолиға чун кўзларин очибон,
Табақ нурлар бошиға сочибон.
Анга нур сочмоққа монанд бу
Ки, сочқай киши Баҳри Уммонға сув.

Достоннинг 5- боби  “Хамса” такмили  (мукаммал битказиш) хусусида бўлиб, Навоий бу бобда унда “Хамса” ёзиш ҳаваси анча илгари, Низомий ва Деҳлавий “Хамса”ларини ўқиб юрган чоғларидаёқ уйғонганлигини баён қилиб, улуғ устозлари руҳидан мадад сўрайди:

Бу водий аро Хизри роҳим бўлинг,
Қаён юз кетурсам паноҳим бўлинг.
Бурундин чу кўргуздунгуз ёрлиқ,
Басе етти сиздин мададкорлиқ.
Кичик эрканимдин бўлуб қошима,
Улуғ муддао солдингиз бошима.

6-боб сўз таърифи, Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий мадҳига бағишланган. Навоий бу бобда дастлаб сўзга таъриф берар экан, уни ўз аҳамияти билан инсон идрок этган ҳамма нарсадан юқори деб баҳолайди, уни “жавҳари жон”, “оби ҳайвон” деган сифатлашлар билан мадҳ қилади:

Бийикрак мақом ичра афлокдин,
Не афлокдин, ваҳму идрокдин...
Башар зотида жавҳари жон ҳам ул,
Ўлук жисмида оби ҳайвон ҳам ул.

Навоий сўз хазинасига эга бўлганларнинг нодири яктоси сифатида Ганжада парвариш топган зот Низомий Ганжавийни тилга олиб, котибларнинг ҳомийси Аторуд (Меркурий) унинг хизматкоридир дейди. Шунингдек, бу бобда Низомий бешлигига муносиб жавоб битган Хусрав Деҳлавий ҳам мадҳ этилиб, унга сўз жодугари, илм ҳикмат билимдони деб таъриф берилади. Сўз авжида Низомий қуёш бўлса, Деҳлавий Муштарий кабидир дейилади:

Сўз авжида гар ул маҳи ховарий,
Бу гар йўқ маҳи ховарий, Муштарий.

7-боб Низомий ва Деҳлавийнинг назмдаги издошлари Нуриддин Абдураҳмон Жомий мадҳига бағишланган. Навоий китобот (ҳарф) санъати воситасида Жомийнинг тахаллусига ишора қилиб, унинг назмини “жом” ва “май” деб таърифлайди ва бу назмдан еру кўк эли масту нотавон бўлганини айтади:

Дема жом ила майки, назми равон,
Еру кўк элин айлади нотавон.

Шунингдек, Навоий ушбу бобда Жомийнинг ғазалу маснавий жанрларида эришган ютуқларига ҳам тўхталиб ўтиб, унинг “Хамса” таркибига кирувчи достонларини номма-ном санаб ўтади:

Ғазал дарду сўзини, ваҳ-ваҳ, не дей,
Деса маснавий, Аллоҳ-Аллоҳ, не дей...
Бўлуб жилвагар табъи кўзгусида
Ки, сабт айлади “Хамса” ўтрусида...
Бурун жилва айлаб аён “Туҳфа”си,
Бериб олам аҳлига жон туҳфаси.
Яна “Субҳа” жон риштасин тор этиб
Ки, ҳар муҳра бир дурри шаҳвор этиб.
Чу Юсуф сўзин ошкор айлабон,
Зулайҳо киби элни зор айлабон.
Чекиб хома “Лайлию Мажнун” сари,
Юз офат солиб тоғу ҳомун сари.
Бу дамким қилиб хомасин дурфишон,
Сикандар ҳадисидин айтур нишон.

Бу маълумотлар адабиётшуносликдаги Жомийнинг “Хамса” ёзган-ёзмаганлиги билан боғлиқ баҳсларга ҳам муносиб жавоб бўла олади.
Достоннинг 8-боби  – “Иноят қуёши васфи ва ҳидоят булути таърифида” деб аталиб, бу бобда Навоий кимгаки бахту иқбол ёр бўлса, унинг ҳамма ишида зафар бўлади, тикан ушласа ғунча, тупроқ олса олтин бўлади, буларнинг барчаси Худодан, шундай экан унга шукрона билдириш керак деган фикрларни келтирар экан, Аллоҳ унга назм ёзиш фазилатини тақдим қилгани учун унга шукрона айтади ва назмнинг турли синф (жанр)ларида шуҳрат қозонганини фахр билан баён қилади:

Ғазал тарзиға аввал айлаб ситез,
Жаҳон ичра солдим улуғ рустахез.
Ўқур вақти аҳли саломат муни
Кўруб олам ичра қиёмат куни...
Ҳар аснофи зикри эмас шаънима,
Билур ҳар киши боқса девонима.

Шунингдек, Навоий назмдаги бу муваффақиятларига қаноат қилмай, улуғ муддао “Хамса” ёзиш ниятида эканини, бу йўлда Низомий ва Деҳлавийларнинг нуроний руҳига, Жомийнинг илоҳий қувватига “Қуръон”тиловат қилиб, фотиҳа ўқийман деб ёзади:

Аларнинг равони пур анвориға,
Бу бирнинг доғи қуввати кориға.
Қилиб фотиҳа хатми ихлос ила,
Кўзум баҳрида жисми ғаввос ила.

9-боб Шоҳ Ғозий Ҳусайн Бойқаро таърифига бағишланган. Навоий бу бобда муболаға санъати воситасида Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарлар орасида алоҳида мавқеда бўлса, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам барча шоҳлар ичида шундай мақомдадир деб ёзади. Шунингдек, унинг жанггоҳдаги маҳоратини тасвирлар экан, достон мазмуни билан боғлиқ равишда душманларига нисбатан садди Искандарийдек ғов чекади, агар жаҳонда Искандардек улуғсифат зотни топиш керак бўлса, Султон Ҳусайндан бошқаси мос келмайди деб ёзади.
Достоннинг 10- боби  шаҳзода Бадиуззамон Баҳодир мадҳидадир. Навоий унга донишмандлик боғининг сарви, замона аҳлининг шаҳзодаси деб таъриф берар экан, зоти ҳам, сифати ҳам малак (фаришта)га ўхшашини айтиб, тавзеъ (бир товушни бир неча марта такрорлаш) ва такрир (бир сўзни байтда икки ва ундан ортиқ ҳолда такрорлаш) санъатлари воситасида унинг бошдан-оёқ яхшилик ва яхши хислатлардан иборат эканлигини баён қилади:

Йиғиб яхшилиқ бирла яхши қилиқ,
Қилиқдек бошингдин аёқ яхшилиқ.

11-14 бобларда қадимги форс-эрон шоҳларининг тўрт табақаси: пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар ва сосонийлар тарихи ҳақида маълумотлар келтирилади.
Достоннинг асосий қисми 15-бобдан бошланади. Асосий қисм ўзига хос композицияга эга. Уни шартли равишда қуйидаги 4 қисмга бўлиш мумкин:
1)    Искандар воқеаси – Искандар ҳаёти билан боғлиқ бирор воқеа ёки ҳодиса баёни;
2)    назарий масала – муайян ахлоқий муаммонинг таърифи;
3)    ҳикоят – шу ахлоқий масалага доир ҳикоят; 
4)    ҳикмат – Арасту ва Искандарнинг суҳбати.
Биринчи қисм лирик хотимага ҳам эга. Бу соқий, муғанний ва Навоийга мурожаат тарзидаги байтлар бўлиб, Низомийда “Искандарнома”нинг биринчи қисми бўлмиш “Шарафнома”да соқийга, иккинчи қисм “Иқболнома”да мутрибга мурожаатни кўрсак, Деҳлавий достонида  ҳам соқий, ҳам мутрибга мурожаат мавжудлигини кузутамиз. Навоийда эса соқий ва мутрибдан сўнг, ўз-ўзига ҳам мурожаат қилинганлиги кўринади. Хусусан, 15-бобнинг лирик хотимаси қуйидагича:

Аёғчи, бер ул жавҳари ғамзудо,
Дема ғамзудо, жоми мотамзудо.
Ки, андин сумурсам ғамим қолмасун,
Ато сўгидин мотамим қолмасун.
Муғанний, қилиб соз руди нишот,
Анинг бирла тузгил суруди нишот.
Ки, сўз тахтида бўлдум оромгир,
Бўлай таҳният базмида жомгир.
Навоий, жаҳоннинг фирибин ема,
Хирад оллида нақшу зебин дема.
Чу даврон иши бевафолиқдурур,
Фузун шоҳлиғдин гадолиқдурур.

Асосий қисм воқеалари Искандарнинг туғилишидан бошланади. Рум мамлакатининг шоҳи Файлақус тангридан фарзанд сўрайди. Бир куни овдан қайтар экан, шаҳарга кираверишдаги вайронада янги туғилган чақалоқ ва ўлик онани учратади.  Шоҳ ўликни дафн эттириб, чақалоқни ўзига фарзанд қилиб олади ва унга Искандар деб ном беради. Шоҳ Искандарнинг таълим-тарбиясига катта эътибор беради ва Арастунинг отаси Нақуможисни унга устод қилиб тайинлайди. Искандар тож-тахт ва бойликка эмас, балки илм-фан ва олижаноб фазилатларга муҳаббат руҳида улғаяди.
Достон билан танишиш жараёнида Навоий шунчаки Искандар тарихини ёзишни эмас, балки у билан боғлиқ воқеаларнинг маъносини очишни мақсад қилганлигини кўрамиз. Буни юқорида келтирганимиз муайян ахлоқий масаланинг таърифи, ҳикоятлар, савол-жавоб ва лирик хотималарнинг  ўзаро алмашиниб келишидан ҳам сезиш мумкин.
Файлақус вафот этгач, валиаҳд сифатида тахтни Искандар эгаллаши керак эди, лекин у тахтга чиқишга ошиқмайди. Халқ унинг шоҳ бўлишини қаттиқ талаб қилиб туриб олгандан кейингина Арасту унга тож кийгизади. Искандар халқ олдига шарт қўйиб, кимнинг арз-доди бўлса, шоҳни ўзи билан тенг кўриб, аҳволини айтишини сўрайди:

Ки, берди манга додгарлик Илоҳ,
Бор  эрса халойиқ аро додхоҳ,
Келиб оллима арзи ҳол айласун,
Ўз аҳволини қийлу қол айласун!

Искандар тахтга ўтиргач, адолат билан мамлакатни бошқара бошлайди. Халқни икки йиллик хирождан озод этади. Достонда шу ўринда адолатнинг таърифи берилади. Бу таъриф ҳадислар воситасида тушунтирилади. Масалан, бир соатлик адолат фаришталарнинг, дунёдаги барча инсонларнинг тоатидан афзал деган ҳадис келтирилади. Сўнг шоҳ Масъуднинг бир куни тушида отаси Маҳмудни нурга ғарқ бўлган ҳолда жаннат боғларида юрганини кўргани ва отасидан бу ҳолга қандай сазовор бўлганини сўраганида, отаси Ҳиндистонни эгаллаш вақтида элга қилган биргина адолати туфайли Аллоҳ унга шундай мартабани лойиқ кўргани ҳақида сўзлаб берганига доир ҳикоят илова қилинади. “Ҳикмат” бобида эса Искандарнинг Арасту билан адолат ҳақидаги савол-жавоби келтирилади. Арастунинг фикрича, шоҳ ҳар бир ишда адолат мезони асосида иш тутса, унинг мулку мамлакати обод, халқи бадавлат бўлади. Халқ бадавлат бўлса, аскарларнинг маоши ҳам ортади ва қўшин ҳамиша ғолиб бўлади.
Шу тариқа Искандар адолат мезони асосида кўплаб мамлакатларни эгаллайди, сув тубига тушади. 23-бобдан достонга Доро образи кириб келади. Навоий Дорога тавсиф берар экан, унинг Каёнийлар сулоласи вакили эканлигини, жаҳон подшоси сифатида Кайхисраву Кайқубодларнинг авлоди эканлигини, унинг давлатни бошқаришида Лухросбнинг тартиблари, қўшинида Гуштосбнинг қонунлари устувор эканлигини баён қилади. Доро ва Искандар орасидаги хирож можароси бу икки шоҳ ўртасида ихтилофнинг пайдо бўлишига олиб келганлигини афсус билан таъкидлайди.
Уруш бошланади.  Аммо тез орада Доронинг ноиблари хиёнат қиладилар ва Доро ярадор ҳолда Искандар қўлига асир тушади. Ўлими олдидан хиёнаткорларни жазолаш, унинг қариндош-уруғларига озор бермаслик ва қизи Равшанакка уйланишни Искандарга васият қилади. Искандар Доронинг барча васиятларини ортиғи билан адо этади, Дорони иззат-икром билан дафн қилади. Шу ўринда Искандарнинг жаҳонгир шоҳ бўлиш билан бирга чексиз меҳр соҳиби эканлиги ҳам ғоят моҳирлик билан тасвирланади.
Искандар Эронни эгаллагач, жаҳонни фатҳ этишга киришади. Кўплаб ўлка подшоларига хат ёзиб, мамлакатда адолат ва осойишталик ўрнатмоқчи эканлигини ва шунга  мос ҳолда ўз ихтиёрлари билан унга таслим бўлишларини сўрайди. Аксарият подшолар унга бўйин эгиб келадилар. Фақат Кашмир, Ҳинд ва Чин хоқонларигина унга бўйсунишни истамайдилар. Искандар Кашмирга юриш қилишга мажбур бўлади ва мамлакат шоҳи Маллуни бўйсундиради. Унинг васиятига биноан қизи Меҳрнозга уйланади, ўғли Ферузни Кашмирга подшо қилади. Ҳирот ва Самарқанд шаҳарларини барпо қилади. Тез орада Ҳинд ва Чин хоқонлари ҳам Искандарнинг шаъну шавкатига тан бериб, унга жангсиз таслим бўладилар.
Искандар ер юзини эгаллагач, денгиз сирларини ҳам билиш учун узоқ сафарга чиқади. Шишадан сандиқ ясаб, уммон тубига тушади ва кўплаб ажойиботларни кўради. Аммо сафардан қайтишда  хасталанади ва тутинган онаси  Бонуга ўғилликни ўрнига қўя олмаганидан узр сўраб, мактуб ёзади. Мазкур мактуб бутун дунёни забт этса-да, охир-оқибат у дунёга ҳеч бир нарсасиз, очиқ қўл билан кетаётган,  бу оламга шоҳ бўлгандан кўра онадек буюк зотга қуллик қилиш шарафи юксакроқ эканлигини англаган улуғ жаҳонгирнинг иқрорномаси эди:

Бошимға тушуб ҳарза андешае,
Дедим олам очмоқ эрур пешае.

Не қилғон хаёлим бори хом эмиш,
Ҳавас жоми кўнглумга ошом эмиш.

Керак эрди, то кирди мағзимға ҳуш,
Хирад токи солди димоғимға жўш.

Демон қилсам эрди ўғуллуқ санга,
Қабул айласам эрди қуллуқ санга.

Санга айлабон хоки даргоҳлиқ,
Анинг отин айтсам эди шоҳлиқ.

Асосий қисмнинг сўнгги бобида етти файласуф ҳаким: Афлотун, Суқрот, Балинос, Буқрот, Ҳурмус, Фарфинюс ва Арасту Искандарнинг онасига таъзия билдиргани келадилар ва шу билан Искандар воқеаси поёнига етади.
Достон бошқа достонлардан фарқ қилиб, каттагина хотима билан якунланади. Хотима  6 бобдан иборат бўлиб, “Садди Искандарий” достонини тугаллаш билан муайян маънода “Хамса”га ҳам якун ясайди. Хотима қуйидаги бобларни ўз ичига олади:
84- боб – Ҳусайн Бойқаро ва унинг фарзандлари таърифи
85- боб – Ҳакимлар (донишмандлар) таърифи
86- боб – Гадонинг шоҳга насиҳати хусусида
87- боб – Сўз гавҳари хусусида
88- боб – Дарвешалига насиҳат
89- боб – Хулоса.
Достоннинг сўнгги бобида Навоий унга бахт-давлат раҳнамолик қилиб, ниҳоят “Хамса”ни якунлаганини ёзар экан, “Ҳайрату-л-аброр” достони ёзилишидан бошлаб “Садди Искандарий” якунлангунча бўлган жараённи бирма-бир эслаб ўтади. Навоий тонг отиб кеч киргунча  эл-юрт ташвиши билан банд бўлгани ҳолда салафлари узоқ муддат ёзган “Хамса”ни жуда қисқа муддатда – икки йилда якунлаганини, агар бевосита фақат ёзиш учун кетган вақт ҳисоблаб чиқилса, олти ойга ҳам бормаслигини  фахрия тарзида  баён қилади:

Сангаким йўқ эмгакда ғоят падид,
Улус меҳнатида ниҳоят падид.
Қилиб тонгдин оқшомғача қийлу қол,
Юзунгга етиб ҳар нафас юз малол.
Ўзунг тинмайин халқ ғавғосидин,
Қулоғинг халойиқ алолосидин.
Бу меҳнатлар ичра чекиб сўзга тил,
Замондин камо беш ўтуб ики йил.
Чекиб хома бу нома итмомиға,
Етургайсен оғозин анжомиға
Ки, ақли муҳосиб шитоб айласа,
Дейилган замонин ҳисоб айласа.
Йиғиштурса бўлмас бори олти ой
Ки, бўлдунг бу раъноға суратнамой.

Навоий ўз бешлиги китобхонлар томонидан қандай баҳоланишини билиш учун устози Абдураҳмон Жомийнинг ҳузурига боради ва унга “Хамса”ни тақдим этади. Жомий асарни бирма-бир варақлаб, шоирга лутф билан муносабатда бўлади ва бир қўлини шоирнинг елкасига қўяди. Устоз ва пир Жомийнинг қўли елкасига теккач, шоир бир лаҳза ҳушини йўқотади ва тахаййул оламига ғарқ бўлади: Навоий ажойиб бир гулистонда сайр қилиб юриб, бир гуруҳ суҳбатдошларни кўриб қолади. Улардан бири шоир томонга келиб, ўзини форс-тожик шоири Ҳасан Деҳлавий деб таништиради ва даврадагилар шоирни кўрмоқчи эканликларини айтади. Навоий ҳаяжон билан давра аҳлига яқинлашади. Ҳасан Деҳлавий даврадагиларни Навоийга таништиради. Ўртада Низомий Ганжавий, унинг икки ёнида Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий, уларнинг атрофида ўтирганлар эса Фирдавсий, Унсурий, Саъдий, Саноий, Ҳоқоний ва Анварийлар эди:

“... Ўртодағи пири фаррухжамол
Ки, васфида келди хирад нутқи лол,
Эрур ҳазрати Шайх, огоҳ бўл!
Ниёз айлабон хоки даргоҳ бўл.
Ўнг илги сори анга пайравдурур,
Жаҳон офати – Мир Хусравдурур.
Яна бир ён устоду пиринг сенинг,
Рақамхони лавҳи замиринг сенинг
Чу Саъдию, Фирдавсию, Унсурий,
Саноию, Хоқонию, Анварий”...

Даврадагилар Навоийни кўришлари билан ўринларидан турадилар. Унинг бир қўлидан Хусрав Деҳлавий, иккинчи қўлидан Абдураҳмон Жомий тутиб, Низомийнинг ёнига ўтқизадилар. Навоий Низомийга таъзим бажо келтириб, унинг ёнига ўтиради. Низомий Навоийнинг “Хамса”сига юксак баҳо беради ва Жомийдан шоир ҳаққига дуо ўқишини сўрайди...
Шу онда Навоий тахаййул оламидан қайтиб қараса, Жомий қўлини унинг елкасидан олган ва унга қараб турган экан. Жомий Навоийни улуғ муддаога етишганлиги билан қутлаб, Тангрига шукрона келтиришга чорлайди. Ниҳоят Аллоҳдан мадад сўраб, илоҳий жумла билан ибтидо топган “Хамса”  буюк Яратганга шукроналик билан якун топади:

Навоий, қилиб Тенгри коминг раво,
Санга рўзи этти ажойиб наво.
Узот Тенгри шукри навосиға тил,
Наво ортуқ истар эсанг, шукр қил!

“Садди Искандарий” мутақориб баҳрининг мутақориби мусаммани маҳзуф  (рукнлари ва тақтиъи:  фаувлун фаувлун фаувлун фаул   V –  –  V –  –  V –  –  V – ) вазнида ёзилган.

Савол ва топшириқлар
1.    Тарихий Искандар ва бадиий тимсол сифатида олинган Искандар фаолиятини қиёслашга ҳаракат қилинг.
2.    Навоий Искандар образи орқали мукаммал шоҳ қандай сифатларга эга бўлиши керак деб ҳисоблайди?
3.    Искандар ва Доро ўртасидаги зиддият сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
4.    Даставвал Искандарга бўйсунмаган ҳукмдорлар кейинроқ ўз ихтиёри билан унга хайрихоҳ бўлиб қолганлари сабаби ҳақида тўхталинг.
5.    “Садди Искандарий” достони умумий “Хамса”нинг якуни сифатида ўзида қандай хусусиятларни намоён қилади?

Адабиётлар:
1.     Алишер Навоий. Садди Искандарий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик.  – Т.: Фан, 1993. 11-жилд.
2.    Navoiy Alisher. Saddi Iskandariy. – T.: G’.G’ulom nomidagi NMIU, 2006.
3.    Навоий Алишер. Садди Искандарий (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991.
4.    Бертельс Е.Э. Роман об Александре и его главной версии на Востоке / Избранные труды. Навои и Джами. – М.: Наука, 1965.
5.    Қаюмов А. “Садди Искандарий”. - Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975.
6.    Эркинов А.С. Навоий – пейзаж устаси. - Т.: Фан, 1988.
7.    Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977. 




“Лисону-т-тайр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари

РЕЖА:
1.    Достоннинг таркибий тузилиши
2.    Достоннинг ғоявий хусусиятлари
3.    Рамзий тимсоллар таҳлили.

“Лисону-т-тайр” достони шоир умрининг сўнгги йилларида, 1499 йилда ёзиб тугалланган. Филология фанлари номзоди Ш.Эшонхўжаев достоннинг илмий-танқидий матнини яратиб, изоҳлар билан нашрга тайёрлаган (МАТ, 12-жилд). Мазкур нашрда достон ҳажман 193 боб, 3666 байтдан иборат.  
“Лисону-т-тайр” достони фалсафий-тасаввуфий мавзуда яратилган бўлиб, улуғ форс-тожик адиби Фаридиддин Атторнинг “Мантиқу-т-тайр” достонига жавобан ёзилган. Алишер Навоийнинг ўзи шу достонида болалик давридаёқ “Мантиқу-т-тайр”ни иштиёқ билан ўқиганлиги ва ёд олганлигини айтади:

Ёдима мундоқ келур бу можаро,
Ким туфулият чоғи мактаб аро.
Ким чекар атфол марҳуми забун,
Ҳар тарафдин бир сабақ забтиға ун...
Манга ул ҳолатда табъи булҳавас,
“Мантиқу-т-тайр” айлаб эрди мултамас.
Топти сокин-сокин ул такрордин,
Сода кўнглум баҳра ул гуфтордин.
Табъ ул сўзларга бўлғоч ошно,
Қилмади майл ўзга сўзларга яно.

“Лисону-т-тайр” достони анънавий тарзда  Муқаддима, асосий қисм ва Хотимани ўз ичига олади. Муқаддима 13 бобдан иборат.
Достоннинг биринчи боби Аллоҳ Ҳамдига бағишланган. Навоий Аллоҳ бу оламни аниқ бир режа асосида бунёд қилганлиги ҳақида ёзар экан, унда ҳеч бир нарса тасодифий яратилмаганлигини айтади. Аллоҳнинг мўъжизаси сифатида бир-бирига зид бўлган тўрт унсур (сув, олов, тупроқ ва ҳаво)ни инсон вужудида бир бутун ҳолда бирлаштирганини таъкидлаб, бутун оламни яратишдан мақсад ҳам инсон эканлигини айтади:

Уйлаким душман яротиб ўтқа сув,
Елни ҳам туфроққа айлаб адув.
Сунъидин кўргилки мундоқ тўрт зид,
Бўлуб инсон хилқатида муттаҳид.
Офаринишдин қилиб инсон ғараз,
Они айлаб халқ ичинда беэваз.

Бобда, шунингдек, Алишер Навоий Аллоҳ инсонни ўз сиридан хабардор қилиб, халифалик тожи билан юксалтирди, шайтонни эса унга сажда қилишдан бош тортгани учун мардуду лаъин (рад этилган ва лаънатланган) қилди, дейди:

Ҳам қилиб ўз сирри бирла ганжи роз,
Ҳам хилофат бирла айлаб сарфароз.
Бўлди саркашликдин онинг офати,
Ажзу туфроғлиқ бу бирнинг рофати.
Бирга ул масжудлуғ берган ўзи,
Бирга бу мардудлуғ берган ўзи.

Достоннинг 2-боби муножотни ўз ичига олади. Бобда Алишер Навоий ўтган умрини сарҳисоб қилар экан, Яратган қошида ўзини беҳад гуноҳкор деб ҳисоблайди:
Аллоҳ, Аллоҳ, ўлтурур шармандалиқ,
Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ.
Юз қаролиғ онча бўлмиш жаҳл аро,
Ким кўзимга қилди оламни қаро.
Қилмадим умрумда бир ракъат намоз,
Сар-басир маҳзи ниёз, эй бениёз.
Ҳаргиз андоқ қўймадим туфроққа бош,
Ким кераклик бўлмағай бошимға тош.
Бермадим ҳаргиз гадоға бир дирам,
То ўзумни кўрмадим соҳиб карам.
Тутмадим отинг қилиб фарзоналиқ,
Сабҳа элдин осмайин юз доналиқ.
Бир амал ҳаргиз риёсиз қилмадим,
Зарқсиз ҳаргиз ўзумни билмадим.
Ўйлаким мендурмен инсон бўлмасун,
Йўқки инсон – деву шайтон бўлмасун.

3-боб пайғамбар Расули акрам мадҳи – наътни ўз ичига олади. Бобда Навоий “Нури Муҳаммадия”  ҳақида фикр юритар экан, бу нур олам яратилишидан ҳам илгари мавжуд бўлганлигини, Одам Атодан Шис пайғамбарга ва шу орқали кўплаб наслларга ўтиб, расули акрамнинг оталари Абдуллоҳга етиб келганлиги ва ниҳоят унинг фарзанди чеҳрасида пайғамбарлик нури сифатида зоҳир бўлганлигини ёзади.
Бобда шунингдек, Расули акрамнинг пайғамбарлик даврларидаги фаолиятлари: кофирларга қарши курашганлари, Лот бутининг ҳолини хароб қилганлари, халққа Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ҳақидаги ҳақиқатни етказганликларига тўхталиб ўтилади. Боб сўнгида Расули акрам ва улар орқали барча яқинлари: саҳоба ва тобеинлар ҳам пок эканликлари айтилиб, уларга салом йўлланади:

Ўзи пок, азвож ила авлоди пок,
Зоти пок, асҳоб ила аҳфоди пок.
Анга ҳар дам юз дуруду минг салом.
Олам аҳлидин ила ёвмул қиём.

4-боб  меърож туни таърифига бағишланган. Унда пайғамбаримизнинг ҳузурларига “Руҳу-л-амин” (Жаброил фаришта) келиб, Яратганнинг хабарини етказгани ва расули акрамнинг Буроқ отини миниб, Аллоҳ ҳузурига кўтарилганликлари, орадаги етмиш қават парда кўтарилиб, бор-йўқ тўсиқлар бартараф бўлганлиги, пайғамбаримиз Аллоҳдан умматларининг гуноҳини сўраганликлари ва Аллоҳ ўз ҳабибининг барча истакларини қабул қилгани ҳақида фикр юритилади.  
Достоннинг 5-боби тўрт халифанинг биринчиси Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ мадҳига бағишланган. Алишер Навоий бу зотни “содиқу сиддиқ” деб атаб, ташбеҳ санъати воситасида пайғамбаримизни ғор ичидаги хазинага, Абу Бакр (р.а)ни эса шу хазинани қўриқлаб ётган аждаҳога ўхшатади:

Содиқу сиддиқу ҳамрози онинг,
Ҳар ёмон-яхшида дамсози онинг...
Ганжким ғор ичра пинҳонлик қилиб,
Аждаҳодек ул нигаҳбонлик қилиб.

Абу Бакр Сиддиқнинг  пайғамбаримиздан кейин халифа имом бўлиб қолганликларини гўё қуёш кетиб, ой қолганлигига нисбат беради:

Ўрниға они расул айлаб имом,
Ой бўлиб хуршидға доим мақом.

6-боб Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ҳақидаги ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятда айтилишича, Абу Бакр Сиддиқ халифалик тахтига ўтирганларида диндан қайтган бир гуруҳ кишилар ислом фарзларидан бири бўлган закотни бекор қилишни талаб қиладилар. Шунда халифа ғазаб билан: “Пайғамбар қонунида бирор ип миқдорича нарсани ҳам ўзгартириш мумкин эмас. Кимки бунга қарши бош кўтарса, уларга жавоб қилич ва ўқдир” деб айтадилар.
Достоннинг 7-боби  Ҳазрат Умар Форуқ мадҳига бағишланган. Алишер Навоий ислом оламида  ҳақни хатодан фарқ қилишда бу кишига тенг келувчи бошқа инсон йўқ эди, дейди:

Ҳақни ботилдин бировким қилди фарқ,
Адли бирла равшан етти ғарбу шарқ.
Ондин ўзга йўқ эди офоқ аро,
Балки ушбу қасри олий тоқ аро.

8-боб  Ҳазрат Умар Форуққа бағишланган ҳикоятдан иборат. Ҳикоятга кўра, Ҳазрати Умар Мадойинни эгаллаганларида, жуда катта хазина йиғилади. Ҳазрати Умар бу хазина ва мол-мулкка қўз қирларини ҳам ташламайдилар: барча хазинани ғазотга чиқувчилар учун бўлиб беришни буюрадилар.   
9-боб – Ҳазрат Усмон (р.а.) мадҳидадир. Ҳазрат Усмон пайғамбаримизнинг икки қизларига уйланганликлари учун “зуннурайн” лақабини олганлар. Алишер Навоий бу зотни Қуръони Каримни тўплаганлари сабаблари халқ Усмон ибн Аффон деб атади дейди:

Тенгри айлаб жомеъи “Қуръон” они,
Халқ деб Усмон бин Аффон они.

10-боб  Ҳазрат Усмон ҳақидаги ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятга кўра, пайғамбаримиз бир куни элдан фароғат истаб,  хилватга кириб, бир оёқларини узатиб ўтирадилар. Уларнинг ҳузурларига баъзи зодагон саҳобалар, айрим азиз ва шариф кишилар кирганларида ҳам уларнинг ҳолатларида ўзгариш бўлмайди. Лекин хонага ҳазрат Усмон киргач, расули акрам узатган оёқларини йиғиб оладилар. Бу пайғамбаримизнинг ҳазрат Усмонга бўлган чексиз ҳурматлари ифодаси эди.     
11-боб мўминлар амири Ҳазрат Али (р.а) мадҳига бағишланган. Навоий бу зотнинг пайғамбаримизга фарзанд даражасида бўлганликларини айтиб, улар орасида “мен сеникиман, сен меникисан” деган аҳд мавжудлигига ишора қилади:

Анбиё сархайлига фарзанд ул,
Хайли одам ичра бемонанд ул...
Иттиҳодида нубувват шамъининг
Сўзи буким сен менингсен, мен сенинг.

12-боб  Ҳазрат Алига бағишланган ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятга кўра, ғазот жангларидан бирида Ҳазрат Алига ўқ тегади. Ўқнинг учи уларнинг суякларигача ботиб, тортиб олишнинг иложи бўлмайди. Шунда саҳобалар пайғамбаримиздан бу ишнинг чорасини сўраганларида, расули акрам “У намоз ўқиётган пайтда ўқни тортиб олиш пайида бўлингиз. У намозга шундай берилган бўладики, ўқни тортиб олганларингни билмай қолади”, - дейдилар. Саҳобалар айтилгандек қиладилар ва Аллоҳ кушойиш бериб, бир лаҳзада жароҳатдан на дарду на ўқ учи қолади. 
13-боб буюк форсигўй адиб Фаридиддин Аттор мадҳига бағишланган. Алишер Навоий сўз ўйини воситасида шоир тахаллусига мажозий нисбат бериб, бу дўконда оламдаги барча бойликлар: дуру гавҳарлар, гулобу мушки анбарлар, ширинликлар жамъ эканлигини айтади:

Ҳар не гардун баҳр ила конида бор,
Онча юз Аттор дўконида бор.

Алишер Навоий Атторнинг ёзган асарлари халқ учун гулқанд каби фойдалидир дейди ва шу муносабат билан унинг асарлари рўйхатини келтиради: “Мусибатнома”, “Илоҳийнома”, “Уштурнома”, “Лужжаи ҳилол”, “Тазкирату-л-авлиё”, “Мантиқу-т-тайр” ва бошқалар. Боб сўнгида Навоий агар Ҳақ мадад берса, мендек гадо Шайх руҳидан ёрдам олиб, қушлар нутқини изҳор қилсам, яъни “Мантиқу-т-тайр”га жавоб ёзсам дейди:

Лек ҳақ тавфиқ берса, мен — гадо,
Шайхнинг руҳиға айлаб иқтидо.
Ўйла қушлар нутқини изҳор этай,
Булбулу тўти киби ғуфтор этай.
Ким халойиқ чун тараннум айлагай,
Қуш тили бирла такаллум айлагай.
Лек сурмак нуктани тўти мисол,
Будур инсоф ўлса, эй фархунда фол.
Ким бу тўти тўъмаси бўлғой шакар,
Ул шакар фикр айласанг бўлғай магар.
Тенгрининг лутфу иноят хонидин,
Яъни, ул Атторнинг дўконидин.

Достоннинг асосий қисми 14-бобдан бошланади. Бир куни барча қушлар мажлис қурмоқ учун йиғилибдилар. Лекин мажлисда ўрин талашиб, жанжаллашиб қолибдилар. Шунда улар агар бир адолатли подшо бўлганда, баҳсга ҳожат қолмаган бўларди, деб ўйлабдилар. Шу вақт Ҳудҳуд деган қуш шундай подшоҳ борлигини, унинг номи Симурғ эканлиги ва Симурғнинг ҳузурига бормоқчи бўлганлар узоқ ҳамда машаққатли йўлни босиб ўтишлари зарурлигини айтади:
Борча олам қушларига шоҳ ул,
Ҳолингиздин мў-бамў огоҳ ул.
Ул ёқин сизга-ю сиз ондин йироқ,
Васл – анга ойин, вале сизга – фироқ.
Йўлида етса талабдин минг тааб,
Ҳам анга етмас киши қилмай талаб.
Лекин ул водий ниҳоятдин узун,
Қатъида офат ниҳоятдин фузун.
Умрлар урмоқ керак тинмай қанот,
Неча каркас умрича бўлса ҳаёт.

Қушлар Ҳудҳуд бошчилигида йўлга тушадилар. Бир неча кун йўл юргач, машаққатли сафар уларни толиқтиради. Улар ортга қайтмоқчи бўладилар ва бирин-кетин Ҳудҳудга ўз узрларини айта бошлайдилар. Дастлаб Тўти узр айтади. Ҳудҳуд унга жавобан “Ҳийлагарликни касб қилган яшил чакмонли киши” билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Тўтидан сўнг Товус узр айтиб, “Тангри мени атрофдагилар кўриб, ҳуснимга таҳсин айтишлари учун яратган, шундай экан, менга бу сафардан не ҳожат”, -  дейди. Ҳудҳуд унга жавобан  масхарабоз бир ҳиндунинг ўзини турли нақшу нигорлар билан безаб, майдонда томоша кўрсатгани, унинг атрофи бир гала бебошлар тўдаси билан тўлгач, назоратчилар томонидан тутиб олиниб, дарра билан савалангани ҳақидаги ҳикоятни келтиради. Ундан сўнг Булбул узр айтади. У ўз чаманидаги бир гулга ошиқлигини, гулдан айрилиққа чидай олмаслиги ва бу сафар унга чексиз ҳажр азобини олиб келаётганлигини баён қилади. Ҳудҳуд унга бир подшоҳга ошиқ бўлиб қолгани ҳақида лоф урган гадо ҳикоятини келтиради. Шу тариқа Қумри, Кабутар, Кабки дарий (Тоғ каклиги), Тазарв, Қарчиғай, Шунқор, Бургут, Куф (Бойўғли), Ҳумой, Ўрдак, Товуқ (Хўроз) каби қушлар ўз узрларини айтадилар. Ҳудҳуд уларнинг ҳар бирига мос ҳолатда турли ҳикоятлар билан жавоб қайтаради.
Қушлар йўлларида давом этадилар. Улар Ҳудҳуддан Симурғга етишиш йўли ҳақида сўрайдилар. Ҳудҳуд уларга достондаги энг катта ва алоҳида мавқега эга бўлган “Шайх Санъон” ҳақидаги ҳикоятни сўзлаб беради.
Ҳикоятда келтирилишича, Шайх Санъон  исмли авлиё Каъбадаги барча шайхларга муршид – устоз даржасида эди. Унинг 400 га яқин муриди бўлиб, уларнинг ҳар бири Жунайд  ва Боязид ларга тенг эди. Шайх Санъон тушида бирор нарсани кўрса, бу воқеа ўнгида ҳам юз берарди. Бир куни у тушида Рум мамлакатида бутхона ичида маст ҳолда сайр қилиб юрганлигини кўради. Уйғониб, бу ҳолига тавба қилади. Лекин бу туш бир неча бор такрор бўлгач, унинг таъбири тақдири билан алоқадор эканлигини ҳис қилиб, ўз муридлари билан Рум сари йўлга тушади. Ниҳоят Рум ўлкасига етиб келишади. У ерда ғаройиб бир бутхонани кўрадилар. Шайх бутхонага киргач, ҳолатида ўзгариш содир бўлади, кўнгли изтиробдан бетоқат бўла бошлайди. Шунда беихтиёр унинг қаршисида юзига парда тортган  тарсо (христиан динига мансуб) қиз пайдо бўлади. Шамол кўтарилиб, гўзалнинг юзидаги парда очилгач, Шайх ўзидан кетиб, тупроққа йиқилади. Шу тариқа Шайх ишқ дардига мубтало бўлади. Навоий унинг изтиробли ҳолатини шайх тилидан шундай тасвирлайди:

Ким:— «Бўлур ҳар лаҳза ранж афзун манга,
Не эдиким қилдинг, эй гардун, манга!

Офиятдин ишқ сори бошладинг,
Юз ёнар ўт ичра олиб тошладинг...

Оллоҳ! Оллоҳ! Не кечадур бу кеча!
Саъб мундоғ, ё раб, ўлғайму кеча!

Ўткарибмен кўп суубат кечалар,
Кўрмадим мундоғ уқубат кечалар!..

Дўстлар, нетти мадад еткурсангиз,
Жамъ ўлуб мен зорни ўлтурсангиз.

То қутулса даҳр оримдин менинг,
Даҳр эли афғону зоримдин менинг.

Жонима, асҳоб, тиғи қатл урунг.
Куйдуруб, ҳарён кулумни совурунг.

То жаҳонда бўйла расво бўлмайин,
Бир ўлай, юз қатла ҳардам ўлмайин!»

Шайхнинг бу мусибатли ҳолатини кўриб, муридлари насиҳатлар бера бошлайдилар. Улар шайхга ақл мезони билан хитоб этадилар, шайх эса ишқ йўсинида жавоб қайтаради. Муридлар унга таҳорат олиб, ибодат қилмоқни маслаҳат берганларида шайх уларга шундай жавоб қайтаради:

Шайх деб:— «Йўқ кўз ёшимдин ўзга сув,
Қон келур ҳардам боғирдин кўзга сув».

Муридлардан бирининг Каъбани зиёрат қилмоқ даркор деган даъватига Шайх томонидан шундай жавоб бўлади:

Шайх дебким: “Онда қилғонни талаб,
Мунда топдим, не чекай ул ён тааб”.

Шу тариқа Шайх ҳар муриднинг куйиниб айтган ўгитларига ишқ сўзи билан жавоб қайтаради.
Бутхонадаги кишилар эса дин аҳлининг бу ҳолатини мазах қилиб, ўз динларининг устунлигини гумроҳларча таъкидлай бошлайдилар. Бу ҳол тонг ёришгунга қадар давом этади. Муридлар номусга чидай олмай, шайхни ёлғиз ташлаб кетадилар. Шайх бутхонадаги болаларга ҳам масхара бўлади. Шу тариқа орадан бир ой ўтади. Ниҳоят, тарсо қизи яна бутхонада пайдо бўлади ва исломдек буюк дин пешвоси Шайхнинг кофирлар бутхонасида бу тарзда яшашидан мақсади не эканини сўрайди. Шайх тарсо қизига ўз ҳолини баён қилиб, буларнинг барчасига сабабчи сенинг оразинг, деб жавоб беради. Тарсо қизи шайх ишқининг далили сифатида унга тўрт шартни бажариши ва икки журмона (жарима) тўлаши кераклигини айтади. Айтилган тўрт шарт қуйидагилар эди:
1)    май ичмоқ;
2)    зуннор боғламоқ;
3)    Қуръонни ўтда куйдирмоқ;
4)    бутпарастлар динига кирмоқ.
Журмона сифатида эса бир йил давомида чўчқабоқарлик қилиш ва оташгоҳда ўт ёқишни буюради. Шайх бу шартлар ва журмоналарни ортиғи билан адо этади. Шу тариқа орадан бир йил ўтади.
Шайхнинг Каъбада бир фоний  муриди бўлиб, Шайх Румга отланганида у бошқа бир мамлакатда сафарда эди. Сафардан қайтгач, Шайхни тополмай, бўлиб ўтган воқеалар ҳақида суриштиради. Муридлар унга аҳволни баён қиладилар. Фоний мурид уларга таъна қилиб шундай дейди:

Шайхким, пир эрдию, сизлар мурид,
Борчаға иршодидин беҳбуд умид...        

Шайхингизга бевафолиқ бошлабон,
Қиблангингизни дайр ичинда ташлабон....

Одами бўлса, вафо андин йироқ,
Ит вафо бобида андин яхшироқ...

Шу тариқа шогирд бу ерда ўтириш билан иш битмайди, деб барча муридларни Рум сари йўлга бошлайди. Етиб бориб, кўрадиларки, Шайхда на ислом, на иймон маслагидан асар қолмаган эди. Содиқ шогирд бу ҳолни кўриб, оҳ уради ва кеча-кундуз Яратганга муножот қилиб, Шайхнинг ҳақига дуо ўқийди ва, ниҳоят, Аллоҳ унинг дуосини қабул этади. Шайхга ғойибдан огоҳлик етиб, кўзларидан хижолат ёшларини тўкиб, садоқатда бемисл бўлган шогирдига узрхоҳлик қилади. Шайх яна эгнига поклик хирқасини кийиб, ўз муридлари билан Каъба сари йўл олади.
Румда қолган тарсо қизи туш кўради. Тушида Исо (а.с.)дан: “Шайх Санъондек буюк муршид сенинг ҳузурингга меҳмон бўлиб келсаю, сен мезбонлик одатини билмасдан унинг бошига не кунларни солдинг?! Энди вақтни ғанимат билиб, унинг ортидан бор, динига мушарраф бўл”, – деган хабар келади. Тарсо қизи оҳ урганча, кўзларидан надомат ёшларини тўкиб, Каъба томон йўлга тушади. Йўлда унга хасталик ва ожизлик юзланиб, тупроқ устида ҳушидан кетади. Шайхга бу ҳол аён бўлиб, муридлари билан ортга қайтади ва тарсо қизининг сўнгги лаҳзаларда иймон соҳибаси бўлиб жон беришига шоҳид бўлади. Алишер Навоий ҳикоят сўнггида ишққа шундай таъриф беради:

Ишқ баҳредурки, йўқ поён анга,
Ҳар ҳубоби гунбади гардон анга...

Оламедур ишқ, лекин бас васеъ,
Торамедур ишқ, лек асру рафеъ...

Шу ўринда Навоий агар унга Аллоҳ умр берса, ўз ишқи шарҳини назмга солиб, бир достон ёзиш нияти борлигини айтади:

Бир неча кун умрдин топсам амон,
Шарҳи ишқим назм этай бир достон.

Анда билгай кимгаким инсофдур,
Ким сўзум чинмудурур ё лофдур.   

Маълумки, тасаввуфда Ҳақни танишнинг икки йўли мавжуд. Биринчиси ҳаяжонли, руҳий кечинмаларни ошкора изҳор этиб бориш майли бўлса, иккинчиси осойишта, ички дардни яшириш майлидир. Биринчи майл “сукра” (мастлик) йўли деб аталиб, унинг йирик намояндалари сифатида Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Абу Саъид Абулхайр, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Бобораҳим Машраб номларини келтириш мумкин.
Иккинчи майл саҳв (ҳушёрлик) йўли деб номланиб, унинг тарафдорлари қаторида Жунайд Бағдодий, Саъдий Шерозий, Бахоуддин Нақшбанд каби ижодкорларларни санаб ўтиш мумкин.
Адабиётшунос олим Н.Комиловнинг фикрича, Шайх Санъоннинг барча диний илмлари ва Қуръонни унутиши бу Ҳаққа етиш учун  дунёвийликдан, жумладан, ақл ва ақлий нарсалардан қутулиш, ўзлигини унутишга ишорадир. Унинг хотираси қайтиши эса, сукрадан саҳвга қайтиш ҳисобланади. Ҳақиқий бақо эса саҳв, яъни ҳушёрликка қайтишдан кейин бошланади. Сукрадаги солик бамисоли денгизга шўнғиб, ғарқ бўлган киши бўлса, саҳвга қайтган денгизга шўнғиб, гавҳар доналарини олиб қайтиб чиққан ғаввос кабидир.   
Ҳудҳуд ҳикоятдан сўнг асл манзилга етиш учун 7 водийни босиб ўтиш кераклигини айтади. Қушлар водийлардан ўта бошлайдилар:
1.    Талаб водийси – қушларнинг Симурғ васлига талабгорлиги билан боғлиқ бўлиб, Навоий бу водийга шундай таъриф беради:

Чун талаб водийсиға қўйсанг қадам,
Оллинга ҳар дам келур юз минг алам...

Истамак ранжи кўнгулни зор этар,
Топмомоғлиғ руҳни афгор этар...

Ламъа кўргузган сойи меҳри висол,
Айлагай шоминг саҳарға интиқол...

Аждаҳодин етмагай кўнглунгда ранж,
Ўйла бўлмиш бўлғай ул машъуф ганж.

Алишер Навоий ҳар бир водий таърифидан сўнг шу водий моҳиятини очиб берувчи ҳикоят ҳам келтиради. Жумладан, асарда талаб водийси билан боғлиқ қуйидаги ҳикоят берилади:
Қадимда бир қудратли подшоҳнинг Юсуфдек гўзал ўғли бўлган экан. Бутун олам аҳли унга ошиқу шайдо бўлиб, агар у қатл этмоқчи бўлса ҳам, кишилар бундан ғам чекишмас экан. Бир куни у саҳрода айланиб юриб, минглаб ошиқи зорларнинг унинг ишқида изтироб чекаётганлигини кўради . Улар орасида икки девона шаҳзоданинг диққатини тортади. Мулозимлар уларни ушлаб қаср томон олиб келадилар. Шоҳ улардан бирини зиндонга ташлаб, иккинчисини ўзига итбоқар қилиб тайинлайди. Шунда улардан бири иккинчисидан бу азоб-уқубат ичида ҳоли қандай эканлигини сўраганида у бу ҳолат машаққат эмас, балки ошиқ учун роҳат эканлигини айтади. Иккинчиси ҳам бу сўзларни тасдиқ этиб, ошиқ ўз маъшуқи васлига талабгор экан, бу азоблар унга фақат мамнунлик бахш этишини баён қилади. Бу сўзларни пана жойдан эшитиб турган шаҳзода бениҳоя хурсанд бўлиб, уларни ўзининг яқин маҳрамларига айлантиради.
Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, талаб водийсига қадам қўйган солик ошиқликдан келадиган жами синовларга, машаққат ва уқубатларга тайёр туриши, маъшуқ васли йўлидаги қийинчиликларни бахту саодат деб қабул қилиши керак. Зеро, бу водийдан мақсад  Яратганнинг васлидир.
2.    Ишқ водийси – бу водийда қушларнинг қалбини Симурғнинг ишқи банд этади, улар ўзларини ва дунёни унутадилар. Алишер Навоий бу водийни шундай таърифлайди:

Ишқ келди машаъли гетифурўз,
Дема машъал шуълайи офоқсўз.

Ишқ аро ҳар кимса дархур бўлмағай,
Ўтқа лойиқ жуз самандар бўлмағай...

Куймаган ишқ ичра эрмас ишқбоз,
Ошиқ эрмас, улки эрмас жонгудоз.

Мазкур водий тавсифи учун ҳазрат Алишер Навоий Асмаъий  билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Ҳикоятга кўра, Асмаъий ҳаж томон кетаётиб, бир чашма бошида ёзув битилган тошни кўради. Тошда шундай деб ёзилган эди: “Эй Ҳижоз аҳли! Бир сирнинг чорасини топсангиз: агар киши ишққа мубтало бўлиб, ишқ уни сабру қароридан жудо этган бўлса, нима қилсин?”
Асмаъий қўлига қалам олиб, ёзув тагига шундай сўзларни битади: “Кимки бу ҳалокатли йўлга кирган бўлса, ундан қўрқмасин”. Бу сўзларни ёзиб бўлиб, Асмаъий  яна йўлида давом этади. Эртасига яна шу жойга келиб қараса, тошда янги ёзув пайдо бўлган экан: “Агар ошиқ пок бўлсаю, ишқини яширин сақласа, лекин муҳаббат шиддатидан тоқати тоқ бўлиб, васлга эҳтиёж сезса, бунинг иложини топмаса, нима қилсин?” Асмаъий бу сўзларни ўқиб, қалами билан шундай деб ёзиб қўяди: “Агар ўша дардли инсон насиҳатларимдан ўз мақсадига эришмаган бўлса, ўлсин ва ишқ ўтидан ўзини халос қилсин!” 
Орадан бир кун ўтиб, ошиқнинг жавобини билиш учун ўша жойга келган Асмаъий чашма ёнида бошини тошга уриб, ҳалок бўлган бир кишини кўради. Асмаъий бу ҳолдан азобланиб, ҳалок бўлган ошиқ учун мотам тутади ва марҳумни қабрга қўяди.
Ушбу ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, ошиқнинг асосий маслаги – ишқ йўлида жисмдан воз кечиш ва ёр учун ўлмоқликни арзимас иш деб билиш. 

3.    Маърифат водийси – бунда қушлар Симурғ ҳақидаги билимлар, ғоялар чексизлигини ҳис этадилар, Симурғни таний бошлайдилар.

Кимки бу водийға бўлди муттасиф,
Топти анда ҳолларни мухталиф.

Водийедур, юз туман минг онда йўл,
Ул бу бир келмай, онингдекким бу ул...

Гар сулук атворида тағйир эди,
Мақсади лекин борининг бир эди.

Водий таърифига илова тарзида қуйидаги ҳикоят келтирилган: Айтишларича, бир куни бир гуруҳ кўрлар тақдир тақозоси билан Ҳиндистонда бир муддат яшаб, ўз юртларига қайтибдилар. Шунда бир киши улардан: “Ҳиндистонда филни кўрдингларми?” – деб сўрабди. Кўрлардан тасдиқ жавобини олгач, филнинг қандай ҳайвон эканини таърифлашларини илтимос қилибди. Шунда кўрларнинг ҳар бири филнинг маълум бир аъзосини пайпаслаб ҳосил қилган тасаввури асосида филни устунга, аждаҳога, иккита суякка, осилиб турган илонга, чўққига, қимирлаб турган икки елпиғичга ўхшатибди. Уларнинг таърифини тинглаб турган филбонликдан хабари бўлган бир киши кўрларга танбеҳ бермасдан, шундай дебди: “Гарчи улар ўз билганларича сўз айтиб, бир-бирларига зид фикрларни келтирган бўлсалар-да, уларнинг айтганлари кечирарлидир. Чунки улар айтган бу сифатларнинг барчасини бир ерга жам қилса, бу жавоблардан фил ҳақидаги муайян тасаввур пайдо бўлади”.
Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, Аллоҳни таниш ва билиш йўли ҳар бир солик учун ўзига хос бўлиб, бу йўллар қанчалик хилма-хил бўлмасин, уларнинг мақсади бир – Яратганни англашдир.  

4. Истиғно (эҳтиёжсизлик) водийсида қушларнинг эҳтиёжманд, Симурғнинг эса эҳтиёжсизлиги тасвири баёнида соликнинг мана шу эҳтиёжсизликни англаб етиш замиридаги ҳолати ифодаланади. Навоий водийни шундай тасвирлайди:

Водий ондин сўнгра истиғнодурур,
Онда тенг аълову гар аднодурур...

Етти кишвар ичра шоҳи қаҳрамон,
Бир гадо онда ҳамону ул ҳамон...

Онда тенг кўр гумраҳу огоҳни,
Дайр кўйи бирла Байтуллоҳни.

Водий моҳиятини ёритиш учун Алишер Навоий шатранж ўйини билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Унга кўра, икки шатранж устаси икки томонга ўтириб, ўртага тахтани қўйган ҳолда унга шатранж доналарини териб чиқишади. Икки ўртада кураш бошланади. Бунда шатранж тахтаси ўраб олинган қалъага,  ундаги кураш эса худди ҳақиқий уруш майдонига ўхшаб қолади. Агар ўйин тугаб, шатранж ўйновчи тахтанинг бир четини кўтарса, буларнинг барчаси бир зумда йўққа чиқади. Чунки шатранж ўйновчи уста учун ўйин тугагач, шатранж доналарининг ҳеч қандай фарқи қолмайди. Шатранж доналари халта ичига солингач, “шоҳ” қуйи тушиши, “пиёда” эса юқорига кўтарилиши мумкин. Хулоса шундаки, Ҳақ наздида барча инсонлар шатранж доналари каби “ҳаёт ўйини”дан сўнг тенг даража касб этадилар.       
5.Тавҳид (бирлик) водийси. Бутун борлиқ ягона руҳ – Симурғдан иборат эканлигини тушуниш:

Чун бу водий сори сайринг қўйди гом,
Фарду яктолиғ санга бўлди мақом...

Бирда бирдин ҳосил ўлди бир адад,
Йўқ хирадқа мунда дам урмоққа ҳад...

Бир бўлу, бир кўру, бир де, бир тила,
Майл қилма мунда иккилик била.

Водий моҳиятини янада аниқ ифодалаш учун Алишер Навоий Мансур Халлож  билан боғлиқ воқеани келтиради. Унга кўра,  Мансур Халлож доим тилида “Анал Ҳақ” жумласини такрорлаб юради. Дин арбоблари: “Сенга юзланган ҳолат сулук аҳлининг кўпига аён, лекин улар одоб сақлаб, ўз даъволарини ошкор қилмаганлар. Сен ҳам нафсингни дорга сазовор қилма”, – деб насиҳат қиладилар. Лекин Мансур Халлож бу жумлани такрорлашдан тўхтамайди. Бир куни у тушида Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг дилидаги “Нега Муҳаммад (с.а.в.) меърож кечаси фақат ислом умматининг гуноҳини сўради, барча осийларнинг гуноҳини тилаганда нима бўларди” деган ўй-хаёли учун унга танбеҳ беради:

Онда менликнинг хаёли йўқ эди,
Балки бу лафз эҳтимоли йўқ эди.

Элтган ул эрди бошлағон ҳам ул,
Истағон ҳам ул, бағишлағон ҳам ул...

Ул эди дегон ўзи, берғон ўзи,
Базл аро сочқон ўзи, терғон ўзи.

Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, Мансур Халлож тавҳид моҳиятини тўла англаб етмагани учун “менлик” хаёли билан “Анал Ҳақ” жумласини  такрорлаб юрар эди. Аслида тавҳид водийсида “менлик”ка йўл йўқ. 
8.    Ҳайрат водийси – Симурғнинг улуғворлигидан ҳайратга тушиб, ақлдан маҳрум бўлиш.
Алишер Навоий мазкур водий ҳақида шундай дейди:

Ҳайрат айлар тилни гунгу лол ҳам,
Ақл зойил, ҳушни помол ҳам...

Йўқни билмас, борини ҳам онгламас,
Не буларни тонглару, не тонгламас...

Фоний эрканнию боқийлиғни ҳам,
Маст эрканнию соқийлиғни ҳам.

Алишер Навоий мазкур водий билан боғлиқ қарашларини ифодалаш учун бир бора васл шаробидан маст бўлиб, ўзини йўқотган ва ҳажрда қолган йигит ҳақидаги ҳикоятни илова қилади. Унга кўра, бир подшоҳнинг ҳуснда ягона қизи тушида бир йигитни кўриб, севиб қолади. Бир куни отасининг базмида у йигитни кўриб, ҳушидан айрилади. Йигит ҳам қизни кўриб, ишқда ёна бошлайди. Подшоҳнинг қизи ўзига яқин бўлган икки маҳрам канизагига ўз сирини очиб, дардига даво топишларини ўтинади. Бу икки канизак жуда устомон ва ақлли бўлиб, ўз маликаларининг ҳажр ўтини бартараф этиш учун йигитни излаб топиб, у билан дўст тутинадилар. Суҳбатларда йигит ўз ишқи ҳақида уларга айтиб беради. Икки канизак базм уюштириб, йигитни чорлайдилар, қўшиқ айтиб, май билан маст қиладилар. Сўнг подшоҳнинг қизи ҳузурига йигитни элтадилар. Йигит у ерда ҳам май ичади, ақлни олгувчи базмда маст бўлади, мутлақо ўзини унутади... Ниҳоят ҳуши ўзига қайтгач, маъшуқа васлининг тушми, ўнгми эканини фаҳм этолмай, паришон бўлади. Атрофдагилар унинг ҳолини сўрашса, мен ҳажр ўтида ёняпман, яна ҳолимни сўраб, азобга солманг, деб жавоб беради. Буюк шоир бу ҳикоятни айнан ҳайрат водийси билан боғлаб келтирар экан, Ҳақ васли сари интилган солик ҳали чинакам висолга эришмай туриб, ундан бениҳоя ҳайратга чулғаниб, ўзлигини унутишига ишора қиляпти. Бу эса ўз ўрнида чинакам дийдор учун солик руҳини тайёрлаш босқичини ўтайди.

7.Фақру фано водийсида ўзликдан воз кечиб, Симурғ билан бирлашиш, абадийликка қайтиш моҳияти мужассам. Навоий бунга шундай таъриф беради:

Йўқ бу водий ичра жуз хомушлуқ,
Гунгу кар бўлмоғлиғу беҳушлуқ...

Ҳар неким қилсанг гумон топғон вужуд,
Буди йўқ, бу навъ эрур бори намуд.

Ғайри ҳақким, қодири барҳақдур ул,
Борча фоний, боқийи мутлақдур ул.

Ушбу водий шарҳида Навоий бир эмас, тўрт ҳикоят келтиради. Улар орасида “Парвоналар ва шам”  ҳикояти алоҳида аҳамиятга эга. Ҳикоятга кўра, бир кеча парвоналар жам бўлиб, шамга етишмоқни мақсад қилишибди. Қанотларини ўтда ёқишга ҳозирлаб, ўз ҳолларини изҳор қилмоқчи бўлибдилар. Парвоналардан бири қанотларини қоқиб, шамда ёна бошлабди ва шам ҳақидаги сўзларни бошқа парвоналарга аён қилибди. Парвона ҳар қанча равшан сўзламасин, эшитувчилар уни англай олмабдилар. Шунда бошқа парвоналар ҳам бу ҳолни англамоқ учун уриниб кўрибдилар ва ўз қанотларини куйдирибдилар. Сўнгги парвона қўрқмасдан ўзини шуълага уриб, пок бўлибди ва ўзи ҳам шуълага айланибди. У ўз мақсади ичра нобуд бўлибди ва фанода айни муддаога эришибди. Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, куймай туриб, шам билан бирликка эришиб бўлмайди. Солик фано бўлмай туриб, абадийликка, Ҳақ висолига эришолмайди. Шоир ҳикоят сўнгида Фоний тахаллусини қўллаш билан водий моҳиятини янада теранроқ, чуқурроқ англатади:
Фониё, лофи фано урмоғни қўй,
Васл эса коминг, фано ўтиға куй.

Эврулуб шамъ ўтиға парвонавор,
Ўзни ташла шуълаға девонавор.    

Ниҳоят водийлар сўнгида фақат ўттиз қуш қолганлиги маълум бўлади. Ўттиз қуш форсчада “Си мурғ” дегани. Бу қушлар қаерга боқмасинлар, у ерда ўзларининг аксларини кўра бошлайдилар:

Кўрдилар ўзни қаёнким тушти кўз,
Оллоҳ-Оллоҳ не ажойибдур бу сўз.
Ким қилиб Симурғни ўттиз қуш ҳавас,
Ўзларин кўрдилар ул Симурғ бас.

Достон сўнгида қушлар ўзларидаги Симурғни кашф этадилар.
Тасаввуф фалсафасига кўра, бу дунё Ҳақнинг тажаллийси – Аллоҳнинг жилоланишидир. Дунёдаги барча мавжудот Аллоҳнинг зуҳуридир. Шу маънода инсон ҳам ўзидаги мана шу заррани кашф этмоғи, бунинг учун эса  жуда узун ва машаққатли йўлни босиб ўтмоғи керак. Бу юқорида келтирилганидек, етти водийдир. Сўнгги водий фақру фано водийси, яъни йўқликка айланиб, Оллоҳга қўшилмоқдир.
Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Симурғ – Ҳаққа етишиш тимсоли. Қушлар – Ҳақ васлига талабгор соликлар тимсоли. Ҳудҳуд эса пири комил рамзи.
Юқорида кўринганидек, “Лисону-т-тайр” достони Фаридиддин Атторнинг “Мантиқу-т-тайр” достонига жавоб тарзида ёзилган. Бир қарашда бу икки достондаги воқеалар ривожи ҳам, ундаги қаҳрамонлар ҳам бир хилдек тасаввур уйғонади. Аслида, ҳар икки муаллиф ғоявий нуқтаи назар ҳамда қаҳрамонларга зиммасидаги бадиий юк жиҳатидан бир-бирларидан фарқланадилар. Адабиётшунос З.Мамадалиева ўзининг “Алишер Навоий “Лисону-т-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими” номли тадқиқотида мазкур икки достондаги рамзий тимсолларни талқин қилиш асносида Навоий достонидаги Ҳудҳуднинг ўзига хос бир неча хусусиятларини кўрсатиб ўтади:
1)    Навоий талқинидаги Ҳудҳуд комил инсон рамзи бўлиш билан бирга муаллифнинг достондаги биринчи рақамли тимсоли ҳамдир;
2)    Навоий тасвирлаган Ҳудҳуд юксак ирфоний масалаларни ҳар бир қушнинг даражасига мос равишда содда ҳаётий воқеалар ва мисоллар билан тушунтириб беради;
3)    Фаридиддин Аттор ўз достонида асар сюжетини ҳеч бир воқеасиз қушларни таърифлаш билан бошлайди, “Лисону-т-тайр”да эса қушларни таърифлаш вазифаси Ҳудҳудга юкланади;
4)    “Мантиқу-т-тайр”да етти водий таърифи келганда Ҳудҳуднинг вазифаси тугайди, лекин Навоий достонидаги Ҳудҳуд қушларни сўнгги водий фақру фано водийсида ҳам қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, тадқиқот муаллифининг фикрича, “Мантиқу-т-тайр”даги ғояга кўра, ундаги қушлар Симурғнинг сояси, холос. Яъни улар Симурғга интилганларидагина аҳамиятли. Қушлар (инсонлар)нинг бу дунёдаги ҳаёти ҳижрон ва айрилиқда. Навоийда эса уларнинг  яратилиши ҳижрон ва айрилиқда эмас, балки Яратганнинг ҳикматидадир. Шу маънода икки достонда ваҳдату-л-вужуд фалсафасининг икки хил талқини акс этганлигини кўрамиз. Аттор достонида қушлар сўнгги водийда Симурғ билан бирлик касб этадилар, Навоий достонида эса риёзат чекиш асносида покланиб, ўзларидаги Симурғни кашф этадилар.                
Достондаги баъзи қушларни рамзий тимсоллар сифатида қуйидагича талқин қилиш мумкин:
Товус – дунё гўзаллигига маҳлиёлик.
Қарчиғай – ҳокимлик қилиш истаги.
Булбул – фоний дунё ошиғи.
Каклик – ўз рафтору амалларига маҳлиё бўлиш.
Бургут – мақсадсиз куч-қудрат.
Товуқ – фикрий, маънавий парвоздан маҳрумлик.
Бундан келиб чиқадики, кўпчилик Ҳаққа етишиш даъвоси билан сулукка кириши мумкин, лекин ҳамма ҳам бу йўлдаги имтиҳон ва синовлардан ўта олмаслиги мумкин экан. 
“Лисону-т-тайр” достони Аттор достони сингари рамал баҳрининг рамали мусаддаси маҳзуф вазни (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилун     – V – –     –  V  –  –     – V – ) вазнида ёзилган.

Савол ва топшириқлар
1.    “Лисону-т-тайр” муқаддимасида “Хамса”да зикр этилмаган қайси тарихий шахсларга бағишланган махсус боблар бор?
2.    Достонда мавжуд рамзий тимсолларни шарҳланг.
3.    Достонда келтирилган водийлар моҳиятини изоҳлашга ҳаракат қилинг.
4.    Достонда Симурғ ва қушлар диалоглари орқали қандай ғоялар илгари сурилади?
5.    Навоий нима учун “Лисону-т-тайр”да айнан Фоний тахаллусини қўллаган?

Адабиётлар:

1. Навоий Алишер. Лисонут тайр. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик.  – Т.: Фан, 1994. 12-жилд.
2. Navoiy Alisher. Lison ut-tayr (nasriy bayoni bilan). – T.: G’.G’ulom nomidagi nashriyot-matbaa uyi, 2005.
3. Лисонут тайр (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991.
4.  Н.Комилов. Тасаввуф. –Т.: Мoвarounnahr – O‘zbekiston, 2009.
5. Бертельс Е.Э. Навои и Аттар / Суфизм и суфийская литература. – М.: 1965. – С.377-421.
6. Имомназаров М. Ҳақиқат ва мажоз (2-3-мақолалар) // Шарқ юлдузи.  – Т., 1989. - № 4; 1991. - № 4.
7. Олимов С. Ишқ, ошиқ ва маъшуқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1992.
8. Шарипов Ш. Алишер Навоий “Лисонут тайр” достонининг генезиси ва ғоявий-бадиий хусусиятлари. – Т.: Фан, 1982. – 96 б
9. Шарипов Ш. “Лисонут тайр” ҳақиқати. – Т.: Маънавият, 1998.
10. Мамадалиева З. Лисон ут-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими. Филол.фан.номз.дисс. – Т., 2011.




Алишер Навоийнинг адабиётшунослик ва тилшуносликка доир асарлари

РЕЖА:
1.    “Муфрадот” – муаммо жанрига бағишланган асар.
2.    “Мажолису-н-нафоис” – туркий тилдаги биринчи тазкира сифатида.
3.    “Мезону-л-авзон”да аруз назариясига доир масалаларнинг ёритилиши.
4.    “Муҳокамату-л-луғатайн”да  туркий ва форсий тил қиёси масалалари.
5.    “Сабъат абҳур” –  араб луғатшунослигига қўшилган ҳисса сифатида.

Алишер Навоий бадиий ижод билан бирга илмий фаолиятни тенг олиб борган буюк мутафаккирдир. Унинг адабиётшунослик, тилшунослик, тарих, дин тарихи ва назариясига доир кўплаб асарлари муҳим маълумотларни қамраб олганлиги, аниқ далилларга асосланганлиги ва объектив хулосаларга эгалиги билан бугунги кун илм-фани учун ҳам ниҳоятда қимматлидир.
Алишер Навоий адабиётшуносликка доир уч асар яратган бўлиб, унинг “Муфрадот” ёки “Рисолаи муаммо” асари ҳижрий 890, милодий 1485 йилда форс-тожик тилида яратилган . Рисола муаммо жанрини ечиш қонун-қоидаларига бағишланган.
Маълумки, муаммо арабча “кўр қилинган”, “яширинган” маъноларини билдирувчи ва бир, баъзан эса икки байтдан иборат мустақил шеър туридир. Муаммода бирор исм ёки нарса-буюм номи беркитилади. Бунда араб ёзувидаги ҳарфларни турлича ўзгартириш йўли билан яширинган сўзлар топилади.   Муаммо 2 хил маъно асосига қурилади:  ташқи (чалғитувчи) маъно ва ички (асосий маъно).
Алишер Навоий “Рисолаи муаммо” асарида ўзидан аввал яратилган асарларнинг мураккаблиги ва улардаги камчиликлар ҳақида гапирар экан, ўз асарида иложи борича уларни бартараф қилишга интилади.  Шоир рисоланинг кириш қисмида ғоят камтарлик билан уни яратишдан мақсад олимлар эътиборига ҳавола қилиш эмас, балки кенг халқ оммаси, хусусан ёш авлодга муаммо сирларини ўргатиш эканлигини таъкидлайди:
“Бу мухтасар асарнинг рисолалар қаторига кириш қобилияти ва бу каминада уни олимлар кўзларига кўрсатиш салоҳияти бўлмаса ҳам, болаларга муаммо амалларини ўрганишларини осонлаштириш учун яраши мумкин”.
Рисоланинг ёзилиш тарихи ҳақида “Хамсату-л-мутаҳаййирин” асарида ҳам маълумот берилади. Асарда айтилишича, бир куни Алишер Навоий ўзидан аввал муаммо ҳақида яратилган асарлар ва улардаги мураккабликлар ҳақида ўйлаб ўтирганида, унинг ҳузурига Абдураҳмон Жомий ташриф буюради. Навоий унга муаммога доир содда ва оддий халқ оммаси учун тушунарли бўлган асар ёзмоқчи эканлигини айтади. Шунда Жомий ўзи ҳам анчадан бери шу ҳақда ўйлаб юрганлигини таъкидлаб, қисқа муддат ичида “Рисолаи муаммои манзум” асарини яратади ва Алишер Навоийга кўрсатади. Навоий асарнинг анча мураккаб (халқ оммаси учун тушунарсиз) эканлигини кўриб, ўзи “Рисолаи муаммо” асарини яратади ва Жомийга туҳфа қилади. Жомий асарни ниҳоятда юксак баҳолаб, ўғли Зиёвуддин Юсуф учун дарслик сифатида тавсия этади.
“Муфрадот” асарида муаммонинг турли услуб ва амаллари ихчам, равон тилда баён қилинади. Муаммо амалларига келтирилган мисоллар ҳам ниҳоятда аниқ ва тушунарлидир.
Асарда АлишериНавоий муаммо амалларини 3 қисмга  ажратади:
1)    аъмоли таҳсилий – ҳосил қилиш амаллари;
2)    аъмоли такмилий – мукаммаллаштириш амаллари;
3)    аъмоли тасхилий – осонлаштириш амаллари.
Навоий аъмоли таҳсилийга таъриф берар экан, унинг интиқод (саралаш) деган турини изоҳлаб, унга кўра сўзнинг баъзи ҳарфларини олиш орқали муаммо ҳосил қилинишини айтади ва ОДАМ исмида
Дили моро чу хоҳй боз жусташ
З–оҳу дарду меҳнат чў нахусташ
(Маъноси:
Дилимизни яна ахтармоқчи бўлсанг,
Оҳ, дард, меҳнатдан биринчисини қидир)
муаммосини мисол қилиб келтиради. Бу муаммони ечиш учун  оҳ,  дард,  меҳнат сўзларининг бош ҳарфлари олинса, ОДАМ исми келиб чиқади.
Шунингдек, МАЛИК исмида
Жониби ҳуру сўйи Кавсару Фирдавс мапўй,
Рухи он моҳу лаби лаълу сари кўяш жўй.
(Мазмуни:
Ҳур, Кавсар, Фирдавс томонига бориб юрма,
Ул моҳ(ой)нинг  юзини, лаъл лабини ва кўчасининг бошини изла)
муаммоси келтирилиб, бунда моҳ, лаъл ва кўча сўзларининг боши, яъни биринчи ҳарфлари олиниши орқали МАЛИК исми келиб чиқиши таъкидланади.
Муаммони ечиш амалларининг иккинчиси аъмоли такмилий, яъни мукаммаллаштириш амаллари деб аталиб, унинг ўзи яна 3 турга бўлинади: таълиф, исқот, қалб. Таълиф (улаш)га кўра, мисрадаги баъзи сўзларнинг бир-бири билан қўшилиши натижасида яширинган исм ҳосил қилинади. Масалан:
Чун бибирад жом ба сўи даҳан,
Қатра зи лаб пок кунад моҳи ман
(Мазмуни:
Менинг ойим жом (қадаҳ)ни даҳан (оғзи) томон олиб борса,
Лабидаги қатраларни тоза қилади)
Бунда  “жом” сўзи “даҳан” (оғиз) томонга, яъни “д” томонга олиб борилади ва  “жомид”  сўзи ҳосил бўлади, иккинчи мисрада назарда тутилган лабдаги қатра, яъни  нуқта тозаланса (олиб ташланса), “Ҳомид” исми келиб чиқади.
Асарда шу тарзда 3 амал, 15 қисм ва 48 та услуб қоидалари ва улар билан боғлиқ ҳолда 121 та муаммо ва уни ечиш усуллари кўрсатиб берилади. Рисолада муаммонинг турли услуб  қоидалари юқорида кўринганидек, ихчам ва тушунарли тилда баён қилиб берилганлиги учун асар ўз даври ва ундан кейин ҳам кенг шуҳрат қозонди.
Алишер Навоийнинг адабиётшунос олим сифатидаги фаолиятини кўрсатиб берувчи яна бир асар бу “Мажолису-н-нафоис” тазкирасидир . Навоий тазкирани 1491-98-йиллар давомида яратади. Тазкирада ХV асрда яшаб, фаолият юритган 459 шоир ҳақида маълумот келтирилади. Алишер Навоий тазкиранинг муқаддимасида асарнинг таркибий қисми ва номланиши ҳақида шундай ёзади: “...чун бу мақсудға етилди, они секкиз қисм этилди ҳар қисми бир мажлисға мавсум бўлди ва мажмуиға “Мажолису-н-нафоис”  от қўйилди”. Тазкирадаги шоирлар мажлис, яъни қисмларга қуйидагича тақсимланган: 1-мажлисда 46 та, 2-мажлисда 91 та, 3-мажлисда 175 та, 4-мажлисда 72 та, 5-мажлисда 21 та, 6-мажлисда 31 та, 7-мажлисда 22 та ва 8-мажлисда Ҳусайн Бойқаро билан боғлиқ маълумотлар келтирилган.
Тазкиранинг биринчи мажлиси “Жамоати маходим ва азизлар зикридаким, бу фақир аларнинг шариф замонининг охирида эрдим ва мулозиматлари шарафига мушарраф бўлмадим” деган ном билан тасниф этилган бўлиб, бунда ҳазрат Навоий ўз тазкирасини “табаррук қилмоқ учун” шайхлардан Хожа Қосим Анвор зикри билан бошлаганини таъкидлайди:
“Ул жумладин солики атвор ва кошифи асрор, яъни Ҳазрати Амир Қосим Анвор (қуддиса сирруҳу)дур. Ҳар неча аларнинг рутбаси шоирлиқ поясидин юқорироқдур ва валоят аҳли зумрасида васфдин тошқарироқ, аммо чун ҳақойиқ ва маориф адосида назм либоси дилпазирроқ учун илтифот қилур экандурлар, таяммун жиҳатидин бу мухтасарни аларнинг шариф исмлари била ибтидо қилилди”
Қосим Анвордан кейин унинг шогирдлари Мир Махдум ва Ҳофизи Саъд ҳақида маълумотлар берилади.
Тазкиранинг  2-мажлисида шоир болалиги ва йигитлик пайтида суҳбатларига мушарраф бўлган шоирлар ҳақида ҳикоя қилинади. Бу мажлис машҳур тарихчи, “Зафарнома” муаллифи Шарафидддин Али Яздий зикри билан бошланади. Мажлисда Алишер Навоий ўзининг тарбияси ва ижодий камолотига алоҳида таъсир кўрсатган зотлар: Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий, Шайх Садриддин Равосий, Шайх Камол Турбатий, Дарвеш Мансур, Ҳофиз Али Жомий, Хожа Юсуф Бурҳон; ўз замонининг таниқли шоирлари: Мавлоно Лутфий, Яқиний, Атойи, Муқимий, Саккокий, шоир тоғалари Мир Саид Кобулий, Муҳаммад Али Ғарибий, фарзанд ўрнида қадрлагани шоир Мирзобек, устози ва дўсти Саййид Ҳасан Ардашер ҳақида маълумот беради. Хусусан, Алишер Навоий Мирзобек ҳақида ёзар экан, унинг жуда эрта вафот этганини, бадиият жиҳатдан етук байтлар битса-да, уларни якунига етказмаганлигини афсус билан баён этади. Хусусан, унинг

Кўзунг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонга қаро бало бўлубтур

деб бошланувчи матлаъсини тугатиб, ўз девонига киритганлигини айтади.  
Тазкиранинг 3-мажлиси ўз даври шеъриятига улкан ҳисса қўшган юксак табъли шоирлари ҳақида бўлиб, буюк шоир Абдураҳмон Жомий зикри билан очилади. Мажлисда, шунингдек, Амир Шайхим Суҳайлий, Абдуллоҳ Ҳотифий, Осафий Ҳиравий, Заве Қозиси каби “Хамса”  достонларига татаббуъ битган ижодкорлар, Сайфий Бухорий каби муаммо ва аруз илмига доир рисола битган ижодкор, Камолиддин Биноий, Гадоий каби соҳиби девон шоирлар ҳақида маълумотлар келтирилади.
4-мажлисда замон фозиллари – шеърда машҳур бўлмасалар-да, аммо баъзан латиф байт айтувчи ижодкорлар ҳақида сўз боради. Алишер Навоий бу мажлисни  камолоти “азҳару мин аш-шамс” (қуёшдан порлоқ) шахс – Паҳлавон Муҳаммад Гўштигир зикри билан бошлайди. Шоир унинг паҳлавонлиги у эришган камолотнинг энг қуйи даражаси бўлиб, мусиқа илмида ўз даврининг беназири эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, назм айтишда ҳам юксак иқтидорга эгалигини айтиб, Ҳусайн Бойқаро Паҳлавон Муҳаммаднинг қуйидаги байтига минг олтин танга туҳфа қилганлигини фахр билан тилга олади:

Гуфтамаш: “Дар олами ишқи ту корам бо ғам аст”,
Гуфт хандон зери лаб: “Ғам нест, кори олам аст”.
(Мазмуни:
Унга айтдимки, сенинг ишқинг оламида ишим ғамдан иборат бўлди.
У кулгу аралаш мийиғида: “ғам эмас, оламнинг ишидир”, деди).
Ушбу мажлисда шунингдек, Хожа Камолиддин Удий, Атоуллоҳ Ҳусайний, Ҳусайн Воиз Кошифий, Мирхонд, Хондамир, Султон Али Машҳадий каби замонасининг фозиллари ҳақида сўз боради.
Тазкиранинг 5-мажлиси Хуросоннинг “табъи назми бор” мирзозодалари зикрида бўлиб, Давлатшоҳ Самарқандий таърифи билан бошланади. Алишер Навоий Давлатшоҳнинг ҳашам ва мол-дунёдан воз кечиб, фақрлик йўлини тутганлиги ҳақида маълумот берар экан, унинг “Мажмаъу-ш-шуаро” (“Тазкирату-ш-шуаро”) асарини мутолаа қилган шахс Давлатшоҳнинг истеъдоди ва камолоти қай даражада эканлигидан хабар топади деган фикрни келтиради. Мазкур мажлисда шунингдек, Мир Ҳусайн Али Жалойир, Муҳаммад Солиҳ, жияни Мир Ҳайдар Сабуҳий, акасининг набираси Мир Иброҳим каби мирзозодалар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади.
Тазкиранинг 6-мажлисида Хуросондан ташқаридаги, хусусан Самарқанддаги фозиллар ҳақида сўз боради. Ушбу мажлис Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳожибек таърифи билан очилади. Алишер Навоий унинг “Вафоий” тахаллуси билан шеърлар битишини, Ҳиротда ҳам ўн йил ҳокимлик қилганлигини, “сурати хуш ва сийрати дилкаш” шахс эканлигини таъкидлаб, жангчи сифатидаги шижоати ва ботирлигини алоҳида таҳсин қилади. Унинг ижодидан қуйидаги матлаъни келтиради:

Гирифти жони ман аз тан ба зулфи пуршикан басти,
Кушоди парда аз рухсори хешу чашми ман басти.
(Мазмуни:
Танимдан жонимни олиб, кўп занжирли сочинг билан боғладинг, юзингдан пардани очиб (у билан) кўзимни боғладинг).
Мазкур мажлисда “Улуғбек Мирзо” мадрасасининг мударриси Хожа Хурд, Низомий “Лайли ва Мажнун”ига татаббуъ битган Хожа Имод Лорий,  Кирмон вилояти ҳокими Амир Маҳмуд Барлос ва бошқалар ҳақида ҳам  маълумотлар келтирилади.
7-мажлис Амир Темур ва темурий ижодкорлар зикрига бағишланган. Унда Соҳибқирондан бошлаб Султон Али Мирзогача жами 22 темурий ҳақида сўз боради.   Тазкиранинг сўнгги саккизинчи мажлиси тўлалигича Ҳусайн Бойқаро – Ҳусайний ижодига бағишланган. 
Алишер Навоий “Мажолису-н-нафоис”да адабиёт майдонида эндигина кўрина бошлаган шоирларни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин:
“Мавлоно Сифотий эмди пайдо бўлғонлардандур, фақир ҳануз ани кўрмайдурмен, аммо шеърин эшитибмен”;
“Мавлоно Асирий ҳам эмди пайдо бўлғон хуштабъ йигитлардиндур” ва бошқалар.
“Мажолису-н-нафоис”да ўша даврда яшаган баъзи аёл шоиралар ҳақида ҳам маълумот келтирилади. Гарчи уларнинг номлари тазкирада алоҳида ижодкор сифатида келтирилмаса ҳам, улар ҳақидаги шоирнинг қайдлари адабиётшунослик учун ниҳоятда муҳимдир. Алишер Навоий тазкиранинг шоир Шайхзода Ансорийга бағишланган фаслида “андоқ зоҳир бўлурким, волидаси ҳам хуштабъдур ва Бедилий тахаллус қилур” деган маълумотни келтирса, Мавлоно Сулаймоний ҳақидаги фаслда Ҳофиз Шерозий ғазалига назира тариқасида ёзилган ва Мавлоно Сулаймонийники деб ҳисобланган шеър ҳақида “Ва машҳури мунундоқдурурким, бу абёт Мавлоно Ҳаким табибнинг хотини Меҳринингдур” деб ёзади.
“Мажолису-н-нафоис” асари кейинги асрлар тазкирачилик тараққиётига самарали таъсир кўрсатди.
Алишер Навоийнинг “Мезону-л-авзон” асари 1492-93 йилларда яратилган . Навоий туркий тилдаги адабиётшунослик масалаларига бағишланган Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунуну-л-балоға” асари билан таниш бўлмагани учун аруз назариясига доир қонун-қоидаларни туркий тилда илк марта баён қилаётганини алоҳида таъкидлайди, хусусан “ғараз бу мақолотдин ва мақсуд бу муқаддимотдин бу эрдиким, чун турк алфози билаким назм воқиъ бўлубдур, анга зобитае ва қонуне йўқ эркондур...” деб ёзаркан, туркий тилда аруз қонун-қоидаларига оид махсус асар йўқлигини айтиб ўтади.
Шунингдек, Алишер Навоий муқаддимада ўзидан аввал яратилган арузга доир манбалар: Халил ибн Аҳмаднинг “Китобу-л-айн”, Шамс Қайс Розийнинг “Ал-мўъжам”, Насириддин Тусийнинг “Меъёру-л-ашъор”, Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи аруз” асарларига тўхталиб ўтиб, уларда мавжуд бўлмаган баъзи доира ва вазнларни ўз асарида келтириб ўтишини айтади. Яъни: “...неча  қоидау доира ва вазнким, ҳеч арузда, мисли фан возии Халил ибни Аҳмад ва илм устоди Шамс Қайс кутубида ва Хожа Насир Тусийнинг “Меъёру-л-ашъор”ида, балки Ҳазрати Махдумий наввара марқадаҳу нуран “Аруз”ларида йўқ эрдиким, бу фақир бу фан усулидин истихрож қилиб эрдиким, бу китобға изофа қилдим”.
“Мезон ул авзон”да дастлаб Оллоҳга ҳамд, пайғамбарга наът айтилгач, Султон Ҳусан Бойқаронинг ушбу асарни ёзишга илҳомлантирганлиги ҳақида сўз боради. Сўнгра Навоий арузнинг “шариф” фан эканлигига тўхталар экан, “Қуръони карим”даги баъзи оятлар ва пайғамбаримиз ҳадисларидаги баъзи жумлаларнинг аруз вазнлари билан мос келиши,  Амир ул-мўъминин Ҳазрат Али девонларидаги шеърларнинг кўпи аруз вазнида эканлигини таъкидлаб ўтади. Кейинги қисмда Навоий аруз вазнининг кашфиётчиси Халил ибн Аҳмад ва “аруз” истилоҳи ҳақида маълумот беради. Шундан сўнг арузнинг назарий қоидаларини баён қилишга ўтади.
Дастлаб аруздаги энг кичик бирлик – жузвлар ҳақида маълумот берилар экан, асарда улар “рукн” истилоҳи остида келтирилади. Рукнлар сони  6 та бўлиб, улар қуйидагилардир: енгил ва оғир сабаб, бириккан ва ажралган ватад ҳамда кичик ва катта фосила.
Жузвлардан сўнг асл рукнлар таърифи келади, улар “асллар” ёки “усул” номи билан берилади. Алишер Навоий асл рукнларни умумий ҳолатда 8 та деб келтиргани ҳолда улардан фақат бештасига тўхталиб ўтади ва ушбу беш асл рукн форсий, шу билан бирга туркий шеърда кўп қўлланилганлиги учун қолган 3 аслга  тўхталиб ўтмаслигини таъкидлайди.
Мазкур асллар таърифидан кейин улардан ҳосил бўлувчи зиҳоф (асл рукнларни турлича ўзгартириш) ва фуруъ (тармоқ рукнлар)га тўхталиб ўтилади. Алишер Навоий зиҳофлар сонини 45 та деб келтиради .    Кейинроқ доиралар таърифига ўтилади. Маълумки, аруздаги доира бу  тузилиш жиҳатидан ўхшаш бўлган баҳрлар гуруҳи бўлиб, асарда 7 та доира келтирилган: “Доираи мўъталифа” (рамал, ҳазаж ва ражаз баҳрларидан тузилган), “Доираи мухталифа” (муқтазаб, мужтасс, мунсариҳ ва музореъ баҳрларидан тузилган), “Доираи мунтазиа” (мушокил, сариъ, жадид, қариб ва хафиф баҳрларидан тузилган), “Доираи муттафиқа” (мутақориб ва мутадорик баҳрларидан тузилган) келтирилади.
5-доира бевосита Алишер Навоийнинг ўз ихтироси бўлиб, бунда Навоий 2-доирадаги 4 баҳр ва 3-доирадаги 5 баҳр - жами 9 баҳрнинг солим (яъни зиҳоф кирмаган, ўзгаришга учрамаган) рукнларини жамлаб, уларни бир доирага киритади ва бу доирани “Доираи мужтамиа” деб атайди. 6-доира “Доираи мухталита” деб аталиб, бу доирага Навоий комил ва вофир баҳрларини киритади ва мазкур баҳрларнинг матбуъ (ёқимли) баҳрлар эканлигини, лекин негадир уларда кам шеър ёзилганлиги ва доира тартиб берилмаганлигини айтади. Демак, бу доира ҳам бевосита арузшуносликка ҳазрат Навоий томонидан олиб кирилган ихтиродир. 7-доира эса уч баҳр – тавил, мадид ва басит баҳрларидан тузилган бўлиб, Навоийнинг ёзишича, бу баҳрлар араб адабиётига хос бўлиб, ажам шеъриятида қўлланилмаган ва махсус доирага киритилмаган.
“Мезону-л-авзон”да жами 19 баҳр, 160 та вазн келтирилган бўлиб, барча вазнларга мисоллар муаллифнинг ўз ижоди маҳсулидир. Фақат асарнинг халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ жанрлар қисмида бир байт Ҳусайн Бойқародан, бир байт “Муҳаббатнома”дан келтирилганлигини кўрамиз.
Навоий вазнларга таъриф берар экан, унга кўпроқ мисолларни ўз ғазалиётидан келтиради. Хусусан, ҳазажи мусаммани солим вазнини таърифлашда

Зиҳи мулкунгнинг ўн секиз мингидин бир келиб олам,
Бу олам ичра бир уйлук қулунг Ҳавво билан одам,

Ражази мусаммани матвийи махбун вазни билан боғлиқ ўринда

Гар аламимға чора йўқ, бўлмаса бўлмасун нетай,
Ваҳ, ғамима шумора йўқ, бўлмаса бўлмасун нетай.

Мутақориби мусаммани маҳзуф вазнида

Очилди чаман, гулъузорим қани,
Сиҳи сарв бўйлуқ нигорим қани?

каби байтларни келтирадики, бу ҳолат Навоий келтирган вазнлар туркий адабиёт учун шунчаки тажриба бўлмай, балки уларда бадиият жиҳатдан юксак ғазаллар ёзиш мумкинлигини кўрсатади.
Навоий туркий тилнинг ривожига шоҳ асарлар яратиш билангина ҳисса қўшиб қолмай, унинг тараққиётини назарий жиҳатдан ҳам бойитди. Унинг бу борадаги хизматларидан бири 1499 йилда яратилган “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асаридир. Мазкур асарида Навоий туркий ва форсий (сорт) тилларини бир-бирига қиёслаш асносида, туркий тилнинг бой ва кенг имкониятларга эга эканлигини исботлади. Шарқ мусулмон адабиётидаги анъанага кўра, Ҳамд ва Наът қисмларидан кейин Навоий дунё тилларидан уч тил (туркий, форсий ва ҳинд) асл ва мўътабар бўлиб, уларнинг вужудга келиши Нуҳ пайғамбарнинг ўғиллари: Ёфас (туркий), Сом (форсий) ва Ҳом (ҳинд) билан боғлиқ деб ҳисоблайди ва  туркий тилни Ёфас орқали пайғамбарлик тожи билан улуғланди, деб ёзади.
Навоийнинг фикрича, араб тили бундай улуғланишга муҳтож эмас, ҳеч шубҳасиз у барча тиллардан мумтоз ва “мўъжизатироз”дир, чунки Аллоҳнинг каломи ва Расули акрам ҳадислари шу тилда яратилган.        
Алишер Навоий икки тилни қиёслаш жараёнида форсий тилнинг кучли билимдони сифатида намоён бўлади, зеро объектив хулосалар чиқариш учун икки тилни ҳам мукаммал билмоқ талаб қилинади. Бу мукаммаллик Навоийнинг
-    форсий тилда муодил (эквивалент)и бўлмаган 100 та феълни келтириши ;
-    турли соҳаларга доир нарса-буюм, табиий ҳодисалар ва ҳайвонларнинг форсий тилда мавжуд бўлмаган номларини бериб, уларнинг баъзилари форсий тил лексикаси таркибига ҳам кирганлиги ҳақида маълумот бериши;
-    тажнис ва ийҳом санъатига асос бўладиган сўзларнинг форсий тилдагига нисбатан кўплигини мисоллар билан исботлаши;
-    туюқ жанрининг фақат туркий шеъриятда қўлланишига эътибор қаратиши;
-    туркий тилда форсий тилда бўлмаган баъзи грамматик шакллар (масалан, биргалик нисбатини ясовчи -иш, орттирма нисбат ясовчи -т қўшимчалари)нинг мавжудлигини мисоллар билан далиллаши;
-    туркий тилнинг фонетик хусусияти қофиядош сўзлар учун форс тилига нисбатан қулайлигини асослаб бериши билан боғлиқ ҳолатларда кўринади.  
Шунингдек, асарда Алишер Навоийнинг ижодий биографияси билан боғлиқ қимматли маълумотлар ҳам келтирилган. Хусусан, туркий тилда яратган асарлари рўйхати уларга асос бўлган манбалар номи билан бирга келтирилиши Навоий асарларининг туб моҳиятини англашда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, унинг “Хамса” таркибига кирувчи достонларнинг ҳар бири учун асос бўлган манбалар қуйидаги тартибда келтирилади:
“Аввалким, «Ҳайрат ул-аброр» боғида табъим гуллар очибдур, Шайх Низомий руҳи «Махзан ул-асрор»идин бошимга дурлар сочибдур.
Яна чун «Фарҳод ва Ширин» шабистонига хаёлим юз тутубдур. Мир Хусрав дами «Ширин ва Хусрав» ўтидин чароғимни ёрутубдур.
Яна чун «Лайли ва Мажнун» водисида ишқим пўя уруб, Хожу ҳиммати «Гавҳарнома»сида нисоримга гавҳарлар еткуруптур.
Яна чун «Сабъаи Сайёра»  расадин замирим боғлабдур, Ашраф «Ҳафт пайкар»ининг етти ҳурвашин пешкашимга яроғлабдур.
Яна чун «Садди Искандарий» асосин хотирим муҳандиси солибдур, Ҳазрати Махдум «Хираднома»сидин кўси ислоҳ ва имдод чолибдур”.   
Алишер Навоийнинг араб тили луғатшунослигига бағишланган асари “Сабъат абҳур” деб аталиб, навоийшуносликда нисбатан кам тадқиқ қилинган асарлар сирасига киради. Асарнинг муаллифи масаласи ҳам кўп йиллар адабиётшуносликда баҳсли масала бўлиб келди. Мазкур мавзуда тадқиқот олиб борган олим Б.Ҳасанов изланишлари самараси ўлароқ мазкур асар ҳазрат Навоий қаламига мансуб деган хулосага келинди. Б.Ҳасанов ўз фикрини далиллашда асарнинг кириш ва хотима қисмида котиб Аҳмад ибн Али Дамашқий Маниний келтирган қуйидаги фикрларни асос қилиб олади: “Бу вақт ва замон ягонаси Хуросон уфқида порлаган қуёш Мир Алишер Навоий тартиби, таълифи, яхшиланиши ва таснифи устида заҳмат чеккан “Сабъат абҳур” мусаввадасидан топилган нарсаларнинг сўнггидир”.
Асарнинг “Сабъат абҳур” – “Етти денгиз” деб аталишига сабаб араб луғатшунослигига мансуб етти китобнинг мазкур асар учун манба бўлганлигидир. Улар қуйидагилардир:
1)    Жавҳарийнинг “Саҳоҳ” изоҳли луғати;
2)    Соғонийнинг “Такмила” луғати;
3)    Замахшарийнинг “Кашшоф” (Қуръон тафсирига оид) асари;
4-5) Ибн Ҳожибнинг грамматикага оид “Муфассал” (иккита муқаддим ва шарҳлари);
6)“Ғаройибу-л-ҳадис” – ҳадис сўзларига тузилган луғатлар.
7) турли муаллифлар,  девон, рисола ва бошқа асарларнинг шарҳлари. Улар шартли равишда “Завойид” номи билан аталган.
“Сабъат абҳур”нинг таркибий тузилиши асосига ўзак тизими (флексия) қўйилган. Араб тилидаги сўзлар (мисол учун катаба – мактуб – котиб – китоб – мактаб)да ўзак чиқариш қоидасига асосан сўз таркибидаги қўшимча унлилар тушириб қолдирилгандан кейин қоладиган маъно ташувчи ҳарфлар маълум бир маъноли ўзакни ташкил қилади (юқоридаги мисолда келтирилган КТБ – катаба). Луғат лексикасининг асосий қисмни уч ҳарфли ўзаклар ташкил қилади (6451 луғат мақола). Миқдор жиҳатдан иккинчи ўринни тўрт ҳарфли ўзаклар эгаллайди (2056 та). Учинчи ўринда беш ҳарфли ўзаклар туради (94 луғат мақола). Араб тилига четдан кирган кам истеъмолдаги сўзлар олти (1 луғат мақола) ва етти ҳарфли (2 луғат мақола) сўзлардир.         
Алишер Навоийнинг мазкур асари араб луғатшунослиги ривожланиши сусайган даврда вужудга келганлиги билан алоҳида аҳамият касб этиб, араб лексикографияси тарихида Жавҳарийнинг “Саҳоҳ” ва Фирузободийнинг “Қомус” луғатлари билан бир қаторда туради.

Савол ва топшириқлар
1.    Алишер Навоийнинг “Рисолаи муаммо” асарининг яратилиш тарихи билан боғлиқ нималарни биласиз?
2.    Муаммо жанрининг хусусиятларини айтиб беринг.
3.    Алишер Навоий муаммо амалларини неча қисмга ажратган? Уларни шарҳлашга ҳаракат қилинг.
4.    Туркий тилда яратилган илк тазкира сифатида қайси асарни тилга олиш мумкин?
5.    “Мажолису-н-нафоис” мажлисларида тилга олинган шоирлар билан боғлиқ  қайси жиҳатларни биласиз?
6.    Алишер Навоий “Мажолису-н-нафоис”нинг 1-мажлисини қайси шоирни зикр этиш билан бошлайди?
7.    “Мажолису-н-нафоис”да адабиёт майдонига кириб келаётган шоирлар хусусида Алишер Навоий қандай фикрлар билдиради?
8.    “Мезону-л-авзон”муқаддимасида Алишер Навоий тилга олган манбаларни санаб бера оласизми?
9.    “Мезону-л-авзон”да жами нечта вазн ва баҳрлар келтирилган?
10.    “Мезону-л-авзон”да Алишер Навоий қайси шоирларнинг байтларидан мисол тариқасида фойдаланган?
11.    “Муҳокамату-л-луғатайн”да Алишер Навоий тилнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ қандай фикрларни илгари сурган?
12.     “Муҳокамату-л-луғатайн”да шоир ўзининг қайси достонлари билан боғлиқ маълумотларни келтириб ўтади?
13.    “Сабъат абҳур” асарининг кам тадқиқ қилинганлиги сабаби нимада деб ўйлайсиз?
14.    “Сабъат абҳур” асарининг бундай номланиши сабабини шарҳлаб беринг.
15.    “Сабъат абҳур”нинг таркибини ташкил этувчи луғат-мақолалар хусусида нима дея оласиз?

Адабиётлар:
1.    Навоий Алишер. Мажолис ун-нафоис.МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1997. 13-жилд.
2.    Навоий Алишер. Муҳокамат ул-луғатайн. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2000. 16-жилд. – Б.6-40
3.    Навоий Алишер.Мезон ул-авзон. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2000. 16-жилд. – Б.42-95.
4.    Навоий Алишер. Муфрадот. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2000. 20-жилд. – Б.367-418.
5.    Зоҳидов Л. Алишер Навоий ижодида муаммо жанри / Масъул муҳаррир: С.Эркинов.- Т.: Фан, 1986.
6.    Зоҳидов Л. Алишер Навоийнинг “Рисолаи муфрадот” асари ва унинг муаммолари: Филол. фан. кандидати  илмий даражасини олиш учун ёзилган дисс.  – Т., 1970.
7.    Орзибеков Р. Муфрадот //Адабий мерос. – Т.,1982.- № 2.
8.    Воҳидов Р. “Мажолисун-нафоис”нинг таржималари /Масъул  муҳаррир: Б.Валиҳўжаев.- Т.: Фан, 1984.
9.    Ғаниева С. Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асари ва Самарқандлик шоирлар // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т., 1970.- № 6.
10.    Ҳасанов Б. Алишер Навоийнинг “Сабъат абҳур” луғати. – Т.: Фан, 1981.
11.    Ҳожиаҳмедов А. Навоий арузи нафосати. – Т.:Фан, 2006.
12.    Юсупова Д. Жомий ва Навоий: арузга доир рисолаларнинг қиёсий таҳлили / Ўзбек филологиясининг долзарб муаммолари. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2010.
13.    Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.



Алишер Навоийнинг диний ва тасаввуфий асарлари
РЕЖА:

1.    “Арбаин”да саҳиҳ ҳадислар таржима ва  талқини.
2.    “Вақфия”да Алишер Навоийнинг ижтимоий фаолияти билан боғлиқ масалалар.
3.    “Назму-л-жавоҳир” рубоийлар тўплами Ҳазрат Алининг “Насру-л-лаолий” асари таржимаси сифатида.
4.    “Сирожу-л-муслимин” асарида ислом динига оид ҳукмларнинг ифодаланиши.
5.    “Муножот”да тавба-тазарру ва Ҳаққа бўлган  ишқ оҳанглари.
6.    “Рисолайи тийр андохтан”да камончиликнинг савобли иш эканлиги тўғрисидаги диний қарашлар.
7.    “Насойиму-л-муҳаббат” тазкирасида тасаввуф масалалари.

Давлатшоҳ Самарқандий Алишер Навоийни “Мир Низомиддин”, яъни “диннинг низоми – қонуни” деб бежиз улуғламаган. Ҳазрат Навоийнинг деярли барча асарларида, хусусан, “Хамса” достонларининг муқаддималарида Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наът, муножот ва Расулуллоҳ с.а.в мадҳининг мавжудлигиёқ бу фикрни тасдиқлайди. Биз қуйида кўриб чиқадиган асарларда Алишер Навоий шариат ва тасаввуф илмининг чуқур билимдони, назариётчиси сифатида намоён бўлади.
“Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) – ҳадисларнинг шеърий  таржимаси бўлиб, анъанавий ҳамд ва наът билан бошланади. Асар муқаддимаси – “Сабаби таълифи манзума”да Навоий устози Абдураҳмон Жомий саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини танлаб олиб, форсий тилда “Арбаъин” яратганини, лекин туркий китобхон бу чашмадан бебаҳра эканлигини айтиб, Жомийнинг рухсати билан шу 40 ҳадисни туркий тилга таржима қилганлигини ёзади:

Форсийдонлар айлабон идрок,
Орий эрди бу нафъдин атрок.
Истадимки, бу халқ ҳам бори
Бўлмағайлар бу нафъдин орий.
Мен демакни чу муддао айлаб,
Ул ижозат бериб дуо айлаб.

Шунингдек, муқаддимада Навоий Жомий ўз асарини ҳижрий 886 (милодий 1486) йилда яратганлигини, у ҳам тез орада устозидан ижозат олиб, асарни бир-икки кун ичида тамомлаганини айтади:

Бир-ики кунки эҳтимом эттим,
Кўз тутардин бурун тамом эттим.

Ушбу маълумотдан Алишер Навоий ўз асарини Жомий билан бир даврда яратган деган хулосага келиш мумкин. Шоир Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларини аввал араб тилида беради ва унинг таржимасини шеърий усулда тақдим этади.
“Арбаъин”нинг асосий қисми “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча, чин мўъмин бўлолмайди” деган машҳур ҳадиснинг навоиёна талқини билан бошланади:

Мўъмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай.
Токки қардошига раво кўрмас –
Ҳар неким ўзига раво кўргай.

Танланган ҳадисларнинг деярли барчаси комил инсон ахлоқига оид қарашларни ўзида акс эттирганини кўришимиз мумкин. Бу ҳадисларда инсонлар яхшилик қилишга чорланади, ёмон иллатлардан қайтарилади, умуман олганда, улар инсоннинг ҳаёт ва жамиятдаги вазифасини англатади. Масалан, “Инсонларнинг энг яхшиси – инсонларга фойдаси тегадиганидир” деган ҳадисни Алишер Навоий туркий тилда шундай ифода этади:

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?
Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Етса кўпрак улусқа нафъ андин.

Кўриб ўтганимиздек, ушбу шарҳ орқали инсоннинг улусга – жамиятга хизмат қилиши улуғланяпти. Машҳур “Курашда ғолиб чиққан паҳлавон эмас, балки ғазаби келганда ўзини енга олган одам паҳлавондир” ҳадисини шоир шундай талқин қилади:

Эмас ул паҳлавонки ўз қадрин
Бош уза элтибон нигун қилғай.
Паҳлавон они билки етса ғазаб
Нафси амморани забун қилғай. 

Мазкур ҳадис инсонни ўз нафси – ғазаби устидан ҳокимлик қилишга чақиради. Алишер Навоий буни таржима қилиш орқали киши жаҳлга қул бўлиб қолишдан сақланиши кераклигини эслатяпти.
Умуман олганда, “Арбаъин” асари инсоннинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу ҳақда шоир асарнинг хотима қисмида айтиб ўтади:

Эрур ул арбаъиннинг аввали ҳол,
Айла бу “Арбаъин” била аъмол.

Асарнинг умумий ҳажми 108 байтдир. Эътиборли жиҳати, кириш (ҳамд ва наът) ва якуний қисмлар бир хил – 5 байтдан иборат.
Асосий қисмда келтирилган шеърлар шакл жиҳатидан қитъа сингари бўлиб, бунда фақат жуфт мисралар қофияланган ва тоқ мисралар очиқ қолдирилган:

Тенгридин раҳм агар тамаъ қилсанг, 
Аввал ўлмоқ кераксен элга раҳим.     
Ҳар кишиким улусқа раҳм этмас,
Анга раҳм айламас раҳими карим.

“Арбаъин” хафиф баҳрининг хафифи мусаддаси солими махбуни маҳзуф ёки мақтуъ (рукнлари ва тақтеъи:  фоилотун мафоилун фаилун ёки фаълун     – V – – / V – V – / V V –  ёки   – –) вазнида яратилган.
Алишер Навоийнинг ”Вақфия” асари 1481-82 йиллар оралиғида яратилган бўлиб, Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти, вақф қилдирган ерлари, қурдирган бинолари ҳақида маълумот берувчи асардир . “Вақфия” Ҳамд, наът ва Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳини ўзи ичига олган каттагина муқаддима билан бошланади. Асарнинг асосий қисмини шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин:
1.Навоийнинг Султон Ҳусайн Бойқаро саройидаги давлат арбоби сифатидаги фаолияти акс этган ўринлар.
2.Навоийнинг хайрия ишлари ва вақф қилдирган мулк, ерлари; вақфия жойлардаги идора усули, хизмат учун белгиланган лавозимлар, тайин этилган маош, ўрнатилган тартиб-қоидалар баёни.
Ҳар бир қисм муайян тарздаги муқаддима ва хотимани ўз ичига олади.   
Асарда Навоийнинг мамлакат ободлиги ва эл-юрт фаровонлигига доир муҳим фикрлари  ҳам ўз ифодасини топган:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.  

Алишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир” асари насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг икки юз эллик беш рақам остида тартибланган араб тилидаги ўгитларининг туркий тилда рубоий шаклида берилган талқинидан иборат.
Асар муқаддимаси ҳамд ва наът билан бошланиб, унда сўз ва унинг қудрати, инсон яратилиши билан боғлиқ диний-тасаввуфий қарашлар баёни келтирилади. Шунингдек, шоир “Назму-л-жавоҳир”нинг ёзилиши билан боғлиқ маълумотларга тўхталади. Ҳар бир фикр сура ва ҳадислардан парчалар келтириб исботлаб борилади, уларнинг таъсирчанлигини ошириш учун тўрт мисраси ҳам қофиядош – таронайи рубоийлардан фойдаланилади.
Шунингдек, муқаддимада шоир анчадан буён Ҳазрат Алининг ўгитларини шеърга солмоқчи бўлиб юрганини, лекин  негадир бунга журъат қила олмаётганлигини айтади. Шоҳ Ҳусайн Бойқаро “Рисола” битгач, унга жавоб тариқасида ушбуни ёзишга қарор қилади. Айнан “Насру-л-лаолий”ни Ҳусайн Бойқаро рисоласига жавоб тарзида таржима қилишида ҳам маъно бўлиб, бу Ҳазрати Алининг Ислом оламида тутган юксак ўрни билан изоҳланади. Ҳусайн Бойқаро даражаси Ҳазрати Алининг мақоми билан қиёс этилади. Бундан ташқари,  ўша даврда Ҳазрат Али ҳикматлари форсий шоирлар томонидан назмга солинган бўлиб, Алишер Навоий улар билан яхши таниш бўлган ва бу анъанани туркий тилда амалга оширишни мақсад қилган .
Алишер Навоий шоҳнинг саховатини, адолатини меҳр билан таърифлагач, Ҳазрат Али ўгитлари талқинларини рубоий тарзида беришини маълум қилади. Мазкур рубоийларнинг тўрт мисраси ҳам қофиядош бўлишида рамзий маъно бор: шоҳ тахтининг тўрт пояси уни кўтариб туради, Каъбатуллоҳни биз тўрт девори бўлганлиги учун тасаввур эта оламиз, фалакнинг тўртинчи қавати қуёшнинг масканидир ва бошқалар:

Ҳар бирини тўрт дурри шаҳвор дегил,
Тўртунчи фалакда меҳр заркор дегил.
Рубъи маскунда Каъбаи осор дегил,
Байтул муқаддасқа тўрт девор дегил.

Сўнг Ҳазрат Алининг ўгитлари “Насру-л-лаолий” (“Сочма дурлар”) деб аталган бўлса, бу таржима “Назму-л-жавоҳир” (“Назм жавоҳирлари”) деб номлангани айтилади, бу сочма дурларни бир риштага – ипга жавоҳир сингари тизилганига ҳам ишорадир ва шоир ушбу байтларини халқ учун манфаатли ва ёқимли бўлишини илтижо қилган мазмундаги 3 рубоийи тароналарини илова қилади.
Асарнинг асосий қисми ўзига хос тузилишга эга. Даставвал,  ҳазрат Алининг араб тилидаги фалсафий ўгитлари келтирилади, сўнг эса туркий тилда рубоий шаклидаги талқин берилади. Биз бу ўринда таржима эмас, кўпроқ талқин атамасини ишлатяпмиз. Чунки Алишер Навоий тўғридан-тўғри таржимани эмас, балки бадиий жиҳатдан бойитилган фикрларни тақдим этади.
“Назму-л-жавоҳир”даги рубоийлар мавзу жиҳатдан ранг-барангдир. Уларда биз ҳаётнинг моҳияти, дўстлик ва севгининг улуғворлиги, инсонийликнинг қадр-қиммати тўғрисидаги нодир фикрлардан баҳраманд бўламиз. Масалан, 100-рубоийга ҳазрат Алининг “Дўстларни зиёрат қилиш муҳаббатни оширади” деган ўгитлари асос қилиб олинган:

Ҳар кимки ҳабибинг ўлса эврул бошиға,
Маҳв ўл юзиға, жонни фидо қил қошиға,
Тош урса, равонингни туфайл эт бошиға,
Таждиди муҳаббат англа бормоқ қошиға.

Кўриб турганимиздек, Навоий ҳазрати Алининг фикрини талқин қилиш баробарида бу фикрни тўлдириб, таъсир қувватини оширувчи ёндашувни беряпти: “Ким дўстинг бўлса, унинг бошига айлан, яъни ҳар бир хаёлу ўйидан хабардор бўл, дийдори учун, қошига бориш учун жон фидо қил. Агар тош урса ҳам унга ўзингни бағишла, унинг қошига бориш муҳаббатни зиёда қилишини англа!”
Ёки 237-рубоийда “Кишининг улуғлиги унинг ҳимматидан билинади” деган фикр шарҳланади:

Ҳар кимсаки иқбол анинг ёваридур,
Ҳар ёнки юз урса, ҳиммати раҳбаридур,   
Ҳиммат дури фахр тожининг гавҳаридур,
Чун ҳиммати одам ўғлининг сарваридур.

Умуман олганда, Алишер Навоий “Назму-л-жавоҳир” асарида ўзининг дунё ва ҳаёт ҳақидаги фалсафасини янада аниқроқ шаклда юксак бадиий маҳорат билан намоён қилади. Биз бу асар орқали шоирни файласуф-донишманд қиёфасида кўрамиз. 
Алишер Навоийнинг “Сирожу-л-муслимин” (“Мусулмонлар нури”) асари соф диний йўналишда бўлиб, ислом дини аҳкомларини ёритишга бағишланган. Асар маснавий шаклида ёзилган бўлиб, ҳажман 197 байтдан иборат. “Сирожу-л-муслимин” ҳамд ва наът, китоб ёзилишининг сабаби, исломга оид фиқҳий ва ақидавий масалалар шарҳи ва хотимани ўз ичига олади.
Ҳазрат Навоий, аввало, Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га салот ва саломларини йўллагач, мазкур китоб назмининг сабаби баёнига ўтади. Даставвал султон Ҳусайн Бойқарога чексиз ҳурматини изҳор этиб, бир воқеани баён қилади. Унга кўра, шоҳ мажлисларидан бирида бир нуктадон инсон Ҳусайн Бойқарога: “Навоийнинг шеърлари жуда ажойиб, ундан баҳраманд бўлган одам яна баҳра олмоқни хоҳлайди, лекин бундан не фойда бор?”, – деган маънода фикр билдиради. Аслида шоир кўпдан буён фиқҳ ва ақидага доир асар ёзишни ният қилиб юрардию, азбаройи юмуш кўплигидан бунга фурсат тополмаётган эди. Самарқанддан бир улуғ инсоннинг Ҳиротга ташриф буюриб, пири муршид Хожа Аҳрор Валийнинг шоирдан диний масалалар шарҳини ёритувчи китоб ёзишни сўраганини айтганидан сўнг Алишер Навоий катта иштиёқ билан ишга киришади:

...Чу сўрди Исо анфоси бу дамни,
Ҳам ул дам азмиға йўндум қаламни...

Алишер Навоий “Китоб назмининг сабаби” қисмида аввал ақида шарҳини, сўнг фарз, вожиб, суннатни баён этишини, бундан аҳли исломга фойда бўлишини айтади:

...Ҳам эткаймен бурун шарҳи ақойид,
Ки, ислом аҳлиға бергай фавойид.
Яна ҳам фарз, ҳам вожиб, сунан ҳам,
Неки ориз бўлур яхши, ёмон ҳам...

Асарнинг асосий қисмида Алишер Навоий ўзи айтганидек, даставвал ақоид ҳамда шариат ҳукмлари шарҳига тўхталади. Бунда шоир ислом аҳкоми икки қисм: ақида ва амал (шариат)дан иборат деб ёзар экан, ақида пок бўлмаса, амалнинг аҳамияти юқори бўлмаслигини таъкидлайди.
Алишер Навоий иймон шартлари сифатида Аллоҳнинг биру борлигига, фаришталарга, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, охират кунига, қадар – тақдирга ишониш кабиларни санаб ўтади.
Кейинги қисмда шоир Аллоҳнинг сифатларини баён этади. Унга кўра, мўмин инсон Аллоҳнинг замон ва макондан муназзаҳ – холи эканига, шериги йўқлигига, унинг безавол илмига, эшитиш ва кўришига, каломига, тақдир эгаси эканига ишониши шарт. Ҳазрат Навоий, шунингдек, Аллоҳнинг ўхшаши йўқ, унинг қудрати ҳар қандай жисмдан холи бўлиб, бандалар каби эҳтиёжманд эмасдур деган ислом ақидасидаги фикрни уқтирар экан, бунга исбот тариқасида “Шўро” сурасидаги 11-оятни келтиради.
Кейинги бобда шоир ислом ақидасидаги – қабр азоби, қабрдаги савол-жавоб, сирот кўприги, тарози, дўзах, жаннат, Расулуллоҳ с.а.в. шафоати, набийлар мўжизалари, авлиёлар каромати ҳақ эканини таъкидлайди ҳамда коҳин ни тасдиқ этиш куфр эканини ҳам айтиб ўтади.  
Ислом ақидаси шартлари баёнидан сўнг Алишер Навоий ислом аҳкомларини ёритади. Бунда шоир ислом дини фарзлари – таҳорат, ғусл, намоз, закот, рамазон рўзаси, ҳаж билан боғлиқ шариат ҳукмларини батафсил баён этади.
Асарнинг хотима қисмида шоир ўз манзумаси инсонлар учун фойдали бўлишидан умид қилиб, мусулмонлар дилини равшан этсин, дея бу китобга “Сирожу-л-муслимин” (“Мусулмонлар нури”) деб ном қўйганлигини айтади.
“Асар арузнинг ҳазажи мусаддаси маҳзуф (мафоийлун мафоийлун фаувлун, чизмаси: V – – –/ V – – –/ V – –) вазнида ёзилган.  
“Муножот” – Оллоҳга илтижо тарзида яратилган насрий асар бўлиб, “Ҳамд”, “Наът” ва “Муножот” деб аталган уч қисмни ўз ичига олади. “Ҳамд”да Аллоҳнинг буюклиги, абадийлиги ҳақида сўз борса, “Наът”да Пайғамбаримиз расули акрам таърифлари кетирилади. Асарнинг “Муножот” қисми бевосита шоирнинг Аллоҳдан нажот сўраб қилган илтижоларига бағишланган. Асарнинг ҳар бир жумласи Аллоҳга мурожаат, яъни “илоҳи” сўзи билан бошланади. Навоий ўзини беҳад гуноҳкор, яратганни пок ва акрам (карамли), ўзини чексиз исёнкор ва Холиқни раҳмли ва меҳрибон деб атар экан, ички қофия, тазод, иштиқоқ санъатларининг бетакрор намуналари шоир ҳис-туйғулари билан уйғунлик касб этганлигини кўрамиз:

Илоҳи, акрам ул-акрамин – сен ва мен – гуноҳкор.
Илоҳи, арҳам ар-роҳимин – сен ва мен тийрарўзгор.
Илоҳи, агарчи журму исёндин ўзга ишим йўқ, аммо сендин ўзга ҳам кишим йўқ...
“Муножот” асари моҳиятан Ҳақ васлига ташна, орифлик мақомига эришган ошиқнинг ҳиссиётларини ўзида акс эттириб, жанрий жиҳатдан назм ва наср хусусиятларини намоён қилади. Асарнинг ўзига хос мусиқий оҳанги, сажъ усулидан маҳорат билан фойдаланилганлиги унинг бадиий жиҳатдан қийматини оширган, деб айтиш мумкин. Мазкур асар ўзининг ғоявий ва бадиий хусусиятлари билан мумтоз адабиётимиздаги шоҳ асарлари сифатида ўз ўрнига эгадир.         
Алишер Навоийнинг тирандозлик – камондан ўқ отиш фазилатига бағишланган “Рисолайи тийр андохтан” рисоласи ҳар бир фикрнинг соф диний далиллар – ҳадис ва ривоятлар билан изоҳланганлиги билан алоҳида характерланади. Рисола ҳажман кичик, муаллиф бунда камондан ўқ узишнинг қанчалик савобли амал эканини асослашга эътибор қаратади.
Рисолада бир нечта ҳадис ва ривоятлар келтирилган бўлиб, улар қуйидагилардир :
•    Ҳазрат Одам Ато алайҳиссалом шайтон ҳийласи билан жаннатдан ерга туширилгач, Аллоҳнинг амри билан деҳқончлик қилади – буғдой экади. Аммо қарғалар экилган буғдойни кавлаб еб қўя бошлагач, Худога муножот қилади. Шунда Худо камон ва ўқ юборади.  Ёйдан ўқ отишни фаришта Жаброил (алайҳиссалом) Одам алайҳиссаломга ўргатади. Одам Ато алайҳиссалом қарғаларга отган биринчи ўқи тегмайди, фаришта Жаброил алайҳиссалом табассум қилади, иккинчи бор отилган ўқ нишонга тегади, шунда Жаброил алайҳиссалом ўз табассумини қўйидагича изоҳлайди: “Агар илк ўқинг нишонга текканида қиёматгача ҳеч нарса болаларинг қўлидан қутулмас эди”.
Шундан кейин ҳазрат Навоий ўқ отишни Худонинг лутфи, Одам Сафий алайҳиссаломнинг мўъжизаси деб хулоса қилади.
•    Шайхлардан Шафиқи Балхий жон бериш чоғи ўқ-ёй олиб келиб ўқ отади. Дўстлари буни кўриб “Шайх шифо топибди” деб хурсанд бўлдилар. Шунда шайх ўз ҳолатини: “Умрим охирлабди, шунда бир яхши амал қилгим келди. Бирор амални ёйдан ўқ узишдан кўра яхшироқ деб топмадим. Чунки ўқ отишда савоб кўп”, – деб изоҳлайди.
•    “Кимки, камончиликни ўрганиб, сўнг тарк этса, суннатимдан юз ўгирган ҳисобланади. У мендан эмас”.
•    Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам камончиликнинг фазилатини кўп айтдилар. Саҳобалар камондан ўқ отишнинг савобини қанча миқдорда едб сўрадилар. Шунда У Зот алайҳиссалом: “Агар камончиликнинг савобини айтсам, халқ тирикчиликни ташлаб, камондан ўқ отишга берилиб кетади. Бир соат ўқ отишнинг савоби эллик йиллик тоат савоби билан тенгдур. Агар ким ўқ отса, Аллоҳ унга жаннатийлар савобини беради, нишонга тегизса, жаннат эшигини очиб, бир ҳурни унга атайди”. 
•    Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом борар эдилар. Саҳоба Саъд Ваққоснинг ўз фарзандларига камондан ўқ отишни ўргатаётгани устидан чидилар.  Расулуллоҳ томоша қилиб турдилар. Шу пайт бир йигит келиб, ёйан ўқ узди. Расули Акрам саллолоҳу алайҳи ва саллам хушнуд бўлдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: “У йигит келганида гуноҳлари кўп эди, ўқ отди – гуноҳлари тўкилди, шунинг учун шодландим”, – деб изоҳ бердилар.
•    “Агар бир жойга масжид қуриладиган бўлса, у ер менда масжид қурадилар деб 40 йил олдин шодланади. Агар бир ерда ўқ отиладиган бўлса, у ер менда ўқ отилади деб 80 йил илгари хурсанд бўлади”.
•    Али каррамаллоҳу важҳаҳу гоҳо яланг бош ва яланг оёқ ўқ келтирар эдилар. Бир куни Саъд Ваққос ўқ отар эдилар. Жаброил алайҳиссалом келдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом мен учун ўқ от дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом мен учун ҳам Саъд ўқ отсин деди. Саъд Ваққос ўқ отдилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом Худойи таоло номи учун ўқ отгил дедилар. Саъд ўқ отдилар. Саҳобалар нишонга бориб, икки ўқни топиб, учинчисини тополмадилар. Жаброил алайҳиссалом айтдиларки: “Ё Муҳаммад, у ўқни топмасинлар. Бу ўқ жаннатда Саъд Ваққос учун ер олиб турибди”.
Кўриб ўтганимиздек, Навоий камондан ўқ отишнинг қанчалик савобли амаллардан эканлигига асосий урғуни қаратади. Бу бежиз эмас, чунки ўрта асрларда юрт ҳимояси аскарларнинг фидойи ва жасурлиги ҳамда бевосита қуролларни, айниқса, камонни маҳорат билан ишлата билиши билан таъминланган. Мазкур асар Ватан ҳимоясига чоғланган йигитларни ўз ишларининг Тангри ва пайғамбар томонидан севилган, маъқул кўрилган амал эканлигига ишонтиришга хизмат қилган.
“Рисолайи тийр андохтан” асари фақат диний далиллардан иборат ҳамда баён тилининг бошқа илмий асарларидан содда ва тушунарли эканлиги, бадиий бўёқдор эмаслиги билан алоҳида характерланади. Бу ҳам асарнинг омма учун махсус бағишланган дейишга асос беради.  
Алишер Навоийнинг “Насойиму-л-муҳаббат” (тўлиқ номи “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” – “Мардлик хушбўйликларини  таратувчи муҳаббат шабадалари”)  асари  1495-96 йилларда яратилган бўлиб,  Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазароту-л-қудс” (“Дўстлик таровати”) асарининг ижодий таржимасидир.
Асарнинг танқидий матни муаллиф яшаган даврда кўчирилган нусха асосида 1996 йил Туркия (Анқара)да Камол Эраслон томонидан яратилган. 2011 йил навоийшунос олим Ҳ.Исломов ҳам мазкур асарнинг илмий-танқидий матнини яратиб, чоп қилдирди.   
Абдураҳмон Жомийнинг  “Нафаҳот ул-унс” асарида 616 та шайх ҳақида маълумот келтирилган. Ҳазрат Навоий бу маълумотларни қайта ишлаб, тўлдириб, шайхлар сонини 770 тага етказади, улардан 35 тасини авлиё аёллар ташкил этади.
Адабиётшунос олим Н.Рамазонов “Насойим”нинг ўзига хос хусусиятларига доир” мақоласида  “Насойиму-л-муҳаббат” ва “Нафоҳату-л-унс”ни қиёслар экан, ҳазрат Навоий тазкиранинг кириш қисмини таржима қилмасдан ўзи ёзганини маълум қилади.    
“Насойиму-л-муҳаббат” муқаддима (ҳамд, наът ва асар ёзилиш сабаби,  “Бу тоифа муқаддима тамҳиди”, “Бу тоифа аъмолу афъоли ва муомилату риёзотидин баъзини зикр қилмоқ”), 770 шайх зикрини ўз ичига олган асосий қисм  ва хотимадан иборат.
Ҳазрат Навоий асарнинг ёзилиш сабаблари ҳақида тўхталар экан, Жомий ва ўз тазкираси ўртасидаги фарқларни айтиб ўтади. Унга кўра:
- “Нафоҳату-л-унс”да Фаридиддин Атторнинг “Тазкирату-л-авлиё” асаридаги баъзи авлиёлар тушириб қолдирилган, Навоий эса уларни ўз тазкирасида зикр қилган;
- Жомийда ҳинд ва турк машойих (шайх)ларига кенг ўрин ажратилмаган, лекин ҳазрат Навоий мумкин қадар уларнинг барчасини ўз асарида акс эттиради;
Шунингдек, шоир “Насойиму-л-муҳаббат”да Абдураҳмон Жомий ва унинг замондоши бўлган валий зотлар ҳаёти ва фаолиятини ҳам ёритганини маълум қилади.
“Бу тоифа сулукида муқаддима тамҳиди” деб аталган қисмда Навоий инсон яратилиши сабаби, Аллоҳнинг ҳикмати, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳаққа ҳабиб эканлиги билан боғлиқ тушунчаларни баён қилади. Алишер Навоий Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг пайғамбарлик эшиги беркитилган бўлса-да, мўминлар пок эътиқод, тақво билан Аллоҳга дўстлик – валийлик мақомига эришишлари мумкин, чунки “Олимлар – пайғамбарларнинг ворисларидир”, валий зотларнинг барчаси Аллоҳ йўлида собит бўлган зотлардир, улар халқни тўғри йўлга бошлайди, деб таъкидлайди.
Муқаддиманинг  “Бу тоифа аъмолу афъоли ва муомилату риёзотидин баъзини зикр қилмоқ” деб номланган қисми авлиёларнинг аъмоли – амаллари, афъоли – феъл-атвори, муомилоту риёзати – муомаласи (халқ билан муносабати) ва Ҳақ йўлида чекадиган машаққатларини ёритишга бағишланган. Унда валий зотлар билан боғлиқ луқма ҳалоллиги, шариатга амал қилиш, имон калимасини руҳга сингдириш, беш вақт намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилиш, одоб, ҳилм,тақдирга ризо бўлиш ва сабр қилиш, сидқ – ростгўйлик, риёзат чекиш каби амаллар келтириб ўтилади. Бу фазилатли амаллар оддий одамларникидан фарқ қилади. Асарда келтирилишича, имон калимаси – калимаи шаҳодатни ҳамма чин дилдан айтиши мумкин, лекин валийлар бу каломни айтиб, ҳушларини ҳам йўқотишлари  мумкин. Ёки шариатда закот молнинг қирқдан бир қисмини фақирларга бериш билан амалга оширилса, валийлар қўлидаги нарсанинг ортиғи билан эҳсон қилишни закот деб билишлари ҳақида ибратли фикрлар келтирилади (шайх Абу Бакр Шиблийнинг бир фақиҳга берган жавоби мисолида).
Бундан ташқари, луқма ҳалоллигига эришиш учун ҳар бир валий зот ўз касби корига эга бўлган. Масалан, Шайх Абу Саид Харроз, Хожа Абдуллоҳ Ансорийлар этикдўзлик, шайх Муҳаммад Саккок пичоқчилик, шайх Абу Ҳафз Ҳаддод темирчилик билан машғул бўлганлар.   
Ислом ақидасига кўра мўъжиза ва каромат ҳақдир. Мўъжиза пайғамбарлар томонидан Аллоҳнинг қудрати билан амалга ошириладиган ва инсон ақли етмайдиган ҳодисалар бўлса, авлиёларнинг бу каби ишлари каромат дейилади. Булар умумий хавориқи одат – ғайриодатий, ғайритабиий ишлар, деб аталади.  Масалан,  дуолар ижобати, ғайб сирларидан огоҳ бўлиш, инсон кўнглидаги ўйни англаш, сув ва таомсиз рўза тутиш, бир лаҳзада дунёнинг у четидан бу четига бориб қолиш каби оддий инсон ақли учун ғайритабиий бўлган ҳолатлар авлиёларга хос бўлиб, уларни кўп ошкор қилмаслик валийнинг юксак мақомини билдиради.
Шундан сўнг бевосита валийларнинг номлари ва таржимаи ҳоли билан боғлиқ маълумотлар келтирилади. Номи зикр этилган илк валий зот – авлиёлар султони деб улуғланган Увайс Қаранийдир. Увайс Қаранийнинг  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга ғойибона ошиқ бўлганлиги, унинг кучли ва мустаҳкам муҳаббати барча ислом уммати учун ибрат ҳисобланади.        
Асарда авлиёларга доир маълумотлар турли ҳажмда бўлиб, баъзилари ҳақида бир жумла билан кифояланилса, баъзи шайхлар таърифига кенг ўрин ажратилади. Авлиёларнинг таржимаи ҳолидаги маълумотлар муайян мезонларга эга эмас: айрим шайхларнинг яшаган йиллари, жойлари, касби корлари ва ҳоказолар билан боғлиқ маълумотлар батафсилроқ келтирилса, баъзиларининг фақат каромат ёки ўгитларидан парча берилади.
Тазкирада асосий эътибор валий зотнинг амалига қаратилган. Ҳар бир авлиё шариат ҳукмларини сўзсиз ва итоат билан адо этиб, Ҳақ васли талабида мол-дунё ташвишидан, ўз борлигидан мутлақо воз кечади. Бу дунёга заррача муҳаббат қўйиш Ҳақ ишқига соя солади, деб эътиқод қилинади. Ҳар бир авлиё ҳақидаги маълумотлар таркибида араб тилидаги байтлар, ҳикматли фикрлар бериб борилади.
“Насойиму-л-муҳаббат” таркибида тилга олинган авлиёлар орасида исломдаги тўрт мазҳаб бошлиқлари – имом Аъзам, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад ибн Ханбалдан тортиб Муҳаммад Ғаззолий, Баҳоуддин Валад, ўғли Жалолиддин Румий, Румийнинг ўғли Султон Валад каби буюк зотлар ҳақидаги турли қизиқарли, ибратли ҳикояларга дуч келамиз. Ушбу авлиёлар ҳақидаги маълумотлар илмий асосга эга бўлиб, тасаввуф тарихини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади (Масалан, Жалолиддин Румийга болалигида Фариддин Аттор ўзининг “Асрорнома” асарини ҳадя қилиши ёки Шамсиддин Табризий ва Румий учрашуви билан боғлиқ маълумотлар).
Умуман олганда, ҳазрати Алишер Навоийнинг авлиёлар таржимаи ҳолига бағишланган мазкур “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” асари шоирнинг етук мутасаввиф олим сифатидаги фаолиятини кўрсатувчи муҳим манбадир.
Алишер Навоийнинг мазкур диний йўналишдаги асарларини ўрганиш орқали унинг динга бўлган муносабати, эътиқоди билан боғлиқ муайян маълумотлар олиш билан биргаликда, унинг ислом илмларининг етук билимдони эканлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қиламиз. Бу улуғ шоирнинг ўз даври ижтимоий ҳаётида тутган ўрни нечоғлик муҳим бўлганлигини белгилаб берувчи ўзига хос омил эканлиги билан аҳамиятли саналади.

Савол ва топшириқлар
1.    Алишер Навоийнинг саҳиҳ ҳадисларни тўплаб, таржима қилиши сабаблари ҳақида нима дея оласиз?
2.    “Абаъин”да тўпланган ҳадислар мазмун-моҳиятан қандай характерга эга?
3.    “Вақфия” асари Алишер Навоийнинг бошқа асарларидан ўзининг қайси жиҳатлари билан фарқланади?
4.    “Вақфия”да Алишер Навоий асосий эътиборни қайси жиҳатга қаратган?
5.    “Назму-л-жавоҳир” асарининг яратилиш тарихи билан боғлиқ маълумотларни келтиринг.
6.    “Назму-л-жавоҳир”даги фикрларнинг айнан таронаи рубоий шаклида келтирилганлиги боиси нимада деб ўйлайсиз?
7.    Алишер Навоийнинг “Сирожу-л-муслимин” асарининг хос хусусиятлари қайси ўринларда намоён бўлади?
8.    Алишер Навоий “Муножот”и унинг “Хамса” достонларининг муқаддима қисмида келтирган муножотларидан мазмунан қайси жиҳатлари билан фарқланади?
9.    “Рисолайи тийри андохтан” асарининг моҳияти нимада деб ўйлайсиз?
10.    “Насойиму-л-муҳаббат” тазкирасининг “Нафоҳату-л-унс”дан фарқланувчи хусусиятларига тўхталинг.
11.    “Насойиму-л-муҳаббат” асарининг илмий жиҳатдан аҳамияти қайси ўринларда намоён бўлади?

Адабиётлар:
1.    Навоий  Алишер. Вақфия. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик.  – Т.: Фан, 1998. 14-жилд. – Б. 231-270.
2.    Навоий  Алишер. Арбаъин. Сирож ул-муслимин.Муножот. Рисолаи тийр андохтан. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик.  – Т.: Фан, 2000. 16-жилд. – Б.261-308.
3.    Навоий Алишер. Вақфийя / Нашрга тайёрл. И.Шамсимуҳамедов.  – Т. : Фан, 1991.
4.    Муножот   / Нашрга тайёрл. ва луғатлар муаллифи: Суйима Ғани қизи. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991.
5.    Арбаъийн / Нашрга тайёрл. Каримбек ва Саидбек Ҳасан; Шарҳловчи А.Рустам. – Т.: Мерос, 1991.
6.     Арбаъин: Қирқ ҳадис шарҳи /  Сўз боши муаллифлари ва шарҳловчи: Қ.Аҳад, О.Маҳмуд.  – Т. : Адабиёт ва санъат, 1995.
7.    Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент.: Movarounnahr – O’zbekiston NMIU, 2009.
8.    Қаюмов А. Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар. – Т.:  MUMTOZ SO’Z, 2011.
9.    Рамазонов Н. “Насойим”нинг ўзига хос хусусиятларига доир / Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001.
10.    Ражабова М. “Назм ул- жавоҳир” тарихига оид муҳим манба / Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий-назарий анжуман материаллари). – Т.: Ўзбекистон, 2011.
11.    Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977. 
12.    Шамсимухамедов И.У. “Вакфийе” Алишера Навои как литературный памятник: Дисс. на соискание канд филол. Наук.  -  Т., 1991.
13.    Исламов Х. И. “Насойимул муҳаббат” Алишера Навои и его науч-но-кртиический текст:  Дисс. на соискание канд филол. наук . – Т., 1990.




Тарихий, ёднома ва турли мавзудаги асарлари

РЕЖА:
1.    “Зубдату-т-таворих” мумтоз тарихнавислик манбаси.
2.    Навоий ёдномалари – мемуар жанрининг юксак намунаси сифатида.
3.    “Муншаот” асарининг туркий эпистоляр жанри тарааққиётидаги ўрни.
4.      “Маҳбубу-л-қулуб” ахлоқий-таълимий асар.
Алишер Навоийнинг олим сифатидаги фаолияти унинг нафақат тилшунослик, адабиётшунослик, балки тарихшуносликка доир асарлари билан ҳам белгиланади. У ушбу фан тараққиётига ўзининг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” ҳамда “Тарихи мулуки ажам” асарлари билан улкан ҳисса қўшди .  
Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” рисоласи ислом дини манбаларига асосланган асар бўлиб, пайғамбарлар – расул ва набийлар ҳамда ҳаким зотлар – алломалар тарихига бағишланган. Шу маънода асарни шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин:
1.    Анбиё – пайғамбарлар тарихи.
2.    Ҳукамо – ҳаким зотлар тарихи.
Даставвал, Одам Ато (а.с.) қиссаси ҳикоя қилинади. Унда Одамнинг яратилиши, Иблиснинг Олий Даргоҳдан қувилиши, сўнг Одам ва Момо Ҳаввонинг ер юзига туширилиши билан боғлиқ ҳикоялар келтирилади.
Ҳазрат Навоий пайғамбарларни анъанага биноан икки гуруҳга бўлади: расул ва набийлар. Расулларга Аллоҳ китоб ва саҳифа нозил қилган бўлиб, улар “мурсалин” номи билан аталади. Набийлар эса фақат ваҳий олган пайғамбарлар бўлиб, уларга китоб нозил қилинмаган (туширилмаган).  
Алишер Навоий пайғамбарлар ҳақида сўзлаб, уларнинг яшаган даврларига тўхталади, аниқ йилларни келтиради (Масалан, Маҳойил бинни Қинон 865 йил яшаган). Шунингдек, пайғамбарларнинг аҳли аёли, фарзандлари, касбу кори ҳақида маълумот берилади. Пайғамбарзодаларнинг ҳаммасига ҳам пайғамбарлик мақоми берилмаган, уларнинг баъзиларигагина Аллоҳдан ваҳий тушган. Масалан, Одам Атонинг невараси Ануш, унинг ўғли Қинон кабилар бу шарафга ноил бўла олмаганлар. Шу тариқа муаллиф олтмишдан зиёд пайғамбар ва пайғамбар авлодларининг ҳаёти, таржимаи ҳолини батафсил ёритади.
Зикр этилганлар сирасида “Қуръон”да номи тилга олинган барча пайғамбарлар, Луқмони Ҳаким, Зулқарнайн каби ваҳий тушган ё тушмагани ихтилофли бўлган валий зотларни ҳам кўришимиз мумкин. Мазкур асарда бир замонда бир неча пайғамбарлар яшагани ҳам айтилади. Масалан, Исҳоқ (а.с.) вафот этган йили Юсуф а.снинг Миср ҳокими бўлгани ва ҳоказо. Шунингдек, “Қуръон”да тилга олинган “Асҳоби каҳф” қиссаси ҳам мазкур асардан ўрин олган.
Пайғамбарлар қиссаси ҳажман ўзаро фарқланади. Баъзи пайғамбарлар, масалан, Хизр (а.с.) ҳақида қисқа маълумот билан чекланилса, Юсуф (а.с.), Иброҳим (а.с.), Мусо  (а.с.) ва Исо (а.с.)ларнинг ҳаётига доир жуда кўп воқеалар баён қилинади. Алишер Навоий Юсуф (а.с.) ҳақидаги қиссани баён қилишга киришаркан, Фирдавсий Тусий ва Абдураҳмон Жомийлар ҳам мазкур мавзуда достон ёзганларини айтиб, ўзининг ҳам туркий тилда маснавий ёзиш нияти борлигини билдириб ўтади.
Мазкур қисмда келтирилган маълумотларнинг бош манбаси Қуръони карим бўлиб, муаллиф ўз фикрларини асослаш учун муайян оятларни ҳавола қилиб боради. Яна бир эътиборли жиҳати, Алишер Навоий пайғамбарларнинг иймони, сабри ва юксак фазилатларини алоҳида тасвирлайди. Масалан, Айюб (а.с.)нинг бошига тушган ташвиш ва балолар ҳам уни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсмаганини айтаркан, бу билан севги ва дўстликнинг собит бўлиши ҳақидаги ғояларини баён қилади.
Асарда ҳар бир пайғамбар қиссасидан сўнг муайян шеърий парчалар келтирилади. Шоир уларни “маснавий”, “рубоий”, “байт”, баъзан эса “шеър” ёки “назм” номлари остида бериб боради. Мазкур шеърий парчаларда қиссаси ҳикоя қилинган пайғамбар номи тилга олинади ва фалсафий хулосалар чиқарилади.
Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг иккинчи қисми ҳукамолар тарихига бағишланган бўлиб, бу қисм умумий асарнинг тахминан тўртдан бир қисмини ташкил этади. Ҳукамолар тарихи анбиёларникига нисбатан қисқа бўлиб, умумий маълумотлар билан чекланилган. Алишер Навоий Луқмони ҳаким, Фишоғур (Пифагор), Жомосб, Буқрот (Гиппократ), Буқротис, Суқрот (Сократ), Афлотун (Платон), Аристотилис (Арасту), Балинос, Жолинус (Гален), Батлимус (Птолемей) каби юнон файласуфлари ва Содиқ, Бузургмеҳр каби форс ҳакимларининг, жами ўн уч нафар олимнинг тарихини қисқача ёритади. Ҳар бир ҳикоядан кейин анъанавий тарзда бир байт шеър илова қилиб борилади. 
Биз мазкур асардаги пайғамбарлар билан боғлиқ анъанавий воқеаларни “Қисаси Рабғузий” ва “Шажарайи турк” каби туркий тилда яратилган бошқа кўплаб асарларда ҳам учратамиз. Умуман олганда, Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асари дин тарихига бағишланган асар бўлиб, бу ўринда муаллиф дин тарихи ҳамда юнон фалсафаси билимдони сифатида намоён бўлади.
Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” (“Араб бўлмаган шоҳлар тарихи”) асари ўз даври нуқтаи назаридан илмий далилларга асосланган рисола ҳисобланади. Асарда Эрон ва Турон мулкида ҳукмронлик қилган тўрт сулола: пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар, сосонийлар тарихи батафсил ҳикоя қилинади.
Анъанага мувофиқ тарих Одам Ато (а.с.) даврига боғлиқ равишда талқин қилинади. Алишер Навоий мазкур асарда “Низому-т-таворих”, “Жомеу-т-таворихи Жалолий”, “Насиҳату-л-мулук”, “Жовидон хирад”, “Одобу-л-араб ва а-л-фурус”, “Гузида”, “Мунтаҳаб”, “Девону-н-насаб” каби манбалардан фойдаланади ва Банокатий, имом Муҳаммад Ғаззолий, Табарий, Бу Али Мискавайҳ, Қози Барзовий каби тарихчи олимларнинг номларини келтириб, маълумотларни уларнинг асарларидан олганини айтиб ўтади. Шоирлардан Абулқосим Фирдавсий ва унинг “Шоҳнома”сига кўпроқ мурожаат қилади. Искандар ҳақидаги қиссада эса хамсанавислар Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавийларнинг қарашларини келтириб ўтади. 
Алишер Навоий масалага нуктадон муаррих – тарихчи олим сифатида ёндашар экан, ҳар бир маълумотнинг аниқ ва асосли бўлишига алоҳида эътибор қаратади.
Алишер Навоий пешдодийлар сулоласига мансуб 11, каёнийлар сулоласидан 9, ашконий сулоласидан 15, сосонийлар сулоласидан 28, жами тўрт сулоладан 63 ҳукмдорнинг номлари, уларнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва юритган сиёсатига доир маълумотларни тақдим этади. Деярли ҳар подшоҳ қиссасидан кейин анъанага мувофиқ “шеър” номи остида қисса мазмунига уйғун байтлар илова қилади. Бундан ташқари, тўрт сулола ҳукмдорлари ҳақидаги қиссаларнинг сўнггида ҳам умумий якунловчи маснавийлар мавжуд.
Алишер Навоий мазкур асарида тарихга оид жуда қизиқарли ва аҳамиятли кўплаб маълумотларни беради. Балх, Бобил, Нишопур, Марв, Самарқанд ва яна ўнлаб шаҳарларни бунёд қилган шоҳлар, Наврўз байрамининг келиб чиқиши, рўзанинг пайдо бўлиши, бутпарастликнинг сабаблари билан боғлиқ воқеалар шулар жумласидандир.
Ҳазрат Навоий шоҳлар ҳақида сўзлар экан, адолатли султонларни олқишлайди, уларнинг хайрли тақдирини мамнуният билан ҳикоя қилади, золим ва мустабид ҳукмдорларга салбий муносабат билдириб, уларнинг аянчли кечмишига ибрат назари билан боқишга ундайди. Масалан, Жамшид ҳақидаги ҳикояда шоҳ Жамшид дастлаб адолатли ҳукмдор бўлганлигини, кейинчалик эса ўз қудратига ишониб, кибру ҳавога берилганлигини ва  одамлардан ўзига сиғинишини талаб қилганлигини қоралайди.
Алишер Навоий Нўширавони Одил ҳақида маълумот берар экан, унинг сосонийлар сулоласига мансуб ўн тўққизинчи ҳукмдор эканлигини, отасининг исми Қубод бўлганлигини айтиб, Нўширавоннинг адолатига алоҳида урғу беради ва бир қатор машҳур ҳикоятларни илова қилади. Ҳикоятлардан бирида айтилишича, Нўширавон даврида бир киши боғ сотиб олади. Бу боғдан хазина топиб олгач, боғ сотган кишининг олдига бориб, олтинларни унга бермоқчи бўлади. Боғни сотган одам: “Боғга қўшиб, ерни ва ундаги ҳамма нарсани сенга сотганман, олтинлар сенга тегишли”, – деб жавоб беради. Уларнинг бу “можароси” Нўширавоннинг қулоғига ҳам етиб боради ва у икки кишини чақириб, қуда бўлишни ва хазинани барпо этилажак янги оилага беришни маслаҳат беради. Бу ҳикоятда ҳукмдор адолатли бўлса, халқда ҳам инсофу иймон бўлади, деган фалсафий хулоса мавжуд.
Алишер Навоий Искандар ҳақида тўхталар экан, унинг тарихи ихтилофли эканлигини айтади ва гарчи, у каёнийлар сулоласи вакили сифатида келтирилса-да, бу борада ҳам турли тахминлар мавжуд, деб таъкидлайди.  Шоир Искандар ва унинг туғилиши, насл-насаби тўғрисида гапира туриб, Хусрав Деҳлавийнинг “Ойинайи Искандарий” ва Низомий Ганжавий “Искандарномаси”даги маълумотларни ўзининг “Садди Искандарий”сида келтирган маълумотлари билан қиёслайди. Ўртадаги фарқларни айтиб ўтади. Самарқанд, Ҳирот, Марв ва Исфаҳонни Искандар бунёд қилгани билан боғлиқ маълумотларни ҳам келтириб ўтади.
Навоий номларини келтирган 63 ҳукмдор ичида уч аёл подшоҳ исми ҳам зикр этилган бўлиб, улардан бири каёнийларнинг олтинчи ҳукмдори Ҳумой ёки Ҳумондур. У каёнийлар ҳукмдори Баҳманнинг аёли бўлиб, шоҳ вафот этганда ҳомиладор эди. Баҳман жон бериш пайтида тожини аёлининг қорнига қўяди ва оламдан ўтгач, аркони давлат Ҳумойни подшоҳ қилиб кўтаради. Ҳумой ўғил фарзанд кўргач, салтанатга меҳри зўрлиги ёки ўғлининг хавфсизлигини ўйлаб, уни сандиққа солиб дарёга оқизади ва  сандиққа ўғлининг подшоҳзода эканини англатувчи ёқутларни ҳам солади. Тақдир тақозоси билан ўғли улғайиб, онасини топади. Ҳумой унга давлат бошқарувини топширади.
Алишер Навоий тилга олган кейинги икки аёл подшоҳ сосонийларнинг 27- ва 28-ҳукмдорлари Турондўхт ва Озармдўхтдир. Шоир уларнинг тахтга чиқиши ва ҳукмдорлик даври билан боғлиқ қизиқарли фактларни келтиради. Бу икки аёл подшоҳ опа-сингил бўлиб, 23-подшоҳ Хусрав Парвизнинг қизлари эди. 
Алишер Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асари орқали тарих билимдони қиёфасида намоён бўлади. Асардаги юзлаб географик номлар, юзлаб шахсларнинг исми-шарифи ҳамда юзлаб воқеалар муаллифнинг кучли хотирасидан ҳам дарак беради. 
Асарнинг хотимаси маснавий тарзида бўлиб, 50 байтдан иборат. Унда Навоий бевосита Шоҳ Ғозий – дўсти Султон Ҳусайн Бойқарога мурожаат қилади. Унинг адолати ва саховатини, инсон сифатидаги юксак хулқини мадҳ қилади. Шоҳни ягона жавҳарга қиёслайди ва шунинг учун ҳам унга “Назму-л-жавоҳир” асарини бағишлаб ёзганини айтади. Ва айнан Ҳусайн Бойқаро тарихини битиш нияти борлигини билдиради:
Вале азмим эмди будурким худой,
Агар бўлса умрумға муҳлат физой.
Чекиб турфа тарихингга хомани,
Қилиб нуктаға тез ҳангомани...
...Валодат кунидан тутуб то бу дам,
Борин шарҳ ила айлагаймен рақам.
Шу тариқа хотима-маснавийнинг сўнгги байтларида Навоий шоҳсиз жаҳонга омонлик бўлмаслигини айтиб, Ҳусайн Бойқарога яхши тилаклар билдиради, дуосини йўллайди ва ўзи ҳам дуолардан умидвор эканини айтиб, асарни якунлайди.
Хуллас, Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” асари шоирнинг тарихчи олим сифатидаги яна бир муҳим қиррасини очиш билан биргаликда Шарқ халқларининг тарихидан кенгроқ хабардор бўлиш имкониятини беради.
Алишер Навоий ўзининг уч устозига бағишлаб уч ёднома – маноқиб яратган. Маноқиб юксак фазилатли, валий ва ўзига хос хислат эгаларининг таржимаи ҳоли, сийрати ва сажиясини акс эттирувчи мумтоз жанр ҳисобланади.
Шундай асарлардан бири Навоийнинг пири, устози Абдураҳмон Жомий хотирасига бағишланган “Хамсату-л-мутаҳаййирин” (“Беш ҳайрат”) асари ҳисобланади. Муаллиф  кириш қисмида асар мундарижасини келтиради. Унга кўра, мазкур асар муқаддима, уч мақолат ва хотимадан иборат.
Асар муқаддимасида Алишер Навоий Абдураҳмон Жомийнинг насл-насаби, болалиги, умр йўли ҳақида тўхталади. Шунингдек, Жомийнинг хизматига қачон келганлиги ҳақида ҳам хабар беради. Шоир муқаддимада Абдураҳмон Жомийнинг болалиги ҳақида ҳикоя қилиш асносида қизиқ воқеани келтиради. Бир куни замонасининг пири муршидларидан ҳисобланмиш Фахриддин Луристоний Жом вилоятига – Абдураҳмон Жомийнинг уйларига келади. Ўша пайтларда тўрт-беш ёшлар атрофида бўлган Абдураҳмон жуда сезгирлик билан улуғ муршиднинг ҳаракатларини кузатади ва шайх бармоқлари билан “Умар” ва “Али” сўзларини ҳавога ёзса, илғаб олиб, ўқиб беради. Буни кўриб, Фахриддин Луристоний боладаги зийракликдан ҳайратга тушади. Ҳазрат Навоий Жомийнинг умр йўли билан боғлиқ маълумотларни келтириб, устозининг Шоҳрух Мирзо замонидан Абусаид замонигача Ҳирот шаҳрида яшаганлигини айтади. Сўнг авлиё Саъдиддин Кошғарий мозори қошида маскан тутади. Шундан сўнг умрининг охиргача шу ерда яшайди.
Асарнинг иккинчи қисми “Аввалғи мақолот” деб аталиб, ҳазрат Навоий ўзи ва устози ўртасида бўлиб ўтган қизиқ ва ибратли воқеалар, маънавий суҳбатлар хусусида маълумот беради. Мазкур қисмда Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий иштирокидаги ўн тўрт воқеа келтирилган. Уларнинг барчаси турли вақт ва ҳолатларда рўй берган бўлса-да, устоз ва шогирднинг, балки икки дўстнинг меҳру муҳаббати, садоқати, ҳамфикрлилиги ҳақидаги хулосаларни беради. Масалан, Навоий келтирган воқеалардан бирида котиб Абдуллоҳнинг Алишер Навоийга шайх Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома” китобини кўчириб келтирганлиги қаламга олинади. Котиб китобни ташлаб кетгач, Алишер Навоий бир варақлаб кўриш баҳонасида икки қисмдан иборат йирик асарни бир ўтиришда ўқиб тугатиб қўяди. Эртаси куни  котиб Абдуллоҳ шоирдан китобни қайтаришини ёки ҳақини тўлашини сўрайди. Шунда атрофдагилар унга Алишер Навоий китобни қўлига олиб, бир зарб билан ўқиб тугатганлигини айтадилар. Ҳайратга тушган котиб: “Кеча китобни ҳазрати Махдуми Нуран – Абдураҳмон Жомийга ҳам элтиб эдим, ул зот ҳам худди шу тарзда уни хатм қилиб эдилар”, - дейди.
Шунингдек, яна бир қизиқ воқеа келтирилади: Бир мажлисда Удий исмли ҳофиз Хожа Ҳасан Деҳлавийнинг ғазалини куйлайди. Шунда ғазалнинг

Мисоли қатри борон сиришки ман ҳам дур шуд,
Чунин асар диҳад, алҳақ, тулуи чун ту суҳайле

“Менинг ёмғир томчиси каби кўзёшларим инжуга айланди, ҳақиқатан, сенинг суҳайл юлдузидай чиқишинг шундай таъсирлантиради” байтига келганда мажлис аҳли мисрадаги “дур” сўзидан кўра кўзёшни қонга ўхшатилганлиги бадиий таъсирчанликни оширади, дейишади. Ҳамма шундай фикр айтиб, Навоийдан ҳам фикр сўрайдилар. Шоир ғазалдаги ифоданинг ўзи чиройли, лекин буни исботлаб беролмайман, келинглар, бир кишини ҳакам қиламиз, у тўғри фикрни айтсин, гаров ўйнаймиз, дейди. Ҳамма рози бўлади ва ғазал байти Абдураҳмон Жомийга юборилади. Байтдаги “дур” ёки “хун” (“қон”) сўзларининг қайси бири маъқул эканлигини сўрашади. Шунда Жомий:

Сухан дурр асту тааллуқ бу гўши шаҳ дорад –

“Сўз – дур, шоҳнинг қулоғига тегишли” мазмунидага бир мисрани битиб юборади. Давра аҳли жавобнинг нозик ва қисқалигидан, Навоий ва Жомийнинг шу қадар ҳамфикр эканлигидан ҳайратга тушадилар. Бу воқеа бутун Ҳиротга тарқалиб кетади, мажлисларда узоқ вақт айтиб юрилади.     
Яна бир воқеада бир қурилишга сарв дарахтлари кесилиб олиб кетилаётгани билан боғлиқ ҳолат тилга олинган. Аравада қурилишга сарв дарахтларини олиб кетилаётганини кўрган Жомий аравакашдан сарв дарахт қолдими, нечта ёғоч олиб кетяпман, деб мутойиба билан савол берса, бир юз тўртта дейди. Навоий адад, ахир, сарв ёрнинг қаддига қиёсдир, “қад”  сўзининг адади ҳам бир юз тўртдир дейди. Жомий Навоийнинг заковатига қойил қолади.
Асарнинг иккинчи мақолати Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий бир-бирига ёзган хатлари хусусида. Бу мактублар Жомий ҳам, Навоийнинг ҳам баъзи асарлари таркибишга киритилган. Айнан шу қисмда Алишер Навоий ўзининг “Туҳфату-л-афкор” қасидасининг ёзилиши тарихига ҳам тўхталиб ўтади. Мақолатда ёзилишича, бир куни Алишер Навоий ва Жомий суҳбатлашиб ўтирганларида Хусрав Деҳлавийнинг “Дарёйи аброр” қасидасидан сўз кетади. Сўз асносида Навоий Хусрав Деҳлавийнинг “Агар афлок ҳаводиси ва рўзигор навойибидин менинг борча назмим замона саҳифасидан маҳв бўлса ва бу қасидам қолса, менг басдир, невчунким, ҳар киши ани ўқиса билурким, назм мулкида менинг тасарруф ва иқтидорим не мартабада эркандур” мазмунидаги фахриясини эслаб ўтади. Бироз вақт ўтиб Жомий Маргва равона бўлади. Ҳазрат Навоий Жомий ҳузурига борганида Жомий “Дарёйи аброр”га татаббу тарзида ёзилган “Лужжату-л-асрор” қасидасини Навоий эътиборига ҳавол қилади. Навоий қасидани ўқиб, ғоят таъсирланганлигидан йўлда бу қасидага татаббу тарзида матлаъни битиб, агар Жомийга маъқул келса, уни давом эттириши мумкинлигини айтади. Жомийга бу матлаъ маъқул келиб, уни якунлашга Навоийни илҳомлантиради.
“Учинчи мақолат”да Жомий яратган асарлар таърифига бағишланган бўлиб, мазкур фаслни жомийшуносликнинг пойдевори деб айтиш мумкин. Унда Навоий Жомийнинг 38 асарининг номини келтирган.
“Хотима”да Навоий устози Жомий ҳузурида ўқиган асарлари рўйхатини келтиради. Бу асарларнинг баъзилари Абдураҳмон Жомий қаламига мансуб бўлса (“Рисолаи қофия”, “Рисолаи муаммо”нинг иккинчи дафтари, “Рисолаи аруз”, “Лавоеҳ” (“Ялтироқликлар”), “Лавомеъ” (“Равшанликлар”), “Шарҳи рубоийёт”, “Нафаҳоту-л-унс” (“Дўстлик таровати”), “Ашиъату-л-ламаот” (“Порлоқ шуълалар”), “Шавоҳиду-н-нубувват” (“Пайғамбарлик шоҳидлари”), “Ҳафт авранг”), қолганлари Хожа Муҳаммад Порсонинг “Қудсия”, Фахриддин Ироқийнинг “Ламаот”, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг фақр ва фано тўғрисидаги рисолалари, Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома” асари ва бошқалар эди. Шунингдек, хотимада Жомийнинг хасталиги, вафоти, давн қилиниш тафсилотлари ҳам келтириб ўтилади. Абдураҳмон Жомий вафотидан бир йил кейин Навоий устози қабри устига катта мақбара қурдиради, Султон Ҳусайн Бойқаро иштирокида катта маросим ўтказиб, бу маросимда ўзининг вафотига бағишлаб ёзган таърих ва марсиясини ўз даврининг машҳур нотиғи Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифийга ўқиттиради. Мазкур марсия кейинчалик “Девони Фоний” таркибидан ўрин олган.    
“Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” маноқиби Саййид Ҳасан Ардашер вафотидан икки йил кейин – 1490-91 йилларда яратилган. Алишер Навоий Саййид Ҳасан Ардашер билан биринчи марта ҳижрий 860 йил – милодий 1455-56 йилларда Султон Иброҳим Мирзо тахтга ўтирган йили учрашиб, танишган. Буюк шоирнинг бу зотга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан қараганлигини йигитлик даврида унга бағишлаб шеърий мактуб – маснавий битганлиги, унинг номини “Мажолису-н-нафоис”, “Насойиму-л-муҳаббат” асарларига киритганлиги, “Хазойину-л-маоний”даги   таркиббанд-марсияни буюк зот вафотига бағишлаганлиги,  “Соқийнома”да унинг номини алоҳида эслаб ўтганлиги ҳам кўрсатади.
Навоий бу зотнинг сарф (морфология), наҳв (синтаксис), луғат, араб тили, мантиқ, калом (эътиқод илми), фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги), ҳадис, тафсир (Қуръон оятлари шарҳи), муаммо ва таърих илми, нужум илми (астрономия), адвор (мусиқа назарияси) соҳаларида мукаммал билимга эга бўлса-да, ғоят камтарлик ва одоб юзасидан мажлисларда сукут сақлаб ўтиришларини чуқур ҳурмат билан қайд этади. Саййид Ҳасан Ардашер Лутфий, Атоий, Муқимий, Навоий, форсигўй ижодкорлардан Хожа Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Фаридиддин Аттор асарларини севиб мутолаа қилган. Айниқса, ҳазрат Навоийнинг қуйидаги байтларини такрорлаб юришни хуш кўрган:

Фурқатингдин заъфарон узра тўкармен лолалар,
Лолалар эрмаски, бағримдин эрур парголалар...

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардо анга,
Ишқдин олам манга ҳайрону мен ҳайрон анга.

Навоий бу зотни риндлар шоҳи деб атар экан, Саййид Ҳасан Ардашер саховат, шафқат, лутфу тавозе, одоб, ҳилм (юмшоқ табиатлилик), таҳаммул (сабрлилик), дунёга бефарқлик каби бошқа ҳамма риндларга ҳам насиб этавермайдиган кўплаб нодир фазилатлар эгаси бўлганлигини таъкидлайди. Саййид Ҳасан Ардашернинг бу каби фазилатларини Навоий бир неча воқеалар мисолида исботлаб беради. Масалан, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам Саййид Ҳасан Ардашернинг жуда чуқур ҳурмат қилиб, саройда вазир сифатида ўз ёнида бўлишини истаган. Бироқ “риндлар шоҳи” бўлган Саййид Ҳасан Ардашер розилик бермайди ва шоҳнинг раъйини қайтармаслик учун лашкарда оддий навкар бўлиб икки йил хизмат қилади. Лекин султон бу билан у зотга зулм қилаётганлигини англайди ва хизматдан озод қилади. Ҳусайн Бойқаро ўз фарзандларига Саййид Ҳасан Ардашерни ҳамиша ўрнак қилиб кўрсатган.
Асарда Саййид Ҳасан Ардашернинг пок эътиқоди, Ҳаққа муҳаббати, Аллоҳнинг тақдирига ҳамиша рози эканлигини таъкидлар экан, Навоий бир воқеани келтиради. Унга кўра, Саййид Ҳасан Ардашернинг Саййид Муҳаммад исмли ўн тўрт ёшли яккаю ягона ўғли вафот этганида ҳамма ғаму қайғуга тушганида бу зот “Аллоҳнинг иродаси”, дея сабр билан мусибатни енгади, ҳатто, бошқаларга таскин беради.
Ҳазрат Навоий ва Саййид Ҳасан Ардашер жуда яқин дўст эдилар. Улар ҳамиша, ҳар куни бир-бирларига маънавий-руҳий эҳтиёж сезардилар. Алишер Навоий бу ҳолатни шундай ифодайди:
“ ...бир кун алар мулозаматиға етмасам эрди, сабру тоқатим қолмас эрди ва алар ҳам келиб аҳвол сўрарлар эрди: “Ташвише бўлмамиш бўғайким, букун сендин хабар топа олмадуқ”.
Сайид Ҳасан Ардашер ҳажга боришни ният қилар эди, лекин кўп монеъликлар бўлиб бу ниятига эришолмайди. Навоий давлат юмуши билан Ҳиротдан ташқарида эканлигида Сайид Ҳасан Ардашер етмиш тўрт ёшида вафот этади. Бундан буюк шоир чуқур қайғуга ботади, Ҳирот шимолидаги тоғ этагида дўсти ва устози ҳисобланмиш бу зотнинг қабри устига сағана қурдиради. Кейинчалик Сайид Ҳасан Ардашернинг бошқа яқин инсонларининг хоклари ҳам бу ерга келтирилиб, шу ерга дафн этилади. Эл орасида бу жой “Азизлар ҳазираси” – “Азиз зотлар хилхонаси” деб ном олади.
“Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” якунида бу зотнинг вафоти санасига бағишланган таърихни илова қилади, унга кўра бу сана “Жаннати покаш макон бод”  (“Макони пок жаннатда бўлсин”) жумласида намоён бўлади.
Хулоса тарзида шуни айтиш мумкинки, Алишер Навоий Саййид Ҳасан Ардашерни комил инсон сифатида тасвирлайди. Асарни ўқиш жараёнида Саййид Ҳасан Ардашернинг маънавий-руҳий дунёси билан яқиндан танишар эканмиз, улуғ шоир бу зотни бежиз комил инсон сифатида танламаганлигига гувоҳ бўламиз.
Ҳазрати Алишер Навоий учун ҳам дўст, ҳам ота, ҳам устоз мақомида бўлган зотлардан бири Паҳлавон Муҳаммад эди. Бу зотнинг вафотидан сўнг улуғ шоир “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарини ёзади. Асарда Паҳлавон Муҳаммаднинг эзгу амаллари, барчага бирдек ёқимли феъл-атвори, кучли салоҳияти ҳақида сўз боради.
Навоий Паҳлавон Муҳаммад ҳақида сўз бошлар экан, аввало, унинг жисмоний жиҳатдан забардаст ва кучли бўлганлигини айтади. Ҳатто, унинг каби кучли инсон беш юз, минг йилларда ҳам туғилмайди, дейди. Сўнг унинг юксак илмий истеъдод ва иқтидори ҳақида тўхталиб, унинг мусиқа, тиббиёт, шеърият, қофия, аруз, бадиий санъатлар, илми нужум (астрономия), фиқҳда кенг маълумотга эга бўлганлигини таъкидлайди. Айниқса, мусиқа борасида жуда иқтидорли бўлиб, бир неча ғазалларга куй боғлаган эди. Масалан, Устод Муҳаммад Хоразмий, Мавлоно Нуъмон, Мавлоно Соҳиб Балхий, Шайх Сафойи Самарқандий, Хожа Юсуф Андижоний каби моҳир созанда ва бастакорлар йўлида яратган куйлари тингловчилар томонидан илиқ кутиб олинган. Айниқса, Мир Бузург Термизийга бағишлаб кашф қилган “Чоҳоргоҳ” куйи бутун Хуросонда, ҳатто, Самарқанд ва Ироқда ҳам бағоят машҳур бўлиб, уни куйламаган бирор ҳофиз бўлмаган.
Муаммо илми борасида ҳам Паҳлавон Муҳаммад тенгсиз бўлиб, “Куштигир” тахаллуси билан бир қанча муаммолар яратган.
Паҳлавон Муҳаммад ғоят хушахлоқ инсон бўлиб, уни Ҳиротда барча таниган-билган инсонлар яхши кўриб, ҳурмат қилганлар: “Такаллуфсиз ва муболағасиз подшоҳдин гадоғача ва аҳлуллоҳдин яҳуд ва тарсоғача Паҳлавонни севмас ва тиламас киши йўқ эрди”.
Шунинг учун ҳам, Паҳлавон Муҳаммад султон ҳузурида юксак мавқега эга бўлиб, шоҳнинг ҳар бир мажлисида иштирок этган.
Навоий Паҳлавон Муҳаммад билан боғлиқ хотираларини эсларкан, Абу Саид Мирзо даврида Машаҳадда бўлган қизиқарли воқеани келтиради. Мафосил (бод, ревматизм) билан оғриган ёш Алишер Навоийни табиб Мавлоно Абдуссалом Шерозий муолажа қилиб, уқалаш лозим эканлигини айтади. Паҳлавон Муҳаммад меҳрибонлик кўрсатиб, ўзи бу ишни бажаришини айтади ва суҳбат орасида ёш шоирдан туркий шоирлардан қайси бирини кўпроқ маъқул кўришини сўрайди. Навоий аввалига ҳамма шоирларни ҳурмат қилишини айтади. Лекин Паҳлавон Муҳаммад барибир улар орасида тафовут бор, ўзингга энг маъқулини айт, деб туриб олгач, Навоий Лутфий, дея жавоб беради. Шунда Паҳлавон Муҳаммад нега Сайид Насимийни айтмадинг, дейди. Алишер Навоий Лутфий мажоз билан сўз айтади, Насимий эса ҳақиқат йўлидагилар каби Ҳақ ишқни ошкора куйлайди, сен мендан мажоз йўли билан ижод қиладиганларни сўрадинг, дейди. Паҳлавон Муҳаммад ундай эмас, Насимийда ҳам ишқни мажоз билан ифода этиш бор дейди ва шу куни Навоий тонгда ёзиб, ҳали ҳеч кимга кўрсатмаган ғазалини ўқиб беради ва унинг мақтаъсидаги Навоий сўзи ўрнига Насимийни қўяди:

Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб, невчунки, хом этган киши ранжур эрур.

Навоий бундан ҳайратга тушади. Ғазал ёзилган қоғозини текширса, ўз жойида. Эртаси тонгда Паҳлавон Муҳаммад уч-тўрт кишини етаклаб келиб, бу ғазални ўн икки йил бурун Абулқосим Бобур мажлисида “тинглаб, ёд олганини” исботлаш учун уларни гувоҳ қилади. Улар ҳам бу ғазални ўша мажлисдан эшитганмиз, деб ғазални ёддан айтиб берадилар. Навоий эса янаям ҳайрон бўлади. Кейинчалик маълум бўладики, шу куни ёш шоирнинг либосларини тикаётиб, Паҳлавон Муҳаммад янги ғазални топиб, олиб ёд олади ва жойига қўяди. Сўнг эса биз юқорида кўриб ўтган ҳолатни уюштиради. Шундан сўнг Алишер Навоий беморликдан қутулади.
Бу ерда биз Паҳлавон Муҳаммаднинг беғубор ҳазилига гувоҳ бўлиш билан биргаликда оёғи боддан азият чекаётган Навоийнинг касалини даволаган ҳам дея оламиз. Чунки ўзи ёзган ғазални бошқа шоирга нисбат бериб ўқилганидан кейин Навоий бу ҳолатни таҳлил қилиб, оёқ оғриғини ҳам унутиб юборади. Бу эса оёқдаги касалликни бош орқали чиқариб юборишдир, эҳтимол.
Навоий ва Паҳлавон Муҳаммад қирқ йил давомида дўсту ҳамсуҳбат бўладилар: “Қирқ йилға яқин бу фақир била мусоҳиби жоний, маҳрами рози пинҳоний эрди”.                  
Навоий Паҳлавон Муҳаммаднинг вафот этганини чуқур алам ва ғам билан тасвирлайди. Бир куни Паҳлавон Муҳаммаднинг шогирдларидан бири унинг аҳволи оғирлашиб қолганлигини айтадилар. Навоий табиб юборади. Бироздан сўнг табиблар етиб боргунларича Паҳлавоннинг вафот этганлиги тўғрисида хабар келади.
Паҳлавон Муҳаммад Султон Ҳусайн Бойқаро унинг учун атаб махсус қурдирган Неъматободдаги даҳмага дафн этилади. Шоир унинг хотирасига бағишлаб ёзган таърихида Паҳлавоннинг вафоти санаси “баъди Махдуми ба як сол”  (“Махдумдан бир йил кейин”) жумласида аниқланади. Чунки Паҳлавон Муҳаммад махдуми нуран – Абдураҳмон Жомийдан бир йил ўтиб, бу фоний дунёни тарк этган эди.
“Муншаот” асари Алишер Навоийнинг турли вақтда турли шахсларга йўллаган мактубларидан иборат тўплам бўлиб, Мусулмон Шарқи иншо санъатининг туркий тилда яратилган юксак намуналаридан ҳисобланади. Мазкур асар устида адабиётшунос олимлар С. Ғаниева, Ю. Турсунов ва Қ. Эргашевлар илмий изланишлар олиб бориб, “Муншаот”нинг хос хусусиятларига доир тадқиқот ва мақолалар яратганлар.  
Хусусан, Ю. Турсунов 2001 йилда “Муншаот”ни бугунги кун ўзбек тилига мослаб, нашр эттирди . Олим мазкур китобнинг сўзбошисида асарнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб, “Муншаот”ни нашрга тайёрлаш жараёнида асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари қиёсан ўрганиб чиқилганлигини ва улар таркибидаги мактублар сон жиҳатдан фарқланишини таъкидлайди. Ю.Турсунов Санкт-Петербургдаги Давлат Халқ кутубхонасида 588-тартиб рақами билан сақланувчи “Муншаот” таркибида 60 та, бошқа кўплаб нусхаларда 90 та атрофида, ниҳоят Алишер Навоийнинг ўзи тузган “Куллиёт”га киритилган “Муншаот”даги мактублар сони 104 та эканлигини маълум қилади. Олим бу ҳолатни Алишер Навоийнинг мактублари турли даврларда яратилганлиги ва кейинроқ ёзилган хатлар асосида “Муншаот” таркиби тўлдириб борилганлиги билан изоҳлайди. Ю. Турсунов амалга оширган “Муншаот” нашри Истанбулдаги Тўпқопи саройи кутубхонасида 808-рақам остида сақланаётган Алишер Навоий асарлари куллиётининг қўлёзма нусхаси асосида бўлиб, мазкур нусхадаги “Муншаот” бошқаларига нисбатан тўлиқроқ ҳисобланади, яъни 107 мактубни ўз ичига олади .  
Мусулмон Шарқида мактуб иншо санъатини ўзида намоён қилиб, унда мактуб битувчининг бадиий салоҳияти, нуктадонлиги, сўзга ҳассослиги акс этган ва бу хатларда махсус ахборот етказишдан кўра чуқур мазмуннинг мавжудлиги устувор ҳисобланган. Алишер Навоий “Муншаот” муқаддимасида бу ҳақда тўхталиб, форсий тилда ёзилган мактублардаги жимжимадорлик, нозиклик, мазмунан теран байтларнинг туркий тилда битилган мактубларда мавжуд эмаслигини, аксинча, туркий тилдаги хатларнинг бадиийликдан йироқ бўлганлигини таъкидлаб, турли шеърий парчалар билан безалган гўзал мактубларни туркий тилда ҳам ёзиш мумкинлигини исботлаш мақсадида ўзи ёзган хатларни тўплаб, тақдим этаётганлигини маълум қилади. Ҳақиқатан ҳам, Алишер Навоий “Мунашот”и таркибига кирган мактублар моҳияти билан танишиш натижасида шу нарса маълум бўладики, ҳар бир мактубда турли бадиий санъатлар: ўхшатиш, истиора, ташбеҳ, муболаға ва сажъ усулидан жуда кўплаб ўринларда фойдаланилган. Бундан ташқари, деярли ҳар бир хатда Қуръон оятлари, ҳадислар, рубоий, байт, маснавий, шеърий парчалар келтирилган бўлиб, улар хат юборилган инсонга фикрни янада таъсирчан тарзда етказишда хизмат қилган.
Алишер Навоийнинг “Муншаот” асаридаги мактублар турли воқеа-ҳодисалар муносабати билан шоирнинг дўсти Султон Ҳусайн Бойқарога, шаҳзодаларга ва бошқа шахсларга йўлланган бўлиб, улар мазмунан насиҳат, йўл-йўриқ кўрсатиш руҳидадир. Хатларда турли тарихий шахслар номлари, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ ибратли жиҳатлар тилга олиниб, Алишер Навоий бу орқали мактуб йўлланаётган одамни тўғри йўлга чақиради.
Умуман олганда, Алишер Навоийнинг “Муншаот” асари Мусулмон Шарқи иншо санъатининг юксак намунаси бўлиш билан бирга ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳаёти ҳақида хабар берувчи муҳим манба сифатида ҳам ғоят қимматлидир.       
“Маҳбуб ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) ҳазрат Навоийнинг умри поёнида ёзган сўнгги асари бўлиб, 1500 йилда яратилган.  Асар ахлоқий-таълимий мазмунда, буюк мутафаккирнинг бой ҳаётий тажрибаси ва хулосалари асосида яратилган, Навоийнинг ўзи бу ҳақда асар муқаддимасида шундай ёзади:
“...Бу навъ асҳоб ва аҳбобға интибоҳ қилмоқ ва аларни бу навъ ҳолатдин огоҳ қилмоқ вожиб кўрундики, ҳар тоифа хисолидин вуқуфлари ва ҳар табақа аҳволидин шуурлари бўлганки, муносиб эл хизматиға шитоб қилғайлар ва номуносиб эл суҳбатидин ижтиноб вожиб билгайлар ва бори эл била махфий розларин сўзлашгайлар ва шаётин ва инс макру фирибдин бозий емагайлар. Ва ҳар навъ эл суҳбат ва хусусиятики, аларга ҳавас бўлғай, бу фақирнинг тажрибаси аларға бас бўлғай”.   
“Маҳбубу-л-қулуб” асари  3 қисмга бўлинади. Биринчи қисм “Халойиқ аҳвол  ва афъол ва ақволининг кайфияти” деб аталиб, 40 фаслни ўз ичига олади. Унда султонлардан тортиб дарвешларгача бўлган 49 ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг тавсифи келтирилади. Навоий биринчи фаслда аввалги асарларида бўлгани каби ҳукмдор энг аввало адолатли бўлиши керак деган масалани қўяди ва одил подшо Аллоҳнинг фуқарога юборган раҳматидир, унинг адолати мамлакатга омонлик ва фаровонлик олиб келади дейди:
“Одил подшоҳ ҳақдин халойиққа раҳматдур ва мамоликка мужиби амният ва рафоҳият”. Навоий ана шундай одил подшо сифатида Султон Ҳусайн Бойқарони мадҳ этади:

Бори бенаволар навосози ул,
Ҳамул навъким, Шоҳ Абулғози5 ул,
Келиб айни инсону инсони айн,
Жаҳон вориси Шоҳ Султон Ҳусайн
Ки, то бўлса гардунға давворлиқ,
Анга боқий ўлсун жаҳондорлиқ.

Шунингдек, биринчи қисмда вазирлар, ноиблар, муфтийлар, котиблар, табиблар, шоирлар, деҳқонлар каби турли тоифа вакиллари таърифлари ҳам келтирилганки, бу фикрлар бугунги кун учун ҳам ибратли бўлиб, жамият кишилари учун дастуриламал бўла олади.
Асарнинг 10 бобдан иборат иккинчи қисми “Ҳамида афъол ва замима хисол хосиятида” деб номланиб, ахлоқий масалаларга бағишланган. Мазкур қисм “Ҳайрату-л-аброр” достони сингари муайян ахлоқий масаланинг тавсифи ва унга илова қилинган ҳикоят баёнидан иборат. Хусусан, биринчи фасл “Тавба зикрида” деб аталган. Маълумки, тавба тасаввуф мақомларидан биринчиси бўлиб, бунда солик Ҳаққа етишиш йўлида ғов бўладиган жамики нарсалардан юз ўгиришга қатъий жазм қилади, бутун интилиши, таважжуҳини Аллоҳга қаратади, аввалги ҳаёт тарзидан бутунлай воз кечади. Навоий тавбага таъриф бериб, шундай ёзади:
“Тавба мужрим банданинг вақти кўзгусин исён зангидин оритур ва ниёз мусқили билан ёритур... Бу мартаба тариқат аҳлининг аввалғи гомидур ва мақсад водийсининг аввалги манзилиға ҳомийдур...”.
Таърифдан сўнг Навоий тавба мақоми билан боғлиқ ҳикоят келтиради. Ҳикоятга кўра, буюк Шайх Абдулло Муборак (ваф. 171/787—88) бир канизак ишқига гирифтор бўлади. Қиш кечаларидан бирида тонгга қадар маъшуқа девори остида туради. Қор ва совуқда қолади. Саҳар намози азонини хуфтон деб ўйлайди. Ўзига келгач, дейди:  - Эй  Муборакнинг номуборак ўғли, сенга уят эмасми? Агар Имом намозда узунроқ сура қироат қилса, толиқардинг. Энди нафсинг ҳавосига тонг отқунча мундоғ азоб тортарсен». Шундан сўнг Абдуллоҳ Муборак тавба қилиб, сулукка берилади.
Шунингдек, мазкур қисмда яна зуҳд, таваккул, қаноат, сабр, тавозуъ ва адаб, зикр, таважжуҳ, ризо, ишқ каби ахлоқий масалалар таърифи ва уларга илова қилинган ҳикоятлар баёни ҳам келтирилган.
Асарнинг учинчи қисми “Мутафарриқа фавойид ва амсол сурати” деб аталиб, турли фойдали пандлар ва ҳикматларни ўз ичига олади. Асарда улар “танбеҳ” номи билан аталиб, жами 127 та танбеҳ келтирилган.  Танбеҳларнинг аксарияти ҳадислар мазмуни билан уйғунлик касб этади. Хусусан, 30-танбеҳ 
“Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча, чин мўъмин бўлолмайди” ҳадисига мазмунан яқинлигини кўриш мумкин:
“Ҳаркимки, биров била ёрдур ёки ёрлиғ даъвийси бордур, керакким, ўзига раво тутмоғонни ёриға раво тутмаса, кўп нимаким, ўзига ҳам раво тутса, анга тутмаса. Бас машаққатким, андин руҳға алам етар, киши
ани ўз жисму жониға тажвиз этар. Аммо ани ёриға тахайюл қила олмас, агар тахайюл қилса, ваҳшатидин ҳаёти қолмас.   

Қитъа:

Ёр улдурки, ҳар нечаким ўзига
Истамас, ёриға ҳам истамагай.
Ўзи истарки, ёр учун ўлгай.
Ани мунда шарик айламагай.
Алишер Навоийнинг “Маҳбубу-л-қулуб” асари бадиий жиҳатдан ҳам юксак  савияга эга. Асарда қўлланилган сажъ (насрий қофия) усули асарга мусиқий оҳанг бағишлаб, унинг таъсирчанлиги ва бадиий жозибасини оширган. Асарда келтирилган кичик ҳажмли ҳикоялар, шеърий парчалар, мақоллар қўйилган масалаларга якун ясаш, “қиссадан ҳисса” чиқариш вазифасини бажарган. Умуман олганда, Навоийнинг мазкур асари буюк мутафаккир меросининг муҳим ва қимматли ёдгорлиги бўлиб, XV асрдан кейинги бадиий наср тараққиётига самарали таъсир кўрсатди.

Савол ва топшириқлар
1.    Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг бош манбаси сифатида қайси манбаларни кўрсата оласиз?
2.    “Тарихи анбиё ва ҳукамо” таркибидаги қиссалардан шоир қандай фалсафий хулосалар чиқаради?
3.    “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг маънавий-маърифий жиҳатдан бугунги кундаги аҳамияти қайси ўринларда намоён бўлади деб ўйлайсиз?
4.    “Тарихи мулуки Ажам” асари учун асос бўлган манбаларни санаб беринг.
5.    “Тарихи мулуки Ажам” асарида келтирилган сулолалар тарихига оид маълумотлар Алишер Навоийнинг яна қайси асарида учрайди?
6.    “Тарихи мулуки Ажам” асарини Алишер Навоийнинг Султон Ҳусайн Бойқаро тарихини ёритишга бағишланган асарнинг бир қисми деган қарашга муносабат билдира оласизми?
7.    “Хамсату-л-мутаҳаййирин” асари таркиби, унда келтирилган маълумотлар ҳақида тўхталинг.
8.    Алишер Навоий “Хамса”си достонлари муқаддималарида берилган Абдураҳмон Жомий билан боғлиқ маълумотларни “Хамсату-л-мутаҳаййирин”даги маълумотлар билан қиёслаб таҳлил этинг.
9.    “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарида Алишер Навоий нима учун Саййид Ҳасан Ардашерни “комил инсон” сифатида тасвирлаган?
10.    “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асари асосида Алишер Навоийнинг Паҳлавон Муҳаммад билан бўлган  муносабатлари хусусида тўхталинг.
11.    “Муншаот” асарининг мазмун-моҳияти ва Мусулмон Шарқидаги иншо санъати хусусида фикр билдиринг.
12.    “Маҳбубу-л-қулуб” асарининг инсон маънавий дунёси тарбиясидаги аҳамиятини қай даражада деб баҳолайсиз?               

Адабиётлар:
1.    Навоий  Алишер. Маҳбуб ул-қулуб. Муншаот. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. 14-жилд. – Т.: Фан, 1998. – Б.5-230.
2.    Навоий Алишер. Хамсат ул-мутаҳаййирин. Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер. Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. 15-жилд. – Т.: Фан, 1999. – Б.7-122.
3.    Навоий Алишер. Тарихи анбиё ва ҳукамо. Тарихи мулуки Ажам. МАТ. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 2000. 16-жилд. – Б.99-260.
4.    Маҳбубул-қулуб / Насрий баён муаллифи И.Махсумов. -Т.: Адабиёт ва санъат, 1983.
5.    Муншаот (Мактублар) / Изоҳли баён муаллифи: Ю. Турсунов. – Т.: Маънавият, 2001.
6.     Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий-назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.
7.    Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Movarounnahr – O’zbekiston NMIU, 2009.
8.    Қаюмов А. Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2011.
9.    Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.




ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
Манбалар:
1.    Аёзий Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий. – Т.: O’zbekiston, 2011. – 704 б.
2.    Атоуллоҳ Ҳусайний. Бадойиъу-с-санойиъ / Форсчадан А. Рустамов таржимаси. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1981. – 398 б.
3.    Бобур Заҳириддин. Бобурнома / Ҳозирги ўзбек тилига Ваҳоб Раҳмонов ва Каромат Муллахўжаева табдили. Т. : "O`qituvchi" нашриёт-матбаа ижодий уйи (НМИУ). -2008.  288 б.
4.    Бобир Заҳириддин. Мухтасар / Нашрга тайёрловчи С.Ҳасанов. – Тошкент: Фан, 1971. – 413 б.
5.    Бойқаро Ҳусайн. Рисола: Девон. – Т.: Шарқ, 1995. – 160 б.
6.    Восифий Зайниддин. Бадоеъул вақоеъ – Нодир воқеалар / Форсийдан Н.Норқулов таржимаси. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1979. – 216 б.
7.    Жомий Абдураҳмон. Лайли ва Мажнун. Саломон ва Абсол / Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи А.Қаюмов. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1989. – 224 б.
8.    Навоий Алишер. Айёми висол ўлди яна: Янги топилган ғазаллар (Нашрга тайёрловчи Ф.Сулаймонова). – Т.: Адабиёт  ва санъат нашриёти, 1995.
9.    Навоий Алишер. Хазойинул маоний (Илмий-танқидий текст асосида нашрга тайёрловчи Ҳ.Сулаймонов). 4 жилдлик. 1-4-жилдлар. – Т.: Фан, 1959-1960.
10.    Навоий Алишер. Бадоеъ ул-бидоя. МАТ. 20 жилдлик. –  Тошкент: Фан, 1987. Т. 1. – 723 б.
11.    Навоий Алишер. Наводир ун-ниҳоя. МАТ. 20 жилдлик. –  Тошкент: Фан,  1987. Т. 1. – 620 б.
12.    Навоий Алишер. Хазойин ул-маоний: Ғаройиб ус-сиғар. МАТ. 20 жилдлик. –  Тошкент: Фан, 1988. Т. 3. – 616 б.
13.    Навоий Алишер.Хазойин ул-маоний: Наводир уш-шабоб. МАТ. 20 жилдлик. –  Тошкент: Фан, 1989. Т. 4. – 557 б.
14.    Навоий Алишер. Хазойин ул-маоний: Бадоеъ ул-васат МАТ. 20 жилдлик. –  Тошкент: Фан, 1990. Т. 5. – 541 б.
15.    Навоий Алишер. Хазойин ул-маоний: Фавойид ул-кибар. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1990. Т. 6. – 568 б.
16.    Навоий Алишер. Ҳайрат ул-аброр. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1991. Т. 7. – 392 б.
17.    Навоий Алишер. Фарҳод ва Ширин. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1991. Т. 8. – 544 б.
18.    Навоий Алишер. Лайли ва Мажнун. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1992. Т. 9. – 356 б.
19.    Навоий Алишер. Сабъаи сайёр. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1992. Т. 10. – 448 б.
20.    Навоий Алишер. Садди Искандарий. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1993. Т. 11. – 640 б.
21.    Навоий Алишер. Лисонут – тайр. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1996.Т. 12. – 326 б.
22.    Навоий Алишер. Мажолис ун-нафоис. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1997. Т.13. – 284 б.
23.    Навоий Алишер. Маҳбуб ул-қулуб, Муншаот, Вақфия. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 1998. Т.14. – 303 б.
24.    Навоий Алишер. Хамсат ул-мутаҳаййирин. Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер. Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад. Назм ул-тавоҳир МАТ. 20 жилдлик. –  Тошкент: Фан, 1999. – Т. 15. – 236 б.
25.    Навоий Алишер. Муҳокамат ул-луғатайн. Мезон ул-авзон. Тарихи анбиё ва ҳукамо. Тарихи мулуки Ажам. Арбаъин. Сирож ул-муслимин. Муножот. Рисолаи тийр андохтан. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2000. Т. 16. – 336 б.
26.    Навоий Алишер. Насойим ул-муҳаббат. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2001. Т. 17. – 519 б.
27.    Навоий Алишер. Девони Фоний. МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2002. Т. 18. –  551 б.
28.    Навоий Алишер. Девони Фоний (Давоми). МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2002. Т. 19. – 600 б.
29.    Навоий Алишер. Девони Фоний (Давоми): Қасидалар, муфрадот, иловалар МАТ. 20 жилдлик. – Тошкент: Фан, 2003. Т. 20. – 567 б.
30.    Навоий Алишер. Ҳайратул-аброр (насрий баёни билан) / Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ: -Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989.- 352 б
31.    Навоий Алишер. Фарҳод ва Ширин (насрий баёни билан) / Таҳрир ҳайъати:А.Қаюмов ва бошқ. –  Т.: Адабиёт ва санъат, 1989.- 246 б.
32.    Навоий Алишер. Лайли ва Мажнун  (насрий баён муаллифи В.Раҳмонов, Н.Норқулов). – Т.: Адабиёт ва санъат, 1990. – 365 б.
33.    Навоий Алишер. Сабъаи сайёр (насрий баёни билан) / Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991. – 544 б.
34.    Навоий Алишер. Садди Искандарий (насрий баёни билан) / Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991. - 832 б.
35.    Лисонут тайр (насрий баёни билан) / Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991. - 464 б.
36.    Navoiy Alisher. Hayrat ul-abror (nasriy bayoni bilan). – T.: G‘.G‘ulom nomidagi NMIU, 2006.
37.    Navoiy Alisher. Fahod va Shirin (nasriy bayoni bilan). – T.: G‘.G‘ulom nomidagi NMIU, 2006.
38.    Navoiy Alisher. Layli va Majnun (nasriy bayoni bilan). – T.: G‘.G‘ulom nomidagi NMIU, 2006.
39.    Navoiy Alisher. Sab’ai sayyor (nasriy bayoni bilan). – T.: G‘.G‘ulom nomidagi NMIU, 2006.
40.    Navoiy Alisher. Saddi Iskandariy (nasriy bayoni bilan). – T.: G‘.G‘ulom nomidagi NMIU, 2006.
41.    Navoiy Alisher. Lison ut-tayr (nasriy bayoni bilan). – T.: G‘.G‘ulom nomidagi nashriyot-matbaa uyi, 2005.
42.    Навоий Алишер. Маҳбуб ул-қулуб: Қалблар севгилиси / Масъул муҳаррир ва сўз боши муаллифи: С.Ғаниева. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1983. - 111 б.
43.    Навоий Алишер. Муншаот. / Изоҳ баён муаллифи: Ю. Турсунов. – Т.: Маънавият, 2001. - 152 б. 
44.    Самарқандий Давлатшоҳ. Шоирлар бўстони (“Тазкират уш–шуаро”дан).     – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1967. – 224 б.
45.    Хондамир Ғиёсиддин бинни Ҳумомиддин. Макорим ул-ахлоқ.                            – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1981. – 136 б.
46.    Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий. Фунун ул-балоға. – Тошкент: Хазина, 1996. – 212 б.


Илмий-назарий адабиётлар:
47.    Абдуғафуров А. “Хазойину-л-маоний”дан четда қолган ғазаллар//  Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001.
48.    Акбарова М. Алишер Навоий ғазалларида қофия: Филол. фан. номз. дис. ... автореф. – Тошкент, 1997. – 20 б.
49.    Алиев Г. Ю. Темы и сюжеты Низами в литературах народов Востока. – М.: Наука, 1985. – 366 б.
50.    Алишер Навоий: 1441-1501 йил. Адабиётлар кўрсаткичи / Туз. З.Бердиева, А.Туропова. – Т., 1991.
51.    Алишер Навоий. Ғазаллар. Шарҳлар. – Т.: Камалак, 1991.
52.    Алишер Навоий “Хамса”си (мақолалар тўплами). Тадқиқотлар. – Т.: Фан, 1970.
53.    Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий-назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011. – 176 б.
54.    Араслы Н.Г. Ариф Ардебили и его поэма “Фархаднаме”:  Афтореф. дис. … канд. филол. наук. – Баку, 1969. – 27 с.
55.    Араслы Н. Г. Низами ва турк эдебйати. – Баку: Элм, 1980. – 206 с.
56.    Афсахзод Аълохон. Лирика Абд ар-Рахмана Джами. Проблемы текста и поэтики. – М.: Наука, 1988. – 326 с.
57.    Аҳмедов Т. Алишер Навоийнинг  “Лайли ва Мажнун” достони.    – Т.: Фан, 1970. – 140 б.
58.    Бартольд В.В. Мир Али Шир и политическая жизнь. Сочин. В IX томах. – М.: Наука, 1964. Т. II. Ч.2.
59.    Бертельс Е.Э. Низами. Творческий путь поэта. – М.: Наука, 1956.
60.    Бертельс Е.Э. История персидско-таджикской литературы. – М.: Наука, 1960. – 554 с.
61.    Бертельс Е.Э. Избранные труды. Низами и Физули. – М.: Наука, 1962. – 552 с.
62.    Бертельс Е.Э. Избранные труды. Навои и Джами. – Москва: Наука, 1965. – 500 с.
63.    Бертельс Е.Э.  Суфизм и суфийская литература. – М.: Наука, 1965.
64.    Бертельс Е.Э. Избранные труды. История литературы и культуры Ирана. – М.: Наука, 1988. – 560 с.
65.    Валихўжаев Б. Ўзбек адабиётшунослиги тарихи. – Тошкент: Ўзбекистон, 1993. – 191 б.
66.    Vohidov R., Eshonqulov H. O‘zbek mumtoz adabiyoti tarixi. – T.: O‘zYU Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti, 2006.
67.    Жумахўжа Н. Сатрлар силсиласидаги сеҳр. – Т.: Ўқитувчи, 1996.
68.    Зоҳидов Л. “Девони Фоний” бадииятига доир мулоҳазалар // Адабиёт кўзгуси. – Т, 2010.  – № 10.
69.    Имомназаров М. Ҳақиқат ва мажоз (2-3-мақолалар) // Шарқ юлдузи.  – Т., 1989. - № 4; 1991. - № 4.
70.    Исҳоқов Ё. Сўз санъати сўзлиги. – Тошкент: Зарқалам, 2006. – 128 б.
71.    Исҳоқов Ё. Навоий поэтикаси. – Т.: Фан, 1983. – 168 б.
72.    Комилов Н. Маънолар оламига сафар. – Т.: TAMADDUN, 2012. – 316 б.
73.    Комилов Н. Фақр нури порлаган қалб (Алишер Навоийнинг форсий қасидалари). – Т.: Маънавият, 2001.
74.    Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Мoвarounnahr – O‘zbekiston, 2009. – 448 б.
75.    Конрад Н.И. Запад и Восток (статьи). – М.: Главная редакция Восточной литературы, 1972. – 496 с.
76.    Литературный энциклопедический словарь /Под общей редакцией В.М.Кожевникова и П.А.Николаева. – М.: Советская энциклопедия, 1987. – 752 с.
77.    Мамадалиева З. Лисон ут-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими. Филол.фан.номз.дисс. – Т., 2011. – 26 б.
78.    Мирзаев С. Навоий арузи: Филол. фан. номз. дисс. ... автореф.                       – Тошкент, 1946.
79.    Муҳиддинов М. Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси (“Хамса”ларнинг биринчи достонлари асосида): Филол. фан. докт. дис. ... автореф. – Тошкент, 1995. – 60 б.
80.     Муҳиддинов М. Комил инсон - адабиёт идеали. – Т.: Маънавият, 2005. – 208 б.
81.    Нарзуллаева С.Н. Тема “Лейли и Меджнун” в истории литературы народов Советского Востока: Афтореф. дисс. …док. филол. наук. – Баку, 1980. – 49 с.
82.    Олимов М. Рисолаи аруз. – Тошкент: Ёзувчи, 2002. – 88 б.
83.    Олимов С.  Ишқ, ошиқ ва маъшуқ. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1992. – 80 б.
84.    Рахимов Ж. Жанр автобиографии (хасби хол) в “Пятерице” Алишера Навои:  Афтореф. дисс. … канд. филол. наук. – Ташкент, 1991.            – 20 с.
85.    Расулов А. Илми ғарибани қўмсаб... – Тошкент: Маънавият,           1998. –  64 б.
86.    Раҳмонов В. Шеър санъатлари. – Ленинобод, 1972. – 180 б.
87.    Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1979. – 216 б. 
88.    Сирожиддинов Ш. Навоий замондошлари эътирофида. – Самарқанд: Зарафшон, 1996. – 65 б.
89.    Сирожиддинов Ш.С. Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига оид XV-XIX асрларда яратилган форс-тожик манбалари (қиёсий-типологик, текстологик таҳлил): Филол. фан. докт.  дисс. ... автореф. – Тошкент,               1998. – 45 б.
90.    Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий- типологик, текстологик таҳлили.  – Т.: Akademnashr, 2011. – 326 б.
91.    Стеблева И.В. Ритм и смысл в классической тюркоязычной поэзии. – М.: Наука, 1993. – 180с .
92.    Султон Иззат. Навоийнинг қалб дафтари. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1973.
93.    Султон И. Адабиёт назарияси. – Тошкент: Ўқитувчи, 1980. – 392 б.
94.    Sulton I. Adabiyot nazariyasi. – Toshkent: O’qituvchi, 2005. – 272 b.
95.    Хасанов С. Роман о Бахраме. – Ташкент: Издательство литературы и искусства, 1988. – 208 с.
96.    Шарипов Ш. Алишер Навоий “Лисонут тайр” достонининг генезиси ва ғоявий-бадиий хусусиятлари. – Т.: Фан, 1982. – 96 б.
97.     Шарипов Ш. “Лисонут тайр” ҳақиқати. – Т.: Маънавият, 1998. 160 б.
98.    Шарқ мумтоз поэтикаси: Манба ва талқинлар / Нашрга тайёрловчи, талқин ва шарҳлар муаллифи Ҳ.Болтабоев.  – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006. – 430 б.
99.    Шомуҳамедов Ш.М. Форс–тожик адабиёти тарихидан қисқача курс: Ўқув қўлланма. – Тошкент: ТошДУ, 1987. – 110 б.
100.    Эркинов А.С. Алишер Навоийнинг пейзаж яратиш маҳорати (“Садди Искандарий” достони мисолида): Филол. фан. номз. дисс. …                    – Тошкент, 1990. – 121 б.
101.    Эркинов А.С. Алишер Навоий “Хамса”си талқинининг XV-XX аср манбалари: Филол. фан. докт. дисс. … – Тошкент, 1998. – 220 б.
102.    Эркинов А.С. Источники интерпретации “Хамса” Алишера Навои в XV-XX вв. : Афтореф. дисc. … док. филол. наук.  – Ташкент, 1998. – 52 с.
103.    Эркинов А.С. Подражательность или оригинальность: оценка В.В.Бартольдом узбекской классической литературы // Русская диаспора в Узбекистане: время, события, люди. Материалы научной конференции. Ташкент, 2009, С.72-78.
104.    Эркинов С.  Навоий  «Фарҳод Ва ширин»и  ва  унинг қиёсий таҳлили. - Тошкент, 1971, - 276 б.
105.    Эркинов С. Шарқ адабиётида Фарҳод қиссаси. – Тошкент: Фан, 1985.  – 64 б.
106.    Эркинов С., Ғанихонов М. Низомий Ганжавий. – Тошкент: Фан,  1992.  – 68 б.
107.    Эркинов А. Навоийнинг мухлислари томонидан тузилган яна бир девони // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т.: Фан, 2012. – № 1.
108.    Юсупова Д., Қуронов С. Навоийнинг форсий қасидалари // Жаҳон адабиёти. – Т, 2011. – № 1.
109.    Юсупова Д. Алишер Навоий “Хамса”сида мазмун ва ритмнинг бадиий уйғунлиги. – Тошкент: MUMTOZ SO’Z , 2011. – 144 б.
110.    Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. Ж.2. (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977. – 460 б.
111.    Қаюмов А. Нодир саҳифалар.  Навоийнинг кам ўрганилган баъзи асарлари тўғрисида. – Т.: Фан,  1991.  – 144 б.
112.    Қаюмов А. “Ҳайрат ул-аброр” талқини. – Т.:  Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1985.
113.    Қаюмов А. Ишқ водийси чечаклари: А.Навоий ижоди ҳақида.- Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.-256 6.
114.    Қаюмов А. “Садди Искандарий”. - Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975.- 196 б.
115.    Ғаниева С. Алишер Навоий: Ҳаёти ва ижоди /Масъул муҳаррир: А.Қаюмов. - Т.: Фан, 1968. - 148 б.
116.    Ғаниева С. Алишер Навоийнинг прозаик асарлари.-Т.: Ўзбекистон,1981.- 37 б.
117.    Ғаниева С. Алишер Навоий: Ҳаёти ва ижоди /Масъул муҳаррир: А.Қаюмов. - Т.: Фан, 1968. - 148 б.
118.    Ғаниева С. Алишер Навоийнинг прозаик асарлари.-Т.: Ўзбекистон, 1981.- 37 б.
119.    Ғаниева С. Навоий ёдга олган асарлар. Т., 2009.
120.    Қуронов Д.  Адабиётшуносликка кириш. – Тошкент: Фан, 2007.            – 227 б.
121.    Ҳайитметов А. Навоийхонлик суҳбатлари. – Тошкент: Ўқитувчи, 1993. – 216 б.
122.    Ҳайитметов А. Темурийлар даври ўзбек адабиёти. –Тошкент: Фан, 1996. – 160 б.
123.    Ҳасанов С. Бобирнинг “Аруз рисоласи” асари. – Тошкент: Фан, 1981. – 96 б. 
124.    Ҳасанов С. Навоийнинг 7 туҳфаси. –Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991. – 192 б.
125.    Ҳаққулов И. Тасаввуф ва шеърият.  –Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991. – 184 б.
126.    Ҳаққулов И. Камол эт касбким.  –Тошкент: Чўлпон, 1991. –240 б.
127.    Ҳаққул И. Навоийга қайтиш. – Т.: Фан, 2007. – 224 б.
128.   
129.    Ҳожиаҳмедов А. Ўзбек арузи луғати. –Тошкент: Шарқ,                           1998. – 224 б.
130.    Ҳожиаҳмедов А. Шеърий санъатлар ва мумтоз қофия. – Тошкент: Шарқ НМК, 1998. – 158 б.
131.    Ҳожиаҳмедов А. Мумтоз бадиият малоҳати. –Тошкент: Шарқ, 1999. – 240 б.
132.    Ҳожиаҳмедов А. Навоий арузи нафосати. –Тошкент: Фан, 2006.           – 288 б.
133.    Ҳожиаҳмедов А. Ҳусни таълил санъати. –Тошкент: Фан, 2006.           – 288 б.
134.    http://www.referun.com/n/issledovanie-zhizni-i-tvorchestva-alishera-navoi-v-zapadnoevropeyskom-vostokovedenii#ixzz2HOWXH4iO
135.    http://www.payam-aftab.com/en/news/3094/Ali-Shir-Nava%27i