Мумтоз адабиётимиз вакиллари ижоди қуръоний ғоялар билан чамбарчас боғлиқдир. Айниқса, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр, Сулаймон Боқирғоний, Ҳувайдо каби валий зотлар, улуғ шоирлар ижодида бу масала ёрқин ифодаланган.
Аҳмад Яссавийнииг бир ҳикматида бундай мисралар бор:
Беҳишт — дўзах талашур, талашмоққа баён бор,
Дўзах айтур: «Мен ортуқ, менда Фиръавн, Ҳомон бор».
Беҳишт айтур: «Не дерсан, сўзни билмай айтурсан,
Сенда Фиръавн бўлса, менда Юсуф Канъон бор»
Бу шеър бугунги адабиётшунослик нуқтаи назаридан қуйидагича таҳлил қилинади: бу шеър рубоий жанрига мансуб бўлиб, а-а-б-а тарзида қофияланган. Қофия тизимига кўра хос рубоийдир. Рубоийда ғоявий ният диалог воситасида ифодаланган. Рубоийда ғоявий ният ифодасида қуйидаги шеърий санъатлардан фойдаланилган: исмлар келаётгани учун — талмеҳ, дўзах ва жаннат (беҳишт) бир-бирига зид бўлгани учун тазод санъатлари бор. Рубоийда «м», «н», «р» ундошлари такрори воситасида тавзеъ, «а», «о» унлилари такрори орқали ассонанс санъатлари қўлланилган.
Бу таҳлил рубоий мазмунини тўла ифода қилгани йўқ. Унинг мазмунини тўла ва мукаммал тушуниш учун адабиётшунос ёки ўқувчи Қуръони карим билан таниш бўлиши зарур. Чунки Яссавий ижоди тўлалигича иқтибос санъати асосига қурилган бўлиб, унинг шеърларида қуръоний мавзулар кенг акс этган.
Бу ҳақда шоирнинг ўзи бундай ёзган:
Оят, ҳадис маъноси туркий бўлса мувофиқ,
Маънисига етганлар ерга қўяр бўркини.
Рубоий мазмунини тўла англамоқ учун Фиръавн, Ҳомон, Юсуф (алайҳиссалом) тарихини билмоқ керак.
Қуръони каримнинг Аъроф сураси 103-оятидан бошлаб, Фиръавн, Ҳомон тарихлари берилган. 103-ояти карима бундай бошланади: «Сўнгра, уларнинг ортидан Мусони ўз оятларимиз ила Фиръавн ва унинг зодагонларига юбордик. Бас, у (оят)ларга зулм қилдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол» китоби иккинчи жузъида Фиръавн қиссаси бундай тафсир қилинган: Фиръавн - Мусо (алайҳиссалом) замонларидаги Миср подшоҳи Минфитоҳ ибн Раъмсисдир. У машҳур бўлиб, ном қозонганидан кейин «Фиръавн» деб номлаганлар. Аллоҳ таоло Мусога (алайҳиссалом) Фиръавнни ҳақиқат ва имонга чақиришни тайинлаган.
Фиръавн Мусо пайғамбарга ишонмайди. Унга мўъжиза талабини қўяди. Барча сеҳргарларини тўплаб, Мусо (алайҳиссалом) мўъжизасини йўққа чиқармоқчи бўлади. Сеҳргарлар арқон ва ҳассаларини ташласалар, илон бўлиб кўринади. Мусо (алайҳиссалом) ҳассасини ташласа, аждар бўлиб, у “илонлар”ни ютиб юборади. Фиръавн шунда ҳам Мусо пайғамбар йўлига юрмайди. Ўзини Худо деб билади. Шу қавмдан бўлган йигит уни ўлдиришини билганидаёқ қавмда янги туғилган ўғил болаларни ўлдирувчи золимга айланган эди.
У шу қадар манманликка берилган эдики, вазири Ҳомонга буюриб, минора қурдиради, минорага чиқиб, Аллоҳга камондан ўқ узади.
Охири Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом) чақириқларига, мўъжизаларига ишонмаган, куфр кетган Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилади. Ана энди маълум бўлдики, шеърда номи тилга олинган Фиръавн манман, куфр кетган подшо бўлгани учун унинг, вазирининг ўрни дўзахдадир.
Юсуф (алайҳиссалом) ҳақида Таврот китобида хабарлар келган. Юсуф ҳақидаги батафсил маълумотлар Қуръони каримда келтирилган. Қуръонда Юсуф сураси бор. Ҳазрати Юсуф (алайҳиссалом) қиссаси Қуръон қиссалари ичида энг каттасидир.
Юсуф сураси 3-оятида бундай дейилган: «Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз».
Юсуф (алайҳиссалом) номи Қуръонда 26 марта зикр қилинган. Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Оналари Роҳил бинти Лобондир. Юсуф сураси бошдан охиригача бошқа нарсаларни аралаштирмай ҳикоя қилинган ягона сурадир. Бу қиссада хаёлий гаплар, лирик чекинишлар, бадиий тўқималар йўқ. Сурада Яъқубнинг (алайҳиссалом) 12 ўғли, улар ичида Юсуфнинг гўзаллиги, маънавий баркамоллиги, акалар ҳасади, унинг қудуққа ташланиши, савдо карвонидагилар қудуқдан чиқариб олиши, бозорда сотилиши, Миср вазири хотинининг Юсуфга шайдолиги, Юсуфнинг зиндонга ташланиши, оқибат, сабрли бўлгани учун Аллоҳ инояти билан бахгга эришиши тасвирланган.
Бу сура таъсирида бадиий адабиётда кўплаб насрий асарлар, достонлар яратилган. Барча бадиий асарларда Қуръондаги сура асос бўлса-да, шоирларнинг ғоявий ниятидан келиб чиқиб, турлича бадиий тўқималар ишлатилган.
Юсуф (алаҳиссалом) номи деярли барча лирик шоирлар шеърларида учрайди. Ҳофиз Шерозий бундай ёзган:
Мен ул Юсуфдаги чексиз гўзаллиқдан аниқ билдим,
Чиқармиш ишқ номус пардасидан ул Зулайҳони.
Хоразмий ёзган:
Ўғон Юсуф жамолин сиза берди,
Муҳаббат кимёсин биза берди.
Сайфи Саройи ёзган:
Бу кун Юсуф жамолини қилибдир Ҳақ сенга бахшиш,
На бахшиш, бахшиши давлат, на давлат, давлати маҳвар.
Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Аҳмад Яссавий ҳикматларининг бирида:
“Азозилни от қилиб миндим мано”, деб ёзади.
Азозил ким? Қуръони каримда баён қилинишича, Аллоҳ фаришталарни нурдан, Одам Атони тупроқдан яратган. Сўнг жами фаришталарга Одамга сажда қилишни буюради. Азозил кибр ва ор қилиб, Аллоҳ амрини бажармаци, Аллоҳнинг ғазаби, лаънатига дучор бўлади. У Аллоҳдан қиёматгача тирик қолдиришини, одамларни Аллоҳ йўлидан қайтаражагини айтади. Аллоҳ таоло унга қиёматгача муҳлат беради.
Шайтон ҳар сонияда одамларни йўлдан уришга, Аллоҳ амр қилган нарсалардан қайтаришга ҳаракат қилади. Одамларни шайтон йўлига етакловчи воситалардан бири нафсдир. Аҳмад Яссавий истиора санъати воситасида «Азозилни от қилиб миндим мано», яъни ўз нафсимдан устун келдим, демоқчи.
Қуръони каримнинг Аҳзоб сурасининг 58-оятида бунцай дейилган: «Мўмин ва мўминаларга, улар бирон нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олган бўладилар».
Аҳмад Яссавий ана шу оят мазмунидан келиб чиқиб, бундай дейди:
Суннат эрмиш, кофир ўлса, берма озор,
Кўнгли қаттиқ, дилозордин Худо безор.
Мўмин одамнинг мўминга озор бериши ҳаромдир. Ҳатто кофирга ҳам озор бермаслик суннатдир. Машраб ушбу масалани тубандагича баён қилади:
Гар қўлингдан келса, ҳаргиз мурчани оғритмагил,
Ҳам Худо бандам демас ҳар кимки дилозордир.
Сайфи Саройи бировларнинг юкини кўтариб, мушкулини осон этган эшакни мардумозорлардан аъло билади:
Эшак ул одамийдин яхшироқким,
Қилур доим кишининг кўнглин озор.
Қуръони каримда улуғланган инсоний фазилатлардан бири сабрдир. Қуръонда сабр сўзи 70 марта учрайди. Жумладан, Бақара сурасининг 45-оятида бундай дейилган: «Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг». Шу суранинг 153-оятида: «Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир». Оли Имрон сурасининг 146-оятида эса: «Аллоҳ сабрлиларни севади», дейилган. Шу суранинг 200-оятида: «Эй имон келтирганлар! Сабр қилннг. Сабр ила ғолиб келинг», дейилган.
Мумтоз адабиёт вакиллари шунинг учун бу инсоний фазилат ҳақида кўплаб байтлар яратганлар.
Хоразмийнинг «Муҳаббатнома» асаридаги ҳар бир нома охирида қайтариладиган бир байтда айнан сабр улуғланади:
Сабрдин яхши йўқтур пеша қилсам,
Бу йўлда сабр йўқ андеша қилсам.
Алишер Навоий «Маҳбубул қулуб» асарида сабр ҳақида бундай ёзган:
Кимки бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади,
Бахт анинг нешини нўшу хорини гул айлади.
Бу байтлар бевосита юқоридаги оятлар ғояси асосида юзага келгани шубҳасиздир. Навоий сабрли кишининг доди, албатта, Тенгрига етади, деб уқтиради:
Чун бўлди сабур Тенгри додиға етар,
Собир киши оқибат муродиға етар.
Муддассир сурасининг 6-оятида бундай дейилган: «Ва кўп (иш) қилган бўлсанг ҳам, миннат қилма». Сайфи Саройи ана шу ғояни «Гулистони бит туркий» асарида шундай ифодалаган:
Ичириб элга қошуқ бирла шўрба,
Чўмич сопи билан кўзин чиқарма.
Бедил рубоийлари ихтибос санъати асосига қурилган бўлиб, уларга Қуръон оятлари мазмуни маҳорат билан сингдирилган. Масалан, Исро сурасининг 37-оятида бундай дейилган: «Ер юзида кибру ҳаво ила юрма». Бедил ушбу ғояни бундай ифодалайди:
Аф эт халкдан келса яхши-ю ёмон,
Адоватдан қочиб, роҳат қил, инсон.
Кибру ҳасад бермас кишига ором,
Одамни менсимай, қувилди шайтон.
Моида сурасининг 90-оятида хамр (ичкилик) ифлос экани, шайтоннинг иши экани уқтирилиб, ундан четда бўлиш таъкидланади. Бедил рубоийсида майнинг турли касофатларга асос эканини бундай уқтиради:
Ишрат тузоғидир шиша касофат,
“Қул-қул”и етказар пайғоми ишрат.
Маҳмурлик юлдузи ҳар бир томчиси,
Ҳар мавжи пиёла манглайида хат.
Мумтоз адабиёт вакиллари ичида ҳаёт тарзи, эътиқоди, ижодидаги ғояларга кўра, Машраб ўзига хос ижодкордир. Унинг исми Бобораҳимдир. “Машраб” Оппоқхўжа томонидан унга қўйилган лақаб, кейинча тахаллус бўлган. Бобораҳим Оппоқхўжа билан кўришганида, унинг қалбидаги Аллоҳга бўлган оташин ишқни сезиб, Оппоқхўжа уни “Машраб” деб атаган.
Машраб шеърларида Қуръони карим оятлари ғоялари ёрқин ифодаланган. Фиръавн мол-дунёсига, шон-шавкатига ишониб, Мусо алайҳиссалом кўп марта даъват этса-да, дин йўлига кирмади. Кибру ҳаво, манманлиги туфайли сувга ғарқ бўлиб ўлди. Шунинг учун Машраб ёзган:
Бошинг гардунга етса, бўлмагил зинҳор хурсанде,
Ўзингни ҳар хасу хашакдек, эй банда, камтар тут.
Машраб ғазалларида Яссавий, Паҳлавон Маҳмуд шеърларидаги каби нафсни жиловлаш ғояси олға сурилади. Ояти карималарда уқтирилишича, энг катта ғазот банданинг ўз нафси устидан ғолиб келишидир. Машраб бундай ёзган:
Нафси саркаш муддаосидин Худо берсун паноҳ,
Бул замона муттакосидин Худо берсун паноҳ.
Машрабнинг ояти карималар негизида ёзилган шеърлари шўро даврида бузиб талқин этилди. Айниқса, унинг:
Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак!
Иброҳимдин қолган ул эски дўконни не қилай?
каби шеърлари даҳрийона таҳлил қилинди.
Аслида Машраб қалбингда Аллоҳ ишқи бўлмаса, Ислом таълимотини билмасанг, унга амал қилмасанг, Макка сен учун Иброҳимдан қолган эски дўкон кабидир, демоқда.
Адабиётдаги абадий мавзулардан бири муҳаббат мавзуидир. Бу мавзунинг асоси ҳам ояти карималарда берилган: «Ва сизларга топишишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларннгизда севги ва марҳаматни солиб қўйган (ҳол) унинг оят белгилариданднр. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмларга оят-белгилар бордир». Демак, муҳаббат — Аллоҳнинг инояти.
Мумтоз адабиётда муҳаббат икки хил талқин қилинади. Биринчиси - ҳақиқий муҳаббат. Бу банданинг Аллоҳга муҳаббати. Иккинчиси - мажозий, инсоннинг инсонга муҳаббатидир.
Сўфи Оллоёр Аллоҳга муҳаббат ҳақида бундай ёзган:
Кел, эй толиб, кўзинг ибрат билан оч,
Муҳаббатсиз кишидан қуш бўлиб қоч.
Муҳаббатсизки бўлди ҳар қаю зот,
Агар фарзанди ширийдир, эрур ёт.
Ҳувайдо Аллоҳнинг бандаларга, хусусан, Муҳаммадга (алайҳиссалом) бўлган муҳаббатини бундай баён қилади:
Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди пайдо,
Муҳаббатсиз кишидан қоч, Хувайдо.
Нодира ҳар бир инсон қалбида Аллоҳга, бандага бўлган муҳаббат бўлишини шарт деб билади:
Муҳаббатсиз киши одам эмасдур,
Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт.
Баҳром Жалилов