Эҳтиёж

Кеча бўлган, бугун бўлаётган, эртага бўлиши мумкин бўлган ҳамма фожеалар ёлғон фикрнинг "болаларидир". Энгельс бизни боплаб алдади: "Ота-боболаримиз маймундан ажралган. Биз асли меҳнат қилавериб, меҳнат қилавериб маймундан одамга айлаганмиз", деди. Биз ишондик. Чунки у пайтлар "доҳийлар" фикрига шубҳа билдириш осийлик аломати эди. Қолаверса, биз ҳеч нарсани ўрганмас эдик, ўзлари ўргатишарди. Оқибат нима бўлди? Оқибатда бизнинг даҳшатли фожеамиз - Аллоҳсизлик бошланди. Ҳар қандай ёлғон фикр Аллоҳсизликдир! Биз худди шу вазиятда улуғларимизни йўқотиб қўйдик. Жумладан Навоийни йўқотиб қўйдик. Демак, кўнгилни йўқотиб қўйдик. Энди ўзбек адабиётидаги лирик қаҳрамонлар кўкка қараб йиғламай қўйдилар. Улар энди ҳамма нарсани ердан излай бошлади. Янги адабиётда пайдо бўлган бу янги қаҳрамонларнинг туйғуларидан кўк кўринмай қолди. Адабиётда осмон йўқолди. Қаҳрамонларнинг бари ербоп бўлиб қолди. Хўш, энди ана шундай бир ҳолатда Навоийни тушуниш мумкинмиди?
Йўқ, албатта. Нега? Чунки Навоийни англаш учун Навоийгача бўлган масофани босиб ўтиш лозим бўлади. Агар эътибор берсак, ушбу фикримизнинг исботини ҳам бобомизнинг ўзи бериб қўйибди.

Эл нетиб топгай мениким,
Мен ўзимни топмасам.

Хўш, энди биз ўзимизни топмасак, ўзини топган кишини қандай топамиз? Албатта, бу билан мен Навоийни англаш учун Навоий бўлиш керак, демоқчи эмасман. Аммо, киши ўзгалардан истайдиганини даставввал ўзидан изламоғи керак. Бу хусусда Навоий дейди:

Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен, ўзингдан истагил.

Лекин кишида "Ўзини исташ" истаги қандай пайдо бўлади? Менимча, Навоийни ўрганиш эҳтиёжи мана шу саволдан бошланса керак.
Биз ўрта мактабдан Навоий ҳақида бор-йўғи учтўртта жумла ўрганиб чиқдик, холос. Яъни "Навоий шеърият мулкининг султони, Навоий буюк ҳамсанавис, Навоий адолатли вазир" бўлган. Адабиёт ўқитувчимизнинг Навоий бобомиз ҳақида билган маълумотлари шулар эди. Лекин мен бу билан муҳтарам ўқитувчимга ҳеч қандай иддао қилмоқчи эмасман. Чунки у бизга Навоий ҳақида дарс ўтаётганларида биз учун идеал одам эди. У коммунист эди. Барча "эскилик сарқитларига", динга қарши курашувчи жамиятини фаол аъзоси эди. Демак, бундан шу нарса аёнки, бундай жамиятга ҳазрат Навоийнинг қарашлари бегона бўлган.
Мана бугун мутлақо бошқа бир жамиятда, боболаримиз орзу қилган бир даврда яшаяпмиз. Хўш, бундан 15 йил илгари менга Наовий ҳақида дарс ўтган ўқитувчи билан бугунги ўқитувчининг Навоий ҳақидаги билимларида қанчалик фарқ бор? Ана шу фарқ бугун ўзига қайтаётган бир миллатнинг талаби даражасидами? Бугун Навоийни ўрганиш масаласини худди шу алфозда қўйиш керак.
Назаримда Ислом динини мукаммал билмаган киши Навоийни мукаммал билмайди. Келинг, шу жумла исботи учун бир мисол. Ҳазрат Алишер Навоий наздида сўз биз ўйлагандан кўра юксакроқ маснадга эга. У сўзга фалсафий таъриф берар экан, шундай дейди:

Сўздурки, нишон берур ўликка жондин,   
Сўздурки, берур хабар жонга жонондин.

Тириклик Навоий наздида катта тушунча. Шоир жисмий тирикликни эмас, балки руҳий уйғоқликни назарда тутади. Сўз руҳнинг қолипи, у ўликка тириклик бахш этиб туради. Сўз кўнгилни уйғоқ тутади.
Шоирнинг иккинчи мисрасидаги "жон" ва "жонон" сўзларига эътибор берсак. Жон - руҳ ва вужуднинг уйғунлашуви. Жонон эса - Аллоҳ. Аллоҳ кўнгилда тажаллий топади. Аллоҳнинг кўнгилда зуҳур этилишида сўз асосий воситачи бўлади. Кейинги мисраларда эса бу фикр янада ривожлантирилади.
Хўш, бу билан нима демоқчиман? Бу билан демоқчиманки, Навоийни англаш учун юқорида айтилганидек, Навоийгача бўлган йўлни босиб ўтиш керак. Бу масофа - Ислом динидир.
Шоир Эркин Воҳидовнинг гувоҳлик беришича, домла Миртемирдек закий шоир Навоийни тўлиқ билмагани учун ул онҳазратнинг ҳайкалларидан уялар экан. Бугун пойтахтимизда савлат тўкиб турган бобомиз ҳайкали қошига ҳар куни ўнлаб келин-куёвлар боради. Ана шу ташриф этаётганлар кимнинг пойига келганини англайдиларми? Шу ҳайкал соҳибининг жиллақурса битта ғазалини ёд биладиларми? Агар билмаса, ҳеч бўлмаганда ўзларида уялиш ҳиссини туядиларми?
Ҳа, ана шундай оғриқли саволлар қаршисида қолар экансан, беихтиёр улуғ бобомиз олдида қанчалик уятли ҳолда эканимизга иқрор бўласан киши.
Бутун биз учун Навоийни ўрганиш - ички эҳтиёж. Агар ҳар қандай эҳтиёж қондирилмас экан, ўша ерда муайян вақт ўтиб касаллик пайдо бўлади. Зеро, Ҳазрат Алишер Навоий биз учун руҳимизни, кўнглимизни тозалайдиган "маҳак тоши" кабидир.

"Ёшлик"  журнали, 2000 йил 2-сон