Бўлмағай оламда мундин турфа сўз,
Ким саодат аҳли итга солса кўз.
Еткурур итга натижа ул назар,
Зотиға солур кишиликдин асар.
Алишер Навоий
Ёзувчилик санъатини ҳаёт ва ўлим сирларини очадиган калитга қиёслаш мумкин. Бадиий ижодда энг муҳим иш воқеанавислик эмас, балки ҳақиқатни кашф айлашга имкон берадиган ана шундай бир “очыич”ни ўқувчига етказишдир. Бу эса дид ва савияси баланд китобхонни сал кам ижодкор даражасига кўтаради. Ва бадиий асар ўқишдан туғилган таассуротларидан у ҳам ўзининг бир китобини яратади.
Маълумки, айни бир давр ва замонда, айни бир жамият ва ижтимоий муҳитда яшаган, бир турли воқеа-ҳодисаларни бошдан ўтказиб, турдош саволларга жавоб ахтарган ёки жавобдан чекинган одамлар аҳвол-руҳияси ўхшаш бўлади. Улардаги ахлоқий-маънавий фазилатлар ҳам, нуқсон, айб ва гуноҳлар ҳам муштаракдир. Мана шу сабабдан ҳам ёзувчи кўп нарса ёзиши, ўқувчининг ўзи кўрган, билган воқеа-ҳодисаларини қайтадан унга ифодалаб бериши шартмас. Китобхоннинг ақл-фаросати, фикрлаш лаёқатига ишониш керак. Нимани ёқлаб, нимани инкор айлаш, нимадан завқланиб, нималарга бефарқ қолиши – бу, ўқувчининг шахсий, демакки, дахлсиз ҳуқуқи. Фақат фаҳми паст, калтабин адибгина ёзган ҳар бир асарим кўпчиликни қизиқтира олади деб ўйлайди. Ҳолбуки, бундай бўлмайди. Сўз ва тасвирнинг куч-қуввати, аввал-охир руҳга таъсири, руҳоний эҳтиёжга нечоғлик мувофиқлиги билан белгиланади. Инсон ўзининг Холиқи, яъни яратувчиси эмас. Шунинг учун ўзи ҳақида у кўп нарса билмайди. Билганлари эса уни ҳамма пайт ҳам хато ва адашишлардан қўтқазолмайди… Аммо истак, интилиш ва қўмсаш маъносида инсон руҳи чегарасиз. У яшаётган олам чегараланган. Сўнгсизлик эҳтиросига тўлғин руҳ, воқеликнинг қатъий ва қаттиқ тўсиқларидан изтироб чекади. Ва ҳамиша сўнгсизлик соғинчи билан яшайди. Буни теран тушунган ижодкор моддиёт ва илоҳиёт сирларини ёритишда ҳам, инсон табиати ва характери тасвирида ҳам деярли адашмайди.
Ҳар қандай одамда икки реаллик мавжуд. Бири – ташқи, иккинчиси, ички, яъни зоҳир ва ботин. Асосий мураккаблик ва зиддият ботиндадир. Акс ҳолда ақл, нафс, руҳ, кўнгил хусусида бунчалик кенг, бу қадар кўп баҳс юритилмасди. Чунки ботиний ҳаёт вужуднинг “қалин парда”си билан тўсилган. Нафснинг аҳволи қандай? Руҳнинг ҳоли қанақа, қалб нимага илҳақ – аксарият киши ана шуни билмайди. Чунки буларни билиш жуда қийин. Айниқса, нафсни таниш ва тизгинлаш муаммоларнинг муаммоси эрур. Нафсни қоралаб, нафс измидан четлашмасликнинг бир сабаби ҳам шу. Ваҳолонки, қайси бир ишга нафсоний мақсад ва шаҳвоний орзу аралашса, ўша ишнинг хайр-хосияти барҳам топади. Шунингдек, қалб тўғри йўлдан адашиб, тубанликка йўналади, руҳни риё ва худпарастлик домига тортади. Алишер Навоий ғазалларидан бирида нафс ила руҳни зинҳор-базинҳор қўшиб-қориштирмаслик шартлигини таъкидлаб:
Руҳ раҳмони эрур, нафс эса шайтони,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут,
деганида шуларни назарда тутган.
Йигирманчи аср ўзбек адабиётида бу ҳақиқатни мукаммал англаган ва тўла-тўкис унга амал қилган қалам соҳиблари бўлганми? Бўлган тақдирда ҳам сони уларнинг жуда камчилдир. Адабиётимизда руҳ ва руҳоний ҳаёт ифодаси кескин камайиб кетиши шундан. Агар чини билан руҳ учун қайғуриб, руҳнинг тозалиги, эркинлиги таъминланганда, адабиётда нафс ва тамаъ, ёлғон ва иккиюзламачилик, хушомад ва маддоҳлик авж олмасди. Ҳаётга нафс нигоҳи ила қараш, ихтиёрий равишда қўрқув ва уятсизликка кўнишдир. Нафсоний истаклар қанча кучайса, шижоат ва мардлик туйғуси ўшанча пасаяди. Ният нечоғлик юксак ва олийжаноб бўлмасин, сўз, маъно, туйғу нафсга боғландими – унинг таъсири ҳам, умри ҳам узоққа чўзилмайди. Бироқ бунда бошқа бир нарса муҳим. Ҳеч қайси банда нафсини танишга уринмасдан, ботиний имкони ва куч-қуввати етгуни қадар нафс “сайр”ини амалга оширмасдан қалб ва руҳ саёҳатига эришолмайди. Инсон нафсга диққатини қарата олдими – у азобланиш ва изтироб чекишга маҳкум. Ёлғиз ўзининг эмас, дунё ва аҳли дунё қалбининг нимага, асосан нима боисдан бузилиши ё кирланишини у нисбатан яхши мушоҳада этади. Ҳаммага ўхшаб қолмаслик, ҳамма айтадиган фикр-мулоҳазаларни тўтидай такрорламаслик, яккаланиб қолишдан чўчимасликнинг илк чораси худди шудир. Қайси ижодкор буни англаса, нафсига бир бадиий асар янглиғ сайқал бериб, уни шахсият ҳукмига тобе айлашга бел боғлайди. Шундан эътиборан наинки нафсу ҳаво, балки маҳдуд ақлнинг истак ва талабларидан ҳам узоқлаша бошлайди. Бу йироқлашувда сир кўп, ҳикмат кўп. Бу эса нафсни танишга ҳам, қалб таври, руҳ ҳолидаги ўзгариш ва янгиланишларни идрок қилишга ҳам яқиндан ёрдам беради. Дарвоқе, нафс нима ўзи? Нима учун унга бунчалик эътибор зарур?
Ҳужвирийнинг “Кашфуъл маҳжуб” китобида ёзилишича, нафс сўзи луғавий маънода бирор нарсанинг борлиғи, ҳақиқати, зоти ва ўзлиги демак. Халқнинг тилида ушбу калима бир-бирига зид бир қанча мазмунларда ишлатилган. Бир жамоатга кўра, руҳ, бир гуруҳ тушунчасида мурувват ва одамийлик, бир тоифа нуқтаи назарида жасад ва вужуд, бошқа бир фирқага кўра, у қон маъносини ифодалаган. Сўфий ва мутасаввифлар эса ҳамжиҳатлик ила нафсни гуноҳнинг сарчашмаси, ёмонлик, разиллик ва ёвузликнинг асоси, деб ҳисоблашган. “Аҳли тасаввуф энг яхши нафсшунос бўлгани каби, - дейди Шаҳобиддин Умар Сухравардий, – дунёнинг турли ҳолларини, ҳаво ва ҳавас найрангларини, нафснинг яширин орзуларидаги тубанлик, ёмонлик ва ўткинчи лаззатларини бағоят чуқур билгувчилардир”. Шайху машойихларнинг назарида нафс тулки, илон, сичқон сувратида кўринган. Тасаввуф адабиётида буни тасдиқловчи жуда кўп қизиқарли ривоят, ҳикоят, нақлллар тўқилган. Итга бағишлангани улар орасида кўпчиликни ташкил этади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўша ҳикоят, ривоятларда ит тимсоли асосан ижобий ва ибратли маъноларда талқин этилади. Мана, бир мисол.
Нақл қилинишича, машҳур шайх Абу Бакр Шиблий (вафоти 946)дан “Тариқатдаги илк йўлбошчингиз ким?” деб сўралганда, у “Бир итдир” деб сўзини шундай давом эттирган экан: “Бу ит сувсизликдан ўлим ёқасида тик турарди. У сув ичиш учун не замон ариққа яқинлашса, сувда ўз аксини кўрар ва ундан қўрқарди. Чунки ўзининг суратини у бошқа бир итники деб ўйларди. Аммо ташналик охири зўр келиб, ит ўзини сувнинг ичига отди... Ана шундан сўнг “бошқа кучук” йўқлигига инонди. Ит билан ўртадаги борлиқ орасига кирган итнинг “ўзга манлиги” унинг йўлига тўсиқ пайдо этган эди. Мен аҳволимнинг айнан шу итга ўхшашини, яъни йўлимдаги энг катта тўсиқ нафсим эканини англадим... Хуллас, менинг биринчи йўлбошчим шу ит бўлди. Асосий йўлга қандай қадам ташлаш лозимлигини менга бир кучук кўрсатди”.
Нафсни тасаввуф адабиётида ит қиёфасида тасаввур қилинишида шу сингари фикр ва эътирофлар таъсир ўтказганлиги эҳтимолдан йироқмас. Бироқ асосийси ит ҳам, тулки ё шери даррон ҳам эмас, барибир нафсдир. Кўзга кўринмай дунёни туб-тубидан ғорат қиладиган мавжудлик, бу –нафс. У қанча кўп ҳукмронликка эришса, дунёнинг ахлоқий-маънавий ҳолати ўшанча бузилади; ҳақиқат ва виждон, диёнат ва ростлик бошидаги қаро булутлар шу қадар қуюқлашади. Шунингдек, зоҳирий чора-тадбирлар, баҳсу мунозаралар нафсдан туғилажак кулфат, мусибат ва ҳалокатларнинг йўлига тўсиқ қўёлмайди. Нафс эркин ва эркли экан, ёлғон, риё, зулм, зўравонлик, мунофиқлик, хуллас, ҳамма ёмон ва тубан сифатлар гуллаб-яшнайверади. Булар эса инсон ботинидаги “ит” – нафснинг ўйинлари. Хоҳласа, одамни у парчалаб, сочиб юборади, истаса, ўзни йиғиштириб олишга имкон беради. Лекин ҳар қанча уриниб-суринманг, ундан ажралолмайсиз. Сиз – унда, у – сизда яшайди. У – сизга, сиз – унга боғлиқсиз. Кимки уни қанча хору залил эта олса, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ўшанча яхши англаши муқаррардир. Талантли адиб Назар Эшонқулнинг “Баҳовуддиннинг ити” номли ҳикояси айнан ана шу моҳият тасвирига бағишланган. Рости гап, мен ҳикояни зўр мароқ билан ўқидим. Биринчидан, унинг маъно илдизи чуқур. Ҳатто тасаввуфий тажрибаларга қараб узанади. Иккинчидан, мўлжалга олинган “нишон”нинг ўзиёқ одамнинг дилида бир ларза қўзғайди. Учинчидан, маънавийни моддийлаштирган ва моддийни маънавийлаштириш моҳирлик билан уддаланган.
Одатда, рамзий-мажозий ифодаларда сеҳрли бир хусусият бўлади. Шунинг учун улар хаёл ва виждонни ҳаракатга келтириб, юксак руҳ билан алоқага чорлайди. Бу хусусият “Баҳовуддиннинг ити” учун ҳам хосдурки, буни ёзувчининг асосий бир муваффақияти ўлароқ баҳолаш лозимдир. Мен бу ўринда ҳикоянинг маъно-мазмунини гапириб ўтирмайман. Чунки уни кўпчилик бир хилда тушуниб, бир йўсинда қабул қилолмаслигига ишонаман. Айни пайтда ўзликни англаш лаёқати бутунлай сўнмаган, жамият ва инсон муносабатларига мустақил нигоҳ ташлай оладиган ҳар бир киши унга бефарқ қололмаслигига ҳам шубҳам йўқ. Ҳикояда ифодаланган ҳаёт – бугунги ҳаёт. Қаҳрамонлар ҳам таниш – бизу сиз кўриб-билиб юрган одамлар. Ёлғиз бир нарса – қарийб тимсол мақомига кўтарилган ТОВУШ қадимий. Мунгли ва маҳзун бир оҳанг бағоят эски. Мен кўнгилни ўртайдиган хотира чақириғи деб қабул қилдим. Назаримда, ҳикоядаги “ит” тимсоли хусусида алоҳида сўзлашга ҳожат йўқ. Нафсини тозалаш, енгиш азобини зиммасига ола билган ҳар бир киши ўз сийратида уни кўриб, нолаларини эшитади. Зеро, Навоийдек улуғ зот ҳам бир ўринда – “нафсоният туғёнидин” “ўзумни итга ташбиҳ қилибмен”, деганлар. “Баҳовуддиннинг ити” ҳикоясида тасаввуфдан илҳомланиш бор. Бироқ ундан сўфиёна бир маъно ёки бўёқ қидирмаслик керак. Ҳикоянинг нафс, ахлоқ, қалб, руҳ тўғрисидаги қадим даврларда илгари сурилган фикр-мулоҳазаларни эслашга рағбатлантириши – бу бошқа масала. Ва улардан айримлари соғлом руҳий ҳаёт, мусаффо маънавий боғланиш асрлар мобайнида инсоният эришолмаган буюк орзу эканлигини билиш жиҳатидан алоҳида аҳамиятга моликдир. Машҳур шайх Абусаид Абулхайрнинг мана бу сўзларини эшитинг: “Оллоҳ инсонларнинг вужудларини яратишдан минг йил аввал руҳларни яратди ва уларни ҳузурига чорлаб, устларига нур сочди. Ҳар бир руҳ қабул айлаган нур миқдори ва мунавварлик даражасига қараб сўнг уларга лутф кўрсатди. Руҳлар, тамоман ойдинлашганига қадар ўша нур ичида қолди. У дунёда шод-хуррам, бир-бири ила маънан иттифоқда бўлган инсонлар, бошқа оламда ҳам бир-бирларига яқин, ҳамжиҳат яшашлари керак... Зеро, руҳлар худди отлар сингари бир-бировларини ҳидларидан танийдилар. Бири Мағрибда, иккинчиси Машриқда бўлса ҳам сўзларидан суюниб, завқланадилар...”.
Менинг бу гапларга ишонгим келади. Чунки инсониятнинг буюк бирлиги ва саодати соғлом руҳий муносабатда, руҳ яқинлигидадир. Руҳни қўя турайлик. Башар тарихининг бирор бир даврида, бирор минтақада нафс зарур тарзда Ақлга бўйсундирилганми? Бунча бахтсизлик ва кулфат, бунча зулм ва зўравонлик, тасаввурга сиғмас қотиллик ва ҳақсизликлар қаёндан туғилган?
Покистоннинг буюк мутафаккир шоири Муҳаммад Иқбол ёзади:
Маро гўй, ки аз шайтон ҳазар кун,
Бигў бо ман, к ў парвардаи кист?
Яъни: мени шайтондан ҳазар қил дейсан, лекин менга айтгил: у кимнинг арзандаси? Бу савол ҳамон тўлиқ жавобини топган эмас. Кимдир тақдир тақозоси билан нафсини танишга муваффақ бўлди дейлик. Бугунги ижтимоий-ахлоқий муҳитда унинг аҳволи қандай кечади? ВА уни ким тушунади? Назар Эшонқул ҳикоясида шу саволга ҳам жавоб бор. Менимча, бу ҳикоя ичидаги энг ғаройиб бир ҳикоядир...
***
Умуман олганда, инсоннинг дунёга келиши хайрли ҳодиса. Туғилиш – бу, кўпайиш, ўсиш, ҳаракат ва ривожланиш демак. Лекин бунда иккинчи бир жиҳатни ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди, албатта. Яъни кўпайиш ва ривожланиш, айни пайтда, ҳар турли ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий ва сиёсий муаммоларга дуч келишдир. Бутун тарихи мобайнида куч ва имкони етгунича буларни инсоният ҳал қилишга уриниб келган. Бирда муваффақиятга эришса, бирда мағлубиятга учраган; гоҳо йўлни тўғри танлаган бўлса, баъзан йўлдан адашиб, ўзини-ўзи қийинчилик ва азоб-уқубатларга гирифтор айлаган. Аммо ҳар қандай вазият ва ҳолатда ҳам тўхтаб қолмаган. Беҳад ранж чекиб, ҳатто қон кечса ҳам турғунлик, ночорлик тўсиқларини енгиб ўтган. Бу амалий тажриба – башарият ҳаётидаги энг порлоқ ва умидбахш тажриба деса асло хато бўлмайди.
Одам қавми ақл ва тафаккур жабҳасида жуда кўп ютуқлар, ҳайратланарли қанчадан-қанча янгиликларни қўлга киритди. Булар билан у ҳар қанча мақтанса ҳам арзийди. Илм-фан ва техник тараққиётда у нималарни ихтиро этиб, ўзига хизмат қилдирмади дейсиз? Шунча зафар, шунча юксалишнинг ҳаммаси ҳам дунё аҳлининг осойишта, фаровон ва бахтли яшашига ёрдам бердими? Эришилган нимаю, йўқотилган нима ёки муваффақият нимаю маҳрумият қайси – булар тўғри сарҳисоб қилиндими? Йўқ, албатта. Шунинг учун ғам, кулфат, мусибат ва ҳар турли зиддиятлар олдинги асрга нисбатан янги юз йилликда кўпроқ юз очди. Зулм, зўравонлик, таҳлика шиддати кучайса, кучайдики, сусайгани йўқ. Нима учун? Бу саволга бугун энди қаноатланарли жавоб қайтариш осон эмас. Қолаверса, жаҳоннинг кўп минтақасида, “Мен кимман? Нимага бундай яшашим керак? Инсонийлик шарафи ўзи нима?” деб ўйлаш аллақачон “мода”дан чиқиб кетган. Меҳр – қаҳрга, шафқат – ёвузликка, руҳ – нафсу ҳавога таслимлиги шундан. Шунинг учун дунёда макр, риё, гуноҳ ва худбинлик “бозор”и қизиб кетгандир. Агар масалага тарихан назар ташланса, охир-оқибатда асосий бир офат – барча бало ва ёмонликларнинг дояси нафсга тўхталишга тўғри келади. Ахир, Шарқнинг буюк донишмандлари тасодифан “Нафси аммора соҳиблари ҳайвонга ўхшашдирлар, балки ундан ҳам тубан эрурлар... нафси аммора жумла мунофиқ, фосиқ, кофир ва золимларнинг нафсларидир” демаганлар-ку! Қаердаки, бир йиртқичлик, бир бебошлик, бир бадбахтлик қад кўтарса, билингки, бу шу баттол нафснинг қилмишидир. Ёмонлик, нодонлик ва гумроҳликнинг тури бисёр. Булар ҳақида тўхтовсиз гапирамиз – лекин илдиз қаерда, нега уларни чеклаб-чегаралаб йўқотиб ҳам бўлмайди – бу ҳақда кўпинча тўғри мушоҳада ҳам юрита олмаймиз. Ваҳдатул вужуд нуқтаи назаридан қаралса, ёмонлик, ёвузлик, тубанлик йўқ нарса – бир рўё, холос. Шу боисдан ҳам инсон Ҳаққа интилиши, уни севиши, бутун борлиғи ила унга суяниши шарт. У ёлғиз ўзига таянса, билиб, билмай, нафсоний, ҳайвоний ва шайтоний майлларига таянишга маҳкумдир. Тасаввур қилинг, бир чақалоқ туғилди. Вояга етгач у бехосият, баджаҳл, ваҳший махлуққа айланади, деб ким хаёлга келтиради? Ҳеч ким. У кимдан тўраган? Қандай тарбия олган? Қандай хислат ва фазилатлар қонига мерос кўчган? Булар хусусида кўп фикр юритиш ва ибратли бир хулосалар чиқариш мумкин. Назар Эшонқулнинг иккинчи ҳикояси – “Қултой” шу жиҳатдан диққатга моликдир. Ҳикоя қаҳрамонининг номи Улжон. У мол изидан таёқ судраб, умри қиру адрларда ўтаётган барзанги бир йигит. Улжон шу қадар ҳайвонлашганки, одамга ҳам молдан паст назар билан қарайди. Хотин зотини ҳақоратлаш ва уришдан ич-ичдан мароқланади. Бир гал калтакка чидолмаган хотини отасиникига кетиб қолади ва бирмас, иккимас, тўрт қайниси келиб уни “худди пахта савалашаётгандай бири қўйиб, бири савалайди”. Шу пайт маймоқ бир аёл келиб унинг бошига ўзини ташлайди-да, бор овози билан қишлоқдошларини ёрдамга чақиради. Бу муштипар, ҳақорат ва хўрликдан жуссаси кичрайиб бораётган аёл Улжонга “хола” – Арзихол эди. Шунда ғалати бир ҳолат рўй беради: Улжон нақ бурнига тегиб турган аёлнинг кўкрагидан “ўзига жуда таниш” бир ҳидни туяди. Лекин “бу ҳид димоғида қачон ва қандай ўрнашиб” қолганини фаҳмлолмайди. Калтакланётганини ҳам унутиб тамшаниб кетади... Хуллас, шу ҳид уни таъқиб эта бошлайди. Негадир бундан у ғазабланади. Баҳона топиб Арзихолнинг елкасига гаврон туширади. Аёл эса ғиқ этмасдан чидайди. Чунки ҳаммасига: қалтак, таҳқир, ҳақоратга аллақачон кўниккан. Боис не? Асосий жумбоқ ва фожиа шунда. Арзихол Улжонга хола эмас, аслида она. Поччаси Ражаб чўпонга эса асранди ўғил. Бу ҳақда унга ҳеч ким, ҳеч нима демаган. Ражаб чўпон феъл-атворидаги қўрслик, одамовилик, жиззакилик асранди болага шундоқ кўчиб ўтган. Улжон мактабда ҳам ўқимаган – ғирт авом.
Ким билади, Ражаб чўпон ўзи ўғил кўрганида, унинг хотини Роҳат бир ҳафталик чақалоқнинг онасини ўлдига чиқариб, уни уйига олиб келмас, касал бўлиб ётиб қолгач эса бадбахт Арзихолга ҳам муҳтожлик сезмаслиги мумкин эди. Лекин ҳаёт инсоннинг хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмаган ва ҳисоблашмайди ҳам. Шу учун Арзихол опасиникида яшар экан, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийноқлар бошига тушади. Қайнилар билан бўлган жанжалда Улжонни у қотилликдан сақлаб қолади. Улжон эса уриб, унинг қўлини синдиради. Шунда ҳам ўзини у айбдор сезади. Ўзига ўзи ўлим тилайди. Терсоталиклардан биронтаси Улжонни койий бошласа ва у ҳақда ёмон фикр билдирса, Арзихол бирдан “Аслида айб менда...” дея уни ҳимоя қилишга тушади.
Нима жавру жафо кўрмасин, у шу Улжонни дейди. Қашқирсифат шу йигит учун жонни фидо айлаб кун ўтказади. Унинг бу ҳолатини тасаввур қилиш мумкин. Қиз чоғида қир ортидаги қишлоқлик бир чавандоз йигитни яхши кўрган. Бот-бот тўқайзорда учрашиб туришган. Йигитнинг ота-онаси чўлоқ бир қизни келин қилишга кўнишмаган. Шуми ёки бошқа сабабданми, “қамчисига бандак тўқиб бергани” чавандоз йигит ғойиб бўлиб, орадан ойлар ўтса-да, қорасини кўрсатмаган. Қиз эса юрак ютиб... Ҳеч бировга гапиролмаган.
Севги дейсизми, алданиш, адашиш ёки ҳирс қурбони дейсизми, хуллас, нима бўлмасин Арзихол таъна-маломатларга чидаб ўғил туғади. Холаси чақалоқни олиб кетгунга қадар ва кейин ҳам уни эмизади. Ниҳоятда ажабланарли ҳол: ёши улғайган сайин Арзихолдан Улжон жирканади. Кўрдими, ғазабланиб, нафрати ошиб-тошаверади. Унинг қўрс-қўпол муомаласини давом эттирган хотини ва болаларининг бир муштипар, ғуссакаш аёлга муносабатлари ҳар қандай одамни ачинтиради.
“Товуши дўриллай бошлаган Улжоннинг болалари ҳам уни худди оталаридай жеркир, келин эса тиним бермай ишга кўмиб ташлар, у эса яроқсиз бўлиб қолгач, ташлаб юбориладиган буюмга ўхшаб уйдан ҳайдалишдан чўчигандек ҳеч бир ишдан бўйин товламас, ўзини кераксиз бўлиб қолаяпман деб ўйлагани сайин Улжоннинг болаларидан тортиб, ўзи ҳам кампирга суяниб борар, унинг оғриб ё касал бўлиб ётиб қолишини тасаввур ҳам қилишолмасди”.
Орадан унча кўп вақт ўтмай, шундай кун келади: Арзихол бирдан ётиб қолади. Шу ётишда хазонрезгини ўтказиб, қишнинг нақ чилласида жони узилади. Уни сўнгги манзилга кузатишга ўнтача терсоталик ва бир неча қариндошлари йиғилади. Аза ҳам азага ўхшамайди. “Маймоқ” энди йўқ – тупроққа этиб кўмилади. Улжон шунда ҳам ундан норозилигини яширмайди. Ўйлаб қоласан: шунақа кимсалар ҳаётда борми, учрайдими ўзи? Тўғри, айнан Улжонга ўхшаганлар эҳтимол учрамас. Лекин ёвузлик ва бағритошликда ундан баттарлар бор. Табиати ундан-да мудҳишроқ махлуқларнинг сони дунёда оз эмас.
Улжонга қайтайлик. У чолларнинг қистови билан, таёққа суяниб “холам-ов” дейди. Овози “йўқловдан кўра зардага ўхшаб” эшитилади. “Чоллар ёши қирқдан ошиб ҳам эл расм-русумини тушунмаган бу бесўнақай ва қўрс одамдан норози бўлиб бош чайқаб қўйишади. Шунда кимдир келиб унинг қўлтиғидан олади. Қараса, кенжа тоғаси. Уни жуда кексайиб, мункиллаб қолган отаси, яъни Улжоннинг бобоси ёнига бошлаб боради. Бобосини ҳам у хуш кўрмайди. Бобо эса айбдордай бошини эгиб турар, маймоқ ва мажруҳ бўлса ҳам фарзанди ўзидан олдин дунёдан ўтганидан эзилиб, кўзлари ёшланганди. У хирилдоқ овозда Улжонга дейди:
– Онам деб йўқланг, болам, Онам денг.
– Нега онам дейман? Онам ўлганига ўттиз йилдан ошди...
Бобо оғир ва чуқур хўрсинади. Кўзларини олиб қочиб, секин пичирлайди:
– Арзихол сизнинг туққан онангиз бўлади, болам. Салом чавандоз уни бадном қилиб кетгач, сизни Роҳатга бердик. Аслида, сизни Арзихолнинг ўзи эмизиб катта қилди, болам. У сизнинг ҳақиқий онангиз...
Бу шафқатсиз гапдан албатта Улжон довдирайди. У “кимдир бу ёлғон дейишини кутар”, аммо бунақа мардни топиб бўлмасди. Ёши қирқдан ўтса ҳам нима учун туққан, оқ сутини эмизган аёлга у зарра қадар бўлсин дилдан яқинлик сезмади? Нега уни урган сари ургиси, хўрлаган сайин хўрлагиси келаверди? Бобо сир “парда”сини очди. Улжон ўзидан энди қаёнга қочади, қандай бош кўтариб яшайди? Қисматнинг бу даражада чигаллигига сабаб нима? Ёзувчи бу саволларга жавоб бермайди.
Ўқувчининг ўзи мушоҳада юритиб, ўзи топиши керак жавобни. Ёзувчини Улжон тақдирини ҳикоя қилишга ундаган изтироб ҳам балки шудир.
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
25 февраль 2008 йил