Мазкур роман 2008 йили Германияда (Ayhborn Berlin) нашр этилганидан сўнг дастлаб немис, кўп ўтмай жаҳон китобхонлари орасида шуҳрат топди. Женни Эрпенбекнинг бир оз олдинроқ ёзилган “Чолбола ҳақида ҳикоя”, “Луғат” номли романлари ҳам дунёнинг ўн тўрт тилига таржима этилиб, китобхонлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган эди. Ҳафиза Қўчқорова дадиллик билан оригинал, яъни немис тилидан таржима қилишга қўл урган “Макон истаб” романи Женни Эрпенбек ижоди билан ўзбек китобхонларини таништириш йўлидаги илк уринишдир.
Роман композицияси, сюжети, образлари, воқеалар кечадиган макон ва замоннинг поэтик талқини ўзбек китобхонлари учун бир қадар нотаниш, асар улар кўниккан романларга бир оз ўхшамайди. Аммо шунга қарамасдан, асар тўлалигича роман жанри талабларига жавоб беради. Чунки роман воқеалари, зоҳиран сезилмаса ҳам, ички мантиқий структураси жиҳатидан кўплаб тақдир чизиқларини, муайян макон-замонда умумлаштириб тасвирлайди. Илгари Германия Демократик Республикаси деб номланган ҳудудда ХХ асрнинг 30-йилларидан кейинги ўттиз қирқ йил ичида кечган психологик вазият ромонда ўзига хос тарзда ифода этилади. Асарда ассоциативлик предикетивлик билан синтезлашиб кетган. Романдаги Боғбон, архитектор, ёзувчи аёл, бола, қиз образлари бир жиҳатдан аниқ макон ва замонда тақдир ҳукми билан ҳаракатланаётган шахсларни билдирса, бошқа жиҳатдан, менинг тахминимча, рамзий маъно ташийдики, бундай хусусият романнинг миллийлик чегараларини ёриб ўтиб, умумбашарий мақомга кўтарила олганидан далолат беради. Романни ўқиган китобхонни ушлаб турадиган, яна ва яна ўқишга жалб этадиган нарса, ўйлашимча, асар фабуласидаги тизимлилик, сюжет қурилишидаги тугун, воқеалар ривожи, кулминация ва ечим сингари бадиий компонентлар эмас, балки тасвирда сезилар-сезилмас ҳаракатланаётган вақт оқимидир. Бир сўз билан айтганда, ёзувчи ўз романини ҳали жаҳон адабиётида кўрилмаган хронотоп негизига қуришга уринади ва бу вазифани тўла уддалашга эришади.
Роман таркибида келадиган ҳар бир сарлавҳа, ҳар бир абзац, ҳаттоки ҳар бир сўз аниқ бадиий функцияни бажаради. Ёзувчи имкон қадар воқеа-ҳодисалар ва қаҳрамонлар ҳаракатини табиий оқимида беришга уринади. Асарнинг бирор эпизодида муаллифнинг аралашуви сезилмайди. Бу эса, ўз навбатида, эпик асар, хусусан роман жанри канонларига риоя қилинганидан далолат беради. Романнинг муайян ўринларида умумий воқеликка сира алоқаси йўқдек туюладиган мустақил парчалар келади. Аммо бу парчалар ҳам юзаки қарагандагина мустақил туюлади. Аслида эса бундай парчаларнинг роман бадиий корнцепциясини талқин этишдаги аҳамияти беқиёс. Дейлик:
- ...Арғимчоқ учамизми?
- Кемани ўзинг бемалол бошқара оласанми?
- Биласанми кичкина Даниел дераза токчасига чиқиб сиярди...
- Атроф туман, эшкагим сувга тушиб кетди.
- Менга бўса бер...
тарзида келадиган диологик парчада, ички боғлиқлик сезилмаса-да, роман умумструктурасини ташкил этувчи улкан воқеликни ифодалаш вазифаси юкланган.
Хуллас, роман катта ажабиёт мезонлари билан тадқиқ этилса, унга хос кўплаб сир-синоатлар очилади.
Роман таржимаси ҳақида шуни айтиш мумкинки, аввало, бундай мураккаб асарни оригиналдан дадиллик билан ўзбек тилига таржима қилишга жазм этишнинг ўзиёқ таржимоннинг катта ютуғи ҳисобланади. Иккинчидан, немис тили билан ўзбек тили оилавий таркибланиши жиҳатидан бир қадар йироқ, бу эса таржима жараёнида катта қийинчилик туғдиради. Лекин Ҳ.Қўчқорова бундай ноқулайликлардан қўрқмасдан, имкони даражасида асар таржимасини амалга оширган. Учинчидан, Европа, хусусан, немис маданияти ва маънавий-руҳий дунёси, тафаккур тарзи шарқ халқлариникидан маълум маънода фарқ қилади. Таржимон мана шун икки қутб аро умумийлик топиб уларни уйғунлаштира олсагина муваффақиятга эришади. Менимча, Ҳ. Қўчқорова бу муаммони ҳам ижобий ҳал этишга лойиқ иқтидорга эга. Таржиманинг асосий шартларидан яна бири асар муаллифи билан таржимон аро конгениаллик(руҳдошлик)нинг бўлишидир. Таржимани ўқиш жараёнида немис ёзувчи аёли Женни Эрпенбек ва ўзбек қизи Ҳ.Қўчқороваларнинг ботинан яқин эканлари сезилади.
Барча мураккаб ишларни амалга оширишда бўлгани каби Ҳ.Қўчқорова таржимасида ҳам баъзи жузъий камчиликлар кўзга ташланади. Бундай жиҳатлар жумла тузиш, муайян сўзларни қўллашда муқобилларидан фойдаланиш, роман ритмини ўз меъёрида ушлаб туриш борасида кўзга ташланади. Баъзан немис тилининг ўзига хос мураккаб структурасини ўзбекчага айлантириш машаққати боис, жумла ифодаси ўзбекча жарангламайди. Баъзида эса ўқувчида “ушбу сўз ўрнида мана буниси қўлланса яхши бўларди”, деган иштибоҳ туғилади. Менимча, роман сарлавҳаси ҳам, немис тилида қандай ифода этилганидан қатъи назар, асарнинг ички мазмунига мос, шу билан бирга, ўзбекона жаранг касб этса, нур устига аъло нур бўларди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур роман таржимаси ўзбек ўқувчилари томонидан яхши кутиб олинишига аминман. Бу асар билан танишиш, бизни жаҳон адабиётига доир янги бир ижод намунасидан воқиф этади. Замонавий Европа адабиёти ҳақидаги тасаввурларимизни бойитади. Ҳудуд ва тил жиҳатдан йироқ бўлса ҳам, турмуш тарзи, анъаналари, дунёқараши анчайин яқин бўлган икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ушбу роман нашр этилса, ўзбек китобхонлари учун муносиб совға бўлади, деб ўйлайман.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари номзоди, доцент
Тошкент, 2010 йил, 20 февраль