Шеърият, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг инсониятга берган улуғ неъматлардан биридир. У чексиз уммонга, балки, бепоён уфққа ўхшайди. Унинг зеболиги, таъсири ва кўламини қайдлаш қийин. Бинобарин, унинг асосолари, назарияси ҳақида ҳам жуда узоқ басҳлар олиб бориш мумкин. Аммо мен ҳозир муҳтарам ўқувчи билан ўзим анчадан бери ўйлаб юрган айрим мулоҳазаларни ўртоқлашмоқчиман, холос. Ўйламанки, бу кўпчилик учун фойдадан холи бўлмаса керак.
Маълумки, «назм» ва «шеър» сўзлари одатда маънодош сўзлар шаклида қўлланилаверади. Аммо «ҳар бир сўз қайсидир даражада ўзига хос маънога эга» деган қоидадан келиб чиқиб ёндошиладиган бўлса, бу икки сўзнинг орасида фарқ бўлиши ойдинлашади. Хўш, назм билан шеърнинг орсида нима фарқ бор?
Ҳар икки сўз ҳам арабча сўзлар бўлиб, араб тилида ҳам ўзбек тилидаги маъноларда ишлатилади. «Назм» калимаси аслида «териш», «маълум тартибга келтириш», «интизомга солиш» маъноларини билдиради. Шундан келиб чиқиб, маълум вазнга ва қолипга солинган гапларни назм дейилади. «Шеър» эса «шуъур» сўзидан олинган бўлиб, «ҳис-туйғу», «туйиш», «шуур» маъноларини ифода этади. Шунга кўра, инсоннинг ҳиссиёти, эҳтирос ва ҳаяжонини ўзида мужассам этган, бадиий тасвир билан йўғирилган, кишининг тафаккурига, ҳис-туйғусига таъсир қилиб, уни ҳаяжонга соладиган гапларни «шеър» дейилади. Ушбу таъриф луғат жиҳатидан тўғри бўлса-да, адабий истилоҳда мазкур сифатларга эга бўлиш билан бирга, назмга солинган гапларни «шеър» дейиш одат бўлган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар қандай шеърни назм деса бўлади, аммо ҳар қандай назм шеър бўла олмайди. Масалан, тажвид ёки тил қоидаларини маълум вазнга солинган гаплар билан ифода қилинса, бу назм бўлади, шеър бўлмайди. Чунки унда ҳис-туйғуга тегишли гаплар йўқ. Бундай назмлар исломий адабиётлар ичида жуда ҳам кўп. Фиқҳ, ҳадис, қироат ва бошқа турли илмларга бағишланган катта-кичик назмий рисолаларни санаб адоғига етиш қийин. Аммо уларни шеър эмас, назм дейиш тўғри бўлади ва бундай асарларни ёзган муаллиф «нозим» дейилади, «шоир» дейилмайди. Шоир гапаларни маълум вазнга, қолипга солиш билан бирга, уларнинг ичига ўзининг ҳис-туйғуларини, қарашларини ҳам жойлай оладиган, оддий гапларни бадиий бўёқ билан безай оладиган шахсдир. Шоир гоҳида ҳаёлот уфқларида парвоз қилиб, ўқувчини ҳам ўзга оламлар сайрига чорлайди. У сўзларининг ҳақиқий маъноларидан ўтиб, мажозий маъноларини очишга ҳаракат қилади. Агар шеър деб айтилаётган нарсада вазн ҳам бўлмаса, ҳис-ҳаяжон ва бадиият ҳам бўлмаса, у оддий гап бўлади, шеър дейишга арзимайди.
Шеър ёзиш учун кишидан табиий қобилият бўлиши билан бирга, шеърий адабиётларни кўпроқ ўқиш талаб қилинади. Ана шунда шоирда сўз бойлиги, бадиий тасвир қобилияти ортади. Ҳазрат Навоийнинг даврларида шоирга ўттиз минг – 20 минг ўтмишдаги, 10 минг замона шоирларига тегишли байтларни ёд олиши шарт қилингани ҳам бежиз эмас.
Кимдир «Биз шоирлик даъво қилаётганимиз йўқ, шунчаки ҳаваскормиз», дейиши ҳам мумкин. Биз айтамизки, аввало шеър дейишга муносиб бўлмаган нарсани шеър дейиш адабиётга, умуман ўқувчиларга ҳурматсизлик ҳисобаланди. Қолаверса, киши ҳар бир нарсани қилишда унинг илмини билиб олса, ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам яхши бўлади. Масалан, уй солмоқчи бўлган кишининг «томи ёпиқ, атрофи девор бўлса бўлди-да» қабилида иш кўриши қайдаю, муҳандислик асосларига кўра уй қурса қайда?! Қанчадир сатр қоралаш учун ҳам меҳнат қиласиз, бунинг учун куч, вақт сарфлайсиз. Агар шуни озгина билим асосида қилсангиз, худди шу меҳнат билан фойдалироқ ва бақолироқ нарса тақдим қилишингиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ бирингиз иш қилганида уни пухта қилишини ёқтиради», дея бежиз айтмаганлар.
Юқоридаги фикрлар шеърнинг ташқи ва ички биносига тегишли бўлиб, бу маънода ҳар ким ўз иқтидори ва имкониятига кўра иш кўраверади. Аммо масаланинг асосий томони бор. У ҳам бўлса, шеърнинг мазмун-моҳияти ва ғоясига тегишли меъёрдир. Агар мен шеърий танлов эълон қилганимда, ушбу меъёрни асосий шарт қилиб қўйган бўлардим. Чунки бу илоҳий шартдир, қуръоний шартдир. Аллоҳ тало Қуръони Каримда Шуъаро сурасида шундай марҳамат қилади:
«Ва шоирларга гумроҳлар эргашади. Уларнинг ҳар водийда дайдишларини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишлариини кўрмадинги? Фақат, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар мустасно. Зулм қилганлар эса, тезда қайси қайтишда қайтишларини билурлар». (224-227‒оятлар).
Ушбу оятда одатда кўп шоирлар одамларнинг бошини айлантириб, беҳудадан беҳуда уларнинг вақтларини зое қилиб, онгларини булғашлари баралла айтилмоқда. Бу барча замонларда ўз тасдиқини топиб келаётган очиқ ҳақиқатдир. Аммо оятда бу манзара умумий бўлмай, маълум сифатларга эга шоирлар бундан мустасно эканлари алоҳида таъкидланмоқда. Ўзини билган ҳар бир шоир мана шу хислатлар асосида ижод қилишга интилиши керак. Хўш, улар нималар экан?
1. Иймон-ихлосли бўлиш ва шунга тарғиб қилиш. Ҳа, Аллоҳга иймони йўқ кишидан яхшилик чиқиши қийин. Бинобарин, у кишиларни яхшиликка етала олмайди. Тўғри, айрим яхши, эзгу фикрларни айтиши мумкиндир. Аммо иймон асосида бўлмагандан кейин, биридамас, бирида тойилиши ва бошқаларни ҳам тўғри йўлдан оздириши турган гап. Бундай шоирларнинг одатда фойдасидан зиёни кўп бўлади. Шу боис, Исломда шоирдан аввало иймонли бўлиши ва ўз ижодини шу асосда олиб бориши талаб қилинади.
2. Амали солиҳ қилиш. Бунга солиҳ, яхши амалларга тарғиб қилиш ҳам киради. Демак, шоир мазаммат қилинган шоирларга ўхшаб қолмаслик учун аввало ўзи яхши амалларда собит бўлсин. Шу билан бирга, ўз шеърларида эзгу амалларни мадҳ этсин, кишиларни шунга қизиқтирсин. Ахлоқсизликка олиб борадиган, кишиларнинг ҳирсини, шаҳватини қўзийдиган сеги-муҳаббатларни куйлаб, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам бахтсиз қилмасин. Бегона аёллар ёки эркакларга муҳаббат изҳор қилиб шеър битиш мутлақо тўғри эмас. Бу нарса айниқса ёшларни ахлоқсизликка, шаҳватпарасликка, охир бориб, зинога олиб бориши, тубанлаштириб юбориши, ҳаётга жиддий боқмайдиган хаёлпараст қилиб қўйиши тажрибалардан ҳам маълум.
3. Аллоҳни кўп зикр қилиш. Ҳа, шоир шеър ёзишда Аллоҳни эсласин, мақсади ҳам Аллоҳнинг розилиги, инсонларга Аллоҳни эслатиш бўлсин, шеърида ҳам Аллоҳни кўп зикр қилсин. Ана шунда у илҳом берган Аллоҳнинг ҳаққини адо этиши мумкин. Аммо Аллоҳни қўйиб, қандайдир маъшуқаларнинг мақтови, казо-казоларнинг мадҳига бағишлаб шеър битиш нонкўрлик бўлади, тубанлик сари еталайди.
4. Ғалаба учун курашиш. Душмандан устун келиш, Ватаннинг, мусулмонларнинг ҳимоясига бағишлаб шеър ёзиш ҳам мақтовга сазовор ва ўринли ишдир.
Исломда ҳар бир нарсага ўз баҳоси берилади ва бор ҳақиқат баралла айтилаверади. Жимжимдор, ясама сўзлар динимизга ёт. Шу билан бирга, Исломда инсоннинг барча қобилиятлари эътиборга олинади ва уларни тўғри йўлга йўналтирилади, ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Ушбу биз ўрганган оятлар мана шу ҳақиқатни ўзида акс эттирган оятлар сарасига киради. Ушбу оят нозил бўлганида шоир саҳобалар бироз саросимага ҳам тушишган ва масаланинг ечимини бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўрашга азм қилишган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурроҳман ибн Каъбдан, у киши ўз отасидан ривоят қилишича, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида ҳукмини нозил этиб қўйдими?!» деганида, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мўмин киши қиличи ва тили билан жиҳод қилади. Менинг жоним қўлида бўлган зотга қасамки, сизнинг уларга отадиган ўқингиз камон ўқидан ҳам ўткирроқдир», деган эканлар».
Ҳа, адабиёт ҳам икки тиғли кескир қуролга ўхшайди, уни яхшиликка ишлатиш ҳам, ёмонликка ишлатиш ҳам мумкин. Фақат, унинг ҳаракати инсоннинг жисмига эмас, руҳига, онгига қаратилган. Мусулмон киши эса бунёдкор бўлади, вайронкор бўлмайди. Мусулмон бу дуню охират жавобгарлигини мулоҳаза қилиб иш кўради.
Исломда мазкур асослар билан йўғирилган шеърият доимо ардоқланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият шоирларининг шеърларидан айрим ҳикматли сўзларни маъқуллаб, мақтаганлар ва айрим саҳобаларни шеър айтишга ундаган ҳолатлари ҳам бўлган. Саҳобаи киромларнинг ичида шоирлари ва шеър ёд олганлари ҳам кўп бўлган. Бир қатор мужтаҳид уламоларимизнинг девонлари ҳам бор. Буюк тобеин, шоир Хилил ибн Аҳмад Фароҳидий Аллоҳ таолдан ўзига ҳеч кимга берилмаган ва инсониятга абадул-абад хизмат қиладиган бир илм беришини сўраб дуо қилганида, унга аруз илми илҳом қилингани нақл қилинади. Аммо буларнинг барчаси мазкур оятдаги шартларга асосланган эди.
Мумтоз адабиётимизга назар соладиган бўлсак, уларнинг ҳам ушбу кўрсатмалар билан йўғирилганини кўрамиз. Улар асрлар оша кишиларни иймон-ибодатга, ҳалол-покликка, одоб-ахлоққа ундаб келди, динмиз таълимотларини кенг оммага етказишда катта ҳисса қўшди. Дин таъқибга учраган пайтларда диний тушунчаларни сақлашга хизмат қилди.
Афсуски, кейинги даврларда дин ва диний билимлардан узоқлашиш натижасида, бу борада ҳам тўғри йўлдан оғиш пайдо бўлди. Шоирларнинг ичида маддоҳлик, беҳуда хаёлпараслик, ишқу шаҳват тарғиботи авж олиб кетди. Натижа нима бўлгани ҳаммамизга маълум. Қувонарлиси, динимизга қайтиш баробарида асл адабиётимизга интилиш ҳам ортиб бормоқда. Бир қатор шоирларимизнинг исломий тушунчалар асосида, ўзликни англаш тўғрисида ёзган шеърлари ҳам фикримизнинг далилдир. Ҳаваскор шоирларимиз ҳам бу борада анча-мунча иш қилиб қўйдилар. Интернетдаги ижтимоий тармоқларда ўзбек тилидаги исломий шеърларга аталган махсус саҳифа очилиши ҳам шу йўлда қўйилган яхши қадамлардан бири бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, сўзнинг инсонга, жамияттга таъсири катта. Бундан эзгулик йўлида, тақво-ибодат йўлида унумли фойдаланиш керак, аксинча йўл тутишдан сақланиш лозим. Зотан, шу сўз туфайли одамалар бир-бирларига дўст-душман бўлади. Биргина сўз бутун бошли давлатлар ўратасида ҳамкорликка ҳам, аёвсиз урушларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Кишиларни яхшиликка ундашда ҳам, ёмонликка чорлашда ҳам шу сўздан фойдаланилади. Бугунги ахборот юришларининг ҳам асосий қуроли шу сўз экани ҳеч кимга сир эмас. Зеро, Ҳазрат Навоий таъкидланларидек, Аллоҳ Ўзи бутун борлиқни биргина «Бўл!» деган сўз билан яратган. Сўзга бу қувватни У Зотнинг Ўзи берган. Шеър эса ана ўша сўзнинг тиғи қайралиб, сайқалланган шаклидир.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид