Кўнгил кимёси

Ошиқ ўлди дея салоҳ этарлар,

Ўлган ҳайвон эрур - ошиқлар ўлмас.

Юнус Эмро.

Қуёш уфқдан бош кўтариши билан тонг отади. Уфққа бош қўйганида эса тун бошланади. Тун – ўша тун. Кун – ўша кун. Ҳеч нима гўё ўзгармайди. Уддалай олса, одамзод ҳар кун бир янги қуёш яратарди. Одатий, кўникилган қоронғулик – тун зулматидан қутулиб, ҳар субҳидамда аввалгига ўхшамайдиган офтобни қаршилаш завқли эмасми? Аллақайси замонларда шуни ҳам кимдир хаёлдан ўтказган бўлиши мумкин. Ҳайриятки, инсон янги ой, янги қуёш, янги-янги юлдуз яратишга қодир эмас. Бўлмаса, курраи оламнинг буюк мувозанати бузилиб, дахлсиз интизоми ўзгартирилар ва янада бошқача ваҳшиёна кураш, ўзгача бир мудҳиш тўфон-у қасирғалар авж олиб кетиши муқаррар эди...

Тасаввур қилайлик: Ҳазрати Одам Ато фарзандлари буғдой еб, буғдой неъматлари билан тирикчилик ўтказмаганда нима бўларди? Шайх Фаридуддин Аттор айтган мусибат юзага келарди:

Бани одам агар гандум нахурди,

Ҳаме мардум ба жуз мардум нахурди.

Чунончи: Одам қавми агар буғдой емаса эди, улар бир-биридан бошқа бир нимани емасди. Шубҳасиз, шундай бўларди. Фақат сиёҳ эмас, балки қон ва кўз ёш ила қоғозга битилиб келинган башар тарихи Атторнинг ҳақлигини ҳамон тасдиқлаб турибди.

Инсонни зулм ва йиртқичликдан сақлайдиган, нафсни офат ва қабоҳатлардан поклайдиган иккита куч манбаи бор. Бири – Оллоҳни таниш, У кўрсатган йўлдан юриш. Иккинчиси, Ўзни англаш. Англаган – севади, севган эса тушунади. Энг мураккаб, энг қалтис муаммоларни ҳал қилиш шунда ўз-ўзидан енгиллашиб, ўнглашиб боради. Бектошийлик тариқатининг бош фалсафаси бор-йўғи тўрт қаторгина шеърда ифодалангани тасодиф эмас:

Бир-бирини севмаганни,

Ўзлигини билмаганни,

Одамга бош эгмаганни

Номини шайтон деюрмиз.

Асосий ҳақиқат ана шу. Ҳамма давр, ҳамма замонларда инсон зиммасига юкланган муқаддас вазифа ҳам мана шу: Ҳақни ва халқни севиш.

Мутасаввифларга кўра, инсон Тангри мазҳарларининг энг юксаги. У яратилмаса, коинот ҳам яратилмасди. Борлиқ бир жасад. Унинг руҳи ва жони одам. Лекин бу хусусда қанчалик кўп гапирилиб, нечоғлик кўп ёзилмасин, илоҳий моҳият мушоҳадаси кенг қулоч ёзмаган. Ишқ ва ирфон сирлари тадқиқ қилинган бир асарда:

Мо Худойи олам одам ёфтем,

Инчунин одам вале кам ёфтем,

дейилади. Яъни: биз олам Тангрисини одам ўлароқ топдик. Аммо бундай одамни жуда кам учратдик. Шарқда шу тоифага мансуб кишиларга валий, ориф, сўфий, фақир ёки дарвеш дейилган. Одамлар шу зотларнинг ўзига ҳам, сўзи ва амалига ҳам ишонишган. Алдамагани, риёга ён бермагани, холислиги, кароматфурушлик қилмагани боис ҳалқ уларга эргашган.

Булар кўнгилда томир ёзмаган ёки ўзи яшамаган ҳолдан баҳс юритишга қатъиян қарши бўлишган. Ривоят қилинишича, фақр ҳоли хусусида халққа маъруза қилган Рувайм бин Муҳаммадга машҳур шайхлардан бири қуйидаги мазмунда бир байт айтибди: “Одамку ўлдирмассан, қилични не қилурсен? Қимматбаҳо қилични сотиб пулига тўтиқуш олсанг бўлмайдими?” Рамз ва киноя ила айтилган бу фикрдан кўзда тутилган мақсадни Абу Бакр Муҳаммад бин Исҳоқ Бухорий бундай изоҳлайди: “Рувайм дилида бўлмаган, ўзи яшамагани ҳолдан баҳс юритмиш. Ҳолбуки, фақр ҳолини аввал кўнгилда барқарор айлаш, сўнгра унинг моҳият ва фазилатларидан сўзлаш ё ёзиш лозим. Буюклардан бири демишки, “Табиатига ёт, яъни руҳиятидан жой топмаган бир ҳол ё бир ҳақиқат хусусида гапирган кимсанинг даъвоси уни эшакка яқинлаштиради...”. Демак, гапга ружуъ қилиш, донолик ролини бажариш билан ҳақиқатга хизмат қилиб бўлмайди. Асос – маъно, моҳият, асос – дард ва самимиятдир. Шулар бўлмаса, қолгани сохталик, алдов ва ҳийла эрур.

Маъно ва моҳият эшиги қандай очилади? Бунга етишмоқ учун олдин Тангрини таниш керакми ёки Тангрини таниганларними? Бу саволга кўпчилик “Албатта, Тангрини таниганларни танишда!” деб жавоб бериши шубҳасиз. Агар шундай бўлганда эди, чиндан ҳам Ҳақ йўлчилари ва дўстларини таниш енгил кечганда эди – инсоният аллақачон маънавий-ахлоқий хасталиклардан, ғафлат, жаҳолат, қаҳру ғазаб офатларидан қутулиб, ер юзини жаннат қилган бўлар эди. Ва ўзини бунчалик кулфат, бахтсизлик, зулм ва бағритошликларга маҳкум айламасди. Унинг ҳийла ва найрангбозликлари, нафс шавқи ва лаззати учун турланиб-тусланишлари, ютоқиб ташланишлари ривож топиб бормасди.

Инсоннинг зоҳирий йўлсизлиги унчалик қўрқинчли эмас, ботиний йўлсизлик ёмон, ички адашув, ичдаги имконсизликлар таҳликали.

2

“Тангрини таниш, - дейди Баҳоуддин Валад, - валиларни танишдан кўп осондир. Бутун олам Тангрига топинади. Унга сажда қилади. Аммо юз мингларча инсондан ҳатто биттаси ҳам валиларни етарли даражада таний олмайди. Ҳазрати Мусо Тангрининг элчиси эмасмиди? Тангри у билан сўзлашмаганмиди? Асоси қўлида аждаҳога айланмаганмиди? Ул асо ила осийлардан ғолиб келмаганмиди?”

Худди шундай бўлган эди. Шунга қарамасдан, Ҳазрати Мусо валиларнинг юзини кўриш, уларни таниш учун Тангридан ёрдам тилайди. Унга ёлворади. Ниҳоят, Оллоҳ унинг дуо ва илтижосини қабул қилади ва унга “Ўз умматинг орасидан чиқ, саёҳат қил!” дея буюради. Мусо алайҳиссалом сўнг саёҳатга кетади. Хизрни топади ва танийди. Лекин Хизрнинг аҳволини тушунмайди. Тушунмаганлиги боис унинг ишларига эътироз билдиради. Охири “Бундан буён энди сендан неки зоҳир бўлса, сас чиқармайман ва жону кўнгулдан қабул айлайман”, - деб тавба қилади.

Қуръони каримда нақл этилган Хизр ва Мусо ҳикоятига тасаввуф ва тасаввуф адабиётида алоҳида эътибор берилгани бежиз эмас. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад Оллоҳнинг хос бандалари, яъни валийуллоҳларнинг таълими, тарбияси ва таъсирисиз илоҳий сайру саёҳат, файзу камолотда олий натижаларга эришиб бўлмаслигини таъкидлаш эди.

Шарқ мутасаввифларининг ўзига хос хизматидан бири, балким биринчиси, инсоннинг маънавий мавқеи ва ички оламига доир қарашларни мисли кўрилмаган даражада кенгайтирганлиги, деса асло хато бўлмайди. Инсон сийратига очилган Йўл – ўзини таниш, Ҳақ ва ҳақиқатга эришишнинг мустасно бир йўли эканини мана шу Маърифат пешволари кашф қилиб берган. Ахлоқий, маънавий, руҳий ва завқий тажрибанинг улар жуда қийин, бағоят машаққатли усулларини танлашган. Гоҳо узлатга чекиниб, нафсни қийнашган, гоҳо муроқаба ва мушоҳадага берилишган. Кўнгилда ишқ оташи ёлқинланганда ўзни ҳам, ўзгани ҳам унутиб холис ҳол, беғараз, бетаъма амал соҳиби ўлароқ кун кечиришган. Тасаввуф адабиётининг етакчи қаҳрамонлари ана шулар. Саноий, Аттор, Румий, Навоий сингари даҳо санъаткорларга мана шу шахсларнинг ҳаёти ва қисмати илҳом бағишлаган. Фаридиддин Аттор “Тазкират ул-авлиё”ни ёзганда, шеърий асарларидан кам заҳмат чекмаган ва нисбатан олганда илҳом даражаси ҳам паст бўлмаган. Бу китоб Аттор учун ғоявий-ирфоний бир манба вазифасини ўтаган. Уни валию авлиёлар муҳитига олиб кириб, кенг бир миқёсда уларнинг шахсияти, маслаги ҳамда мафкурасидан огоҳ этган. Атторнинг шоирлик санъати – валоят сир-асрори бадиий талқинларини яратиш санъати эди. У аҳли ҳол ва аҳли ирфоннинг муҳиби эди.

Аҳли ирфон нуқтаи назарига кўра, Оллоҳ ўзини ошкор айлаш, яъни танитиш учун коинотни вужудга келтирган. Асосий ният эса борлиқ-олам саҳнига комил инсонни чиқариш бўлган. Дунёнинг зоҳирий манзараси касрат – кўпликни акс эттиради. Унинг замирида ваҳдат – буюк Бирлик пинҳондир.

Моҳиятбин одам коинотда улуҳият тажаллисини кўриши ва севиши лозим. Ана шунда мажозий ишқдан илгарилаб, илоҳий ишққа юксала олади. Ва қалбнинг Ҳақ тажаллигоҳилиги тўлиқ ёрқинлашади. Бироқ инсон қавми ақлини танигандан буён маънога эмас, шакл ва сувратга қизиқиб келади. Ваҳдат эмас, у касрат ошуфтасидир. Неча ўнлаб ориф ва мутафаккир бу қарашнинг ноқислиги, саёзлигини асослаб берган бўлса ҳамки, уни англайдиган, англаб амал қилгувчилар сафи кенгаймаган. Не-не мутасаввиф, не-не олий нуфузли шайх ва муршидлар, “Эй ғофиллар! Биз сувратга ошиқмиз” дейсиз. Бу хатодир. Чунки бутун олам маъно ва ҳақиқатга ошиқ... Сурат бир қадаҳ. Сурат бир косага ўхшайди. Маъно ва ҳақиқат эса уларнинг ичидаги май ёки таомдир. Мақсад қадаҳ ҳам эмас, коса ҳам эмас... Буни билинг ва англашда адашманг!” дея хитоб қилишган. Ўз фикр-қарашларини жилд-жилд китобларда ифодалаб беришган. Аҳвол эса айтарли ўзгармаган.

Ўзингиз бир ўйланг: неча юз йиллар мобайнида пайғамбарлар ортидан пайғамбарлар келиб, одамларни ғафлат, жаҳолат уйқусидан қутулишга чорлаб, қанчадан-қанча нодир фикрларни баён этишган. Нафаси тошни, темирни эритадиган валию орифлар томоғ оғритиб: “Эй ғофиллар! Эй гумроҳлар! Сиз бу ғаддор дунё ўрмонида йиртқич ва қонхўр махлуқлар орасида нечун қўрқмасдан ухлаб ётибсиз?! Бешафқат ва қонли бу маскандан, бераҳм ва олчоқ бу очундан ўзингизни халос қилинг! Одамийлик шарафи ва ҳақпарастлик иқболини намойиш айланг!..” дея нола чексалар ҳам ўша машъум хоби ғафлатдан бедор бўлолмаган. Бобораҳим Машраб эса тирикликни ўлимга эврилтирган ушбу ҳодисани хулосалаб:

Бу ғафлат уйқусидан, эй ёронлар, уйғониб бўлмас, -

деган эди.

Шулар назарда тутилса, Ғарб файласуфи Спиноза айтган қуйидаги гапнинг моҳияти жуда осон равшанлашади: “Мен иккинчи бир ҳаётни асло орзу қилмайман. Чунки, зот эътибори ила бу ҳаётда ўликларнинг орасида тирилдим”.

3

Мутасаввифларнинг инонч ва эътиқодлари бўйича, олам Ҳақнинг вужудида зоҳир бўлиб, фақат ҳар он янгиланиб, ўзгариб турадиган бир қанча фоний ва йўқ бўлувчи сувратлардан иборатдир. Булар Унинг асмо ва сифатларининг мазҳарлари бўлса-да, зотан Оллоҳ булардан мустағнийдир. Олам йўқ бўлса ҳам Оллоҳ зотий сифоти ила яна боқий қолади. Демак, оламнинг моҳиятини яхлит шаклда билиш ва ўзлаштириш учун, энг аввало, фано тариқига юз буриш, фанолик ҳоли ва сир-асроридан яхши огоҳ бўлиш лозим. Чунки йўқликни – йўқлик ўрнида кўриш, ўткинчини – ўткинчи ўлароқ танишда адашмаслик фақру фано ҳолининг бош талабларидан ҳисобланади. Фано – нафсоний, ҳайвоний эҳтиросларни руҳ, кўнгул камоли учун, алдамчи латифликлар, бақосиз гўзалликларни энг олий, энг мукаммал Гўзаллик учун қурбон қилиш демак. Бу қурбонлик қанча кўпайса, инсон сийрати янги маъни, ҳеч мисли кўрилмаган янги-янги иштиёқ ва завқ-шавқ билан ўшанча бойиб боради, энг муҳими, у башарий менлигини поклаб ишқ ва маърифат оғушида гўё бошқадан дунёга келади. Буларнинг бари мистик йўл ва мушоҳада ила амалга ошади. Баъзи бировлар мистика ёхуд мистизм сўзини эштишданоқ чўчиб кетади. Бу тўғри эмас. Ботини қашшоқ, ҳислари якранг, фикр-тушунчалари турғун ва қўпол кимсаларда ҳеч қачон мистик ҳолат юз очмайди. Шу боисдан ҳам улар сўфий ва мутасаввиф ижодкорлар асарларини ўқиб-ўрганишда қанча уриниб-суринмасин, сирли ва асосий нарсани барибир фаҳмлашолмайди. Мистик майл қачон туғилади? Қачонки, одам ўзининг ички оламидаги латифлик ва гўзалликдан завқланса, илҳом топса. Қачонки, сўз билан ифодалаш қийин бўлган шу гўзаллик ва нафислик бағрига чекинишга табиий эҳтиёж сезса. Инсоният тарихи қадар қадимий бўлган мистик тажриба ҳар бир маданиятнинг табиати ва туб моҳиятига кўра алоҳида бир маъно касб этгани эътиборга олинса, ислом фалсафасининг энг оригинал бир тарафи мистика, яъни тасаввуф эканлигини билиш қийин кечмайди.

Хорижлик аксарият шарқшунослар тасаввуфнинг келиб чиқиш заминини юнон, ҳинд, христиан динларига боғлашга уринадилар. Бу нуқтаи-назарни тўла қабул қилиш мумкин эмас. Чунки тасаввуфнинг бош тамали ва замини исломдир. Бу, бир томондан, Қуръони каримга дахлдор бўлса, яна бир тарафдан Ҳазрати Пайғабаримизнинг шахсий ҳаёт тарзлари ва ҳадисларига алоқадордир. Тасаввуфдаги дунёнинг фонийлиги, шу боисдан унга кўнгил бериб, бутга айлантирмаслик, дунё ишлари инсонни Оллоҳдан йироқлаштирмаслик зарурлигига доир тушунчалар исломдан олинган. Мусулмонликкача бўлган фикр-қарашлар-чи? Бунда ҳам асосий ва ҳал қилувчи нуқталарда ўзга динларга ўхшашлик йўқдир.

“Эски юнон нуқтаи назарида, - дейди туркиялик йирик қадимшунос ва тарихчи Иброҳим Кофас ўғли, - ўғрилик, ёлғончилик мубоҳ (рухсат берилган) саналган, ҳақсизлик қилиш бир қудрат нишонаси ва жасоратга мансуб “фазилат”ларнинг аввали дея қабул қилинган. Лекин инсонда уят аталмиш бир руҳий принцип мавжудлиги хаёлга ҳам келтирилмаган”. Бунга тамоман тескари равишда қадимий аждодларимиз ахлоқида инсонга номусли, виқорли бир ҳаёт низомини белгиловчи уят ва уятчанлик туйғуси энг юксак фазилат саналган. Мана шунинг учун ҳам улар дабдаба ичида яшашдан, кеккайиш, манфаат, муваффақият учун ялтоқланиш, ваъдага вафо қилмаслик, риё ва ёлғончиликдан уялишган. Уят ҳисси Ғарбдагидек бир руҳий кучсизлик эмас, аксинча, инсонни доимо ўз-ўзини назорат этишга ундайдиган психологик эҳтиёж деб қаралган. Тасаввуф илми асосан оғзаки тарзда шахсдан шахсга, кўнгилдан кўнгилга етказилган бир илм бўлса-да, тасаввуф адабиётида нафс, ахлоқ, қалб, руҳ ҳақиқатлари жуда теран ва ўзига хос шаклларда ёритилганлиги учун, қайси тилда бўлишидан қатъий назар, кўпчиликни қизиқтирган. Бунинг энг характерли бир мисоли Фаридуддин Аттор ижодиётидир.

Нақл этилишича, Жалолиддин Румий тахминан беш ёшларда экан, бир туш кўради. Тушида нуроний юзли бир қария унга олти новдали битта гул ҳадия этади. Бу тушни у отаси Муҳаммад Баҳоуддин Валадга айтганда, “Бу олти жилдлик бир китоб ёзишингга ишоратдир”, дейди. Қизиғи шундаки, чолнинг ўзи ҳам Жалолиддинга “Олти бутоқли гулга етишгунингча мана буни мутолаа қилгил” дея бир китоб ҳам берган эди. Орадан маълум йиллар кечгач, Жалолиддин бутун оила аъзолари билан она диёрини тарк айлаб кетаётганда, ўша чол билан йўлда учрашиб, унинг қўлидан китобни ҳам олади. У – Шайх Фариддудин Аттор, китоб эса унинг “Асрорнома”си эди.

Атторнинг буюк Шахси ҳам, ижодиёти ҳам илҳом ва ибрат махзанидир. Унинг Шахси – асарларига, асарлари – шахсиятига эшик очади. Бу маърифат, ишқ, руҳоният, санъат “эшиги”дан фақат алоҳида қалам соҳиблари эмас, бутун бошли миллат ижодкорлари ичкарилай олганлиги ҳайратланарли, албатта.

Дарвоқе, “Туркий халқлар мистикларига намуна бўлган илк асарлар Фаридуддин Аттор қаламига мансуб эди. Бу улуғ мутасаввиф “Панднома”, “Илоҳийнома”, “Мантиқ ут-тайр”, “Тазкират ул-авлиё” каби китоблари билан ўша замонга қадар амалга оширилмаган ... ирфоний тажриба назариясини яратишга киришиб, уни мазбут (мустаҳкам) дидактика ҳолига етказган эди. Худди шунинг учун ҳам илк турк мутаржимлари унинг асарлари таржимасига қўл урдилар” (Ҳ.З.Ўлкан. Турк тафаккури тарихи, 202-бет).

4

Форс, турк, рус, ўзбек тилида чиққан мақола, алоҳида китоб ва қомусларда Атторнинг таржимаи ҳоли, ижодий фаолияти ҳақида кўп ёзилиб, батафсил маълумотлар берилган. Аттор сермаҳсул ижодкор. У руҳни севган. Дин ва ахлоқнинг куч-қувватига суянган. Маърифат, ишқ ва бадиий ижод завқини ниҳоятда юксак қадрлаган. Кексайганида худди Нажмиддин Куброга ўхшаб у ҳам мўғул босқинининг қурбони бўлган. Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида Аттор асарларига шундай таъриф беради:

Назму насридинки таҳрир айлабон,

Ваҳдат асрорини тафсир айлабон...

Чун “Мусибатнома”син айлаб баён,

Юз мусибат нафсқа айлаб баён.

Ҳар мусибатдин кўнгулга сур ўлуб,

Ким кўнгул ул сурдин масрур ўлуб.

Чун рақам айлаб “Илоҳийнома”ни,

Ваҳийга айлаб муҳаррир хомани.

Шарҳи асрори илоҳи айлабон,

Халқ аро шарҳин камоҳи айлабон.

Чун, ки “Уштурнома” айлаб ошкор,

Нуктаси бухтиларин тортиб қатор.

Неча минг бухти нечукким чархи дун,

Дурри гавҳар ҳамлидин бори забун...

Чун ғазал гулзорида мажмаъ тузуб,

Булбул отин минг тараннум кўргузуб.

Лекин ул ҳар бир тараннумдин аён,

Сирри ваҳдат шарҳиға равшан баён.

Чун рубоийдин бериб девонға зайн,

Рубъи маскун ичра солиб шўру шайн.

Олами маъни аро тақсимдин,

Ҳар бири мухбир неча иқлимдин.

Наср ила чун “Тазкира” мавжуд этиб,

Авлиё арвоҳини хушнуд этиб.

Ҳар бирининг руҳидин юз тийра зот,

Жон топиб ичкон киби оби ҳаёт.

Бир тараф бориға отину шараф,

“Мантиқ ут-тайр”ға отин бир тараф.

Навоий устодининг китобларини мана шундай тартибда санайди. Айни пайтда уларнинг ҳар бирига хос хусусият, бирини иккинчидан ажратиб турувчи етакчи фазилатларини таъкидлаб ҳам беради.

Ҳақиқатда ҳам ёлғиз маснавийнависликда эмас, балки ғазал, рубоий ва насрда ҳам Аттор олий мақомларга кўтарилган эди. Агар диққат қилган бўлсангиз, “ваҳдат асрори”, “ваҳдат шарҳи” деган ибораларни Навоий мутасаввиф Аттор ижодиётининг ўзак-негизи ва унинг талқинларидаги туб моҳиятни урғулаш учун ишлатади. Дарҳақиқат, Аттор ваҳдат шаробидан маст, олам ва одам ҳодисотларини ваҳдат шуури ила мушоҳада айлашдан ҳеч четламаган, сўзи ҳам, фикр ва ифодалари ҳам кашфу илҳомдан туғилган санъаткор эди. Унга кўра, зоҳирий бу олам “кўплик”, яъни касратдир. Азалий оламда у Ҳақнинг зоти билан “бир” эди. Ажралиш ва кўплик йўқ эди. Зоҳирий олам бир оташ – алангадан юзага келган тутун янглиғдир. Коинотда Бирдан бошқасини кўрамганлар, ваҳдат дарёсига чўмганлар ва ишқ оловида ёнганлар ҳисобланади. Оллоҳ висолига етишишнинг ягона йўли – ўзни билиш, нафсни ислоҳ айлаш, шаҳватни енгиш ва Ҳақнинг вужудига фоне бўлиб, ваҳдат саодатини қўлга киритиш. Аттор “Илоҳийнома” китобида ҳам ана шу оламшумул ҳақиқатдан баҳс юритади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, у Аҳмад Ғаззолийдан келган ишқ тушунчаси ёки Мансур Халложнинг фано ҳоли сирларини ўзлаштириш билан чекланмайди, янада илгарилаб ваҳдати вужуднинг чўққиларига юксалади.

5

Аттор мумтоз шеъриятнинг бир неча жанрларида қалам тебратган бўлса ҳамки, шоирлик кучи ва талантини кўпроқ маснавий ва ғазалда намойиш этган. У ғазалларида тасаввуф завқи, хусусан, ваҳдати вужуд тушунчасини, илоҳий йўлчилик учун зарур ҳисобланмиш ишқ ва ошиқликни зўр илҳом ила тараннум қилган. Ишқ оташи, ваҳдат шуури ва ҳаяжони унинг маснавийларидаги ҳар бир сўз, ҳар бир маъно замиридан шундоқ нурланиб туради. Бу гап “Илоҳийнома”га ҳам тегишли. Асар мазмуни шундай бошланади: қадимда бир подшоҳ бўлиб, бири-биридан ақлли олти ўғилни вояга етказади. Уларнинг:

Бари олий сифот, мардона эрди,

Бировнинг олдида бош эгмас эрди.

Не илму дониш эрса ул замона,

Барида эрдилар нодир ягона.

Кунлардан бир кун подшоҳ фарзандларини ҳузурига чорлаб, дил тубида сақлаб юрган тилак ва орзуларини айтишни сўрайди. Тўнғич ўғил парилар подшоҳининг қизига ошиқлигини, асосий орзуси унинг висолига етишмоқ эканини сўзлайди:

Ки ҳусни, ақли бирлан меҳри жон ул,

На ёлғиз жон эмиш, зеби жаҳон ул.

Агар етсам анга, кулгайди омад,

Яшардим роҳат айлаб то қиёмат...

Бу гапларни тинглаган ота унга шаҳватнинг ёмонлиги ва зиёнларини тушунтиради. Иккинчи ўғил афсунгарлик сир-асрорини эгаллаш мақсади ила нафас олишини билдиради:

Чу жоду илмини истайди кўнгул,

Анинг бирла муродим айлаб ҳосил.

Этиб сайру томоша ҳар диёрда,

Яшардим шоду ҳуррам ҳар канорда...

Ҳама соҳиб жамолларга тикилсам,

Алар бирлан кейин ишратда бўлсам.

Не истарсам, ўшанга топсам имкон,

Юритсам еру кўкда ҳукму фармон.

Албатта, подшоҳ бундай орзу ва иддаонинг бемаъни ва мағзи пучлигини ўғлига изоҳлаб беради. Хуллас, бошқа ўғиллар ҳам бирин-кетин ўзларини асир айлаган орзуларини баён этишади. Ҳатто Сулаймон пайғамбар узугини қўлга киритишни кўзлаган шаҳзоданинг нияти ҳам отага мақбул келмайди, “Дунёдаги ҳамма давлат ва салтанат иши ўткинчи”, - дейди. Ниҳоят, олтинчи ўғил кимё илмини эгаллаш ва олтин йиғиш хоҳишини билдиради. Шунда подшоҳ унга “Сен вужудингни кўнгил ҳолига мувофиқлаштириш, кўнгилга эса Ҳақ ишқини ерлаштиришни кўзла: эрлар, эранлар, ана шу хил кимё билан машғул бўлурлар”, - деган мазмунда кўрсатма беради.

Хўш, бу кимёнинг ўзи нима? Ундан кўзланган асосий мақсад нималардан иборат?

Кимё ёки кимёйи саодат деган тушунча – бу нафсни тозалаш, уни жилолантириш, ёмон феъл-хўйларни яхшилари билан ўзгартириб, вужуд талаби ила туғилажак ҳайвоний майлу ҳирслардан озод бўлиш демак. Нафснинг тубан ва чиркин хусусиятлари йўқотилиб, уларнинг жойига юксак ва қийматли фазилатларни собитлаштирмоқ билан нафс тазкия этилади. Ана шу ҳақиқат кимёдир, чунки у ёмон хулқлар орасидан нафснинг жавҳарини юзага чиқариб, яхши ва гўзаллари билан ўзгартиради. “Илоҳийнома”да психологик шу масала кенг кўламда ёритилган ва ундаги 250 дан зиёд ҳикоятлар ҳам маъанавий кимё куч-қувватини исботлашга, ҳар нарсадан аввал ишқ, ирфон ва илмга таяниш йўлларини кўрсатишга хизмат этади. Ўша ҳикоятлардан бири жаҳонгир Искандар ва унинг ўлими ҳақидадир. Албатта, Искандарнинг оби ҳаёт, яъни боқий тириклик сувини излаш воқеаси Шарқ адабиётида кўп талқин қилинган. Лекин мурод-мақсадга етишиш тимсоллари ўлароқ Аттор яна икки нарсани қўшади:

Довул бормиш яна, бир сурмадон ҳам,

Эмиш ҳар иккисида мўъжиза жам...

Оби ҳаётдан қонган киши абадий умрга етишгач довулга қўл урганда хасталиклардан халос бўлар экан. Кўзга сурма сурганда эса денгиздан то аршгача нима мавжуд бўлса, ҳамма-ҳаммасини кўрар ва биларкан. Искандар довулни ҳам, сурмадонни ҳам излаб-излаб топади. Лекин унинг топганлари хатолик ва толесизлик сармоясига дўнади. Буни Аттор Афлотуни ҳаким шогирди тилидан нақл этиб ёзади:

Деди: шоҳи жаҳонга не дейин сўз?

Довулким ул, ясатмиш эрди Ҳурмуз.

Уни сен ноаҳилларга инондинг,

Ўзингни бўйлаким иллатга қўйдинг...

Вале ғам чекма, икки сўз дегум шул,

Ўшал оби ҳаётдан ҳам азиз ул.

Бу янглиғ мулку бу қаҳру сиёсат,

Қўланса ел эрур, боди нажосат...

Тафаккур айла, ўзни ўртама, бас,

Ки, ул илми разиндур, ўзга эрмас.

Насиб этган эса ул илму ҳикмат,

Уни оби ҳаёт бил, бекудурат...

Аттор нуқтаи назарида, ҳар турли китоблардан ўқиб-ўрганилган тақлидий илмлар инсонни бу дунё зиндони, бу борлиқ тузоқларидан озод этолмайди. Чунки бундай илм жонсиз ва ўликдир, ориф ва валиларнинг маърифатига ўхшаб инсоннинг юрагига завқ, тириклик руҳи ва қудратини етказолмайди. Бу қарашда жон бор, албатта. Тасаввур этинг, деворда инсоннинг чиройли бир суврати чизилган. Унинг боши бор, лекин жонли ақли йўқ. Кўзи бор, аммо кўролмайди. Қўли бор, бироқ ҳаракат этолмайди. Ҳаттоки, қўлида қиличи ҳам бўлсин, кесадими? Йўқ, кесолмайди. Чунки кўкраги ичида нурли бир қалби йўқ. Бизга ҳар қанча кўркам, маҳобатли кўринмасин, суврати чизилган дарахтдан мева териб ололмаймиз. Атторнинг ўқувчини шакл эмас, маъно, моҳият, ҳаёт ва ҳақиқат ошиғига айлантира билишнинг сиррини ҳам кўнгул оби ҳаёти бўлган илмдан излаш керак:

Илм йўлида гар эрса саботинг,

Етишгай сенга ул оби ҳаётинг.

Илм сорига юрсанг, тўғри тут йўл,

Агарда чалғисанг, шайтон этар ул,

дейди шоир.

6

Аттор ижодиётини биз етарли даражада ўқиб-ўзлаштирганимиз йўқ. Аттор серқирра истеъдод соҳиби. Бу беназир зот ишқни маърифат ила уйғунлаштира билган ориф ҳам эди. Унинг шахсиятидан баҳс юритганда, чин фақирлик, дарвешлик, валилик ва жўмардлигини-да, назардан четда қолдирмаслик лозим. Атторга нисбатан файласуф сўзи унча мувофиқ эмасдай туюлади. Аслида дил нигоҳи дунё бағрини кесиб ўтган шу ҳақир шоир файласуфларнинг файласуфи, мутафаккирларнинг муршиди эди. Унинг илоҳий кашф ва илҳом билан битилган китобларида тафаккурни ичдан ёлқинлантириб, фалсафа оёғини ердан кўтарадиган жавҳари зот мавжуд. Аттор худди ўлим сингари тирикликни ҳам бир бўшлиқ деб англайди. Бири иккинчисига ўхшамайдиган шу икки бўшлиқни фанопараст шоир Руҳ билан тўлдиради. Алал-оқибатда ишқ завқи, ирфон тили билан бақолик сир-асрорини ёритиб беради. Машҳур турк шоири Меҳмед Акиф Эрсой, “Биз асарларимзни номусли оилаларда ўқилишини кўзлаб ёзурмиз. Зотан, ижтиҳодимизга кўра адабсизлик бошланган нуқтада адабиёт тугайди”, деган эди. Ахлоқ-одоб бурҳони адабиётни таназзулга маҳкум айлаши шубҳасиз. Аммо адабиётни емирадиган, ўлдирадиган асосий фалокат имонсизлик ва эътиқодсизликдир. Аттор шунинг учун ҳам бадиий ижодда имон, эътиқод, ҳақиқат ва виждон мавқеини баланд кўтарган эди. Бироқ унинг ахлоқий фазилатлари ва инсоний сифатлари шеъридан ҳам, мутасаввифлигидан ҳам кўп юксак эди. Буни у бошига тушган фожиа ва фалокатлар, ниҳоят, ўлимни мардона қаршилаш матонати ила у тўла исботлай олганди. Оловнинг иссиғи ва ҳароратини ҳис қилган киши куйишдан қўрқади. Ўзи оловга айланган одамда эса бундай қўрқув бўлмайди, деган гап бор. Шу ҳақ гап. Атторга қилич кўтарган ваҳший мўғул аскари ислом ва имонни қурол билан таслим айлаб бўлмаслигини билмасди. Боз устига, жаҳолат ва ақидапарастликни титратган Мансур Ҳалложнинг нури юз эллик йилдан сўнг айнан шу қариянинг руҳига тажалли айлаб, унга мураббий бўлганини қонсираган ўша мўғул хаёлга ҳам келтиролмасди. Агар мўғул лашкарлари маълум муддат мусулмонларни енгиб, ғолиб чиқишган бўлса, орадан унча узоқ вақт ўтмай уларни ислом ва мусулмонлик ўзига таслим этган эди... Яъни Мавлоно Жалолиддиннинг “Мўғуллар мусулмонликка номзоддирлар” деган башоратлари рост чиқиб, ҳатто уларнинг бир неча ҳукмдорлари ҳам исломни қабул қилиб, шу дин равнақига ҳисса қўшганлиги тарихдан аёндир. Демоқчимизки, Аттор ўлим ва мағлубият таҳликаси билан эмас, балки Ҳақ дини тантанаси, ишқ ва ирфон истиқболига комил ишонч ила фоний дунёдан кўз юмган.

7

Бундан бир неча йил аввал ислом тасаввуфи ва бадиий ижод масалларини ўрганган ғарблик тадиққотчилардан бири била учрашиб суҳбатлашган эдик. Мен унга тасаввуфга қизиқиш сабабларини сўраганимда, жуда ғалати, яъни кутилмаган гапларни ҳам сўзлагани ёдимда:

Бизга тил билан алоқа қилиш йўл ва усулларини ўргатишди. Билимнинг ёзма ва оғзаки тилга боғлиқлигини англатишди. Биздан ўнларча, юзларча китоб ўқиш ва уларнинг маъно-мазмунини эгаллаш талаб қилинди... Аммо бошқа бировларнинг гап-сўзларини такрорлаш шахсий ҳаётимизга ҳузур-ҳаловат бермаганидек, моҳиятга рағбатлантирмаслиги ҳам инобатга олинавермади. Атоқли адиб ва олимларимиз ёзган нарсалардан ҳеч қайсиси бизни на ирфонга илҳомлантира олди, на Оллоҳга яқинлаштирди. Ўқиш, қуруқ ўзлаштириш билан ҳаёт руҳи қанот қоқиб келмайди...

Бундай фикр-мулоҳазаларни тинглаш менга мароқли эди. Чунки тасаввуфни тириклик, маънавий-руҳий ҳуррият, тафаккур эркинлиги ва тараққиёти душманларига қарши курашиш йўли эканини тўғри илғаган суҳбатдошим ғарб жамоасининг ҳайратланарли бир тузоқ ичида яшаётганини бағоят аниқ тарзда баён этарди.

Бизлар шакл ва рамзларга ҳам тобемиз, – деган эди у, – Ҳоли коримизга ярамагани замон қандай қилиб уларни бир ёққа улоқтиришни ҳам билмаймиз. Бироқ тўхтамасдан, бетиним гапирамиз. Онгимиз, оғзимиз сўзбозликдан агар бўшамаса, лоф ва сафсата бозорини янада қизитаверсак, ўзганинг гапини биз ҳеч қачон тингламаймиз ва тинглолмаймиз. Шундоқ бўлгач, Оллоҳ овозини қандай эшитиш мумкин?..

Бирданига мен ҳушёр тортдим. Ахир, қилу қолчилик балоси бизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бироқ мен гап қўшишни эмас, инглиз олимини охиригача эшитишни истардим. У форсийда равон сўзламаса-да, фикрини аниқ етказиб билар, ирфоний ҳақиқат ва ҳолатларга алоҳида бир иштиёқ ҳосил қилгани сезилиб турарди. Унинг иқрори бўйича, ғарб олами руҳни эмас, балки моддани, маънони эмас, сувратни асос билгани, ишқ, маърифат, шафқат ва мурувватни назарга илмагани боис ҳол илмини, жумладан сукут сир-асрорини ҳам деярли билмайди:

– Бизнинг одамларимиз, ҳеч бўлмаганда, зиёлиларимиз илоҳий ишқ, ирфон ва сукут завқига эришиб, ботинан нури илоҳий ва ҳассос ҳолларга етишишганида – фақат ана шундан сўнг - замон ва макондан юксакдаги Чолғувчи мусиқасини тинглай олишлари мумкиндир...

Ҳа, Шарқ мутасаввифлари инсоният бошига ёғилажак ва кўнгил водийсида сўнгсиз қурғоқчилик, қуруқлик пайдо этадиган бало-қазоларни олдиндан аниқ пайқаб, аввалдан бунинг чора-тадбирларини бадиий ижодда талқин қилиб кетишган. Буюк озарбайжон шоири Насимий ёзади:

Маърифат касб этмадинг сен фонисан,

Бир-икки кун дунёнинг меҳмонисан.

Ҳақни билсанг оламнинг султонисан,

Билмасанг худ дев ила шайтонисан.

Албатта, Ғарб одами бу сатрларни ўқимаган. Ундаги ҳар бир сўзнинг мағзини чақиб, Маърифат орқали Ҳақни билиш ва севишга ҳам уринмаган. Лекин Насимий меросининг ворисларичи? Насимий шеъриятининг бошқа халқларга мансуб мухлис ва муҳибларичи?

Мен гапни чўзиб ўтирмасдан, тасаввуфга ўзича умид билан қараган, жамиятидаги ахлоқий-маънавий қусур ва иллатларни Шарқ мутасаввифлари илмий, адабий меросига таяниб ҳар қалай камайтиришга инонган ва шундай ишонч билан аллома бобомиз Азизиддин Насафий рисолаларидан бирини она тилига таржима қилган озарбайжон адибаси Офоқ Масъуднинг мана бу фикрларига диққатингизни қаратмоқчиман: “Бизнинг жамиятимиз ҳозирги пайтда жонли майитлардан иборатга ўхшайди. Одам билан учрашасан, қарайсанки, у одам эмас, руҳан қай томонга бўлмасин, қочиб яширинасан... Уй-жой, еб-ичиш, кийим-кечак инсоннинг роҳат-фароғатини таъминлаш учундир. Инсон эса бутун борлиғини худди шу нарсаларга қурбон қилаётир...”

Адиба зоҳирий сўфийлик билан, ботиний сўфийлик айни бир ҳол ва тажриба эмаслигини, қуруқ зуҳду тақво, тариқат расм-русуми ҳеч вақт Гўзаллик, нафосат, ишқ ва маърифат тарбияси билан тенглашолмаслигини тўғри таъкидлайди.

Ҳол аҳлининг урғулашича, инсон табиатида тирикликка алоқадор бир қўполлик, тирикчилик, яъни турмуш ташвишлари билан боғлиқ чиркинлик ва тубанлик мавжуд. Мана шу нарса одамнинг Гўзаллик ва Нафосатни ҳис қилиш, Гўзалликдан завқланишга ё тўсқинлик қилади ёки қаршилик кўрсатади. Агар инсон Гўзалликни севиш ва мушоҳада айлаш салоҳиятига эга бўлмаса, унда эстетик туйғуни тарбиялашга уринишдан бир наф чиқмайди. Бундай ҳолатда ҳеч қанақа ташаббус санъат ва адабиётни англашга ҳам ёрдам кўрсатолмайди.

Нафосат инсонни ҳамиша Гўзаликка, сабр-қаноатга чорлайди. Дунёда энг раҳм-шафқатли, ҳиммати зўр, фавқулодда меҳрибон, руҳ ва кўнгилни яйратиб, яшнатувчи қудрат – бу, Гўзаллик. Шунинг учун мутасаввиф санъаткорлар ҳаёт гўзаллиги билан, инсоннинг асл моҳиятини ёритишга илҳомлантирувчи илоҳий Гўзалликни ўзаро уйғунлаштиришган. Фариддидин Аттор шу тоифадаги ижодкорларнинг сардори ва пиру муршидларидан эди.

Мустақилликкача биз ўқиш ва билиш зарур бўлган диний, фалсафий, тасаввуфий кўп китобларни қўлга ҳам олмаганмиз. Табиийки, билим, малака, дид ва савия, дунёқараш ва тафаккур ҳам шунга яраша бўлган. Кўникиш ва унитиш оралиғидаги маънавий бузилиш ёки фикрий йўқотишларни бугун айтиб адо қилиш қийин. Аммо Мустақиллик мафкураси Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр сингари мутасаввуфлар ижодиётига ўам кенг йўл очди. Навоийнинг Навоий бўлишига маълум бир таъсир кўрсатган форсий тасаввуф адабиёти дарғаларининг асарлари ҳам таржима этилди. Жалолиддин Румийнинг олти жилддан таркиб топган “Маснавий”сининг ўзбек тилидаги таржимаси китобхонлар қўлига етиб борганлиги, Атторнинг “Мантиқут тайр” достони ҳам назмда, ҳам насрда она тилимизда чоп этилгани назарда тутилса, тасаввуф адабиётини ўқиб-ўрганишда қандоқ имтиёз ва имкониятга эришилгани бир қадар ойдинлашади. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол “Мантиқут тайр”дан кейин, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти мумтоз адабиёт бўлимининг навбатдаги таклифи билан “Илоҳийнома” таржимасига киришган эди. Заҳматкаш ва серғайрат шоиримиз бу ишни ҳам ниҳоясига етказди. Китобхонлар бир пайтлар “Илоҳийнома”нинг профессор Нажмиддин Комилов насрий таржимасидаги айрим парча ва ҳикоятлари билан танишган бўлса, энди унинг шеърий шаклдаги ўзбекчасини тўлиқ ўқиш имкониятига эгадирлар.

Ҳақиқий шеър, чинакам шеърият – инсоннинг Ўзлигини идрок айлаган юксак бир нуқтада юзага чиққан илҳом ва ҳайратнинг бадиий тили. Жамол Камол таржимаси ўқувчини айни шу ҳақиқатга ишонтира олади. Менингча, китобхон учун ҳам, таржимон учун ҳам энг муҳим натижа мана шу.