Бадиий ижодда истеъдод қадрланади. Истеъдод эгаси ёзган шеърлар, достонлар, ҳикоя ва романлар, албатта, бошқалар ёзган асарлардан ўз услуби билан алоҳида ажралиб туради. Бадиий адабиётдаги пўртаналар, тошқинлар, юксак чўққиларга чиқиш, янги назарий қарашлар учун манбалар тақдим қилиш истеъдодли шахсларга боғлиқ бўлади. Худди шунингдек адабиётшуносликда ҳам истеъдодлар ўз сўзи ва илм йўлига, ўз услуби ва қатъий назарий қарашларига, ўз позицияси ва мактабига, маслакдошларига, ўз устоз ва шогирдларига, умуман, ўзининг ижод оламига, бетекорор ижодий биографиясига, умрбоқий китобларига эга бўлади.
Профессор Бегали Қосимов адабий-ижодий, илмий-педагогик фолиятига назар ташланганда, юқорида саналган сифатларнинг кўпчилигига гувоҳ бўлиш мумкин. Бундай муаззам сифат ва фазилатларга эга бўлиш учун, табиийки, сўз санъатига, бадиий адабиётга меҳр-муҳаббат, адабий манбалар талқини учун чуқур назарий билим, ўз ишига фидойиларча ёндашув лозим бўлади. Профессор Бегали Қосимов шахсиятида айни жиҳат ҳам ҳавас қилгулик даражада юксак эди.
Унинг у қадар узун бўлмаган умр йўли, ижодий фаолият даврини кузатадиган бўлсак, ҳар бир инсон агар чин дилдан истаса, қисқа вақт ичида ҳам улкан ишларни амалга ошириши мумкинлигига гувоҳ бўламиз. Б.Қосимовдан бизга қолган салмоқли илмий-адабий мерос, ҳеч иккиланмай, шундай дадил хулоса чиқаришимизга имкон беради.
У мумтоз адабиёт деб аталмиш азим денгиз мавжларини нозик ҳис қила олган, бу денгиз тубидаги жавоҳирлар конига қадар шўнғиш ва топилдиқ лаззатини туйиш шарафига ноил бўлган катта олим эди. Зотан Б.Қосимовнинг Юсуф хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Атойи, Саккокий, Лутфий, Фузулий, Муҳаммад Солиҳ, Бобур, Машраб, Турди Фароғий, Огаҳий каби шарқ мумтоз адабиётининг фахри бўлган ўнлаб ижодкорлар ҳақидаги тадқиқотларининг ҳар бирида айни хулосамиз учун етарли асос бор.
Ҳазрат Навоий ижодини эса қатор илмий-назарий масалалар юзасидан текширган, шу аснода навоийшуносликка салмоқли ҳисса қўшган эди. Домланинг архивида сақланаётган ишлари орасида Навоий ижодига доир ишларнинг бизга маълумлари ўндан ошиқ. “Алишер Навоий”, “Навоий “Хамса”си”, “Хамса”да бадиий тасвир”, “Навоийда муаммо”, “Навоий асарларида миллат ва миллийлик масалалари”, “Халқ руҳияти меъмори”, “Навоий ижоди – ўзбек мумтоз адабиётининг чўққиси”, “Алишер Навоий ва ўзбек жадид адабиёти” сингари катта-кичик тадқиқотлардан маълум бўладики, Б.Қосимов илмий ишларининг салмоқли қисми Навоий ижодини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган. Навоий бўйича у амалга оширган ишлар фақат мумтоз адабиётни ўрганиш нуқтаи назаридан эмас, балки адабиёт назарияси, жаҳон адабиёти, миллий маънавият, адабий таъсир, ижод фалсафаси жиҳатидан ҳам аҳамиятга молик. Унинг “Алишер Навоий ижоди турк дунёси адабиётининг ўзидан кейинги барча даврларига ҳал қилувчи таъсир кўрсатганидек, ўзбек жадид адабиётининг ҳам етакчи йўналишларини белгилаб берди” (“Алишер Навоий ва ўзбек жадид адабиёти” мақоласидан), деган хулосаси шунчаки Навоий даҳосини шарафлаш учун айтилган эмас. Бу хулосада йиллар бўйлаб олиб боррилган машаққатли меҳнат, илмий солиштирув, аждодлар шахсиятига садоқат ва меҳр, энг муҳими, улкан илмий-назарий асос борки, айни хулоса залворини ўзбек адабиётининг минг йиллик тарихини холис кузатган одам яққол ҳис қилади.
Б.Қосимовнинг XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг илк чорагидаги адабий-тарихий жараён бўйича йирик мутахассис бўлгани, бу даврга доир муҳим илмий муаммолар борасида тадқиқотлар ёзгани, юздан ортиқ адабий сиймони ўз илмий концепцияси нуқтаи назаридан ўргангани, қатор адабий манбаларни нашрга тайёрлагани, қанча ижодкор биографиясини тиклагани, борингки, бу йўналишда наинки Ўзбекистон, балки бутун туркий дунёда ягона илмий-тадқиқот мактабига асос солгани кўпчиликка маълум. “Излай-излай топганим”, “Маърифат дарғалари”... (КИТОБЛАРИНИ ТАРТИБ БИЛАН БЕРИШ КЕРАК) асарлари, шубҳасиз, ХХ аср ўзбек адабиётшунослигининг ютуғидир.
Унинг адабий-тарихий жараёнга қўшган ҳиссаси булар билан ҳам чекланмайди. Унинг ҳозирги адабий жараён, адабий алоқалар бўйича қилган ишлари ҳам айни йўналишлар силсиласида қонуний ўрнига эга.
Дарҳақиқат, илмий-адабий жамоатчилик профессор Бегали Қосимовни ўзбек мумтоз адабиётининг зукко тадқиқотчиси, шарқ поэтикаси ва матншунослик соҳасининг йирик мутахассиси, хусусан, миллий уйғониш даври ўзбек адабиётини ўрганиш бўйича ўзига хос адабиётшунослик мактабининг асосчиси сифатида билади. Аммо Б.Қосимовнинг адабий жараён муаммоларига доир нашр этилган ва, баъзи нашр эттиришга улгурмаган ишларини ўрганиш, унинг замонавий адабиётни ҳам, кенг кўламда ўргангани, қосимовча теран усулларда таҳлилу талқин этганини кўрсатади.
У Ғ.Каримов, А.Ғуломов, О.Шарафиддинов, Ш.Юсупов, Л.Қаюмов, Ҳ.Муҳаммадхўжаев, А.Каттабеков сингари адибётшунос-олимлар, У.Носир, А.Мажидий, Ғ.Ғулом, А.Орипов, Р.Парфи, М.Али, Ҳ.Шамс, Ж.Камол, Ю.Шомансур, Абдулла Шер каби шоир ва ёзувчиларҳақидаги тадқиқотлари, адабий жараён муаммоларига доир “Қайта қуришга мададкор бўлайлик”, “Ҳозирги ўзбек адабиётига бир назар”, “Чўлпон ҳақида роман” деб номланган тадқиқотлари шундай фикрга келишимиз учун тўла асос беради.
Б.Қосимов фитратан садоқатли, оқибатли инсон эди. Унинг устози профессор Ғ.Каримов ҳақида бир эмас, икки эмас бешта мақола ёзгани устоз-шогирд муносабатларида ибрат қилиб кўрсатса арзийдиган оқибат тимсолидир. Бу мақолалар орасида, айниқса, “Умр мазмуни” деб номланган тадқиқотни алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳажман 10-12 саҳифани ташкил этган ушбу мақола орқали ўқувчи устоз Ғ.Каримов шахсияти, илмий фаолияти, илмий-назарий асарлари тарихига доир аниқ, мантиқли хулосаларга бой, бирбутун маълумотга эга бўлади. Мақолада Б.Қосимовнинг устозига бўлган чексиз муҳаббати, унинг ҳаёт йўли, табиатига хос бўлган хусусий жиҳатларни чуқур билиши, олим ва педагог сифатида хизматларини баҳолашдаги теранлиги акс этади.
Б.Қосимовнинг замонамизнинг улкан шоири А.Орипов шеърияти тўғрисидаги барча мақолаларини жамлаб қаралса, ушбу тадқиқотлар мажмуасининг ҳам поэтика, ҳам миллий маънавият тарихи, ҳам фалсафийлик, ҳам хронологик жиҳатдан бирбутун тизимга эга экани маълум бўлади. Бир сўз билан айтганда, бунда бир шоир ижодини унинг ҳаёт лавҳалари, табиати, руҳий асрорлари билан муштарак ўрганиш, айни ижтимоий-бадиий феноменинг миллий ва жаҳон адабиётида тутган мавқеини билгилашдек катта илмий-назарий масала ҳал қилинади. Хусусан, “Абдулланинг шеърлари, -деб ёзади Б.Қосимов, замонинг ҳар қандай синовларига жавоб бера олади. Гап шундаки, у ҳатто шўро замонида ҳам инсоният мудом излаётган адабий ҳақиқатни рамзлар, тимсоллар воситасида айта олди. Шоир ушбу ҳақиқат мазмун-маъносини идрок ва талқин этар экан, мутлақо оригинал усул ва йўллар билан иш кўради. Кўпинча инсон руҳининг камалакдек рангин ҳолатларидан келиб чиқади.” Ёки домланинг ХХ аср ўзбек шеъриятининг бетакрор истеъдоди Р.Парфи ҳақидаги, ҳали 70-йилардаёқ, ёзган мақоласини олайлик. Р.Парфининг “Самарқанд осмонида”, “Чўли ироқ”, “Ёмғир ёғар” каби шеърларини ўткир поэтик дид, фундаментал назарий қарашлар негизида ўта нозик таҳлил этган олим шундай хулосани илгари суради: “Шоир оз сўз билан кўп фикр англатишга уринади. Бу ҳол сўзнинг барча маъно ва имкониятларини ишга солишни талаб қилади. Натижада биз одатланган грамматик қурилишлар бузилади, бизга нотаниш тамсил ва тафсиллар пайдо бўлади. Бу ерда ассоциация, бирор сўз ёки ҳолатнинг бамисли занжирли реакция сингари, туйғу ёки фикрлар силсиласини ечиб юборишига алоҳида аҳамият берилади.”
Аммо таъкидлаб айтишни истардимки, Б.Қосимовнинг замондош олимлар, шоир ва ёзувчилар ҳақида ёзганларининг биронтаси ҳам шунчаки ёзилмаган. Умуман, домла қаламни, сўзни муқаддас санарди. Шунчаки қўлига қалам олмас, шунчаки ёзмас эди. Шу сабабдан олимнинг ҳажман кичик мақолаларида ҳам муайян ижодкор ва ижодий олам манзараси тўла акс этади. Ҳар бир хулоса-фикр далиллар билан асосланади. Энг муҳими, бундай мақолаларда холис, илмий, мантиқли, фойдали танқидий фикр бўлади.
“Ҳозирги ўзбек адабиётига бир назар” деб номланган тадқиқотида ХХ аср бошидан сўнгига қадар бўлган ўзбек адабиёти намуналарини эпик, лирик, драматик турлар нуқтаи назаридан текширади. Фитрат, Қодирий Чўлпондан, Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Салим Ашурларгача бўлган улкан тадрижий йўналиши ҳақида салмоқли хулосаларни илгари суради.
Б.Қосимовнинг адабий-илмий алоқаларга тегишли фаолиятида бир қанча қирралар кузатилади:
1. Халқаро илмий анжуманларда маърузалар билан қатнашди. Бунинг географияси, кўлами анча кенг - Қозоғистон, Қозон, Истанбул, Анқара, Қрим.
2. Франция, Туркия, Татаристон ва Қримда жадидшуносликка оид илмий мақолалари босилди. Анқарада “Миллий уйғониш” китобининг таржимаси нашр қилинди.
3. Немис, турк, қозоқ, татар ва бошқа чет эл олимлари билан илмий ҳамкорликда ишлади. Хориждаги олимлар эътирофига сазовор бўлди; 1993 йили Яссавий номидаги халқаро мукофот билан тақдирланди, 1997 йил Туркия Отатурк култур маркази фахрий аъзоси, 1998 йили Туркия Отатурк Араштирма тадқиқот маркази мухбир аъзоси бўлди. Б.Қосимов ёзган китобларига Х.Меннигулов, Аҳмад Севги, С.Нагаев, Ж.Зайнуллин каби олимлар яхши муносбат билдирди.
4. Энг муҳим қирраларидан бири Б.Қосимов жадид ижодкорларининг анъаналарини ўз фаолиятида давом эттирди. Қардошлик муносабатларини ўрнатди ва ҳамкорликда илмий анжуманлар ташкил қилди; йўл эсдаликлари, хотира ва кундалик кўринишида асарлар ёзди. Уларда баён қилинган адабий-илмий манбалар ва маълумотларга объект бўлган мамлакат адабиёти ҳамда адабий шахсиятлари, олимларини танитиш йўлидаги тажрибалар, хизматлар сифатида қараш ўринлидир.
Б.Қосимов жадидчилик ҳаракатини кенг кўламда, бутун таъсирланув омиллари, йўлбошчилари, асосий ғоялари, географик кўлами, машҳур шахсиятлари, қрим татарлари ва қозон татарлари, озарбайжон ва қозоқлардаги жадидларгача тадқиқ қилишга илмий қуввати етадиган улкан бир мутахассис эди. Ўзбек жадидлари ижодини Жамолиддин Афғонийдан Исмоил Гаcпралигача, Шаҳобиддин Маржонийдан Мағжон Жумабойгача, Норимон Норимоновдан Заки Валидий Тўғонгача бўлган оралиқдаги адабий-ижтимоий қарашлар билан бемалол қиёcлай оларди. Дунё олимлари умумжадидчилик юзасидан мулоҳаза юритадиган, илмий тадқиқотлар олиб борадиган бўлса, асло Б.Қосимов номини, асарларини четлаб ўта билмайди.
Олим китобларида, Аёз Исҳоқий, Абдурашид Қози Иброҳимов, бу каби номлар ва ёзган асарлари тафсилоти билан учрайди. “Исмоилбек Гаспрали”га махсус рисола бағишлади.
Б.Қосимовнинг ХХ асрнинг 80-йилларида ёзган мақолаларида ўзбек-татар адабий алоқаларининг қадим тарихидан жадидларгача, янги давргача бўлган қисқача тарихи қамраб олинган эди. Қозон университети кутубхонасидан 1527 йили Бобурнинг ўғли Камронга ёзган мактубини топиб илмий муомалага олиб киргани маълум. Кутубхонада ўн олтинчи асрдан йигирманчи аср аввалигача бўлган даврга оид ноёб адабий манбалар, ўзбек-татар фольклорини ўрганишнинг уйғун жиҳатларига тегишли манбалар сақланаётганидан хабар беради. Қозонда босмохона иш бошлагач, ўзбек-чиғатой адабиёти намуналари нашр этилганини ҳам олим изланишларидан билиб олиш мумкин. Ўрни келганда Б.Қосимов асарларида Ризоуддин Фахриддин, Абдулла Тўқай, Абдурашид Қози Иброҳим, Алиасқар Камол, Зоҳир Бегиев ва бошқа кўплаб татар маърифатчи-жадидлари ижодини ўзбек адабиёти билан қиёсланади. Домла татарлар чиқарган “Шўро”, “Вақт”, “Улфат” каби газета ва журналларни жиддий ўрганди. Шу асосда “Татар матбуоти ва Туркистонда жадидчилик” номли махсус мақола ҳам ёзди.
Б.Қосимовнинг адабий алоқаларга доир илмий мақолалари, улардаги қиёслар ХХ аср аввалидаги адабий-ижтимоий ҳаракатчиликнинг илдизини очишга, адабий ҳодисанинг асл моҳиятини англашга ёрдам беради. Ўз вақтида ижод аҳли бири-биридан таъсирланди; бу ҳолат янги кириб келган жанрларда, ўртага қўйилган бадиий асар ғоясида акс этди. Б.Қосимов жадид адабиёти хусусиятларини тадқиқ қилар экан, албатта, ўзбек адабиётига таъсир қилган омилларга тўхталиб ўтди. Ҳақиқат солиштирилганда ёрқинроқ кўринади. Бусиз мумкин эмас. Фитратнинг ҳаёти ва ижодий меросига Истанбулдаги таҳсилидан ажратиб қараб бўлмайди. Маҳмудхўжа Беҳбудийни текшира туриб, домла, албатта, Гаспралини, уларнинг муштарак ғояларини, учрашувларини эсга олади. Домланинг “Исмоил Гаспринский ва Маҳумдхўжа Беҳбудий” мақоласи шундай жиддий таққосли текширувлар ҳосиласидир. Б.Қосимов 1991 йили 18-23 март кунлари Семфирополда бўлиб ўтган Гаспрали таваллудининг 140 йиллигига бағишланган халқаро анжуманда қатнашди. Исмоил Гаспринскийга оид ўнлаб янги маълумотларни анжуман тафсилотлари билан уйғунликда “Исмоилбек Гаспрали” (Таништириш йўлида бир тажриба) рисоласида баён қилди. Унда америкалик Лаззери, турк олимлари Нодир Давлат, Меҳмед Сарой, Аҳмад Байжон Эржиласин ва бошқа кўплаб москвалик, қозонлик, қримлик гаспралишуносларнинг хизматлари юзасидан маълумотлар келтирилади. Б.Қосимов илмий фаолиятидаги бир томони жуда табиий равишда Қримга боғланади. Чунки Исмоил Гаспринский ижодини Б.Қосимовдан кўра теранроқ, чуқурроқ тадқиқ этган иккинчи бир олимимиз йўқ. 1887-1917 йилларда босилган “Таржимон”ни ўрганиш асносида “Таржимон” ва Туркистон” номли мақола ёзди.
Б.Қосимов турли миллатга мансуб дунё олимлари, хусусан, туркий халқларнинг олимлари билан ижодий-илмий ҳамкорлик қилди. Бу фикр исботи учун олимнинг халқаро анжуманлардаги “Туркий халқлар адабиёти” дарслиги ёки “Турк дунёси энциклопедияси сўзлиги” режасини тузиш бўйича олиб борилган музокарлардан бир мисол келтиришини истар эдим. Б.Қосимов Туркиядаги анжуманда бошқарувчига танбеҳ беради. Мазмуни: биз имкони борича сўзларимизни сизлар тушунсин учун тилимизни бураб сўзлаймиз. Сизда эса бундай муомала маданияти сезилмайди. “Умумтурк адабий тилининг асоси Истанбул туркчасидан олинмоғи керак”, деган фикрдамисиз? Бунинг нотўғрилигини Номиқ Камол Зейбек етказиб айтди-ку”, деб айтади (460). Муштарак дарслик ёзиш муҳокамасида озарбайжонлик Аскар Гулиев исмли олимнинг: “Навоий Низомийнинг назирачиси” деган гапи домланинг жонидан ўтиб кетади. Тафсилотларини ёзаётганда Б.Қосимов “чақиб олдим”, “назирачи” деган сўзининг заҳри ичимдан ҳануз чиқмайди” деган таъбирларни қўллайди.
Адабий-илмий алоқалар олимнинг хориждан ўзбек адабиётшунослигига олиб кирган янгиликлари ва ўзбек олимининг хорижлик мутахассисларни таништирув йўлида қилган хизматлари тарзида икки қиррали бўлади. Албатта, Б.Қосимов ижодий меросида ҳар икки жиҳат ҳам ёрқин кўринади. Домла Ўзбекистондаги архив ва ноёб фондларни жуда яхши билар эди. Сарғайган газета ва журналларнинг чангини ютиб, қорайтирилган тарихини илм зиёси билан ёритди; тарихий шахсларнинг миллат фидойилари эканини далиллар билан исботлади. Шунингдек, илмий сафарларда бўлиб, Қозондаги кутубхоналарда ишлади. Берлиннинг Гумбольд университети қошидаги нодир фонд манбаларини ўрганди. Б.Қосимов мақолалари, Франция, Туркия, Россия, Афғонистон, Қозоғистон ва бошқа хориж мамлакатларида босилди.
Ўзбек бадиий адабиёти қандай қийинчилик билан дунёга йўл топаётган бўлса, ўзбек адабиётшуносларининг ёзганлари ҳам дунё билан бўйлашиш учун йўлга осонгина чиқаётгани йўқ. Аввало, хориж олимлари, соҳа мутахассислари олимнинг қаламини таниб, билимини билиб эътироф этиши лозим. Б.Қосимов истеъдодли адабиётшунос сифатида, ўзбек адабиёти ва маданиятнинг билимдони сифатида чет эл олимлари томонидан эътироф этилган. Бугунги авлод Б.Қосимовдек истеъдодли, заҳматкаш олимни, фидойи, қалб кўзи очиқ, холис ва одил зиёлини унутмаслиги керак.
Б.Қосимовнинг миллатпарвралар тўғрисида ёзган асарларида Норимон Норимоновнинг бир гап тез-тез тилга олинади: “Миллат Исмоилбек каби қаҳрамонларини унутса, ўз ҳаётини барбод этажакдир”. Бу фикр Б.Қосимовни хайрли ўтган умрига илова қилиниб, айнан такрорланиши ўринлидир: “Миллат Бегали Қосимов каби зиёлиларини унутса, ўз ҳаётини барбод этажакдир”. Зотан, профессор Бегали Қосимовнинг авлодларга қолдирган улкан илмий-адабий мероси ҳали узоқ йиллат маърифат зиёсини сочиб туради.
Баҳодир Каримов,
Узоқ Жўрақулов