Алишер Навоий “Хамса”си жаҳон бадиий тафаккури тарихида мисли кўрилмаган мақомга эга, ўзига хос поэтик ҳодисадир. “Хамса”ни ташкил этувчи достонлар эса ўз-ўзича мустақил асар бўлиши билан бир қаторда, айни жанр тизимида конкрет бадиий функцияни бажарувчи мукаммал компонентлар ҳам ҳисобланади. Яъни “Ҳайрат ул-аброр”, “Фаҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” деб номланган “Хамса” достонларининг ҳар бири ушбу поэтик системада аниқ вазифа бажаради. Шу маънода “Лайли ва Мажнун” достонининг-да аниқ вазифаси бор. Бу вазифа, шубҳасиз, достондаги трагизмда намоён бўлади. Агар биз “Хамса”ни инсон феноменини мукаммал даражада қамраб олган асар деб оладиган бўлсак, ундаги “Лайли ва Мажнун” достони инсоннинг минглаб ҳаракатлари, интилишу истаклари, ҳис-туйғулари, ақл-идроки, умуман инсониятга хос бўлган минглаб ҳолатларнинг энг изтироблиси ва поклашга хизмат этадигани, трагик одам улуғворлигини бадиий талқин этишга қаратилган асардир.
Шунинг учун бўлса керак, фольклор ҳамда ёзма адабиёт тарихида айнан “Лайли ва Мажнун” мавзусига жуда кўп мурожаат этилгани кузатилади. Устозимиз профессор Бегали Қосимовнинг бир тадқиқотида қайд этилишича, ушбу қадим афсона сюжети асосида фақат ёзма адабиётнинг ўзида бир юз йигирмага яқин асар ёзилган. Беихтиёр савол туғилади: бадиий сўз дунёсида юз минглаб, миллионлаб сюжетлар мавжуд бўлгани ҳолда айни мавзунинг бунчалар кўп ишланишига сабаб нима? Бизнингча, сабаб битта, бу ҳам бўлса, асарнинг чуқур трагизм билан йўғрилгани, унинг қаҳрамони ва, айни пайтда, ўқувчиси бўлган инсоннинг изтироб чекиб покланишга бўлган эҳтиёжидир.
Ҳақиқатан ҳам, инсонда минглаб табиий, ижтимоий, иқтисодий, руҳий-маънавий эҳтиёжлар билан бир қаторда изтироб, ғам-қайғуга бўлган эҳтиёж ҳам ўта кучли бўлади. Чунки, ўз вақтида Арасту ҳаким тўғри англаб, кашф этган катарсис, яъни изтироблар оловида покланиш, одамларнинг энг улкан ва энг улуғвор руҳий эҳтиёжидир.
Ҳазрат Навоийнинг ўзи “Лайли ва Мажнун” достонини “номаи дард” деб атайди. Асардаги асосий ўринларни қайғу-изтироб ранглари ташкил этади. Классицизмга доир аксар асарлар сингари бу достон ҳам синкретик хусусиятга эга. Унда эпос, лирика, драма ва паремияга хос хусусиятлар уйғунлашган. Асар сюжети, композицион тизими, образлари ва услубида айни адабий турларга бевосита тааллуқли бўлган жиҳатлар яққол кўринади. Айтиш мумкинки, достонни шу нуқтаи назардан систематик тадқиқ этиш, адабиёт тарихи фани методологияси учун янги имкониятлар очади. Айни пайтда, достондаги олий даражадаги лиризм ҳам, шахслар ва туйғулар аро конфликтни ифодаловчи драматизм ҳам, жаҳоний эпослар билан баҳслаша оладиган эпик кўлам ҳам улкан хронотоп майдонида умуминсоний фожиани талқин этишга хизмат қилади.
Достоннинг “Бу дард навҳаси итмомининг тараннуми ва бу ҳасрат номаси ихтитомининг такаллуми ва тартиби авзоининг афсонасин тузмоқ ва тақсими атворининг таронасин кўргузмоқ ва савҳу хато арқомиға эътироф варзиш этиб Ҳақдин ул бобда талаби амирзиш қилмоқ” деб шарҳ берилган ўттиз саккизинчи бобида муаллиф ёзади:
Ёзмоқта бу ишқи жовидона,
Мақсудим эмас эди фасона.
Мазмуниға бўлди руҳ майли,
Афсона эди анинг туфайли.
Лекин чу рақамға келди мазмун,
Афсона анга либоси мавзун...
Демак, достонга муносиб либос бўлган Лайли ва Мажнун ҳақидаги афсона сюжетини бадиий баён этиш, ҳаттоки ҳаёт мантиқи уфуриб турган обектив воқелик ҳам ушбу достон учун мақсад эмас, восита холос. Яъни афсона ҳамда реал ҳаёт лавҳалари улкан, азалий ва абадий ҳақиқатни ифодаловчи мажоз. Сюжет воқелигини ҳақиқат деб билган ва унга эргашган ўқувчи достоннинг фақат зоҳирий қатламини кашф этади, шунинг ўзи билан кифояланганда ҳам катта маънавий бойлик соҳибига айланади. Иккинчидан, тасвир ва ифода тарзидаги бадиийят соф филологик талқин, тарихий поэтика нуқтаи назаридан юксак аҳамиятга эга. Аммо шуниси борки, ҳазрат Навоийнинг пировард мақсади бу ҳам эмас. Буюк мутафаккир-адиб кўзда тутган, тўғрироғи мақсад қилган мазмун бевосита макон-замон нуқтаи назаридан қараганимизда ўта улкан. Бир сўз билан айтганда Лайли ва Мажнун деган мажоз остида бутун инсоният тарихи мужассамлашган. Унда Одам атодан тортиб айни дамда дунёга келган чақалоққача, ҳатто қиёматгача келиб кетажак инсоният, айни пайтда ягона инсон тарихи муҳрланган. Достоннинг хронотоп майдони ҳам айнан шу томондан қарагандагина муаллиф талқинига яқинлашади деб ўйлаймиз.
Достон сюжет тизимидаги ҳар бир чизиқни бирбутун тимсолнинг ажралмас бўлаги деб қарайдиган бўлсак, асарнинг умумсюжети, образлар тизими, услуби ва ритми, асл мақсади ва мазмуни, ундаги трагик вазиятлар универсал хронотоп майдонида номоён бўлади. Шунда достон ота-оналарнинг ўзаро низоси боис ҳалокатга учраган ошиқ ва маъшуқа фожиаси ҳақида эмас, илоҳий (яъни универсал) хронотопда ҳаракат қилаётган инсон ҳақидаги буюк бир асар экани аёнлашади.
Маълумки, достон сюжет тизимида реал ҳаётий мантиққа сира ҳам зид келмайдиган, аниқ макон-замонга оид воқеалар, қаҳрамонлар ҳаракати мавжуд. Хусусан, асар қаҳрамонлари туғилиб-ўсган оила, улар мансуб қабилалар, улар таълим олган мактаб, қаҳрамонлар илк бор учрашган боғ, саҳро, Каъба, тоғ сингари макон ва буларнинг муайян замон оралиғида рўй бериши ҳаммага маълум ҳаёт воқелигининг нусхасига айнан ўхшаш. Аммо Навоий фақат шуни тасвирлаганда “Лайли ва Мажнун” достонининг жўн реалистик асрдан сира фарқи қолмас, унинг муаллифи ҳам биз билган ҳазрат Навоий бўлмас эди. Универсал хронотоп майдони сифатида қараганда эса ушбу реалиялар мазмун-моҳияти ва чегараси бир юз саксон градусга ўзгаради. Ҳар бир воқеа, образ, детал илоҳий мазмунни ифодалайди. Шу нуқтаи назардан қараганимизда асардаги оила - умуман яралишнинг, мактаб - Яратганни танишнинг(яъни илоҳий маърифатни), гулшан - одимзот бир бора бўйини ҳидлашга улгурган жаннатнинг, илк висол - Тангри ҳузуридаги илк кўз очишнинг, ҳижрон ва у билан боғлиқ изтироблар - Оллоҳни севувчи, ҳаётини унинг соғинчи билан ўтказувчи солиҳ банданинг, ўлим эса - комил инсоннинг Яратган жамолига мушарраф бўлишининг тимсолидир.
Достон шундай тимсоллар системаси деб тушунилар экан, ундаги трагик вазият хронотопи ҳам кундалик ҳаёт ёки тор маънодаги бадиий оламга хос макон-замон сарҳадларига сиғмайди. Унинг қамрови, чегараси ақл бовар қилмайдиган даражада кенгаяди. Соддароқ тушунтирганда, Оллоҳ висолини мақсад қилмиш инсон учун бу дунё синовлар, машаққату изтироблар майдони. Уни мудом висол соғинчи изтиробга солади. Мақсади йўлидаги ягона тўсиқнинг ўзи экани унинг ечимсиз вазиятда эканидан далолат. Бунда одамнинг ихтиёрсизлиги, бутун қудрат ва инон-ихтиёрнинг Ёрда эканлиги вазиятни янада таранглаштиради. Аммо солиҳ ошиқ бундан умидсизликка тушмайди. Дунё неъматлари, жамиятдаги ёзилган ва ёзилмаган қоидалар, ҳатто ақл номли метин девор оша Ёр висоли сари интилишни қўймайди. Гарчи трагик хронотоп замин мезонларига кўра ўта узоқ ва ечимсиз туюлгани билан, илоҳий мезонларга кўра ўз ечимига эга. Унинг ижобий ёки салбий ниҳояланиши эса инсоннинг ўзига ҳавола. Ҳазрат Навоийнинг ўзи айтганидек, дунё мисоли бир ҳаммом. Ундан кимдир покланиб чиқса, бошқа биров уни нопок ҳолида тарк этади. Достондаги Лайли ва Мажнун солиҳ ва покиза одам тимсолидир.
Достонни
Сўнгин нечаким узоттим охир,
Йиғлай-йиғлай тугаттим охир...
байти билан якунлаган шоирнинг ўзи ҳам аслида Лайли-Мажнун(чизиқча билан беряпман. Ҳақиқатда Навоий наздида бу икки ном бирни ифодалайди.). Шунингдек, Ҳақ жамолига ошиқ ҳар бир инсон Лайли-Мажнун ёки Мажнун-Лайлидирки, бу хулоса ошиқ инсон фожиасининг нақадар улуғворлигидан, хусусан, достон мазмунининг абадиятидан далолат беради.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ