I
“Лисон ут-тайр” ҳазрат Навоий умрининг сўнгги йилларида, демакки, даҳо ижодкор бадиий тафаккури ва шахсияти камолга етган бир паллада, шоир маънавий-маърифий фаолиятига адабий хулоса сифатида дунёга келган буюк асар, шоир ижодининг чўққиси ҳисобланади. Шу сабаб мазкур асар ёзилганидан бугунга қадар у ҳақдаги фикру қарашлар, таҳлилу талқинлар оқими тўхтаган эмас, тўхтамайди ҳам. Ҳар бир миллат, ҳар бир авлод “Лисон ут-тайр”дан янги-янги маъно ва бадиият қатламларини кашф этади. Ўйлайманки, XXI аср Навоий даҳосини умуминсоният миқёсида англаш, идрок этиш асри бўлади.
“Лисон ут-тайр” В.Зоҳидов, Ойбек, Е.Э Бертельс, И.Султон, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов, Н.Маллаев, С.Ғаниева, А.Абдуғафуров, Ё.Исҳоқов сингари йирик навоийшунослар томонидан муайян илмий масалалар юзасидан тадқиқ этилган. Асар қатор шарқ ва европа тилларига таржима қилинган. Ш.Эшонхўжаев достоннинг танқидий матнини, Ш.Шарипов “Лисон ут-тайр” насрий баёнини ишлаб чиққан. Е.Э.Бертельснинг “Навоий ва Аттор” тадқиқоти достоннинг шарқ классик достончилигида тутган ўрни ва аҳамиятини, манбавий асослари ва биографиясини қиёсий талқин этиши билан диққатга сазавор.[1] Академик А.Қаюмовнинг асарлари иккинчи жилдидан ушбу достоннинг структур-қиёсий тадқиқи ўрин олган. Навоийшунос олим асарнинг барча боблари ва ҳикоятларини бадиият, мантиқ ва сўфийлик назарияси контекстида талқин этар экан, навоийшунослик, хусусан, “Лисон ут-тайр” тадқиқига доир муҳим муаммоларни ўртага ташлайди.[2] А.Н.Малехова “Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони: композиция ва образлар поэтикаси” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ш. Шарипов эса 1982 йили “Лисон ут-тайр” достонининг генезиси ва ғоявий-бадиий хусусиятлари”га доир монография ёзган. Филология фанлари номзоди С.Олимовнинг достон хусусида ёзган мақола ва рисолалари бизга маълум.
II
Шуни қайд этиш жоизки, “Лисон ут-тайр”да хронотоп шакллари муаммоси нафақат ўзбек адабиётшунослиги, балки жаҳон адабиётшунослиги доирасида ҳам махсус ўрганилмаган. Алла Николаевна Малехованинг юқорида зикр этилган номзодлик тадқиқотида “Лисон ут-тайр”да, кўплаб ўрта аср достонларида бўлгани каби, тасвирланмиш воқелик конкрет замон билан боғланмайди”, деган қайдга дуч келамиз.[3] Айни фикрни олима асарнинг макон кўлами хусусида ҳам айтади. “Лисон ут-тайр” хронотопи хусусида ҳозирча бошқа жиддий фикрга дуч келмадик. Юқорида санаб ўтилган олимларнинг тадқиқотларида эса, мавзу тақазосига кўра, бу масалага ўрин ажратилмаган.
Адабий асарда макон ва замон муаммоси, гарчи унга қадар маълум даражада ўрганилган бўлса ҳам, бевосита “хронотоп” термини рус олими М.Бахтин томонидан ўтган асрнинг 30-йилларида адабиётшуносликка татбиқ этилган. “Адабиётда бадиий идрок этилган замон ва маконаро уйғунликни х р о н о т о п (сўзма-сўз таржимада макон-замон деган маънони билдиради), деб атаймиз. Ушбу истилоҳ математика илмида(Эйнштейннинг) нисбийлик назарияси негизида қўллаб келинади. Истилоҳнинг биз учун, математикада қўлланадиган, махсус тушунча сифатида аҳамияти йўқ. Уни адабиётшуносликка (том маънода бўлмаса ҳам) истиора ўлароқ қабул қиламиз. Биз учун муҳими, бу ўринда истилоҳнинг замон ва маконни уйғун ҳолатда (замонни маконнинг тўртинчи ўлчами сифатида) ифодалашидир. Хронотопни биз адабиётдаги шакл-мазмун категорияси сифатида талқин қиламиз”, деб ёзади бу ҳақда Бахтин.[4] Олим мазкур тадқиқотида турли даврларда майдонга келган роман шакллари асосида фикр юритади. Хусусан, Юнон романларининг авантюр, маиший-авантюр, биографик шакллари, европа рицар романлари, Рабле романчилиги ва фольклор материаллари тадқиқи орқали хронотоп назариясига доир муҳим хулосаларни илгари суради. М.Бахтин хронотоп поэтикасининг адабий жанрлар ва бадиий образлар билан муносабатига алоҳида урғу беради. Унингча, хронотоп асарнинг жанр хусусиятларини белгилаш ва ундаги образлар моҳиятини англашда асос бўлиб хизмат қилади. Айниқса, эпик жанрларнинг хронотоп негизида ўрганилиши улардаги синкретик хусусиятларни, шу билан бирга, жанрнинг тарихий-типологик функциясини белгилашни таъминлайди. “Бадиий хронотоп қатъиян жанрий моҳиятга эга бўлади. Айтиш мумкинки, жанр ва жанрга хос хусусиятлар айнан хронотоп воситасида юзага чиқади. Шунингдек, бадиий хронотопнинг етакчи хусусияти замонда намоён бўлади. Хронотоп шаклий-мазмуний категория сифатида адабиётда инсон образи моҳиятини ҳам белгилайди. Чунки бадиий образ доимо хронотоп негизида маъно касб этади”.[5] М.Бахтиннинг бу фикрлари субъектив ҳодисани лиро-эпик кўламда бадиий жиҳатдан мукаммал акс эттирган “Лисон ут-тайр” достонига ҳам муайян даражада тегишлидир.
III
Албатта, ушбу мақола “Лисон ут-тайр”дек ҳар жиҳатдан мукаммал асар хронотопи хусусида фақат илк тасаввур беришгагина кифоя қилади. Шунга кўра, қуйида муаммонинг баъзи жиҳатларигагина эътибор қаратамиз. Хусусан, мақолада: а) “Лисон ут-тайр” хронотопининг универсаллиги; б) асар сюжетида мавжуд хронотоп чизиқлари, бунинг Бахтин хронотоп назарияси билан муносабати; в) асардаги конкрет(реал) ва квази(умумий) хронотоп аро муносабат ва уларни умумлаштирадиган факторлар; г) “Лисон ут-тайр” хронотопининг муаллиф “мен”и ва адабий идеали билан боғлиқлиги каби масалаларга мухтасар тўхталишга уринамиз.
IV
“Лисон ут-тайр” хронотопининг кўлами аниқ, аммо у ўзининиг қамров доираси билан ақл потенцияси чегараларига сиғмайди. Бошқача айтганда, достон хронотопини ақл воситасида идрок этиш мумкин эмас. Қолаверса, асарнинг асл моҳияти ҳам ладуний-эзотерик воқеликни ифодалашида намоён бўлади. Айни жиҳатдан Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони жаҳон адабиётида яратилган аксарият ёзма адабиёт намуналаридан устунлик қилади.
“Лисон ут-тайр” дебочаси, асар поэтикаси, хусусан, хронотоп кўламини белгилаш учун калит вазифасини бажаради. Шу ўринда айтиш жоизки, ўзбек классик адабиёти тадқиқотчилигининг ўтган асрдан қолган зарарли бир анъанасига кўра, достонлар, девонлар, илмий-адабий ва илмий-биографик асарлар аввалида келадиган дебочаларга кўпинча шунчаки бир қайтариқ, формал ҳодиса сифатида беписанд қараб келинади. Ҳолбуки, дебоча қисмида мумтоз шоирларимиз асар тезисларини яширишган. Айниқса, Навоийнинг барча асарлари дебочалари концептуал аҳамиятга эга. Шоир қаламига оид девонлар, хамса достонлари, жумладан, “Лисон ут-тайр” дебочаси конкрет илмий ишлар “кириш” қисмидан ҳам аниқроқ, системалироқ тарзда асосий қисмдаги поэтик концепцияларни белгилаб беради. Илмий ишларда бу хусусият аниқ илмий тезислар сифатида кўзга ташланса, Навоийда юксак бадиият қатламларида пинҳон рамз ва ишоралар тарзида намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан “Лисон ут-тайр” дебочаси асар дунёсига хос мураккаб хронотопни минимумдан максимумга қадар намоён этади. Образли ифодалар воситасида ўқувчи(тадқиқотчи)ни достоннинг асосий қисмига олиб киради.
Навоий асарнинг дебочасида фақат инсон туфайли яратилган космос ҳақида сўз юритиб, шундай мисраларни битади:
Айлагач доир тўқуз афлокни,
Қосир этти фаҳмидин идрокни...[6]
яъни Тангри “сунъи қалами” - бемисил санъатининг биргина мисоли сифатида тўққиз осмонни шу қадар улуғ қилиб яратди(ҳаракатга келтирди)ки, унинг қамрови олдида инсон идроки ожизлик қилади. Ҳақиқатан, ҳудудсиз коинот ибтидодан бери инсон идроки учун жумбоқ. Жорий юз йилликка келиб ҳам инсоният космик хронотоп хусусида аниқ тўхтамга кела олгани йўқ. Шу нуқтада Навоий бадиий аурасининг нақадар кенглиги, ўзига хослиги ва мураккаблиги ҳам намоён бўлади. У биргина байтда модус орқали субстанцияни, махлуқнинг хронотоп кенгликлари орқали Холиқнинг буюклигини талқин этишга эришади.(Шу усул, бизнингча, асардаги энг салмоқли ва гўзал ҳикоят – Шайх Санъон қиссасида ҳам юксак даражада қўлланган. Навоий бу қисса талқини орқали Оллоҳнинг санъати билан ниҳоятда гўзал қилиб яратилган тарсо қиз(махлуқ)га бўлган мажозий ишқ мисолида ишқи ҳақиқийнинг моҳиятини англатади.) Воқеан, бундай мукаммал бадиий талқин мазмунини идрок этишнинг ўзи ҳам унча-мунча ақлга оғир келади.
Хўш, унда ҳудудсиз борлиқ ичра зарранинг миллиарддан бир улуши бўлиб яшаб келаётган инсоннинг моҳияти, мукаррамлиги ва миссияси нимада?
Бизнингча, асарнинг умумконцепцияси, мақсади ва вазифаси шу саволга жавоб топишга қаратилган. “Лисон ут-тайр” хронотопи бутунича айни масалани поэтик талқин этишга хизмат қилади. Асарда талқин этилган фано ва унгача бўлган босқичлар, бақо ва унинг чексизлиги, дунё ҳаётининг аввали ва охири ҳақидаги хронотоп шакллари бу борада мавжуд назарий истилоҳлар, тушунчалар мазмунига сезиларли даражада таъсир қилади. Хронотопнинг ассоциатив, предикатив, ретроспектив, концептуал, прецептуал деб номланган назарий тушунчаларини ўзгачароқ идрок этиш заруратини туғдиради. М.Бахтин Юнон романига хос авантюр замон ҳақида сўз юритар экан, унинг абстрактлиги ва тасодиф билан боғлиқлигига қайта-қайта урғу берган. “Юнон авантюр замони учун,-деб ёзади Бахтин,- а б с т р а к т - маконий ҳудудсизлик зарур. Албатта, юнон романига ҳам хронотоплилик хос, аммо шуни унутмаслик жоизки, бунда макон билан замон муносабати органик табиатга эмас, балки соф механик табиатга эга бўлади. Бунда авантюранинг тўла-тўкис намоён бўлиши учун чексиз макон талаб қилинади.”[7] Бизнингча, Бахтин тасаввуридаги қаҳрамоннинг биологик замонига (яъни ҳаёт тарзига) заррача ҳам таъсир ўтказмайдиган замон, фақат унинг дунёқараши ва тасаввуридагина абстрактлик касб этади. Чунки бу тушунчалар материалистик дунёқараш чегараларида интиҳо топади ва тадқиқотчи тасаввурида мавҳумиятга айланади. Навоийда эса замон ва маконнинг ақл бовар қилмас шакллари муаллиф дунёқараши, “мен”и, адабий идеали негизида мутлоқ ҳақиқат сифатида талқин қилинадики, унинг абстрактлиги сира сезилмайди. Бу ҳақда “Лисон ут-тайр”нинг учинчи бобида қуйидаги мисраларни ўқиймиз:
Анбиё сархайли, султони расул
Ким, эрур онинг туфайли жузви кул.
Улки Одамдин бурун ул бор эди,
Ҳам Наби, ҳам соҳиби асрор эди,
Нури мавжуд офаринишдин бурун
Ким, эди халқига муддат олти кун...[8]
Бу уч байт фақат хронотоп поэтикаси нуқтаи назаридан таҳлил этилганда ҳам катта ҳажмдаги тадқиқот майдонга келади. Аммо биз бу ўринда, ҳажм эътиборидан, байтларнинг қисқа мазмунини бериш билан кифояланамиз. Яъни “жузви кул” (заррадан космосгача бўлган барча махлуқот )набийлар жамоасининг имоми, расуллар[9] султони – Муҳаммад алайҳиссалом туфайли яратилди. У, яъни ҳазрати Муҳаммад(с.а.в.) Одам алайҳиссаломдан бурун ҳам бор эдилар. Ўшанда ҳам пайғамбар ва сирлар соҳиби бўлганлар. У зотнинг нурлари, қаламга олти кунда яратиш режасини Лавҳ ул-маҳфузга битиш буюрилишидан аввал ҳам, мавжуд бўлган.
Мухтасар таҳлил этадиган бўлсак, Навоий сўз юритаётган замонда макон, маконда замон йўқ. Шу пайтгача мавжуд, хусусан, М.Бахтин сўз юритган хронотопга доир барча тушунчалар (ҳатто у илоҳий аспектда талқин этилган бўлса ҳам) айни хронотопдан кейин ва маълум маънода чегаралангани аён бўлади. Негаки, Навоий байтларида ибтидо режаси(материца)дан ҳам олдинги, ибтидоси бўлмаган замон, чегарасиз макон ҳақида гап кетяпти. Қолаверса, бу ўринда келаётган ғайриоддий бир муқояса инсоннинг идрокий, ҳатто интуитив потенциясини ҳам тамом лол қолдиради. /Нури мавжуд офаринишдин бурун /Ким эрур халқига муддат олти кун...
Дин, фалсафа тарихи, астрономия ва физика илмларининг гувоҳлик беришича, Оллоҳ борлиқни олти кунда бунёд этиб, еттинчи кун Одам(а.с.)ни яратган. Дин ва фанга доир хулосалар “буюк портлаш” (физиклар таъбири)содир бўлган “олти кун”нинг ўта улкан хронотоп кўламига эга эканини тасдиқлайди. Ҳатто унинг бир куни Ердаги замон ўлчами билан миллиардлаб йилларга тенг бўлиши мумкин(бу ўринда математика фанида қўлланадиган “тақрибан” тушунчасига таянишдан ўзга илож йўқ). Лекин Навоий байтларидаги хронотоп олдида бундай кўлам мутлақо нолга айланади. Чунки Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури ундан бурун, яъни абадият – бақода мавжуд эди. Б а қ о нинг эса на аввали, на охири бор...
Энг эътиборли (диний, метафизик, мифологик) манбаларда “Аввал йўқлик ва зулмат – х а о с(айни СЎЗ бу ўринда бизга маълум “бошида” деган маънода келмайди)дан ўзга ҳеч нарса йўқ эди. Яратгувчи у(яъни хаос)нинг ичига ҳаёт мабаини яширган эди ва ундан бутун борлиқни яратди” деган сўзларни ўқиймиз. Лекин “ҳаёт манбаи”дан мурод нима экани ҳақидаги ахборот баъзи манбаларда яширилса, баъзиларида (хусусан, метафизик, мифологик манбаларда) бу масала бузиб талқин қилинади. Бинобарин, ислом шарқида туғилиб, камолот чўққисини эгаллаган Навоий талқинида эса, коинот хронотопидан ташқари ҳодисотнинг бир учи Муҳаммад алайҳиссаломга – “Нури Муҳаммад”га келиб боғланяпти.
Кўринадики, Навоийда талқин этилган хронотоп моҳиятини мавжуд назарий истилоҳларнинг бирортаси ифода эта олмайди. Сабаби Навоий сўз юритган воқеликни ақл, ҳатто хаёлот кенгликларида қамраб ололмайди. Демак, Навоийга хос хронотоп кенгликлари, унинг поэтик даҳоси янги, мувофиқ назарий ёндашувларни талаб этади.
Алқисса, оламлар яратилишидан бурун ҳам мавжуд бўлган нур - Муҳаммад алайҳиссалом вужудида қарор топди ва у бутун оламга пайғамбар қилиб юборилди. Шу билан бирга, у зотга(а.с.) Одам наслидан бошқа биров эришмаган ва эришиши ҳам мумкин бўлмаган олий мақом – меърож саодати насиб қилди. Яъни ҳазрати Муҳаммад(а.с.) /Аршу курсиға уриб фарруҳ алам, /Бўлуб ондан муҳтарам лавҳу қалам...махлуқот ичида мақомлар мақомига соҳиб бўлди. Бунда ломакон номли макон, боқо номли замон ҳукм суради, ҳатто макон ва замон чегаралари йўқолади. Инсон ўз моҳиятига лойиқ, мукаррам бўлиши учун ана шу мақомга интилиши керак, дейди Навоий. Бунинг йўли эса такббурлиги туфайли абадий лаънат тамғасига дучор бўлган шайтон васвасасига кўнгил бермаслик, “нафси золимдан” халос бўлишга интилишдир. Оллоҳ кибр қилгани боис иблисга сўнгсиз бахтсизликни ва дўзаҳни, камтарлиги боис тупроққа(Муҳаммад(а.с.) ва унга эргашганларга, (Одам(а.с.) ва унинг фарзандларига) саодатни ва меърожни (яъни Ўз жамолини) тақдир қилди. Шу боис, инсон асл манбаи тупроққа яқинлашгани сайин унинг Яратган назарида ҳурмати, мукаррамлиги ортиб боради. Аксинча бўлса уни ҳалокат кутади, яъни
Бўлди саркашликдин онинг офати,
Ажзу туфроғлиқ бу бирнинг рофати...[10]
яъни такаббурлик ва жоҳиллик Азозилдек малоиклар пешвосини шайтони лайъинга айлантирди, фақирлик ва маърифат инсонни шундай улуғ даражага етиштирди.
Бундан келиб чиқадики, “Лисон ут-тайр”да талқин этилган барча воқеалар хаосдан космосгача, ер ости – зулумот дунёсидан арш поясигача бўлган икки хронотоп оралиғида юз беради.
V
“Лисон ут-тайр” бадиий структурасида иккита хронотоп чизиғи кўзга ташланади. Буларнинг биринчиси, объектив хронотоп чизиғи бўлиб, у асарнинг асл мақсадини ифода этишда восита бўлиб хизмат қилган ҳикоятлар асосини ташкил этган.
Асарнинг асосий қисми 14-бобдан, қушлар ўртасидаги макон (тор маъноси рутба, ўрин) талашиш можароси билан, бошланади. Низо ва тартибсизликнинг асл сабаби эса маърифатсизлик, нафснинг ғолиблиги. Бундай низо ва тартибсизлик, яъни хаоснинг муолажаси битта – Симурғни топиш. Бу йўлда қушларга Ҳудҳуд раҳнамолик қилиши лозим. Чунки раҳбарлик унинг қисматига битилган. Асарда Ҳудҳуд (сафарнинг ҳар бир манзил-маконида) қушлар томонидан бериладиган саволлар, эътирозлар, ботиний муаммоларга асосли жавоб бериб, уларни мақсад сари олиб боргани маълум. Сюжетдаги хронотоп доираси кенгайгани (қушларнинг талаб, ишқ, маърифат, истиғно, тавҳид, ҳайрат, фақру фано водийлари бўйлаб сафар қилганлари) сари қушларнинг муаммо ва ҳолатлари ҳам чигаллашиб, мураккаблашиб боради. Шунга қараб, Ҳудҳуд келтирадиган ҳикоятларда ҳам, хронотоп кўлами кенгайгани кузатилади. Дастлабки мулоқотларда асосан қушларнинг олдин яшаган маконлари ва кечмиш ҳаётлари ҳақида сўз кетса, иккинчи мулоқотдан бошлаб ҳикоятлар воситасида буларнинг ҳаммаси инкор этилади. Чунки бу мақомда ўтмиш – ундаги макон ҳам, замон ҳам, ҳатто исм ва “мен” деган тушунча ҳам унитилиши керак, акс ҳолда мурод ҳосил бўлмайди. Ҳудҳуд келтирадиган бир ҳикоятда Иброҳим Адҳам шоҳлик ҳашаматидан воз кечиб, узоқ йиллар фақирликда кун кечиради. Дунё можаролари ва дунёга бўлган эҳтиёждан тамомила фориғ бўлишга интилади. Елкасида ўтин ортиб келаётган Иброҳимнинг йўлини бир куни “ақтоби замон” тўсиб имтиҳон қилганларида у беихтиёр ўзи ҳукумат сурган Балҳни тилга олади. Оқибат қутблар у ҳақда /Бу ўтун остида хом эрмиш ҳануз... деган фикрга келадилар. Улар иккинчи бор Иброҳимнинг бўйнига “имтиҳон муштини” урганларида эса ундан бирор садо чиқмайди. Эндиликда у фақат дунёдан эмас, ўзидан ҳам кечган эди. Шу тариқа Иброҳим Адҳам замона қутбига айланади. Навоий ушбу ҳодисани қуйидагича изоҳлайди:
Ғайр ёди кўнглида то бор эди,
Парда янглиғ монеъи асрор эди...[11]
яъни солик кўнглини Оллоҳдан ўзганинг ёди мисқолча бўлса ҳам банд этар экан, у илоҳий сирларга парда – тўсиқ бўлиши аниқ. Бу адабий идеал шоирнинг “Ашрақат мин акси шамсил...” деб бошланадиган машҳур ғазалида бунданда мукаммалроқ, юксак рамзлар воситасида ифода этилади:
Ғайр нақшидин кўнгул жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур эй Соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо...
Шу ўринда асардаги “Шайх Санъон қиссаси”га доир бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоиз кўринади. Маълумки, ушбу қисса бошқа ҳикоятларга нисбатан ҳажм ва мазмун жиҳитидан анча кенг – том маънодаги қисса, асар ичидаги мустақил асар тасаввурини беради. У ўзининг мустақил сюжет чизиғи, композицияси, бадиий ва структур хусусиятлари билан ҳикоятлардан фарқ қилади. Қиссага хос хронотоп асос эътибори билан “Лисон ут-тайр” умухронотопига боғланса ҳам, мустақил ҳолатида махсус тадқиқотларни тақазо қилади. Айни нуқтада айтиш мумкинки, Навоий ушбу қиссани шунчаки қизиқ бўлгани учун, ҳатто Ҳудҳуднинг “йўл кайфияти”га доир(94-бет) далилларини кучлантириш учун ҳам киритмаган. Бизнингча, Навоий “Шайх Санъон” қиссасини асар марказий воқеалари билан параллел ифодалаш, шу асосда зоҳир ва ботинни муқояса қилишни кўзда тутган. Буни “Лисон ут-тайр”нинг аксарият лирик чекинишларида “шайхона” оҳанг сезилиб туришидан ҳам англашимиз мумкинки, ижод ташвиши билан машғул муаллиф баъзан ўзида Санъон ҳолатини ҳис қилади. Зотан, Шайх Санъоннинг тарсо қизни севгандан кейинги ҳолати ақл доирасига сиғмайди. Бу жиҳатдан ҳам мазкур қисса етти водийни босиб ўтишга чоғланган қушлар ҳолати билан параллеллик мақомида туради. Лекин, айни пайтда, бу икки иррационал ҳолат аро жиддий фарқланишни эътиборда тутиш керак. Гарчи, водийлар ҳайрати ва Симурғ ишқида сукр(муҳаббат шавқидан мастлик) ҳолатига тушган, ақлдан мосуво бўлган қушлар ҳолати зоҳиран шайхнинг ҳолатига ўхшаб кетса ҳам, иррационаллик(ақлдан жудо бўлиш)нинг бу шакли рационалликдан максимал даражада юксак туради. Шайх Санъон қисматида воқе бўлган ҳолат эса ақл чегарасидан тубанда, яъни телбалик(абсурдлик, хаос) дунёсида рўй беради. Ҳазрат Навоий бундай усул билан тубан ва олийни, минимум билан максимумни контраст ҳолатда ифодалайди, асарнинг асл концепциясини таъкидлаш ва ёритишга эришади.
Ҳикоятларда Одам алайҳиссалом, пайғамбарлар, авлиёлар, шайхлар, подшоҳлар, лаънатланган иблис ҳақидаги воқеалар муайян макон(жаннат, дўзаҳ, Рум, Хитой, Ҳиндистон, Балх, Насаф сингари), тарихан объектив замонлар доирасида баён қилинади. Аммо буларнинг барчаси қушлар ботинида пинҳон “мен” тушунчасини бартараф этишга қаратилади. Сафарнинг авж нуқтасига келиб ўз исмига, макон ва замонига, аниқ шакл-шамойил ҳамда вазифасига эга бўлган қуш тушунчаси йўқолади. Эндиликда Навоий уларнинг ҳаммасини тамомила мавҳум - “бир қуш” сўзида жамлайди ва ифода этади. Асар сюжети объективликдан субъективликка, макон ва замон чизиғи умумийликдан (яъни реаллик)дан хусусийлик (яъни квази) хронотоп томон эврила боради. Шу тариқа ботиннинг универсаллиги, инсоннинг “олам ул-акбар”(макрокосм) эканлиги асосланади[12].
VI
“Лисон ут-тайр”нинг асосий хронотоп чизиғи инсон ботини – олам ул-акбар билан боғлиқ. Шу маънода “Лисон ут-тайр”, баъзи тадқиқотларда қайд этилганидек, на қушлар, на муршид ва солик муносабати ҳақида, на болаларга қарата ёзилган асар, балки чексизлик ичра ўзини қидираётган, мавжудиятидан маъно излаётган, комиллик, Яратганнинг жамоли сари сафарга чиққан з о к и р (зикр қилаётган сўфий) ҳақидаги асардир. “Лисон ут-тайр”нинг асл моҳиятида У Л У Ғ В И С О Лга етишув сирлари яширин.
Шу ўринда М.Бахтиннинг қуйидаги фикрлари муайян аҳамият касб этади: “Кўпинча адабиётда учрашув хронотопи композицион функция бажаради: баъзан тугун, баъзан кульминация, баъзида эса сюжет ечими вазифасини ўтайди... Айниқса, учрашув мотиви – турли хил йўл учрашувлари - й ў л х р о н о т о п и(“катта йўл”) билан муҳим боғланишга эга. Йўл хронотопида макон-замон уйғунлиги мукаммал тарзда аниқ ва ёрқин очилади... Бундай мотивлар бизга бир қадар бегона, соф аниқликка асосланган фан-техника соҳасида ҳам, муайян даражада учрашув мотиви ўхшашини ифода этадиган к о н т а к т тушунчасида ифодаланади. Мифологик, диний соҳаларда учрашув мотиви, албатта, етакчи вазифалардан бирини бажаради: илоҳий нақлларда, Илоҳий битикларда(масалан, масиҳийлар “Инжил”ида бўлганидек буддавийликда ҳам), диний маросимларда учрашув мотиви “яралиш”(“эпифания”?) мотивлари билан уйғун келади”[13]. Фақат шунга аниқлик киритиш лозимки, Бахтин назарда тутган учрашув тушунчаси ва йўл хронотопи билан “Лисон ут-тайр”даги йўл хронотопи ҳамда висол тушунчаси принципиал маънода фарқланади. Гап уларнинг биринчиси рационал, иккинчиси эзотерик ўлчамда рўй беришида ҳам эмас. Масаланинг моҳияти Бахтинда реал тушунчанинг поэтик контекстда фақат рамз сифатида, Навоийда эса мутлоқ рамзга айланган тушунчанинг тўла ҳақиқат деб қабул қилинишида намоён бўлади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Навоий талқинида зоҳир ва унга хос унсурлар поэтик рамз воситаси, ботин эса айни пайтда кечадиган реал воқелик хронотопи бўлиб хизмат қилади. Шу тариқа “Лисон ут-тайр” хронотопи” деган тушунчанинг ўзи ҳам чексизлик, абадият тушунчалари маънодоши(эквиваленти)га айланади.
Шундай талқин қилинар экан, “Лисон ут-тайр”да мавжуд барча воқеалар, барча хронотоп шакллари ягона субъект – з о к и рнинг ботинига кўчади. Ундаги образлар(қушлар) эса моҳиятан субъект ички дунёсини ифодаловчи рамзларга айланади. Демакки, асар бирбутун ҳолатда субъектив ҳолат талқинига қаратилгани маълум бўлади.
Яратган жамоли сари буюк сафарга чиққан зокир етти водийни мислсиз машаққатлар билан босиб ўтади. Ақл унга дунёдаги эзгуликлар, ирфон маърифати, пир ўгитлари билан бирга, нафс ва шайтон қутқусини ҳам эслатиб туради. У дуч келадиган ҳар бир водий кўнгил дунёсида мавжуд қушларга - иллатларга, ҳатто фазилатларга ҳам монелик қилади. Уларни ўлдиради, кўнгилни ортиқча нарсаларнинг барисидан поклайди. Асар сюжетининг тартибсизлик ва низо (хаос) тасвири билан бошланиши ўзини, хусусан, Яратгувчисини топмаган инсон кўнглидаги жунбушларни ифодалайди. Тартиб жорий бўлиб, сафарга чиқиш эса бу қалбда эзгулик ва иймон ҳокимияти ўрнатилганидан далолат. Лекин шунда ҳам иш осонлик билан кечмайди. Иймон, яъни Ҳудҳуд ўта улкан, қудратли тўсиқларни енгиб ўтиши шарт. Акс ҳолда ўзни англаш, Симурғ висолидан баҳра олиш мумкин эмас. Бу жараёнда, шайх Нажмиддин Кубро қайд этганидек, “ла илаҳа иллаллоҳ” дея тўсиқ қўйиладиган барча дўнёвий эҳтиёжлар ишқ ва висол умиди алангасида куйиб кулга айланади. Эндиликда шайтон ҳам, дунё ҳам, макон ва замон ҳам, жаннат ва дўзаҳ ҳам, ошиқнинг ўзи ҳам фано бўлади. Фақат “Оллоҳ”, зикрнинг авж нуқтасида эса, том маънода “Ҳу”, яъни “У” қолади. Зокир Ёр висолига, бақога етишади.
Қайд этиш лозимки, бу жараён ҳатто зикр қилаётган соликлар жамоасида ҳам, жамоат тарзида кечмайди. Ҳар бир ошиқ, гарчи зоҳирда жамоат ичра бўлса ҳам, ботинида ёлғиз бўлади. Негаки, Ёр висоли томон олиб борувчи йўл ягона, Унинг висоли барча ошиқларга кифоя қилсада, ҳеч қачон ошиқлар йўли туташмайди.
Шайх Нажмиддин Кубро зикр шавқига ғарқ бўлишнинг уч босқичи хусусида тўхталиб, унинг энг олий босқичини шундай таърифлайди: “Учинчи истиғроқ - зикрнинг сирга инмоғидир, бу эса мазкур(Оллоҳ)га етишган зокирнинг зикрдан ғойиб бўлиши. Унда ғарқ бўлиб ишқ ҳайратлари ичра қолмоғи. Бунинг аломатларидан бири сен зикрни тарк этсанг-да, зикр сени тарк этмаслигидир”[14]. Шу маънода, “Лисон ут-тайр” айнан Ёр ишқи ва ёди билан ғарқ зокир ҳолатининг бадиий ифодасидир. Бундай ҳолатни мукаммал бадиий ифодалаш учун эса муаллиф уни ўрганиши эмас, яшаб ўтиши керак. Айни пайтда, Навоий талқинидаги зокир учун дунёвий макон ва замон эмас, ладуний-эзотерик хронотоп кенгликлари хосдир.
VII
Шу ўринда ҳақли равишда “Лисон ут-тайр” марказида турган зокир ким унда, деган савол туғилади. Ушбу саволга ҳеч иккиланмасдан у асар муаллифи – зикр истиғроқининг энг тубини макон тутган Навоий деб жавоб берамиз. Айни пайтда Е.Э.Бертельснинг Навоий сўфийлик амалиёти эмас, балки назариясининг етук билимдони ва буни аъло даражада рамзий ифодалаган ижодкор, мутасаввиф бўлган деган фикри, бизнингча, олим дунёқараши ва у мансуб тарихий вазият маҳсули бўлгани учун ўзини тўла оқламайди. Е.Э.Бертельснинг навоийшуносликдаги катта хизматларини эътироф қилган ҳолда шуни айтиш лозимки, у Навоий шахсиятида фақат шоирни, адабий феноменни кўради ва, бизнингча, олим хулосаларининг чекланган жиҳати ҳам шунда. Шу боисдан, Е.Э.Бертельс улуғ мутафаккир ҳақида: “Навоийнинг сўфийликка бўлган муносабатини романтик тамойилдаги ўзига хос ҳаваскорлик деб қабул қилиш мумкин”, деб ёзади[15]. Ҳолбуки, образли айтганда, Навоий учун шоирлик қанот бўлса, Оллоҳ ишқи ва иймон қалб эди. Қалбсиз тирикликни эса тасаввур қилиш мумкин эмас. Навоийнинг ўзи бу хусусда:
Вой ул бедилғаким, қолгай тирик дилдорсиз,
Бир эёсиз ит бўлиб эрди Навоий Ёрсиз,
Этмагил, ё Рабки, ҳаргиз банда Султондан жудо...
деб ёзган эди. Демак, том маънода субъектив ҳолатни ифода этган буюк асар “Лисон ут-тайр” моҳиятида турувчи зокир, матн остига ўзини мукаммал даражада яширган бўлса ҳам (бу нақшбандийлик тариқатининг одоби, қонунияти ҳисобланади), достоннинг марказий образидир. Зокир образи асосида эса Навоийнинг ўзи туради. Асар структурасида диологлар, лирик чекинишлар, қиссахон, ҳикоянавис сифатида кўринувчи муаллиф образи эса, бизга зикр жараёнидаги ошиқни эмас, кўпроқ ижод жараёнидаги муаллифни эслатади. Айни пайтда “Лисон ут-тайр” шоир ва сўфий Навоий феноменини бирбутун идрок этиш имконини беради.
VIII
Хуллас, Навоий достонлари хронотопини илмий тадқиқ этиш, буюк мутафаккир-этик дунёқараши ва поэтикасини кенгроқ эгаллашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Навоийшунослик борасида янги саҳифалар очади. Навоийни жаҳон адабиёти контекстидаги қонуний мақомини тиклаш имконини беради. Нафақат ўзбек, балки жаҳон навоийшунослиги жараёнига сезиларли таъсир кўрсатади. Хусусан, хронотоп поэтикаси ва назариясини янги концепциялар билан бойитади.
“Лисон ут-тайр”нинг умумий хронотоп кўламини ифодалаш учун мавжуд назарий тушунчалар камлик қилади. У шу даражада универсалки, космик хронотоп унинг олдида заррага айланади. Навоий поэтик даҳоси чексизликни бадиий сўз, қолаверса туркий тилда ифодалаганида кўринади.
Асар сюжетида, асосан, икки хронотоп чизиғи мавжуд. Уларнинг биринчиси ҳикоятлар негизида кузатилади. Ҳикоятлар, гарчи уларнинг ҳар бири мустақил асар ўлароқ мустақил функция бажара олсада, “Лисон ут-тайр” таркибида восита бўлиб келади, шунингдек, асосий воқеа моҳиятини ёрқин ифодалашга хизмат қилади. Иккинчи хронотоп чизиғи эса асар сюжетининг марказида туради. Айни пайтда, етти водий сифатида талқин этилган зокир ички олами космик хронотоп сарҳадларини ортда қолдириб, чексизлик ва абадият ҳудудсизлиги томон юксалади.
“Лисон ут-тайр”да бадиий талқин этилган барча воқеалар, асарнинг асл концепцияси Алишер Навоий дунёқараши, адабий идеали, “мен”ини акс эттиради. Шу маънода, “Лисон ут-тайр” фақат бадиий асар эмас, балки том маънода инсон фенномени ҳақидаги универсал ҳодисадир.
Узоқ Жўрақулов,
филология фанлари номзоди,
ЎзМУ доценти
09.01.2009 й.
[1] Қаранг: Бертельс Е.Э. Навои и Аттар /В кн.:Суфизм и суфийская литература.-М.:Наука, 1965, ст. З77-420.
[2] Қаранг: Қаюмов А. Асарлар. Иккинчи жилд.-Т.:Мумтоз сўз, 2008.
[3] Малехова А.Н. Поэма Алишера Навои «Лисан-ат-тайр»(«Язык птиц»):поэтика композиционных и образных средств. Автореферат на соискание ученой степени кандидата филологических наук.-Т., 1978, ст.13.
[4] Бахтин М. Формы времени и хронотопа в романе (Очерки по исторической поэтики) /В кн.:Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики.-М.:Художественная литература, 1975, ст. 234. (Мақолада келтириладиган барча иқтибос-таржималар бизники – У.Ж.).
[5] Бахтин М. Кўрсатилган асар, ст.235.
[6] Алишер Навоий. МАТ., йигирма томлик, ўн иккинчи том. Лисон ут-тайр.(Изоҳлар билан нашрга тайёрловчи: Ш.Эшонхўжаев).-Т.:Фан, 1996, 7-бет (Достонга доир барча иқтибослар шу манбадан олинади – У.Ж.).
[7] Бахтин М. Кўрсатилган асар, ст.249.
[8] Алишер Навоий. Кўрсатилган асар, 14-бет.
[9] Бу ўринда наби ва расул сўзларининг кетма-кет келиши тасодиф бўлмай, Навоий услубига хос динамика принципига асосланади. Яъни “набийлар имоми” Муҳаммад алайҳиссалом рутбаларининг нақадар улуғлигини ифода этмасин, “расуллар султони” бунданда буюкроқ мақомни билдиради. Ислом тарихи манбаларига кўра, айни мақомга пайғамбарлардан фақат Муҳаммад алайҳиссаломгина лойиқ кўрилганлар. – У.Ж.
[10] Алишер Навоий. Кўрсатилган асар, 10-бет.
[11] Алишер Навоий. Кўрсатилган асар, 185-бет.
[12]Ғарб муҳитида майдонга келган эзотерик адабиётларнинг барчасида бирбутун космосга нисбатан макрокосм, инсон феноменига нисбатан эса микрокосм термини қўллаб келинади. Шарқ манбаларида аксинча - бутун коинот инсондан нусҳа олиб яратилганига урғу берилади. Шунга асосан инсон Олам ул-акбар(яъни макрокосм), ундан зоҳирда мавжуд бўлган барча нарсалар Олам ул-асғар(яъни микрокосм), деб юритилади. Бу ўринда Навоий айни эзотерик тушунчани талқин этганига шубҳа йўқ.-У.Ж.
[13] Бахтин М. Кўрсатилган асар, ст. 248-249.