Ўзбек мумтоз шеърияти жанр эътибори билан жуда бой ва хилма-хилдир. Ундаги жанрлар фақат шаклий белгилари пайдо бўлиш тарихи, тараққиёт тамойили ёки мавзу хусусиятлари билан эмас, ифода усуллари, тили, образлар тизими, поэтик руҳи жиҳатидан ҳам бир-биридан ажралиб туради.
Ҳар бир лирик жанр врқеликни, инсон фикр ва ҳис-туйғуларини ўз бадиий ифода усулари ҳамда характерига мос тарзда тасвирлайди. Шунинг учун уларни моҳият эътибори билан бири иккинчисига унча ўхшаш бўлмаган, ўз-ўзича тугал бир санъат олами дейиш мумкин.
Лирик жанрлар тарихи ва поэтикасига қизиқиш ўзбек адабиётшунослигида кейинги йилларда анча жонланди. Баъзи лирик жанрлар ҳақида у ёки бу санъаткорнинг адабий фаолияти билан боғлиқ ҳолда муҳим назарий фикрлар баён этилди. Айрим жанрлар ҳақида махсус илмий ишлар юзага келди. Аммо шунга қарамасдан, бу соҳада ҳали кўпгина жиддий тадқиқотларни амалга ошириш керак бўлади. Бу гап қитъа жанрига ҳам тегишли. Тўғри, ушбу жанр узоқ замонлардан бери олимларнинг диққатини ўзига қаратиб келди. Бу ўринда Е.Э.Бертельс, А.Мирзоев, А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, Ё.Исҳоқов, Р.Орзибеков, Л.Сериковава бошқа адбиётшуносларнинг қитъа ҳақидаги илмий қайд ва мақолаларини эслаш мумкин. Шунга қарамасдан, бу масаланинг айрим томонлари ҳали тадқиқга муҳтож.
Биз эса қитъа ва ғазал муносабати хусусида фикр юритмоқчимиз.
Ҳар бир лирик жанрнинг иккинчи бир лирик жанр билан у ёки бу шаклда яқинлик, алоқадорлик томонлари бўлади, албатта. Аммо бу тўғрида гапирганда, аввало ҳар бир жанрнинг фақат ўзига хос поэтик хусусият ва такомилини эътиборга олиш лозим. Зеро, ҳар бир лирик жанр бадиий ижод оламида ўзининг ғлявий-бадиий вазифаси билан туғилади. Акс ҳода жанр хилма-хиллигитўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Одатда, шеър ҳаётий зарурият, маънавий-руҳий эҳтиёждан дунёга келади. Жанр категорияси ана шу эҳтиёж ва заруриятнинг турли тарзда шаклланиши, шаклга муносиб мазмун, мазмунга муносиб шакл ҳолида кўринишидир.
Маълумки, ғазал алоҳида шеърий жанр ўлароқ ХII асрдан бошлаб форс-тлжик, XIV асрлардан эса, туркий адабиётда кенг тараққий қилган[1]. Ғазал учун асос эътибори ила олдинги ўринда муҳаббат темаси турган ва бошқа ғоялар асосан ана шу мавзу орқали ёритилган. Ғазалнинг тили ва руҳи кўтаринкиликка, кўтаринки кайфиятлар, ҳаяжон ва эҳтиросларни тараннум этишга йўл очади. Шунинг учун маъно ва туйғу ғазалда ўзгача бир кўрк ва фусун билан тазаҳҳур топади. Ғазалнинг тили – кўнгил тили, дард ва армон тили. Чунки мумтоз шеъриятимиздаги бирор бир лирик жанр инсон кўнгли ва руҳи сир-асрорини ғазал даражасида жонли ифодалай олмаган. Матлаъ ва шоир тахаллуси қўлланилган мақтаънинг бўлиши ғазалнинг зарур поэтик талабларидан ҳисобланган. Фикрий ва ҳиссий яхлитликка эришиш, яъни Алишер Навоий таъкидлаганидек, “ҳар мазмунда матлаъе воқеъ бўлса”, “мақтаъғача сурат ҳайсиятидан мувофиқ ва маъни жонибидин мутобиқ”лик[2], якпоралик ўзбек ғазалиёти учун характерли хусусият бўлган.
Маълумки, лирик жанрлар ҳол ва моҳиятига қараб бир-биридан ажралиб туради. Шунга асосланилса, ғазал ва қитъа шеъриятнинг бир-бирига ўхшамайдиган икки ирмоғи эканлиги ўз-ўзидан равшанлашади. Бу – масаланинг бир томони. Иккинчидан, Шарқ адабиётида қитъа жанри ҳали ғазалнинг шаклланиш жараёни бошланмасданоқ тўла такомил топган. Бу жанрнинг Рудакийгача бўлган даврлардаги шоирлар ижодида кенг ўрин эгаллаганлиги шундандир. Бу ҳақда академик Абдулғани Мирзоев ғазалга бағишланган қимматли рисоласида ҳам фикр билдирган. Шу ўринда икки нарсани алоҳида таъкидлаш зарурга ўхшайди.
1. Ўтмишда гоҳо қасида ва ғазалдан юлиб олинган теран мазмунли шеърий парчалар илми ва адабиёт аҳли ўртасида “қитъа” деб аталган. Бироқ бунда истилоҳий маъно кўзда тутилмаган. Бундан ташқари, ўзининг барқарор назарий қонуниятларига амал қилинмай яратилган кичик ҳажмдаги лирик шеърларга ҳам қитъа номи берилган. Масалан, рубоийнавис шоир рубоий учун белгиланган анъанавий қонун-қоидалардан чекинган бўлса, у яратган тўртлик мазмунан қанчалик теран ва жозибали бўлмасин, барибир руьоий эмас, “... соддача “қитъа” дейилган”[3]. Бундай шеърларнинг қитъа деб номланишидан қатъи назар, уларнинг қитъа жанридаги шеърлар билан алоқаси йўқлиги изоҳсиз англашилади, албатта.
2. Классик шоирларимиз баъзан олдин ёзилган қитъалари асосида янги қасида ва ғазаллар яратишган. Бу факт ҳам қитъанинг ғазал билан тўла уйғун ҳолати бўлган, деган ғояни илгари суришга имкон бермайди.
Бадиий ижод тажрибасидан шундай далиллар ҳам маълум. Масалан, кичиккина шеър катта бир поэманинг яратилишига асос бўлади, бирор ҳикоя заминида бутун бошли қисса дунёга келади ва ҳ.к. лекин бу билан шеър ўзининг дастлабки шеърлик моҳиятини, ҳикоя ўзининг барқарор жанр белгиларини йўқотмайди, аксинча, бир маъно икки жанр имконияти даражасида ўзининг бадиий талқинига эришади.
Маълумки, Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаронинг подшоҳлик тахтига чиқиши муносабати билан “Ҳилолия” қасидасини яратган. Ана шу материалнинг у ёки бу қиррасини шоир ўзининг бир қанча рубоий ва қитъаларида ҳам ёритиб берган. Бироқ Навоий ҳар гал бу мавзуга ҳар бир жанрнинг талаб ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда муносабатда бўлган.
Лирик жанрларнинг бир-биридан фарқли бадиий қонуниятлари, узоқ йиллар адабиётлар ва ижодкорлар тўплаган маълум усул ҳамда йўллари бўлади. Санъаткор ёзувчи буни инобатга олмаслиги мумкин эмас. Янги жанр – бу доимо ҳаёт материали ёки мавжуд материалнинг янгича ифодаси, ифоданинг янгича усули, хуллас, янги шакл ва мазмун бирлигидир. Шоирлар лирик жанрларнинг ҳаммасида ҳам бир хил услуб, бир хил имконият, бир хил руҳий кайфият билан ёза олмайдилар. Шу ўринда Ғафур Ғуломнинг, “Мотам вазнида “гулёр” айтиб бўлмаганидай, “суворий” чалинганида йиғланмайди. Бу деган сўз айтилмоқчи бўлган мазмунга муносиб ифода ва шакл танлаш зарур демакдир”[4], деган сўзларини эслаш мақсадга муувофиқдир. Бугина эмас. Улкан ёзувчилардан бири узоқ йиллик адабий тажрибаларни хулосалаб, “жанрни биз эмас, бизни жанр танлар экан” деб ёзганди. Бу гапдан ҳар бир жанрнинг ўз бадиий хусусиятлари, талаб ва эҳтиёжлари бўлади, уларни албатта ҳисобга олиш зарур деган хулоса келиб чиқади. Худди шу нарса қитъа учун ҳам тўла хосдир.
Қитъа (кўплиги муқаттаот) арабча сўз бўлиб, луғавий маъноси парча, бўлакдир. Истилоҳда қитъа ўзининг алоҳида поэтик белгиларига эга, мавзу йўналиши қатъий чегараланмаган икки ёки ундан ортиқ байтли шеър маъносини билдиради.
Эрон олимларидан бир Муҳаммад Ризо Дойи Жавод қитъани қуйидагича таърифлайди: “Бирор нарсанинг парчаси луғатда қитъа деб аталади. Адабий истилоҳда икки байтдан кам бўлмаган, ўзига хос қофия ва вазнга эга бўлган шеърларга қитъа дейилади. Қитъада ягона бир мақсад баён этилади ва у мантиқан интиҳосига етказилади. Қитъанинг қофия хусусияти унда биринчи байт ўзаро қофияланмаслик билан характерланади”[5].
Қитъа шакл томондан ҳам, мазмун жиҳатдан ҳам ўзига хос қатор сифатларга эга жанр. Одатда, қитъанинг биринчи байти қофияланмайди. Унинг қофияланиш тарзи: аб, вб, дб, гб шаклидадир. Бу жанр ҳажм жиҳатдан конкрет чегарани билмайди. Қитъа икки байтдан бошлаб, ўн ва ўндан ортиқ миқдорда бўлиши мумкин. Шарқ поэтикасида кичик ҳажмдаги қитъалар “али ул талоқ қитъа”, тўрт байтдан ортиқлари эса “қитъайи кабир” деб номланган. “Али ул-талоқ қитъа” – фасоҳатли, хушбаён ва мухтасар маъноларни билдиради. Шоирлар кўпинча худди шу хилдаги қитъалардан ёзишга интилганлар. Бу масалада шуни айтиш лозимки, ўзбек адабиётида умуман тўрт байтдан ортиқ миқдордаги қитъалар сийрак учрайди. Бу тасодифий ҳолат эмас, албатта. Чунки, биринчидан, қитъа ўзининг характери, поэтик руҳи билан ихчамликка, конкретликка доҳил жанр. Иккинчидан, классик шоирларимиз шакл танлашда мумкин қадар ихчамликка интилганлар. Қисқа шаклда катта мазмунни сиғдиришни бадиий маҳоратининг муҳим белгиларидан деб билганлар. Бундан ташқари қитъа аксар бадиҳа тарзида айтилганини қўшсак, моҳият янада ойдинлашади.
Классик лирикадаги жанрларга эътибор қилинса, улар тематик йўналишлари билан сезиларли даражада бир-бирларидан ажралиб туришини пайқаш қийин бўлмайди. Бу хусусиятдан қитъа ҳам маҳрум эмас. Тожик адабиётшуноси Б.Сирус ёзади: “Мазмун жиҳатдан қитъа ғазалдан оз фарқ қилади”[6]. Ҳолбуки, қитъа мазмун моҳияти билан ғазалдан кескин фарқланади. Бу икки жанр орасидаги ғоявий-бадиий ўзига хослик худди мана шу нуқтада янада ёрқин, янада аниқроқ намоён бўлади.
Таниқли шарқшунос Е.Э.Бертельс қитъани Яқин Шарқнинг деярли барча девонларидаги “... мазмун эътибори билан жуда бой ва қизиқарли бўлим” эканлигини қайд қилган эди[7].
Профессор А.Ҳаймитметов эса бу ҳақда шундай ёзади: “Шеърнинг форс-тожик ва ўзбек адабиётларидаги бу қадим тури (гап қитъа хусусида кетаётир - .И.Ҳ.) одатда бирор воқеа ва ҳодиса муносабати билан яратилган экспромт шеърларини эслатади. Улар кўпинча ҳаётий юмор билан суғорилган бўлиб, шоирнинг ўз даври турмушига муносабатини ифодалайди”[8].
Қитъанинг мавзу кўлами ҳаёт қадар кенг ҳамда тармоқли. Бу жиҳатдан Шарқ лирикасидаги бирорта ҳам лирик жанр қитъага тенглаша олмайди. Унда ижтимоийсиёсий, фалсафий, ахлоқий-таълимий ва ишқий масалалар ифодаланган; бу жанрда шоирлар ҳаёт завқи, умид ва ишонч. Инсонийликни улуғлаш, одоб ва трабия масалалари, эътиқод ва бурч, эл ва юртга муҳаббат, сўфиёна кайфиятлар, замондан шикоят ва ҳоказоларни қаламга олганлар; бу жанрда мадҳиялар, марсиялар, тарихлар дарж этилган.
Алишер Навоий қаитъаларида табиатдаги оддий қурғоқчилик ҳодисаларидан тортиб, коинотнинг илоҳиёт пардалари билан бурканган сир-асрорларигача, чумолидан тортиб, улуғ Инсон ҳолати, ҳаркати ва қисматигача, барча-барчасига муносабат билдирилган. Улар “қитъа-қитъа боғ” этилган. Албатта, Алишер Навоийдаги бу тенгсиз салоҳият қитъа ёзган барча шоирларга хос хусусият, демоқчи эмасмиз. Ижодий уфқнинг кенглиги фақат Навоий каби буюк санъаткорларнинг талантига хос хусусиятдир. Гап шундаки, шоир фикран ва руҳан теран бўлсаю, хаёл-кечинмаларни шеър билан ифода этишга интилса, қитъа жанри унга ажойиб имкониятлар беришга қодирдир. Худди шу ўринда масаланинг яна бир муҳим қиррасини изоҳлаш керакка ўхшайди. Классик шоирларимиз ўзларининг ғазал, рубоий, туюқ, қасида ва бошқа қатор жанрларидаги асарларини фақат илҳом, фақат ҳис ва фикр омиллари асосида эмас, “балки ўз замонаси адабиётининг қоида ва назарияларига”, “илми бадеъ” усулларига риоя қилиб яратган”лар[9]. Бу эса шоирга олдиндан белгиланган назарий қонунлар, принципларга бўйсуниб қалам тебратиш масъулиятини юклаган. Аммо қитъада бундай анъана бўлмаган[10]. У поэтиканинг “темир қонунлар”и исканжасидан озод яшаган. ЎЗ навбатида бу ҳам қитъада турли-туман ҳаётий ғояларни талқин этишга кенг имконият туғдирган. Ана шу боис бу жанр сўзда, образда, шаклда ортиқча мумтозликни, бўёқдорликни талаб қилмаган. Ва қитъада реалистик оҳанглар, ҳаётий деталлар классик лирикадаги бошқа жанрлрага қараганда кенг ва кўп бўлган. Мана, тилни олайлик. Қитъа тилида ортиқча бўёқ ёки безакдорлик йўқ. Унда ғазал тилига мос саналмайдиган “... лексик бойликлардан, турли халқ ибораларидан, “қўпол”, “дағал” сўзлардан...”[11] ҳам кенг фойдаланилган. Мисол сифатида Алишер Навоий қитъаларидан бирга мурожаат этайлик:
Умрини аблаҳ кечуриб ғафлат ила,
Нукта ўрниғаким тортар харрос.
Бир эшакдурки, тағофил юзидин
Қилғай изҳор паёпай аррос[12].
Бу қитъада одамлар характерида учрайдиган бадлафзлик, қўрслик кескин қораланмоқда. Ифодаланаётган маънонинг таъсир даражасини ошириш, фикрни лўнда ва образли баён этиш учун шоир ҳаётий бир детални шеърга олиб кирган. Яъни, ғофил кимсани аррос эшакка қиёслаган. Бу ташбеҳ ёрдамида фикр янада ьеранлашган. Масалан, шеърни ўқиган кишида сўзлар шарқона назм жилосидан (қасида, ғазал ва бошқа жанрлардагига ўхшаб) маҳрумдек таассурот туғдириш мумкин. Гўё унда ташбиҳ шеърга соя солгадек, гўё шоир гўзаллик туйғусига тўла риоя этмагандек. Аслида, бу алдамчи бир таассуротдир. Чунки шоир учун энг муҳими фикр бутунлиги ва аниқлигидир.
Хуллас, қитъа ғазал, рубоий каби мустақил бир лирик жанр ҳисобланади. Унинг ўзига хос поэтик табиати бор. Қитъа ўзининг композицион кўринишлари, образлар тизими, тил хусусияти ва ифода усулларига эга жанр. У ғазалнинг бир парчаси ёки баъзи олимлар айтганидек, ғазалдан юлиб олинган “маълум бир бўлак” сифатида юзага келмаган. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Қитъа Шарқ адабиётида ғазалдан анча олдин пайдо бўлган жанр.
Ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-маърифий ва бошқа мавзуларда ёзилган, ўзига хос қофия тарзига эга, икки байтдан кам бўлмаган, ўзида маълум бир поэтик хусусиятларни мужассамлаштирган шеърий парчалар қитъа дейилади. Қитъада шоирлар, асосан, турмуш ва реал воқелик билан алоқаланган таассуротлар, ижтимоий ҳаёт, ахлоқ масалаларига доир ғояларни лўнда, содда йўлларда ифода этганлар. Шу маънода қитъа – маъно ва моҳият ойнаси, шоир эҳтиросларининг қуюлиб, фикрда теранлик кучайган ҳолати. Ёки шу ҳолатлар ҳосиласи эрур.
Ўзбек тили ва адабиёти,
[1] Ғазалнинг поэтикаси ва эволюцияси ҳақида қаранг: Бертельс Е.Э. История персидско таджикской литературы. – М.: 1960; Бертельс Е.Э. Наваи и Джами. – М.: 1965; Мирзоев А. Рўдаки ва инкишофи ғазал дар асрҳои Х-ХV. – Сталинобод, 1958; Ҳайитметов А. Навоий лирикаси. – Тошкент, 1961; Носиров О. Ўзбек адабиётида ғазал. – Тошкент, 1972; Орзибеков Р. Ўзбек лирик поэзиясида ғазал ва мусаммат. – Тошкент, 1976.
[2] Алишер Навоий. Асарлар. IV том. – Тошкент, 1965. – Б. 467.
[3] Кўприлзода М.Ф. Турк адабиёти тарихи. 2-том. – Истанбул, 1920. – Б. 203.
[4] Ғафур Ғулом. Адабий-танқидий мақолалар. I – жилд. – Тошкент, 1971. - Б. 416.
[5] Дойи Жавод. Зебоиҳои сухан ё илми бадеъ дар забони форсй. – Исфаҳон, 1335 ҳ. – Б.318.
[6] Сирус Б. Қофия дар назми точик. – Сталинобод, 1955. – Б. 149.
[7] Бертельс Е.Э. Навои и Джами. – М., 1965. – С.95.
[8] Ҳайитметов А. Шарқ адабиётининг ижодий методи тарихидан. – Тошкент, 1970. – Б. 143.
[9] Шайхзода М. Устод санъатхонасида. Асарлар. IV том. Тошкент, 1972. – Б. 221.
[10] Бертельс Е.Э. Навои И Джами. – С. 95.
[11] Абдуғафуров А. Навоий сатираси. I китоб. – Тошкент, 1965. – Б. 80.
[12] Алишер Навоий. Хазойин ул-маоний. 3-китоб. – Тошкент, 1960. – Б. 703.