Шоирлик аслида шеърни – шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай билишдир. Чунки шеърнинг гўзаллиги, аввало, ана шу мусаффоликда акс этади. Шеърдаги софлик – туйғу ва тушунчадаги софлик демак. Шеър билан шеърхон орасидаги давомли ички алоқа шундан бошланади. Тўғри, бевосита матнга диққатни қаратиш, уни тадқиқ ва таҳлил қилиш адабиётнинг барча муҳим жиҳати, ўзига хос ҳолатларини ёритишга тўла-тўкис имкон беролмайди. Аммо у адабиёт илмини умумий, бир ёқлама, гоҳо фаросатсизларча тўқилган фикр-мулоҳазалардан ҳимоялаши шак-шубҳасиз. Зеро, ҳақиқий адабиёт – санъаткорлик завқи ила яратилган асардан бошқа бир нарса эмас. Унинг билан тўғридан-тўғри муносабат ўрнатишгина шахсий таассурот ва тасаввурни юзага келтиради. Бироқ ҳеч қандай адабий матн, муайян бир усул, тушунча ва ҳақиқатга таянилиб ўқилмагунча, ўз-ўзидан туйғу ва фикр уйғотолмайди.
Мукаммал асар матнини табиатга қиёслаш мумкин. У ҳам ўзига хусусий саволлар билан мурожаат қилинганда, фақат ва фақат ана шундай ҳолатда ўқувчига сир-асрорини кенг очади. Шунда матн таҳлили аталмиш усулнинг афзалликлари, кўп нарсани юза ва чала билишдан ниҳоятда фойдали экани ҳам равшанлашади. Бундан ташқари, энг гўзал, энг оригинал адабиёт намуналарини ўжарлик ва ўзбошимчалик чангалидан қутқазишнинг бир чораси ҳам матн таҳлилидир. Тарихий-қиёсий ё биографик методда бажарилган илмий ишларнинг афзалликларини қадрлаш яхши жиҳатларини албатта ривожлантириш керак. Қуруқ инкорчилик, ёқимсиз бир чечанлик билан илмда ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Шу билан бирга илм-фанда очиқлик, янги изланишлар зарурлигига бепарво қолмаслик жоиз. Бизда поэтик матн тадқиқи дейилганда, асосан ғоя ва мазмундан баҳс юритиш, вазн, қофия, бадиий санъатлар хусусида сўзлаш тушунилади. Рости гап, бу бир қадар жўн қаноат ва қолиплашган тажриба. Ҳолбуки, чинакам таҳлил ва талқин матнда мавжуд ҳамма нарсани, ҳаттоки, ҳарф товушлари, оҳанг, ранг товланишларини ҳам маънолаштириш, муаллифнинг шахсий ҳолат, кайфият, руҳоний сезимлари билан алоқадорликда ёритишни талаб қилади. Ахир, давр руҳи, замон нафаси, жамият дарди ҳам дастлаб ижодкор шахсига таъсирини ўтказиб, ундан сўнг асарларига кўчади. Шарқлик буюк шоир ва адиб борки, деярли ҳаммаси ўзининг нафс ва характерига бир санъат асари янглиғ сайқал бериб, уни бутун шахсият ҳолига кўтарган. Мутасаввиф санъаткорлар учун бундай шахсият орзуси инсоннинг башарий иродасини илоҳий ирода мақомига юксалтириб, уларни ўзаро бирлаштира олишдир бундан инсон ҳеч нима ютқазмайди ва ҳеч қанақа зиён ҳам кўрмайди. Аксинча, вужудидаги кучсизлик, чиркинлик ва ёвузликлардан бир йўла қутилади.
Ажабланарли жойи шундаки, ҳанузгача бизда кенгроқ ўйлаб ҳам кўрилмаган бу мураккаб муаммо Ғарб шарқшунослигида ўтган асрнинг биринчи ярмидаёқ ўрганила бошланган. Диққатга молик сифатида улкан инглиз олими ва румийшуноси Рональд Никольсоннинг “Тасаввуфда илоҳий шахсият тушунчаси” номли тадқиқотини эслатиш мақсадга мувофиқдир. Ушбу асар ҳақиқатда катта меҳнат ва билимдонлик билан ёзилган. Унинг Мансур Халлож, Имом Ғаззолий ва Жалолиддин Румийга бағишланган фасллари кишида кўп мулоҳаза, мушоҳада уйғотади. Аммо араб алломаси, Никольсоннинг содиқ шогирди Абул Аъло Афифий устозининг китобларидан бирига ёзган мазмундор сўзбошисида ўша тадқиқотнинг асосий камчлиги тўғрисида, “Муаллиф, бутун куч-қувватини, христиан илоҳиётидан олинган шахсият тушунчасини умумлаштириш ва унинг муқобилини тасаввуфдан топишга сарф қилган. Ҳолбуки, христиан нуқтаи назари билан, ислом нуқтаи назари ўртасида жуда катта фарқ бор”, дейди. Айнан шу фарқ билан ҳисоблашмагани туфайли Алишер Навоий лирик қаҳрамонлари дунёқараш ва шахсияти ёритилган айрим тадқиқотларда шеърий матндаги асл моҳият ва ҳақиқатга ҳеч мувофиқ келмайдиган фикр-қарашлар илгари сурилган. Бунинг бош сабаби эса матннинг ғоявий-бадиий таркибини тўғри ва теран мушоҳада этмасдан рус адабиётшунослигидаги илмий-назарий тушунча ва хулосаларни унга тадбиқ қилинганлигидир. Бунақа тажриба эҳтимол ўша замонларда зарур бўлгандир. Ҳозир эса унга ҳеч зарурият йўқ. Шахс ва шахситя комиллигини Навоий қандай англаб, қанақа миқёсларда талқин қилган бўлса, илмда худди шундай тарзда кўрсатиш лозим, вассалом.
Модомики, гап шахсият ҳақида экан, ижодий шахсиятга дахлдор бир ҳақиқатга ҳам тўхталиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Чунки, хусусий услубга соҳиб бўлиш – бу, хусусий бир шахсиятга соҳиб бўлиш демак. Масалага кенгроқ ёндошилса, ижодий шахсиятни ёрқин намоён айлайдиган аломат, туйғу ва тушунча эмас, балки услубдир, деган хулосага келинади. Ижодкор мавзу, завқ, гоҳо хаёлларнинг маълум бир қисмини бошқалардан олмоғи мумкин. Бу унинг улуғлигига асло монелик этмайди. Улкан санъаткорлар кўп мавзуларни ўзгалардан ўзлаштиргани адабиёт тарихидан яхши аён. Ҳамма гап, у ёки бу ғояни қандай шаклда англатиш, қандоқ ҳарорат ва моҳирлик ила тасвирлаш, яъни услубдадир. Шунинг учун ижодиётида қатор ўхшашликлар мавжудлигига қарамасдан, Алишер Навоийнинг буюк ва қудратли шахсияти, услуби барча салафлари, замондош қаламкашлардан ажралиб туради. Унинг руҳий ҳаёти, шеърни руҳнинг тили, мусиқаси ҳолига етказиш маҳорати бутунлай ўзгача. Навоий шеърлари таҳлилида шуларни ёритишга уриниш зарур. Афсуски, кўпинча бунга яқин ҳам борилмайди. Сабаб нима? Сабаб кўп. Биз улардан фақат айримларига эътиборни қаратмоқчимиз.
Мавлоно Жалолиддин Румийга кўра, “тадқиқ” бир ноқисликнинг тазаҳҳури саналади. Шу боисдан гўзаллик текширилмайди, қуруқ ва совуқ бир мантиқ билан чайналмайди, балки кашф этилади. Бу алоҳида диққатга лойиқ фикр.
Ғарб психологлари “эстетик туйғу” деб номлаган туйғуни Шарқ шоирлари одамнинг ўзида бўлмаган ёки унинг табиатига бегона гўзаллик туйғусини йўқдан бор қилишмас, аксинча, инсонда мавжуд гўзаллик ҳиссиётини уйғотиш, онг ва идрок остидаги латифликларни ҳаракатлантириш деб билишган. Ва ёзилган ҳар бир асар шунга мўлжалланган. Демак, хулоса аниқ: инсон моҳиятида гўзаллик туйғусига молик бўлмаса, санъат асари қаршисида у ҳеч ким. Адабиёт ва дин, фалсафа ва бадиий ижод, санъаткорлик ва тарихнавислик алоқаларини бехато фарқлашга ҳатто илм ҳам унга кўмак беролмайди. Мукаммал бадиий матн йўқ жойда – адабиёт йўқ. Адабиёт ва санъаткорлик йўқми, демак у бошқа бир нарса. Уни ўз номи билан аташ, ўз характер хусусиятларига мувофиқ усулларда тадқиқ қилиш керак. Жуда кўп соҳа вакиллари хусусий мақсадлари йўлида адабиётдан фойдаланишга уринишган. Жумладан, дин ва тасаввуф арбоблари ҳам Вазн ва қофиядан бўлак шеъриятга асло алоқаси бўлмаган диний-тасаввуфий асарлар бадиий матн мезонлари бўйича баҳоланмаса, мумтоз адабиётимизни хас-хошокдан асраш яқин йилларда жуда қийинлашиб қолади. Чунки бир хато ҳеч кутилмаган ўзга бир хатога ҳамиша замин ҳозирлаб, йўл очади. Биз истаймизми, истамаймизми, Шарқ адабиётида инсонни дунёга таҳқир ва нафрат кўзи билан қарашга чорлаган, банданинг ожизу нотавонлигидан баҳс этиб, тафаккур ва ҳурлик шуурини сўндиришдан ором топган қаламкашлар бўлган. Диний бир бадбинлик ва маҳдудлик излари ўзбек адабиёти тарихида ҳам назарга ташланади. Бундан ташқари, ботинийлик тушунчалари суқулиб кирган тасаввуф тармоқлари ва фалсафий тасаввуф ошуфтаси бўлиб қолганлар ҳабибийлик, воқифийлик, авлиёийлик, ҳолия, илҳомия каби тариқатлар тарғиб этган мақсад ва ҳаракатлар инсон ахлоқи, маънавий мақсадларига нечоғлиқ мувофиқ келишини албатта ўйлай олишлари керак. Акс ҳолда бир найрангдан қутулиб ғайриихтиёрий равишда бошқасига тутилиш ҳеч гапмас.
Шўро давлатининг қитмирлик ўйинларидан бири Шарқ мумтоз адабиёти, санъати ва мусиқаси маъно-моҳиятини тарихий руҳи ва нафасига мувофиқ тарзда англашга тўсиқ қўйгани эди. Шу маънода иккита мисол келтирмоқчимиз. Дунёвий адабиёт деган тушунча ўзбек адабиётшунослигига қандай ва нима мақсадда олиб кирилган, деган саволга, бизнингча, бугун ҳеч ким аниқ жавоб беролмаса керак. Дунёвий адабиёт тушунчаси ҳам, атамаси ҳам дастлаб олмонлар орасида пайдо бўлиб, кейин бошқа ғарб ўлкаларига тарқалган. Дунёвий адабиёт, завқ ва ҳузур манбаи бўлмиш моддий ва зоҳирий оламни идеаллаштириб, ҳаётнинг дин билан, илоҳиёт билан алоқасини бутунлай узиш ғоясини илгари сурган. Шу нуқтаи назардан қаралганда, дунёвий адабиёт дегани – бу, мумтоз шоирларимизнинг моддий дунёга муносабати. Ундан туғилган қалб ҳақиқатлари ва энг эътиборли ирфоний, ишқий ҳиссиётларини инкор этиш дегани. Модомики, шундай экан, Навоий ғазалиёти билан туркий тилда қалам тебратган устозлари шеъриятини ғоявий-бадиий вобасталикда тўғри талқин қилиш мумкинми? Бунинг иложи йўқ. Шунинг учун илоҳий ишқ завқи ва ҳолатлари тасвирланган ғазаллар таҳлили хатолар билан тўлиб-тошгандир. Аммо адолат юзасидан баҳоланадиган бўлса, бошқа жойлардаги аҳвол янада ёмон. Масалан, тасаввуфий маслак ва илоҳий ишқ сирларини ёритишга уринган бир китоб муаллифи Жон Белдек, “Илоҳий ишқ мавзусидаги шеърларни хато англаш ва нотўғри шарҳлаш юз йиллардан буён давом этиб келади. Ҳозирги кунда ҳам аҳвол аввалгидан фарқланган эмас”, дейди. Бу гапга ишонмоқ лозим. Алишер Навоийда шундай бир байт бор:
Фиғонки, ишқ ҳадиси дақиқ эрур андоқ,
Ки, қосир ўлмиш ани англамоқдин идроким.
Кўнгли муҳаббат оташида ловиллаб ёнган Навоийки, ишқ асрорини англашда қосирликни тан олган экан, ишқнинг туб моҳиятини ёриштириб берувчи ҳол илмини четлаб, нима учун биз хаёлга келган гапларни ёзаверишимиз керак? Мустақиллик даври навоийшунослиги ўзини-ўзи муҳофаза қиладиган даражада билим, ўзини-ўзи хато ва камчиликлардан қутқазадиган савияда ўткир дид ва мушоҳадага эришмоғи шартдир. Бу қуруқ даъватмас, албатта.
Йигирманчи аср бошларида мумтоз шеърият олтин тахтидан қулатилгач, асрий ҳақ-ҳуқуқини ҳам у бой берган эди. Унга қандай муносабатда бўлишни эса сиёсат белгилаб бергани ҳеч кимга сирмас. Партиявийлик, синфийлик, дунёвийлик каби ғоядар шундан яралган. Даҳрийлик маслаги адабиётни дин ва тасаввуфдан йироқлаштирувчи хоҳлаган фикр-мулоҳазани айтишга изн берган. Бугун бизда мафкуравий қўрқув ёки тазйиқ йўқ. Классик адабий меросимизни энди шошилмасдан, эркин, теран ўрганишга йўл очилган. Лекин имконият ва имтиёзлардан тўла-тўкис фойдаланиш учун гоҳ талант ва илм чуқурлиги, гоҳо қилаётган ишимизга танқидий қараш етишмаётганга ўхшайди. Ваҳолонки, Навоийнинг биргина байтини ҳар жиҳатдан ўрганиб, зоҳирий ва ботиний маъноларини, санъатини қойиллатиб талқин этиш, ўнлаб ғазалларга битилган саёз таҳлиллардан афзалдир.
Машҳур француз адиби ва мунаққиди Поль Валерининг эътирофи бўйича, “бадиий матннинг қиймати, ҳар шахсга кўра алоҳида бир тафсирга имкон бера олишидадир”. Дарҳақиқат, асосан шахсий бир фаолият ва ифода тарзининг ҳосили бўлган адабий асар ҳар бир ўқувчига айри-айри таъсир ўтказиши табиий. Айни бир матннинг ўзга муҳитда, ўзгача бир усулларда амалга оширилган талқинлари, айтайлик, бизникидан фарқланмайди деёлмаймиз. Аммо бир ҳақиқат аниқ: шеърда туйғу ва маъно фақат тил, шакл ва услуб орқали таъсирли бир мақомга келтирилади. Шу боисдан таҳлилда биринчи галда тил руҳи ва сўз ҳаётига диққат-эътибор доимо ўзини оқлайди. Оқлагани шуки, рамз, мажоз, тимсоллар ҳам тил измидан четга чиқиб кетолмайди. Донишманд Хоразмий “Зоҳиру ботин хабари сўздадир” деганда тўла ҳақ эди. Тасаввуф ва тасаввуф шеъриятидаги ўзига хос янгиликлар ҳам аввало тил кўмагида жорий қилинган. Хуллас, тасаввуф тарих майдонида қад ростлаб, ўз тилини шакллантиргач, юзлаб истилоҳ ва калималар қатори ғам, алам, ғариб, ғурбат, васл, ҳижрон, дард, бало, сир каби кўпдан кўп сўзлар ҳам олдингисидан тамоман бошқа мақсад ва маъноларда ишлатилган. Навоийда шундай ғазаллар ва
Кўнгил ичра ғам камлиги асру ғамдир,
Алам йўқлиги дағи қаттиқ аламдир,
каби юзлаб байтлар борки, уларнинг тўғри таҳлил ва талқини учун ҳатто тасаввуф луғатлари ҳам ёрдам беролмайди. Бошқа чора, бошқа йўл топишни
Навоийнинг ўзи кўрсатади. Биз эса Навоийнинг ўзига қаттиқ суяниб Навоий шеърларини талқин қилишга ҳамиша ҳам амал этолмаймиз.
Баъзан шеър таҳлили ва талқинини мураккаблаштиришга не ҳожат бор, деган савол аралаш эътирозлар эшитилиб қолади. Талқинни атайлаб мураккаблаштириш, таҳлилда ўтлаб кетиш, албатта, сунъийлик, албатта, бемаънилик. Бундай иш гоҳо ақл қосирлиги ёки қалб хасталигидан ҳам далолат беради. Лекин аслда таҳлилнинг мақбул ё номақбул эканига шеърнинг ҳам роли бор. Ҳар қандай тадқиқотчи яроқсиз шеърни яхши ва фазилатли этиб кўрсатишга нечоғлик уринмасин, барибир ҳеч натижага эришмайди. Бунинг акси бўлса-чи? Жаҳондаги бир қанча шеършуносларнинг эътирофлари бўйича, шеър камида икки маъно қатламига эга бўлмоғи керак. Туркиялик олим Ҳилмий Ёвуз ёзади: “Асосий масала бир шеърнинг бир эмас, бир неча бора қизиқиб ўқиш, бирдан зиёд шарҳ ва тафсирга имкон бера олишдадир. Агар шеър ўқиганингизда бир газета хабари каби биргина маъно чиқариш билан тўхтасангиз ва у бошқаларга ҳам айнан шу маънони англатса, билингки, у шеър эмасдир”. Биз газета хабаридан фарқланмайдиган шеърларни ўқийвериб, классикларимиз тажрибаларидаги кўп маънолилик сирларини очишга умуман уринмай қўйганмиз. Ваҳоланки, оғзаки тилга қараганда юксак, оҳангдор ва сербўёқ бўлган шеър тили сўзларнинг асосий маъноларидан кўпроқ ён маъносига суяниши, шу тарзда калима илк мазмунидан узоқдаги бир маъно қийматига ҳам эриша олишини улар амалда қайта-қайта исботлаб кетишган. Маънонинг бешиги ҳам, эшиги ҳам илм-маърифат. Муҳаммад Фузулий туркий девонининг дебочасида “Илмсиз шеър асоссиз девордир. Асоси йўқ девор беэътибордир”, деб ёзган. Навоийнинг олимлигини шоирлигидан, шоирлигини мутафаккирлигидан, мутафаккирлигини буюк ва бетимсол шахсиятидан ажратиб кўринг. Кўз ўнгингизда тамоман бошқа шоир пайдо бўлади. Ҳазрат Навоийнинг ижод олами, хусусан, санъатхонасига эркин ва ишонч билан интилишнинг бош йўли ҳам илмдир, ирфондир.
Филология масалалари,
Иброҳим Ҳаққулов
2008 йил, 1-сон.