“Мен бўлмасам адабий жараён тўхтаб қолади”, дейдиган мунаққид адашади. Илло, адабий жараён деганлари бир оқар дарё. Унда сузиб юрган битта балиқнинг (борингки, бир улкан китнинг) ўлими билан дарё оқишдан тўхтаб қолмайди. Аксинча, балиқ учун сувсиз тириклик йўқ. Балиқ ҳаёти деган тушунча фақат сувда мазмун-моҳият касб этганидиек, ҳақиқий мунаққид ҳам адабий жараёнсиз яшай олмайди. Шу маънода, чин мунаққид “Мен бўлмасам... эмас, адабий жараён бўлмаса, менинг ҳаётим тўхтаб қолади”, деган мунаққиддир. Мен профессор Умарали Норматовни мана шундай мунаққидлар сирасидан, деб биламан. Зотан, домланинг узоқ йиллик илмий-адабий фаолиятидан ушбу хулосам исботига хизмат қиладиган далилларни истаганча келтириш мумкин. Яқинда нашр этилган “Ижод сеҳри”(Т.:Шарқ, 2007. Сўз боши муаллифи И.Ғафуров) китоби шундай далиллардан бири.
Умарали Норматов мансуб авлод фаолиятида мен ва менинг тенгдошларимда бўлмаган бир фазилат борки, уни эътироф этмаслик мумкин эмас. Мен тенгилар вақтининг зиқлигини-ю танлаб ўқишнинг шартлигини, баъзи асарларнинг жўнлигини-ю “танқиддан пастлигини” баҳона қилиб, адабий жараённи системали кузатмаймиз. Юрагимизни жизиллатмаган асарлар ҳақида фикр айтиш у ёқда турсин, ҳатто уларни ўқимаймиз. Ҳолбуки, мунаққиднинг вазифаси адабий жараён билан ҳамқадамлик, бу хусусда ўз фикрига эга бўлишдир. Катта авлодга мансуб мунаққидлар, хусусан, У.Норматов мақолалари, китобларини, айни жиҳатдан, адабий жараённинг энциклопедияси дейиш мумкин.
“Ижод сеҳри” китоби ўз табиати ва мақсадига кўра муайян илмий тизимга даъво қилмайди. Шунга қарамасдан, китобнинг “Адабий жараёндаги янги робиталар”, “Насрнинг мунаввар йўли”, “Ярим аср порлаган маёқ”, “Аёл”ни тушуниш”, “Шеъриятда сеҳр соҳиби”, “Мафтункор ишқ муждалари”, “Қўшиқ қанотидаги туғёнлар” каби тадқиқотларида адабий жараённи эстетик талқин этишнинг норматовча тизимини кузатамиз. У.Норматов ХХ аср ўзбек адабиётини кенг адабий ракурсда кузатар экан: “Навоий ва Бобурдан кейин овози “икки дарё ораси”ни ёриб чиққан адиблар айни шу асрда етишгани ҳеч кимга сир эмас” (23-бет), деган ҳақли фикрни ўртага ташлайди. Албатта тафаккури, манбавий қамрови кенг бўлмаган танқидчи бундай йирик хулосани илгари суришга ўзида журъат топа олмайди.
Профессор У.Норматов танқидчилик фаолияти ҳақида ёзилган аксар ишларда олимнинг эмоционаллиги, фақат ўзига хос бўлган самимияти, шоирона табиатига урғу берилади. Аммо, кўпинча, бундай ҳаққоний ва ёқимли эътирофлар соясида олимнинг яна бир муҳим хусусияти – журъатлилиги кўзга ташланмай қолади. Тўғри, журъатли одам ҳеч замонда қаҳрамон саналмаган. Журъатли деганда ҳеч ким қаҳрамонни назарда тутмагани сингари, бу тушунча ҳам тўла-тўкис қаҳрамонни ифодаламайди. Аммо менинг тушунчамдаги журъатли киши – қаҳрамонликка даъвоси бўлмаган қаҳрамондир. Қолаверса, эмоционаллар ҳар доим ўзларининг журъатлари билан интеллектуаллардан ажралиб турадилар.
Китобдан жой олган “Адабий таълимнинг янги даври” мақоласини миллатнинг журъатли бир зиёлиси маърифий фаолиятига далил десак янглишмаймиз. Олимнинг қайд этишича, мактаб дарсликларининг янги дастури истибдод даврида амалда бўлган дастурлардан: аввало, адабий таълимни коммунистик мафкура, адабий ҳодисаларга синфий-партиявий ёндашиш балоларидан халос этгани; иккинчидан, адабий таълимдаги руслаштириш сиёсатига чек қўйгани; учинчидан, шўро адабий сиёсати туфайли адабиёт тарихидан бадарға қилинган, қатағонга учраган сўз усталарининг ижодий мероси холис талқинини топгани; тўртинчидан, дарслик саҳифаларидан қатор янги шоир ва ёзувчилар асарлари жой олгани билан ажралиб туради(36-37-бетлар).
Балки саналган жиҳатлар бугун биз учун у қадар катта ютуқ бўлиб кўринмас. Максималист назари билан ёндашганда, балки мазкур дастурларнинг маълум фоизи инкор этилар. Лекин 90-йиллар шароитида шунинг ўзи ҳам катта журъат эканини англаш учун фақат холислик керак. Энг муҳими, У.Норматов Озод Шарофиддинов, Бегали Қосимов, Бахтиёр Назаров, Наим Каримов сингари ҳамфикрлари қаторида, бир умр ўзи ишониб, амал қилиб келган адабиёт мафкурасига доир ақидалардан халос бўлишга руҳий-маънавий имкон топа билди. Психологик нуқтаи назардан инсондаги ботиний эврилиш, ҳар қандай зоҳирий ўзгаришлардан кўра қийинроқ кечади. Бундай эврилишлар учун инсонда холис қалб, одилона тафаккур, камтарона табиат бўлиши лозим.
Китобнинг асосий қисмини Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов, Раҳматилла Иноғомов каби адиб ва мунаққидлар ҳақидаги эссенамо мақолалар ташкил этган. Ушбу мақолалар бир бутун ҳолатда ХХ аср ўзбек адабиётининг гигантлари ҳаёти ва ижодига доир лавҳалардан иборат ўзига хос мозаикага ўхшайди. Унда самимий хотиротни ҳам, адабий жараёндаги ўта чигал, баъазан сатирик ва юмористик характердаги муносабатлар занжирини ҳам, илмий-танқидий таҳлилирани ҳам кузатиш мумкин. Айни пайтда, ушбу мақолалар йиғиндиси ўтган адабиёт дарғалари шахсияти ва ижодига одилона баҳо, ўзиг хос энциклопедия тасаввурини беради. Ҳар не бўлганда ҳам, бошқа бир киши, ҳарчанд уринмасин бу мавзуда Умарали Норматов ёзгандек ёза олмайди. Негаки, бу мақолаларга олимнинг умр йўллари, руҳияти сингиб кетган. Зотан, бармоқ излари сингари бир инсон ҳаёт йўли ҳам бошқа одамда сира такрорланмайди.
Кўп узоқ кетмай, профессор Лазиз Қаюмов хотирасига ёзилган “Қафасдаги шер” мақоласини ўқиганимизда ҳам бунга тўла амин бўламиз. Мақолада Лазиз Қаюмов ҳаётининг У.Норматов гувоҳ бўлган бор-йўғи тўртта эпизоди олинган, холос. Лекин мана шу тўрт эпизод орқали Лазиз Қаюмов шахсиятидаги одамийлик, олимлик, зукколик, давр сиёсати олдидаги ожизлик ва ботиний фожиа оҳанглари холисона дақиқлик билан ёритиб берлганки, ўз замондоши ҳақида бундай ёзиш учун олимликнинг ўзи кифоя қилмайди.
Мунаққиднинг ўзига хослиги, менимча, адабий воқеликни талқин этиш принципига кўра белгиланади. Аммо, юзлаб мунаққидлар силсиласида У.Норматов ижодига хос жиҳатлардан лоақал бир-иккитасини ажратиб олишнинг ҳам ўта нозк ва мураккаб томонлари бор. Масалани бу тарзда қўйиш, гарчи монографик тадқиқотларга тегишли бўлса-да, У.Норматов ва унинг авлоди хусусида сўз юритаётиб, психобиографик, адабий-тарихий ёндашувсиз холис талқинга эришиб бўлмайди.
“Ижод сеҳри” китоби доирасида шуни айтиш мумкинки, У.Норматов аввало, ҳаракатдаги мунафққид, у адабий жараённи қадамба қадам кузатиб, баҳолаб боради. Ўтган ва ўтаётган адабий ҳодисалар билан янгиларини солиштиради. Олимдаги янгиликка ўчлик, аксарият ҳолларда, унинг яқин ўтмишга айланган адабий асарларни инкор қилишига, улардан юз ўгришига олиб келмайди. Хусусан, “Соцреазилм” деганда кўпчиликнинг юзига истеҳзо югурадиган бир пайтда У.Норматов: “Совет даври адабиётини, айниқса, ундаги “социал адолат учун кураш” пафоси билан йўғрилган йўналишни “инсоний тил билан гапириш ва фикрлаш”дан бутунлай холи дейиш инсофдан эмас”, деб ёзади. (22-бет). У ўзи ишонган, ўзи мансуб бўлган жараёнлар устида фикр юритар экан, ўтмиш фаолятига доир айрим хатоларини тан олишдан қўрқмайди. Олим 1990 йили А.Қаҳҳорнинг “Сароб” романини нисбатан холис адабий талқин этишга урингани, кейинроқ романга нисбатан кучайган нигилистик муносабатлар таъсирида “Ҳақиқат тақозоси” номли мақола ёзиб, холис қарашларидан қайтганини надомат билан эслайди: “Қайтганимни айтдим-у лаб тишлаб қолдим. Бунинг учун биринчи бўлиб Кибриё опадан дакки эшитдим. Сал ўтмай, тушимда Абдулла акани кўрибман. Бу одам ўзига хос нимтабассум ва истеҳзо билан: “Умарали, сен ҳам , “Сароб”га қарши найза кўтарганлар қаторига ўтиб қолибсан-ку!” дедилар. Бирдан уйғониб кетдим. Шундан кейин кўринг кўнгилдаги қиёматни!..” (291-бет). Бу далил У.Норматов ижодий жараёнига доир мураккаб психологик ҳолатлар мағзини чақишга туртки беради. Манимча, олимнинг Саидий мансуб бўлган шўро воқелигини абсурд адабиёти ўлчовлари билан баҳолашга уриниши ҳам мана шундай чигал ҳолатларга бориб тарқалади. Қолаверса, У.Норматовнинг экзистенциализм, абсурдизм каби фалсафий-бадиий талқинларга нисбатан самимий муҳаббати ҳам, модернизмнинг юксак адабий ҳодиса эканидан эмас, олим яшаб ўтган шўро адабий сиёсатининг ғайриадабийлиги, ожизлигидан далолат беради десак, менимча, адолатдан бўлади.
Демак, ХХ1 аср эстетик тафакккури фонида қай шаклда намоён бўлмасин, У.Норматовнинг эстетик талқин принципи ўзининг антишўровийлиги, холислиги ва инсонпарварлиги билан муҳим аҳамиятга эга. “Ижод сеҳри”даги адабий ва биографик манбалар, хотиралар ва илмий-адабий талқинлар адабий жараён ривожи учун хизмат қилади. Домлага норматовча шижоат, чин мунаққидлик саодати доимо ёр бўлсин, дея тилак билдириб қоламиз.
Узоқ Жўрақулов