Улуғ форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомийнинг «Хирадномайи Искандарий»сида шундай ҳикоят бор; дунёни эгаллашга қасд қилган Искандар, ниҳоят, бир шаҳарга етиб келади. Бу шаҳар – тенг ҳуқуқли, олижаноб фазилатли одамлар шаҳри. Жаҳонгирни у ердаги аҳолининг феълу атвори иттифоқо ҳайратга солади. Шаҳардаги барча одамлар тубан кимсаларга хос бутун иллатлардан йироқ. Уларнинг лаблари ғийбат ва бўҳтонларга юмуқ. Ҳамма фақат яхшилик ва эзгуликка сиғиниб яшашаркап. Унда «на бой бор, на гадо». Оғир меҳнатдан бели букиклар учрамайди. Давлат йўқ. Султон йўқ. Халқ озод. Қаноатлн. Эркин. Искандарнинг, дили маърифатга тўла, допишманд, том маънода руҳан эркин бир шахс билан бўлган баҳсу мулоқоти янада характерли. Бу собир зот инсон ғурури, қадри ва қонеълик ҳақидаги теран мулоҳазалари билан зобит шоҳни лол қолдиради. Искандар шаҳар халқига уни подшоҳ этиб тайинлашни таклиф қилганида,у: «Мен мардиозодаам. Ба роҳи ҳавас пой нанҳодаам... Надорам тамаъ ганжу симу зарат, Чу мор, аз чй ҳалқа занам бар дарат?» –яъни: «Мен озод кишиман. Ҳою-ҳавас йўлига қадам қўймадим... Ганжу сим, шуҳрату зар тамаъм" йўқ, Нега даргоҳингда илонга ўхшаб халқаланиб тўлғанишим керак?»– дея рад жазобини беради.
Албатта, бу идеал ғоя, орзудан яралган қаҳрамон ҳақиқати. Лекин дунё то ҳануз турли халқлар, элатлар толеидаги қуллик, ҳали юраклардан қон силқитаётган тенгсизлик, забунликларга чора ахтараётган экан, ҳали мукаммал инсон тушунчаси хаёлий бир тушунча бўлиб қолаётган экан, Жомий тасвиридаги бундай ғоя ва қаҳрамон эътиқоди ҳаётий кучга эга ва умидбахтдир. Бугина эмас. Шарқимизнинг энг истеъдодли, инсонпарвар шоирларининг қалб ва виждонида доимий бир дард ҳокимлик қилган. Бу – шахс ички ҳаёти, маънавий эркинлигини ҳимоя қилиш, инсон ўзлигини топиш, англаш йўлидаги ҳур қарашларини кучайтириш дарди. Айни шу ғоявий йўналишда гуманист санъаткорларнинг мақсад ва эътиқодлари бирлик топган, зулм, жаҳолат, ёвузликнинг ҳар қандай турига қарши шеъриятнинг ягона кураш пафосини акс эттирган. Шунинг учун ҳам ўзбек демократик адабиётининг улкан вакили, маърифатпарвар лирик шонр Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат поэзиясндаги айрим фикру туйғулар, айтайлик, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоийга ўхшаш даҳоларнинг нуқтаи назарларига яқин, ҳамоҳанг бўлиши мутлақо тасодифий эмас, Фурқатнинг мана бу мисраларидаги Маъноларнинг Жомий талқинидаги ўша идеал қаҳрамон тушунчаларига уйғунлигини кўринг:
Биз истиғно эли қичқирмоғон маъвоға бормасмиз,
Агар чинданки, хирман айласа дунёға бормасмиз.
Агар лаб ташна қолсак филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса мавж уран дарёға бормасмиз.
Ушбу сўзлар ўз қадрини ҳар нарсадан муқаддас кўрган, «ғурури порлоқ», «саҳройи оламда» лаб ташна қолганда ҳам, заррача бўлсин, руҳий ҳурлигига малолат чўктирмайдиган иродаси мустаҳкам халқ – зукко аждодларимиз тилидан битилган. Бу жуда муҳим, халқиннг номуси ва миллий шуурини адабий поклаб борадиган хислат. Табиатан теран, нияти холис, олижаноб фазилатларига ишончи зўр миллат вакилигина, «Агарчи мис эрурмиз қиммати тиллоға бормасмиз», – дейиши ва «ҳаво лойиға ботган моумонлик», маҳдудлик, худбинликлардан юз ўгирганлигини дадил изҳор этиши мумкин. Шеър давомида ўқиймиз:
Биз эллар – фақр элимиз, парча нонга сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандару Дороға бормасмиз.
Ҳақиқий шоир учун руҳни яшнатадиган худди шундай ғурур зарур. Ўшандагина унинг тафаккури тиканли симлар чамбаридан, озод, ҳақиқат маъволарига чиқади. Ўшандагина у ҳуқуқсиз, бироқ эрксевар омманинг истак ва дил изтиробини поэтик сўзда маҳорат билан шакллантира олади. Фурқат шеъриятинииг энг ёрқин ва ибратлп ғоявий-бадиий жиҳатларидан бири ҳам мана шунда.
Фурқат ижодиётида «Уч хароботий зрурмиз» сўзлари билан бошланадиган бир мусаддас бор. Шоир унда уч шахс номидан сўзлайди ва уларни аввал «сокин майхона», «уч хароботий» кейин «уч аламкаш», «уч қаландар», «уч биродар», «уч мусофир», «уч адойи», «уч навоий», яъни навокаш, «уч ғарибий», «уч вафойи», «уч балокаш», «уч мукаддар» ниҳоят яна уч хароботий ҳолатида шеърхонга таништиради. Мусаддаснинг ҳар банди охирида:
Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўтсак йўқ эрур армонимиз, –
сатрлари изчил такрорланади. Хўш, бу қандай жафосиз ёру, армонлардан фориғ қанақа даврон? Жаҳон кезиб, «офоқни сарбасар», «вафодин аҳли оламни беасар” кўрган, сухан айлаб «ҳаманинг кўзи кўру қулоғи кар»лигига шубҳаланмаган ва:
Тамом сайр қилиб рўзғор боғини,
Мурод нахлини топдиму бесамар кўрдйм, –
деган шоир, нега ушбу мусаддасида ғоявий позициясидан бир қадар чекинди экан? Фурқатшунос олимлари1 миз бу мусаддаснинг шоир поэтик меросидаги бошқа асарлардаи ажралиб туришини ўринли таъкид этганлар. Масалан, Мақсуд Шайхзода уни шонр лирикасининг «шоҳ асари саналишга лойиқ» деб баҳолаган эди.
Мусаддасда сўфиёна мазмундаги шеърларда тадбиқ қилинадиган сўз, ибора, анъанавий образлар анчагина. Лекин улар мутлақо бошқа мақсадга хизмат қилади. Шоир «уч қаландармиз, қаландархонада ҳамхонамиз» ёки «хонақоҳ кунжиға бориб ёки тоат айлалук» деган ўринларда шунчаки лутф оҳангида гапиради. Ахир, тоат-ибодатга ихлоси зўр кишилар «ёки тоат айлалук», дея маъно вазнини бу тарзда енгиллаштирмайди. Демоқчимизки, бундай вазиятларда сўзлагувчининг сўзига эмас, ҳолига боқ деган ҳикматга риоя қилишга тўғри келади. Мана ўшандагина руҳий моҳият очилади. Мусаддасда эса бош ҳақиқат – руҳ ҳақиқати. Унда эркинликдан «нашъа пайдо» қилган озод руҳ овози ва хаёлий манзаралари такрорланмас рангларда жонлантирган. Мана, тингланг:
Уч навоиймиз, келинглар, азми гулшан айлали,
Андалибга қўшулуб ул ерни маскан айлали.
Куйдуруб гул, шоху яфроғини гулхан айлали,
Чил танни на этармиз, ўзни чор тан айлали:
Ёр бизлннг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўтсак йўқ эрур армонимиз.
Бу – руҳий ҳолат, самовий ҳислардан ёришган руҳнинг озод парвози. Бундай руҳий эҳтироснинг қудратини ичдан туймаган, юракка сиғдирмаган одам тобе, чекланган. Бошқанингмас, ўзининг, ўз вужудининг тобеси. Фурқат аввало ана шундай қарамликка қарши.
Умуман олганда, мусаддасда риндона ҳиссиёт ва кайфиятлар етакчидай. «Уч аламкаш»–гоҳо уч ҳақиқий ошиқ, уч исёнкор, гоҳо дин ҳомийларига ва таълимотига ён бермас уч шаккок сиймосида ҳам кўзга ташланади. Буларнинг ҳаммасинн инобатга олган ҳолда айтиш керакки, ушбу шеърнинг бош ва белгиловчи пафоси – эрксеварлик. Шеърда гуноҳкор замин, бўғиқ замон, гумроҳликларга кўмилган жамият, бир-биридан баттар ақидапараст кимсалар, хуллас, нобакор оламдан беҳад юқори эрк муҳити яратилган. Шунинг учун уни ўқиган киши қалбини, албатта, юксак сезади. Инсон руҳи дунёдаги энг озод қудрат эканлигига тўла инонади. Агар мусаддасдаги «Ҳолимиз дунё ғамидин фориғи кошонамиз», «На ҳирси домдурмиз, на асри донамиз», «Боқмалук дунё юзиға, то анго ноз айлалук» шеър каби қаҳрамонлари характер мантиқларини таъкидловчи мисралар мазмуни ўша поэтик муҳитдан ажратилиб тушунилса, унда ҳур фикр бу уч биродар таркидунёчилик тарғиботчисига айланиб қолиши эҳтимол. Ҳолбуки, уларнинг қалб ҳоҳиши, асосий орзуси ҳижрон қафасидан қутулиб, ер висолига эришмоқдир:
Уч вафойимиз, келинглар, азми гулзор айлали,
Боргали ёр олдиға ўзни сабузбор айлали,
Ерни уйқусидин бир лаҳза бедор айлали,
Хоҳ беҳуд бўлоли, хоҳ ўзни ҳушёр айлали...
Бизнингча, мусаддасда анъанавий ёр ва ошиқ образлари Фурқат учун кўпроқ восита бўлган. Шу воситада шоир замонасидаги ўзўзича ғолиб, эрксевар тасликда багоят ҳушёр, дарвешликда ниҳоятда оқил ва ориф кишиларнинг юрак оҳанглари, маънавий руҳий интилашларини поэтиклаштирган.
Маълумки, табиатни севмаган, коинотга бағрини кенг очмаган шоир, қалбан оламнинг улуғ гармониясидан ажралиб қолади, борлиққа шуурсиз, сўниқ нигоҳ ташлайди. Бу ҳам ўзига хос тутқунлик. Чекланиш. Чин шоирда коинот билан сирлашадиган тил, фазовой кенгликларда чарх урадиган руҳий қанот шаклланмоғи шарт. Машрабнинг «Руҳи жоним аршға етди мен ўзим осмониман», дейиши шунчаки гап бўлмаган. Фурқат ҳам ҳақиқий шоирларга хос савқи табиий билан ижтимоий муҳитдан топмаган эркинликни инсон борлиқ ва табиат бағридан топиши муқаррарлигини мукаммал ҳис қила олган, Табиат нима? Бу – биринчи навбатда, ҳаёт, тириклик тантанаси. Гўзаллик, нафосат манбаи сифатида табиат сира туганмас ва чегарасиздир. Унинг ўзи – шоир мусаввир ва тенгсиз меъмор. Шунинг учун ҳар жиҳатдан олим қалбини суяшда табиатга тенг қудрат йўқ.
Қадимги ҳинд эпоси «Маҳабҳарата» ҳикоятларидаги, бўғиқ муҳит толиқтирган, ёвузликлардан қалблари зада баъзи қаҳрамонлар табиат бағрига қочишлари, эркинлик истаб ўзларини табиатнинг она қучоғларига ташлашлари бсжизмас. Қизиғи шундаки, улар ҳатто росмана кийимларини ҳам алмаштириб, тоғ, ўрмон, дашт ўтларидан тўқилган кўйлаклар кийиб юришади. Бунда рамз борлиги, шубҳасиз. Аслида инсон табиатни эмас, табиат инсонни оқ ювиб, оқ тарайди. Табиатнинг турфа ранг либосларидан «кўйлак киймаган» юрак яланғоч ва бағоят файзсиз қолаверади. Инсонни мана шу бадбахтликдан муҳофаза қиладиган шу бахтсизликка қарши тинимсиз курашадигаи Қаҳрамонлардан энг фаоли – Шеърият. Фурқат поэзиясида ҳам табиат ва ннсон, ннсон ва табиат муносабатлари анча кенг, жонли ва чуқур ифодаларини топган. Фурқат мусаввир шоир, сўз сувраткаши. У бир қатор шеърларида дилбар табиатли юрт манзараларини ёрқин чизади. Байтлардаги лавҳалар нафис. Жозибадор. Сиз уларда субҳидам шабнамларидан хуррам яшноқ сабзаларни кўрасиз. Гул уза абри найсонлардан тўкилаётган томчилар сасини тинглагандай бўласиз. Қумриларнинг хонишидан кўнгил яйрайди. Булбулнинг чаҳчаҳлари хаёлий нурлантиради.
Кийди кўк қилиб сунбул зулфини паришонлар,
дейди шоир. Қандай кўркам тасвир. Хаёлни эгаллайди. Ёки мана бу чақинвор садолар-чи:
Бир саҳар эдим уйғоқ: ўт тутошди оламға,
Тоғлар чекиб ларза, титради биёбонлар.
Жонлантириш, кишнни ҳодисанинг жонли иштирокивсига айлантириш санъати бундан ортиқ бўлади дейсизми? Фурқатнипг бундай ғазалларида сўз табиат унсурлари тимсолига кўчади. У – бир ҳолатда, навбаҳор шамоли – шўх, хушбўй, эрка. Бир байтда – мисоли сунбул, паришон. Сал кейинроқ сайроқи булбуллар оҳангларини акс эттиради. Фурқат ушбу овоз ва оҳанглардан таркиб топган ягона муаззам мусиқани юзага келтирадики, бу музика руҳни уйғотади, ғофил ннсон ақлини аллақандай тутқунлик, биқиқлик ғуборларидан тозалайди. Фурқат «Навбаҳор айёми бўлди, келинг, эй аҳбоблар», «фасли навбаҳор ўлди кетибон зимистонлар» мисралари билан бошланадиган ғазалларида одамларни фақат табиатдан завқланиш, ҳаётий баҳра топиш ёхуд гўзалликлар салтанатигагинамас, балки эркинликка, эрк шавқларини суришга ҳам чорлайди. Бу шеърлар умри «ранжу ғуссага» ботганларга қаратилган поэтик таклиф – ҳурлик нашъасидан ҳузурланишга таклифдир. Шуни ҳам қайд қилмоқ лозимки, инсон эркинглиги ва табиат, коинот ва шахс озодлиги Фурқат дупёқарашида айтарли битта тушунча. «Гулшан», «чаман», хусусан, «саҳро» образининг шоир лирикасида фаол қўлланиш сабаби ҳам шунда. Жамият тараққиёти қонуниятлари, озодликнинг ижтимоий-сиёсий йўлларинн атрофлича билишгача бориб етмаган Фурқат шеърларида эрксеварлик мотивлари у ё бу шаклда асосан она табиатга боғланади. Шоирнинг зулм ва зўравонликка қаҳр ҳислари билан йўғрилган, эрк ва озодлик ғояси фавқулодда таъсирчан пардаларда тараннум этилган машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд» мусаддасинн эсланг. Унда оҳу – тутқунлик рамзи. Ҳуқуқсиз, хўрланган кишилар тимсоли. Шоир оҳунинг золим ва ситамкор сайёд бандидан буткул халос бўлиб, озод яшашини тилайди. Бу эркинлик қандай зоҳир бўлиши мумкин! Муаллиф тасаввурига кўра: тоғларга чиқиб у ёри билан пайваста кезганда, «ёмғир суви тўлганда, тоғ лолани жом» қилганида: «тоғда очилиб лола, ер сабза баҳор ўлса», анга оламни тор этиш бедодлигига барҳам берилса. Ҳеч шубҳасиз, бу шеърий далиллар оҳу образи характер талаби ва моҳиятидан келиб чиққан. Аммо улар классик поэтикадаги ташхис усулида шундай шахслантирилганки, ўқувчида беихтиёр «ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра», «куйган жигари – бағри садпора» ғуссакаш одам эркинлиги ҳам бевосита мазкур омилларга алоқадор, деган таассурот қўзғалади.
Фурқат шеърияти – инсоннинг ўз-ўзини чеклайдиган ички қуллик, якранглик ва онгни бўғадиган фикрий кишанлардан халос қилишга актив ҳисса қўшадиган соҳир шеърият. Заминнинг қайси бурчагидаки, ҳақсизликдан мардумнинг дарди ичига сиғмаётган бўлса, демак Фурқат эрк сайёдларини лаънатлаётир. Демак, унинг шеърларидан бахтсиз кишиларнинг қайғу ва армон сўзлари эшитилмоқда. Шу маънода Фурқат ўтмишнинггина эмас, бугуннинг, бир миллатнинггина эмас, кўп халқларнинг ҳам шоиридир.
Шеърият – 86.
Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги
Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987.