Айрим мақола ва фикр-мулоҳазалар ҳисобга олинмаганда, ўзбек мумтоз шеъриятида ранг рамзлари ва маънолари муаммоси ҳали махсус тадқиқ қилингани йўқ. Ранглар ва уларнинг рамзий маъно-моҳиятидан баҳс юритиш осон эмас, албатта. Чунки ранглар у ёки бу халқнинг уни қуршаб олган олам, ижтимоий-маданий ҳаёт, урф-одат, маросим, адабиёт ва санъатга доир қадимий қарашлари билангина эмас, балки, космогоник, мифологик, диний-илоҳий тушунча ва тасаввурлари билан ҳам боғланиб кетган. Шунингдек, одамларнинг дунёқараши, яшаш шароитлари, диний ҳаёт йўлларининг ўзгариши билан рангларга муносабат, кўзланган мақсадлар ҳам ўзгариб, баъзан бутунлай янгиланиб борган. Масалан, қора ранг ва қорнонғулик «Авесто»да оқ – ёруғликнинг зидди ўлароқ таъриф ва тавсиф этилгани яхши маълум. Унда қоронғуликнинг ёмонлик, ёвузлик сифатида бошланғич қуввати – илк манбаи Ахримандир. Лекин олис ўтмишда оқ рангга нисбатан ҳам шунга яқин муносабатлар ҳокимлик қилган. Баъзи халқларда, жумладан, туркий қавмларда ҳам оқ ранг мотам, мусибат хатто қурғоқчилик аломати ҳисобланган. Озарбойжон олими М.Саидовнинг ёзишича: «Олтойликларда оқ ранг мотам рамзидир. Манбалар Чинда яшаган турк тилли солорлар учун оқ рангнинг бошқа маънолар билан бир қаторда, мотам тимсоли бўлганлигидан ҳам хабар берадилар. Фақат туркийларда эмас, бошқа айрим халқларда ҳам кўк ва оқ мотам, қайғу рамзи саналган»[1].
Албатта, вақт ўтиши билан аҳвол ўзгарган. Буни қора рангга муносабатларнинг ўзгаришидан ҳам англаш қийин эмас. Чунки қадимда туркийларнинг дунёқараши ва фикр оламида оқ рангга қараганда қора ранг эътиборлироқ мавқега эга эди. Шу боис уларнинг диний инончларида қора сўзи кўпроқ ўрин эгаллаган.
Рус тилшунос олими А.Кононов қора сўзининг маъноларини тадқиқ этиб, ушбу сўз билан «катта», «йирик», «муҳташам», «улуғ», «қудратли», «кучли», «покиза», «мусаффо», «қуруқлик», «ер», «зулмат кўки», «шимол» каби мазмунлар ифодаланганлигини кўплаб мисоллар воситасида изоҳлаб берган[2]. Унинг келтиришича, А.Жаъфар ўғли «Китоби Дадам Қўрқут» даги қаҳрамонларнинг номидаги қора сифатлашини жасорат ва кучлилик синоними, деб таъкидлаган.
Хоқония шоҳлари қора даб аталишини (Буғро Қора Хоқон дейилгани каби) Маҳмуд Қошғарий шарҳлаб қолдирган. Кейинги пайтларда, ҳатто, Қошғар этнонимининг юзага келиши ҳам қора калимасига бориб тақалишини англатадиган изоҳлар баён этилди. Қорақалпоқ олими Д.Айтмуродов ёзади: «Қошғар топонимини Э.М.Мирзаев қуйидагича изоҳлайди: «Қошғар – нефрит тоши, нефрит тоғи; «қаш» – нефрит, «ғар» – тош.
Бизнингча, «Қошғар» топонимининг иккинчи қисми «ғар», «қар» аслида охирги «а» товуши тушиб қолган «қора» сўзи бўлиб, қора маъносини билдиради[3].
Ушбу факт ва далиллар қора (рангига ҳам) алоҳида бир диққат билан қарашни тақозо этади.
Бундан ўн йиллар муқаддам Алишер Навоийнинг «Сабъаи Сайёр» достонидаги илк ҳикоят охирроғидан ўрин олган:
Қора ранг элга тожи торакдур,
Ким бу ранг ичрадур, муборакдур[4], -
байтидаги фикрга таяниб, қора рангнинг муборак ва муқаддаслик хусусиятларини (албатта, салбий маъноларни назардан соқит қилмаган ҳолда – И.Ҳ.) мухтасар шаклда ёритишга уринган эдик[5]. Бу ишда тарихий, мифологик, диний ва адабий даллиларга суянилиши табиий, албатта. Айниқса, Низомий Ганжавийнинг «Ҳафт пайкар» достонидаги «Бе мусибат сиёҳ пўши кардан» - «Мусибатсиз қора кийинмоқ» мисраси бизни масалага чуқурроқ қараш ва байтни айрим навоийшунослар шарҳлаганидек, «Қора ранг – ёшлик рамзи. Кимнинг боши қора бўлса – унга бу муборакликдир, негаки ёшлик – элнинг «тожи торак»и демак», - деб эмас, бошқача мазмунда талқин қилишга ундаган эди.
Орадан икки-уч йил ўтгач бизнинг бу талқину таҳлил, фикру мулоҳазаларимизни гўё йўққа чиқарувчи мақола эълон килинди. Педагогика фанлари доктори С.Очилнинг бу мақоласи «Таҳлил, илм ва адолат ёҳуд талқинларда теранлик бўлса» деб номланган[6].
Мақолада маъқулланган, яъни тасдиқ маъносидаги бирор бир жумла ҳам топилмайди – ҳаммаси инкор. Баъзи мисолларда ғалат тушиб қолган сўзлар ҳам катта бир айб даражасида баҳоланган. Майли, буларга изоҳ бериб ўтирмайликда, муаллифга ниҳоятда муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб туюлган масалаларга тўхталайлик.
Биз, туркийларда бир замонлар қора рангли байроқлар бўлганлиги, Эргаш Жуманбулбул куйлаган «Далли» достонидаги бир байтда шунга ишорат борлиги ҳақида сўзлаб, «Қорабош туғ» (қора рангли байроқ) – бошини ўлимга тиккан мард, жасур жангчилар байроғини билдириб, айни ўринда эронийларнинг байроғига қарши тикланган туркий туғдир»[7], - деган хулосани айтганмиз. Тарихда нима кечган бўлса – кечган, уни ўзгартириб ҳам, айнан такрорлаб бўлмайди. Аммо билиб-билмасдан тарих воқеа-ҳодисалари устидан бутунлай қора тортиш ақлдан эмаслигини ҳам унутмаслик зарур. Қуйидаги жумлаларни бунинг ёрқин исботи, дейиш мумкин: «Далли» достонидаги: «Гўрўғлининг зарбига, сиёсатига сияҳпўшлар, қзилбошларнинг титрашига келсак, бу ерда «қизилбош» ҳам «сияҳпўш» ҳам бир халқ, яъни босқинчи эронликларга алоқадор. Туркларда эса қорабош туғ ҳеч қачон бўлмган. Шунга қарамай, уни И.Ҳаққулов бошини ўлимга тиккан жасур жангчиларга зўрма-зўраки олиб боиб тақайди. Аслида оқ, қора бош туғ – эрон лашкарларига дахлдор бўлиб, туғларнинг ҳар хил рангда экани лашкарларнинг жуда ҳам кўплигини, шундай бўлса-да Гўрўғли улардан қўрқмай, жангга кирганини англатади»[8].
Бу гаплар эртак деса – эртакка, ҳақиқат деса – ҳақиқатга ўхшамайди. Эрон олими Абдулжамил Қазвиний 1161-1165 йиллар орасида ёзган «Китобуън нақа» номли асарида эронлар қора байроқ соҳибидурлар деган фикрларга жавоб тариқасида, «Шиа ҳукмдорлари яшил, оқ ва бошқа рангли байроқ соҳибидурлар. Аммо Аббоснинг шиори ва хусусий ранги бўлмиш қорани ишлатмаслар», - деб таъкидлаган экан[9]. Чунки Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг оқ, яшил, қора рангдаги уч байроқлари бўлиб, уларнинг яшили – Усмон бин Аффонга, оқи – Саъд ибн Аббодаи Ансорийга, Макка фатҳидан кейин – Ҳазрати Алига, қораси эса – Аббосга берилган. Ҳижрий 200 йилда Маъмун Имом Али Розийни ўзига халифа этиб тайинлагач, Аббос ўғиллари қабул қилган қора рангни бутунлай таъқиқлаб, алавийларнинг, яъни Али авлодининг ранги сифатида яшил рангни қабул айлаган.
Қора ранг аббосийлар орасида юксак нуфуз топганлиги фақат шарқда эмас, ғарбда ҳам яхши маълумдир. Рангшунос олима Л.Н.Миронованинг: «Аббосийлар сулоласига мансуб халифалар қора рангли кийим кийишни хуш кўрганлар Уларнинг байроғи ҳам қора рангда бўлган»[10], - деган сўзлари бунинг бир далили бўлиши мумкин.
Аббосий халифалардан «Машрулик» (шариатга боғлиқлик) фармонини олган Турк сулолаларида ҳам ҳокимият (ҳукмронлик) байроғи қора эди[11]. Шунингдек, «Ғазнавийларда, салжуқийларнинг издоши ҳисобланмиш Онадўли салжуқийлари ва Хоразм шоҳларида ҳам ҳукмдор байроқларининг қора рангда бўлиши, умуман олганда, салжуқий ҳукмдорларнинг аббосийлар билан маънавий муносабатларини акс эттирган»[12]. Қолаверса, Жаҳонгир Искандарнинг байроқларидан бирининг қора рангда эканлиги Шарқ мусаввирлари томонидан тасвирлаб қолдирилганки, бу ҳам «қорабош туғ»нинг мардлик, жасурлик байроғи, дейилишини қувватлайди.
Бас, шундай экан, қандай қилиб туркларда ҳеч қачон «қорабош туғ» бўлмаган» дейиш мумкин?
С.Очил «илм», «адолат», «теранлик» деган сўзларни сарлавҳага чиқарадию, лекин минг афсуски ўзи илмий холтсликка яқин ҳам бора олмайди. Акс ҳолда мана бу гаплар билан қоғоз қоралашга эҳтиёж сезилмасди: «Энди форсий манбаларнинг баъзиларини кўриб чиқайлик. Эрон олими Муҳаммад Муиннинг «Ҳафт пайкар» ҳақидаги китобида ранглардан биринчиси сифатида қора рангни кўрсатади (аслида бу таъкид бизники – И.Ҳ.). Чунки Шарқ хамсанавислигида Баҳромнинг биринчи кун кирадиган қасри қора рангда бўлиб, ўша кун шанбага тўғри келади. Шанба қадимги мифолаогияга кўра, олам тугал яратилган кун бўлиб, у Зуҳал сайёрасига нисбат берилади (?).
Демак, қора бу ўринда ҳам муқаддас ва мубораклик маъносини билдирмайди. Қолаверса, Муҳаммад Муиннинг биринчи бўлиб қора рангни кўрсатишини ва Зуҳал сайёрасига қора тошлардан ҳайкал тикланишини ўқувчига илмий янгилик сифатида кўрсатишнинг ўзи кулгили»[13].
Албатта, ўкувчидан ўқувчининг фарқи бор. Холис китобхон «Дамашқий «Наҳубатул даҳр»да рангларни «сайёраларнинг ҳайкали» деб таърифлаган экан. Унингча қора рангли тошлардан Зуҳалга ҳайкал тикланган бўлиб, у ранги қора, сочи оқиш ҳиндуга ўхшаркан», деган сўзларни «илмий янгилик» эмас, бир маълумот сифатида қабул қилади. Кулги қўзғайдиган жиҳат эса бошқа: очиғини айтганда, С.Очилнинг Эрон олими асарини кўрганлигига, кўрганда ҳам ўзи уни ўқий олганлигига шубҳамиз бор. Чунки унда мифологик тасаввур билан тасаввуфий қарашлар бир-биридан жуда аниқ ажратиб ифодаланган. Ахир Дамашқийнинг Зуҳалга доир фикри рамзий мазмунга эга-ку! Бизга шу рамз мақбул келган. Шу рамзни масаланинг моҳиятига эътиборни тортадиган «кўрсаткич» деб билганмиз. Зуҳал хусусида батафсил изоҳ берилган китоблар ҳам бор. Мана Абулкарим Жилий машҳур асарида нима деб ёзган: «Еттинчи қат кўк Зуҳалнинг самосидир. Унинг жавҳари шаффоф бўлса-да, лайли музлим (симсиёҳ тун) каби қорадир.
Жаноби Ҳақ Зуҳални ақли аввалнинг нуридан яратган. Ва унинг манзилини манзили афдол этган. Сиёҳликда ранг пайдо этмиш, сиёдат (улуғлик) ва юксаклигига ишорат эрур. Шунинг учун ақли аввални олими акмалдан бошқаси билмайди. Зуҳал самовотнинг хосиятлиси ва маконларнинг аълосидир»[14].
Энди қутбларни ранглар билан белгилаш масаласига келсак. Қора ранг – шимолнинг, қизил – жанубнинг, яшил – шарқнинг, оқ – ғарбнинг рамзи деган маълумот – ўттизинчи, қирқинчи йиллардаёқ фанда хрестоматик бир маълумотга айланган.
Масалан, венгер олими проф. А.Алфулди, олмон туркиётчиси И.Л.Гиртаутас ҳам диққатни жалб этишган. Буни билмагани учунми ёки бошқа сабаб туфайлими, С.Очил рус этнографии Л.П. Потаповнинг 1977 йилда чиққан ва биз қўлга ҳам олиб кўрмаганимиз китобини қалқон қилиб: «И.Ҳаққулов Л.П.Потаповнинг ана шу маълумотини (қутб рамзларига доир дейилмоқчи – И.Ҳ.) тўла ўзлаштириб олган. Аниқроқ қилиб айтганда, кўчирмакашлик қилган»,- дейди Лекин бу ҳукм ҳам уни қаноатлантирмайди ва яна ёзади: «Шу кўчирма орқали И.Ҳаққулов туркий халқларнинг қадимий тарихи, этнографияси ва фольклори ҳақида хали кўп нарса билмайдиган ўқувчилар олдида ўзини билимдон ва зукко олим қилиб кўрсатишни мақсад қилиб олган, шекилли. Аслида у шу ўринда ўзгалар фикрини кўчириб юрувчи ва ўзиники сифатида тақдим этувчи» «адабиётшуносдир»[15].Аввало, «ўзгалар фикрини кўчириб юрувчи ва ўзиники сифатида тақдим этувчи киши «Қадимги туркларнинг дунёқарашида тўрт уфқ ва тўрт жиҳат ранглар воситасида тайин этилгани маълум албатта», - деб ёзмасди[16].
Иккинчидан, ушбу ҳақиқат «туркий халқларнинг қадимги тарихи, этнографияси ва фольклори» ҳақида кўп нарса биладиган тадқиқотчилар томонидан янада кенг ва чуқурроқ ёритиб берилган. Модомики, гап «қутб» ҳақида экан, мусулмон оламида қайта-қайта мурожаат этилган «Диёри зулмат» ёҳуд оби ҳаёт» тушунчасини назардан ўтказайлик.
«Диёри зулмат» - қоронғулик ўлкаси демак. Нақл ва ривоятларга кўра, ана шу ўлкада «оби зиндагони», «оби жовидони», «айнул-ҳаёт», «наҳрул-ҳаёт», «Хизр суви», «Искандар суви» таъбирлари билан тилга олинган оби ҳаёт, яъни тириклик суви мавжуд бўлиб, ундан ичган киши абадий ҳайт саодатига эришади. «Диёри зулмат» шимолда тасаввур этилганлиги, шимол эса бевосита қора ранг билан алоқадорлиги боис туркийлар бунда ўз назарларига содиқ қолганлар. Шунга кўра улар «шимол билан вобаста нима бўлса, қора калимаси билан ифода этганлар. Масалан, Ўғуз достонида шимолда ўтирган Итбароқ номли қавмнинг терилари ҳам қора эди. Шимолдан эсган шамол ҳам «қора шамол» эди»[17].
Туркларнинг эски диний инончлари бўйича қамлар (дин йўлбошчилари) тангри билан бевосита алоқа ўрнатиш даражасида руҳонияти кучли кишилар бўлишган. Илк қам ва улуғ яратувчининг тимсоли ҳисобланган жуфт бошли Бургут эса Қора қуш дейилган. Қамларнинг руҳларини ташиган ва улар билан самовий сайр қилгувчи қушга Қорабадоқ номи берилган[18].
Бизнинг назаримизда, тасаввуф тарихида «Қора» лақаби билан шуҳрат топган валийлар, дарвешлар маълум бир маънода қамларга ворисдирлар. Чунки «Абу Сиёҳ, Қора Вали, Занги ота, Қорача Аҳмад каби Қора ва Занжи авлиё типи ниҳоятда эътиборлидир. Авлиё илоҳиётчилар орасида ҳам қоралар бор эди. Сўфийлик «қора» хотинлар ўртасида ҳам тарқалгандир»[19].
Демак, С.Очилнинг «комил инонч билан айтамизки, туркий халқларда қадимда ҳам, кейин ҳам қора ранг муқаддас ва муборак бўлган эмас»[20], - деган қатъий хулосаси мутлақо асоссиз ва инончсиз дейишга ҳақлимиз.
Хуллас, туркий қавмлар исломгача ва исломдан кейин ҳам қора рангдан салбий маъно, ҳолат ва ҳодисаларни характерлашда нечоғлик кенг фойдаланишган бўлмасин, ҳақ аҳли, маъно ва ишқ соҳибларидан ҳеч бир киши моҳияти илоҳияда қора рангнинг муқаддаслигига шубҳа қилмаган. Ҳатто, Шарқ шеъриятида такрор-такрор ишлатилган «қора кўз» (чашми сиёҳ), «қора зулф» (зулфи сиёҳ), «қора хол», «қора бало» сингари ўнлаб истиоравий ибора ва ташбеҳлар ирфоний ҳақиқатлар ифодаси учун ҳам хизмат эттирилган. Бунга бир қадар ишонч ҳосил қилиш учун йирик мутасаввиф олим Иброҳим Ҳаққий Бурсавийнинг мана бу фикрлари билан танишмоқ кифоя деб ўйлаймиз: «Сиёҳ (қора) зилли ҳақиқатга ишоратдурки, ул нур ул-анвор оламидур. Агарчи нури сиёҳ (қора нур) дерларки, мунтахаюл анвор эрур. Шу боис Расулуллоҳ (с.а.) фатҳи Макка куни қора дулбанд ила ҳозир бўлдилар. Чунки Каъба зоти аҳадиятга ишоратдур. Зот эса сиёҳдур. Зеро, кунҳи идрок бўлинмас ва ул мақомга восил бўлган яна алвони сифатдан тажарруд этиш билан восил бўлур. Шу сабабдан соликларнинг кўпчилиги қора або (жундан тўқилган қора тўн – жанда, хирқа – И.Ҳ.) киюрлар»[21]. Қора або (хирқа) кийганлар сияҳп¢ш ҳам дейилганки, улар тариқатга янги кирган соликлар бўлишган. Бу йўлда маълум бир даражада илгарилаганларнинг хирқаси мовий (кўк) ва сайри сулукни ниҳоясига етказганларники оқ рангда бўлган. Тасаввуф жараёни кенг тараққий топган ўлкаларда қора хирқали толиблар, яъни сияҳпўшларнинг сони анча кўпчиликни ташкил қилган. Буни Алишер Навоийнинг қуйидаги қитъасидан ҳам англаш мумкин:
Не деб Журжонга борди ул сияҳбахт,
Қора тўн бирла солиб кўнглига жўш.
Ки бор ул пеша аҳлидин анингдек,
Қаёнким кўз солурлар, юз сияҳпўш[22].
Бу қитъага «Сияҳпўш азизнинг Журжонға борғаниға таажжуб қилурким, анда сияҳпўш кўптур», деб сарлавҳа қўйилган.
«Сияҳпўш азиз» иборасига қаралганда, Журжонга борган киши биз ўйлайдиган маънода сияҳбахт – бахти қора эмас. Чунки тасаввуф аҳли «сияҳкор», «сияҳрў» деганда сайри сулукда йўлда қолган ва йўлдан чалғиганларни назарда тутишган. Журжонга равона бўлган «сияҳбахт»га қайтсак, у тариқатга киришдан қандайдир зоҳирий мамнуният сезган ва ўзига бино қўйиганлигини яшира олмаган. Журжонга боргач, юзлаб Ҳақ ошиқларини к¢риб, ўз аҳволидан хижолат чеккан кишидир. Ажабмаски, Навоий «Сабъаи Сайёр» достонидаги биринчи мусофир томонидан нақл этилган ҳикоят қаҳрамонлари Фаррух ва Ахийни ҳам ана шундай кимсаларга ибрат қилиб кўрсатган бўлса.
Маълумки, Алишер Навоий фақр маслагига зўр ишонч билан қараган. Улуғ шоир фақр ҳолларини алоҳида иштиёқ билан тасвирлайди, комиллик мақомларини фақр эътиқоди ва тажрибаси ила алоқадорликда кўрсатишга аҳамият беради. Бу бежиз эмас, албатта. Улуғ шайхлардан бири шундай деган экан: Соликни Ҳаққа восил айлайдиган йўллар кўкдаги юлдузларнинг сонидан ҳам кўп эди. Энди ўша йўллардан фақат фақр қолди. Зотан, йўлларнинг энг тўғриси ҳам ана шудир»[23].
Фаррух ва Ахий фақр йўлидан чекинмаганликлари, фақрнинг шом ранг либос»и талабларига тўла риоя қила олганликлари учун ҳам мақсад манзилига етишганлар. Улар ҳиммат, мурувват ва футувватда гўё бир-бирлари билан мусобақага киришгандай кўринслар-да, олий матлабга эришиш ҳоллари битта - фақр. Навоий буни бутун ҳикоят давомида гоҳ очиқ, гоҳ рамз ва ишоратлар орқали таъкидлаб боради. Ҳикоятда, хусусан, «Қора либос» («Қора палос» ҳам дейилган) алоҳида маъно қимматига эга.
Ҳинд ҳукмдори Жасоратхоннинг ўғли Фаррух «Лутфи ила хулқи ҳадди ғоятсиз, фаҳму идроки худ ниҳоятсиз», «илму камол аро моҳир» шаҳзода эди. Шунга қарамай, у қари отасининг истагига ён бермасдан тожу тахтни қабул қилмайди. Зеро:
Фақр этиб эрди кўнглини машғул,
Айламас эрди салтанатни қабул.
Фаррух тушда кўрган паривашни ахтариб кўпчилик билан йўлга чиққач, ғурбат машаққатларини торта-торта бир манзилга етадилар. Шунда у уйқуга чўмган ҳамроҳларига мактуб қолдириб, улардан ажралади ва ёлғиз ўзи ишқ сафарини давом эттиради. Шу тунда у:
Эгнидин солди шоҳвор либос,
Кийди ўрниға шом ранг палос.
Бу либос қора рангли хирқа эди. Эътиборлиси шундаки, худди шу либос шарофатидан Фаррухга мурод эшиклари очилади. Фаррухнинг ишқ ва покликда собитлигига тан берган Ахий ақл бовар этмас ишни амалга оширади: ўз суюкли хотинини талоқ қилиб, унга никоҳлаб беради. Бироқ ўзга диёрга уларни кузатаётганда, ёдгорлик учун Фаррухдан ўша «қора либос»ни тилаб олади:
Ёдгор истади палосин анинг,
Тилаб олди қора либосин анинг.
Албатта, шаҳзода маъшуқа Ахийнинг жуфти ҳалоли эканлигини билмасди. Акс ҳолда Ахийнинг қилган ишига асло кўнмас, гўзал бир аёлнинг кўз ёш тўкиб, ғам-ғуссага ботишига ҳам имкон бермасди. Фаррух дўстининг хотинидан бор ҳақиқатни эшитиши билан:
Сен ҳам эмди шукуфта дил бўлғил,
Манга ики жаҳон сингил бўлғил, -
дея уни сингил ўрнида қабул айлайди. Ёридан жудо бўлгач, оғир изтироб ва руҳий қийноқларни кўнглидан кечирган Ахий туҳматга ҳам гирифтор этилади:
Ки: «Ахий мамлакат қилурға хароб,
Яна бир шоҳға ясаб асбоб,
Шоҳнинг шаҳридин узотибдур,
Ўзни душманлар ичра қотибдур»,
деган айбнома билан ҳибсга олинади. Кўп ўтмай, у ҳибсхонадан қочишга муваффақ бўлади. Ва Фаррух диёри сари сафар қилади. Йўл заҳматидан ҳориб, «Бир бузилғон ҳисор» ичида хаставу беҳол ётган Ахийга омад кулиб боқади: шаҳар атрофида сайр қилиб юрган Фаррух:
Ул бузуқ сори чун солди назар,
Қилди ўз ҳоли хотирига гузар.
Сўрди ул ёнки: «Не ғариб эркин,
Ки бу меҳнат анга насиб эркин?»
Ўз либосини ошно кўрди,
Нотавоне палос аро кўрди.
Ахий ҳушига келгач, икки дўсти содиқ зор-зор йиғлаб қучишиб, ҳол сўрашдилар. Шоҳ қасрига олиб борилган Ахийга кўп ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Узоқ муддат ўтмай тантанали маросим ўтказилиб, ёри Ахийга қайта никоҳлаб берилади. Маҳбубасидан:
Шоҳнинг иффату мурувватини,
Покравлиғ фанида қувватини,
эшитган Ахий неча кун беҳушу беҳол юради. Ниҳоят хотиржам ва бахтиёр ҳаёт бошланади. Ахий «зарбофт ҳилъат» кийиб, шоҳ ёнидан ўрин эгаллайди, аммо хайр-хосиятли ўша қора либосини кийишни ҳам канда қилмайди:
Уйга киргач қаро палоси эди,
Ки сафарда анинг либоси эди.
Тенгри шукридаким, тили эди лол,
Тоат айлар эди кийиб қаро шол.
Нақл этилишча, Иброҳим Халилуллоҳ оловга ташлангани замон Оллоҳ ҳукми билан Жаброил жаннатдан бир кўйлак келтириб, унга кийдирган ва шу кўйлак туфайли у оловда ёнишдан халос бўлган экан. Бу кўйлак дастлаб Ҳазрати Исҳоққа, сўнгра Ёқуб алайҳиссаломга мерос ўтган. Юсуф пайғамбар уни кийгани учун қудуқдан омон чиққан. Аҳли тасаввуф хирқада ана шу кўйлак сирларини илғаб, унга маънавий маънолар берганлар.
Ҳужвирийнинг таъкидлашича, хирқанинг бели сабрни, икки ёни – хавф ва ражони, икки олди – қабз ва бастни, белбоғи – нафсга қарши курашни, ёқаси – яқинни (шубҳасиз илмни), астари – ихлосни тамсил этган. У яна ёзади: «Хирқа сафват (порлоқлик), фақр ва тариқат мақомларининг барини ўзида мужассамлаштирган бир либосдир. Бу либосдан кечиш ва узоқлашиш ҳамма нарсадан узоқлашиш демакдир»[24]. Зеро, хирқа кийиш Оллоҳни таниш шартларидан бири ҳисобланганки, «қора хирқа ёпинган сўфий ўз қалби ва вужудини тўла-тўкис Оллоҳда тасаввур этмоғи лозим бўлган»[25]. Бундай тахайюл ва яқинлик инсон аҳлоқини нечоғлик покласа, кўнгли ва руҳини ўшанча гўзаллаштиради. Нафси аммора мағлуб этилган муҳитда бераҳмлик, нодонлик, риёкорлик, кибр, қаҳр каби юзлаб ҳайвоний ва шайтоний сифатлар ўз-ўзидан барҳам топади. Мана шунинг учун Фаррух ва Ахийдан ўрнак олиб, «қора кўйлак» киймак одатга айлантирилган:
Чунки шаҳ хилвати қаро бўлди,
Қора киймак улус аро бўлди.
Мана шунинг учун Алишер Навоий поклик, садоқат, мурувват ва камолотдан далолат берувчи фақр либосини ёқлаб:
Қора ранг элга тожи торакдур,
Ким бу ранг ичрадур муборакдур, -
деган ва буни тариқат одоби, нақшбандийликдаги фақру фано шартларидан ажратиб талқин қилиш шоир кўзлаган ҳақиқатга асло мувофиқ келмайди.
Яна шуни ҳам инобатга олмоқ зарурки, Навоий ушбу эътирофи билан ҳамма «қора шол»дан либос кийсин, сияҳпўшлик барча учун умумий урфга айланмоғи керак мазмунидаги бир ниятни кўзлагани йўқ. Балки «қора ранг», «қора либос» рамзига асосланиб, с¢фиёна ҳаёт имтиёзи ва имкониятларига, тасаввуфий аҳлоқ куч-қувватига кўпчиликнинг нигоҳини қаратгандир. Чунки тасаввуф, айниқса, фақр тариқи – ишқ ва маърифат, тафаккур ва хоксорлик инсонни шу дунёда жаннатга восил этувчи мунаввар бир йўл эрур. Бу жаннат эса ошиқ, ориф ва фақирнинг кўнгил оламидир.
Дарвоқе, баъзи тариқатларда нафсдаги покланиш ва ўзгаришлар ранг воситасида аниқланган. Бу ранглар: мовий, сариқ, қизил, қора, яшил, оқ ва рангсизлик. Қора ранг – нафси мутмаина (тинган, яхшиликка бош эгган нафс)нинг ранги бўлиб, у Оллоҳнинг изни ва руҳнинг нури ила нурланган, ёмон нарсаларни тарк айлаб, гўзал аҳлоққа тобе нафсдир. Унинг сифатлари: Ибодат, Риёзат, Қилъати таом (кам овқатланиш), Таваккул, Тафаккур ва Аъмоли хайр[26]. Демак, бунда ҳам қора ранг мубораклик хоссасига эга ва нафснинг сиёҳ рангга бурканиши эзгу ишларнинг гарови эрур.
Илмда, жумладан, Ҳазрат Навоий ижодиётини ўрганишда баҳсу мунозара керак. Ҳатто зарур ҳам, Аммо ҳар қандай баҳс ёки фикр алмашув, энг аввало, билим ва беғаразликка таянмоғи шарт. Навоий ижодиётига доир ҳар қанақа баҳс янги фикрга йўл очиш, ҳали кашф этилмаган ҳақиқатларни янада теранроқ тадқиқ қилишга рағбатлантириши лозим. Буни асло унутмайлик.
[1] Саидов М. Кўк, оқ, қора рангларнинг эски инончлар ила алоқаси// Озарбойжон ФА Хабарлари, 1978, 2-сон.
[2] Кононов А.Н. Семантика цветообозначений в тюркских языках // Тюркологический сборник. Москва, 1978. С. 161-170.
[3] Айтмурадов Д. Тюркские этнонимы. Нукус, 1986. С.112.
[4] Алишер Навоий. Мукаммал асрлар тўплами. Йигирма жилдлик. 10-жилд. Тошкент, 1992. 176-бет.
[5] Ҳаққулов И. Қора ранг – муборак ранг// «Занжирбанд шер қошида». Тошкент, 1898. 36-45-бетлар.
[6] Очил С. Орзулар кўкидаги шафақлар. Тошкент, 1993. 331-342-бетлар.
[7] Ҳаққулов И. Занжирбанд шер қошида, 43-бет.
[8] Очил С. Орзулар кўкидаги шафақлар, 341-бет.
[9] Қаранг: Инон А. Туғ – Байроқ (Санжоқ)// Турк култури. Анқара, 1966, 46-сон, 71-бет.
[10] Миронова Л.Н. Цветоведение. Минск, 1984. С 71-72.
[11] Ганж Р. Турк инончлари ва миллий урф-одатларида ранглар. Анқара, 1977. 42-бет.
[12] Кўпрулу М.Ф. Байроқ // Ислом қомуси
[13] Очил С. Кўрсатилган китоб, 337-бет.
[14] Абулкарим Жилий. Инсони комил. Истанбул, 1998. 391-бет.
[15] Очил С. Орзулар кўкидаги шафақлар. 337-338-бетлар.
[16] Ҳаққулов И. Занжирбанд шеър қошида. 39-бет.
[17] Ўгал Б. Турк маданияти тарихига кириш. 6-жилд. Анқара, 1984. 431-бет.
[18] Қофасўғли И. Эски турк дини. Анқара, 1980. 20-21-бетлар.
[19] Улутоғ С. Сўфий нигоҳида аёл. Истанбул, 1995. 91-93-бетлар.
[20] Очил С. Орзулар кўкидаги шафақлар. 336-бет.
[21] Иброҳим Ҳаққий Бурсавий. Китоб ул-анвор. Истанбул, 1999.117-бет.
[22] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 6-жилд. Тошкент, 1990. 519-бет.
[23] «Рисолаи Қушайрий», 445-бет.
[24] Али бин Усмон Жуллобий Ҳужвирий. Кашф ул-маҳжуб. Исломобод, 1990. С.66-67.
[25] Курбанмамадов А. Эстетическая доктрина суфизма, Душанбе, 1987. С.42-43.
[26] Хулусий Х. Мезон ун-нуфус. Истанбул (санасиз). 33-бет.
«Ўзбек тили ва адабиёти» журнали.