Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон билан суҳбат
1. Нуруллоҳ ака, одам нимага ғийбат қилади?
- Нимага ғийбат қилишини билмадим. Мен буни ўйлаб кўрмаган эканман, бунинг тагига етиш ҳам қийин. Лекин сиз, ғийбатсиз яшаса бўладими, деб сўрасангиз, масалани тўғри қўйган бўлармидик...
2. Хўп, ғийбатсиз яшаса бўладими?
- Эсли-ҳушли кишиларни қийнайдиган масала ўзи шу. Динимиз, шариатимиз, Қуръонимизда ғийбат қаттиқ қораланган, Пайғамбаримиз (Оллоҳ у зотни ётган жойларида тинч қилсин) ғийбатдан кескин қайтарганлар. Буларни билган сари одам жуда қўрқиб кетади. Чунки ҳаётда ҳар гапимиз ғийбатга ўхшайди, умр ғийбатсиз ўтмайдигандай туюлади. Кишилар орасидаги кундалик муомалани ғийбатсиз, ғийбатдан ташқарида тасаввур этиб кўринг-чи. Тасаввур этолмайсиз. Буларни ўйласангиз, гўё ғийбат ғолиб. Лекин Оллоҳ таоло одамларни тоқати кўтармайдиган ишга буюрмаслигини эсласангиз, кўнглингиз ёришади. Демак, ғийбатни енгса, одам ғийбатсиз яшаса бўлади ва яшай олади ҳам. Бунинг учун энг биринчи галда ғийбат ўзи нима, унинг чегаралари қаерда ва ғийбат билан оддий гап-сўзларнинг ўртасини нима ажратади – шуларни билиб олишимиз керак.
Бир куни Ойша онамиз (у кишидан Оллоҳ рози бўлсин) кимнингдир жисмоний камчилигини гапирганларида Пайғамбаримиз (Оллоҳ у зотни ётган жойларида тинч қилсин): “Сен ғийбат қилдинг”, деганлар. “Мен айтган камчилик у одамда ҳақиқатда бўлса-чи?” деб сўраганларида, “Ўша камчилик унда бўлса, ғийбат қилдинг, унда бўлмаса, туҳмат қилган бўлардинг”, деб жавоб қилганлар. Эшитгансиз, машҳур ҳадис. Ғийбат нима деган саволга энг ойдин жавоб шу. Бор камчилигини гапиришнинг ўзи ғийбат экан. Бу камчилик баданига тегишли бўладими, маънавиятига тегишли бўладими – фарқи йўқ.
Таъриф айтилди, таъриф шу. Энди иккинчи ишимиз ғийбат билан оддий гап-сўзларнинг чегарасини билиб олишдир.
Бошқа кишининг камчилигини гапиришга динимиз истисно ҳолларда рухсат беради. Масалан, шерикарли бирон катта иш бошлашдан ё бирга узоққа сафарга чиқишдан олдин в.ҳ. бўлғуси шеригингизнинг қанақа одам эканини уни яхшироқ биладиган бошқа биронта кишидан сўрасангиз ва у киши сизга уни таърифласа, бўлади. Яъни, камчилиги айтилса ҳам, унинг бу таърифи ғийбатга кирмайди.
3. Демак, шариат чегарани ҳам қўйган. Энди энг асосий масалага - Одам боласи ҳаётда бу чегарага тўла риоя қила оладими? Ғийбатсиз яшай оладими?
- Палончининг бўйи узун экан ёки пакана экан, деган гўё оддий гапимиз ғийбат деб баҳоланаётганидан кейин энди бу ёғини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг: давраларда ўтириб олиб, бировнинг боринию йўғини ўртага дастурхон қилишларни нима деса бўлади?! Чинданам, бор нарсани айтишнинг ўзи ғийбат бўлса, одамлар ўртасидаги суҳбатларни ўйлаб юраклар эзилмайдими?! Ахир, кўпимизнинг гап-сўзларимиз бошдан-охир ғийбатга асосланганга ўхшаб туюлади.
Мен шахсан ўзим ғийбатнинг чегарасига қатъий риоя эта оляпманми, йўқми деб қўрқиб яшайман ҳамиша. Чунки биз одамлар жамият бўлиб, жамият ичида яшаймиз, ҳар куни бир-биримиз билан тинимсиз гаплашамиз, ўртамизда неча хил гап-сўз кечади, нималарнидир муҳокама қиламиз, униси ундай, буниси бундай деймиз – булар бари нима? Ғийбатми ёки бошқа бирор заруратми? Мана шу ўринларда қийналиб қоламан, юрагим сиқилади, лабларга учуқлар чиқиб кетади. Ахир, Оллоҳ таоло ғийбатнинг не қадар ёмон иш эканини билдириш учун, “Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?!” (Ҳужурот сураси 12-оятдан) деб қаттиқ таҳдид қилган. Бу таҳдидли саволдан юраклар орқага тортиб кетади. “Йўғ-э!” деб юборамиз ихтиёрсиз равишда. “Йўғ-э” бўлса - ўлган дўстимизнинг гўштини ейишни хоҳламасак, нега унда бировни ғийбат қиламиз? Ғийбатнинг оқибатини билатуриб этларимиз жимирламаса ва дарҳол ғийбатдан жирканмасак, ҳолимизга вой.
Хайрият, таҳдидининг кетидан Оллоҳ таоло қутулар йўлни ҳам кўрсатган: “Уни (ўлимтик гўштини ейишни) ёмон кўрасизлар-ку, ахир! Оллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Оллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ўша оят давоми), деб марҳамат қилган.
4. Энди икки оғиз адабиётимиз ҳақидаги фикрларингизни ҳам билмоқчи эдик. Балки суҳбатимиз мавзуига тегишли томони ҳам чиқиб қолар.
- “Чиқиб қолар”и нимаси, тўғридан-тўғри тегишли томони ҳам бор, менимча.
Талабалигимда мендан ёши кичикроқ бир курсдошим бўларди. Ўзи аълочи эди-ю, бошқаларни кўп гапирарди. Бир куни бетига: “Ғийбатингиз кўп, ғийбат қилманг бировни”, дедим. У менга нима деб жавоб қилган, биласизми? “Агар биров ҳақида гапириш ғийбат бўладиган бўлса, ҳаммамиз ғийбатчимиз. Мана шу ўқиб турган соҳамиз – адабиёт ҳам турган-битгани ғийбат-ку. Адабиёт ҳаётни ғийбат қилади, одамларнинг характерини кавлаштиради, уни ундай дейди, буни бундай дейди. Майли, умумлаштириб айтади, бошқа қилади, лекин барибир ғийбат қилади”, деди.
Ғийбат билан шуғулланиш учун киргансиз-ку шу ўқишга, демоқчи бўлди гўё.
Ўша пайтда менга ёқмади бу гап. Йўқ, дедим, адабиёт ғийбат эмас, адабиёт ундоқ-бундоқ... деб мактаб дарсликларидан ўқиб олганим олижаноб назариялар билан ўзимча адабиётни оқламоқчи бўлдим. Яъни, инсонни мард-шижоатли, палон-писмадон қилиб тарбиялайди... образлар, қаҳрамонлар... ва ҳоказо...
Кейинги замонлар ўша курсдошимнинг гапи тез-тез хаёлимга келадиган бўлиб қолди. Роса ўйлаб қарасам, ўзи ёш бўлса ҳам, ўша йигит мендан олдинроқ шу фикрга келган экан. Тўғри, у ғийбатни қоралаб гапирмаган эди бу гапини, аксинча, ҳаёт ҳам, адабиёт ҳам ғийбатдан иборат, бунга кўнишга мажбурсиз, деган оҳанг сезиларди сўзларидан. Шундай бўлса-да, мен унинг гапидан ўзимга ибрат чиқаришга ҳаракат қилдим. Чиндан ҳам, сўнгги замонларда адабиёт роса майда гаплар билан ивирсиб, ўзининг қадрини тушириб юбораётгандек. Бир ёзувчи сифатида адабиётимизнинг бу ҳолати мени ташвишлантиради. Яъни, биз “адабиёт” деб атаётган ҳодиса илгариги адабиётимизнинг йўлидан анча узоқлашиб кетди. Ўзини эҳтиёт қилган адибларнинг адабиёти бошқача эди. Айниқса, назариялари ўрис-совет-ғарб мафкуралари таъсирида шаклланган, оврупача ғоя ва тушунчалар билан суғорилган “адабиёт” пайдо бўлганидан бу ёғида ёзилаётган асарлардан кўпини бундай ўйлаб кўрсангиз... нима булар? Тарозилар ўзгарди, ўлчовлар бошқача бўлиб қолди. Таг-тагини ўйлаб кўрсам, фитратимизга терс ва ёт ишлар аралашиб кетибди бу “адабиёт”га.
Адабиёт деган ном аслида жуда гўзал. Қаранг, а-да-би-ёт деймиз. Одобиёт маъносида туркийлардан ва мусулмонлардан бошқа яна қайси халқда бор бунақа ном! Лекин, афсус, назаримда, адабиётимиз бу юксак номига муносиб бўлмай қолди. Ҳаётда паст воқеаларга, майда гапларга қизиқиш урчигани сингари ҳаётни акс эттирувчи адабиётда ҳам мавзулар майдалашиб, ғоялар пастлашиб кетди. Илгари бизда ғарб тушунчасидаги проза бўлмаганининг сабаби балки ота-боболаримиз адабиётнинг мақсадлари олий эканини билганидан ва майда-чуйда, тубан мавзулардан асранганидандир. Эътибор берган бўлсангиз, бизнинг эски-мумтоз адабиётимиз кўпроқ ибрат билан шуғулланган. У замон одамларида айб бўлмаганми? Бўлган. Ҳатто энг мақталишга лойиқ зотларда ҳам майда-чуйда камчиликлар бўлган. Адабиёт ўша айбларни “очиб ташласа”, “фош қилса” бўларди-ку. Йўқ, мумтоз адабиётимиз айбларни дастурхон қилмаган. Оила сирини сақлаган. Яратилган салбий қаҳрамонлари ҳам айланиб-ўргилиб келиб Ибратга хизмат қилган. Ҳаётдаги оддий икир-чикирлар адабиётнинг қизиқиш доирасига кирмаган. Келажак авлодга, жамиятга фақат ибрат бўларли шахслар, ибрат бўларли воқеа-ҳодисалар ёзиб қолдирилган.
“Реализм” отида ғарбдан кириб келган бир тушунча бор. Яъни, содда қилиб айтганда, бор нарсани борича кўрсатиш (ифодалаш) дегани. Ота-боболаримизнинг ўлчовларига кўра, бор нарсани борича кўрсатиш адабиёт саналмаган, паст иш саналган. Чунки уни ҳамма билади, бор нарсани борича ҳамма ҳам гапириб бера олади. Бошига тушган бир воқеани бир дарвиш балки Алишер Навоийдан кўра чиройлироқ ва жонлироқ гапириб бера олар, аммо у дарвишдан ҳеч қачон Алишер Навоий чиқмайди! Чунки кишилик жамиятини тўғри йўлга соладиган, ўтмишдан то бугунгача ўтган аждодлар ҳаётидан келгуси жамиятни яхшилашга хизмат қиладиган ибратли хусусиятларни излаб топиш ва ўшаларни чиройли (бадиий) қилиб гапириб бериш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Юксак ақл-фаросатдан ташқари, олижаноб туйғулар, олий мақсадлар ва бадиий тафаккур талаб этилади бунинг учун. Бошда Алишер Навоий ўлароқ, бутун мумтоз адибларимиз бадиий ижод билан шуғулланишар экан, энг биринчи галда мана шу нарсалар устида қайғуришган, ўқувчининг паст туйғуларини қитиқловчи манзараларни тасвирлашни адабиётнинг вазифаси санашмаган. Шеър ёзиладими ё қисқа–лўнда ҳикоятлар, ривоятлар битиладими, ниятлар ва ғоялар олий бўлган. Масалан, Алишер Навоий ишқни учга бўлиб, биринчиси ўлароқ авом ишқи ҳақида сўйларкан, уни ҳам иккига ажратадилар, буюги деб шаръий никоҳни, пастроқ мартабаси деб никоҳдан ташқаридаги “ишқ”ни айтадилар ва, қулоқ солинг, шу ўринда ҳазрат нима дейдилар: “Ва пастроқ мартабасида паришонлиқ ва мушаввашлиқлар ва бесомонлиқ ва нохушлиқлареки, зикри тарки адабдир ва баёни беҳижоблиққа сабаб” (“Маҳбубул қулуб”дан). Яъни, никоҳдан ташқаридаги ишқ тубан иш бўлиб, турган-битгани паришонлик, ташвиш, саросима ва нохушликлардир, уларни эслаш (тилга олиш)нинг ўзи одобдан эмас, энди уни баён қилиш (бировларга гапириб бериш ёки ёзиш) уятсизликка олиб келади. Яна ҳам яъни: тўғри, бу каби паст ишлар ҳаётда учрайди, аммо уларни ёзиш ўзи каби паст ишдир, адабиёт бундай ишлардан баланд туриши лозим.
Йигирманчи асрга келиб бизнинг юртларда “социалистик реализм” деган гаплар ҳам чиқди. “Реализм”и сал–пал ҳаётга яқинроқ эди, яъни, бор нарсани борича кўрсатишни талаб этарди. Энди “социалистик реализм” дегани бор нарсани борича эмас, балки бору йўқ нарсани тайинлаб қўйилган мафкурага мослаб, мос услубда ёритишни талаб қила бошлади. Буниси энди очиқ ёлғон ва сохта эди. Кейинги юзйилликда шу ёлғон ва сохта мафкуралар асосида, тескари руҳларда “тарбияландик”. Натижада адабиёт деганда ҳозирги ҳолатдаги адабиёт тушуниладиган бўлиб қолди. Бу ҳолатимизни англатиш ҳам, англаб етиш ҳам қийин кечяпти. Чунки юрак ўзгариб қолганидан кейин тўғрининг тўғрилигини, эгрининг эгрилигини билолмай қолади одам. Ҳатто ёзувчиларга, фикрли одамларга гапирсангиз: эй, дейди, сиз адабиётни тушунмас экансиз, дейди. Дунёга келишимиздан мурод нима, ҳаётимиздан қандай мақсад кўзланган, адабиётнинг вазифаси нима – оғир бўлса-да булар устида бош қотириш, буларни теран ўйлаш керак, ахир. Асл адабиётимиз қанақа бўлганини унутиб юбормайлик. Яъни, қачонлардир ёш талаба курсдошим ёзғираган ғийбат кўчасидан юз буриб, ибрат йўлига қайтсак қандай яхши бўларди. Гап шакл устида кетмаётганини, гап руҳ ва маъно ҳақида бораётганини алоҳида таъкидлашга ҳожат йўқ, менимча.
Бир пайтлар бир шоир отахоннинг шеърий китобига сўзбоши ёзиб, унга “Адабиётга қайтиш” деб сарлавҳа қўйган эдим. Адабиётимиз яна ўзига муносиб ўзанига қайтяпти шекилли, деб умид қилган эдим. Бунга ҳам ўн йиллардан ошди. Қайтиш бошланган бўлса, ҳеч йўқ бир қисмининг тўла қайтиши муқаррардир.
Лола Насруллоҳ қизи суҳбатлашди
(“Карвон қўнғироғи” газетаси 2011 йил 13 ўктабир 41-сонида чоп этилди.)