Адабиётшунослигимизда миф ва ижод аро умумий жиҳатлар, мифнинг барча ижод турлари билан муносабати масаласи, бу икки тушунчанинг генезис нуқтаи назаридан алоқадорлиги, мифнинг бадиий адабиётдаги ўрни, адабиёт таркибида яшаш шартлари ва усуллари, бунда ижтимоий, тарихий, маданий омилларнинг аҳамияти, айни жараёнларнинг онг ва онг ости психологиясига доир талқинлари каби қатор муаммолар борки, буларнинг ҳар бири махсус тадқиқотлар учун мавзу бўлади. Ушбу мақолани ёзишдан мақсад эса санаб ўтилган назарий муаммолар силсиласига кирувчи, миф ва ижод синтезига доир долзарб бир масала атрофида фикр юритишдир. Масала моҳияти мифологиянинг эксцентрик нуқтаси бўлган хаос ва космос тушунчаларининг бадиий ижод жараёни билан боғлиқ жиҳатларини аниқлашга уринишдан иборат.
«Мифология луғати»да юнонча хаос истилоҳи «Дунё яратилишига қадар мавжуд бўлган, жазирама ва зулмат, чексизлик ва бўшлиқдан иборат борлиқ» (-М., Просвещение), деб изоҳланади. Қадим юнон адиби Гесиоднинг «Телегония» асаридаги талқинга кўра, хаосга хос сифатлар комос яратилгандан кейин ҳам Тартар (ер ости дунёсинг энг тубида яшовчи қора куч), Эреб (қайғу, изтироб), Эрос (хаоснинг космос дунёсидаги айнияти, офат ва тартибсизлик, жилов билмас шаҳвоний энергия), Никта (зулмат) каби яратиқлар шакли шамойилида давом этган.
Космос эса макон, замон, тартиб ва тараққиёт тушунчаларидан холи хаос таркибида яшаган ва, айни пайтда ушбу тушунчалар инъикоси бўлиб яратилган феномен ҳисобланади. Дастлабки макон(хаос)идан ажралиб чиққач, мустақил функция бажаршига ўтган космос эндиликда ўз таркибига хаотик кучларни ҳам қамраб олади ҳамда хаотик кучнинг зидди сифатида асл моҳияти учун хизмат қила бошлайди. Шу ўринда барча моддий ва номоддий, табиий ва нотабиий жараёнлар негизида айни тизим (беқарор, ночизиқли ҳаракат)ни илғаш ҳамда тўғри баҳолашнинг натижаси ўлароқ майдонга келган синергетика фалсафасини эслаш, эътироф этиш лозим. Умуман, хаос ва космос аро бундай церкуляр муносабатни парадоксал мантиқ тили билан космос тартибга солинган хаос, хаос эса издан чиқарилган космосдир, дея ифодалаш мумкин.
Жаҳон тан оладиган диний китобларда, жумладан Шарқ идеалистик фалсафасида бундай мураккаб тушунчалар тартиб- тартибсизлик, эзгулик-ёвузлик, яхшилик-ёмонлик, нур-зулмат жуфтликларида аниқ, содда талқин этилади. Аммо шуни алоҳида таъкидлаш жойизки, Шарқ ва /арб идеалистик фалсафаси зоҳиран жуфт кўринувчи тушунчларнинг ҳар бирини амбивалент (икки томонли) ҳодиса сифатида ўрганади. Бунга кўра, эзгулик, ёвузлик, тартиб, тартибсизлик, яхшилик, ёмонлик, нур ва зулмат тушунчалари абсолют мустақил ҳолатида ҳам диологик моҳият касб этади. Универсал маънодаги ҳаёт тушунчаси негизида айнан шу абсалют моҳият ётадики, буни англанган ва англаш мумкин бўлмаган, абадий ва ўткинчи нарса-ҳодисаларнинг барчасига нисбатан татбиқ этиш мумкин.
Диний ва мифологик талқинга кўра, инсон моҳиятан космос ғоясининг маҳсули ёинки шу феноменнинг ўта кичик шакли (микрокосм)дир. Гарчи космос (макрокосм-борлиқ дунё) макон ва замон нуқтаи назаридан Одамга нисбатан аввалроқ, чексизроқ яратилган бўлса-да, унинг вазифаси, моҳияти инсонга хизмат қилишдангина иборат. Яъни космоснинг мавжудлиги лаҳзалик инсон умри, унинг зарра вужуди воситасида мантиқ касб этади. Мазкур концепция умумборлиқ фаолиятининг исталган нуқтасига нисбатан мутлоқки, унинг негизида ижодий жараён муммосини ўрганиш ҳам ўзига хос самара беради, деб ўйлаймиз.
Кенг маънодаги ижод жараёнини санъат сўзи негизида талқин этадиган бўлсак, масаланинг ечимига қисқа йўл билан, қолаверса, чуқурроқ кириб бориш имкони туғилади. Маълумки, санъат сўзи ясамоқ, ишламоқ, сайқал бермоқ маъноларини билдиради. Арабча санъатун (ﺔﻌﻨﺻ) сўзидан олинган бу истилоҳ маъно жиҳатидан европача искусство сўзига ҳам айнан мос келади. Истилоҳнинг фалсафий-этимологик моҳияти табиат ёхуд борлиқда хаотик (тартибсиз) шаклда мавжуд бўлган манба (материал)ларни ақл, ҳиссиёт, жисмоний куч воситасида муайян тартиб (космос)га айлантиришда намоён бўлади. Дейлик, меъмор томонидан тартибга солинган материал (тош, тупроқ, ёғоч ва ҳ.к.)лар воситасида ўзига хос санъат намунаси бунёд бўлади. Композитор хаотик вазиятда мавжуд бўлган товушларни маълум тартибга келтириб мусиқа ижод этса, рассом ранглардан, раққос ҳаракатлардан фойдаланиб санъат асарини дунёга келтиради. (Айни ўринда ушбу жараён проф. Фитратнинг «Адабиёт қоидалари» асарида санъат турларини белгилаш воситаси сифатида қайд этилганини таъкидлаш жойиз-У.Ж.) Шу тариқа хаотик борлиқ космик борлиққа эврилади. Натижада санъат ҳодисаси юзага келади ва бутун борлиқ (макрокосм) инсониятга хизмат қилгани каби, у ҳам Одам болаларига эстетик завқ бериш, тарбиялаш вазифасини ўтай бошлайди. Воқеан, санъатининг дунёга келиши, шаклланиши ва тараққиётига сабаб ҳам унга нисбатан мантиқий бир эҳтиёжнинг мавжудлигидир. Чунки ҳамма ҳам хаотик ҳолатдаги матералнинг ўзидан эстетик завқ ола билиш салоҳиятига эга эмас. Истеъдоднинг ҳаммага ҳам берилавермаслиги эса аксиома. Хаотик вазиятдаги борлиқ истеъдодлар- «танланганлар» томонидан тартибга солингачгина умуминсоний фаолият йўлида «ишлай» бошлайдики, шунга асосан том маънодаги санъат ҳодисаси ноёб ижодий жараён воситасида тартибга солинган хаос, яъни космос десак, тўғри бўлади. Шунингдек, мазкур хулосамиз юқорида талқин этилган умумборлиқ қонуниятлари билан айниятда эканини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Энди ушбу хулосани бевосита сўз санъати ва бадиий ижод жараёни билан боғлиқлигини асослашга уриниб кўрайлик.
Шарқ ва Ғарбнинг буюк донишмандлари эътирофича, адабий асар хаотик сўз дунёсидан (сўз водийларидан) дур термоқ билан ҳосил бўлади. Бу йўлдаги изланиш, изтироб, машаққат ва қониқиш каби қатор ҳолатлар тизими ижод жараёни, деб аталади. Адабий тур ва жанрлар, бадиий асар композицияси, сюжети, фабуласи, услуб, вазн, қофия, бадиий санъат сингари назарий тушунчаларнинг юзага келиши ҳам мана шу сўз водийлари бўйлаб сафар қилиши, ундан дур териш ёҳуд хаосни космосга ўгириш жараёни билан боғлиқ. Ижод жараёнида сўз бўронини жиловлаш йўсини, уларга мазмун ва шакл бериш тарзига кўра турли адабий метод ва оқимлар майдонга келган.
Тартибга беистисно риоя қилиш, сўзни қатъий мазмун ва шакл қолипига бўйсундириш орқали классицизм, сўз функциясини мумкин қадар таълим-тарбияга йўналтириш орқали маърифатчилик, сўзга қаноат боғлаб самовий идеалларни ифодалаш орқали романтизм, унга тушкунлик либосини кийдириш ва сўзни фожиа, зулмат оҳанглари билан ўраш орқали сентиментализм ҳамда барокко, сўзни мутлоқ рамзга айлантириш орқали символизм, сўз устига ҳаёт ҳақиқатини шафқатсиз ва аниқ ифодалаш мажбуриятини юклаш орқали танқидий реализм ҳамда реализм, сўз тўзонига мутлоқ эрк беришга интилиш орқали модернизм адабиёти туғилади ва ҳоказо. Диққат билан қаралса, ҳаминқадар бир жумлада ифодаланган, аслида томлаб тадқиқотларни талаб этадиган бу адабий оқим ва методларга хос унсурлар XX асрнинг икки йирик оқими реализм ва модернизмда умумлашади.
Маълумки, реализм адабиёти ҳаёт ҳақиқатини бадиий акс этириши, инсониятни ёвузлик ва зулматдан огоҳ этиши, уни юксак идеаллар асосида тарбиялашга йўналтирилгани билан эзгуликка хизмат қилади. Бунда албатта ўзгача бўлган адабий анъаналарга таянади. Реалист-ижодкор учун эзгуликка хизмат қилиш, юксак умуминсоний идеалларни куйлаш микро ва макрокосм гармонияси сифатида воқе бўлади. Шу боис реалистик асарда тасвир этилган хаостик кучлар (қаллоблар, қотиллар, ўғрилар, мунофиқлар, хоинлар, жинлар, шайтонлар, ваҳшийлар каби) ҳам гуманистик талқинга хизмат қилади. Бунга жаҳон реализм адабиётининг подшоси Л..Толстой ижодидан истаганча мисол келтириш мумкин. Жаҳон адабиётида шундай асарлар борки, уларда воқелик ҳаракат ва нутқ зоҳиран хаотик шакл касб этса ҳам, моҳиятан космосни талқин қилади. Европа Уйғониш адабиётининг мумтоз номояндалари Мигель де Сервантес, Франсуа Рабле, Вильям Шекспирлар ижоди бундай хулосага тўла асос беради. Энг муҳими эзгуликка хизмат қиладиган адабиёт қайси шаклда бўлмасин гуманизмни тарғиб этади.
Юқорида модернизм адабиётини сўз бўронига мутлоқ эрк беришга уринувчи оқим, дея таърифладик. Энди ушбу таърифни янада ривожлантириб, модеризм-хаотик сўз оламини айнан акс этиришига жаҳд қилган оқим дейишдан қўрқмаймиз. Негаки, илдизи узоқ, ўтмишга тақаладиган модеризм ҳали-ҳамон хаотик сўз олами(подсознания)ни фотографик акс этиришига жаҳд этади, аммо бу ҳаракат бор-йўғи уринишдан нарига ўта олмайди. Зеро, модеризм бу борада мутлоқликка эришиши мумкин ҳам эмас. Моҳиятида файласуф Иммануил Кантнинг «Гениал ижод ақлдан абсолют маънода узилиш орқали юзага келади», деган нисбий концепцияси ётувчи модеризм бундай мутлоқликка эришиши мумкин эмаслигини ўзининг узоқ фаолияти билан исбот этиб келяпти. Аммо юқоридаги фикрларимиз билан ҳеч қачон, ҳеч бир инсон зоти бу борада абсолютизмга эриша олмайди демоқчи эмасмиз, асло. Чунки бу вазифани инсониятнинг ягона тоифаси ибтидодан бери юз фоиз «уддалаб» келади. Булар И. Кант таъбири билан айтганда «ақлдан абсолют маънода узилган» кишилар бўлиб, афсуски бирор модернист уларни гениал тугул, оддий ижодкор деб ҳам тан олмайди.
Ҳаётнинг шафқатсиз зарбалари ёхуд туғма кемтиклик туфайли мавжуд бўлган бу тоифа танлаш беимкон, инсон зоти англаши мумкин бўлмаган сабабиятга эга қисматнинг ҳукмидалар. Улар ниҳоятда кўп ё жуда оз, баъзан эса умуман сўзламайдилар. Уларнинг лексикони фақат мавжуд тилларнигина эмас, ҳатто бирор миллат тилида мавжуд бўлмаган, инсон зоти сира эшитмаган «сўз»ларни ҳам қамраб олиши мумкин. Нутқнинг бундай турида узлуксизлик, оҳангдорлик, ритмик тизим ва сўзсизлик шу даражага етишиши мумкинки, унинг чек-чегарасини белгилашга ақл ожизлик қилади. Бироқ инсоният тарихида бирор кимса ҳали уларни гений деган эмас, демайди ҳам. Чунки уларнинг асл номалари...
Биламизки, қисмат бу-маҳкумият. Телба одам кўнглига келганини сўзлар ёки сўзнинг хаотик қиёфасини фотографик акс эттирар экан, ихтиёри ўзида бўлмайди. У ўз ҳаракатлари билан инсониятга хос ёвузликларинигина эмас, балки энг эзгу қадриятларни ҳам рад этади. Шу боис уни ақли бутунларнинг на яхшилари, на ёмонлари қабул қила оладилар.
Телбалар инсон моҳиятига тамомила зид бўлган хаосни ифода этса-да, одамлик сифатдан ташқарида саналмайдилар. Чунки улар шунга маҳкумлар. Уларда танлаш имконияти йўқ. Модернистда(Бундан кейин ҳам «мадернист» сўзи модернизм вакили сифатида қўлланади. Буни «янги адабиёт» маъносида тушунмаслик керак.) эса танлаш имкони бор. У маҳкум эмас. Негаки у, ўзи истаган тақдирда ҳам, ақлдан юз фоиз холи бўла олмайди. Модеризм ижодкори сўзнинг хаотик дунёси ичра бесамар кезинар экан, унинг айнини суратга туширишга беҳуда уринади. Чунки телба эмаслиги, ақли унга халал беради. Шу боис модеризм муҳитида туғилган образ нутқи телбаники сингари мавҳум, зерикарли ва ғайриоддий бўла олмайди. Албатта унинг ҳам нутқи ва ҳаракати замирида телбага хос космосни инкор этиши ётади. Аммо модернистдаги истак, майл сира ҳам телбадаги ҳукм мақомига кўтарила олмайди.
Гуманистик нуқтаи назаридан модернизм фалсафаси ва адабиёти шунчаки ҳавасдан туғилган деб бўлмайди, албатта. Холис кузатганда модеризмнинг энг ибтидоий шакли ҳам антигуманистик муҳит таъсирида юзага келгани ойдинлашади. Дейлик, барокко эстетикасининг (хусусан, гангоризм) майдонга келиши Ўрта аср Европасининг турғун ва қоронғу муҳити билан боғлиқ бўлса, абсурд ва экзистенциализм фалсафасининг газак олиши икки жаҳон уруши билан боғлиқ. Жамият кишисининг кўз ўнгида хаосга айланган дунё, инсоннинг топталган қадр-қимати маълум кишиларда умуман ҳаётнинг бўлиши шу деган қарашни қатъийлаштирган эди. Аммо ақл юргизиб қаралса, вахшийлар тўдасига кириб қоган Одам боласи инсон бўлиб қолиши учун ўзининг инсонийлигидан эмас, балки шу вахший тўдадан «бегоналашуви» (отчуждение-3. Фрейд) лозим эмасми?!
Модернизм эстетикасида айни мураккаб жараён икки шаклда акс этадики, бу нозик фарқни англамаслик ўқувчини боши берк кўчага олиб кириб қўйиши мумкин. Бунинг биринчи кўриниши бевосита мантиқдан холи, маънисиз, бетартиб ҳаракат ва сўз тизмаларида намоён бўлса, иккинчи кўриниши зоҳирий тартиб, шакл ва мазмундорликда ифода этилган хаотик талқинда юз кўрсатади. Юзаки қарашда биринчи кўриниш космос моҳиятига зидроқ бўлиб туюлса-да, иккинчи кўринишидан қолишмайди. Ҳатто ботинида хаотик мазмун яшринган космик шакл кўриниши жозибалироқ, алдамчироқ бўлади.
Ушбу фикрни теранроқ англаши учун бугунги ўқувчига бир қадар таниш модернизм адабиёти вакиллари ижодига мурожаат этиш мумкин.
Масалан, Жеймс Жойснинг «Улисс», Франц Кафканинг «Қалъа», «Жараён», Сэмюел Беккетнинг «Годони кутиш» каби асарлари композицияси, сюжети, фабуласи, ҳаракат ва нутқи ўзининг хаотик шакли билан инсон ҳаётининг яшашга арзимаслиги, маънисизлиги, Одам боласининг абадий ёлғизлиги, умидсизлиги, ташландиқ, ҳақир бир мавжудот экани ҳақидаги абсурд фалсафани ифодалайди. Бироқ бундай асарларда на муаллиф, на қаҳрамон бу сўзларни ошкор этади. Хусусан, «Жараён» романида номаълум сабаб билан ҳибсга олинган Йозеф К. нима гуноҳ қилганини англаш йўлида сарсари кезинар экан, айнан шу ғайримантиқий фаолият, унинг тақдирига мутлоқ алоқасиздек туюлгувчи сўзлар тизмаси, мубҳам ҳаракат ва воқелик уқувчи онги остига абсурд ғоясини ғайриихтиёрий сингдиришга хизмат қилади. С.Беккенинг «Годони кутиш» трогикомедиясида ҳам, баъзи очиқ ишоралар кўзга ташланса-да, асосан шу принцип етакчилик қилади. Бор-йўғи битта персонаж қатнашадиган икки пардали бу пьесада оқил ва сабрлироқ (Владимир)қа ҳам, бесабр ва тутруқсизроқ (эстрагон)қа ҳам, Бой ва такаббуроқ (Поццо)қа ҳам, ожиз бир малай (бола)га ҳам, телба-манқурт (Лакли)га ҳам Годо (Худо) нинг эътибори бир хил-эътиборсизлик.
Шу ўринда Беккет манқурт Лакки тилидан хаотик нутқ (онг ости оқими)ни беришга уринади:
«Поццо: . . . Ўйла!»
Лакки: Тангрининг хусусий мавжудлиги қандайки шундоқ тасаввур этилгани каби Ресферд Ватманнинг яқинда ёзилган оммабоп рисоласида қайд этилганидек сифатлидан сифатли кулранг соқолли ўйда ўйланган вақтдан холи қўл етмас юксакликдаги апатии Худо афазии худо атаксии Худо ҳамон мавҳумлардан ташқари ҳаммамизни севади...» (Литературные иллюстрации, №10, С.178. Рус тилидан иқтибос-таржима бизники
–У.Ж. Курсивга олинган сўзларни таржима қилиш имкондан ташқарида). Холис қараганда, Лаккининг нутқи телбанинг нутқидан кўра ҳаётдан кўп нарса англаган, Худодан умидвор кимсанинг сўзларига ўхшаб кетади. Тўлиқ ҳолатида ички экзистенциал мантиққа эга бўлган бу нутқ Беккетнинг ғайриихтиёрий истакларини ошкор этади. У ихтиёрий тарзда Лакки тилидан абсурд фалсафасини беришга уринар экан, ғайришуурий ҳолатда инсоннинг эзгуликка, маълум қонуниятларга, айниқса Худога муҳтож эканини ифода этади. Уни инсон фитратида яшрин асл табиат, мантиқий тизим шунга олиб келади. Ушбу нутқда Худога нисбатан сатирик муносабат кўзда тутилган бўлса ҳам, муаллиф яратгандан шафқат ва муҳаббат умид қилади.
Модеризм адабиётига хос иккинчи талқин шаклини Альбер Камю ижоди мисолида кузатишимиз мумкин. Унинг ўзбек тилига ўгирилган ҳар икки асари(«Бегона», «Вабо(ўлат)»)да ҳам воқелик, образлар фаолияти, структурал компонетлар айни рисоладагидек. «Бегона» қиссаси қаҳрамони Мерсо ҳам, «Ўлат» романи қаҳрамони Бернар Риэ ҳам аниқ мақсад йўлида ҳаракат қилади, жўн одамлар сингари турмуш кечирарди, сўзлайди. Бироқ мана шу аниқлик, мантиқли ҳаракатлар абсурд номли куч ёки ҳукм остида ҳечга айланаверади. Мерсонинг истак ва интилишлари жоҳил жамият тарафидан маҳв этилса, Риэнинг инсонпарварлик фаолияти ўлат машинаси остида топтаб ташланади. Асарлар моҳиятига чуқурроқ кирилса, зоҳиран зид табиатли, бошқа-бошқа ижтимоий муҳитда яшовчи, турли вазиятдаги бу икки қаҳрамонни ягона куч ўз ҳукмига оладики, унинг асл номи абсурддан бошқа нарса эмас. Шуни таъкидлаш жойизки, ҳар икки қаҳрамон Камю абсурд дея талқин этган тақдир йўлларида эмас, балки муаллиф аниқ мақсадни кўзлаб, тафаккурда бунёд этган абсурд сўқмоқлари аро бесамар кезади. Шу сабаб Мерсода инсоний табиат, доктор Реэда инсониятга хос муҳит етишмайди... (Ҳар ҳолда бу махсус ўрганиладиган масала.)
Модеризм хусусида билдирилган бу фикрлар мавжуд ҳақиқатдан бир қатра холос. Ижод жараёнида идрок ва мантиқни инкор этишларини символизм, сюрреализм, абстракционизм, импрессионизм, иманжизм, хаотизм, ташизм, дадаизм каби бир сўз билан модернизм фалсафаси вакиллари очиқ-ойдин эътироф этадилар. Бунга далил сифатида XIX асрнинг бошлари Швейцарияда пайдо бўлган дадаизм оқимининг асосчиси Царанинг «Ҳақиқий дадаистик асар ёзиш учун турли мавзудаги афишалар, рекламалар, китоб, журнал, газеталардан сўзларни қирқиб олиб, ёнма-ён қўйиш кифоя», деган сўзларини эслаш ўринлидир. Абстракционизм таркибига кирувчи хаотизм вакиллари эса турли унсур, шакл ва ранглардан иборат нарсаларнинг хаотик жойлашувини ҳақиқий санъат асари, деб қабул қилганлар. XX аср бошларида Италияда майдонга келиб, кейинчалик фашизм ғоясига асос бўлган футуризм ўзигача мавжуд бўлган барча санъат асарларини вайрон қилинишини тарғиб этади. Ва бундай фаолияти билан космосни емиришга шайланган хаотик кучни ифода этади. Ҳақиқий футурист баҳорни, яшилликни, нурни, муҳаббатни, табассум ва кўз ёшини фақат нафрату инқирозга маҳкум тушунча деб билади. Тараққиёт шиори остида вайронгарчилик, некрофиллик ғоясини илгари сўради.
Модернизмга доир барча оқимлар инсониятнинг лексик бойлигига нигилистик муносабатда бўладиларки, бу хаос ҳукмидаги ижод жараёнининг айни ўзидир.
Хитойлик буюк файласуф Конфуций «Борлиқни маърифат ва эзгуликдан иборат буюк бир оқим тутиб туради. Шу оқимга қўшилиб суза билган инсонгина ўз моҳиятига муносиб бўла олади» (Словарь по этике.-М., 1989), деган экан. Ўйлаймизки, донишманднинг ушбу сўзлари ижодий жараёндек ноёб ва ўта мураккаб фономенга ҳам тегишлидир.
Узоқ Жўрақулов,
филолгия фанлари номзоди