Уммон соғинчи

Эпик турнинг энг кичик жанри бўлган ҳикоя бадиий тафаккур ибтидосидан бери талай шаклий-мазмуний ўзгаришларга учраганига қарамасдан, ўзининг асл қиёфасини, жозибаси ва фаоллигини йўқотмай келаётган бадиий ҳодисалар сирасига киради. Айни нуқтаи назардан XX аср жаҳон ҳикояси бир томондан тамомила янги поэтик шакл, янги этик моҳият сифатида намоён бўлса, бошқа томондан жаҳон адабиётининг барча жанрларига хос хусусиятларни синкретик ифода этган кўламдор жанр ҳисобланади. Бу каби бир қадар нотаниш, гипотезанамо хулоса жаҳон ҳикояси деб аталмиш воқеликни бирбутун, лоақал маълум бир даврга оид намуналарини кузатганимизда янада тиниқлашади.
Тарихий ва назарий поэтикага доир тадқиқотларда, монография, терминологик луғатлар, дарслик ҳамда ўқув қўлланмаларда ҳикоя жанри турли ракурсларда ўрганиб, илмий-адабий жиҳатдан талқин этиб келинади. Шунга кўра ушбу жанрга хос поэтик канонлар (белги ва мезонлар) мукаммал даражада ишлаб чиқилган. Айтиш мумкинки, бугунги мактаб ўқувчиси ҳам ҳикоя жанрининг муайян белгиларидан хабардор. Лекин, шунга қарамасдан, назарий адабиётшунослик,  ҳеч қачон, бу жанр хусусида сўнгги хулосани айта олмайдики, бу ҳам ҳикоянинг доимий ҳаракатдаги, мураккаб эстетик ҳодиса эканидан далолатдир.
Менинг тасаввуримдаги ҳикоя наинки давр, ижтимоий муҳит, миллат, адабий доира, муаллифларнинг алмашинуви билан, балки муайян ижодкорда ёш, руҳият, кайфиятнинг ўзгариши билан ҳам тамомила бошқача шаклий-мазмуний моҳият касб этиши мумкин. Шу маънода биз ҳикоя жанри ҳақида сўз юритаётганда унинг оригиналлиги остида ўтмиш, тарихийлиги остида келажак намоён бўлиши мумкинлигини назарда тутишимиз лозим.
Ҳикоянинг ибтидо кўлами, умри башариятнинг ер юзини макон тутиши ва унда кечираётган улкан тарихи билан тенг, десак хато бўлмайди. Воқеан, илк ҳикоялар, биз сўз юритаётган бадиий жиҳатдан мукаммал жанр талабларига мос келмаса ҳам, инсониятнинг илк аждодлари руҳиятига хос ҳодиса эди ва бугунги цивилизациялашган одам руҳиятида ҳам бу борада катта фарқ, ўзгачалак кузатилмайди. Инсон бор жойда ҳикояга талаб ҳам, эҳтиёж ҳам бор. Ҳатто бу фикрни бир оз ривожлантириб, ҳар бир инсон ҳаётининг ўзи улкан  ҳикоялардан иборат  десак ҳам янглишмаймиз.
Одам ва илоҳиёт, одам ва одам, одам ва табиат, одам ва ўтмиш,одам ва келажак аро маънавий, маърифий, психологик, маиший, ижтимоий, иқтисодий ва ҳ.к. муносабатлар умуман бадиий асарнинг, хусусан, ҳикоя жанрининг туғилиши учун асосий омиллардир. Инсондаги айтиш ва тинглаш эҳтиёжи мавжуд экан, ҳикоя ҳам яшайверади. Агар мана шу эҳтиёж бўлмаганида адабиётнинг ўзи ҳам  ҳам бўлмас эди. Адабиётдан ҳам кенгроқ, аввалроқ, юксакроқ мезонлар билан ёндашадиган бўлсак, ҳикоя жанрининг пайдо бўлиши, спецификаси, маънавий-маърифий, бадиий-психологик функцияси энг қадимги замонларга, ҳатто инсоният ҳаётининг ибтидосига бориб тақалади. Шу маънода илк ҳикоя тушунчаси хронотопи (макон-замони) Одам ато замонидан ҳам олисроққа кетади.
Ҳикоя жанри барча адабий жанрларнинг синкретик шакли сифатида лирика, драма ҳамда эпосга хос элементларни синтез қилиши билан бирга, юзаки қараганда ноадабий, аммо моҳият эътибори билан умуминсоний, демакки, адабий, фалсафий, илоҳий элементларга бой эканлиги ҳам юқоридаги фикримизни қувватлайди.
Жаҳон романи структурасига хос ошиқ-маъшуқа-рақиб учлиги, муҳаббат, ҳижрон, висол мотивлари аро систематик муносабат бевосита илоҳий ибтидо режаси билан боғлиқ бўлиб, бунинг бевосита ёзувдаги ифодаси “Забур”, “Таврот”, “Инжил”, “Қуръони карим” сингари илоҳий китоблардан энерция олганидек, илк ҳикоянинг асосларини ҳам мана шундай хронотоп кенгликларидан излаш мақсадга мувофиқдир. Дарҳақиқат, илоҳий китобларда Яратган башарият орасидан танлаб юборган пайғамбарларига космик тизимдаги муайян воқеани юксак этика ва эстетик жиҳатдан баркамол шаклда (“Қуръони карим”да иъжоз мақомида),  ибрат ўлароқ ҳикоя қилиб беради. Мана шу илоҳий ибрат негизида ҳикояга хос барча бадиий компонентлар, поэтик канонлар, умумэстетик концепциялар, ўтмиш ва келажакка доир илмлар мужассам эдики, табиатан “буюк тақлидчи” (Ницше) бўлган инсон ҳикоянинг мукаммал намунаси сифатида бу манбага таянмаслиги мумкин эмасди.
Кейинчалик, тақрибан ҳар бир илоҳий китоб ёки пайғамбар орасида ўтган, башарий жоҳилият ҳукм сурган мавсумларда “ҳақиқатдан хабар берувчи ёлғон” (Аристотель) – мифлар пайдо бўлди. Бизгача етиб келган оғзаки ва ёзма шаклдаги мифологик манбаларни кузатганимизда уларнинг таркибида бир учи илоҳиётга, бошқа учи хурофий тасаввурлар ва реал ҳаётий унсурларга боғланган ҳикояларга қайта-қайта дуч келамиз. Жўн материалистик дунёқараш ҳукмрон бўлган даврларда мифларни инсон бадиий тафаккури ва илоҳий китобларнинг илк шакли сифатида тушунтирилганини бугун кўпчилик яхши эслайди. Бироқ ҳақиқатнинг ўлмаслиги шундаки, ақлий тараққиётнинг юксак чўққиларини эгаллаган XXI одами ҳам бугун мифологик ҳикоялар асосида кодланган сирларни кашф этароқ ҳайрат бармоғини тишлашдан бошқа чора топа олмаяпти. Машҳур мифшунос Ж.Ж.Фрэзернинг “Катта Аҳдда фольклор” (Джеймс Джорж Фрэзер. Фольклор в Ветхом завете.-М., 1990) номли асарида қайд этилишича, жаҳон мифологиясида - илоҳий китоблар ҳақиқатини баён этган, замонавий фан реаллигини исботлаган - Нуҳ (а.с.) тўфонига доир юзлаб ҳикоялар мавжуд. Шу далилнинг ўзи ҳам ўтган аср марксчи ва ленинчиларининг миф ҳақидаги ўринсиз даъволарини йўққа чиқаради.
Шу тариқа, миф ва дин мотивлари таъсирида аввалига фольклор, кейинроқ эса ёзма адабиёт жанри сифатида шаклланган ҳикоя ўзининг прфессионал ижодкорларига, хилма-хил мактабларига эга бўлди. Адабий-тарихий  жараённинг турли даврларига хос эстетик талаб ва эҳтиёжларни ифода этувчи жаҳон ҳикояси энциклопедияси майдонга келди.
Ғафур Ғулом нашриёти томонидан муҳтарам ўқувчига туҳфа этилаётган “XX аср жаҳон ҳикояси” мана шундай улкан тарихий жараёнда бунёд бўлмиш улкан бадиият денгизидан бир томчи холос. Аммо бу шундай томчики, унда улкан бир уммон акси айнан она тилимизда намоён бўлади.
Билишимча, жаҳон ҳикояларини мавзу ва мундарижа, миллий адабиётлар,  муаллифларнинг хилма-хиллиги жиҳатидан бир қадар кенгроқ мужассам этган тўплам шу пайтгача бўлган эмас. Борлари ҳам ўзида замонаси руҳини муҳрлагани боис шундай тўпламларнинг ўтмишдаги бир босқичига айланди. Албатта, бу тўплам ҳам йиллар ўтиб кейинги нашрлар учун зинапояга, маълум маънода ўтмишга айланади. Лекин бугун китобнинг тўпловчилари, ноширлари ва масъул муҳаррирлари имкон даражасида энг замонавий, бадиий жиҳатдан мукаммалроқ ҳикояларни жамлашга уринганлари кўриниб турибди. Қолаверса, бундай нашрларнинг муваффақияти ўзбек таржимачилиги, матбаачилиги, ҳатто бугунги бадиий тафаккурнинг даражаси, ютуқ ва камчиликлари билан бевосита боғлиқдир. Китобга кирган ҳикоялар, асосан, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” сингари вақтли матбуот нашрларидан олинган. Шунингдек, китобда Ваҳоб Рўзматов, Низом Комилов, Учқун Назаров каби устоз таржимонлар асарларидан намуналар берилиши билан бирга, Алишер Отабоев сингари оригинал матн билан ишлашдек машаққатли меҳнатга бел боғлаган умидли ёшлар қилган таржималарга ҳам дуч келамиз. Бу эса, ўз навбатида, XX аср ўзбек таржимачилиги хусусидаги тасаввурларимизни кенгайтиради ва муайн маънода муқояса имконини беради, келажакда қилинажак ишлар кўламига сезиларли таъсир этади. Ҳар бир ҳикоя бошида муаллифга оид қисқа энциклопедик маълумот берилгани ҳам китобнинг илмий-адабий қимматини оширади.
Илло, китобга кирган барча таржималар ҳам ҳазрат Навоий ижод қилган туркий тил имкониятларини намоён этади, деган фикрдан йироқмиз. Таржималар орасида услуб, сўз қўллаш, поэтик тасвир воситалари, психологик талқин, товушлар мослиги ва умумструктур тизим жиҳатидан  қайта ишлаш мумкин бўлган асарлар ҳам бор. Китобга кирган ҳикояларнинг барчаси ҳам катта адабиёт мезонларига дош бера олмайди. Ҳатто баъзи асарлар ўрнига ўзбекча таржимаси мавжуд бўлган бошқа, бадиий савияси юксакроқ асарларни киритиш мумкин эди. Аммо  бу ўринда тўпловчи ва ноширлар   имкон қадар адабий жараён учун янги, шу билан бирга асар ёзилган – оригинал тилдан қилинган таржималарни жамлашни мақсад қилганлари сезилиб туради. Бундан ташқари ушбу китоб “XX аср жаҳон ҳикояси” рукнининг дебочаси холос. Ўйлайманки, ўқувчининг ушбу рукн давомли бўлади, деган ишончига заҳа етмайди, бундай хайрли иш ҳали давом этади.
Шубҳасиз, китоб шу ҳолатида ҳам XX аср жаҳон халқлари бадиий тафаккури, ботиний олами, маънавий дунёси ва кечмишлари ҳақида маълум тасаввур беради. Хусусан, китобдан ўрин олган Сомерсет Моэм, Жек Лондон, Эрнест Хемингуэй, Уильям Фолькнер, Нодар Думбадзе, Рюноске Акутагава, Умар Сайфиддин, Михаил Шолохов, Ноколай Гумилёв, Ҳерман Ҳессе ҳикоялари нафақат муайян давр ёҳуд миллат, балки умумбашарият мулки ҳисобланади. Айнан шундай асарларда юқорида қайд этилган поэтик кўлам, умумбашарий қамров, юксак ахлоққа доир муаммолар акс этади ва айнан шу каби асарлар ҳудудсиз макон ва замон кенгликларида XX аср жаҳон адабиёти қиёфасига муносиб чизги бўла олади. Айнан шу каби асарлар буюкликда соддаликни, ўтмишда келажакни, келажакда кечмишни, нафратда муҳаббатни, ўлимда ҳаётни, изтиробда лаззатни ифода этади.
Балиқнинг ягона орзуси уммон бўлганидек, ҳақиқий китобхон бир умр асл адабиётга нисбатан бемисл ташналикни ҳис этиб, катта адабиётга интилиб яшайди. Тилагим, XXI аср ўзбек ўқувчисининг катта адабиёт сари қўйган қадами қутлуғ бўлсин...

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари номзоди,
ЎзМУ доценти
(04.08.2009)