Яссавий ва яссавийшунослик: натижа ва баҳслар

Аҳмад Яссавий – туркий халқлар орасида янги бир тасаввуфий тариқат яратган ва тасаввуф шеъриятга асос солган машҳур мутасаввиф ижодкор. У ҳозирги Туристон, қадимги Ясси яқинидаги Сайрам шаҳрида тахминан XI асрнинг иккинчи ярмида таваллуд топган. Отаси Шайх Иброҳим жавонмардлик тариқига мансуб нуфузли зотлардан бўлган. Онаси эса Мусо Шайхнинг қизи Ойша Хотун эди. Аҳмад туғилгач кўп ўтмай онаси вафот этади. Етти ёшида у отасидан ҳам ажралади. Унинг тарбияси билан Гавҳар Шаҳноз исмли опаси машғул бўлади. У етимлик азоб ва қийноқларини бошдан кечирганлиги боис ҳаам ҳикматларида мана бундай фикрларни баён этган эди:
Оқил эрсанг ғарибларни кўнглин овла,
Мустафодек элни кезиб етим ковла.
Дунёпараст ножинслардан бўюн товла,
Бўюн товлаб дарё бўлиб тошдим мано.
Аҳмад опаси билан Яссига кўчиб боргач, биринчи устода Арслон боб билан учрашади ва ундан таҳсил олади. Ҳикматлардан бирида бу ҳақда:
Етти ёшда Арслон бобом излаб топди,
Ҳар сир кўриб, парда бирла букуб ёбти, -
Дейилишига қараганда Яссавий Яссида чоғларидаёқ ботин илми сирларини анча пухта ўзлаштирганки, буни қуйидаги сўзлар ҳам тасдиқлайди:
Саккизимда секиз ёндин йўл очилди
Ҳикмат айт, деб бошларимда нур сочилди…
Ўша замонларда илм-маърифатнинг Мовароуннаҳрдаги марказларидан бўлган Бухорода Туркистоннинг турли томонларидан толиби илмлар  йиғилишган. Бухорда у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганган. Форсийда яратилган тасаввфий адабиёт билан танишган. Хожа Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барроқий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олган.
Алишер Навоий Яссавий тўғрисида «мақомати олий ва машҳур, каромоти мутаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси достонида ниҳоятсиз эрмиш», - дейди. Бу фикр Яссавийнинг Яссига қайтиб келиб янги бир тариқатга асос солган муршид сифатида шуҳрат топган даврларига тегишлидир. Туркий халқларни исломга янада кенгроқ жалб қилиш ва тасаввуф ғояларини омма кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеъриятдан ҳам фойдаланган.
Абдурауф Фитратнинг таъкидлашича, Яссавийнинг «адабиётда тутган йўли содда халқ шоирларимизнинг тутғон йўлидир… Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар».
Яссавийни «турк шоирларининг доҳийларидан», деб таърифлаган Абдураҳмон Саъдий ёзади: «Яссавий турк қавмларининг ҳақиқий маъноси билан чин шоирларидан (лирик) ва классик шоирларидиндир. Ул ғоят ҳассос, илҳом ва хаёли ғоят табиий ва енгил ўқишли бир шоирдир. Яссавийнинг юраги буун умрига руҳий ва маънвий ишқ билан ловуллаб ёнатурғон шеърий бир ўтдир».
Аҳмад Яссавий нуқтаи назарида ҳикмат – «илми ладуний», яъни илми ғайбу ҳақойиқ ва илоҳий сирларни кашф айлаш мазмунига ҳам эга.
Яссавийнинг ўзи «Девони ҳикмат» номи ила бир китоб яратмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан тартиб берилган. Лекин бу нарса ҳикмат мажмуасининг Яссавийга алоқаси йўқ деган даъвони илгари суришга асос бермайди. Сўфи Оллоёр Яссавий ҳақида фикр билдириб, яна шундай деган:
Шариатда эди ул офтобе,
Қолибдур бизга ул эрдин китобе.
Бу китоб ҳанузгача аҳли ирфон кўнглини завқлантириб келаётган тариқат, маърифат, ҳақиқат сирлари ёритилган «Девони ҳикмат»дир. Унда илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари ниҳоятда самимий ва таъсирли оҳангларда ёритиб берилган.
Ҳикматлардаги нафсни поклаш орқали ахлоқ гўзаллигига эришиш, кўнгил ва руҳ тазкиясига комилликнинг олий натижаси сифатида қарашга чорловчи фикрлар барча даврлар учун ҳам бир ҳилда аҳамиятлидир.
Дардсиз одам одас эрмас, муни англанг,
Ишқсиз одам ҳайвон жинси, муни тингланг, -
Деёди Яссавий ва инсон моҳиятини изчил тарзда ишқ «ойна»сида тасвирлаб беради. «Девони ҳикмат»даги барча шеърлар ҳам Яссавийга мансуб эмас. Унда Яссавий издошларининг ижод намуналари ҳам киритилган. Бу эса, табиийки, ҳикматлар тили ва услубида маълум ўзгаришлар ҳосил қилган. Лекин Яссавийнинг ўналаб издошларидан ҳеч бири устозлари бошлаган ғоявий, ахлоқий, маънавий йўналишни ўзгартирмаган. Буни Яссавий ҳаёти, тариқати ва ижодиётидан баҳс юритилган ўнлаб қадимий манбалар, аниқса, Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул аброр мин амвожил биҳор» асари ҳам тўла тасдиқлайди.
Анча узоқ вақт мобайнида Яссавий ҳаёти ва ижодиётини илмий жиҳатдан тадқиқ этишга имкон берилмаган. Асарларини нашр этишга йўл қўйилмаган. Ўтган асрнирнг 70-йилларида Яссавийнинг миллий маданият, тил ва адабиёт тарихидаги хизматларини тўғри баҳолаш йўлидаги уринишлар эса қораланди. Мустақиллик арафасида, хусусан, Ўзбекистон истиқлога эришгандан кеёин яссавийшуносликда янги давр бошланди. Дастлаб турли газета ва журналларда «Девони ҳикмат»дан намуналар эълон қилинган бўлса, 1990-92 йилларда унинг мустақил нашри китобхонлар қўлига етказилди. 1993 йилни «Аҳмад Яссавий йили» деб белгиланиши нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа туркий жумҳуриятларда, Хусусан Туркияда ҳам бу буюк мутасаввифнинг ҳаёти, адабий-маъруфий фаолияти, издошлари хизматига қизиқишни кучайтириб юборди. Худди шу йили Ўзбекистон ва Туркияда Яссавийга бағишлаб илмий анжуманлар ўтказилиб, маърузалар матни алоҳида мажмуа шаклида чоп этилди. Матбуотда Яссавийнинг шахсияти, тариқати, шеъриятидан баҳс юритилган ўнлаб мақолалар босилиб чиқди. Ўзбекситон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Аҳмад Яссавий номида махсус мукофот таъсис этилди. Султон ул-орифин камолотининг юксакларга кўтарилишига гувоҳ бўлган ва жасади дафн этилган кўҳна Ясси шаҳрида эса Аҳмад Яссавий номидаги университет мавжуд.
Яссавий ва бевосита яссавийшуносликка дахлдор тадқиқотларнинг сони йилдан-йилга чет элларда ҳам ортиб бормоқда.

***
***                ***
Туркий халқлар тарихи – маданият, маънавият, маърифат, адабиёт, санъат, мусиқа ва сиёсат жиҳатидан энг ибратли ва жаҳоний диққат-эътиборга лойиқ тарих эрур. Бу тарих дунёда номи ўчмас буюк алломаларни, адабиёт ва санъат дарғаларини, одил ҳукмдор ва ватанпарвар қаҳрамонларни етиштириб берган. Туркий халқлар тарихида юксак маънавий нуфузга эришган ва тафаккурнинг беҳад кенг сарҳадларини эгаллагн буюк зотлар беҳисобдир. Лекин айнан Ҳожа Аҳмад Яссавийга ўхшаб асрлар мобайнида таруий қавмлар ва элатлар руҳоний ҳаётига раҳнамолик қилган, то шу кунга қадар тасаввуф, адабиёт, маданият, маънавият, ҳатто сиёсат жабҳасида ҳам таъсирини ўтказиб келган сиймоалр бармоқ билан санарли.
Аҳмад Яссавий ҳазратлари фақат янги тариқат асосчиси сифатида эмас, балки туркий тасаввуф шеъриятининг биринчи ижодкори сифатида ҳам такрорланмас ва унутилмас тарихий вазифани адо айлаган эди.
Туркий тил гўзал, қудратли, таъсирчан ва бағри кенг тилдир. Бу тилда қадим замонларда буддавийлик, моний динига доир матнлар шарҳланган. Бу тилда бошқа динларнинг ҳақиқатларини ифодаловчи шеърлар ёзилган. Аммо Аҳмад Яссавий ўз она тилини илк бора тариқат тили мақомига кўтарди. Уни араб ва форс тасаввуф тили даврасига қўшди. Шунинг учун Пири Туркистоннинг шеърларидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ибора ислом ҳақиқатлари қадар муқаддас, нурли ва илоҳийдир. Буни Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асаридаги мана бу фикрларидан ҳам билиш қийин эмас:
«Хожа Аҳмад Яссавий – туркистог мулкининг шайхул машойихидур. Мақомоти олий ва машҳур, каромоти мутаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш. Имом Юсуф Ҳамадонийнинг асҳобидиндур. Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний била суҳбат тутубтур ва Хожа Абдуллоҳ Баррақий ва Хожа Ҳасан Андақий билаки Имом Юсуф Ҳамадоний муридларидурлар, аммо ҳар қайси бийик маротибға етибдурлар, мусоҳиб бўлубтур, ва рўзгор машойихидин кўп бузургворлар анинг тарбиятин топибтурлар ва Шайх Разиддин Али Лоло Шайх Нажмиддин Кубро хизматиға етардин бурун Хожа Аҳмад Яссавий хизматида бўлуб эрди ва анинг хонақоҳида анинг иршоди ибла сулук қилибтур.
Ва анинг мазори Туркистонда Ясси деган ердаки, анинг мавлид ва маншаидур воқеъ бўлубтур вав Туристон аҳлининг қиблаи дуосидур».
Аҳмад Яссавийнинг туркий адабиётдаги тарихий хизмати фақат ҳикматнавислик анъанасини бошлаб берганлиги билан чегараланмайди, албатта. «Девони ҳикмат»да муножот, қасида, мунозара жанри талабларига мувофиқ келадиган шеърлар қаторидан бир «Меърожнома» ҳам ўрин олган. Яссавийнинг Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом мадҳ этилган манзумалари ўз давридан бошлаб ҳанузгача ўқувчи кўнглини илҳомланитириб келган ва ҳар қиндай руҳониятчи ижокорга таъсир кўрсатишга қодир асарлардир. Хуллас, Ясавийнинг ижодиётиадабиётмиз тарихида ҳам, халқимиз тарихида ҳам хос мавқега эга. Шунинг учун Яссавий ҳаёти, сару сулук йўли, ишқ ва ирфоний мазмундаги шеърияти неча асрлардан буён туркий халқларнинг қилиб келмоқда.
Яссавийни билиш – бу энг аввало Шариат, Тариқат, Маърифат ва Ҳақиқатни билиш демак. Яссавийни билиш – бу инсон Ақли, Қалби ва Руҳи сирларини теран англаб комиллик мақомидан огоҳ бўлиш демак. Яссавий адабий меросига қизиқиш – бу Аллоҳ ва инсон муносабатига қизиқиш, қулнинг Яратувчига бўлган ишқини англашнинг айнан ўзидир. Бизнинг аждодларимиз маънавий-ахлоқий ниҳоятда муҳим ўрин ишғол этган Аҳмад Яссавий ижодиёти шўро тузуми даврида таҳқирланиб, халқдан ажратиб қўйилган эди. Бу эса омма кўнглида диний ҳис-туйғуларнинг сусайиишга сабаб бўлганди. Чунки олис ўтмиш замонларда халқни ботил оқимлардан ҳимоя қилиб, шиалик, қизилбошлик, ҳайдарийлик ақида ва даъволарига қарши қалқон вазифасини бажарга яссавия таълимоти шўролар зулми билан миллат истиқболи учун хизматдан маҳрум қилинди.
Дунёда улуғ бир туйғу бор. Бу – Ваҳдат, яъни Бирлик туйғуси. Бир маслак, эътиқод ва дунёқараш атрофида неча минглаб кишиларни бирлаштириш ва эзгу амалларга  сафарбар айлаш учун энг аввало ана шу туйғуни камолга етказмоқ зарурдир. Аҳмад Яссавий ҳам тариқат асосчиси, ҳам ижокор, ҳам муршиди комил ўлароқ худди мана шу мураккаб вазифани тўла-тўкис амалга оширишга эришолганди. Аҳмад Яссавий меросидан йироқлашиб бўлмасликнинг сабабларидан бири ҳам ана шудир.
Аждодларимиз маънавий-ахлоқий қисматида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган Аҳмад Яссавий ижодиётини халқдан ажратишга қанчалий уринилмасин, улуғ бобомизнинг муборак номи ва шеърлари элимизнинг кўнглида ва хотирасида яшаб келди. Шунинг учун қайта қуриш ва ошкоралик даври бошланишиданоқ амалга оширилган ищлардан бири «Девони ҳикмат»ни нашрга тайёрлаб, кенг ўқувчилар оммасига етказиш бўлганди.
Яссавийнинг ҳайти, тасаввуфий ва адабий меросини ўрганиш ўзига хос бир жараёндирки, унинг илдизлари олис даврларга бориб туташади. XX асрга келиб яссавийшуносликда кескин бир ўзгариш, зиддиятли бир эврилиш ьҳосил бўлди. Чунончи, Яссавийнин олқишлаш билан бирга таҳқирлаш ҳам бошланиб, бу ҳодиса шўро давлати барҳам топгунига қадар давом қилди. Мана ўшандай бир шароитда қардош Туркия диёри буюк бобомиз Аҳмад Яссавийнинг қутлағ номи, шарафи ва меросини муҳофаза этишнинг дахлсиз қўрғони бўлганди. Бу ҳам тасодифий ҳол эмасди. Зеро, турк тадқиқотчилари такрор-такрор эътироф этганларидек, Онадўлида исломнинг мустаҳкам қарор топиши, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётнинг ўнгланишида Хожа Аҳмад Яссавий мафкураси ҳамда яссавия дарвешлари фаоллий кўрсатишганди. Муҳаммад Сархон Тайший, Мекоил Байрам, Аҳмад Яшар Ўчоқ, Мустафо Қара, Усмон Турар, Ҳасан Комил Йилмаз каби олимларнинг мақолаларидаги фактлар бунга далилдир. Жумладан, Мустафо Қара Аҳмад Яссавий таълимоти усмонли давлатининг маънавий пойдевори бўлганлигини қайд этса, Ҳасан Комил Йилмаз Авлиё Чалабийнинг «Саёҳатнома»сига асосланиб, яссавийя издошларининг касб-ҳунар қўшган ҳиссаларидан баҳс юриади.
Маълумки, машҳур олим Муҳаммад Фуод Купрулининг 1918 йилда ёзилган «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» китоби яссавийшуносликда алоҳида ҳодиса бўлганди. Тан олиб айтиш керакки, ҳанузгача на Туркияда, на туркий халқлар истиқомат қиладиган бошқа ўлкаларда «Илк мутасввифлар»га тенг келадиган ва у қадар машҳур бўлган иккинчи бир тадқиқот яратилгани йўқ. Қолаверса, ўттизинчи йиллардан то етмишинчи йилларгача Яссавиф ижодиётини тадқиқ этишда Туркияда ҳам қандайдир турғунлик ҳукм сурганди. ПпофессорКамолЭраслон нашрга тайёргалаган «Девони ҳикмат»дан сочмалар» митобининг чип этилиши билн аҳвол бир қадар ўзгарди. Ясмда Аҳмад Яссавий идотиётига яқинлишиш, кенг омма нигоҳини унга қаратиш эҳтиёжи олтмишинчи йилларнинг охирларида Ўзбекистонда пайдо бўлганди. Бу даъвонинг ёрқин далили сифатида филология фанлари доктори, марҳум профессаор Эргаш Рустамовнинг «Аҳмад Яссавий ҳикматларида тарих ва ҳаёт садоси» номли мақоласини айта оламиз. «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг 1972 йил 4–5-сонларида босилган ушбу мақола учун муаллиф ноҳақ танқидларга гирифтор этилган бўлса-да, ўзининг амалий хизматини бажарган эди. Шунинг учун биз уни айрим қисқартиришлар билан қўлингиздаги ушбу тўпламга киритдик. Ҳақиқатнинг қарор топиши учун жабр чеккан улкан олимимизнинг руҳлари бундан шод бўлур, деган умиддамиз.
Собиқ шўро давлати қарамлигида яшаган қардош жумҳуриятлар мустақилликни қўлга киритгача, Аҳмад Яссавий шахсияти ва ижодиётига қизиқиш ўз-ўзидан кучайди. Натижада 1993 йил Аҳмад Яссавий йили деб эълон  қилинди. 1991-93 йиллар оралиғида туркий халқлар олимлари томонидан Яссавий ҳаёти, тариқати ва шеъриятига доир юзлаб мақолалар эълон қилинди, илмий анжуманлар, йиғинлар ўтказилди. Туркияда бир неча алоҳида илмий тўпламлар нашр этилди. Аҳмад Яссавий вақфи тузилиб, унинг нашри ўлароқ «Яссавий» журнали чиқарила бошланди. «Девони ҳикмат» бир неча олимлар томонидан чоп этилди. Сизнинг диққатингизга ҳавола этилаётган мазкур тўплам 1993 йил 1-2 май ва 25-26 ноябрь кунлари Истанбул ва Измир шаҳарларида Аҳмад Яссавийга бағишлаб ўтказилган конференция материалларидан таркиб топгандир. У 1996 йилда «Сахо» нашриётида китоб бўлиб чиққан.
Унинг сўзбошисида профессор, филология фанлари доктори Маҳмуд Асъад Жўшоннинг шундай фирлари берилган:
«Бу асар зоти муҳтарам Аҳмад Яссавий ҳақида қилинган жиддий тадқиқотлар, илмий маърузалардан иборатдир. Шу боис уни жуда фойдали ва муҳим бир асар дейиш мумкин. У яссавийшуносликдаги катта бўшлиқни тўлдиради ва қизиқувчилар учун ишончли манба вазифасини ўтайди. Бугунга қадар бундай китоб дунё юзини кўрмагандир».
Бизнинг диқаттимизни ўзига тортган ва ушбу тўпламни ўзбек тилида чоп этишга рағбатлантирган асосий жиҳат ҳам ана шудир. Ҳақиқатда ҳам, ундаги айрим мақолалар Яссавий ижодиётига янгича муносабат, талқин ва таҳлилларининг ўзига хослиги билан диққатни жалб этадики, буни алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ўринда Анқара университети профессори, илоҳиёт фанлари доктори Адҳам Жабажиўғлининг, Салжуқ дорилфунуни доктори Мекоил Байрам ва Арзирум Отатурк универитетининг профессори Усмон Турарнинг турк дунёсида исломнинг илдиз ёйишида Яссавийнинг тарихий хизматларини ёритишга бағишланганмақолаларини тилаг олишни истардик. Шунингдек, тўпламдаги мақолалар яна икки масалада ўқувчининг билим ва тасаввурини бойитади, дейиш мумкин. Булардан бири, яссавия тариқатининг Ўрта Осиёдан ғарбда Болқонгача, шарқда Чингача, шимолда Мосвагача тарқалиш жуғрофияси, иккинчиси, Яссавий ижодиётининг умумтурк адабиёти тараққиётидаги таъсири ва мавқеи. Бу икки масала ҳанузгача махсус тадқиқ этилгани йўқ. Шунинг учун Аҳмад Яссавийнинг ижод тажрибалари фақат унинг издошларигагина таъсирини ўтказган, деган фикр-мулоҳазалар илгари сурилган. Ҳолбуки, туркий адабиёт тарихида Аҳмад Яссавий сўзларидан илҳомланмаган, буюк пирнинг тасаввуфий шеърифт мактабидан сабоқ олмаган етук шоир ёки ёзувчини топиш душвордур. Усмонли турк тадқиқотчиларидан Мустафо Узун, Мустафо Таҳрали, туркман олими Қурбонтурди Гелдиев, татар олимаси Алфина Сиғбатуллиналарнинг ишлари айнан шу муаммони ҳал этишга хизмат қилади.
Профессор Фарид Ҳакимжоннинг хулосасига кўра, Хожа Аҳмад Яссавий ва унинг буюк издоши Сулаймон Боқирғонийнинг асарлари булғор диёрида ғоят кенг танилган. Улар ҳикматларининг тили таълим-тарбия ва бадиий ижод учун намуна ўрнида қабул қилинган. Унингча, «Яссавий ҳикматларининг Идил бўйларида кенг тарқалиши, шоирлар, адиблар, айниқса, зиёлилар учун ёзма тил намунасигина эмас, балки янги пайдо бўлган тасаввуфий туйғулар ва фикрларни қабул қилишда ҳам ўрнак эди».
Алфина Сиғбатуллинанинг таъкидлашича, Идил ирмоғи Мовароуннаҳрга қатнайдиган катта савдо йўлининг маркази ҳасобланган. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари эса, Ҳазрат Султон тириклигидаёқ, Ўрта Осиё тужжорлари воситасида Идил бўйларидаги булғор давлатида машҳур бўлган. У ёзади: «Олтин Ўрда хонлиги даврида яшаб ижод қилган Маҳмад Булғорий («Наҳжул-Фародис»), Қутб («Хусрав ва Ширин»), Ҳусом Котиб («Жимжима Султон»), Али («Кесикбош»)нинг асарларида, шунингдек, муаллифи номаълум «Қиссаи Овиқ» ва Сайфи Саройи шеърларида Хожа Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғоний асарларининг таъсирин очиқ кўриш мумкин».
Туркман олими Қурбонтурди Гелдиевнинг фикр-мулоҳазалари ҳам мана шу эътирофларга уйғун келади. У Аҳмад Яссавийнинг ижод тажрибалари Саййидназар Сайдий, Толибий, Котибий, Зинҳорий, Камина, Мулланафас, Мискинқилич сингари шоирларгагина эмас, балки туркман шеъриятининг буюк вакили, оташнафас санъаткор Махтумқули ижодига ҳам кучли таъсир ўтказганлигини баён қилади. Лекин мақоладаги Туркманистон Фанлар Академиясининг қўлёзмалар институтида «Девони ҳикмат»нинг юздан ортиқ нусхалари мавжудлиги ва «Яссавий қўлёзмаларининг деярли барчаси XIV асрда кўчирилган» деган фикрлари бизга шубҳали туюлди.
Яссавий ҳикматларининг у ёки бу шоир ва ёзувчи ижодиётига туъсири ўрганилганда, «Двони ҳикмат»нинг бадиий хусусиятларига кенгроқ ва изчилроқ таяниш лозим бўлади. Бунда, айниқса, ҳикматларнинг тасвир усуллари, диний-тасаввуфий тимсоллари, мажозий ва рамзий ҳақикатларини тадқиқ этиш жуда яхши самар бериши шубҳасиздир. Лекин баъзи уриниш ва ишлар инобатга олинмаса, «Девони хикмат» поэтикаси ҳанузгача кенг бир миқёсда текширилгани йўқ. Ҳикматларнинг ўнлаб тааввуфий истилоҳ ва тимсолларига доир шарҳ ва талқинлар тўпламдан жой олганки, улар ҳар қанадй ўқувчини ҳам қизииқтиришга қодир деб ўйлаймиз. Масалан, Мустафо Таҳрали ҳикматларда қайта-қайта дуч келинадиган «ло макон» калимасига шундай изоҳ беради:
«Ло макон – «ваҳдат шароби» ичилиб, «иккилик» ўртадан кўтарилган бир мақомдир:
Ишрат қилиб, ваҳдат майидин тўё ичдим,
Ло маконда Ҳақдин сабоқ олдим мано.
Мутасаввифларга кўра Яссавийнинг «олгани» «ло макон» рамзий тарзда англатилиш кўзланган кўнгил оламидир. Чунки замон ва макондан ташқарида бўлган жабарут оламининг нурлари ва лоҳут оламининг сирлари «кўнгил»да тажалли этади. Зеро, пайғамбар алайҳиссаломга нисбат этилган қуйидаги қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло бундай буюуради: «Мен на арзимга ва на осмонимга сиғаман. ФФФақатгина мўмин бандамнинг қалбига сиғурмен». Шундай экан, замон ва макондан муназзаҳ бўлмиш Ҳақ таолога маскан бўлган кўнгил замон ва макондан озоддир. Демак, «ло макон» ваҳдат олами бўлиб, у зуҳур этадиган жой ирфон соҳибларининг кўнгилларидир.
Маълумки, Ўрта Осиё тасаввуф тарихида Юсуф Ҳамадонийнинг номи ва хизматлари алоҳида мавқега эга. Ҳамадоний XII асрнинг энг атоқли алломаларидан, Марв, Ҳарот, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида истиқомат қилиб, ўзининг тасаввуфга доир илмий фикр-қарашларини тарғиб этган. Унинг Бухоро ва Самарқандни кўчманчилар босқинидан мудофаа этишда қатнашганлиги тарихий китобларда қайд қилинган. Аҳмад Яссавийнинг ҳам, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳам муршиди Юсуф Ҳамадоний бўлганлиги учун нақшбандия тариқатининг тамалида яссавийликка яқинлик, янада аниқроғи, мафкуравий вобасталик мавжуддир. Бу ҳақда ўз вақтида Ф.Купрули, В.А.Гордлевский қаби таниқли тадқиқотчилар фикр билдиришган ва нақшбандийликнинг умумий йўналиш эътибори билан яссавийликдан кўп фарқ қилмаслигини қайд этиб ўтишган. Тўпламдаги бир неча мақолаларда шу нуқтаи назар ривожлантирилган мулоҳазалар ўрин олган. Масалан, Муҳаммад Темирчи Хожи Бектоши Валий яссавийликдан адаб қонун-қоидаларини ўзлаштириб, инсоннинг қўлига, тилига, белига ҳоким бўлишини асослаган бўлса, нақшбандийлик ҳилм, гўзал ахлоқ, инсоннинг тупроқдек хокисор, қуёшдек жўмард бўлиш тушунчасини олган, дейди. Мекоил Байрамнинг ёзишича, Амир Темур замонларида нақшбандийликка яссавийликнинг давоми сифатида қаралиб, бу икки тариқат ҳам теппа-тенг ҳимоя қилинган. Ҳатто, тарихда баъзи шайхларнинг ҳам яссавийлик, ҳам нақшбандийлик сулукига мансублиги бу икки тариқат орасига сунъий тўсиқлар қўйиб бўлмаслигини тасдиқлайди. Масалан, Фаранг шарқшуноси Тьерри Заркон «Хазинтул асфиё»га таяниб, яссавийлик ва нақшбандийликнинг бирлашувига мисол ўлароқ Хожа Ҳофиз исмли яссавия дарвешининг айни пайтда нақшбандий ҳам бўлганлигин ёзади.
Яссавийшуносликда пухта ўрганилиши ва ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар кўп. Шулардан бири, Аҳмад Яссавий авлодларига тегишли. Кўпгина илмий, тарихий, манқабавий маълумотларда Яссавийнинг Иброҳим номли бир ўғли ва Гавҳари Хушноз исмли қизи бўлганлиги қайд этилган. Мавлоно Сафийуддин Қўйлоқийнинг «Насабнома» асарининг нусхаларидан бирида Яссавий фарзандларининг номлари Шайхзода ва Гавҳари Хуштож деб зикр этилган. «М.Ф.Купрули айтганидек, анъанага кўра, Аҳмад Яссавийнинг кичик ёшда вафот этган Иброҳим отли ўғли бўлган. «Насабнома»нинг «Ч» нусхасида номи қайд этилган Шайхзода ўша Иброҳимми, бошқами, буни айтиш қийиндир», - дейди К.Эраслон. «Насабнома» нусхалари Аҳмад Яссавийнинг опаси Гавҳари Шаҳноздан маълумот бермайди. Фақат «Жавоҳир ул-аброр»да унинг номи Гавҳари Шаҳноз дея тилга олинган. Яссавийнинг ҳаёти ва шахсияти афсона ва ривоятлар билан бурканиб кетганидек, унинг фарзандларига доир ҳақиқатни ҳам афсона ва ривоятлардан ажратиш анча мушкулдир. Масалан, айрим манқабаларда Яссавийнинг Ҳайдар ота деган ўғли тўғрисида равоятлар берилган. Эмишки, Рум диёрини исломлаштирмоқ учун борган Ҳайдар ота мужоҳада пайтида асир тушади. Масофа бўлишига қарамасдан, отаси воқеадан огоҳ бўлади ва «уф» дея ўғлининг ҳибс этилганлигини айтади. Ниҳоят уни озод қилади. Ҳайдар ота падари бузрукворининг зиёратига келгач, такрор Румга равона бўлади. Охири ўша ерда муқим ўрнашиб қолади. Т.Ҳикматнинг гувоҳлик беришича, «халқ орасида 1960 йилларгача сўзланиб келингна бу ривоятлар Ҳайдар отанинг Онадўлига ташриф уюрган илк эранлардан эканлиги, яссавийнинг ўғли ўлароқ танилиши ва Ҳожи Бектоши Валидан олдин Туркистондан келганлигини англатиш жиҳатидан аҳамиятлидир».
Ф.Купрули ҳам Ҳожи Бектош «Валоятнома»сидан нақлан Яссавийнинг Ҳайдар отли бир ўғли бўлганлиги, аммо ўн икки ёшда Онадўлига исломни тарқатиш мақсадида борганлиги, аммо Оллоҳни номини хотирлашни унутганлиги учун асир тушганлиги ва уни Ҳожи Бектош халос қилганлигини ёзади. Демак, бу маълумотларда тарихий ҳақиқатнинг излари ўрин олганлиги эҳтимолдан йироқ эмас. Аҳмад Яссавийнинг ёш чоғидаёқ вафот этган ўғли Иброҳимга келсак, у ҳали мусулмонликка иқрор бўлмаган суйри халқи томонидани ўлдирилади ва боши бир қопга солиниб, Ҳазрати Хожанинг олдига келтириб ташланади. Бу ҳақда «Жавоҳир ул-аброр»да ўқиймиз:
«Қавми мунофиқи қаряйи Сури эшитдиларки, шаҳзода Иброҳим бир терак тагида ётибдур. Бошини кесиб шайхул-машойих қуддиса сирруҳуни ҳузурида буҳузур қилмоқ учун келтуруб ташладилар. Шайхул-машойих сўрдиларки: «Недур бу дастмолдаги?» Демишлар: «Янги етишган қовун турфанда армуғондур». Буюрмишларки: «Етилса эди, гўзал бўлурди». Алҳукму лиллаҳ аблақ (от)ни эҳсон қилди ва оти ила қизини ҳам бердики қон даъвоси бўлуб, ўртада адоват ва дият боқий қолмағай».
«Халқ томонидан севилиб, эҳтиром кўрсатилган, ўзи ҳам бошқаларни ҳурмат қилган Яссавий ҳазратларига бундай ҳодисанинг нисбат берилиши, бизнингча, заиф бир эҳтимолдир», - дейди А.Жабажиўғли. Шундай бўлганида Ҳазиний ва бошқа муаллифлар ушбу ҳодисани ёзиб қолдиришмасди. Бу – биринчи. Иккинчидан, ўғлини ўлдирган кимсаларга ўзининг севимли отини туҳфа қилиш ва ҳатто қизини бериш ақл бовар этмас иш бўлса-да, ушбу воқеа Аҳмад Яссавий шахсиятининг нақадар юксак мақомга кўтирилганлигини кўрсатиш маъносида талқин этилган. Ҳазинийнинг «қон даъвоси бўлиб, ўртада адоват ва дият боқий қолмағай» дуган сўзларни келтириши ҳам бежиз эмас. Зеро, Яссавийга ўхшаш ҳақиқий ориф ва муршидлар наздида кин, адофат ва душманлик ўлимдан ҳам қўрқинчли  ва таҳликали офатдир. Мана шунинг учун Шайх Фаридуддин Аттор «Мантиқ ут-тайр» дотонида Туркистон пири қисматидаги  бу қонли фожеани ҳикоя қилиб, қуйидаги сатрларни тизган эди.:
Дод аз худ пири Туркистон хабар,
Гуфт: «Ман ду чиз дорам дўсттар.
Он яке асбест аблақ гомзан,
В-он дегар худ нест жуз фарзанди ман.
Гар хабар ёбам зи марги ин писар,
Асб мебахшам ба шукриин хабар.
З-он ки мебинам ки ҳаст ин ҳар ду чиз,
Чун ду бут дар дидаи жонам азиз.
То насўзиву насози ҳамчу шамъ,
Дам мазан аз покбози ҳамчу шамъ,
Дам мазан аз покбози пеши шамъ…
(Мазмуни: Туркистон пири, ўзидан хабар бериб деди: Менинг дўст тутиб, жуда қадрлайдиган икки нараам  бор: бири,тезчопар аблақ отим, иккинчиси суюкли фарзандим. Агар ўғлимнинг ўлим хабарини эшитсам, бунинг шукронаси учун отимниҳадя этаман. Чунки бу икки нарса азиз жоним дийдасидаги икки бут эрур. Агар сен шамга ўхшаб, куймасанг-у, нур таратмасанг, кўпчилик ҳузурида покбозликдан асло дам урмагил).
Бу мисраларнинг замирида энг севимли нарсалар, ҳатто фарзанда ҳам инсон билан Худо орасидаги ишқ ва яқинликка мутлақо монелик этмаслиги зарур, ана шундагина чинакам покбозликка етишиш мумкин, деган мазмун ҳам яширинган.
Эҳтимол, шунинг учун Аҳмад Яссавий дин, имон, эътиқод ва мусулмонлик масалаларига беҳад кенг қарагандир. Эҳтимол, шу боис ислом равнақи учун ҳатто бошқа дин вакиллари билан фавқулодда иттифоқ йўлини тутгандир. Профессор З.В.Тўғоннинг Яссавийнинг куёви ҳақидаги мана бу маълумотлари ҳам буни қувватлайди:
«Аҳмад Яссавийнинг домоди ва халифаси Хожа Сулаймон ибн Бормон Ота ҳақидаги равоятлар ҳам диққатга моликдир. Маҳмуд Кошғарийда Афросиёб (Тунга алп)нинг ўғли дея танитилган Бормонга нисбат этилмишлиги англашилган бу шайхнинг боболаридан бири Ўғуз Хон эмиш ва хон қизидан туғилган экан. Унинг тўртинчи бобоси Адҳам Отанинг лақаби ҳам «Хожаи Равшаний» эмиш. Унинг қабри Фарғонанинг Кошон шаҳрида эмас. Хожа Равшанийнинг қадамгоҳлари бу вилоятларнинг ҳар жойида мавжуддир. Шу сабабдан Хожа Равшанийнинг мусулмонлашган бир монихон азиз бўлганлигин қабул айлаш лозимдир».
Баъзи маълумотларга кўра, Яссавийнинг Жавҳари Шаҳноз ва Жавҳари Хушноз исмли қизлари бўлган бўлса-да, Жавҳари Шаҳнознинг фарзандлари улуғ боболари наслининг ворислари бўлишган. Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ кўринади. Жавҳари Шаҳноз ниҳоятда оқила, билимдон ва маърифат муҳибаси эди. У отаси тирик пайтида ҳикматларини ёшларга ўқиб-ўргатиш ва атрофга тарқатиш билан машғул бўлган. Аёлларнинг яссавийлик билан қизиқиши ва ба тариқатга киришларида ҳам Жавҳари Шаҳнознинг хизматлари сингган.
Демак, тўпламдаги мақолалар фикр уйғотиши, баъзи муаамоларга янада кенгроқ аниқлик киритишга чорлаши билан ҳам аҳамият касб этади.
Китобдан жой олган мақолалардан бирида «Аҳмад Яссавийни чуқур этмоқ лозим. Бизнинг миллиятимиз унда яширин эрур», - деган фикр бор. Зеро, яссавийни билиш фақат миллиятчилигимизга эмас, тафаккуримизги ҳам қанот бағишлайди, маънавий шахсиятимизни кучлантиради. Бугина эмас, Аҳмад Яссавийни билмасдан ёки лойиқ даражада танимасдан, «Туркистонни танимоқ ҳам мумкин эмасдир». Буни эса ёддан чиқармаслигимиз зарур.
Сўз охирида айтадиган гапимиз шуки, тўпламни нашрга тайёрларканмиз, айрим мақолалар камроқ, баъзилари кўпроқ таҳрир қилинди. Бироқ, такрор ва умумий мулоҳазаларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилган ушбу таҳрирлар китобнинг илмий қимматига футур етказмади, деб ўйлаймиз. Ва китоб Яссавий бобомизнинг ҳаёти, тариқати, шеърияти билан қизиқувчиларга манзур бўлади, деб умид қиламиз.

 


 

Санамай саккиз демайлик

Дунёнинг кўп воқеа-ҳодисалари ўткинчи бўлганидек, кўп фикр-қарашлар, ҳақиқат тўғрисидаги баҳс ва тортишувларнинг умри ҳам қисқа. Бу мутлақо табиий ва оддий ҳақиқатдир.
Мумтоз адабиётимизга дахлдор – ўрганилиши ва ҳал қилиниши зарур масалалар кўп. Улардан муҳим бир қисми бевосита матншуносликка тегишли эканлиги ҳам сир эмас, албатта.
Матншунослик майдони ва миқёси олдингига нисбатан тасаввур этиб бўлмас даражада кенгайди. Бугун Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр, Феруз, Ҳазиний каби шоирларимизнинг асарлари нашри юзасидан бемалол фикр алмашса бўлади. Бу ишонч қувонч ила уйғундирки, атиги саккиз-тўққиз йил аввал буни тасаввурга сиғдириш мушкул эди. Ниҳоят етти-саккиз йилдан кейин, «Ҳечдан кўра кеч…», деганларидек, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида (1998 йил, 23 январь) «Ҳикматлар» нашрига бағишланган мақола чиқиши ҳам, «Адабий идрок тантанаси» дея нмоланган ушбу мақола фаол матншунос олим Ваҳоб Раҳмонов томонидан ёзилганлиги ҳам қувонарли. Баъзан «Баҳс» рукнидаги нарсаларни ўқиб, баҳслашадиган гап тополмайсан. Ваҳоб аканинг мақоласи бундай эмас, мунозарага арзирили ўринлар унда жуда кўп. Айтайлик, у киши «Ҳикматлар» нашрига боғлиқ мулоҳазаларни «Очиғи мен Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар» китобига асос бўлган қўлёзманинг қадимийлигига мутлақо ишонмайман», деб бошлаган. Қўлёзма қадимий деб ҳеч ким даъво ҳам қилгани йўқ-ку! Китобнинг сўзбошисида унга Анқара нашри қилиб олинганлиги ёзиб қўйилган. Уни юзага чиқарган Камол Эраслон эса «Девони ҳикматдан намуналар»нинг муқадиммасида: «Девони ҳикмат» номи билан тартиб берилган бир девон мавжуд бўлмаганидек, Аҳмад Яссавийнинг барча ҳикматларини ичига олган тўлиқ ва ишонарли бир мажмуа ҳам йўқдир. Қўлимиздаги ёзма нусҳаларнинг энг эскиси XVI ва XVII асрларга оид эур», дейди. Демак, «Бу биринчи гумоним», дея гумон санаш мутлақо ҳожатсиздир.
В.Раҳмонов «Ҳикматлар» масъул муҳаррирсиз, «нашриёт редактори раъйи билангина амалга оширилган»лигини жуда тўғри қайд этган. Чунки бошқа илож йўқ эди… Хусусан, у «Ҳикоятда билинг мундоғ кетурдилар…» мисраси билан бошланадиган ўн икки тўртликнинг Яссавий тўпламида учраши билан сира муроса қилолмайди ва уни «кўра билиб туриб, «Ҳикматлар» китобига киритиб, Аҳмад Яссавий ижодидан намуна, деб кўрсатиш ноқулай эмасми?» - дея таажжубланди. Нега ноқулай бўлсин? Собиқ шўролар тузуми даврида «Ҳикматлар»ни халққа етказишнинг энг қулай йўли Туркия нашрига суяниш эди. Бунинг замирида «Яссавий шеърлари Туркияда босилади-ю, нечун Ўзбекистонда чиқмаслиги керак?» - деган мудаао ҳам яширинганди. Ўша шеърни биз эмас, Яссавий «Ҳикматлар» тўпламига Камол Эраслон киритган. У «Девони ҳикматдан намуналар»ни тайёрлашда тўққизта қўлёзма ва учта босма нусхадан фойдаланган. Китобга қариёб эллик саҳифалик сўзбоши ёзилган, анча кенг ҳажмли изоҳ ва луғат берилган. Ҳикматларда номи учрайдиган шахслар ҳақида битилган маълумотларнинг ўзи бир рисола қимматига эга. Шунча заҳмат чекиб, шунча ишни бажарган яссавийшунос олим, Байзовий номи тилга олинган тўртликларни тўпламга киритмасликка фаҳми етмаганмиди?
Мана, «Девони Ҳикмат»нинг Расулмуҳаммад Ашурбой ўғли Абдушукуров томонидан чиқарилган (Тошкент, 1992) нусхаси. Унда Юсуф Байзовийга нисбат берилган шеър (77-78-бет)дан ташқари бундай тўртликлар бор:
Ломакондан чиқди руҳим «Аллоҳ» деди,
Султон Аҳмад эшитиб муни халқға ёйди.
Мункирлари шак келтирди, кўзин ўйди,
Ножинсларни Ҳақ жазосин берар эрмиш…
Насисимйдек Ҳақни айтгил, теринг сўйсун,
Хожа, мулло сомон тиқиб, осиб қўйсун,
Кўзинг юмғил бу дунёдин, нафсинг ўлсун,
Гўшту пўстин Ҳақ сўзлатиб қўяр эрмиш.
Шеър мазмунидан шундоқ кўриниб-билиниб турибди – Яссавийники эмас. Яссавий қаёнда-ю, Наисимий қаёнда? Нечун «Девони ҳикмат»дан ўрин олган улар?
Бунинг сабабини бошқалар билмаганда ҳам матншунос мутахассис англамоғи лозим. Аҳмад Яссавийнинг Туркиядаги буюк издоши Юнус Эмро девонининг энг қадимий нусхалари сақланмаган. Эмро девонига киритилган шеърларнинг аксарияти уники бўлмаган, яъни бошқалар томонидан тўқилган. Шунда қандай йўл тутиш керак? Турк олимлари Эмро номи билан боғланган асарларни Дастлаб ҳеч ўзгаришларсиз, қисқартиришларсиз чиқара бошлаб, фақат тадқиқотчиларнинг эмас, кенг китобхонлар жамоасининг фикр-қарашларини ҳам олиб, кейин саралаш ишларини йўлга қўйишган. Масалан, 1933 йили Бурҳон Тупроқ тарафидан чиқартирилган «Юнус Эмро девони» Эмро ижодиётига қизиқишни миллат миқёсида кучайтириб юборган. Бироқ кўп ўтмай «Девон»даги 1250 та шеърдан бор-йўғи 350 таси Юнус Эмрога тегишли эканлиги аниқланган. Кейин бу рақам яна тенг ярмига камайган.
Хуллас, турли йилларда турли мутахассислар турли нашрлар билан машғул бўлишаверишган. Ниҳоят, 1990 йили Мустафо Тотчи «Юнус Эмро девони»нинг танқидий матнини чоп эттирди. «Девони ҳикмат»нинг келажакда танқидий матнини яратишда худди мана шу тажрибага таянишдан ўзга чора йўқ.
Аҳмад Яссаввийнинг қудратли шахсияти ва фаолиятини таҳқирлаш  қоралашга уриниш ёлғиз совет замонининг ташаббуси эмас. Бунинг тарихи анча олис. Сўфи Оллоёр «Сабот ул-ожизин» манзумасида «оти мўъмин, вале нафсиға шайдо» «бир фирқа» пайдо бўлганлиги, улар Яссавийнинг зикр мажлисларида эркаклар билан биробар аёллар ҳам иштирок қилишганини дастак этиб, номақбул ишларга ташаббус кўрсатганликларини айтиб, яна ёзади:
Худонинг дўсти бўлса Хожа Аҳмад,
Килурми ҳеч мунингдек бидъати бад.
Шариатда эди ул офтобе,
Қолибдур бизга ул эрдин китобе…
У ёки бу маънода Яссаийга, хусусан, яссавийлик тариқатида аёлларнинг ўрнига эътироз қилувчилар ҳатто ҳозир ҳам мавжуд. Камол Эраслон ўша тарихий англашилмовчиликлар қайта бош кўтармаслигини кўзлаб, Юсуф Байзовий тилидан ҳикоя қилинган ҳикматларни йигирма бешинчи рақам остида мажмуага киритган. Қолаверса, уларнинг айнан Байзовийникилигига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. «Ҳикматлар» В.Раҳмонов қайд этгандан ҳам ортиқроқ имло хатолари билан босилиб чиққан. Мен буни тан оламан. Агар нашрийт муҳаррири ҳозир тирик бўлганида бунинг сабабларини бемалол сўзлаши мумкин эди.
Шунинг учун Оллоҳдан Асқарали Шароповнинг руҳлари шод бўлишини тилаб, холис танқид ва кўрсатмаларни тўлиқ қабул қиламан. Аммо, мақолада, минг афсуски, холислик етишмайди. Оқибатда тузатишлар бошданоқ тескари тус олади. Мисолларга мурожжат қилайлик: «Бобомочинни беш юз қамчи урадилар. Миқ этмайди. Бир қамчи ортиқ урсалар фарёд қилади. Матн давом этади.
Ўшал дамда муридлари қилди савол,
Бир юз қамчи урганда йўқ ҳе қилу қол
Бир қамчи урди эса бўлди беҳол…
Нега беш юз қамчи бу бандда «бир юз қамчи»га айланди? Матнчининиг зийраклиги ва синчковлиги қани? Демак, банднинг иккинчи мисраси:
Беш юз қамчи урганда йўқ ҳеч қилу қол –
Тарзида бўлсагина тўғри бўларди…»
Матнчининг зийраклиги ва синчковлигини у ёхуд бу сўз ва мисраларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш деб тушуниш ярамайди. Бобомочинни жазолашга «Боғлаб уринг беш юз қамчи ул нодонға», дея фармон берилгач:
Ўшал дамда беш юз қамчи санаб урди,
На оҳ деди, на воҳ деди, билинг дўстлар.
«Беш юздан бир қамчи» ориқ урилганда у беихтиёр зор йиғлаб фарёд қилади. Мана энди, Анқара нашрининг 142-саҳифасидан шеърнинг давомини биргалашиб ўқийлик:
Ўшал дамда муридлари қилди саол,
Бир юз қамчи урганда йўқ ҳеч қилу қол.
Бир қамчини урди эрса бўлди беҳол
Сир надур деб асҳоб анда сўрди, дўстлар.
Дарвоқе, ҳамма сир ана шу «бир қамчи»да эди. Чунки шундан сўнг «дев ва пари» унинг орқаидан дарҳол қочганди. «Беш юз қамчи» олдин икки маротаба тилга олингани ва қамчи сони беш юздан ортгани  учун ҳам «бир  юз қамчи» дейилганки, буни «бир неча юз қамчи» деб қабул қилиш унча катта зийраклик талаб этмаса керак. Биз ўзимизча агар таҳрирбозлик этишга киришсак, «Беш юздан ҳам бир қамчини ортиқ урди», сингари сатрларнинг «астар-авраси»ни ағдариш жоиз бўлади. Ҳолбуки, бунга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ.
Агар В.Раҳмонов бирор бир қўлёзма ёки тошбосмага олдин бир назар ташлаб, сўнг хулосани айтганида эди, у «Бир қамчи урди эрса» эмас, «Бир қамчини урди эрса» деб ёзилишиша диққатни қаратар эди. Ва буни синчилик деса арзирди.
Мақолада оддий, ҳоаатоки хатога йўймаса ҳам бўлаверадиган фактлардаан ҳам одамни чўчитиб юборадиган даражадаги хулосалар илгари сурилади:
Қул Хода Аҳмад, Ҳақ сўзини сўзлари мудом,
Ҳақдин ўзга сўзлар БОРИЙ эрмиш ҳаром.
Матншунос иккинси мисрадаги «Борий»га қарши. Унингча, «оддий китохон бу сўзни англаёлмай «Навоий асарлари учун қисқача луғат» (Тузувчи: Ботирбек Ҳасанов, «Фан» нашриёти, 1992 йил) китобиг боқса, 52-саҳифада ўқийди6 Борий – Тангри, Яратувчи. Матндагидай «Борий эрмиш ҳаром», деб ўқилса: «Оллоҳ ҳаром эрмиш», деб ўйлайди ва беихтиёр куфрга кетади… Агар ўша мисра қуйидгидек, «й»сиз ёзилса, олам гулистон эди:
Ҳақдин ўзга сўзлар бори эрмиш ҳаром.
Бу ҳолатда ўқувчи «бори» сўзини «бори-ҳаммаси» маъносида тўғри тушунган бўлади».
Шу мантиқ рост ва ишонарли деб ўйлайсизми? Мутлақо ёлғон. Масалани битта «й» ҳал қиладиган бўлса, яна куфрга йўл очилади деяверинг. Ишонмасангиз, «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати» 1-жилдини очиб, 319-саҳифасини ўқинг: «БОРИ БОРИЙ – Яратган, Худо, Тангри (Худонинг нисбатларидан бири)…»
«Имон муқаддас тушунча, - дейди домла В.Раҳмонов ва яна ғалати бир «жумбоқ»ни  ҳал қилишга киришади. – Бироқ мен «имоннинг орқа-олди бор», дейдиганларга тушунмайман. Менимча, имонли ёки имонсиз одам бор. Илмда имонлиликнинг биринчи шарти ростгўйлик ва идроклиликдир».
Очиғи, бундай муросасиз гасиҳутгўйликка берилишнинг сабабини мен аввалига унча тушунмадим. Наҳоки, имоннинг муқаддаслигига шубҳа туғдирадиган бирор бир хато ўтган бўлса, «Имоннинг орқа-олди бор» дейдиганлар ким экан, деган хаёлларга ҳам бордим.
Зум ўтмай билдимки, мазкур танбеҳларга мана бу байт сабаб бўлган экан:
Пушти имон шариатдур, мағзи тариқ,
Тариқ кирган Ҳақдин улуш олди, дўстлар.
Ана энди гапнинг давомини эшитинг: «Биринчи мисра бизни ўйлантиради. Пушти имон – имоннинг орқаси. Матнчи байт мазмунини идрок этолмаган. Тилимиз мантиғида кўпинча бирор тушунчани ичи ва ташини рамзий маънода ифодаласалар мағзу пўст сўзларини қўллайдилар. Хожа Аҳммад Яссавий биринчи мисрадаги имоннинг пўсти (териси) шариат, мағзи тариқат демоқчи:
Пўсти имон шариатдур, мағзи – тариқ,,
Тариқ кирган ҳақдин улуш олди, дўстлар».
Яссавий имоннинг юзи, усти, тамали шариатдур, демоқчи бўлган бўлса-чи? «Тилимиз мантиғи»да «Мен сенинг етти пуштингни биламан», дейиш нимани англатади? Наҳотки, «етти орқа» ёки «етти кет» дегани бўлса?
В.Раҳмонов бир неча маротаба матнчи луғатга мурожаат қилиши ҳақида жон куйдирибтавсия беради-ю, аммо зарур ўрнида бунга ўзи амал қилмайди. Буни қандай баҳолаш мумкин? Ҳолбуки, «пушти имон» ва «пўсти имон» деярли бир хил маъноларни англатади-ку?
«Фарҳанги забони точики» изоҳли луғатида (2-жилд, 101-бет) «пушт» сўзининг етти маъноси шарҳлаб берилган. Шу лардан биттаси мажозий мазмунга эга бўлиб («пўст» ҳам шундай), «юз», «уст» демакдир. Бас, шундоқ экан, «Пушти имон шариатдур, мағзи тариқ»нинг маъноси «Имоннинг юзи (ёки зоҳири) шариатдур, ичи (мағзи ёки ботини) тариқат эрур», деган бўлади. Бунинг нимаси ваҳимали, нимаси ғалат? «Девони ҳикмат»нинг нисабатан қадимий нусхаларида «пушти имон» деб эмас, «пўсти имон» деб битилганда ҳам бошқа гап эди.
Менимча, эски матн нусҳаларига аҳамият бермасдан ўзининг интуицияси ва субъектив қарашларига биноан «хато» топиш ва тузатиш усули ҳам нотўғри, ҳам ҳавфлидир. Афсуски, шу усулдаги тажрибалар кейинги пайтда одат шаклини олмоқда.
Матншунослик баҳсини «Ҳикматлар» нашридан бошлаб газета жуда тўғри ва хайрли ишга қўл урган.
Яссавий шеърлари – зоҳирда мазмунан содда, тили осон ва тушунарли бўлиб туюлса ҳам, ботинан мураккаб, маъно ва туйғу сирларини кашф этиш анча қийин шеърлардан ҳисобланади. Яссавий ва унинг издошларига бағишланган «Жавоҳир ул аброр мин амвожил биҳор» («Яхшилар жавоҳири ва дарё мавжлари») асарининг муаллифи Ҳазиний «Машойихи Яссавийя манзума мақомотларики, ҳикмат дерлар савти ҳазин ила хатм ўлур тазвиқ ва ташвиқ учун», дейди.
Демак, ҳикматларнинг «хусусий» оҳангдорлигидан ташқари, уларнинг мусиқа билан яқинлигини ҳам эътибордан четлаштирмаслик керак. Чунки, ҳикматларда ишлатилган айрим сўз ва иборалардаги шаклий ўзгариш ва «ноқис»ликлар бевосита оҳанг ва мусиқа талабларига дахлдор.
В.Раҳмонов ёзади: «Менимча, матнчилик ва матншунослик соҳаси мутахассисдан аввало луғат билишни: араб, форс-тожик ва умумтуркий қадимий сўзлардан воқифлигини талаб қилади.Чунки, луғаб билган киши эски ёзувдаги шакли бир хил сўзларниннг матндаги ўрнига кўра турлича маъно касб этиши ва ҳар хил ўқилишини билиши мумкин. Масалан:
Жафо тортиб яратганга бўлди қариб,
Ғариб бўлиб Уқболардан ошдим мано.
Ва:
Хурмо бериб, бошим силаб, назар қилди,
Бир фурсатда Уқбо сари сафра қилди».
В.Раҳмоновнинг луғат билиш, қадимий сўзлардан воқиф мутнчининг лаёқатига доир юқоридаги мулоҳазалари тўғри. Аммо мана бу фикрлари жуда баҳсли: «Байтларда (юқоридаги икки байтда – И.Ҳ.) учраган бир хил сўзлар («уқбо») аслида ҳар хил сўзлар эди. Иккинчи мисол мазмунини кўпчилик билади: Уқбо сари сафар қилган – у дунёга (боқий дунёга) сафар қилган. (У дунёга, яъни боқий дунёга ҳамма ҳам сафар қилади. Яссавий «Уқбо» деганда айнан жаннатни назарда тутган – И.Ҳ.)
Биринчи байтдаги «Уқбо» энди уқбо эмас, «Фарҳанги забони точики» изоҳли луғатидан бу сўзнинг «ақаба» эканлигини биламиз. Ақаба – тоғ ва довоннинг бўйни: ўтиш қийин бўлган тоғ йўллари, қалтис даралар. Ҳозир бу сўз «ағба» ҳолига келиб қолган.
Демак, Хожа Аҳмад Яссавийнинг биринчи байтини қуйидагича кўчирилмоғи зарур эди:
Жафо тортиб яратганга бўлди қариб,
Ғариб бўлиб АҚАБАлардан ошдим мано».
Албатта, «Фарҳанг» Яссавий ҳикматларидан кўп вақт кейин яралган. Ҳозир «Ағба» ҳолига келиб қолган «Ақаба» эҳтимол Яссавий замонларида бошқача шаклларда ҳам ишлатилгандир? Нега энди фақат «Фарҳанг»га суяниш керак? Бизнингча, бу адолатли ва илмий талаб эмас. «Девони ҳикмат»да «уқбо», «уқба», «ақбо» сўзлари учрайди. Қозон нашридаги бир ҳикматда «Қул Хожа Аҳмад Уқбалардин елиб ошдим», дейилади. «Уқба» сўзи эса тепалик, баландлик, дўнглик дея шарҳланган. Турк олими Камол Эраслон «Ғариб бўлиб ақбалардин  ошдим мано» мисарсидаги «Ақба»га бундай изоҳ берган: «Ақба, асли ақаба бўлиб, «тўсиқ; баландлик, тепа, қийин ўтиладиган жой, таҳлика маъноларини билдирадиган сўздир. Вазн талаби билан баъзи шеърларда ақба шаклида ишлатилгандир. Шу сабабли биз ҳам «ақба» деб ўқилишини таржиҳ этдик».
Демак, турк олими, «ақаба»да вазн ва оҳинг сакталиги содир бўлишини билган. «Ҳикматлар» нашрига биз Камол Эраслон чиқарган мажмуани асос қилиб олмаганимизда ҳам ўзимизин оқлашга уриниб, «ақбо» билан «уқбо»ни фарқлай олмаганимизни хаспўшлаш мумкин эди…
Борингки, ҳурматли матншуноснинг талабларига риоя этиб, «уқбо»ни «ақаба» деб кўчирдик, дейлик. «Фарҳанг»даги шарҳлар бўйича хулоса чиқарамизми? Унда байт мазмунини саёзлаштиришдан бошқа ҳеч нимага эришолмаймиз. Чунки, «ақба»дан кўзланган туб мақсад «тоғ йўллари, қалтис даралардан» ўтишга эмас, балки сайру сулук йўлидаги таҳлика ва нафсоний тўсиқларни кечиб ўтилганлигига ишоратдир.
Мақолада Аҳмад Яссавий тасаввуф адабиёти вакили эканлиги, унинг ҳикматларидаги аксарият сўз ва истилоҳлар тасаввуфий маъноларни билдириши негадир инобатга олинмаган. Айтайлик, «Пиру муғон изин олиб мен ўпай деб», сатридаги изофа ноқислиги («пиру» эмас, «пири») тўғри кўрсатилган. Лекин, «Муғлар – оташпараст зардуштийлар-ку», дея тимсол мазмуни нотўғри талқин қилинган. Яссавий ҳикматларидаги «муғ», «пири муғон» - оташпараст ҳам эмас, зардуштий ҳам эмас, балки содик, самимий мурид, пири комилдир.
Бу дунёнинг молларини ҳозил қилиб,
Ришват берсанг малийкул мавт олмас эрмиш.
Бундаги «ҳозил» сўзи хато кетган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, корректура ўқиганимда «ҳозил» «ҳозир» деб ўзгартириларди. «Девони ҳикмат»нинг айрим нусҳаларида ушбу байтнинг илк қатори:
Бу дунёнинг молларини ҳозир қилиб –
Тарзида берилган ва «ҳозир қилиб» - жамлаб , тўплаб, бир жойга йиғиб-йиғиштириб маъноларини акс эттиради. Яссавий бу сўзни бошқа мазмунларда ҳам қўллаган. «Ҳозир бўл!» деб нафс бошини янчдим мано» сатридаги давъат «Тайёр бўл! Ўлимни бўйнингга ол!» демак. В.Раҳмоновга кўра эса мазкур мисра қуйидаги тарзда бўлмоғи лозим эди:
Бу дунёнинг молларини ҳосил қилиб.
Сиртдан қараганда, «ҳозир» билан «ҳосил» қилиб орасида кескин бир мантиқий фарқ йўқ. Бироқ, «ҳосил қилиб»дан кўра (айни матнда) «ҳозир қилиб»ибораси тасаввуфий моҳиятва маслакка уйғундир. Яссавийнинг сўз ва ўгитлари биринчи галда ўзининг издошларига қаратилганлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Маълумки, ТАРК тасаввуфнинг бош ташанчаларидан ва унинг илк босқичи тарки дунё эрур. Шу маънода ориф, ошиқ (Ҳақ ошиқлари), ахёр, абдол ва дарвешларда «бу дунёнинг молларини ҳосил қилиш» эҳтиёжи сўнгандир. Удар дунёга эмас, дунё уларга тобе ва таслимдир, Ясавий айтмоқчики, будунинг молларини сеҳру каромат ила бир жойга ҳозир айлаб, яъни жамлаб малойикул мавтга ришват берсанг ҳам жонингга жон қўшилмайди. Дмак, асосий муддао: охиратга молу дун биланмас, ишқ, маърифат ва огоҳлик ила ҳозирлик кўришга чорловдир.
Матшунос бир ўрнида «буроқсувор» тўғри ўқилганини эътироф этиб, «навбатдаги байтда бу сўз мазмунга хилоф тарзда ўқилган:
Ул мақомни тавҳид отлиғ дарахти бор,
Соясида ошиқ қуллар буроқ – суяр.
Афтидан, буроқсуворлар энди дарахт соясида буроқларини сўяяптилар…», дея киноя қилади.
«Буроқсувор» - буроқ минган, буроқ мингувчи дегани. Яссавий инончида чин ошиқлар – буроқсуворлар: «Оллоҳ айтур ошиқларим буроқсувор». В.Раҳмоновнинг тавсия ва кинояларига қараганда у буроқни фақат бир маънода – Меърож тунида Пйғамбар миниб самога кўтарилган от маъносида англайди. Акс ҳолда, ошиқ қуллар – буроқ суярлар, яъни ишқпарастлар бўлиши мумкинлигини дарҳол хаёолан ўиказарди. Чунки, Абул Ало Афифий шарҳлаганидек, мутасаввифларнинг «йўлчиликларида уларни Оллоҳга етказадиган «Буроқ» илоҳий ишқ эрур. Масжид Ақсо – Нур ва Ҳақдур…» Биз бунинг билан «буроқсуяр» хаосиз ёзилган демоқчи эмасмиз. «Буроқсувор» деб кўчирилганда ҳам барибир хато бўларди, демоқчимиз.
Тасаввур қилинг: «Тавҳид отлиғ» улкан бир дарахт. Унинг соясида ошиқ қуллар буроқларига миниб ўтиришибди. Ахир, бу «дарахт соясида бурақ сўйиш» билан қарийб тенг мантиқ. Аслида биз буроқ эмас, «бориқ» ёзганмисиз. Соядаги киши нимага интилади, нимани севади: нур ва ёруғликни. Ўша йигирма тўққизинчи ҳикматнинг биринчи сатри «Тажаллийнинг мақомидир ажаб мақом», дея бошланиши ҳам: «Соясида ошиқ қуллар бориқ суяр», деб ўқилишини қувватлайди. Нур, шуъла маъносини ифодаловчи «бориқ», «бориқа»эса туркий шеъриятда тез-тез учрайди. «Бориқсуяр»ни биз илоҳий нурни тилар, нурга интилар мазмунига эга деб ҳисоблаймиз.
Малакали матнчи Маҳмуд Ҳасаний «Ҳикматлар»ни ёзилганига ҳам олти асрча ўтган бўлиб, ундаги кўпгина сўзлар ҳозирги пайтда истеъмолдан чиқиб кетганини ҳисобга олиб, уларнинг маъноси ва тўғри ўқилишини таъминлаш мақсадида туркийшунос олимлар ҳам бу ишга жалб этилса, фойдадан ҳоли бўлмайди», деганида тўла ҳақдир. Ҳар қалай бундай ишни бекаму кўст бажаришда биргина матнчилик ғайрати ва матншунослик кўрсатмалари камлик қилиши аниқдир.
Матншунослик бўйича, ўртага ташланиши зарур кўрилган неки фикр-мулоҳаза бўлса, айтайлик. Лекин «санамай саккиз» демайлик, миннат ва маломатни аралаштирмайлик унга.
В.Раҳмонов мақола муқаддимасида афсус-надомат ила бундай дейди: «Мен «Ёшлик» журналининг 1991 йил 10-сонида «Навоийшунослар масъулияти» номли мақоламда («Ёшлик»нинг ушбу сонида бундай муқола йўқ – И.Ҳ.) Алишер Навоий «Мукаммал асарлари тўплами»нинг барча жилдлари матншунослик нуқтаи назаридан нуқсонли деб даъко қилдим. Бирор навоийшунос лом-мим демади? Ўша йили «Муштум»да ҳам менинг имзом билан «Маънолар хазинасидаги қалтис вазият»га олимлар диққатни тортдим. Олимлар лом-мим дедиларми? Адабиётшуносларни Навоий мероси – муқаддас асарларнинг қисмати қизиқтирадими ўзи?.
Нега қизиқтирмас экан? Қизиқтиргани учун улкан навоийшунос ва малакали матншунос олимларимиз заҳмат чекиб, кўз нурларини аямасдан Навоий «Мукаммал асарлар тўплами»ни нашрга тайёрлаш ишларини давом эттираётирлар. Кўп томликдан энди 13 жилди босилиб чиқди. Ҳали нашр қилинмаган олтита том турибди. Шундай экан, қандай қилиб барча жилдларни «матншунослик нуқтаи назаридан нуқсонли» деб даъво қилиш мумкин? Масалан, еттинчи том, яъни «Ҳайрат ул-аброр» лостонини ўзбек матншунослиги ва матнчилигининг пири, буюк олим Порсохон Шамсиев 1970 йили эълон қилган илмий-танқидий матн асосида, изоҳлар билан, В.Раҳмонов «навоийшунос отахон олимимиз», дея эътироф этган атоқли олим А.Ҳайитметов ва мен нашрга тайёрладик. Шу иш жараёнида Порсохон домланинг матн яратиш салоҳияти, билимдонлиги ва заҳматкашлигига фақат ҳайрон қолдим. Беш-ўнта имловий хато ёки изофа ноқисликларини топиб фарёд этиш, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, «гугурт чақилганда ҳам дунёга ўт кетди», деб дод солиш билан тенгдир.
Мақолада ўзни ҳимоя қилиш эҳтиёжидан туғилган «Сиз қўлёзмани кўчирган чаласавод котибни Аҳмад Яссавийдай даҳо шоирдан юқори қўяр экансиз-да?», деган бир савол бор. Бу саводан бир қанча оғриқли саволлар туғилмайдими? Ўша «чаласавод» котиб-ку келажак авлодларга «Девони ҳикмат»ни кўчириб қолдирибди, етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида биз нима қилдик?.. Умуман, бизда Яссавий шеърларини кўчирган бирор-бир котибни айблаш ёки таҳқирлашга маънавий ҳуқуқ борми ўзи?
В.Раҳмонов «Ҳикматлар»нинг нашр «усули»ни «пала-партишлик» деб ҳукм чиқаради ва сўзларнинг «гоҳ тўғри», «гоҳ бузиб» ўқилишини «Бу унификация билан боғлиқ эмас. Сўз ҳар хил ўқилса-ю мазмун зарар кўрмаса кошкийди», деб кўп куйинади. Мақтанчоқликка йўйилмаса, муҳтарам матншуносимизга жиндак тасалли бўлар деган умид ила бир фактни эслатмоқчимиз: «пала-партиш» усулда тайёрлаган шу китоб сўзбоши, бир томонда ўзбекча, бир ёнда усмонли туркча матн билан 1995 йили Истанбулда босилиб чиқди. Тўғри кўрсатилган айрим нуқсонларни ҳам Сиз унда учратмайсиз…
Биз ҳозир «Девони ҳикмат»нинг изоҳли бир нашрини халқимизга етказиш учун иш олиб бораётирмиз. Бунда беғараз айтилган ҳар бир фикр-мулоҳаза, билимдонлик ва самимият билан кўрсатилган камчиликларнинг бирортаси ҳам эътиборсиз қолдирилмаслиги шубҳасиздир. Зеро, матнчилик ва матншунослик муаммолари ҳам фақат ва фақат Маърифат, Заковат, Дид ва Савия зиёси ила ҳал қилинади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати»
1998 йил, 20 феврал