Туркман халқи тарихи ҳақида. Туркман халқи Ўрта Осиёда қадим замонлардан бери яшаб келаётган, туркий тилда сўзлашувчи халқлардан биридир. Туркман халқининг адабиёти ва маданияти, Ўрта Осиёда яшовчи қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқ халқларининг адабиёти ва маданияти сингари, фольклар асарлари шаклида ривожланди.
Туркман халқи асрлар давомида чет эл босқинчилари-эронийлар, араблар, мўғул истилочилари, Бухоро амирлари ва Хива хонлари зулми остида қолиб келганлиги сабабли, туркман миллий адабиёти ва маданиятининг ривожланиши учун зарур шароит йўқ эди. Шунга қарамай, туркман халқи ўз миллий тилининг софлигини сақлаб қолди, ўз миллий адабиёти ва маданиятини тараққий эттириш учун кураш олиб борди.
Халқ орасида туркман меҳнаткаш оммасининг орзу- умидларини куйловчи эртаклар, достонлар, ангула ва қўшиқлар ҳам кенг тарқалган. Бир қанча туркман халқ латифаларида доно ва тадбиркор Каминанинг образи яратилганки, у ўзининг кўп хусусиятлари билан ўзбек, тожик ва озарбайжон халқ латифаларида кўринган Афанди ва Мушфиқий образларига жуда яқин туради.
Ёзма адабиётининг шаклланиши. Ёзма адабиёт Туркманистонда тахминан XI-XII асрларда, дастлаб Аҳмад Яссавий ва Али сингари диний мотивларни тараннум қилган шоирларнинг ижоди таъсири остида туркий (чиғатой) тилида юзага келади.
XIV асрда туркман ёзма адабиётининг тараққиётига катта ҳисса қўшган Бурҳониддин Сивосий ва Сайид Имониддин Насимийлар яшаб ижод этдилар. Бу ёзувчилар ижодида ҳам диний-мистик адабиётнинг таъсири яққол сезилиб туради. Лекин шунга қарамай, туркман адабиёти тарихини ўрганишда уларнинг ижоди салмоқли ўрин тутади. Бунинг сабаби шундаки, Хоразмда туғилиб, ҳаётини Кичик Осиё шаҳарларида ўтказган Сивосий ўз шеърларини биринчи бўлиб туркман тилида ёзди. У поэзияга аруз вазнини киритди. Ҳунарманд оилада туғилиб ўсган ва ўқимишли киши бўлиб етишган Насимий ўз асарларини Туркиянинг шаҳар ва қишлоқларида дарбадарликда ҳаёт кечирган йилларида яратди. Насимий ўзининг ўткир ҳажвий асарлари учун руҳонийлар томонидан ваҳшийларча ўлдирилди.
XVIII acp туркман адабиётининг йирик вакиллари Андалиб, Озодий, Маъруфий, Ғойибий, Шайдоий, Шобанда кабилар ўз ижоддарида форс-тожик, озарбайжон ва ўзбек адабиётларининг энг яхши анъаналарини давом эттирдилар. Шоир Шобанданинг "Шоҳ-баҳром", "Гулу Булбул", "Хўжамберди" достонлари ва кўп лирик шеърлари, Маъруфийнинг "Сайфул-мулук-Мидҳал Жамол", "Юсуф ва Аҳмад", "Давлат Эр" достонлари, Шайдоийнинг "Қиссаи Санав-бар" достони кенг халқ орасида жуда машҳур.
Андалиб ижоди. Андалиб тахаллуси билан ижод этган Нурмуҳаммад Ғариб XVIII аср туркман адабиёти тарихида ўзининг лирик ғазаллари ҳамда "Лайли-Мажнун", "Юсуф-Зулайҳо", "Зайнулараб" каби асарлари билан сезиларли из қолдирган шоирдир. У асли корамозилик ( хозирги Туркманистон Республикаси, Илонли туманининг Карамози қишлоғи ) бўлиб, бир қанча вақт Хоразмда (Урганч) яшаган, "Юсуф—Зулайҳо" достонининг кириш қисмида шоир ўзи хақида шундай ёзади:
Исмим эрур Нурмуҳаммад Ғариб,
Сўзда тахаллусим эрур Андалиб.
Шаҳримиз Урганч вилоят эрди,
Хонимиз шох Ғози жамоати эди.
Асли маконимиз Корамозидур,
Олами ишратда кишу ёзидур.
Кези келганда шуни ҳам кайд этиб ўтиш лозимки, Хоразмда "Гуруғли". "Шохсанам ва Ғариб ", " Тоҳир ва Зуҳра", "Ҳурилиқо ва ҳамро", "Саётхон ва ҳамро" каби достонлар окин-бахшилар томонидан тингловчиларнинг талабига қараб гоҳ ўзбек, гоҳ туркман тилида куйланган. Бу эса ҳар икки халқ шоирлари, окин - бахшилари ижодий ҳамкорлигининг анча тез ривожланишига сабаб бЎлган. Андалиб мана шу адабий муҳитда қалам тебратганлиги сабабли унинг асарлари, шубҳасиз, иккала халққа ҳам тушунарлидир. Туркманистон Фанлар академиясининг академиги Б. Карриев айтганидек: "Шоир Андалиб ... аксар асарларини ("Уғузнома", "Насими", "Саъди Ваққос", "Юсуф ва Зулайҳо" ва бошқалар) ўзбек ва туркманларга бир хилда тушунарли тил ( ва форма) да яратган"
Андалиб ғазаллари, достонлари Хоразмда кенг оммалашиб кетган. XVIII- XIX асрларда яшаган Хоразм шоиралри унинг ғазалларига назиралар ёзганлар, мухаммаслар боғлаганлар. Замонасининг кўзга кўринган шоири ҳисобланган Мунис Хоразмий Андалиб ижодига бўлган муҳаббатини мана бундай ифодалайди:
Дахр ичра биров сен каби олий насаб эрмас,
Ҳар бебасар авсофини демак адаб эрмас,
Мунисга йулингда юрумак бесабаб эрмас,
Боксам юзунгга, Андалиббосо ажаб эрмас,
Фурқатзада булғонга висолинг на бало хуб.
Шуни айтиш керакки, Андалиб лирик ғазаллари билангина эмас. балки эпик асарлари билан ҳам замондош ва ўзидан кейинги қалам аҳлларини илҳомлантирган. уларга ижодий таъсир этган. Андалиб ижодидан, хўсусан унинг достонларидан илҳом олиб, баракали ижод килган ўзбек мумтоз шоирларидан бири Зокиржон Фурқаддир. Фурқатнинг «Сайдинг қуябер сайёд, сайёра экан мандек» мисралари билан бошланадиган машҳур мусаддаси Андалибнинг «Лайли - Мажнун» достонидаги Сайдинг қуябер сайёд, дилпора экан мендек» бошланмали мухаммаси таъсирида ёзилгандир. «Шарқ Юлдузи» журналининг 1966 йил 3 сонида Зуҳра Толипованинг «Бир мусаддас тарихи» деган мақоласи босилган бўлиб, унда мусаддаснинг ёзилиш тарихи хақида қимматли маълумот келтирилган эди. Муаллифнинг мусаддасдаги Саъдулланинг тарихий шахс эканлигини далиллаш учун келтирган факти бу масалага бир мунча аниқлик киритди. 3. Толипованинг ёзишига қараганда, Саъдулла фожиаси билан боғлик бўлган воқеа мана бундай . Ўтган аср ўрталарида Тошкентда Иса хофиз деган киши яшаган. Унинг Абдулла ва Саъдулла деган уғиллари бўлган. Абдулла нихоятда хушовоз бўлиб, халқ уни «Абдулла булбул » деб атаган Абдулланинг укаси Саъдулла ҳам хофиз экан. Фурқат ака-ука хофизлар билан шоир Мискин орқали танишган ва қадрдонлашиб кетган. Иса хофизнинг уғиллари Фурқат ғазалларини кўчириб хофизларга, шеър хавасмандларига тарқатишар экан.
Саъдулла довюрак, адолатли, халқпарвар йигит бўлиб, Фурқат унинг бу хислатларини жуда хурмат қилар экан. Саъдулла Фурқат томонидан ёзилган хажвияларни уқиб юрганлиги учун бойлар ғазабга келиб, ундан ўч олмоқчи бўлишади. Кунларнинг бирида Иса хофизнинг уйига бир киши келиб Абдулла билан Саъдуллани сўрайди. Саъдулла акаси йўқлигини айтганида, ҳалиги киши: «бўлмаса ўзингиз юра қолинг, зиёфатга айтиб юборишди. Дўстингиз Фурқат ҳам бўладилар», дейди. Фурқат номини эшитган Саъдулла рози бўлади. Улар бир бойникига кириб боришади. У ердагилар Саъдуллани очиқ юз билан кутиб олишиб уни юқорига ўтказишади. Саъдулла танишларидан уч тўрттасини куради-ю, лекин Фурқатни кўрмай ҳайрон бўлади. Бир оздан сўнг ўтирганлардан баъзилари унга аччиқ гаплар ота бошлашади.Довюрак Саъдулла уларнинг бу гапларига парво ҳам қилмайди. Бу эса ўтирганларнинг жиғига тегади. Хуфтон номозини уқиш учун ўринларидан туришганда Саъдуллани «ҳурматлаб» олдинга ўтказишади. Саъдулла бошини саждага қўйиши билан орқадан тўрт норгул йигит унга ташланиб, оғзига латта тиқишади, кул-оёқларини боғлашади. Шундан кейин катта қора шолга урашади-да, пасткамликлардан судраб бориб, анҳорга ташлашади. Юқоридагилардан маълум бўляптики, Саъдулла- тарихий шахс. Фурқатнинг «Сайдинг қуябер сайёд... » шеъри Саъдулла хофизнинг фожиавий ўлими муносабати билан ёзилган марсиядир. Хофизлар уни куйга солиб, ашула қилиб юришган.
Фурқат адабий мероси танишар эканмиз, шоирнинг Андалиб ижоди, унинг асарлари билан танишлиги, илҳомланганлиги, таъсирланганлиги туғрисида ҳеч қандай маълумот учратмадик. Марҳум профессор Х.Зарифов «Сайдинг қуявер сайёд....» шеърига бағишлаб ёзган бир мақоласида Фурқат мазкур мусаддасни «Лайли ва Мажнун» достонидан ижодий фойдаланган ҳолда ёзганлигини қайд этиб, шундай дейди: «Бизниг фикримизча, Зокиржон Фурқат шеъриятга берилган йилларида мазкур «Лайли ва Мажнун» достониниг бирор нусхасини ўқиган, классик адабиёт оркали унга таниш "бўлган мазкур эпизод билан боғлик ўша мухаммас сезгир шоирнинг юрагига тўкинган». Х.Зарипов тилга олган «Лайли ва Мажнун» достони ва ундаги мухаммас, шубҳасиз, Андалиб қаламига мансубдир.
Бизнингча, «Сайдинг қуявер сайёд...» мусаддаси Андалиб мухаммасига татаббуридир. Татаббуъ приймига кўра, бир шоир томонидан бадиий қолипга солинган бир хил мазмун бошқа шоир томонидан давом эттирилади, унга эргашиб, уни янги формага, янги ифодага қолипига солинади. Натижада бир мазмун турли бадиий формага тушади, турли вариантдаги шеърий асарлар майдонга келади. Татаббуъ XIX-ХХ асрлар шеъриятида кенг қўлланган адабий приёмлардан ҳисобланади. Уша даврда яшаб ижод этган Муқимий, Завқий, Аваз каби демократ шоирлар шеъриятдаги бу приёмда кўплаб асарлар яратган. Фурқат ўзининг «Саргузаштнома» асарида бу бадиий приём хақида қуйидагиларни ёзган эди: «ҳамиша мажлис буёд айлаб зодаи табларимиздин мушоира килур эдик ва бир ғазалда татаббуъ кургузуб, бир мазмун хар ифода топар эрди»,
Фурқат калбидаги ижодий ниятнинг юзага чиқиши учун шароит, ҳаёт озуқаси керак эди. Шоир ҳаётининг кузатиб юриб, ўз бадиий мақсадига мос келадиган ҳаётий ҳодисага - дўсти Саъдулло фожиасига дуч келган. Шундай қилиб, Саъдулло хофиз тақдири «Сайдинг қуявер сайёд...» мусаддасиниг майдонга келишида жиддий туртки бўлган ҳар иккала асарнинг яъни Андалиб мухаммасига ҳамда Фурқат мусаддасини ғоявий бадиий-жиҳатдан қиёсласак, бу фикр яна равшанроқ бўлади.
Мусаддас ғоя ва образлар билангина эмас, балки шакл жиҳатдан ҳам мухаммасга жуда ўхшайди.
Андалиб:
Сайдинг қуявер сайёд, дилпора экан мендек,
Чулларда кезиб юрган сайёра экан мендек,
Сар то сахи ҳижрондан кўп ёра экан мендек,
Ол домингни буйнидан, бечора экан мендек.
Ишқ офатида Мажнун йўлидайи- пар бўлдим,
Аъзоимни эл билмас, аҳволи - дилгар бўлдим.
Буларни назр кил деб, сенга юз тутар бўлдим,
Гуёки қиёматлик, мен сенга писар бўлдим,
Ол домингни бўйнидан бечора экан мендек.
Фурқат:
Сайдинг қўёбер сайёд, сайёра экан мендек,
Ол домингни бўйнидан. бечора экан мендек.
Уз ёрини топмасдан овора экан мендек.
Иқболи нигун, бахти ҳам қора экан мендек,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек.
Куйган жигари-бағри садпора экан мандек.
Йўқ ҳуши пари теккан девонага ўхшайдур,
Кўз ёши ана тўлган лаймонага ўхшайдур.
Ғам сели оилан кўнгли вайронага ўхшайдур,
Фурқатда бу Сайдулло, ҳайронага ўхшайдур,
Ҳижрон ўқидан жисми кўп ёра экан мендск.
Куйган жигари-бағри садпора экан мендек.
Бу парчалардан кўриниб турибдики, бандлар ҳар жиҳатдан- мазмун жиҳатдан ҳам, шакл жиҳатдан ҳам оҳангдош. Шундай бўлса ҳам, бандларнинг фарқ қиладиган томонлари бор. Чунончи, Фурқат бандларини ҳажм жиҳатдан кенгайтирган. асарнинг таъсир кучини оширган. Шунингдек, Фурқат асарга ўз даври талабларига кўра кенгроқ мазмун беришга ҳаракат қилган.
Мухаммасда ҳам,мусаддасда ҳам сайёд зулм. зўрлик ва адолатсизлик. сайд эса туткунлик тимсоли сифатида талкин этилади. Иккала ижодкор ҳам зўлм ва жафо кўрган сайдга ачиниш ҳисси билан қарайдир, сайёдни эса, эркинликнинг ашаддий душмани сифатида ланатлайдилар. Андалиб мухаммасидаги мазмун ҳамда сайд ва сайёд образлари мусаддасда ҳам сақланган. Шунга қарамасдан, мусаддасдаги образлар муҳаммасдаги образларнинг такрори эмас. Фурқат дўсти Саъдуллонинт душманлари томонидан қўл-оёқлари боғланган ҳолда ҳар томонга судраб юришлари холатини бўрттириб кўрсатиш учун Андалиб мухаммасидаги образларга мурожаат қилган бўлсада, бу образларга реалистик бўёқлар беришга ҳаракат қилган.
Андалиб ўз асарларида Мажнун ҳолатини, унинг қалб изтиробларини кўрсатиш учун оҳу образидан фойдаланган бўлсада, Фурқат бу аллегорик образ орқали қўл-оёғи боғланган Саъдулланинг аянчли аҳволини тасвирлаган:
Бечорани зулм айлаб, қўл буйнини боғлабсан,
Ҳар сори чекиб-судраб, улдургали чорлабсан,
Куксини жафо бирла лола каби доғлабсан, Сот
манга, агар қасдинг олгувчи суроғлабсан,
Ҳижрон укидин жисми кўп ёра экан мандек,
Куйган жигари-бағри садпора экан мандек.
Мазкур сатрларни ўқиган китобхон кўз ўнгида оҳу эмас, балки ўлим чангалида турган инсон- Саъдулла гавдаланади. Андалиб мухаммасида сайёддан оҳуни озод қилинишини ўтиниб сўраса, Фурқат бегуноҳ Саъдуллани бўшатишни талаб қилади.
Юқорида баён қилинган фикрларни хулосалаб айтиш мумкинми, Фурқат туркман шоири Андалиб ижоди, хусусан, унинг «Лайли ва Мажнун» достонидаги мухаммасдаги илгари сурилган ғоялар Фурқат талқинида янада юқори поғонага кўтарилди. Шоир ўзининг турмуш ҳақидаги олийжаноб орзу-истакларини, эркин ва қўвноқ ҳаётга бўлган интилишларини, эрксизликка, ҳақсизликка бўлган нафратини ифодалашда Андалиб тажрибасига таянди, унинг мухаммасига мусаддас билан жавоб бериб, шоирлик исътедодини янада равшанроқ намоён этди. Мусаддасиинг ўзбек демократик адабиётининг энг яхши намуналаридан бири бўлиб қолганлигининг боиси ҳам шунда. Нурмуҳаммад Ғариб Андалиб яратган бир қанча достонлар орасида энг машҳури "Лайли ва Мажнун" достонидир. Андалиб достонида Алишер Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" асарининг сюжети, образлар системаси тўлиқ сақланган бўлса ҳам, унда шоир XVIII аср туркман халқининг ҳаётини акс эттиришга интилган. Халқ оғзаки ижодидан баракали фойдаланган. Андалибнинг "Лайли ва Мажнун" асари унинг вафотидан сўнг оғиздан-оғизга кўчиб, халқ орасида кенг тарқалди. Достон туркман тилида насрий ва шеърий йўл билан ёзилган бўлиб, унда туркман халқ оғзаки ижодининг ҳам кучли таъсири сезилади. Достоннинг сюжети Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" достонига қараганда анча ихчам, унда баъзи эпизодлар тушириб қолдирилган. Зўр бадиий маҳорат билан яратилган бу асарда Лайли, Қайс, Зайд, Қайснинг ота-онаси образлари жуда ёрқин бўёқлар билан чизилган. Андалиб Навоийнинг кўр-кўрона такдидчиси бўлиб қолмаган, балки ўз ишига ижодий ёндашган. Насрий парчаларда шоир кўпроқ асарнинг сюжет чизиғини ривожлантирса, унда салмоқли ўрин тутган шеърий парчаларда эса қаҳрамонларнинг руҳий кечинмалари, психологияси ва ички дунёсини очиб беради. Бу жиҳатдан Лайли ва Мажнун ўртасидаги, Қайс ва унинг отаси ўртасидаги шеърий диалоглар, шунингдек, ғазал ва маснавийлар диққатга сазовордир. Лайли ва Мажнунларнинг фожиали севгисини ҳикоя қилиш жараёнида Андалиб баъзан юмордан фойдаланади. Масалан, Қайс билан Лайли бир мактабда ўқиб, бир-бирларини севадилар, лекин тез орада бундан хабардор бўлган Лайлининг отаси ўз қизини мактабга юбормай қўяди. Қайс мактабга келиб Лайлини учратмагач, қаттиқ ҳаяжонланади. Муаллим ундан: "Кечаги сабоқ нима эди, айт", деб сўраганда, Қайс пгундай жавоб қайтаради:
Ҳар сабо келарди гулдек очилиб,
Кулганда оғзидан дурлар сочилиб,
Ё ўлдими, кафан тўни бичилиб,
Не бўлди, билмайман, келмади Лайли?
Андалибнинг замондоши Давлатмамед Озодий ўз шеърларида бир қанча ижтимоий муаммони кўтариб чикди. Ўз даврининг илғор кишиси бўлган Озодий Бухоро амирлари, Хива хонлари зулми остида эзилиб келаётган халқнинг озодлигини орзу қилди, халқни хонавайрон қилувчи ўзаро феодал урушларни қаттиқ қоралади. Шоирнинг "Ваъзи Озод" асарида ўзбек, форс-тожик ва туркман мумтоз шеъриятининг кўпгина фазилатлари ривожлантирилган.
Туркман мумтоз адабиётининг асосчиси Махтумқули мамлакатда Эрон шоҳи Нодиршоҳ ҳукмронлик қилган даврда яшади. Унинг ёшлиги Гургон шаҳри яқинидаги Ҳожигавшан қишлоғида ўтди. Махтумқули Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таълим олди. Эрон қўшинлари билан бўлган жанглардан бирида асир тушган шоир бир неча вақт Эронда яшади.
Ўзининг "Чақириқ" номли шеърида Махтумқули туркманларни Эрон босқинчиларига қарши курашга даъват этади. Шоир туркман халқини озод ва туркман тупроғини обод кўришни орзу қилар эди.
Махтумқули туркман шеъриятида шакл ва мазмун новатори
бўлиб қолди. У ғазалчиликни ҳар томонлама мукаммаллаштирди,
ғазалда ишқ-муҳаббатни ижтимоий мавзу билан боғлаб ривож-
лантирди. Махтумқули шеърларининг вазни равон, ўйноқи тили эса
жуда содда бўлганлигидан халқ орасида тез тарқалди, куйга солиниб
айтиладиган бўлди.
ХVIII-ХIХ асрлар туркман адабиёти тараққиёти. XVIII аср охири, XIX аср бошларида яшаб ижод этган туркман шоирлари Саидий, Котибий, Мискин Қилич ва Зелилий туркман адабиётида Махтумқули ижодининг давомчилари эдилар. Саидий Эрон подшосининг асири, Зелилий эса Хива хонининг тутқуни сифатида жуда кўп қийинчиликларни кечирдилар. Бу шоирлар ўз ватанларидан узоқда яшаган бўлишларига қарамай, уларнинг шеър-лари ватанпарварлик ва қаҳрамонлик руҳи билан суғорилган. Саидий ва Зелилийнинг эҳтиросли сатрларида, бир томондан, ўша замоннинг золим подшолари, беклари шафқатсиз танқид қилинса, иккинчи томондан, туркман халқига чуқур муҳаббат ҳисси маҳорат билан ифодаланади, туркман чўли, шаҳар ва қишлоқларининг жонли тасвири чизилади.
Туркман мумтоз шоирларининг яна бир намояндаси Мулло Напас туркман тарқоқ қабилалари бирлашиб, аввал Хива хонига, сўнг Эрон шоҳи аскарларига қарши озодлик ҳаракатини кучайтирган бир вақтда яшади. У ўз ватандошларининг озодлик учун олиб борган курашларда эришган ютуқларини кўриб беҳад қувонди. Мулло Напас ўз лирик ва эпик ижоди билан ҳам халқ оғзаки ижодида, ҳам ёзма адабиётда муносиб ўринни эгаллайди. Унинг лирикасида ижтимоий мотивлар кўп кўринмаса-да, шеърлари ғоят содда ва равон ёзилган. Мулло Напас ўз шеърлари орқали туркман мумтоз поэзиясига озарбайжон, ўзбек ва тожик шоирларининг яхши анъаналарини сингдирди, ишқий мавзуда ёзилган шеърларида ҳам туркман халқининг кундалик ҳаётини ёрқин акс эттирди.
Адабиёт тарихида Мулло Напас ўзининг бизгача етиб келган ўзининг иккита мазмундор достони билан машҳур. Улардан бири "Гелмишам" ва иккинчиси "Зўҳро ва Тоҳир" достонларидир.
"Гелмишам" достонида шоир дунёвий пок севгининг ҳар қандай илоҳий кучдан ҳам - ажал фариштаси, Муҳаммад пайғамбар ва ҳатто худодан ҳам устун эканлигини Непес номли ошиқ йигит ва унинг садоқатли маъшуқаси образларида усталик билан баён қилган.
"Зўҳро ва Тоҳир" Тоҳир ва Зўҳролар тўғрисидаги машҳур сюжет, афсона ва образлардан ижодий фойдаланиб ёзилган тамоман янги, оригинал асардир. Достонда тасвирлаиишича, Тоҳир билан Зўҳро бир-бирларини севадилар, лекин золим хон Бобохон ва ўша замондаги феодал муҳит бу икки ёш қалб севгисининг фожиали якунланишига сабаб бўлади. Тоҳир ва Зўҳро эски урф-одатлар ва зўравонликнинг қурбони бўладилар. Аммо буюк инсонпарвар шоир достон воқеасининг фожиали тугалланишини истамайди, ўз севимли қаҳрамонларининг ҳалок бўлишини эп кўрмайди. Шунинг учун у Тоҳир билан Зўҳро севгиси тўгрисидаги воқеани давом эттиради. Достонда ҳикоя қилинишича, золим Бобохон тахтдан йиқитилиб, унинг ўрнига Одилшоҳ номли маърифатпарвар, адолатли ҳукмрон ҳокимият тепасига чиқади. Меҳнаткаш халқ эркин нафас олиб, мамлакат обод бўлади. Ана шундай фаровон ҳаёт шароитида Тоҳир ва Зўҳро қайта тирилиб, ўз душманларидан қасос оладилар. Пок дунёвий севги ўлим устидан ҳам, қора кучлар устидан ҳам ғолиб келади. Ошиқ ва маъшуқ мурод - мақсадларига етадилар.
Қардош ўзбек, тожик ва қирғиз адабиётларида бўлгани каби, туркман адабиёти тараққиётининг биринчи даврида ҳам (1905-1929) поэзия етакчи жанр бўлиб қолди. Бу вақтларда халқ шоири Кўр-муллонинг "Большевик" достони, Дурди Қиличнинг "Золимлар", "Камбағаллар", Мулло Муртнинг "Туркманистон учун азизсан", "Озодлик" сингари шеърий асарлари даврнинг долзарб масалаларига бағишланган эди.
Номлари тилга олинган халқ шоирларидан ташқари, бу давр туркман адабиётига Б. Кербобоев, А. Аламишев ҳам ўзларининг биринчи шеър, достонлари билан кириб келдилар. Улар яратган "Сона" (А.Аламишев), "Қизлар дунёси", "Одатнинг қурбони" (Б.Кербобоев) достонлари туркман поэзиясининг дастлабки йирик асарлари эди. Б. Кербобоев ва А. Дурдиевлар ўзларининг биринчи ҳикоя ва повестлари билан проза жанрини, Ота Кавшутов эса "Закаспий фронти" пьесаси билан драматургия жанрини бошлаб бердилар.
Проза соҳасида Б.Кербобоевнинг "Дадил қадам" (II қисм), "Небитдоғ"; О.Кавшутовнинг "Копетдоғ ён бағриларида" романлари; Беки Сейтаковнинг "Ўғилнинг совғаси", "Замондошлар"; X. Исмоиловнинг "Икки отанинг ўғли" повестлари пайдо бўлди. Бу асарлар туркман ёзувчиларининг номини китобхонларига танитди.
Б.Кербобоев "Ойсултон" ва "Небитдоғ" асарларида замонавий мавзуга мурожаат қилади. "Ойсултон" повестида Ойсултон ва Бекенч сингари ёшларнинг соф севгиси, меҳнати, оилавий ҳаётидаги янгиликларни тарғиб этган ёзувчи "Небитдоғ" романида туркман ишчилар синфининг ҳаёти ҳақида ёрқин бадиий манзара яратишга муваффақ бўлади. Ҳар икки асарда ҳам меҳнатсеварлик олижаноб фазилат эканлигини кўрсатади.
Ўзбек-туркман халқларининг дўстлик ва «қардошлик тарихи Амудай узун» (Ғайратий). Бу қардошлик уларнинг адабиёти ва оғзаки ижодиётида чуқур из қолдирган. Гўрўғли бир қанча туркман халқ эпосларининг бош қаҳрамони бўлганидай, қирқдан ортиқ ўзбек халқ достонлари ҳам унинг мардлик-олижаноблик хислатларини тасвирлашга бағишланган. Тоҳир ва Зуҳра, Ошиқ ва Ғариб сингари пок севги тимсоллари ҳар икки халқда ҳам зўр муҳаббат ва самимият билан улуғланади. А. Навоийни Махтумқули устоз сифатида қадрлади, унинг гуманистик ғояларини янги тарихий шароитида ривожлантирди. Ўз навбатида, Махтумқули ижоди ҳам ўнлаб ўзбек ғазалчи адиблари ижодига баракали таъсир кўрсатди.
Туркман китобхонлари ҳозирги вақтда Ойбекнинг «Навоий» ва «Қутлуғ қон», А.Мухторнинг «Опа-сингиллар», Ж.Шариповнинг «Хоразм», Ш.Рашидовнинг «Бўрондан кучли» романларини, А.Қахҳорнинг «Синчалак» повестини, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, Уйғун, Зулфия, А.Орипов, О.Матжон, У.Азим, Хуршид Даврон, Н.Нарзуллаев, М.Бобоевларнинг шеърий асар-ларини ўз она тилларида ўқимоқдалар.
Қарши давлат университетининг катта ўқитувчи А. Ҳамдамов