Озарбайжон халқи тарихи ва фольклори. Озарбайжон халқи Кавказ ва Кавказ ортида яшовчи халқлар орасида қадимий маданият тарихи ва бой адабиётга эга бўлган халқлардан биридир (озарбайжон тили туркий тиллар оиласига мансубдир). Унинг халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиёт шаклида яратилган энг қадимги намуналарида одамийлик, ҳақиқат ва адолат учун кураш, меҳнатга муҳаббат ва қардош халқларга ҳурмат сингари олижаноб туйғулар ўз ифодасини топган.
Турли-туман адабий жанрларда яратилган халқ ишқий-қаҳрамонлик достонлари, эртаклари, маросим ва муҳаббат қўшиқлари, шунингдек, халқ латифалари ва мақолларидан иборат фольклор асарлари турли тарихий даврларда яратилиб, оғиздан оғизга кўчиб, бизгача етиб келган. Булардан энг машҳурлари “Қўрқут ота китоби”, “Кўр ўғли” эпослари, “Ошиқ Ғариб”, “Шоҳ Исмоил”, “Асли ва Карам” ишқий достонлари, Мелик-Мамед ва Кал Аҳмад саргузаштларидан ҳикоя қилувчи кулгили-эртаклар, инсоний муҳаббатни олқишловчи тўртлик баётлардир.Халқ оғзаки ижоди асарларини ёзиб олиш ва ўрганиш ишлари Озарбайжонда У1 асрлардан бошланган. Озарбайжон халқ оғзаки ижоди ва қадимий ёзма адабиёти билан Марказий Осиёда яшовчи ўзбек, тожик, туркман, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ халқларининг адабиёти ўртасида бир-бирига ўхшаш жуда кўп анъаналар мавжуд. Кейинчалик озарбайжон адабиёти ва ўзбек, тожик, туркман, қозоқ адабиётларининг йирик вакиллари ижодида ҳам ўзаро алоқа ва таъсир турли-туман шаклларда давом этиб келди.
Гениал ўзбек шоири А.Навоийнинг ўлмас “Хамса”си (ХУ аср), тожик шоири ва мутафаккири Жомийнинг яратган “Ҳафт авранг”и (ХУ аср) уларнинг буюк Низомий-Ганжавий яратган “Панж ганж”дан баҳраманд бўлганликлари туфайли юзага келгани буюк озарбайжон шоири Фузулийнинг ўйноқи ғазаллари, бадиий юксак “Лайли ва Мажнун” достони Алишер Навоий ижоди таъсири остида яратилган.
”Қўрқут ота китоби” тахминан VII–VIIIасрларда, ҳали озарбайжон тилида ёзма адабиёт унча тараққий этмаган бир шароитда, она тилида ижод этилган йирик бадиий асар сифатида катта аҳамиятга эга. Унинг 12 қиссасида ўғиз-туркий қабилаларнинг ўз мустақиллиги учун чет эл босқинчиларига қарши олиб борган курашлари тасвирланган.
Озарбайжонда VII-VIII асрларда араб тили, 1Х асрдан бошлаб эса форс тили расмий давлат тили ҳисобланганлиги туфайли Исмоил Яссор (VII аср),Аҳмад Табризий (Х аср),Баҳманёр Алии Бокуйи, Хатиб Табризий (ХV аср) каби ўнлаб озарбайжон шоирлари ўз асарларини араб ва форс тилларида ёздилар. Кейинчалик бу анъанани озарбайжон шоирларидан Ҳоқоний-Шервоний, Низомий-Ганжавий, Муҳаммад Фузулий ва Мирзо Фатали Охундовлар ҳам давом эттирдилар.Бу сўз санъаткорлари яратган асарлар табиий озарбайжон адабиёти маҳсулидир. Чунки турли тарихий шароитда яшаб қалам тебратган бу шоирлар ижодида Озарбайжондаги турли ижтимоий табақаларнинг ҳаётини акс эттириш асосий ўрин тутган эди.
ХI-ХII асрларга келиб араб истилочилари таъсирининг кун сайин сусайиши натижасида Озарбайжонда мустақил маҳаллий феодал давлатлари юзага келди. Бу феодал давлатларда ўзига хос сарой адабиёти шаклланди, қасида ва ғазал жанрлари равнақ топди.
ХII аср озарбайжон поэзиясининг гуллаб-яшнаши, шубҳасиз, Низомий-Ганжавий номи билан боғлиқдир. Чунки Низомий-Ганжавий ўз лирикаси ва хамсачиликка асос солган беш гениал достонида Шарқ поэзияси эришган ютуқларга якун ясади ва поэзия тараққиётида узоқ асрлар салмоқли роль ўйнаган янги анъанани бошлаб берди.
Видоий ва Воқиф ижоди. ХVIII аср халқ поэзиясининг энг яхши хусусиятларини ўз ижодига сингдирган атоқли озарбайжон шоирлари эдилар. Воқеликни ҳаққоний акс эттириш, халқ орзу-умидларига яқинлик ҳамда шеърни ниҳоятда содда ва халқчил услубда ёзиш бу икки дўст ва маслакдош шоир ижодининг фазилати эди. Ҳар иккала шоирнинг ҳам лирикаси халқ оғзаки ижодининг бой хазинасидан озиқланди. Аммо уларнинг шоирлик тақдири бир-биридан фарқ қилади. Чунончи, Видодийга ҳаёт аччиқ-чучуклари қаттиқ ботгани учун у фоний дунёнинг турли-туман масалалари ҳақида қайғуриб, хаёл сурди. Видодий ҳаётда жуда қийналиб яшади, у мавжуд сиёсий тузум билан келишолмади. Шунинг учун унинг асарларида ҳасрат ва надомат мотивлари етакчи ўринда туради. Шоирнинг “Турналар”, “Йиғлайсан” каби асарлари ва Воқифга юборган шеърий мактубларида бу айниқса кўзга яққол ташланади.
Меҳнаткаш оилада туғилиб вояга етган, ўз ақл - идроки билан вазирлик даражасига кўтарилган Мулло Паноҳ ўғли Воқиф ижодида эса асосан ҳаётбахш рух ҳукирон эди. Шоир ҳаёт гўзаллигини мадҳ этиб, инсон шу дунёда ҳам бахтли яшаш мумкин деб, ўша даврдан тушкинлик кайфиятидаги шеьриятга қарши борди. Мулло Паноҳ Воқиф Озарбайжоннинг Қозоқ районидаги Салоқли қишлоғида туғилган. Ёшлигида ўз даврининг машҳур олимларидан дарс олган. Кейинчалик унинг оиласи Шуша шаҳрига кўчиб борган. Воқиф бу ерда ўқитувчилик қилган, тез орада унинг машҳур шоир билимдон ва донишманд киши эканлиги Шуша хони Иброҳимбекка етади. Уни саройга ишга таклиф қилади. Шоир Иброҳимбек салтанатида бош вазир даражасига ишлашга муваффақ бўлади. Тарихий воқеалар ва урушлар туфайли Иброҳимбек Шушани ташлаб кетадию унинг ўрнини эгаллаган амакиваччаси Муҳаммад Жавоншир Воқифни ўғли Алиоға билан бирга дорга осиб қатл этилади.
Воқиф Озарбайжон адабиётида романтик поэзиядан реалистик поэзияга ўтган биринчи ижодкордир. Унинг шеьрларини кўрчилиги содда, халқ руҳига яқин бармоқ вазнида ёзилди. Улар мазмун жиҳатидан ҳам қўшиқларига яқин туради. У оддий меҳнаткаш халқнинг оғир аҳволи ҳақида ёзди.Ваҳолангки, бу давр озарбайжон шоирларининг кўпчилиги ишқ-муҳаббат темасида асарлар ёзар эди. Воқиф эса ана шу қотиб қолган анъана қобиғидан биринчи бўлиб чиққан шоирлардан.
Байрам келди, найлашимни билмайман
Бизинг уйда тўлиқ жувол ҳам йўқдир.
Дон ҳам, ёғ ҳам аллақачон туговди,
Этни-ку кўрмаймиз, мўжол ҳам йўқдир.
Бизнинг бу дунёда на молимиз бор
Ва на уйда соҳибжамолимиз бор
Воқиф, чиранмаки, камолимиз бор,
Худога шукурки, хамол ҳам йўқдир.
Кўриниб турибдики, шоир меҳнаткаш халқнинг оғир ахволини тасвирлаб, ўзини ҳам улар билан бир қаторда ҳисоблаяпти. Шоирнинг “Боқ”, “Кўрмадим” номли шеърларида ҳам адолатсиз замондан шикоят мотивлари кўзга ташланиб туради. Воқиф ғазалларида асосан Шарқ ғазалчилик анъанаси давом эттирилган.Ишқ-муҳаббат мавзуидаги ғазаллар асосий ўринни эгаллайди.Шоир бу ғазалларида дунёвий ишқни кўпроқ куйлайди.
Севиклим, бу назокатда гулу раънодан ортиқсан
Санобар, сарви шамшод, тўбийи зебодан ортиқсан.
Қошинг тоқин қўйиб, меҳробга мен қилмадим сажда,
Ки сен юз мартаба ул каъбайи улёдан ортиқсан.
Менам Воқифману – Фарҳод ила Мажнундан аъломан,
Агар сенсан – ўшал Ширин ила Лайлодан ортиқсан.
Шоирнинг ушбу шеъри ҳам классик традицион жанрда ёзилган. Унда қофия, радиф ва вазнлар маълум тартиб – қоидаларга риоя қилинган. Лекин ғазалда маъшуқа сифатлари хатто Каъбадан юз марта ортиқсан деб тавсифланаяпти. Бу ўша даврда катта жасорат эди. Бундай сўзларни мусулмон дунёсидаги шоирлар камдан-кам ишлатган. Бу шеърлар қандайдир томони билан ўзбек халқининг исёнкор шоири Машраб шеърларига ўхшаш жиҳатлари бор.
« Қўрқут ота китоби » ҳақида. Дўстлик, биродарлик ҳамма замонлар учун муқаддас тушунчалардан бўлиб келган. Пайдо бўлибдики, барча жамиятларда оддий бир шахсдан тортиб, буюк мутафаккиргача, кичик бир қишлокдан то бутун мамлакат доирасигача бани инсоният дўстликка топиниб, дўстликка сиғиниб, дўстликни улуғлаб келади. Лекин одамзот тирикчилигининг қизиқ ўйинларини қарангки, ўзаро икки киши муносабатидан тортиб, каттаю кичик давлатлараро доимо худди шу муқаддас нарсанинг етишмовчилигидан озор чекамиз. Борлари кўзларга тўтиё, йўқлари дилларга армондир. Шундай экан, дўстликни, қардошликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ҳар қандай иш эъзозлидир.
Таржимачилик- қўшқанотли ҳодиса. У бир томондан халқлараро дўстликни мустаҳкамлайди, иккинчи томондан янги таржима шу асарга эга бўлган халқнинг миллий онгини, маданиятини янада ривожлантиради. Шу маънода ҳар қандай босқичдаги цивилизацияда таржимачиликнинг роли каттадир. Ким билсин, мутаржимларнинг камтарона ва ҳокисор меҳнати таъсирисиз Ғарбу-Шаркдаги Уйғониш даврлари вужудга келармиди, йўқми? Таржима асарлар шунчаки ўз-ўзидан пайдо бўлмай, бунинг учун ниҳоятда муҳим субъектив ва объектив факторлар, шарт-шароитлар бўлиши зарурлигини ҳам таъкидлаш керак. Биринчидан, жаҳон адабиётининг, айтайлик, мукаммал ва нодир асарини ўз она тилига таржима этмоқ учун, авваламбор, мутаржим ўзидаги илоҳий салоҳият нуқтаи назаридан бу ишни амалга ошира олиш даражасига етган бўлиши керак. Иккинчидан, таржима қилинаётган асардаги дард билан таржимон дардлари бир нуқтада учрашган ва уйғунлашган такдирдагина бу асар янги заминда ўзига хос машъала бўла олади. Учинчидан, бу асар таржима қилинаётган халқ учун муайян хоҳишлар ҳосиласигина эмас, бамисли аслиятдаги каби эҳгиёж фарзанди бўлгани чоғдагина кутилган натижаларни бериши мумкин.
«Қўрқут Ота китоби» жаҳон халклари оғзаки ижодида «Манас», «Алпомиш», «Калевала»лар билан бир сафда туради. Ҳозирги Озарбайжон, Туркман турк халқларининг аждодлари бўлмиш Ўрта асрлардаги ўғузлар ҳаёти, тарихи бадиий акс эттирилган бу асарда Ўрта Осиёнинг бошқа туркий халқлари ҳаётига муштарак бўлган манзаралар, элементлар ҳам мавжуд.
VI- VIII асрлар мобайнида яратилиб, XV асрда тартиб берилган, ўн икки ҳикоятдан ташкил топган мазкур асарда бу даврдан аввалги босқичларга, хусусан, исломгача бўлган тарихга оид туркий халқдарнинг ҳаёти, этник ҳодисалар ҳам ўз ифодасини топган.
Достоннинг бошидан охиригача қаҳрамонлик пафоси ҳукм суради. Шу маънода у қўрқоқлик, ношудлик, сотқинлик, худбинлик ва ҳар қандай зўравонликларга қарши айбномадай ўқилади. Эпоснинг рус тилидаги тўла нашри 1962 йилда машхур рус олими В.В.Бартольд қўлёзмалари асосида академиклар К.М.Жирмунский ва А.Н.Кононовлар томонидан амалга оширилган. Озарбайжонда «Қўрқут Ота китоби» 1939 йилдан бери нашр этиб келинади. Китобда юқори синф манфаатларини ҳимоя қилувчи ғоялар, ислом дини идеологиясини тарғиб қилувчи фикрлар, мусулмонларнинг ғайри-динларга қарши курашини ва юришини ҳамда бунинг аксини тасвирловчи эпизодлар оз эмас. Бу нарсаларни ҳозирги ўқувчи асар яратилган давр ва унинг мафкурасидан келиб чиқиб, баҳоламоғи, уларга тарихийлик нуқтаи-назардан муносабатда бўлмоғи керак. Зеро, китобнинг қимматини улар белгиламайди.
Асарнинг айрим саҳифаларида «ғаюр», «ғайриддин», «аллайҳис-салом» каби диний терминлар ва сўзлар учраши табиий. Эпоснинг бош мақсади қаҳрамонликка чорловдир. Зеро, академик Ҳамид Орасли таъкидлаганидек, «Бу достонда ислом динининг таъсири оздир»... Унда инсонлар оллохдан кўра табиатга инониб, табиат кучларига эътиқод боғлаганлар. Асарда асосан Ўғуз ўғлонлари билан бир қаторда аёлларнинг ҳам журъат ва жасоратларини кўрсатишга, оила ҳамжиҳатлиги ва муҳаббат адоларининг гўзаллигини куйлашга асарда алоҳида эътибор берилади.
Қўрқут Ота китобнинг бош қаҳрамони эмас, лекин унинг фикрлари, фикрларининг тимсоли, жами ҳодисалар ва қаҳрамонлар такдирида тутган ўрнига кўра у бутун асарни бирлаштириб турувчи қаҳрамон ролини ўйнайди. Қўрқут Ота хон, бекларгина эмас, халқнинг ҳам доно маслаҳатчиси. У бамисоли адолат тимсоли, рўёбга чиқажак орзулар даракчиси, бахт ва бахтсизликни оддиндан айтиб берувчи закий. Шу маънода у Шарқ ва Ғарбдаги жаҳон халқдари оғзаки ижоди қаҳрамонлари Хизр ва Эзопни хотирамизга келтиргандек бўлади. Эзопга ўхшаб Қўрқут Отани ҳам айрим тарихчи олимлар тарихий шахс бўлганини айтадилар. Ҳатто унинг ҳозирги Қозоғистон ҳудудида қабри туширилган фотосуратлар мавжуд. Айрим манбаларда уни ҳатто деярли уч юз йил яшаган тарихий шахс деб кўрсатадилар. Рашидиддин Абулғози сингари машхур тарихчилар, Навоий сингари буюк санъаткорлар у ҳақда ҳаяжонли фикрлар айтишган.
Мазкур китобда ҳам Қўрқут Отанинг ўзи ўлмас, абадий ҳаёт қолувчи қаҳрамон сифатида талқин қилинади. Бу аслида мазкур асарни яратувчи халқ орзуларининг ифодасидир.
Қўрқут Ота - шоир, бахши. Шуниси эътиборликни, халқ ўзининг энг муқаддас орзу-умидларини шоирга, бахшига топширади, унга ишонади. Муаммоларга жавобни хондан, бекдан эмас, асосан шоиридан кутади. Бу асарни яратувчи халқ тушунчасига, бахши -муқаддас одам. Қўрқут Ота ўғуз-лардан чиққан биринчи оқин. У билмаган нарса йўқ, неки айтса вожиб бўлурди, деб деярли илоҳийлаштирилган.
Асардаги ҳикоятларда хон ва бекларнинг юришлари, овга чиқиш эпизодлари, катта-катта зиёфатлар тасвирига кенг ўрин ажратилади, халқ ҳаётини, укинг ичкдан етишиб чиққан оллий кишиларни кўрсатиш оз. Лекин бундан қатъий назар, биз мазкур манзараларга халқ нигоҳи орқали қараш имкониятига эга бўламиз. Зеро, бу эгшзодлар халқни эзиб келган юқори синф ҳаётининг тантанавор лавҳалари ҳақида анча тўлиқ тасаввур беради.
Китобда халқ вакили мутлақо кўрсатилмаган, дейиш ҳам унчалик ўринли эмасдир. Масалан, асарда душманга қарши курашда садоқат, ватанпарварлик ва жасорат намуналарини кўрсатган чўпон образи бор. Бек душманни шу чўпон бўлмаганда енголмас экан-да, деб ўйламасинлар учун деб уни ўринсиз жазолаш эпизодида айниқса халқнинг бекка ва ўз ичидан чиққан қахрамонига муносабати очиқ кўринади.
«Қўрқут Ота китоби» наср ва назмда ёзилган. У халқ бадиий ижодининг ёдгорлиги сифатидаги қимматидан ташқари, туркий халқлар прозаси ва поэзиясининг Ўрта асрлардаги дастлабки муҳим манбаларидан биридир. Унда «Девони луғатит-турк» ва «Қутадғу билиг» даги поэтик фикрлаш услубининг маълум излари сезилади. Воқеалар баёни асосан насрда, қаҳрамонлар эмоцияси, нутқи эса, назмда берилишиша кўра «Қўрқут Ота китоби»нинг яратувчилари асар структурасида эпик ва лирик асоснинг ўрни ва аҳамиятини чуқур, нозик тушунганлар, деган хулосага келиш мумкин. Наср қўлланилган ўринларда ҳам ўқтин-ўқтин саъж санъатига мурожаат этилиши асар поэтикасидаги таъсирчанликни янада оширади. Китобдаги шеърий парчаларда қофияга доим ҳам амал қилинавермаслик, асосан, фикрга урғу берилиб, бўғинлар саноғидаги эркинликка интилиш ҳозирги сарбаст шеър-ларимиз илдизини фақат Ғарбдан эмас, туркий халқлар маданияти тарихидан ҳам излаш мумкинлигини кўрсатади.
Китобнинг ҳам наср, ҳам назмда қўлланган ихчам, қисқа ва лўнда, ортиқча тайёргарлик ва экспозицияларсиз фикрлаш услуби таржимоннинг ўз услубига ҳам айнан мос келади. Бу эса, таржима муваффақиятини белгилашга замин бўлади. Таржимон энг асосийси, давр руҳини, аждодларимизнинг фикрлаш йўсинидаги ўзига хосликларни адекват беришга муваффақ бўлади. Тўғри, таржимада баъзан ҳозирги англанилиши қийин, эски туркий сўзлар қўлланилиб, шу эпизодларни тушунишни бир оз қийинлаштиради, баъзан эса, шу куннинг ниҳоятда оддий сўз ва ибораларига берилиб кетиб, тарихий муҳит бирмунча жўнлашгандек тасаввур қолдиради. Лекин бу камчиликлар таржимага яхлит характерли эмас. Шу нуқтаи назардан қаралганда «Қўрқут Ота китоби»нинг ўзбек тилига таржимаси муваффақият билан бажарилган. У умуман, ҳозирги таржимачилигимизнинг жиддий ютуғи сифатида баҳолана олади.
Низомий Ганжавий ижоди
Ҳаёти ва ижоди. Улуғ озарбайжон шоири Низомий Ганжавий ўз салаф ва халафлари Ҳоқоний Ширвоний, Қатрон Табризий, Имониддин Насимий, Муҳаммад Фузулий, Мирза Фатали Охундов каби дунёга машҳур сўз усталари қаторида шарафли ўринда туради. Низомийни шоирларнинг шоири, шоирларнинг устоди шоҳсупасига кўтарган унинг “Хамса”си бўлди.”Панж ганж”-“Хамса” номлари билан машҳур бўлган беш достондан иборат бу асар буюк бадиий тафаккур ва ҳудудсиз истеъдод ҳосиласи сифатида Шарқ адабиётининг нодир ҳодисасига айланди. Навоий Низомий “Хамса”сини юксак баҳолаб, уни эл қулоғига маънавий гавҳарлар еткуриб, сўнгра қалбга йўл олиб, уни ҳам лабо-лаб тўлдирувчи мўъжизбаён асар деб атайди. Навоий ўзининг “Мажолисун-нафоис” асарида турли халқларга мансуб бўлган, лекин Ҳирот адабий муҳити билан боғлиқ ҳолда “Хамса” ёзишга аҳд қилган Мароғали Ашраф,Али Осий, Фасиҳ Румий, Хожа Имодиддин Лохурий, Абдулло Хотуфий, Котибий Туршузий каби шоирларни характерлаб ўтади. Илёс Юсуф ўғли Низомий 1141 йилда Озарбайжоннинг Қадимий Ганжа шаҳрида туғилади. Ота-боболари ўз даврининг маърифатли кишиларидан эдилар. Илёснинг бобоси Захи Муайяддинни олим ва шоир бўлганлигини нақл қиладилар. Илёснинг онаси Ганжада яшовчи курд оиласига мансуб бўлган. Низомий шоирнинг тахаллусидир. Навоий: Бебаҳо сўз дурларини ўз ўрнига қўя олганлиги учун такдир уни Низомий деб аташга ахд қилди, деб ёзади:
Нозим ўлуб сўз дуру серобига,
Чарх «Низомий» ёзиб алқобига.
Навоий Низомий тахаллусига «Шайх», «Ҳаким» каби сифатловчи
сўзларини қўшиб айтади. Бу эса унинг маънавий раҳнамолигига ва
файласуф шоирлигига ишорадир.
Низомий ўз даврининг ҳамма илмларини эгаллаган нодир истеъдод соҳиби бўлиб етишади. Ўз ижодини лирик асарлар ёзиш билан бошлаган Низомий устозлар оғзига тушди. Ҳоқонийнинг юксак баҳосига сазовор бўлди. Шуҳрати бугун Ўрта ва Яқин Шарққа ёйилди. Низомий истеъдодини пайқаган, уни тан олган ўша давр ҳукмдорлари саройга таклиф этдилар. Лекин у саройга бормади. Низомийнинг ижод бобидаги шон-шуҳратидан хабар топган Дарбанд ҳокими иззат-ҳурмат юзасидан шоирга Офоқ исмли чўри қизни тортиқ қилади. Лекин Офоқ Низомийнинг чўриси эмас, ҳаётининг энг мўътабар кишиси, турмуш йўлдошига айланади. Офоқ жуда қисқа умр кўрди. 1180 йилда вафот қилди. Лекин Низомийга Муҳаммад исмли ўғил ёдгор бўлиб қолди. Ҳаётдаги энг яқин кишисини йўқотган Низомий умр давомида Офоқни унутолмади. 1188 йил «Ҳисрав ва Ширин» достонида Ширин образи орқали Офоқ сиймосини жонлантиришга аҳд қилди. Ширин образи Низомийнинг Офоқ учун қўйган ҳайкали эди.
Кексалик йилларида яратган «Искандарнома»сида ҳам Офоққа бўлган муҳаббатини дард билан ёзади. Ёлғиз ёдгори бўлган Муҳаммадни ҳар жиҳатдан етук ва донишманд бир киши бўлишини истайди. Низомий уйида шоир ва шеърият мухлислари тўпланар эдилар. Бу ерда бўладиган адабиёт ҳақидаги суҳбатлар Муҳаммадни адабиёт оламига етаклади.
Муҳаммад 14 ёшидан бошлаб қўлига қалам олди. Лекин Низомий ўғлидаги бу ҳоҳишни рад этади. Муҳаммадга панд-насиҳатлар беради. Ниҳоят, Муҳаммад ҳуқуқшунослик ва тиббиёт билан шуғуллана бошлайди. Низомийнинг ҳаёти ҳақидаги бир лавҳага мурожаат қилайлик: «Хамса»нинг биринчи достони “Махзанул-асрор”ни ёзиб тугатгач, унинг довруғи кенг ёйилди. Салжуқийлардан Ироқ ҳокими Турғул II (1154-1194) шоирга муҳаббат ҳақида бир асар ёзишни тавсия этади ва унга катта ҳадя ваъда қилади. Низомий «Ҳисрав ва Ширин» достонини ёзиб, якунлади. Йиллар ўтгач, Ганжада бир неча кунлик шоҳлик қилган Қизил Арслон Низомийни ҳузурига чақирди. Шоир йўлга чиқиб шоҳнинг муваққат ўрдасига етиб келди. Шоҳ бу вақтда ўз чодирида Низомий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни тинглаб, базму-жамшид қилиб ўтирарди. Шоирнинг етиб келганлигини эшитган Қизил Арслон дастурхонларни йиғиштириб, хонандаларнинг кетишига рухсат беради. Низомий шоҳ чодирига кириши билан Қизил Арслон шоирга қучоқ очиб, ёнидан жой кўрсатади. Ровий Низомийнинг Қизил Арслонни мадҳ этган қасидасини ўқийди. Шоҳ қўлини Низомий елкасига қўяр экан, унга тасанно айтади ва гап «Ҳисрав ва Ширин» достонига келиб тақалади. Акаси Жаҳон Пахлавон қилган инъомни эсга олади. Ўша инъомлар орасида сизга тортиқ қилинган қишлоқ ҳам бор эди. Қизил Арслон ёрлиқни олганмисиз, деб сўрайди. Низомий чуқур ўйга толади. Чунки у ваъдадан бошқа ҳеч нарса олмаган эди. Қизил Арслон Низомийга ҳурмат юзасидан тўн кийдирди. ҲАМДУЁН қишлоғи унинг номига ёрлиқ қилиб берилди. Низомий миннатдорчилик билдириб, кетишга рухсат сўради. Отга минаётганида унинг қўлига ёрлиқни келтириб бердилар. Ярим Фарсанг (4 километр) келадиган бу қишлоқнинг йиллик даромади Низомий ҳаражатларига етмас эди. Шунинг учун ёрлиқни тўғри келган кишига бериб, отга қамчи урди.
Профессор Бертельс: «Қизил Арслон ҳеч қандай даромад келтирмайдиган ерни шоирга тортиқ қилар экан, шайх эътироз билдиришга журъат этмайди,» деб ёзади.
Низомий 1209 йил 68 ёшида Ганжа шаҳрида вафот этди.
Низомий шарқ адабиётида хамсачилик анъанасини бошлаб берган буюк алломалардандир. Навоий” Лайли ва Мажнун” достонининг муқаддимасида Низомий «Панж ганж» асари ҳақида гапириб: «Уни Шарқда ер-сув ва бошқа бойликлари билан машҳур бўлган Мусо Пайғамбар замонасининг энг бадавлат одами, афсонавий Қорин ганжи билан таққослаб «Ганжи Қорин анинг «Панж ганжи» қошида вайронадек кўрингай»,- деб ёзади.
“Панж ганж” достонлари:
1. «Маҳзанул-асрор» (сирлар хазинаси) достони.
2. «Хусрав ва Ширин» достони.
3. «Лайли ва Мажнун» достони.
4. «Ҳафт пайкар» достони.
5. «Искандарнома» достони.
«Маҳзанул-асрор» 1170 йилда яратилган. Достон шоирнинг ҳаётий кузатишлари асосидаги фалсафий, ижтимоий ва ахлоқий қарашларининг бадиий мажмуаси деб айтиш мумкин. Асар муқаддимасида худонинг яккаю-ягоналиги ҳақидаги муножотлар,пайғамбар ҳақидаги ҳамд санолар билан бошланади.Низомий ҳаётда нима муқаддасу, нима фаҳш, инсон нима учун интилмоғи, нимани рад қилмоғи керак деган саволларни ўртага қўяр экан,бу саволларга жавоб беришда Қуръон сураларига мурожаат қилиб, хадисларни асос қилиб олади.” «Маҳзанул-асрор»” да адолат ва зулм тушунчалари жиддий равишда бир-бирига қарама-қарши қўйилади. Шоир зулм ҳукмрон бўлган ерда мамалакат харобага айланади, эл хонавайрон бўлади. Асарда «Султон Санжар ва кампир» ҳикояти мавжуд. Кунлардан бир куни Султон Санжар ҳузурига жабрланган бир қария кампир кириб келади. Шоҳнинг этагидан маҳкам ушлаб, унинг ҳукмронлигида рўй бераётган бедодликдан фарёд чекади. Шоҳнинг кеча тинчлигини сақлаш керак бўлган миршаблари маст ҳолда кўчама-кўча тентираб юрадилар. Ҳоҳлаган уйларига кириб, бебошлик қиладилар. Тунда рўй берган қотилликни таг-томирини суриштирмасдан кампирнинг уйига бостириб кирадилар ва азоб берадилар. Кампирнинг сочларидан судраб юз-кўзларига тепадилар. Кампир бу ситамга чидай олмай тўғри шоҳнинг ҳузурига боради ва қилмишини фош этади.
Бу ҳикоят орқали Низомий шоҳлар жабр-зулмини фош этибгина қолмасдан, уларга таъсир этиш қайта тарбиялаш йўлларини қидиради.
«Нуширвон ўз вазири билан» деган ҳикоясида Нуширвон ўз вазири билан овга чиқади. Бир хароба қишлоққа тушадилар. Икки бойўғли суҳбатини эшитган шоҳ вазирдан улар нима дея ётганини сўрайди. Икки қуш бир-бири билан қуда бўлмоқчи. Қиз томон қалин эвазига хароба беришни шарт қилиб қўймоқда. Йигит томон эса шу подшоҳимиз ҳукмронлиги давом этса бу талаб ортиғи билан адо этилур деб айтмоқда. Бу суҳбатдан шоҳнинг виждони уйғонади. халқда нима эксанг шуни ўрасан, осмонга тупирсанг бетингга тушар, бировга чоҳ қазисанг, ўзинг йиқилурсан, одам ҳар бир қилмиши учун қиёмат куни жавоб беради деган ҳикматлар мавжуд.
“Маҳзанул-асрор” Шарқ халқлари адабиётида фалсафий-таълимий достоннинг янги ва ажойиб намунаси бўлиб қолди. Ўзбек адабиётида «Маҳзанул-асрор» анъанасига биринчилардан бўлиб мурожаат қилган шоир ХУ асрда яшаб ижод этган “Гулшанул-асрор” асари муаллифи Ҳайдар Хоразмийдир. ХУ1 аср ўзбек шоири Хожанинг “Мақсадул-атвор”асари ҳам Низомий “Махзанул-асрор”идан баҳраманд бўлиш билан яратилгандир.Худди шунингдек, Навоийнинг “Ҳайратул-аброр” асари ҳам баҳрамандликнинг мевасидир.
«Хусрав ва Ширин». Жаҳон адабиёти жуда кўп муҳаббат достонларини билади. Унинг хазинасидан Шарқнинг “Лайли ва Мажнун”, “Вомиқ ва Узро”, “Юсуф ва Зулайҳо қиссалари муносиб ўрин олган. Шарқнинг яна бир нодир ишқномаси бор,бу Хусрав, Фарҳод ва Ширин каби қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилувчи асарларидир. “Хусрав ва Ширин ”ёхуд “Фарҳод ва Ширин” Шарқ халқлари ақл ва тафаккурининг мозийга дахлдор мўъжизаси сифатида юзага келган. Бу достон 1181 йидда яратилган бўлиб, асарнинг муқаддимаси Худо ва пайғамбар номига ёзилган ҳамд-санолардан иборат. Достон
Мадойин ҳукмдори фарзандсиз Хурмуз хонадонида Хусрав Парвизнинг туғилиши билан бошланади.Бола тарбиясига алоҳида эътибор билан қарайдилар. У ёшликдан фавқулотда ақл- идрок, куч-ғайрат эгаси бўлиб улғаяди. Хусрав беш ёшидаёқ баркамоллиги билан томоша қилгудек ва ибрат олгудек эди. Унинг бош бармоқлари шернинг панжасига ўхшарди.Низомий Хусрав характерини тасвирлар экан, унга ёшликдан бошлаб ҳамроҳ бўлган енгилтаклик, беқарорлик сифатларини ҳам таъкидлаб ўтади.Бу одатлар унга умрини охиригача йўлдош бўлади ва оқибатда қатор фожиаларга учрайди.
Хусрав балоғат ёшида ўз яқинларидан бўлган Шопурдан Бардада ҳукмронлик қилувчи Мехинбонунинг гўзал жияни Ширин ҳақида ҳикоя қилади. Ғойибдан ошиқ бўлган Хусрав Шопурни Бардага юборади. Шопур Ширинга учрашиб Хусравга мойиллик уйғотади. Шupuн Хусрав ҳузурига Мадойинга келганида шаҳзода отаси билан уришиб мамлакатдан қочиб кетган эди. Паноҳ истаб Меҳинбону ҳузурига боради, лекин Ширин билан учрашолмайди. Хусрав ота тахтига ўтирганидан кейин бир вақт Хурмуз ҳукмронлиги йилларида саркарда бўлиб турган Баҳром Чубиннинг қувғинига учрайди. Мадад истаб Румга йўл олади. У ерда Рум қайсарининг қизи Марямга уйланади. Мадойин тахтини қайта эгаллайди. Бу вақтда Ширин Мадойин атрофидаги бир қўрғонда яшар эди. Ширин образи достон давомида гўзаллик ва ирода устиворлигининг ёрқин рамзи сифатида гавдаланади. У бир умр илк муҳаббатига содиқ яшайди. Хусравни унутолмайди. Ширин ёшлигидан сутга ўрганган. Сут танқислиги учун жуда қийналар эди. Чорва ўтлайдиган ердан сут ариғи қаздириш керак эди. Шу муносабат билан Фарҳод образи кириб келади. Фарҳод сут ариғини ковлашга тушади. У бутун борлиғи билан Ширинга кўнгил қўяди. Шу муҳаббат унинг кучига куч қўшарди. Бироқ, ўртада Хусрав билан тўқнашув турар эди. Бутун борлиғи билан севган Шириннинг кўнгли Хусравда эди. Хусравнинг насл-насаби юқори эканлигини билиб, бемаҳал туғилган муҳаббатдан изтироб чекиб тоғу-тошларга чиқиб кетади. Жаҳл отига минган Хусрав Фарҳодни макр билан ўлдиради.
«Лайли ва Мажнун» асари 1188 йилда ёзилган. Араб қабила бошлиғи Бани Омир фарзандсиз бўлиб, оллоҳдан фарзанд сўрайди. Илтижолари ижобат бўлиб ўғил кўради. Унга Қайс деб исм қўядилар. Ақл заковатли Қайсни мактабга бердилар. Мактабда қизлар ҳам ўқир эдилар. Лайли исмли қиз ҳам бор эди. Қайс билан Лайли бир-бирларини севадилар. Тез орада уларнинг муҳаббатлари ошкор бўлиб, Қайсга Мажнун деб лақаб қўядилар. Мажнуннинг ҳаёти машаққат билан кечар эди. Одамлардан ўзини олиб қочар ва бозорларда қўшиқ айтиб саҳрога чиқиб кетарди. Лайлини соғиниб у яшаётган қабилага келарди. Бир лаҳза дийдорлашувдан сўнг яна фироқ ўтида ёнарди.
Қайснинг отаси Бани Омир ўз ўғли учун Лайлини қўлини сўраб йўлга чиқди. Лайлининг отаси бой- бадавлат бўлганлиги учун ҳам катта дабдаба билан уни кутиб олди. Лекин ўртага Мажнун билан Лайлининг никоҳларига оқ фотиҳа бериш истаги тушуши билан Лайлининг отаси ўзгаради. Совчилар иложсиз қайтадилар. Бу хабар Мажнунни телба қилибқўяди, энди у қариндош уруғларини тарк этиб ваҳший ҳайвонлар саҳросида улар билан иттифоқ бўлиб яшай бошлайди.Ваҳшийлар Мажнуннинг олдига ҳеч кимни яқинлаштирмас эдилар.Унинг олдига ота-она ҳузуридан овқат олиб келган одам емишни маълум бир жойга қўйиб кетар эдилар.Мажнун вақти-вақти билан бу жойга келар, ўзи эмас, ҳайвонларнинг қорнини тўғизар эди.Бу воқеалар Мажнуннинг ота-онасини қаттиқ изтиробга солди. Лайлининг omacu қизини Ибн Саломга узатмоқчи бўлади. У оғир изтиробларни бошдан кечиради. Лекин дардини ота-онасига айтолмайди.
Достонда Навфал образи пайдо бўлади.
Мажнуннинг мақсадга етишуви учун кўмакдош. Навфал даштда ов пайтида Мажнунни учратиб, унга мадад қўлини чўзмоқчи бўлади. Лайлининг отасига чопар юборади, рад этилади. Икки ҳукмрон ўртасидаги жангда Навфал қўшинларининг қўли баланд келади. Лайлининг отаси Навфал оёқларига тиз чўкади. У ўз нияти йўлида қизини қурбон қилишга тайёр эканлигини айтади. Бу эса китобхонда нафрат уйғотади.
Мажнун онасининг вафотини эшитиб тош устига тушган шишадек чилпарчин бўлади. Мажнуннинг вафотидан кейин умр дарахти хазон бўлиб бораётганлигини англаган Лайли онасига ўлими куни ўзига келин либосини кийдириб дафн қилишларини илтижо қилади. Лайли оғир хасталаниб ҳаётдан кўз юмади.Низомий Лайли образи орқали Шарқ аёлларининг хаё, ибо, назокатли фазилатларини ифода этади.
«Ҳафт пайкар» “Панж ганж”нинг тўртинчи достони “Ҳафт пайкар”дир. Достоннинг бош қаҳрамони Баҳром Гўр бўлиб у 1197 йилда ёзилган. Шарқ адабиёти тарихида Баҳром номига эга бўлган қаҳрамонлар кўп. Масалан, Баҳром, Баҳром Гўр, Баҳром Чубин ва бошқалар.Баҳром уруш, тала-тўп рамзи сифатида қабул қилинган.Баҳром образи ёзма адабиётга дастлаб Фирдавсий томонидан олиб кирилди.
Баҳромни сасоний шоҳларидан Яздигирднинг ўғли бўлиб уни авайлаб ўстирадилар, ёмон кўзлардан асрайдилар.Одобли ва билимли қилиб тарбиялаш, ҳарбий ҳунарга ўргатиш чораларини қидирадилар. Шу мақсадда Баҳромнинг тарбиясини ўзининг Ямандаги вассали Нуъмонга топширадилар.Нуъмон Баҳром учун махсус қаср қурдириб Ҳаварнақ номи билан атай бошлайдилар.
Баҳром ёшлигидан кулон овига ўч бўлиб ўсади Шунга кўра ҳам у Баҳром Гўр лақабини олади. Баҳром қулон қувиб юриб катта хазиналарни қўлга киритади.Бу орада отаси Яздигирд ҳам вафот этади ва тож-тахт учун курашлар бошланади.Баҳром дўшманлари томонидан тахтга чиқарилган шоҳни тадбир билан бартараф этиб ҳокимиятни қўлга киради. Баҳромнинг Фитна исмли гўзал чўриси бор эди.Баҳром уни ниҳоятда севар ва ов сафарларига бирга олиб юрар эди.Баҳром саргузашти еттита қисса учун қолипловчи ҳикоя вазифасини ўтайди.Баҳром рум, ҳинд, эрон, хоразм маликаларини ўз никоҳига олади ва улар учун алоҳида қаср қурдиради.Шанба кунидан бошлаб жума кунигача кечалари маликалардан қисса тинглайди. Шу тариқа еттита қистирма қисса пайдо бўлади. Бир замонларда яшаган Хайр ва Шарр деган икки киши узоқ сафарга отланибди.Бирининг оти Хайр-яхшилик, иккинчиси эса Шарр-жоҳиллик экан.Иккилари ҳам йўлда емак-ичмакни ғамлаб олган эканлар. Хайр очиқ кўнгиллик билан топганини ўртага қўяр, Шарр эса ўз молини яширар эди.Хайр ҳали йўлда сувсиз саҳролар келишини билмас, Шарр эса ҳамма нарсадан воқиф эди.Йўлда сувсизликдан азоб чекаётган Хайр ҳамроҳига икки ёқутни ҳадя қилиб бир қултум сув сўради. Шарр беҳаёлик, виждонсизлик йўлига ўтиб шу сувга ташна икки кўзини ўйиб олишга рози бўлсагина сувимдан баҳраманд қиламан деб айтади.Даҳшатли воқеа рўй беради.Шарр Хайрни икки кўзини ўйиб олади ва бир қултум ҳам сув бермасдан икки ёқутни олиб йўлга равона бўлади. Шу атрофда бир чўпон бўлиб унинг ниҳоятда гўзал қизи бор эди. Булоқдан сув олгани келган қиз инграган овозни эшитиб шу томонга ошиқади. Қонга беланиб ётган Хайрни кўради.Дарахт баргларидан малҳам тайёрлаб Хайрнинг кўзини ўз ҳолига қайтаради.Ота-оналарнинг розилиги билан уларнинг тўйи бўлиб ўтади.Афсонанинг охирида Шарр тасодифан Хайрга дуч келади. У ҳали ҳам ёмон одатларини тарк этмаган эди.Хайр унинг гуноҳларидан ўтади. Афсонада одамийликка хос мурувват ғолиб чиқади.
«Искандарнома» бешинчи достон бўлиб, достонда Искандар Зулқарнайн образи гавдалантирилган. Шарқда жуда кўп афсоналар мавжуд бўлиб, бу афсоналариннг кўпчилиги Искандар номи билан боғлиқ.. Искандарни халқ тафаккурида раҳнамо ва мададкор сифатида хизр билан ёнма-ён тилга олинади. Қадимда кўплаб Искандарномалар яратилган.
А.Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида ҳам Искандар ойнаси масаласи,Искандар тилсимини ечиш мақсадида Фарҳоднинг Юнонга қилган сафари тасвирланади. Фирдавсий шоҳномасида ҳам Искандарнинг Эронга юриши Доро билан тўқнашуви ва Искандар деворининг бунёд этилиши лавҳалари тасвирланган.
«Искандарнома» 1197-1204 йиллар оралиғида ёзилган асар бўлиб, «Шарафнома» ва «Иқболнома» каби икки қисмдан иборат. Искандарнинг ҳарбий юришлари мамлакатни ақл идроки билан бошқариши ҳикоя қилинади. Искандар жуда эрта ота тахтига ўлтиради.
Миср, Эрон жангларида моҳир саркарда сифатида донг таратади. Искандарнинг тадбиркорлигини билган яқин-йироқ мамлакатлар ҳокимлари уни мададга чақирадилар. Искандар халқнинг оромини бузган Яъжуж ва Маъжуж устига зафарона юриш қилади. Халқни бу зулм ва зўровонликдан озод этади. Достонда Искандар донишманд сифатида тасвирланади. У Арастудан бошлаб замонасининг буюк донишмандлари билан суҳбатлашган. Шоҳу-гадонинг сўзларига қулоқ тутади. У ҳар доим рост гапиришга ҳаракат қилади. Бу гал ёлғон гапириб, ҳийла ишлатиб мулзам бўлади.
Озарбайжон ҳукмдори малика Нушоба билан бўлган мулоқати бор. Искандар Озарбайжон ҳудудидан ўтар экан, одил ва оқила Нушоба ҳақида кўп яхши фикрни эшиттан эди. У Нушоба ҳузурига бормоқчи бўлади. Лекин тўсатдан боришдан ўзини тияди.
Искандар ҳийла ишлатиб уст-бошини алмаштириб элчи сифатида Бардаъ ҳокимаси Нушоба ҳузурига кириб боради. Лекин Искандар ўзининг хатти-ҳаракати, муомалалари билан ўзини сездириб қўяди. Нушоба уни қаттиқ уялтиради. Нушоба учун ким бўлишидан қатъий назар у меҳмон эди. Унга иззат-икром кўрсатар эди. Нушобанинг ақл-идрок билан иш юритиши Искандарни ҳайратга солади.
Қарши давлат университетининг катта ўқитувчи А. Ҳамдамов.