Менинг Машрабим

Эгнида жулдур чакмон, бошда дарвешлар кулоҳи, қўлда ирғай асо, яланг оёқ, кўзларида тўла мунг, ҳасрат, айрилиқ дарди. Бу оламнинг нафси лаввомаларидан, фисқу фужурлардан тўйган, жаҳолат ва ғафлатда ётган элнинг ночор аҳволидан чексиз нзтироблар чеккан, динфурушлик қасдида юрган риёкор ва таъмагир шайх-зоҳидларнинг қилмишларндан куйган бу инсон дашту биёбонларга бош олиб кетаётир.

У қуёшнинг аёвсиз қизднраётганига парво қилмайди. Ташналикдан лаблари куриганини сезмайди. Яланг оёклари тарс-тарс ёрилганини билмайди. У қаландарлик рутбаси билан ҳатто «ҳар дашту ҳар саҳрога сиғмай» қолган. Одамларнинг кўзи уйқудалигидан, ишқ элининг ночорлигидан «юрак пора, кўзи ёшлуқ», «куюб бирён, бўлиб ҳайрон» дарбадар кезиб юрибди. Ўз юртига сиғмай, «қаландарваш бўлуб доим эшикларда фиғон айлаб» бораётир. Чунки у «ишқ ўтиға ўртаниб, девона бўлган», рост сўз айтиб, балога қолган. Намозу рўзасини сотувчи, нафс ва шуҳрат илинжидаги, тамаъ ва риё билан ошно тутинган айрим жаҳолатпарастлардан фарқли Аллоҳга чексиз ишқу-муҳаббати, ихлоси ва таваккули туфайли халойиққа афсона бўлган. У «қайси танни ишқи йўқ бўлса, они иймони йўқ» деб ҳисоблайди. Кимнинг ишқ дарди бўлса, у ўзини қурбон қилишга тайёр дардманлардандир. Аммо «халойиқлар қувлар ёмон деб, ҳар шаҳар борса...» Шул боис, у «дунёга келиб ранжу балони» кўрди. Ишқ ўтиға ўртаниб девоналикни афзал билди. «Эл аро расволиқ» касб қилди, ҳар жойдан қувилди. Жаҳолат бор жойда заковат гунг бўлди, бўйин эгди.

Англаган бўлсангиз, бу дардлиғ, ўтлиғ қалб соҳиби буюк Инсон ва оташнафас шоир Машраб эди.

Машрабни ўз даврида ҳам яхши англашмаган, тушунишмаган эди ва алал-оқибат унинг ҳаёти фожиали якун топди. Кейинчалик ҳам унинг тақдири ҳақида, ижоди тўғрисида ғоят мухолиф фикрлар айтилдики, бу кўнгилсиз ҳолат ҳозирда ҳам давом этиб келяпти. Машрабнинг ҳаққи-ҳурмати, адолат ва инсоф юзасидан бу масалада бир тўхтамга келиш зарурияти пайдо бўлди.

Машраб ижоди чуқур ва жиддий тадқиқ этилмаган, асарлари тўлиқ чоп этилмаган бўлса-да, ҳайтовур буюк шоиримизнинг ҳаёт йўли ва ўлмас ғазаллари ҳақида бир неча иомдор шоиру-олимларимиз изланиш олиб боришган. Муҳтарам олимларимиздан Абдуқодир Ҳайитметов, Иззат Султон, Воҳид Абдуллаев, Абдурашид Абдуғафуров, Ваҳоб Раҳмонов, Муҳсин Зокиров ва бошқалар, щунингдек академик шоир Ғафур Ғулом Машраб ижодини оммалаштиришда кўп хайрли ишлар қилишган. Уларнинг тадқиқотларини асло камситмаган ҳолда ўзим англаган, тушунган, кашф этган Машраб хақидаги шахсий мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Маълумингизки, ҳозиргача Машрабни фақат бир ёқлама: динга қарши ғазаллар битган, руҳонийлар ила курашган исёнкор шоир сифатида тасвирлашга, уни ўқувчига даҳрий сифатида кўрсатишга ҳаракат қилиб келинди. Масалан, 1959 йили Ғафур Ғулом ўзининг «Икки Машраб» мақоласида шундай ёзади: «Бобораҳим Машрабнинг бир талай асарлари юзасидан динга шак келтириши, даҳрийлиги аниқ бўлиб, ҳамма шунга кўникиб келаётганда бирорта ўта мутаассиб ва тасаввуфдан иборат бўлган ғазали тушунчани бузади-да, нима дейишга ҳайрон қоласан».

Машрабнинг ўша йиллари ўзбек ва рус тилларида чиққан китобларига сўзбоши ёзган Абдуқодир Ҳайитметов ҳам Машрабни Ислом динига, шариатнинг асосий аҳкомларига қарши чиқиб, уларга бўйсунмаганини ёзади. Кейинроқ, 70-йилларда Машраб ғазаллари жамланган китобнинг тузувчиси Абдурашид Абдуғафуров ҳам, 1980 йили чоп этилган девон сўзбошиси муаллифи Ваҳоб Раҳмонов ҳам шоирни даҳрийга чиқаришади ва унинг кўпгина ғазаллари дин пешволарига, исломий ақидаларга қарши қаратилган, дея хулоса чиқаришади. Бундай таъналар бошқа тадқиқотларда, дарсликларда ҳам учрайди. Аслида шундаймикин?

Минг-минг таассуф бўлсинки, бу чалкаш, мубҳам, баҳсли фикр- лашларнинг бир учи октябр тўнтаришидан кейин «дин халқ учун афюндир» дея юргизилган тескари сиёсатнинг илдизларига бориб тақаладн. Узоқ йиллар мобайнида халқимизнннг бой тарихи ва маданий мероси «диний руҳда экан» тамғаси ила топталди. Одамлар қалбидан, онгидан эътиқод, иймон, ишонч қисиб чиқарилди. Иш шунга бориб етдики, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни «афсонавий шахс» деб эълон қилишди.

Бу телба сиёсат шундайгина адабиёт майдонига ҳам кўчди. Шоир ўз асарида «олий ҳақиқат бўлмиш Аллоҳнинг каломи олдида риёкор шайх ёки зоҳиднинг сўзларн пуч» деб ёздими, бас! У даҳрий, у Ислом ақидасига, шариат аҳкомларига қарши курашган ҳисобланаверди. Ваҳдат майин ичиб, дунё ташвишларидан этак силккан Умар Хайём майпарастликни, ичкиликни тарғиб қилган бўлиб чиқди. «Ёрсиз, ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак» оҳ урган Машрабни куфрда айблаш, Исломнинг муқаддасотларига нописандликда қоралаш одат тусига кирди. Адабиёт дарсликлари муаллифлари Хожа Аҳмад Яссавий ижодини ҳам ниҳоятда «реакцион» деб эълон қилишди.

Ҳолбуки, тасаввуф адабиётида ваҳдат майи «тавҳид завқи»ни, яъни Аллоҳнинг ягоналигига холис, чин дилдан иймон келтиришни англатади. «Тавҳид» деганда Аллоҳ таолони барча жиҳатдан ягона, мутлақ танҳо деб дилдан эътиқод қилиш, фақат Аллоҳнинг розилигини исташ, фақат Уни ўйлаб, зикри билан машғул бўлиш назарда тутилади. Шунингдек, «ваҳдат майи» деганда тавҳид калимасини ҳам тушуниш мумкин. Тариқат йўлини тутган барча шоирларнинг, хусусан, Бобораҳим Машрабнинг ижодида ҳам аксар ҳолларда “ёр жамоли”, “ёр висоли” дейилганда Аллоҳга ошиқлик, Унга етишмоқ истаги тушунилган. Аллоҳнинг васлига восил бўлиш учун «қаландарваш бўлиб доим, эшикларда фиғон айлаб» юриш тасаввуфда айб саналмайди.

Тасаввуф Ислом олам саҳнига ёйилганидан кейин кўп ўтмай юзага келган. Швейцариялик таниқли шарқшунос Адам Мец ўзининг “Мусулмон Уйғониши” асарида сўфийликнинг илдизлари ҳижрий учинчи-тўртинчи асрларга бориб тақалишини ёзади. Тасаввуфнинг Юсуф Ҳамадоний тариқати орқали Мовароуннаҳрда ҳам тез ёйилгани, сўфийликнинг илк тарғиботчиларидан бири Ҳаким ат-Термизий экани, унинг бу мавзуда “Китабут-тавосин” асари мавжудлигини тадқиқотчилар қайд қилиб ўтишган. Сўфийлик сулукларидан бирининг асосчиси Нажмиддин Кубро эса хивалик бўлган. Юртимиздан Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Шайх Хованди Тоҳур, Махдуми Аъзам, Абдухолиқ Ғиждувоний каби тасаввуфнинг йирик шайхлари, тариқат пирлари етишиб чиққанини қандай қилиб рад этиш мумкин?

Кўҳна тарих саҳифаларини варақлаб кўрсангиз, ном чиқарган аксари шоир, фозилу олимларнинг қайсидир бир тариқатда эканини ёки ўзлари сулук юритганини кўриш мумкин. Жалолиддин Румий ё Боязид Бистомий, Шайх Шиблий ё Хожа Аҳрор Валий, Абдураҳмон Жомий ё Фаридиддин Аттор, Алишер Навоий ё Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ёки Машраб – кимнинг номини зикр этманг, ҳаммалари мутасаввиф бўлишган. Бўлганда ҳам иймонлари бақувват, дин асосларини, шариат аҳкомларини яхши билган, фозил ва солиҳ кишилар бўлишган. Фақат уларнинг риёзат, тақво, Аллоҳга етишиш йўлидаги воситалар борасидагина фарқий қарашлари бор.

Баски, “Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат ҳам мандадур мавжуд” деган Машрабни не сабабдан тасаввуфдан айри қилиб, ажратиб олайлик? Бас, шундай экан, “жаҳонда ҳар не борин охиратга айладим итмом” деб куйиб-ёнган, “Ваҳдат майини пири муғон илкидан ичтим” деб ёзган, “Агарчанди зиёрат қилмадим ман Каъбаи зоҳир, Тариқат хожасидурман-ки, Байтуллоҳга сиғмамдур” деб фарёд чеккан Машрабни қайси тил билан даҳрийга чиқарайлик, куфрда айблайлик? У ҳолда сулукдаги шоирлар ижоди қайси ўлчовларга кўра баҳолаган бўламиз? Масалан, Абу Бакр Шиблийнинг “Аллоҳ ёди билан яшашимга олам гўзалликлари ҳалақит бериб, эс-ҳушимни олмасин”, дея ўз кўзларини кўр қилганини, Машрабнинг “Бир Худодан ўзгаси, барча ғалатдур Машрабо” деб ёзганини қандай тушунтириш мумкин бўлади?

Агар масалага ҳозиргача чалғиб-адашиб келинган йўл билан ёндашадиган бўлсак, “Аҳли диллар нақди авқотини яғмо қилди шайх” ёки “Зоҳид, сенга ҳуру менга жонона керак, Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак” деган сатрлар муаллифи Алишер Навоийни ҳам қип-қизил даҳрийга чиқариб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Ваҳоланки, кейинги байтда шоир айтяптики, мен фақат Аллоҳнинг розилигини ва Унинг жамолини истайман, эй жаннату ундаги ҳуру ғилмонларнигина ўйлайдиган зоҳид, Аллоҳнинг жамоли олдида сен истаган нарсалар аслида ҳеч нарсага арзимайди.

Навоий ҳазратлари иймонли, тақволи, дин асосларидан яхши хабардор комил мусулмон бўлганлар. Деярли ҳар бир йирик асарларини Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту саломлар билан бошлаганлар. У кишининг жуда кўп байтлари Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар мазмуни билан йўғрилган. Бундан ташқари, Навоийнинг “Арбаъин”, Сирожул-муслимин”, “Муножот”, “Насойимул-муҳаббат” каби соф диний асарлари ҳам бор. Агар бундан буён ҳам ўтмиш маданий меросимизга шу тахлитда муносабатда бўлишни тўхтатмасак, ўтмиш шоирлари ижодидан “динга қарши ғоялари ва мазмунини” ахтараверсак, даҳрийлик нима эканини ҳам билмайдиган, бутун ҳаёти ва ижоди Ислом дини билан узвий боғлиқ бўлган улуғ аждодларимиз шаънини булғаб, туҳмат ва бўҳтонга ботирган бўлмаймизми? Келажак авлодга уларни таништиришда хиёнат қилган бўлмаймизми?

Аслида Навоий, Машраб, Аттор, Жомий каби назм султонларининг сатрларида минглаб бор қайтарилган “ёр” – барча махлуқотни яратган ва ҳамма нарсага қодир Аллоҳ экани, шоирлар андалибдек чаҳ-чаҳ уриб куйлаган “ишқ” Яратганга муҳаббат экани, улар етишган ҳақиқат эса – Аллоҳнинг зотий ва феълий сифатлари борлиқда намоёнлиги, бутун коинот Унинг қатъий низоми асосида ҳаракатланиши каби буюк ҳақиқатлар экани барча ақли расо кишилар томонидан аллақачон эътироф этилганининг ўзиёқ бу борадаги ўринсиз тортишувларга аллақачон барҳам бериб бўлган. Асл моҳият бундай: нафсига қул бўлган, бу олам ужбларидан халос бўла олмаган, шайтон сиртмоғига тушиб қолган қайсидир шайхни ҳамда журму исёни, ҳаромдан беҳазарлиги, ғаддор ва нобакорлиги билан эл назаридан қолган зоҳидни мазаммат қилиш бошқаю тақво ва ҳидоят йўлини тутиб, раъиятни яхшиликка чорлаш, ёмонликдан қайтариш, ўзи ошиқ бўлган Ёр васлига етиш учун йўлидаги мажозий “тўсиқ ва ғовлар”ни инкор қилиш бошқа нарса! Ана шу нозик фарқни англай олмай, замонасозлик қилиб улуғларимизни даҳрийга чиқариш, уларнинг асарларидан “куфрона сўзлар” қидириш ўзини мусулмон санаган кишига асло тўғри келмайди!

Фақат бир ҳақиқатни тушуниб олишимиз керак: авваллари-ку кўпларимиз замонасозлик қилибми, нафс ёки мартаба илинжидами, золимнинг зулмидан қўрқибми, нима бўлсаям Машраб ва у каби назм аҳли шаънига бўҳтонлар қилибмиз, таъна-маломатлар ёғдирибмиз. Улар “динсиз”дан олиниб, “даҳрий”га солинибди. Ҳатто Хожа Аҳрор Валийдек улуғ тасаввуф шайхини Улуғбекка қарши қўйиб, у зотни илм ва тафаккур душманига айлантиришгача бориб етилибди. Буларнинг ғирт ёлғонлиги фош бўлгач ҳам кўпларимиз ҳамон эски, қотиб қолган фикрларимиздан воз кеча олмай, уларнинг чин мусулмонлигини тан олгимиз келмай юрибди.

Энг ачинарлиси, даҳрий шўро тузуми аллақачон йўқлик қаҳрига кетиб, юртда мустақиллик, ҳурлик насими эса бошлади. Азалдан исломий бўлган мамлакатда Исломнинг буюк ҳақиқати яна тантана қилди. Диний қадриятларимиз ўзимизга қайтди, аждодлар мероси кенг ўрганила бошланди. Бузуқ мафкура ва сохта эътиқодлар барҳам топди. Аммо шулардан кейин ҳам кўпларимизнинг бу борадаги қарашларимиз ўзгаргани йўқ, ҳамон ниманидир кутиб яшаяпмиз. Улуғ шеърият ва илм даҳоларини динсизга ёки динга қарши курашган “толмас курашчи”га чиқариб қўйиб, фикримиздан қайтишга, хатоларимизни тан олишга журъат топа олмай юрибмиз. Ёлғон бўлмасин, биргина олим, филология фанлари номзоди Муҳсин Зокиров бунга ҳад қила олди: матбуотда тавба-тазарру билан чиқди, ҳозиргача Машраб каби шоирлар шаънига туҳмат қилгани, “Мабдаи нур” каби ноёб фалсафий асарни ноҳақ танқид қилгани учун узр сўради. Қолганлар-чи? Ё бу дориломон кунлар ўтиб, яна эътиқодсизликнинг куни туғишини интиқ кутишяптими?

Машрабни замонга “мослаш”, уни Ислом ақидасига ва дин аҳлларига қарши курашувчи шоир сифатида китобхонга “тақдим этиш” учун қандай найранглар, сохтакорликлар қилинмади, дейсиз? Масалан, “Қолдим” радифли ғазалида:

Юз ғамза била чиқди санам майкадасидин,

Зуннор уруб, дин ила иймон сота қолдим

деган байт бор. Ислом динида иймондан ажраш улкан фожиа, иймонни сотиш эса чидаб бўлмас қабоҳат, диндан чиқиш демакдир. Масаланинг моҳиятидан бехабар ўқувчи “Наҳотки, Машрабдай мусулмон шоир шу даражага борган бўлса!” деб таажжубга тушиши аниқ! Машрабнинг бир неча қўлёзма китобларига солиштириб кўрганимизда байтдаги иккинчи сатр ўша китобларда “Барбод урубон дин ила дунё сота қолдим” шаклида келганини кўрдик. Ғазалнинг умумий мазмуни билан танишсангиз ҳам ёр, яъни Аллоҳ ишқида ошиқ динини ҳам, дунёсини ҳам, ҳамма нарсасини сотишга тайёр, деган маъно англашилади. Ҳолбуки, 1971 йили нашрдан чиққан тўпламдаги сўзбоши муаллифи Абдурашид Абдуғафуров Машраб ғазалларидан бир неча мисоллар қаторида қуйидаги байтни ҳам келтирганки, у юқоридаги даъволарни чиппакка чиқаради:

Қилди менга бир жилва, ногаҳ боқа қолдим,

Ул жилваға дин ила дунё сота қолдим.

Демак, шоир бу ерда иймонини сотаётгани йўқ. Аллоҳнинг бир тажаллийси учун, Унинг васлига етишиш учун динини ҳам, дунёсини ҳам, ўзидаги ҳамма нарсани ҳам бой беришга, улардан осонгина воз кечишга тайёр! Тасаввуф адабиётида бу каби мисоллар жуда кўп учрайди. Гап шундай экан, унда Машрабни нопок йўллар билан иймонини сотганликда айблаш, даҳрийга чиқариш кимга керак бўлиб қолдийкин?

Бундай мисоллар бир-иккита эмас. Машраб асарлари исломий назар билан жиддий тадқиқ қилинмагани, мукаммал девонига тартиб берилмагани боис, айрим тадқиқотчилар унинг асарларини истаганча тасарруф қилишган. “Ўзларига ёқмаган”, “дидларига тўғри келмаган” диний руҳдаги бутун-бутун байтларни, ҳатто ғазалларни “эътибордан четда қолдиришган”. Масалан, 1981 йили нашр этилган девондаги “Ман эрдим булбули гўё фиғон бирла чаман келдим” деб бошланувчи ғазалдан “Пайғамбар умматимиз, чаҳорёрлар дастёримиз” мазмунидаги бир байт “тушириб” қолдирилган. “Ўзгинам” радифли ғазалидаги

Йиғдим ошиқларни ман жамъини дилдор (?) олдида,

Жамъи ошиқдин бурун Аллоҳни суйғон ўзгинам

каби “диний” байтлардан “воз кечиб” қўяқолинган. Энг таажжублиси, жуда кўп ғазаллардаги Машраб Аллоҳнинг васли, жамоли, даргоҳи олиясини назарда тутган “дийдор” сўзи “дилдор” деб “тузатилаверганки”, натижада улардаги маъно бутунлай ўзгариб кетган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Хўп, айримлар иддао қилаётганидай Машраб динсиз экан, иймонини сотган экан, унда нега “Ўзгинам” радифли ғазалида “Ул куни дийдор деб Маҳшарни бузган ўзгинам” деб фарёд чекади. Ёки “Майи ваҳдат тўла берғил мен Машрабга” ёки “Мансури Халлождек ичиб шаробу антаҳуро” деган сатрлар дунёнинг макру савдоларидан этак силкиб, Аллоҳнинг ишқида куйиб-ёнган, Унинг васлига, тавҳидига етишмоқ йўлида хонумонидан кечишга тайёр ошиқнинг ўтли фарёди эмасми?

Бу гапларни ёзишдан мурод, кўпгина тадкиқотчи олимлар ва адиблар яна Машраб билан Ислом дини ўртасига хитой девори қуришга интилмоқдалар. Ўтмишдаги тариқатлар, сулук юритган шайхлар, умуман тасаввуф ҳақидаги ҳақиқатни, тарихий маълумотларни тан олмай, Машраб каби шоирларни даҳрий, динга қарши курашган ижодкор сифатида кўрсатишга уринмоқдалар. Улар наздида тасаввуф бошқа нарсаю Ислом дини бошқа нарса эмиш. Ҳарқалай, таниқли адиблардан бирининг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасида эълон қилинган «Машрабга дебоча» мақоласини ўқиб, шундай хулосага келиш мумкин. У мақоласининг бошида «Машраб... Шарқда кенг тарқалган тасаввуф фалсафасининг булоғидан чандон симирганини» тан олса, қуйироқда «Машраб дину тариқатни, тахту аркони давлатни эл кўзи олдида масхара қилган» деб хулоса чиқаради. Муаллиф ўз фикрининг исботи учун Ғафур Ғуломнинг «Икки Машраб» маколасидан «Бобораҳим Машраб ижоди... Ислом ақидаларига карши курашнинг байроғи бўлиб келди» деган жумлаларни келтиради.

Мутасаввиф шоирлар ижодидаги шайх-зоҳидларни, фожирлик қилган айрим дин аҳлларини танқид қилиш, ҳукмдорлар шаънига аччиқ сўзлар айтиш бошқаю “Ислом ақидаларига қарши кураш” бошқа-бошқа нарсалар эканини қачон англаб етамиз? Ахир ижодкор нафс қулига айланган бир шайхни, бидъат ботқоғига ботган бир зоҳидни танқид қилгани билан диндан чиқиб, даҳрийга айланиб қолмайди-ку!

Шу ўринда ана шундай чалкаш фикрларнинг, асоссиз даъволарнинг келиб чиқишига бир жиҳатдан кўплаб олиму-ижодкорларимизнинг эски қўлёзма манбаларни яхши ўқий олмасликлари, бор маълумотларни бузиб, «сохталаштирилган» китоб ва манбалардан олаётганлари ҳам сабаб бўлмаяптимикин, деб ўйланиб қолади киши. Нима бўлганда ҳам, ўтмишга ҳадеб тош отавериш, аждодларимиз бўлмиш шеърият ва илм даҳоларининг ижодини ҳар хил «қолип»ларга солиш йўлидаги уринишларга барҳам бериш вақти келганини бир ўйлаб кўрсак ёмон бўлмас эди.

Ушбу мулоҳазалар орқали муҳтарам олимларимизнинг шўро давридаги тадқиқотларини тафтиш этиш, уларга таъна-маломат қилиш ёки уларга ақл ўргатиш ниятимиз йўқ. Фақат Машрабнинг ўтли сатрлари мутолааси чоғида туғилган айрим шахсий мулоҳазаларни ўртоқлашишга журъат этдик. Эҳтимол, бу фикрлар кимгадир баҳсли туғилар, кимнингдир иззат-нафсига оғир ботар? Аввало Аллоҳ ҳаққи, динимиз ҳаққи, қолаверса, улуғ юртдошимиз Бобораҳим Машрабнинг ҳақки-ҳурмати бунинг учун бизни маъзур тутишсин. Бирдан-бир истак ва умид шуки, Машраб каби ўтмишдаги адиб-шоирларимизнинг ижоди кимгадир ёқиш-ёқмаслигини ўйламай, тор манфаатлар йўлида уларга турли ёрлиқлар ёпиштириш пайидан бўлмай, ҳамма нарса авлодларга ўз ҳолича, бутунисича ва холис етказилса, яхши ва фойдали бўлур эди!

Аҳмад МУҲАММАД.

(Ушбу мақола 1990 йили ёзилган ҳамда ўша пайтда “Наманган ҳақиқати” ва “Халқ сўзи” газеталарида чоп этилган. Унда кўтарилган мавзу бугун ҳам долзарблигини йўқотмагани эътиборидан сайтимизга қўйишни лозим топдик).