1
Бу - ўтган асрнинг 70-йилларидаги гап:
Институтда (ҳозир Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети) Абдулла Орипов, Омон Матжон ва Маъруф Жалил билан ижодий учрашув ўтказиладиган бўлди. Машварат ташуббускори, “Чашма” деб аталувчи ёш адабиётчи-ижодкорлар тўгараги раҳбари Пирмат Шермуҳамедов эди.
- Абдуллажон билан Омонжонни ўзим опкеламан,- деди Пирмат ака.- Маъруф Жалилни “землаги”га топширамиз.
Мен Маъруф Жалилни кўрмаган, танимас эдим. Аммо, шеърларини суюб-суюб ўқиганлирим ва ўзим яхши кўрадиган шундай талантли шоир билан танишишга кучли иштиёқим борлиги айни ҳақиқат. Чиқмай-чиқмай, ўша йили шоирнинг бир йўла икки китоби – “Мен сизни севардим” ва “Раҳмат, одамлар” нашр этилган бўлиб, бу китоблар қўлма-қўл бўлиб кетган эди талабалар орасида. Қолаверса, кимсан, Пирмат Шермуҳамедовдай машҳур домла (Пирмат аканинг номи ўша кезлардаёқ нафақат Ўзбекистонда, балки , собиқ иттифоқ адибий доираларидан ҳам маълум ва машҳур эди) “земляги” деб турганидан кейин ғурурланиб кетдимми, сир бой бергим келмади.
Сўраб-суриштириб, сира қийналмай Маъруф Жалил хизмат қилаётган нашриётни топдим. Шоирнинг ўзини кўриш янаям осон бўлди: узун бинонинг иккинчи қаватида чин “землягим”, ёнимиздаги Кенагас қишлоғидан чиққан шоир Эркин Неъматов учраб қолди. Эркин аканинг укаси Исоқжон билан синфдош эдик, танирдим.
- Излаётган шоирингиз ана,- деди Эркин ака нарироқда, тор айвонда папирос тутатиб турган одамни кўрсатиб.- Деворни суяб турибди, кўряпсизми?
Кўрдим, аниқроғи, зинапоялардан кўтарилган заҳоти кўзим тушган эди бу одамга, бироқ эътибор бермагандим. Нотанишлиги учунмас, аксинча, қандайдир, эътиборга арзимайдиган даражада одми кўринганидан... бўлса керак. Энди, серсолиб қарасам, елкаларини деворга тираб папирос тутатаётган ҳалиги киши ҳақиқатан ҳам суяниб эмас, деворни суяб тургандай кўринар экан.
Маъруф Жалил деган шоир шу одамлигини билганимдан сўнг, кечадан буён кўнглимни безовта қилиб юрган ташвишлар тумандай тарқалди. “Қандай қабул қиларкин, “ бормайман”, деса, нима қиламан қабилидаги гумонлар ўрнини ёқимли бир ёруғлик эгаллаётгандек туюлди.
Яхши кўрган одаминг билан учрашгунча уни хаёлан доимо қайсидир эртак қаҳрамонларига ўхшатасан, афсонавий паҳлавонлар сингари бошқача тасаввур қиласан. Айниқса ёшлик чоғингда сирли туюлади шоиру ҳофиз деганлари. Кўришгандан кейин эса...
Чинимни айтаман: Эркин ака “деворни суяб турибди” деган киши тасаввуримдаги шоирнинг буткул акси, кечирасиз-у, шоирдан кўра кўпроқ ўзимиз каби стипендияга кунини оровлаб юрган студентга ўхшаб кетарди. Ориқлигиданми новчи кўринар, елкалари чиқиброқ тургани боис қадди эгикка мойил, бир сиқим белини қарийб икки марта ўраб турган қайишнинг учи эса ярим қаричча осилиб турарди. Ҳаракатларида қимтинишми, сиқилишми, ишқилиб зўр тортинчоқлик билинардики, индаллоси, олис қишлоқнинг шикаста бир муаллимига дуч келиб тургандек эдим. Бу ҳолат ҳафсаламни пир қилди эмас, аксинча, ўртамизда аллатовур илиқлик, яқинлик пайдо қилди. Ўзига бино қўйган, иззатталаб, шуҳратпешаларнинг турқи-таровати, юриш-туриши, қилиқлари одамни дарров ўзидан бездиради, ҳуркитади. Хаёлимдан ўтган: “Ўзимиздай кирчимолгина экан”, деган фикрдан ичимда кула-кула, баайни эски танишлар мисоли эмин-эркин ёнига бордим. Салом бердим. Ўзимни таништирдим. У елкасини девордан айириб, қаддини ростлади, озғин қўллари билан қўлимни авайлаб сиққан кўйи, қўйиб юбормай:
- Сизни бир жойда кўргандайман-у...- деб хижолатли жилмайди. Шоирнинг шу лаҳзалардаги камтарин чеҳрасида тил билан айтиб бўлмайдиган хушийманчаклик аксланиб турар эдики, унга қараб туриб: “ ғирт ўзимиздан экансиз-ку!” деб, юборишимга оз қолди. Тортиниб-нетиб ўтирмай мақсадга ўтдим.
- Ўҳ-ҳў! Давра жуда бошқача экан-ку!– деб юборди чинакамига ташвишланган оҳангда Маъруф ака.- Абдуллажонлар бўлса... Абдуллажонларнинг даврасида шеър айтиш қийин...
Индамай турсам, Маъруф ака айниб қоладиган.
- Студентлар сизнинг шеърларингизни яхши кўради, –дедим ҳадаҳа. -Кўпини ёд биламиз.
Маъруф Жалил илкис қаради. “Ростданми?” деган сўроқ унсиз жаранглаб кетгандек туюлди қарашларида.
Мен бир дақиқа иккиланмай шоирнинг “Чинорлар” деган шеърини айтиб юбордим:
Кўз тегмасин деган каби
Тақиб яшил туморлар.
Пайшанбанинг ўртасида
Турар мағрур чинорлар.
Маъруф Жалилнинг чеҳрасига болаларча беғубор ва мўмин табассум югурди. Бу юввошлик гапираётганида янаям тиниқроқ жилваланар экан.
- Ярамас, ёмон шеърга ўхшамайди-я...
- Бизни Ургутда чинорлар кўп, -дедим суҳбат узилиб қолмасин деган ташвишда этанам чиқиб.- Лекин Пайшанбадаям чинор борлигини билмасаканман.
- Ургутданмисиз? Ургут - чинорнинг кони. Мингчинордаги чинор-мактабни кўриб қойил қолувдик. Мактаб ҳозирам борми?
-Бор-бор... – деб Ургутимизнинг чинорларини ошириб-тошириб мақтадим , аниқроғи мақтандим.
Шу зайл бирпас гаплашиб турдик. Маъруф аканинг гапираётганда жимжимадор сўзлардан қочиб, жайдари иборалардан фойдаланиши, қўпол-қўрс сўзларни қўшмаслиги менга дарров ёқиб қолди. Кўнглида гидири йўқ бу одамнинг камтар ва тортинчоқлигига ҳавасим келди. Хусусан, суҳбатдошига бўлган ҳурмат-эътибори, ёш демай ҳар сўзингни диққат билан, бўлмай, охиригача сабр билан эшитиши ва жозибали табассуми одамда айрича муҳаббат пайдо қиларкан. Сувратидан унча-мунчага тасирланадиганга ўхшамаса-да, зеҳн солган киши, кўзлари ўткир, қулоқлари зийрак шоирнинг сийратида кучли ҳаяжон, сирли ғулувлар борлигини сезиши мукин эди. Хайрлашаётганимизда:
- Албатта, бораман, - деб қатъий вада берди.
... Ва, айтилган кун, белгиланган вақтда етиб келди.
Ана, уч шоир ўқитувчию талабалар билан лиқ тўла ҳашаматли саройга кириб келяпти. Олдинда Абдулла Орипов – қадди хиёл эгилган, хотиржам, жиддий; ўртада Омон Матжон – ғоз-ғоз юришлар билан теварак-атрофга баланд-баланд назарлар ташлаган, мағрур; орқада Маъруф Жалил – узун бўйини яширишга уринаётган каби елкалари қисилган, қадамларини судраб-судраб, аввалгиларга эргашиб-эргашиб... “Худо юқтирган” шоирлар эди учови ҳам. Бир тоғнинг балан-баланд чўққилари...
Ҳозиргидек кўз олдимда турибди: кечани домламиз Пирмат Шермуҳамедов бошқариб борди.Абдулла Орипов “Ўзбекистон ватаним маним!” дея эмраниб, тўлиб-тошиб шеър ўқиганда худди бомба портлагандек сарой гулдурос қарсакларга кўмилиб кетди. Каттаю кичик жойидан турволиб қарсак чалар, “Ўқинг!”, “Яна ўқинг!” деган ҳайқириқлар акс-садо бериб жарангларди.
Абдулла Орипов ҳаяжон ва ҳайрат оғушида ўткир нигоҳларини саройдагиларга тикиб яна ўқиди. Давр руҳига мос келмайдиган шеърлар яратиш ўша давраларда энди –энди бошланган, Абдулла Орипов шу тоифа ижодкорларнинг яловбардори, Абдулла Орипов деса, шеърият ихлосмандлари ўзларини томдан ташлайдиган кунлар эди. Мен ҳам шоирнинг “Митти юлдуз” китобини бошдан-охир ёд билардим. Абдулла Орипов шеърни ниҳоятда таъсирли ўқир эди: жуссаси ихчам эса-да, овози арслон наъраси каби шиддаткор эдики, уни минбардан тушириш анча қийин кечди – саройдагилар ҳали-бери қўйиб юборгилари келмасди.
Абдулла акага бетўхтов қарсаклар чалинаётганда, Маъруф ака нега: “Абдуллажонларнинг даврасида шеър айтиш қийин”, деб иккиланганини тушундим. Тушунганим сайин ичимда бир безовталикми, қўрқувми ўсиб-каттариб бораверди. Қолаверса, саройдагилар шунчаки шеърият ишқибозлари эмас, жуда талабчан, адабиётни чуқур тушунадиган кишилар эди. Мен Маъруф аканинг шеърлари ҳамроҳлариникидан паст эмаслигини билардим, фақат шоир акамизнинг уялгандай ўтириши ташвишлантираётган эди.
Абдулла акадан кейин минбарни эгаллаган Омон Матжон ҳам олқишларга кўмилди. Унинг шеър оҳангига мос равишда учаётган қуш каби қўлларини ҳаволатиб, ҳар сатр эмас, ҳар битта ҳарфга алоҳида-алоҳида урғулар бериб шеър айтишларида поэзиядан узоқ дилларни ҳам ўзига маҳлиё қилиб қўядиган ғойибона сеҳрли қудрат гупуриб турар эди. Нафис нафасли, қадди-қомати келишган бу ўктам шоирнинг ўзини тутишлари, мағрур туришларию, димоғдорлигигача ўзига ярашарди.
Ниҳоят, навбат Маъруф Жалилга етди. У бир –бир босиб минбарга киряптию, менинг юрагим гупуриб боряпти. Ана у: икки қўли билан минбарнинг икки “ёқаси”дан маҳкам ушлаган кўйи, худди бир нимани эсдан чиқарган одамдай каловланиб турибди. Саройда шивир-шивир, ғовур-ғувур бошланяпти. Шоир гоҳ пастда, гоҳ йўқорида ўтирганларга қараб-қараб, бир муддат шу зайл турди, кейин нимадир дегандек бўлди. Аммо нима деганини ҳеч ким эшитмади.
-Маъруфжон, микрафонга, микрафонга гапиринг!- деб далда берди Пирмат ака.
Маъруф ака бошини энкайтириб, узун бармоқлари билан микрафонга икки-уч марта чертди – унолғидан ўқ отилгандек товушлар учди. Ниҳоят, ҳаяжонини босиб, ўзини қўлга олди шекилли, қаддини ростлаб, бошини тик кўтариб, сўзларни чала-чулпа ютмай, дона-дона қилиб шеър ўқиб юборди:
Паризодим, сени излаб тоғларга бордим,
Айтолмадим юракдаги саволларимни.
Аммо, топиб юпансин, деб қўйиб юбордим –
Тоғ бургути каби ўжар хаёлларимни.
Бояги безовталик, шивир-шивирлар пасайди, тинди. Муҳташам саройни қамраб бораётган сув қуйгандек сокинлик ичида шоирнинг ўктам овозидан бошқа сас-садо эшитилмай қолди:
Ўзим жавоб беролсайдим,
Бошимни эгиб,
Шамол каби югурмасдим, қўним билмасдан,
Шивирламас эдим ҳар бир дарахтга тегиб,
Ҳатто тоғлар сўзлар эди сукут қилмасдан.
Худо ҳаққи, яйраб кетдим: “Кўриб қўйинглар, аканг қарағайнинг “земляги”ни кўриб қўйинглар”, - дегандек ёнимдагиларга ғурурли қараб-қараб қўйганларим эсимда. Маъруф Жалил шеър айтаётганида, қайсидир домламизнинг: “Катта дарёлар сокин оқаётгандек кўринсада, тубида кўз илғамас шиддат гувиллаб ётган бўлади”, деганлари хаёлимдан кечгани ҳам эсимда. Зоҳиран бўш-баёвдек кўринган одамнинг ич-ичидан тошиб-қайнаб чиқаётган залворли сўзлар, баайни тонг саҳарда кўм-кўк далалар оша таралаётган най наволари сингари саройдагиларни номсиз сеҳрларга кўмиб борар, бундай гўзал ҳолат, айниқса, мен учун хушбахт ва ёқимли эди. Шоирнинг ҳаёт ҳақидаги фикрлари шу қадар майин, ҳазин ва бетакрор туйғуларга кўмилган эдики, бу ҳазинлик замирида баҳор чечаклари сингари қулф уриб очилаётган гўзал ва армонли орзулар яқин келажакда мувашшаҳ гулларга бурканган кўйи товлана-товлана эшитувчилар қалбига сингиб бораётгандек эди гўё. Бундай лаҳзаларда ҳар ким ўз бахтини ўйлайди, чексиз хаёлларга ботади. Шоирнинг дардлари шунчаки ҳаётдан нолиш, майдакашлик, тушкунликка тушиб оҳу фарёд уриш, маҳбубасини қарғишларга кўмиб ташлаш эмас, аксинча, ўта нозик ва таъсирчан кўнгилнинг меҳр тўла соғинчлари бўлгани учун ҳам унинг ҳар сўзидан аллақандай соҳир туйғулар ҳамма қатори менинг қалбимни ҳам нафис умидларга буркаб-чулғаб бораётганини аниқ ҳис этиб турардим. Унинг равон ва босиқ овозида, ифодали қилиб ўқишларида жуда чуқур, жуда қудратли ва теран тафаккур аксланиб турарди назаримда.
Яна шуниси қалбимни ғурурга тўлдираётган эдики, унинг ҳозирги ҳолати аввалгиларидан тамомила бошқача – ҳайратланарли даражада дадил ва ўктам эди, Шуниси билан дунёдаги барча одамлардан гўзалроқ кўриниб бораётган эди кўзларимга. Қоп-қора сочлари силлиқ таралган, пешонаси кенг, ўйчан ва ғамлидай кўрингувчи нигоҳлари айни чоғда тиниқ ва нурли порлаб турар, майин табассуми ўзига ярашган, зеҳн солиб тикилсанг, ниҳоятда тортинчоқ бу сирли истара содда нигоҳлари билан ҳар кимни ўзига мафтун этадиган даражада иссиқ эди. Катта шоирлик ғурури, улкан юракнинг самимий тўлқинлари акс этарди унинг қиёфасида.
Шеър тугади. Бир жўшқинлик ловиллаб шоирнинг юзларига урилди, кўзлари ўткир-ўткир чақнаб кетди. Сарой эса қарсаклар, олқишларга кўмилиб кетган эди. ”Ўқинг!”, “Яна ўқинг!” деган талаблар эшитиларди ҳамма томондан. Маъруф ака томоғини узун қириб олиб яна ўқий бошлади:
Ўзбекистон! Менинг дунёда
Ташвишингсиз ўтган оним йўқ.
Токи борсан сен Осиёда,
Сендан бошқа қаҳрамоним йўқ.
Кеча тугагади. Шеърсуярлар шоирларни ўраб-қуршаб олдилар, Маъруф акаям бир қанча йигит-қизларга дастхатлар ёзиб берди. Мен шоир акамнинг хурсандлигини кўриб, ўзимда йўқ севинган ҳолда ундан олислашгим келмасди.
Кетар олдида унинг хайрлашиш учун қандай мамнунлик билан қўл узатгани ҳамон эсимда турибди: қўллари ориқ аммо анчайин майин ҳамда иссиқ эди: “Менга ўхшаб тортинчоқ экансан, дадил бўлмасанг ҳаммага кулги бўласан”, демоқчидай қўларимни сиқиб турган ҳолда, анчагача қўймай ушлаб турди. Худди шундай бир ифодани мулойим кулимсираб турган кўзлари ҳам таъкидлаб тургандек туюлди. “Сиз ҳам дадилроқ бўлинг, ака”, дегиларим кепкетти.
2
Буниси - анча кейинги гаплар:
Ёз куни эди. Болаларни етаклаб Кўкчага - қайнотамизникига бордик. Қайнотам, шоир Шамси Одил (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! Отам сингари меҳрибон, қалби дарё инсон эди) ҳам Каттақўрғон тарафлардан бўлгани туфайлими, Маъруф Жалил билан туғишганлар сингари қалин, қадрдон оға-ини эди. Бу дўстлик умрларининг охиригача узилмади. Улар тез-тез учрашиб туришар, эрталаб бошланган гурунг гоҳида кечгача давом этарди. Шеърлар ўқишар, бир-бирини тинглашар, баҳолашар эдилар. Суҳбатлари чоғида Мамарасул Бобоевнинг номи тез-тез тилга олиниши ёдимда қолган. Маъруф ака, бу хонадонда ўзни эркин ҳис қилса ҳам, одатига хилоф равишда ҳадеб гапирмас, кўпроқ эшитиб ўтирарди. Бу вақтга келиб мен Маъруф аканинг характерини, одатларини анча-мунча билиб қолган эдим. Маъруф акадаги камтарлик, менинг назаримда ҳам туғма эди. У Ёзувчилар уюшмасида кунда-кунаро ўтадиган мажлис-машваратларда ҳам камдан-кам баҳслашар, аммо тинглашга ўч, фақат фикр сўраб қолгудик бўлишгандагина ўз мулоҳазаларини шошилмай, лўнда-лўнда баён қиларди. Айрим кишиларга ўхшаб, керакдир-нокеракдир тортишмас, иккиланган мавзулар бўлса, аралашмасликни афзал кўрарди. Умуман, Маъруф Жалил ҳис-туйғуларини дастурхон қилмайдиган, изтиробларини ҳам, туғёнларини ҳам ичига ютишга ўрганган инсон эди. У гап-гаштакларда юришга қизиқмас, ўқир - ҳайратланарли даражада кўп китоб ўқир эди. Яна бир ҳавасли хислати – ҳеч қачон иғво қилмас, аксинча, ёқтирмайдиган кишиларига ҳам самимийлик билан ёндошарди. “Танқид билан одамзот тузалганида эди инсоният аллақачонлар жамики ярамасликлардан халос бўлган бўларди”, деб қўярди бағрикенглик билан. Ҳатто, энг бахтиёр дамларида ҳам ҳаволаниб кетмайган катта қалб эгаси эди у. Шундан бўлса керак албатта, соғинар, шоир акам билан тез-тез учрашиб туришга интилар эдим.
Боши берк кўчага кираверишда кўрдикки, тор кўчадан лапанглаб қайнотамиз Шамси Одил чиқиб келяптилар:
- Сизлар уйга кираберинглар, мен ғизиллаб бориб Маъруф акангизни айтиб келаман.
Мен таажжубландим: уй кийимда Тошкентнинг у чеккасига бориб келмоқчими?
- Айтгандай, сизнинг хабарингиз йўқ, ўғлим. Маъруф акангизни шу ерга - орқа кўчага кўчириб опкелдик,- деб изоҳлади ҳайронлигимни сезган Шамси Одил.
- Ундай бўлса, мен айтиб кела қолай,- дедим суюниб. Қувончимнинг яна бир сабаби бор эди. Менинг ўша замондаги ишхонам болалар газети - ҳозирги “Тонг юлдузи” бўлиб, газетда шоир ва ёзувчиларнинг болалиги ҳақида туркум мақолалар берилаётган эди. Маъруф Жалил ҳақида ёзиш менинг зиммамда бўлиб, шу кунларда уникига бормоқчи бўлиб юрган эдим.
Маъруф аканинг манзилини қайта сўраб, дажжам жўнадим. Шоир акамнинг янги макони икки кўча орқада, бурчакдаги кичкина хонадон экан. Бир тавақали пастак дарвоза қия очиқ эди. Тақиллатиб-товуш бермай кириб боравердим.
Тиқилинч мевали дарахтлар соясига кўмилган ҳовличада водопровод жўмрагидан оқаётган сувнинг шилдирашидан бўлак сас-садо эшитилмас, жим-жит эди. Чапда - бир уй, бир даҳлиздан иборат иморат олдидаги айвонда елкаси билан деворни суяб (тавба, яна шундай: худди бир вақтлар Эркин Неъматов ифодалаганидек суяниб эмас, деворни суяб) ўтирганча берилиб китоб ўқиётган шоирга кўзим тушди.
Маъруф ака кутилмаган меҳмонни кўрибоқ, ҳаялламай жойидан қўзғалди. Кўришдик. Ташрифим сабабини эшитиб, иссиқ кунда совқотиб, жунжиккан одамдек:
- Ўтган куниям кунимиз Шамси аканикида ўтувди. Шўрва ичдик, оз-моздан отдик анави ярамасдан. Кеча бўлса, кичкина қизларидан бир тавоқ палов чиқариб юборибдилар. Бу кетишда буткул боқимандага айланиб қолмиз-ку, – деди хижолат билан.
Мен бир нималар деган бўлдим. “Бир пас уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирамиз”, деган бўлсам керак.
- Нима ўқияпсиз?- деб сўрадим ҳамон қўлида турган китобга ишора қилиб.
- “Сўғдиёна”. Қурмағур, Ёвдат Илёсов катта ёзувчи-да. Лекин, нимагадир, эътибордан четда,- деди (худди ўзлари барчанинг диққат марказида тургандай...) китобни дераза токчасига қўяётиб. - Тарихий романлари, қиссалари зўр. Ҳайрон қоласан, билимдон, талантли. Шу, “Сўғдиёна”ни ўзбекчага ағдарсаммикан, деб юрибман. Лекин кучим етадими, йўқми...
Маъруф аканинг Шандор Петефи, Леся Украинка, Евгений Евтушенко, Андрей Дементьев сингари шоирларнинг шеърларидан қилган таржималарига кўзим тушган. Бироқ унда насрий асарлар таржимасига иштиёқ борлигини билмасдим.
- Қўлингиздан келади. Улуғларни таржама қилгансиз, –дедим. Афтидан, ўзимча унга далда бергим келган бўлса керак-да.
- Таржима майда, қийин иш. Ундан кўра ёзган осон,- деди у. Кейин: - Ўзингиз нималар қиляпсиз? - деб сўради.
Маъруф аканинг бугунги кайфияти ҳар доимгидан баланд, хушнуд ва енгил, ғайратга тўлиб тургандай кўринарди. Ўз таасссуротларини биров билан баҳам кўришни кўпам хушлайвермайдиган, ижоди, режалари у ёқда турсин, нима ёзаётганини ҳам то охирги нуқтасига етгунча ҳеч кимга айтмайдиган одам сира кутилмаганда:
- “Қўшиқ иштиёқи” деган китобимни нашриёт редактори кўриб, қабул қилиб олди. Шу, энди табиатни эҳтиётлаш ҳақида публицистик мақолалар ёзсамми, деб турибман. Нида дейсиз? – деб сўради.- Қаранг, Орол денгизининг аҳволини кўринг. Қум, туз босиб кетяпти ҳаммаёқни. Бу кетишда кетаверса халқимизнинг келажаги, болаларимизнинг тақдири нима бўлади?
Шу маҳал кўча эшигидан ўттиз ёшлардаги қорақалпоқафт бир аёл кириб келди.
Узун қизғимтир чит куйлакли бу аёлнинг бир қўлида тўрхалта, иккинчисида газетага ўралган алланима бор эди.
- Чечангиз,- деб таништирган бўлди Маъруф ака.- Магазинга кетувди, нонга.
“Янги” чечам билан саломлашдик. “Янги” дейишимнинг сабаби, Маъруф ака “эски”си билан анча илгари ажрашганини эшитгандим. “Шоирга хотини кўп азоб берган, охири чидолмай чопонни елкага ташлабдию, уйдан чиқибди-кетибди”, қабилидаги миш-мишлар қулоғимга чалинган. Ҳа, энди ҳаёт-да. Ҳаётда нималар бўлмайди. Ундан кейин бировнинг рўзғори. Билмай туриб ҳар хил валдираш гуноҳ. “Ишқилиб, бу чечамиз билан бахтли яшасинлар”, дедим ичимда.
Илло, ўзидан ҳам кўра кўпроқ бошқаларни асрашни афзал билган, бошқалардаги ҳар бир ижобий фазилатларни ардоқлайдиган, баъзи бировлардек ҳеч қачон ўзини кўз-кўз қилмайдиган, аксинча, мақтовлардан қочиб юрадиган бундай инсон ҳам ҳамма қатори бахтиёр яшашга ҳақли, шундай эмасми?
Чечамиз шошилинч дастурхон ёзишга ҳозирланаётган эди, Маъруф ака:
- Хоним, овора бўманг, Шамси ака чақирибдилар. Келин аямиз каттақўрғонча зиғир ёғли полов дамлаётган эканлар,- деб шаштидан қайтарди.
- Вой, янами? – деб юборди астойдил ҳайратланган оҳангда чечамиз. - Кечагина борувдик-ку! Мен уйда қола қолай. Одамга ноқулай.
- Шамси акани ҳали яхши билмайсиз, хоним. Бормасак, ёмон хафа бўладилар. Бўла қолинг.
Ҳаял ўтмай чечани олдимизга солиб, уйдан чиқдик. Муюлишда, шундай кўчанинг ўзида уч-тўртта болакай копток тепишаётган экан.
- Болалик яхши-да,- деди уларга ҳавас билан қараб-қараб.- Ҳештимани ўйламайсан. Қорин билан ўйиндан бўлак ғаминг йўқ. Болалик яна шуниси билан гўзалки, сени ҳамма суяди, эркалайди - сен жуда бахтиёрсан.
Шоир акамнинг бу сўзлари сал бўлмаса унутилаёзган ҳалиги режамни эсга туширди. Аммо, ҳозир мақсадимни очиқ айтсам: “йўқ, бизнинг нимамизни ёзасиз, машҳур шоир-ёзувчилар кўп-ку”, дейиши аниқ. Шу боисдан тузуккина шаклланиб қолган журналистлик “маҳоратим”ни ишга солиб, олисроқдан кўнглига қўл узатдим:
- Ўзингиз ҳам майдалигингизда шунақа бўлгансиз-ку.
- Қаёқда. У замонда тўп нима қилсин. Бир тўғрам нон топишни айтинг. Қимматчилик, қаҳатчилик. Уруш, урушдан кейинги даврлар, оғир эди. Кунжара еб, қорни шишиб кўчада ўлиб қолганлар қанча. Бизнинг оиладаги аҳвол ҳам жуда аянчли эди. Онам ёшлигимда вафот этган. Отам қамалган. Синглим икковимиз момомизнинг қўлида қолганмиз. Мол боқамиз, ўтин терамиз. Баҳор келаверса, момом суюниб: “Эрта-индин тут пишади, энди марра бизники, уёғига ўлмаймиз... Тангрим раҳмдил”, - дерди. - Ҳақиқатдан ҳам баҳор келса, кунимиз туғарди. – дея давом этди енгил нафас олиб.- Момақалдироқ гумбирлар, чақмоқ чақар, биз бўлсак ёмғир тиниши билан дарёга яқин чакалакзорларга чопар, бутазорлардан, ариқ бўйларидан қўзиқорин териб келардик, Момомиз қовурган қўзиқорин худди жигар кабоб сингари мазали бўларди. Яна кўкатала деган таом ҳам бўларди. Раҳматлик момомиз бу овқатни сут боғлаган бошоқларни териб, қайнатиб пиширарди.
Шу тахлит суҳбатлашиб кетдик.
Маъруф ака танишганимиздан буён биринчи марта кўнглини сал очиб, болалиги, ёшлиги ўтган қишлоғи, ота-онаси ҳақида гапирди.
- Қишлоғимиз атрофи тоғ билан ўралган. Деразани шундай очсанг, шимол томондан Оқтов, жануб томондан Қоратов кўриниб туради. Оқтов томондан Оқдарё, Қоратов томонда Қорадарё оқади. Икки дарё аслида мустақил дарё эмас, Зарафшон дарёсининг Самарқанд яқинида иккига бўлиниб оқувчи ирмоқлари. Бу ирмоқлар Хатирчида бирлашади. Шу икки дарё оралиғида оролга ўхшаш макон бўлиб, бу жой Миёнкол деб аталади. Мен туғилиб ўсган Пайшанба қишлоғи шу оролчада.
- Миёнкол тўғрисида ўқиганман, - дедим суҳбатга аралашгим келиб, - Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжам ал-булдон” китобида Дабусия қалъаси, Рағин, Искарон Арбинжон каби бир неча қишлоқ ва шаҳарлар жойлашган сарҳад Миёнкол деб аталади, дейилган. Яна бир тарихий китобда, адашмасам, “Тарихи Хумоюн” асарида бўлса керак, Миёнкол ҳудуди шимолдан Нурота, жанубий тарафдан Қарнаб тоғларига бориб туташади. Маъмурий маркази Кармана, дейилган.
- 8-9-асрларда Миёнкол катта вилоят бўли, таркибида саккизта ҳокимлик бўлган, - деди “билағон”лигимдан суюниб, - Кармана, Зиёвуддин, Хатирчи, Боғчаикалон, Нурота, Гужумсарой, Комимиғ, Янгиқўрғон... Миёнкол атамасининг ўзбекча маъноси ҳам икки сув оралиғи. Икки дарё орасидаги қишлоғимизда ҳар пайшанба куни катта бозор бўларди, олис-олислардан карвонлар келарди. Қишлоғимизда ўндан зиёд мачитдан ташқари, битта мадраса ҳам бор эди. Болалар шу ерда ўқиган, қобилиятлилари кейин-кейин Бухоро мадрасаларига борган. Мен бўлсам,- Маъруф ака шу ерда кулиб юборди.- Биласизми, мен 10 ёшимда мактабга борганман. Лекин қизиғи бу эмас. 15-16 ёшли акалар билан бир синфда ўқиганман. Синфимизда уруш туфайли ўқишдан қолиб кетган 20 ёшли қизлар ҳам бор эди. Шу синфдош-қизларнинг кўплари 2-синфда эрга тегиб кетди.
Гап орасида отаси Эргаш Жалилов саводхон, ўқимишли одам бўлганини ҳам эслади.
- Отам эскича ўқиш, ёзишни яхши биларди. Тошкентда иккита ўқишни битирганларини айтардилар. Қамоқдан қутилиб келганларидан кейин жамоат хўжалигида ҳосилот бўлиб ишлаганлари ёдимда. Қотмадан келган, узун бўйли, жадидча мўйловли киши эдилар. Уйимизда Алишер Навоийнинг кўкиш рангли қалин муқовали девони бор эди. “Кунтуғмиш”, “Орзигул”, “Авазхон”, “Равшанхон”, “Ўзбек халқ эртаклари” китобларини отам ўқиб юрардилар. Менинг биринчи ўқиган китобим Навоийнинг ўша девони, достон ва эртаклар эди. Отам негадир замонавий шоирлар китобларини хуш кўрмас, ”маза-матраси йўқ”, дердилар.
- Шеър ёзишниям Навоий бобомиздан ўрганган экансиз-да.
- Бошқа жиддий сабаб ҳам бор... – деб бир нафас индамай кетди. - Энамнинг қиёфасини эслолмайман, боя айтганимдай, жуда кичкиналигимда дунёдан ўтган. Қаҳатчилик авжига чиққан пайтларда синглим Роҳила икковимизга момомиз ҳам эна, ҳам ота бўлган. Синглимни жуда яхши кўрардим. Уям ҳаддан ортиқ меҳрибон эди. Битта олмами, туршакми топса ярмини менга асраб қўярди. Синглим озғин, нимжон эди. Очарчилик унинг силласини қуритганди. Еттинчи синфда ўқиб юрганимда синглим вафот этди. Уни қабрга қўйиб келгандан кейин хаёлимда бир гап айланаверди. Уйга кириб, сандалга ўтириб ёза бошладим:
Сен ҳам мени ташлаб кетдингми...
Кетдингми дунёдан бошингни олиб,
Йўқчилик кулфатин ичингга солиб,
Сен ҳам мени ташлаб кетдингми!
Ёзарканман, томоғимга алам тиқилиб, кўзларимдан дув-дув ёш оқарди. Ёзганларимни момомга ўқиб бергандим, уям ув тортиб йиғлаб юборди. Момом ҳамма қўни-қўшниларга шеърни айтиб чиқибди. Шундан бошлаб гузаримизда “шоир” бўлиб қолдим. Ўша шеър сақланиб қолмаган. Афсус. Фақат бир тўртлиги юрагимда.
Шу воқеадан бир йил ўтиб, 8-синфдалигимда “Орзу” деган шеърим илк марта туман газетида босилиб чиқди. Лекин, мен учун биринчи ёзган шеърим синглим ҳақидагиси ҳисобланади. Шеър нима учун ёзилиши, дарди йўқ одамдан шоир ёки ёзувчи чиқмаслигини ўшанда ғира-шира англаганман.
Суҳбат асносида ёзилажак мақолам учун ғоят зарур бўлган қуйидаги маълумотларни ҳам билиб олдим:
Маъруф Жалил 1936 йили Каттақўрғон туманидаги Пайшанба қишлоғида туғилди. У вақтларда туғриқхоналар бўлмагани, ҳар ким ўз уйида туғилгани туфайли орадан ўн йил ўтганидан сўнг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қўлига тегди. Шеър ёзишни 7 – 8-санфда ўқиётган пайтида бошлади. Аммо, унгача хабар ва мақолалар ҳам ёзди. У мухбирликка қандай қизиқиб қолганини мана бундай эслади: “4-синфда ўқирдик. Синфимизда Усмон деган бир лўли бола бор эди.Бир куни унга жилдига қизил байроқ расми солинган хат келди. Ҳамма болалар қизиқиб томоша қилишди. Мен ҳам ўқидим. Хат машинкада ёзилган бўлиб, газетадан келганди. Шеърми, мақолами ёзиб юборган экан. Шунга жавоб. Хатнинг бир чеккасида “Ёш мухбирга эсдалик” бўлиб, унда қандай ёзиш, нималарга эътибор бериш ҳақида маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилганди. Усмонга ҳавасим келиб, мен ҳам газеталарга хабарлар, мақолалар ёзиб юборадиган бўлдим”.
Ўша йилларда бошланган адабиётга қизиқиш ва ҳавас сабаб, албатта, 1958 йили Тошкентга келди. Бирлашган нашриёт босмахонасида оддий ҳарф терувчи бўлиб иш бошлади ва шу йилнинг ўзида Тошкент Давлат университетининг филология факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Унгача, аскарликда бўлди, илм излаб Московгача пою пиёда борди, Норак ГЭСида ишчи, бетончи бўлди. Босмахона “бўёқларини ҳидлаб обдан тўйгач”, ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасида корректор, адабий ходим, кейинроқ “Муштум”, “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятларида муҳаррир бўлиб ишлади. Ҳозир (ўша пайтда) Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир.
- Шеърлар машқ қилишни эрта бошлаган бўлсам ҳам китобларим жуда кеч чиқди, - деб афсус билан давом этди Маъруф ака. – Биринчи китобим 36 ёшимда чоп қилинди. Бунга айбдор ўзим: дангасалигим, ярамас инжиқлигим ...- деб жуда синиқ, жуда мунгли жилмайди.
Мен унга қараб: “Бундай деманг. Гап китобнинг эрта ёки кеч чиққанида эмас. Садриддин Айний сиздан ҳам кейин бошлаган. Сизнинг қишлоқирок, дангал, худди Оқтов этакларидан шарқираб тушаётган ирмоқлар эпкини сингари тиниқ, оромбахш туйғуларга йўғрилган шеърларингизни севамиз!”, дегим келди. Аммо, шоир акамнинг ҳозирги ҳолатида бундай “ғамхўрлик” ноўриндек туюлди.
Маъруф ака манзилга етгунча бошқа гапирмади.
Қайнотамизниг торгина ҳовлиси боши берк кўчанинг охирида. Салқин, осуда. Гиламнинг ўрнидай гулзор атрофида мусичалар кукулаб юрибди. Биз кириб богргач улар патирлаб кўкка парвоз этди. Ҳовли тўрида шиғил мевага кирган ўрик. Ҳаммаёққа бошдан оёқ кўллатиб сув сепилган. Ўнг бурчакдаги олча тагига ўрнатилган сўрига ўтирдик. Хонтахта устидаги олма-анорлар товланиб кўзни қамаштиради. Аямиз кўк чой олиб келди. Лекин гап билан бўлиб чой совуб қолди. Гап адабиётдан бошанди. Кейин икки оғайни шарқ шоирлари, ўтмишдаги ва ҳозирга олимлар, файласуфлар ҳақида гурунглашдилар. Мезбон бошлаган сўзни меҳмон давом этирар, меҳмон бошлаган сўзни мезбон илиб кетарди. Оға-инилар шу тарзда юрак чигилини ёздилар. Паловни димоқни қитиқловчи иси анвойи гулларнинг бўйига қўшилиб кетди. Дилкаш суҳбат қизиб борар, мен муллаваччалардек чурқ этмай тинглаб ўтирар ва Маъруф Жалил нафақат дилбар шоир, балки ўта билимдон одам бўлганидан ҳайратланиб унга бўлган ҳурматим янаям ортиб борар эди.
Кейин – яна кўп-кўп баҳорлар келиб кетганидан кейин, замона зайлини кўринг, Маъруф Жалил билан бир даргоҳда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ишлаб қолдик. Турли муносабатлар билан оз-оз эса-да, кўришиб, суҳбатлашиб турдик. Маъруф ака Шойим Бўтаев, Берди Раҳмат сингари ижодкорлар билан бирга - радиочи. Турли мавзуларда адабий эшиттиришлар, радиокопозициялар тайёрлайди. “Ўзбектелефильм”да ишлайдиган ёзувчи ва кинодраматург Мирзапўлат Тошпўлатов ҳам “радиочилар” билан учрашгани, суҳбатлар қилгани ҳақида тез-тез гапирар, таниқли тележурналист ва адабиётшунос олим Ўрол Ўтаев эса Маъруф аканикига боргани, унинг ҳаёти ёлғизликда ўтаётгани ( шоир акамиз “янги чеча”миз билан ҳам узоқ бирга яшамади) ҳақида айтар ва бу ҳокисор одамга нима қилиб бўлса ҳамки кўпроқ ёрдам бериш зарур, деб куюнарди.
Маъруф Жалил билан бўлган сўнгги суҳбат ҳам ( минг афсус, у пайтда буни билмаган эканман) раҳматлик Ўрол Ўтаевнинг ҳаракати билан бўлган...
-Шоирнинг аҳволи яхшимас, - деди Ўрол ака. – Тунов кун бирпас кўча айланайлик, десам, юришим қийин, деди. Бориб бир кўрайлик.
Бордик. Кўрдик. Кўнглим аллатовур бўлиб кетди.
Таг-туби билан қимтиниб-қисиниб яшашовчи шоир янам озган, янаям чўккан, янаям ғариб бир ҳолатда дераза остидаги эски караватда осмонга қараб ётарди. Ҳаёти осойишта кечмаган бу хударов инсон умрининг охирги кунларини ҳам ёлғизликда ўтказаётганидан эзилдик.
Сўнгги йилларда Маъруф аканинг касалманд бўлиб қолгани, ишхонанинг ишлариниям уйда бажариши, ҳамроҳи, ҳамсуҳбати китоб, овунчоғи қоғоз – қалам ва ёзув-чизув эканини ҳамма биларди. Дўслари, шогирдлари ҳол-аҳвол сўраб турардилар. Аввалроқ кўрганимизда тузук эди. Иссиққа ҳам, совуққа ҳам чидамли одам дардманлигини сездирмасликка, ҳамиша сабр қилиш, кутиш ва ичга ютишга, қийинчиликларни сиртига чиқармай яшашашга интиларди. У ўзигагина мансуб бўлган ички интизомда кун ўтказарди – талаб қилиш, текинхўрлик, бақир-чақир, хиёнатлардан узоқ эди. Камтарликни сақлашдаги саботи шу қадар баланд эдики, баъзиларга бу ўз қадрини билмаслик – паст уриш бўлиб кўринарди, ҳатто.
Оғир бетоб бўлган пайтларида ҳам бировга сир бермаган одамнинг бугунги аҳволини кўрган киши ўйланмаслиги мумкин эмасди. Тилимга гап келмайди. Яхшиямки, Ўрол ака бор, қаерда нима дейишни, одамнинг кўнглига қандай тасалли беришни билади.
- Кўрган қизлар “Воҳ!” дейди-ю, ётишини кўринглар бу кишимни! – деб ҳазил-ҳузул билан беморни овутмоқчи, тушкун ўйлардан чалғитмоқчи бўлди. Аммо, Ўтаевнинг овозида ҳам ҳар доимги гулдураш йўқ эди. – Шу оқшом “Мен сув ичган дарёлар”ни яна бир марта ўқидим, - давом этди Ўтаев. – Оҳ-оҳ... Бундай халқона шеърлар мактаб дарсликларига киритилиши керак. Ёшларимиз ўқисин, завқлансин, она-юртимиз гўзалликларини дилдан ҳис этсин.
Ўйнаб-ўйнаб хаёлларим қайтиб келади,
Баъзан қуруқ, гоҳ янги гап айтиб келади...
- Бундай жозибали мисраларни фақат Маъруф Жалил айтиши мумкин.
Тўғрими?- деб менга юзланди.
Мен Ўрол аканинг кечинмаларини англаб турардим. У қандай бўлмасин шоир руҳини тетиклаштиргиси келар, лекин буни уддалаёлмаётганидан баттар хижил бўлаётган эди. Маъруф ака, умрида бировнинг дилини оғритмаган, қалби тоза Маъруф ака эса, бесасгина бизга қараб ётарди. Юзи ва лабларидаги сезилар-сезилмас табассуми орқали ҳаммасини тушуниб-билиб турганини, ҳузурланаётганини айтиб тургандек эди. Мен шу дақиқаларда, айрим хушомадсеварларга ўхшаб унча-мунча мақтовга эшканнап, чўлжанглаб кетавермайдиган, Иброҳим Ғафуровдай танқидчи: “Маъруф Жалилнинг шеърлари иссиқ қорга ўхшайди”, деб ижодига юксак баҳо берганида ҳам мақтовни тортинчоқлик билан қабул қилган, ҳатто, бундан ҳийла қийналган шоир акамни қанчалар яхши кўришимни янаям теранроқ ҳис этиб турардим. Яна шуниям фаҳмлаб турардимки, ҳаммавақт, ҳар қандай шароитда, ҳар қандай даврада ўзгармайдиган бу одамга кексалик ва хасталик аста- секинлик билан ўз кучини кўрсатаётганди: унинг силласи қуриган, ҳаракатлари суст, пешонасидаги чуқур ажинлар қуюқлашиб, сийрак сочлари оқарган, фақат юзларида улуғсифат бир вазмин хотиржамлик аксланиб турарди. Ҳеч қачон ўткинчи ҳою ҳавас, бойлик-давлат кетидан қувмаган, қувлик-айёрликни билмаган, қийналса ҳам бировга ёлвориб-ялинмаган бу одамнинг ичида кўринмас қудратли бир куч яшириниб ётгандай туюларди. Нағзи майиб, бефаросат кимсалар баъзан ундаги камтарликни ношудликка йўйиб камситган, орқаворатдан пачуриб, чандиганда ҳам “ярамас” деган беозор лутфдан ҳатламаган бу инсоннинг шундай содда-баёв ётишида ҳам ўзига ярашгулик бир сиполик, бир савлат бор эди.
Унга қараб ўтириб қайсидир шоирнинг: “Шоирлик истеъдоди шоирнинг ўз шахсиятига алоқаси бўлмаган мустақил бир ҳолат эмас, балки унинг ички руҳий қиёфаси билан узвий равишда боғлиқдир”, дегани хаёлимдан ўтди. Шеърларидаги ёрқинлик ҳам, одамларга меҳрибонлик ҳам, ўйчанлик ва оғирлик, собирлик ва оқиллик ҳам аслида шоирнинг табиатида бор. Унинг одамларга ҳамиша яхшиликлар исташи махсус ўйлаб қилинган иш эмас, бу унинг учун яшаш тарзи, ҳаёти, ҳаётнинг айнан ўзи эди. Унинг шеърлари ҳам ана шу софликдан, ватанга, халққа ҳадсиз садоқат ҳиссидан туғилган дурдоналар эди.
Маъруф ака фақирона кун кечирар, адабиётга ҳам катта-катта даъволар қилмай, бетаъма хизмат қиларди. Ёзганда ҳам кучаниб-чиранмай, худди уч оёқли мольбертига оппоқ қоғозни қўйволиб ям-яшил боғлар тасвирини чизаётган мусаввир сингари эмин-эркин ёзарди. Қиёс излаб қийналиб- зўриқмас, сўзлар, тасвирлар, нодир ифодалар табиий равишда, ўз-ўзидан қуйилиб келаверарди:
Этаги пахтазор, орти боботоғ,
Ёнида Зарафшон оқар эркалаб.
Миёнкол қўйнида оддий бир қишлоқ
Қуёш уйғотади ҳар кун эрталаб.
Бўёқлар сатрлардан сатрларга ўтган сайин қуюқлашиб, тиниқлашар, шоир руҳий ҳолатларни кавлаб-кавлаштириб, соғинчли қатламларни топарди. Анвойи гулларнинг муаттар ҳиди-ю, бахмал майсаларнинг сирли қўшиқларини тинглаш, роҳатланиш мумкин эди уларни ўқиган одам. Бир гиря тўлғаниб ётгандай бўларди шеърларининг ҳар сатрида:
Боғ, дала, қирларга гул-лола сочиб,
Баҳор одатига қилганда амал,
Шу ерни кўргандим кўзимни очиб,
Шу ер олам эди менга мукаммал.
Умуман, Маъруф Жалилнинг Ватан шаънини улуғловчи шеърлари бағоят таъсирчан ва сержило:
Шайдо юрагимни мен қуёш қилиб,
Ўлкам осмонига қўёлсам илиб.
Ёки:
Юрагимда Ватанимнинг севгиси бор,
Йўқотмасман бу тенги йўқ бисотимни.
Ёки:
Шеърма-шеър бораман қалбимни очиб
Сенга – Ўзбекистон – яшнаган макон.
Шоир Ватан деганда энг аввало она қишлоғи Пайшанбани тушунади ва шу қишлоқнинг тупроқли кўчаларида чангга кўмилиб қолиб кетган болалигини қўмсаб яшайди. Аскарликда, денгиз қирғоқларида, ўрмонлар орасида юрганида ҳам она қишлоғи, чанг-тупроқли кўчалар ҳидини соғинади
Ватан - бу ҳамиша роҳат фароғатда ялло қилиб юрадиган ғаройиб бир маскан эмас, балки ота боболар ҳоки туроби ётган муқаддас ва табаррук қадамжо эканини уқтиради.
У шеърларида ҳаёт драмалари, фожеаларини шундай адолатли тарзда ифодалайдики, оқибатда бундай шеърлар ҳақиқат ва адолат жарчиси бўлиб туюлади, бедорлик ва уйғоқликка ундайди. Сатрларда эҳтиросларнинг гувлаб, тўлиб-тошиб келаётган шиддатли тўлқини лаҳзада беихтиёр сизни ҳам ўз оқимига тортиб қўшиб кетади. Адолатсизликка, очкўзликка, маҳдудликка қарши бир исён қўзғайди ичингизда.Она юртга бўлган меҳрингизни оширади. Қисқаси, ватанпарварлик, жонфидолик, мардонаворлик Маъруф Жалилнинг ижодий, ахлоқий, инсоний программасидир, дейилса адолатли бўлади..
Мусаввир кўзларининг ўткирлиги ила тасвирланган “Қишлоғим” дейилмиш йўқоридаги шеърни ўқиган ўқирман ҳам беғубор болалигини, бетакрор хотираларнинг рангин лаҳзаларини бошдан кечириш мумкин. Уни ўқиганда жаҳон олдида “олма бетидаги хол”дай қишлоқ манзаралари кино лавҳалари сингари кўз олдингдан тизилиб ўтаверади. Яна бир шеърида эса қишга ўхшамаган қишни ёдга солади:
Шу ҳам қиш бўлдими? Қиш бўлса агар,
Намойиш қилмасми касби корини?
Беҳавас кўринар нега бу қадар,
Ёки йўқотдими харидорини?
Бундай мисралар шунчаки ҳавас учун эмас, илҳом жунбушга келган, ёзмасликнинг иложи бўлмай қолган дамлардагина дунёга келади. Бир қараган кишига тушкун, сархуш қиёфада кўрингувчи Маъруф Жалил ҳам “ёзмасликнинг иложи бўлмагандагина ёзадиган”лар тоифасидан эди. У ҳамиша, ҳамма ерда - юрса ҳам, турса ҳам ишлаётган – шеър ёзаётган бўларди. Майда-чуйда, арзимасдай туюлган нарсалардан ҳам ибратли фикрлар топиб, салмоқли хулосалар чиқара оларди. Қанчалар илҳом билан ёзмасин, ўзига ўта талабчан бўлганидан сўзлар устида ишлашдан эринмас, чучмаллик, ўртачаликдан қочарди, қайта ишлаш, таҳрир қилиш ва кўчиришдан чарчамасди. Шулар сабаб, Маъруф акани кўп ва тез ёзадиганлар қаторига қўшиб бўлмасди.
Ҳамма билан бирдай муносабатда, бир хил муомалада бўла оладиган сабрли, эътиборли ва ўта камтарин кишилар ижодкорлар орасида унча кўп эмас. Раҳматлик Миркарим Осимга ўхшаб кетар эди шундай фазилатлари билан Маъруф ака. Бир-биридан ҳокисор ва меҳнаткаш бу икки ижодкор том маънода камтарликнинг энг баланд чўққилари эдилар. Маъруф Жалил ҳам Миркарим Осим каби кам гап эса-да, кўнглига маъқул одам билан тез тил топишар, бир пасда суҳбатдошининг эътиборини қозонар, у билан гурунглашган ҳар қандай одам роҳат қиларди. У суҳбатдошини ҳурмат қилиш баробарида, фикрларини ҳам ўта нозик сезги билан англаб оларди.
Яна бир ўзига хос фазилати бор эди Маъру аканинг: хушомадхўр ва фойдахўрларга дуч келганда ҳам жаҳлини тия билар, бировни ёмонламас, беозорлик билан “ярамас” деб қўярди, халос. “Худойим шу бандасига инсоф берсин”, дегани эди бу. Ҳамиша ҳамдардлик чечаклари яшнаб тургувчи муносабатларида райҳонлар ҳид таратиб тургандек бўларди гўё - ёлғон, дабдаба, жимжима йўқ эди. Шеърий сатрлар бамисоли қафасдан қутулган қушчалар каби жўшиб отилиб чиқарди унинг қалбидан:
Уйқумни атайлиб қочирганим йўқ,
Эҳтиёж сезмадим чақирмоққа ҳам.
Чунки ёзилмаган тилакларим кўп
Кўнглим тинчимайди тўйиб ёзмасам.
Шундай. Тўйиб-тўйиб ёзган, аммо ёзишга тўймай, бетоблигидаям кўнгли тинчимаётган безовта инсонга қараб туриб : “Сиз ўзини ёқиб-ёндириш ҳисобига тун қарига нур таратаётган шамга ўхшайсиз. Шам мисоли ўзингизни эмас, бошқаларнинг қалбига нур сочишни ўйлайсиз”, дегим келди. Аммо, деёлмадим. Бунинг ўрнига:
- Маъруф ака, ҳали кўп ёзасиз, - дедим, халос.
- Қаёқда, энди ёзиш қийин... - деб ғарибона жилмайди. - Ялқовман, кўп нарсалар ўзимда қолиб кетадиганга ўхшайди. Энди ўзим билан уёққа опкетаман, шекилли...
- Ундай деманг, ёзасиз, айтмаган биттаям сўзингиз қолмайди. Барисини ёзасиз - деди Ўрол ака.
Маъруф ака чуқур хўрсинди. Кейин овози титраб:
- Бу дунёда яхшисиниям-ёмониниям кўрдим, - деб кўзларини шифтга қадаганча, худди айтмоқчи бўлган гапларини ўйлаб-пишитиб олаётгандек бир неча дақиқа индамай қолди. Сўнг, жамлаб бўли шекилли: – Ярамаслар жуда ярамас бўлади, - деди. Маъруф ака гапираётиб аста-аста кучга кириб бораверди: товуши босиқ, хотиржам ва қатъийлашди. - Қани энди Худойим имкон берса-ю, унақа ярамасларнинг ҳаммасини ўзим билан бирга нарги томонга олиб кетсам... - деб кўзлари билан беозор жилмайди. Кейин каравот қабтолига суяниб, оҳиста гавдасини ростлади. Оёқларини полга текизиб, кўкрагига ёстиқни босиб ўтирди-да: - Мундакенг, - деб қулочини ёзиб Ўрол акани бағрига чорлади. Ўрол Ўтаев илдам бориб ачомлади. Кейин мен.
– Тушимга Шамси ака кирибди, - деди хафалигиниям, хурсандлигиниям билиб бўлмайдиган паришонлик билан. – Олволи остидаги чорпоясида гурунглашиб ўтирибмиз, эмиш. Кўп хударов одам эди, қадрига чилғий етмабмиз...
Шу сўзлар унинг ким ва қандай одам эканини айтиб турар, мени эса: “Бизлар-чи? Сизнинг қадрингизга етяпмизми?” деган ҳаққоний савол қийнамоқда эди.
Қаранг, бу камсуқум шоир бир-биридан гўзал қанча-қанча шеърлар, достонлар ёзди. “Мен сизни севардим”, “Раҳмат, одамлар”, “Сени ўйлаб”, “Нотаниш йўллар”, “Қўшиқ иштиёқи”, “Мен сув ичган дарёлар”, “Паризодим”, “Дарёни излар шамол”, “Бахтимга сен борсан”, “Бунёдкор қалб”, “Орол мадад сўрайди” каби китоблар яратди. “Дарёни излар шамол” тўплами учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги йиллик мукофотига, Орол фожеаси ҳақидаги публицистик мақолалар туркуми учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мукофотига сазавор бўлди. Таниқли ва эл суйган шоирга айланди. Бироқ, эркалик, шон-шуҳрат кўргани йўқ. Даъво ҳам қилмади. Даъво қилиш уёқда турсин, ҳатто хаёлига келтиргани эмас. Адабиётшунослар, танқидчилар кўзидан панада қолганининг сабаби ҳам шундан бўлиши мумкин. Ҳурматли профессор Салоҳиддин Мамажонов бир мақоласида: “Адабий танқидчиликда ёзилмаган адолатсиз бир қоида бор: у кўпинча тўрт-беш машҳур номлар атрофида гир-гир айланаверади-ю, адабиёт ривожига ўз улушини қўшган “номашҳур”ларга қиё боқмайди... Адабий танқидчиларимиз ёнлаб ўтаётган шоирларимиздан бири Маъруф Жалилдир”, дея куюнгани ҳам бекорга эмас.
Қолаверса, Асқад Мухтор таъкидлаганидек: «Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?
Хуллас, адабий-танқидчиликка доир масалалар ўз йўлига, лекин биз – укалари, шогирдлари, қадрдонларининг ҳам Маъруф Жалил олдидаги қарзимиз оз эмас. Негадир бепарвомиз, лоқайдмиз, дилимиздагиларни тилимизга чиқармаймиз, эътибор бермаймиз. Бизлар ҳам “машҳурлар” атрофида гирду капалак бўламиз-у, “номашҳурлар”дан бир калима ширин сўзимизни қизғанамиз. Одамзотни тириги -да эъзозлаш, ардоқлаш муҳимлигини афсуски, кўпинча кеч англаймиз.Ахир, нафақат Маъруф Жалил, Чўлпон Эргаш, Машраб Бобоев, Тилак Жўра, Сафар Барно, Рауф Толиб, Анвар Эшонов каби ижодкорларнинг адабиётга қўшган ҳиссаси қайси дарёзабон шоирдан кам?
Ўрол ака: “Чарчатиб қўймадикми...” деган маънода менга қия қаради.
Хайр-хўшлашиб, кўчага чиқдик. Ўрол ака тирсагимдан оҳиста ушлаб, паст ва ғамгин товушда Маъруф Жалилнинг бир шеърини ўқиди:
Ваъда берган бўлса-ю,
Аммо сенга учрашолмаса,
Ўзга учун жанг қилиб,
Ўзи учун курашолмаса...
Кимларгадир бахт бериб,
Ўзи бахтсиз ўтса дунёдан.
Бадном қилма билмасдан,
Далилларни олиб ҳаводан.
- Ўзи ҳақида, - деди ўқиб бўлганидан кейин.
Кейин хаёлларга ботиб индамай кетдик. Шоирнинг эзгин қиёфаси кўз олдимдан кетмасди, ичимдан бир нима узилиб кетаётгандек туюлаверди. Шу суҳбатдан кейин орадан кўп ўтмай бу ёруғ жаҳон билан мангу хайрлашган Маъруф Жалилнинг тобутини ўзи туғилган она қишлоғига олиб кетдилар... Бу воқеа 2004 йилда бўлган эди.
... Ўша – охирги учрашувда Маъруф аканинг “ярамаслар” ҳақидаги сўзлари қулоғимга қаттиқ ўрнашиб қолган экан. Қуйидаги шеър шу сўз сабаб бўлиб ёзилди:
ЯРАМАСЛАР
(Маъруф Жалилнинг сўнгги сўзи)
Ҳаётда бировга бермадим озор,
Ҳаётда бировнинг йўлин кесмадим.
Балки шунинг учун қадру эътибор,
Тополмай яшадим, униб-ўсмадим.
Бировни қўллашга етмади кучим,
Дўстлар журъатига қилдим ҳаваслар,
Аммо изларимдан маломат-пичинг
Тошини отдилар кўп ярамаслар.
Доимо тисланиб, айланиб қочдим,
Улар-чи, соядек чопди изимдан.
Кимга меҳрим сочдим – қучоғим очдим,
Жолалар оқизиб кетди кўзимдан.
Қисматим шул экан,
Тангрим, нетайин,
Эзиб-янчолмадим нокас – касларни.
Энди менга беринг, олиб кетайин
Дунёдаги барча ярамасларни.
Одамзот пайдо бўлганидан буён ҳали бирон киши бу ёруғ оламдаги яхши-ёмон одамларни ўзи билан нариги дунёга олиб кетган эмас. Мазкур юмуш Маъруф Жалилнинг ҳам қўлидан келмас эди, албатта. Ёзилмаган қанча-қанча шеър-у достонларни ўзи билан олиб кетгани эса айни ҳақиқатдир.
Маъруф Жалил қолдирган бойликлар ичида “Камтаринлик” дейилмиш яна бир хазина ҳам борки, бу хазина ҳали кўп дилларни мафтун этади, ҳайратга солади, одоб мактаби вазифасини ўтайди. Фақат бу мактаб сабоқларини ўзлаштириш, талабларига риоя қилиш осонмас. Илло, бундай яшашга ҳар ким ҳам қаноат қилмаслиги, чидами, сабри-бардоши етмаслиги мумкин...
Абдусаид КЎЧИМОВ
2012 йил, март.