Сувон Мели

Зўр мунаққид юксак мақомдаги бадиий асарни таҳлил этар экан, таҳлил жараёни поёнига етганида том маънода ўзгача, мустақил бир асар дунёга келади. Бу асар янги оҳанг, теран мазмун, хассос овоз касб этароқ таҳлил қилинмиш асар ҳаётига ёндош ўз ҳаётини бошлайди. Янгидан-янги маънавият, бадиият манзилларини ишғол этишга киришади, замонлар, маконлар ошади. Ўз овозли мунаққид, олий даражадаги адабий танқид шундай бўлади. Айни мақомдаги мунаққидлар, шукрлар бўлсинким, ҳозирги ўзбек адабиётшунослиги майдонида ҳам йўқ эмас. Мақоламиз шундай мунаққид-олимлардан бири, жорий йилда муборак олтмиш ёшни қаршилаган Сувон Мели ҳақида.
Сувон Мелининг филология илмига даҳлдорлиги расман тан олинганига ҳам йигирма олти йил бўлибди. Ростакам бир йигит умрига тенг вақт. Унинг 1985 йилда академик Матёқуб Қўшжонов раҳбарлигида ҳимоя қилган номзодлик диссертацияси номланишиданоқ ўша давр ўзбек адабиётшунослиги учун янги талқин шакли кириб келганига далолат қилган. “Шеърий матнда сўзнинг бадиий функцияси” – бундай оригинал муаммонинг қўйилиши, дарҳақиқат, 80-йиллар ўзбек адабиётшунослиги учун янгилик бўлган. 
Илгари устоз адабиётшунослар ўртасида “яхши мавзу – ярим диссертация”, деган ҳикмат юрарди. Бу тўғри гап. Аммо яхши мавзунинг юки ҳам бўлади. Яъни иш ва диссертантнинг мавзуга муносиблиги юки.
Сувон Мели диссертациясидан хабардор мутахассислар бундай оғир юк айнан муносиб ҳаммол елкасига тушганини шак-шубҳасиз эътироф этадилар. Ишда асл шеърдаги матн ва сўз муносабати Қуёш ва унинг атрофида айланаётган сайёралар аро самовий муносабат сингари аниқ системага асосланиши, бу система моҳиятини билиш учун, аввало, ундаги ҳаракат ритмини, шу ритм марказида туриб, бутун шеърни нурлантираётган “калит сўз”ни англаш, белгилаш лозимлиги илмий асосланган. Қуёш атрофидаги ҳар бир сайёра қанчалар аниқ вазифа ила вазифалантирилган ва уни заррача бўлсин самовий қонуниятга хилоф этмай бажараётган бўлса, шеър матнидаги ҳар бир сўз мана шундай рутбага эгалиги Худо берган истеъдод соҳиблари, ўзбекнинг уч уч йирик шоири Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, А.Ориповлар асарлари таҳлили жараёнида далилланган. Келинг, гапимиз қуруқ бўлмасин учун, диссертация хулосаларидан бир-икки жумла келтириб ўтайлик: “Сўзнинг бадиий функциясини матндан айри ҳолда тадқиқ этиш мумкин эмас... Бадиий жиҳатдан юксак шеърда ҳар бир сўз бошқа сўзлар билан мазмунан яктан яшайди. Сўзнинг бадиий функцияси ва мазмун юки аро узвий алоқадорлик мавжуд...”(Диссертация – 142-саҳифа). Бундай аниқ хулосалар ўз даври, ҳатто бугун учун ҳам янги, шубҳасиз, шеър назариясини бойитадига даражада салмоқли. Аммо дастлаб эшитган қулоққа улар гўё ҳукм каби янграйди. Уни бирдан тушуниш, маъносига етиш, дафъатан мураккаб туюлади. Зеро, ўз мавзусини юракдан ҳис қилган олим шу оҳангдаги хулосага ўзини ҳақли деб ҳисоблайди ва сўзсиз ҳақлики, унга қўшилмаслик инсофдан бўлмайди. Хуллас, мана шундай залворли, қолаверса, ўктам овоз Сувон Мели ижодининг моҳиятини белгилайди.
Сувон Мели майда гапларни ёқтирмайди. Эркакча сўз айтишни яхши кўради. Ҳар қандай дипломатлик, сергапликдан бир қатра ҳақиқатни афзал билади. Шу боис унинг адабий жараёнга оид асарларида илмийлик ва поэзиянинг уйғун оҳанги етакчилик қилади.
Мен бу овозни 90-йилларнинг бошларида кашф этганман. Аниқроғи, олимнинг овози анча олдинроқ янграй бошлаган бўлса ҳам, менинг илк бор Сувон Мели асарлари билан танишишим шу йилларга тўғри келган. Бу  овозни кашф этиш бирхиллик, сохта салобат, сунъий жимжимадорликка бой бўлган бу давр адабиётшунослиги фонида мен учун у қадар катта қийинчилик туғдирмаган. Бу овознинг бошқача, ўзига хос эканини биринчи учрашувдаёқ англаганман ва унинг муҳлисига айланганман. Кейинчалик олим билан танишиб, суҳбатида бўлгач, овоз ва унинг соҳиби, услуб ва мунаққид табиатидаги мосликдан кўнглим тўлган. Ўшандаёқ бу ноёб ҳодиса ҳақида бир нарса ёзишни дилимга тугганман. Шу боисмикан, мақола учун сарлавҳа танлашда “Сувон Мели” деган вариантдан нарига ўта олмадим. Зотан, асл ҳодиса фақат ўзига тенг, уни ўз номи билан аталмас экан, адолат мезони бузилади.
Сувон Мели олтмишга чиққани, бир нечта китобга етадиган мақолалари, алоҳида тадқиқотлари борлигига қарамасдан, ўз номидан биронта китоб чиқармаган. Очиғи буни қандай изоҳлашга ожизман. Ўйлаб қоламан: Олим бу билан қай томонга ишора қилмоқда экан? Нима бу? Илму маърифатга чексиз ҳурматми? Камтарликми? Ёки илм аҳлини инсофга чорлашми?
Илло, Сувон Мелининг ҳар бир мақоласи бир китобга татийди. “Бой ила хизматчи” ёки тикланган нусха муаммоси”,  “Ўғригина боланинг иззати ёхуд меҳр сеҳри”, “Ҳазиллашманг даҳо билан ёхуд ким ҳақ – Фитрат ёки Навоий?”, “Асл адабиёт – эзгуликка хизмат” сингари адабий-танқидий мақолаларнинг ҳар бири айни мезонга жавоб бера олади. Уларда асл мунаққидга хос жангаворлик, чучмал фикрлар, адабиётдан йироқ қарашларни яккама-якка олишувга даъватлаш руҳи,  илмий-адабий қамровдорлик, назарий-эстетик концепция бор. Энг муҳими, Сувон Мели шеър оҳангини, унинг мояси бўлган “калит сўз”ни бехато топганидек, роман қисса ёки ҳикоянинг ҳам, трегедия, драма ёхуд комедиянинг ҳам хос оҳангини топади. Топмаса ёзмайди. Мисол тариқасида “Ўғригина боланинг иззати ёхуд меҳр сеҳри” мақоласидаги топилмани олайлик. Бунда муаллиф илк жумладаноқ янги ва муҳим концепцияни ўртага ташлайди. “Менинг ўғригина болам”да ҳикоячи иккиланган: бири ўн уч-ўн тўрт яшар бола, иккинчиси шу боланинг олтмишдан ошган палласи. Асар “воқеий” деб қўйилганини эътиборга олсак, ҳар икки ҳикоячи муаллифнинг ўзи, яъни Ғафур Ғулом. Вақт бекатларида галма-гал пайтда турган ҳикоячи – муаллиф” (Ўзбек адабий танқиди. Тузувчи ва нашрга тайёрловчи Б.Каримов.-Т., 2011, 366-саҳифа). Ушбу оригинал концепция бевосита ҳикоянинг ичидан, ундаги ритм структурасини англаб, кашф этароқ, олиб чиқилган. Мақола давомида ўзбек табиатидаги шафқат (кампирнинг нутқи таҳлили орқали), давр воқелиги (“ўғригина бола” нутқи таҳлили орқали), ўзбекка хос мардлик, бағрикенглик (кампир, “ўғригина бола”, ҳикоянавис бола нутқи таҳлили орқали) “меҳр сеҳри” деган ягона бадиий фонга уюштириб кўрсатилади. Ҳикоя структурасида икки ҳикоячи бор, деган фикр эса асар бадиий оламидан ташқаридаги, муаллиф шахсияти билан боғлиқ сирлар тугунини ечиш орқали кенг ижтимоий-эстетик кўлам касб этади. Бир сўз билан айтганда, “Менинг ўғригина болам” ҳикояси нуктадон мунаққид таҳлили боис бир йўла учта  – бадиий, биографик, ҳаётий қатламда янгидан ҳаракат бошлайди.    
Бизнинг бундай фикрларимизга академик талаблар билан танглайи кўтарилган баъзи “мутафаккирлар”: “бу мақолалар академизмдан йироқ-ку!” дея эътироз қилсалар ҳам эҳтимол. Аммо бундай эътирозга “ЎзАС”да босилган биргина мақола – “ Ҳазиллашманг даҳо билан ёхуд ким ҳақ – Фитрат ёки Навоий?”нинг ўзиёқ муносиб жавоб бўла олади. Академизм нима ўзи? Долзарб, янги, илмий жиҳатдан бақувват муаммо қўйиш ва уни ҳал этишми? Агар шундай бўлса, бу мўъжаз мақолада илмийгина эмас, балки бадиий-фалсафий муаммо кўтарилган. Тасаввуф таълимотининг ўзаги жонон, ишқ ва жон тушунчаларига бирбутун система сифатида қаралган. Ўртага ташланган илмий концепция Навоий ҳазратларидан келтирилмиш рад этиб бўлмас далиллар миолида асосланган. Ёки академизм дегани машҳур илмий қарашлар билан мунозарага киришмоқми? Унда мақоланинг биринчи қисмида Шекспирнинг “Қирол Лир” асаридаги Масхара образи функциясига доир ғарб ва рус олимларининг фикрларига соф илмий раддия билдирилганига нима деймиз? Ёхуд академизм дейилганда жаҳонинг машҳур алломалари қарашларини муайян масала нуқтаи назаридан илмий-назарий талқин қилиш тушуниладими? Мақолада бунга ҳам жавоб бор. Хусусан, унда Афлотун, Ибн Сино,  Ҳегель, Добролюбов, Аникист сингри файласуфлару адабиётшуносларнинг қарашларига жиддий муносабат, уларнинг илмий-назарий талқини акс этган. Ҳатто  “Қуръони карим”, “Ҳадиси шариф”дек мўътабар манбаларга таянилган. Эҳтимол, кимларнингдир назарида академизм жимжимадор услубда намоён бўлиши лозимдир. Аммо, бизнингча, ундай эмас. Балки, соф академик услуб – у орқали ифодаланган мазмун, теран илмий муаммонинг муносиб ечимидир. “Ҳазиллашманг даҳо билан...” эса айни шундай асар.
Сувон Мели фақат мунаққид, адабий жараённинг теран тадқиқотчисигина эмас, бугуннинг етук назариётчи олими ҳамдир. Унинг трагизм ва трагедия жанри хусусидаги “Лирик фожелик”, “Комик катарсис”, “Найнинг ноласи – кимнинг ноласи?”, “Кўнгил сўнгги бекат ёхуд зукко мезбон” каби тадқиқотлари аниқ назарий муаммонинг миллийлик ва индивидуал талқин уйғунлигида назарий талқин этиши билан улкан қимматга эга. Айниқса, бадиий талқиннинг энг мураккаб шакли, кулги  ва фожиа уйғунлиги, унинг “катарсис” – изтиробга солиб поклаш –  функциясига доир “Комик катарсис” тадқиқоти ўзбек адабиётшунослигида янгилик дейишга арзийди. Олимнинг Структур таҳлил ва “янги танқид” назариясига доир тадқиқотлари унинг жаҳон стандартида фикрлашига далил бўлади. Навоий ва Данте, Шекспир ва Қодирий асарларининг қиёсий-типологик тадқиқи, Пушкин шеърлари таҳлили гениал ижодкор мақоми ва бу мақомнинг ҳатто хаёлот чегараларидан-да юксак бўлишини англашимизга хизмат қилади.
Бизнингча, ўтмишда қолган бир неча йиллар ўзбек адабиётшунослиги тарихида йўлсизлик, довдираш даври ўлароқ муҳрланади. Марксча йўлни хато эканини дафъатан “англаб” қолган адабиётшуносларимиз бу йиллари бирйўла иккита бедаво дардга чалиндилар. Бунинг биринчиси, рус олими Михаил Бахтиннинг Федор Достоевский романлари асосида чиқарган “полифоник роман” концепцияси бўлса, иккинчиси, модернизм касалидир. Дастлаб йўлсиз қолган олимларимиз барча бадиий асарларимизда, ҳаттоки ҳазрат Навоий ғазалиётида ҳам, полифония ҳодисасини “кашф” эта бошладилар. Анча вақт полифония йўлларида сарсон кезиб чарчашгач эса, уларга модернизм дарди юқди. Шу тариқа модернизмни идеал адабиёт намунаси сифатида талқин этиш бошланди. Ўзбекнинг яхши асари борки, хижолатсиз модернга тақаш расм бўлди. Мезон аниқ, модернизмга алоқадорлиги “исбот” этилса бас, бундай асарнинг мақоми тайин – Жамолунгма чўққиси.
Худди шу жараёнда Сувон Мели “Асл адабиёт – эзгуликка хизмат” ва шу мазмундаги бир нечта мақолалар ёзди, модернинзмнинг асл қиёфаси ҳақида сўз очди. (Албатта, бундай кескин фикрлари сабаб ўзига етгунча ижодий рақиблар ҳам орттирди.) Модернизм(модерн, янги адабиётни эмас!)нинг “минг йиллик ўзбек маънавиятига зид, ғайримиллий, зарарли мафкура эканини” ўз овози, шахсий ташаббуси, билими ва истеъдоди билан исбот этди. Бунда на шухратпарастлик, на авангард бўлишга даъво, на чираниш, на зўрма-зўракилик бор эди. Бу овоз Навоийнинг, Машрабнинг, Фурқат ва Қодирийнинг овози ила ҳамоҳанг эди. 
Менимча, Сувон Мели эътиқоди билан аждодларимиз солим иймони аро кўринмас бир ришта бор. Бу ришта олим шахсияти ва фаолиятининг икки қиррасини умумлаштиради: миллат ва адабиёт. Шунга кўра Сувон Мелини, ҳар қандай баландпарвоз сўзлардан кечиб, фидойи олим, миллатимизнинг бугунги кунидаги чин зиёлиси десак, тўғри гапни айтган бўламиз.
Сувон Мели ўзининг “Миллат кўзгуси” номли мақоласида ўтган аср адабиёти ва ундаги сустлашув, майдалашув жараёнларини таҳлил қилар экан, шундай ёзади: “ХХI аср бошида шу кичрайиш тамойилини буза оламизми? Худди ХХ аср аввалида бўлганидек, чинакам катта истеъдодларни ижод майдонига чиқара оламизми? Масала ҳам, муаммо ҳам шунда.” Унинг чин миллатсевар, асл олим эканини акс эттирган бу ташвишли сўзлар қаршисида бир таскин бор – Сувон Мели сингари фарзандлари бўлган миллат адабиёт дунёсига “чинакам катта истеъдодларини” бера олади. Бунга шабҳа йўқ.

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ
Тошкент, 2011 йил 22 ноябрь