Шеър иши ҳам синовдан ўзга бир нарса эмас. Усулига биноан у – маънавий, маърифий, санъатий синов. Илдизи руҳу қалб, тафаккурдадир. Жамийки амаллар сингари шеърлар қалбий тақозолар ила воқе бўлади. Ботинда кечувчи унинг заҳмати ҳали амал, ҳали воқелик эмас. Бу бир ғайбиётдир ва ҳақиқати Аллоҳ илмида маълум. Инсон юзага чиқарган касби-амали билан ҳисобдор.
Жоҳилият даврларида ёлғон, бидъат, ширку ҳийлалар – барча ботиллар шеърий тусларда ҳам авжланган. Назмни зўр эрмак билиб байт тўқувчи кўп бўлган. Ҳар зайл залолатни гўзал сўзлар воситасида содир этмоқ мумкинки, жоҳил шеърчилар бунинг ҳамма шаклини кўрсатган.
Бебош ва бузғун шоирликка саодат асрининг илк босқичидаёқ илоҳий ҳукмлар ўқилди, бундай нафсоний, ғаразгўй амалга аламли азоблар хабари келди. Чин шоирлик шартлари эса бешубҳа равшан бўлди. Васатий адабий ҳунарга илоҳий ижозат берилди.
Оғишувлар тури, афсуски, шеъриятда жуда кўп. Ҳар қайсиси жуфт-жуфт ҳолатда мавжуд. Улар ижодлар, илмларга илакишга доим шай: асоси пуч мақтов ё ноҳақ инкор, раддия; ёлғонни маёқ қилиш – ҳақиқатни турткилаш; баёнда исрофчилик ёхуд сўзда қашшоқлик; руҳни ортиқ улуғлаш ё моддиятга эътимод; бугун бир фикр айтиш – эрта-индин фикридан қайтиш; яхши гап тақдим этиш – соҳибининг ўзида беамаллик. Ва ҳоказо.
“Бир ёзувчининг адабиёт даргоҳига кириб, ундан ўз ўрнини олиши учун минг бир шарту шароитнинг тажассуми керак бўлади” (Эркин Воҳидов). Шеърият нелигини билувчилар кўп айтган ўша шартлар саноғи қанча бўлса, уларга қасдма-қасд зид турувчи хатарли оғишув қутбларининг ҳам шунча миқдор борлигига асло гумон йўқ. Улкан хавф-хатарлардан бири, шубҳасиз, руҳ ила жасадга муносабат, шуларнинг талқини, тавсифи бобларидадир.
Ўзга дийнлар, хатокор мафкураларда руҳ ва жасадни ўзаро ёв, бир-бирига тамом терс деб қараш устувор. Тараққий, комиллик йўлида бири бошқасига гўё ғов, кишан. Уларнинг наздида жасад - бамисоли руҳ қамоқхонаси. Жамиятда буларнинг қайси биригадир майл кучайса, ўшанисининг манфаатига чуқур кириб кетилади, шериги яккаланиб қолади, менсилмайди. Руҳга ружу қўйувчилар доим дунёвий бурчлардан безишган, таркидунё томон кетганлар. Танни тан олувчилар руҳий ривождан сўнишган, дунёпарастликка шўнғиганлар. Ислом бундай ҳаддан ошишларни инсониятнинг энг мудҳиш тойилишлари деб ҳисоблайди.
Шаръий матнларда, яъни ояту ҳадисларда қалб, ақл, руҳ, жасад ва ундаги аъзоларга доир тавсиф, таклиф, кўрсатмалар бор. Ҳақ таълимотда улардан бирига нописанд қараб, ўзгасини зиёда дастак қилиш кескин қораланади. Руҳ билан вужуд биргаликдагина мавжуд инсон моҳиятидир. Улар – буюк илоҳий муштараклик. Иккаласи ҳам ҳамиша озуқаталаб. Бу иккилик қўшилувида муайян машаққатнинг борлиги ҳеч сир эмас. Айни машаққатда улуғвор ҳикматлар кўп. Шу қийинчиликка муносабатда, уни енга олиш ё енга олмасликда инсон учун катта синов мужассам. Шундаги аҳволотга қараб одамлар тоифаланади.
Ислом барча соҳа ва масалада, бинобарин, чуқур руҳий мавзуларга амалу муносабатда ягона мукаммал васатий таълимотдир. У ҳаммага, ҳамма нарсага ўзининг исталган замон ва макон учун салоҳиятли васатия (энг тўғри, энг яхши, ўрта, адолатли, холис, ҳалол, мўътадил) қоидаларини таклиф қилади...
Ўтмиш ўзбек шеъриятининг жамийки ютуқлари ҳам, шубҳасиз, васатияга амал ва садоқат натижасидир. Борлиқ, ҳаёт, инсоннинг бор жабҳа, манзарасига мурожаатчи бўлмиш адабий ижод қай мавзуга қўл урмасин, ислом илмлари туфайлигина ҳақ эътиқод, ақийдада мустаҳкам турган. Ҳам “дунёвий”, ҳам “шаръий” довруқ қозонган. Ният, нуқтаи назар, мезон, баён каби вазифаларнинг оқил ечимларини худди шу асослардан топа олган. Йўқса, ҳар жиҳатдан адашган, тойган.
Шеъриятда руҳ ва вужуд майлига, уларнинг ошкор ё ноошкор иштирокига тегишли бўлмаган ҳолат, мавзу йўқ. Шунингдек, шеъриятнинг мавзу-мазмун харитасида бевосита руҳият мавзуси, унинг бепоён диёри, иқлимлари бор. Хуллас, шеър нимага бағишланмасин, тўғри ва баркамол бадиият шоирнинг васатий заковатидан, ноқислик, саёзлик, хатолик унинг маҳдуд, тор аҳволидан хабар беради. Ботил ва ширкона талқинлар, ишқнинг таърифида вужудийлашув кабилар таълимотдан ғофиллик, руҳу танга қарашда васатсизликдан. Васат муносабат алдамас ва мудом ғолибдир. Ҳатто ҳар турли оғишуви кўп шўро даври шеъриятига шу сифат қувват берган. Чунончи, “Руҳим” (А. Орипов) шеъри шундай васат мурожаатнинг ягона дурдонаси:
Вужуд деганлари асли нимадир?
Дайр денгизида юрган кемадир.
Бир кун бир қояга урилгай кема,
Руҳим, сен вужуднинг ғамини ема.
Юксак фазоларда айлагил парвоз,
Сенда на оҳанг бор ва на бор овоз.
Сенга на бўронлар кор қила олур,
Сени на йўқотиб, бор қила олур.
Сен мисли камалак - юксак ва сўлмас,
Камалакни эса парчалаб бўлмас.
Собиқ тузум адабий ижодни мафкура мадҳига, сохта ғоялар, нодон даҳолар олқишига узоқ ҳамда чуқур шўнғитди. Олтмишинчи йиллардагина занжирбанд шеърият бир қадар ҳушёр тортди. Ҳақиқатни, асл ўзлигини излашга тушди. Улкан гуноҳлардан, ёлғондан қочиб, юрт дардига, эл кўнглига юз бурди. Аччиқ тажрибадан кейинги мароқли бу долзарб ислоҳга Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Икром Отамурод, Мирзо Кенжабек, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид сингари шоирлар янада ўзгача йўсинлари билан қўшилди.
Ҳозирги шеърий жараённинг марказий тамойили – қалбу руҳиятнинг қаърига юриш ўша тўғриликка интилиш, рост туйғуни куйлаш расмининг аввалги оҳангни инкор этмовчи, янгича ва чуқурлашган мантиқий давомидир. Албатта, ички оламларнинг шартли ва мажозий поэтик тадқиқи шаръий номарғуб, номақбул йўналиш эмас. Аммо бошқа шеърий йўлларга ўхшаш у ҳам хатарлардан холий эмасдир. Бунда ҳам ишончли муҳофазани, масаланинг тўғри ечимларини, эстетик мўътадиллик ва мутаносибликни фақат васатий илмлар таъминлай олишга қодирдир.
Шоирона ҳақгўйлик тараққийсидаги услубий ўзгаришларни ва бу йўлдаги бир хавотирни илк бор илғаган Мирзо Кенжабек шундай ёзган эди: “Адабиётимиз аҳлига назар ташлаб, гоҳида мен айрим шоирлар шахси билан ижоди ўртасидаги мутаносибликнинг бузилаётганини кўраман. Шоир шахси – вужуд, шеъри – руҳ бўлиб, иккиси икки томонга талпинаётгандек, бир – бирларини топа олмаётгандек туюлади. Руҳ – ҳақиқат майдонига, ҳақ аршига, вужуд эса кўнгил майлига берилиб, фароғат ва хиёнат даргоҳига интилаётгандек кўринади”.
Усмон Азим руҳ ва вужуд мавқеларини васатий идрок, дониш талқин қилади. Жўшқинликни таълимотга бўйсундириб, шаръий доирадан оғишмай фикрлайди. Руҳ, юрак ва тафаккур – илми Аллоҳга хос бўлган, латийф, илоҳий неъматлар. Ҳатто инсон жуда кўниккан, яхши биламан деган вужуд моддияти ғайбиётдан мосуво эмас. Вужуд шамойили тан кўзи ила, руҳият аъмоли қалб кўзи ила идрокланади. Шулар боис лирик қаҳрамон инсон омилидаги бу улуғ хосликларга ҳар турли муносабатда керак оқилликни топади. Улар уйғунлигини бузмоққа чоғланмайди. Руҳиятга қанча эрк тиламасин, вужуд шаънини топтамайди. Машаққатни енгмоққа чидам ва сабот лозим. Шоир ҳар қачон, ҳар қаерда лозиму лобуд сифат - собирликни ҳақли равишда ҳамма амаллар манбаи юракка тилайди. Уни мудом яхшилик умидида бўлиб, адоватда эмас, ўзни ислоҳда тутиб яшашга, яхши амаллар қилишга чақиради:
Сабр! Сабр! Мудом сабр!
Бўлгунича дардинг кабир.
Ёвга топиб эзгу таъбир,
Ўз феълингдан шикоят эт.
Сенга олам бўлгандир жо...
Оғриғингдан дунё-дунё
Дунёларни этиб барпо
Ўз-ўзингга ҳидоят эт.
Юрак ўз юраклигига риояда бўлмоғи, соғломликда собит турмоғи, ҳақиқатни идрок этмоғи шартдир. Руҳнинг парвози юксак, тасаввур уфқи кенг бўлмоғи матлуб. Руҳ билан тан ҳамжиҳатликда ҳақни дейишга яралган.
Тарқоқлик уларга ноярашиқ ҳол, жипслик уларга қисмат қилинган. Ягона инсон зотининг ярми руҳдир, ярми жон. Улардан бирига қалтис оғишув шахсни чилпарчин қилади. Табиатан безовта руҳ янада зиёда парвозлар, тугал эрк, озодлик соғинар экан, унинг танга муштараклик муросалари, васатий-мўътадил мавқе-ҳаловат Яратганнинг Ўзидан сўралмоғи шарт:
Яримдирсан, яримдирсан,
Менинг йўғу боримдирсан.
“Ҳақ” деганда зоримдирсан,
Зорларимдан бир оят эт.
Зирқирайди ҳорғин таним,
Руҳни ушлар - Маним! Маним!..
Руҳкорим деб сиғинганим,
Мени мендан ҳимоят эт.
“Мувозанат излайди асли Ва шу йўлда бўлади қурбон – Қандай оғир юраклик касби!” Вужудга-да осон тутмаслик, руҳдаги мисол шиддатни ундан талаб қилмаслик керак. Унинг “қисмати пастли” деб фиғон чекмаслик даркор. Вужудда вазифа бошқадир. Қолаверса, “Тўлқинларнинг зарбидан Тан оғриққа тўлгандир”. Вужуднинг руҳдай ривожини орзулаш Ҳаққа талпинишдаги жидду жаҳднинг қизғинлик кўрсаткичидир, холос.
Кўкрагимда айланар
Бу чархи дун-тегирмон.
Фалагу ер остида
Бир заррадир тану жон.
Йўқ, ҳеч кимга омон бермас
Бу тегирмон - чархи дун.
О, бировнинг оғзи қондир,
О, бировнинг бағри хун.
Бу тегирмон аямайди-
Танни янчар - кўзи оч.
Фақат руҳнинг атрофида
Айланади беилож.
Ўзга шеър гумонсираш билан бошланади: “Сабр - қўрқоқликми?” Даъвати кўплаб ояти Карималарда, ҳадиси шарифларда келган, яхшилар жисму жонида ноёб фазл саналган неъматга шубҳамидир бу? Ёки собирлик матонатдан қайтардими? Руҳнинг ғайрати сўндими? Йўқ! Сабр берилган онларда сабрни, унинг нозик қирраларини тафтишлашдан мурод нима у ҳолда? Гап шундаки, руҳиятдаги устун мавқеи баробарида сабр инжа бир поэтик баҳона ҳамдир.
Қаҳрамонни ҳақ йўлдан тоймаслик, тўхтамаслик дарди бетоқат қилаётир. Унга “Сўз етар дунёнинг равиши маълум”. Бу тарафдан кўнгли хотиржам. Ва лекин сўз етмас ажиб ҳолатлар дилни ўртаб, олға ундайди. Ҳолини таҳлил, тааммул эттиради. Юрагига илоҳий таълимлар ёғдиради. Йўқ, сабр - сустлик, ожизлик, қўрқоқлик эмас: у юракдан ҳавойи ғурурни қувди, кўнгилдан ғуборни кетказди, сокин ҳақиқатларни оғир сўйламоқни ўргатди. Тажрибалар ботинни забт этган сайин “Шиддатнинг қадами ўйчану вазмин”. Жанг тинмади, давом этмоқда, аммо бу жанг – босиқ ва тинч жанг. Токи инс ҳамда жин шайтонлар бор экан, чидам ва саботга эҳтиёжнинг чегараси бўлмайди. Сабрдан яна бир сабоқ шудирки:
Ўз қадрим англадим, худога шукур,
Ўзгалар қадрини энди ўйлайман.
Зоҳирдаги ғанимни енгмоқлик учун ботиндаги ғанимни енгиб олмоқ шарт. Бу – исломдаги улуғ, залвори ўта кучли қоидалардан. Юқоридаги шеър идроклатувчи руҳият манзараси ўқувчи шуурини шу тагмаънога йўллайди. Усмон Азимнинг қатор шеърларидаги ботиний кайфият чизмалари, бир-бирини такрорламас кечинмалар ана шу ислоҳ туйғусини у ёки бу даражада тасарруф этиб туради. Ўзни доим ислоҳда тутиш соғлом қалб соҳибларининг узлуксиз иймоний бурчидир. Ардоқли бу ҳиссиётнинг бутун шеъриятни қуршаб олаётганлиги шунинг учун ғализ таассурот пайдо қилмайди, аксинча, тасвирга янада ишонч бағишлаб, ўзига табора мафтун этади. Бу оҳанглар ҳаттоки ҳали камдек туюлади.
Вазият талаб этса, иймон соҳиби вужуд, юрак ва руҳга ўринли танбеҳ, таскин, мақтов айтмоғи, уларни тергов ҳам қилмоғи мумкин. Мақсад покланишдир. Руҳининг “дарахти” фалакдан “ҳаракат ичар” ва у жойда “гуллар” экан, инсон имконли қилинган бу мақомдан лирик қаҳрамон масрур. Табиийки, бундан вужуд жуда-жуда беимкон: “Гуллаган дарахтни қилар тамоша Фалакка термулиб қуриган жисмим”. Ислоҳдан асосий муддао ботинга юриш бошлаб, ўрнашган ҳамма ёт иллатдан мусаффо бўлмоқликдир:
Кўзларим тўладир – сиғмайди шодлик,
Ёлғонлар сиғмайди – оғзим тўла чин.
Юракларим тўла ётликдир, ётлик,
О, узоқ қаъримга бекинмиш аслим.
Ҳаёт – “айқашган, чалкашган чангалзор”. Чакалак бағирни, юзни тилади. “Тикан азобидан товонда фарёд”. Йўллар анчайин ноаён, одим негадир жонсарак. Яшаб, яшагандай бўлмайди одам. Нуқул адашувлар. Шундай руҳий аҳволли лирик “мен” ғайбдан кўмак сўрайди. Ҳавода такрор-такрор битта жавоб - “юрак” сўзининг шарпаси кезади. Зотан, юрак озуқасиз, қаровсиз қолса, моддият Ўзликни батамом ўз домига тортади. Ҳаётдан ҳориган қаҳрамон зимистонда гулхан ёққан пайт чангалзордан Ўзлиги чиқиб келади. Ўзликка айтилган энг қатъий таклиф будир:
Келгин, бор вужудда яшайлик тотув!-
Унга қучоғимни очдим ютоқиб.
Менга бир заррасин этдию тортиқ
Яна чангалзорга кирди улоқиб.
Чангалзор, чакалак, тикан, гулхан, қоронғулик, Ўзлик кабилар – бариси луғавий маънони тарк этиб, муносиб кўчма маъноларни вазият тасвирига тортиқ қилади. Мустақийм йўлдан буткул озмаганлар учун адашувлар ибрат дарсларидир.Тўғри хулоса чиқарилса, уларда хайриёт бор. Улар Ҳақни танитувчи, Ҳақ йўлга солувчи сўқмоқлардир. Адашиб, сўнг ўнгланиш тажрибасидан рост ақийдани ҳар ким ҳар хил топишига оид иқрор келиб чиқади:
Ўзгага бу гапнинг маъноси сирдир,
Аллоҳ бандалари! Бўлинг журъатли...
Тангри – бир! Тангрининг йўли ҳам бирдир,
Аммо топмоқ заҳми – ўзга суратли.
Жасадга оғишиш, тан майлига чегара қўймай берилиш инсоний шаън-шавкатни оёқ-ости қилади. “Бу тўймагур қориннинг дарди”ни ўз йўли деб билган, “қорни тўқ, пулқувар дунё”нинг асл ҳақиқатни фаҳмламай ўтмоғи тайин. Шу катта маънавий хавотир сабаб шоир, шартлиликни қалтис кучайтириб бўлса-да, масалани кескин қўяди: “Бошим маним, Йўлга чиққин, Ҳақ йўлида мундоғ мардлик сафарлар кўп...” Муҳими, шармандали тирикликдан асранмоқ вожиб. Магар “Иймон берса, Ўлимда ҳам Зафарлар кўп”. Сафарларнинг зафарлари қалбни поклаш ила бўлади. Руҳан покланиш нияти мудомий муддаога айланиб, қалб қаърига борилган сари ғуборлар тарқайди, раҳмат ёғилади:
Руҳни юрғуз! Қалбга ҳайда!
Қолмасин ҳеч тан ичраким,
Ҳар касга Аллоҳ раҳмати
Қалбга юрмакдан келгайдир.
Гоҳида “тан”, гоҳ “вужуд”, гоҳида “ер”, гоҳ “дунё” шаклида тимсолланиб шеърдан шеърга кўчаётган, саноқсиз раддияга учраётган салбий қутб сертаркиб намоён бўлаверади. Олий мақсад йўлидаги ҳаракату илинжлар эса юракка тақалиб бораверади: “Юрагимнинг ортидан Дарбадар кетсам эди... Довдираган дунёдан Юракнинг етагида Ўтсам эди пиёда. Тинч суҳбат қурсам эди Ўзим билан иттифоқ”.
Шоирда қалбга ишонч, эътибор, эътимоднинг айричалиги бежиз эмас. Исломият қалбни доимий ислоҳ билан соғлом сақлашни, уни умр йўлларидан омон олиб ўтишни, руҳ ила жасаднинг тавозунли тарбиясини ва шундай ахлоқ тарғибини буюради. Амаллар манбаи қалб экан, ислоҳий барча тадбир шу маконда кечади. Аммо бу туйғуларни, ҳар ислоҳ айёмини қувватли ифода, таъсирли руҳий ҳол қилиб тақдим этувчи омиллар ўзликни англаш ва қалбни поклашга қаратилган бетакрорлик, васатийликдир:
Майли, осмон бошимда хира,
Баҳоримда чилланинг қиши-
Менга муҳим чалкашлик ичра
Ўз-ўзимни англамоқ иши...
Руҳнинг сокин гирдибодида
Учар экан таннинг куллари,
Истайманки, дилнинг додига
Садо берсин ҳаёт гуллари.
Ислом дийну дунёни бир-биридан ажратиб қарамайди. Ҳаётни бугун ва охират деб бўлакларга бўлмайди. Уни яхлит, давомий тавсифлайди. Муҳимни номуҳимдан бехато фарқлатади. Нокерак, беҳуда нарсага ружудан, туғёнга, ғулувга кетишдан инсонни қайтаради. Ислом батамом осонликка бино қилинган. Ожиз инсонга Аллоҳ енгилликни хоҳлайди. Ҳамма нарсада ҳар нав чегарадан чиқишни, ақл етмас ишларда буткул катта кетишни қатъиян ман қилади. Буни шеърда васатий айтмоқ тарзи тақрибан бундай:
Қозон қайнар-
Худога шукур...
Бу юракми
Дунё талашган?..
Дунё билан баҳслашма,
Қайт!
Армонингни шамолга едир...
Кучинг бўлса,
“Оҳ” урмасдан айт-
Қайнаётган қозонда недир?
Ислом ҳақни, яхшиликни фасоҳатли айтишга изн беради. Мавзулар миқёсини махсус таклиф этмайди. Мавзу ё масалани иккита дунёга тоифаламайди. Мўътадилликдан оғиб, усул, ижод ва қарашларни “дийний”, “дунёвий”га бўлиш, уларни ўзаро қарши қўйиш - дунёни инсоний қаричлар билан ўлчашнинг оқибати. Ҳозирни эртадан, ерни самодан, дийнни дунёдан, руҳни танадан алоҳидалаб қарамоқ ҳамма вақт шартли ва нисбийдир. Бу ҳол ҳам уларнинг тарҳига қараб, ўзга томонларни топтамай, васатий ўлчовли бўлиши жоиз:
Тийрамоҳнинг хазонрезида
Руҳим пинҳон топаркан воя,
Англайманки, таним эзилган
Дунёлардан тўзғиган соя...
Ҳувиллаган Ер-Осмон аро
Дорбоз каби бораман қалқиб,
Бир сатр шеър бўлади пайдо -
Мустабид вақт ҳукмидан чалғиб.
Боқиб осмон мовийлигига
“Тангрим” дейман, чекаман фиғон:
Бутун олам кирар шу сўзга,
Шу бир сўзда бўлади ниҳон.
Усмон Азимнинг ҳозирги шеърияти таҳлилини бандлар ва байтларнинг қатъий тартиботи бўйича рўёбга чиқариш мушкул. Воқеий, фикрий узвларнинг мантиқий тадрижу боғланишлари одатий усуллардан анчайин мураккаброқ. Адабий урфда энг жозиб, таъсирчан фикрни интиҳога асраб қўйиш ва асарни у билан зийнатлаш бор. Ўз мухлисини Усмон Азим ёрқин талқинларга узоқ зориқтирмайди. Ёниқ ифодаларнинг бир қанчасини ёки серҳикмат ғоянинг бор янги ва ўткир гапини шеърнинг бутун сатҳию теграсига аямайин сочади. Мисралар мобайнида дафъатан пайдо бўлган шиддаткор поэтик образ ё мажоз сизни бот-бот тўхтатади. Ҳеч бир тўхтамингиз зое кетмайди. Улар - айни шеър йўлидаги бекатчаларингиз. Ниҳояга етиб боргач, ортда қолган манзилларга яна беихтиёр қайтасиз: ҳеч нарсанинг, тасвирот воситаларидан ҳеч бирининг ички зич қуршовдан четда эмаслигини, барчаси рўй-рост руҳий манзаранинг тартибли, узилмас узвлари эканини ўзингиз кашф этасиз.
“Тазарру боғлари” ва “Боғлардан келган шеърлар” туркумлари истиқлол даври ўзбек поэтик тафаккуридагина эмас, жаҳон табиат лирикасида янгича саҳифадир. Усмон Азим илк бор шеърият нигоҳини борлиққа бошқача қаратди. Унинг лиро-эпик қаҳрамони табиатнинг барча фасли, иқлими, ҳодисасига, наботот ва махлуқот оламига ҳидоятли мурожаат қилади. Ҳамма хилқат ва яратиқда оят ва мўъжиза идрок этади. Тўртта фаслга бирдек муҳаббатли бўлади. Ўзни жамийки гиёҳларга қариндош ҳисоблайди. Қалбда майса сасини сезади. Гулларни “қизим” деб эркалайди. Дарахтни “нима” деб эмас, “ким”лаб сўроқлайди. Улар билан тупроқдай гаплашади. Шовуллаган чинор билан иккиси тонггача суҳбат қуриб, алёрлар айтади. Тераклар – унинг меҳрибон укалари.
Кузакни – кексайган баҳорни бағрига босиб хайрлашади. Ҳар япроқда бир ҳадис бор – ҳадисларни термоқ истайди. Ҳатто “бир барг ҳасратин ёзиб” довруқ солмоқ мумкин оламга. “Барг учганда уйғонган ҳаво” қалбини титратади. “Оламон топтаган баргнинг” ҳасратида ўлишга тайёр. Қарғаларгина “япроқларнинг жанозасида” базм қурмоғи мумкин, шоир қалби эса мотам тутади. Гоҳо ҳорғин бошини кузакнинг елкасига қўяди. Кўзлардан то мияга қадар изғиринлар елиб кираркан, “Ҳақ васлининг музаффар сели”ни ҳислайди. Мислсиз ҳикматларга бефарқ қолиб, руҳининг кирланишидан чўчийди. Буларнинг барчаси тавбага, тазарруга чорлайди. Лекин “Нега фақат ўзин кўрар одамлар?”
Кулгию ғам оралиғида
Мувозанат сақлаб борар Вақт.
Фақат мен шеър қарамоғида-
Бу илмни унутган бебахт.
“Тазарруга бош эгган банда”нинг безовта руҳига гоҳо юлдузлардан роз тўкилади. Ердаги бор тириклик руҳи аслида фалакдандир. Боғларнинг ям-яшил ёнишлари шу боис идрокига титроқлар солади. Руҳи ёз боғларида ариқ бўлиб йўнғичқалар аро таралади, “дарахтларнинг япроқларида, мевасида” қайта яралади. Баъзида “шамолнинг ирмоғи” бўлиб бутун борлиқни кезади.
Гўзал ғоз патлари – оппоқ қорнинг ҳалокатидан қалби гирён йиғлайди. Дунёнинг ҳар гарди дилига урилиб, ҳамма нарса илоҳиёт хабарини беради.
Демак, “фақат тазарру матлуб”. Бардавом тазаррулар инсонни мустақийм йўлга солади, ўтмиш гуноҳларни кетказиб, руҳиятни поклайди, дийнга дохил қилади. Мазкур икки туркум исломий иймонга хос поэтик тааммуллардир. Улар яна аччиқ адашувлардан зада замонамиз илғор қаҳрамонининг, шунингдек, асрлар мобайнида кўп тойиб, аслини излаётган чин шеъриятнинг изтиробу қувончи уйғун акс этган улкан васатий монологлардир:
Юлдузларни борар оқизиб,
Бошим узра йўловчи дунё...
Ўтмоқ нега, ахир, гард бўлиб,
Мен ахир дард бўлмоқчиман,о!
Хабар бергин, кўнглим, фалакка-
Мен янгича яшай бошладим:
Ёқамгамас, қара юракка
Сизиб тушар аччиқ ёшларим.
Ижоднинг васатий бўлмоғи, ишончли илмдан қувват олмоғи, шу йўсин ўлчанмоғи, таҳлил этилмоғи мақсадга мувофиқдир. Ҳамма жиҳатида тўғри ғояларга таянган, шаръий мезонлардан оғмаган ижодий амалгина бетарафлик фазлида бўлади. Турфа тўлқин-тўфонга учрамайди. Васатиёна ўлчовда уларнинг бардоши, баҳоси аён бўлади. Ижод кишиси шаръий илмларга қай масалада мурожаат этмасин, уларда доимий салоҳиятли васатийликни топади. Инсонга унинг тоқатидан ташқари ҳеч нарса талаб этилмаслигини, бундай зуғумга қаршилик қоидаларини васатияда кўради. Бу ихтиёрий таълимот эмас, Аллоҳ амридир ва Унинг бандадаги ҳаққидир.
Сон-саноқсиз фаолиятлар сирасида шеърият ҳақ таълимотга ҳар жиҳатдан амалда бўлмоққа масъул. Васатия ҳайратга солгувчи ва ожиз қолдиргувчидир. Шеър воситасида бўлаётган одатан “дунёвий” амалларнинг охират учун ҳам фойдали бўлишини таъмин этгувчи, кафолатлагувчидир. У адаштирмай, холис йўлдан бошлайди. Шоирона жўшқинликни марғуб талқинга беисроф йўналтиради. Асарни васат сифатли қилиб, саломат яшатади.
Кўпчилик назарида “дунёвий” кайфиятли бўлган шеъриятлардан бирига илк бор васатия тақозолари асосида муносабат баён этдик. Давримиз ўзбек шеъриятининг мисоли сифатида унинг муайян мотивларда ҳақ эътиқодга нечоғлик мувофиқлиги бир қадар кузатилди. Албатта, шеъриятдан батамом илоҳий оҳангни талаб этишлик дийнда ҳаддан ошишга, ижодни дунёвий иш билиб, дунёпарастликка ботишлик ҳам ҳақни писанд этмасликка-васатсизликка сабаб бўлмоғи мумкин. Шунингдек, сўз санъатига шаръий қарашнинг ғалат туюлиши исломга нописандлик кўринишидир.
Ҳолбуки, моҳиятининг ҳамма жиҳати васат бўлган, яхшини ва яхшиликни тараннум этувчи соф “дунёвий асар”нинг айнан бир вақтда соф “исломий асар” бўла олишига заррача шубҳа йўқдир. Ҳолбуки, дунёнинг барча замону диёрига қодир қилинган таълимотга мансублашиш майли фасоҳат оламида беихтиёр йўсинларда ҳам ҳамиша мавжуд. Дунёвий мавзуларда бўлса-да, шаръий таълимотлар, мезон-ўлчовларга муносиб яралаётган тўғри шеъриятларнинг руҳи, кечинмаси, тафаккур тарзи, бутун борлиғи шуни тасдиқлаб турсаю, инкорга оғишсак, бу – ҳақиқатларни тан олмаслик, ўз-ўзимизни овутмоқ, ёлғонга пешвоз чиқмоқ ёхуд риё эмасми?
“Лаънати касб – сўзни куйлатиш”. Шеърга нега ногаҳон нохуш сўз оралади? Усмон Азим бунга қандай ботинди? Ўз истеъдоди мансуб санъатни бу сўз билан сифатлаш ўринлими? Шеъриятни ҳеч ким, ҳеч қачон бундай таъриф этмаган. Шоирнинг фикрини рад этиб улгурмайсиз. Айниқса, ботиний васат маънолар гумонни тамоман маҳв этади. Аввало, “касб” лафзи қадим ва беназир “амал” маъносини тиклаб қад кўтаради. Сўнгра шоирлик иши тааммул қилинади. Хаёлотда ижодий ғоялар топмоқ осон бир юмуш эмас, сўнг уларни бунёдлаш янада заҳматлидир. Сўзни иллатдан авайлаб, асраб олиб ўтиш бор. Турмушнинг эса машғулоти ҳаммага маълум: “орзуларни қириб-қийратиб” эрмаклаш. Шу ва бошқа гирдибодлар билан юзма-юзлик одамзотга қисматдир. “Қават-қават дунёни ёриб” ўзни ёқмоқ, руҳни сўйлатиш – машаққат. Омбор донга тўла бўлса ҳам, очликдан ўлмоқлик кабидир бу. Шеър ишини “дунёга тескари юрмоқ” билиш васатий идрок ва масъулият нуқтаи назаридандир.
Шу тариқа туйғунинг тўлиқлашгани сайин қўпол, аммо замирида бошқа гапи бор туюлган тавсиф шеърхонни ажойиб бир васат тагмаъно ҳиссига йўллаб қўяди. Демакки, лаънатилик – жараёнга тўсиқ барча новасат қутблар хоссаси. Шоир гирдобларнинг ҳар лаҳзасида қанча барбод бўлмасин, сўзни куйлатиб улгурмоғи шарт:
Юзма-юзлик ҳар лаҳза жумбоқ,
Бирга оқмоқ – асрлар таниш.
О, дунёга тескари юрмоқ-
Лаънати касб – сўзни куйлатиш!
Баравж шеърий заковат учун ҳам оғишув хавфию хатари ҳамиша зимдан тайёр. Илоҳий ишлар, синовлар қаршисида шеърият-да ожиз, бемажол. Қуръони Карим кўз, тил, қулоқ бобида айтганидек, шеърият ҳам икки йўлга йўллаб қўйилган. Васат мавқе, муроса, васат туйғу, ифода – энг яхши, энг тўғри йўл. Васатия – шеърият ва унинг илмлари учун ҳам нажот, муҳофаза қўрғони, омонлик минтақаси. Сўзни васат куйлат, шеърият! Буюрилган бу мўътабар қонунга бўйсунишдан, таслимликдан ўзга чора – эрк, ҳаловат, саодат йўқ. Ижодлар учун ҳам нажотларнинг йўли фақат ва фақат васатияда...
Тоҳир Шермурод