Адабиётни даврлаштириш муҳим назарий-амалий аҳамиятга эга эканлиги ҳаммамизга маълум. Шу жумладан, туркий адабиётларни ҳам. Гап шундаки, ҳар қандай даврлаштириш ўша адабиётнинг тарихий тараққиёт босқичларини белгиламоқдир. Тараққиёт босқичларини белгиламоқ эса, хос жиҳатларини аниқламоқдир. Булар эса, ўз навбатида, уни ўрганиш ва ўргатишнинг асосий омилларини ташкил қилади.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, туркий адабиётларнинг босиб ўтган йўли ғоят сермазмун ва бениҳоя ибратлидир.
Иккинчи томондан эса, бугун туркшуносликнинг, шу жумладан, адабиётларимизнинг тарихи ва тақдирини биргалашиб ўрганишга жуда катта эҳтиёж бор. Эҳтиёж билан бирга жуда катта имконият ҳам бор. Негаки, бизни биргина тил эмас, дил эмас, дин-эътиқодгина эмас, бутун кечмиш, муштарак тарих, бахтлар-бахтсизликлар боғлаб келади. Орзулар ва армонлар бирлиги боғлаб келади. Ниҳоят, ҳамкорлик учун яна бир омил бор. Бу — ҳаммамиздаги буюк истакдир. Бизни бугун бу ерга йиққан нарса ҳам мана шу.
Аввало, тарихи узоқ асрларга бориб тақаладиган туркий халқлар адабиётини, бугун айрим ҳамкасабаларимиз риоя этаётганлари сингари учга бўлиб ўрганиш, яъни исломгача бўлган турк адабиёти, турк ислом адабиёти, янги адабиёт шаклида ўрганишни мақсадга мувофиқ ҳисоблаймиз. Тўғри, бундай ажратиш, ғоят умумий ва қисман мантиқсизлиги ҳам бордай туюлади. Масалан, янги адабиёт исломдан холими, дегандек. Шуларга қарамасдан, у туркий адабиётларнинг маълум тарихий босқичдаги энг умумий жиҳатларини бирлаштира олади. Бу босқичларнинг хронологик чегаралари — биринчиси — X асргача бўлган давр, иккинчиси - XIX асргача бўлган давр, учинчиси -XIX асрдан буёғи.
Лекин бундай даврлаштириш ҳам масалани ҳал қилиб бера олмайди. Адабиётни энг ками икки-уч йўналишда — халқ тарихининг муҳим бир қисми, халқ ҳаёти ойнаси, ва табиийки, бадиий тафаккур ривожи нуқтаи назаридан ўрганиш унга жуда кўп жиҳатлардан ёндашишни тақозо қилади. Мен шу муносабат билан айрим қардош ҳамкасабаларимизнинг бу масалани қандай ёритишларини кўздан кечирдим.
Академик Ориф Дадашзода 1979 йилда Москвада нашр этган «Азербайджанская литература» китобида мазкур адабиётни шундай даврлаштиради: Халқ оғзаки ижоди, XI— XII асрлар адабиёти, XIII—XIV асрлар адабиёти, XVII— XVIII асрлар адабиёти, XIX аср адабиёти, XX аср адабиёти, совет даври адабиёти. Профессор X. Короглининг «Туркменская литература» (Москва, 1972) китобида бу адабиёт асосан уч даврга бўлинади:
1) XIII асргача бўлган адабиёт;
2) ХIII-ХIХ асрлар адабиёти;
3) Совет даври адабиёти. XX асрнинг 80-йиллари ўрталарида чоп этилган 6 жилдлик «Татар адабиёти тарихи»да даврнинг ижтимоий-сиёсий, этник белгиларини умумлаштиришга мойиллик сезилади. Масалан, татар ҳамкасабаларимиз ёзма адабиётнинг илк даври IX—XIII асрларни «Булғор даври» деб атайдилар ва Қул Алининг «Қиссаи Юсуф»ини шу давр адабиёти маҳсули сифатида ўрганадилар. Бошқирд дўстларимизда бу деярли тамойил (тенденция) ҳолида кўринади. Чунончи, 90-йилларнинг бошида чиққан «Бошқирд адабиёти тарихи»нинг 6 жилдлигида адабий тарих асосан уч даврга бўлинади:
1) Булғор даври (ХI-ХIII асрлар);
2) Қипчоқ даври (XIII—XIV асрлар);
3) Русия даври (XIV асрдан кейин).
Бунга яқин ёндашув бизда ўзбек адабиётшунослигида ўтган асрнинг 20—30-йилларида кузатилади. Масалан, ўша йиллари XIV—XVI асрларни «Чиғатой даври адабиёти», XVII—XIX асрларни «Олтин бешик даври адабиёти», XIX аср охири — XX аср бошини «Ўзбек буржуа адабиёти» деб номлаш расм бўлган.
Биз — олти туркий жумҳуриятлар адабиётчилари 1995 йилда Туркияда ўрта мактабларнинг юқори синфлари ва лицей ўқувчилари учун мўлжалланган муштарак «Турк дунёси адабиёти» дарслиги устида уч ой давомида иш олиб бордик. Унда ҳам асрлар принципи устувор бўлди. Лекин адабий сиймоларни баҳолашда бўлмаса-да, танлаш ва киритишда маълум муштаракликка эришилди. Чунончи, илк босқич «X асрга қадар бўлган туркий адабиёт» деб номланди ва халқ оғзаки ижоди ҳамда китобаларни қамраб олди. Кейинги давр «X—XII асрлар»дан тасаввуф обзори ва Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Низомий Ганжавий жой олди. «XII— XIV асрлар»га Юнус Эмро, Қози Бурҳониддин, Кодекус Куманикус, Носириддин Рабғузий, Насимий, Сайфи Саройи киритилди.
«XV аср» Алишер Навоий, Қайғусиз Абдол, Сулаймон Чалабий, Асан Қайғи ижодидан ташкил топди.
«XVI аср»га Фузулий, Байрамхон, Шоҳ Исмоил Ҳатоий, Бобур киритилди.
«XVII аср»дан Нобий, Қорачаўғлон, Машраб, Авлиё Чалабий, Абулғози жой олдилар.
«XVIII аср» Махтумқули, Бухор Жиров, Воқиф, Андалиб, Ҳувайдо, Курбонали Маърупий асри деб келишилди.
«XIX аср»га Дадалўғлу, Молда Ниёз, Жамбул, Тўхтағул, Огаҳий, Нодира, Номиқ Камол, Тавфиқ Фикрат, Мирзо Фатҳали Охундзода, Исмоилбек Ғаспрали, Юсуф Оқчура, Абай, Камина, Мулла Напас, Сейидий киритилди.
«XX аср адабиёти» мамлакатлар принципи билан ҳал қилинди. Чунончи, Озарбойжондан А. Собир, Ж. Мамадқулизода, Ҳусайн Жовид, Самад Вурғун, М. Ҳ. Шаҳриёр, Б. Ваҳобзода ижоди олинди. Қозоғистондан Шокарим, Мағжон, М. Авезов, Ў. Сулаймон танланди. Қирғизистондан Б. Алиқулов, Қ. Тинистиули, А. Тўқомбоев, А. Усмонов, Ч. Айтматов ижоди олинди. Ўзбекистондан А. Фитрат, А. Чўлпон, А. Қодирий, Ойбек, А. Орипов киритилди. Туркиядан М. Э. Юрдакул, У. Сайфидцин, Зиё Кўк Алп, М. А. Эрсўй, Я. К. Баётли, Р. Н. Гунтекин, Ф. Н. Чамлибел, А. Ҳ. Танпинар, Ўрхон Вали, Ариф Ниҳот Асия, Тариқ Бўғро ижодлари олинди. Туркманистондан Б. Кербобоев, X. Деряев, О. Отажонов, К. Қурбоннепесов киритилди.
Бундай даврлаштириш ва танловнинг тарафдорлари бўлганидек, мухолифлари ҳам топилади. Бу — табиий. Лекин бир нарсани дастлабки қадам сифатида эътироф этиш керак бўлади. Бу туркий адабиётларнинг яхлит, умумий манзарасини белгилашга уриниш. Туркий адабиётларни бир жойга келтиришга бўлган ҳаракат. Уларни ўзаро алоқадорлиқда, ҳамкорликда ривожланган ҳодиса сифатида кўриш ва кўрсатиш тажрибасидир.
Аслида шундай бўлган эмасми? Бир вақтлар хоқоний туркчаси, сўнг чиғатой, сўнг ўғуз туркчалари туркий адабиётларнинг йўл-йўналишларини белгиловчи омил бўлмадиларми?
Алишер Навоийнинг
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдир,
Муайян турк улуси худ менингдур.
Олибмен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон, —
деган сатрлари адабиётларимизнинг ҳамкорлигига, адабий тилнинг буюк бирлаштирувчилик ролига далил эмасми?
Лекин, очиғини айтганда, умумтурк адабиётини яхлит бир жилд остида тўплаш ғоят қийин кечди. Ўртада кечган кўп асрлик замон ва макон ихтилофлари, турли сиёсий тизимлар тазйиқи остида турли томонга сочилиб кетган қардошларимиз маънавий меросини бир ерга тўплашда ва, айниқса, яхлит умумий бир қараш асосида жойлаштириш ва баҳолашда талай мушкулотлар бор эди. Шулардан энг жиддийси «мулк жанжали» эди. Шу сабабли мумтоз адабиётимиз намояндаларининг қайси халққа мансублигини белгилашда баҳслар кўп бўлди. Сирасини айтганда, бу баҳслар бугун пайдо бўлгани йўқ. Кўпдан келади. Масалан, биз бир вақтлар Қутбни етарли далил келтирмасдан Қутб Хоразмий деб тахаллус нисба билан эълон қилдик. Менинг татаристонлик дўстим академик Хатиб Минигулов у ҳақда монография ёзди ва шоирни тахаллусидан келиб чиқиб, Қутбдан — шимолдан, шу сабабли у турк-татар шоири деб танитди. Сайфи Саройи билан ҳам шундай бўлди. Туркман ва ўзбеклар орасида Андалиб масаласида ҳам шундай ҳол мавжуд. X—XII асрларда яшаган машҳур адибларимиз ва қомусий олимларимизга ёндашишда ҳам кўрпани ўз устиларига тортиб олишга уриниш йўқ эмас.
Замонамизнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов тобора қоида тусини олиб бораётган бу тамойилни умумий ишимизга жиддий халақит бераётган бир тўсиқ сифатида кўрсатган эди. Мухтор Шаханов билан бўлган суҳбатида шундай дейди:
«... прекрасно понимая какое значение для всех нас имеют наши великие предки, начинаем каждого из них тянуть в свою сторону. Мы почему-то смотрим на то, где этот человек родился, а потом определяем его принадлежность по нынешнему территориальному делению и каждый тянет его в свою национальность... Таким образом, получается так, что Ходжа Ахмед Яссавий — казак, Мехмуд Кошгарий — уйгур, Юсуф Баласогуни — киргиз, Мухаммед ал-Хорезми — узбек, и каждый из них как-буд-то получил соответствующую метрику. При чём, при этом делении между учёными то возникают, то утихают ожесточенные споры.
И если история наших народов начинается с сакской эпохи и народы эти до определенного периода назывались тюрками, то наши великие предки и их научные и творческие наследия являются общими для народов Средней Азии и Казахстана. Поскольку предки наши жили в общем доме, говорили и писали на одном языке, то почему мы сейчас делаем из этого проблему на пустом месте? Почему никто из нас не скажет, что пришло время это богатое и сложное наследие тщательно, всем вместе изучать, систематизировать, не растаскивать по разным углам, а собрать все в единое место, разработать канонические тексты этих трудов, опубликовать их как общее наследие всех тюркских народов и внести их в нашу же общую историю как составную часть! Или это следствие прошлой имперской политики «разделяй и властвуй», которую мы не можем изжить сами? Так только нам самим и необходимо его изжить».
Чингиз Тўрақуловичнинг бу гаплари, ўйлайманки, изоҳга муҳтож эмас. Замони билан гоҳ Хоразм, гоҳ Боласоғун, гоҳ Бухоро, гоҳ Булғор, гоҳ Олтин Ўрда, гоҳ Ҳирот турк дунёсининг илмий-маданий марказига айланди ва бу ерлардан таралган зиё бутун турк оламини ёритди. Бу оламнинг энг олис бурчакларидаги митти туркий қавмларгача бу шуъладан баҳраманд бўлдилар. 1968 йилдаги Навоий таваллудининг 525 йиллиги тантаналарида олис Саха мухтор жумҳурияти адабиётшуносларидан Якутский бизнинг машҳур «Шарқ юлдузи» журналимизда «Навоий — бизнинг ҳам шоиримиз» деган мақола билан чиққан эди. Бу тасодифий ҳодиса эмас. Ҳолбуки, бу илмий-маданий марказлар ва уларнинг маҳсулотлари тақдир тақозоси билан айри-айри мамлакатлар, давлатлар сарҳадларига ўтиб қолди. Бир-биримиздан узоқлашишлар эса замоннинг зайли билан кучайиб бормокда. Нима қилмоқ керак?
Демак, бизнинг биргаликда қиладиган энг муҳим ишларимиздан бири муштарак илмий-маданий меросимизнинг кўлами ва даражасини аниқлаш, ҳамжиҳатликда ўрганишнинг режа ва йўналишларини белгилаб олмоқдир. Бу борада агар умумий бир тўхтамга келинса, архив ва фондларимизда, кутубхоналаримизда сақланаётган қўлёзма манбаларнинг умумий каталогини тузишдан бевосита тадқиқ этишгача бўлган ишларни режалаштириш имкони пайдо бўлади.
Лекин табиийки, умумий мулкнинг ҳам чегаралари бор ва бизнингча, бу чегаранинг умумий сарҳадлари XV аср — Навоий ижоди билан якунланиши ҳақиқатга мувофиқроқ кўринади.
Ва, муҳими, бунга барча дарслик ва тадқиқотларимиз-да амал қилмоқ керак бўлади. Шундагина кузатилган мақсадга эришиш мумкин.
Адабиётимиз тарихини ўрганиш ва шу жумладан, даврлаштириш масалаларини тўғри ҳал қилишда ечилиши зарур бўлган иккинчи муаммо бошдан охир форс тилида ижод этган ижодкорларга муносабат масаласидир.
Бизда, масалан, келиб чиқиши асли ўзбек турклари бўлган, лекин замон тақозоси билан бошқа мамлакатларга кетиб, бошқа тилларда ижод қилган миллатдошларимиз бутунлай адабиётимиз тарихидан четда келади. Масалан, буюк хамсанавис Хисрав Деҳлавий, шеърга минг бир маъно сингдиролган Мирзо Абдулқодир Бедил, исёнкор шоир Мирза Ғолиб асли Шаҳрисабздан ва ўзларининг туркий эканликларини ҳар доим таъкидлаб келганлар. Хисрав Деҳлавий ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлгани сабабларигача ёзади.
Масалан: Рў бо Ҳинд овардани соҳибдилон бечиз нест (Соҳибдиллар — дил эгаларининг, юракли инсонларнинг Ҳиндистонга йўл олиши сабабсиз эмас) дейиши шунга ишора эди. Дарҳақиқат, унинг отаси амир Сайфиддин мўғуллар билан жангда ҳалок бўлган эди. Шаҳрисабз тарихга биргина шоирларни эмас, Амир Темурдек саркарда, давлат арбобларини ҳам етказди. Дарвоқе, ушбу шаҳар бу йил ЮНЕСКО қарори билан ўзининг 2700 йиллигини нишонлайди. Ё бўлмаса, Амир Темур наслининг Ҳиндистонда унган гулларидан Зебунисони олайлик. Бугина эмас, тупроғимизда туғилган ва ўсиб вояга етган номлари ҳақли суратда форс адабиётини безаб турган жуда кўп қалам эгалари, масалан, Навоий «Одамуш шуаро» (Шоирларнинг одамотаси) деб таърифлаган Абу Абдулло Рудакийдан Сайидо Насафийгача, «Аҳмад калла» ном олган Аҳмад Донишгача ўрганилиши ва туркий адабиёт ривожи нуқтаи назаридан баҳоланиши керак. Шу жиҳатдан озарбойжон қардошларимизнинг буюк Низомийни, туркиялик ҳамкасабаларимизнинг Мавлонони ўз адабиётларининг бош саҳифасига олишлари шоён диққатга сазовордир.
Бир-икки оғиз гап совет даври адабиётининг даврлаштирилиши ҳақида.
Мен, афсуски, ўзаро ахборот алмашуви йўлга қўйилмаганлиги сабабли қардош адабиётларда собиқ совет адабиёти бугун қандай даврлаштирилиб ўрганилаётгани билан таниш эмасман. Лекин номи юқорида тилга олинган академик О. Дадашзода ва профессор X. Корогли китобларидаги тақсимот эсимда. О. Дадашзода тўртга бўлади:
1. 1917-1920 йиллар. 2. 1920-1930 йиллар. 3. Уруш йиллари. 4. Урушдан кейинги давр.
Проф. Корогли учга бўлади:
1. Шаклланиш (1917—1929 йиллар). 2. Тараққиёт (30-йиллар). 3. Уруш ва ундан кейинги давр.
Бундай даврлаштириш ва баҳони замон аллақачон рад этганлиги ҳаммага равшан. Сарлавҳаларнинг ўзиёқ буни кўрсатиб турибди. Шуларга қарамай, бир-икки изоҳга эҳтиёж бор. Биринчиси, 30-йилларнинг ривожланиш, тараққиёт деб баҳоланиши масаласи. Бундай баҳо бадиий адабиётга совет мафкураси нуқтаи назаридан ёндашувга кўра тўғридир. Лекин умуминсоний тараққиёт ва бадиий тафаккур ривожи жиҳатидан олиб қаралганда ҳақиқатдан узоқ эди. Масалан, 30-йилларни тараққиёт йиллари деб бўладими? 30-йиллар бугун умуман Ер куррасининг бўҳронга кирган йиллари деб қаралмоқца. Гитлер билан Сталиннинг худди шу йиллари ҳокимият тепасига келгани бунга далил. Японлар-чи, дунёнинг энг беозор ва мулойим, овоз кўтаришни энг катта маданиятсизлик ҳисоблайдиган японлар Хитойда нималар қилмадилар?! Ҳатто айрим мутахассислар, 30-йилларда дунёнинг ўзга сайёраларидан кўз илғамас ғайриинсоний ёвуз биоэнергиялар юборилиб, кишиларга таъсир ўтказилмадими экан, дейишгача борадилар. Тўғри, бадиий адабиёт ва жамият тараққиётининг ўз ривожланиш йўллари бор. Улар ўзаро бир-бирларига таъсир кўрсатсалар-да, ҳал қилувчи роль ўйнамасликлари мумкин. Лекин фақат давлат диктатураси ёхуд мафкура диктатураси бўлмаган жамиятда.
Ё бўлмаса, уруш таърифини олайлик. Ҳаммасида бир хил: «Улуғ Ватан уруши...» Бу, ҳозир, менимча, барча жойда тугатилган бўлиши керак. СССРнинг биз учун ватан бўлмаганлиги бугун биринчи синф ўқувчисига ҳам маълум. Биз салкам ўн йил олдин уни ўз номи билан «Иккинчи жаҳон уруши», бу давр адабиётини эса «Иккинчи жаҳон уруши даври адабиёти» деб номлаганмиз.
Бу гаплардан «совет даври адабиётини ўрганмаслик керак», «совет даври адабиётимиз — иккинчи сорт» деган маънолар чиқмайди албатта. Ўтган етмиш йил ҳам бизнинг тарихимиз, ундан кўз юмиб бўлмайди. Адабиётимизнинг уч-тўрт авлоди шу даврда шаклланди. Қанчадан-қанча ноёб истеъдодлар етишдилар. Қанчадан-қанча талантли асарлар ёзилди. Лекин буларнинг деярли ҳаммаси бири озроқ, бири кўпроқ совет мафкурасига хизмат қилдирилган эди. Уларни ўрганиш керак, лекин изоҳлар билан ва мутлақо бугунги кун ва энг муҳими, Миллат ва Ватан манфаати нуқтаи назаридан ўрганиш керак.
Ўзбек адабиётшунослигида бу қандай ҳал қилинмоқда?
1997 йилда нашр этилган бир жилдлик «Ўзбекистон Республикаси» энциклопедиясида кейинги 130 йиллик ўзбек адабиётини даврлаштиришда янги бир концепция ўртага ташланди. Чунончи, XIX аср сўнгидан XX асрнинг биринчи ярмигача бўлган давр алоҳида ажратиб олинди ва «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» деб номланди. XIX асрнинг сўнгги чорагида самарали фаолият кўрсатган Муқимий, Фурқат, Комил Хоразмий, Ибрат, Феруз каби шоирлар бу адабиётнинг қалдирғочлари эдилар. Миллий уйғониш адабиёти моҳиятан янги адабиёт эди. Ва у мазкур давр учун хос бўлган қизғин ислоҳотчилик ҳаракати билан ёнма-ён борди. Шунга кўра, бу ҳаракат тарихимизда «жадидчилик», адабиёт эса «жадид адабиёти» ном олди. Жадидчиликнинг энг қизғин даври 1900-1917 йилларга тўғри келган бўлса, жадид адабиётининг энг сермазмун ва сермаҳсул даври 1917—1929 йилларга тўғри келди. Чинакам янги ўзбек шеъри шу даврда шаклланди. Чўлпон унинг бонийси бўлиб тарихга кирди. Ўзбек романчилик мактабининг зафарли юриши шу даврга тўғри келди. Абдулла Қодирий унинг асосчиси сифатида эътироф этилди. Замонавий адабиётшунослик фани худди шу йиллари Фитрат мисолида ўзини намоён қилди. Фитрат биргина янги адабиёт илми эмас, биз учун тамом бегона бўлган янги адабий-бадиий тур — драматургияга ҳам асос солди. Аслида совет ҳукумати 20-йилларнинг ўрталариданоқ, ўзини хатарсиз сеза бошлаган биринчи кунларданоқ жадидчиликка қарши уруш эълон қилган эди. 1929 йилдан кейин «Ким кимни енгади?» деган курашда ғолиб чиққандан сўнг жадидларни қатағон қилишга ўтди. Масалан, 1926 йилда Абдулла Қодирийгина қамоққа олиниб, кўп ўтмай чиқариб юборилган бўлса, 1929 йилда «Мунавварқори ва унинг тўдаси» номи билан 87 киши қамоққа олинди ва 1931 йилда уларнинг энг машҳур вакилларидан беш киши отишга ҳукм қилинди. Жадид адабиёти мана шундай шароитда ўзининг энг сара намуналарини ярата олди.
30—50-йиллар «социалистик реализм адабиёти» сифатида баҳоланди. Бу ерда бир нарсани ҳисобга олиш керак. 1917—1929 йиллар адабиётида жадидчилик ғоялари — миллий уйғониш руҳи билан бир қаторда шўровий мафкура ҳам ўз ифодасини топганидек, 30—50-йиллар «социалистик реализм адабиёти» даврида ҳам ўқтин-ўқтин бўлса-да, миллий туйғуни ифодалаган асарлар учраб турган. Негаки, ижтимоий соҳада соф ҳодисани топиш ғоят мушкул.
1956 йил ва у билан бошланган «илмилиқ давр» адабий ҳаётимизда муайян силжишларга олиб келди. 60-йиллардан бошланган бу даврни биз «Янги уйғониш ва мустақиллик учун кураш адабиёти» деб номлаймиз. Ва унинг чегарасини 90-йилларнинг бошигача деб белгилаймиз.
Ўйлаймизки, бу ҳам ёлғиз ўзбек адабиёти эмас, собиқ совет салтанати доирасидаги барча миллий адабиётлар учун хосдир.
Шу тариқа, ўзбек адабиёти мисолида XX аср, шу жумладан, совет даври адабиётини даврлаштиришнинг қуйидаги варианти ўртага ташланди:
1. Миллий уйғониш даври адабиёти (1900—1929 йиллар).
2. Социалистик реализм адабиёти (1930—1950 йиллар).
3. Янги уйғониш ва мустақиллик учун кураш даври адабиёти (1960-1990 йиллар).
4. Мустақиллик даври адабиёти ( 1991 йилдан кейин).
Мазкур даврлаштириш мутлақликка даъво қилмайди, албатта. Лекин, ўйлаймизки, совет даври адабиётининг маълум хусусиятларини ўзида қамрайди. Шу жиҳатдан, фойдадан холи эмас.
Хуллас, туркий халқлар адабиётининг умумий манзарасини яратиш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан. Бу эса уни тартибга солишдан, даврлаштиришдан бошланади.
Бегали Қосимов
Халқаро туркология конгрессидаги нутқ