Муаллиф бу мавзуларда фикр юргизар экан, ўзини бошқалардан билимдонроқ санамайди, ўзини «Америка очган» қилиб қўрсатмоқчи ҳам эмас. Фақат, сўз эркинлигидан фойдаланиб, ҳаётдаги баъзи синчковлик билан таҳлил қилган, балки кўпчилик унчалар эътибор беравермайдиган ҳодисалар ҳақидаги хулосаларини эълон қилмоқчи, холос. Кимгадир маъқул келса, амал қилар, кимнидир мулоҳазага чорлар, яна кимгадир маъқул келмас, лекин ҳеч ким билан баҳсу мужодалага киришиш нияти йўқ.
Муҳаббат сўзи арабча бўлиб, бирор ёқтирган нарсасига майл кўрсатиб, яхши кўриш маъносини билдиради. Севги сўзи муҳаббат сўзининг ўзбекча синонимидир. Бундай маънода яна арабча ишқ сўзи ҳам ишлатилади. Бу учала сўз маънодош бўлиб, бир-бирининг ўрнига ишлатилиб кетилаверади. Севги (муҳаббат, ишқ) икки хил бўлади: илоҳий севги, мажозий севги. Илоҳий севги Яратган Парвардигорга нисбатан бўлади ва бу севги, мухтасар айтганда, Аллоҳ таолонинг буюрганларини шак-шубҳасиз бажариб, қайтарганларидан тамоман қайтишлик билан амалга ошади, қиёмига, камолига етади. Илоҳий севги мумтоз адабиётда шундай даражада бош мавзулардан бири бўлганки, буни мукаммал баён қилиб бериш қийин.
Мажозий севги деганда инсоннинг инсонга бўлган севги-муҳаббати назарда тутилади. Мажозий дейилишига сабаб, унинг ўткинчи, нисбий, ўзгарувчи эканлигидандир. Чунки инсон ўз яхши кўрган кишисидан ҳар хил ҳолатда турли сабабга кўра ажралиши ҳам, ёки бир кун келиб, ҳатто, ундан нафратланиб қолиши ҳам мумкин. Мажозий севги қачонки бирор кишини Аллоҳ учун севгандагина юқори мақомига етган бўлади. Чунки шунақа даражада севмаган киши чала севган бўлади ва арзимаган айблари учун севган кишисини тарк этиб кетиши ҳам мумкин. Агар Аллоҳ учун севса, севган кишисига ҳеч ҳам хиёнат қилмай, ўз севгисида бардавом бўлаверади. Қачонки севгилиси томонидан кечириб бўлмас гуноҳ ёки хиёнат содир этилсагина ундан узоқлашиши мумкин. Арзимаган айбга эса, кўз юмиб кетаверади. Чунки айбсиз инсон бўлмайди. Бойлик ёки камбағаллик, омад ёки омадсизлик, соғлик ёки касаллик каби ҳар бир инсонда топилиши мумкин бўлган ҳолатлар севгилисини тарк этишга сабаб бўла олмайди.
Мажозий севги ҳам иккига бўлинади: шафқату марҳамат билан севиш, шаҳват билан севиш.
Аввалгиси жуда кенг бўлади, яъни эр киши эр кишини ҳам, қариндошу бегона аёлларни ҳам, каттаю кичикни ҳам шафқат билан яхши кўриши мумкин. Ёки аёл киши аёл кишини, яқин кишисию етти ёт бегоналарни, бирор сабаб билан мулоқотда бўлиб турадиган эркакларни ҳам ёқтириши, ҳурмат қилиши мумкин. Масалан, инсон ўз фарзандларини, ота-онасини, ака-ука ва опа-сингилларини, қўни-қўшнилар, қишлоқдошу маҳалладошлар, ҳамкасабаю синфдошлар, курсдошлар, ватандошу баъзан бошқа юртдагиларни ҳам, ўқитувчи ўқувчиларини, бошлиқ қўл остидагиларни, маълум бир гуруҳдагилар раҳбарларини, шунингдек, қисқа бир тасодиф ёхуд сабаб туфайли инсон атрофдаги эркагу аёлларни шафқат-марҳамат билан ҳурмат қилиб, ёқтириб яшаши мумкин. Бундай севги-муҳаббатга шаҳват аралашса, иш бузилади; бунда ақлу фаросат, инсоф-тавфиқ бош ва асосий омил бўлиб юзага чиқади, акс ҳолда ҳайвондан бадтар ҳолга тушиш ҳеч гап эмас.
Эркак ва аёл ўртасида ака-сингил, опа-ука тутиниш ҳам жуда қийин нарса. Бундан тийилган маъқул. Чунки икки жинс вакиллари бошқалардан ажралишиб, алоҳида жойда ёки хилватда қолганда, уларнинг олдига чақирилмаган меҳмон — шайтон келади ва уларни шаҳвоний ғалаёнларга васваса қилади, мисоли олов билан ўйнашгандек бўлади. Зотан, одам фарзанди шаҳват ҳиссидан узоқ-айро яшаши нафақат қийин масала, балки имконсиз ишдир. Шунинг учун шайтонга ҳай бера оламан, деб иккинчи жинс вакили билан ёлғиз қолиб қийналгандан кўра бир-бирларидан масофа сақлаганлари дуруст бўлади.
Шаҳват билан севиш эса фақат ўзаро никоҳдаги эру хотиннинг ўртасида бўлсагина раво. Ана шу оралиқдан чиқил-са, тартиб-қоида, мезон бузилади. Бу қатъий чегара. Уни бузганлар тарихда ҳам расво бўлишган, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки никоҳдан ташқари бўлган инсонга шаҳвоний муносабатда бўлиш зино. Зино ҳаром. Ҳаром иш қилган кишилар жазоланади, хоҳ бу дунёда бўлсин, хоҳ у дунёда бўлсин, муқаррар.
Аммо... Лекин... Бироқ... Шу вақтгача ва ҳозирги кунда ҳам севги-муҳаббат ҳақида шунчалик кўп китоблар, шеъру достонлар, ҳикояю мақолалар ёзилди ва ёзиляпти, қанчалик беҳисоб кинофильм ва театр-спектакллар ишланди, ишланяпти, қанчалик беҳисоб қўшиқлару тароналар айтилди ва айтиляптики, уларнинг аксарини бемалол пуч гаплар, ботил савдолар дейиш мумкин. Чунки ният ва мақсад тўғри эмас. Чунки улар ҳақиқий севги у ёқда қолиб, зино ҳамда, бузуқчиликни тарғиб этиш йўлига ўтиб олишди. У асарлардаги воқеалар ривожи шундай тузиладики, қайсидир йигит бир вақтнинг ўзида бир неча аёл ёки қизни, баъзан эса бошқа бировларнинг хотинини «севиб қолади» ва шунинг атрофида турли хил муаммоларга, балоларга гирифтор бўлади. Ёки қандайдир бир аёл ёки қиз бир нечта кишини яхши кўриб қолиши ёхуд ўз қонуний эрига хиёнат қилиши, кейинроқ эса ажрашиб кетиши каби воқеалар қаламга олинади. Унақа мақсад-мазмундаги «адабиёт» ва «санъат» «ижодкор»ларининг иддаолари бўйича, ҳар ким ўзи хоҳлаб қолган кишиси билан севишиши, қовушиши, унинг висолига етиши мумкин, у бировнинг хотини ёки бировнинг эри бўлиши мумкин-ку, деган андиша уларни қизиқтирмайди. Уларга фақат севги мавзуси бўлса, бас, қолгани қизиқ эмас.
Собиқ шўро тузуми даврининг бошланғич даврларида адабиётда севишганлар масаласини кўтариш, кўрсатиш бир шарт қилиб қўйилган бўлса, кейинги босқичларда севги тушунчаси ўз-ўзидан асосий мавзулардан бирига айланиб қолди. Оддий мисол сифатида мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳазратларининг ҳаёти ҳақида ёзилган «Навоий» драматик асарини келтириш мумкин. Унда ҳазрат Навоий Гули деган тўқима образ билан севишган қилиб кўрсатилган. Ваҳоланки, бу гап Алишер Навоий шахсига нисбатан бўҳтондир, чунки у киши соғлом бўлганлари ҳолда уйланмай, аёл зоти билан «севишмай» яшаб ўтганлар.
Бинобарин, уларнинг мантиқларидаги севги ҳалол-ҳаром, бузуқ-тўғри деган нарсани фарқламагани учун ҳақиқий севги эмас, балки маънавий-маиший бузуқликларга йўл — «лицензия» берувчи ташкилот ёхуд омилга айланиб қолган. Натижа мана бундай: «Бирорта қизни яхши кўриб қолдингми, марҳамат, бировнинг хотинини йўлдан урмоқчимисан, марҳамат, яхшилаб хушомад қилиб, шеърлар ёз, севги изҳор қил, гуллар совға қилда, орасига «ишқ мактуби» солиб қўй, қарабсанки, у сеники бўлади-қолади, кейин бадингга уриб қолса, бирор нарсани баҳона қилиб, осонгина сақични туфлагандай «туфлаб» ташлайсану бошқасига қармоқ ташлайсан, ана шундай қилиб даврингни суриб юраверасан, севги шунақа сеҳрли ва қулай нарса!». Шундай қилиб, севги, бошқа тилларда айтилганда, «любовь», «love» маъно жиҳатидан «кенгайиб», ўзининг покизалик, мусаффолик вазифаларини ортга ташлаб, маънавий-маиший бузуқшкни ҳам ўз «Маъновий қаноти» остига олди. Ер юзини шаҳвоний амалларга тўлдираётганлар гўёки ўзларини оқламоқчи бўлиб, «Мана, бизнинг ишимиз кечаю кундуз фақат СЕВГИ, биз ҳеч кимга ёмонлик қилмаймиз» дейишиб, беҳаёлик маъносидаги «секс» сўзи ўрнига ҳам «севги» сўзини ишлатишяпти.
Ўзбек халқи маънавияти устозларидан бири Эркин Воҳидовнинг «Донишқишлоқ латифалари» туркумидан бир қизиқ шеър мазмунини келтирмоқчиман: Шеър қаҳрамони Матмуса айланиб юриб, шаҳарга бориб қолади; бир жойда кўрадики, карнай-сурнайлар чалиниб, катта дабдабалар бўляпти; нимага одамлар бунақа шовқин-сурон қиляпти экан?, деб қизиқсинади; унинг анойи, содда эканлигини билиб қолган безорилар алдаб, бир чеккага чиқаришади, роса калтаклашади ва пуллари ҳамда кийимларини тортиб олиб, дабдала қилиб қўйиб юборишади; орадан замонлар ўтиб, бир куни у набираси билан шаҳарга тушса, карнай-сурнайнинг устидан чиқиб қолишади; бундай томошани кўрмаган набираси бобосидан шовқин-суроннинг сабабини сўрайди; бобоси эса «Шаҳарликлар четдан келганларни алдаб, ечинтириб, пули ва кийимларини тортиб олиш учун шунақа қилишади» деб жавоб беради.
Ҳиссиётларга, эҳтиросларга берилиб, севги ва муҳаббат ҳақида ёзадиганлар ва шундай қўшиқлар куйлайдиган қўшиқчиларнинг аксариятини шу Матмуса тимсоли орқали танқид қилинган тоифаларга ўхшатиш мумкин. Чунки улар «Ёндим-куйдим, оҳ-воҳ» деб куйлашади-ю, шеъру қўшиғига пул олиб кетаверишади, уларга қизиқиб қолган баъзи соддалар эса ҳаётни шундай тасаввур қилишади; ёлғон севгига алданиб, «севги»нинг макрли тўрига тушиб қолишадида, кейин эса дунёга сиғмай юришади."Чунки агар ўша шоиру қўшиқчилар ростгўй бўлишсалар, битта шеър ёки қўшиғини туталлагандан кейин навбатдаги лирик қаҳрамонга «Севаман, адо бўламан» демаслиги керак эди; бир қараса «Раъно», бир қараса «Барно», бир қараса «Муҳайё», бир қараса «Сурайё» деявермаслиги керак эди; мана шунинг ўзи биланоқ улар ўзларининг ёлғончи эканликларини ошкор қилиб қўйищди.
«Сенсиз менга ҳаётнинг кераги йўқ!» деб неча марталар куйлашади-ю, яна яшаб юраверишади. Ўзини ўлдирсин, дейилаётгани йўқ, балки ёлғон даъвони, йўқ нарсани оғзига олмасин, ўзининг оиласи, фарзандлари, қариндошу бегона танишларининг орасидаги обрўсини туширмасин, дейиляпти.
Ўтган ёзда анчадан бери кўришмай қолган бир оғайнимнинг ўғли билан кўришиб қолдим. У менга шоир бўлганлигини, аввал битта китоб чиқарганини, энди иккинчи китобини тайёрлаётганини айтиб, қўлидаги бир нечта шеъри ёзилган қоғозни кўрсатиш учун қўлимга берди. Кўрдим, ўқидим, «Оҳ-воҳ, ёнаман-куяман, ўламан»дан иборат шеърлар. Ҳатто, битта шеърида «ўлиб ётардим» деб ҳам ёзибди. Кулгим келди. Ота-онаси билан бир маҳалла-бир овулда яшаганмиз, отаси-ку майли, эркак киши, бечора онаси ўғлининг «ўлиб ётардим» деганини ўқиса, қандай аҳволга тушишини ўйладим. Йигитнинг аҳволи билан қизиқдим, ҳеч жойда ишламаётган, ўқимаётган экан, уйдагиларидан пул келишини кутиб, Тошкентда яшаб юрар экан. Яна китобини чиқариш учун ҳам отасининг пул жўнатишини кутиб турган экан. Қаттиқ гапирмадим-у, лекин юмшоқ ҳам гапирмадим, «Иложи борича отангнинг қўлтиғига кириб ёрдам бер, шеър ёзишга кўп ҳам қизиқаверма, ёлғонга аралашиб қолиш хавфи бор», дедим; Қуръони каримнинг «Шуаро» (Шоирлар) сурасида келган ростгўй ва ёлғончи шоирлар ҳақидаги оятлар маъносини тушунтирган бўлдим.
Бахтиёр Муҳаммадамин Абдурраҳим ўғли