(Роман ичидаги замон)
Тарихий-сийрат романларда замон ва макон чегаралари қаҳрамон ҳаёти солномасига кўп жиҳатдан мувофиқ келади. Бу ҳол табиий, албатта. Аммо тарихий асарлар турли асосларга қурилади...
Абдулла Қодирий ҳавасланиб роман ёзишга киришар экан, мозийга назар ташлайди. Адиб «мозий»га аниқлик киритароқ, «яқин ўтган кунлар», «хон замонлари» бирикмаларини илова қилади. Зеро, биринчи ўзбек романи «Ўтган кунлар»нинг номланишида замон-вақт ифодаси мавжуд.
Аслида, инсон ақли билан чегараланган замон-вақт даврлар, асрлар, йиллар, фасллар, ойлар, ҳафталар, кунлар, соатлар... каби бутунликни, астрономик қаторни ташкил этади. Ижод аҳди тасвирлаётган воқеа-ҳодисаларининг ишончлилик қувватини ошириш учун шу астрономик вақтдан турли йўсинда ўз дунёқараши, маҳорати, фаҳм-фаросатига қараб фойдаланади. Бошқачароқ айтганда, бадиий асарда замон-вақт физикавий мазмундан адабий-фалсафий моҳиятга кўчади.
Абдулла Қодирий вақтдаги «ўтган кунлар» ноаниқлигини романнинг биринчи сатрларидаёқ парчалайди. Воқеалар саҳнага чиқаётган замон аломатини аниқ битиб қўяди: «1264-нчи ҳижрия, долв ойининг 17-нчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир...» (Абдулла Қодирий, «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» романлар, Т., Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти 1994 йил, 3-бет. Кейинги кўчирмалар ҳам шу манбадан олинди).
«Ўтган кунлар»даги давр қамровини белгилаш учун роман охирига назар ташлаймиз. Кумуш ўлган. Унинг мозорига «тошдан ўйиб ясалган лавҳа» қўйилган. Ўқиймиз: «...Кумушбиби бинти Мирзакарим Марғилоний тарихи таваллуди 1248 вафоти 1269 ҳижрий жумад-ул аввал...» (374-бет). Гарчанд Қаноатшо Авлиё отадан Юсуфбек ҳожига мактуб йўллаб, Отабекнинг шаҳидлиги хусусида (роман «Хотима»сида берилишича) ҳижрий 1277 йил кузида хабар берган бўлса-да, «Ўтган кунлар»-даги воқеалар ҳижрий 1269 йили якун топади. Демак, роман ичкарисида тахминан олти йиллик замон бор.
Бу оралиқда 1265, 1267 каби ҳижрий йил саналари қайд этилади. Улар асосан романдаги мактублар охирида берилади. Масалан, Юсуфбек ҳожи Отабекни Тошкентдан ҳам уйлантириш ниятини билдириш учун Қутидорга хат йўллайди; ёзувчи унинг охирига «12-нчи савр (22 апрел-21 май) ойида 1265 ҳижрияда ёзилди» саналарини қўяди.
Воқеаларни қизғин нуқта ва ечим томон ҳаракатлантираётган ёзувчи ора-орада «бир ойлаб кечикиш», «бир ярим ойлаб вақтни Марғилонда ўтказиш», «орадан икки ойлаб фурсат ўтиб кетди», «ўғлини энди уч ойлаб қўзғалмай қолиши», «беш ойлаб Оқ масжид сафаридан юриб келгач», «ғайри машруъ талоқ хати текканига олти ойларча фурсат ўтиб кетган эди», «бу воқеъага ўн саккиз, ўн тўққиз ойлар ўтиб кетган эди» тарзидаги жамланган, чамаланган адабий вақт белгиларини қўллаб боради.
Қодирий йил фаслларини замон-вақт ифодаси учун, янада муҳимроғи, қаҳрамон руҳий кечимини теранроқ, ёрқинроқ намоён этиш учун онда-сондагина бериб ўтади.
«Ўтган кунлар»нинг биргина жойида ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг бешинчи ойи — «жумадул-аввал» ёзилади. Бошқа саҳифаларда «27-нчи далв», «17-нчи савр», «17-нчи жавзо»,, «саратоннинг иккинчи куни.:.» сингари шамсий ой номларига кўзимиз тушади.
Кунлик воқеа-ҳодисалар тасвири-тавсифида ижод аҳли чексиз замоннинг парчасига жуда кўп мурожаат этадилар. Ва аксар ҳолатларда қуёшнинг чиқиши ва ботишини ёки соат милларининг югуришини вақг белгиси — аниқлиги учун илова қиладилар. Қодирий романларида кунлик вақтнинг «қуёш ботган», «саҳар пайти» ёки «бу кун соат ўн икки-да...», «ҳозир соат кечки еттилар бўлиб қолган...», «кечки соат тўртларда...» тарзидаги ифодалар онда-сондагина кузатилади.
Гоҳо айни тарздаги ифода ёнида кичик бир изоҳ келади: «...қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир», «саҳар вақти туриб чой ичдилар. Субҳ намозини ўқуб, арава қўшилди», «Кечки соат тўртлар, асрдан бир оз эртароқ ҳукумат аскари билан халқ орасида уруш бошланди...»
Вақт аломатининг ифодаси учун «шом азони» (шом вақти), «субҳнамози» (бомдод вақти), «асрдан бир оз эртароқ» (аср вақти) шаклидаги кичик бир изоҳ, аниқроқ қилиб айтганда, кунда фарз ўлароқ беш маҳал адо қилинадиган намоз вақтлари Абдулла Қодирий романларида адабий замоннинг поэтик тизими даражасига кўтарилади.
Айрим мисолларга қарайлик. Марғилонга йўлда тўрт марта тўхтаб етадиган Отабек «бу гал олтинчи қўнишда етди. Теваракдан аср азони эшитилган вақтда отдан қўнди...» (140-бет).
Отабекнинг дили қоронғу. Ўз дарди ўзига юк, ўз ёғига ўзи жизғанак. «Хуфтон намозидан сўнг янгиланган ташвишларни бир оз унутдирар умиди ила пойчороғ ёниға ўлтуриб, Фузулий девонини варақлар эди...» (150-бет).
«Қувланиш» бобига назар соламиз. Бу ҳодиса қай маҳал содир бўлган экан-а? «Маълум отлиқ (Отабек — Б. К.) қутидорнинг дарбозасида отини тўхтатди-да, ўнг оёғини узангудан узди. Шу вақтда шом намозидан қолмас учун шошилишиб қутидор ҳам йўлакдан чиқиб келди...» (183-бет). Сўнгра қувланиш баёни: «Отабек эсини бошиға йиғиб михланған еридан қўзғалғанда, шом намози ўқулиб биткан, кишилар уйларига қайта бошлағанлар эди...» (184-бет). Унинг шу фурсатда қанча вақт ўзига келолмай туриб қолганини англаш қийин эмас. Қувланган Отабек Марғилонга неча бор баъзан «шом билан аср оралиғида» жимгина келади; бесамар кетади...
Умуман, романда биз иддаосида бўлган фикр ифодаси учун мисоллар етарли. Бир ўринда Ҳасанали «...шошиб-пишиб қазо бўлаёзган аср намозини ўқуш учун жойнамоз» ёзади. Вақтни кўрамиз. Романнинг ўнлаб ўринларида «шом билан хуфтон ўртасида...», «Шомдан сўнг...», «Кун асрдан оғиб шомга яқин...», «...ҳаммалари масжидга чиқиб пешим ўқиб кириш учун қўзғалдилар», «Субҳ азони айтилиб...» сингари кунлик вақт аломатининг ифодасига оид таъбирлар учрайди.
Дарвоқе, энг муҳими, Отабек билан Кумушнинг дастлабки учрашув саҳнасини эслайлик. Бу учрашув қачон, қандай сабаб асосида юз берди? Адиб бу ажиб ва беғубор фурсат учун қандай воситани қўллади? Ўқиймиз: «Отабек Марғилон келганнинг иккинчи куни пойафзал бозорида бўлган эди. Аср намозининг вақти ўтиб борғашиқдан ул шундаги дўконларнинг бирисидан таҳорат олиш учун сув сўради... Дўкондор унга сувнинг қулай ўрнини кўрсатди: «Мана бу бурчакдаги дарвозадан ичкарига кирсангиз, ариқнинг юза жойини топиб таҳорат олурсиз», деди. Отабек дўкондорнинг кўрсатишича, қутидорнинг ташқарисига кирди. Шу вақт тасодифан нима юмуш биландир меҳмонхонадан чиқиб келувчи фариштага кўзи тушди. Кумуш ҳам ариқ ёқасига келиб тўхтағон чингилин йигитка беихтиёр қараб қолди...» (61-бет).
Бундай "учрашув" ва "тасодиф"лар ҳам ишқий-саргузашт романларида жуда муҳим нуқта саналади. Зотан, "Ўтган кунлар"дек дилбар бир роман ҳам "тақдир шамоли" измидаги «тасодифий» учрашув турткисининг маҳсулидир. Қодирий бу тасодифий учрашувни маҳорат билан уюштирди. Отабек сеҳрланади. гўё «чин бир ишқ"нинг лаззатли тўрига илинади. Турган жойида узоқ қотиб қолади. Ёзувчи бу ҳолатга «кўб кутди, аср намозини қазо қилиб куч билан қутидор уйидан чиқди», дея изоҳ беради.
Яна бир мисол. Роман «Хотима»сидан олдинги «Ой куни яқин эди» боби... Кечга томон Кумушнинг дарди кучаяди, доя хотин чақирилган «ўқтин-ўқтин дам-бадамга» айланади. Ҳожи хурсанд ё хафалиги номаълум қиёфада «Далой ил ул-хойрот» номли китобни ўқиб ўтиради, ичкарига гоҳ-гоҳида қулоқ тутади. Ҳожи билан Ҳасанали масжиддан шомни ўқиб уйига қайтгач, Ойбодоқ уларга кечки овқатни беради. Ичкаридан хабар йўқ, овқат ҳам томоқдан ўтмайди. Отабекнинг дастурхон устида йўқтиги сезилмайди ҳам...
«— Хуфтанга айтилдими? — сўради Ҳожи.
— Эшитмадим... Чиқа берсак ҳам бўлар, — деди Ҳасанали...» (366-бет).
Шу маҳал ичкаридан хотинларнинг қий-чуви эшитилади. Ойбодоқ «суюнчи» олади. Ҳожи билан Ҳасанали «шундан кейин хотиржамъ бўлған ҳолда хуфтан» намози ибодати учун масжидга чиқадилар.
Қодирий чақалоқнинг туғилиш пайти шом билан хуфтон оралиғидаги вақтни, айни чоқда шу вақт ичидаги босимни, мужмал кайфиятни, руҳиятдаги оғирлик ва енгилликни ғоятда маҳорат-усталик билан тасвирлайди.
Хуллас, Қодирий романларида кунлик замон бўлинмаларининг намоз вақтлари негизида белгиланишига адиб шууридаги табиий сезим ва туйғуларнинг ифода тарзи, имон-эътиқодли бир қалам соҳибининг баён усули сифатида қараш ўринлидир. Қолаверса, муҳит вақтномасини, замон ўлчамларини қаҳрамонлар тасаввурича ифодалаш романнинг таъсир қувватини, даражасини оширади ҳам.
Баҳодир КАРИМ,
Ўзбекистон Миллий университет кафедра мудири