Қуръони Каримда исмлар осмондан тушади, яъни илоҳийдир мазмунидаги оят бор. Исм (ном) инсон тақдири билан боғлиқ, аниқроғи, унинг келажаги шу исмда яширинган бўлади. Ушбу фикр исботини йигирманчи асрнинг икки буюк ижодкори — Абдулла Қодирий ҳамда Абдулла Қаҳҳор номлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Абдулла (Абдуллоҳ) араб тилидан таржима қилинганда, "Оллоҳнинг қули" демакдир. Кимки, номи қандай бўлишидан қатъий назар, Парвардигорга чин дилдан қулликни ихтиёр эса, у мислсиз инъому эҳсонларга сазовор. Мамлакат шоҳи бўлмаганда ҳам, руҳ мулкининг шоҳаншоҳи (ҳоқони) бўлишга муносиб.
Тошкентлик Қодир бобо ва Жосият бибилар кетма-кет ўн тўртта фарзанд кўрадилар. Аммо улар гўдаклигиданоқ вафот этаверадилар. Сабрли ота-она навбатдаги туғилган ўғилга Абдулла деб ном берадилар. Тангри таолонинг кароматини кўрингки, шу ўғил ҳам, ундан кейин туғилган болалар (Раҳимберди, Қудратулла) ҳам омон қоладилар, вояга етиб, оилали бўлиб, ўзларидан кўпаядилар.
Худди шундай ҳодиса фарғоналик темирчи Абдуқаҳҳор оиласида ҳам такрорланган. Устанинг бир нечта фарзанди баъзилари йўргакда, бошқалари кейинроқ дунёни эрта тарк этиб кетадилар. Фақат Абдулла исми берилган бўлажак буюк адиб омон қолади.
Бундай воқеанинг заминида қандай сир-синоат бор — биз, ожиз бандалар, билмаймиз. Ёлғиз Оллоҳнинг ҳукми, иродаси ўлимдан-да кучли эканини англашимиз мумкин.
Сиртдан қаралганда икки Абдулла орасидаги ўхшашлик ана шу ҳодиса (Ажалдан омон қолиш) билан чегараланганга ўхшайди. Қодирий баҳор фаслида Тошкентдаги боғбон, Қаҳҳор кузда қўқонлик темирчи оиласида туғилган. Бири жадид ҳаракатининг, иккинчиси, шўро даври адабиётининг вакили. Буниси ерга, деҳқончиликка меҳр қўйган, униси эса темир-терсакка, техникага қизиққан. А.Қодирий мажлисларда нутқ сўзлашни ёқтирмаган, А.Қаҳҳор эса ажойиб нотиқ бўлган...
Аммо бу масалага чуқурроқ разм солсак, уларнинг шахси, ижодлари орасидаги муштараклик ғоят серқирра ва кўп қатламли эканлигини кўрамиз.
Биринчидан: бу икки адибни сўзга бўлган меҳр, сўз олдидаги буюк масъулият бирлаштиради. Улар ёмон ёзмаганлар, сўз хазинасини исроф этмаганлар. Шу боисдан ҳам асарларида ҳар бир сўз олмос каби ярқираб туради. Моҳир заргар — сўз устаси қўли уларга сайқал берган, абадият салтанати (адабиёт) ҳудудига олиб кириб қўйган. Улар кераксиз гапларни ёзмаганлар, аксинча ёзганларини таҳрир қилиб ихчамлаштирганлар. Оз сўз билан кўп маъно бериш уларнинг ижодига кредо (асосий мақсад) бўлган.
Иккинчидан: аслида юқоридаги ўхшашлик иккала ёзувчи шахсияти билан боғлиқ. А.Қодирий ҳам, А.Қаҳҳор ҳам камгап, камсуқум, камтар инсон эдилар. Уларга манманлик бегона бўлган. Буюк асарлар ярасалар-да, ўзларини оддий-эл қатори одам деб билишган. Минбарларга, мартабаларга интилмаганлар, адабиётдан тамаъ, манфаат кутмаганлар, мақтанишни ёмон кўришган.
Одоб, ҳаё, чуқур маданият уларнинг ички дунёсини ҳаммага кўрсатиб турарди.
Юқоридагилардан ташқари, уларни ушбу инсоний хусусиятлар безаб турган: мардлик, юксак маънодаги виждон, ҳақиқатпарастлик. Бу уч тушунча бир-бирига боғлиқ, бири иккинчисидан келиб чиққани учун фақат мардоналик жиҳатига тўхталамиз.
Абдулла Қодирий ниҳоятда мард инсон эди. Бу камёб фазилат. У ғаддор замона турланишларига мослашмаган. 20-йилларда ўткир фелетонлар ёзиб, баъзи корчалон тўраларнинг жиғига тегади. Улар сени ўлдиришга қотил ёлланган деган мазмунда адибга мактуб юборадилар. Адиб "Муштум" журнали орқали бу дағдағага жавоб берар экан, ўзим ҳам дунёдан тўйганман, дейди пичинг аралаш. Ўлимдан қўрқмаслик, ширин жондан ор-номусни устун қўйиш А.Қодирийга ҳам, унинг ижобий қаҳрамонларига хос хусусият.
Машъум тузумга бўйин эгмаганлиги учун Абдулла Қодирийни икки марта (1926 ва 1937 йил) қамаганлар. У бандиликда ҳам ўзини мардона тутади. Хўрликдан кўра, ўлим афзалроқ, дейди у 1926 йилги суд жараёнида. Қамоқдан чиқибоқ қизғин ижодий ишга шўнғиб кетади ва 1928 йилда иккинчи шоҳ романи — "Меҳробдан чаён"ни ёзиб тугаллайди.
Ёзувчининг фазилатларини у яратган ижобий қаҳрамонлардан ҳам билиш мумкин. "Ўтган кунлар"даги Отабек — мард, диловар йигит. Жаллод Мусулмонқул ноҳақ фитначиликда айбланиб Қўқон ўрдасига келтирилган Отабекка ғазаб ўтини сочганда, у таҳликага тушмайди, "ҳукмингизни чиқараверинг" дейди босиқлик билан. Бундай жавоб Мусулмонқулдай қаттол кимсани ҳам ҳайратга солади: "Дов юрагинг бор экан, йигит" — дейди завқланиб.
А.Қодирий 1937 йил декабридан 1938 йил октябргача НКВД турмасида бўлган ва суд қарорисиз отиб ўлдирилган. У бандиликда мислсиз қийноқларга баҳодирона бардош берди. У бирор ватандошини қоралаб кўрсатма бермади. Ҳолбуки, бошқалар азоб-уқубатларга дош беролмай, ёлғон айбловларга имзо чекишга мажбур бўлганлар.
Абдулла Қодирий жасорати ҳар бир миллатдошимиз учун фахр ва ибратдир.
Мардлик бобида Абдулла Қаҳҳор буюк инсоннинг муносиб вориси. Унинг таржимаи ҳолидан бундай ноёб фазилатни кўрсатувчи кўплаб воқэа ва далилларни топиш мумкин. Набижон Боқийнинг "Қатлнома" асарида ёзилишича, Абдулла Қодирийнинг "Айблов жилди"га имзо чекмаган ягона инсон А.Қаҳҳор бўлган экан.
Ўзбекистон Қаҳрамони, машур ёзувчи Саид Аҳмад "Йўқотганларим ва топганларим" китобида устод адибнинг жасоратини кўрсатувчи ҳодисаларни ҳикоя қилган. Адабиётни муқаддас даргоҳ деб билган А.Қаҳҳор хом-хатала, бадиияти саёз асарларга муросасиз бўлган, уларнинг муаллифларига ўз фикрини очиқ айтган. Маълум мавқега эга ўртамиёна қаламкашлар шунинг учун А.Қаҳҳорни ёмон кўрганлар. Унга турли йўллар билан тазйиқ ўтказишга, асарларини ёмонотлиқ қилишга уринишган. Жумладан, ўтган асрнинг 60-йиллари бошида "Қизил Ўзбекистон" газетасида "Тобутдан товуш ҳақида" деган каттакон мақола чоп этилиб, унда ёзувчининг шўро воқелигини қоралагани ҳақида бонг уришган. Ушбу материалга учта машҳур ёзувчи ва адабиётшунос имзо чеккан эди. Булардан бири Абдулла Қаҳҳорнинг яқин дўсти бўлган. Шундай ҳужуму ҳамлаларга қарамай, эътиқодли адиб ўз фикридан қайтмайди, ҳақиқатни дастур билиб ажойиб асарлар ёзишда давом этаверади. Албатта, асабларнинг қақшагани, соч толаларига оқ оралагани табиий. Зеро, энг иродали одам ҳам темирдан яралган эмас.
Учинчидан: А.Қодирий ва А.Қаҳҳорни ўзбек менталитетининг ажойиб қирраси — меҳмонсеварлик боғлаб туради. Икки адиб ҳам ниҳоятда меҳмоннавоз одамлар бўлишган. Эшик қоқиб келган ҳар бир кишини — ҳунарманд, деҳқонми, мардикорми, зиёли ёки тўрами — очиқ чеҳра билан кутиб олганлар, дастурхон ёзиб, чой, таом қўйганлар. А.Қодирий "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" каби шоҳ асарларини ёзаётганда ҳам, меҳмондан азиз вақтини дариғ тутмаган. Ишини тўхтатиб меҳмоннинг иззатини жойига қўйган. Аслида бундай хусусият буюк адиб табиатидаги сахийлик, жавонмардлик хислати ифодаси.
Ҳабибулла Қодирийнинг ёзишича 1932-1934 йиллардаги даҳшатли очлик йилларида ҳар куни адибнинг уйида каттакон қозон қайнаб турган. Ундан адибнинг меҳр-шафқати туфайли хонадонга олиб келинган муҳтож кишилар таом еганлар. Ёзувчининг ўзи эса шу йилларда ниҳоятда озиб, афтодаҳол бўлиб қолган. Бу озиқ-овқат етишмаганлигидан эмас, асло: Қодирийнинг каттагина боғи, экин-тикин, асаларилари бор эди. Бу ҳолнинг сабаби шундаки, инсонпарвар ижодкор ўлаётган юзлаб ватандошларини кўриб қаттиқ изтироб чеккан, томоғидан овқат ўтмаган.
А.Қодирийга хос сахо (сахийлик) шужо (шижоат) билан қоришиб кетган эди. Машур фелетончи ва адиб Ғози Олимнинг ўғли Тўлқин Юнусов шундай эслайди: отаси "зараркунандачилик"да айбланиб қамалгач, уларнинг ҳаёти оғирлашади, у отасининг тилла соатини кўтариб Қодирийнинг уйига келади. Бу вақтда Ғози Олимнинг ҳам, А.Қодирийнинг ҳам хонадони назорат остида эди. Шунга қарамай буюк қалб эгаси "халқ душмани" ўғлини очиқ юз билан кутиб олади, олдига таом қўйиб, қорнини тўйғиздиради. Соатга инсоф билан ҳақ тўлайдиган диёнатли бир харидор топиб беради. Шу билангина кифояланмай йигитчага "қийналган пайтларингда орқа эшикдан тортинмай келиб тур", деб тайинлайди. Кўп ўтмай адибнинг ўзи қамоққа олинган.
Абдулла Қаҳҳор оиласи сахийлиги, меҳмонпарварлиги ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. С.Аҳмаднинг эслашича, адиб ёз келиши билан дўкондан кўпгина янги челак сотиб олар экан. Уларни боғидаги сархил шафтолиларга тўлдириб, шогирдидан бериб юборган. А.Қаҳҳорнинг дала ҳовлиси "Ёзувчилар боғи"нинг дарвозаси ёнида жойлашган эди. Касбдошларига ғамхўр адиб пишиқчилик пайтида ҳар куни бир челакка мева-чева тўлғизиб, боғдаги улкан арғувон остига келтириб қўяр, бу ерда ижод қилаётганлар улардан ер эканлар.
Абдулла Қаҳҳор иш юзасидан Москвага бориб турган. Ҳар гал ўзбекистонлик талабаларга учрашар, уларга пул бериб турар экан. Бу ишни у саховатпешалигини кўз-кўз қилиш учун эмас, ўз миллати истиқболини ўйлаб қилган.
Ҳазрати Навоий шундай ёзганлар:
Мурувват — барча бермакдур, емак йўқ,
Футувват — барча қилмакдур, демак йўқ.
Яъни: сахий бошқаларга таом беради-ю, ўзи емайди. Олий сахийлик (футувват) одамларга яхшилик қилиш, аммо миннат қилмасликдир. Футувват — сўфийлик шарти. Абдулла Қодирий ва Абдулла Қаҳҳор даҳрийлик замонида яшашларига қарамай, аждод-сўфий боболарнинг анъанасини давом эттирганлар. Улар ҳаммага яхшилик қилганлар, аммо миннат қилишмаган. Зеро, саховат улар ҳаётининг субстансияси (жавҳари) эди.
Тўртинчидан: икки ижодкор ўзбек эпик адабиётининг байроқдори бўлиб тарих майдонига чиқдилар. Эпик ижодкор деганда ҳикоя, қисса, роман ёзувчи санъаткор тушунилади.
Қодирий ва Қаҳҳорнинг буюк хизматлари туфайли ўзбек эпик адабиёти миллий ҳудуддан юқори кўтарилиб, жаҳон адабиёти чўққисига чиқди.
Жаҳон таниган аллома Евгений Бертелс А.Қодирийни "Янги романчилик мактаби асосчиси" деб тан олди. Бу шунчаки лутф ёки қуруқ мақтов эмас, теран ҳақиқатдир.
Ҳали А.Қодирий романлари жаҳон адабиёти нуқтаи назаридан теран ўрганилгани йўқ. Агар шу амалга оширилса, улуғ сўз санъаткори бадиий меросининг оламшумул аҳамияти ёрқинроқ, кенгроқ очилган бўлар эди.
Абдулла Қодирий ўзининг романчилик мактабида Шарқу Ғарбнинг кўп асрлик адабий-бадиий тажриба, ютуқларини бирлаштирди. Унинг романларида "Алпомиш", "Маҳобҳорат", "Рамаяна", "Илиада", "Одиссея" каби эпос намуналари, "Уруш ва тинчлик", "Квентин Дорвард", "Айвенго", "Д` Артанян ва уч мушкетёр", "Граф Монте-Кристо" каби эпик асарлар билан ғаройиб боғланишларни кўрамиз. Бундай боғланишлар А.Қодирий эпик тафаккурининг уммон сингари бепоёнлигидан, жаҳон маданияти хазинасидан чуқур хабардорлигидан дарак бериб турибди.
Адиб романнинг бадиий шакл сифатидаги ҳудудини кенгайтирган, унинг янги имкониятларини кашф этган ва амалиётга жорий этган. Садриддин Айний, Мухтор Авезов, Чингиз Айтматовдай жаҳон миқёсида тан олинган санъаткорлар Абдулла Қодирийнинг романчилик маҳоратидан баҳраманд бўлишган, унинг бадиий тажрибаларини давом эттирганлар. Шу маънода ўзбек адиби асос солган романчилик мактаби фақат Қодирийнинг йирик эпик асарлари билан чегараланиб қолмайди, ўз бадиий ҳудудини кенгайтириб, жаҳон адабиёти ҳудудини эгаллай борган. Бундай жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.
Абдулла Қаҳҳор бу борада ҳам Абдулла Қодирийнинг муносиб издоши бўлади. "Ўткан кунлар" ўзбек адабиётида биринчи тарихий роман бўлса, А.Қаҳҳорнинг "Сароб"и миллий сўз санъатидаги илк замонавий романдир. Қодирий романида мозийнинг фожиавий, драматик воқэалари акс этган бўлса, Қаҳҳорнинг мазкур асарида ғаддор шўро тузумига хос мафкуравий, иқтисодий-ижтимоий зиддиятлар, талотўплар ифодаланди. Энг муҳими, мана шу икки асар ҳам юксак бадиий маҳорат билан ёзилган, уларда улкан руҳшунос, сўз заргарларининг буюк меҳнати юз кўрсатиб турибди.
Қизиғи шундаки, икки адиб ҳам ўзларининг биринчи романларини 25 ёшларида бошлаб 27 ёшда ёзиб тугаллаганлар. Бу "тасодиф"да илоҳий ҳикмат бор, албатта.
Шундай қилиб, миллий (ўзбек) романчилик мактаби икки худодод истеъдод эгаси бўлмиш санъаткорнинг саъй-ҳаракати,меҳнати туфайли яхлит бир бадиий майдон бўлиб юзага келди, мана, аср ўса ҳам у қимматини, жозибасини сақлаб келмоқда.
Маълумки, ўтган асрнинг 10-йилларида А.Қодирий "Жувонбоз", "Улоқда", "Жинлар базми", А.Чўлпон "Қурбони жаҳолат", "Дўхтир Муҳаммадёр" деган кичик эпик асарлари билан замонавий ўзбек ҳикоячилигига асос солдилар. А.Қодирийнинг "Улоқда" ҳикояси бадиий баркамоллиги билан ҳанузгача мухлислар эътиборини тортиб келмоқда. Ҳикоянавислик бобида А.Қаҳҳорнинг хизмати беқиёсдир. У ўтган асрнинг 30-йилларида "Бемор", "Ўғри", "Анор" ҳикояларини яратдики, уларнинг таърифига тил ожизлик қилиб қолади. Бу асарларда ортиқча сўз учрамайди. Детал (ҳикоянинг муайян бир қисми) шундай жойлаштирилганки, уларнинг ўрнини алмаштириш ёки олиб ташлашнинг мутлақо иложи йўқ. Характерлар бутун, тасвир ғоятда аниқ, ёрқин. Бу ҳикоялар жаҳон адабиётидаги энг баркамол новеллалар билан бемалол беллаша олади. Бу фикрни ўша даврнинг машҳур адабиётшуноси (Вера Смирнова) айтган ва бу ҳаққоний эътирофдир.
Абдулла Қодирий ўз романлари, Абдулла Қаҳҳор етук ҳикоялари билан янги миллий адабиётни жаҳонга қайтадан танитдилар. Дунё Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, А.Навоий, Мирзо Бобур яшаган замин ва сўзлаган тил янгидан янги истеъдодлар ярата олишига ишонди.
А.Қодирий ва А.Қаҳҳор шахси ҳамда ижодидаги муштаракликнинг яна бир аломати уларнинг бадииятга дахлдор эканликларида намоён бўлмоқда. Ўтган замонларда қанчадан-қанча шоиру адиблар кўплаб асарларини чоп эттирганлар. Буларнинг кўпи одил ҳакам — Вақт имтиҳонидан ўтолмади. Ҳозирги авлод уларнинг асарларинигина эмас, номларини ҳам билмайди. Бу тарих ҳукмидир. Чунки у ўзининг шонли қучоғига фақат фидойи, инсоният истиқболи учун хизмат қилган миллатпарвар, инсонпарвар буюк инсонларни қабул қилади, бошқаларни эса йўқлик — унутилиш қаърига совуққонлик билан улоқтириб ташлайди.
Одамлар А.Қодирий, А.Қаҳҳорнинг ҳаёти, шахсини ўрганиб, бу инсонлардек ҳалол, ҳақиқатгўй, мард ва иродали бўлишни орзу қиладилар, асарларидаги ижобий қаҳрамонлар билан муаллиф орасидаги уйғунликдан ибрат оладилар. Ҳикоя, романларидаги рангин бадииятдан завқланадилар. Ўз яқинлари, оила аъзоларига китобларини мутолаа қилишни уқтирадилар.
Айтишларича, А.Қодирийнинг танишларидан бирининг ўғли машур адибни йўлда учратиб, унга "Ўткан кунлар" романини ўқиб чиққанини айтган. Ёзувчи бу китобни неча марта ўқиганини сўрагач, бир марта, деб жавоб берган. Шунда адиб йигитчага романни тўрт-беш карра ўқиб чиқишни маслаҳат берган. "Шундан кейингина асарни яхши тушунасан", — деган.
Ҳақиқатан, биз, китобхонлар, "Ўткан кунлар" романини, "Ўғри" каби ҳикояларни қайта-қайта ўқишга, улар доимо кўз олдимизда туришига ўрганишимиз лозим. Мутолаа, мулоҳаза қилганимиз сайин бу мукаммал матнларнинг янги томонлари, қирралари кенгроқ, кўпроқ очила боради ва биз бадиий адабиёт деб аталган илоҳий-маънавий оламдан кўпроқ насиба олишдек буюк бахтга мушарраф бўламиз.
Ғайрат Муродов, адабиёсшунос.
“Ёшлик” журналидан олинди.