Барча босқичдаги адабий таълимлар ўз моҳият ва мақсадларига кўра батамом руҳий тарбия илмига асосланмоқни, тўғридан-тўғри ёки маънан унга мурожаат қилмоқни тақозо этади. Олий филологик таҳсил жараёнида бу эҳтиёж янада ортади. Ҳар қандай мавзу, ғоя, мазмунни, баҳсли масалани, тугунлар ечимини, муҳими, энг одил хулосани руҳий тарбия таълимотларисиз ҳосил қилиш мумкин бўлмай қолади.
Баркамол авлодни шакллантириш, шу умумбашарий бурчга муайян ҳисса қўшиш масъулиятидан холий бўлган ҳеч бир дийний ва дунёвий илму фан, касбу ҳунар йўқ. Ва ҳамма матлуб маориф ҳамда маърифат соҳалари руҳий тарбия илмига ҳамиша ҳожатманд. Адабий ижод ва унинг қизғин жараёни, фасоҳат дунёсини турли томондан тадқиқ этадиган илмлар эса ўз табиатларига биноан руҳий-маънавий тарбияга бевосита мансуб йўналишлардир.
Маълумки, инсон моҳиятининг ўта муҳим икки жиҳатидан келиб чиқиб, ҳақ эътиқоднинг ўнлаб илмлари умумлашма икки йўналишга бўлинади: “шариат” жисмоний амаллар кўринишида намоён бўлувчи вазифаларга оид таълимотларни; “руҳий тарбия” ақл, тафаккур, қалб, руҳ сингари ҳақиқатларини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган руҳоний, латийф илоҳий неъматлар билан боғлиқ маънавий-аҳлоқий таълимотларни ўз ичига олади. Ҳар икки йўналишдаги илмлар ўз тафсилотларини энг дақиқ масалаларигача Қуръони Карим ва Суннат асосида баён қилади.
Қуръони Карим - одамзот яратилганидан буён тушган самовий китобларнинг сўнггиси, охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг барча маконлару замонлар учун қувватли ва салоҳиятли нозил қилган ваҳийси. Суннат (ҳадис) – маъноси Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан, лафзи Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган ваҳий. Илм ва ҳикмат дийни бўлган исломдаги бу икки хазинанинг масдари Аллоҳдир.
Ислом таълимотлари бизга, илмларимизга эмас, аксинча, бизнинг ўзимиз ва бутун фаолиятларимиз унга муҳтож, эҳтиёжманд. Муаммони ҳатто сўз санъатининг дийний мавзулари доирасидагина тушуниш ҳам мантиқий маҳдудликдир. Адабиёт ҳамда унинг илмларини буюк иймоний қоидалар билан чамбарчас боғлаб турувчи ришталар сон-саноқсиз. Бу инсон яралишининг асл табиатига хос табиий ҳолдир ва бошқача бўлиши мумкин эмас.
Айни муштаракликнинг равшан кўринишларидан бири шуки, руҳий тарбия илмининг ўзида ҳам шу илм етук уламолари силсиласида Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий, Хожа Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий сингари алломалар, адиблар, Ибн Синонинг “Рисолатун фил хикмати”, “Китобут-тойр”, “Асрорус-солати”, “Ал-Инсоф”, Абу Наср Фаробийнинг “Ороу аҳли мадийнатил фозила”, “Ал-Одоб ал-мулукийн” каби нафсни поклаш, ахлоқни сайқаллаш бобидаги фалсафий китоблари қизғин эътироф этиб келинади.
Ақийдага тегишли нафақат умумий қоидалар, нафақат пайғамбарлар тарихи ёхуд ваҳийда келган воқеалар, балки хусусий ва умумий маъноли юзлаб руҳоний-маънавий тушунчалар ҳам ўз луғавий, истилоҳий шарҳларини адабий таълим жараёнида тақозо этади. Чунончи, ғайбиёт, зуҳд, фаришта, шайтон, жин, дўзах, жаннат, ширк каби улкан тушунчалар, маънолари ҳозирда чекланган ҳолда, нотугал талқин этилаётган нафс, гуноҳ, савоб, касб, ҳалол, ҳаром, ҳақ, ботил, зулм, саҳоват, исроф, ибодат сингари кенг ва ўта кенг маъноли амаллар ислом масдарлари асосида аниқ тавсифларини талаб этади.
Адабий таҳлилу талқинлар мобайнида масалаларга ҳақ таълимотдаги тафсиф, таъриф, тавсия, насиҳат, амр ва ҳукмларни далил-ҳужжат қилиб олиб ёҳуд диққат марказида тутган ҳолда муносабатда бўлмоқ билимдан кўзда тутилган асл мақсадга ҳар жиҳатдан самара келтириши шубҳасиздир. Фойдаларнинг баъзиларини санаймиз.
Аввало, толиби илмлар ижод маҳсулида акс этган ҳолат-ҳодиса, мавзу, мазмун, ғояни, борлиқ, дунё, характер манзараларини энг юксак ҳақиқатлар нуқтаи назаридан холис идрок, тафаккур қиладилар.
Уларнинг таассуротлари тўғри ва тиниқ чиқади, тасаввурлари бойийди. Адабий ижод ҳамда бадиий асар қимматини, уларнинг ютуқ, ютқизиқларни чинакам мақбул мезонлар асосида талқин қилиб, одил хулосаларга келишни касб эта борадилар.
Турмуш ва дунёқарашдаги реал ҳақиқат билан унинг нафис, поэтик ифодасини, ҳаётий аҳволдаги аниқлик билан бадиий тўқимани, барчасининг уйғунлик, мутаносиблик маромларини бехато фаҳмлайди. Дийн тарихидаги ҳақиқатга зид, лекин унга қориштирилиб тасвирланган афсона ёки ривоятни ажратиб олади.
Аслида барча нарсаларга ва фаолиятларга тегишли бўлган ҳалол ва ҳаром деган тушунчаларнинг туб моҳиятларини, барчада мавжуд турли-туман туйғуларнинг маъною мезонини, уларга доир илоҳий таклиф, тавсия, кўрсатма, насиҳат, ҳукмларни билиб оладилар.
Кўча-кўй, ҳар-хил кишилар, бўш-саёз китоблар таъсирида шуурларига номуносиб ўрнашган чалкашликлар, ботиллар барҳам топади. Сўз бойлиги, ҳурфикрлилик, мантиқий идроклаш миқёси кенгаяди. Ҳақ гап ғолиб келиб, ҳақиқатлардан огоҳлик ҳисси кучаяди.
Баҳс-мунозаралар, мавҳум тушунишлар ва фикрий хилма-хиллик натижасида юзага чиққан ғоявий-назарий ноаниқликлар инкор этиб бўлмас далиллар воситасида муолажа қилинади. Ҳаққоний, мўътадил, ҳаммага манзур ва фойдали хулосаларга келинади. Илм олувчиларнинг сўз бойлиги ортади, нутқи сайқалланади, нутқий маданияти ривожланади. Тил воситасидаги ҳалол ва ҳаромни, муомала-муносабат ўлчов қоидаларини идроклайди.
Истиқлол йилларида руҳий бўшлиқлар анчайин барҳам топиб бормоқда. Бугунги одамлар исломий ақийдалардан бохабарлар. Мустаҳкам эътиқодлилар кўп. Аммо эътиқодга даъвогарлар орасида ҳам юзакилик, солиҳ амалларга лоқайдлик кам эмас. Ёшларда эса турли номаъқул таъсирларга, ёт оқимлар, секталар тўрига илиниш хавфи сақланиб турибди. Илму эзгу амаллар уйғунлиги учун мусобақалашиш суст. Нега шундай? Бош сабаблардан бири яна руҳий тарбия илмидан, руҳий-маънавий ҳамда ахлоқий асослардан етарли воқиф эмасликка бориб тақалади. Шу маънода ҳам эътиқод таълимотларига мурожаатчи адабий талқиншунослик зарур имкониятлардан ҳисобланади.
Муҳими, бундай ёндашувли таҳсил йўсинлари орқали бир фаолиятда ўзаро мужассам икки улкан вазифанинг - ижтимоий-эстетик таълимнинг ва руҳий-ахлоқий тарбиянинг мақсадга энг мувофиқ йўлидан оғишилмайди. У ёки бу масалада мувозанат сақланади, ҳаддан ошиш содир бўлмайди. Билимлар ҳосил қилдиришдан туб муддао баркамол инсонийлик, илмларни қалбан ва жисмонан амалда жорий этиш экан, мазкур усул руҳиятларни пок сифатлар билан зийнатланиш томон бошлайди.
Тўғри, ҳақ таълимотларга таяниш нисбати ва шакллари ҳар адабий илмда ва бир фаннинг ҳар бўлимида турлича бўлиши мумкин. Бу ҳол, жумладан, ўзбек адабиёти тарихини ўрганиш босқичларида кўринади. Исломга кирилган даврлардан ўтган аср бошларигача ягона эътиқод заминида барпо бўлган адабий, илмий мероснинг ўқитилиши ислом манбааларига мурожаатни кўп ва бевосита тақозо этиши шубхасиз. ХХ аср ўзбек адабиёти, бугунги адабий жараён талқинлари эса ўз турфа тамойиллари, мавзу миқёсларига, ғоявий-бадиий, ижтимоий-фалсафий жиҳатларига кўра дийний тушунча ва қадрятларга кўпроқ руҳий-маънавий муносабат шаклини талаб қилади.
Ислом манбаларига таяниш тамойили амалдаги таълимнинг ҳеч бир анъанвий илғор усул ва услубини инкор этмайди. Ўзаро боғлиқлик тез илғангани учун ҳам истиқлолнинг илк босқичларидаёқ кўп зарур дийний маълумотлар янги дарслик, кўлланма, луғатларда ўз ифодасини топди. Тафсилотни тўлиқ етказиш, таҳлил-талқинлар қувватини ошириш учун эндиликда мазкур мавзуга доир илова характеридаги ўқув қўлланмаларга эҳтиёж сезилмоқда. Зеро, руҳий тарбия илмидан баҳрамандликни кучайтириш филологик таълимлар сифати, мазмунини янада муфассал қилади, нурлантиради.
“Оғзаки ва ёзма нутқ муаммолари”
Низомий номидаги ТДПУ, Тошкент 2010-йил
Тоҳир Шермурод