«Кошкийди адабиётга ўзларича ҳомийлик қилаётганлар асл адабиёт билан халтуранинг фарқига тезроқ етсалар».
Абдулла Орипов илк мўъжаз китоби - «Митти юлдуз»ни нашр эттирганида йигирма бешни, Тоғай Мурод биринчи қиссаси қўлёзмасини журналга топширганида ўттиз ёшни қоралаганди. Субҳи саҳар туриб, «ойнаи жаҳон» мурватини бурасам бир ўқувчи қизча бурро-бурро гапиряпти:
- Бу менинг учинчи китобим. Тўртинчисини ҳам нашрга тайёрладим...
Тенгдошлари сочбоғига жамалак тақиб, ҳалинчак учишдан ортмаётган бир пайтда бу қизчанинг «сермаҳсул»лигига тан бермасдан илож йўқ. Эҳтимол, «Бунинг нимаси ёмон? Ёшларимиз шунақа илгариб кетди-да!» дерсиз. Хўп, майли. Лекин аксарият «сермаҳсул» ижод қиладиган қизчаларимизнинг китобчаларини бир варақлаб кўринг-чи, лоақал биронта эсда қоларли шеър топиладими! Назаримда бугун бадиятнинг «мукофот учун ёзиладиган» тури пайдо бўлди.
Аксарият нашриётлар эшигига «меҳрибон отажонлар» танда қуришган:
- Қизимнинг китобини чиқармоқчийдим. Фалон танловда иштирок этиши керак...
«Жонкуяр она»лар таҳририятлар эшигини қоқишяпти:
- Боламнинг шеърларини тартибга келтириб, қайта ишлаб берсангиз...
Бир қаламкаш танишим мақтаниб қолди:
- Фалончи мукофотини олган анови ўқувчи қизнинг китобини мен ёзиб бердим...
Илгарилари китоб чиқариш у ёқда турсин, шеър ёки ҳикоянгизни адабий-бадиий газета-журналлар саҳифасидан ўрин олиши учун ҳам минг битта чиғириқдан ўтардингиз. Ёзганларингиз ёзувчилар уюшмаси махсус кенгашидан ўтсагина босиб чиқариларди. Ҳозир эса китоб нашр этиш ҳам ўзига хос бизнесга айланди. Ёмғирдан кейинги бемаза қўзиқориндек сони кўпайган ноширу нашриётлар хизматингизга ҳозиру нозир. Фақат чўнтагингизда ақчангиз ёки саховатли ҳомийингиз бўлса бас. Истасангиз китобингизни бир кечадаёқ ёстиқдек қилиб чоп этиб, қўлингизга тутқазишади. Уни кимга сотиш - бу энди ўзингизнинг муаммонгиз! Муҳими, жимжимадор муқовали китобингиз чиққан. Уни катта-кичик давраларда кўз-кўз қилишингиз, саховатли бўлсангиз таниш-нотанишга дастхат битиб беришингиз мумкин. Ҳа айтгандай... йирикроқ ўқув даргоҳида сўзи ўтар танишингиз бўлса, белгилаган баҳонгизга уч-тўрт сўм қўшиб, китобингизни соттириб беради.
Балки ёш ҳаваскорнинг (эртага ундан шоир чиқиш-чиқмасидан қатъий назар) китобини чоп эттириб бериш, ҳомийлик қилиш унга ижодий рағбат берар (шеърларини бошқатдан ёзиб берилмаса, албатта). Аммо адабий жамоатчиликка анча танилиб қолган ижод аҳли ўртасида ҳам китоб чиқариш мусобақаси авж олдирилаётганига нима дейсиз?
Иш хонасига кириб, соғлик-омонлик сўрашганимиздан сўнг бахши-шоир укам Рустам Мусурмон салмоқдор китобни қўлимга тутқазди:
- Ака, шуни ўқиб туринг, мен ишларимни қилиб олай.
Биламан, одатда унинг айрим қилиқлари остида қувлик бўлади. Лекин айни дамда мени зерикмай ўтирсин деяётгандир, деган хаёлга бордим. Китоб ғоят чиройли эди. Тўғри, гўзал мисралар шакл танламайди, қўлёзмада ҳам ялт этиб кўзга чалинади, юрагингни жизиллатиб, кўнгил мулкингга айланади. Аммо китобнинг ўрни барибир бўлакча. Мустақиллик шарофати билан ноширлик саноатимиз анча юксалди. Бугун бизда нашр этилаётган китоблар сифати исталган тараққий этган мамлакатлардагидан қолишмайди. Нуфузли нашриётда, олий навли қоғозга чоп этилган, қаттиқ, ялтироқ жилдли шеърий китобни варақлашга киришдим. Сийрат билан суврат ҳамиша ҳам бақамти келавермас экан, зўрма-зўраки қофиялар, вазнсиз вазн, беўхшов ўхшатишлар ҳафсаламни пир қилди, асабим бузилди. Рустам Мусурмон буни сезди шекилли, аста гап бошлади:
- Ичидан шеър танлаб олиб газетага чиқаришим учун ҳар куни шу тахлит китоблардан анчасини совға этишади. Яқинда шу ака ҳам (қўлимдаги китобга ишора қилди) сайланмасини ташлаб кетганди. Шеърларидан беш-олтитасини танлаб олиб, таҳрир қилдим-да, бош муҳаррирга олиб кирдим. Раҳбаримизнинг талаби қаттиқ, атиги иккитасини, ўшанда ҳам қисқартиришлар билан босишга рухсат берди. Шоир акамиз ҳам кап-катта одам, хафа бўлмасин тағин дедим-у, яна бир-иккита шеър танлаб олиш учун китобини бошдан-охир ўқиб чиқдим. Минг титкилаганим билан бўлмади, қозонда йўғи чўмичга чиқмас экан...
Шеъриятнинг қарғиши
Буюк Навоийдан мерос шеъриятнинг илоҳий кучи бор - қадрига етганни улуғлаб, нописандни назардан қолдиради. Гапнинг очиғи, кейинги вақтларда ҳамма шоирликка даъвогар. Фонограммада хирилдоқ овозига сайқал бердириб, икки-учта бемаъни қўшиғи билан ёшларнинг бошини айлантираётган эстрада «юлдуз»часи ҳам ашулалари матнини бемалол ўзи ёзяпти. Пенсияга чиқиб, уйда зерикиб қолган айрим кишилар ҳам (қайси касбда ишлаган бўлишидан қатъий назар) «мана энди вақтим бемалол» дея шеър ёзяпти. Бу «ижод маҳсуллари»даги тумтарақай мисралар, фикрсиз матн, хароб бўлган қофия учун ШОИР деган ном гуноҳкор!
Ҳозир шоирчиликнинг «қўшиқчи шоир» деган кўриниши ҳам бор. Қизиқ, Алишер Навоий ҳазратлари мумтоз адабиётимизнинг гултожига айланган ғазалларини қайси қўшиқчининг буюртмасига асосан ёздилар экан? Эркин Воҳидов «Инсон ўзинг»ни, Абдулла Орипов «Биринчи муҳаббатим»ни, Омон Матжон «Умр ўтар»ни қўшиқ бўлади деб ижод қилганмиди? Яхши шеър ўз-ўзидан мусиқага уйқашиб кетавермайдими?!
Афсуски, бугун матнга мусиқа басталашнинг ўрнига мусиқага матн ёзиляпти.
Вилоят газетасида ишлайдиган бир шогирдим яхшигина шеърлар ҳам ёзади. Бир куни шу шогирдим билан маҳаллий бастакор ўртасидаги суҳбатга гувоҳ бўлдим:
- Сиз шоирсиз, мен бир зўр мусиқа басталагандим, шуни эшитиб кўринг-а...
Бастакор жажжигина плеерини ишга туширди. Қурмагур иқтидорли экан, хазин мусиқа юракларни титратиб юборди. Оҳанг оғушида сеҳрлангандек ўтирганимизда бастакор дабдурустдан гап бошлади:
- Шунга шеър ёзиб беринг, ҳақини тўлайман.
Шоир бола хижолатлик билан:
- Шеърларимни берай, ўзингиз танлаб олақолинг, - деди. Бу гап бастакорга ёқмади.
- Бунақаси кетмайди! - деди қатъий бош чайқаб. - Мен битта шеърни деб шундай мусиқани ўзгартиролмайман. Хазон бўлган севги ҳақида бир-икки мисра тўқиб беринг, етади. Қолганини ўзим эплаб кетаман.
- Кейин матн кимники бўлади?
- Матн... майли, сизники бўлақолсин! - «мурувват» кўрсатди бастакор. Шоир бола бечора қаттиқ ранжиди.
- Кечирасиз, - деди овози титраб, - мен буюртмага шеър ёзмайман!
- Ўйлаб кўринг, - деди бастакор қошини олифтанамо кериб. - Бунақа имконият ҳадеб бўлавермайди. Ҳарна пул ишлаб оласиз...
Шогирдимнинг баттар авзойи бузилди:
- Йўқ! Шеъриятнинг қарғишини кўтаролмайман!..
«Машҳур бўлиш»нинг осон йўлидан воз кечган шогирдимга ичдан тасанно ўқидим.
Бугун «эстрада юлдузи» шоирларга шеър деб ялиниб ўтиришни истамайди, туғма шоир буюртмага шеър ёзмайди, нашр этилаётган ҳар ўн китобнинг саккизтаси шеъриятга дахлдор бўлса-да, умрбоқий қўшиқлар танқис, бугун «хит»га айланган қўшиқ эртага унутилиб кетяпти... Айб кимда? Шоирдами? Бастакордами? Ижрочидами?
Мумтоз қўшиқларимизни қўя турайлик. «Сен баҳорни соғинмадингми?», «Онагинам», «Ўхшайдику», «Лайло» сингари қўшиқлар ярим аср ёки ўн йилликлар билан бўйлашган бўлса-да, меъдамизга тегмайди. Нега ҳозир шу сингари қўшиқлар яратилмаяпти?
Яхшиси, бу саволларга шеъриятни турлаб олган, «ҳарна пул ишлаб олиш» ниятида қўлига қалам оладиган «қўшиқчи шоир»лар жавоб беришсин!..
«Сариқ матбуот адиблари»
«Ҳақиқий - асрлар оша яшайдиган, чинакам санъат намунаси бўлган асарлар жуда оғир, машаққатли меҳнат эвазига дунёга келади».
Бир қаламкаш дўстим айтиб қолди:
- Ҳафталик кўнгилочар газеталардан бирига қиссаларимни жўнатган эдим. Таҳририятдагилардан «Асарларингиз ниҳоятда жиддий экан, уларни газетхонларимиз ҳазм этолмайди» деган жавобни олдим...
Қизиқ, руҳий драматизмга бой асарларни ўзбек китобхони ҳазм этолмаяптими ёки кўнгилочар газета «талаблари»ми? Бундай газеталарнинг вазифаси одамларга олди-қочдилардан иборат саёз бир нарсаларни «асар» деб тақдим этишдангина иборатми?
Ўрни келганда бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш лозим, китобхондан маълум даражадаги руҳий тайёргарликни талаб этадиган, фалсафий мушоҳадаларга бой асар муаллифнинг машаққатли меҳнати, ботиний эмринишлари эвазига дунёга келади. Бундай ёзувчилар ижодида сермаҳсуллик бўлмайди. Оз, лекин созгина! Бугун эса ўтирса роман, турса қисса, юрса ҳикоя ёзадиган «сермаҳсул адиб»лар пайдо бўляпти. Бир кўнгилочар (русча айтганда «булварная») газета ходимининг бармоқ билан санарли муддатда ўндан ортиқ қораламани саргузашт-детектив роман деб китоб ҳолида чиқарганини кўрдим. Бунга энди нима дейсиз!
«Тез битган» битикларда бадият йўқ. Жўн жумлалар, ним бадиий тўқималардан иборат сюжетлар кўп. Бирининг қаҳрамони Дубайда юрса, иккинчисиники Парижнинг серҳашам булварларида кезаётган бўлади, бошқасинининг қаҳрамони Россиянинг ўрмонларида сарсон. Бу «асар»ларда аслида туриш-турмуши салбий қусурлардан иборат қаҳрамон ўқувчига ижобий образ ўрнида тиқиштирилади, Ғарбда «енгил мутолаа» учун чиқариладиган асарлардан кўчирилган воқеалар силсиласи ривожлантирилади (буни ёзган «адиб» «миллий колорит» деган тушунчалар билан бошини оғритиб ўтирмаган, албатта). Уларда ўзбекчилигимизда сир тутиладиган маиший саҳналар, ётоқхонадаги «воқеа»ларгача очиқдан-очиқ баён этилаётир.
Бинойидек қалами бор бир ижодкор илк асарлари биланоқ анча тилга тушиб қолганди. Шу ижодкор ҳам кўнгилочар газеталардан бири билан шартнома тузди-ю, буюртма асосида ҳикоя, қиссалар қоралашга ўтиб олди. Тўғри, у «сариқ матбуот» орқали анча донг таратиб қўйди ҳам. Бир куни уни кўчада учратиб қолдим. Ҳали салом-алигимиз тугамай:
- Шошиб турибман, ака. Эртага газетанинг навбатдаги сони чиқади. Унда чиқаётган қиссамнинг давомини ёзиб беришим керак, - деди.
- Ҳали тугамаган қиссани газетада босяпсизларми?
- Ҳозир ҳамма шунақа қиляпти. Қиссани буюртма асосида, тўғридан-тўғри «полоса» (газета саҳифаси)га ёзиб бераман, - деди у мени ҳайрон қолдириб.
- Ие, қўлёзма-чи?
- Қўлёзма қилишга вақт қайда!
Унинг гапларидан эндиликда аччиқ ичакдек чўзиладиган, тўқима саҳналарга бой, «сериал қисса»лар ҳам тўғридан-тўғри газета саҳифасига ёзилаётганидан хабардор бўлдим.
- Биз адиблар, - деди ижодкор мағрурона оҳангда, - давр нимани кўтарса, шуни ёзамиз.
- Ахир бу халтура эмасми? - дейман куюниб. - Вақтлар ўтиб, саёз тўқималаринг ўқувчиларнинг меъдасига тегса, ҳамма меҳнатинг бир тийинлик бўлиб қолишидан қўрқмайсанми?
Ижодкор беписанд қўл силтади:
- Одамларга шу керак экан, бугун ўқишяпти. Эртага бир гап бўлар...
Омон Мухторнинг таниқли адибимиз Шукур Холмирзаев ҳақидаги хотираларидан бир вақтлар Шукур ака «Акс садо» номли ажойиб роман ёзганини, нимасидир ўзига ёқмагани учун уни ташлаб юборганини ўқидим. Тўғри, устоз Шукур Холмирзаев ўз ижодига ҳам, ўзгалар ижодига ҳам аёвсиз эдилар. Шунинг баробарида асл асарни қўллаб-қувватлашни ҳам билардилар.
Шу каби талабчан устозларимиздан ҳозирги «сариқ матбуот адиблари» ижоди ҳақида фикр сўралса, нима деган бўлишарди? Ўшанда биз - ҳаммамиз нима деган одам бўлардик!..
(Иқтибослар Шукур Холмирзаевдан олинди)
Абдунаби АБДИЕВ