Яқинда Ўзбекистон кулги ва ҳажв журналининг бир сонида шундай бир суратни кўрдим. Унда ўқитувчи ўқувчиларидан сўрамоқда: «Тарихий шахслардан кимларни биласиз?» Ўқувчилар жавоб қайтаришмоқда: «Жанг Бого, Жумонг, Тангем, Император аёл». Кимлар учундир бу кулгили бўлиши мумкин, аммо мен изтиробга тушдим. Негаки мен ўқитувчиман, тарих фанидан дарс бераман. Лекин Ўзбекистон телевидениеси, «Ёшлар» ва вилоят телеканалларида бериладиган сериалларнинг аксарият қисми Корея ва Туркия киноижодкорлари фильмлари бўлганидан кейин болаларда нима айб? Ўзимизнинг сериалларимиз «ўлдим-куйдим»лардан нарига ўтмаса...
Газеталарни варақласангиз, «кино юлдузлар» ҳақидаги олди-қочдилар саҳифаларга сиғмайди. Яратилаётган кино асарлар сон-саноқсиз. Бироқ таҳлил қилсангиз, кишига ахлоқий-руҳий озуқа берадиган, маънавий камолотимизга ҳисса қўшадиган фильмлар йўқ ҳисобида. Айниқса, тарих соҳасида. Нима, бизнинг ўша Корея, Туркия фильмларида тарғиб этилаётган қаҳрамонлар каби тарихий шахсларимиз камми? Бор, бор бўлганда ҳам улар бир олам! Ҳар бирининг ибратли, қаҳрамонликларга тўлиқ ҳаёти ўнлаб сериаллар қилинишига арзийдиган Широқ, Тўмарис, Спитамен, Нажмиддин Кубро, Темурмалик, Жалолиддин Мангуберди, Маҳмуд Торобий, Амирзода Абдумалик тўра, Намоз Пиримқул ўғли каби кўплаб қаҳрамонларимиз бор. Лекин бу учун режиссёрларимиз маиший, бақириқ-суронли фильмлар, олди-қочди мавзулардан чекиниб, тарихий мавзуларга қўл уришлари керак.
Ўтмишда яшаган алломаларимиз, қаҳрамонларимиз тўғрисидагина эмас, Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун ўзларининг бор билимлари, куч-қудратини сарфлаётган ватандошларимизнинг ҳаётини тарғиб қиладиган сериаллар янада кўпроқ яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бунинг учун эса изланиш ва яна изланиш керак. Қаерда бўшлиқ бўлса, у ерни нимадир тўлдиради, эгаллаб олади. Пировардида ёшларимиз онги шуурини чет элнинг турли саёз фильмлари, клиплари, тушунарсиз «мусиқа»лари эгаллаб олар экан, кейин уларни тўғри йўлга солиш, қайта тарбиялаш учун вақт, куч, имконият топилармикан?
Шу ўринда мен айрим режиссёрларимизнинг билими, савияси саёзлигига эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўзбекистон телевидениесида бир фильмдан парча кўрсатилди. Кўрсатув ёш оила тўғрисида бўлиб, фарзандли бўлган йигит бешик сотиб олади. Турмуш ўртоғи бундан хурсанд. Оила бошлиғи бўлган йигитнинг сўзларини айнан келтираман: «Чақалоқни келтиринг! Унга нима деб исм қўямиз?»... Энди айтингчи, оила бошлиғи бўлган қайси ўзбек йигити хотинига шундай деб мурожаат қилади? Нари борса, «ўғлимни (қизимни) келтиринг» демайдими? Қолаверса, эсимизни танибмизки, туғруқхонадан болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилмасдан туриб жавоб берилмайди. Бинобарин, чақалоққа туғруқхонадалигидаёқ исм қўйилади. Гапираверсак, гап кўп...
А. МАМАТҚУЛОВ, Самарқанд вилояти