БИОГРАФИК МЕТОД - адабиётшуносликда ёзувчи биографияси ва ҳаётий тажрибасини унинг асарлари яратилишида ҳал қилувчи омил деб билувчи ва шундай талқин қилувчи тадқиқ усули. Албатта, ёзувчи ўзига яхши таниш бўлган мавзуларни ёритишга, қалбини ларзага солган муаммоларга жамоачилик диққатини қаратишга интилади. Бу аснода шахсий кечинма, ҳаётий тажрибалар катта иш бериши ҳам мунозара талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бироқ асар таҳлилида биография ролини идеаллаштириш, ҳар бир асарни ўрганаётганда унда ёзувчи шахси ва таржимаи ҳолига дойр ниманидир топишга интилиш мантиқсиз ҳаракатдир.