БИБЛИОГРАФИЯ - (юнонча - китоб, ёзаман) адабиётшуносликнинг ёрдамчи соҳаларидан бири. Илгари китобиёт деб юритилган бу соҳа бадиий адабиёт ва адабиётшуносликка оид китобларнинг ёзилган, кўчирилган ёки босилиб чиққан йили ва жойи, муаллифи ҳақидаги маълумотларни тўплаш билан шуғулланади. Библиография ўрганилиши зарур бўлган илмий-адабий матнлар ва манбаларни аниқлайди; тадқиқ этилаётган мавзунинг ишланиши, шунингдек, у ёки бу адибнинг ҳаёти ва ижодининг ўрганилиш тарихини кузатиб боришга, қачонлардир нашр этилган-у, кейинчалик турли сабабларга кўра унутилган ёхуд йўқотилган матнларни адабиётшунослик илми доирасига олиб киришга ёрдам беради.