Баҳория

БАҲОРИЯ - Шарқ адабиётшунослигида баҳор мадҳига бағишлаб ёзилган шеър (кўпинча ғазал)лар. Баҳор фасли таровати инсонни жуда қадимдан ўзига мафтун қилган. Буни ушбу хил шеърларнинг яратилиш давриёқ исботлайди. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк», Рабғузийнинг «Қисаси Рабғузий» асарларида баҳорияларнинг мавжудлиги фикримиз далили бўла олади.
Шоирлар орасида баҳорга бағишлаб шеър битмагани топилмаса керак. Бу фаелга хос латофат, оламнинг яшариши, табиатнинг бир жузъи бўлган инсон руҳиятидаги қўзғалишлар кўтаринки пафос билан куйланган асарлар ҳамма даврларда ҳам севиб ўқилган, куйланган. Алишер Навоий ва Бобур, Мунис ва Огаҳий, Муқимий ва Фурқат, Ҳабибий ва Чархий, Э.Воҳидов ва А.Орипов сингари ғазалнавис шоирларнинг нафис ва пурмаъно баҳориялари ҳар битта шеърхон юрагидан жой олганлигини барча бирдай эътироф қилса керак. Фурқатнинг машҳур «Баҳор айёмида...», «Фасли навбаҳор ўлди...» асарларидан ташқари ҳар биттаси 11 байтдан иборат бешта «Ғазали баҳория» номида махсус ғазаллар туркумини яратгани ижодкорларимизнинг ушбу безавол мавзуга эътибори ғоят катта бўлганлигини кўрсатади.