БАҒИШЛОВ (I) - бадиий ёки илмий асар аввалида унинг кимга ёки қандай воқеага бағишланганлигини ифодаловчи ёзув, дебоча. Масалан: шоир Б.Бойқобилов ўзининг «Ҳайратул аҳрор» достонини «Мазкур асарни Хазрати Хожа Носириддин Убайдуллоҳ ал-Шоший (Хожа Аҳрори Валий)нинг табаррук авлоди бўлмиш азиз фарзандларим - Шаҳлохон, Фарруҳхон, Нигинахон ва ул қаро кўзларнинг волидаи муҳтарамалари, фақирнинг рафиқаи меҳрибони Сурайёхон бинт Султонхон ибн Тўрахон эшон қизларига камоли эҳтиром ила бағишлайман. Муаллиф», деган бағишлов билан бошлайди; ёзувчи Э.Аъзамов эса, «Ёзувчи» ҳикояси бошида қуйидаги бағишловни келтиради: «Шукур ака ҳам боғини яхши кўрарди... Ушбу камтарона машқимни ҳикоячилигимизнинг пири - раҳматли Шукур Холмирзаев хотирасига бағишладим. Рози бўлсин. Муаллиф». Кўринадики, бу хил бағишловларда тилга олинган шахе ёки шахслар асар мазмуни билан ҳеч қандай муносабат-алоқага эга бўлмайди.