Бахши

БАХШИ - ўзбек, қорақалпоқ ва туркманларда халқ достончилари шу ном билан юритилади. Бахшилар терма ва достонларини асосан оғзаки шаклда ижод қиладилар. Ўз асарлари ва халқ достонларини дутор, дўмбира, тор каби асбоблар жўрлигида куйлайдилар. Улар устоз-шогирдлик анъаналари асосида етишиб чиқадилар. Шунинг учун ҳам улар достончилик мактаблари атрофида бирлашадилар. Ўзбекистонда Қўрғон, Булунғур, Нурота, Шеробод каби достончилик мактаблари бўлган. Хоразм-да ҳам бир неча достончилик мактаблари бўлиб, уларда йиллар давомида ўнлаб шогирдлар етишиб чиққан. Бахшилар ўз асарларини икки хил усулда ижро этадилар: Қўрғон, Булунғур, Шеробод достончилик мактабларига мансуб бахшилар ички овоз билан дўмбира ёки дутор жўрлигида куйласалар, хоразмлик бахшилар тор ва бошқа мусиқа асбоблари жўрлигида ташқи овозлари билан ижро этадилар. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Иўлдош ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Ислом шоир Назар ўғли, Абдулла Нурали ўғли, Берди бахши, Шерна бахши сингари кўпгина бахшилар номи юртимизда ҳурмат билан тилга олинади.