БАРМОҚ ШЕЪРИЙ ТИЗИМИ - туркий халқлар шеъриятида кенг тарқалган, мисралардаги бўғинлар миқдори тенглиги - силлабикага асосланган шеърий тизим. Бу системада мисралардаги тенг сонли бўғинлар ўзаро бирикиб, бир маромда такрорланиши натижасида ритмик оҳанг ҳосил қилишга кўмаклашадиган туроқларни юзага келтиради. Мисралардаги туроқлар, туроқлардаги бўғинлар миқдорига нисбатан шеърлар турли вазнларга ажратилади. Масалан:
Кўк юзида / иаға булут / - оқ булут, 4+4+3 = 11
Оқ булутдан / сут ёғарми, / ёки қут? 4+4+3 = 11
(Миртемир)
Ёки:
Олти ойким, / шеър ёзмайман, / юрагим зада, 4+4+5=13
Олти ойким, / ўзгаларга / тилайман омад. 4+4+5=13
(А.Орипов)
Ўзбек, турк, қозоқ, қорақалпоқ, туркман, қирғиз, озарбайжон, татар ва бошқа туркий халқлар оғзаки поэзиясида жуда қадим даврлардаёқ пайдо бўлган бармоқ тизими шу халқларнинг ҳозирги шеъриятининг ҳам асосий шеърий системаси сифатида қўлланилиб келмоқда.