Банд

БАНД - (арабча - бўғин, боғлам) мазмуннинг шартли тугаллиги билан фарқланувчи шеърий мисралар йиғиндиси. У бадиий фикр, ритмик жиҳатдан тугал бўлган ва муайян қофия тартиби билан бирлашган шеър бўлагидир. Одатда шеърни ташкил қилган барча бандлар бир хил қофия тартибига эга бўлади.
Ўзбек мумтоз шеъриятида турли банд қурилишлари мавжуд бўлиб, улар махсус номлар билан аталган. Икки мисрадан иборат банд маснавий, уч мисралиси - мусаллас, тўрт мисралиси - мураббаъ, беш мисралиси - мухаммас, олти мисралиси - мусаддас, етти мисралиси - мусаббаъ, саккиз мисралиси - мусамман, ўн мисралиси - муашшар деб юритилади. Бундан ташқари жуда мураккаб тузилишга эга бўлган бандлар асосида яратиладиган таркиббанд ва таржиъбанд сингари шеърий шакллар ҳам мавжуд.